Дастлабки йилларда фарзанд билан ота йўллари деярли туташмайди, ва бу паллада отанинг чақалоқ билан боғлиқлигини она билан муҳим боғлиқликка мутлақо тенглаштириб бўлмайди. Бироқ, табиат, табиийлик ифодаси бўлмаса ҳам, ота инсоний ҳаётнинг бошқа жиҳатларини намоён этади: фикр-мулоҳазалари, ўзи яратган оламини, қонун-қоидалар ва тартиб-тамойилларни, интизом оламини, саёҳатлар ва саргузаштлар оламини тақдим этади. Фарзандга айни ота таълим бериб, ҳаётга бошлайди.
Эрих ФРОММ
СЕВГИ САНЪАТИ (II)
Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси
2. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муҳаббат
Агар чақалоқни ҳотамтой тақдир она танасидан ажралиш ва она қурсоғидаги ҳаётининг тугаши билан боғлиқ ҳар қандай хадик-хавотирдан муҳофаза қилмаса, туғилаётганида ўлим-интиҳо даҳшати ичра қолган бўларди. Чақалоқ, дарвоқе, туғилганидан кейин ҳам туғилиш тарафасидаги ҳолатидан деярли фарқ қилмайди; у ҳамон нарса-ашёларни билмайди, ўзлигини ва ўзига нисбатан ташқи оламни идрок қилолмайди. У фақат ҳарорат тафти ва егуликдан ҳаловат топади ва ҳамон ҳароратни ҳам, озиғини ҳам манбаи — она танасидан айрича тасаввур қила олмайди. Она – ҳам ҳарорат, ҳам озиқланиш манбаи, айни шу қониқиш ва хавфсизликбилан боғлиқ эйфорик ҳолат. Фрейд буни нарцизм ҳолати дея таърифлайди. Чақалдоқ танасининг ички ҳолатига ижобий ёки салбий таъсири мос равишда атроф-муҳит, одамлар ва ашё-нарсалар муайян аҳамият касб этади. унинг ичи-ботинидаги ҳолат-кечинмаларгина ҳаётий аҳамиятга молик; ташқи олам эса сифат хусусиятлари ёки атрофдагиларнинг эҳтиёжлари нуқтаи назаридан эмас, балки менинг эҳтиёжларимга нақадар мослигига кўра аҳамиятга молик.
Гўдак ўсиб, камол топар экан, нарса-ашёлар аслида қандай бўлса, шу ҳолида идрок этиш қобилиятини касб этади; у қорни тўқлиги, онасининг кўкси-кўкрагибаҳра олишини илғай бошлайди. У секин-аста ташналикни сезади, уни қондирувчи сутни, она кўкси ва онасини алоҳида-алоҳида тасаввур қилади. У бошқа кўплаб нарса-ашёларни ҳам алоҳида-алоҳида тасаввур қилишга ўзлаштира боради. Шу аснода уларнинг номланишини ҳам ўрганади. Айни замонда нарса-ашёлар билан муносабатда бўлишни ўрганади; олов қайноқлиги ва куйдиришини, онасининг танаси иссиқ ва ҳузурбахш эканини, дарахт қаттиқ ва оғир эканини, қоғоз енгиллигию уни йиртиш мумкинлигини ўзлаштиради. Одамлар билан муомала тарзини ўрганади: озиқланаётганида онаси мамнун жилмайишини, йиғлагудай бўлса, қўлга олиб эркалашини, кичик ва катта заруриятларни рисоладагидек бажарса, алқашини билиб олади. Бу кечинмаларнинг барча ранг-баранглашиб, яхлит фикрга жамланади: мени севадилар. Онамнинг ўғли бўлганим боис мени севишади. Ожиз-нотавон бўлганим учун севадилар. Гўзаллигим ва ҳайратга муносиблигим боис ардоқлайдилар. Онамга керак бўлганим учун ҳам севишади буларнинг баорчасини шундай умумлаштириш мумкин: мавжудлигим боис мени севишади, ёки, аниқроғи, мавжудлигим учун ҳам мени севадилар. Сени онанг севиб-ардоқлаши билан боғлиқ кечинма суст ҳиссиёт. Мени севишлари учун ҳеч вақо қилишимнинг ҳожати йўқ, — беғараз она муҳаббати шубҳасиз, эвазига ҳеч вақо талаб этмайди. Мендан лозими фақат мавжуд бўлсам, унга фарзандлик қилсам бас. Она муҳаббати – ҳузур-ҳаловат ва хотиржам фаровонлик, уни қозониш ва мунлосиб бўлиш учун жон куйдиришнинг ҳожати йўқ. Бироқ она муҳаббати шубҳасизлигининг салбий жиҳати ҳам бор. Уни наинки қозонишнинг ҳожати йўқ — айни пайтда асли бўлмаса, унга сазовор бўлишнинг, юзага келтиришнинг, иддора қилишнинг мутақо имкони йўқ. Агар бўлса, Оллоҳнинг инояти, йўқ эса – бу гўё ҳаёт бутун тароватини йўқотгани билан баробар ва айни она муҳаббатини ҳар қанча зўр берган билан ҳам юзага келтириб бўлмайди.
8,5-10 ёшдан кичик аксарият болалар учун уларни борлиги-мавжудлиги учун севишлари-ардоқлашлари муаммоси йўқ ҳисоби. Бу ёшгача бола сева олмайди; меҳр-муҳаббатга мамнуният ила миннатдорчилик билдиради, халос. Айни палладан эътиборан янги омил ҳаракатга келади: хатти-қаракатларила меҳр-муҳаббат қозонаётгани болакай англай бошлайди.онаси (ёки отасига) ниманидир ҳадя этиш, яратиш: шеър, расм ёки бирон бир нарса яратиш устида илк бора ўйлай бошлайди. Болакай ҳаётида илк бора муҳаббат тушунчаси «севимли бўлиш» «севиш», «муҳаббат қозониш»га ўзгаради. Бу жараён интиҳосидан муҳаббат туйғуси юзага келгунга қадар кўп йил ўтади. Боланинг шахсиятпарастлиги секин-аста, қадам-бақадам – эҳтимол, ўсмирлик палласида – барҳам топади; ўзгаларга энг аввало эҳтиёжларини қондирувчи восита сифатида қарамайди. Ён-атроидаги одамларнинг талаб-эҳтиёжлари ўз талаб-эҳтиёжлари сингари муҳим, ҳатто аҳамиятлироқ бўла боради. Олишга, баҳраманд бўлишга нисбатан, бериш, бахраманд этиш, севимли бўлишдан нисбатан севиш мароқлироқ бўлиб қолади. У бекиралиги ва шахсиятпарастлиги юазага келтирган ёлғизлик ва яккаланиш исканжасидан муҳаббат воситасида халос топади. У ҳамснафаслик, ҳамкорлик, бир тану бир жонга айланиш сингари янги кечинмаларни ҳис этади. Яна ҳам муҳимроғи — жажжи, ожиз, хаста, яъни ўзгаларнинг наздида «ширинтой-асалтой» сифатида севимли-ардоқли тарзида эга бўладиган меҳру шафқатга боғлиқ бўлгандан кўра муҳаббати воситасида муҳаббат яратишга қодиргини пайқайди. Болаларча муҳаббат қуйидаги қоидага таянади: «Севганлари учун мен ҳам севаман». Етук муҳаббат негизи эса: «Севганим учун мени севадилар». Думбул муҳаббат ақидаси: «Менга зарур-керакли бўлганинг учун севаман». Етук муҳаббат негизи: «Сени севаман,шу боис менга кераксан».
Муҳаббат салоҳияти камол топиши билан муҳаббат объекти камол топиши бошланади. Дастлабки ойлар ва йилларда болакай онасига ипсиз боғланган бўлади. Бу боғлиғлик ҳомила онанинг қорнида эканида, бир жуфт бўлишларидан қатъий назар яхлит-бир бутунликни ташкил қилган паллада бошланади. таваллуд вазиятни айрим жиҳатлардан ўзгартиради, бироқ биз тасаввур қилганчалик ўзгартирмайди. Чақалоқ она қурсоғида эмас, ёруғ дунёда яшаётганидан қатъий назар ҳамон онасига ипсиз боғланган. Лекин кун сайин тобора мустақил бўла боради: дастлаб эмаклайди, сўнг алпанг-талпанг қадам ташлайди, тили чиқади, дунёни англай бошлайди; унинг онага боғлиғлиги маълум маънода ҳаётий аҳамиятини йўқотади. Айни пайтда отаси билан муносабатлари тобора муҳимлик касб этади.
Онадан ота томон силжишни тушуниш учун она ва ота муҳаббати ўртасидаги жиддий фарқни назарда тутиш зарур. она муҳаббатига таъриф бердик. Она муҳаббати ўз табиатига кўра шубҳасиз. Бирон бир шартини адо этаётгани ёки бирон-бир умидини оқлаётгани учун эмас, балки дилбандит бўлгани боис она гўдагини севиб-ардоқлайди. (Она ва ота муҳаббати ҳақида гапирганда, албатта, Макс Вебер айтганидек, идеал – энг «идеал типлар»ни ёки Юнг айтганидек архитип муҳаббатларни назарда тутаман.) ҳар бир ота-она фарзандига айни шу тарзда меҳр қўйиши керак, дея даъво қилмоқчи эмасман. Мен ота-она шахсиятида мужассам оталик-оналик тамал тоши, негизини назарда тутяпман. Шубҳасиз меҳр-муҳаббат наинки боланинг, балки исталган одамнинг энг қайноқ хоҳиш-истакларига мос бўлиб тушади. Бошқа томондан бирон бир фазилатинг учунгина севсалар, шубҳадан ҳоли бўлиш қийин: эҳтимол бирон бир сабаб билан унга ёқмай қолсам-чи; муҳаббат барҳами топиши мумкин деган хавотир ҳеч қачон тарк этмайди. Боз устига, «таъмагир, ғаразли муҳаббат» сени ўзингни эмас, аксинча фақат ва фақат шунчаки манзур бўлганинг учун севишлари; аслида мутлақо севмасликлари, фақат қўғирчоқ ғилиб ўйнаётганларини пайқаб қолсанг, албатта, алам қилади. Болалигимизда ҳам, балоҳат ёшига етгач ҳам, умуман умрбод она меҳрига ташна эканимиз бежиз эмас. Аксарият болалар она меҳридан баҳраманд бўладилар (қай даражада баҳраманд бўлишлари қуйида айтилади). Катта ёшдагилар бу борада мақтана олмайдилар. Одам кулиб боқса, бу эротик муҳаббатнинг таркибий қисмига айланади; аксарият диний шакл-шамойил, яна ҳам аксарият ҳолатларда эса неврозлар – асабий хасталиклар кўринишини касб этади.
Ота билан муносабат эса тамомила бошқача. Она бизлар учун — қадрдон бошпана, табиат, замин, уммон; отани қадрдон бошпана тарзида тасаввур қила олмаймиз. Дастлабки йилларда фарзанд билан ота йўллари деярли туташмайди, ва бу паллада отанинг чақалоқ билан боғлиқлигини она билан муҳим боғлиқликка мутлақо тенглаштириб бўлмайди. Бироқ, табиат, табиийлик ифодаси бўлмаса ҳам, ота инсоний ҳаётнинг бошқа жиҳатларини намоён этади: фикр-мулоҳазалари, ўзи яратган оламини, қонун-қоидалар ва тартиб-тамойилларни, интизом оламини, саёҳатлар ва саргузаштлар оламини тақдим этади. Фарзандга айни ота таълим бериб, ҳаётга бошлайди.
Отанинг бу вазифасига бошқа, ижтимоий-иқтисодий равнақ билан боғлиқ вазифа алоқадор. Хусусий мулк пайдо бўлиб, ўғиллардан бирига мерос бўлиб қола бошлагач, ота мол-мулкини ишониб қолдираган ўғилни истай бошлади. Бу, отанинг наздида, ворис бўла оладиган, бевосита ўзига ўхшайдиган ва айни шу боис севимли ўғил. Ота муҳаббати – муайян шартларга таянади. Унинг қоидаси: «Сени севаман, чунки ишончимни оқлайсан, чунки ўз бурчингни адо этасан, чунки менга қўйиб қўйгандай ўхшайсан». Онанинг «шубҳасиз» муҳаббати сингари отанинг «шартли» муҳаббатида ҳам салбий ва ижобий жиҳатлар мавжуд. Салбий жиҳати шундаки, ота муҳаббатини қозиниш, ёки аксинча умидларини оқламасанг, бой беришинг ҳеч гап эмас. Ота муҳаббати тақозосига кўра, итоатгўйлик асосий фазилатга, бўйинтовлаш эса ота меҳридан жудо бўлишдек жазога мустаҳиқ гуноҳи кабирага айланади. Бироқ ижобий жиҳати ҳам муҳим. Агар муҳаббат муайян шартлар асосида пайдо бўлса, уни қозониш, сазовор бўлиш учун нимадир қилишим, саъй-ҳаракатлар ила қўлга киритишим мумкин; она муҳаббатидан фарқли равишда ота муҳаббатини идора қилса бўлади.
Ота-онанинг фарзандга муносабати унинг талаб-эҳтиёжларига мос. Гўдакка шубҳасиз она муҳаббати, ҳам жисмоний, ҳам психологик ғамхўрлик сув ва ҳаводай зарур. Олти ёшдан кейин фарзанд ота меҳри, унинг обрў-эътибори ва раҳнамолигига муҳтожлик сеза бошлайди. Онанинг вазифаси – ҳаётий хавфсизлигини таъминлаш; отанинг вазифаси – унга таълим бериш, ўзи яратган жамиятнинг вазифаларини бажаришга йўналтиришдан иборат. Идеал ҳолатда она меҳри фарзанднинг улғайшига монелик кўрсатмайди. Ҳаёт масаласида онанинг кўнгли хотиржам бўлиши ва хадик-хавотирлари билан фарзандининг кўнглини жароҳатламаслиги керак. Бола эмин-эркин балоғатга етиб, секин-аста мустақил йўлга тушиб олиши она ҳаётининг таркибий қисми бўлиши зарур. Ота муҳаббати муайян қоидалар ва умидларга таянади; бундай муҳаббат хукмфармо ва ғазабкор эмас, аксарият вазмин ва сабр-тоқатли бўлгани маъқул. Ота муҳаббати улғайиб бораётган боланинг ўз кучига ишончини тобора кучайтириши ва вақти-вақти билан эмин-эркин ҳаракат қилишига ва отанинг йўл-йўриқларисиз иш тутишига имкон бериши зарур.
Етук, балоғат палласига қадам қўйган одам аста-секин шундай даражага эришадики, эндиликда ўзига ҳам она, ҳам ота бўла олади. У оналик ва оталик ҳиссиётини гўё ўзида уйғунлаштиради. Оналик ҳисси дейди: «ҳеч қандай бемаъни хатти-ҳаракат, ҳеч қандай жиноят сени меҳримдан жудо қилолмайди, сенга ҳамиша бахту саодат тилайман». Оталик ҳисси дейди: «Сен хато қилдинг, эндиликда аҳмоқлигинг оқибатларига тан беришга мажбурсан; энг муҳими – сени севишимни-ардоқлашимни ҳоҳласанг, феъл-атворингни ўзгартиришинг керак». Етук шахс ота-онанинг ташқи дахлидан халос бўлади ва ботинида уларнинг тимсолини яратади. Бироқ, Фрейднинг суперэго назариядан фарқли равишда, отаси ва онасини бир бўлагига айлантирадиган тарзда эмас, балки меҳр-муҳаббат қобилиятидан оналик ҳиссини ҳамда ақл-идроки ва аҳлоқий туйғусидан оталик ҳиссини яратади. Боз устига, оталик ва оналик ҳисси, эҳтимол, зиддиятли эканидан қатъий назар ҳам оталарча, ҳам оналарча сева олади. Агар фақат оталик ҳиссини сақлаб қолганида эди, шафқатсиз бўлиб, инсоний қиёфасини йўқотарди; агар фақат оналик ҳиссини сақлаб қолса, қиёслаш-баҳолаш қобилиятини бой берган ва ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам камолотига монелик қилган бўларди (Етим болаларнинг руҳиятидаги сакталикнинг илдизи, мана, қаерда!).
Она оламига боғланишдан ота оламига боғланиш сари кечадиган бу каломот ҳамда уларнинг ўзаро уйғунашуви руҳий-маънавий соғломлик негизини яратади ҳамда етуклик касб этиш имконини беради. Айни шундай камолот йўлидан оғиш невроз – асабий хасталикларнинг асосини ташкил қилади. Бу китобда мазкур ғояни жиддий ривожлантиришни истамаслигимиздан қатъий назар унга қисқача тўхталамиз.
Бола асабий вояга етишининг сабабларидан бири шундаки, унинг онаси ҳаддан ташқари меҳрибон, лекин ўта ён берувчи, кўнгли бўш ёки ўта қаттиққўл ҳамда отаси заиф ва бефарқ бўлиши мумкин. Бу ҳолда онасига болаларча узоқроқ муддат боғланиб қолавериши ва онасига тобе инсон бўлиб улғайиши эҳтимоли мавжуд. У ўзини ожиз сезади, феъл-атворида рецептив шахсга хос саъй-ҳаракатлар устунлик қилади: олиш-баҳра топиш, ҳамиша кимнингдир паноҳида бўлиш, ғамхўрлик нишонига айланиш сингари. Унда ташкилотчилик, мустақиллик, ҳаётини мустақил идора қилиш каби оталик хислатлари бўлмайди. Эҳтимол, баъзан аёллар, баъзан эса эркаклар тимсолидаги маъбудадай топиниб, измидан чиқмайдиган «она»ни қидиради. Бошқа томондан, агар она бемеҳр, бефарқ ва хумфармо-қаттиққўл бўлса – якуний натижа аввалгидек бўлади – ёҳуд фақат қонун-қоидалар, тартиб-интизом ва обрў-эътибор асосида яшаб, отасидек бир ёқлама тарзда вояга етади ёки шубҳасиз меҳр-муҳаббатдан баҳра олиб яшайверади. Агар онанинг совуққонлиги ўғлига меҳр қўйган отанинг нуфузи билан яна ҳам кучайса, боланинг айни шу тарзда улғайиши айниқса енгил кўчади. Бундай асабий улғаядиган барча типларга хос хусусият шундан иборатки, ибтидолардан бири – оталик ёки оналик ҳиссидан бири – равнақ топмай думбуллигича қолиб кетади ёҳуд бирмунча оғир асабийликда ҳам ота, ҳам онанинг мавқеи бошқа одамларга нисбатан бўлганидек, шахс ботиниятида ҳам қоришиб кетади. Яна ҳам теран тадқиқот шуни кўрсатадики, асабийликннг айрим типлари, жумладан, шилқимлик-суллоҳлик-тирғалиш ҳолатлари, аксарият отага бир томонлама эргашиш оқибатида юзага келади, айни пайтда жазавага тушиш, ичкиликбозлик, ҳаётда ўз йўлини тополмаслик ва ҳаётга тийрак назар ташлай билмаслик, шунингдек руҳий сиқилиш-турғунлик – онанинг таъсирига бир ёқлама берилиш оқибати.
3. Муҳаббат объектлари- номзодлари
Муҳаббат – даставвал бирон бир аниқ инсонга қаратилади, деб ҳисоблаш нотўғри бўларди; бу шахснинг ёлғиз «муҳаббат объектига» меҳр-муҳаббати эмас, балки умуман оламга муносабатини белгиловчи нуқтаи назар, феъл-атворининг йўналганлиги. Агар одам фақат бир кишини севса ва бошқа барчага бефарқ бўлса, унинг муҳаббати – муҳаббат эмас, балки атиги симбиотик боҳлиқлик-алоқадорлик, бошқача айтганда – кенгайган шахсиятпарастлик. Бироқ аксарият одамлар муҳаббат қобилият-иқтидор билан эмас, балки «муҳаббат объекти» билан белгиланади, деб ўйлайди. «Севгани»дан бўлак ҳеч кимни ёқтирмаслигини кучли муҳаббатининг исботи деб биладилар. Бу юқорида айтилган янглишишнинг баайни ўзи. Муҳаббат кўнгил иши, қалбий фаолият эканини одамлар тушунмаслиги боис чинакам «муҳаббат объекти»ни топсам бас, зарурий хислат-фазилатлар ўз ўзидан пайдо бўлади, деб ўйлайдилар. Бундай фикрлашни расм чизишни хоҳлайдиган, бироқ бу санъатни ўзлаштириш ўрнига, ўзига мос манзарани топа билсам бас, чинакам санъат асари яратаман, дея тахмин қилувчи кимсанинг хомхаёлларига қиёслаш мумкин. Агар ҳақиқатдан ҳам бир одамни яхши кўрсам-севсам, барча одамларни севаман, бутун дунёни севаман, ҳаётни севаман. Башарти кимгадир: «Мен сени яхши кўраман» деб айта олсам, унинг негизини: «Сенинг тимсолингда барчани севаман; сени севиш асносида бутун дунёни севаман, сенинг тимсолингда ўзимни ҳам севаман» деган фикр ташкил қилиши зарур.
Муҳаббат ёлғиз бир кимсага эмас, балки барчага даҳлдор деган нуқтаи назардан айни пайтда муҳаббатнинг турли шакллари унинг объекти хоссаларига боғлиқ равишда бир-биридан фарқ қилмайди дегани эмас.
а) Биродорона муҳаббат
Муҳаббатнинг барча шакллари негизини ташкил қилувчи энг фунтаментал кўриниши – бародарларча муҳаббат. Биродарларча-биродарона муҳаббат деганда масъулият, ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром, бошқа инсонни яқиндан билиш, ҳаётда унга кўмаклашишни тушунаман. Инжили шарифда айни шундай муҳаббат тилга олинган: «Яқинларингга ўзингдай меҳр қўй»(Лев. 19: 18; Мф.22: 39;Мк.12: 31). Биродарона муҳаббат – барча инсонларга муҳаббат; айни шундай истисносиз муҳаббат – унинг ўзига хос хусусияти. Башарти кўнглимда меҳр туйғуси камол топган экан, ўз бародарларимни севмаслигим мумкин эмас. Биродарона муҳаббатда барча инсонлар билан қисматдошликни ҳис этиш, инсоний бирдамликка эришилади. Биродарона муҳаббат негизини барчамиз ягона-яхлит-бир бутунмиз деган ҳиссиёт ташкил этади. Қобилият, ақлий салоҳият, билимдонлик борасидаги тафовут-фарқ барчага хос инсоний моҳият муштараклигига қиёсан ўта арзимас. Бундай муштаракликни ҳис этиш учун масаланинг моҳиятига кириб бориш зарур. Башарти бошқа инсонга юзаки муносабатда бўлсам, асосан, иккимизни фарқлантирувчи жиҳатларгагина эътибор бераман. Унинг моҳиятига, қалбига кириб борсам, муштараклигимиз-бир бутун яхлитлигимиз, биродар эканимизни сезаман. Юзаки қисмларнинг эмас, балки марказ билан марказнинг бундай чамбарчас боғлиқлиги — «марказий алоқадорлик» ёҳуд Симона Вей топиб айтганидек: «Айни бир сўз-иборалар (масалан, эр хотинига «Сени севаман» дейиши) фавқулодда муҳим бўлиши ёки қай мазмунда айтилишига кўра ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин. Бу калом-ибораларнинг қай тарзда айтилгани уларни айтган шахснинг хислат-фазилатлар қатлами қанчалар теранлигига боқлиқ бўлиб, бу иродага тобе эмас. Ва улар кимга қарата айтилган бўлса, ўша инсон ботиниятида ҳам айни шундай теранликка етиб боради. Шунга мос равишда бу одам – башарти англаш салоҳияти бўлса – бу калом-ибораларнинг қадр-қимматини баҳолай олади» (Изоҳ: Weil S. Gravity and Grave N. Y., 1952.Р. 117.)
Биродарларча муҳаббат – тенг мавқедагилар муҳаббати; лекин аслида ҳатто тенг мавқега эга бўлгани ҳолда ҳам бизлар ҳамиша «тенг» эмасмиз; барчамиз одам бўлганимиз боис ҳар биримиз ёрдамга муҳтожмиз. Бугун – мен, эртага – сен. Бироқ ёрдамга муҳтожлигимиз, бу ҳали бизлардан бирортамиз ожиз, бошқалар эса қудратли дегани эмас. Ожизлик, заифлик – ўткинчи ҳолат; ўз оёқларингда тик туриб, юра олиш эса доимий ва ялпи қобилият.
