Атоқли олим, қанчадан-қанча шогирдларга устоз, олижаноб инсон Умарали Норматовни Аллоҳ раҳматига олсин. Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчимиз. Домланинг оиласига, фарзандларига ва яқинларига сабр берсин. «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайти муштарийлари номидан ҳамдардлигимизнибилдирамиз.
Соҳифамизда тақдим этилаётган мақолалар атоқли олим таваллудининг 85 йиллигига бағишлаб ёзилган эди.
ҲАЙРАТ ОҒУШИДАГИ УМР
Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ
Адабиётимизнинг чинакам жонкуяри, таниқли олим, синчков адабиётшунос, куйди-пишди инсон Умарали Норматов домла муборак ёшга кирибдилар. Қалингина сочлари чала ярим оқарган, адл қоматли, ҳаракатчан, доим қандайдир хаёллар қуршовида юрадиган Умарали ака етмиш яшар мўйсафидга асло ўхшамайди. Чунки профессор У. Норматов даврнинг суръатини нозик ҳис этади. Миллат ижтимоий тафаккуридан ортда қолмасликка интилади. Шу боис фикран ёш. Фикри вужудининг етовида бўлмаган одам учун ақлнинг ёшлиги жисмни ҳам қаришдан сақлайди. Янги фикр вужудга тиним бермайди, ҳаракатдаги вужуд эса қаримайди. Домла фикран ҳам, жисман ҳам кўпгина элликвойлардан ёшроқ кўринади.
Адабиёт — ҳайрат меваси. Адабиётшунослик аслида ҳайратшуносликдир. Филолог олим ана шу ҳайратнинг манбаи қаерда эканини текшириш билан шуғулланади. Умарали Норматов доимо ҳайрат оғушида яшайди, нимадандир мутаасир бўлиб, ҳаяжонланиб юради. Ўзига таъсир қилган асарлар ҳақида фикр билдирганида: “Ҳайратда қолар даражада гўзал”,- деган иборани тез-тез қўллайди. Негаки, Умарали ака бадиий асарни шунчаки ўқимайди, балки ҳайрат билан, муҳаббат билан идрок этади.
Домла адабиётни, сўзни севади, шу сабаб адибни аяйди. Табиатидаги самимий ҳайрат туйғуси боис баъзан асарларга ортиқчароқ баҳо бериб юборади. Умарали Норматов асару адибга чўқмор билан ҳамла қилишни эмас, балки уни ширинликлар билан сийлашни хуш кўради. Айни вақтда талабчанликни ҳам қўлдан бермасликка интилади. Умарали ака урадиган эмас, балки аяйдиган, суяйдиган танқидчилардан саналади. Олим адабиёт ҳақида, чинакам ҳайрат манбаи тўғрисида зерикарли фикрлаш мумкинлигини ҳазм қилолмайди. Ўзи ҳам самимий, эҳтиросли ва баҳсга чорловчи йўсинда ёзади. Таҳлил мобайнида баъзан йўл қўядиган хатолари ҳам туйғунинг жўшқинлиги туфайли содир бўлади.
Умарали Норматов бугун ҳам ёш йигитлардай изланишлар, китоблар қуршовида. У гоҳ реализмнинг замонавий кўринишларини тадқиқ этса, гоҳ модерн йўналишнинг намоён бўлишини текширади, гоҳ абсурд адабиётнинг илдизлари хусусида изланади. Баъзан умумтаълим мактаблари дарсликлари устида, баъзан эса олий мактаб адабий таълими муаммолари юзасидан тадқиқ олиб бораётган бўлади. Айрим олимлар кексайгач, ёшликда орттирган фикрий захираларини тинчгина еб ётмоқчи бўлишади. Умарали домла эса илмда бир нафаслик тин олиш ҳам анча ортда қолиш эканлигини жуда яхши биладилар. Шу боис ҳаммани аяйдиган одам ўзларига нисбатан ҳайратда қолар даражада шафқатсизлик қиладилар, ўз устларида тинимсиз ишлайдилар.
Умарали ака адабиётга доир қарашларини ҳар жиҳатдан асослашга астойдил интилса-да, ўз фикрини сўнгги ҳақиқат деб тиқиштирмайди. Олим бадиий адабиётнинг сирли-сеҳрли, серқиёфа ҳодисалигини, унда киши қабул қилиши оғир кечадиган жиҳатлар бўлиши табиийлигини яхши билади. Домлада эгоцентризм йўқлиги учун ҳам ўзининг бадиий асарга ёндашувини ягона мезон деб ҳисобламайди. Шу боис ўзига ёқмайдиган фикрларни ҳам бутунлай инкор этмайди, уларга имкон қадар холислик билан муносабатда бўлишга интилади.
Домлага хос хусусиятлардан бири шундаки, у тинимсиз ўқийди. Шу боис дунё адабиёти ва адабиётшунослигидан яхши хабардор. Ўзимизда эълон қилинган деярли барча бадиий асарлар билан сўзсиз танишиб боради. Айримлар ўқимай туриб хулоса чиқариш, тузукроқ танишмай туриб ҳукм айтишдан ҳижолат чекмайдиган бир пайтда домланинг ҳамиша бадиий матн билан таниш бўлгани туфайли айтадиган салмоқли фикрлари ўзгача аҳамият касб этади.
Умарали ака кўп ва кучли ҳаяжон билан ишлайди, тез ёзади. Шу сабаб баъзан шошилиброқ, ошириброқ айтган пайтлари ҳам бўлади. Ўзига ниҳоят даражада талабчан ва табиатан инсофли одам бўлганлиги учун шу вақтга қадар яратган асарлари ҳақида олим: “Ўзимча хомчўт қилиб чиқсам уларнинг деярли тўртдан уч қисми бугун аҳамиятини йўқотибди. Бунинг боиси шундаки, ўша аҳамиятини йўқотган ишлар адабий жараёндаги ўткинчи, танқиддан тубан нарсалар ҳақидадир, арзимас масалалар хусусидаги баҳс мулоҳазалардир. Бугун уларнинг ҳеч кимга, ҳатто ўзимга ҳам кераги йўқ. Оллоҳ томонидан бир бор берилган умрни, ўзимга яраша қобилият-иқтидорни ўткинчи, арзимас машғулотлар учун беҳуда исроф қилганимга афсусланаман”,- деб ёзган. Лекин яхшиямки, домланинг афсус қиладиган ишлари у киши айтганчалик кўп эмас. Бунинг устига ўз хатоларини ошкора тан олмоқ ва буни матбуот орқали айтмоқ учун ҳам инсоф зарур бўлади.
Профессор Умарали Норматов бадиий асарни шунчаки бир тасодиф туфайли ёзилиб қолинадиган ҳодиса деб ҳисобламайди. Бадиий ижодни ҳамиша мустаҳкам ва турғун қонуният асосида ривожланадиган жараён деб билади. У бадиий ҳодисалар замиридаги қонуниятларни пайқай биладиган олим. Шунинг учун ҳам “Майсаранинг иши” асаридаги кулгининг халқона илдизлари ҳақида ҳажвшунослар пайқамаган нозик кузатишларни қила олди. Шу боис “Меҳробдан чаён” ромнида халқ кулгиси муаммосини жуда миқёсли ижтимоий, миллий ва руҳий аспектларда текшириб ўзига хос хулосалар бера олди.
Домла кекса ёшдаги бошқа кишилардан фарқли ўлароқ янгиликка, янгича қарашларга ўч, қизиқувчан, баъзан бу қизиқувчанликнинг эргашувчанликка ўтиб кетган ҳоллари ҳам йўқ эмас. Зотан, бадиий адабиёт кўнгил мавжлари ифодаси. Кўнгилнинг тўлқинлари ҳақида гапирганда эса тошиқиб кетиш узрли.
Умарали Норматов чинакам бадиий асарни бир ўқиб кетиладиган нарса деб ҳисобламайди. Бирор асарни қайта ўқиш уни қайта идрок этиш, аввал пайқалмаган жиҳатларини кўриш имконини беради деб билади. Шу боис ҳам баъзан бир ёзувчи, ҳатто унинг бирор асари ҳақида ўнлаб йиллар мобайнида қайта-қайта қалам суради. Қўлингиздаги китобча ҳам айни шу хилдаги қайта мутолаа ва мушоҳада маҳсули ўлароқ дунёга келган. Ҳар қандай чинакам истеъдод эгаси сингари Абдулла Қаҳҳор ҳам вақтга бўй бермайдиган адиблардан. Айниқса, унинг ўтмиш мавзусидаги ҳикоялари ва “Сароб” романи герменевтик нуқтаи назаридан ғоят ўзига хос тақдирга эгадирлар. Чунки асл талант қаламига мансуб бу битиклар вақт ўтиши ва ўқувчиларнинг бадиий тафаккури ўзгариши билан янгича ўқилади, янгича тушунилади, янгича талқин этилади. Шунинг учун ҳам миллий тафаккуримизда янгиланишлар рўй бериши билан Абдулла Қаҳҳор асарларини қайтадан идрок этиш зарурияти пайдо бўлди.
Чинакам асар қачон ёзилганидан, қандай дунёқараш маҳсули бўлганлигидан қатъи назар кейинги авлодлар маънавияти ва руҳиятига таъсир кўрсатаверади. Асл бадиий асар мафкуравий қолиплардан баландроқ туради, унинг биқиқ талаблари доирасини ёриб чиқароқ пайдо бўлади. Умарали Норматов Қаҳҳор асарларидаги айни шу жиҳатларни ўта билимдонлик ва беадад муҳаббат билан кўрсатиб бера олган. Олим адиб асарлари яшовчанлиги сирларини тадқиқ этар экан чин бадиий кашфиёт муаллиф истагига зид ҳолда ҳам ўз умрини кечириши мумкинлигини асослаб беради. “Сароб” романини ўқишли қилган, унинг бугунги авлодга ҳам бадиий таъсир кўрсата олишини таъминлаган жиҳатлар мазкур рисолада ғоят нуктадонлик билан кўрсатилган. Рисолада шахсияти бутунлиги синдирилган инсон фожиасининг жуда кўламли ва таъсирчан тасвири қанчалик умрзоқ бўлиши мумкинлиги ёрқин намоён этилган.
Қўлланма бугунги ўзбек танқидий тафаккури кўтарилган юксаклик ҳақида тасаввур уйғотиши жиҳатидан ҳам, бадиий матнга замонавий герменевтика илми талаблари билан ёндашишнинг амалий самараси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шуниси диққатга моликки, профессор Умарали Норматовнинг мазкур асари соф амалиётчилик нуқтаи назаридан ҳам ғоят ўзига хос ҳодиса бўлиб, ўзбек адабиётшунослиги янгича қиёфа касб этаётганлигидан, унинг бугунги ҳаётий талабларни ҳисобга олиш имконияти ортиб бораётганлигидан ёрқин далолатдир.
