Xurshid Davron. Bir-birin erkalar ikki kabutar

Ashampoo_Snap_2017.02.22_17h00m09s_005_.png    «Тафакур» журналининг мазкур — 2017 йилдаги илк сонида эълон қилинган —  китобларимга кирмай қолган ва янги ёзилган битиклардан иборат  — «Бир-бирин эркалар икки кабутар» сарлавҳали шеърий туркумимни сизга тақдим этишдан мамнунман…

Хуршид ДАВРОН
БИР-БИРИН ЭРКАЛАР ИККИ КАБУТАР
01

ШЕЪРИЯТ

Шеърият – шер билан олишув,
Яъни ҳаёт-мамот жанги.0-wiki Khurshid Davron.JPG
Шеърият – қор остидан чапак чалиб
Чиққан чечакнинг ранги.

У – саҳрода адашган йўлчи
Сувдонида қолган томчи сув.
У – ишончни жар ёқасига
Бошлаб борган кўр қўрқув.

Шеърият – шамолга басма–бас
Учқундек гулханга қараб югурмоқ.
Бошяланг, типпа-тик –
Ёвуз ва баднафс
Милтиқларга юзма-юз турмоқ.

Қўрқоқларни кечирмаслик,
Сотқинларни кечирмаслик,
Нодонларни кечирмаслик –
Шеърият.

***

Чақмоқ чақнар ногоҳ далада…
Ёмғир елиб ўтар ёнингдан
Оппоқ кўйлак кийган боладай.

Тиниқлашар ҳаво ва олам.
“Мен дунёда яшаяпман”, деб
Қувонасан мана шундай дам.

Шундай дамда қудратга тўлиб
Митти чечак қаддини ростлар
Худо билан сўзлашмоқ бўлиб…

* * *

У болани излама энди.
У адашиб кетган — қайдадир
Акс-садодай овози тинди…

У болани излама… Уни
Изламоқчи бўлсанг сен агар,
Еганинг тош, ичганинг заҳар.

У болани излама бекор,
У кетган йўл устида фақат
Хазон учар, бўралайди қор.

У болани излама… укпар
Хотираларнинг қучоғида
Дилингнинг энг чуқур тубида ухлар…

ЭРТАКЛАРДАН БИРИ

Мен Гарсиа Лорка…
балки  Рауф Парфи …
йўқ-йўқ, Такубоку …
менимча, Чўлпоннинг
шеърини ўқиётгандим —
нигоҳимни тўхтатди
сўзларнинг бири…

Кўз олдим ёруғлашди .
“Наҳот, эшитмаган бўлсанг мени”, — деди
сўзларнинг бири.

“Йўқ”, дея бош чайқасам,
қиқирлаб кулди
сўзларнинг бири.

“Демак,ҳали дунёни билмас экансан”, — деди
сўзларнинг бири.

Сўнг қўлимдан ушлаб,
етаклаб кетди
сўзларнинг бири…

Дарё кечдим, тоғ ошдим,
уфқлар томон шошдим —
совуқ қотсам, иситди,
оч қолсам, бурда нонга,
чанқасам томчи сувга айланди
сўзларнинг бири…

Юксак-юксакларга талпиниб бордим –
Қўлларимдан ушлаб бораверди
сўзларнинг бири…

“Олис-олисларда битта водий бор —
унда қуёш бор,
меҳр бор,
муҳаббат бор.
Қалбинг ўша ерда”,- деди
сўзларнинг бири…

* * *

Тонг билан оқшомнинг қоқ орасида,
Паҳлавон Маҳмуднинг мақбарасида
Гўё ўқигандай ишққа қасида
Бир-бирин эркалар икки кабутар.

Ичанқалъа аро қанча кезмайин,
Уларнинг товуши таралар майин —
Дунёни сезмайин, дунни сезмайин,
Бир-бирин эркалар икки кабутар.

