Шарқ халқлари тафаккури тарихида чуқур илдиз отган тасаввуф таълимотини яхши билмай туриб, Алишер Навоий дунёқараши ва адабий меросини барча мураккабликлари, фалсафий теранлиғи билан тўлиқ ҳолда тўғри, ҳаққоиий ёритиб бериш мушкул…
МУАЛЛИМ
Нажмиддин Комилов, энг аввало, исми, руҳияти, дунёқарашига мос комил инсон эди. Унинг инсон камолати ҳақидаги тушунчалари фақат қоғозда эмас, қаламининг ҳар қораламасида, даврада ёки кафедра айтилган ҳар бир сўзида ҳаёт ва тафаккур ҳикматлари намоён бўлар, Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб ёзган тўрт нарса: яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф Нажмиддин аканинг суратида ҳам,сийратида ҳам мужассам эди.
Навоий тили билан айтганда:
Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.
Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.
Мўътабар китобларнинг бирида битилганидек, ”Мавтул олими мавтул олами”,яъни олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир. Бу ҳикматдан кўзланган маъно Нажмиддин аканинг инсоний ҳаёти ва олимлик фаолияти ўзига хос такрорланмас ва бебаҳо олам эди, айни шу сабабдан унинг ўлими нафақат ўзбек, балки Шарқ тафаккур тараққиёти учун оғир йўқотиш бўлди.
Нажмиддин ака университетда менга сабоқ берган домуллам эди. Нажмиддин ака бу ҳаётда камдан-кам одамни устоз деб тан оладиган ўжар табиатли шоирларнинг, шу жумладан менинг маънавий устозим эди. Гарчи мен шу пайтгача бирон марта Нажмиддин акага қарата “Устоз” деб мурожаат қилмаган бўлсам-да, юрагимнинг туб-тубида бу инсонга нисбатан асл устоз ва муаллимларгагина дохил эҳтиром яширин эди.
Устозимизни Оллоҳ раҳмат қилсин!
Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири
Нажмиддин Комилов
ТИМСОЛЛАР ТИМСОЛИ
Шарқ халқлари тафаккури тарихида чуқур илдиз отган тасаввуф таълимотини яхши билмай туриб, Алишер Навоий дунёқараши ва адабий меросини барча мураккабликлари, фалсафий теранлиғи билан тўлиқ ҳолда тўғри, ҳаққоиий ёритиб бериш мушкул. Ўттизинчи йиллардаёқ Ойбек бунга эътибории қаратган эди. Аммо, назаримда, бу масала ҳамон ҳал бўлмасдан долзарблигини сақлаб қолмоқда. Чунки ҳозир ҳам улуғ шоир асарларини «керакли» ва «кераксиз» қисмларга ажратиш, орифона маэмундаги шеърларини нашрлардан соқит қилиб, эл кўзидан яшириш, «пайқамасдан» тадқиқотларга киритмасликка мойиллик давом этмоқда. Баъзан эса, сўфиёна маъноларни англаб етмаганимиз сабабли, Навоийнинг рамзий ибора-истиораларини ҳаминқадар талқин этиб, ўқувчиларни чалғитиб келмоқдамиз. Бу ҳол Навоий даҳосини, оламининг бепоёнлиги ва улуғворлигини муаззам салоҳияти ҳам кўркамлиги билан идрок этишга халақит беради. Ваҳоланки, Навоий мероси — яхлит бир адабий борлиқ, бебаҳо маънавий хазииа. Ва яна муҳими шундаки, шоирнииг ўлмас гуманизм билан кўкарган ҳаётбахш ғоялари «дунёвий» асарларида қандай порлаб турса, биз бир чеккага олиб қўймоқчи бўлган «илоҳий» асарларида ҳам шундай куч билан нур таратиб туради. Зотан, улар зоҳирий жиҳатдан шундай, аслида эса, ботиний маънолари моҳиятига кўра бир хил фалсафий-тасаввуфий қарашлар силсиласига бориб тақаладиган ўзаро узвий алоқадор асарлар бўлиб, бирини иккинчисисиз тушуниш қийин. Бас, шундай экан, шоир асарларида учрайдиган ишқ, май, майхона, харобот, соқий, соғар, қадаҳ, хум, кўнгил, маҳбуб сингари кўпдан кўп киноя-тимсоллар, рамзий маъноли сўзлар ва улар заминида ётган яширин маьнолар асрори ҳамда унинг ижоди яхлит бир бутунликда олиб текширилиб, олам ва одам ҳақидаги мушоҳада-мулохазалари ичида шарҳлансагина, мазмуни керакли даражада очиқ ойдинлашиши мумкин. Масалан, қуйидаги ғазални олайлик:
Каманд учига еткурмас ғаму андеша айёри,
Вийик чокмиш магар майхона томин сунъ меъмори.
Хуморим заъфида каҳгил иси то етти маст ўлдум,
Сувалмишдур магар май лойидин майхоиа девори.
Тўла куб оғзи май, хуршидедур, гўё тенг очилмиш
Чекарди бу ики хуршид даврин сунъ паргори.
Май ичмиш хонақаҳ шайхи, харобот аҳли айш айланг,
Ки, чиқмиш баҳя урғон хирқасидин маблағи кори.
Кўринган мосиво буди эмас, балки намудидур,
Май устида ҳубобу мавж шаклининг намудори.
Ҳубобу мавж май таҳрикидин зоҳирдурур, лекин
Сукун топғон вужуди, майдин ўзга қайдадур бори?
Қуёш аксимудур ҳайвон суйида ё кўрунмишдур
Равоносо май ичра соқин гулчеҳра рухсори.
Фано дайрин кўнгул истарки, бир-бир пири дайр элга
Тутарда бода, шояд, журъае сунгай бизинг сори.
Навосидин фано чун ҳосил ўлди, қилгасен эй ишк,
Навоий риштаи жонин муганний удининг тори.
Хўш, бу ғазалда қандай ғоя ифодаланган? Май ва унинғ моҳиятларини таърифлашдан мурод нима?
Ўз-ўзидан аёнки, Навоий зикр этган май биз тасаввур қилган ёхуд билган ичимлик эмас. Шоир сира ҳам буни назарда тутмаган. Билъакс, ўта тақводор ва поқдомон бўлган Навоий замонасининг ишратпараст, майхўр кишиларини қаҳру ғазаб билан танқид остига олиб, шаробни «уммул чабоис», яъни барча ёмонликлар, фалокатлар онаси деб эълон қилган. «Ҳайрат-ул аброр» достонида бўлса, бадмастларнинг масхарали ҳажвий қиёфасини яратиб, уларни элга шарманда этган. Ушбу ғазалда шоир майни илоҳий ишқ — маърифат, дониш иштиёқининг авжи қиёми, Ёр жамоли мушоҳадасидан ошиқ дилида пайдо бўлган кучли завқ — илҳомнинг, беҳад хурсандлик, сурурнинг рамзий ифодачиси сифатида қўллаган. Хумор бўлиш, майпарастлик ҳам бу ерда шунга мувофиқ. Бу буюк нур чашмасидан ҳузурланиш, висол бехудлиги, ҳаёт табиат зеболиги ҳамда ақл ва тафаккур етмайдиган, аммо кўнгил билан ҳис этиладиган Мутлақ руҳ мўъжизоти жилвасидан баҳрамандлик ва шунга талпиниш сархушлигидир. Чунки Навоий эътиқод қўйган фалсафий таълимотга биноан, олам азалий ва абадий ягона руҳнинг ўз-ўзини севиб, ўз жамолини томоша қилиш истагидан пайдо бўлгаи кўзгудир. Вирламчи қудрат порлашидан таралган нур бу кўзгуда акс этади, яъни моддий дунёдаги жамики мавжудот ва маҳлуқот — заррадан қуёшгача, еру кўк, собуту сайёра шу иур билан ёритилади, шу нур туфайли ҳаракатланади, муайян уйғунлик ичра ривожланиб туради. Бу илоҳий тажаллини шоирлар май тимсолида қабул қилганлар. Моддий дунё эса, шу тасаввур бўйича, жом ёки қадаҳдир. Дунёнинг ранго-ранг товлаиишлари, ўзгариш, янгиланишлар, табиатнинг турфа сиру асрори, ҳодиса-ашёлари, баҳорий уйғониш, чунончи, дарахтларнинг кўкариб, гуллаб мева боғлаши, дашту даранинг ўт-ўлан билан қопланиши, қушлариинг маст бўлиб сайраши, борингки, ҳаётнинг барча нашъу намоси, гуркираб кўринган иафосат тўфони шу май уммонининг мавжланиши, кўпириши деб тушунтирилган. Инсон ҳам мазкур кўзгунинг бир бўлаги, лекин руҳи мутлақ энг кўп акс этган ҳилқат. Чунки у холиқиятнинг сарвари ва ганжи гавҳари, яъни «икки олам истеъдодииинг жамулжами» (Бедил). Инсон руҳи шу боис тинимсиз равишда ўз манбаига қараб интилади. Бу интилиш дунёнинг ўзини идрок этиш ва ўз-ўзини англаб етиш орқали содир бўлгани сабабли инсон олам ҳодисалари гўзаллигини мушоҳада этиб, чексиз ҳайратлаиади. Ҳайрат эса ашё-ҳодисаларни билиб олиш қизиқишини кучайтиради. Шу тариқа, киши моҳият-ҳақиқатни билиш иштиёқи билан ёниб, борган сари кўпроқ ташвиш-тараддудда бўлади. Инсоининг бутун ҳаётий фаолияти, ижод ва яратувчилик қобилияти, кашфу каромати ва файзу фазилатлари шу ишқнинг қудрати деб талқин этилган.