“Бир нарса кўнглимга таскин беради: мен бирор гуноҳ ишга онгли равишда қўл урган эмасман; оиламга, турмуш ўртоғимга, фарзандларим, дўстларим, устозларимга энг кескин вазиятларда ҳам хиёнат қилмадим. Ҳамиша ҳаромдан ҳазар қилиб яшадим. Ҳеч кимга таъмагирлик билан ялтоқилик қилмадим”,- деб ёзади Умарали Норматов суҳбатларидан бирида. Ўзи тайин этган ҳаётий қоидаларга садоқат билан яшаб келаётган имонли домламизга узоқ умр, саломатлик ва ижодий омад ёр бўлишини тилаймиз.
ФИКР ДОЯСИ
Дилмурод ҚУРОНОВ
Ота-боболаримиздан мерос бир ҳикмат бор: “Илм истасанг оқиллар суҳбатига қулоқ тут…”
***
Антик дунёнинг Суқрот, Афлотун сингари файласуфлари мавжудликнинг мураккаб муаммоларини ҳал қилиш учун суҳбат шаклини маъқул кўрганлари бежиз эмас. Негаки, тафаккур моҳиятан “ички суҳбат”, фикрламоқ – кишининг ўз вужудидаги яна бир “мен”и билан мулоқотга киришмоғи. Фикрлаётган одам ўша “мен”га ненидир англатишга, унинг эътирозларини қондиришга, уни негадир ишонтиришга интилади… — шу йўсин қўйилган масала юзасидан ФИКР қарор топади. Яъни, фикр фикрдан туртки олади, шубҳа фикрни теранлаштиради, эътироз унинг кўламини кенгайтиради… бас, ФИКРнинг чинакам дояси суҳбат экан…
(… устоз Умарали Норматов табиатан мулоқотга, гурунгга мойил одам эканидан суҳбатнинг афзаллик томонларини жуда эрта ва теран илғаган. Шундан бўлсами, домла навқирон ёшида ёзилган “Роман ва замон” номли чиқишидаёқ қўйилган масалани хаёлдаги адабиётшунос дўсти, аслида эса яна бир “мен”и билан муҳокама қилади. Мунаққид ўшандаёқ суҳбат тақдим этувчи имконлар доираси бениҳоя кенглигига мафтун бўлгандирки, ижодий фаолияти давомида 40 дан зиёд суҳбатлар ўтказибди: улар жамланса, иккита салмоқли-салмоқли китобга сиғмай қолар экан…)
… тафаккур “ички суҳбат” эканидан келиб чиқилса, ҳақиқатда воқе бўлган суҳбатнинг имконлари нечоғли кенглигини тасаввур қилиш қийин эмас: бу ҳолда муаммони ечишга камида иккита онг сафарбар этилади-да, ахир! Фақат бу имконларнинг рўёбга чиқиши учун битта-иккита муҳим шартлар мавжуд.
Энг аввал – ният: суҳбатдошларнинг муддаоси битта – муҳокама этилаётган муаммо моҳиятига имкон қадар яқинлашиш бўлмоғи даркор. Яъни, суҳбатда манфаату шахсият ортга чекинмоғи, масаланинг моҳиятига яқинлашиш мақсади устувор бўлиши лозим. Бунинг учун кишидан суҳбат предметига беғараз меҳр билан бирга…
(… умрининг қарийб “60 йили адабиёт, уни англаш, ўрганиш, ўргатиш йўлида ўтган” У.Норматов суҳбатларидан бирида: “сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи Оллоҳ одамларга ҳадя этган ноёб неъмат, сирли олам эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл-меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳада бергани учун Яратганга шукроналар айтаман”,- дея иқрор қиладики, у кишини билганларнинг ҳеч бири бу сўзларнинг самимийлигига, домланинг кўнгли адабиётга беғараз МЕҲР билан лиммо-лим эканига заррача шубҳа қилмаса керак…)
… “Афлотун менинг дўстим, лекин ҳақиқат муҳимроқ” ақидасида мудом собитлик талаб қилинади. Э-эҳ, энг оғири ҳам шу-да! Ҳақиқатнинг ўзига тортувчи жозиб кучи ҳам, жуда яқин борсанг куйдириб қўйиши ҳам бор: унга талпиниб-интилиб, ундан ҳайқиб-қўрқиб яшаймиз. Гоҳ андиша, гоҳ қўрқув, гоҳ тағин бир сабаб кишига доим ҳам дилдагини айтиш имконини бермайди. Шукрки, суҳбат ишора имконини қолдиради…
(… Саид Аҳмад билан суҳбатида мунаққид бир масалага қайта-қайта эътиборни тортадики, шу масала уни айрича қизиқтираётгани сезилади. Бу ҳам бўлса, расман “социалистик меҳнат тантанаси”нинг рамзи саналган канал қурилишининг сояда қолган томони. У. Норматов аввалига эҳтиёткорлик билан “Айрим танқидчилар «Қирқ беш кун»да канал қурилишидаги ишлаб чиқариш характеридаги можаролар, конфликтлар қаламга олинмаганлигини айтдилар” деб эслатади. Табиийки, ёзувчи асл мақсадни тушуниб турибди, лекин дангал жавобдан қочади:
“Бу ерда (канал қурилишида — Д.Қ.) порахўр йўқ. Ичкиликбоз йўқ. Бюрократ йўқ. Ўғри йўқ. Гўё қирқ беш кун бу ерда “коммунизм қурилгандек” эди. Овқат текин, иш кийимлари текин. Медицина, маданий хизматлар текин…
Дангаса йўқ. Бировни биров зўрлаб ишлатиш йўқ”. Эътибор беринг-а: С. Аҳмад суҳбат кечаётган даврда (1976) жамиятда авж олган иллатларни бир-бир санайди-да, сўнг биргина “гўё”си билан “фақат шу 45 кунгина коммунизм қурилган бўлса-ю, шуни ҳам кўтаринки тасвирламайинми?!” дегандай бўлади. Танқидчи томонидан ноқулай аҳволга солиб қўйилган адиб зукколик билан ҳолатдан чиқади: қўйилган саволга жавоб беради ҳам, жавоб бермайди ҳам. Суҳбатнинг афзаллиги шуки, у — жонли жараён: эътирозу инкордан муросага ва аксинча ҳаракатланаверади. Энди танқидчи муросага келади: “Мен аввал ҳам айтган эдим, баъзилар даъво қилгандек, «Қирқ беш кун»нинг меҳнат тасвири билан боғлиқ камчилиги «қурилишдаги қийинчиликлар, кўнгилсиз ҳодисалар, салбий томонлар муаллиф эътиборидан четда қолиб кетгани»да эмас, Сизнингча, аслида ҳаётда айни шу тарздаги ҳодисаларнинг ўзи бўлмаган экан”. Бироқ муросада ҳам муроса бор-да! Эътибор беринг: “Сизнингча, … бўлмаган экан” дейиш билан У.Норматов аслида «қурилишда қийинчиликлар, кўнгилсиз ҳодисалар, салбий томонлар бўлган” дейди. Суҳбатдошлар бир-бирларини тушунди, ҳақиқат-ку айтилмади, лекин унинг юзидаги парда бироз кўтарилди: 70-йиллар шароитида шунинг ўзи ҳақиқатга содиқлик эмасми?! Муҳими, мутолаа жараёнида беихтиёр суҳбат иштирокчисига айланган ўқувчи бу ишораларни фаҳмлайди, айтилмай ифодаланган фикрларни уқиб олади…)
… суҳбатнинг мақсади – қўйилган муаммонинг моҳиятига, ҳақиқатига етиш, дедик. Ҳақиқат эса битта, буни ҳамма тан олади; ҳамманинг ўз ҳақиқати борлиги ҳам барчага маълум, лекин буни барча бирдек тан олмайди, тан ололмайди. Нима ҳам дердик, бу ҳам инсонга хос бир ожизлик. Айни шу ожизлик суҳбатни бесамар этади, у баланд келса, суҳбатда ҲАҚИҚАТни эмас, ҲАҚЛИКни аниқлашга интилиш мақсади устувор бўлиб қолади. Таассуфки, Ҳақликни Ҳақиқатдан авло била бошлаганимиз сабаб бугун боболардан мерос “ҳақиқат баҳсда туғилади” нақли ғалат тушунилаётгандек туюлади. Зеро, биз ҳозирда кўпроқ “мунозара”, “тортишув” маъноларида тушунадиган арабча “баҳс” сўзининг луғатда “муҳокама қилмоқ”, “тадқиқ қилмоқ”, “ўрганмоқ”, “изланмоқ” тарзида изоҳлангани ҳам шунга далолат қилади. Қизиғи шундаки, қадим юнон тилида “суҳбат” маъносини берган “dialogetikón” сўзи “мунозара”, “тортишув” маъноларида ҳам ишлатилган экан. Шулардан келиб чиқиб, “ҳақиқат баҳсларда туғилади” тарзидаги кўҳна нақлни биз янглиш тушунмаймизми, тўғриси “ҳақиқат суҳбатда туғилади” эмасмикин?” деган андиша келади… Бироз чалғиб кетган бўлсак, узр. Ҳартугул, айтилганлардан келиб чиқиб, юқоридагилар сирасига яна бир муҳим шартни қўшишимиз керак бўлади. У ҳам бўлса – тинглай олиш қобилияти: суҳбатнинг бесамар тортишувга айланмаслиги учун суҳбатдоши нима деяётгани ва нега шундай деяётганини тушуна олиши, ўз ҳақиқати ўзига нечоғли қадрли бўлмасин, ўзганинг ҳақиқатига ҳам ҳақ бера билиши лозим…
(… Умарали Норматов — том маънодаги МУНАҚҚИД, тамсил қилмоқчи бўлсак, у кишининг сезгир бармоқлари мудом адабий жараён билагида туради: домла адабий янгиликларни мунтазам кузатади, адабий ҳаёт қозонида қайнайди, дарсхоналарда адабий ҳодисалар ўқувчи оммада қандай акс-садо бераётганини кузатиб-билиб туради. Шу боис у кишининг суҳбатларида жорий адабий жараённинг энг долзарб масалалари ўртага қўйилади, билгичлик билан муҳокама этилади. Домла тажрибали дарға мисоли: суҳбат кемаси саёзлик томон борса, чуқурликка буради; довулларга усталик билан чап беради, сув ости қояларини четлаб ўтади, хуллас, курсни кўзланган манзилга йўналтиради. Манзил эса аниқ — қўйилган масала моҳияти, ҳақиқати…)