Кўксимда уйғонди кексайган титроқ,
Ахир, сен мендан-да қанчалар йироқ,
Кўзларинг ёдимга солганча,бироқ
Бир-бирин эркалар икки кабутар.

Бу икки дунёнинг сурати эди,
Одаму Ҳавонинг сийрати эди.
Икки дил ишқининг қудрати эди –
Бир-бирини суйган икки кабутар.

Ё Лайли-Мажнуннинг руҳи эдими,
Ё Ошиқ Ғарибнинг оҳи эдими,
Ё кўкдан ишора – ёҳу эдими –
Бир-бирини суйган икки кабутар.

Уйғонди юрагим унутган хатар,
Кўринди мен сенга битмаган хатлар,
Мендан-да бехабар, сендан бехабар
Бир-бирин эркалар икки кабутар.

Ай, менинг омоним, менинг қурбоним,
Ахир, сен эдинг-ку менинг дармоним,
Кўринди кўзимга мисли армоним –
Бир-бирин эркалаб турган кабутар.

Сочга оқ тушганда армон бефойда,
Бугун сен бошқа-ю,мен бошқа жойда,
Аммо, ишқ боқий деб оний дунёда
Бир-бирин эркалар икки кабутар.

Неча ойлар ўтди,
Неча кун ўтди,
Сирларимни олиб неча тун ўтди,
Ҳамон кўз ўнгимда бир жуфт ишқ ўти –
Бир-бирин эркалар икки кабутар….

ВОҚИФ САМАД ЎҒЛИ ХОТИРАСИГА

Аллоҳим, раҳмдилим,
Нима айб қилган бўлсам,
Биласан айтмасам ҳам.

Сен ёққан юлдузлардан
Нур тўкилар бағримга,
Аммо дилдан кетмас ғам.

Аллоҳим, раҳмдилим,
Дил тугунин еч демайман.
Айбларимдан кеч демайман.

Сўрамайман, умр бўйи
Қилган айбу гуноҳларим
Меҳринг ила даф айлагин.

Сўрагайман: Гуноҳимда
Ўзгаларнинг айби бўлса
Сен уларни авф айлагин…

БИР ОЛМА ГУЛЛАДИ…

Сағир саҳарларда қизарган қуёш
Яғир елкаларни ёритган чоғда,
Бир олма гуллади нофармон, қийғоч,
Бир олма гуллади уйқусиз боғда.

Унинг ғунчалари қиздай беғубор,
Кабутар қонидай, тунги чароғдай —
Бир олма гуллади бевадай беор,
Бир олма гуллади қариган боғда.

Минг йиллик чинорлар етмаган бахтдек,
Ғуруб жон бергандай, энг сўнгги «оҳ»дай ,
Бир олма гуллади шоҳона тахтдек,
Бир олма гуллади кимсасиз боғда.

Хазон билан тўлиб мен ўтган сўқмоқ,
Куз билан дўстлашиб қолган чоғимда ,
Бир олма гуллади сочимдек оппоқ,
Муҳаббат булбули қўнган боғимда.

БАҲС ЁКИ ТАКУБОКУ ХОТИРАСИ

Куни билан тортишдим
Кўзи ожиз жўрам билан
Бугун ҳаёт ҳақида.
У:
«Дунё
Қандай гўзал эканини
Билмайсан!» деди.

СЎҚИР ҲОМЕР ЁЗГАН ХАТДАН

Агар тахтда ўтирса дажжол,
Унга бош эгсанг,
Кўринмас тахтининг пойида
Миннатдорона кўзёш тўксанг гоҳида —
Вақт ўтиб, йиллар ўтиб
Сен ҳам озма-оз
Дажжолга айланасан.

