Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan o’ninchi parcha.

044 Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг ўнинчи парчасини мутолаа қилишингиз мумкин…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан ўнинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

ҲОРУТ ВА МОРУТНИНГ ЎЗ ПОКЛИКЛАРИГА ИШОНГАНИ ВА ОЛАМ АҲЛИГА ҚЎШИЛИШНИ ИСТАБ, ОҒИР СИНОВЛАРГА ДУЧОР БЎЛГАНИ

Ҳоруту Морутга шуҳрат ёр эди,
Кибридан икков заҳарли ўқ еди.1

Пок биларди ўзни, эрди ёр ишонч,
Не писанд шерга ҳўкизда бор ишонч?

Шохи бирлан гарчи юз чора қилар,
Шер унинг шох-шохидан пора қилар.

Бўлса ҳамки кирпидай сершох ҳўкиз,
Ўлдириб ташлар уни шер, шубҳасиз.

Гар дарахтларни довул қўпорса ҳам,
Айлагай янги гиёҳларга карам. 3325

Раҳм этар довулки ожиз ҳолига,
Эй, юрак, сен қувватингдан нолима!

Болтани ғуж-ғуж дарахт шохи нетиб
Қўрқитар, айт? Ташлагай дарҳол кесиб.

Кесмагай япроқни, лек, ул шохчалиғ,
Урмагай бўртиқдан ўзга жойга тиғ.

Қўрқмагай гулхан, ўтин бўлса ғарам,
Қўй агар кўп эрса, қассобда не ғам?

Маъни қошинда надир суврат? Ҳазин,
Маъни тутгай тўнтариқ кўк гумбазин. 3330

Сен чиғир чархин қиёс қилгин ва бил,
Ким уни айлантирар? Комил ақл.

Худди, қалқондай бу қолип гардиши,
Эй, ўғил, ул ёширин руҳнинг иши!

Елни айлантиргич ул маъносидир,
Ғилдирак янглиғ эрур сувга асир.

Ҳар узун-қисқа, кириб-чиққан нафас
Манбаидир орзуманд жон, ўзгамас.

Гоҳи “жим”, “ҳо”, “дол”га гоҳ айлантирар,
Гоҳида сулҳ айлагай, гоҳ жанг қилар. 3335

(Гоҳи ўнгга элтадир, гоҳ сўл томон,
Гоҳ гулистон айлагай, гоҳо тикон). (Бу байт Николсон вариантида йўқ)

Шул йўсинда бул шамолни ҳам Худо
Қилди Од қавмига мисли аждаҳо.

Сўнгра мўмин аҳлига елни чунон
Айламиш тинчлик, омонлик, соябон.

Деди: “Ал-маънй ҳуваллаҳ”,2 шайхи дин,3
Денгизидир икки олам маънисин.

Еру осмон ичра мавжуд ҳар қават,
Ул равон денгизда бир хасдир, фақат.

Сувда хаслар ҳамласию рақси ҳам
Юз берар сувдан, жўшиб кетгач у дам. 3340

Тортишувни тинчитар бўлса у кез,
Хас-хашакни итқитар соҳилга тез.

Элтса соҳилдан уни тўлқин аро,
Қилгай – оташ майса-ла не қилса то.

Бул ҳикоя сўнгсиз, отни тез юрит,
Ҳоруту Морут томонга, эй, йигит!

———————————
1 – “… Ҳолбуки, у фаришталар: “Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма”, демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар, — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Оллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Оллоҳнинг Китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни, Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 102-оят).

2 – “Ал-маънй ҳуваллаҳ” – “Маъно Оллоҳдир”.

3 – Шориҳлар фикрига кўра, “дин шайхи” ким эканлиги ва бу ибора кимга мансублиги ҳақида аниқ бир фикрга келинмаган. Кимдир уни Садриддин Кунавийга, кимдир эса Абул Ҳасан Ҳарақонийга нисбат беради. “Маснавий” шориҳларидан бири Шаҳидийнинг фикрича, бу ерда Шамс Табризий назарда тутилган.

ҲОРУТ ВА МОРУТ ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ. УЛАРНИНГ ИНСОНИЙ ДУНЁДА ВА БОБИЛ ЧОҲИДА ТОРТГАН АЗОБ-УҚУБАТЛАРИ

Бул жаҳоннинг не гуноҳ, не фисқи бор,
Иккисинга эрди ул дам ошкор.

Тишламиш бармоғини лол, қаҳр ила,
Лек, улар кўрмасди ўз айбин сира. 3345

Кўзгуда жирканч одам кўргач ўзин,
Аччиғи чиқмиш, буриб ундан юзин.

Ўзни хуш кўргувчи ким айбин кўрар,
Унда дўзах оташи пайдо бўлар.

Ўйлагай кибр ўти айлар динга қасд,
Кўрмагай нафсин ўзида ўтпараст.

Бор эрур дин ўтида ўзга нишон,
Ул оловдан ям-яшилдир бор жаҳон.

Деди Ҳақ: “Гар ушбу нурдансиз нишон,
Нобакор, ғофилга боқманг ҳеч қачон. 3350

Шукр этингиз эй, сипоҳ, қуллар, бироз,
Шаҳвату сон чокидан сизлар халос.

Айласам ул маънидан гар сизга жо,
Қилмагай ортиқ қабул сизни само.

Улки покликлар танангиз ичрадир,
Акс этар поклик, ҳимоям бирма-бир.

Улни сиз Мендан кўринг, ўздан эмас,
Енгмасин то сизни шайтон серғараз”.

То Расул ваҳйига ул котибсимон,
Ўзда нур, ҳикматни кўргач шул замон, 3355

Ўзни билмиш Ҳақ қушига ҳамнаво,
Эрди тақлид ҳуштаги ул акс-садо.

Васф этарсан гарчи қушлар нағмасин,
Англадингми, лек, у қушлар мақсадин?

Сайрагайсан гарчи сен булбулсимон,
Сенга қайдан гулга ул рози аён?

Гар аёндир сенга ул, тахмин бари:
Лаб қимирлатганда – кар тусмоллари.

БИР КАРНИНГ БЕМОР ЁТГАН ҚЎШНИСИДАН ҲОЛ СЎРАГАНИ

Кар кишига деди кимдир бир маҳал:
“Ол хабар, ётган эмиш қўшнинг касал”. 3360

Ўзича кар деди: “Кар бўлсам, ахир,
Мен нечук англай, гапирса ул надир?”

Шашти қайтди, ҳам овози бўлди паст,
Бошқа йўл йўқ, ул боришга қилди қасд:

“Кўрсам, ул қандай қимирлатса лабин,
Айлагум тахмин ўзимча ҳар гапин.

Сўрсам: Эй, меҳнаткашим, ҳолинг нечук?
Ул дегай: “Мен яхшиман” ёхуд “тузук”.

Мен дегум: Шукр, айт, единг не? Дер тағин:
“Мошли шўрва” ёки “дори шарбатин”. 3365

Айтаман: Ош бўлсин ул. Айт, ҳар замон
Қай табиб олдингга келгай? Дер: Фалон.

Мен дегайман: Ул эрур қутлуғқадам,
Келса гар, сенга азоб бермайди ғам.

Кўп синаб кўрганмиз эзгу чорасин,
Ҳал қилар ҳожатни, қайга бормасин”.

Шундайин суҳбатга айлаб ўзни ўнг,
Кар касал кўрмоққа дарҳол кирди сўнг.

Деди: “Қандайсан?” Деди: “Ўлдим”. “Шукр”,
Бўлди бундан хаста кўнгли беҳузур: 3370

“Нега шукр айлайди? Суймасми жини?”,
Тескари чиққанди карнинг тахмини.

Сўрди кар сўнг: “Не единг?” Деди: “Заҳар!”,
Деди: “Ош бўлсин!” Тағин ранжитди кар.

Сўнг деди кар: “Ким эрур ҳозиқ, ҳабиб,
Дардларинг олмоққа келгувчи табиб?”

Деди: “Азройил келар! Даф бўл шу он!”
Деди: “Ул қутлуғқадам ғоят. Қувон!”.

Кар чиқаркан, ўз-ўзича дерди шод,
Шукр этиб: “Қилдим касалга илтифот!”. 3375

Дерди бемор: “Жонга бул душмон экан,
Билмаган эрдим, жафога кон экан!”

Хаста таҳқирловчи сўз изларди жим,
Йўлласин кар шаънига то бетиним.

Бадҳазм овқат еса кимки агар,
Кўнгли айнир, токи қусгунга қадар.

“Казми ғайз” шул: Қусма, улни қайтариб,
Ўрнига топгин ширин сўз ахтариб.1

Депсиниб дерди, тугаб сабри ани:
“Ул ювуқсиз ҳамда безбет ит қани? 3380

Токи айтай унга, менга не деди,
Ул маҳал жонимда шер ухлар эди.

Хаста дилга ҳол сўраш ором берур,
Ҳол сўрашмас бул, фақат, ёвлик эрур”.

Душманин то кўрсин ожиз ҳар қадам,
Токи ором олсин ул кир кўнгли ҳам!

Кўп эрур тоатни тарк этгувчилар,
Ҳам савоб, лаззат сори кетгувчилар.

Аслида не-не гуноҳ пинҳон яшар,
Кўп эрур сен тоза билган лойқалар. 3385

Худди, ул кардай, нима қилмиш, бари,
Яхшилик деб билди, чиқди тескари.2

Кар эди шод: “Айладим хизмат бажо,
Ҳамда қилдим қўшнилик ҳаққин адо”.3

Ўзи-чун ўт ёқди, шод қилмоққа то
Хаста кўнглин, куйди ўз ўти аро.

“Файтақу-н-нора (а)ллати ав қадтуму,
Иннакум фи-л-маъсия из дадтуму”.4

Деди Пайғамбар, мурид қилгач риё:
“Салли иннак лам тусалли ё фато!”.5 3390

Бул хатардан асрагай чин илтижо,
Ҳар намоз вақтинда дерлар: “Иҳдино”.6

Эй, Худо, гумроҳ, мунофиқдан адо
Ул намоздан бул намозим қил жудо.7

Ўйламасдан қилди кар тахмин-фараз,
Тушди ўн йиллик қадрдонликка дарз.

Ул ваҳий-ла, хожа, ғайб ҳиссин қиёс
Айламаклик келмагай ҳеч ҳадга мос.

Ҳис қулоғинг токи сўзпарвар эрур,
Ғайб садосига қулоғинг кар эрур. 3395

————————————
1 – “(У тақводор зотлар) яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичларига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Оллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 134-оят).

“Казми ғайз” – “Ғазабни ичга ютиш”

2 – (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар ( кофир бўлганлари сабабли) қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетгану, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли –яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 103-104-оятлар).

3 – “Оллоҳга бандалик қилинглар ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 36-оят).

4 – “Энди агар бундай қилолмасангизлар ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам – у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қуйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 24-оят).

“Файтақу-н-нора (а)ллати ав қадтуму, иннакум фи-л-маъсия из дадтуму” – “Ўзингиз ёққан оловдан сақланинг! Чиндан ҳам гуноҳларни орттирдингиз!”

“Эй, мўминлар, ўзларингизни ва аҳли аёлларингизни ёнадиган ўтини (ёқилғиси) одамлардан ва бутлардан иборат (бўлган) дўзахдан сақланглар”. (Қуръони карим, «Таҳрим» сураси, 6-оят).

5 – “Салли иннак лам тусалли ё фато” –“Намозни қайтадан ўқи, эй, йигит, чунки, ўқимадинг!” Абу Ҳурайра (р.а) келтирган ҳадис: “Пайғамбар (с.а.в) масжидга кирганларида, ортларидан бир киши ҳам кириб намоз ўқиди, сўнг келиб Пайғамбар (с.а.в)га салом берди. У зот унинг (саломига) алик олиб туриб: “Қайтиб бориб (қайтадан) намоз ўқи, чунки, сен намоз ўқиганинг йўқ”, дедилар. Шунда ҳалиги киши: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бундан бошқача чиройли ўқий олмайман, менга ўргатинг”, деди. У зот: “Намозга турганингда, (аввал “Оллоҳу акбар” деб) такбир айт, сўнг Қуръондан ўзингга осон бўлган (оят ёки сурани) ўқи, сўнг хотиржамлик билан – шошилмасдан рукуъ қил, сўнг қиёмга тик тур, сўнг хотиржамлик билан сажда қил, сўнг саждадан туриб хотиржам (ўтир), сўнг яна хотиржам сажда қил, сўнг намозларингнинг ҳаммасида (бошқа ракъатларда ҳам) худди шундай қилгин”, — дедилар.

6 – “Сенгагина ибодат қиламиз ва сендангина мадад сўраймиз. Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин”. (Қуръони карим, «Фотиҳа» сураси, 5-6-оятлар).

“Иҳдино” – “Бизни (Тўғри Йўлга) ҳидоят қилгин”.

7 – “(Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен Ўзинг уларга (Тўғри Йўлни) инъом қилгансан – улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар – адашмаганлар”. (Қуръони карим, “Фотиҳа” сураси, 7-оят).

УЛКИМ, ҚУРЪОН ОЯТЛАРИНИ ИЛК МАРТА БИР-БИРИГА ҚАРАМА-ҚАРШИ ҚЎЙМИШ, ИБЛИС ЭДИ

Улки, Ҳақ анвори олдида деди
Айлабон илк бор қиёс, Иблис эди.

Деди: “Ўт тупроқдан афзалроқ эрур,
Мен оловдан, ул қаро тупроқ эрур.1

Аслини этсак қиёс икков аро,
Ул – зулумот, биз – ёруғ нурдан бино”.

Ҳақ деди: “Бўлмайди “ло ансоб”2 улар,
Зуҳду тақво фазл учун меҳроб бўлар.

Бул, ахир, фоний жаҳон меросимас,
Гарчи бил ансоб, лек, ул жон ичра, бас. 3400

Анбиё меросидир булнинг бари,
Жони озодлар – унинг ворислари.

Бу Жаҳл фарзанди мўмин бўлди пок,3
Бўлди Нуҳ ўғли аро йўлда ҳалок. 4

Бўлди хок насли мунаввар ойдайин,
Сен – олов насли, қароюз, кет, лаъин!”

Бул қиёс, тадқиқни қибла аҳли-чун
Қилди олим тунда ё ёмғирли кун.5

Каъба – қаршингда, қуёш чиққан заҳот,
Қилмагин бундай қиёс ва тадқиқот. 3405

Каъбани йўқ билма таққос-ла шу тоб,
Бурма юз, “Аллоҳу аълам би-с-савоб”.

Ҳақ қушиндан тингласанг ногоҳ садо,
Ўрганурсан сиртини сен аввало.

Сўнг ўзингга сен қиёс қилгувчисан,
Соф хаёлни сен асил билгувчисан.

Бор эрур абдолда изҳор қанчалар,
Топмагай сўзлар, бироқ, ундан хабар.

“Мантиқут-тайр”нинг садосин англадинг,
Юз қиёс, юз орзу пайдо айладинг.6 3410

Хастадай, дилларга сендан етди қасд,
Эрди кар тиғли гумони бирла маст.

Ул ваҳий мирзоси тинглаб қуш сасин,
Билди қушларга ўзин шерик, яқин.

Айлади кўр они, қуш қоққач қанот,
Дард, ажал қаъринга ташлаб шу заҳот.

“Ҳар нечук аксу гумонларга учиб,
Сўнг самовот аршидан кетманг тушиб!

Ҳоруту Морут эрурсиз гарчи сиз,
Энг баланд сафда қилувчи ўзни ҳис, 7 3415

Ҳар ёмоннинг қусрига раҳмат қилинг,
Кибру “мен”ликни мудом лаънат қилинг.

Гар ҳасад келгай чиқиб пистирмадан,
Сиз қуланг ер қаъри ичра юзтубан”.

Иккиси ҳам дерди: “Амр эт, эй, Худо!
Гар паноҳинг бўлмаса, қайда паноҳ?”

Шулни сўйлаб, дилда, лек, ўйларди зид:
“Биз ёмонликдан йироқ, “неъма-л-абид”.8

Берди изн, икки фаришта экди то,
Кибру худбинлик уруғин бенаво. 3420

Дердилар: “Эй, аҳли тан, сиз қанчалар
Руҳ элин поклигидансиз бехабар!

Парда тутгаймиз фалакка ҳар қадам,
Сўнг тушиб, чодир тикармиз ерга ҳам.

Жамғарармиз адл, ибодат айлабон,
Қайтамиз ҳар тун тағин гардун томон.

То бўлайлик мўъжиза бул давр аро,
Тинч-омонликлар ёярмиз ерга то”.

Ерга осмон ҳолини этмоқ қиёс,
Фарқи бордир яширин, келмайди мос. 3425

—————————-
1 – “(Шунда Оллоҳ) деди: “Эй иблис, Мен Ўз Қўлларим билан яратган нарсага – Одамга сажда қилишдан нима сени манъ қилди?! Кибру ҳаво қилдингми, ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!”. У айтди: “Мен ундан яхшироқман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг”. (Оллоҳ) деди: “Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳассиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган малъунсан. Ва албатта то жазо (Қиёмат) Кунигача сенга Менинг лаънатим бўлур”. (Қуръони карим, «Сод» сураси, 75-78-оятлар).

2 – “Бас, қачон сур чалинганида (яъни, Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар”. (Қуръони карим, «Мўминун» сураси, 101-оят).

“Ло ансоб” – “Насл-насаб қолмас”

3 – Бу Жаҳл фарзанди – Икрима ибн Абу Жаҳл, отаси Муҳаммад (с.а.в)нинг душмани бўлган. Муҳаммад (с.а.в) Маккани ишғол қилганларидан сўнг Абу Жаҳлнинг фарзанди Икрима ибн Абу Жаҳл исломни қабул қилган.