Аммо инсон табиати икки асос — руҳий ва моддий олам унсурларидан таркиб топгани учун улар орасида кураш боради. Агар моддий асос бўлмиш жисм талаблари кучайса, у ҳирс ва шаҳват, ҳайвоний нафс домига гирифтор бўлиб, борган сари тубанлашади. Бу хавфнинг олдини олиш учун киши доимий равишда руҳий-маънавий эҳтиёжларини қондириб бориши, шу жиҳатни тарбиялашга бел боғламоғи даркор. Бу ишда унга ўзидан кўра комилроқ инсон — пир раҳнамолик қилади. Пир ёки ориф деб тасаввуф аҳли донишда етук, маърифат нури билан қалби лиммо-лим, пок ният, покиза аҳлоқли, закий одамни назарда тутганлар. Навоий назарида Жомий ана шундай шахс бўлган. Бундай шахслар ҳаммавақт эзгуликни ўйлаб, ўзига эргашган одамларии қалб саховати билан тарбиялаганлар, уларнинг иродасини чиниқтириб, кўнгил чашмасининг кўзини очиб, оламни янгича тушунишга, ҳақ йўлни ҳимоя қилишга ўргатганлар. Юқорида келтирганимиз ғазалда шу маънолар ифодаланган. Буни муайян изоҳлар билан шарҳлаб, тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Ғазалнинг биринчи байтидаги ғаму андеша айёри, сунъ меъмори, каманд, майхона каби сўз ва бирикмалар изоҳга муҳтож. Каманд шеъриятда аксар ёр сочи ўрнида истиора сифатида қўлланилади. Бироқ бу ўринда Навоий унинг асл луғавий маъноси — арқонни назарда тутган. Ғаму андеша айёри — ақл тадбиркорлиги, ақлу ташвиш тадбири деган маънони беради. Майхона эса «шавқу завқ ва илоҳий маърифат тўлиб-тошган комил инсон — орифнинг ботиний дунёси ва руҳи мутлақ манбаидир». (Саййид Жаъфар Сажжодий. Мусталиҳоти урафо. 392-6.) Сунъ меъмори — худо. Энди байтнинг мазмунига келсак. Алишер Навоий баланд иморатлар, сарой ва қалъаларнинг кунгурасига арқон ташлаб, тирмашиб том устига чиқиш одатига ишора қилиб, дейди: «Азал меъмори — худо майхона томини шунчалик улуғ ва баланд қилиб қурган эканки, фикру ташвиш тадбирининг арқони унинг кунгурасининг учига етмайди». Шоирнинг таъкидича, ақл ва тадбир билан майхона қалъасини забт этиш мумкин эмас. Нега? Чунқи ориф қалбининг маърифати ва у орқали илоҳий руҳ манбаининг беқиёс гўзаллигини идрок этишга (шуни айтиш керакки, Навоий ибора-тимсолларида ҳар доим икки маъно — ориф қалби ва руҳи мутлақ биргаликда кўзда тутилади, зеро ориф қалби олий зотманбаига олиб борадиган бир восита, кўприк деб қаралган) фақат қалб ва руҳ қодирдир; ақлий мушоҳада, мантиқий-тафаккурий билиш усули бунга қобил эмас. Маълум бўладики, Алишер Навоий ғазалнинг матлаиданоқ тасаввуф тариқатининг асосий талабларидан бирини баён этган. Бу талаб тариқат йўлига қадам қўйган одам учун биринчи жиддий мушкулот ҳам эди, чунки ақлу ҳуш қудрати етмайдиган нарсага кўнгил майли билан эришиш — руҳий иродани қайтадан қуриш, ўзини ўз виждони, эътиқоди олдида жавобгар ҳисоблаб, қаттиқ назорат остига олиш, жуда кўп дунёвий ҳавас-хоҳишлардан воз кечиш демакдир. Майхона қасрининг буюклиги олам сиру асрори, ажойиботлари, ҳодиса-воқеаларининг беҳад кўплиги, уни билиш, моҳиятига етиш қийинчилигидир, айни вақтда саркаш нафс қутқуларини енгиш, юксак ахлоқли одам бўлиш машаққатларини ҳам англатади.
Иккинчи байт биринчи байтдаги фикрни давом эттиради: ғолиб (ёки ошиқ) ақлу тадбир билан комил инсон мартабасига кўтарилишига — майхонани забт этишга кўзи етмагандан кейин, бу бинонинг деворларини ҳидлаш билан қаноатланади.
Яъни пирнинг муҳитига яқинлашиб, унга қўл бериб, дастлабки насиҳатларини эшитишдан баҳра олади. Майхона девори шундай қилиб, пири комилнинг муҳити, ташқи, зоҳирий дунёсидир. Иккинчи тарафдан, бу — бизни ўраб олган моддий дунё ҳам. Чунки қалъа ичидаги руҳ манбаини идрок этиш, аввало қалъа деворлари — дунё ашёларини ўрганиш, хаёл, сезгилар орқали унинг моҳиятига етиб бориш билан амалга ошади. Заъфи хумор — кайфнинг тарқала бошлаши, ишқнинг вақтинча сусайиши, ҳақиқатга шубҳа билан қараш, шубҳаланиш лаҳзасини билдиради. Каҳгил-сомонли лой. Май лойи — шароб қуйқуми, дунё мулки, ҳирсий иштиёқлардан ҳали покланмаган руҳ тимсоли. Алҳосил, байтнинг мазмуни қуйи-дагича: «Майхона деворини май лойи билан шуваганлар шекилли, хуморим тарқалганда димоғимга сомонли лой ҳиди уриб, яна маст бўлдим». Ёки: «Муҳаббатим вақтинча сусайганда (кўнгилда шубҳа туғилганда), пирга яқинлашганим сабабли шубҳаларим тарқалиб, қалбимда ишқ яна аввалгидай алангаланди». Пирнинг ички олами унинг нутқи, ҳаракатлари, кароматида зуҳур этганидай руҳи мутлақ ҳам дунё гўзаллигида жилваланиб, кишини мафтун этади. Орифнинг завқи салиқаси, нозикфаҳм заковати дақиқ маънолар магзини осон чақиб, мушкул масалаларни ички бир фаросат билан ҳал қилиб бера олади. Бу худди қадаҳдан томган май томчилари каби ошиқ дилига ҳикмат нури бўлиб қуйилади. Шу маънода тасаввуф аҳли хум, хумхона, соғар, жом, майкада деганда ҳам орифнинг пурфайз жозиб юрагини тушунганлар.
Учинчи байтда биз тушунмайдиган учта сўз бор. Булар: куб, хуршид, паргор. Куб — шароб сақланадиган хум, мажозий маънода, боя айтганимиздай, орифнинг кўнгли ва руҳи мутлақ. Хуршид — қуёш. Паргор — доира чизадиган асбоб — (циркуль); баъзан йўл-йўриқ, чора-табдир маъносида ҳам қўлланилади. Шунга кўра, учинчи байтнинг маъносини ҳозирги тилимизда қуйидагича изоҳласа бўлади: «Оғзигача май тўлғазилган хум худди қуёшга ўхшайди, гўё оллоҳнинг доира чизгичи бу икки қуёшнинг (яъни фалак қуёши ва май хумининг) гардишини чизганда бир пайтда баравар очилгандай». Ёхуд: «Май хуми билан қуёшнинт тарҳи бир хил, улар бирга бир вақтда яратилган ўхшаш нарсалардир». Шоир айтмоқчи, қуёш ҳам май хуми, яъни бирламчи манбаъдан нишона. Шунинг учун улар бир-бирининг мавжудлигини исботлайдилар — қуёшнинг далили қуёш. Май хумини қуёшга ўхшатиш билан Навоий ориф қалбининг саховати, карамининг бепоёнлигини таъкидламоқчи, зеро қуёш ўз ҳарорати, зиёси билан оламни мунаввар этгандай, ориф қалби ҳам ошиқларни фаровон баҳравор эта олади. Бундан ташқари, бу ерда толибнинг зоҳирий мушоҳададан (майхона деворини ҳидлаш) аста-секин ботиний маъноларни англаш сари бораётгани, бундан ҳайратланаётгани ҳам ўз ифодасини топган.
Тўртинчи байт шарҳи. Хонақоҳ — сўфийлар йиғилиб, важду самоъ билан шуғулланадиган жой. Харобат сўзининг луғавий маъноси вайрона, шаробхона бўлсада, аммо тасаввуф аҳли истилоҳида инсон жисмининг хароб бўлиши — қаноат, фақр йўлига кириб, ҳайвоний нафслар, кераксиз, ёмон хулқ-одамлардан қутулиб, ўзни хоксорлик, камтаринлик рутбасига солишдир. Хароботийлар, яъни риндлар «майхона тараддудидан бехонумонлиғи ва паймона тааллуқидан бесарусомонлиғи» («Маҳбуб-ул қулуб») билан машҳур. Улар учун «тожу тахт туфроғ билан тенг», ҳамма нарсадан фориғ, ёлғиз ёр ишқида сармаст. Ҳирқа-сўфийлар киядиган йиртиқ, жанда кийим. Бундан ташқари, инсоннинг бадани, сурати ва ашёлар олами ҳам. Бахя — ямоқ, жияк. Маблағи кори — ишининг натижаси, аҳволи, бор-буди демак. Хуллас, байтнинг мазмуни бундай: «Хонақоҳ шайхи май ичибди, яъни унинг кўнглида илоҳий нур порлаб, бу ҳузурдан сархуш бўлибди. Эй ошиқ хароботийлар, сиз ҳам бу хабардан хурсанд бўлиб, важд-ҳолга тушинг. Кўрмайсизми, шайхнинг аҳволи унинг жанда тўнининг йиртиқларидан маълум бўлди, яъни ботиний олами юзага чиқди, маърифат нури шуълаланди». Байтнинг иккинчи сатрида сўфиларнинг ўз жамоалари мажлисида жазава хуружида рақсу самоъга тушиб, кийимларининг чок-чокидан сўкилиб кетишига ишора бор.
Бешинчи ва олтинчи байтларда шоирона ифода-тимсоллар орқали қадимги ва ҳозирги фалсафанинг учта муҳим категорияси тушунтирилган. Булар моҳият ва ҳодиса, мазмун ва шакл, жузъ ва кулл (яккалик ва умумийлик) категорияларидир. Бироқ фалсафий категориялар ҳақида гапиришдан олдин нотаниш сўзларнинг маъносини билиб олишимиз керак. Масалан, мосиво — ғайр, ўзга, ундан бошқа деган маъноларни ифодалаб келади. Мазкур фалсафий-тасаввуфий истилоҳнинг моадо деган иккинчи атамаси ҳам бор. Навоий девонининг биринчи ғазалида шу сўз ишлатилган. Шарҳланаётган ғазалимизда эса, шоир мосиво деб моддий борлиқ, яъни дунёни назарда тутган. Чунки дунё мутлақ руҳ билан инсон орасида, яъни қалб билан «у» орасида ғайр, бегона бир тўсиқ, ўзгаликдир. Шу каби ошиқ билан маъшуқ орасида парда бўлиб турган жисм, бадан ва унинг эҳтиёжлари ҳам ўзгадир. Шарқ шоирлари асарларида учрайдиган Рақиб — севишганларни ажратиб турувчи шахс шу хусусиятларни ўзида жамлаган образ бўлиб гавдаланади. Бешинчи байтдаги буд — асос, ҳақиқий мавжудликни, намуд — кўриниш, шаклий белгиларни англатса, хубоб — сув ва бошқа суюқликлар юзасида пайдо бўладиган пуфакча. Бу сўз мавж билан биргаликда ҳаракат, моҳиятнинг зуҳуротини билдиради. Энди бешинчи байт мазмунини қайд этиш мумкин: «Кўзга ташланган нарсалар (ўзгаликлар) зоти азалийнинг ҳақиқий моҳиятини англатмайди, шу сингари пуфакча ва тўлқин майнинг ўзи эмас, балки шаклий ифодасидир»; Ёки бошқача қилиб айтсак: «Май устидаги пуфак ва мавж майнинг моҳиятини акс эттирмаганидай, «у»дан бошқа кўринган ашёлар «у»нинг борлигини — мавжудлигини белгиламайди, улар ташқи белгилардир, холос».