ҚАЙҒУМ МАНИМ

Қайғум маним —
бир умрлик жўрам маним,
Юрагимнинг ич-ичида ҳужрам маним,
Ойнасидан ойнинг нури тушиб турган,
Қафасдаги булбулдайин учиб юрган,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Туғилмишдан соямдайин ёнимдасан,
Ла илаҳа иллаллоҳдай ёдимдасан.
Ҳар дам маним жонимдасан, қонимдасан,
Йиллар, ойлар, кунлариму онимдасан,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Онам тўккан кўз ёшларда кўрдим сени,
Мозорининг бошларида кўрдим сени.
Юрагимни тилиб-тилиб муз тиғларинг,
Қўшилишиб “Онам” дея сен йиғладинг,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Унутайин десам кимни, исмин айтдинг,
Тарк этайин деганимни олиб қайтдинг.
Ёнимдасан издиҳому ёлғиз пайтим,
Навоийнинг девонида суйган байтим,
Қайғум маним

Қайғум маним —
Болалигим ташлаб кетди, сен кетмадинг,
Илк севги шодликларим унутмадинг.
Бамисоли кузакдаги баргихазон,
Бамисоли қорлардаги субҳи азон —
Қайғум маним

Қайғум маним —
Мусичадай деразамда қўниб турган,
Онамдайин ҳамма гапга кўниб турган,
Айни саҳар шамчироқдай сўниб турган,
Юрагимга шабнамдайин иниб кирган,
Қайғум маним.

Қайғум маним —
Умрим бўйи хайр демай, салом демай,
Бўлди етар, энди бари тамом демай,
Тўйларимда бирон марта нон туз емай,
Отамдайин қараб турган бир сўз демай,
Қайғум маним

Қайғум маним,
Қайғум маним —
Юрагимдан униб чиққан илк майсам,
Йиллар кетар, ойлар кетар — қарамайсан.
Белим букик, сочим оқ — сен қаримайсан,
Кунларимни сармаст этган қари майсан,
Қайғум маним

Қайғум маним,
Қайғум маним —
Бир кун келар ҳаётимнинг гули сўлар,
Мозоримнинг дунёдай кенг бағри тўлар,
Юрагимдан униб чиқиб чечак бўлар,
Қайғум маним,
Қайғум маним,
Қайғум маним…

ҚИСМАТ

Ҳамма қилган ишни қилмайман,
Ҳамма йиғласа йиғламайман,
Ҳамма кулса кулмайман деди,
Ҳамма билганини билмайман деди.

Ҳамма ўнгга юрса, чапга юраман,
Ҳамма ўтирганда, тикка тураман,
Ҳамма  «ҳа»  деса мен  «йўқ»  дейман,
Ҳамма ош еса, мен мош ейман,
Ҳамма  «оёқ»  деса,  мен  «бош» дейман деди.

Аммо худонинг айтгани бўлди:
Бари бир ҳамманинг ишини қилди —

Ўлди!

БИЗ БИЛАН

Жасорат туйғуси ёнида
Қўрқувнинг нафаси биз билан.
Ложувард осмонни тўлдирган
Қушларнинг қафаси биз билан.

Биз билан боболар армони,
Ҳадикнинг ҳассаси биз билан.
Юртим деб жон берган ботирлар,
Боболар қиссаси биз билан.

Алпомиш, Гўрўғли келбати,
Ватан деб ўлмоқлик навбати,
Ялавоч бўлмоқлик навбати,
Хиёнат шарпаси биз билан.

Ой чиқар мозорлар устига,
Кун чиқар бозорлар устига,
Боқармиз ҳеч нима сезмасдан,
Ҳаётнинг ғуссаси биз билан…

***

Суйдигимнинг сочлари қора –
Дардим каби.

Суйдигимнинг киприги узун –
Дардим каби.

Суйдигимнинг лаблари ширин –
Дардим каби.

Суйдигимнинг кўзлари яшнар
Дардим каби.

МЕНИМЧА

Дилларда шубҳа туғилганда
Қулф пайдо бўлган.
Юраклар қўрқувдан тугилганда
Қул пайдо бўлган.