… айниқса, муайян масалада ўз фикри, ўз қарашига эга фозил кишилар суҳбатида бу жуда муҳим. Илм талабидаги киши ҳамиша фозиллар суҳбатига талпинади. Ровийлар нақл қиладиларки, агар “шу масалани Кўҳи Қофнинг нарёғида фалоний билур” деб эшитсалар, толиби илмлар яёв борган эканлар. Алқисса, яна бир муҳим шарт — суҳбатдош танлай олиш: ким билан суҳбатлашишни ҳам, ким билан нима ҳақда суҳбатлашишни ҳам билиш…
(… домланинг ўзи уюштирган суҳбатлар кўздан кечирилса, уларда икки жиҳат яққол кўзга ташланади: биринчиси — суҳбат марказида жорий адабий жараён учун муҳим масала ўртага қўйилади; иккинчиси — шу масала ҳақида ўзига хос, изчил ва асосли фикрлар бера оладиган суҳбатдош танланади. Танловнинг асосий мезони — шу… 1977 йилда шоир Эркин Воҳидов билан суҳбат асосига талант тарбияси масаласи қўйилади. Мундай қаралса, Эркин Воҳидов қирчиллама қирқ ёшида, ҳали ўзи ҳам “ёш шоирлар” сирасида саналиб юрган вақт: талант тарбияси, ёшлар адабиёти хусусида бошқа биров билан суҳбатлашишилгани дуруст эмасмиди? Йўқ, мунаққид айни шу ижодкорни танлайди, ўзининг танлов принципига тўла содиқ қолади ва, муҳими, — адашмайди. Суҳбатнинг жонли, адабий танқидий тафакуур учун аҳамиятли чиққани бунинг биринчи далили. Иккинчиси, орадан кўп ўтмай Э.Воҳидов бутун бир авлод учун катта адабиётга йўл очган, “бу майдон ичра” ўз ўрнини топишига кўмаклашган “Ёшлик”ка муҳаррир бўлдики, шоирнинг муҳаррирлик даври алоҳида мавзу…
Эҳтимол, маълум сабаблар билан зикр этилган принциплардан бироз чекинилган ўринлар ҳам чиқар, бироқ улар — истисно, холос. Яъни, домланинг суҳбатлари ичида “шунчаки суҳбат қилиш учун”гина воқе бўлгани топилмайди, ҳаммаси бирдек адабий танқидий асар…)
… ҳар нарсанинг ўз офати бор, жумладан, суҳбатнинг ҳам. Рус адабиётшуноси М. Бахтиннинг уқтиришича, томонлардан бири иккинчиси олдида қалпоқ ечиб турадиган бўлса, диалог воқе бўлмайди. Олимнинг бу фикри ўзбекчасига “томонлардан бири иккинчисининг қаршисида “қўл боғлаб” турган бўлса, диалог мавжуд эмас” тарзида ифодаланиши мумкин. Яъни, чин маънодаги диалогнинг муҳим шарти – томонларнинг тенглиги. Албатта, эътироз бўлиши мумкин: “беш қўл баробар эмас-ку!” Тўғри, бироқ гап бунда эмас, гап суҳбатдошни ўзига тенг кўра олишда. Тан олиш керак, буниси энди жуда қийин: ўртада шайтон бор эмасми, гоҳ билимдонлигини, гоҳ чечанлигини, хуллас, устунлигини кўрсатгиси келиб қолади кишининг. Бунинг акси ҳам бир бало: меъёрдан ошган андиша, ортиқча камтарлик, мутеликка эгиз камтарлик…
(… офатнинг дафъи битта — ният холислиги. Адабиётга беғараз меҳри, БИЛИШни умрининг бош шиорига айлантиргани боис Умарали Норматов зикр этилган ожизликлардан баланд тура олади. Домла кафедрада ўтириб қишлоқдан яқиндагина пойтахтга келган набираси қатори талаба билан суҳбатлашаётгани, муҳими, унинг гапларини диққат билан тинлаётганини кўп бор кузатганмиз. У киши “боқма ким дер ани, боқғилки не дер” қоидасига амал қиладилар; суҳбат мавзуси, масала моҳиятини муҳимроқ санагани сабаб андишаю камтарликнинг меъёрини хўб биладилар… )
… суҳбат — жонли жараён, демак, қоғозда ҳам жараён муҳрланади. Муҳими, суҳбатни ўқиганда у янгидан воқе бўлаётгандек, жараён кўз олдимизда қайта жонланаётгандек таассурот қолади кишида. Бамисоли драматик асар: ҳар гал гал ўқиганинг ё томоша қилганингда ҳодиса кўз олдингда қайта юз беради. Эсхил, Софокллар икки ярим минг йил муқаддам яратган асарларнинг ҳамон ўқилаётганига сабаб, бир томони, шу эмасмикан?!..
(… шу таассурот измида домаланинг 30-40 йиллар илгари ўтказган суҳбатлари ҳамон эскирмабди, деган фикр келди ва ушбу китобни нашр қилиш нияти хўб ва хайрли бўлибди деб ўйладим. Дарвоқе, суҳбат муайян бир шароитда ўтказилади, бас, унда ўша шароитнинг излари бўлиши ҳам шубҳасиз. Сир эмас, ушбу нашр илгари давр тақозоси билан киритилган “навбатчи жумлалар”, “партия-ҳукуматнинг доно раҳбарлиги” қабилидаги сиёсий хушёр гаплардан тозаланибди. Албатта, буни ҳар ким ўзича баҳолашга ҳақлику-я, бироқ, буни эътироф этганимиз ҳолда, ўз қарашимизни қайд этиб ўтмасак бўлмайди. Таҳрир ва унинг натижасини, айтайлик, “уй кўтариш”га қиёс қилиш мумкин. Биларсиз, уй кўтарилгач, ажиб бир таассурот қолади кишида: уй ўша уйку-я, лекин кенгайиб қолгандек, баҳавороқ бўлиб қолгандек… Йўқ, тамсилимиз камроқ кўринди. Яхшиси, чанг босган кўзгуни артиб тозаламоққа қиёс қилсак: кўзгу ҳам ярақлаб кетди, ундаги акс ҳам равшан тортди…)
***
Ота-боболаримиздан мерос бир ҳикмат бор: “Илм истасанг оқиллар суҳбатига қулоқ тут…”
«МЎЪЖИЗАЛАРНИНГ МЎЪЖИЗАСИ» ҲАМДА
«САРАЛАМОҚ» БОБИДАГИ ОҚСОҚЛИК ХУСУСИДА
Умарали НОРМАТОВ
Модомики “Ёшлик” хонадонимизга ташриф буюрган экан, суҳбат аввалида бир гапни айтиб ўтсам, муҳтарам журналхонлар буни мақтанишга йўймаслар, деган умиддаман.
Сўз санъатининг меҳригиёсими ёки тақдир тақозосими, умр йўлдошим Венерахон ҳам филолог – узоқ йиллар мактабда адабиётдан дарс берган, ҳозир нафақада, оилада энг фаол китобхон. Унинг таъсирида бешта синг-лиси – барчаси филолог бўлиб етишди. Божаларимиздан бири машҳур адабиётшунос Бегали Қосимов, яна бири зукко билимдон тилшунос Маҳфузилло Раҳмонов. Қизим Шоира филология фанлари номзоди, олий ўқув юртида доцент. Уч ўғлим бошқа касб эгалари бўлса-да китобсеварликда ота-оналаридан қолишмайди. Шавкат Раҳмоннинг тўнғич қизи Нодирахон хонадонимизга келин бўлиб тушган, саккиз яшар набирамиз Насима ҳозирдан юрган йўлида шеър тўқийди… Устозу шогирдлар, ҳамкасблар ўз йўлига. Дўсту биродарларим, улфатларимнинг ҳам деярли барчаси адабиётга дахлдор одамлар. Табиийки, хонадонимиздаги давра суҳбатларининг бош мавзуси – Адабиёт. Мана, ярим асрдан ошибдики, деярли ҳар куни бизникида мажолис-ун нафоис.
Салкам етмиш йилдан бери даставвал адабиёт шайдоси бўлиб, адабиёт бўйича таълим олиб, сўнг филолог-адабиётшунос, мунаққид сифатида адабий давраларда юриб, адабиёт ҳақида бетиним ўй суриб, у-бу нарсалар битиб, талабаларга дарс бериб, сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи, Аллоҳ бандаларига инъом этган ноёб неъмат, сирли-сеҳрли хилқат эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Ҳар гал чинакам санъат асарини ўқиганда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман, бир неча кун ўзимга келолмай юраман. Шу ёшимда ҳам болаликдан қолган бу одат мени тарк этгани йўқ. Шундай ноёб мўъжиза билан танишмай, бу дунёдан ўтиб кетиш одам зоти учун катта йўқотиш-ку, деб қўяман ўзимга ўзим. Кўнгилга шу хил туйғу солгани, сўз санъатига майл, меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳадан бергани учун Яратганга шукроналар айтаман. Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик сир-синоатга бой эмас, инсон ва унинг табиати, қисмати, қалби, руҳияти тўғрисидаги ҳақиқатни кашф этишда ҳеч бир соҳа сўз санъати билан бўйлаша олмайди, унинг ўрнини босолмайди.
Фандаги буюк ихтиро, кашфиётларни, чунончи, нисбийлик назариясини Эйнштейн бўлмаса, бошқа бир даҳо олим яратавериши мумкин. Санъат, адабиётдаги буюк кашфиётларнинг туғилиши эса ниҳоятда шахсий-индивидуал хусусиятга эга. “Герники”ни фақат Пикассо, “Улисс”ни фақат Жойс, “Ўткан кунлар”ни эса фақат Қодирийгина яратиши мумкин. Санъатнинг бошқа турларини асло камситмаган ҳолда, бадиий адабиётнинг имкониятлари беқиёсдир, десам муболаға бўлмас. Масалан, рангтасвир, архитектура, мусиқа, кино бажариши мумкин бўлган вазифаларни ёзувчи, шоир сўз санъати орқали адо этавериши мумкин. Санъат асари яратиш учун кўпдан-кўп ашё, асбоб-ускуналар керак. Электр энергияси бўлмаса, кино – ҳеч нарса. Бадиий ижод учун эса қалам билан қоғоз бўлса бас. Ҳатто улар бўлмаганида, оғзаки тарзда ҳам яратилаверади. Бадиий ижод ана шунақа ноёб хилқат… Уни ардоқламай бўладими ахир!