Бундан қатъий назар нотавон-ожизга, камбағал-қашшоққа, мусофирга муҳаббат бародарона муҳаббат ибтидоси. Ёлғиз туғишганларни севиш — қандай қисмат эканини Худо билади. Жониворлар ҳам болаларини севадилар ва ғамхўрлик кўрсатадилар. Нотавон-ожиз ўз хўжасини севади, чунки ҳаёти унга боғлиқ; фарзанд ота-онани севади, чунки уларга муҳтож. Ва фақат ҳеч қандай мурод-мақсадга хизмат қилмайдиган меҳр-муҳаббатда чинакам муҳаббат юз кўрсата бошлайди. Кўҳна Аҳдга биноан, инсоний муҳаббатнинг асосий объекти — ғариб-ғурабо, мусофир, етим-есирлар эканию ва ниҳоят миллий ғаним – мисрлик ва эдомит экани бежиз эмас. Нотавон-ожизга ҳамдардлик билдириш асносида инсон кўнглида биродарига муҳаббатни камол топтиради; ва ўзини севиши асносида ёрдам-кўмакка муҳтож нотавонни севади, ожиз, заиф мавжудотни севади. Ҳамдардлик билиш-маълумотга эга бўлиш ва тенглашув-баробарлашув-уйғунлашувни тақозо этади. Кўҳна Аҳдда айтилади: «Мусофир дилини оғритма… сизлар мусофир ҳолидан огоҳсиз, илло Миср заминида мусофирлик ошини ичгансиз» (Исх.23: 9).
б) Она муҳаббати
Она муҳаббатининг табиати-хоссалари билан аввалги бўлимда танишдик, оналик ва оталик меҳр-муҳаббати ҳақида баҳс юритдик. Она муҳаббати, юқорида айтганимдек, — бу бола ҳаёти, талаб-эҳтиёжларининг шубҳасиз эътирофи. Бироқ бунга яна бир аниқликни киритиш зарур. Бола ҳаётининг қарор топиши-эътирофи икки жиҳатга эга; улардан бири – бола ҳаётини сақлаш, унинг вояга етиши-камол топиши учун зарур ғамхўрлик ва масъулият. Бошқа жиҳати эса ҳаётини шунчаки сақлашга нисбатан анча жиддий. Бу ҳаётга меҳр-муҳаббат туйғусини болага сингдириш бўлиб, айни шу туйғу-хислат воситасида ҳаёт – гўзал, ёш болакай ёки қизалоқ бўлиш – гўзал, шу заминда яшашнинг ўзи гўзал эканини ҳис этиш имконини беради! Айни шу икки жиҳат Инжили шарифдаги оламнинг пайдо бўлишига оид ривоятда жуда аниқ ифодаланган. Қодир эгам олам ва одамни яратади. Бу одатий ғамхўрлик ва яшаш эътирофга мос. Бироқ Парвардигори олам бу ўта оз талабдан ҳам нарироққа қадам ташлайди: ҳар бир яратиш кунига оид ривоят қуйидаги сўзлар билан якунланади: «Ва Парвардигори олам бунинг эзгу аъмол эканига гувоҳ бўлди» (Бит. 1: 25). Она муҳаббати шарофати ила бола: «Дунё келгани эзгулик» эканини ҳис этади (Айни шу фикрни Герман Коган ҳам «Rtligion der Vernunft aus den Quellen des Yudentums» (Яҳудий манбаалари бўйича тафаккур религияси) китобида қайд этган. Frankfurt am Main. 1929); бу болада наинки шунчаки турмуш кечириш истагини, балки ҳаётга муҳаббат ҳиссини уйғотади. Айни шу фикрни Инжили шарифдаги яна бир тимсол акс эттиради. Рўйи замин (замин ҳамиша она рамзи) «сут ва асал сероб макон» (Қаранг: Исх.13:5: «Оллоҳи карим… сени заминга туширганида, У оталарингга ваъда қилганидек, сут ва асал сувдай оқаётган заминни тортиқ айлагай…»- тарж. изоҳи) сифатида тасвирланади. «Сут» — меҳр-муҳаббатнинг дастлабки жиҳати — ғамхўрлик ва ҳаёт эътирофи рамзи. «Асал» эса ҳаётнинг, унга меҳру муҳаббатнинг ва ҳаётий саодат тимсоли. Аксарият оналар фарзандини оқ сути билан парваришлайдилар, бироқ фақат айримларигина «асал» ҳам бера олади. «Асал» ҳам бериш учун она наинки «яхши она», балки бахтли-саодатли ҳам бўлиши зарур – афсуски, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг болага таъсири қанчалар кучли эканини тасаввур қилиш амри маҳол. Онанинг ҳаётга муҳаббати, хадик-хавотири сингари юқумли. Бу ҳар икки ҳолат боланинг бутун шахсиятига жиддий таъсир қилади; ва ҳақиқатдан ҳам, болалар орасида – дарвоқе катталар орасида ҳам – ким фақат онанинг «оқ сути»дан баҳраманд бўлаётганини, ва кимлар ҳам «кўкрак сути», ҳам «асал»дан баҳраманд бўлаётганларини илғаса бўлади.
Тенглар-бараварлар муҳаббати биродарона ва эротик-жинсий муҳаббатдан фарқли равишда она ва бола муносабати табиатига кўра ўзаро нотенг бўлиб, бунда улардан бири ёрдамга муҳтож бўлса, бошқаси бажонидил ёрдам қўлини узатади. Ва айни шу боис альтуризм ила лиммо-лим ва эгоизм-шахсиятпарастликдан ҳоли она муҳаббатини ўта юксак ва энг муқаддас муҳаббат ришталари сифатида улуғлайдилар. Бироқ она муҳаббатининг чинакам афзаллиги унинг гўдакка эмас, балки тобора улғайиб бораётган болага меҳр-муҳаббати ҳисобланади. Замонавий оналар аксарият токи гўдаги ёш ва тамомила ўзларига боғлиқ экан, меҳр-муҳаббати зиёда бўлиб қолаверади. Аксарият аёл-оналар фарзандли бўлишни хоҳлайди, куни кеча таваллуд топган дилбанди ила бахтиёр ва эртаю кеч атрофида гирдикапалак бўладилар. Фарзанди чеҳрасида табассум ёки мамнунлик ифодасини кўришдан бўлак ҳеч вақо «олмас»лигидан қатъий назар она меҳри мана шундай чегарасиз. Шахс-онанинг ўзини шу асно тутиши илдизлари, чамаси, урғочи жониворларда ҳам ва аёл-оналарда ҳам мавжуд инстинктлар комплексига бориб тақалади. Бироқ бу инстинктив омил қандай ўрин тутишидан қатъий назар айни шу она муҳаббати типини шакллантирувчи специфик психологик омиллар ҳам бор. Бундай омиллардан бири она муҳаббатининг нарцисслик хоссасида кўринади. Она гўдагини танасининг бир қисми, жигарбанди дея билгани боис унинг муҳаббати ва беғараз фидойи меҳрини унинг нарциссизми қондиради. Яна бир омил-сабаб онанинг хукмронликка ёки эгалик қилишга интилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ожиз ва унинг хукмронлигига батамом бўйинсунадиган гўдак хукмфармо ёки мулкчиликка мойил аёл учун эҳтиёжларини қондиришда табиий восита хизматини ўтайди.
Бундай сабаб-баҳоналар қанчалик ёйилганидан қатъий назар уларнинг барчаси муҳимлик ва умумийлик борасида яна бир сабаб-баҳонага тенглаша олмайди, уни енгиб ўтиш, бартараф қилиш эҳтиёжи (transcendence) деб аташ мумкин. Бу бартараф этиш эҳтиёжи – асосий инсоний эҳтиёжлардан бири; унинг негизи шундаки, инсон ўзлигини англайди, яратилганлик мавқеидан қониқмайди, қўғирчоқ бўлиш қисмати билан муроса қилолмайди. У ўзини яратувчи сифатида ҳис қилиши, суст яратилганлик мавқени бартараф этиши зарур. Бу эҳтиёжни қондириш-қаноатлантиришнинг кўп усуллари бор; уларнинг энг оддий ва кенг тарқалгани – она муҳаббати ва дунёга келтирган фарзандига ғамхўрлик кўрсатиш. Ўз гўдаги тимсолида она шахсияти чегараларини ёриб чиқади. Чақалоғига – дилбандига меҳр-муҳаббат ҳаётига айрича мазмун-моҳият бахш этади. (Эркаклар ҳомиладорлик воситасида баратараф этиш эҳтиёжини қондира олмасликлари учун ҳам фикр-мулоҳаза юритиб ва нарса-ашёларни яратадилар).
Бироқ бола ўсиб-улғайши, вояга етиши керак. У она қурсоғидан чиқиши, унинг кўкрагидан ажраши зарур; аста-секин онасидан батамом мустақил яшай бошлаши зарур. Она муҳаббати мазмун-моҳиятан боланинг ўсиб-улғайишига ғамхўрлик қилиш, шу боис она фарзандининг тезроқ мустақил оёққа туриб олишини хоҳлаши керак. Эротик-жинсий муҳаббатда алоҳида икки шахс бир бутунга айланади. Оналик муҳаббатида бир тану бир жон шахслар бир-бирларидан айриладилар. Она фарзандининг мустақил шахс сифатида йўлини топиб олишига нафақат чидаши керак, балки айни шуни бевосита хоҳлаши ва бу борада кўмаклашиши талаб этилади. Ва фақат айни мана шу босқичда она муҳаббати шу қадар мураккаблик касб этадики, шахсиятпарастликдан, меҳр қўйган фарзандига бахту саодат тилашдан ортиқ ҳеч вақо истамаган ҳолда ўзлигини бахшида этиш талаб қилинади. Ва айни мана шу босқичда кўп оналар оналик муҳаббати вазифасини уддалай олмайдилар. Ўзига бино қўйган, хукмфармо аёл, мулкпараст-аёл фарзанди токи ёш экан, бинойидек «севадиган-меҳрибон» она бўлади. Ва фақат чинакамига севадиган мустақил аёл, бирон бир нарса олиб эмас, аксинча фақат бериш-ўзлигини бахшида этиш асносида тобора бахтиёрлик ҳис этадиган аёл фарзанди оёққа туриб, ўз йўлини топиб кетганидан кейин ҳам севадиган аёл бўла олади.
Вояга етаётган болага оналик муҳаббати, меҳри, эвазига ҳеч вақо талаб қилмайдиган муҳаббат, энг мушкул муҳаббат экани эҳтимолдан ҳоли эмас; бу борада она ўз гўдагига осонгина меҳр қўйгани каби дафъатан хатога йўл қўйиши ҳеч гап эмас. Ва бу шу қадар мушкул бўлгани учун ҳам аёл башарти ўз ёстиқдошию, бошқаларнинг болаларини, ҳар бир инсонни сева олсагина, меҳр-муҳаббати зиёда она бўла олади. Бундай муҳаббатга бегона аёл фарзандига фақат ёшлигида меҳр кўрсатиб, меҳрибонлик қилади, бироқ муҳаббати чинакамига холис она бўлолмайди. Буни фарзандининг оёққа туриб, ўз йўлини топа олишига бажонидил хайрихоҳликлик қилишга ва ҳатто шундан кейин ҳам унга аввалгидек меҳрибонлик қила олишига биноан билса бўлади.
в) Эротик — шаҳвоний муҳаббат
Биродарона муҳаббат тенг ҳуқуқли-бараварлар муҳаббати; оналик муҳаббати – норасидага муҳаббат. Бу икки муҳаббат шакли бир-биридан фарқ қилгани ҳолда табиатан ёлғиз инсон билан черагаланмагани жиҳатидан муштарак. Башарти биродаримни севсам, барча биродарларимни севаман; башарти фарзандимни севсам, умуман барча болаларни, ёрдам-кўмагимга муҳтож болаларнинг барчасини севаман. Муҳаббатнинг бу икки кўринишидан фарқли равишда эротик-шаҳвоний муҳаббат бирон инсон билан тўла-тўкис қовушмоқ, бирлашиш билан боғлиқ эҳтиросли истак. Бу истак умуман эмас, балки табиатан фавқулодда хусусиятга эга; ва бу, эҳтимол, ўта сохта муҳаббат шакли.
Аввало уни портлашга ўхшаш «маҳлиёлик», муҳаббат «гирдобига тушиб қолиш» ҳиссиёти (112-бетдаги изоҳга қаранг – тарж. изоҳи), икки бегона инсон ўртасида мавжуд тўсиқларнинг дафъатан қулиши, олиб ташланиши билан тез-тез чалкаштирадилар. Бироқ, юқорида таъкидлаганидек, бундай фавқулодда яқинлашув ҳиссиётининг умри табиатан қисқа. Бегона кимсани яқиндан билгач, бартараф қилиниши зарур тўсиқлар ҳам, дафъатан яқинлашиш истаги ҳам қолмайди. Эндиликда «севган» одамни ўзимиздай биламиз, ёҳуд, аниқроқ айтганда, ўзимизни билмаганимиз сингари уни ҳам билмаймиз. Башарти ўзга кимсани теран ҳис қилсак, башарти шахсиятининг бутун чексиз-бепоёнлигини ҳис қила олсак, бу бегона кимса ҳеч қачон бу қадар таниш-яқин бўлмаган ва тўсиқларни ғаройиб бартараф қилишга ҳар куни қайтадан киришишга тўғри келарди. Аксарият одамлар ўзи сингари бошқани ҳам шу қадар жадаллик билан ўрганиб улгурадилар. Улар аввало жинсий алоқа воситасида яқинлашадилар. Улар бошқа одамдан ажралиш-айрилишни аввало жисмоний жудолик сифатида қабул қилганлари учун жисмоний қовушув ҳам улар учун айни шундай айрилишни бартараф этишни билдиради.
Бундан ташқари бошқа омиллар ҳам мавжудки, уларни айримлар бегоналикнинг бартараф қилиниши сифатида талқин этадилар. Шахсий ҳаёти, умидлари ва саъй-ҳаракатлари ҳақида суҳбатлашиш, болаларга хос хислатларини намойиш этиш, дунёга муносабатда муштарак қизиқишларни топиш – буларнинг барчаси бегоналикни бартараф этиш сифатида талқин қилинади. Қаҳру ғазаб ва нафратни ошкора намоён қилиш, ўзни мутлақо тута билмаслик ҳам яқинлашувга йўйилади. Фақат тўшакда ёки бир-бирига бешафқат муносабатда бўлгандагина ўзаро йўллари кесишадиган, яъни яқинлашадиган эр-хотинларнинг шармандали боғлиғлигини айни шу билан изоҳланади. Бироқ ўзаро яқинликнинг бу барча шакллари йиллар ўтгани сайин сусайиб бораверади. Ва шу боис одам бошқа инсон билан янги муҳаббатни қумсайди. Ва яна бегона одам «яқин» севимлига айланади, яна маҳлиёликнинг кучли ва ҳаяжонлантирувчи ҳиссиётлари гирдобида қолади, ва у яна секин-аста сусайиб, муҳаббат бобидаги янги зафарларга, янгидан-янги муҳаббатларга интилиш билан якунланади – ва янги муҳаббат аввалгиларига нисбатан тамомила бошқача бўлади, деган хомхаёл ўзгармай қолаверади. Бу хомхаёллар қатор ҳолатларда жинсий майлнинг сохталигига таянади.
Жинсий майлдан мақсад — қовушиш, ва бу майл ёлғиз оғриқли зўриқишни енгиллатиш жисмоний эҳтиёжи натижасида пайдо бўлмайди. Ёлғизлик юзага келтирган хавотирли ваҳима, енгиш ёки енгилиш истаги, шуҳратпарастлик, зиён-заҳмат етказиш ёҳуд ҳаттоки вайрон қилиш истаги – буларнинг барчаси муҳаббат каби жинсий майл пайдо бўлишига кўмаклашиши мумкин. Жинсий майл, чамаси, исталган кучли ҳиссиёт билан уйғунлашуви ва айни шундай ҳиссиёт натижасида пайдо бўлиши мумкин. Ва муҳаббат – ана шу ҳиссиёт-туйғуларнинг атиги биттаси, халос. Жинсий майлга оид тасаввур-тушунчалар аксарият одамлар учун муҳаббат тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлгани боис улар осонгина шундай ноғри хулоса чиқарадилар, гўё жисмоний қовушишни истаганликлари боис йигит-қиз, эркак-аёл ўзаро меҳр қўяди. Муҳаббат жинсий қовушишга интилишни юзага келтириши мумкин, ва бу ҳолатда ҳам жисмоний яқинлик ҳар қандай юҳолик, хасисликдан, енгиш ёки енгилиш истагидан ҳоли, лекин диловарлик билан йўғрилган. Башарти жинсий қовушишга интилиш муҳаббат тақозоси бўлмаса, башарти эротик-шаҳвоний муҳаббат айни пайтда биродарона муҳаббат ҳам бўлмас экан, бундай муҳаббат ўткинчи жинсий яқинликдан бўлак ҳеч қандай яқинликка сабаб бўла олмайди. Жинсий майл лаҳзалик қовушиш хомхаёли-тасаввуринигина ҳосил қилади, бироқ муҳаббатсиз “қовушиш” асносида турли жинс вакиллари аввалгидек бегона бўлиб қолаверади; баъзан айни шу сабаб улар бир-бирларидан уялиб, хижолатга тушадилар ёҳуд ҳатто бир-бирларини кўролмай-нафратланадилар, чунки хомхаёллар барҳам топган, ўзаро бегона эканликларини яна ҳам теран ҳис этадилар. Диловарлик, Фрейд ҳисоблаганидек, ҳеч қачон жинсий инстинкт сублимацияси бўлолмайди; бу биродарона муҳаббатнинг бевосита ҳосиласи ва у муҳаббатнинг ҳам жисмоний, ҳам ножисмоний шаклларида мавжуд.
Шаҳвоний муҳаббат фавқулодда хоссага эга бўлиб, биродарона ва оналик муҳаббати бундай эмас. Шаҳвоний муҳаббатнинг бу хоссасини жиддий кўздан кечириш зарур. Шаҳвоний муҳаббатнинг фавқулодда хусусиятини аксарият мулкка боғлиқлиқ тарзида нотўғри талқин этадилар. Фақат бир-биринигина севадиган жуфт “маъшуқ-маъшуқа”ни тез-тез кўриш мумкин. Уларнинг муҳаббатида аслида а deux (французча: иковлашиб) “жуфтлашганлар”нинг шахсиятпарастлиги, ўзларига маҳлиёлигидан бўлак ҳеч вақо эмас; бу икки инсон бир-бирларини ўзаро чоғиштириб-уйғунлаштириб, ёлғиз инсон бирлигини жуфт доирасигача кенгайтирган ҳолда ёлғизлик муаммосига чек қўядилар. Улар ёлғизликдан қутилдик, деб ўйлайдилар, аслида эса ўзгалардан йироқ бўлганликлари боис ҳам бир-бирларига бегона ва ўзлигидан ҳам бегоналашган ҳолда қолаверадилар; уларнинг қисматдошликка оид тасаввури саробий хусусиятга эга. Шаҳвоний муҳаббат фавқулодда саналади, лекин бу муҳаббат ёлғиз инсон тимсолида бутун инсониятга, барча жонли мавжудотга муҳаббат. Бундай муҳаббат шу маънода фавқулодда хоссага эгаки, мен фақат ёлғиз бир одам билан тўла-тўкис ва эҳтиросли қовуша-бирлаша оламан. Шаҳвоний муҳаббат бошқалар билан фақат шаҳвоний қовушиш билан боғлиқ муҳаббатни, ҳаётнинг барча соҳаларида унга тўла-тўкис бахшидалик-фидойиликни истисно этади, — бироқ биродарона муҳаббат маъносида эмас.
Шаҳвоний муҳаббат учун – башарти чинакам муҳаббат бўлса – битта шарт зарур, хусусан: мен бутун борлиғим билан севишим ва маъшуқамни бутун борлиғи ила ҳис қила билмоғим керак. Моҳиятан, барча одамлар ўзаро ўхшаш. Барчамиз – Яхлит, Бир бутуннинг таркибий қисмларимиз; бизларнинг барчамиз моҳиятан Ягонамиз. Шундай экан, кимга меҳр қўйишнинг фарқи бўлмаслиги керак. Муҳаббат, аслида, ҳаётимни бошқа инсон ҳаётига тўлалигича бахшида этиш қарори, ирода амри бўлиши керакдай. Ва аслида ҳам никоҳнинг бузилмаслиги ғоясининг негизи айни шу фикр ҳисобланади; айни шу фикр қисмати ягона келин-куёв бир-бирларидан ҳеч қачон воз кечмасликлари билан боғлиқ кўплаб анъанавий никоҳ шакллари асосини ташкил этади, — ва улар бир-бирларига меҳр қўядилар дея умид қилинади. Замонавий Ғарб маданиятида бу фикр тўла ва батамом инкор қилинади. Ғарбда муҳаббат эҳтирослар туғёни, инсон дафъатан гирдобига тушиб қолган, қаршилик кўрсата олмайдиган фавқулодда ҳиссиёт дея ҳисобланади. Ҳар бир эркак Одам Атонинг ва ҳар бир аёл Момо Ҳаввонинг таркибий қисми эканини эмас, балки фақат икки муайян инсоннинг ўзига хосликларини инобатга оладилар. Шаҳвоний муҳаббатнинг муҳим иродавий омили инкор қилинади. Кимнидир севиш – шунчаки кучли ҳиссиёт эмас: бу муқаддас қарор, бу амри фармон, бу аҳд, онт-қасамёд. Муҳаббат фақат ҳиссиёт бўлганида, ўзаро мангу севиш ҳақида онт ичишнинг ҳожати бўлмасди. Ҳиссиётлар келиб кетиши ҳеч гап эмас. Башарти саъй-ҳаракатларим онгли қарор-аҳдга асосланмаса, уларни қандай қилиб доимий барқарор дея оламан?
Айни шу нуқтаи назардан шундай хулосага келиш мумикин, муҳаббат – фақат ва фақат ирода амри ва онт-қасамёд ҳамда айни шу боис севишган жуфтнинг кимлиги жиддий аҳамиятга эга эмас. Улар бирон бир кимса гувоҳлигида никоҳдан ўтадиларми ёки ўз хоҳишлари билан қисматларини боғлайдиларми қатъий назар – токи никоҳланган эканлар, ирода амри ўзаро муҳаббат бардавомлигини таъминлайди. Бундай нуқтаи назарда инсоний феъл-атвор ва шаҳвоний муҳаббатнинг зиддиятли хусусияти инобатга олинмайди. Бизлар барчамиз – Ягона-Бир-бутунмиз, ва бундан қатъий назар ҳар биримиз бетакрор, ноёб шахс. Бу зиддият бошқа одамлар билан ўзаро муносабатларида такрорланади. Биз барчамиз – ягона эканмиз, биз барчани биродарона муҳаббат воситасида бирдай сева оламиз. Бироқ, токи барчамиз хилма-хил эканмиз, шаҳвоний муҳаббат бирон-бир индивидуалликни, ўзаро барча инсонлар ўртасида эмас, фақат аниқ кишилар ўртасида рўй берадиган олий даражадаги шахсийликни тақозо қилади.
Ҳар икки нуқтаи назар: шаҳвоний муҳаббат фақат икки аниқ одамга хос бетакрор қатъиян индивидуал майл-боқлиқлик эканию ва иккинчи, шаҳвоний муҳаббат атиги иродавий саъй-ҳаракат экани ҳам тўғри; ёҳуд, аниқроғи, иккаласи ҳам нотўғри. Шу боис омадсиз ўзаро муносабатларни узиш осон ва бу муносабатлар ҳар қандай ҳолатда ҳам узилмаслиги керак, деган хулосанинг иккаласи ҳам бирдай нотўғри.
г) Ўз-ўзига муҳаббат
Турли кишиларга нисбатан муҳаббат тушунчасини гарчи ҳеч ким инкор этмаса ҳам бошқаларга меҳр қўйиш – хайрли бўлгани ҳолда, ҳар ким ўзини севиши – гуноҳ экани кенг тарқалган. Мен ўзимни қанча кўп севсам, бошқаларни шунча оз севишим, ўз ўзига муҳаббат шахсиятпарастлик сифатида талқин қилинади. Бу нуқтаи назар Ғарбда чуқур илдизга эга. Кальвин ўз ўзига муҳаббатни “ўлат” (Изоҳ:1. John Calvin s Institutions of the Christian (Кальвин Жан. Наставление в христианской вере) bu John Allen Presbyterian Board of Christian Education. Philadelpia, 1928. Vol. 4. Сh. 7. Р.622) дея таърифлайди. Фрейд ўз ўзига муҳаббатни психатерия нуқтаи назаридан таърифлайди, бироқ бундан қатъий назар бу борада баайни Кальвин сингари мулоҳаза юритади. Фрейднинг назарида ўз ўзига муҳаббат – баайни нарциссизм, одамнинг ўзига қаратилган либидо. Нарциссизм – инсоний ривожланишнинг энг илк босқичи, ва мана шу босқичга қайтган одам кечинчалик сева олмайди; бундай ҳолатнинг ўта кескин даражаси – руҳий хасталик. Фрейднинг ҳисоблашича, муҳаббат – либидонинг намоён бўлиши; бошқаларга қаратилган-йўналитирилган либидо- муҳаббат; ўз ўзига қаратилган либидо эса шахсиятпарастлик, худбинлик. Шундай қилиб, муҳаббат ва ўз ўзига муҳаббат-шахсиятпарастлик – шу маънода бир-бирини инкор этадики, улардан бири қанча кучли бўлса, иккинчиси шунчалик заиф бўлади. Башарти ўзингни севсанг – ёмон, бинобарин, шахсиятпараст бўлмаган маъқул.