4 – “(Кема) уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: “Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга қолмагин!” У (ўғли) деди: “Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман”. (Нуҳ) айтди: “Бугун Оллоҳнинг (кофирларни ҳалок қилиш ҳақидаги) амридан бирон сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)” (Шу пайт) ўрталарини тўқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилингувчилардан бўлиб қолди. (Сўнгра): “Эй Ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгил (яъни, ёғишни бас қил”), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: “Золим қавмга ҳалокат бўлгай”, дейилди”. (Қуръони карим, “Ҳуд” сураси, 42-44-оятлар).

5 – Ижтиҳод, яъни, шаърий масалаларни Қуръонга, ҳадис ва ривоятларга асосланиб ечишда қабул қилинган қарор ёки чиқарилган ҳукм кейинчалик хато бўлишидан қатъий назар, қарор қабул қилинган вақтдаги тўлиқ ишонч асосий рол ўйнашига ишора.

6 – “Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жониворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир”. (Қуръони карим, «Намл» сураси, 16-оят).

7 – “(Фаришталар дедилар) : “Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир ўрин бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Оллоҳнинг амрини адо этурмиз). Дарҳақиқат, бизлар (Оллоҳнинг йўлида) саф тортиб тургувчилардирмиз. Дарҳақиқат, бизлар (Оллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) тасбеҳ айтгувчилардирмиз”. (Қуръони карим, «Вас-Саффот» сураси, 164-166-оятлар).

8 – “Неъма-л-абид” – “Яхши қуллар”

ҲАР КИШИ ЎЗ ҲОЛИ ВА МАСТЛИГИНИ ЖОҲИЛЛАРДАН ПИНҲОН ТУТМОFИ ЛОЗИМЛИГИ БАЁНИДА

Сен Ҳаким1дан сўз эшитгин маънилик,
“ Бода нўш этган жойингга бошни тик!”.

Чиқса маст майхонадан гангиб, карахт,
Ҳар гўдакка бўлгуси эрмак, мазах.

Ҳар томонга чайқалиб, лойга қулар,
Устидан ҳар йўлда ҳар нодон кулар.

Ҳоли шулдир, лек, гўдаклар – изма-из,
Ул майин завқ, кайфини қилмайди ҳис.

Халқ гўдакдир, Ҳақдан ул гар маст эмас,
Хомдир ул, гар ҳой-ҳавасдан айримас. 3430

Ҳақ демиш: “Кулгу-ўйиндир бул жаҳон,
Сиз гўдаксиз”. Ҳақ сўзи рост бегумон!2

Сен – ўйин ичра гўдак, буткул маҳол,
Руҳ закотин бермайин топмоқ камол.

Сен бу шаҳватни гўдак жимоъси бил,
Улки, бунда қондирурлар, эй, ўғил.

Не эрур гўдак жимоси? Бир ўйин,
Рустаму жангчи жимосимас у чин.

Гўдакона жанг у халқлар жанги ҳам,
Маънисиз, бир пулга қиммат, мағзи кам. 3435

Бори ёғоч тиғ-ла кечгай жанглари,
Фойдасиздир барча куй, оҳанглари .

Мингуси қамишни от янглиғ чунон,
Дер: “Буроқ бул бизга ё Дулдулсимон!”.3

Ҳомилу нодонлиги ортар улар,
От миниб гўёки, юк тортар улар.

Шошмагин, бир келса Ҳақ маҳмуллари,
Ошгай ул тўққиз қават кўкдан нари!

“Таъружу-р-руҳу илайҳи ва-л-малак,
Мин уружи-р-руҳи яҳтарру-л-фалак”.4 3440

Худди, гўдаксиз – этакдир сизга от,
Ул этак бурчин тутарсиз отсифот.

Ҳақдан “Инна занна ло юғний”5 келар,
Кўкка шубҳа отлари қандоқ елар?

“Ағлабу-з-заннайни фй таржиҳи зо,
Ло тумори-ш-шамса фй тавзиҳиҳо”.6

Отларингизни кўрарсиз шул заҳот,
Бўлганин бунда оёқлар сизга от.

Ваҳму фикру ҳиссу идроклар бари,
Бир қамиш бил, гўдак оти сингари. 3445

Илми – дил аҳлига ҳаммол сингари,
Илми тан аҳли учун юкдир бари.

Дилга сингувчи илм ёрдир – суюк,
Танга сингувчи илм – тан узра юк.

Ҳақ демишки: “Яҳмилу асфораҳу”,
Юк эрур илм, бўлмаса гар Ҳақдан у.7

Келмаса бевосита Ҳақ илми то,
Лаҳзалик – пардозчи бўёғинамо.

Юкни элтсанг эзгуликка бехато,
Юкни олгайлар, этиб шодлик ато. 3450

Нафс учун ҳеч элтма илминг борини,
То дилингда кўр илм омборини!

Сен агар илм отига минсанг қачон,
Тушгай ул елкангда бор юк бегумон.

Ким эрур Ҳу жомисиз нафсдан халос,
Ҳу эмас, Ҳу номига қонгай, холос.

Не яралгайдир сифат, номдан? Хаёл,
Ул хаёл даллол ва юз бергай висол.

Борми даллолким, далолат сўрмагай?
Бўлмаса йўл гар, залолат бўлмагай. 3455

Ҳеч ҳақиқатдан йироқ бўлгайми ном?
Гул тера олдингми, келгач “гоф”у “лом?”8

Номин айтдинг, номи борни изла, бас,
Ой эрур юксакда, ориқ ичрамас.

Ному ҳарфлардан чиқиб кетмоқ учун,
Ўзни покла сен ўзингдан, кўр бутун.

Бўл темир янглиғ темирдан – Ранги йўқ,
Бўл риёзат бирла кўзгу, занги йўқ.

Бор сифотдан ўзни озод айлагин,
Токи соф аслингни кўргин қайтадин. 3460

Анбиё илмин кўрарсан дил аро,
Бекитоб, бемуршиду бераҳнамо.

Деди Пайғамбар: Удир чин умматим,
Бўлса гар ҳамгавҳару ҳамҳимматим.

Мени ул нур бирла кўргай жонлари,
Менга ҳам сўнгра кўрингайдир бари”.9

Беҳадис, икки Саҳиҳ10сиз, бенақл,
Лек, улар обиҳаёт ичгай асил.

Англа “амсайно лакурдийан” сирин,
Ўқи “асбаҳно аробийан”ни сен.11 3465

Истасанг пинҳон илмнинг жилвасин,
Сўйлагин румлигу чинлик қиссасин.

———————————
1 – Ҳаким – Абулмажид Маждуд бинни Одам Саноий, Х11 асрда яшаган буюк шоир ва аллама. Байтдаги иккинчи сатр Саноийнинг “Ҳадиқа” асаридан, бироз ўзгартирилган ҳолда олинган.

2 – “Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир, холос. Албатта Оллоҳдан қўрқадиган кишилар учун Охират диёри яхшироқдир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!” (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 32-оят).

“Албатта бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир…” (Қуръони карим, “Муҳаммад” сураси, 36-оят).

3 – Дулдул – Муҳаммад (с.а.в) минган от исми. Уни пайғамбар (а.с)га Муқавқис ҳадя қилган, у зот эса Ҳазрат Алига совға қилган.

4 – “Фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил) миқдори – узунлиги (дунё ҳисобида) эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни, Қиёмат кунида) У Зотнинг ҳузурига кўтарилурлар”. (Қуръони карим, «Маориж» сураси, 4-оят).

“Таъружу-р-руҳу илайҳи ва-л-малак, мин уружи-р-руҳи яҳтарру-л-фалак”– “Фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил) У Зотнинг ҳузурига кўтарилур, бу кўтарилишдан осмон ларзага келур”

5 – “Уларнинг кўплари (жонли-жонсиз бутларга сиғинганларида) фақат гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини босолмайди. Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган ишларини Билгувчидир”. (Қуръони карим, «Юнус» сураси, 36-оят).

“Инна занна ло юғний” – “Гумон (ҳақиқатнинг) ўрнини босолмайди”

“Дарвоқеъ, Охиратга иймон келтирмайдиган кимсалар фаришталарни аёллар номи билан атайдилар. Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда (яъни, фаришталарнинг қайси жинсдан эканлиги ҳақида) бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар, холос. Аниқки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!” (Қуръони карим, “Ва-н-нажм” сураси, 27-28-оятлар).

6 – “Ағлабу-з-заннайни фй таржиҳи зо, ло тумори-ш-шамса фй тавзиҳиҳо” – “Икки гумоннинг ғолиби ва баланди ҳақдир. Ёруғликда қуёшга шак келтирма” (Аниқлаш керак!)

7 – “(Устларига) Таврот юкланган сўнгра уни кўтара олмаган (яъни, унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар (яҳудийлар)нинг мисоли худди (устига ортиб қўйилган) китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди (яъни, бу кимсалар унинг вазминлигидан чарчаб толадилар-у, аммо у Китобнинг ичидаги нарсалардан фойдаланмайдилар). Оллоҳнинг оятларини ёлғон, деган қавмнинг мисоли нақадар ёмондир. Оллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас!” (Қуръони карим, «Жумъа» сураси, 5-оят).

“Яҳмилу асфораҳу” – “Китобни кўтариб кетаётган(эшак)дай”

8 – “Гоф”у “лом” ҳарфлари қўшиб ёзилганда “гул” сўзи ҳосил бўлади.

9 – Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар: Айтингларчи, бир одамда пешонасида оқ белгили оти бўлса, у бир тўда отларнинг ичидан ўша отини таний оладими?”. Дедилар: “Албатта”. “Дарҳақиқат, менинг умматларим Қиёмат куни таҳоратларининг асаридан юзлари оппоқ нурли бўлиб бош кўтарадилар”. (Ҳадис).

10 – Икки саҳиҳ – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” (ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” – “Ишончли тўплам”) ва Абул-Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Найсобурийнинг “Саҳиҳи Муслим” тўпламлари назарда тутилган.

11 – “Амсайна лакурдийан” – “Хуфтонда курд эдим”

“Асбаҳно аробийан” – “Бомдодда араб бўлиб уйғондим”.

РУМЛИКЛАР ВА ЧИНЛИКЛАРНИНГ НАҚҚОШЛИК ҲАМДА МУСАВВИРЛИК САНЪАТИ БОБИДА БИР-БИРИ БИЛАН ТАЛАШИБ-ТОРТИШГАНИ

Деди чинликлар: “Улуғ наққош бу – биз”,
Деди румликлар: “Баланддир шонимиз.

Деди султон: “Айлагаймиз имтиҳон,
Шунда ким устунлиги бўлгай аён”.

Тортди саф чинлигу румлик бирма-бир,
Эрди румликлар илмда беназир.

Деди чинликлар: “Бир уй бизлар учун
Ажратилсин, бошқа уй – сизлар учун”. 3470

Икки уй – эшикма-эшик, икки ён,
Бир томон румлигу чинлик – бир томон.

Сўрди чинликлар бўёқ юз хил шу дам,
Ғазнасин очган маҳал шоҳ – муҳтарам.

Fазнадан юз хилда бўёқ, ҳар саҳар
Келди чинликларга текин ҳар сафар.

Деди румликлар: “Бўёқлар не керак?
Унмагай иш, токи зангни қирмасак”.

Беркитиб эшикни, занг қирмиш улар,
Кўкдайин силлиқ, тиниқ қилмиш улар. 3475

Рангдин йўл бор у рангсизликка то,
Ранг – булут, ой – барча ранглардин жудо.

Не жило бордир булутда, шуъла, нур,
Барчаси юлдуз, қуёш, ойдан эрур.

Иш тугаб, бор чинлик ул бўёқчилар,
Шодланиб сўнгра ноғора қоқдилар.

Шоҳ кириб кўрмиш улар нақшин шу дам,
Лол қиларди буткул ақлу ҳушни ҳам.

Сўнгра шоҳ йўл олди румликлар томон,
Ўртадан парда сурилмиш ногаҳон. 3480

Ундаги тасвирлар акси дам-бадам,
Бўлди соф, силлиқ деворлар узра жам.

Неки ул ён кўрди – бунда эрди соз,
Кўз қувонмиш, таърифига сўз ҳам оз.

Эрди румлик бори сўфий, эй, падар,
Беқироат, бекитобу беҳунар.

Лек, улар сайқал бериб, ўз дилларин
Этдилар пок нафсу макру кийнадин.

Софлик ул кўзгуда – васфи дил эрур,
Чеки йўқ сувратга ҳам қобил эрур. 3485

Беадад, сувратсиз ул ғайб акси то
Пок Мусога қўйнидан бермиш жило.

Сиғмас ул суврат фалак сатҳи аро,
На балиқ, на сув, на ер, на Аршда жо.

Чунки, чекланган, саноқли бори, боқ,
Бўлмагай дил кўзгусин ҳадди, бироқ.

Жим эрур бунда ва ё гумроҳ – ақл,
Чунки, кўнгил бирла ёхуд ўзи – дил.

Порламайди барча нақш акси абад
Дилдан акс порлар – ададли, беадад. 3490

Тоабад ҳар янги суврат ул аро
Акс этар буткул ҳижобдан мосуво.

Сайқал аҳлиндан йироқ рангу ифор,
Ҳар нафас кўргай чиройни беқарор.

Қолдириб илм нақши ҳам пўчоғини,
Тикдилар айнуляқин1 байроғини.

Кетди фикру шуъладорлик топдилар,
Денгизу уммонга ёрлик топдилар.

Барчага қўрқув, ваҳм солгай ажал,
Масхара бўлмиш уларга ҳар маҳал. 3495

Қалби узра қучмагай ҳеч ким зафар,
Дур эмас, кўргай садаф бундан зарар.

Фиқҳу наҳв илмидан олис кетдилар,
Лек, фақирликни улар маҳв этдилар.

То берар саккиз биҳишт2 нақши жило,
Ҳар юрак лавҳи уларга ёр, раво.

Аршу бўшлиқ, Курсидан юксак, азим,
Ҳақ таоло Сидқ уйинда эрса ким.3

—————————
1 – “Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди, (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)! Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар! Яна бир бор қасамки, сизлар уни аниқ кўриш билан кўрурсизлар!” (Қуръони карим, «Такосур» сураси, 5-7-оятлар).

Айнуляқин – “Аниқ кўриш билан”.

Тасаввуфда ишончнинг уч мартабаси бор: Биринчиси – илмуляқин (бирор иш ёхуд нарсанинг моҳиятини шак-шубҳасиз англаш), иккинчиси – айнуляқин (бирор иш ёхуд нарсани ўз кўзи билан кўриш, масалан, оловни узоқдан кўриш), учинчиси – ҳаққуляқин, бирор нарсага кириб бориш, унга айланиш ёки ўша нарсада маҳв бўлиш). Масалан, заҳар ичса ўлишини англаш – илмуляқин, заҳар ичиб ўлган одамни ўз кўзи билан кўриш – айнуляқин, заҳарни ичиб, жон бермоқ – ҳаққуляқин.

2 – Саккиз биҳишт – Жаннатдаги саккиз боғ, яъни, хулд, доруссалом, дорулқарор, адн, жаннат-ул-маъво, жаннат-ул-наъим, иллийин, фирдавс назарда тутилган.

3 – “Албатта тақводор зотлар жаннатларда ва дарёлар (усти)да, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда бўлурлар”. (Қуръони карим, «Қамар» сураси, 54-55-оятлар).

ПАЙҒАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ЗАЙДДАН: “БУГУН НЕЧУКСАН, ҚАНДАЙ ОЁҚҚА ТУРДИНГ?” — ДЕБ СЎРАГАНИ ВА ЗАЙД: “АСБАҲТУ МЎЪМИНАН ЭЙ, РАСУЛЛУЛЛОҲ!” — ДЕБ ЖАВОБ ҚАЙТАРГАНИ

Сўрди ҳол Зайд1дан Расул бир тонг, саҳар:
“Кайфа асбаҳт”,2 эй, қадрдон, бер хабар?” 3500

Деди: “Абдан мўъминан”.3 Сўрмиш шу пайт:
“Қайда иймон боғи, гар яшнайди, айт?”

Деди: “Эзмиш ташналик бир неча кун,
Уйқу бермас ишқу дардлар кеча-кун.

Тун ва кунлардан ўтолмам мен нари,
Тиғ учи қалқондан ўтган сингари.

Ул тарафда неча миллат бир эрур,
Неча юз минг йил ва соат бир эрур.

Ҳам азал ҳамда абаддир бир бутун,
Ахтариб топмоққа йўл йўқ ақл учун”. 3505

Деди: “Борми армуғон бул йўлга хос?
Бул диёр фаҳм-ақлига келгайми мос?”

Деди: “Халқ осмонни кўргай ҳар қадам,
Мен кўрарман Арш ила Аршликни ҳам.

Етти дўзах,4 саккиз ул жаннат бари
Юзма-юздир, бутпарат-бут сингари.

Англагайман бирма-бир мен барчасин,
Арпадан буғдойни ажратгандайин.

Жаннатий ким, ким эрур бегона жон?
Мен учун болиқ, илон янглиғ аён”. 3510

Айни пайт бошдан кечиргай бул гуруҳ,
“Явма табяззу ва тасвадду вужуҳ”.5

Бундан олдин гарчи жон айбдор эди,
Халқдан олис, бачадонда бор эди.

“Аш-шақиййу ман шақий фй батни-л-ум,
Мин симоти-л-жисми юъраф ҳолуҳум”.6

Тан – она, жон гўдагин асрар азал,
Қалтироқ, тўлғоқ азобидир ажал.

Барча ўтган жонлар интиқ доимо,
Деб, бу манман жон нечук бўлгай бино? 3515

Занжилар дейди: “Эрур биздек ўшал!”,
Дейди румликлар: “Эрур беҳад гўзал!”.

Тоза жон дунёсида бўлса бино,
Ихтилоф билмасди оқ бирлан қаро.