Боз устига, инсон фаолиятига оид соҳалар ичида сўз санъатичалик тутқич бермайдиган, қолип-қоидаларга тушмайдигани йўқ. Жаҳонда ўтган, бугун қалам тебратаётган ҳар бир чин ижодкор, улар қаламига мансуб ҳар бир чин асар ўзича бир дунё; янги асари билан ижодкор ҳар гал янгича йўл, усул, “қоидалар” кашф этади. Бунинг устига, ижодкор шахсидек сирли, сеҳрли ажабтовур зот бошқа соҳа одамларида топилмаса керак. Аллоҳ инсон зотига хос жамики кучли ва заиф, зиддиятли, мўъжизакор сифатларни мужассам этиш учун ёзувчилик истеъдодини, шоиру ёзувчиларни яратган бўлса ажаб эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Аллоҳ ўзининг мислсиз қудратини намоён этиш учун бу ёруғ оламни, коинот жавҳари саналмиш инсонни яратган. Қарангки, ёзувчи-санъаткор балки Аллоҳнинг шу яратувчилик сифатига тақлидан сўз орқали инсонни, тўғрироғи, инсон тимсолини яратишга журъат этади.
Абдулла Қодирийдек биргина мислсиз истеъдод соҳиби яратган бадиий кашфиётларни эслайлик. Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно, Солиҳ махдум, Обид кетмон сингари тирик инсонларни – ўзбекнинг ранг-баранг табиатли фарзандлари сиймосини айни тирик, балки тириклардан тирикроқ одамлар каби гавдалантириш чиндан-да мўъжиза, ахир!
Адабиёт илми бадиий ижод табиати, ижодкор шахси, ижод психологияси бобида кўп ишлар қилди, қиляпти. Аммо улар мутлақо етарли эмас. Бу борада чин кашфиётларга кўра чалғишлар, ҳар томон оғишлар мўлроқ. Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ. Биз ҳануз чинакам истеъдод соҳиблари билан бу соҳага даъвогар тамагир, ҳаваскор косибларнинг фарқига ета олганимизча йўқ.
Ўтган аср бошларида, кўп асрлик адабиётимиз туб янгиланиш йўлига кирган кезлари “Адабиёт надир?”, “Театр надир?” деган саволлар қатори “Танқид надир?” деган масала ҳам кўндаланг қўйилди. Шунда, тараққийпарвар ижод аҳли вакилларидан бири, ўзбек жадидларининг отаси Беҳбудий адабий танқид ҳақидаги мақоласида ҳаёт-мамот аҳамиятига молик саволга жавоб ахтариб “танқид сараламоқдир” деган оқилона жавоб топди. Дарҳақиқат, адабий танқиднинг бош вазифаси, асл функцияси адабий жараённи синчиклаб кузатиб, билимдонлик, нозик дид, фаросат, бундан ҳам муҳими, холислик билан ёндашиб, ундаги, яъни катта оқимдаги хас-хашаклар орасидан чинакам бадиий кашфиётларни, чин истеъдодларни топа билиш, кашф этиш, уларга одилона баҳо бериш, чин асарларнинг чин нафосати, асл моҳиятини очиб беришдан иборат экани ўша кезлардаёқ аён эди. Миллий танқидчилигимизнинг илк босқичида Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Ойбеклар айни шу йўлдан бордилар…
Афсус, минг афсус, тоталитар режим ҳамма жабҳани, жумладан, адабиётга раҳнамоликни қўлга олганидан кейин бу хайрли тамойил барбод бўлди, танқид майдонида қиёмат қўпди. Улкан миллий уйғониш туфайли қад ростлай бошлаган соғлом адабий жараёнда пайдо бўлган ҳар бир ёрқин истеъдод, чин бадиий кашфиёт дейишга арзигулик ҳар бир асар, Абдулла Қаҳҳор сўзлари билан айтганда, найза кўтариб қарши олинди; Чўлпон, Қодирий, Фитратлар қисмати, Чўлпон шеърияти, “Ўткан кунлар”, Фитрат драмалари, “Сароб”, “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Жалолиддин”, “Қўшчинор”, кейинроқ “Тобутдан товуш”, “Юлдузли тунлар” теварагида кечган машъум машмашалар, адабий жаҳолат, тўғридан-тўғри демагогиядан иборат кампаниялар яқин кечмишимизнинг энг кирлик – қора кунлари тарзида тарихда қолди.
Истиқлол йилларида кўп хайрли ишлар қатори бу жабҳадаги хатоликлар бартараф этилди, адолат тик-ланди. Танқидчиликда демагогияга йўл очадиган мус-табид мафкура, адабий сиёсатнинг илдизи қирқилди.
Афсуски, бугунги танқидчилигимизда ҳам “сараламоқ” бобидаги ожизлик, оқсоқлик бутунлай бартараф этилгани йўқ, у бошқача кўринишларда давом этяпти. Бир вақтлар Абдулла Қаҳҳордек талабчан адиб: “Адабиёт дарёси қуриб-қақшаб ётгандан кўра, лойқа бўлса ҳам тўлиб оққани маъқул, бўтана оқим ҳам охир-оқибат тинади-да ахир” деган эдилар. Ҳозир бизда шундай жараён кетяпти: Истиқлол берган эркинлик туфайли миллий адабиётимиз дарёси тўлиб-тошиб оқяпти, бу оқимда хас-хашаклар, кўпигу қуйқалар беҳисоб. Дидли китобхон ҳафсаласини пир қиладиган хашаки “ижод намуналари” билан баробар, гавҳарга арзигулик бадиий топилмалар ҳам йўқ эмас. Бугунги адабий жараённи синчиклаб кузатиб, астойдил сараланса, адабиётимизнинг ҳозирги куни ва эртасига умид уйғотадиган ҳаётбахш тамойилларни ўзида мужассам этган ижод намуналари ҳам мавжуд эканига амин бўламиз. Ҳамкасбларимга оғир ботса ҳам бир гапни дангал айтай: танқид адабий жараёндан ортда қоляпти. Сўраб, суриштиришлар шундан далолат бераётирки, кейинги ўн йил ичида, жаҳон адабиётини қўя турайлик, ўзимизда эълон этилган асарларни тўла-тўкис ўқиб, кузатиб борган бирорта ҳам мунаққидни тополмайсиз. Бир вақтлар шахсан ўзим адабиётимиздаги бирорта асарни ҳам эътибордан четда қолдирмай кузатиб, ўқиб борардим. Ҳозир ҳам имкон борича ҳаракат қиламан, аммо ҳаммасига улгуролмайман. Эҳтимол, шу ёшда мен учун бу ҳол узрлидир. Аммо ёшроқ мунаққидларни бу борада асло кечириб бўлмайди. Танқид майдонида турган, ўзини мунаққид сановчи азамат учун бу машаққатли юмуш мажбурийдир. Адабиёт дарёсида ғаввос каби сузмай, оқимдаги ҳамма нарсалардан яхши хабардор бўлмай туриб, уни саралаш асло мумкин эмас. Афсус, минг афсус, соҳилда туриб олиб оқим хусусида хаёлан, тахминан ҳукм чиқаришга уринишлар, нолишлар кўзга ташланаяпти. Бир вақтлар улуғ бир рус адиби афсус-надомат билан, яхши мунаққидларнинг эътиборсизлиги, ҳафсаласизлиги туфайли қанчадан-қанча ноёб истеъдодлар, бадиий кашфиётлар эл назаридан четда қолиб кетаётганини айтган эди.
Сир эмас, бугунги адабиётимизда жиддий жонланиш, кўтарилиш жараёни кетяпти, бу ҳол барча адабий авлод вакилларига хос, шу билан баробар, миллий адабиётимиз даргоҳига янги бир навқирон авлод шитоб билан кириб келаётгани қувонарли ҳол. Уларнинг минбарлардаги илк чиқишларини, матбуотдаги илк ҳикоя, шеърларини, илк тўпламларини ўқиб кўринг-а, уларни бундан 20-30 йил бурун адабиётда пайдо бўлган ёш ижодкорлар машқлари билан солиштирганда, бугунги навқирон авлоднинг бўйи бир неча баробар баланд эканига иқрор бўласиз. Шу йил апрель ойида Фарғона вилоятида ўтган адабиёт байрами кунлари ёш шоир ва носирларнинг чиқишлари кўплар қатори мени ҳам лол қолирди. Айниқса, Марғилондаги педагогика коллежида ўтган адабий анжуманда ёшлар ўқиган шеърлар… Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзодек таниқли Халқ шоирлари қаторида туриб, минбардан шеър айтишнинг ўзи бўлмайди! Залда Халқ шоирларига қандай олқишлар ёғдирилган бўлса, ёшларнинг шеърлари ҳам ўшандай гулдурос қарсаклар билан қарши олинди. Яна бир ажиб ҳолат. Ёш шоир, шоираларнинг айримлари она тилида айтган шеърларини ўз таржимасида рус, инглиз, немис ва япон тилларида ўқиди! Таржима бўйича мутахассислар улар ҳақида илиқ гаплар айтди.
Қисқаси, 30-40 минутга мўлжалланган анжуман уч ярим соатга чўзилди. Бирорта одам ҳам зални тарк этмади. Тантанадан сўнг алоҳида-алоҳида ижодий гурунглар яна узоқ вақт давом этди. Шахсий суҳбатлар чоғи ёшлар орасида, шеърият билан баробар, ҳикоя, қисса, драма, ҳатто роман ёзганлари, адабий танқид билан қизиқадиганлари ҳам борлиги маълум бўлди.
Бундай манзарани бошқа вилоятларда ҳам кузатиш мумкин. Ёмон кўздан асрасин, яқин келажакда миллий адабиётимизда мавж ураётган янги тўлқин, албатта, ўз натижаларини беражак.
Азиз журналхон! Навқирон авлод ижодига оид мулоҳазаларимни бошқа алоҳида мақолага қолдириб турайин-да, шу кунги жўшқин оқимдаги жавҳарга тенг биргина зарра – Зулфия Қуролбой қизининг “Ёшлик”да ўтган йили эълон этилган бир ҳикояси талқинини ҳукмингизга ҳавола этсам («ХДК изоҳи: Зулфия Қуролбой қизининг «Ёзсиз йил» ҳикоясига бағишланган мақола бир неча кундан кейин ҳикоя билан биргаликда эълон қилинади).
Atoqli olim, qanchadan-qancha shogirdlarga ustoz, olijanob inson Umarali Normatovni Alloh rahmatiga olsin. Albatta, biz Allohnikimiz va, albatta, biz Unga qaytguvchimiz. «Xurshid Davron kutubxonasi» sayti mushtariylari nomidan domlaning oilasiga, farzandlariga va yaqinlariga hamdardligimizni bildiramiz.Sohifamizda taqdim etilayotgan maqola atoqli olim tavalludining 85 yilligiga bag’ishlab yozilgan edi.