Шу муносабат билан қатор саволлар пайдо бўлади. Ўз ўзига муҳаббат билан бошқаларга муҳаббат ўртасидаги фунтаментал зиддиятга оид ақидани психологик кузатишлар тасдиқлайдими? Башарти ўз ўзига муҳаббат шахсиятпарастликми ёки бу қарама-қарши ҳолатми? Қолаверса, ҳозирги замон кишисининг шахсиятпарастлиги ҳақиқатдан ҳам интеллекти, ҳис-ҳаяжонлари ва кечинма-сезимларининг барча имкониятлари уйғунлигидан иборат шахс сифатида ўзига ғамхўрлик қилишими? Бу одам ижтимоий-иқтисодий мавқеининг қўғирчоғи бўлиб қолмадими? Унинг шахсиятпарастлиги ўзига меҳр-муҳаббати билан уйғунми ёки аксинча айни шахсиятпараст эмаслигининг тақозосими?
Шахсиятпарастлик ва ўз ўзига муҳаббатнинг психологик жиҳати таҳлилидан аввал таъкидлаш жоизки, “бошқаларга муҳаббат” ва “ўз ўзига муҳаббат» тушунчалари бир-бирини инкор этишига оид тасаввур асосга эга эмас. Агар яқин кишини инсон сифатида севиш – хайрли бўлса, ўз ўзини севиш ҳам айб эмас, балки мен ҳам одам бўлганим боис хайрли бўлиши керак. Менинг шахсиятимни ҳам қамраб олмайдиган инсон тушунчаси бўлиши мумкин эмас. Шундай инкорни тақозо этувчи ҳар қандай доктрина моҳиятан зиддиятли. Инжили шарифдаги «яқинларингга ўзингдай меҳрибон бўл» ҳикматида ўзлигингга ва ноёблигингга ҳурмат-эҳтиром, ўз ўзингни севиш ва англаш бошқаларни эъзозлаш, севиш ва англаш билан чамбарчас боғлиқлиги мужассам. Ўз ўзига муҳаббат ҳар қандай мавжудотга муҳаббат билан чамбарчас боғлиқ.
Хулосаларимизни бегиловчи психологик асосларга ниҳоят етиб келдик. Бу асослар умуман қуйидагича: наинки бошқалар, балки ўзимиз ҳам ҳис-туйғуларимизнинг «объекти»миз; бошқаларга ва ўз ўзимизга муносабатимиз нафақат қарама-қарши, балки моҳиятан бир-бири билан боғланган. Кўздан кечирилаётган мауммо учун бу бошқаларга ва ўз ўзингга муҳаббат бир-бирини мутлақо инкор қилмаслигини билдиради. Аксинча, бошқаларни сева оладиган одамларнинг барчасида ўз ўзига муҳаббат мавжуд. Муҳаббат аслида яхлит, бир бутун, чунки бу муҳаббат «объектлари» билан ошиқнинг шахсияти ўртасидаги алоқадорликка тегишли. Чинакам муҳаббат самарали ибтидонинг намоён бўлиши; у ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром, масъулият ва маълумотлилик-хабардорлик-огоҳликни тақозо этади. Бу инсон бирон-бир кимсанинг таъсири остига тушиб қолиши маънеосидаги «аффект» эмас, бу инсонда мавжуд севиш қобилиятига асосланувчи маъшуқ-маъшуқа учун фаол камол топиш ва бахт-саодат исташ, саъй-ҳаракат.
Муайян инсонга муҳаббатда муҳаббат куч-қудрати, севиш қобилияти рўёбга чиқади ва акс этади. Муҳаббатда мужассам эътирофли ибтидо муҳим бўлиб, инсон табиатидаги фазилатлар тажассуми сифатида севимли кишига қаратилади. Ёлғиз инсонга муҳаббат, дейлик, айнан шундай инсонга муҳаббатни ҳам билдиради. Вильям Жеймс таъбири билан айтганда, бу борадаги ўзига хос «меҳнат тақсимоти» шундан иборатки, инсон ўз оила аъзоларини севгани ҳолда «бегона»ларга нисбатан муҳаббатли муносабатда бўлмаса — бу жиддий сева олмаслик аломати. Одамларга муҳаббат – абстракция-мавҳумлик эмас, муайян инсонга муҳаббат ҳосиласи бўлган, аксарият ўйлагандек, чалғиш туйғуси эмас, лекин муайян одамга муҳаббат асоси, гарчи бу туйғу тадрижи мобайнида муайян индивидиумга муҳаббатдан ўсиб чиққан бўлса ҳам.
Бундан келиб чиқадики, менинг шахсий «Мен»им баайни бошқа инсон каби муҳаббатим «объекти» бўлиши керак. Шахсий ҳаётнинг, бахт-саодат, камолот, эркинликнинг қарор топиши севиш қобилиятига асосланади, яъни ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиром, масъулият ва хабардорлик-маълумотлилик-огоҳликка таянади. Агар индивид самарадор-маҳсулдор-омадли муҳаббатга қодир бўлса, у шунингдек ўзини ҳам севади; агар у фақат бошқаларни севишга қодир бўлса, у умуман севиш қобилиятига эга эмас.
Агар ўз ўзига ва бошқаларга муҳаббатни аслида ўзаро боғлиқ деб ҳисобласак, у ҳолда, бошқаларга нисбатан ҳар қандай хайрихоҳ муносабатни шубҳасиз инкор этувчи эгоизм-шахсиятпарастликни қандай изоҳлаш керак? Эгоист – шахсиятпараст-худбин ёлғиз ўзи билан андармон, ҳамма-ҳамманинг ёлғиз ўзига хизмат қилишини истайди, бериш-бахш этиш, фидойилик воситасида эмас, балки фақат олиб, эгалик қилишдан ҳузурланади. У ташқи оламга фақат баҳраманд бўлиш, истеъфода этиш нуқтаи назаридан муносабатда бўлади, бошқаларнинг талаб-эҳтиёжлари уни қизиқтирмайди, уларнинг қадр-қиммати ва яхлит шахсиятини эъзозламайди. Ўзидан бўлак ҳеч вақони пайқамайди; у барча ашё-нарсалар ва барча ҳақида наф-манфаат кўриш нуқтаи назаридан мулоҳаза юритади; у аслида севишга қодир эмас. Бу бошқаларга хайрихоҳлик билан муносабат ва ўзига нисбатан хайрихоҳлик бир-бирини инкор қилишини исботламайдими? Агар ўз ўзига муҳаббат шахсиятпарастлик-худбинлик билан баробар бўлганида, шундай бўлган бўларди. Бироқ моҳиятан нотўғри бу тахмин бизларни қизиқтираётган масалаларда кўплаб нотўғри хулосалар чиқаришга сабабчи бўлди. Эгоизм ва ўз ўзига муҳаббат мутлақо бир хил эмас; боз устига – улар қарама-қарши. Эгоист ўзини ўйлаганидан камроқ севади; аслида ўзини кўролмайди, ўзидан нафратланади. Ўз ўзидан манфаатдорлик ва ўз ўзига ғамхўрлик қилишдаги бу нуқсон шахс нуқсонларининг фақат биттаси бўлиб, уни ғариблаштириб, бемаънилаштиради. У муқаррар бахтсиз бўлиб, ўз феъл-атвори билан ажралиб қолган неъматларни ҳаётдан тортиб олишга беҳуда уринади. Ўзи ҳақида астойдил қайғураётгандек туюлади, аслида эса чинакам «Мен»и ҳақидаги ғамхўрлик етишмовчилигини тўлдириш учун самарасиз уринади. Фрейднинг ҳисоблашича, эгоист нарциссизмга мойил; у гўё ўзгалардан ўз муҳаббатини тортиб олади ва бор меҳр-муҳаббатини ўз шахсиятига йўналтиради. Эгоист бошқаларни сева олмаслиги тўғри, бироқ у ҳатто ўзини севишга ҳам қодир эмас.
Бошқалар учун ҳаддан ташқари хавотирга тушадиган, дейлик, меъёридан ортиқ даражада «меҳрибон» онанинг «жонкуярлиги» билан қиёсласак, эгоизм моҳиятини осонгина англаймиз. Фарзандга фавқулодда ғамхўрлик кўрсатаётганига ақлан бундай онанинг ишончи комил, аслида эса ғамхўрлик қилаётган фарзандига жиддий тазийқли ғанимлик туйғусини ҳис этади. Ҳаддан ташқари жонкуярлиги фарзандига ўта меҳрибон экани билан эмас, балки мутлақо ёқтирмаслиги билан боғлиқ ва шу муносабатини зўр бериб хаспўшлашга уринади.
Эгоизм хусусиятининг бу назариясини асабий «альтуризм» билан психоаналитик ишлаш тажрибаси тасдиқлайди. Бу шундай беморларда кузатиладики, қатор ҳолатларда асабийлик симптомидан азият чекаётгандай туюлади, аслида эса шундай симптом билан боғлиқ депрессия, толиқиш, ишга яроқсизлик, муҳаббатдаги омадсизлик сингари бошқа хасталиклардан азият чекадилар. «Альтуризм» симптом сифатида ҳис қилинмаслиги камдай бу феъл-атвордаги нуқсонлар ўрнини тўлдирувчи восита ҳисобланиб, одамлар бу билан ғурурланадилар ҳам. Бундай «альтурист» «ўзи учун ҳеч вақони истамайди», у «фақат ва фақат ўзгалар учун яшайди», у ўз шахсиятига эътибор бермаслиги билан фахрланади. Ва шундай «альтурист» эканига қарамай бахтсиз ҳамда энг яқин кишилари билан муносабатлари кўнгилдагидек эмаслигидан азият чекади. Таҳлилнинг кўрсатишича, унинг альтуризми симптомлардан йироқ хусусият эмас, балки улардан бири бўлиб, аксарият, моҳиятан олганда, энг муҳими саналади; унинг севиш ва исталган муносабат билан шодланиши фалажланган; ҳаётга ўта нафрат билан қарайди ва альтуризм пардаси ортида илғаб бўлмас, бироқ ўта кучли ўз ўзига маҳлиёлик яширинган. Бундай кимсани фақат унинг альтуризмига бошқа симптомлари билан биргаликда ёндошган ҳолда даволаш мумкин ва шунда унинг альтуризми, шунингдек бошқа бахтсизликларининг ҳам асосини ташкил қилувчи самарасизлик-омадсизликдан уни халос қилса бўлади.
Альтуризм хусусияти бошқаларига таъсирида яққол намоён бўлади; маданий турмуш тарзимизда аксарият учрайдиган таъсир шакли – оналарнинг болаларга «альтуристларча» таъсири ҳисобланади. Она альтуризми туфайли фарзандлари севимли-ардоқли бўлишни англайдилар ва ўзлари ҳам, ўз навбатида севишни ўрганади, деб ҳисоблайдилар. Бироқ унинг альтуризми таъсири умидларини мутлақо оқламайди. Бундай она фарзандлари бахтиёр, севимли эканига ишончи комил болаларга ўхшамайди; улар жонсарак, асаблари ҳамиша таранг, онасининг кўнгли тўлмаслигидан чўчийдилар ва унинг умидларини оқлай олмасликдан хавотирланадилар. Онанинг ҳаётга пинҳона нафрати одатда болаларга таъсир қилади, бундай нафратни болалар идрок қилмасалар ҳам сезадилар-пайқайдилар ва аста-секин ўзлари ҳам ҳаётга нафрат билан қарай бошлайди. Охир-оқибат «альтурист» онанинг таъсири эгоистик онанинг таъсиридан деярли фарқ қилмайди; амалда ундан-да ёмонроқ оқибатларга олиб келади, чунки она альтуризми болаларга унга нисбатан танқидий муносабатда бўлиш имконини бермайди. Улар онасининг хафсаласини пир қилмасликка зўр бериб уринадилар; эзгулик ниқоби остида ҳаётга нафрат сингдирилади. Агар ўзига маҳлиё, ўзи ила андармон онанинг таъсирини кузатгудай бўлсак, бундай онанинг меҳри-меҳрибончилигига нисбатан ҳақиқий муҳаббат, шоду хуррамлик ва бахт-саодат аслида қандай бўлишини ҳис этиш имкониятини болалар учун яратишдан бўлак тўғри йўл йўқлигига ишонч ҳосил қиламиз.
Ўз ўзига муҳаббат, шахсиятпарастликка оид бу мулоҳазаларни рисоладагидек умумлаштириш учун Мейстер Экхартнинг мулоҳазалирга мурожаат қилиш жоиз: «агар сен ўзингни севсанг, бошқаларни ҳам ўзингни севгандек севасан. Токи ўзингга нисбатан бошқа инсонга меҳр-муҳаббатинг оз экан, ўзингни чинакамига сева олмайсан; бироқ барчани, жумладан ўзингни ҳам баравар яхши кўрсанг, барча-барчани ягона-яхлит сиймо сифатида севасан, ва бу ягона сиймо ҳам Тангри таоло, ҳам инсон. Бинобарин, ўзини севиши асносида бошқа барчани севадиган инсон буюк ва Худо ёрлаган зоти шариф». (Изоҳ: инглизчадан таржима)
д) Парвардигори оламга муҳаббат
Муҳаббат эҳтиёжи бегоналашув кечинмаси ва шундан келиб чиқадиган хавотир ва бегоналик ҳиссини қовушув воситасида бартараф этишга асосланишини юқорида кузатдик. Муҳаббатнинг диний шакли — Худога муҳаббат – психологик жиҳатдан унинг бошқа шаклларидан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Бу туйғу ҳам бегоналашувни енгиш ва қовушишга эриш эҳтиёжидан келиб чиқади. Амалда Худога муҳаббат инсонга муҳаббат сингари кўп қиррали ва хилма-хил. Бундай муҳаббатда ҳам тахминан айни шундай ранг-баранглик мавжуд.
Барча теистик (Худо оламни яратган ва уни идора қилади, деган диний, фалсафий оқим) – ҳам политеистик, ҳам монотеистик динларда – Парвардигори олам энг олий қадрият, барча талпинувчи илоҳиёт сифатида талқин қилинади. Шу боис Худонинг аниқ идрок қилиниши, инсон учун энг олий саодат нимадан иборат эканига боғлиқ. Шундай қилиб, Худо концепциясини англаш-идрок қилиш учун диндор шахсиятининг структураси-тузилиш-тартиботи-хусусиятини таҳлил қилиш жоиз.
Башарият тараққиётини (билимларимизга асосланиб) инсоннинг она-табиат қаъри-исканжасидан чиқиб келиши, табиат билан чамбарчас боғлиғлик ришталаридан халос бўлиши сифатида талқин қилишимиз мумкин. Инсоният тарихи ибтидосида дастлаб бир тану бир жон бўлган табиатдан ажралганидан қатъий назар табиат билан боғлайдиган-туташтирадиган ришталарга ҳамон содиқ. У айни ортга қайтиб, шу ришталарга таянган ҳолда ўзлигига ишонч ҳосил қилади. Ва ҳайвонот ва набобот олами билан ҳамон ўзини бир бутун ҳисоблайди ҳамда табиат билан яхлит мавжудот сифатида улар билан уйғунлашувга интилади. Кўплаб ибтидоий динларда тараққиётнинг шу босқичи муҳри бор. Бирон жонивор тотем-маъбудага айланади; энг тантанакли маросимлар ва уруш даврида жониворлар ниқоибини кийиб оладилар; маъбудага айланган жониворга сидқидилдан сиғинишади. Тараққиётнинг нисбатан кейинги босқичида, инсон ҳунармандчилик ва бадиий ижодни ўзлаштириб, ҳаёти табиат қонунларига, унинг ҳадялари – турли топилма егуликлар, ўлик жониворга тўла-тўкис боғлиқ бўлмаганидан кейин, ўз қўли билан яратган буюмларга Тангрига сиғингандек топина бошлайди. Бу лой-гилдан, кумуш ёки олтиндан ясалган маъбудачаларга сиғиниш босқичи. Инсон куч-ғайрати ва маҳоратини қўли билан яратган ашёларга кўчиради-бахш этади ва шу асно бегоналашган шаклда ўз куч-қудрати ва ўз шахсиятига сиғинади. Яна ҳам кейинги босқичда Танриларни инсоний қиёфада тасаввур қилади. Бу, чамаси, фақат одам ўзлигини аниқ идрок қилиб, инсон – дунёда олий ва муқаддас «ашё-мавжудот» эканини шубҳасиз англаб етгач, содир бўлади. Бу босқичда – антропоморф Тангриларга сиғиниш даврида – ривожланиш икки ўлчам бўйлаб боради. Уларнинг бири Тангриларнинг эрлик ва аёллик табиатига мос бўлса, бошқаси – инсон эришган етуклик даражасига мос бўлиб, айни шу даража-мақом Тангриларнинг табиати-хусусияти ва уларга муҳаббат табиати-хусусияти-хоссаларини белгилайди.
Даставвал динларнинг «оналик-аёллик» хоссасидан «оталик-эрлик» хоссаси томон ривожланишига тўхталамиз. Бахофен ва Морганнинг ХIX аср ўрталаридаги жиддий тадқиқотларидан кейин – гарчи уларнинг хулосаларини академик доиралар рад қилган бўлсалар ҳам – динлар тараққиётида патриархал босқичдан олдин, камида барча динларда, матриархал босқич хукмронлик қилганига ҳеч қандай шубҳа қолмайди. Матриархалт — оналик босқичида – аёл-она – олий авжудот. У оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳам хукмрон, ҳам илоҳий мақомга эга. Матриархал дин моҳиятини таҳлил қилиш учун оналик муҳаббатининг моҳияти ҳақида юқорида айтилганларни эслаш кифоя. Оналик муҳаббати шубҳасиз, бундай муҳаббат барча-барчага бамисли пушти паноҳ; шубҳасизлиги боис уни бошқариб-идора қилиб, қозониб бўлмайди. Оналик муҳаббати бўлса, шундай муҳаббат-меҳрибончилик ноил шахс шубҳасиз бахтиёр; аксинча ўзини бахтсиз, ёлғиз, ғариб-ғурабо сезади. Она фарзандларини жигарбанди бўлгани, улар «ширинтой», итоатгўй, умидларини оқлаётгани ва гапини ерда қолдирмаётгани боис севгани-ардоқлагани учун оналик муҳаббати тенглик-бараварликка таянади. Барча одамлар тенг-баравар – чунки барчаси ягона онанинг жигарбандлари, чунки барчаси – Она-Замин фарзандлари.
Башарият тараққиётининг навбатдаги босқичи – патриархат босқичи. Бу ягона батафсил ўрганилган босқич, унга оид билимлар мантиқий изчиллик ва ақлий хулосалар асосида эмас, балки бевосита олинган. Бу даврда она-аёл олий мақомдан маҳрум бўлади, ва динда ҳам, жамиятда ҳам ота Юксак Мавжудот мақомини эгаллайди. Оталик муҳаббати ўз табиати-хусусиятига кўра талабларни илгари суради, қонун-қоидалар белгилайди, ва отанинг ўғилга муҳаббати айни шу талаб-қонун-қоидалар адо этилишига боғлиқ. Ота ўзига, айниқса кўпроқ ўхшайдиган, гапини икки қилмайдиган, ишини давом эттириш, мол-мулкининг меросхўри бўлиш учун жуда ҳам мос ўғлига алоҳида меҳр қўяди. (Патриархал босқич ривожланиши асносида хусусий мулкчилик ҳам равнақ топади.) Шу боис патриархал жамият структураси-тузилиш-тартиботи иерархик тусга эга; оға-инилар тенглигига нисбатан рақобат ва низолар устунлик қилади. Ҳинд, миср ёки юнон маданияти ёҳуд яҳудий-насроний ё мусулмон дини хусусида фикрлар эканмиз, оталик-эрлик тангриси ила патриархал олам меҳварига тушиб қоламиз, бу оталик-эрлик тангрилари устидан ягона олий Тангри ҳукмронлик қилади, ёки Ягона Оллоҳдан бўлак барча Тангрилар бир четга суриб қўйилади. Бироқ инсоний қалбни оналик меҳр-муҳаббатига эҳтиёждан маҳрум қилишнинг имкони бўлмагани боис меҳрибон она тимсолини маъбудалар силсиласидан тамомила чиқариб бўлмаслиги бежиз эмас. Яҳудийлик динига Худонинг оналик хоссалари аввало турли мистик оқимлар орқали кириб келади. Католик динида Она — Черков ва Бокира Қиз тимсоли саналади. Ва ҳатто протестантизмда ҳам эътибордан четда қолишидан қатъий назар она тимсолидан батамом воз кечилмайди. Лютер асосий қоидани шундай баён этган: инсон ҳеч қандай саъй-ҳаракатлари билан Худо-Оллоҳ меҳри-меҳрибончилигини қозона олмайди. Худо меҳри-меҳрибончилиги Раҳму шафқат; диний эътиқод ожиз ва ночор-нотавонликни, шу Раҳму шафқатга ишонишни тақозо этади; католиклар доктринаси-таълимотига зид равишда ҳеч қандай хайрли-эзгу иш Оллоҳнинг эътиборига тушиш, меҳрини қозонишда восита бўлолмайди. Католиклар таълимоти патриархал манзаранинг таркибий қисми эканини англаш қийин эмас; отамнинг амру фармонига итоат қилиб, унинг талабларини адо этиб, меҳрини қозона оламан. Лютеранлик таълимотида партиархал хусусият ёрқин акс этганидан қатъий назар пинҳоний матриархал жиҳатлар мавжуд. Она муҳаббати-меҳрини қозониб бўлмайди: у ёки бор, ёҳуд умуман йўқ: қўлимдан келгани фақат илинж-умидворлик (муқаддас китобларда айтилганидек: «Лекин мени қурсоқдан чиқардинг, онамнинг кўксидан баҳра олишни бахш этдинг» (Битиклар. 21:10) ва ожиз, мурғак гўдакка айланишдан иборат. Бироқ Лютер эътиқодининг ўзига хослиги шундаки, она тимсоли ошкора манзарадан четлаштирилади ва ота тимсоли билан алмаштирилади; она муҳаббатига ишонч-эътиқод ўрнига бу манзарада отанинг шубҳасиз муҳаббатига теран шубҳа-гумон ва беҳуда умидворлик асосий хусусиятга айланади.
Оллоҳга муҳаббат хусусияти динда матриархал ва патриархал жиҳатларнинг нисбатига талай даражада боғлиқ эканини исботлаш учун матриархал ва патриархал диний унсурлар ўртасидаги фарқни ойдинлаштиришим зарур. Патриархал жиҳат Оллоҳни отамдай севишга ундайди; Уни адолатли ва қаттиққўл ҳисоблайман, жазолайди ҳам, рағбатлантиради ҳам ва вақти соати келгач, севимли ўғи сифатида мени танлашига ишонаман, Оллоҳ Авраам-Исроилни танлагани, Исҳоқ Иаковни танланандек, Оллоҳ ўз суйган миллати-халқини танлаган сингари. Динда матриархал жиҳат таъсири остида Оллоҳни қалб қўри ва тана ҳароратини барча-барчага бахшида этувчи онам сингари суяман. Унинг меҳру муҳаббатига, меҳрибончилигига, ҳатто қашшоқ ва заиф-ожиз бўлсам ҳам, ҳатто гуноҳкор бўлсам ҳам, мени севишига, ёрдам қўлини узатиб, қутқаришига, авф этишига ишонаман. Менинг Оллоҳга муҳаббатим ва Оллоҳнинг менга лутфу марҳамати чамбарчас-узвий боғлиқ эканини таъкидлаш ҳожати бормикан? Башарти Оллоҳ ота бўлса, мен уни отамдай суяман, ва У ҳам мени ўғлидай суяди. Башарти Оллоҳ она бўлса, Унинг ҳам менга муҳаббати, менинг ҳам Унга муҳаббатим айни шу жиҳат ила белгиланади.
Бироқ Оллоҳга муҳаббатнинг оналик ва оталик жиҳатлари ўртасидаги фарқ бу муҳаббатнинг фақат бир томонлама хусусиятини белгилайди; бошқа белгиловчи омил индивиднинг Оллоҳни англашида ҳам, Оллоҳга муҳаббатида ҳам эришган етуклик даражаси ҳисобланади.