Шундай қилиб, ташқи дунё ва ундаги нарсалар моҳият эмас, балки ҳодисадир. Моҳият — руҳи мутлақ ёки ориф кўнглидаги маърифат. Айни вақтда, моддий дунё — шакл, руҳ эса — мазмун. Инсон ҳодиса ва шаклларга маҳлиё бўлмаслиги керак, унинг мақсади ва вазифаси моҳият-мазмунни билишга қараб бориш. Демак, тасаввуфда дунё Мутлақ руҳ билан инсон орасида тўсиқ деб ҳисоблансада бироқ, барибир, дунёни билиш шарт қилиб қўйилган, дунёни билмасдан туриб, моҳиятни (ҳақни) идрок этиш мумкин эмаслиги тан олинган. Шу тариқа, ҳодиса моҳиятни билиш йўлида имтиҳон, чунки у ранг-баранг ва хилма-хил. Шарқ файласуфлари бу миқдорий кўпликни асмо (исмлар), ашё (нарсалар), сифот (сифатлар), имтиёз (фарқлар), афъол (ҳаракат-фаолият), важҳ (юз, жиҳат) ва бошқа истилоҳлар воситасида тавсиф этиб келганлар. Миқдорий хилма-хиллик, мантиқий равишда, жузъият ва куллият, яъни тур ва жинс тушунчаларини келтириб чиқаради. Жузъият (тасаввуфчилар буни касрат ҳам деганлар) куллиятга, яъни ваҳдатга зиддир. Шундай бўлгач, уларнинг хусусиятида ҳам қарама-қаршилик мавжуд: ваҳдат — бирламчи қудрат, турғун, ҳаракатсиз жавҳар (субстанция) бўлса, касрат — тафсилийлик, доимий ҳаракат, ривожланиш қонуниятига тобеъ. Демак, майнинг мавж ва пуфакчаларини томоша қилиш, мушоҳада этиш билан чегаралаимасдан, худди ҳодисадан моҳиятга қараб борилгандай, касратдан ваҳдатга қараб бориш ва шу асосда бирламчи қудрат нафосатини идрок этиб, ҳузурланиш мумкин. Ғазалнинг олтинчи байтида бу фикр очиқроқ ифодаланган (бунда таҳрик — ҳаракат, сукут — турғунлик, тиниш): «Пуфак билан тўлқин майнинг ҳаракати, тажаллусидир. Бу ҳаракат тингач, тиниқ майнинг тоза вужудидан бошқа нима қолади?»
Бу вужудни идрок этган киши Ёр ҳузурига мушарраф бўлиб, фано мартабасига яқинлашдиким, ғазалнинг еттинчи байти шу хусусдадир. Ҳайвон суйи деб гўё одамзод ичганда абадий умр топадиган афсонавий ер ости мамлакатнинг чашмасини атаганлар. Тасаввуфда у ишқ-муҳаббат булоғи, ҳақиқат нурининг манбаини англатади. Байтнинг мазмуии эса бундай: «Ишқ чашмасида ёки ҳақиқий нур манбаида кўринган қуёш аксими ё жонга ўхшаш май ичида азал соқийсининг гулдай зебо юзи намоён бўлганми?» Соқий сўзи ҳам бу ерда рамзий маънога эга, яъни мутлақ файзиёт, маърифат булоғи демак. Майда ёр жамолини кўриш, май идишини қуёшга ўхшатиш Навоийнинг севган образларидан. «Ашриқат мин акси шамсул каъси анворул худо, ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо» — чиқаётган қуёш косасининг аксидан ҳидоят нурлари порлаб кўринди, жомдан ёр жамолини майда кўр, деган садо чиқди. «Хазоин-ул маоний» девони мана шу байт билан бошланади. Шоир назарида ловуллаган олов қўраси — муаззам офтоб ҳам ўша буюк илоҳий қудратнинг инъикоси, мавжудотни ҳаракатга келтирувчи май “тўлғазилган жом, унинг порлаши эса — ёр жамоли”.
Ёр жамолини кўрган ошиқ мақсадга эришиб, фано водийсига кириб боради. Ғазалнинг охирги икки байти шу маънони ифодалашга хизмат қилади. Саккизинчи байтдаги дайр аслида насронийлар ва оташпарастлар ибодатхонасининг номи, мажозан эса майхона, дунёдир. Дайри фано – ҳайвоний нафсдан қутулган, руҳан тирик, маънавий жиҳатдан етук кишилар мажлиси, уларнинг ботиний олами, Навоий бу байтда маънавий ҳақиқатларни кашф этган одамлар ҳузурини қўмсаш, улар хизматидан баҳра олиш туйғусини ифодалаган. Шунинг учун у пири дайр деганда ҳам эзгулик ва карам дарёсининг тимсоли комил инсонни кўзда тутган. Алҳосил, байтнинг мазмуни: «Юрак майхона истайди, чунки унда пири комил кишиларга сабоқ бермоқда, шояд менга ҳам шу май шуъласидан бир насиб этса». Ёки: «Кўнгил жисм, вужуд йўқоладиган, фано бўладиган макон истайди. Чунки унда камолот ва етуклик тимсоли маънавий шайх ҳақиқат файзидан элга бир-бир бода тутмоқда. Зора, у бу ҳикмат ва дониш шаробидан менга ҳам бир қултум узатса».
Тўққизинчи байтга келсак, бунда иккита сўз ўзак маъно ташийди. Биринчиси — наво. Навонинг маънолари кўп. У мусиқа, куй, оҳанг, шу билан бирга мунтазамлик, тартиб-интизом, симметрия, низомия, нафосат тушунчаларини қамраб олади. Агар бу маъноларнинг ҳаммасиии бир жойга йиғсак, наво умумбашарий, умумжаҳоний оламнинг яхлит уйғунлигидан иборат олий гўзалликни ифодалаган бўлади. Модомики шундай экан, ягона руҳий қудратнинг мунтазам ҳаракати, созкорлиги қайдида қалбнинг шукру шукуҳи, ором ва осойишталиги ҳам наводир. Алишер Навоий, шубҳасиз, охирги байтда қалб ороми, ички руҳий қониқиш нашидасини тасвирлаган. Бу нашида шоир юрагида бир муаззам куй бўлиб янграган ва муғанний (иккинчи ўзак сўз) тушунчаси билан боғланиб кетган. Муғанний — чолғувчи дегани. Бу ўринда эса у узлуксиз ёғиб турувчи нурфайзнинг навосини етказувчи, шу неъматдан огоҳ этувчининг тимсолидир. Куй каби оқиб келадиган ушбу нур қалбни роҳат-фароғатга ғарқ этади. Байтнинг насрий таржимасини келтирсак, фикримиз янада ойдинлашиши мумкин: «Эй ишқ, буюк жаҳоний уйғунлик нури навосидан, сафо нашидасидан қониқиш муяссар бўлди, энди Навоий жонининг ипини шу нурни ёғдирувчи чолғувчи асбобига тор қилгин, яъни ўша буюк нур риштасига улаб юборгин». Ёки: «Эй ишқ, маҳбуб жамолини кўриб, ўзликдан батамом хориж бўлдим — мақсадга етдим, висол куйи вужудимни оғушига олди. Энди Навоийнинг жонини жонон нурининг тарамларига боғла». Бу ерда шоир тахаллуси билан байт мазмуни ўзаро уйғунлашиб, ажойиб сўз ўйини ҳосил бўлганини кўрамиз. Шу нуқтада шоирнинг ҳар икки тахаллуси (Навоий ва Фоний) маъно жиҳатидан бир-бирига яқин эканлиги ҳам маълум бўлади.
Улуғ шоирнинг фалсафий мушоҳадаси мана шундай чуқур ва қамровли. Коинот ва инсон унинг назарида яхлит бир бутунликни ташкил этади, бир қонуният билан бошқарилади. Инсон бу қонуният сирларини руҳ кучи, алоҳида ҳиссий тасаввурлар теранлиги билан билиб олиши даркор.