Ҳамдард йўқлигидан
Дард пайдо бўлган.
Дардсиз юракларда
Гард пайдо бўлган.

Жаннатдан қувилганда
Ер пайдо бўлган.
Жаннатни соғинганда
Шеър пайдо бўлган.

Ҳовлилар,  деворлар
Берк пайдо бўлган.
Уларни қулатгувчи
Эрк пайдо бўлган.

Ишқни яширишга
Дил пайдо бўлган.
Бу сирни очишга
Тил пайдо бўлган.

Орзу ва армондан
Қуш пайдо бўлган.
Эрксиз қуш мунгидан
Туш пайдо бўлган.

* * *

Олис-олисларга кетмоқ истайман,
Ҳаволи жойларга, юксак жойларга.
Битта шеър… битта шеър битмоқ истайман –
Ўхшасин куздаги тўлин ойларга.

Баҳорги қирларда чечак шивири
Шеърим сўзларини сенга етказсин,
Менинг армонларим, менинг дардларим
Сен кезган боғларни интизор кезсин.

Бир пайтлар сочларинг силаган шамол
Тунларнинг қаъридан ёнимга қайтсин,
Дарё бўйидаги сўнгги мажнунтол
Қирқ кеча дардимни сувларга айтсин.

Мен ҳам ўша дарё ортидан борай,
Бўлиниб-бўлиниб кетай сойларга.
Мен ҳам ўша сувлар ортидан борай,
Ҳаволи жойларга,ойдин жойларга.

Ўша олисларга етиб борсам мен –
Чеккан ҳасратларим тамом битарми,
Худди анордайин қалбим ёрсам мен –
Ўша битта шеърга қоним етарми?!…

Манба: «Тафаккур» журнали, 2017, № 1

45485.jpg  “Tafakur” jurnalining mazkur — 2017 yildagi ilk sonida e’lon qilingan — kitoblarimga kirmay qolgan va yangi yozilgan bitiklardan iborat — “Bir-birin erkalar ikki kabutar” sarlavhali she’riy turkumimni sizga taqdim etishdan mamnunman

Xurshid DAVRON
BIR-BIRIN ERKALAR IKKI KABUTAR
01

SHE’RIYAT

She’riyat – sher bilan olishuv,0-khurshid-davron.jpg
Ya’ni hayot-mamot jangi.
She’riyat – qor ostidan chapak chalib
Chiqqan chechakning rangi.

U – sahroda adashgan yo‘lchi
Suvdonida qolgan tomchi suv.
U – ishonchni jar yoqasiga
Boshlab borgan ko‘r qo‘rquv.

She’riyat – shamolga basma–bas
Uchqundek gulxanga qarab yugurmoq.
Boshyalang, tippa-tik –
Yovuz va badnafs
Miltiqlarga yuzma-yuz turmoq.

Qo‘rqoqlarni kechirmaslik,
Sotqinlarni kechirmaslik,
Nodonlarni kechirmaslik –
She’riyat.

***

Chaqmoq chaqnar nogoh dalada…
Yomg‘ir yelib o‘tar yoningdan
Oppoq ko‘ylak kiygan boladay.

Tiniqlashar havo va olam.
“Men dunyoda yashayapman”, deb
Quvonasan mana shunday dam.

Shunday damda qudratga to‘lib
Mitti chechak qaddini rostlar
Xudo bilan so‘zlashmoq bo‘lib…

* * *

U bolani izlama endi.
U adashib ketgan — qaydadir
Aks-sadoday ovozi tindi…

U bolani izlama… Uni
Izlamoqchi bo‘lsang sen agar,
Yeganing tosh, ichganing zahar.

U bolani izlama bekor,
U ketgan yo‘l ustida faqat
Xazon uchar, bo‘ralaydi qor.