Инсоният тараққиёт давомида она атрофида жамланган ижтимоий тузумдан марказида ота турадиган тузум-тартиботларга ўтганидан буён янада етук муҳаббатнинг камол топиши патриархал динларда кузатилади (Изоҳ: 1. Бу аввало Ғарбнинг монотеик динларига нисбатан тўғри. Ҳинд динларида она тимсоли анча кучли таъсирини сақлаб қолган – Кали маъбудаси бунга мисол бўла олади; будпарастликда ва даосизмда Худо тушунчаси – ёки Маъбуда – умуман инкор этилмаган бўлса-да, жиддий аҳамиятга эга бўлмаган). Бу тараққиётнинг бошланишида бешафқат, ғаразгўй Тангрини кўрамиз. У ўзи яратган инсонга хусусий мулки сифатида муносабатда бўлади ва унга нисбатан кўнглига келган ишни қилади. Дин тараққиётининг бу босқичида Худо тафаккур дарахти мевасини татиб кўргани ва шу туфайли Худоликка даъвогарлик қилиши мумкин бўлган инсонни жаннатдан бадарға қилади; бу даврда Худо инсон зотини йўқ қилишга жаҳд этади, ер юзига тўфон юборади, чунки суюкли ўғли Нуҳ алайҳисаломдан бўлак биронта кимса Унинг кўнглига йўл тополмайди; бу босқичда Худо Иброҳим алайҳисаломдан ягона суюкли ўғли Авраамни Худога муҳаббатининг нечоғлик самимий-теранлигини исбот қилиш учун қурбон қилишни талаб этади. Бироқ айни пайтда янги давр бошланади; Худо Нуҳ а.с. билан битим-ақд тузади, унга биноан бундан буён инсон зотини ҳеч қачон йўқ қилиб ташламасликни ваъда қилади, айни шу аҳди билан У оёқ-қўлини тушовлайди. У нафақат шу аҳди ила боғланган, балки ўзининг адолатгўйлик қоидаси билан ҳам боғлиқ ва шу боис башарти ўн нафар тақводор топилса бас, Авраамнинг Содом мулкини авф этиш ўтинчига ён беришга мажбур. Лекин ривожланиш Худонинг шафқатсиз қабила бошлиғи мақомидан суюкли отага айланиши асносида давом этади, бу бевосита ўзи белгилаган тартиб-тамойиллар ила боғланган ота ҳисобланади; тараққиёт Худонинг ота тимсолидан адолатпарварлик, ҳақиқатгўйлик ва меҳр-муҳаббат тартиб-тамойилларининг рамзига айланиши томон одимлайди. Худо – адолат-ҳақиқат, Худо – баайни адолат. Шундай ривожланиш асносида Худонинг шахс, инсон, ота сифатида тасаввур қилиниши барҳам топади; ҳодисотларнинг бутун ранг-баранглиги негизи булмиш яхлит тамал тоши рамзига, инсон ботиниятидаги маънавий негиздан ўсиб чиқадиган таҳайюлий гул-чечак тимсолига айланади. Худонинг исми бўлиши мумкин эмас: исм ҳамиша нарса-ашё ёки бирон-бир тугалликни ифодалайди. Токи инсон ҳам, нарса-ашё ҳам эмас экан, Худонинг исми бўлиши мумкинми?
Инжили шарифдаги Худонинг Мусо алайҳисаломга кўринишига оид ривоят шундай тараққиётнинг ёрқин мисоли. Мусо а.с. токи Худонинг исмини айтмас экан, Худонинг элчиси –пайғамбари эканига яҳудийлар ишонмаслигини Унга арз қилганда (маъбуднинг моҳияти исми борлигида экан, будпарастлар исмсиз Худони қандай идрок қила оладилар?) Худо ён беради. Мусо а.с. исми – «Лам ялид ва лам ювлад» (Сураи ихлос) эканини айтади. Бу Худо мавжудот ҳам, шахс ҳам эмаслигини англатади. Бу иборанинг энг мақсадга мувофиқ муқобил таржимаси қуйидагича: уларга «исмим исмсизлик» экани айт. Худонинг ҳар қандай тасвирий сиймосини яратиш таъқиқланиши, унинг исмини овоз чиқариб айтишнинг таъиқланиши, кейинчалик эса унинг номини тилга олишнинг тамомила таъқиқланиши айни ўша мақсадга – Худо ота эканига, у – шахс эканига оид фикрдан инсонни халос қилишга қаратилган. Илоҳиёт фанининг кейинги ривожида бу фикр Худога ҳеч қандай ижобий хусусиятларни нисбат бермаслик кераклигига оид қоидада ўз аксини топган. Худони доно, қудратли, меҳрибон дея эътироф этиш уни яна шахсийлаштириш бўлган бўларди; Худога ҳеч қандай хусусиятларни нисбат бермаслик борасида жуда нари борганда шуни айта оламан: Унинг учун сарҳад йўқ, номеҳрибон ҳам эмас, адолатсиз ҳам эмас. Худо ҳеч қандай хусусият-фазиатларга эга эмаслиги борасида қанча кўп билсам, Худони шу қадар яхши англайман, идрок этаман (Изоҳ: Маймониднинг «Адашганлар йўриқномаси»даги инкор қилувчи атрибутлар концепцияси билан қиёсланг).
Монотеизм ғоясининг изчил ривожланиши фақат битта хулосага олиб келиши мумкин: Худонинг исмини умуман тилга олмаслик, Худо ҳақида гапирмаслик. Шундагина Худо монотеистик илоҳиёт фанида қандай талқин қилинса, айни шундай қиёфа касб этади: исмсиз, якка-ёлғиз, ифода қилиб бўлмайдиган, универсум негизини ташкил қилувчи яхлит-бир бутунликка, жамики жонли ва жонсиз мавжудот-нарса-ашёларнинг негизига йўйилади; Худо ҳақ-адолат, меҳр-муҳаббат, ҳақиқат тисолига айланади. Инсон бўлганим боис Худоман, дея даъво қила оламан.
Антроморфик тамойилдан монотеистик тамойил сари айни шу тараққиёт Худога муҳаббат хусусиятидаги барча фарқларни белгилаши шубҳасиз. Иброҳимнинг Тангрисига гоҳ дарғазаб, гоҳ бағри дарё ота сифатида меҳр қўйиш ёки қўрқиш-ҳайиқиш мумкин. Худо отами, бас, мен Унинг фарзандиман. Мен барча –барчасидан огоҳлик ва беадад куч-қудратга эга бўлиш билан боғлиқ аутистик интилишдан ҳамон тўла юксала олмаганман. Инсоний имкониятларим чекланганлиги, жаҳолатпарастлигим, ночор-нотавонлигимни идрок қилишим учун ҳамон холислик етишмайди. Мен гўё гўдак каби доимий паноҳига оладиган, бирон лаҳза ўз ҳолимга ташлаб қўймайдиган, лозим топса, жазолайдиган отам бўлишини ҳануз истайман; гапини икки қилмасам, меҳри товланадиган; олқиш-мақтовларим мойдай ёқадиган, итоатсизлигим эса дарғазаб этадиган отам бўлишини ҳамон болаларча ожизлик ила истайман. Аксарият одамлар камолот йўлида айни шундай болаларча саробий умидворлик даражасидан юксала олмагани шубҳасиз ва шу боис аксарият одамлар учун Худога ишониш – пуштипаноҳ отага ишонч, яъни болаларча хомхаёл. Инсониятнинг айрим буюк мутафаккир-устозлари – уларнинг ортидан одамларнинг озгина қисми – айни шундай тамойилдан юксала олганидан қатъий назар бу таомийл ҳамон устун диний ақида бўлиб қолаётир.
Ҳамонки шундай экан, Фрейднинг Худони танқид қилиш (Изоҳ: 1. Қаранг: Фрейд З. Будушность одной иллюзии.М.-Л.,1930.) ғояси адолатли. Лекин унинг хатоси шундаки, монотеистик диннинг бошқа жиҳати эътиборидан четда қолган, ҳолбуки бу жиҳат унинг чинакам меҳварини ташкил этади; бу жиҳат мантиғи Худонинг шу концепциясини инкор этишга олиб келади. Чинакам тақводор, агар у асосий монотеизм ғоясига риоя қилса, ибодати чоғида Худодан ҳеч вақо илтижо қилмайди; бола онаси ва отасига қандай меҳр қўйса, у Худога шундай меҳр қўяди; ўзи ҳис этган даражада Худо ҳақида ҳеч вақо билмаслиги, билимлари чекланганлиги-маҳдудлигини идрок қилиб, Унга итоат қилади. Худо унинг учун тимсолга айланган, айни шу тимсол воситасида инсон тараққиётининг нисбатан дастлабки босқичларида ўзи интилган орзу-истак, мурод-мақсадлар: маънавий олами, меҳр-муҳаббати, адолат ва ҳақиқатгўйликни – барча-барчасини ифода этган.
«Худо» рамзи ҳисобланувчи қоидаларга у ишонади; унинг фикр-мулоҳазалари – адолат, унинг ҳаёти – меҳр-муҳаббат ва ҳақиқатгўйлик, унинг ҳисоблашича, ҳаёти шунинг учун ҳам қадр-қимматга эгаки, инсоний куч-қуввати, салоҳиятини тўла-тўкис намоён этиш йўлларини топиш имкониятини яратади; бу ягона аҳамиятли воқелик, ягона «илоҳий ғамхўрлик» намунаси; кейинчалик Худо ҳақида гапирмай қўяди ва ҳатто тилга ҳам олмайди. «Худони севиш» иборасини тилга олгудай бўлса, бу севги қобилиятини тўла-тўкис камол топтиришга интилишни, тасаввуридаги «Худо»ни рўёбга чиқаришга интилишни билдирган бўларди.
Шу нуқтаи назардан теистик тафаккурнинг мантиқий натижаси ҳар қандай «теология»ни, ҳар қандай «Худога оид билим»ни инкор қилиш бўлиши керак. Бироқ шундай радикал но-теологик мулоҳаза билан но-теистик тизим ўртасида ҳамон фарқ сақланмоқда, бундай фарқ, жумладан, илк будпарастлик ёки даосизмда кузатилади.
Барча теистик тизимларда – ҳатто теологияни четлаб ўтувчи мистик тизимларда ҳам – руҳлар олами мавжудлиги тахмин қилинади, бу олам инсоний доирадан чиқиб, руҳий-маънавий қувватига ҳамда нажот топиш ва ўзлигини ботинан кашф этиш йўлидаги эҳтиросли-қайноқ саъй-ҳаракатларига аҳамият ва қадр-қиммат бахш этади. Но-теистик тизимларда инсонга бегона ёки унинг доирасидан ҳоли руҳий-руҳоний олам йўқ. Инсон феъл-атворида меҳр-муҳаббат, ақл-тафаккур ва адолат-ҳақиқат оламини камол топтириш салоҳиятига эга бўлгани боис бу оламлар мавжуд. Шу нуқтаи назардан ҳаёт инсон ўзи бахш этганидан ортиқ мазмун-моҳиятга эга эмас; башарти кимгадир ёрдам қўлини узатмас экан, инсон тамомила якка-ёлғиз.
Худога муҳаббат ҳақида шуни таъкидламоқчиманки, шахсан мен теистик концепцияга амал қилмайман, Худо тушунасини мен тарих тақозоси сифатидаги тушунча деб биламан, инсон муайян тарихий даврда Худо тушунчаси воситасида энг юксак имкониятларини, ҳақ-адолат ва якдилликка эҳтиросли интилишини ифода этган. Бироқ шу билан бирга, менимча, маънавий воқелик хусусида қатъий монотеистик ва нотеистик ўта юксак жонбозлик гарчи хилма-хил бўлса ҳам бир-бирига зид эмас.
Бироқ бу ўринда, Худога муҳаббатнинг бошқача андозаларига дуч келамиз, қайсики бу муаммони батафсил англаш учун муҳокама қилиш зарур. Бу борада Шарқ (Хитой ва Ҳиндистон) ва Ғарбда диний тамойилларнинг фундаментал хилма-хиллигини назарда тутяпман; бу хилма-хилликни мантиқий атамалар билан номлаш мумкин. Арасту давридан буён Ғарб олами унинг фалсафасининг мантиқий қоидаларига амал қилади. Бу мантиқ ўхшашлик, айният қонуниятига асосланиб, унга кўра А тенг А га, зиддият қонуниятига (А но-А эмас) ҳамда истисно этилган учинчи қонуниятига (фақат А ва но-А мумкин, учинчиси йўқ). Арастунинг навбатдаги қоидаси фикр-мулоҳазаларини яққол акс эттиради: «… айни бир нарса айни бир вақтда айни бир нарса-ашёга айни бир нарсага ва айни бир хил нисбатда хос бўлмаслиги мумкин эмас (ва бошқа барчаси, яъни биз аниқлашимиз мумкин бўлганлари, ифода қийинчиликларга чап берган ҳолда аниқлансин), — бу, албатта, барча ибтидоларнинг энг ишонарлиси…» (Изоҳ: 1. Аристотель.Соч.Т.1.С. 125.)
Арасту мантиғининг бу аксиомаси тафаккур тарзимизга шу даражада теран сингиб кетганки, «табиий» ва шубҳасиз қонуният сифатида қабул қиламиз, ҳолбуки Х тенг А га ҳам, но-А га ҳам эътирофи бемаъниликдай туюлса ҳам. (Бу эътирофда ҳозирги Х ва бироз вақт ўтгандан кейинги Х эмас, ва Х нинг бошқа томонига зид равишда қайсидир томони эмас, балки айни вақтда Х предмети назарда тутилади.)
Арасту мантиғига парадоксал мантиқ зид: унда А билан но-А муайян Х нинг предикатлари сифатида бир-бирини истисно этмайди. Парадоксал мантиқ хитой ва ҳинд тафаккурида, Гераклит фалсафасида устунлик қилади, кейин эса, диалектика номи билан Гегель ва Маркс фалсафасига айланди. Парадоксал мантиқнинг асосий қоидасини Лаоцзи аниқ ифодалаган: «Буюк тўғрилик эгри туюлади» (XIV китоб) (Изоҳ: 2.Лао Си. Тао-те-кинг, или Писание о нравственности. Л.Н.Толстой таҳрири остида. М., 1913.С.28) ва Чжуан-цзи «Мен – шунингдек но-Менман, но-Мен – бу шунингдек Мен»ман (3. Атеисти, материалисти и диалектики Древнего Китая. М., 1967. С. 141.). Парадоксал мантиқнинг бу қоидалари ижобий: бу ҳам шундай, ҳам шундай эмас. бошқача қоида салбий: бу шундай эмас, шундай ҳам эмас. Дастлабки қоидага даосизмда, Гераклит фалсафасида ва кейинчалик Гегель диалектикасида дуч келамиз; иккинчи қоида эса ҳинд фалсафасида кенг тарқалган.
Арасту ва парадоксал мантиқ фарқининг батафсил тавсифи бу китобга сиғмаслигидан қатъий назар уларнинг фарқи принципи тушунарли бўлиши учун бир неча мисол келтираман. Парадоксал мантиқ Ғарб фалсафасида дастлаб Гераклит фалсафасида учрайди. Унинг фикрича, ҳар қандай мавжудлик негизини зиддиятлар кураши ташкил этади. «Улар тушунмайдиларки,- дейди у, — ўзаро ажралаётганлар қай асно ўзаро тил топадилар; камон ва чилторнинг ёй-торлари сингари ўзлиги, асил ҳолатига қайтувчи уйғунлик». Ёҳуд ана ҳам аниқроғи: «Битта дарёга ҳам тушамиз, ҳам тушмаймиз, ҳам яшаяпмиз, ҳам яшамаяпмиз» (Изоҳ: Материалисти Древней Греци.М., 1955. С. 45.) Ёки: «Жонлилик ва жонсизлик, бедорлик ва ухлаётганлик, навқиронлик ва кексалик – айни бир тарзда бизда мужассам» (Изоҳ: ўша жойда. С. 49.)
Лаоцзи фалсафасида айни шу фикр бирмунча шоирона ифодаланган. Қуйидаги эътироф даосистик тафаккурга хос мисол бўла олади: «Оғир енгилнинг негизини ташкил қилади: тинчлик-осойишталик хатти-ҳаракат устидан ҳукмрон». Ёҳуд: «Таони ҳеч ким чорламайди, бироқ у ҳамма жойда ҳозиру нозир; у ҳеч иш билан шуғулланмаётгандек туюлади, бироқ барчага нисбатан аъло фаолият юритади». Ёки: «Илм ўрганиш ва эзгу ишларни қилиш жуда осон дейман. Ваҳолангки заминда ҳеч ким буни билмайди ва эзгу-хайрли ишлар қилмайди». Даосизмда, ҳинд ва суқротона тафаккурдагидек,ақл-заковат юксала оладиган энг олий даража шундаки, ҳеч вақони билмаслигимиз боис билишим зарур. «Кимки билими зиёда бўлгани ҳолда билимсиз омидай камтар бўлса, маърифатли зот; кимки ҳеч вақони билмагани ҳолда барча илмлардан бохабар кимсадек калондимоғ бўлса, хасталикка чалинган». Худо исм билан аташнинг имкониятсиз экани – айни фалсафанинг оқибати, халос. Олий воқеликни, олий Ёлғиз-ягона-яккани сўз билан ёки фикр-мулоҳаза билан ифолаб бўлмайди. Лаоцзи бу хусусда шундай дейди: «Ҳаётий бўлиши зарур Тао одатий Тао эмас. Ҳаётий бўлиши зарур исм одатий исм эмас». (Изоҳ: Лао Си. Тао-кинг, или Писание о нравственности. С. 5,17, 41, 42.) Ёки бошқачароғи: «бизлар тикилган ҳолда ҳам кўрмайдиган ашё «ранг-туссиз» дейилади, тинглаган ҳолда ҳам эшитилмайдиган товуш – «товушсиз овоз» дейилади; ушлашга уринган билан ушлаб бўлмайдиган «ашё» қўлга илинмайдиган даражада «ўта майда» дейилади». Бу уч ашё тутқич бермайди; шу боис улар ўзаро бириканида, «Ягона яхлитликга» айланади. Ёки айни шу мулоҳазанинг яна бир ифодаланиши: «Кўп биладиган доно ҳамиша сукут сақлайди, вайсақи эса ҳеч вақони билмайди». (Изоҳ: Ўша жойда. С. 11, 33.)
Брахманизм файласуфлари хилма-хиллик (ҳодисаларнинг) билан бирлик (Брахманизм) ўртасидаги ўзаро муносабатларни мавзу қилиб оладилар. Бироқ на ҳинд, на хитой парадоксал фалсафасини дуалистик нуқтаи назар билан чалкаштирмаслик керак. Уйғунлик (бирлик-яхлитлик) позиция асосланган ҳолда шакллантирилган нуқтаи назарга зиддиятли бўлади. «Брахманлар тафаккури аввалбошдан бирваракай мавжуд антогонистик ибтидолар атрофида айланган ва айни пайтда ошкора кучлар ҳамда ҳодисалар олами шакллари атрофида айланган». Коинотдаги, бинобарин инсондаги энг олий куч-қудрат ҳис-туйғулар тушунчалари ва соҳаси доирасига сиғмайди. Шу боис у «униси ҳам, буниси ҳам эмас». «Бироқ,-Циммер таъкидлаганидек, — «реал» билан «нореал» ўртасида шундай қатъий нодуалистик англашувда антогонизм йўқ». (Изоҳ: Zimmer H.R. Philosophies of India (Философские учения индии) N.Y., 1951.) Хилма-хиллик ортида турувчи бирлик-яхлитликни излар эканлар, брахман файласуфлар шундай хулосага келганки, бизнинг тасаввуримиздаги қарама-қаршиликлар нарса-ашёларнинг табиати-моҳиятини эмас, балки тасаввур қилаётган-қабул қилувчи ақл-идрок табиати-хусусияти-хоссаларини акс эттиради. Чинакам-ҳақиқий воқеликни идрок этиш-англаш учун фикр-мулоҳазаларимиз, тафаккуримиз ўз қобиғидан ташқарига чиқиши зарур. Зиддиятлилик ўз ҳолича воқелик унсури эмас, балки инсоний тафаккур категорияси. Ригведада бу қоида шундай ифодаланган: «Мен – икки ибтидо: ўзаро туташган ҳаётий куч ва ҳаётий материядан иборатман». Онг-тафаккур фақат зиддиятли негизда қабул қила олишига оид ғоянинг сўнгги оқибати веданта фалсафасида яна ҳам қатъий ифода этилган, унга биноан, онг-тафаккур бутун нозик фарқлаш қобилияти билан атиги «туманли билимсизлик уфқи, халос»; аслида бу Маянинг барча сохталиклари-ёлғонларининг ўта илғаб-пайқаб бўлмайдиган шакли» (Изоҳ: Zimmer H.R. Philosophies of India (Философские учения индии) N.Y., 1951. Р.424.).
Парадоксал мантиқнинг Худо тушунчасига ёндошуви эътиборга молик. Худо энг олий сиймо экани ва инсоний ақл-идрок воқеликни фақат зиддиятлар воситасида идрок этиши боис Худо ҳақида бирон ижобий фикр айтиб бўлмайди. Ведантда ҳар ерда ҳозиру нозир ва қудрати чексиз Худо тўғрисидаги тушунча билимсизликнинг ўта тубан шакли ҳисобланади. (Изоҳ: Ср. Zimmer H.R. Philosophies of India. Р.424.) Бу ўринда исмсиз Дао билан, Мусо а.с.га кўринган исмсиз Тангри билан, Мейстер Экхартнинг «абсолют Йўқлиги» билан боғлиқлик кузатилади. Инсон фақат инкор-рад этишни идрок қилади ва олий воқеликни ҳеч қачон англай олмайди. Мейстер Экхарт айтганидек: «Худо йўқлигини ҳатто билган тақдирда ҳам(он знает, что не есть Бог) Худо бор эканини инсон била олмайди… Ва ақл-идрок шу билмаслиги билан қанотланиб, айни пайтда илоҳий саодатга даъват қилаверади». Мейстер Экхарт учун «Илоҳий Бирлик-Якдиллик инкорни инкор, воз кечишлардан воз кечиш… яратилганларнинг барчасида инкор мужассам; аслан бошқача эканини ҳар мавжудот инкор этади» (Изоҳ: Meistar Ekhart. Transiated bu R. B. Biakney. Harper & Brothets. N. Y. 1941.Р.247. Маймониднинг инкор теологиясига ҳам қаранг). Айни шундан келиб чиқиб, Худо Экхарт Мейстер учун «абсолют Йўқлик»ка айланади, худди шундай кабалла учун энг олий воқелик «Энг Соф», Ниҳоясиз-чексиз бирлик-якдилликка айланади. (Изоҳ: Кабалла (қадимий яҳудийча, айнан — ривоят)- яҳудийлик динида мистик оқим. Кабалла Худони абсолют сифатсизлик ва ифодасиз чексизлик сифатида талқин этади. Бу мавҳумот ташқи нарса-ашёларга ўз моҳиятини бахш этиш ҳисобига ўзини ўзи чеклайди-тарж.изоҳи.)
Арасту мантиғи билан парадоксал мантиқ фарқига Худога муҳаббатнинг икки концепцияси ўртасидаги жиддий тавофутни китобхон англаши учун тўхталдим. Парадоксал мантиқ мутафаккирлари эътирофича, инсон воқеликни зиддиятлар воситасидагина идрок қила олади ва энг олий воқелик ҳамда бирлик-якдилликни, Асил Моҳиятни ақлан-фикран ҳеч қачон идрок қила олмайди. Бу шунга олиб келадики, инсон ўз саволларига жавобни ақл-тафаккурда топишдан иборат якуний мақсадга интилмайди. Онг-тафаккур якуний жавоб топа олмайдиган муаммонигина идрок этади. Онг-тафаккур олами парадокслар исканжасида. Оламни онг-тафаккур воситасида эмас, балки ягона усул – фаолият, бирлик-якдиллик-яхлитликни ҳис этиш йўли билан узил-кесил идрок этиш мумкин. Шундай қилиб парадоксал мантиқ шундай хулоса чиқаришга имкон беради: Худога муҳаббат Худони ақлан билиш ва унга муҳаббатга оид фикр-мулоҳаза эмас, балки фаолият – Худо билан бир бутунликни ҳис этишдан иборат.
Натижада оқилона турмуш тарзи алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар қандай ҳаёт, ҳар бир салмоқли ёки салмоқсиз хатти-ҳаракат Худони билишга йўналтирилган, бироқ оқилона фикрлаш воситасида эмас, балки оқилона фаолият воситасида. Бу шарқ динларида яққол кўзга ташланади. Брахманизмда, будпарастлик ва даосизмдагидек, диннинг якуний-пировард мақсади оқилона эътиқод эмас, балки оқилона фаолият. Яҳудийлик динида ҳам айни шу фикр эътироф этилади. Яҳудийлик тамойилида эътиқод негизига таянувчи низо-нифоқни учратиш амри маҳол. (Фарисейлар билан саддукейлар ўртасидаги ихтилоф ягона жиддий истиснодир; бироқ бунинг сабаби, аслида, ғаним икки ижтимоий синфларнинг антогонизми бўлган.) Яҳудийлик динида (айниқса эрамиз бошланишидан эътиборан) оқилона турмуш тарзи – Галаха (бу сўз, аслида, Дао каломи ифодалаган маънони акс эттиради) — асосий ўрин тутади.