Хуллас, мазкур ғазалда мажозий тимсоллар ёрдамида тасаввуф фалсафасининг билиш назарияси ифодалаб берилган: аввал оламни билиш мушкуллигидан қўрқиб саросимага тушиш, ҳайратланиш, кейин ташқи дунё нарса-ҳодисаларини мушоҳада эта бошлаш, зоҳирий мушоҳададан аста-секин моҳиятни идрок қилишга ўтиш. Моҳиятнинг улуғворлигини ҳис этиб, руҳий-тафаккурий қониқиш туйиш. Бу жараён уч босқичга ажратилиб, илмул яқин, айнул яқин, ҳаққул яқин деган махсус терминлар билан белгиланган. Яқин — исбот талаб қилинмайдиган шак-шубҳасиз ҳақиқат. Айн — чашма, кўз, ҳар нарсанинг асли, зот. Тасаввуф назариётчиларидан Абдураззоқ Кошоний бундай дейди: «филжумла, сўфийлар ақидасига мувофиқ маънавиятни билиш уч хилдир: илмул яқин, айнул яқин ва ҳаққул яқин. Аввалги ҳолатда одам маълумни ақлий далил, ҳужжат келтириш билан дарк этади ва иккинчи ҳолатда билиб олинган, исботланган маълумни мушоҳада этади ва учинчи ҳолатда ҳақиқатни дарк этишга етади». (Абдураззоқ Кошоний. Масобиҳ-ул ҳидоя, 52-бет). Бу бамисоли қуёш шуъласи ва ҳароратини далил келтириш билан исботлаш (илмул яқин), қуёш жисмини кузатиш билан аниқлаш (айнул яқин) ва қуёш вужудинииг мусаффо нурдан иборат эканини қалбан идрок этишдай (ҳаққул яқин) гап. Қаширий деган олим назарида эса «илмул яқин — ақл аҳли учун, айнул яқин — илм арбоблари учун, ҳаққул яқин — орифлар учундир». (Қаширий. Кашф-ул маҳжуб, 497-бет). Демак, бу фалсафий қарашга мувофиқ, ҳақиқат тажрибадан олдин мавжуддир, мантиқ кучи билан эмас, балки ҳис — руҳ воситаси билан, яъни интуиция ёрдамида билиб олинади. Чунки ҳақиқат инсоннинг ўзининг қалбида, кўнгил кўзгусида. Фаҳмлаган бўлсангиз, дунёни билишнинг бу усули немис олими И. Кант (XVIII аср)нинг «нарса ўзида» ва «априор» (тажрибадан аввал мавжудлик) тушунчалари остида ривожлантирган фалсафий таълимотга ўхшаб кетади. Биз ҳам худди шуни таъкидламоқчи эдик, яъни тасаввуф баъзи тадқиқотчилар айтмоқчи бир дин ўрнига келган янги, мураккаблаштирилган ва мистик туйғуларни қондиришга хизмат қилувчи иккинчи дин эмас, балки оламни билишга йўл очган, шу сабабли ҳам фикрий-ҳиссий мушоҳадакорлик, ҳур фикрлиликни ёқлаб, инсонни тадқиқ этишга диққат қилган катта фалсафий оқимдир. Ана шу жиҳати билан у динга нисбатан олға ташланган муҳим қадам бўлди ва башарий тафаккур тараққиётига шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатди. Алишер Навоийга ўхшаш гуманист мутафаккирлар учун эса у инсон табиати ва тийнати ҳақида, жамият, ҳаёт воқеа-ҳодисалари моҳияти тўғрисида ўйлашга имкон берадиган қидириш-изланиш, таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилган. Улуғ шоир буни биринчи девонига киритган:
Харобот аро кирдим ошуфта ҳол,
Май истарга илгимда синғон сафол,
— деб якунловчи таржеъбандида равшан баён этган. Таржеъбандни ўқир эканмиз, муаллифнинг рози дилидан огоҳ бўламиз, чунки у ёшлигидан бошлаб ҳар хил илмларни ўргангани. ҳар хил «саргузашт»ни бошидан кечириб, дунё ва унинг одамлари ҳақида кўп мулоҳаза юритганини ёзади. Шоҳу султонлар дабдабаси, шайҳул ислому уламо-умаролар, ман-ман деган донишмандлар суҳбати уни қониқтирмаган, уларнинг бирортаси ҳам инсон қаршисида пайдо бўладиган минглаб саволларга жавоб беришга қодир эмас эди. «Назар айла бу коргоҳ вазъига, ки ортар тамошосида ҳайратим», дейди шоир. Олам моҳияти нимадан иборат, инсон нега дунёга келади ва яна нега кетади? Нега инсон зоти бир хил эмас? Фирибгарлик, қонхўрлик, риё, ёлғон қаердан келиб чиққан? Бу ва бунга ўхшаш саволлар Навоийни ҳамиша қийнаб келган. На ўзимнинг «Саъи ила фикратим», «на касби улум этти ҳал мушкулим», деб ёзади у. Юрагида ҳар хил андешалар, шубҳалар кезгани, лекин замона тафаккури доирасидан батамом чиқиб кетишга журъат қилолмаганини эслатади. Ва оқибатда:
Менинг бошима бас қотиғ тушди иш,
Чу тоқ ўлди бу дард ила тоқатим,
— дея ўзини тасаввуф билан овутади. яъни «май билан улфат» тутинади. Шундай қилиб, тасаввуф Навоийга жаҳолатдан қутулиш, дунёни билишга чанқоқ юракни маълум даражада тинчитишга кўмак берган. Бунинг иккита сабаби бор: биринчиси шуки, Навоий яшаган замоннинг ақлий тараққиёт даражаси, фан ривожи реал дунё воқеаларини илмий асосда тушунтиришга ожизлик қиларди. Иккинчиси эса, бу яна муҳимроқ, инсоннинг ақлий имкониятлари, донолиги билан ахлоқи, аъмол-нияти орасида мавжуд бўлиб келаётган номувофиқликдур. Навоий ақлу заковати ҳайратланарли, қилни қирқ ёрувчи кишилар ичида нафс домига тушган, зулм ва бадкирдорлиги билан машҳур бўлганларни кўп кўрган эди. Шунинг учун улуг инсонпарвар шоир ахлоқий фазилатлар тарбиясини биринчи ўринга қўядиким, бу ҳам тасаввуфона мурожаат этишга олиб келарди. Зеро, тасаввуф бутун эътиборни айнан инсон ахлоқини поклашга қаратиб, шу мақсадда турли йўл-йўриқлар, амалий тадбирлар ишлаб чиққан эди. Тасаввуф одамни виждони билан юзма-юз қўйиб, ўзи ҳақида ўйлашга мажбур этар, ҳақиқат ва эътиқод поклиги руҳида тарбияларди.
Фалсафий таълимот сифатида оламни ягона деб эътироф этиш билан тасаввуф жаннат-дўзах тўғрисидаги диний афсоналарни мантиқан инкор қилар, натижада зоҳид, муҳтасиб, аълам каби шариат намояндалари ҳақиқатни билмайдиган нодон кишилар бўлиб чиқарди. Навоий уларни муқаллидлар, яъни юзаки нарсалар, қуруқ ақидаларга кўр-кўрона тақлид қилувчи, мустақил фикрлашдан маҳрум одамлар деб атайди. Тасаввуф, шу тариқа, фалсафий дунёқараш сифатида диний ақида, мутаассибликка зид эди ва Алишер Навоий ундан куч-қувват олиб, комил журъат билан:
Зоҳид, сенга ҳуру менга жонона керак,
Жаннат сенга бўлсин, менга майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак,
—дея олар эди. Тасаввуф, айниқса, Жомий ва Навоий мансуб бўлган нақшбандия таълимоти қаноат ва тийинишни талаб этсада, бироқ дунё гўзаллигидан ҳузурланишни инкор этмаган. Негаки, модомики реал дунё Мутлақ руҳ инъикоси экан, демак уни севиш ва ундан баҳра олиш мумкин. Шу асосда инсоннинг иисонга муҳаббати, яъни мажозий ишқ орқали илоҳий ишққа қараб бориш ҳам табиий ва зарурий деб топилган. Навоий ўзини ана шу «ишқи мажозий» куйчилари сирасига киритади.
Дарҳақиқат, биз таҳлил этган ғазалга ўхшаган соф тасаввуфий маъноли ва «ишқи ҳақиқий»ни васф этувчи асарлар Навоий ижодида асосий ўринни эгалламайди. Аммо шуниси борки, ибораларнинг тимсолийлиги, рамзий йўналиши «дунёвий ғазаллар»да ҳам сақланган. Ойбек айтганидай, бу ерда конкрет бирор шахс муҳаббати назарда тутилмайди, балки умуман яхши инсонни севиш мадҳ этилади. Ишқ Навоий наздида покбозликдир, яъни: «Пок кўзни пок назар билан пок солмоқдир ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий жамолидин баҳра олмоқ» (Маҳбуб-ул қулуб, 42-бет). Шунинг учун, масалан, дейлик, «Келмади» радифли ғазални муножот куйи оғушида берилиб тингларканмиз, «Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнгил уйин, не учунким бода кирган уйга қайғу келмади», деган мақтаъни эшитганда, шоирнинг лирик қаҳрамони ёрини кутавериб қийналганидан, уйига кириб аламдан роса ичиб олибди-да, деб ўйласак, ўта калтафаҳмлик қилган бўлардик. Бундай ғазалларда ҳам бода, шароб, май сўзлари ўша мажозий маънода — муҳаббат шавқини билдириб келишини эсдан чиқармаслик керак. Бундан ташқари, Навоий бодани «кўнгул уйини хуррам этувчи» нарса деганда, ёрни кўнглида сақлаш, унинг ёди билан яшашни таъкидлаган. Негаки, нақшбандия сулукида ёд, хотира, эсга олиш тушунчалари муҳим ўрин эгаллайди. Абдулҳаким Табибийнинг ёзишича, нақшбандияда туз йўлга кирган одам қалбида «эътиқод нури, тавҳид нури, маърифат нури, ҳидоят нури, аждодлар ёди нурининг бодаси» жўшиб туриши лозим. (Абдулҳаким Табибий. Афгопистонда таеаввуф ривожи, 10-бет). Бунда эсга олиш, ҳофиза қуввати ҳақида ҳам гап борадики, бу ватан, эл-улус ғами каби кенг маъноли тушунчалар билан боғланиб кетади.
Шундай қилиб, тасаввуф инсоини улуғлаш, ҳаётнинг қадрига етиш, умрни оқилона ўтказиш ғояларини тарғиб қилишга назарий замин ҳозирлаб, инсонпарвар шоирларнинг илҳомига илҳом қўшган. Бу таълимотнинг негизи савқи табиий, руҳий қўзғалиш, ваҳийлик ҳам шоирона тафаккур кайфиятига мос тушарди. Ва, умуман, биз шайхлар, орифлар тасаввуфидан ижодкорлар тасаввуфини фарқ қилишимиз керак. Сўфийлар учун тариқат зикру самоъ, важду ҳол, касбу каромат эди. Аттор, Румий, Жомий, Навоий сингари буюк шоирлар учун эса у шуурий мушоҳада усули, инсон зотини маънавий баркамол ҳолда кўриш орзуси, сирли-хаёлий оламни тасаввурда яратиб, Идеал бир гўзаллик ишқида ёниш бўлган. Одамнинг асрлар давомида абадий ҳаёт, руҳнинг ўлмаслиги ҳақида ўйлаб келган армонлари, ривоят-асотирлар бу беҳудуд романтик олам уфқини кенгайтирган. Шу боис, умрида тасаввуфнинг бирор расмий қоидасини бажармаган, яъни расман сўфий бўлмаган Алишер Навоий мазкур таълимотни маслак, мафкуравий эътиқод сифатида қабул қилиб, ўзининг инсоншунослик, ҳақпарастлик ва адолатпарастлик ғояларига бўйсундирган эди. Шоҳ ва шаҳзодаларни инсофга чақириш, риёкор шайхлар, бетавфиқ сўфийларни фош қилишда ундан фойдаланди. Шоирнинг ижоди ана шундай мураккаб ва кўп қиррали, ибора-образлари кўп маъноли, теран. Унинг ҳар бир асари устида тўхталганда, бу хусусиятни албатта эътиборга олиш лозим.
Sharq xalqlari tafakkuri tarixida chuqur ildiz otgan tasavvuf ta’limotini yaxshi bilmay turib, Alisher Navoiy dunyoqarashi va adabiy merosini barcha murakkabliklari, falsafiy teranlig’i bilan to’liq holda to’g’ri, haqqoiiy yoritib berish mushkul…
MUALLIM
Najmiddin Komilov, eng avvalo, ismi, ruhiyati, dunyoqarashiga mos komil inson edi. Uning inson kamolati haqidagi tushunchalari faqat qog’ozda emas, qalamining har qoralamasida, davrada yoki kafedra aytilgan har bir so’zida hayot va tafakkur hikmatlari namoyon bo’lar, Aziziddin Nasafiy komil insonga ta’rif berib yozgan to’rt narsa: yaxshi fe’l, yaxshi axloq va maorif Najmiddin akaning suratida ham,siyratida ham mujassam edi.
Navoiy tili bilan aytganda:
Foniyvasheki, ham so’zidur pok, ham o’zi.
Xush davlat ul kishigaki, tushgay aning ko’zi.
Mo»tabar kitoblarning birida bitilganidek, ”Mavtul olimi mavtul olami”,ya’ni olimning o’limi olamning o’limidir. Bu hikmatdan ko’zlangan ma’no Najmiddin akaning insoniy hayoti va olimlik faoliyati o’ziga xos takrorlanmas va bebaho olam edi, ayni shu sababdan uning o’limi nafaqat o’zbek, balki Sharq tafakkur taraqqiyoti uchun og’ir yo’qotish bo’ldi.