Занжи эрса, улни занжи элтадир,
Румлик эрса, румлик элтар бирма-бир.

То туғилмайди – қийин оламга ҳам,
Ким туғилмайди, уни билгувчи кам.

Эҳтимол “янзур бинуриллоҳ”дир ул,
Пўстининг остида бордир унга йўл.7 3520

Гар маний асли ёқимтой ҳамда оқ,
Занжи, румлик жонининг акси, бироқ.

“Аҳсану-т-тақвим”8га сўнгра ранг тарар,
Бул яримни элтадир асфал9 қадар.

Ушбу гап бўлмас тамом, айтган билан,
Қайт, юрайлик токи карвон ортидан.

“Явма табяззу ва тасвадду вужуҳ”,10
Туркми, ҳинд, дарҳол танийди ул гуруҳ.

Туркми ё ҳинд – бачадонда ноаён,
Зору зўр дерлар туғилгач шул замон. 3525

“Эр-аёлдан барчани мен бегумон,
Ул Қиёмат кунидай кўргум аён.

Сўйлайинми ё ютай ичга нафас?”
Мустафо жим тишламиш лаб, яъни, бас!

“Эй, Расул, маҳшар сирин сўйлайми то?
Ё қилай маҳшарни бор олам аро?

Пардаларни йиртайин – айла раво,
То қуёшдай гавҳарим берсин жило.

То қуёш мендан тутилсин кўкда лол,
Кўрсатай то борлигин хурмою тол. 3530

Айлайин ошкор Қиёматнинг сирин,
Фош қилай ҳам асли, ҳам қалбакисин.

Чап томон мажруҳ қўли бирлан шу дам,
Кўрсатай куфру қизил рангларни ҳам.11

То кўринсин етти тирқишдай риё,
Пок, тутилмас ой сочаркан нур, зиё.

Кўрсатай шумлар матосин, англасин,
Анбиё қоққан ноғора зарбасин.

Дўзаху жаннат, аро ғовларки бор,
Кўрсатай куфр аҳлига мен ошкор. 3535

Кўрсатай жўшгувчи Кавсар ҳавзасин,
Сувни юз, бонгин қулоқ ҳис айласин.

Кимки атрофинда кезгай ташна, зор,
Барчасин мен кўрсатай то ошкор.

Ишқагай кифтимга кифтин барчаси,
Ҳам қулоғимга етар доду саси.

Жаннат аҳлин кўргум, айлаб ихтиёр,
Бир-бирин бағрига тортар беғубор.12

Бир-бирин йўқлаб, зиёрат айлагай,
Лаблариндан бўса ғорат айлагай. 3540

Бўлди кар буткул қулоғим, оҳу воҳ
Тортса ҳам нокас фиғон: “Во ҳасрато!”.

Бул ишоратдир, агар айтсам барин,
Қўрқаман, деб то Расул ғам чекмасин”.

Сўйламиш шул тарзда сармасту хароб,
Тутди Пағамбар яқосиндан шу тоб.

Деди: “Ҳой, отинг қизиб кетмоқда, қайт,
Ҳақдан акс “Ло ястаҳи”13 етмиш, уят.

Ойинанг чиқмиш ғилофдан айни пайт,
Кўзгу ҳам мезон хилоф сўйларми, айт? 3545

Кўзгу ва мезон турарми жим, ахир?
Деб: Уят ё ғам етар деб кимгадир?

Кўзгу ҳам мезон – маҳактош бебаҳо,
Икки юз йил хизматин этсанг адо,

Айтсанг: “Айла ҳақни пинҳон мен учун,
Кўпни кўрсат, камни ёшир кеча-кун”.

Дейди: “Мўйлову соқолдан кулмагин!
Кўзгу, мезон бор, риё, панд қилмагин”.

Бизга Ҳақ қилмиш баландликни раво,
То ҳақиқат биздан олсин ранг, жило. 3550

Йўқса, бизлар ҳеч вақомиз, эй, ўғил!
Биз нечук пок юзга бўлгаймиз далил?

Кўзгуни жойла ғилоф ичра, бироқ,
Айласин кўксингни Сино нур, чироқ”.14

Деди Зайд: “Қўйнимга сиғгайми, ахир,
Ҳақ, азал офтоби, порлоқ, беназир?

Ҳам макрни, ҳам бағирни йиртадир,
На жунун, на ақлу ҳуш-ла биргадир”.

Деди: “Қўйсанг кўзга бармоғинг агар,
Кўргай оламни қуёшсиз ҳар сафар. 3555

Битта бармоқ бирла ой бўлмиш ниҳон,
Бўлди Шоҳ пинҳонлигиндан бир нишон.

Қопламиш бир нуқта оламни шу тоб,
Битта хас боис тутилмиш офтоб”.

Лабни ёп, денгиз тубига боқ бу дам,
Қилди Ҳақ денгизни одамга қарам.

Салсабилу Занжабилда чашмалар,
Жаннат аҳлин амрига, лек, шайланар. 15

Жаннат ичра тўрт ариқдир бизга қул,
Бул эмас зўрлик, Худонинг амри бул.16 3560

Хоҳласа ерга этармиз тез равон,
Ҳар сеҳргар истагин сеҳрисимон.

Ҳамда жуфт чашма – равон кўздай улар,
Жону қалбнинг амрига тайёр турар.

Хоҳласа, боргай илон, оғу томон,
Хоҳласа, бўлгуси ибрат бегумон.

Хоҳласа, боргай улар идрок сари,
Хоҳласа, боргуси пинҳонга бари.

Хоҳласа гар, куллиётга борадир,
Хоҳласа, қолгуси жузв ичра асир. 3565

Шул йўсин беш сезги ҳам мисли қувур,
Дил, мурод , амри-ла ўтгувчи эрур.

Қай тараф қилса ишорат гар юрак,
Бешта ҳис боргай у ён судраб этак.

Қўл-оёққа бўлди қалб ҳукми раво,
Худдики, Мусо қўлинда бир асо.17

Кўнгил истарки, оёқлар рақс этиб,
То зарардан фойдага борсин етиб.

Кўнгил истар, ўрганиб қўллар ҳисоб,
Токи бармоғи билан битсин китоб. 3570

Қўл ниҳонлик қўлидан кетмас йироқ,
Ичда ул, тан сиртда ўрнашмиш, бироқ.

Хоҳласа, бўлгай илонга ёв чунон,
Хоҳласа, ёрдир валийга бегумон.

Хоҳласа – чўмич, таом ичра нуқул,
Хоҳласа, гурзи эрур ўн пудлик ул.

Не дегай кўнгил уларга? Бул ажаб,
Ул ажиб васлу ниҳонликлар сабаб.

Дил Сулаймон муҳри18ни топмиш, наҳот?
Тортадир беш ҳис жиловин шул заҳот. 3575

Сиртида ўнғай туродир бешта ҳис,
Кутгай амрин ичда беш ҳис, шубҳасиз.

Етти аъзо, ўнта ҳис ва қанчалаб,
Неки сўзга сиғмагай, кўргин санаб.

Эй, юрак, гар сен Сулаймон – беқусур,
Дев, парига қўл билан муҳрингни ур!

Гар чекинсанг, мулкда ёв макри етиб,
Учта дев муҳринг ололмас жаҳд этиб.19

Сўнгра номинг қамрагай оламни тез,
Бўйсунар икки жаҳон тандай у кез. 3580

Гар узукни дев қўлингдан элтадир,
Шоҳлигинг бекор, ўлар бахтинг, ахир!

Бўлгуси “ё, ҳасрато” сўнг “ё, ибод”
Ҳам муқаррар токи ул “явма-т-танод”.20

Айласанг макрингни рад, қолгай қачон,
Кўзгу, мезон дастидан жонинг омон?

———————————
1 – Зайд ибн Ҳориса – саҳоба, Муҳаммад (с.а.в)нинг озод қилган қули ва тутинган ўғли. Ҳазрати Хадичадан кейин маккалик илк мусулмонларнинг учинчиси, Қуръон(“Аҳзоб” сураси, 37-оят)да зикр қилинган бирдан-бир саҳоба.

2 – “Кайфа асбаҳт” – “Қандай ётиб турдинг?”

3 – “Абдан мўъминан” – “Иймонли қул бўлиб”.

4 – “У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлинур”. (Қуръони карим, “Ҳижр” сураси, 43-44-оятлар).

5 – “Сизлар яна аниқ ҳужжатлар келганидан кейин фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетган ва ьир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир. (Қиёмат) Кунида (мўминларнинг) юзлари оқ бўлур, (кофирларнинг) юзлари қора бўлур. Сўнг юзлари қора бўлган кимсаларга (айтилур): «Иймон келтиргандан кейин яна кофир бўлдингларми?!…” (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 105-106-оятлар).

“Явма табяззу ва тасвадду вужуҳ” – “Юзлари оқ ва қора бўладиган кун”

6 – “Аш-шақиййу ман шақий фй батни-л-ум, мин симоти-л-жисми юъраф ҳолуҳум” – “Ким онасининг қорнида бадбахт бўлса, бадбахт ўшадир. Уларнинг ҳоли жисм аломатидан маълумдир”.

“Онасининг қорнида бахтли бўлган бахтлидир, онасининг қорнида бахтсиз бўлган бахтсиздир”. (Ҳадис).

7 – “Янзур бинуриллаҳ” – “Оллоҳ нури билан қарайди”. “Мўмин кишининг фаросатли назаридан эҳтиёт бўлинглар, чунки, у Оллоҳ нури билан қарайди” ҳадисига ишора.

“(У) Оллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур!” (Қуръони карим, «Ҳумаза» сураси, 6-7-оятлар).

8 – “Дарҳақиқат, Биз инсонни энг гўзал шаклу шамойилда яратдик. Сўнгра (у Биз ато этган шундай гўзал сурат ва мукаммал ҳилқатнинг шукрини қилмасдан, куфру туғён йўлига кетгач), уни асфаласофинга (яъни, энг тубан дўзахга) қайтардик”. (Қуръони карим, «Ват-Тийн» сураси, 4-5-оятлар).

“Аҳсану-т-тақвим” – “Гўзал шаклу шамойил”

9 – Асфал – асфаласофин, яъни, энг тубан дўзах.

10 – “Явма табяззу ва тасвадду вужуҳ” – “Юзлар оқ ва қора бўладиган кун”.

11 – “Чап томон эгалари… Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Улар дўзахда тинимсиз эсиб турадиган, баданларни илма-тешик қилиб юборувчи) Самум (шамоли) ва қайноқ сув ичида; Ва на салқин, на фойдали бўлмаган қора тутундан иборат «соя» (остида)дирлар”. (Қуръони карим, «Воқеа» сураси, 41-44-оятлар).

12 – “Биз (жаннатлардаги) сўриларда дўст-биродар бўлиб, бир-бирларига рўбарў ўтирган зотларнинг дилларидаги ҳар қандай гина-кудуратларни чиқариб ташладик”. (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 47-оят).

13 – “Оллоҳ чивин ёки ундан-да ҳақир нарсалар ҳақида масал айтишдан ҳеч тортинмайди. Иймонли кишилар унинг (масалнинг) ҳақиқатан, Парвардигорлари тарафидан эканини биладилар. Кофирлар эса: “Буни мисол қилиш билан Оллоҳ нима демоқчи?, дейдилар. Бу масал сабаб (Оллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилади”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 26-оят).

“Ло ястаҳи” – “Ҳақ(ни айтиш)дан тортинмас”

“…Чунки бу (ишларингиз) Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Оллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан тортинмас…” (Қуръони карим, “Аҳзоб” сураси, 53-оят).

14 – “Қачонки Мусо ваъдалашган вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач, у: “Парвардигорим, менга (жамолингни) кўрсатгин. Сенга бир қарай”, деди. (Оллоҳ) айтди: “Сен Мени (бу дунёда) ҳаргиз кўролмайсан. Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман). Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан”. Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади ва (бу ҳолни кўрган) Мусо ҳушсиз ҳолда йиқилди…” (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 143-оят).

15 – “(Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар билан (жаннатлардаги) салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма билан суғорилурлар”. (Қуръони карим, «Инсон» сураси, 17-18-оятлар).

16 – “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир…” (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 15-оят).

17 – “Бас, улар арқон ва асоларини (Ерга) ташладилар ва: “Фиръавннинг қудратига қасамки, албатта бизларгина ғолиб бўлгувчидирмиз”, дедилар. Сўнг Мусо асосини ташлаган эди, баногоҳ у (асо) уларнинг “уйдирма”ларини юта бошлади. Шунда у сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида Ерга ташланиб: “Барча оламларнинг Парвардигорига – Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига иймон келтирдик”, дедилар. (Қуръони карим, «Шуаро» сураси, 44-47-оятлар).

18 – Ривоят қилишларича, Сулаймон пайғамбар таҳорат адо этиш вақтида узугини ечиб, хизматкорига беради. Дев Сулаймон қиёфасига кириб, хизматкордан узукни олади ва қирқ кун давомида тахтда ўтиради. Бундан огоҳ бўлган Сулаймон чўл-биёбонга чиқиб кетади ва илтижо, тавба билан машғул бўлади. Сулаймоннинг яқинлари девдан шубҳалана бошлагач, дев қочиб, узукни денгизга улоқтиради ва уни бир балиқ ютиб юборади. Бир балиқчи ўша балиқни тутиб, уни Сулаймонга совға қилади. Сулаймон балиқнинг ичидан ўз узугини топади, Оллоҳга шукрона айтиб, яна тахтга ўтиради.

19 – “Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. (Ҳолбуки), бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Оллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир. (Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ, унга интилмоқ лозим)”. (Қуръони карим, “Ол-и-имрон” сураси, 14-оят).

Учта дев – Аёллар, болалар, мол-матоҳ.

20 – “(Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилиб, уларга озор-азият етказадиган барча) бандаларга ҳасрат-надомат бўлгай! Уларга бирон пайғамбар келмас, магар улар унинг устидан масхара қилиб кулгувчи бўлурлар”. (Қуръони карим, “Ёсин” сураси, 30-оят).

“Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни, Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқаман”. (Қуръони карим, «Fофир» сураси, 32-оят).

“Явма-т-танад” – “Нидо қилиб қоладиган Кун (яъни, Қиёмат Куни)”

ХИЗМАТКОР ВА ҚУЛЛАРНИНГ: “БИЗ ОЛИБ КЕЛАЁТГАН ҲЎЛ, ШЎРТАК МЕВАЛАРНИ ЕБ ҚЎЙДИ” — ДЕБ ЛУҚМОНГА ТУҲМАТ ҚИЛГАНИ

Хожада Луқмон деган қул бор эди,
Қуллар ичра энг кўримсиз, хор эди.1

Қулларин хожа юбормиш ҳар замон,
Мева тердирмоқ учун, боғи томон. 3585

Эрди Луқмон қуллар ичра хор, юпун,
Маънилик, мунглиғнамо, тунд мисли тун.

Қуллар эрса меваларни боғ аро
Еди очкўзлик билан бўккунча то.

Сўнг демишлар хожага: “Луқмон еди”,
Хожа Луқмондан ғазабланган эди.

Хожа қаҳрин боисин қилганда ҳис,
Шунда Луқмон хожага очди оғиз.

Ул деди: “Эй, Ҳақ сайиди, хушусул,
Бўлмагай хоин, қаноат этса қул. 3590

Эй, карим, қил имтиҳон сен бирма-бир,
Барчага тўйгунча иссиқ сув ичир.

Чеки йўқ саҳро ичинда беаёв,
Сўнг югуртир, сен уловда, биз яёв.

Англагайсан шунда нокас қилмишин,
Ҳамда Сир Очгувчининг ошкор сирин”.

Хожа иссиқ сувга бўлди косагул,
Ичди бир-бир қўрқув ичра барча қул.2

Сўнг югуртирмиш дала-даштга шу кез,
Чопди қуллар паст-баландлик узра тез. 3595

Қусди босим зўридан бор емагин,
Қусдирарди сув еган бор мевасин.

Қусди Луқмон ҳам тойиб ҳолдан тани,
Тоза сув эрди ичиндан тушгани.

Эрса Луқмон ҳикмати гар беҳудуд,
Кўрсатар не ҳикмат ул Раббулвужуд?3

“Явма тубло ва-с-сароир куллуҳо,
Бона минкум коминун ло юштаҳо”.4

Гар “суқу моъун ҳамиман, қуттиат,
Жумлату-л-астори, мимо уфзинат”.5 3600

Бўлди оташ шул сабаб кофирга ёв,
Чунки, оташ тош учун оғир синов.

Сўйладик тош қалбга юмшоқ гарчи, биз,
Қилмади, аммо, қабул бул пандимиз.6

Гар яра сассиқ, даво – сассиқ ниши,
Калла гар эшшакники, мос – ит тиши.

“Ал-хабисот ал-хабисин” рост эрур,
Ҳар ямон жуфти ёмонга мос эрур.7

Истаган жуфтлик сари қоққин қанот,
Ўзни маҳв эт, ундан ол шаклу сифот. 3605

Истасанг нур, нурга шай бўл, нурни сўр,
Истамас эрсанг, йироқ бўл, ўзни кўр.

Чиқ бу чоҳдан, истасанг, йўл ахтариб,8
Тортма бош Дўстдан ва “в-асжуд в-ақтариб”.9

———————————
1 – “Аниқки, Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): “Оллоҳга шукр қилгин! Ким шукр қилса, фақат ўз фойдаси учун шукр қилур (яъни, қилган шукрининг фойдаси ўзига бўлур)”. (Қуръони карим, «Луқмон» сураси, 12-оят).

2 – “… Ана ўша кимсалар қилган амаллари сабабли (Оллоҳнинг азобига) ташланурлар”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 70-оят).

3 – Раббулвужуд – Борлиқ Эгаси

4 – “Шак-шубҳасиз, (Оллоҳ) уни сирлар фош қилинадиган (Қиёмат) Кунида қайта тирилтиришга Қодирдир”. (Қуръони карим, «Ториқ» сураси, 8-9-оятлар).