Янги даврда айни қоида Спиноза, Маркс ва Фрейд ғояларида ўз ифодасини топди. Спиноза фалсафасида диққат-эътибор оқилона эътиқоддан оқилона турмуш тарзига кўчади. Маркс ҳам айни шу фикрни қуйидагича ифодалайди: «Файласуфлар шу пайтгача дунёни турлича талқин қилиб келдилар, ҳолбуки асосий вазифа уни ўзгартиришдан иборат» (Изоҳ. Маркс К., Энгельс Ф. Соч. Т.№.С.4). Парадоксал мантиқ Фрейдга руҳий-таҳлилий даволаш усулини қўллаш, яъни ўзлигини идрок қилишини муттасил теранлаштириш имконини берди.
Парадоксал нуқтаи назарга биноан наинки фикр-мулоҳаза, ақл идрок-тафаккур, балки фаолият муҳим. Айни ақидадан айрим бошқа хулосалар келиб чиқади. Дастлаб, бу сабр-тоқатли бўлишга олиб келади, Ҳиндистон ва Хитойдаги диний ривожланишда шуни кузатамиз. Агар оқилона фикр-мулоҳаза-тафаккур олий ҳақ-ҳақиқат бўлмаса ва нажот топишга олиб келмаса, у ҳолда фикран ўзгача қоидаларни яратган кишилар-тоифалар-халқларга қарши курашишнинг ҳожати йўқ. Бу сабр-тоқатлилик қоронғи хонада бир неча киши филни ўзича қандай тасаввур қилганига оид ривоятда яққол акс этган. Улардан бири унинг хартумини пайпаслаб: «Бу сув тортишга мўлжалланган қувурга ўхшайди» деса, иккинчиси қулоғини пайпаслаб: «Бу маҳлуқ улкан елпиғичга ўхшаркан» дея эътироф этади; учинчи эса оёқларини ушлай-ушлай филни устунларга менгзайди.
Иккинчидан, парадоксал нуқтаи назар шунга олиб келадики, бир томондан догма- қотиб қолган мутаассибона ғоялар, иккинчи томондан эса – илм-фан эмас, балки айнан инсоннинг феъл-атворини ўзгартириш муҳим аҳамият касб этади. Ҳинд ва хитой мистик нуқтаи назарига биноан инсоннинг диний бурчи-масъулияти-вазифаси оқилона фикрлаш эмас, балки оқилона фаолият ва-ёки медитация-муроқаба воситасида Ягона Моҳият-Илоҳиёт билан уйғунлашув-яхлитлашув ҳисобланади.
Ғарбона тафаккурнинг асосий йўналиши учун бунинг тескариси хос. Ғарбликлар олий ҳақиқатни оқилона фикр-тафаккур воситасида топишга умид боғлиганликлари туфайли айни фикр-мулоҳаза-тафаккурга алоҳида аҳамият қаратилган – гарчи оқилона фаолият ҳам муҳим ҳисобланган. Дин ривожланиши натижасида бундай догма ақидаларнинг шаклланишига, уларни ифодалаш-талқинига оид адоқсиз баҳс-мунозараларга ҳамда «ғайридинларга» ва бидъатчиларга муросасизликка олиб келди. Бу яна шунга олиб келдики, «Худога ишонч-эътиқод»га диннинг асосий мақсади сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Бу, инсон оқилона яшаши керак, деган тавассур-тушунча бўлган эмаслигини, албатта, билдирмайди. Бундан қатъий назар Худога ишонган-эътиқод қўйган инсон – Унинг амр-фармонларига амал қилмаса ҳам – Худонинг амри фармонларига биноан ҳаёт кечирувчи, бироқ унга «ишонмайдиган» кимсага нисбатан ўзини устун билган.
Тафаккурнинг алоҳида аҳамиятига урғу берилиши яна бир тарихан жуда муҳим оқибат-хулосани келтириб чиқаради. Тафаккур воситасида ҳақиқатни топиш мумкинлигига оид ғоя наинки ақидарапарастликни, балки илму фанни ҳам юзага келтирган. Илмий тафаккурда оқилона фикр-мулоҳаза – интеллектуал ҳаққонийлик мазмунида ҳам, шунингдек илмий тафаккурдан амалда, яъни техникада фойдаланиш мазмунида ҳам аҳамиятга молик ягона қоида ҳисобланади.
Шундай қилиб, парадоксал тафаккур сабр-тоқатлилик ва инсон ўзлигини ўзгартириш сари интилишини юзага келтирди. Арасту назарияси эса ақидапарастлик ва илм-фан, католик черков ва атом энергияси-қуввати кашф қилинишига замин яратди.
Худо муҳаббат муаммосига ёндошувда бу икки дунёқараш тизими ўртасидаги фарқлардан қандай оқибатлар келиб чиқишини ошкора бўлмаса ҳам ишора тарзида айтиб ўтдим. Ниҳоят мухтасар хулоса.
Ғарбда устунлик қилувчи Худога муҳаббат диний тизими, аслида, баайни Худога муҳаббат, унинг мавжудлиги, адолатли экани, меҳр-шафқатига ишонч. Худога муҳаббат – бу, моҳиятан,- ақл-тафаккур воситасидаги идрок этишдан иборат. Шарқий динлар ва мистицизмда Худога муҳаббат яхлит-бир бутунлилик туйғусининг зўр бериб ҳис қилиниши, шунинг баробарида илоҳий муҳаббатни ҳар лаҳза, ҳар он тилдан қўймасликдан иборат. Бу фикрни Мейстер Экхарт айниқса равшан ифодалаган: «Башарти, мен Худо билан ўзимни бир тану бир жон дея ҳис қилсаму Худо мени ўзининг ажралмас таркибий қисмига айлантирса, у ҳолда, Худо тимсолида тўла-тўкис тажассум этганим боис ўртамизда фарқ-тавофут қолмайди… Айримлар Худони кўраман, дея тахмин қиладилар, — у гўё хиёл наридаги тепаликдаю, ўзлари берироқдаги сойхонликда бўлганлари боис Худони кўриш мумкин деб тасаввур қиладилар, бироқ бундай бўлиши мумкин эмас. Худо ва мен – якдил, яхлитмиз. Худони таниш-англаш воситасида уни ўзимга яқинлаштираман. Худога муҳаббат воситасида мен унинг моҳиятига сингаман» (Изоҳ: Mtister Ekhart. Op. cit. P. 181-182).
Ниҳоят ота-онага муҳаббат ва Худога муҳаббат ўртасидаги битта муҳим масаладаги паралеллизмга қайтамиз. Гўдак дастлаб «ҳаёти манбаи» сифатида онасига чамбарчас боғлиқ бўлади. У норасида-нотавон бўлгани боис ҳаёт манбаи — она муҳаббатига муҳтож. Кейинчалик ота муҳаббати, отага муҳаббат — орзу-интилишлари таянадиган манбага айланади, бинобарин ота унинг фикр-мулоҳазалари ва саъй-ҳаракатларини йўналтиради ва уларга раҳнамолик қилади; бу даврда бола отасининг рағбати ва эътибор-эътирофни қозонишга ва норози қилмасликка интилади. Тўла балоғатга етгач, ҳомий-валинеъмат сифатидаги ҳам она, ҳам ота шахсиятидан халос бўлади; бундан буён унинг ўзи ҳам она, ҳам ота. Айни шу ривожланиш тадрижини инсоният тарихида ҳам кузатамиз ва олдиндан башорат ҳам қила оламиз: Худога Она-Илоҳага гўдакларча ожизона ибтидоий боғланганликдан, Ота-Илоҳиётга итоаткорона боғланганлик орқали – балоғат палласига қадам қўяди, бу даврда Худо ортиқ ташқи куч бўлмай қолади, бундан буён инсон меҳр-муҳаббат ва адолатлилик қоидаларини ўзлаштиради ёҳуд кундалик ҳаётий қоидаларга айлантиради, бу босқичда Худо билан қовушиб, яхлит-ягона тус олади, ва ниҳоят – Худони шоирона, рамзий-тимсолий маънодагина тилга олади.
Буларнинг барчасини назарда тутган ҳолда шундай хулоса қилиш мумкин: Худога муҳаббат ота-онага муҳаббатга боғлиқ. Башарти инсон онага, қабилага, миллатга қондошлик ришталаридан батамом узила олмаган бўлса, башрати у жазоловчи ёки рағбатлантирувчи-мукофотловчи ота ёҳуд бошқа бирон ҳукмронлик воситасига болаларча ҳамон боғланган экан, феъл-атворида Худога комил муҳаббатни шакллантира олмайди; унинг дини – ибтидоий тараққиёт даври дини бўлиб, бунда Худо меҳрибон-хайрихоҳ она сифатида ёки жазоловчи ёҳуд мукофотловчи-рағбатлантирувчи ота сифатида тасаввур-талқин қилинади.
Замонавий динларда бу тараққиёт тадрижининг энг ибтидоий кўринишидан тортиб, олий даражасига барча босқичларини кўрамиз. «Худо» калимаси қабила раҳнамосини ҳам, шунингдек «абсолют Йўқлик»ни ҳам ифода этиши мумкин. Худди шундай ҳар бир индивид, Фрейд исботлагандек, ўзида, подсознанияси- ботиний онгида тараққиётнинг ибтидоий ожиз болалик давридан бошлаб барча босқичларини сақлайди. Гап унинг қанчалик ўсиб-улғайганию қанчалик камолот касб этганида. Шуниси шубҳасиз: унинг Худога муҳаббатининг хосса-хусусияти инсонга муҳаббатининг хосса-хусусиятига мутаносиб; боз устига унинг Худога ва инсонга муҳаббатининг чинакам сифат-даражаси онгсоти-ботиний идрокида пинҳонлигича қолаверади ва муҳаббати ҳақида комилона мулоҳаза юритиши билан рационализацияланади. Қолаверса, инсонга муҳаббат инсоннинг бевосита оилага муносабати билан омухталашиб, пировард натижада ўзи яшаётган жамият тузилиш-тартиботи билан белгиланади. Агар жамият ҳокимиятга итоатгўйлик тамойилларига асосланса – бу хоҳ ошкора мустабид хукмронлик бўлсин ёки бозор муносабатлари ва ижтимоий фикрнинг хуфёна хукмронлиги эканидан қатъий назар – унинг Худо ҳақидаги тушунча-тасаввури инфанталь, етук-баркамол тушунча-тасаввурдан йироқ-бегона бўлади, бунинг нишоналарини монотеистик динлар тарихида кўриш мумкин.
Erix FROMM
SЕVGI SAN’ATI (II)
Ruschadan Abduhamid Pardayev tarjimasi
2. Ota-onalar va farzandlar o‘rtasidagi muhabbat
Agar chaqaloqni hotamtoy taqdir ona tanasidan ajralish va ona qursog‘idagi hayotining tugashi bilan bog‘liq har qanday xadik-xavotirdan muhofaza qilmasa, tug‘ilayotganida o‘lim-intiho dahshati ichra qolgan bo‘lardi. Chaqaloq, darvoqe, tug‘ilganidan keyin ham tug‘ilish tarafasidagi holatidan deyarli farq qilmaydi; u hamon narsa-ashyolarni bilmaydi, o‘zligini va o‘ziga nisbatan tashqi olamni idrok qilolmaydi. U faqat harorat tafti va yegulikdan halovat topadi va hamon haroratni ham, ozig‘ini ham manbai — ona tanasidan ayricha tasavvur qila olmaydi. Ona – ham harorat, ham oziqlanish manbai, ayni shu qoniqish va xavfsizlikbilan bog‘liq eyforik holat. Freyd buni narsizm holati deya ta’riflaydi. Chaqaldoq tanasining ichki holatiga ijobiy yoki salbiy ta’siri mos ravishda atrof-muhit, odamlar va ashyo-narsalar muayyan ahamiyat kasb etadi. uning ichi-botinidagi holat-kechinmalargina hayotiy ahamiyatga molik; tashqi olam esa sifat xususiyatlari yoki atrofdagilarning ehtiyojlari nuqtai nazaridan emas, balki mening ehtiyojlarimga naqadar mosligiga ko‘ra ahamiyatga molik.
Go‘dak o‘sib, kamol topar ekan, narsa-ashyolar aslida qanday bo‘lsa, shu holida idrok etish qobiliyatini kasb etadi; u qorni to‘qligi, onasining ko‘ksi-ko‘kragibahra olishini ilg‘ay boshlaydi. U sekin-asta tashnalikni sezadi, uni qondiruvchi sutni, ona ko‘ksi va onasini alohida-alohida tasavvur qiladi. U boshqa ko‘plab narsa-ashyolarni ham alohida-alohida tasavvur qilishga o‘zlashtira boradi. Shu asnoda ularning nomlanishini ham o‘rganadi. Ayni zamonda narsa-ashyolar bilan munosabatda bo‘lishni o‘rganadi; olov qaynoqligi va kuydirishini, onasining tanasi issiq va huzurbaxsh ekanini, daraxt qattiq va og‘ir ekanini, qog‘oz yengilligiyu uni yirtish mumkinligini o‘zlashtiradi. Odamlar bilan muomala tarzini o‘rganadi: oziqlanayotganida onasi mamnun jilmayishini, yig‘laguday bo‘lsa, qo‘lga olib erkalashini, kichik va katta zaruriyatlarni risoladagidek bajarsa, alqashini bilib oladi. Bu kechinmalarning barcha rang-baranglashib, yaxlit fikrga jamlanadi: meni sevadilar. Onamning o‘g‘li bo‘lganim bois meni sevishadi. Ojiz-notavon bo‘lganim uchun sevadilar. Go‘zalligim va hayratga munosibligim bois ardoqlaydilar. Onamga kerak bo‘lganim uchun ham sevishadi bularning baorchasini shunday umumlashtirish mumkin: mavjudligim bois meni sevishadi, yoki, aniqrog‘i, mavjudligim uchun ham meni sevadilar. Seni onang sevib-ardoqlashi bilan bog‘liq kechinma sust hissiyot. Meni sevishlari uchun hech vaqo qilishimning hojati yo‘q, — beg‘araz ona muhabbati shubhasiz, evaziga hech vaqo talab etmaydi. Mendan lozimi faqat mavjud bo‘lsam, unga farzandlik qilsam bas. Ona muhabbati – huzur-halovat va xotirjam farovonlik, uni qozonish va munlosib bo‘lish uchun jon kuydirishning hojati yo‘q. Biroq ona muhabbati shubhasizligining salbiy jihati ham bor. Uni nainki qozonishning hojati yo‘q — ayni paytda asli bo‘lmasa, unga sazovor bo‘lishning, yuzaga keltirishning, iddora qilishning mutaqo imkoni yo‘q. Agar bo‘lsa, Ollohning inoyati, yo‘q esa – bu go‘yo hayot butun tarovatini yo‘qotgani bilan barobar va ayni ona muhabbatini har qancha zo‘r bergan bilan ham yuzaga keltirib bo‘lmaydi.
8,5-10 yoshdan kichik aksariyat bolalar uchun ularni borligi-mavjudligi uchun sevishlari-ardoqlashlari muammosi yo‘q hisobi. Bu yoshgacha bola seva olmaydi; mehr-muhabbatga mamnuniyat ila minnatdorchilik bildiradi, xalos. Ayni palladan e’tiboran yangi omil harakatga keladi: xatti-qarakatlarila mehr-muhabbat qozonayotgani bolakay anglay boshlaydi.onasi (yoki otasiga) nimanidir hadya etish, yaratish: she’r, rasm yoki biron bir narsa yaratish ustida ilk bora o‘ylay boshlaydi. Bolakay hayotida ilk bora muhabbat tushunchasi «sevimli bo‘lish» «sevish», «muhabbat qozonish»ga o‘zgaradi. Bu jarayon intihosidan muhabbat tuyg‘usi yuzaga kelgunga qadar ko‘p yil o‘tadi. Bolaning shaxsiyatparastligi sekin-asta, qadam-baqadam – ehtimol, o‘smirlik pallasida – barham topadi; o‘zgalarga eng avvalo ehtiyojlarini qondiruvchi vosita sifatida qaramaydi. Yon-atroidagi odamlarning talab-ehtiyojlari o‘z talab-ehtiyojlari singari muhim, hatto ahamiyatliroq bo‘la boradi. Olishga, bahramand bo‘lishga nisbatan, berish, baxramand etish, sevimli bo‘lishdan nisbatan sevish maroqliroq bo‘lib qoladi. U bekiraligi va shaxsiyatparastligi yuazaga keltirgan yolg‘izlik va yakkalanish iskanjasidan muhabbat vositasida xalos topadi. U hamsnafaslik, hamkorlik, bir tanu bir jonga aylanish singari yangi kechinmalarni his etadi. Yana ham muhimrog‘i — jajji, ojiz, xasta, ya’ni o‘zgalarning nazdida «shirintoy-asaltoy» sifatida sevimli-ardoqli tarzida ega bo‘ladigan mehru shafqatga bog‘liq bo‘lgandan ko‘ra muhabbati vositasida muhabbat yaratishga qodirgini payqaydi. Bolalarcha muhabbat quyidagi qoidaga tayanadi: «Sevganlari uchun men ham sevaman». Yetuk muhabbat negizi esa: «Sevganim uchun meni sevadilar». Dumbul muhabbat aqidasi: «Menga zarur-kerakli bo‘lganing uchun sevaman». Yetuk muhabbat negizi: «Seni sevaman,shu bois menga keraksan».
Muhabbat salohiyati kamol topishi bilan muhabbat obyekti kamol topishi boshlanadi. Dastlabki oylar va yillarda bolakay onasiga ipsiz bog‘langan bo‘ladi. Bu bog‘lig‘lik homila onaning qornida ekanida, bir juft bo‘lishlaridan qat’iy nazar yaxlit-bir butunlikni tashkil qilgan pallada boshlanadi. tavallud vaziyatni ayrim jihatlardan o‘zgartiradi, biroq biz tasavvur qilganchalik o‘zgartirmaydi. Chaqaloq ona qursog‘ida emas, yorug‘ dunyoda yashayotganidan qat’iy nazar hamon onasiga ipsiz bog‘langan. Lekin kun sayin tobora mustaqil bo‘la boradi: dastlab emaklaydi, so‘ng alpang-talpang qadam tashlaydi, tili chiqadi, dunyoni anglay boshlaydi; uning onaga bog‘lig‘ligi ma’lum ma’noda hayotiy ahamiyatini yo‘qotadi. Ayni paytda otasi bilan munosabatlari tobora muhimlik kasb etadi.
Onadan ota tomon siljishni tushunish uchun ona va ota muhabbati o‘rtasidagi jiddiy farqni nazarda tutish zarur. ona muhabbatiga ta’rif berdik. Ona muhabbati o‘z tabiatiga ko‘ra shubhasiz. Biron bir shartini ado etayotgani yoki biron-bir umidini oqlayotgani uchun emas, balki dilbandit bo‘lgani bois ona go‘dagini sevib-ardoqlaydi. (Ona va ota muhabbati haqida gapirganda, albatta, Maks Veber aytganidek, ideal – eng «ideal tiplar»ni yoki Yung aytganidek arxitip muhabbatlarni nazarda tutaman.) har bir ota-ona farzandiga ayni shu tarzda mehr qo‘yishi kerak, deya da’vo qilmoqchi emasman. Men ota-ona shaxsiyatida mujassam otalik-onalik tamal toshi, negizini nazarda tutyapman. Shubhasiz mehr-muhabbat nainki bolaning, balki istalgan odamning eng qaynoq xohish-istaklariga mos bo‘lib tushadi. Boshqa tomondan biron bir fazilating uchungina sevsalar, shubhadan holi bo‘lish qiyin: ehtimol biron bir sabab bilan unga yoqmay qolsam-chi; muhabbat barhami topishi mumkin degan xavotir hech qachon tark etmaydi. Boz ustiga, «ta’magir, g‘arazli muhabbat» seni o‘zingni emas, aksincha faqat va faqat shunchaki manzur bo‘lganing uchun sevishlari; aslida mutlaqo sevmasliklari, faqat qo‘g‘irchoq g‘ilib o‘ynayotganlarini payqab qolsang, albatta, alam qiladi. Bolaligimizda ham, balohat yoshiga yetgach ham, umuman umrbod ona mehriga tashna ekanimiz bejiz emas. Aksariyat bolalar ona mehridan bahramand bo‘ladilar (qay darajada bahramand bo‘lishlari quyida aytiladi). Katta yoshdagilar bu borada maqtana olmaydilar. Odam kulib boqsa, bu erotik muhabbatning tarkibiy qismiga aylanadi; aksariyat diniy shakl-shamoyil, yana ham aksariyat holatlarda esa nevrozlar – asabiy xastaliklar ko‘rinishini kasb etadi.
Ota bilan munosabat esa tamomila boshqacha. Ona bizlar uchun — qadrdon boshpana, tabiat, zamin, ummon; otani qadrdon boshpana tarzida tasavvur qila olmaymiz. Dastlabki yillarda farzand bilan ota yo‘llari deyarli tutashmaydi, va bu pallada otaning chaqaloq bilan bog‘liqligini ona bilan muhim bog‘liqlikka mutlaqo tenglashtirib bo‘lmaydi. Biroq, tabiat, tabiiylik ifodasi bo‘lmasa ham, ota insoniy hayotning boshqa jihatlarini namoyon etadi: fikr-mulohazalari, o‘zi yaratgan olamini, qonun-qoidalar va tartib-tamoyillarni, intizom olamini, sayohatlar va sarguzashtlar olamini taqdim etadi. Farzandga ayni ota ta’lim berib, hayotga boshlaydi.
Otaning bu vazifasiga boshqa, ijtimoiy-iqtisodiy ravnaq bilan bog‘liq vazifa aloqador. Xususiy mulk paydo bo‘lib, o‘g‘illardan biriga meros bo‘lib qola boshlagach, ota mol-mulkini ishonib qoldiragan o‘g‘ilni istay boshladi. Bu, otaning nazdida, voris bo‘la oladigan, bevosita o‘ziga o‘xshaydigan va ayni shu bois sevimli o‘g‘il. Ota muhabbati – muayyan shartlarga tayanadi. Uning qoidasi: «Seni sevaman, chunki ishonchimni oqlaysan, chunki o‘z burchingni ado etasan, chunki menga qo‘yib qo‘yganday o‘xshaysan». Onaning «shubhasiz» muhabbati singari otaning «shartli» muhabbatida ham salbiy va ijobiy jihatlar mavjud. Salbiy jihati shundaki, ota muhabbatini qozinish, yoki aksincha umidlarini oqlamasang, boy berishing hech gap emas. Ota muhabbati taqozosiga ko‘ra, itoatgo‘ylik asosiy fazilatga, bo‘yintovlash esa ota mehridan judo bo‘lishdek jazoga mustahiq gunohi kabiraga aylanadi. Biroq ijobiy jihati ham muhim. Agar muhabbat muayyan shartlar asosida paydo bo‘lsa, uni qozonish, sazovor bo‘lish uchun nimadir qilishim, sa’y-harakatlar ila qo‘lga kiritishim mumkin; ona muhabbatidan farqli ravishda ota muhabbatini idora qilsa bo‘ladi.
Ota-onaning farzandga munosabati uning talab-ehtiyojlariga mos. Go‘dakka shubhasiz ona muhabbati, ham jismoniy, ham psixologik g‘amxo‘rlik suv va havoday zarur. Olti yoshdan keyin farzand ota mehri, uning obro‘-e’tibori va rahnamoligiga muhtojlik seza boshlaydi. Onaning vazifasi – hayotiy xavfsizligini ta’minlash; otaning vazifasi – unga ta’lim berish, o‘zi yaratgan jamiyatning vazifalarini bajarishga yo‘naltirishdan iborat. Ideal holatda ona mehri farzandning ulg‘ayshiga monelik ko‘rsatmaydi. Hayot masalasida onaning ko‘ngli xotirjam bo‘lishi va xadik-xavotirlari bilan farzandining ko‘nglini jarohatlamasligi kerak. Bola emin-erkin balog‘atga yetib, sekin-asta mustaqil yo‘lga tushib olishi ona hayotining tarkibiy qismi bo‘lishi zarur. Ota muhabbati muayyan qoidalar va umidlarga tayanadi; bunday muhabbat xukmfarmo va g‘azabkor emas, aksariyat vazmin va sabr-toqatli bo‘lgani ma’qul. Ota muhabbati ulg‘ayib borayotgan bolaning o‘z kuchiga ishonchini tobora kuchaytirishi va vaqti-vaqti bilan emin-erkin harakat qilishiga va otaning yo‘l-yo‘riqlarisiz ish tutishiga imkon berishi zarur.