HAYRAT OG’USHIDAGI UMR
Qozoqboy YO’LDOSHEV
Adabiyotimizning chinakam jonkuyari, taniqli olim, sinchkov adabiyotshunos, kuydi-pishdi inson Umarali Normatov domla muborak yoshga kiribdilar. Qalingina sochlari chala yarim oqargan, adl qomatli, harakatchan, doim qandaydir xayollar qurshovida yuradigan Umarali aka yetmish yashar mo’ysafidga aslo o’xshamaydi. Chunki professor U. Normatov davrning sur’atini nozik his etadi. Millat ijtimoiy tafakkuridan ortda qolmaslikka intiladi. Shu bois fikran yosh. Fikri vujudining yetovida bo’lmagan odam uchun aqlning yoshligi jismni ham qarishdan saqlaydi. Yangi fikr vujudga tinim bermaydi, harakatdagi vujud esa qarimaydi. Domla fikran ham, jisman ham ko’pgina ellikvoylardan yoshroq ko’rinadi.
Adabiyot — hayrat mevasi. Adabiyotshunoslik aslida hayratshunoslikdir. Filolog olim ana shu hayratning manbai qaerda ekanini tekshirish bilan shug’ullanadi. Umarali Normatov doimo hayrat og’ushida yashaydi, nimadandir mutaasir bo’lib, hayajonlanib yuradi. O’ziga ta’sir qilgan asarlar haqida fikr bildirganida: “Hayratda qolar darajada go’zal”,- degan iborani tez-tez qo’llaydi. Negaki, Umarali aka badiiy asarni shunchaki o’qimaydi, balki hayrat bilan, muhabbat bilan idrok etadi.
Domla adabiyotni, so’zni sevadi, shu sabab adibni ayaydi. Tabiatidagi samimiy hayrat tuyg’usi bois ba’zan asarlarga ortiqcharoq baho berib yuboradi. Umarali Normatov asaru adibga cho’qmor bilan hamla qilishni emas, balki uni shirinliklar bilan siylashni xush ko’radi. Ayni vaqtda talabchanlikni ham qo’ldan bermaslikka intiladi. Umarali aka uradigan emas, balki ayaydigan, suyaydigan tanqidchilardan sanaladi. Olim adabiyot haqida, chinakam hayrat manbai to’g’risida zerikarli fikrlash mumkinligini hazm qilolmaydi. O’zi ham samimiy, ehtirosli va bahsga chorlovchi yo’sinda yozadi. Tahlil mobaynida ba’zan yo’l qo’yadigan xatolari ham tuyg’uning jo’shqinligi tufayli sodir bo’ladi.
Umarali Normatov bugun ham yosh yigitlarday izlanishlar, kitoblar qurshovida. U goh realizmning zamonaviy ko’rinishlarini tadqiq etsa, goh modern yo’nalishning namoyon bo’lishini tekshiradi, goh absurd adabiyotning ildizlari xususida izlanadi. Ba’zan umumta’lim maktablari darsliklari ustida, ba’zan esa oliy maktab adabiy ta’limi muammolari yuzasidan tadqiq olib borayotgan bo’ladi. Ayrim olimlar keksaygach, yoshlikda orttirgan fikriy zaxiralarini tinchgina yeb yotmoqchi bo’lishadi. Umarali domla esa ilmda bir nafaslik tin olish ham ancha ortda qolish ekanligini juda yaxshi biladilar. Shu bois hammani ayaydigan odam o’zlariga nisbatan hayratda qolar darajada shafqatsizlik qiladilar, o’z ustlarida tinimsiz ishlaydilar.
Umarali aka adabiyotga doir qarashlarini har jihatdan asoslashga astoydil intilsa-da, o’z fikrini so’nggi haqiqat deb tiqishtirmaydi. Olim badiiy adabiyotning sirli-sehrli, serqiyofa hodisaligini, unda kishi qabul qilishi og’ir kechadigan jihatlar bo’lishi tabiiyligini yaxshi biladi. Domlada egotsentrizm yo’qligi uchun ham o’zining badiiy asarga yondashuvini yagona mezon deb hisoblamaydi. Shu bois o’ziga yoqmaydigan fikrlarni ham butunlay inkor etmaydi, ularga imkon qadar xolislik bilan munosabatda bo’lishga intiladi.
Domlaga xos xususiyatlardan biri shundaki, u tinimsiz o’qiydi. Shu bois dunyo adabiyoti va adabiyotshunosligidan yaxshi xabardor. O’zimizda e’lon qilingan deyarli barcha badiiy asarlar bilan so’zsiz tanishib boradi. Ayrimlar o’qimay turib xulosa chiqarish, tuzukroq tanishmay turib hukm aytishdan hijolat chekmaydigan bir paytda domlaning hamisha badiiy matn bilan tanish bo’lgani tufayli aytadigan salmoqli fikrlari o’zgacha ahamiyat kasb etadi.
Umarali aka ko’p va kuchli hayajon bilan ishlaydi, tez yozadi. Shu sabab ba’zan shoshilibroq, oshiribroq aytgan paytlari ham bo’ladi. O’ziga nihoyat darajada talabchan va tabiatan insofli odam bo’lganligi uchun shu vaqtga qadar yaratgan asarlari haqida olim: “O’zimcha xomcho’t qilib chiqsam ularning deyarli to’rtdan uch qismi bugun ahamiyatini yo’qotibdi. Buning boisi shundaki, o’sha ahamiyatini yo’qotgan ishlar adabiy jarayondagi o’tkinchi, tanqiddan tuban narsalar haqidadir, arzimas masalalar xususidagi bahs mulohazalardir. Bugun ularning hech kimga, hatto o’zimga ham keragi yo’q. Olloh tomonidan bir bor berilgan umrni, o’zimga yarasha qobiliyat-iqtidorni o’tkinchi, arzimas mashg’ulotlar uchun behuda isrof qilganimga afsuslanaman”,- deb yozgan. Lekin yaxshiyamki, domlaning afsus qiladigan ishlari u kishi aytganchalik ko’p emas. Buning ustiga o’z xatolarini oshkora tan olmoq va buni matbuot orqali aytmoq uchun ham insof zarur bo’ladi.
Professor Umarali Normatov badiiy asarni shunchaki bir tasodif tufayli yozilib qolinadigan hodisa deb hisoblamaydi. Badiiy ijodni hamisha mustahkam va turg’un qonuniyat asosida rivojlanadigan jarayon deb biladi. U badiiy hodisalar zamiridagi qonuniyatlarni payqay biladigan olim. Shuning uchun ham “Maysaraning ishi” asaridagi kulgining xalqona ildizlari haqida hajvshunoslar payqamagan nozik kuzatishlarni qila oldi. Shu bois “Mehrobdan chayon” romnida xalq kulgisi muammosini juda miqyosli ijtimoiy, milliy va ruhiy aspektlarda tekshirib o’ziga xos xulosalar bera oldi.
Domla keksa yoshdagi boshqa kishilardan farqli o’laroq yangilikka, yangicha qarashlarga o’ch, qiziquvchan, ba’zan bu qiziquvchanlikning ergashuvchanlikka o’tib ketgan hollari ham yo’q emas. Zotan, badiiy adabiyot ko’ngil mavjlari ifodasi. Ko’ngilning to’lqinlari haqida gapirganda esa toshiqib ketish uzrli.
Umarali Normatov chinakam badiiy asarni bir o’qib ketiladigan narsa deb hisoblamaydi. Biror asarni qayta o’qish uni qayta idrok etish, avval payqalmagan jihatlarini ko’rish imkonini beradi deb biladi. Shu bois ham ba’zan bir yozuvchi, hatto uning biror asari haqida o’nlab yillar mobaynida qayta-qayta qalam suradi. Qo’lingizdagi kitobcha ham ayni shu xildagi qayta mutolaa va mushohada mahsuli o’laroq dunyoga kelgan. Har qanday chinakam iste’dod egasi singari Abdulla Qahhor ham vaqtga bo’y bermaydigan adiblardan. Ayniqsa, uning o’tmish mavzusidagi hikoyalari va “Sarob” romani germenevtik nuqtai nazaridan g’oyat o’ziga xos taqdirga egadirlar. Chunki asl talant qalamiga mansub bu bitiklar vaqt o’tishi va o’quvchilarning badiiy tafakkuri o’zgarishi bilan yangicha o’qiladi, yangicha tushuniladi, yangicha talqin etiladi. Shuning uchun ham milliy tafakkurimizda yangilanishlar ro’y berishi bilan Abdulla Qahhor asarlarini qaytadan idrok etish zaruriyati paydo bo’ldi.
Chinakam asar qachon yozilganidan, qanday dunyoqarash mahsuli bo’lganligidan qat’i nazar keyingi avlodlar ma’naviyati va ruhiyatiga ta’sir ko’rsataveradi. Asl badiiy asar mafkuraviy qoliplardan balandroq turadi, uning biqiq talablari doirasini yorib chiqaroq paydo bo’ladi. Umarali Normatov Qahhor asarlaridagi ayni shu jihatlarni o’ta bilimdonlik va beadad muhabbat bilan ko’rsatib bera olgan. Olim adib asarlari yashovchanligi sirlarini tadqiq etar ekan chin badiiy kashfiyot muallif istagiga zid holda ham o’z umrini kechirishi mumkinligini asoslab beradi. “Sarob” romanini o’qishli qilgan, uning bugungi avlodga ham badiiy ta’sir ko’rsata olishini ta’minlagan jihatlar mazkur risolada g’oyat nuktadonlik bilan ko’rsatilgan. Risolada shaxsiyati butunligi sindirilgan inson fojiasining juda ko’lamli va ta’sirchan tasviri qanchalik umrzoq bo’lishi mumkinligi yorqin namoyon etilgan.
Qo’llanma bugungi o’zbek tanqidiy tafakkuri ko’tarilgan yuksaklik haqida tasavvur uyg’otishi jihatidan ham, badiiy matnga zamonaviy germenevtika ilmi talablari bilan yondashishning amaliy samarasi sifatida ham muhim ahamiyat kasb etadi. Shunisi diqqatga molikki, professor Umarali Normatovning mazkur asari sof amaliyotchilik nuqtai nazaridan ham g’oyat o’ziga xos hodisa bo’lib, o’zbek adabiyotshunosligi yangicha qiyofa kasb etayotganligidan, uning bugungi hayotiy talablarni hisobga olish imkoniyati ortib borayotganligidan yorqin dalolatdir.
“Bir narsa ko’nglimga taskin beradi: men biror gunoh ishga ongli ravishda qo’l urgan emasman; oilamga, turmush o’rtog’imga, farzandlarim, do’stlarim, ustozlarimga eng keskin vaziyatlarda ham xiyonat qilmadim. Hamisha haromdan hazar qilib yashadim. Hech kimga ta’magirlik bilan yaltoqilik qilmadim”,- deb yozadi Umarali Normatov suhbatlaridan birida. O’zi tayin etgan hayotiy qoidalarga sadoqat bilan yashab kelayotgan imonli domlamizga uzoq umr, salomatlik va ijodiy omad yor bo’lishini tilaymiz.