U bolani izlama…ukpar
Xotiralarning quchog‘ida
Dilingning eng chuqur tubida uxlar…

ERTAKLARDAN BIRI

Men Garsia Lorka…
balki Rauf Parfi …
yo‘q-yo‘q, Takuboku …
menimcha, Cho‘lponning
she’rini o‘qiyotgandim —
nigohimni to‘xtatdi
so‘zlarning biri…

Ko‘z oldim yorug‘lashdi .
“Nahot, eshitmagan bo‘lsang meni”, — dedi
so‘zlarning biri.

“Yo‘q”,-deya bosh chayqasam,
qiqirlab kuldi
so‘zlarning biri.

“Demak,hali dunyoni bilmas ekansan”,- dedi
so‘zlarning biri.

So‘ng qo‘limdan ushlab,
yetaklab ketdi
so‘zlarning biri…

Daryo kechdim, tog‘ oshdim,
ufqlar tomon shoshdim —
sovuq qotsam, isitdi,
och qolsam,nonga,
chanqasam suvga aylandi
so‘zlarning biri…

Yuksak-yuksaklarga talpinib bordim –
Qo‘llarimdan ushlab boraverdi
so‘zlarning biri…

“Olis-olislarda bitta vodiy bor —
unda quyosh bor,
mehr bor,
muhabbat bor.
Qalbing o‘sha yerda”,- dedi
so‘zlarning biri…

* * *

Tong bilan oqshomning qoq orasida,
Pahlavon Mahmudning maqbarasida
Go‘yo o‘qiganday ishqqa qasida
Bir-birin erkalar ikki kabutar.

6632.jpg

Ichanqal’a aro qancha kezmayin,
Ularning tovushi taralar mayin —
Dunyoni sezmayin, dunni sezmayin,
Bir-birin erkalar ikki kabutar.

Ko‘ksimda uyg‘ondi keksaygan titroq,
Axir, sen mendan-da qanchalar yiroq,
Ko‘zlaring yodimga solgancha,biroq
Bir-birin erkalar ikki kabutar.

Bu ikki dunyoning surati edi,
Odamu Havoning siyrati edi.
Ikki dil ishqining qudrati edi –
Bir-birini suygan ikki kabutar.

Yo Layli-Majnunning ruhi edimi,
Yo Oshiq G‘aribning ohi edimi,
Yo ko‘kdan ishora – yohu edimi –
Bir-birini suygan ikki kabutar.

Uyg‘ondi yuragim unutgan xatar,
Ko‘rindi men senga bitmagan xatlar,
Mendan-da bexabar, sendan bexabar
Bir-birin erkalar ikki kabutar.

Ay, mening omonim, mening qurbonim,
Axir, sen eding-ku mening darmonim,
Ko‘rindi ko‘zimga misli armonim –
Bir-birin erkalab turgan kabutar.

Sochga oq tushganda armon befoyda,
Bugun sen boshqa-yu,men boshqa joyda,
Ammo, ishq boqiy deb oniy dunyoda
Bir-birin erkalar ikki kabutar.

Necha oylar o‘tdi,
Necha kun o‘tdi,
Sirlarimni olib necha tun o‘tdi,
Hamon ko‘z o‘ngimda bir juft ishq o‘ti –
Bir-birin erkalar ikki kabutar….

VOQIF SAMAD O‘G‘LI XOTIRASIGA

Allohim, rahmdilim,
Nima ayb qilgan bo‘lsam,
Bilasan aytmasam ham.

Sen yoqqan yulduzlardan
Nur to‘kilar bag‘rimga,
Ammo dildan ketmas g‘am.

Allohim, rahmdilim,
Dil tugunin yech demayman.
Ayblarimdan kech demayman.

So‘ramayman, umr bo‘yi
Qilgan aybu gunohlarim
Mehring ila daf aylagin.