“Явма тубло ва-с-сароир куллуҳо, бона минкум коминун ло юштаҳо” – “Қиёмат куни рўй беради ва сирларингиз фош бўлади. Сиздан шундай асрор фош бўладики, унинг ошкор бўлишини истамайсиз”.

5 – “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 15-оят).

“Суқу моъун ҳамиман, қуттиат, жумлату-л-астори, мимо уфзинат” – “Қачонки, дўзахнинг қайноқ сувидан ичсалар ва аъзолари пора-пора бўлса, барча пардалар орадан кўтарилиб, расволик аён бўлади”.

6 – “(Эй Бани Исроил), сўнгра (шундай мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам (иймонга келиш ўрнига) дилларингиз қотди. Бас, у (диллар) тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари брки, ёрилиб, ичидан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Оллоҳдан қўрққанидан (чўққилардан) пастга қулайди. Оллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 74-оят).

7 – “Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир. Ана ўша (покиза эрлар ва покиза аёллар) уларнинг (яъни, нопок эрла рва нопок аёлларнинг) айтаётган бўҳтонларидан покдирлар. Улар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат неъматлари) бордир”. (Қуръони карим, «Нур» сураси, 26-оят).

“Ал-хабисот ал-хабисин” – “Покиза аёллар покиза эрлар учун”.

8 – “Бу дунё мўмин учун жаҳаннам зиндони, кофир учун эса жаннатдир”. (Ҳадис).

9 – “Йўқ! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз унга итоат этманг ва(Ёлғиз) Оллоҳга сажда-ибодат қилиб, (У Зотга) яқин бўлинг!” (Қуръони карим, «Алақ» сураси, 19-оят).

“Ва-асжуд в-ақтариб” – “Сажда-ибодат қилиб, яқин бўлинг!”.

ЗАЙД ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ. УНИНГ РАСУЛ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА ЖАВОБИ

Тинмагай, эй, Зайд, бу гап, айтган билан,
Сўз Буроғин пойига ургин кишан.

Гап агар айбларни буткул фош қилар,
Шунда ғайбнинг пардаси ҳам йиртилар.

Ҳаққа матлуб бўлди Ғайб бир неча дам,
Ҳайда бул ноғорачин, тўс йўлни ҳам! 3610

Торт жилов, елдирма, пинҳон яхшидур,
Яхшидир – ким фикридан топса сурур.1

Ҳақ тилар, ким ноумид этмиш ўзин,
Бурмасин то бул ибодатдан юзин.

Лойиқ ўлсин ҳам умидга кеча-кун,
Токи от узра у елсин неча кун.

Барчага раҳмат йўғирсин ҳар қадам,
Ҳар ёмон-яхшига, Ҳақ айлаб карам.

Истагай Ҳақ, ҳар амиру ҳар асир
Хавф, умиддан огоҳ ўлсин бирма-бир. 3615

Хавф, умидлар, худди, парда ичрадек,
То етилсин парданинг ортинда, лек.

Хавф, умид қайда, юлингач пардалар?
Fайбда фош бўлди шукуҳ-шон қанчалар!

Бир йигит қирғоқда айларди гумон:
“Ул Сулаймонми балиқчимиз?” — дебон.

Гар у, нега якка, пинҳон кеча-кун?
Йўқса, ул ўхшар Сулаймонга нечун?”

Шундайин ўй бирла қилгай иштибоҳ,
Токи бўлгунча Сулаймон эга, шоҳ. 3620

Бўлди дев тахт-мулкидан олис ва даф,
Қилди бахт тийғи билан шайтонни маҳв.

Қўлга ул таққач узугин, ҳар қадам
Дев, парилар лашкари сўнг бўлди жам.

Келдилар барча тамошога шу дам,
Бор эди бунда гумон қилгувчи ҳам.

Сўнгра бармоқда узук кўрган ҳамон,
Кетди тарқаб унда бор тусмол, гумон.2

Бор гумон – қайда ниҳон бўлса надир,
Бул – ниҳонни изламакка чорадир. 3625

Ул ниҳонлик қамрамиш дилни чунон,
Ул аён бўлган заҳот, кетмиш гумон.

Кўк ёруғ гар – беқурум бўлмас мудом,
Ер қаро гар – беунум бўлмас мудом.

“Юъминун билғайб”3 эрур Менга яқин,
Чунки, ёпдим фоний олам дарчасин.

Гар тешиб осмонни, этсам Мен зуҳур,
Мен нечук дей: “Ҳал таро фиҳо футур?”.4

Зулмат ичра изланиб токим юрар,
Ҳар бири ҳар хил томонга юз бурар. 3630

Бир нафас тескари бўлгай тўғрилар,
Дорга элтар соқчиларни ўғрилар.

Кўп эрур ҳимматли султонлар, ахир,
Ўз қулига гоҳида қулдир, асир.

Бандалик ғайб ичра бўлгай беназир,
Ғойибона айласанг гар сен қадр .

Шоҳни шоҳ олдида мадҳ этгич қани?
Тортинар, шоҳ бўлмаса мадҳ этгани.

Қалъа беги мулкидан гар ташқари,
Мулки султон сояси – ундан нари. 3635

Қалъани душмандан асрар ҳар қадам,
Сотмас улни беҳисоб бойликка ҳам.

Гарчи шоҳдан ғойиб ул сарҳад аро,
Ҳозир ўлган сингари айлар вафо.

Ўзгалардан афзал ул, лек, шоҳ учун,
Гарчи кўпдир жонфидолар кеча-кун.

Йўғида жиндак хаёл ҳам, барибир,
Борида юз минг хаёлдан яхшидир.5

Тоат, иймон ҳамдига тўлмиш жаҳон,
Бўлди рад, бўлгач ўлимдан сўнг аён. 3640

Афзал эрса ғайбу ғойиб, пардалар,
Юм оғизни, жимлик афзал қанчалар.

Эй, биродар, қўлни чўзма гап учун,
Ҳақ ўзи пайдо қилар илми ладун.6

Сўнг юзи бўлгай қуёшга чин гувоҳ,
“Аййу шайъин аъзаму-ш-шоҳид? Илоҳ”.7

Йўқ, дегайман, гар баёнда муштарак,
Ҳам Худо, ҳам олиму ҳам ҳар малак:

“Яшҳадуллаҳ ва-л-малак в-аҳлу-л-улум,
Аннаҳу ло рабба илло ман ядум”.8 3645

Ҳақ гувоҳлик берса, ким эрмиш малак,
Ул гувоҳликда турарми муштарак?

Шул сабаб, гар шуъласин сочгай қуёш,
Ҳар хароб кўнгил ва кўз бермайди дош.

Шабпарак янглиғ, қуёш қиздирса лол,
Дош беролмасдан, умид узган мисол.

Ҳар малакни биз каби бил ошно,
Жилва қилгувчи қуёшдай кўк аро.

Неки нур олдик, халифа сингари
Армуғон этдик заиф, ожиз сари. 3650

Мисли ой – уч кунлигу янги, тўлин,
Ҳар малакда бор камол, қадру ўрин.

Ул қанотларданким, уч-тўртта эрур,
Ҳар малакда ўрнига мос бор у нур. 9

Одамий ақлин қаноти сингари
Ўртада бордир уларнинг фарқлари.

Бас, башарга хос ёмону яхшида,
Ул малак бордирки, ўхшаш аслида.10

Хийра кўз дош бермагач офтобга мўл,
Бўлди юлдуз унга шам, топгунча йўл”. 3655

–––––––––––––––––––––––
1 – “(Оллоҳга) қайтгувчи бўлган ҳолларингизда (Унинг Динини маҳкам тутинглар) ва У Зотдан қўрқинглар ҳамда намозни тўкис адо қилинглар! Мушриклардан бўлманглар! Динларини бўлиб, фирқа-фирқа бўлиб олган кимсалардан (бўлманглар)! Ҳар бир ҳизб-фирқа фақат ўз олдиларидаги нарса билан хурсанддирлар”. (Қуръони карим, “Рум” сураси, 31-32-оятлар).

2 – Бундан олдинги ҳикоятлардаги “Сулаймон муҳри” изоҳида бу хусусда маълумот берилган.

3 – “(Оллоҳ таолонинг Ҳақ каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб ғойибга ишонадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладиган тақволи кишилар учун Ҳидоят – Тўғри Йўлдир”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 3-оят).

“Юъминун билғайб” – “Ғойибга ишонадиган”

4 – “(У) етти осмонни устма-уст қилиб яратган Зотдирки, сен (эй инсон), У Раҳмоннинг (Меҳрибон Зотнинг) яратишида бирон тафовут – нуқсонни кўрмассан. Энди кўзингни яна (самога) қайтаргин-чи, (унда) бирон футур-ёриқни кўрармикансан?” (Қуръони карим, «Мулк» сураси, 3-оят).

“Ҳал таро фиҳо футур” – “(Унда) бирон футур-ёриқни кўрармикансан?”

5 – “Махфий дуо қилмоқ етмиш бор ошкора дуо қилмоқ ила баробардир”. (Ҳадис).

6 – “Бас, бандаларимиздан бир бандани топдиларки, Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат (яъни, пайғамбарлик) ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 65-оят).

7 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг (сўранг): “Қай нарса (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга) энг улуғ гувоҳ бўлур?” Айтинг: “Оллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда Гувоҳдир…” (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 19-оят).

“Аййу шайъин аъзаму-ш-шоҳид?” – “Қай нарса (менинг Пайғамбар эканимга) энг улуғ гувоҳ бўлур?”.

8 – “Оллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. У адолат билан тургувчи — Ҳукм қилгувчидир. Ҳеч қандай Тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У Қудратли, ҳикмат Эгасидир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 18-оят).

9 – “Ҳамду сано осмонлар ва Ерни илк Яратгувчи ҳамда (Ўзи билан бандалари ўртасида) фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар (воситачилар) қилгувчи Оллоҳ учундир. У Зот (яратган) махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир” (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 1-оят).

“(Фаришталар дедилар): “Бизларнинг ҳар биримиз учун (осмонларда) аниқ маълум бир ўрин бордир(ки, бизлар ана ўша ўрнимизда Оллоҳнинг амрини адо этурмиз). Дарҳақиқат, бизлар (Оллоҳнинг Йўлида) саф тортиб тургувчилардирмиз. Дарҳақиқат, бизлар (Оллоҳни ҳар қандай айбу нуқсондан поклаб) – тасбеҳ айтгувчилардирмиз”. (Қуръони карим, “Вас-саффот” сураси, 164-166-оятлар).

10 – “Зотан, ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб – ёзиб турурлар”. (Қуръони карим, «Қоф» сураси, 17-оят).

ПАЙҒАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ЗАЙДГА: “БУ СИРНИ КЕРАГИДАН ОРТИҚ ОШКОР АЙЛАМА ҲАМДА УНГА ИТОАТ ҚИЛГИН” — ДЕГАНИ

Деди Пайғамбар: “Нужум сафдош эрур,1
Йўлчига шамдир, Билисга тош эрур.2

Кимда бордир бундайин куч, бул нигоҳ,
То фалак офтобидан олсин жило.

Сенга юлдуз не керакдир, эй, залил,
Бўлгали нурдан, қуёшдан бир далил?

Ҳар булут, хок, сояга ой сўйлагай:
“Мен башар эрдим, бироқ, “юҳо илай”.3

Сиздайин эрдим қоронғу ҳам қаро,
Сўнг қуёш ваҳйи этибдир нур ато. 3660

Зулматим бордир қуёшга нисбатан,
Нурдайин зулматли жонлар ичраман.

Мен заифман, токи бўл деб барқарор,
Сен эмассан улки, порлоқ нурга ёр.

Сирка ва болдай қоришдим бунда мўл,
Топгунимча то жигар дардига йўл.

Иллатингдан гар қутилсанг, эй, асир,
Сиркани қўй, е асалдан бирма-бир.

Тикланиб дил тахти, кетса ҳирс-ҳаво,
Боқким, “арраҳмон ала-л-арш иставо”. 4 3665

Қалбга Ҳақ қилгай ҳукм бевосита,
Топса гар бул дилга шундай робита.5

Ушбу сўз бўлмас тамом, Зайд қайдадир?
То қилай панд: “Излама иснод, ахир!”.

———————————
1 – “Саҳобаларим юлдузга ўхшашдир, қай бирига эргашсангиз, ҳидоят топурсиз”. (Ҳадис).

2 – “Дарҳақиқат, Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик. Биз улар (шайтонлар) учун (Охиратдаги) олов-дўзах азобини ҳам тайёрлаб қўйгандирмиз”. (Қуръони карим, “Мулк” сураси, 5-оят).

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорга рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини Ёлғиз Оллоҳ учун қилсин)”. (Қуръони карим, «Каҳф» сураси, 110-оят)

“Юҳо илай” – “Ваҳий этилди”

4 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга бу Қуръонни қийналиб жафо чекишингиз учун эмас, балки (Оллоҳдан) қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат бўлсин учун нозил қилдик. (У) Ерни ва юксак осмонларни яратган Зот томонидан нозил қилингандир. (У Зот) Ўз Аршига ўрнашган Раҳмондир”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 5-оят).

“Арраҳмон ала-л-арш иставо” – “Ўз Аршига ўрнашган Раҳмондир”

5 – “Мени Ер ҳам, осмонлар ҳам сиғдиролмас, аммо, мўмин бандамнинг қалбига сиғаман” (Ҳадис).

07

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan o’ninchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

HORUT VA MORUTNING O’Z POKLIKLARIGA ISHONGANI VA OLAM AHLIGA QO’SHILISHNI ISTAB, OG’IR SINOVLARGA DUCHOR BO’LGANI

Horutu Morutga shuhrat yor edi,
Kibridan ikkov zaharli o’q yedi.1

Pok bilardi o’zni, erdi yor ishonch,
Ne pisand sherga ho’kizda bor ishonch?

Shoxi birlan garchi yuz chora qilar,
Sher uning shox-shoxidan pora qilar.

Bo’lsa hamki kirpiday sershox ho’kiz,
O’ldirib tashlar uni sher, shubhasiz.

Gar daraxtlarni dovul qo’porsa ham,
Aylagay yangi giyohlarga karam. 3325

Rahm etar dovulki ojiz holiga,
Ey, yurak, sen quvvatingdan nolima!

Boltani g’uj-g’uj daraxt shoxi netib
Qo’rqitar, ayt? Tashlagay darhol kesib.

Kesmagay yaproqni, lek, ul shoxchalig’,
Urmagay bo’rtiqdan o’zga joyga tig’.

Qo’rqmagay gulxan, o’tin bo’lsa g’aram,
Qo’y agar ko’p ersa, qassobda ne g’am?

Ma’ni qoshinda nadir suvrat? Hazin,
Ma’ni tutgay to’ntariq ko’k gumbazin. 3330

Sen chig’ir charxin qiyos qilgin va bil,
Kim uni aylantirar? Komil aql.

Xuddi, qalqonday bu qolip gardishi,
Ey, o’g’il, ul yoshirin ruhning ishi!

Yelni aylantirgich ul ma’nosidir,
G’ildirak yanglig’ erur suvga asir.

Har uzun-qisqa, kirib-chiqqan nafas
Manbaidir orzumand jon, o’zgamas.

Gohi “jim”, “ho”, “dol”ga goh aylantirar,
Gohida sulh aylagay, goh jang qilar. 3335

(Gohi o’ngga eltadir, goh so’l tomon,
Goh guliston aylagay, goho tikon). (Bu bayt Nikolson variantida yo’q)

Shul yo’sinda bul shamolni ham Xudo
Qildi Od qavmiga misli ajdaho.

So’ngra mo’min ahliga yelni chunon
Aylamish tinchlik, omonlik, soyabon.

Dedi: “Al-ma’ny huvallah”,2 shayxi din,3
Dengizidir ikki olam ma’nisin.

Yeru osmon ichra mavjud har qavat,
Ul ravon dengizda bir xasdir, faqat.

Suvda xaslar hamlasiyu raqsi ham
Yuz berar suvdan, jo’shib ketgach u dam. 3340

Tortishuvni tinchitar bo’lsa u kez,
Xas-xashakni itqitar sohilga tez.

Eltsa sohildan uni to’lqin aro,
Qilgay – otash maysa-la ne qilsa to.

Bul hikoya so’ngsiz, otni tez yurit,
Horutu Morut tomonga, ey, yigit!

———————————
1 – “… Holbuki, u farishtalar: “Biz faqatgina fitnamiz (ya’ni, odamlarni aldab imtihon qilish uchun yuborilganmiz), bas, (biz aytgan narsalarni qilib) kofir bo’lib qolma”, demasdan turib hech kimga hech narsa o’rgatmas edilar, — Va o’shalardan (Horut va Morutdan) er-xotinning o’rtasini buzadigan narsalarni o’rganadilar. (Lekin) ular (yahudiylar) Ollohning iznisiz hech kimga zarar yetkaza olmaydilar. Ular o’zlariga hech foydasiz, bil’aks zararli narsalarni o’rganadilar. Axir (Ollohning Kitobi o’rniga sehrni) almashgan kimsalarga Oxiratda hech qanday nasiba yo’q ekanini bilgan edilar-ku. Jonlarini naqadar yomon narsaga (ya’ni, Oxiratdagi mahrumlikka) sotganlarini bilsalar edi”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 102-oyat).

2 – “Al-ma’ny huvallah” – “Ma’no Ollohdir”.

3 – Shorihlar fikriga ko’ra, “din shayxi” kim ekanligi va bu ibora kimga mansubligi haqida aniq bir fikrga kelinmagan. Kimdir uni Sadriddin Kunaviyga, kimdir esa Abul Hasan Haraqoniyga nisbat beradi. “Masnaviy” shorihlaridan biri Shahidiyning fikricha, bu yerda Shams Tabriziy nazarda tutilgan.