Yetuk, balog‘at pallasiga qadam qo‘ygan odam asta-sekin shunday darajaga erishadiki, endilikda o‘ziga ham ona, ham ota bo‘la oladi. U onalik va otalik hissiyotini go‘yo o‘zida uyg‘unlashtiradi. Onalik hissi deydi: «hech qanday bema’ni xatti-harakat, hech qanday jinoyat seni mehrimdan judo qilolmaydi, senga hamisha baxtu saodat tilayman». Otalik hissi deydi: «Sen xato qilding, endilikda ahmoqliging oqibatlariga tan berishga majbursan; eng muhimi – seni sevishimni-ardoqlashimni hohlasang, fe’l-atvoringni o‘zgartirishing kerak». Yetuk shaxs ota-onaning tashqi daxlidan xalos bo‘ladi va botinida ularning timsolini yaratadi. Biroq, Freydning superego nazariyadan farqli ravishda, otasi va onasini bir bo‘lagiga aylantiradigan tarzda emas, balki mehr-muhabbat qobiliyatidan onalik hissini hamda aql-idroki va ahloqiy tuyg‘usidan otalik hissini yaratadi. Boz ustiga, otalik va onalik hissi, ehtimol, ziddiyatli ekanidan qat’iy nazar ham otalarcha, ham onalarcha seva oladi. Agar faqat otalik hissini saqlab qolganida edi, shafqatsiz bo‘lib, insoniy qiyofasini yo‘qotardi; agar faqat onalik hissini saqlab qolsa, qiyoslash-baholash qobiliyatini boy bergan va o‘zining ham, o‘zgalarning ham kamolotiga monelik qilgan bo‘lardi (Yetim bolalarning ruhiyatidagi saktalikning ildizi, mana, qayerda!).
Ona olamiga bog‘lanishdan ota olamiga bog‘lanish sari kechadigan bu kalomot hamda ularning o‘zaro uyg‘unashuvi ruhiy-ma’naviy sog‘lomlik negizini yaratadi hamda yetuklik kasb etish imkonini beradi. Ayni shunday kamolot yo‘lidan og‘ish nevroz – asabiy xastaliklarning asosini tashkil qiladi. Bu kitobda mazkur g‘oyani jiddiy rivojlantirishni istamasligimizdan qat’iy nazar unga qisqacha to‘xtalamiz.
Bola asabiy voyaga yetishining sabablaridan biri shundaki, uning onasi haddan tashqari mehribon, lekin o‘ta yon beruvchi, ko‘ngli bo‘sh yoki o‘ta qattiqqo‘l hamda otasi zaif va befarq bo‘lishi mumkin. Bu holda onasiga bolalarcha uzoqroq muddat bog‘lanib qolaverishi va onasiga tobe inson bo‘lib ulg‘ayishi ehtimoli mavjud. U o‘zini ojiz sezadi, fe’l-atvorida reseptiv shaxsga xos sa’y-harakatlar ustunlik qiladi: olish-bahra topish, hamisha kimningdir panohida bo‘lish, g‘amxo‘rlik nishoniga aylanish singari. Unda tashkilotchilik, mustaqillik, hayotini mustaqil idora qilish kabi otalik xislatlari bo‘lmaydi. Ehtimol, ba’zan ayollar, ba’zan esa erkaklar timsolidagi ma’budaday topinib, izmidan chiqmaydigan «ona»ni qidiradi. Boshqa tomondan, agar ona bemehr, befarq va xumfarmo-qattiqqo‘l bo‘lsa – yakuniy natija avvalgidek bo‘ladi – yohud faqat qonun-qoidalar, tartib-intizom va obro‘-e’tibor asosida yashab, otasidek bir yoqlama tarzda voyaga yetadi yoki shubhasiz mehr-muhabbatdan bahra olib yashayveradi. Agar onaning sovuqqonligi o‘g‘liga mehr qo‘ygan otaning nufuzi bilan yana ham kuchaysa, bolaning ayni shu tarzda ulg‘ayishi ayniqsa yengil ko‘chadi. Bunday asabiy ulg‘ayadigan barcha tiplarga xos xususiyat shundan iboratki, ibtidolardan biri – otalik yoki onalik hissidan biri – ravnaq topmay dumbulligicha qolib ketadi yohud birmuncha og‘ir asabiylikda ham ota, ham onaning mavqei boshqa odamlarga nisbatan bo‘lganidek, shaxs botiniyatida ham qorishib ketadi. Yana ham teran tadqiqot shuni ko‘rsatadiki, asabiyliknng ayrim tiplari, jumladan, shilqimlik-sullohlik-tirg‘alish holatlari, aksariyat otaga bir tomonlama ergashish oqibatida yuzaga keladi, ayni paytda jazavaga tushish, ichkilikbozlik, hayotda o‘z yo‘lini topolmaslik va hayotga tiyrak nazar tashlay bilmaslik, shuningdek ruhiy siqilish-turg‘unlik – onaning ta’siriga bir yoqlama berilish oqibati.
3. Muhabbat obyektlari- nomzodlari
Muhabbat – dastavval biron bir aniq insonga qaratiladi, deb hisoblash noto‘g‘ri bo‘lardi; bu shaxsning yolg‘iz «muhabbat obyektiga» mehr-muhabbati emas, balki umuman olamga munosabatini belgilovchi nuqtai nazar, fe’l-atvorining yo‘nalganligi. Agar odam faqat bir kishini sevsa va boshqa barchaga befarq bo‘lsa, uning muhabbati – muhabbat emas, balki atigi simbiotik bohliqlik-aloqadorlik, boshqacha aytganda – kengaygan shaxsiyatparastlik. Biroq aksariyat odamlar muhabbat qobiliyat-iqtidor bilan emas, balki «muhabbat obyekti» bilan belgilanadi, deb o‘ylaydi. «Sevgani»dan bo‘lak hech kimni yoqtirmasligini kuchli muhabbatining isboti deb biladilar. Bu yuqorida aytilgan yanglishishning baayni o‘zi. Muhabbat ko‘ngil ishi, qalbiy faoliyat ekanini odamlar tushunmasligi bois chinakam «muhabbat obyekti»ni topsam bas, zaruriy xislat-fazilatlar o‘z o‘zidan paydo bo‘ladi, deb o‘ylaydilar. Bunday fikrlashni rasm chizishni xohlaydigan, biroq bu san’atni o‘zlashtirish o‘rniga, o‘ziga mos manzarani topa bilsam bas, chinakam san’at asari yarataman, deya taxmin qiluvchi kimsaning xomxayollariga qiyoslash mumkin. Agar haqiqatdan ham bir odamni yaxshi ko‘rsam-sevsam, barcha odamlarni sevaman, butun dunyoni sevaman, hayotni sevaman. Basharti kimgadir: «Men seni yaxshi ko‘raman» deb ayta olsam, uning negizini: «Sening timsolingda barchani sevaman; seni sevish asnosida butun dunyoni sevaman, sening timsolingda o‘zimni ham sevaman» degan fikr tashkil qilishi zarur.
Muhabbat yolg‘iz bir kimsaga emas, balki barchaga dahldor degan nuqtai nazardan ayni paytda muhabbatning turli shakllari uning obyekti xossalariga bog‘liq ravishda bir-biridan farq qilmaydi degani emas.
a) Birodorona muhabbat
Muhabbatning barcha shakllari negizini tashkil qiluvchi eng funtamental ko‘rinishi – barodarlarcha muhabbat. Birodarlarcha-birodarona muhabbat deganda mas’uliyat, g‘amxo‘rlik, hurmat-ehtirom, boshqa insonni yaqindan bilish, hayotda unga ko‘maklashishni tushunaman. Injili sharifda ayni shunday muhabbat tilga olingan: «Yaqinlaringga o‘zingday mehr qo‘y»(Lev. 19: 18; Mf.22: 39;Mk.12: 31). Birodarona muhabbat – barcha insonlarga muhabbat; ayni shunday istisnosiz muhabbat – uning o‘ziga xos xususiyati. Basharti ko‘nglimda mehr tuyg‘usi kamol topgan ekan, o‘z barodarlarimni sevmasligim mumkin emas. Birodarona muhabbatda barcha insonlar bilan qismatdoshlikni his etish, insoniy birdamlikka erishiladi. Birodarona muhabbat negizini barchamiz yagona-yaxlit-bir butunmiz degan hissiyot tashkil etadi. Qobiliyat, aqliy salohiyat, bilimdonlik borasidagi tafovut-farq barchaga xos insoniy mohiyat mushtarakligiga qiyosan o‘ta arzimas. Bunday mushtaraklikni his etish uchun masalaning mohiyatiga kirib borish zarur. Basharti boshqa insonga yuzaki munosabatda bo‘lsam, asosan, ikkimizni farqlantiruvchi jihatlargagina e’tibor beraman. Uning mohiyatiga, qalbiga kirib borsam, mushtarakligimiz-bir butun yaxlitligimiz, birodar ekanimizni sezaman. Yuzaki qismlarning emas, balki markaz bilan markazning bunday chambarchas bog‘liqligi — «markaziy aloqadorlik» yohud Simona Vey topib aytganidek: «Ayni bir so‘z-iboralar (masalan, er xotiniga «Seni sevaman» deyishi) favqulodda muhim bo‘lishi yoki qay mazmunda aytilishiga ko‘ra hech qanday ahamiyatga ega bo‘lmasligi mumkin. Bu kalom-iboralarning qay tarzda aytilgani ularni aytgan shaxsning xislat-fazilatlar qatlami qanchalar teranligiga boqliq bo‘lib, bu irodaga tobe emas. Va ular kimga qarata aytilgan bo‘lsa, o‘sha inson botiniyatida ham ayni shunday teranlikka yetib boradi. Shunga mos ravishda bu odam – basharti anglash salohiyati bo‘lsa – bu kalom-iboralarning qadr-qimmatini baholay oladi» (Izoh: Weil S. Gravity and Grave N. Y., 1952.R. 117.)
Birodarlarcha muhabbat – teng mavqedagilar muhabbati; lekin aslida hatto teng mavqega ega bo‘lgani holda ham bizlar hamisha «teng» emasmiz; barchamiz odam bo‘lganimiz bois har birimiz yordamga muhtojmiz. Bugun – men, ertaga – sen. Biroq yordamga muhtojligimiz, bu hali bizlardan birortamiz ojiz, boshqalar esa qudratli degani emas. Ojizlik, zaiflik – o‘tkinchi holat; o‘z oyoqlaringda tik turib, yura olish esa doimiy va yalpi qobiliyat.
Bundan qat’iy nazar notavon-ojizga, kambag‘al-qashshoqqa, musofirga muhabbat barodarona muhabbat ibtidosi. Yolg‘iz tug‘ishganlarni sevish — qanday qismat ekanini Xudo biladi. Jonivorlar ham bolalarini sevadilar va g‘amxo‘rlik ko‘rsatadilar. Notavon-ojiz o‘z xo‘jasini sevadi, chunki hayoti unga bog‘liq; farzand ota-onani sevadi, chunki ularga muhtoj. Va faqat hech qanday murod-maqsadga xizmat qilmaydigan mehr-muhabbatda chinakam muhabbat yuz ko‘rsata boshlaydi. Ko‘hna Ahdga binoan, insoniy muhabbatning asosiy obyekti — g‘arib-g‘urabo, musofir, yetim-yesirlar ekaniyu va nihoyat milliy g‘anim – misrlik va edomit ekani bejiz emas. Notavon-ojizga hamdardlik bildirish asnosida inson ko‘nglida birodariga muhabbatni kamol toptiradi; va o‘zini sevishi asnosida yordam-ko‘makka muhtoj notavonni sevadi, ojiz, zaif mavjudotni sevadi. Hamdardlik bilish-ma’lumotga ega bo‘lish va tenglashuv-barobarlashuv-uyg‘unlashuvni taqozo etadi. Ko‘hna Ahdda aytiladi: «Musofir dilini og‘ritma… sizlar musofir holidan ogohsiz, illo Misr zaminida musofirlik oshini ichgansiz» (Isx.23: 9).
b) Ona muhabbati
Ona muhabbatining tabiati-xossalari bilan avvalgi bo‘limda tanishdik, onalik va otalik mehr-muhabbati haqida bahs yuritdik. Ona muhabbati, yuqorida aytganimdek, — bu bola hayoti, talab-ehtiyojlarining shubhasiz e’tirofi. Biroq bunga yana bir aniqlikni kiritish zarur. Bola hayotining qaror topishi-e’tirofi ikki jihatga ega; ulardan biri – bola hayotini saqlash, uning voyaga yetishi-kamol topishi uchun zarur g‘amxo‘rlik va mas’uliyat. Boshqa jihati esa hayotini shunchaki saqlashga nisbatan ancha jiddiy. Bu hayotga mehr-muhabbat tuyg‘usini bolaga singdirish bo‘lib, ayni shu tuyg‘u-xislat vositasida hayot – go‘zal, yosh bolakay yoki qizaloq bo‘lish – go‘zal, shu zaminda yashashning o‘zi go‘zal ekanini his etish imkonini beradi! Ayni shu ikki jihat Injili sharifdagi olamning paydo bo‘lishiga oid rivoyatda juda aniq ifodalangan. Qodir egam olam va odamni yaratadi. Bu odatiy g‘amxo‘rlik va yashash e’tirofga mos. Biroq Parvardigori olam bu o‘ta oz talabdan ham nariroqqa qadam tashlaydi: har bir yaratish kuniga oid rivoyat quyidagi so‘zlar bilan yakunlanadi: «Va Parvardigori olam buning ezgu a’mol ekaniga guvoh bo‘ldi» (Bit. 1: 25). Ona muhabbati sharofati ila bola: «Dunyo kelgani ezgulik» ekanini his etadi (Ayni shu fikrni German Kogan ham «Rtligion der Vernunft aus den Quellen des Yudentums» (Yahudiy manbaalari bo‘yicha tafakkur religiyasi) kitobida qayd etgan. Frankfurt am Main. 1929); bu bolada nainki shunchaki turmush kechirish istagini, balki hayotga muhabbat hissini uyg‘otadi. Ayni shu fikrni Injili sharifdagi yana bir timsol aks ettiradi. Ro‘yi zamin (zamin hamisha ona ramzi) «sut va asal serob makon» (Qarang: Isx.13:5: «Ollohi karim… seni zaminga tushirganida, U otalaringga va’da qilganidek, sut va asal suvday oqayotgan zaminni tortiq aylagay…»- tarj. izohi) sifatida tasvirlanadi. «Sut» — mehr-muhabbatning dastlabki jihati — g‘amxo‘rlik va hayot e’tirofi ramzi. «Asal» esa hayotning, unga mehru muhabbatning va hayotiy saodat timsoli. Aksariyat onalar farzandini oq suti bilan parvarishlaydilar, biroq faqat ayrimlarigina «asal» ham bera oladi. «Asal» ham berish uchun ona nainki «yaxshi ona», balki baxtli-saodatli ham bo‘lishi zarur – afsuski, bu hammaga ham nasib etavermaydi. Buning bolaga ta’siri qanchalar kuchli ekanini tasavvur qilish amri mahol. Onaning hayotga muhabbati, xadik-xavotiri singari yuqumli. Bu har ikki holat bolaning butun shaxsiyatiga jiddiy ta’sir qiladi; va haqiqatdan ham, bolalar orasida – darvoqe kattalar orasida ham – kim faqat onaning «oq suti»dan bahramand bo‘layotganini, va kimlar ham «ko‘krak suti», ham «asal»dan bahramand bo‘layotganlarini ilg‘asa bo‘ladi.
Tenglar-baravarlar muhabbati birodarona va erotik-jinsiy muhabbatdan farqli ravishda ona va bola munosabati tabiatiga ko‘ra o‘zaro noteng bo‘lib, bunda ulardan biri yordamga muhtoj bo‘lsa, boshqasi bajonidil yordam qo‘lini uzatadi. Va ayni shu bois alturizm ila limmo-lim va egoizm-shaxsiyatparastlikdan holi ona muhabbatini o‘ta yuksak va eng muqaddas muhabbat rishtalari sifatida ulug‘laydilar. Biroq ona muhabbatining chinakam afzalligi uning go‘dakka emas, balki tobora ulg‘ayib borayotgan bolaga mehr-muhabbati hisoblanadi. Zamonaviy onalar aksariyat toki go‘dagi yosh va tamomila o‘zlariga bog‘liq ekan, mehr-muhabbati ziyoda bo‘lib qolaveradi. Aksariyat ayol-onalar farzandli bo‘lishni xohlaydi, kuni kecha tavallud topgan dilbandi ila baxtiyor va ertayu kech atrofida girdikapalak bo‘ladilar. Farzandi chehrasida tabassum yoki mamnunlik ifodasini ko‘rishdan bo‘lak hech vaqo «olmas»ligidan qat’iy nazar ona mehri mana shunday chegarasiz. Shaxs-onaning o‘zini shu asno tutishi ildizlari, chamasi, urg‘ochi jonivorlarda ham va ayol-onalarda ham mavjud instinktlar kompleksiga borib taqaladi. Biroq bu instinktiv omil qanday o‘rin tutishidan qat’iy nazar ayni shu ona muhabbati tipini shakllantiruvchi spesifik psixologik omillar ham bor. Bunday omillardan biri ona muhabbatining narsisslik xossasida ko‘rinadi. Ona go‘dagini tanasining bir qismi, jigarbandi deya bilgani bois uning muhabbati va beg‘araz fidoyi mehrini uning narsissizmi qondiradi. Yana bir omil-sabab onaning xukmronlikka yoki egalik qilishga intilishi bilan bog‘liq bo‘lishi mumkin. Ojiz va uning xukmronligiga batamom bo‘yinsunadigan go‘dak xukmfarmo yoki mulkchilikka moyil ayol uchun ehtiyojlarini qondirishda tabiiy vosita xizmatini o‘taydi.
Bunday sabab-bahonalar qanchalik yoyilganidan qat’iy nazar ularning barchasi muhimlik va umumiylik borasida yana bir sabab-bahonaga tenglasha olmaydi, uni yengib o‘tish, bartaraf qilish ehtiyoji (transcendence) deb atash mumkin. Bu bartaraf etish ehtiyoji – asosiy insoniy ehtiyojlardan biri; uning negizi shundaki, inson o‘zligini anglaydi, yaratilganlik mavqeidan qoniqmaydi, qo‘g‘irchoq bo‘lish qismati bilan murosa qilolmaydi. U o‘zini yaratuvchi sifatida his qilishi, sust yaratilganlik mavqeni bartaraf etishi zarur. Bu ehtiyojni qondirish-qanoatlantirishning ko‘p usullari bor; ularning eng oddiy va keng tarqalgani – ona muhabbati va dunyoga keltirgan farzandiga g‘amxo‘rlik ko‘rsatish. O‘z go‘dagi timsolida ona shaxsiyati chegaralarini yorib chiqadi. Chaqalog‘iga – dilbandiga mehr-muhabbat hayotiga ayricha mazmun-mohiyat baxsh etadi. (Erkaklar homiladorlik vositasida barataraf etish ehtiyojini qondira olmasliklari uchun ham fikr-mulohaza yuritib va narsa-ashyolarni yaratadilar).
Biroq bola o‘sib-ulg‘ayshi, voyaga yetishi kerak. U ona qursog‘idan chiqishi, uning ko‘kragidan ajrashi zarur; asta-sekin onasidan batamom mustaqil yashay boshlashi zarur. Ona muhabbati mazmun-mohiyatan bolaning o‘sib-ulg‘ayishiga g‘amxo‘rlik qilish, shu bois ona farzandining tezroq mustaqil oyoqqa turib olishini xohlashi kerak. Erotik-jinsiy muhabbatda alohida ikki shaxs bir butunga aylanadi. Onalik muhabbatida bir tanu bir jon shaxslar bir-birlaridan ayriladilar. Ona farzandining mustaqil shaxs sifatida yo‘lini topib olishiga nafaqat chidashi kerak, balki ayni shuni bevosita xohlashi va bu borada ko‘maklashishi talab etiladi. Va faqat ayni mana shu bosqichda ona muhabbati shu qadar murakkablik kasb etadiki, shaxsiyatparastlikdan, mehr qo‘ygan farzandiga baxtu saodat tilashdan ortiq hech vaqo istamagan holda o‘zligini baxshida etish talab qilinadi. Va ayni mana shu bosqichda ko‘p onalar onalik muhabbati vazifasini uddalay olmaydilar. O‘ziga bino qo‘ygan, xukmfarmo ayol, mulkparast-ayol farzandi toki yosh ekan, binoyidek «sevadigan-mehribon» ona bo‘ladi. Va faqat chinakamiga sevadigan mustaqil ayol, biron bir narsa olib emas, aksincha faqat berish-o‘zligini baxshida etish asnosida tobora baxtiyorlik his etadigan ayol farzandi oyoqqa turib, o‘z yo‘lini topib ketganidan keyin ham sevadigan ayol bo‘la oladi.
Voyaga yetayotgan bolaga onalik muhabbati, mehri, evaziga hech vaqo talab qilmaydigan muhabbat, eng mushkul muhabbat ekani ehtimoldan holi emas; bu borada ona o‘z go‘dagiga osongina mehr qo‘ygani kabi daf’atan xatoga yo‘l qo‘yishi hech gap emas. Va bu shu qadar mushkul bo‘lgani uchun ham ayol basharti o‘z yostiqdoshiyu, boshqalarning bolalarini, har bir insonni seva olsagina, mehr-muhabbati ziyoda ona bo‘la oladi. Bunday muhabbatga begona ayol farzandiga faqat yoshligida mehr ko‘rsatib, mehribonlik qiladi, biroq muhabbati chinakamiga xolis ona bo‘lolmaydi. Buni farzandining oyoqqa turib, o‘z yo‘lini topa olishiga bajonidil xayrixohliklik qilishga va hatto shundan keyin ham unga avvalgidek mehribonlik qila olishiga binoan bilsa bo‘ladi.
v) Erotik — shahvoniy muhabbat
Birodarona muhabbat teng huquqli-baravarlar muhabbati; onalik muhabbati – norasidaga muhabbat. Bu ikki muhabbat shakli bir-biridan farq qilgani holda tabiatan yolg‘iz inson bilan cheragalanmagani jihatidan mushtarak. Basharti birodarimni sevsam, barcha birodarlarimni sevaman; basharti farzandimni sevsam, umuman barcha bolalarni, yordam-ko‘magimga muhtoj bolalarning barchasini sevaman. Muhabbatning bu ikki ko‘rinishidan farqli ravishda erotik-shahvoniy muhabbat biron inson bilan to‘la-to‘kis qovushmoq, birlashish bilan bog‘liq ehtirosli istak. Bu istak umuman emas, balki tabiatan favqulodda xususiyatga ega; va bu, ehtimol, o‘ta soxta muhabbat shakli.
Avvalo uni portlashga o‘xshash «mahliyolik», muhabbat «girdobiga tushib qolish» hissiyoti (112-betdagi izohga qarang – tarj. izohi), ikki begona inson o‘rtasida mavjud to‘siqlarning daf’atan qulishi, olib tashlanishi bilan tez-tez chalkashtiradilar. Biroq, yuqorida ta’kidlaganidek, bunday favqulodda yaqinlashuv hissiyotining umri tabiatan qisqa. Begona kimsani yaqindan bilgach, bartaraf qilinishi zarur to‘siqlar ham, daf’atan yaqinlashish istagi ham qolmaydi. Endilikda «sevgan» odamni o‘zimizday bilamiz, yohud, aniqroq aytganda, o‘zimizni bilmaganimiz singari uni ham bilmaymiz. Basharti o‘zga kimsani teran his qilsak, basharti shaxsiyatining butun cheksiz-bepoyonligini his qila olsak, bu begona kimsa hech qachon bu qadar tanish-yaqin bo‘lmagan va to‘siqlarni g‘aroyib bartaraf qilishga har kuni qaytadan kirishishga to‘g‘ri kelardi. Aksariyat odamlar o‘zi singari boshqani ham shu qadar jadallik bilan o‘rganib ulguradilar. Ular avvalo jinsiy aloqa vositasida yaqinlashadilar. Ular boshqa odamdan ajralish-ayrilishni avvalo jismoniy judolik sifatida qabul qilganlari uchun jismoniy qovushuv ham ular uchun ayni shunday ayrilishni bartaraf etishni bildiradi.
Bundan tashqari boshqa omillar ham mavjudki, ularni ayrimlar begonalikning bartaraf qilinishi sifatida talqin etadilar. Shaxsiy hayoti, umidlari va sa’y-harakatlari haqida suhbatlashish, bolalarga xos xislatlarini namoyish etish, dunyoga munosabatda mushtarak qiziqishlarni topish – bularning barchasi begonalikni bartaraf etish sifatida talqin qilinadi. Qahru g‘azab va nafratni oshkora namoyon qilish, o‘zni mutlaqo tuta bilmaslik ham yaqinlashuvga yo‘yiladi. Faqat to‘shakda yoki bir-biriga beshafqat munosabatda bo‘lgandagina o‘zaro yo‘llari kesishadigan, ya’ni yaqinlashadigan er-xotinlarning sharmandali bog‘lig‘ligini ayni shu bilan izohlanadi. Biroq o‘zaro yaqinlikning bu barcha shakllari yillar o‘tgani sayin susayib boraveradi. Va shu bois odam boshqa inson bilan yangi muhabbatni qumsaydi. Va yana begona odam «yaqin» sevimliga aylanadi, yana mahliyolikning kuchli va hayajonlantiruvchi hissiyotlari girdobida qoladi, va u yana sekin-asta susayib, muhabbat bobidagi yangi zafarlarga, yangidan-yangi muhabbatlarga intilish bilan yakunlanadi – va yangi muhabbat avvalgilariga nisbatan tamomila boshqacha bo‘ladi, degan xomxayol o‘zgarmay qolaveradi. Bu xomxayollar qator holatlarda jinsiy maylning soxtaligiga tayanadi.