So‘ragayman: Gunohimda
O‘zgalarning aybi bo‘lsa
Sen ularni avf aylagin…

BIR OLMA GULLADI…

Sag‘ir saharlarda qizargan quyosh
Yag‘ir yelkalarni yoritgan chog‘da,
Bir olma gulladi nofarmon, qiyg‘och,
Bir olma gulladi uyqusiz bog‘da.

Uning g‘unchalari qizday beg‘ubor,
Kabutar qoniday, tungi charog‘day —
Bir olma gulladi bevaday beor,
Bir olma gulladi qarigan bog‘da.

Ming yillik chinorlar yetmagan baxtdek,
G‘urub jon berganday, eng so‘nggi «oh»day ,
Bir olma gulladi shohona taxtdek,
Bir olma gulladi kimsasiz bog‘da.

Xazon bilan to‘lib men o‘tgan so‘qmoq,
Kuz bilan do‘stlashib qolgan chog‘imda ,
Bir olma gulladi sochimdek oppoq,
Muhabbat bulbuli qo‘ngan bog‘imda.

BAHS YOKI TAKUBOKU XOTIRASI

Kuni bilan tortishdim
Ko‘zi ojiz jo‘ram bilan
Bugun hayot haqida.
U:
«Dunyo
Qanday go‘zal ekanini
Bilmaysan!» -dedi.

SO‘QIR HOMЕR YOZGAN XATDAN

Agar taxtda o‘tirsa dajjol,
Unga bosh egsang,
Ko‘rinmas taxtining poyida
Minnatdorona ko‘zyosh to‘ksang gohida
Vaqt o‘tib yillar o‘tib
Sen ham ozma-oz
Dajjolga aylanasan.

QAYG‘UM MANIM

Qayg‘um manim —
bir umrlik jo‘ram manim,
Yuragimning ich-ichida hujram manim,
Oynasidan oyning nuri tushib turgan,
Qafasdagi bulbuldayin uchib yurgan,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Tug‘ilmishdan soyamdayin yonimdasan,
La ilaha illallohday yodimdasan.
Har dam manim jonimdasan, qonimdasan,
Yillar, oylar, kunlarimu onimdasan,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Onam to‘kkan ko‘z yoshlarda ko‘rdim seni,
Mozorining boshlarida ko‘rdim seni.
Yuragimni tilib-tilib muz tig‘laring,
Qo‘shilishib “Onam” deya sen yig‘lading,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Unutayin desam kimni, ismin aytding,
Tark etayin deganimni olib qaytding.
Yonimdasan izdihomu yolg‘iz paytim,
Navoiyning devonida suygan baytim,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Bolaligim tashlab ketdi, sen ketmading,
Ilk sevgi shodliklarim unutmading.
Bamisoli kuzakdagi bargixazon,
Bamisoli qorlardagi subhi azon —
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim —
Musichaday derazamda qo‘nib turgan,
Onamdayin hamma gapga ko‘nib turgan,
Ayni sahar shamchiroqday so‘nib turgan,
Yuragimga shabnamdayin inib kirgan,
Qayg‘um manim.

Qayg‘um manim —
Umrim bo‘yi xayr demay, salom demay,
Bo‘ldi yetar, endi bari tamom demay,
To‘ylarimda biron marta non tuz yemay,
Otamdayin qarab turgan bir so‘z demay,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim —
Yuragimdan unib chiqqan ilk maysam,
Yillar ketar, oylar ketar — qaramaysan.
Belim bukik, sochim oq — sen qarimaysan,
Kunlarimni sarmast etgan qari maysan,
Qayg‘um manim

Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim —
Bir kun kelar hayotimning guli so‘lar,
Mozorimning dunyoday keng bag‘ri to‘lar,
Yuragimdan unib chiqib chechak bo‘lar,
Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim,
Qayg‘um manim…

QISMAT

Hamma qilgan ishni qilmayman,
Hamma yig‘lasa yig‘lamayman,
Hamma kulsa kulmayman dedi,
Hamma bilganini bilmayman dedi.