HORUT VA MORUT QISSASINING DAVOMI. ULARNING INSONIY DUNYODA VA BOBIL CHOHIDA TORTGAN AZOB-UQUBATLARI

Bul jahonning ne gunoh, ne fisqi bor,
Ikkisinga erdi ul dam oshkor.

Tishlamish barmog’ini lol, qahr ila,
Lek, ular ko’rmasdi o’z aybin sira. 3345

Ko’zguda jirkanch odam ko’rgach o’zin,
Achchig’i chiqmish, burib undan yuzin.

O’zni xush ko’rguvchi kim aybin ko’rar,
Unda do’zax otashi paydo bo’lar.

O’ylagay kibr o’ti aylar dinga qasd,
Ko’rmagay nafsin o’zida o’tparast.

Bor erur din o’tida o’zga nishon,
Ul olovdan yam-yashildir bor jahon.

Dedi Haq: “Gar ushbu nurdansiz nishon,
Nobakor, g’ofilga boqmang hech qachon. 3350

Shukr etingiz ey, sipoh, qullar, biroz,
Shahvatu son chokidan sizlar xalos.

Aylasam ul ma’nidan gar sizga jo,
Qilmagay ortiq qabul sizni samo.

Ulki pokliklar tanangiz ichradir,
Aks etar poklik, himoyam birma-bir.

Ulni siz Mendan ko’ring, o’zdan emas,
Yengmasin to sizni shayton serg’araz”.

To Rasul vahyiga ul kotibsimon,
O’zda nur, hikmatni ko’rgach shul zamon, 3355

O’zni bilmish Haq qushiga hamnavo,
Erdi taqlid hushtagi ul aks-sado.

Vasf etarsan garchi qushlar nag’masin,
Angladingmi, lek, u qushlar maqsadin?

Sayragaysan garchi sen bulbulsimon,
Senga qaydan gulga ul rozi ayon?

Gar ayondir senga ul, taxmin bari:
Lab qimirlatganda – kar tusmollari.

BIR KARNING BEMOR YOTGAN QO’SHNISIDAN HOL SO’RAGANI

Kar kishiga dedi kimdir bir mahal:
“Ol xabar, yotgan emish qo’shning kasal”. 3360

O’zicha kar dedi: “Kar bo’lsam, axir,
Men nechuk anglay, gapirsa ul nadir?”

Shashti qaytdi, ham ovozi bo’ldi past,
Boshqa yo’l yo’q, ul borishga qildi qasd:

“Ko’rsam, ul qanday qimirlatsa labin,
Aylagum taxmin o’zimcha har gapin.

So’rsam: Ey, mehnatkashim, holing nechuk?
Ul degay: “Men yaxshiman” yoxud “tuzuk”.

Men degum: Shukr, ayt, yeding ne? Der tag’in:
“Moshli sho’rva” yoki “dori sharbatin”. 3365

Aytaman: Osh bo’lsin ul. Ayt, har zamon
Qay tabib oldingga kelgay? Der: Falon.

Men degayman: Ul erur qutlug’qadam,
Kelsa gar, senga azob bermaydi g’am.

Ko’p sinab ko’rganmiz ezgu chorasin,
Hal qilar hojatni, qayga bormasin”.

Shundayin suhbatga aylab o’zni o’ng,
Kar kasal ko’rmoqqa darhol kirdi so’ng.

Dedi: “Qandaysan?” Dedi: “O’ldim”. “Shukr”,
Bo’ldi bundan xasta ko’ngli behuzur: 3370

“Nega shukr aylaydi? Suymasmi jini?”,
Teskari chiqqandi karning taxmini.

So’rdi kar so’ng: “Ne yeding?” Dedi: “Zahar!”,
Dedi: “Osh bo’lsin!” Tag’in ranjitdi kar.

So’ng dedi kar: “Kim erur hoziq, habib,
Dardlaring olmoqqa kelguvchi tabib?”

Dedi: “Azroyil kelar! Daf bo’l shu on!”
Dedi: “Ul qutlug’qadam g’oyat. Quvon!”.

Kar chiqarkan, o’z-o’zicha derdi shod,
Shukr etib: “Qildim kasalga iltifot!”. 3375

Derdi bemor: “Jonga bul dushmon ekan,
Bilmagan erdim, jafoga kon ekan!”

Xasta tahqirlovchi so’z izlardi jim,
Yo’llasin kar sha’niga to betinim.

Badhazm ovqat yesa kimki agar,
Ko’ngli aynir, toki qusgunga qadar.

“Kazmi g’ayz” shul: Qusma, ulni qaytarib,
O’rniga topgin shirin so’z axtarib.1

Depsinib derdi, tugab sabri ani:
“Ul yuvuqsiz hamda bezbet it qani? 3380

Toki aytay unga, menga ne dedi,
Ul mahal jonimda sher uxlar edi.

Xasta dilga hol so’rash orom berur,
Hol so’rashmas bul, faqat, yovlik erur”.

Dushmanin to ko’rsin ojiz har qadam,
Toki orom olsin ul kir ko’ngli ham!

Ko’p erur toatni tark etguvchilar,
Ham savob, lazzat sori ketguvchilar.

Aslida ne-ne gunoh pinhon yashar,
Ko’p erur sen toza bilgan loyqalar. 3385

Xuddi, ul karday, nima qilmish, bari,
Yaxshilik deb bildi, chiqdi teskari.2

Kar edi shod: “Ayladim xizmat bajo,
Hamda qildim qo’shnilik haqqin ado”.3

O’zi-chun o’t yoqdi, shod qilmoqqa to
Xasta ko’nglin, kuydi o’z o’ti aro.

“Faytaqu-n-nora (a)llati av qadtumu,
Innakum fi-l-ma’siya iz dadtumu”.4

Dedi Payg’ambar, murid qilgach riyo:
“Salli innak lam tusalli yo fato!”.5 3390

Bul xatardan asragay chin iltijo,
Har namoz vaqtinda derlar: “Ihdino”.6

Ey, Xudo, gumroh, munofiqdan ado
Ul namozdan bul namozim qil judo.7

O’ylamasdan qildi kar taxmin-faraz,
Tushdi o’n yillik qadrdonlikka darz.

Ul vahiy-la, xoja, g’ayb hissin qiyos
Aylamaklik kelmagay hech hadga mos.

His qulog’ing toki so’zparvar erur,
G’ayb sadosiga qulog’ing kar erur. 3395

————————————
1 – “(U taqvodor zotlar) yaxshi-yomon kunlarda infoq-ehson qiladigan, g’azablarini ichlariga yutadigan, odamlarning (xato-kamchiliklarini) avf etadigan kishilardir. Olloh bunday yaxshilik qiluvchilarni sevadi”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 134-oyat).

“Kazmi g’ayz” – “G’azabni ichga yutish”

2 – (Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: “Sizlarga qilgan ish-amallaridan eng ko’p ziyon ko’rguvchi kimsalarning xabarini beraylikmi?! Ular ( kofir bo’lganlari sababli) qilgan sa’y-harakatlari hayoti dunyodayoq yo’q bo’lib ketganu, ammo (nodonliklari sababli) o’zlarini chiroyli –yaxshi amal qilayotgan kishilar, deb hisoblaydigan kimsalardir!”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 103-104-oyatlar).

3 – “Ollohga bandalik qilinglar va unga hech narsani sherik qilmanglar! Ota-onangizga hamda qarindosh-urug’, yetim va miskinlarga, qarindosh qo’shni va begona qo’shniga, yoningizdagi hamrohingizga, yo’lovchi musofirga va qo’llaringizdagi qullaringizga yaxshilik qilingiz!” (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 36-oyat).

4 – “Endi agar bunday qilolmasangizlar hargiz qilolmaysizlar ham – u holda kofirlar uchun tayyorlab quyilgan do’zaxdan qo’rqinglarki, uning o’tini odamlar va toshlardir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 24-oyat).

“Faytaqu-n-nora (a)llati av qadtumu, innakum fi-l-ma’siya iz dadtumu” – “O’zingiz yoqqan olovdan saqlaning! Chindan ham gunohlarni orttirdingiz!”

“Ey, mo’minlar, o’zlaringizni va ahli ayollaringizni yonadigan o’tini (yoqilg’isi) odamlardan va butlardan iborat (bo’lgan) do’zaxdan saqlanglar”. (Qur’oni karim, «Tahrim» surasi, 6-oyat).

5 – “Salli innak lam tusalli yo fato” –“Namozni qaytadan o’qi, ey, yigit, chunki, o’qimading!” Abu Hurayra (r.a) keltirgan hadis: “Payg’ambar (s.a.v) masjidga kirganlarida, ortlaridan bir kishi ham kirib namoz o’qidi, so’ng kelib Payg’ambar (s.a.v)ga salom berdi. U zot uning (salomiga) alik olib turib: “Qaytib borib (qaytadan) namoz o’qi, chunki, sen namoz o’qiganing yo’q”, dedilar. Shunda haligi kishi: “Sizni haq bilan yuborgan Zotga qasamki, bundan boshqacha chiroyli o’qiy olmayman, menga o’rgating”, dedi. U zot: “Namozga turganingda, (avval “Ollohu akbar” deb) takbir ayt, so’ng Qur’ondan o’zingga oson bo’lgan (oyat yoki surani) o’qi, so’ng xotirjamlik bilan – shoshilmasdan ruku’ qil, so’ng qiyomga tik tur, so’ng xotirjamlik bilan sajda qil, so’ng sajdadan turib xotirjam (o’tir), so’ng yana xotirjam sajda qil, so’ng namozlaringning hammasida (boshqa rak’atlarda ham) xuddi shunday qilgin”, — dedilar.

6 – “Sengagina ibodat qilamiz va sendangina madad so’raymiz. O’zing bizni To’g’ri Yo’lga hidoyat qilgin”. (Qur’oni karim, «Fotiha» surasi, 5-6-oyatlar).

“Ihdino” – “Bizni (To’g’ri Yo’lga) hidoyat qilgin”.

7 – “(Bizlarni) shunday zotlarning yo’liga (boshlagin)ki, Sen O’zing ularga (To’g’ri Yo’lni) in’om qilgansan – ular (Sen tomondan) g’azabga duchor bo’lmaganlar va zalolatga ketmaganlar – adashmaganlar”. (Qur’oni karim, “Fotiha” surasi, 7-oyat).

ULKIM, QUR’ON OYATLARINI ILK MARTA BIR-BIRIGA QARAMA-QARSHI QO’YMISH, IBLIS EDI

Ulki, Haq anvori oldida dedi
Aylabon ilk bor qiyos, Iblis edi.

Dedi: “O’t tuproqdan afzalroq erur,
Men olovdan, ul qaro tuproq erur.1

Aslini etsak qiyos ikkov aro,
Ul – zulumot, biz – yorug’ nurdan bino”.

Haq dedi: “Bo’lmaydi “lo ansob”2 ular,
Zuhdu taqvo fazl uchun mehrob bo’lar.

Bul, axir, foniy jahon merosimas,
Garchi bil ansob, lek, ul jon ichra, bas. 3400

Anbiyo merosidir bulning bari,
Joni ozodlar – uning vorislari.

Bu Jahl farzandi mo’min bo’ldi pok,3
Bo’ldi Nuh o’g’li aro yo’lda halok. 4

Bo’ldi xok nasli munavvar oydayin,
Sen – olov nasli, qaroyuz, ket, la’in!”

Bul qiyos, tadqiqni qibla ahli-chun
Qildi olim tunda yo yomg’irli kun.5

Ka’ba – qarshingda, quyosh chiqqan zahot,
Qilmagin bunday qiyos va tadqiqot. 3405

Ka’bani yo’q bilma taqqos-la shu tob,
Burma yuz, “Allohu a’lam bi-s-savob”.

Haq qushindan tinglasang nogoh sado,
O’rganursan sirtini sen avvalo.

So’ng o’zingga sen qiyos qilguvchisan,
Sof xayolni sen asil bilguvchisan.

Bor erur abdolda izhor qanchalar,
Topmagay so’zlar, biroq, undan xabar.

“Mantiqut-tayr”ning sadosin anglading,
Yuz qiyos, yuz orzu paydo aylading.6 3410

Xastaday, dillarga sendan yetdi qasd,
Erdi kar tig’li gumoni birla mast.

Ul vahiy mirzosi tinglab qush sasin,
Bildi qushlarga o’zin sherik, yaqin.

Ayladi ko’r oni, qush qoqqach qanot,
Dard, ajal qa’ringa tashlab shu zahot.

“Har nechuk aksu gumonlarga uchib,
So’ng samovot arshidan ketmang tushib!

Horutu Morut erursiz garchi siz,
Eng baland safda qiluvchi o’zni his, 7 3415

Har yomonning qusriga rahmat qiling,
Kibru “men”likni mudom la’nat qiling.

Gar hasad kelgay chiqib pistirmadan,
Siz qulang yer qa’ri ichra yuztuban”.

Ikkisi ham derdi: “Amr et, ey, Xudo!
Gar panohing bo’lmasa, qayda panoh?”

Shulni so’ylab, dilda, lek, o’ylardi zid:
“Biz yomonlikdan yiroq, “ne’ma-l-abid”.8

Berdi izn, ikki farishta ekdi to,
Kibru xudbinlik urug’in benavo. 3420

Derdilar: “Ey, ahli tan, siz qanchalar
Ruh elin pokligidansiz bexabar!

Parda tutgaymiz falakka har qadam,
So’ng tushib, chodir tikarmiz yerga ham.

Jamg’ararmiz adl, ibodat aylabon,
Qaytamiz har tun tag’in gardun tomon.

To bo’laylik mo»jiza bul davr aro,
Tinch-omonliklar yoyarmiz yerga to”.

Yerga osmon holini etmoq qiyos,
Farqi bordir yashirin, kelmaydi mos. 3425

—————————-
1 – “(Shunda Olloh) dedi: “Ey iblis, Men O’z Qo’llarim bilan yaratgan narsaga – Odamga sajda qilishdan nima seni man’ qildi?! Kibru havo qildingmi, yoki sen (Odamga nisbatan) yuksak martabali zotlardan edingmi?!”. U aytdi: “Men undan yaxshiroqman. Sen meni olovdan yaratgansan, uni esa loydan yaratding”. (Olloh) dedi: “Bas, undan (ya’ni, jannatdan) chiq! Endi sen, shak-shubhassiz, (Mening dargohimdan) quvilgan mal’unsan. Va albatta to jazo (Qiyomat) Kunigacha senga Mening la’natim bo’lur”. (Qur’oni karim, «Sod» surasi, 75-78-oyatlar).

2 – “Bas, qachon sur chalinganida (ya’ni, Qiyomat qoyim bo’lganida) ana u Kunda ularning o’rtalarida hech qanday nasl-nasab qolmas va ular bir-birlari bilan savol-javob ham qila olmaslar”. (Qur’oni karim, «Mo’minun» surasi, 101-oyat).

“Lo ansob” – “Nasl-nasab qolmas”

3 – Bu Jahl farzandi – Ikrima ibn Abu Jahl, otasi Muhammad (s.a.v)ning dushmani bo’lgan. Muhammad (s.a.v) Makkani ishg’ol qilganlaridan so’ng Abu Jahlning farzandi Ikrima ibn Abu Jahl islomni qabul qilgan.

4 – “(Kema) ularni tog’lardek to’lqinlar orasida olib ketar ekan, Nuh bir chetda qolgan o’g’liga nido qildi: “Ey o’g’ilcham, biz bilan birga (kemaga) mingin, kofirlar bilan birga qolmagin!” U (o’g’li) dedi: “Men o’zimni suvdan saqlaydigan biron tog’ning ustiga chiqib ketajakman”. (Nuh) aytdi: “Bugun Ollohning (kofirlarni halok qilish haqidagi) amridan biron saqlaguvchi yo’qdir, magar O’zi rahm qilgan kishilarnigina (saqlar)” (Shu payt) o’rtalarini to’qin to’sib qo’ydi-da, (o’g’il) g’arq qilinguvchilardan bo’lib qoldi. (So’ngra): “Ey Yer, suvingni yutgil; ey samo, o’zingni tutgil (ya’ni, yog’ishni bas qil”), deyildi. Suv quridi, farmon bajarildi va (kema) Judiy tog’i uzra to’xtadi hamda: “Zolim qavmga halokat bo’lgay”, deyildi”. (Qur’oni karim, “Hud” surasi, 42-44-oyatlar).

5 – Ijtihod, ya’ni, sha’riy masalalarni Qur’onga, hadis va rivoyatlarga asoslanib yechishda qabul qilingan qaror yoki chiqarilgan hukm keyinchalik xato bo’lishidan qat’iy nazar, qaror qabul qilingan vaqtdagi to’liq ishonch asosiy rol o’ynashiga ishora.

6 – “Sulaymon (payg’ambarlik va ilmda) Dovudga voris bo’ldi va aytdi: “Ey odamlar, bizga qushlarning (va barcha jonivorlarning) tili bildirildi hamda (payg’ambar va podshohlarga beriladigan) barcha narsalardan berildi. Albatta bu ochiq fazlu marhamatning o’zidir”. (Qur’oni karim, «Naml» surasi, 16-oyat).

7 – “(Farishtalar dedilar) : “Bizlarning har birimiz uchun (osmonlarda) aniq ma’lum bir o’rin bordir(ki, bizlar ana o’sha o’rnimizda Ollohning amrini ado eturmiz). Darhaqiqat, bizlar (Ollohning yo’lida) saf tortib turguvchilardirmiz. Darhaqiqat, bizlar (Ollohni har qanday aybu nuqsondan poklab) tasbeh aytguvchilardirmiz”. (Qur’oni karim, «Vas-Saffot» surasi, 164-166-oyatlar).