Jinsiy mayldan maqsad — qovushish, va bu mayl yolg‘iz og‘riqli zo‘riqishni yengillatish jismoniy ehtiyoji natijasida paydo bo‘lmaydi. Yolg‘izlik yuzaga keltirgan xavotirli vahima, yengish yoki yengilish istagi, shuhratparastlik, ziyon-zahmat yetkazish yohud hattoki vayron qilish istagi – bularning barchasi muhabbat kabi jinsiy mayl paydo bo‘lishiga ko‘maklashishi mumkin. Jinsiy mayl, chamasi, istalgan kuchli hissiyot bilan uyg‘unlashuvi va ayni shunday hissiyot natijasida paydo bo‘lishi mumkin. Va muhabbat – ana shu hissiyot-tuyg‘ularning atigi bittasi, xalos. Jinsiy maylga oid tasavvur-tushunchalar aksariyat odamlar uchun muhabbat tushunchasi bilan chambarchas bog‘liq bo‘lgani bois ular osongina shunday nog‘ri xulosa chiqaradilar, go‘yo jismoniy qovushishni istaganliklari bois yigit-qiz, erkak-ayol o‘zaro mehr qo‘yadi. Muhabbat jinsiy qovushishga intilishni yuzaga keltirishi mumkin, va bu holatda ham jismoniy yaqinlik har qanday yuholik, xasislikdan, yengish yoki yengilish istagidan holi, lekin dilovarlik bilan yo‘g‘rilgan. Basharti jinsiy qovushishga intilish muhabbat taqozosi bo‘lmasa, basharti erotik-shahvoniy muhabbat ayni paytda birodarona muhabbat ham bo‘lmas ekan, bunday muhabbat o‘tkinchi jinsiy yaqinlikdan bo‘lak hech qanday yaqinlikka sabab bo‘la olmaydi. Jinsiy mayl lahzalik qovushish xomxayoli-tasavvurinigina hosil qiladi, biroq muhabbatsiz “qovushish” asnosida turli jins vakillari avvalgidek begona bo‘lib qolaveradi; ba’zan ayni shu sabab ular bir-birlaridan uyalib, xijolatga tushadilar yohud hatto bir-birlarini ko‘rolmay-nafratlanadilar, chunki xomxayollar barham topgan, o‘zaro begona ekanliklarini yana ham teran his etadilar. Dilovarlik, Freyd hisoblaganidek, hech qachon jinsiy instinkt sublimatsiyasi bo‘lolmaydi; bu birodarona muhabbatning bevosita hosilasi va u muhabbatning ham jismoniy, ham nojismoniy shakllarida mavjud.
Shahvoniy muhabbat favqulodda xossaga ega bo‘lib, birodarona va onalik muhabbati bunday emas. Shahvoniy muhabbatning bu xossasini jiddiy ko‘zdan kechirish zarur. Shahvoniy muhabbatning favqulodda xususiyatini aksariyat mulkka bog‘liqliq tarzida noto‘g‘ri talqin etadilar. Faqat bir-birinigina sevadigan juft “ma’shuq-ma’shuqa”ni tez-tez ko‘rish mumkin. Ularning muhabbatida aslida a deux (fransuzcha: ikovlashib) “juftlashganlar”ning shaxsiyatparastligi, o‘zlariga mahliyoligidan bo‘lak hech vaqo emas; bu ikki inson bir-birlarini o‘zaro chog‘ishtirib-uyg‘unlashtirib, yolg‘iz inson birligini juft doirasigacha kengaytirgan holda yolg‘izlik muammosiga chek qo‘yadilar. Ular yolg‘izlikdan qutildik, deb o‘ylaydilar, aslida esa o‘zgalardan yiroq bo‘lganliklari bois ham bir-birlariga begona va o‘zligidan ham begonalashgan holda qolaveradilar; ularning qismatdoshlikka oid tasavvuri sarobiy xususiyatga ega. Shahvoniy muhabbat favqulodda sanaladi, lekin bu muhabbat yolg‘iz inson timsolida butun insoniyatga, barcha jonli mavjudotga muhabbat. Bunday muhabbat shu ma’noda favqulodda xossaga egaki, men faqat yolg‘iz bir odam bilan to‘la-to‘kis va ehtirosli qovusha-birlasha olaman. Shahvoniy muhabbat boshqalar bilan faqat shahvoniy qovushish bilan bog‘liq muhabbatni, hayotning barcha sohalarida unga to‘la-to‘kis baxshidalik-fidoyilikni istisno etadi, — biroq birodarona muhabbat ma’nosida emas.
Shahvoniy muhabbat uchun – basharti chinakam muhabbat bo‘lsa – bitta shart zarur, xususan: men butun borlig‘im bilan sevishim va ma’shuqamni butun borlig‘i ila his qila bilmog‘im kerak. Mohiyatan, barcha odamlar o‘zaro o‘xshash. Barchamiz – Yaxlit, Bir butunning tarkibiy qismlarimiz; bizlarning barchamiz mohiyatan Yagonamiz. Shunday ekan, kimga mehr qo‘yishning farqi bo‘lmasligi kerak. Muhabbat, aslida, hayotimni boshqa inson hayotiga to‘laligicha baxshida etish qarori, iroda amri bo‘lishi kerakday. Va aslida ham nikohning buzilmasligi g‘oyasining negizi ayni shu fikr hisoblanadi; ayni shu fikr qismati yagona kelin-kuyov bir-birlaridan hech qachon voz kechmasliklari bilan bog‘liq ko‘plab an’anaviy nikoh shakllari asosini tashkil etadi, — va ular bir-birlariga mehr qo‘yadilar deya umid qilinadi. Zamonaviy G‘arb madaniyatida bu fikr to‘la va batamom inkor qilinadi. G‘arbda muhabbat ehtiroslar tug‘yoni, inson daf’atan girdobiga tushib qolgan, qarshilik ko‘rsata olmaydigan favqulodda hissiyot deya hisoblanadi. Har bir erkak Odam Atoning va har bir ayol Momo Havvoning tarkibiy qismi ekanini emas, balki faqat ikki muayyan insonning o‘ziga xosliklarini inobatga oladilar. Shahvoniy muhabbatning muhim irodaviy omili inkor qilinadi. Kimnidir sevish – shunchaki kuchli hissiyot emas: bu muqaddas qaror, bu amri farmon, bu ahd, ont-qasamyod. Muhabbat faqat hissiyot bo‘lganida, o‘zaro mangu sevish haqida ont ichishning hojati bo‘lmasdi. Hissiyotlar kelib ketishi hech gap emas. Basharti sa’y-harakatlarim ongli qaror-ahdga asoslanmasa, ularni qanday qilib doimiy barqaror deya olaman?
Ayni shu nuqtai nazardan shunday xulosaga kelish mumikin, muhabbat – faqat va faqat iroda amri va ont-qasamyod hamda ayni shu bois sevishgan juftning kimligi jiddiy ahamiyatga ega emas. Ular biron bir kimsa guvohligida nikohdan o‘tadilarmi yoki o‘z xohishlari bilan qismatlarini bog‘laydilarmi qat’iy nazar – toki nikohlangan ekanlar, iroda amri o‘zaro muhabbat bardavomligini ta’minlaydi. Bunday nuqtai nazarda insoniy fe’l-atvor va shahvoniy muhabbatning ziddiyatli xususiyati inobatga olinmaydi. Bizlar barchamiz – Yagona-Bir-butunmiz, va bundan qat’iy nazar har birimiz betakror, noyob shaxs. Bu ziddiyat boshqa odamlar bilan o‘zaro munosabatlarida takrorlanadi. Biz barchamiz – yagona ekanmiz, biz barchani birodarona muhabbat vositasida birday seva olamiz. Biroq, toki barchamiz xilma-xil ekanmiz, shahvoniy muhabbat biron-bir individuallikni, o‘zaro barcha insonlar o‘rtasida emas, faqat aniq kishilar o‘rtasida ro‘y beradigan oliy darajadagi shaxsiylikni taqozo qiladi.
Har ikki nuqtai nazar: shahvoniy muhabbat faqat ikki aniq odamga xos betakror qat’iyan individual mayl-boqliqlik ekaniyu va ikkinchi, shahvoniy muhabbat atigi irodaviy sa’y-harakat ekani ham to‘g‘ri; yohud, aniqrog‘i, ikkalasi ham noto‘g‘ri. Shu bois omadsiz o‘zaro munosabatlarni uzish oson va bu munosabatlar har qanday holatda ham uzilmasligi kerak, degan xulosaning ikkalasi ham birday noto‘g‘ri.
g) O‘z — o‘ziga muhabbat
Turli kishilarga nisbatan muhabbat tushunchasini garchi hech kim inkor etmasa ham boshqalarga mehr qo‘yish – xayrli bo‘lgani holda, har kim o‘zini sevishi – gunoh ekani keng tarqalgan. Men o‘zimni qancha ko‘p sevsam, boshqalarni shuncha oz sevishim, o‘z o‘ziga muhabbat shaxsiyatparastlik sifatida talqin qilinadi. Bu nuqtai nazar G‘arbda chuqur ildizga ega. Kalvin o‘z o‘ziga muhabbatni “o‘lat” (Izoh:1. John Calvin s Institutions of the Christian (Kalvin Jan. Nastavleniye v xristianskoy vere) bu John Allen Presbyterian Board of Christian Education. Philadelpia, 1928. Vol. 4. Sh. 7. R.622) deya ta’riflaydi. Freyd o‘z o‘ziga muhabbatni psixateriya nuqtai nazaridan ta’riflaydi, biroq bundan qat’iy nazar bu borada baayni Kalvin singari mulohaza yuritadi. Freydning nazarida o‘z o‘ziga muhabbat – baayni narsissizm, odamning o‘ziga qaratilgan libido. Narsissizm – insoniy rivojlanishning eng ilk bosqichi, va mana shu bosqichga qaytgan odam kechinchalik seva olmaydi; bunday holatning o‘ta keskin darajasi – ruhiy xastalik. Freydning hisoblashicha, muhabbat – libidoning namoyon bo‘lishi; boshqalarga qaratilgan-yo‘nalitirilgan libido- muhabbat; o‘z o‘ziga qaratilgan libido esa shaxsiyatparastlik, xudbinlik. Shunday qilib, muhabbat va o‘z o‘ziga muhabbat-shaxsiyatparastlik – shu ma’noda bir-birini inkor etadiki, ulardan biri qancha kuchli bo‘lsa, ikkinchisi shunchalik zaif bo‘ladi. Basharti o‘zingni sevsang – yomon, binobarin, shaxsiyatparast bo‘lmagan ma’qul.
Shu munosabat bilan qator savollar paydo bo‘ladi. O‘z o‘ziga muhabbat bilan boshqalarga muhabbat o‘rtasidagi funtamental ziddiyatga oid aqidani psixologik kuzatishlar tasdiqlaydimi? Basharti o‘z o‘ziga muhabbat shaxsiyatparastlikmi yoki bu qarama-qarshi holatmi? Qolaversa, hozirgi zamon kishisining shaxsiyatparastligi haqiqatdan ham intellekti, his-hayajonlari va kechinma-sezimlarining barcha imkoniyatlari uyg‘unligidan iborat shaxs sifatida o‘ziga g‘amxo‘rlik qilishimi? Bu odam ijtimoiy-iqtisodiy mavqeining qo‘g‘irchog‘i bo‘lib qolmadimi? Uning shaxsiyatparastligi o‘ziga mehr-muhabbati bilan uyg‘unmi yoki aksincha ayni shaxsiyatparast emasligining taqozosimi?
Shaxsiyatparastlik va o‘z o‘ziga muhabbatning psixologik jihati tahlilidan avval ta’kidlash joizki, “boshqalarga muhabbat” va “o‘z o‘ziga muhabbat» tushunchalari bir-birini inkor etishiga oid tasavvur asosga ega emas. Agar yaqin kishini inson sifatida sevish – xayrli bo‘lsa, o‘z o‘zini sevish ham ayb emas, balki men ham odam bo‘lganim bois xayrli bo‘lishi kerak. Mening shaxsiyatimni ham qamrab olmaydigan inson tushunchasi bo‘lishi mumkin emas. Shunday inkorni taqozo etuvchi har qanday doktrina mohiyatan ziddiyatli. Injili sharifdagi «yaqinlaringga o‘zingday mehribon bo‘l» hikmatida o‘zligingga va noyobligingga hurmat-ehtirom, o‘z o‘zingni sevish va anglash boshqalarni e’zozlash, sevish va anglash bilan chambarchas bog‘liqligi mujassam. O‘z o‘ziga muhabbat har qanday mavjudotga muhabbat bilan chambarchas bog‘liq.
Xulosalarimizni begilovchi psixologik asoslarga nihoyat yetib keldik. Bu asoslar umuman quyidagicha: nainki boshqalar, balki o‘zimiz ham his-tuyg‘ularimizning «obyekti»miz; boshqalarga va o‘z o‘zimizga munosabatimiz nafaqat qarama-qarshi, balki mohiyatan bir-biri bilan bog‘langan. Ko‘zdan kechirilayotgan maummo uchun bu boshqalarga va o‘z o‘zingga muhabbat bir-birini mutlaqo inkor qilmasligini bildiradi. Aksincha, boshqalarni seva oladigan odamlarning barchasida o‘z o‘ziga muhabbat mavjud. Muhabbat aslida yaxlit, bir butun, chunki bu muhabbat «obyektlari» bilan oshiqning shaxsiyati o‘rtasidagi aloqadorlikka tegishli. Chinakam muhabbat samarali ibtidoning namoyon bo‘lishi; u g‘amxo‘rlik, hurmat-ehtirom, mas’uliyat va ma’lumotlilik-xabardorlik-ogohlikni taqozo etadi. Bu inson biron-bir kimsaning ta’siri ostiga tushib qolishi ma’neosidagi «affekt» emas, bu insonda mavjud sevish qobiliyatiga asoslanuvchi ma’shuq-ma’shuqa uchun faol kamol topish va baxt-saodat istash, sa’y-harakat.
Muayyan insonga muhabbatda muhabbat kuch-qudrati, sevish qobiliyati ro‘yobga chiqadi va aks etadi. Muhabbatda mujassam e’tirofli ibtido muhim bo‘lib, inson tabiatidagi fazilatlar tajassumi sifatida sevimli kishiga qaratiladi. Yolg‘iz insonga muhabbat, deylik, aynan shunday insonga muhabbatni ham bildiradi. Vilyam Jeyms ta’biri bilan aytganda, bu boradagi o‘ziga xos «mehnat taqsimoti» shundan iboratki, inson o‘z oila a’zolarini sevgani holda «begona»larga nisbatan muhabbatli munosabatda bo‘lmasa — bu jiddiy seva olmaslik alomati. Odamlarga muhabbat – abstraksiya-mavhumlik emas, muayyan insonga muhabbat hosilasi bo‘lgan, aksariyat o‘ylagandek, chalg‘ish tuyg‘usi emas, lekin muayyan odamga muhabbat asosi, garchi bu tuyg‘u tadriji mobaynida muayyan individiumga muhabbatdan o‘sib chiqqan bo‘lsa ham.
Bundan kelib chiqadiki, mening shaxsiy «Men»im baayni boshqa inson kabi muhabbatim «obyekti» bo‘lishi kerak. Shaxsiy hayotning, baxt-saodat, kamolot, erkinlikning qaror topishi sevish qobiliyatiga asoslanadi, ya’ni g‘amxo‘rlik, hurmat-ehtirom, mas’uliyat va xabardorlik-ma’lumotlilik-ogohlikka tayanadi. Agar individ samarador-mahsuldor-omadli muhabbatga qodir bo‘lsa, u shuningdek o‘zini ham sevadi; agar u faqat boshqalarni sevishga qodir bo‘lsa, u umuman sevish qobiliyatiga ega emas.
Agar o‘z o‘ziga va boshqalarga muhabbatni aslida o‘zaro bog‘liq deb hisoblasak, u holda, boshqalarga nisbatan har qanday xayrixoh munosabatni shubhasiz inkor etuvchi egoizm-shaxsiyatparastlikni qanday izohlash kerak? Egoist – shaxsiyatparast-xudbin yolg‘iz o‘zi bilan andarmon, hamma-hammaning yolg‘iz o‘ziga xizmat qilishini istaydi, berish-baxsh etish, fidoyilik vositasida emas, balki faqat olib, egalik qilishdan huzurlanadi. U tashqi olamga faqat bahramand bo‘lish, iste’foda etish nuqtai nazaridan munosabatda bo‘ladi, boshqalarning talab-ehtiyojlari uni qiziqtirmaydi, ularning qadr-qimmati va yaxlit shaxsiyatini e’zozlamaydi. O‘zidan bo‘lak hech vaqoni payqamaydi; u barcha ashyo-narsalar va barcha haqida naf-manfaat ko‘rish nuqtai nazaridan mulohaza yuritadi; u aslida sevishga qodir emas. Bu boshqalarga xayrixohlik bilan munosabat va o‘ziga nisbatan xayrixohlik bir-birini inkor qilishini isbotlamaydimi? Agar o‘z o‘ziga muhabbat shaxsiyatparastlik-xudbinlik bilan barobar bo‘lganida, shunday bo‘lgan bo‘lardi. Biroq mohiyatan noto‘g‘ri bu taxmin bizlarni qiziqtirayotgan masalalarda ko‘plab noto‘g‘ri xulosalar chiqarishga sababchi bo‘ldi. Egoizm va o‘z o‘ziga muhabbat mutlaqo bir xil emas; boz ustiga – ular qarama-qarshi. Egoist o‘zini o‘ylaganidan kamroq sevadi; aslida o‘zini ko‘rolmaydi, o‘zidan nafratlanadi. O‘z o‘zidan manfaatdorlik va o‘z o‘ziga g‘amxo‘rlik qilishdagi bu nuqson shaxs nuqsonlarining faqat bittasi bo‘lib, uni g‘ariblashtirib, bema’nilashtiradi. U muqarrar baxtsiz bo‘lib, o‘z fe’l-atvori bilan ajralib qolgan ne’matlarni hayotdan tortib olishga behuda urinadi. O‘zi haqida astoydil qayg‘urayotgandek tuyuladi, aslida esa chinakam «Men»i haqidagi g‘amxo‘rlik yetishmovchiligini to‘ldirish uchun samarasiz urinadi. Freydning hisoblashicha, egoist narsissizmga moyil; u go‘yo o‘zgalardan o‘z muhabbatini tortib oladi va bor mehr-muhabbatini o‘z shaxsiyatiga yo‘naltiradi. Egoist boshqalarni seva olmasligi to‘g‘ri, biroq u hatto o‘zini sevishga ham qodir emas.
Boshqalar uchun haddan tashqari xavotirga tushadigan, deylik, me’yoridan ortiq darajada «mehribon» onaning «jonkuyarligi» bilan qiyoslasak, egoizm mohiyatini osongina anglaymiz. Farzandga favqulodda g‘amxo‘rlik ko‘rsatayotganiga aqlan bunday onaning ishonchi komil, aslida esa g‘amxo‘rlik qilayotgan farzandiga jiddiy taziyqli g‘animlik tuyg‘usini his etadi. Haddan tashqari jonkuyarligi farzandiga o‘ta mehribon ekani bilan emas, balki mutlaqo yoqtirmasligi bilan bog‘liq va shu munosabatini zo‘r berib xaspo‘shlashga urinadi.
Egoizm xususiyatining bu nazariyasini asabiy «alturizm» bilan psixoanalitik ishlash tajribasi tasdiqlaydi. Bu shunday bemorlarda kuzatiladiki, qator holatlarda asabiylik simptomidan aziyat chekayotganday tuyuladi, aslida esa shunday simptom bilan bog‘liq depressiya, toliqish, ishga yaroqsizlik, muhabbatdagi omadsizlik singari boshqa xastaliklardan aziyat chekadilar. «Alturizm» simptom sifatida his qilinmasligi kamday bu fe’l-atvordagi nuqsonlar o‘rnini to‘ldiruvchi vosita hisoblanib, odamlar bu bilan g‘ururlanadilar ham. Bunday «alturist» «o‘zi uchun hech vaqoni istamaydi», u «faqat va faqat o‘zgalar uchun yashaydi», u o‘z shaxsiyatiga e’tibor bermasligi bilan faxrlanadi. Va shunday «alturist» ekaniga qaramay baxtsiz hamda eng yaqin kishilari bilan munosabatlari ko‘ngildagidek emasligidan aziyat chekadi. Tahlilning ko‘rsatishicha, uning alturizmi simptomlardan yiroq xususiyat emas, balki ulardan biri bo‘lib, aksariyat, mohiyatan olganda, eng muhimi sanaladi; uning sevish va istalgan munosabat bilan shodlanishi falajlangan; hayotga o‘ta nafrat bilan qaraydi va alturizm pardasi ortida ilg‘ab bo‘lmas, biroq o‘ta kuchli o‘z o‘ziga mahliyolik yashiringan. Bunday kimsani faqat uning alturizmiga boshqa simptomlari bilan birgalikda yondoshgan holda davolash mumkin va shunda uning alturizmi, shuningdek boshqa baxtsizliklarining ham asosini tashkil qiluvchi samarasizlik-omadsizlikdan uni xalos qilsa bo‘ladi.
Alturizm xususiyati boshqalariga ta’sirida yaqqol namoyon bo‘ladi; madaniy turmush tarzimizda aksariyat uchraydigan ta’sir shakli – onalarning bolalarga «alturistlarcha» ta’siri hisoblanadi. Ona alturizmi tufayli farzandlari sevimli-ardoqli bo‘lishni anglaydilar va o‘zlari ham, o‘z navbatida sevishni o‘rganadi, deb hisoblaydilar. Biroq uning alturizmi ta’siri umidlarini mutlaqo oqlamaydi. Bunday ona farzandlari baxtiyor, sevimli ekaniga ishonchi komil bolalarga o‘xshamaydi; ular jonsarak, asablari hamisha tarang, onasining ko‘ngli to‘lmasligidan cho‘chiydilar va uning umidlarini oqlay olmaslikdan xavotirlanadilar. Onaning hayotga pinhona nafrati odatda bolalarga ta’sir qiladi, bunday nafratni bolalar idrok qilmasalar ham sezadilar-payqaydilar va asta-sekin o‘zlari ham hayotga nafrat bilan qaray boshlaydi. Oxir-oqibat «alturist» onaning ta’siri egoistik onaning ta’siridan deyarli farq qilmaydi; amalda undan-da yomonroq oqibatlarga olib keladi, chunki ona alturizmi bolalarga unga nisbatan tanqidiy munosabatda bo‘lish imkonini bermaydi. Ular onasining xafsalasini pir qilmaslikka zo‘r berib urinadilar; ezgulik niqobi ostida hayotga nafrat singdiriladi. Agar o‘ziga mahliyo, o‘zi ila andarmon onaning ta’sirini kuzatguday bo‘lsak, bunday onaning mehri-mehribonchiligiga nisbatan haqiqiy muhabbat, shodu xurramlik va baxt-saodat aslida qanday bo‘lishini his etish imkoniyatini bolalar uchun yaratishdan bo‘lak to‘g‘ri yo‘l yo‘qligiga ishonch hosil qilamiz.
O‘z o‘ziga muhabbat, shaxsiyatparastlikka oid bu mulohazalarni risoladagidek umumlashtirish uchun Meyster Ekxartning mulohazalirga murojaat qilish joiz: «agar sen o‘zingni sevsang, boshqalarni ham o‘zingni sevgandek sevasan. Toki o‘zingga nisbatan boshqa insonga mehr-muhabbating oz ekan, o‘zingni chinakamiga seva olmaysan; biroq barchani, jumladan o‘zingni ham baravar yaxshi ko‘rsang, barcha-barchani yagona-yaxlit siymo sifatida sevasan, va bu yagona siymo ham Tangri taolo, ham inson. Binobarin, o‘zini sevishi asnosida boshqa barchani sevadigan inson buyuk va Xudo yorlagan zoti sharif». (Izoh: inglizchadan tarjima)
d) Parvardigori olamga muhabbat
Muhabbat ehtiyoji begonalashuv kechinmasi va shundan kelib chiqadigan xavotir va begonalik hissini qovushuv vositasida bartaraf etishga asoslanishini yuqorida kuzatdik. Muhabbatning diniy shakli — Xudoga muhabbat – psixologik jihatdan uning boshqa shakllaridan hech qanday farq qilmaydi. Bu tuyg‘u ham begonalashuvni yengish va qovushishga erish ehtiyojidan kelib chiqadi. Amalda Xudoga muhabbat insonga muhabbat singari ko‘p qirrali va xilma-xil. Bunday muhabbatda ham taxminan ayni shunday rang-baranglik mavjud.