Hamma o‘ngga yursa, chapga yuraman,
Hamma o‘tirganda, tikka turaman,
Hamma “ha” desa men “yo‘q” deyman,
Hamma osh yesa men mosh yeyman,
Hamma “oyoq” desa, men “bosh” deyman dedi.

Ammo xudoning aytgani bo‘ldi:
Bari bir hammaning ishini qildi —

O‘ldi!

BIZ BILAN

Jasorat tuyg‘usi yonida
Qo‘rquvning nafasi biz bilan.
Lojuvard osmonni to‘ldirgan
Qushlarning qafasi biz bilan.

Biz bilan bobolar armoni,
Hadikning hassasi biz bilan.
Yurtim deb jon bergan botirlar,
Bobolar qissasi biz bilan.

Alpomish, Go‘ro‘g‘li kelbati,
Vatan deb o‘lmoqlik navbati,
Yalavoch bo‘lmoqlik navbati,
Xiyonat sharpasi biz bilan.

Oy chiqar mozorlar ustiga,
Kun chiqar bozorlar ustiga,
Boqarmiz hech nima sezmasdan,
Hayotning g‘ussasi biz bilan…

***

Suydigimning sochlari qora –
Dardim kabi.

Suydigimning kiprigi uzun –
Dardim kabi.

Suydigimning lablari shirin –
Dardim kabi.

Suydigimning ko‘zlari yashnar
Dardim kabi.

MЕNIMCHA

Dillarda shubha tug‘ilganda
Qulf paydo bo‘lgan.
Yuraklar qo‘rquvdan tugilganda
Qul paydo bo‘lgan.

Hamdard yo‘qligidan
Dard paydo bo‘lgan.
Dardsiz yuraklarda
Gard paydo bo‘lgan.

Jannatdan quvilganda
Yer paydo bo‘lgan.
Jannatni sog‘inganda
She’r paydo bo‘lgan.

Hovlilar, devorlar
Berk paydo bo‘lgan.
Ularni qulatguvchi
Erk paydo bo‘lgan.

Ishqni yashirishga
Dil paydo bo‘lgan.
Bu sirni ochishga
Til paydo bo‘lgan.

Orzu va armondan
Qush paydo bo‘lgan.
Erksiz qush mungidan
Tush paydo bo‘lgan.

* * *

Olis-olislarga ketmoq istayman,
Havoli joylarga, yuksak joylarga.
Bitta she’r… bitta she’r bitmoq istayman –
O‘xshasin kuzdagi to‘lin oylarga.

Bahorgi qirlarda chechak shiviri
She’rim so‘zlarini senga yetkazsin,
Mening armonlarim, mening dardlarim
Sen kezgan bog‘larni intizor kezsin.

Bir paytlar sochlaring silagan shamol
Tunlarning qa’ridan yonimga qaytsin,
Daryo bo‘yidagi so‘nggi majnuntol
Qirq kecha dardimni suvlarga aytsin.

Men ham o‘sha daryo ortidan boray,
Bo‘linib-bo‘linib ketay soylarga.
Men ham o‘sha suvlar ortidan boray,
Havoli joylarga,oydin joylarga.

O‘sha olislarga yetib borsam men –
Chekkan hasratlarim tamom bitarmi,
Xuddi anordayin qalbim yorsam men –
O‘sha bitta she’rga qonim yetarmi?!…

Manba: “Tafakkur” jurnali, 2017, № 1

хдк

(Tashriflar: umumiy 2 650, bugungi 1)

2 izoh

  1. «Жаннатни соғинганда
    Шеър пайдо бўлган…»

    Бутун туркумнинг руҳи, моҳияти шу сўзларда тажассум топган. Ажойиб, ичкин шеърлар бўпти. Шоирга ҳам, ўқувчиларга ҳам муборак бўлсин!

Izoh qoldiring