Najmiddin aka universitetda menga saboq bergan domullam edi. Najmiddin aka bu hayotda kamdan-kam odamni ustoz deb tan oladigan o’jar tabiatli shoirlarning, shu jumladan mening ma’naviy ustozim edi. Garchi men shu paytgacha biron marta Najmiddin akaga qarata “Ustoz” deb murojaat qilmagan bo’lsam-da, yuragimning tub-tubida bu insonga nisbatan asl ustoz va muallimlargagina doxil ehtirom yashirin edi.
Ustozimizni Olloh rahmat qilsin!
Xurshid DAVRON
O’zbekiston xalq shoiri
Najmiddin Komilov
TIMSOLLAR TIMSOLI
Sharq xalqlari tafakkuri tarixida chuqur ildiz otgan tasavvuf ta’limotini yaxshi bilmay turib, Alisher Navoiy dunyoqarashi va adabiy merosini barcha murakkabliklari, falsafiy teranlig’i bilan to’liq holda to’g’ri, haqqoiiy yoritib berish mushkul. O’ttizinchi yillardayoq Oybek bunga e’tiborii qaratgan edi. Ammo, nazarimda, bu masala hamon hal bo’lmasdan dolzarbligini saqlab qolmoqda. Chunki hozir ham ulug’ shoir asarlarini «kerakli» va «keraksiz» qismlarga ajratish, orifona maemundagi she’rlarini nashrlardan soqit qilib, el ko’zidan yashirish, «payqamasdan» tadqiqotlarga kiritmaslikka moyillik davom etmoqda. Ba’zan esa, so’fiyona ma’nolarni anglab yetmaganimiz sababli, Navoiyning ramziy ibora-istioralarini haminqadar talqin etib, o’quvchilarni chalg’itib kelmoqdamiz. Bu hol Navoiy dahosini, olamining bepoyonligi va ulug’vorligini muazzam salohiyati ham ko’rkamligi bilan idrok etishga xalaqit beradi. Vaholanki, Navoiy merosi — yaxlit bir adabiy borliq, bebaho ma’naviy xaziia. Va yana muhimi shundaki, shoirniig o’lmas gumanizm bilan ko’kargan hayotbaxsh g’oyalari «dunyoviy» asarlarida qanday porlab tursa, biz bir chekkaga olib qo’ymoqchi bo’lgan «ilohiy» asarlarida ham shunday kuch bilan nur taratib turadi. Zotan, ular zohiriy jihatdan shunday, aslida esa, botiniy ma’nolari mohiyatiga ko’ra bir xil falsafiy-tasavvufiy qarashlar silsilasiga borib taqaladigan o’zaro uzviy aloqador asarlar bo’lib, birini ikkinchisisiz tushunish qiyin. Bas, shunday ekan, shoir asarlarida uchraydigan ishq, may, mayxona, xarobot, soqiy, sog’ar, qadah, xum, ko’ngil, mahbub singari ko’pdan ko’p kinoya-timsollar, ramziy ma’noli so’zlar va ular zaminida yotgan yashirin ma`nolar asrori hamda uning ijodi yaxlit bir butunlikda olib tekshirilib, olam va odam haqidagi mushohada-muloxazalari ichida sharhlansagina, mazmuni kerakli darajada ochiq oydinlashishi mumkin. Masalan, quyidagi g’azalni olaylik:
Kamand uchiga yetkurmas g’amu andesha ayyori,
Viyik chokmish magar mayxona tomin sun’ me’mori.
Xumorim za’fida kahgil isi to yetti mast o’ldum,
Suvalmishdur magar may loyidin mayxoia devori.
To’la kub og’zi may, xurshidedur, go’yo teng ochilmish
Chekardi bu iki xurshid davrin sun’ pargori.
May ichmish xonaqah shayxi, xarobot ahli aysh aylang,
Ki, chiqmish bahya urg’on xirqasidin mablag’i kori.
Ko’ringan mosivo budi emas, balki namudidur,
May ustida hubobu mavj shaklining namudori.
Hubobu mavj may tahrikidin zohirdurur, lekin
Sukun topg’on vujudi, maydin o’zga qaydadur bori?
Quyosh aksimudur hayvon suyida yo ko’runmishdur
Ravonoso may ichra soqin gulchehra ruxsori.
Fano dayrin ko’ngul istarki, bir-bir piri dayr elga
Tutarda boda, shoyad, jur’ae sungay bizing sori.
Navosidin fano chun hosil o’ldi, qilgasen ey ishk,
Navoiy rishtai jonin muganniy udining tori.
Xo’sh, bu g’azalda qanday g’oya ifodalangan? May va uning’ mohiyatlarini ta’riflashdan murod nima?
O’z-o’zidan ayonki, Navoiy zikr etgan may biz tasavvur qilgan yoxud bilgan ichimlik emas. Shoir sira ham buni nazarda tutmagan. Bil’aks, o’ta taqvodor va poqdomon bo’lgan Navoiy zamonasining ishratparast, mayxo’r kishilarini qahru g’azab bilan tanqid ostiga olib, sharobni «ummul chabois», ya’ni barcha yomonliklar, falokatlar onasi deb e’lon qilgan. «Hayrat-ul abror» dostonida bo’lsa, badmastlarning masxarali hajviy qiyofasini yaratib, ularni elga sharmanda etgan. Ushbu g’azalda shoir mayni ilohiy ishq — ma’rifat, donish ishtiyoqining avji qiyomi, Yor jamoli mushohadasidan oshiq dilida paydo bo’lgan kuchli zavq — ilhomning, behad xursandlik, sururning ramziy ifodachisi sifatida qo’llagan. Xumor bo’lish, mayparastlik ham bu yerda shunga muvofiq. Bu buyuk nur chashmasidan huzurlanish, visol bexudligi, hayot tabiat zeboligi hamda aql va tafakkur yetmaydigan, ammo ko’ngil bilan his etiladigan Mutlaq ruh mo»jizoti jilvasidan bahramandlik va shunga talpinish sarxushligidir. Chunki Navoiy e’tiqod qo’ygan falsafiy ta’limotga binoan, olam azaliy va abadiy yagona ruhning o’z-o’zini sevib, o’z jamolini tomosha qilish istagidan paydo bo’lgai ko’zgudir. Virlamchi qudrat porlashidan taralgan nur bu ko’zguda aks etadi, ya’ni moddiy dunyodagi jamiki mavjudot va mahluqot — zarradan quyoshgacha, yeru ko’k, sobutu sayyora shu iur bilan yoritiladi, shu nur tufayli harakatlanadi, muayyan uyg’unlik ichra rivojlanib turadi. Bu ilohiy tajallini shoirlar may timsolida qabul qilganlar. Moddiy dunyo esa, shu tasavvur bo’yicha, jom yoki qadahdir. Dunyoning rango-rang tovlaiishlari, o’zgarish, yangilanishlar, tabiatning turfa siru asrori, hodisa-ashyolari, bahoriy uyg’onish, chunonchi, daraxtlarning ko’karib, gullab meva bog’lashi, dashtu daraning o’t-o’lan bilan qoplanishi, qushlariing mast bo’lib sayrashi, boringki, hayotning barcha nash’u namosi, gurkirab ko’ringan iafosat to’foni shu may ummonining mavjlanishi, ko’pirishi deb tushuntirilgan. Inson ham mazkur ko’zguning bir bo’lagi, lekin ruhi mutlaq eng ko’p aks etgan hilqat. Chunki u xoliqiyatning sarvari va ganji gavhari, ya’ni «ikki olam iste’dodiiing jamuljami» (Bedil). Inson ruhi shu bois tinimsiz ravishda o’z manbaiga qarab intiladi. Bu intilish dunyoning o’zini idrok etish va o’z-o’zini anglab yetish orqali sodir bo’lgani sababli inson olam hodisalari go’zalligini mushohada etib, cheksiz hayratlaiadi. Hayrat esa ashyo-hodisalarni bilib olish qiziqishini kuchaytiradi. Shu tariqa, kishi mohiyat-haqiqatni bilish ishtiyoqi bilan yonib, borgan sari ko’proq tashvish-taraddudda bo’ladi. Insoining butun hayotiy faoliyati, ijod va yaratuvchilik qobiliyati, kashfu karomati va fayzu fazilatlari shu ishqning qudrati deb talqin etilgan.
Ammo inson tabiati ikki asos — ruhiy va moddiy olam unsurlaridan tarkib topgani uchun ular orasida kurash boradi. Agar moddiy asos bo’lmish jism talablari kuchaysa, u hirs va shahvat, hayvoniy nafs domiga giriftor bo’lib, borgan sari tubanlashadi. Bu xavfning oldini olish uchun kishi doimiy ravishda ruhiy-ma’naviy ehtiyojlarini qondirib borishi, shu jihatni tarbiyalashga bel bog’lamog’i darkor. Bu ishda unga o’zidan ko’ra komilroq inson — pir rahnamolik qiladi. Pir yoki orif deb tasavvuf ahli donishda yetuk, ma’rifat nuri bilan qalbi limmo-lim, pok niyat, pokiza ahloqli, zakiy odamni nazarda tutganlar. Navoiy nazarida Jomiy ana shunday shaxs bo’lgan. Bunday shaxslar hammavaqt ezgulikni o’ylab, o’ziga ergashgan odamlarii qalb saxovati bilan tarbiyalaganlar, ularning irodasini chiniqtirib, ko’ngil chashmasining ko’zini ochib, olamni yangicha tushunishga, haq yo’lni himoya qilishga o’rgatganlar. Yuqorida keltirganimiz g’azalda shu ma’nolar ifodalangan. Buni muayyan izohlar bilan sharhlab, tushuntirishga harakat qilamiz.
G’azalning birinchi baytidagi g’amu andesha ayyori, sun’ me’mori, kamand, mayxona kabi so’z va birikmalar izohga muhtoj. Kamand she’riyatda aksar yor sochi o’rnida istiora sifatida qo’llaniladi. Biroq bu o’rinda Navoiy uning asl lug’aviy ma’nosi — arqonni nazarda tutgan. G’amu andesha ayyori — aql tadbirkorligi, aqlu tashvish tadbiri degan ma’noni beradi. Mayxona esa «shavqu zavq va ilohiy ma’rifat to’lib-toshgan komil inson — orifning botiniy dunyosi va ruhi mutlaq manbaidir». (Sayyid Ja’far Sajjodiy. Mustalihoti urafo. 392-6.) Sun’ me’mori — xudo. Endi baytning mazmuniga kelsak. Alisher Navoiy baland imoratlar, saroy va qal’alarning kungurasiga arqon tashlab, tirmashib tom ustiga chiqish odatiga ishora qilib, deydi: «Azal me’mori — xudo mayxona tomini shunchalik ulug’ va baland qilib qurgan ekanki, fikru tashvish tadbirining arqoni uning kungurasining uchiga yetmaydi». Shoirning ta’kidicha, aql va tadbir bilan mayxona qal’asini zabt etish mumkin emas. Nega? Chunqi orif qalbining ma’rifati va u orqali ilohiy ruh manbaining beqiyos go’zalligini idrok etishga (shuni aytish kerakki, Navoiy ibora-timsollarida har doim ikki ma’no — orif qalbi va ruhi mutlaq birgalikda ko’zda tutiladi, zero orif qalbi oliy zotmanbaiga olib boradigan bir vosita, ko’prik deb qaralgan) faqat qalb va ruh qodirdir; aqliy mushohada, mantiqiy-tafakkuriy bilish usuli bunga qobil emas. Ma’lum bo’ladiki, Alisher Navoiy g’azalning matlaidanoq tasavvuf tariqatining asosiy talablaridan birini bayon etgan. Bu talab tariqat yo’liga qadam qo’ygan odam uchun birinchi jiddiy mushkulot ham edi, chunki aqlu hush qudrati yetmaydigan narsaga ko’ngil mayli bilan erishish — ruhiy irodani qaytadan qurish, o’zini o’z vijdoni, e’tiqodi oldida javobgar hisoblab, qattiq nazorat ostiga olish, juda ko’p dunyoviy havas-xohishlardan voz kechish demakdir. Mayxona qasrining buyukligi olam siru asrori, ajoyibotlari, hodisa-voqealarining behad ko’pligi, uni bilish, mohiyatiga yetish qiyinchiligidir, ayni vaqtda sarkash nafs qutqularini yengish, yuksak axloqli odam bo’lish mashaqqatlarini ham anglatadi.