FIKR DOYASI
Dilmurod QURONOV
Ota-bobolarimizdan meros bir hikmat bor: “Ilm istasang oqillar suhbatiga quloq tut…”
***
Antik dunyoning Suqrot, Aflotun singari faylasuflari mavjudlikning murakkab muammolarini hal qilish uchun suhbat shaklini ma’qul ko’rganlari bejiz emas. Negaki, tafakkur mohiyatan “ichki suhbat”, fikrlamoq – kishining o’z vujudidagi yana bir “men”i bilan muloqotga kirishmog’i. Fikrlayotgan odam o’sha “men”ga nenidir anglatishga, uning e’tirozlarini qondirishga, uni negadir ishontirishga intiladi… — shu yo’sin qo’yilgan masala yuzasidan FIKR qaror topadi. Ya’ni, fikr fikrdan turtki oladi, shubha fikrni teranlashtiradi, e’tiroz uning ko’lamini kengaytiradi… bas, FIKRning chinakam doyasi suhbat ekan…
(… ustoz Umarali Normatov tabiatan muloqotga, gurungga moyil odam ekanidan suhbatning afzallik tomonlarini juda erta va teran ilg’agan. Shundan bo’lsami, domla navqiron yoshida yozilgan “Roman va zamon” nomli chiqishidayoq qo’yilgan masalani xayoldagi adabiyotshunos do’sti, aslida esa yana bir “men”i bilan muhokama qiladi. Munaqqid o’shandayoq suhbat taqdim etuvchi imkonlar doirasi benihoya kengligiga maftun bo’lgandirki, ijodiy faoliyati davomida 40 dan ziyod suhbatlar o’tkazibdi: ular jamlansa, ikkita salmoqli-salmoqli kitobga sig’may qolar ekan…)
… tafakkur “ichki suhbat” ekanidan kelib chiqilsa, haqiqatda voqe bo’lgan suhbatning imkonlari nechog’li kengligini tasavvur qilish qiyin emas: bu holda muammoni yechishga kamida ikkita ong safarbar etiladi-da, axir! Faqat bu imkonlarning ro’yobga chiqishi uchun bitta-ikkita muhim shartlar mavjud.
Eng avval – niyat: suhbatdoshlarning muddaosi bitta – muhokama etilayotgan muammo mohiyatiga imkon qadar yaqinlashish bo’lmog’i darkor. Ya’ni, suhbatda manfaatu shaxsiyat ortga chekinmog’i, masalaning mohiyatiga yaqinlashish maqsadi ustuvor bo’lishi lozim. Buning uchun kishidan suhbat predmetiga beg’araz mehr bilan birga…
(… umrining qariyb “60 yili adabiyot, uni anglash, o’rganish, o’rgatish yo’lida o’tgan” U.Normatov suhbatlaridan birida: “so’z san’ati insoniyat yaratgan, aniqrog’i Olloh odamlarga hadya etgan noyob ne’mat, sirli olam ekaniga takror-takror iqror bo’ldim. Chinakam san’at asarini o’qiganimda, tomosha qilganimda hayratdan o’zimda yo’q yayrayman. Ko’nglimda shu sohaga mayl-mehr uyg’otgani, rizqimni shu sohada bergani uchun Yaratganga shukronalar aytaman”,- deya iqror qiladiki, u kishini bilganlarning hech biri bu so’zlarning samimiyligiga, domlaning ko’ngli adabiyotga beg’araz MEHR bilan limmo-lim ekaniga zarracha shubha qilmasa kerak…)
… “Aflotun mening do’stim, lekin haqiqat muhimroq” aqidasida mudom sobitlik talab qilinadi. E-eh, eng og’iri ham shu-da! Haqiqatning o’ziga tortuvchi jozib kuchi ham, juda yaqin borsang kuydirib qo’yishi ham bor: unga talpinib-intilib, undan hayqib-qo’rqib yashaymiz. Goh andisha, goh qo’rquv, goh tag’in bir sabab kishiga doim ham dildagini aytish imkonini bermaydi. Shukrki, suhbat ishora imkonini qoldiradi…
(… Said Ahmad bilan suhbatida munaqqid bir masalaga qayta-qayta e’tiborni tortadiki, shu masala uni ayricha qiziqtirayotgani seziladi. Bu ham bo’lsa, rasman “sotsialistik mehnat tantanasi”ning ramzi sanalgan kanal qurilishining soyada qolgan tomoni. U. Normatov avvaliga ehtiyotkorlik bilan “Ayrim tanqidchilar «Qirq besh kun»da kanal qurilishidagi ishlab chiqarish xarakteridagi mojarolar, konfliktlar qalamga olinmaganligini aytdilar” deb eslatadi. Tabiiyki, yozuvchi asl maqsadni tushunib turibdi, lekin dangal javobdan qochadi:
“Bu yerda (kanal qurilishida — D.Q.) poraxo’r yo’q. Ichkilikboz yo’q. Byurokrat yo’q. O’g’ri yo’q. Go’yo qirq besh kun bu yerda “kommunizm qurilgandek” edi. Ovqat tekin, ish kiyimlari tekin. Meditsina, madaniy xizmatlar tekin…
Dangasa yo’q. Birovni birov zo’rlab ishlatish yo’q”. E’tibor bering-a: S. Ahmad suhbat kechayotgan davrda (1976) jamiyatda avj olgan illatlarni bir-bir sanaydi-da, so’ng birgina “go’yo”si bilan “faqat shu 45 kungina kommunizm qurilgan bo’lsa-yu, shuni ham ko’tarinki tasvirlamayinmi?!” deganday bo’ladi. Tanqidchi tomonidan noqulay ahvolga solib qo’yilgan adib zukkolik bilan holatdan chiqadi: qo’yilgan savolga javob beradi ham, javob bermaydi ham. Suhbatning afzalligi shuki, u — jonli jarayon: e’tirozu inkordan murosaga va aksincha harakatlanaveradi. Endi tanqidchi murosaga keladi: “Men avval ham aytgan edim, ba’zilar da’vo qilgandek, «Qirq besh kun»ning mehnat tasviri bilan bog’liq kamchiligi «qurilishdagi qiyinchiliklar, ko’ngilsiz hodisalar, salbiy tomonlar muallif e’tiboridan chetda qolib ketgani»da emas, Sizningcha, aslida hayotda ayni shu tarzdagi hodisalarning o’zi bo’lmagan ekan”. Biroq murosada ham murosa bor-da! E’tibor bering: “Sizningcha, … bo’lmagan ekan” deyish bilan U.Normatov aslida «qurilishda qiyinchiliklar, ko’ngilsiz hodisalar, salbiy tomonlar bo’lgan” deydi. Suhbatdoshlar bir-birlarini tushundi, haqiqat-ku aytilmadi, lekin uning yuzidagi parda biroz ko’tarildi: 70-yillar sharoitida shuning o’zi haqiqatga sodiqlik emasmi?! Muhimi, mutolaa jarayonida beixtiyor suhbat ishtirokchisiga aylangan o’quvchi bu ishoralarni fahmlaydi, aytilmay ifodalangan fikrlarni uqib oladi…)
… suhbatning maqsadi – qo’yilgan muammoning mohiyatiga, haqiqatiga yetish, dedik. Haqiqat esa bitta, buni hamma tan oladi; hammaning o’z haqiqati borligi ham barchaga ma’lum, lekin buni barcha birdek tan olmaydi, tan ololmaydi. Nima ham derdik, bu ham insonga xos bir ojizlik. Ayni shu ojizlik suhbatni besamar etadi, u baland kelsa, suhbatda HAQIQATni emas, HAQLIKni aniqlashga intilish maqsadi ustuvor bo’lib qoladi. Taassufki, Haqlikni Haqiqatdan avlo bila boshlaganimiz sabab bugun bobolardan meros “haqiqat bahsda tug’iladi” naqli g’alat tushunilayotgandek tuyuladi. Zero, biz hozirda ko’proq “munozara”, “tortishuv” ma’nolarida tushunadigan arabcha “bahs” so’zining lug’atda “muhokama qilmoq”, “tadqiq qilmoq”, “o’rganmoq”, “izlanmoq” tarzida izohlangani ham shunga dalolat qiladi. Qizig’i shundaki, qadim yunon tilida “suhbat” ma’nosini bergan “dialogetikon” so’zi “munozara”, “tortishuv” ma’nolarida ham ishlatilgan ekan. Shulardan kelib chiqib, “haqiqat bahslarda tug’iladi” tarzidagi ko’hna naqlni biz yanglish tushunmaymizmi, to’g’risi “haqiqat suhbatda tug’iladi” emasmikin?” degan andisha keladi… Biroz chalg’ib ketgan bo’lsak, uzr. Hartugul, aytilganlardan kelib chiqib, yuqoridagilar sirasiga yana bir muhim shartni qo’shishimiz kerak bo’ladi. U ham bo’lsa – tinglay olish qobiliyati: suhbatning besamar tortishuvga aylanmasligi uchun suhbatdoshi nima deyayotgani va nega shunday deyayotganini tushuna olishi, o’z haqiqati o’ziga nechog’li qadrli bo’lmasin, o’zganing haqiqatiga ham haq bera bilishi lozim…
(… Umarali Normatov — tom ma’nodagi MUNAQQID, tamsil qilmoqchi bo’lsak, u kishining sezgir barmoqlari mudom adabiy jarayon bilagida turadi: domla adabiy yangiliklarni muntazam kuzatadi, adabiy hayot qozonida qaynaydi, darsxonalarda adabiy hodisalar o’quvchi ommada qanday aks-sado berayotganini kuzatib-bilib turadi. Shu bois u kishining suhbatlarida joriy adabiy jarayonning eng dolzarb masalalari o’rtaga qo’yiladi, bilgichlik bilan muhokama etiladi. Domla tajribali darg’a misoli: suhbat kemasi sayozlik tomon borsa, chuqurlikka buradi; dovullarga ustalik bilan chap beradi, suv osti qoyalarini chetlab o’tadi, xullas, kursni ko’zlangan manzilga yo’naltiradi. Manzil esa aniq — qo’yilgan masala mohiyati, haqiqati…)
… ayniqsa, muayyan masalada o’z fikri, o’z qarashiga ega fozil kishilar suhbatida bu juda muhim. Ilm talabidagi kishi hamisha fozillar suhbatiga talpinadi. Roviylar naql qiladilarki, agar “shu masalani Ko’hi Qofning naryog’ida faloniy bilur” deb eshitsalar, tolibi ilmlar yayov borgan ekanlar. Alqissa, yana bir muhim shart — suhbatdosh tanlay olish: kim bilan suhbatlashishni ham, kim bilan nima haqda suhbatlashishni ham bilish…