8 – “Ne’ma-l-abid” – “Yaxshi qullar”

HAR KISHI O’Z HOLI VA MASTLIGINI JOHILLARDAN PINHON TUTMOFI LOZIMLIGI BAYONIDA

Sen Hakim1dan so’z eshitgin ma’nilik,
“ Boda no’sh etgan joyingga boshni tik!”.

Chiqsa mast mayxonadan gangib, karaxt,
Har go’dakka bo’lgusi ermak, mazax.

Har tomonga chayqalib, loyga qular,
Ustidan har yo’lda har nodon kular.

Holi shuldir, lek, go’daklar – izma-iz,
Ul mayin zavq, kayfini qilmaydi his.

Xalq go’dakdir, Haqdan ul gar mast emas,
Xomdir ul, gar hoy-havasdan ayrimas. 3430

Haq demish: “Kulgu-o’yindir bul jahon,
Siz go’daksiz”. Haq so’zi rost begumon!2

Sen – o’yin ichra go’dak, butkul mahol,
Ruh zakotin bermayin topmoq kamol.

Sen bu shahvatni go’dak jimo’si bil,
Ulki, bunda qondirurlar, ey, o’g’il.

Ne erur go’dak jimosi? Bir o’yin,
Rustamu jangchi jimosimas u chin.

Go’dakona jang u xalqlar jangi ham,
Ma’nisiz, bir pulga qimmat, mag’zi kam. 3435

Bori yog’och tig’-la kechgay janglari,
Foydasizdir barcha kuy, ohanglari .

Mingusi qamishni ot yanglig’ chunon,
Der: “Buroq bul bizga yo Duldulsimon!”.3

Homilu nodonligi ortar ular,
Ot minib go’yoki, yuk tortar ular.

Shoshmagin, bir kelsa Haq mahmullari,
Oshgay ul to’qqiz qavat ko’kdan nari!

“Ta’ruju-r-ruhu ilayhi va-l-malak,
Min uruji-r-ruhi yahtarru-l-falak”.4 3440

Xuddi, go’daksiz – etakdir sizga ot,
Ul etak burchin tutarsiz otsifot.

Haqdan “Inna zanna lo yug’niy”5 kelar,
Ko’kka shubha otlari qandoq yelar?

“Ag’labu-z-zannayni fy tarjihi zo,
Lo tumori-sh-shamsa fy tavzihiho”.6

Otlaringizni ko’rarsiz shul zahot,
Bo’lganin bunda oyoqlar sizga ot.

Vahmu fikru hissu idroklar bari,
Bir qamish bil, go’dak oti singari. 3445

Ilmi – dil ahliga hammol singari,
Ilmi tan ahli uchun yukdir bari.

Dilga singuvchi ilm yordir – suyuk,
Tanga singuvchi ilm – tan uzra yuk.

Haq demishki: “Yahmilu asforahu”,
Yuk erur ilm, bo’lmasa gar Haqdan u.7

Kelmasa bevosita Haq ilmi to,
Lahzalik – pardozchi bo’yog’inamo.

Yukni eltsang ezgulikka bexato,
Yukni olgaylar, etib shodlik ato. 3450

Nafs uchun hech eltma ilming borini,
To dilingda ko’r ilm omborini!

Sen agar ilm otiga minsang qachon,
Tushgay ul yelkangda bor yuk begumon.

Kim erur Hu jomisiz nafsdan xalos,
Hu emas, Hu nomiga qongay, xolos.

Ne yaralgaydir sifat, nomdan? Xayol,
Ul xayol dallol va yuz bergay visol.

Bormi dallolkim, dalolat so’rmagay?
Bo’lmasa yo’l gar, zalolat bo’lmagay. 3455

Hech haqiqatdan yiroq bo’lgaymi nom?
Gul tera oldingmi, kelgach “gof”u “lom?”8

Nomin aytding, nomi borni izla, bas,
Oy erur yuksakda, oriq ichramas.

Nomu harflardan chiqib ketmoq uchun,
O’zni pokla sen o’zingdan, ko’r butun.

Bo’l temir yanglig’ temirdan – Rangi yo’q,
Bo’l riyozat birla ko’zgu, zangi yo’q.

Bor sifotdan o’zni ozod aylagin,
Toki sof aslingni ko’rgin qaytadin. 3460

Anbiyo ilmin ko’rarsan dil aro,
Bekitob, bemurshidu berahnamo.

Dedi Payg’ambar: Udir chin ummatim,
Bo’lsa gar hamgavharu hamhimmatim.

Meni ul nur birla ko’rgay jonlari,
Menga ham so’ngra ko’ringaydir bari”.9

Behadis, ikki Sahih10siz, benaql,
Lek, ular obihayot ichgay asil.

Angla “amsayno lakurdiyan” sirin,
O’qi “asbahno arobiyan”ni sen.11 3465

Istasang pinhon ilmning jilvasin,
So’ylagin rumligu chinlik qissasin.

———————————
1 – Hakim – Abulmajid Majdud binni Odam Sanoiy, X11 asrda yashagan buyuk shoir va allama. Baytdagi ikkinchi satr Sanoiyning “Hadiqa” asaridan, biroz o’zgartirilgan holda olingan.

2 – “Bu hayoti dunyo faqat (bir nafaslik) o’yin-kulgidir, xolos. Albatta Ollohdan qo’rqadigan kishilar uchun Oxirat diyori yaxshiroqdir. Axir aql yurgizmaysizlarmi?!” (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 32-oyat).

“Albatta bu hayoti dunyo faqat (bir nafaslik) o’yin-kulgidir…” (Qur’oni karim, “Muhammad” surasi, 36-oyat).

3 – Duldul – Muhammad (s.a.v) mingan ot ismi. Uni payg’ambar (a.s)ga Muqavqis hadya qilgan, u zot esa Hazrat Aliga sovg’a qilgan.

4 – “Farishtalar va Ruh (ya’ni, Jabroil) miqdori – uzunligi (dunyo hisobida) ellik ming yil bo’lgan bir Kunda (ya’ni, Qiyomat kunida) U Zotning huzuriga ko’tarilurlar”. (Qur’oni karim, «Maorij» surasi, 4-oyat).

“Ta’ruju-r-ruhu ilayhi va-l-malak, min uruji-r-ruhi yahtarru-l-falak”– “Farishtalar va Ruh (ya’ni, Jabroil) U Zotning huzuriga ko’tarilur, bu ko’tarilishdan osmon larzaga kelur”

5 – “Ularning ko’plari (jonli-jonsiz butlarga sig’inganlarida) faqat gumonga ergashadilar, xolos. Gumon esa biron narsada haqiqatning o’rnini bosolmaydi. Albatta Olloh ularning qilayotgan ishlarini Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, «Yunus» surasi, 36-oyat).

“Inna zanna lo yug’niy” – “Gumon (haqiqatning) o’rnini bosolmaydi”

“Darvoqe’, Oxiratga iymon keltirmaydigan kimsalar farishtalarni ayollar nomi bilan ataydilar. Holbuki, ular uchun bu haqda (ya’ni, farishtalarning qaysi jinsdan ekanligi haqida) biron bilim-hujjat yo’qdir. Ular faqat gumon-taxminga ergashurlar, xolos. Aniqki, gumon haqiqatdan biron narsaning o’rniga o’tmas!” (Qur’oni karim, “Va-n-najm” surasi, 27-28-oyatlar).

6 – “Ag’labu-z-zannayni fy tarjihi zo, lo tumori-sh-shamsa fy tavzihiho” – “Ikki gumonning g’olibi va balandi haqdir. Yorug’likda quyoshga shak keltirma” (Aniqlash kerak!)

7 – “(Ustlariga) Tavrot yuklangan so’ngra uni ko’tara olmagan (ya’ni, uning ko’rsatmalariga amal qilmagan) kimsalar (yahudiylar)ning misoli xuddi (ustiga ortib qo’yilgan) kitoblarni ko’tarib ketayotgan eshakka o’xshaydi (ya’ni, bu kimsalar uning vazminligidan charchab toladilar-u, ammo u Kitobning ichidagi narsalardan foydalanmaydilar). Ollohning oyatlarini yolg’on, degan qavmning misoli naqadar yomondir. Olloh bunday zolim qavmni hidoyat qilmas!” (Qur’oni karim, «Jum’a» surasi, 5-oyat).

“Yahmilu asforahu” – “Kitobni ko’tarib ketayotgan(eshak)day”

8 – “Gof”u “lom” harflari qo’shib yozilganda “gul” so’zi hosil bo’ladi.

9 – Rasululloh (s.a.v) dedilar: Aytinglarchi, bir odamda peshonasida oq belgili oti bo’lsa, u bir to’da otlarning ichidan o’sha otini taniy oladimi?”. Dedilar: “Albatta”. “Darhaqiqat, mening ummatlarim Qiyomat kuni tahoratlarining asaridan yuzlari oppoq nurli bo’lib bosh ko’taradilar”. (Hadis).

10 – Ikki sahih – Abu Abdulloh Muhammad ibn Ismoil al-Buxoriyning “Sahihi Buxoriy” (al-Jomi’ as-sahih” – “Ishonchli to’plam”) va Abul-Husayn Muslim ibn Hajjoj al-Qushayriy an-
Naysoburiyning “Sahihi Muslim” to’plamlari nazarda tutilgan.

11 – “Amsayna lakurdiyan” – “Xuftonda kurd edim”

“Asbahno arobiyan” – “Bomdodda arab bo’lib uyg’ondim”.

RUMLIKLAR VA CHINLIKLARNING NAQQOSHLIK HAMDA MUSAVVIRLIK SAN’ATI BOBIDA BIR-BIRI BILAN TALASHIB-TORTISHGANI

Dedi chinliklar: “Ulug’ naqqosh bu – biz”,
Dedi rumliklar: “Balanddir shonimiz.

Dedi sulton: “Aylagaymiz imtihon,
Shunda kim ustunligi bo’lgay ayon”.

Tortdi saf chinligu rumlik birma-bir,
Erdi rumliklar ilmda benazir.

Dedi chinliklar: “Bir uy bizlar uchun
Ajratilsin, boshqa uy – sizlar uchun”. 3470

Ikki uy – eshikma-eshik, ikki yon,
Bir tomon rumligu chinlik – bir tomon.

So’rdi chinliklar bo’yoq yuz xil shu dam,
G’aznasin ochgan mahal shoh – muhtaram.

Faznadan yuz xilda bo’yoq, har sahar
Keldi chinliklarga tekin har safar.

Dedi rumliklar: “Bo’yoqlar ne kerak?
Unmagay ish, toki zangni qirmasak”.

Berkitib eshikni, zang qirmish ular,
Ko’kdayin silliq, tiniq qilmish ular. 3475

Rangdin yo’l bor u rangsizlikka to,
Rang – bulut, oy – barcha ranglardin judo.

Ne jilo bordir bulutda, shu’la, nur,
Barchasi yulduz, quyosh, oydan erur.

Ish tugab, bor chinlik ul bo’yoqchilar,
Shodlanib so’ngra nog’ora qoqdilar.

Shoh kirib ko’rmish ular naqshin shu dam,
Lol qilardi butkul aqlu hushni ham.

So’ngra shoh yo’l oldi rumliklar tomon,
O’rtadan parda surilmish nogahon. 3480

Undagi tasvirlar aksi dam-badam,
Bo’ldi sof, silliq devorlar uzra jam.

Neki ul yon ko’rdi – bunda erdi soz,
Ko’z quvonmish, ta’rifiga so’z ham oz.

Erdi rumlik bori so’fiy, ey, padar,
Beqiroat, bekitobu behunar.

Lek, ular sayqal berib, o’z dillarin
Etdilar pok nafsu makru kiynadin.

Soflik ul ko’zguda – vasfi dil erur,
Cheki yo’q suvratga ham qobil erur. 3485

Beadad, suvratsiz ul g’ayb aksi to
Pok Musoga qo’ynidan bermish jilo.

Sig’mas ul suvrat falak sathi aro,
Na baliq, na suv, na yer, na Arshda jo.

Chunki, cheklangan, sanoqli bori, boq,
Bo’lmagay dil ko’zgusin haddi, biroq.

Jim erur bunda va yo gumroh – aql,
Chunki, ko’ngil birla yoxud o’zi – dil.

Porlamaydi barcha naqsh aksi abad
Dildan aks porlar – adadli, beadad. 3490

Toabad har yangi suvrat ul aro
Aks etar butkul hijobdan mosuvo.

Sayqal ahlindan yiroq rangu ifor,
Har nafas ko’rgay chiroyni beqaror.

Qoldirib ilm naqshi ham po’chog’ini,
Tikdilar aynulyaqin1 bayrog’ini.

Ketdi fikru shu’ladorlik topdilar,
Dengizu ummonga yorlik topdilar.

Barchaga qo’rquv, vahm solgay ajal,
Masxara bo’lmish ularga har mahal. 3495

Qalbi uzra quchmagay hech kim zafar,
Dur emas, ko’rgay sadaf bundan zarar.

Fiqhu nahv ilmidan olis ketdilar,
Lek, faqirlikni ular mahv etdilar.

To berar sakkiz bihisht2 naqshi jilo,
Har yurak lavhi ularga yor, ravo.

Arshu bo’shliq, Kursidan yuksak, azim,
Haq taolo Sidq uyinda ersa kim.3

—————————
1 – “Yo’q, agar sizlar (dunyoga qul bo’lib qolishning oqibati nima ekanligini) aniq bilish bilan bilsalaringiz edi, (unga qul bo’lib qolmas edingizlar)! Qasamki, albatta sizlar do’zaxni ko’rursizlar! Yana bir bor qasamki, sizlar uni aniq ko’rish bilan ko’rursizlar!” (Qur’oni karim, «Takosur» surasi, 5-7-oyatlar).

Aynulyaqin – “Aniq ko’rish bilan”.

Tasavvufda ishonchning uch martabasi bor: Birinchisi – ilmulyaqin (biror ish yoxud narsaning mohiyatini shak-shubhasiz anglash), ikkinchisi – aynulyaqin (biror ish yoxud narsani o’z ko’zi bilan ko’rish, masalan, olovni uzoqdan ko’rish), uchinchisi – haqqulyaqin, biror narsaga kirib borish, unga aylanish yoki o’sha narsada mahv bo’lish). Masalan, zahar ichsa o’lishini anglash – ilmulyaqin, zahar ichib o’lgan odamni o’z ko’zi bilan ko’rish – aynulyaqin, zaharni ichib, jon bermoq – haqqulyaqin.

2 – Sakkiz bihisht – Jannatdagi sakkiz bog’, ya’ni, xuld, dorussalom, dorulqaror, adn, jannat-ul-ma’vo, jannat-ul-na’im, illiyin, firdavs nazarda tutilgan.

3 – “Albatta taqvodor zotlar jannatlarda va daryolar (usti)da, Qodir Podshoh huzuridagi rozi bo’lingan o’rinda bo’lurlar”. (Qur’oni karim, «Qamar» surasi, 54-55-oyatlar).

PAYG’AMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING ZAYDDAN: “BUGUN NECHUKSAN, QANDAY OYOQQA TURDING?” — DEB SO’RAGANI VA ZAYD: “ASBAHTU MO»MINAN EY,
RASULLULLOH!” — DEB JAVOB QAYTARGANI

So’rdi hol Zayd1dan Rasul bir tong, sahar:
“Kayfa asbaht”,2 ey, qadrdon, ber xabar?” 3500

Dedi: “Abdan mo»minan”.3 So’rmish shu payt:
“Qayda iymon bog’i, gar yashnaydi, ayt?”

Dedi: “Ezmish tashnalik bir necha kun,
Uyqu bermas ishqu dardlar kecha-kun.

Tun va kunlardan o’tolmam men nari,
Tig’ uchi qalqondan o’tgan singari.

Ul tarafda necha millat bir erur,
Necha yuz ming yil va soat bir erur.

Ham azal hamda abaddir bir butun,
Axtarib topmoqqa yo’l yo’q aql uchun”. 3505

Dedi: “Bormi armug’on bul yo’lga xos?
Bul diyor fahm-aqliga kelgaymi mos?”

Dedi: “Xalq osmonni ko’rgay har qadam,
Men ko’rarman Arsh ila Arshlikni ham.

Yetti do’zax,4 sakkiz ul jannat bari
Yuzma-yuzdir, butparat-but singari.

Anglagayman birma-bir men barchasin,
Arpadan bug’doyni ajratgandayin.

Jannatiy kim, kim erur begona jon?
Men uchun boliq, ilon yanglig’ ayon”. 3510

Ayni payt boshdan kechirgay bul guruh,
“Yavma tabyazzu va tasvaddu vujuh”.5

Bundan oldin garchi jon aybdor edi,
Xalqdan olis, bachadonda bor edi.

“Ash-shaqiyyu man shaqiy fy batni-l-um,
Min simoti-l-jismi yu’raf holuhum”.6

Tan – ona, jon go’dagin asrar azal,
Qaltiroq, to’lg’oq azobidir ajal.

Barcha o’tgan jonlar intiq doimo,
Deb, bu manman jon nechuk bo’lgay bino? 3515

Zanjilar deydi: “Erur bizdek o’shal!”,
Deydi rumliklar: “Erur behad go’zal!”.

Toza jon dunyosida bo’lsa bino,
Ixtilof bilmasdi oq birlan qaro.

Zanji ersa, ulni zanji eltadir,
Rumlik ersa, rumlik eltar birma-bir.

To tug’ilmaydi – qiyin olamga ham,
Kim tug’ilmaydi, uni bilguvchi kam.

Ehtimol “yanzur binurilloh”dir ul,
Po’stining ostida bordir unga yo’l.7 3520

Gar maniy asli yoqimtoy hamda oq,
Zanji, rumlik jonining aksi, biroq.

“Ahsanu-t-taqvim”8ga so’ngra rang tarar,
Bul yarimni eltadir asfal9 qadar.