Ikkinchi bayt birinchi baytdagi fikrni davom ettiradi: g’olib (yoki oshiq) aqlu tadbir bilan komil inson martabasiga ko’tarilishiga — mayxonani zabt etishga ko’zi yetmagandan keyin, bu binoning devorlarini hidlash bilan qanoatlanadi.
Ya’ni pirning muhitiga yaqinlashib, unga qo’l berib, dastlabki nasihatlarini eshitishdan bahra oladi. Mayxona devori shunday qilib, piri komilning muhiti, tashqi, zohiriy dunyosidir. Ikkinchi tarafdan, bu — bizni o’rab olgan moddiy dunyo ham. Chunki qal’a ichidagi ruh manbaini idrok etish, avvalo qal’a devorlari — dunyo ashyolarini o’rganish, xayol, sezgilar orqali uning mohiyatiga yetib borish bilan amalga oshadi. Za’fi xumor — kayfning tarqala boshlashi, ishqning vaqtincha susayishi, haqiqatga shubha bilan qarash, shubhalanish lahzasini bildiradi. Kahgil-somonli loy. May loyi — sharob quyqumi, dunyo mulki, hirsiy ishtiyoqlardan hali poklanmagan ruh timsoli. Alhosil, baytning mazmuni quyi-dagicha: «Mayxona devorini may loyi bilan shuvaganlar shekilli, xumorim tarqalganda dimog’imga somonli loy hidi urib, yana mast bo’ldim». Yoki: «Muhabbatim vaqtincha susayganda (ko’ngilda shubha tug’ilganda), pirga yaqinlashganim sababli shubhalarim tarqalib, qalbimda ishq yana avvalgiday alangalandi». Pirning ichki olami uning nutqi, harakatlari, karomatida zuhur etganiday ruhi mutlaq ham dunyo go’zalligida jilvalanib, kishini maftun etadi. Orifning zavqi saliqasi, nozikfahm zakovati daqiq ma’nolar magzini oson chaqib, mushkul masalalarni ichki bir farosat bilan hal qilib bera oladi. Bu xuddi qadahdan tomgan may tomchilari kabi oshiq diliga hikmat nuri bo’lib quyiladi. Shu ma’noda tasavvuf ahli xum, xumxona, sog’ar, jom, maykada deganda ham orifning purfayz jozib yuragini tushunganlar.
Uchinchi baytda biz tushunmaydigan uchta so’z bor. Bular: kub, xurshid, pargor. Kub — sharob saqlanadigan xum, majoziy ma’noda, boya aytganimizday, orifning ko’ngli va ruhi mutlaq. Xurshid — quyosh. Pargor — doira chizadigan asbob — (sirkul`); ba’zan yo’l-yo’riq, chora-tabdir ma’nosida ham qo’llaniladi. Shunga ko’ra, uchinchi baytning ma’nosini hozirgi tilimizda quyidagicha izohlasa bo’ladi: «Og’zigacha may to’lg’azilgan xum xuddi quyoshga o’xshaydi, go’yo ollohning doira chizgichi bu ikki quyoshning (ya’ni falak quyoshi va may xumining) gardishini chizganda bir paytda baravar ochilganday». Yoxud: «May xumi bilan quyoshnint tarhi bir xil, ular birga bir vaqtda yaratilgan o’xshash narsalardir». Shoir aytmoqchi, quyosh ham may xumi, ya’ni birlamchi manba’dan nishona. Shuning uchun ular bir-birining mavjudligini isbotlaydilar — quyoshning dalili quyosh. May xumini quyoshga o’xshatish bilan Navoiy orif qalbining saxovati, karamining bepoyonligini ta’kidlamoqchi, zero quyosh o’z harorati, ziyosi bilan olamni munavvar etganday, orif qalbi ham oshiqlarni farovon bahravor eta oladi. Bundan tashqari, bu yerda tolibning zohiriy mushohadadan (mayxona devorini hidlash) asta-sekin botiniy ma’nolarni anglash sari borayotgani, bundan hayratlanayotgani ham o’z ifodasini topgan.
To’rtinchi bayt sharhi. Xonaqoh — so’fiylar yig’ilib, vajdu samo’ bilan shug’ullanadigan joy. Xarobat so’zining lug’aviy ma’nosi vayrona, sharobxona bo’lsada, ammo tasavvuf ahli istilohida inson jismining xarob bo’lishi — qanoat, faqr yo’liga kirib, hayvoniy nafslar, keraksiz, yomon xulq-odamlardan qutulib, o’zni xoksorlik, kamtarinlik rutbasiga solishdir. Xarobotiylar, ya’ni rindlar «mayxona taraddudidan bexonumonlig’i va paymona taalluqidan besarusomonlig’i» («Mahbub-ul qulub») bilan mashhur. Ular uchun «toju taxt tufrog’ bilan teng», hamma narsadan forig’, yolg’iz yor ishqida sarmast. Hirqa-so’fiylar kiyadigan yirtiq, janda kiyim. Bundan tashqari, insonning badani, surati va ashyolar olami ham. Baxya — yamoq, jiyak. Mablag’i kori — ishining natijasi, ahvoli, bor-budi demak. Xullas, baytning mazmuni bunday: «Xonaqoh shayxi may ichibdi, ya’ni uning ko’nglida ilohiy nur porlab, bu huzurdan sarxush bo’libdi. Ey oshiq xarobotiylar, siz ham bu xabardan xursand bo’lib, vajd-holga tushing. Ko’rmaysizmi, shayxning ahvoli uning janda to’nining yirtiqlaridan ma’lum bo’ldi, ya’ni botiniy olami yuzaga chiqdi, ma’rifat nuri shu’lalandi». Baytning ikkinchi satrida so’filarning o’z jamoalari majlisida jazava xurujida raqsu samo’ga tushib, kiyimlarining chok-chokidan so’kilib ketishiga ishora bor.
Beshinchi va oltinchi baytlarda shoirona ifoda-timsollar orqali qadimgi va hozirgi falsafaning uchta muhim kategoriyasi tushuntirilgan. Bular mohiyat va hodisa, mazmun va shakl, juz’ va kull (yakkalik va umumiylik) kategoriyalaridir. Biroq falsafiy kategoriyalar haqida gapirishdan oldin notanish so’zlarning ma’nosini bilib olishimiz kerak. Masalan, mosivo — g’ayr, o’zga, undan boshqa degan ma’nolarni ifodalab keladi. Mazkur falsafiy-tasavvufiy istilohning moado degan ikkinchi atamasi ham bor. Navoiy devonining birinchi g’azalida shu so’z ishlatilgan. Sharhlanayotgan g’azalimizda esa, shoir mosivo deb moddiy borliq, ya’ni dunyoni nazarda tutgan. Chunki dunyo mutlaq ruh bilan inson orasida, ya’ni qalb bilan «u» orasida g’ayr, begona bir to’siq, o’zgalikdir. Shu kabi oshiq bilan ma’shuq orasida parda bo’lib turgan jism, badan va uning ehtiyojlari ham o’zgadir. Sharq shoirlari asarlarida uchraydigan Raqib — sevishganlarni ajratib turuvchi shaxs shu xususiyatlarni o’zida jamlagan obraz bo’lib gavdalanadi. Beshinchi baytdagi bud — asos, haqiqiy mavjudlikni, namud — ko’rinish, shakliy belgilarni anglatsa, xubob — suv va boshqa suyuqliklar yuzasida paydo bo’ladigan pufakcha. Bu so’z mavj bilan birgalikda harakat, mohiyatning zuhurotini bildiradi. Endi beshinchi bayt mazmunini qayd etish mumkin: «Ko’zga tashlangan narsalar (o’zgaliklar) zoti azaliyning haqiqiy mohiyatini anglatmaydi, shu singari pufakcha va to’lqin mayning o’zi emas, balki shakliy ifodasidir»; Yoki boshqacha qilib aytsak: «May ustidagi pufak va mavj mayning mohiyatini aks ettirmaganiday, «u»dan boshqa ko’ringan ashyolar «u»ning borligini — mavjudligini belgilamaydi, ular tashqi belgilardir, xolos».
Shunday qilib, tashqi dunyo va undagi narsalar mohiyat emas, balki hodisadir. Mohiyat — ruhi mutlaq yoki orif ko’nglidagi ma’rifat. Ayni vaqtda, moddiy dunyo — shakl, ruh esa — mazmun. Inson hodisa va shakllarga mahliyo bo’lmasligi kerak, uning maqsadi va vazifasi mohiyat-mazmunni bilishga qarab borish. Demak, tasavvufda dunyo Mutlaq ruh bilan inson orasida to’siq deb hisoblansada biroq, baribir, dunyoni bilish shart qilib qo’yilgan, dunyoni bilmasdan turib, mohiyatni (haqni) idrok etish mumkin emasligi tan olingan. Shu tariqa, hodisa mohiyatni bilish yo’lida imtihon, chunki u rang-barang va xilma-xil. Sharq faylasuflari bu miqdoriy ko’plikni asmo (ismlar), ashyo (narsalar), sifot (sifatlar), imtiyoz (farqlar), af’ol (harakat-faoliyat), vajh (yuz, jihat) va boshqa istilohlar vositasida tavsif etib kelganlar. Miqdoriy xilma-xillik, mantiqiy ravishda, juz’iyat va kulliyat, ya’ni tur va jins tushunchalarini keltirib chiqaradi. Juz’iyat (tasavvufchilar buni kasrat ham deganlar) kulliyatga, ya’ni vahdatga ziddir. Shunday bo’lgach, ularning xususiyatida ham qarama-qarshilik mavjud: vahdat — birlamchi qudrat, turg’un, harakatsiz javhar (substantsiya) bo’lsa, kasrat — tafsiliylik, doimiy harakat, rivojlanish qonuniyatiga tobe’. Demak, mayning mavj va pufakchalarini tomosha qilish, mushohada etish bilan chegaralaimasdan, xuddi hodisadan mohiyatga qarab borilganday, kasratdan vahdatga qarab borish va shu asosda birlamchi qudrat nafosatini idrok etib, huzurlanish mumkin. G’azalning oltinchi baytida bu fikr ochiqroq ifodalangan (bunda tahrik — harakat, sukut — turg’unlik, tinish): «Pufak bilan to’lqin mayning harakati, tajallusidir. Bu harakat tingach, tiniq mayning toza vujudidan boshqa nima qoladi?»