(… domlaning o’zi uyushtirgan suhbatlar ko’zdan kechirilsa, ularda ikki jihat yaqqol ko’zga tashlanadi: birinchisi — suhbat markazida joriy adabiy jarayon uchun muhim masala o’rtaga qo’yiladi; ikkinchisi — shu masala haqida o’ziga xos, izchil va asosli fikrlar bera oladigan suhbatdosh tanlanadi. Tanlovning asosiy mezoni — shu… 1977 yilda shoir Erkin Vohidov bilan suhbat asosiga talant tarbiyasi masalasi qo’yiladi. Munday qaralsa, Erkin Vohidovqirchillama qirq yoshida, hali o’zi ham “yosh shoirlar” sirasida sanalib yurgan vaqt: talant tarbiyasi, yoshlar adabiyoti xususida boshqa birov bilan suhbatlashishilgani durust emasmidi? Yo’q, munaqqid ayni shu ijodkorni tanlaydi, o’zining tanlov printsipiga to’la sodiq qoladi va, muhimi, — adashmaydi. Suhbatning jonli, adabiy tanqidiy tafakuur uchun ahamiyatli chiqqani buning birinchi dalili. Ikkinchisi, oradan ko’p o’tmay E.Vohidov butun bir avlod uchun katta adabiyotga yo’l ochgan, “bu maydon ichra” o’z o’rnini topishiga ko’maklashgan “Yoshlik”ka muharrir bo’ldiki, shoirning muharrirlik davri alohida mavzu…
Ehtimol, ma’lum sabablar bilan zikr etilgan printsiplardan biroz chekinilgan o’rinlar ham chiqar, biroq ular — istisno, xolos. Ya’ni, domlaning suhbatlari ichida “shunchaki suhbat qilish uchun”gina voqe bo’lgani topilmaydi, hammasi birdek adabiy tanqidiy asar…)
… har narsaning o’z ofati bor, jumladan, suhbatning ham. Rus adabiyotshunosi M. Baxtinning uqtirishicha, tomonlardan biri ikkinchisi oldida qalpoq yechib turadigan bo’lsa, dialog voqe bo’lmaydi. Olimning bu fikri o’zbekchasiga “tomonlardan biri ikkinchisining qarshisida “qo’l bog’lab” turgan bo’lsa, dialog mavjud emas” tarzida ifodalanishi mumkin. Ya’ni, chin ma’nodagi dialogning muhim sharti – tomonlarning tengligi. Albatta, e’tiroz bo’lishi mumkin: “besh qo’l barobar emas-ku!” To’g’ri, biroq gap bunda emas, gap suhbatdoshni o’ziga teng ko’ra olishda. Tan olish kerak, bunisi endi juda qiyin: o’rtada shayton bor emasmi, goh bilimdonligini, goh chechanligini, xullas, ustunligini ko’rsatgisi kelib qoladi kishining. Buning aksi ham bir balo: me’yordan oshgan andisha, ortiqcha kamtarlik, mutelikka egiz kamtarlik…
(… ofatning daf’i bitta — niyat xolisligi. Adabiyotga beg’araz mehri, BILIShni umrining bosh shioriga aylantirgani bois Umarali Normatov zikr etilgan ojizliklardan baland tura oladi. Domla kafedrada o’tirib qishloqdan yaqindagina poytaxtga kelgan nabirasi qatori talaba bilan suhbatlashayotgani, muhimi, uning gaplarini diqqat bilan tinlayotganini ko’p bor kuzatganmiz. U kishi “boqma kim der ani, boqg’ilki ne der” qoidasiga amal qiladilar; suhbat mavzusi, masala mohiyatini muhimroq sanagani sabab andishayu kamtarlikning me’yorini xo’b biladilar… )
… suhbat — jonli jarayon, demak, qog’ozda ham jarayon muhrlanadi. Muhimi, suhbatni o’qiganda u yangidan voqe bo’layotgandek, jarayon ko’z oldimizda qayta jonlanayotgandek taassurot qoladi kishida. Bamisoli dramatik asar: har gal gal o’qiganing yo tomosha qilganingda hodisa ko’z oldingda qayta yuz beradi. Esxil, Sofokllar ikki yarim ming yil muqaddam yaratgan asarlarning hamon o’qilayotganiga sabab, bir tomoni, shu emasmikan?!..
(… shu taassurot izmida domalaning 30-40 yillar ilgari o’tkazgan suhbatlari hamon eskirmabdi, degan fikr keldi va ushbu kitobni nashr qilish niyati xo’b va xayrli bo’libdi deb o’yladim. Darvoqe, suhbat muayyan bir sharoitda o’tkaziladi, bas, unda o’sha sharoitning izlari bo’lishi ham shubhasiz. Sir emas, ushbu nashr ilgari davr taqozosi bilan kiritilgan “navbatchi jumlalar”, “partiya-hukumatning dono rahbarligi” qabilidagi siyosiy xushyor gaplardan tozalanibdi. Albatta, buni har kim o’zicha baholashga haqliku-ya, biroq, buni e’tirof etganimiz holda, o’z qarashimizni qayd etib o’tmasak bo’lmaydi. Tahrir va uning natijasini, aytaylik, “uy ko’tarish”ga qiyos qilish mumkin. Bilarsiz, uy ko’tarilgach, ajib bir taassurot qoladi kishida: uy o’sha uyku-ya, lekin kengayib qolgandek, bahavoroq bo’lib qolgandek… Yo’q, tamsilimiz kamroq ko’rindi. Yaxshisi, chang bosgan ko’zguni artib tozalamoqqa qiyos qilsak: ko’zgu ham yaraqlab ketdi, undagi aks ham ravshan tortdi…)
***
Ota-bobolarimizdan meros bir hikmat bor: “Ilm istasang oqillar suhbatiga quloq tut…”
«MO»JIZALARNING MO»JIZASI» HAMDA
«SARALAMOQ» BOBIDAGI OQSOQLIK XUSUSIDA
Umarali NORMATOV
Modomiki “Yoshlik” xonadonimizga tashrif buyurgan ekan, suhbat avvalida bir gapni aytib o’tsam, muhtaram jurnalxonlar buni maqtanishga yo’ymaslar, degan umiddaman.
So’z san’atining mehrigiyosimi yoki taqdir taqozosimi, umr yo’ldoshim Veneraxon ham filolog – uzoq yillar maktabda adabiyotdan dars bergan, hozir nafaqada, oilada eng faol kitobxon. Uning ta’sirida beshta sing-lisi – barchasi filolog bo’lib yetishdi. Bojalarimizdan biri mashhur adabiyotshunos Begali Qosimov, yana biri zukko bilimdon tilshunos Mahfuzillo Rahmonov. Qizim Shoira filologiya fanlari nomzodi, oliy o’quv yurtida dotsent. Uch o’g’lim boshqa kasb egalari bo’lsa-da kitobsevarlikda ota-onalaridan qolishmaydi. Shavkat Rahmonning to’ng’ich qizi Nodiraxon xonadonimizga kelin bo’lib tushgan, sakkiz yashar nabiramiz Nasima hozirdan yurgan yo’lida she’r to’qiydi… Ustozu shogirdlar, hamkasblar o’z yo’liga. Do’stu birodarlarim, ulfatlarimning ham deyarli barchasi adabiyotga daxldor odamlar. Tabiiyki, xonadonimizdagi davra suhbatlarining bosh mavzusi – Adabiyot. Mana, yarim asrdan oshibdiki, deyarli har kuni biznikida majolis-un nafois.
Salkam yetmish yildan beri dastavval adabiyot shaydosi bo’lib, adabiyot bo’yicha ta’lim olib, so’ng filolog-adabiyotshunos, munaqqid sifatida adabiy davralarda yurib, adabiyot haqida betinim o’y surib, u-bu narsalar bitib, talabalarga dars berib, so’z san’ati insoniyat yaratgan, aniqrog’i, Alloh bandalariga in’om etgan noyob ne’mat, sirli-sehrli xilqat ekaniga takror-takror iqror bo’ldim. Har gal chinakam san’at asarini o’qiganda, tomosha qilganimda hayratdan o’zimda yo’q yayrayman, bir necha kun o’zimga kelolmay yuraman. Shu yoshimda ham bolalikdan qolgan bu odat meni tark etgani yo’q. Shunday noyob mo»jiza bilan tanishmay, bu dunyodan o’tib ketish odam zoti uchun katta yo’qotish-ku, deb qo’yaman o’zimga o’zim. Ko’ngilga shu xil tuyg’u solgani, so’z san’atiga mayl, mehr uyg’otgani, rizqimni shu sohadan bergani uchun Yaratganga shukronalar aytaman. Inson faoliyatidagi hech qaysi soha adabiyotchalik sir-sinoatga boy emas, inson va uning tabiati, qismati, qalbi, ruhiyati to’g’risidagi haqiqatni kashf etishda hech bir soha so’z san’ati bilan bo’ylasha olmaydi, uning o’rnini bosolmaydi.
Fandagi buyuk ixtiro, kashfiyotlarni, chunonchi, nisbiylik nazariyasini Eynshteyn bo’lmasa, boshqa bir daho olim yarataverishi mumkin. San’at, adabiyotdagi buyuk kashfiyotlarning tug’ilishi esa nihoyatda shaxsiy-individual xususiyatga ega. “Gerniki”ni faqat Pikasso, “Uliss”ni faqat Joys, “O’tkan kunlar”ni esa faqat Qodiriygina yaratishi mumkin. San’atning boshqa turlarini aslo kamsitmagan holda, badiiy adabiyotning imkoniyatlari beqiyosdir, desam mubolag’a bo’lmas. Masalan, rangtasvir, arxitektura, musiqa, kino bajarishi mumkin bo’lgan vazifalarni yozuvchi, shoir so’z san’ati orqali ado etaverishi mumkin. San’at asari yaratish uchun ko’pdan-ko’p ashyo, asbob-uskunalar kerak. Elektr energiyasi bo’lmasa, kino – hech narsa. Badiiy ijod uchun esa qalam bilan qog’oz bo’lsa bas. Hatto ular bo’lmaganida, og’zaki tarzda ham yaratilaveradi. Badiiy ijod ana shunaqa noyob xilqat… Uni ardoqlamay bo’ladimi axir!