Ushbu gap bo’lmas tamom, aytgan bilan,
Qayt, yuraylik toki karvon ortidan.

“Yavma tabyazzu va tasvaddu vujuh”,10
Turkmi, hind, darhol taniydi ul guruh.

Turkmi yo hind – bachadonda noayon,
Zoru zo’r derlar tug’ilgach shul zamon. 3525

“Er-ayoldan barchani men begumon,
Ul Qiyomat kuniday ko’rgum ayon.

So’ylayinmi yo yutay ichga nafas?”
Mustafo jim tishlamish lab, ya’ni, bas!

“Ey, Rasul, mahshar sirin so’ylaymi to?
YO qilay mahsharni bor olam aro?

Pardalarni yirtayin – ayla ravo,
To quyoshday gavharim bersin jilo.

To quyosh mendan tutilsin ko’kda lol,
Ko’rsatay to borligin xurmoyu tol. 3530

Aylayin oshkor Qiyomatning sirin,
Fosh qilay ham asli, ham qalbakisin.

Chap tomon majruh qo’li birlan shu dam,
Ko’rsatay kufru qizil ranglarni ham.11

To ko’rinsin yetti tirqishday riyo,
Pok, tutilmas oy socharkan nur, ziyo.

Ko’rsatay shumlar matosin, anglasin,
Anbiyo qoqqan nog’ora zarbasin.

Do’zaxu jannat, aro g’ovlarki bor,
Ko’rsatay kufr ahliga men oshkor. 3535

Ko’rsatay jo’shguvchi Kavsar havzasin,
Suvni yuz, bongin quloq his aylasin.

Kimki atrofinda kezgay tashna, zor,
Barchasin men ko’rsatay to oshkor.

Ishqagay kiftimga kiftin barchasi,
Ham qulog’imga yetar dodu sasi.

Jannat ahlin ko’rgum, aylab ixtiyor,
Bir-birin bag’riga tortar beg’ubor.12

Bir-birin yo’qlab, ziyorat aylagay,
Lablarindan bo’sa g’orat aylagay. 3540

Bo’ldi kar butkul qulog’im, ohu voh
Tortsa ham nokas fig’on: “Vo hasrato!”.

Bul ishoratdir, agar aytsam barin,
Qo’rqaman, deb to Rasul g’am chekmasin”.

So’ylamish shul tarzda sarmastu xarob,
Tutdi Pag’ambar yaqosindan shu tob.

Dedi: “Hoy, oting qizib ketmoqda, qayt,
Haqdan aks “Lo yastahi”13 yetmish, uyat.

Oyinang chiqmish g’ilofdan ayni payt,
Ko’zgu ham mezon xilof so’ylarmi, ayt? 3545

Ko’zgu va mezon turarmi jim, axir?
Deb: Uyat yo g’am yetar deb kimgadir?

Ko’zgu ham mezon – mahaktosh bebaho,
Ikki yuz yil xizmatin etsang ado,

Aytsang: “Ayla haqni pinhon men uchun,
Ko’pni ko’rsat, kamni yoshir kecha-kun”.

Deydi: “Mo’ylovu soqoldan kulmagin!
Ko’zgu, mezon bor, riyo, pand qilmagin”.

Bizga Haq qilmish balandlikni ravo,
To haqiqat bizdan olsin rang, jilo. 3550

Yo’qsa, bizlar hech vaqomiz, ey, o’g’il!
Biz nechuk pok yuzga bo’lgaymiz dalil?

Ko’zguni joyla g’ilof ichra, biroq,
Aylasin ko’ksingni Sino nur, chiroq”.14

Dedi Zayd: “Qo’ynimga sig’gaymi, axir,
Haq, azal oftobi, porloq, benazir?

Ham makrni, ham bag’irni yirtadir,
Na junun, na aqlu hush-la birgadir”.

Dedi: “Qo’ysang ko’zga barmog’ing agar,
Ko’rgay olamni quyoshsiz har safar. 3555

Bitta barmoq birla oy bo’lmish nihon,
Bo’ldi Shoh pinhonligindan bir nishon.

Qoplamish bir nuqta olamni shu tob,
Bitta xas bois tutilmish oftob”.

Labni yop, dengiz tubiga boq bu dam,
Qildi Haq dengizni odamga qaram.

Salsabilu Zanjabilda chashmalar,
Jannat ahlin amriga, lek, shaylanar. 15

Jannat ichra to’rt ariqdir bizga qul,
Bul emas zo’rlik, Xudoning amri bul.16 3560

Xohlasa yerga etarmiz tez ravon,
Har sehrgar istagin sehrisimon.

Hamda juft chashma – ravon ko’zday ular,
Jonu qalbning amriga tayyor turar.

Xohlasa, borgay ilon, og’u tomon,
Xohlasa, bo’lgusi ibrat begumon.

Xohlasa, borgay ular idrok sari,
Xohlasa, borgusi pinhonga bari.

Xohlasa gar, kulliyotga boradir,
Xohlasa, qolgusi juzv ichra asir. 3565

Shul yo’sin besh sezgi ham misli quvur,
Dil, murod , amri-la o’tguvchi erur.

Qay taraf qilsa ishorat gar yurak,
Beshta his borgay u yon sudrab etak.

Qo’l-oyoqqa bo’ldi qalb hukmi ravo,
Xuddiki, Muso qo’linda bir aso.17

Ko’ngil istarki, oyoqlar raqs etib,
To zarardan foydaga borsin yetib.

Ko’ngil istar, o’rganib qo’llar hisob,
Toki barmog’i bilan bitsin kitob. 3570

Qo’l nihonlik qo’lidan ketmas yiroq,
Ichda ul, tan sirtda o’rnashmish, biroq.

Xohlasa, bo’lgay ilonga yov chunon,
Xohlasa, yordir valiyga begumon.

Xohlasa – cho’mich, taom ichra nuqul,
Xohlasa, gurzi erur o’n pudlik ul.

Ne degay ko’ngil ularga? Bul ajab,
Ul ajib vaslu nihonliklar sabab.

Dil Sulaymon muhri18ni topmish, nahot?
Tortadir besh his jilovin shul zahot. 3575

Sirtida o’ng’ay turodir beshta his,
Kutgay amrin ichda besh his, shubhasiz.

Yetti a’zo, o’nta his va qanchalab,
Neki so’zga sig’magay, ko’rgin sanab.

Ey, yurak, gar sen Sulaymon – bequsur,
Dev, pariga qo’l bilan muhringni ur!

Gar chekinsang, mulkda yov makri yetib,
Uchta dev muhring ololmas jahd etib.19

So’ngra noming qamragay olamni tez,
Bo’ysunar ikki jahon tanday u kez. 3580

Gar uzukni dev qo’lingdan eltadir,
Shohliging bekor, o’lar baxting, axir!

Bo’lgusi “yo, hasrato” so’ng “yo, ibod”
Ham muqarrar toki ul “yavma-t-tanod”.20

Aylasang makringni rad, qolgay qachon,
Ko’zgu, mezon dastidan joning omon?

———————————
1 – Zayd ibn Horisa – sahoba, Muhammad (s.a.v)ning ozod qilgan quli va tutingan o’g’li. Hazrati Xadichadan keyin makkalik ilk musulmonlarning uchinchisi, Qur’on(“Ahzob” surasi, 37-oyat)da zikr qilingan birdan-bir sahoba.

2 – “Kayfa asbaht” – “Qanday yotib turding?”

3 – “Abdan mo»minan” – “Iymonli qul bo’lib”.

4 – “U kimsalarning barchalari uchun va’da qilingan joy, shak-shubhasiz jahannamdir. Uning yetti darvozasi bo’lib, har bir darvozaga ularning bir to’dasi bo’linur”. (Qur’oni karim, “Hijr” surasi, 43-44-oyatlar).

5 – “Sizlar yana aniq hujjatlar kelganidan keyin firqa-firqa bo’lib bo’linib ketgan va `ir-birlari bilan ixtilof qilib, talashib-tortishgan kimsalar kabi bo’lmangiz! Ana undaylar uchun ulug’ azob bordir. (Qiyomat) Kunida (mo’minlarning) yuzlari oq bo’lur, (kofirlarning) yuzlari qora bo’lur. So’ng yuzlari qora bo’lgan kimsalarga (aytilur): «Iymon keltirgandan keyin yana kofir bo’ldinglarmi?!…” (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 105-106-oyatlar).

“Yavma tabyazzu va tasvaddu vujuh” – “Yuzlari oq va qora bo’ladigan kun”

6 – “Ash-shaqiyyu man shaqiy fy batni-l-um, min simoti-l-jismi yu’raf holuhum” – “Kim onasining qornida badbaxt bo’lsa, badbaxt o’shadir. Ularning holi jism alomatidan ma’lumdir”.

“Onasining qornida baxtli bo’lgan baxtlidir, onasining qornida baxtsiz bo’lgan baxtsizdir”. (Hadis).

7 – “Yanzur binurillah” – “Olloh nuri bilan qaraydi”. “Mo’min kishining farosatli nazaridan ehtiyot bo’linglar, chunki, u Olloh nuri bilan qaraydi” hadisiga ishora.

“(U) Ollohning yoqib qo’yilgan bir olovidirki, (o’z alangasi bilan badanlarni teshib o’tib) yuraklarga qadar yetur!” (Qur’oni karim, «Humaza» surasi, 6-7-oyatlar).

8 – “Darhaqiqat, Biz insonni eng go’zal shaklu shamoyilda yaratdik. So’ngra (u Biz ato etgan shunday go’zal surat va mukammal hilqatning shukrini qilmasdan, kufru tug’yon yo’liga ketgach), uni asfalasofinga (ya’ni, eng tuban do’zaxga) qaytardik”. (Qur’oni karim, «Vat-Tiyn» surasi, 4-5-oyatlar).

“Ahsanu-t-taqvim” – “Go’zal shaklu shamoyil”

9 – Asfal – asfalasofin, ya’ni, eng tuban do’zax.

10 – “Yavma tabyazzu va tasvaddu vujuh” – “Yuzlar oq va qora bo’ladigan kun”.

11 – “Chap tomon egalari… Chap tomon egalari (bo’lmoq) ne (baxtsizlik)dir! (Ular do’zaxda tinimsiz esib turadigan, badanlarni ilma-teshik qilib yuboruvchi) Samum (shamoli) va qaynoq suv ichida; Va na salqin, na foydali bo’lmagan qora tutundan iborat «soya» (ostida)dirlar”. (Qur’oni karim, «Voqea» surasi, 41-44-oyatlar).

12 – “Biz (jannatlardagi) so’rilarda do’st-birodar bo’lib, bir-birlariga ro’baro’ o’tirgan zotlarning dillaridagi har qanday gina-kuduratlarni chiqarib tashladik”. (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 47-oyat).

13 – “Olloh chivin yoki undan-da haqir narsalar haqida masal aytishdan hech tortinmaydi. Iymonli kishilar uning (masalning) haqiqatan, Parvardigorlari tarafidan ekanini biladilar. Kofirlar esa: “Buni misol qilish bilan Olloh nima demoqchi?, deydilar. Bu masal sabab (Olloh) ko’plarni adashtiradi va ko’plarni (Haq Yo’lga) hidoyat qiladi”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 26-oyat).

“Lo yastahi” – “Haq(ni aytish)dan tortinmas”

“…Chunki bu (ishlaringiz) Payg’ambarga ozor berur, u esa sizlardan (ya’ni, sizlarni chiqarib yuborishdan) tortinar. Olloh haq(ni aytish)dan tortinmas…” (Qur’oni karim, “Ahzob” surasi, 53-oyat).

14 – “Qachonki Muso va’dalashgan vaqtimizda (Tur tog’iga) kelib, Parvardigori unga (bevosita) so’zlagach, u: “Parvardigorim, menga (jamolingni) ko’rsatgin. Senga bir qaray”, dedi. (Olloh) aytdi: “Sen Meni (bu dunyoda) hargiz ko’rolmaysan. Ammo mana bu toqqa boq. (Men unga ko’rinurman). Bas, agar u (Men ko’ringanimda) o’rnashgan joyida tura olsa, sen ham Meni ko’rajaksan”. Qachonki, Parvardigori u toqqa ko’ringan edi, uni mayda-mayda qilib tashladi va (bu holni ko’rgan) Muso hushsiz holda yiqildi…” (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 143-oyat).

15 – “(Jannat ahli) u joyda mizoji-aralashmasi zanjabil bo’lgan maykosalar bilan (jannatlardagi) salsabil-o’timli deb ataladigan chashma bilan sug’orilurlar”. (Qur’oni karim, «Inson» surasi, 17-18-oyatlar).

16 – “Taqvo egalari uchun va’da qilingan jannatning misoli – sifati (budir): “Unda aynimagan suvdan bo’lgan daryolar ham, ta’mi o’zgarmagan sutdan bo’lgan daryolar ham, ichguvchilar uchun lazzatli (ya’ni, badta’m va aqldan ozdirguvchi bo’lmagan) maydan bo’lgan daryolar ham, musaffo asaldan bo’lgan daryolar ham bordir…” (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 15-oyat).

17 – “Bas, ular arqon va asolarini (Yerga) tashladilar va: “Fir’avnning qudratiga qasamki, albatta bizlargina g’olib bo’lguvchidirmiz”, dedilar. So’ng Muso asosini tashlagan edi, banogoh u (aso) ularning “uydirma”larini yuta boshladi. Shunda u sehrgarlar sajda qilgan hollarida Yerga tashlanib: “Barcha olamlarning Parvardigoriga – Muso va Horunning Parvardigoriga iymon keltirdik”, dedilar. (Qur’oni karim, «Shuaro» surasi, 44-47-oyatlar).

18 – Rivoyat qilishlaricha, Sulaymon payg’ambar tahorat ado etish vaqtida uzugini yechib, xizmatkoriga beradi. Dev Sulaymon qiyofasiga kirib, xizmatkordan uzukni oladi va qirq kun davomida taxtda o’tiradi. Bundan ogoh bo’lgan Sulaymon cho’l-biyobonga chiqib ketadi va iltijo, tavba bilan mashg’ul bo’ladi. Sulaymonning yaqinlari devdan shubhalana boshlagach, dev qochib, uzukni dengizga uloqtiradi va uni bir baliq yutib yuboradi. Bir baliqchi o’sha baliqni tutib, uni Sulaymonga sovg’a qiladi. Sulaymon baliqning ichidan o’z uzugini topadi, Ollohga shukrona aytib, yana taxtga o’tiradi.

19 – “Odamlarga ayollar, bolalar, tuganmas oltin-kumush boyliklar, (qimmat) baholi otlar, chorva va ekin-tikinlar kabi istak-xohishlarga ko’ngil qo’yish chiroyli qilindi. (Holbuki), bu narsalar hayoti dunyoning (o’tkinchi) narsalaridir. Ollohning huzurida esa eng go’zal qaytadigan joy – jannat bordir. (Ya’ni, o’tkinchi narsalarga ko’ngil bermay, haqiqiy go’zallikni sevmoq, unga intilmoq lozim)”. (Qur’oni karim, “Ol-i-imron” surasi, 14-oyat).

Uchta dev – Ayollar, bolalar, mol-matoh.

20 – “(Ollohning elchilarini yolg’onchi qilib, ularga ozor-aziyat yetkazadigan barcha) bandalarga hasrat-nadomat bo’lgay! Ularga biron payg’ambar kelmas, magar ular uning ustidan masxara qilib kulguvchi bo’lurlar”. (Qur’oni karim, “Yosin” surasi, 30-oyat).

“Ey qavmim, haqiqatan, men sizlar haqingizda (kishilar bir-birlariga) nido qilib qoladigan Kundan (ya’ni, Qiyomat Kunida do’zax azobiga duchor bo’lib, dod-voy qilib qolishlaringizdan) qo’rqaman”. (Qur’oni karim, «Fofir» surasi, 32-oyat).

“Yavma-t-tanad” – “Nido qilib qoladigan Kun (ya’ni, Qiyomat Kuni)”

XIZMATKOR VA QULLARNING: “BIZ OLIB KELAYOTGAN HO’L, SHO’RTAK MEVALARNI YEB QO’YDI” — DEB LUQMONGA TUHMAT QILGANI

Xojada Luqmon degan qul bor edi,
Qullar ichra eng ko’rimsiz, xor edi.1

Qullarin xoja yubormish har zamon,
Meva terdirmoq uchun, bog’i tomon. 3585

Erdi Luqmon qullar ichra xor, yupun,
Ma’nilik, munglig’namo, tund misli tun.

Qullar ersa mevalarni bog’ aro
Yedi ochko’zlik bilan bo’kkuncha to.

So’ng demishlar xojaga: “Luqmon yedi”,
Xoja Luqmondan g’azablangan edi.

Xoja qahrin boisin qilganda his,
Shunda Luqmon xojaga ochdi og’iz.

Ul dedi: “Ey, Haq sayidi, xushusul,
Bo’lmagay xoin, qanoat etsa qul. 3590

Ey, karim, qil imtihon sen birma-bir,
Barchaga to’yguncha issiq suv ichir.

Cheki yo’q sahro ichinda beayov,
So’ng yugurtir, sen ulovda, biz yayov.

Anglagaysan shunda nokas qilmishin,
Hamda Sir Ochguvchining oshkor sirin”.

Xoja issiq suvga bo’ldi kosagul,
Ichdi bir-bir qo’rquv ichra barcha qul.2

So’ng yugurtirmish dala-dashtga shu kez,
Chopdi qullar past-balandlik uzra tez. 3595

Qusdi bosim zo’ridan bor yemagin,
Qusdirardi suv yegan bor mevasin.

Qusdi Luqmon ham toyib holdan tani,
Toza suv erdi ichindan tushgani.