Bu vujudni idrok etgan kishi Yor huzuriga musharraf bo’lib, fano martabasiga yaqinlashdikim, g’azalning yettinchi bayti shu xususdadir. Hayvon suyi deb go’yo odamzod ichganda abadiy umr topadigan afsonaviy yer osti mamlakatning chashmasini ataganlar. Tasavvufda u ishq-muhabbat bulog’i, haqiqat nurining manbaini anglatadi. Baytning mazmuii esa bunday: «Ishq chashmasida yoki haqiqiy nur manbaida ko’ringan quyosh aksimi yo jonga o’xshash may ichida azal soqiysining gulday zebo yuzi namoyon bo’lganmi?» Soqiy so’zi ham bu yerda ramziy ma’noga ega, ya’ni mutlaq fayziyot, ma’rifat bulog’i demak. Mayda yor jamolini ko’rish, may idishini quyoshga o’xshatish Navoiyning sevgan obrazlaridan. «Ashriqat min aksi shamsul ka’si anvorul xudo, yor aksin mayda ko’r deb jomdin chiqdi sado» — chiqayotgan quyosh kosasining aksidan hidoyat nurlari porlab ko’rindi, jomdan yor jamolini mayda ko’r, degan sado chiqdi. «Xazoin-ul maoniy» devoni mana shu bayt bilan boshlanadi. Shoir nazarida lovullagan olov qo’rasi — muazzam oftob ham o’sha buyuk ilohiy qudratning in’ikosi, mavjudotni harakatga keltiruvchi may “to’lg’azilgan jom, uning porlashi esa — yor jamoli”.
Yor jamolini ko’rgan oshiq maqsadga erishib, fano vodiysiga kirib boradi. G’azalning oxirgi ikki bayti shu ma’noni ifodalashga xizmat qiladi. Sakkizinchi baytdagi dayr aslida nasroniylar va otashparastlar ibodatxonasining nomi, majozan esa mayxona, dunyodir. Dayri fano – hayvoniy nafsdan qutulgan, ruhan tirik, ma’naviy jihatdan yetuk kishilar majlisi, ularning botiniy olami, Navoiy bu baytda ma’naviy haqiqatlarni kashf etgan odamlar huzurini qo’msash, ular xizmatidan bahra olish tuyg’usini ifodalagan. Shuning uchun u piri dayr deganda ham ezgulik va karam daryosining timsoli komil insonni ko’zda tutgan. Alhosil, baytning mazmuni: «Yurak mayxona istaydi, chunki unda piri komil kishilarga saboq bermoqda, shoyad menga ham shu may shu’lasidan bir nasib etsa». Yoki: «Ko’ngil jism, vujud yo’qoladigan, fano bo’ladigan makon istaydi. Chunki unda kamolot va yetuklik timsoli ma’naviy shayx haqiqat fayzidan elga bir-bir boda tutmoqda. Zora, u bu hikmat va donish sharobidan menga ham bir qultum uzatsa».
To’qqizinchi baytga kelsak, bunda ikkita so’z o’zak ma’no tashiydi. Birinchisi — navo. Navoning ma’nolari ko’p. U musiqa, kuy, ohang, shu bilan birga muntazamlik, tartib-intizom, simmetriya, nizomiya, nafosat tushunchalarini qamrab oladi. Agar bu ma’nolarning hammasiii bir joyga yig’sak, navo umumbashariy, umumjahoniy olamning yaxlit uyg’unligidan iborat oliy go’zallikni ifodalagan bo’ladi. Modomiki shunday ekan, yagona ruhiy qudratning muntazam harakati, sozkorligi qaydida qalbning shukru shukuhi, orom va osoyishtaligi ham navodir. Alisher Navoiy, shubhasiz, oxirgi baytda qalb oromi, ichki ruhiy qoniqish nashidasini tasvirlagan. Bu nashida shoir yuragida bir muazzam kuy bo’lib yangragan va mug’anniy (ikkinchi o’zak so’z) tushunchasi bilan bog’lanib ketgan. Mug’anniy — cholg’uvchi degani. Bu o’rinda esa u uzluksiz yog’ib turuvchi nurfayzning navosini yetkazuvchi, shu ne’matdan ogoh etuvchining timsolidir. Kuy kabi oqib keladigan ushbu nur qalbni rohat-farog’atga g’arq etadi. Baytning nasriy tarjimasini keltirsak, fikrimiz yanada oydinlashishi mumkin: «Ey ishq, buyuk jahoniy uyg’unlik nuri navosidan, safo nashidasidan qoniqish muyassar bo’ldi, endi Navoiy jonining ipini shu nurni yog’diruvchi cholg’uvchi asbobiga tor qilgin, ya’ni o’sha buyuk nur rishtasiga ulab yuborgin». Yoki: «Ey ishq, mahbub jamolini ko’rib, o’zlikdan batamom xorij bo’ldim — maqsadga yetdim, visol kuyi vujudimni og’ushiga oldi. Endi Navoiyning jonini jonon nurining taramlariga bog’la». Bu yerda shoir taxallusi bilan bayt mazmuni o’zaro uyg’unlashib, ajoyib so’z o’yini hosil bo’lganini ko’ramiz. Shu nuqtada shoirning har ikki taxallusi (Navoiy va Foniy) ma’no jihatidan bir-biriga yaqin ekanligi ham ma’lum bo’ladi.
Ulug’ shoirning falsafiy mushohadasi mana shunday chuqur va qamrovli. Koinot va inson uning nazarida yaxlit bir butunlikni tashkil etadi, bir qonuniyat bilan boshqariladi. Inson bu qonuniyat sirlarini ruh kuchi, alohida hissiy tasavvurlar teranligi bilan bilib olishi darkor.
Xullas, mazkur g’azalda majoziy timsollar yordamida tasavvuf falsafasining bilish nazariyasi ifodalab berilgan: avval olamni bilish mushkulligidan qo’rqib sarosimaga tushish, hayratlanish, keyin tashqi dunyo narsa-hodisalarini mushohada eta boshlash, zohiriy mushohadadan asta-sekin mohiyatni idrok qilishga o’tish. Mohiyatning ulug’vorligini his etib, ruhiy-tafakkuriy qoniqish tuyish. Bu jarayon uch bosqichga ajratilib, ilmul yaqin, aynul yaqin, haqqul yaqin degan maxsus terminlar bilan belgilangan. Yaqin — isbot talab qilinmaydigan shak-shubhasiz haqiqat. Ayn — chashma, ko’z, har narsaning asli, zot. Tasavvuf nazariyotchilaridan Abdurazzoq Koshoniy bunday deydi: «filjumla, so’fiylar aqidasiga muvofiq ma’naviyatni bilish uch xildir: ilmul yaqin, aynul yaqin va haqqul yaqin. Avvalgi holatda odam ma’lumni aqliy dalil, hujjat keltirish bilan dark etadi va ikkinchi holatda bilib olingan, isbotlangan ma’lumni mushohada etadi va uchinchi holatda haqiqatni dark etishga yetadi». (Abdurazzoq Koshoniy. Masobih-ul hidoya, 52-bet). Bu bamisoli quyosh shu’lasi va haroratini dalil keltirish bilan isbotlash (ilmul yaqin), quyosh jismini kuzatish bilan aniqlash (aynul yaqin) va quyosh vujudiniig musaffo nurdan iborat ekanini qalban idrok etishday (haqqul yaqin) gap. Qashiriy degan olim nazarida esa «ilmul yaqin — aql ahli uchun, aynul yaqin — ilm arboblari uchun, haqqul yaqin — oriflar uchundir». (Qashiriy. Kashf-ul mahjub, 497-bet). Demak, bu falsafiy qarashga muvofiq, haqiqat tajribadan oldin mavjuddir, mantiq kuchi bilan emas, balki his — ruh vositasi bilan, ya’ni intuitsiya yordamida bilib olinadi. Chunki haqiqat insonning o’zining qalbida, ko’ngil ko’zgusida. Fahmlagan bo’lsangiz, dunyoni bilishning bu usuli nemis olimi I. Kant (XVIII asr)ning «narsa o’zida» va «aprior» (tajribadan avval mavjudlik) tushunchalari ostida rivojlantirgan falsafiy ta’limotga o’xshab ketadi. Biz ham xuddi shuni ta’kidlamoqchi edik, ya’ni tasavvuf ba’zi tadqiqotchilar aytmoqchi bir din o’rniga kelgan yangi, murakkablashtirilgan va mistik tuyg’ularni qondirishga xizmat qiluvchi ikkinchi din emas, balki olamni bilishga yo’l ochgan, shu sababli ham fikriy-hissiy mushohadakorlik, hur fikrlilikni yoqlab, insonni tadqiq etishga diqqat qilgan katta falsafiy oqimdir. Ana shu jihati bilan u dinga nisbatan olg’a tashlangan muhim qadam bo’ldi va bashariy tafakkur taraqqiyotiga shubhasiz ijobiy ta’sir ko’rsatdi. Alisher Navoiyga o’xshash gumanist mutafakkirlar uchun esa u inson tabiati va tiynati haqida, jamiyat, hayot voqea-hodisalari mohiyati to’g’risida o’ylashga imkon beradigan qidirish-izlanish, tayanch nuqtasi bo’lib xizmat qilgan. Ulug’ shoir buni birinchi devoniga kiritgan:
Xarobot aro kirdim oshufta hol,
May istarga ilgimda sing’on safol,
— deb yakunlovchi tarje’bandida ravshan bayon etgan. Tarje’bandni o’qir ekanmiz, muallifning rozi dilidan ogoh bo’lamiz, chunki u yoshligidan boshlab har xil ilmlarni o’rgangani. har xil «sarguzasht»ni boshidan kechirib, dunyo va uning odamlari haqida ko’p mulohaza yuritganini yozadi. Shohu sultonlar dabdabasi, shayhul islomu ulamo-umarolar, man-man degan donishmandlar suhbati uni qoniqtirmagan, ularning birortasi ham inson qarshisida paydo bo’ladigan minglab savollarga javob berishga qodir emas edi. «Nazar ayla bu korgoh vaz’iga, ki ortar tamoshosida hayratim», deydi shoir. Olam mohiyati nimadan iborat, inson nega dunyoga keladi va yana nega ketadi? Nega inson zoti bir xil emas? Firibgarlik, qonxo’rlik, riyo, yolg’on qaerdan kelib chiqqan? Bu va bunga o’xshash savollar Navoiyni hamisha qiynab kelgan. Na o’zimning «Sa’i ila fikratim», «na kasbi ulum etti hal mushkulim», deb yozadi u. Yuragida har xil andeshalar, shubhalar kezgani, lekin zamona tafakkuri doirasidan batamom chiqib ketishga jur’at qilolmaganini eslatadi. Va oqibatda:
Mening boshima bas qotig’ tushdi ish,
Chu toq o’ldi bu dard ila toqatim,
— deya o’zini tasavvuf bilan ovutadi. ya’ni «may bilan ulfat» tutinadi. Shunday qilib, tasavvuf Navoiyga jaholatdan qutulish, dunyoni bilishga chanqoq yurakni ma’lum darajada tinchitishga ko’mak bergan. Buning ikkita sababi bor: birinchisi shuki, Navoiy yashagan zamonning aqliy taraqqiyot darajasi, fan rivoji real dunyo voqealarini ilmiy asosda tushuntirishga ojizlik qilardi. Ikkinchisi esa, bu yana muhimroq, insonning aqliy imkoniyatlari, donoligi bilan axloqi, a’mol-niyati orasida mavjud bo’lib kelayotgan nomuvofiqlikdur. Navoiy aqlu zakovati hayratlanarli, qilni qirq yoruvchi kishilar ichida nafs domiga tushgan, zulm va badkirdorligi bilan mashhur bo’lganlarni ko’p ko’rgan edi. Shuning uchun ulug insonparvar shoir axloqiy fazilatlar tarbiyasini birinchi o’ringa qo’yadikim, bu ham tasavvufona murojaat etishga olib kelardi. Zero, tasavvuf butun e’tiborni aynan inson axloqini poklashga qaratib, shu maqsadda turli yo’l-yo’riqlar, amaliy tadbirlar ishlab chiqqan edi. Tasavvuf odamni vijdoni bilan yuzma-yuz qo’yib, o’zi haqida o’ylashga majbur etar, haqiqat va e’tiqod pokligi ruhida tarbiyalardi.