Boz ustiga, inson faoliyatiga oid sohalar ichida so’z san’atichalik tutqich bermaydigan, qolip-qoidalarga tushmaydigani yo’q. Jahonda o’tgan, bugun qalam tebratayotgan har bir chin ijodkor, ular qalamiga mansub har bir chin asar o’zicha bir dunyo; yangi asari bilan ijodkor har gal yangicha yo’l, usul, “qoidalar” kashf etadi. Buning ustiga, ijodkor shaxsidek sirli, sehrli ajabtovur zot boshqa soha odamlarida topilmasa kerak. Alloh inson zotiga xos jamiki kuchli va zaif, ziddiyatli, mo»jizakor sifatlarni mujassam etish uchun yozuvchilik iste’dodini, shoiru yozuvchilarni yaratgan bo’lsa ajab emas. O’zingiz o’ylab ko’ring, Alloh o’zining mislsiz qudratini namoyon etish uchun bu yorug’ olamni, koinot javhari sanalmish insonni yaratgan. Qarangki, yozuvchi-san’atkor balki Allohning shu yaratuvchilik sifatiga taqlidan so’z orqali insonni, to’g’rirog’i, inson timsolini yaratishga jur’at etadi.
Abdulla Qodiriydek birgina mislsiz iste’dod sohibi yaratgan badiiy kashfiyotlarni eslaylik. Yusufbek hoji, O’zbek oyim, Otabek, Kumush, Zaynab, Anvar, Ra’no, Solih maxdum, Obid ketmon singari tirik insonlarni – o’zbekning rang-barang tabiatli farzandlari siymosini ayni tirik, balki tiriklardan tirikroq odamlar kabi gavdalantirish chindan-da mo»jiza, axir!
Adabiyot ilmi badiiy ijod tabiati, ijodkor shaxsi, ijod psixologiyasi bobida ko’p ishlar qildi, qilyapti. Ammo ular mutlaqo yetarli emas. Bu borada chin kashfiyotlarga ko’ra chalg’ishlar, har tomon og’ishlar mo’lroq. Insoniyat hali ulkan iste’dodlar xizmatini munosib qadrlash darajasiga ko’tarilgani yo’q. Biz hanuz chinakam iste’dod sohiblari bilan bu sohaga da’vogar tamagir, havaskor kosiblarning farqiga yeta olganimizcha yo’q.
O’tgan asr boshlarida, ko’p asrlik adabiyotimiz tub yangilanish yo’liga kirgan kezlari “Adabiyot nadir?”, “Teatr nadir?” degan savollar qatori “Tanqid nadir?” degan masala ham ko’ndalang qo’yildi. Shunda, taraqqiyparvar ijod ahli vakillaridan biri, o’zbek jadidlarining otasi Behbudiy adabiy tanqid haqidagi maqolasida hayot-mamot ahamiyatiga molik savolga javob axtarib “tanqid saralamoqdir” degan oqilona javob topdi. Darhaqiqat, adabiy tanqidning bosh vazifasi, asl funktsiyasi adabiy jarayonni sinchiklab kuzatib, bilimdonlik, nozik did, farosat, bundan ham muhimi, xolislik bilan yondashib, undagi, ya’ni katta oqimdagi xas-xashaklar orasidan chinakam badiiy kashfiyotlarni, chin iste’dodlarni topa bilish, kashf etish, ularga odilona baho berish, chin asarlarning chin nafosati, asl mohiyatini ochib berishdan iborat ekani o’sha kezlardayoq ayon edi. Milliy tanqidchiligimizning ilk bosqichida Vadud Mahmud, Cho’lpon, Abdulla Qodiriy va Oybeklar ayni shu yo’ldan bordilar…
Afsus, ming afsus, totalitar rejim hamma jabhani, jumladan, adabiyotga rahnamolikni qo’lga olganidan keyin bu xayrli tamoyil barbod bo’ldi, tanqid maydonida qiyomat qo’pdi. Ulkan milliy uyg’onish tufayli qad rostlay boshlagan sog’lom adabiy jarayonda paydo bo’lgan har bir yorqin iste’dod, chin badiiy kashfiyot deyishga arzigulik har bir asar, Abdulla Qahhor so’zlari bilan aytganda, nayza ko’tarib qarshi olindi; Cho’lpon, Qodiriy, Fitratlar qismati, Cho’lpon she’riyati, “O’tkan kunlar”, Fitrat dramalari, “Sarob”, “Qutlug’ qon”, “Navoiy”, “Jaloliddin”, “Qo’shchinor”, keyinroq “Tobutdan tovush”, “Yulduzli tunlar” tevaragida kechgan mash’um mashmashalar, adabiy jaholat, to’g’ridan-to’g’ri demagogiyadan iborat kampaniyalar yaqin kechmishimizning eng kirlik – qora kunlari tarzida tarixda qoldi.
Istiqlol yillarida ko’p xayrli ishlar qatori bu jabhadagi xatoliklar bartaraf etildi, adolat tik-landi. Tanqidchilikda demagogiyaga yo’l ochadigan mus-tabid mafkura, adabiy siyosatning ildizi qirqildi.
Afsuski, bugungi tanqidchiligimizda ham “saralamoq” bobidagi ojizlik, oqsoqlik butunlay bartaraf etilgani yo’q, u boshqacha ko’rinishlarda davom etyapti. Bir vaqtlar Abdulla Qahhordek talabchan adib: “Adabiyot daryosi qurib-qaqshab yotgandan ko’ra, loyqa bo’lsa ham to’lib oqqani ma’qul, bo’tana oqim ham oxir-oqibat tinadi-da axir” degan edilar. Hozir bizda shunday jarayon ketyapti: Istiqlol bergan erkinlik tufayli milliy adabiyotimiz daryosi to’lib-toshib oqyapti, bu oqimda xas-xashaklar, ko’pigu quyqalar behisob. Didli kitobxon hafsalasini pir qiladigan xashaki “ijod namunalari” bilan barobar, gavharga arzigulik badiiy topilmalar ham yo’q emas. Bugungi adabiy jarayonni sinchiklab kuzatib, astoydil saralansa, adabiyotimizning hozirgi kuni va ertasiga umid uyg’otadigan hayotbaxsh tamoyillarni o’zida mujassam etgan ijod namunalari ham mavjud ekaniga amin bo’lamiz. Hamkasblarimga og’ir botsa ham bir gapni dangal aytay: tanqid adabiy jarayondan ortda qolyapti. So’rab, surishtirishlar shundan dalolat berayotirki, keyingi o’n yil ichida, jahon adabiyotini qo’ya turaylik, o’zimizda e’lon etilgan asarlarni to’la-to’kis o’qib, kuzatib borgan birorta ham munaqqidni topolmaysiz. Bir vaqtlar shaxsan o’zim adabiyotimizdagi birorta asarni ham e’tibordan chetda qoldirmay kuzatib, o’qib borardim. Hozir ham imkon boricha harakat qilaman, ammo hammasiga ulgurolmayman. Ehtimol, shu yoshda men uchun bu hol uzrlidir. Ammo yoshroq munaqqidlarni bu borada aslo kechirib bo’lmaydi. Tanqid maydonida turgan, o’zini munaqqid sanovchi azamat uchun bu mashaqqatli yumush majburiydir. Adabiyot daryosida g’avvos kabi suzmay, oqimdagi hamma narsalardan yaxshi xabardor bo’lmay turib, uni saralash aslo mumkin emas. Afsus, ming afsus, sohilda turib olib oqim xususida xayolan, taxminan hukm chiqarishga urinishlar, nolishlar ko’zga tashlanayapti. Bir vaqtlar ulug’ bir rus adibi afsus-nadomat bilan, yaxshi munaqqidlarning e’tiborsizligi, hafsalasizligi tufayli qanchadan-qancha noyob iste’dodlar, badiiy kashfiyotlar el nazaridan chetda qolib ketayotganini aytgan edi.
Sir emas, bugungi adabiyotimizda jiddiy jonlanish, ko’tarilish jarayoni ketyapti, bu hol barcha adabiy avlod vakillariga xos, shu bilan barobar, milliy adabiyotimiz dargohiga yangi bir navqiron avlod shitob bilan kirib kelayotgani quvonarli hol. Ularning minbarlardagi ilk chiqishlarini, matbuotdagi ilk hikoya, she’rlarini, ilk to’plamlarini o’qib ko’ring-a, ularni bundan 20-30 yil burun adabiyotda paydo bo’lgan yosh ijodkorlar mashqlari bilan solishtirganda, bugungi navqiron avlodning bo’yi bir necha barobar baland ekaniga iqror bo’lasiz. Shu yil aprel` oyida Farg’ona viloyatida o’tgan adabiyot bayrami kunlari yosh shoir va nosirlarning chiqishlari ko’plar qatori meni ham lol qolirdi. Ayniqsa, Marg’ilondagi pedagogika kollejida o’tgan adabiy anjumanda yoshlar o’qigan she’rlar… Erkin Vohidov, Anvar Obidjon, Iqbol Mirzodek taniqli Xalq shoirlari qatorida turib, minbardan she’r aytishning o’zi bo’lmaydi! Zalda Xalq shoirlariga qanday olqishlar yog’dirilgan bo’lsa, yoshlarning she’rlari ham o’shanday gulduros qarsaklar bilan qarshi olindi. Yana bir ajib holat. Yosh shoir, shoiralarning ayrimlari ona tilida aytgan she’rlarini o’z tarjimasida rus, ingliz, nemis va yapon tillarida o’qidi! Tarjima bo’yicha mutaxassislar ular haqida iliq gaplar aytdi.
Qisqasi, 30-40 minutga mo’ljallangan anjuman uch yarim soatga cho’zildi. Birorta odam ham zalni tark etmadi. Tantanadan so’ng alohida-alohida ijodiy gurunglar yana uzoq vaqt davom etdi.
Shaxsiy suhbatlar chog’i yoshlar orasida, she’riyat bilan barobar, hikoya, qissa, drama, hatto roman yozganlari, adabiy tanqid bilan qiziqadiganlari ham borligi ma’lum bo’ldi.
Bunday manzarani boshqa viloyatlarda ham kuzatish mumkin. Yomon ko’zdan asrasin, yaqin kelajakda milliy adabiyotimizda mavj urayotgan yangi to’lqin, albatta, o’z natijalarini berajak.
Aziz jurnalxon! Navqiron avlod ijodiga oid mulohazalarimni boshqa alohida maqolaga qoldirib turayin-da, shu kungi jo’shqin oqimdagi javharga teng birgina zarra – Zulfiya Qurolboy qizining “Yoshlik”da o’tgan yili e’lon etilgan bir hikoyasi talqinini hukmingizga havola etsam («XDK izohi: Zulfiya Qurolboy qizining «Yozsiz yil» hikoyasiga bag’ishlangan maqola bir necha kundan keyin hikoya bilan birgalikda e’lon qilinadi).