Ersa Luqmon hikmati gar behudud,
Ko’rsatar ne hikmat ul Rabbulvujud?3

“Yavma tublo va-s-saroir kulluho,
Bona minkum kominun lo yushtaho”.4

Gar “suqu mo’un hamiman, quttiat,
Jumlatu-l-astori, mimo ufzinat”.5 3600

Bo’ldi otash shul sabab kofirga yov,
Chunki, otash tosh uchun og’ir sinov.

So’yladik tosh qalbga yumshoq garchi, biz,
Qilmadi, ammo, qabul bul pandimiz.6

Gar yara sassiq, davo – sassiq nishi,
Kalla gar eshshakniki, mos – it tishi.

“Al-xabisot al-xabisin” rost erur,
Har yamon jufti yomonga mos erur.7

Istagan juftlik sari qoqqin qanot,
O’zni mahv et, undan ol shaklu sifot. 3605

Istasang nur, nurga shay bo’l, nurni so’r,
Istamas ersang, yiroq bo’l, o’zni ko’r.

Chiq bu chohdan, istasang, yo’l axtarib,8
Tortma bosh Do’stdan va “v-asjud v-aqtarib”.9

———————————
1 – “Aniqki, Biz Luqmonga hikmat ato etdik (va unga dedik): “Ollohga shukr qilgin! Kim shukr qilsa, faqat o’z foydasi uchun shukr qilur (ya’ni, qilgan shukrining foydasi o’ziga bo’lur)”. (Qur’oni karim, «Luqmon» surasi, 12-oyat).

2 – “… Ana o’sha kimsalar qilgan amallari sababli (Ollohning azobiga) tashlanurlar”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 70-oyat).

3 – Rabbulvujud – Borliq Egasi

4 – “Shak-shubhasiz, (Olloh) uni sirlar fosh qilinadigan (Qiyomat) Kunida qayta tiriltirishga Qodirdir”. (Qur’oni karim, «Toriq» surasi, 8-9-oyatlar).

“Yavma tublo va-s-saroir kulluho, bona minkum kominun lo yushtaho” – “Qiyomat kuni ro’y beradi va sirlaringiz fosh bo’ladi. Sizdan shunday asror fosh bo’ladiki, uning oshkor bo’lishini istamaysiz”.

5 – “Taqvo egalari uchun va’da qilingan jannatning misoli – sifati (budir): «Unda aynimagan suvdan bo’lgan daryolar ham, ta’mi o’zgarmagan sutdan bo’lgan daryolar ham, ichguvchilar uchun lazzatli (ya’ni, badta’m va aqldan ozdirguvchi bo’lmagan) maydan bo’lgan daryolar ham, musaffo asaldan bo’lgan daryolar ham bordir. Ular uchun u joyda barcha mevalardan bordir va (ular uchun u joyda) Parvardigorlari tomonidan mag’firat bordir. (Ana shunday jannat ahli bo’lgan taqvo egalari) do’zaxda mangu qoladigan va (u joyda) qaynoq suv bilan sug’orilib, u (suv) ichaklarini bo’lak-bo’lak qilib tashlagan (kofir) kimsalar kabi bo’lurmi?!” Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 15-oyat).

“Suqu mo’un hamiman, quttiat, jumlatu-l-astori, mimo ufzinat” – “Qachonki, do’zaxning qaynoq suvidan ichsalar va a’zolari pora-pora bo’lsa, barcha pardalar oradan ko’tarilib, rasvolik ayon bo’ladi”.

6 – “(Ey Bani Isroil), so’ngra (shunday mo»jizalarni ko’rgandan) keyin ham (iymonga kelish o’rniga) dillaringiz qotdi. Bas, u (dillar) tosh kabidir yoki undan-da qattiqroqdir. Zero, shunday toshlar borki, ulardan daryolar otilib chiqadi, yana shundaylari brki, yorilib, ichidan suv chiqadi, yana shundaylari ham borki, Ollohdan qo’rqqanidan (cho’qqilardan) pastga qulaydi. Olloh qilayotgan amallaringizdan g’ofil emasdir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 74-oyat).

7 – “Nopok ayollar nopok erlar uchundir (ya’ni, loyiqdir), nopok erlar nopok ayollar uchundir. Pokiza ayollar pokiza erlar uchundir, pokiza erlar pokiza ayollar uchundir. Ana o’sha (pokiza erlar va pokiza ayollar) ularning (ya’ni, nopok erla rva nopok ayollarning) aytayotgan bo’htonlaridan pokdirlar. Ular uchun mag’firat va ulug’ rizq (ya’ni, jannat ne’matlari) bordir”. (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 26-oyat).

“Al-xabisot al-xabisin” – “Pokiza ayollar pokiza erlar uchun”.

8 – “Bu dunyo mo’min uchun jahannam zindoni, kofir uchun esa jannatdir”. (Hadis).

9 – “Yo’q! (Ey Muhammad alayhis-salom), Siz unga itoat etmang va(Yolg’iz) Ollohga sajda-ibodat qilib, (U Zotga) yaqin bo’ling!” (Qur’oni karim, «Alaq» surasi, 19-oyat).

“Va-asjud v-aqtarib” – “Sajda-ibodat qilib, yaqin bo’ling!”.

ZAYD QISSASINING DAVOMI. UNING RASUL SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMGA JAVOBI

Tinmagay, ey, Zayd, bu gap, aytgan bilan,
So’z Burog’in poyiga urgin kishan.

Gap agar ayblarni butkul fosh qilar,
Shunda g’aybning pardasi ham yirtilar.

Haqqa matlub bo’ldi G’ayb bir necha dam,
Hayda bul nog’orachin, to’s yo’lni ham! 3610

Tort jilov, yeldirma, pinhon yaxshidur,
Yaxshidir – kim fikridan topsa surur.1

Haq tilar, kim noumid etmish o’zin,
Burmasin to bul ibodatdan yuzin.

Loyiq o’lsin ham umidga kecha-kun,
Toki ot uzra u yelsin necha kun.

Barchaga rahmat yo’g’irsin har qadam,
Har yomon-yaxshiga, Haq aylab karam.

Istagay Haq, har amiru har asir
Xavf, umiddan ogoh o’lsin birma-bir. 3615

Xavf, umidlar, xuddi, parda ichradek,
To yetilsin pardaning ortinda, lek.

Xavf, umid qayda, yulingach pardalar?
Faybda fosh bo’ldi shukuh-shon qanchalar!

Bir yigit qirg’oqda aylardi gumon:
“Ul Sulaymonmi baliqchimiz?” — debon.

Gar u, nega yakka, pinhon kecha-kun?
Yo’qsa, ul o’xshar Sulaymonga nechun?”

Shundayin o’y birla qilgay ishtiboh,
Toki bo’lguncha Sulaymon ega, shoh. 3620

Bo’ldi dev taxt-mulkidan olis va daf,
Qildi baxt tiyg’i bilan shaytonni mahv.

Qo’lga ul taqqach uzugin, har qadam
Dev, parilar lashkari so’ng bo’ldi jam.

Keldilar barcha tamoshoga shu dam,
Bor edi bunda gumon qilguvchi ham.

So’ngra barmoqda uzuk ko’rgan hamon,
Ketdi tarqab unda bor tusmol, gumon.2

Bor gumon – qayda nihon bo’lsa nadir,
Bul – nihonni izlamakka choradir. 3625

Ul nihonlik qamramish dilni chunon,
Ul ayon bo’lgan zahot, ketmish gumon.

Ko’k yorug’ gar – bequrum bo’lmas mudom,
Yer qaro gar – beunum bo’lmas mudom.

“Yu’minun bilg’ayb”3 erur Menga yaqin,
Chunki, yopdim foniy olam darchasin.

Gar teshib osmonni, etsam Men zuhur,
Men nechuk dey: “Hal taro fiho futur?”.4

Zulmat ichra izlanib tokim yurar,
Har biri har xil tomonga yuz burar. 3630

Bir nafas teskari bo’lgay to’g’rilar,
Dorga eltar soqchilarni o’g’rilar.

Ko’p erur himmatli sultonlar, axir,
O’z quliga gohida quldir, asir.

Bandalik g’ayb ichra bo’lgay benazir,
G’oyibona aylasang gar sen qadr .

Shohni shoh oldida madh etgich qani?
Tortinar, shoh bo’lmasa madh etgani.

Qal’a begi mulkidan gar tashqari,
Mulki sulton soyasi – undan nari. 3635

Qal’ani dushmandan asrar har qadam,
Sotmas ulni behisob boylikka ham.

Garchi shohdan g’oyib ul sarhad aro,
Hozir o’lgan singari aylar vafo.

O’zgalardan afzal ul, lek, shoh uchun,
Garchi ko’pdir jonfidolar kecha-kun.

Yo’g’ida jindak xayol ham, baribir,
Borida yuz ming xayoldan yaxshidir.5

Toat, iymon hamdiga to’lmish jahon,
Bo’ldi rad, bo’lgach o’limdan so’ng ayon. 3640

Afzal ersa g’aybu g’oyib, pardalar,
Yum og’izni, jimlik afzal qanchalar.

Ey, birodar, qo’lni cho’zma gap uchun,
Haq o’zi paydo qilar ilmi ladun.6

So’ng yuzi bo’lgay quyoshga chin guvoh,
“Ayyu shay’in a’zamu-sh-shohid? Iloh”.7

Yo’q, degayman, gar bayonda mushtarak,
Ham Xudo, ham olimu ham har malak:

“Yashhadullah va-l-malak v-ahlu-l-ulum,
Annahu lo rabba illo man yadum”.8 3645

Haq guvohlik bersa, kim ermish malak,
Ul guvohlikda turarmi mushtarak?

Shul sabab, gar shu’lasin sochgay quyosh,
Har xarob ko’ngil va ko’z bermaydi dosh.

Shabparak yanglig’, quyosh qizdirsa lol,
Dosh berolmasdan, umid uzgan misol.

Har malakni biz kabi bil oshno,
Jilva qilguvchi quyoshday ko’k aro.

Neki nur oldik, xalifa singari
Armug’on etdik zaif, ojiz sari. 3650

Misli oy – uch kunligu yangi, to’lin,
Har malakda bor kamol, qadru o’rin.

Ul qanotlardankim, uch-to’rtta erur,
Har malakda o’rniga mos bor u nur. 9

Odamiy aqlin qanoti singari
O’rtada bordir ularning farqlari.

Bas, basharga xos yomonu yaxshida,
Ul malak bordirki, o’xshash aslida.10

Xiyra ko’z dosh bermagach oftobga mo’l,
Bo’ldi yulduz unga sham, topguncha yo’l”. 3655

–––––––––––––––––––––––
1 – “(Ollohga) qaytguvchi bo’lgan hollaringizda (Uning Dinini mahkam tutinglar) va U Zotdan qo’rqinglar hamda namozni to’kis ado qilinglar! Mushriklardan bo’lmanglar! Dinlarini bo’lib, firqa-firqa bo’lib olgan kimsalardan (bo’lmanglar)! Har bir hizb-firqa faqat o’z oldilaridagi narsa bilan xursanddirlar”. (Qur’oni karim, “Rum” surasi, 31-32-oyatlar).

2 – Bundan oldingi hikoyatlardagi “Sulaymon muhri” izohida bu xususda ma’lumot berilgan.

3 – “(Olloh taoloning Haq kalomi ekanligida) hech qanday shak-shubha bo’lmagan ushbu Kitob g’oyibga ishonadigan, namozni to’kis ado etadigan va Biz rizq qilib bergan narsalardan infoq-ehson qiladigan taqvoli kishilar uchun Hidoyat – To’g’ri Yo’ldir”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 3-oyat).

“Yu’minun bilg’ayb” – “G’oyibga ishonadigan”

4 – “(U) yetti osmonni ustma-ust qilib yaratgan Zotdirki, sen (ey inson), U Rahmonning (Mehribon Zotning) yaratishida biron tafovut – nuqsonni ko’rmassan. Endi ko’zingni yana (samoga) qaytargin-chi, (unda) biron futur-yoriqni ko’rarmikansan?” (Qur’oni karim, «Mulk» surasi, 3-oyat).

“Hal taro fiho futur” – “(Unda) biron futur-yoriqni ko’rarmikansan?”

5 – “Maxfiy duo qilmoq yetmish bor oshkora duo qilmoq ila barobardir”. (Hadis).

6 – “Bas, bandalarimizdan bir bandani topdilarki, Biz unga O’z dargohimizdan rahmat (ya’ni, payg’ambarlik) ato etgan va O’z huzurimizdan ilm bergan edik”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 65-oyat).

7 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting (so’rang): “Qay narsa (mening haq Payg’ambar ekanimga) eng ulug’ guvoh bo’lur?” Ayting: “Olloh men bilan sizlarning o’rtamizda Guvohdir…” (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 19-oyat).

“Ayyu shay’in a’zamu-sh-shohid?” – “Qay narsa (mening Payg’ambar ekanimga) eng ulug’ guvoh bo’lur?”.

8 – “Olloh, farishtalar va ilm ahllari – Yolg’iz Ollohdan o’zga hech qanday tangri yo’q, faqat Uning O’zi borligiga guvohlik berdilar. U adolat bilan turguvchi — Hukm qilguvchidir. Hech qanday Tangri yo’q, faqat Uning O’zi bor. U Qudratli, hikmat Egasidir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 18-oyat).

9 – “Hamdu sano osmonlar va Yerni ilk Yaratguvchi hamda (O’zi bilan bandalari o’rtasida) farishtalarni ikki, uch, to’rt qanotli elchilar (vositachilar) qilguvchi Olloh uchundir. U Zot (yaratgan) maxluqotida O’zi xohlagan narsani ziyoda qilur. Albatta Olloh barcha narsaga Qodirdir” (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 1-oyat).

“(Farishtalar dedilar): “Bizlarning har birimiz uchun (osmonlarda) aniq ma’lum bir o’rin bordir(ki, bizlar ana o’sha o’rnimizda Ollohning amrini ado eturmiz). Darhaqiqat, bizlar (Ollohning Yo’lida) saf tortib turguvchilardirmiz. Darhaqiqat, bizlar (Ollohni har qanday aybu nuqsondan poklab) – tasbeh aytguvchilardirmiz”. (Qur’oni karim, “Vas-saffot” surasi, 164-166-oyatlar).

10 – “Zotan, o’ng va chap (tomon)da o’tirgan ikki qabul qilguvchi (yozib turguvchi farishta insonning aytgan va qilgan barcha yaxshi-yomon so’z-amallarini) qabul qilib – yozib tururlar”. (Qur’oni karim, «Qof» surasi, 17-oyat).

PAYG’AMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING ZAYDGA: “BU SIRNI KERAGIDAN ORTIQ OSHKOR AYLAMA HAMDA UNGA ITOAT QILGIN” — DEGANI

Dedi Payg’ambar: “Nujum safdosh erur,1
Yo’lchiga shamdir, Bilisga tosh erur.2

Kimda bordir bundayin kuch, bul nigoh,
To falak oftobidan olsin jilo.

Senga yulduz ne kerakdir, ey, zalil,
Bo’lgali nurdan, quyoshdan bir dalil?

Har bulut, xok, soyaga oy so’ylagay:
“Men bashar erdim, biroq, “yuho ilay”.3

Sizdayin erdim qorong’u ham qaro,
So’ng quyosh vahyi etibdir nur ato. 3660

Zulmatim bordir quyoshga nisbatan,
Nurdayin zulmatli jonlar ichraman.

Men zaifman, toki bo’l deb barqaror,
Sen emassan ulki, porloq nurga yor.

Sirka va bolday qorishdim bunda mo’l,
Topgunimcha to jigar dardiga yo’l.

Illatingdan gar qutilsang, ey, asir,
Sirkani qo’y, ye asaldan birma-bir.

Tiklanib dil taxti, ketsa hirs-havo,
Boqkim, “arrahmon ala-l-arsh istavo”. 4 3665

Qalbga Haq qilgay hukm bevosita,
Topsa gar bul dilga shunday robita.5

Ushbu so’z bo’lmas tamom, Zayd qaydadir?
To qilay pand: “Izlama isnod, axir!”.

———————————
1 – “Sahobalarim yulduzga o’xshashdir, qay biriga ergashsangiz, hidoyat topursiz”. (Hadis).

2 – “Darhaqiqat, Biz eng yaqin osmonni chiroqlar (yulduzlar) bilan bezadik va ularni shaytonlarga otiladigan toshlar qilib qo’ydik. Biz ular (shaytonlar) uchun (Oxiratdagi) olov-do’zax azobini ham tayyorlab qo’ygandirmiz”. (Qur’oni karim, “Mulk” surasi, 5-oyat).

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom, ularga) ayting: “Hech shak-shubha yo’qki, men ham sizlar kabi bir odamdirman. Menga Tangringiz yolg’iz Ollohning O’zi ekani vahiy etilmoqda. Bas, kim Parvardigorga ro’baro’ bo’lishidan umidvor bo’lsa, u holda yaxshi amal qilsin va Parvardigoriga bandalik qilishda (riyokorlik bilan) biron kimsani (Unga) sherik qilmasin! (Ya’ni, qiladigan barcha amallarini Yolg’iz Olloh uchun qilsin)”. (Qur’oni karim, «Kahf» surasi, 110-oyat)

“Yuho ilay” – “Vahiy etildi”

4 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Biz Sizga bu Qur’onni qiynalib jafo chekishingiz uchun emas, balki (Ollohdan) qo’rqadigan kishilarga pand-nasihat bo’lsin uchun nozil qildik. (U) Yerni va yuksak osmonlarni yaratgan Zot tomonidan nozil qilingandir. (U Zot) O’z Arshiga o’rnashgan Rahmondir”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 5-oyat).

“Arrahmon ala-l-arsh istavo” – “O’z Arshiga o’rnashgan Rahmondir”

5 – “Meni Yer ham, osmonlar ham sig’dirolmas, ammo, mo’min bandamning qalbiga sig’aman” (Hadis).

07

(Tashriflar: umumiy 765, bugungi 1)

Izoh qoldiring