Falsafiy ta’limot sifatida olamni yagona deb e’tirof etish bilan tasavvuf jannat-do’zax to’g’risidagi diniy afsonalarni mantiqan inkor qilar, natijada zohid, muhtasib, a’lam kabi shariat namoyandalari haqiqatni bilmaydigan nodon kishilar bo’lib chiqardi. Navoiy ularni muqallidlar, ya’ni yuzaki narsalar, quruq aqidalarga ko’r-ko’rona taqlid qiluvchi, mustaqil fikrlashdan mahrum odamlar deb ataydi. Tasavvuf, shu tariqa, falsafiy dunyoqarash sifatida diniy aqida, mutaassiblikka zid edi va Alisher Navoiy undan kuch-quvvat olib, komil jur’at bilan:
Zohid, senga huru menga jonona kerak,
Jannat senga bo’lsin, menga mayxona kerak.
Mayxona aro soqiyu paymona kerak,
Paymona necha bo’lsa to’la, yona kerak,
—deya olar edi. Tasavvuf, ayniqsa, Jomiy va Navoiy mansub bo’lgan naqshbandiya ta’limoti qanoat va tiyinishni talab etsada, biroq dunyo go’zalligidan huzurlanishni inkor etmagan. Negaki, modomiki real dunyo Mutlaq ruh in’ikosi ekan, demak uni sevish va undan bahra olish mumkin. Shu asosda insonning iisonga muhabbati, ya’ni majoziy ishq orqali ilohiy ishqqa qarab borish ham tabiiy va zaruriy deb topilgan. Navoiy o’zini ana shu «ishqi majoziy» kuychilari sirasiga kiritadi.
Darhaqiqat, biz tahlil etgan g’azalga o’xshagan sof tasavvufiy ma’noli va «ishqi haqiqiy»ni vasf etuvchi asarlar Navoiy ijodida asosiy o’rinni egallamaydi. Ammo shunisi borki, iboralarning timsoliyligi, ramziy yo’nalishi «dunyoviy g’azallar»da ham saqlangan. Oybek aytganiday, bu yerda konkret biror shaxs muhabbati nazarda tutilmaydi, balki umuman yaxshi insonni sevish madh etiladi. Ishq Navoiy nazdida pokbozlikdir, ya’ni: «Pok ko’zni pok nazar bilan pok solmoqdir va pok ko’ngul ul pok yuz oshubidin qo’zg’olmoq va bu pok mazhar vositasi bila oshiqi pokboz mahbubi haqiqiy jamolidin bahra olmoq» (Mahbub-ul qulub, 42-bet). Shuning uchun, masalan, deylik, «Kelmadi» radifli g’azalni munojot kuyi og’ushida berilib tinglarkanmiz, «Ey Navoiy, boda birla xurram et ko’ngil uyin, ne uchunkim boda kirgan uyga qayg’u kelmadi», degan maqta’ni eshitganda, shoirning lirik qahramoni yorini kutaverib qiynalganidan, uyiga kirib alamdan rosa ichib olibdi-da, deb o’ylasak, o’ta kaltafahmlik qilgan bo’lardik. Bunday g’azallarda ham boda, sharob, may so’zlari o’sha majoziy ma’noda — muhabbat shavqini bildirib kelishini esdan chiqarmaslik kerak. Bundan tashqari, Navoiy bodani «ko’ngul uyini xurram etuvchi» narsa deganda, yorni ko’nglida saqlash, uning yodi bilan yashashni ta’kidlagan. Negaki, naqshbandiya sulukida yod, xotira, esga olish tushunchalari muhim o’rin egallaydi. Abdulhakim Tabibiyning yozishicha, naqshbandiyada tuz yo’lga kirgan odam qalbida «e’tiqod nuri, tavhid nuri, ma’rifat nuri, hidoyat nuri, ajdodlar yodi nurining bodasi» jo’shib turishi lozim. (Abdulhakim Tabibiy. Afgopistonda taeavvuf
rivoji, 10-bet). Bunda esga olish, hofiza quvvati haqida ham gap boradiki, bu vatan, el-ulus g’ami kabi keng ma’noli tushunchalar bilan bog’lanib ketadi.
Shunday qilib, tasavvuf insoini ulug’lash, hayotning qadriga yetish, umrni oqilona o’tkazish g’oyalarini targ’ib qilishga nazariy zamin hozirlab, insonparvar shoirlarning ilhomiga ilhom qo’shgan. Bu ta’limotning negizi savqi tabiiy, ruhiy qo’zg’alish, vahiylik ham shoirona tafakkur kayfiyatiga mos tushardi. Va, umuman, biz shayxlar, oriflar tasavvufidan ijodkorlar tasavvufini farq qilishimiz kerak. So’fiylar uchun tariqat zikru samo’, vajdu hol, kasbu karomat edi. Attor, Rumiy, Jomiy, Navoiy singari buyuk shoirlar uchun esa u shuuriy mushohada usuli, inson zotini ma’naviy barkamol holda ko’rish orzusi, sirli-xayoliy olamni tasavvurda yaratib, Ideal bir go’zallik ishqida yonish bo’lgan. Odamning asrlar davomida abadiy hayot, ruhning o’lmasligi haqida o’ylab kelgan armonlari, rivoyat-asotirlar bu behudud romantik olam ufqini kengaytirgan. Shu bois, umrida tasavvufning biror rasmiy qoidasini bajarmagan, ya’ni rasman so’fiy bo’lmagan Alisher Navoiy mazkur ta’limotni maslak, mafkuraviy e’tiqod sifatida qabul qilib, o’zining insonshunoslik, haqparastlik va adolatparastlik g’oyalariga bo’ysundirgan edi. Shoh va shahzodalarni insofga chaqirish, riyokor shayxlar, betavfiq so’fiylarni fosh qilishda undan foydalandi. Shoirning ijodi ana shunday murakkab va ko’p qirrali, ibora-obrazlari ko’p ma’noli, teran. Uning har bir asari ustida to’xtalganda, bu xususiyatni albatta e’tiborga olish lozim.
Нажмиддин Комилов — Навоийни замонамиз учун қайта кашф этган уламо. Навоий мухлисларининг пири. Устознинг Ҳазрат Навоий ва тасаввуф йўналишидаги тадқиқотлари Навоийни англаш йўлида йўлга чиққанлар учун (агар таъбир жоиз бўлса) йўлчи юлдуздир. Шўролар таълимини олган адабиёт муҳиблари учун эса ислом дини, тариқат ва адабиётнинг нелигини англатувчи илм. Хуллас, устоз Н. Комилов ишлари маънавий янгиланишларга йўл очган кашфиётлардир.
Shu malumotlarni telegram kanallariga aniq qilib tashlansa juda yaxshi bulardi malumotlar juda ajoib yoritilgan
ҲУВАЙДО ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Куйибдур кўкда шамс, кулбам учун бир шам тополмасман,
Харобот асли бу дунё, ҳаёти одаме бекам тополмасман.
Азалдан топмади ҳеч кас сафо, мен ҳам тополмасман,
Кўнгилда дард кўп, айтурға бир маҳрам тополмасман,
Кетарға бош олиб кунлар аро ҳамдам тополмасман.
Ғанимлар шодумондур, кўруб бад хаста аҳволим,
Кима меҳрим нисор этсам, заҳарға дўндику болим!
Мудом ул хаста ҳолимдин надоматлар очар фолим,
Юрагим ғуссага тўлди, кишим йўқ айтгали ҳолим,
Нетай дард айтгудек бир дардман одам тополмасман.
Хаёли беҳуда борма, улар бетаъм кишилардур,
Қуёшлик даъво айлар, аслида бешам кишилардур.
Дину иймони йўқлар аслида бефаҳм кишилардур.
Куларлар ҳаҳқаҳ айлаб, нечук беғам кишилардур,
Куларга бир замоне хотиримни жам тополмасман.
Дили дардим жавонибга сочилмиш лолалар янглиғ,
Танимда ғам ташир томирларим зар толалар янглиғ!
Гаҳи ёлғиз дилим куйгач уятчан болалар янглиғ –
Кеча кундуз оқар ёшим, кўзимдин жолалар янглиғ,
Ёқамни кўксим узра бир замон бенам тополмасман.
Дилимни куфри иймондин тамоми мосиво айлай,
Агар танлов раводир раббано васлин раво танлай.
Керакмас дўзаху жаннат, висоли раббано сайлай,
Жароҳат бўлди бағрим тиғи ҳасрат бирла, ман найлай,
Юриб излаб табиблардин анга марҳам тополмасман.
Бу беш кунлик умрни гоҳида боқий билур одам,
Вале муддат бўлурки, гоҳида шод, гоҳида мотам.
Фақат раҳмат Худодин, охиратда қилмасин мулзам!
Мусибатхонадир дунё, нечук одам юрар беғам,
Ўзимни, эй Ҳувайдо, лаҳзае беғам тополмасман.
Ниёзмуҳаммад ПАНЖИЕВ