Barcha teistik (Xudo olamni yaratgan va uni idora qiladi, degan diniy, falsafiy oqim) – ham politeistik, ham monoteistik dinlarda – Parvardigori olam eng oliy qadriyat, barcha talpinuvchi ilohiyot sifatida talqin qilinadi. Shu bois Xudoning aniq idrok qilinishi, inson uchun eng oliy saodat nimadan iborat ekaniga bog‘liq. Shunday qilib, Xudo konsepsiyasini anglash-idrok qilish uchun dindor shaxsiyatining strukturasi-tuzilish-tartiboti-xususiyatini tahlil qilish joiz.
Bashariyat taraqqiyotini (bilimlarimizga asoslanib) insonning ona-tabiat qa’ri-iskanjasidan chiqib kelishi, tabiat bilan chambarchas bog‘lig‘lik rishtalaridan xalos bo‘lishi sifatida talqin qilishimiz mumkin. Insoniyat tarixi ibtidosida dastlab bir tanu bir jon bo‘lgan tabiatdan ajralganidan qat’iy nazar tabiat bilan bog‘laydigan-tutashtiradigan rishtalarga hamon sodiq. U ayni ortga qaytib, shu rishtalarga tayangan holda o‘zligiga ishonch hosil qiladi. Va hayvonot va nabobot olami bilan hamon o‘zini bir butun hisoblaydi hamda tabiat bilan yaxlit mavjudot sifatida ular bilan uyg‘unlashuvga intiladi. Ko‘plab ibtidoiy dinlarda taraqqiyotning shu bosqichi muhri bor. Biron jonivor totem-ma’budaga aylanadi; eng tantanakli marosimlar va urush davrida jonivorlar niqoibini kiyib oladilar; ma’budaga aylangan jonivorga sidqidildan sig‘inishadi. Taraqqiyotning nisbatan keyingi bosqichida, inson hunarmandchilik va badiiy ijodni o‘zlashtirib, hayoti tabiat qonunlariga, uning hadyalari – turli topilma yeguliklar, o‘lik jonivorga to‘la-to‘kis bog‘liq bo‘lmaganidan keyin, o‘z qo‘li bilan yaratgan buyumlarga Tangriga sig‘ingandek topina boshlaydi. Bu loy-gildan, kumush yoki oltindan yasalgan ma’budachalarga sig‘inish bosqichi. Inson kuch-g‘ayrati va mahoratini qo‘li bilan yaratgan ashyolarga ko‘chiradi-baxsh etadi va shu asno begonalashgan shaklda o‘z kuch-qudrati va o‘z shaxsiyatiga sig‘inadi. Yana ham keyingi bosqichda Tanrilarni insoniy qiyofada tasavvur qiladi. Bu, chamasi, faqat odam o‘zligini aniq idrok qilib, inson – dunyoda oliy va muqaddas «ashyo-mavjudot» ekanini shubhasiz anglab yetgach, sodir bo‘ladi. Bu bosqichda – antropomorf Tangrilarga sig‘inish davrida – rivojlanish ikki o‘lcham bo‘ylab boradi. Ularning biri Tangrilarning erlik va ayollik tabiatiga mos bo‘lsa, boshqasi – inson erishgan yetuklik darajasiga mos bo‘lib, ayni shu daraja-maqom Tangrilarning tabiati-xususiyati va ularga muhabbat tabiati-xususiyati-xossalarini belgilaydi.
Dastavval dinlarning «onalik-ayollik» xossasidan «otalik-erlik» xossasi tomon rivojlanishiga to‘xtalamiz. Baxofen va Morganning XIX asr o‘rtalaridagi jiddiy tadqiqotlaridan keyin – garchi ularning xulosalarini akademik doiralar rad qilgan bo‘lsalar ham – dinlar taraqqiyotida patriarxal bosqichdan oldin, kamida barcha dinlarda, matriarxal bosqich xukmronlik qilganiga hech qanday shubha qolmaydi. Matriarxalt — onalik bosqichida – ayol-ona – oliy avjudot. U oilada ham, jamiyatda ham ham xukmron, ham ilohiy maqomga ega. Matriarxal din mohiyatini tahlil qilish uchun onalik muhabbatining mohiyati haqida yuqorida aytilganlarni eslash kifoya. Onalik muhabbati shubhasiz, bunday muhabbat barcha-barchaga bamisli pushti panoh; shubhasizligi bois uni boshqarib-idora qilib, qozonib bo‘lmaydi. Onalik muhabbati bo‘lsa, shunday muhabbat-mehribonchilik noil shaxs shubhasiz baxtiyor; aksincha o‘zini baxtsiz, yolg‘iz, g‘arib-g‘urabo sezadi. Ona farzandlarini jigarbandi bo‘lgani, ular «shirintoy», itoatgo‘y, umidlarini oqlayotgani va gapini yerda qoldirmayotgani bois sevgani-ardoqlagani uchun onalik muhabbati tenglik-baravarlikka tayanadi. Barcha odamlar teng-baravar – chunki barchasi yagona onaning jigarbandlari, chunki barchasi – Ona-Zamin farzandlari.
Bashariyat taraqqiyotining navbatdagi bosqichi – patriarxat bosqichi. Bu yagona batafsil o‘rganilgan bosqich, unga oid bilimlar mantiqiy izchillik va aqliy xulosalar asosida emas, balki bevosita olingan. Bu davrda ona-ayol oliy maqomdan mahrum bo‘ladi, va dinda ham, jamiyatda ham ota Yuksak Mavjudot maqomini egallaydi. Otalik muhabbati o‘z tabiati-xususiyatiga ko‘ra talablarni ilgari suradi, qonun-qoidalar belgilaydi, va otaning o‘g‘ilga muhabbati ayni shu talab-qonun-qoidalar ado etilishiga bog‘liq. Ota o‘ziga, ayniqsa ko‘proq o‘xshaydigan, gapini ikki qilmaydigan, ishini davom ettirish, mol-mulkining merosxo‘ri bo‘lish uchun juda ham mos o‘g‘liga alohida mehr qo‘yadi. (Patriarxal bosqich rivojlanishi asnosida xususiy mulkchilik ham ravnaq topadi.) Shu bois patriarxal jamiyat strukturasi-tuzilish-tartiboti iyerarxik tusga ega; og‘a-inilar tengligiga nisbatan raqobat va nizolar ustunlik qiladi. Hind, misr yoki yunon madaniyati yohud yahudiy-nasroniy yo musulmon dini xususida fikrlar ekanmiz, otalik-erlik tangrisi ila patriarxal olam mehvariga tushib qolamiz, bu otalik-erlik tangrilari ustidan yagona oliy Tangri hukmronlik qiladi, yoki Yagona Ollohdan bo‘lak barcha Tangrilar bir chetga surib qo‘yiladi. Biroq insoniy qalbni onalik mehr-muhabbatiga ehtiyojdan mahrum qilishning imkoni bo‘lmagani bois mehribon ona timsolini ma’budalar silsilasidan tamomila chiqarib bo‘lmasligi bejiz emas. Yahudiylik diniga Xudoning onalik xossalari avvalo turli mistik oqimlar orqali kirib keladi. Katolik dinida Ona — Cherkov va Bokira Qiz timsoli sanaladi. Va hatto protestantizmda ham e’tibordan chetda qolishidan qat’iy nazar ona timsolidan batamom voz kechilmaydi. Lyuter asosiy qoidani shunday bayon etgan: inson hech qanday sa’y-harakatlari bilan Xudo-Olloh mehri-mehribonchiligini qozona olmaydi. Xudo mehri-mehribonchiligi Rahmu shafqat; diniy e’tiqod ojiz va nochor-notavonlikni, shu Rahmu shafqatga ishonishni taqozo etadi; katoliklar doktrinasi-ta’limotiga zid ravishda hech qanday xayrli-ezgu ish Ollohning e’tiboriga tushish, mehrini qozonishda vosita bo‘lolmaydi. Katoliklar ta’limoti patriarxal manzaraning tarkibiy qismi ekanini anglash qiyin emas; otamning amru farmoniga itoat qilib, uning talablarini ado etib, mehrini qozona olaman. Lyuteranlik ta’limotida partiarxal xususiyat yorqin aks etganidan qat’iy nazar pinhoniy matriarxal jihatlar mavjud. Ona muhabbati-mehrini qozonib bo‘lmaydi: u yoki bor, yohud umuman yo‘q: qo‘limdan kelgani faqat ilinj-umidvorlik (muqaddas kitoblarda aytilganidek: «Lekin meni qursoqdan chiqarding, onamning ko‘ksidan bahra olishni baxsh etding» (Bitiklar. 21:10) va ojiz, murg‘ak go‘dakka aylanishdan iborat. Biroq Lyuter e’tiqodining o‘ziga xosligi shundaki, ona timsoli oshkora manzaradan chetlashtiriladi va ota timsoli bilan almashtiriladi; ona muhabbatiga ishonch-e’tiqod o‘rniga bu manzarada otaning shubhasiz muhabbatiga teran shubha-gumon va behuda umidvorlik asosiy xususiyatga aylanadi.
Ollohga muhabbat xususiyati dinda matriarxal va patriarxal jihatlarning nisbatiga talay darajada bog‘liq ekanini isbotlash uchun matriarxal va patriarxal diniy unsurlar o‘rtasidagi farqni oydinlashtirishim zarur. Patriarxal jihat Ollohni otamday sevishga undaydi; Uni adolatli va qattiqqo‘l hisoblayman, jazolaydi ham, rag‘batlantiradi ham va vaqti soati kelgach, sevimli o‘g‘i sifatida meni tanlashiga ishonaman, Olloh Avraam-Isroilni tanlagani, Is’hoq Iakovni tanlanandek, Olloh o‘z suygan millati-xalqini tanlagan singari. Dinda matriarxal jihat ta’siri ostida Ollohni qalb qo‘ri va tana haroratini barcha-barchaga baxshida etuvchi onam singari suyaman. Uning mehru muhabbatiga, mehribonchiligiga, hatto qashshoq va zaif-ojiz bo‘lsam ham, hatto gunohkor bo‘lsam ham, meni sevishiga, yordam qo‘lini uzatib, qutqarishiga, avf etishiga ishonaman. Mening Ollohga muhabbatim va Ollohning menga lutfu marhamati chambarchas-uzviy bog‘liq ekanini ta’kidlash hojati bormikan? Basharti Olloh ota bo‘lsa, men uni otamday suyaman, va U ham meni o‘g‘liday suyadi. Basharti Olloh ona bo‘lsa, Uning ham menga muhabbati, mening ham Unga muhabbatim ayni shu jihat ila belgilanadi.
Biroq Ollohga muhabbatning onalik va otalik jihatlari o‘rtasidagi farq bu muhabbatning faqat bir tomonlama xususiyatini belgilaydi; boshqa belgilovchi omil individning Ollohni anglashida ham, Ollohga muhabbatida ham erishgan yetuklik darajasi hisoblanadi.
Insoniyat taraqqiyot davomida ona atrofida jamlangan ijtimoiy tuzumdan markazida ota turadigan tuzum-tartibotlarga o‘tganidan buyon yanada yetuk muhabbatning kamol topishi patriarxal dinlarda kuzatiladi (Izoh: 1. Bu avvalo G‘arbning monoteik dinlariga nisbatan to‘g‘ri. Hind dinlarida ona timsoli ancha kuchli ta’sirini saqlab qolgan – Kali ma’budasi bunga misol bo‘la oladi; budparastlikda va daosizmda Xudo tushunchasi – yoki Ma’buda – umuman inkor etilmagan bo‘lsa-da, jiddiy ahamiyatga ega bo‘lmagan). Bu taraqqiyotning boshlanishida beshafqat, g‘arazgo‘y Tangrini ko‘ramiz. U o‘zi yaratgan insonga xususiy mulki sifatida munosabatda bo‘ladi va unga nisbatan ko‘ngliga kelgan ishni qiladi. Din taraqqiyotining bu bosqichida Xudo tafakkur daraxti mevasini tatib ko‘rgani va shu tufayli Xudolikka da’vogarlik qilishi mumkin bo‘lgan insonni jannatdan badarg‘a qiladi; bu davrda Xudo inson zotini yo‘q qilishga jahd etadi, yer yuziga to‘fon yuboradi, chunki suyukli o‘g‘li Nuh alayhisalomdan bo‘lak bironta kimsa Uning ko‘ngliga yo‘l topolmaydi; bu bosqichda Xudo Ibrohim alayhisalomdan yagona suyukli o‘g‘li Avraamni Xudoga muhabbatining nechog‘lik samimiy-teranligini isbot qilish uchun qurbon qilishni talab etadi. Biroq ayni paytda yangi davr boshlanadi; Xudo Nuh a.s. bilan bitim-aqd tuzadi, unga binoan bundan buyon inson zotini hech qachon yo‘q qilib tashlamaslikni va’da qiladi, ayni shu ahdi bilan U oyoq-qo‘lini tushovlaydi. U nafaqat shu ahdi ila bog‘langan, balki o‘zining adolatgo‘ylik qoidasi bilan ham bog‘liq va shu bois basharti o‘n nafar taqvodor topilsa bas, Avraamning Sodom mulkini avf etish o‘tinchiga yon berishga majbur. Lekin rivojlanish Xudoning shafqatsiz qabila boshlig‘i maqomidan suyukli otaga aylanishi asnosida davom etadi, bu bevosita o‘zi belgilagan tartib-tamoyillar ila bog‘langan ota hisoblanadi; taraqqiyot Xudoning ota timsolidan adolatparvarlik, haqiqatgo‘ylik va mehr-muhabbat tartib-tamoyillarining ramziga aylanishi tomon odimlaydi. Xudo – adolat-haqiqat, Xudo – baayni adolat. Shunday rivojlanish asnosida Xudoning shaxs, inson, ota sifatida tasavvur qilinishi barham topadi; hodisotlarning butun rang-barangligi negizi bulmish yaxlit tamal toshi ramziga, inson botiniyatidagi ma’naviy negizdan o‘sib chiqadigan tahayyuliy gul-chechak timsoliga aylanadi. Xudoning ismi bo‘lishi mumkin emas: ism hamisha narsa-ashyo yoki biron-bir tugallikni ifodalaydi. Toki inson ham, narsa-ashyo ham emas ekan, Xudoning ismi bo‘lishi mumkinmi?
Injili sharifdagi Xudoning Muso alayhisalomga ko‘rinishiga oid rivoyat shunday taraqqiyotning yorqin misoli. Muso a.s. toki Xudoning ismini aytmas ekan, Xudoning elchisi –payg‘ambari ekaniga yahudiylar ishonmasligini Unga arz qilganda (ma’budning mohiyati ismi borligida ekan, budparastlar ismsiz Xudoni qanday idrok qila oladilar?) Xudo yon beradi. Muso a.s. ismi – «Lam yalid va lam yuvlad» (Surai ixlos) ekanini aytadi. Bu Xudo mavjudot ham, shaxs ham emasligini anglatadi. Bu iboraning eng maqsadga muvofiq muqobil tarjimasi quyidagicha: ularga «ismim ismsizlik» ekani ayt. Xudoning har qanday tasviriy siymosini yaratish ta’qiqlanishi, uning ismini ovoz chiqarib aytishning ta’iqlanishi, keyinchalik esa uning nomini tilga olishning tamomila ta’qiqlanishi ayni o‘sha maqsadga – Xudo ota ekaniga, u – shaxs ekaniga oid fikrdan insonni xalos qilishga qaratilgan. Ilohiyot fanining keyingi rivojida bu fikr Xudoga hech qanday ijobiy xususiyatlarni nisbat bermaslik kerakligiga oid qoidada o‘z aksini topgan. Xudoni dono, qudratli, mehribon deya e’tirof etish uni yana shaxsiylashtirish bo‘lgan bo‘lardi; Xudoga hech qanday xususiyatlarni nisbat bermaslik borasida juda nari borganda shuni ayta olaman: Uning uchun sarhad yo‘q, nomehribon ham emas, adolatsiz ham emas. Xudo hech qanday xususiyat-faziatlarga ega emasligi borasida qancha ko‘p bilsam, Xudoni shu qadar yaxshi anglayman, idrok etaman (Izoh: Maymonidning «Adashganlar yo‘riqnomasi»dagi inkor qiluvchi atributlar konsepsiyasi bilan qiyoslang).
Monoteizm g‘oyasining izchil rivojlanishi faqat bitta xulosaga olib kelishi mumkin: Xudoning ismini umuman tilga olmaslik, Xudo haqida gapirmaslik. Shundagina Xudo monoteistik ilohiyot fanida qanday talqin qilinsa, ayni shunday qiyofa kasb etadi: ismsiz, yakka-yolg‘iz, ifoda qilib bo‘lmaydigan, universum negizini tashkil qiluvchi yaxlit-bir butunlikka, jamiki jonli va jonsiz mavjudot-narsa-ashyolarning negiziga yo‘yiladi; Xudo haq-adolat, mehr-muhabbat, haqiqat tisoliga aylanadi. Inson bo‘lganim bois Xudoman, deya da’vo qila olaman.
Antromorfik tamoyildan monoteistik tamoyil sari ayni shu taraqqiyot Xudoga muhabbat xususiyatidagi barcha farqlarni belgilashi shubhasiz. Ibrohimning Tangrisiga goh darg‘azab, goh bag‘ri daryo ota sifatida mehr qo‘yish yoki qo‘rqish-hayiqish mumkin. Xudo otami, bas, men Uning farzandiman. Men barcha –barchasidan ogohlik va beadad kuch-qudratga ega bo‘lish bilan bog‘liq autistik intilishdan hamon to‘la yuksala olmaganman. Insoniy imkoniyatlarim cheklanganligi, jaholatparastligim, nochor-notavonligimni idrok qilishim uchun hamon xolislik yetishmaydi. Men go‘yo go‘dak kabi doimiy panohiga oladigan, biron lahza o‘z holimga tashlab qo‘ymaydigan, lozim topsa, jazolaydigan otam bo‘lishini hanuz istayman; gapini ikki qilmasam, mehri tovlanadigan; olqish-maqtovlarim moyday yoqadigan, itoatsizligim esa darg‘azab etadigan otam bo‘lishini hamon bolalarcha ojizlik ila istayman. Aksariyat odamlar kamolot yo‘lida ayni shunday bolalarcha sarobiy umidvorlik darajasidan yuksala olmagani shubhasiz va shu bois aksariyat odamlar uchun Xudoga ishonish – pushtipanoh otaga ishonch, ya’ni bolalarcha xomxayol. Insoniyatning ayrim buyuk mutafakkir-ustozlari – ularning ortidan odamlarning ozgina qismi – ayni shunday tamoyildan yuksala olganidan qat’iy nazar bu taomiyl hamon ustun diniy aqida bo‘lib qolayotir.
Hamonki shunday ekan, Freydning Xudoni tanqid qilish (Izoh: 1. Qarang: Freyd Z. Budushnost odnoy illyuzii.M.-L.,1930.) g‘oyasi adolatli. Lekin uning xatosi shundaki, monoteistik dinning boshqa jihati e’tiboridan chetda qolgan, holbuki bu jihat uning chinakam mehvarini tashkil etadi; bu jihat mantig‘i Xudoning shu konsepsiyasini inkor etishga olib keladi. Chinakam taqvodor, agar u asosiy monoteizm g‘oyasiga rioya qilsa, ibodati chog‘ida Xudodan hech vaqo iltijo qilmaydi; bola onasi va otasiga qanday mehr qo‘ysa, u Xudoga shunday mehr qo‘yadi; o‘zi his etgan darajada Xudo haqida hech vaqo bilmasligi, bilimlari cheklanganligi-mahdudligini idrok qilib, Unga itoat qiladi. Xudo uning uchun timsolga aylangan, ayni shu timsol vositasida inson taraqqiyotining nisbatan dastlabki bosqichlarida o‘zi intilgan orzu-istak, murod-maqsadlar: ma’naviy olami, mehr-muhabbati, adolat va haqiqatgo‘ylikni – barcha-barchasini ifoda etgan.
«Xudo» ramzi hisoblanuvchi qoidalarga u ishonadi; uning fikr-mulohazalari – adolat, uning hayoti – mehr-muhabbat va haqiqatgo‘ylik, uning hisoblashicha, hayoti shuning uchun ham qadr-qimmatga egaki, insoniy kuch-quvvati, salohiyatini to‘la-to‘kis namoyon etish yo‘llarini topish imkoniyatini yaratadi; bu yagona ahamiyatli voqelik, yagona «ilohiy g‘amxo‘rlik» namunasi; keyinchalik Xudo haqida gapirmay qo‘yadi va hatto tilga ham olmaydi. «Xudoni sevish» iborasini tilga olguday bo‘lsa, bu sevgi qobiliyatini to‘la-to‘kis kamol toptirishga intilishni, tasavvuridagi «Xudo»ni ro‘yobga chiqarishga intilishni bildirgan bo‘lardi.
Shu nuqtai nazardan teistik tafakkurning mantiqiy natijasi har qanday «teologiya»ni, har qanday «Xudoga oid bilim»ni inkor qilish bo‘lishi kerak. Biroq shunday radikal no-teologik mulohaza bilan no-teistik tizim o‘rtasida hamon farq saqlanmoqda, bunday farq, jumladan, ilk budparastlik yoki daosizmda kuzatiladi.
Barcha teistik tizimlarda – hatto teologiyani chetlab o‘tuvchi mistik tizimlarda ham – ruhlar olami mavjudligi taxmin qilinadi, bu olam insoniy doiradan chiqib, ruhiy-ma’naviy quvvatiga hamda najot topish va o‘zligini botinan kashf etish yo‘lidagi ehtirosli-qaynoq sa’y-harakatlariga ahamiyat va qadr-qimmat baxsh etadi. No-teistik tizimlarda insonga begona yoki uning doirasidan holi ruhiy-ruhoniy olam yo‘q. Inson fe’l-atvorida mehr-muhabbat, aql-tafakkur va adolat-haqiqat olamini kamol toptirish salohiyatiga ega bo‘lgani bois bu olamlar mavjud. Shu nuqtai nazardan hayot inson o‘zi baxsh etganidan ortiq mazmun-mohiyatga ega emas; basharti kimgadir yordam qo‘lini uzatmas ekan, inson tamomila yakka-yolg‘iz.
Xudoga muhabbat haqida shuni ta’kidlamoqchimanki, shaxsan men teistik konsepsiyaga amal qilmayman, Xudo tushunasini men tarix taqozosi sifatidagi tushuncha deb bilaman, inson muayyan tarixiy davrda Xudo tushunchasi vositasida eng yuksak imkoniyatlarini, haq-adolat va yakdillikka ehtirosli intilishini ifoda etgan. Biroq shu bilan birga, menimcha, ma’naviy voqelik xususida qat’iy monoteistik va noteistik o‘ta yuksak jonbozlik garchi xilma-xil bo‘lsa ham bir-biriga zid emas.
Biroq bu o‘rinda, Xudoga muhabbatning boshqacha andozalariga duch kelamiz, qaysiki bu muammoni batafsil anglash uchun muhokama qilish zarur. Bu borada Sharq (Xitoy va Hindiston) va G‘arbda diniy tamoyillarning fundamental xilma-xilligini nazarda tutyapman; bu xilma-xillikni mantiqiy atamalar bilan nomlash mumkin. Arastu davridan buyon G‘arb olami uning falsafasining mantiqiy qoidalariga amal qiladi. Bu mantiq o‘xshashlik, ayniyat qonuniyatiga asoslanib, unga ko‘ra A teng A ga, ziddiyat qonuniyatiga (A no-A emas) hamda istisno etilgan uchinchi qonuniyatiga (faqat A va no-A mumkin, uchinchisi yo‘q). Arastuning navbatdagi qoidasi fikr-mulohazalarini yaqqol aks ettiradi: «… ayni bir narsa ayni bir vaqtda ayni bir narsa-ashyoga ayni bir narsaga va ayni bir xil nisbatda xos bo‘lmasligi mumkin emas (va boshqa barchasi, ya’ni biz aniqlashimiz mumkin bo‘lganlari, ifoda qiyinchiliklarga chap bergan holda aniqlansin), — bu, albatta, barcha ibtidolarning eng ishonarlisi…» (Izoh: 1. Aristotel.Soch.T.1.S. 125.)
Arastu mantig‘ining bu aksiomasi tafakkur tarzimizga shu darajada teran singib ketganki, «tabiiy» va shubhasiz qonuniyat sifatida qabul qilamiz, holbuki X teng A ga ham, no-A ga ham e’tirofi bema’nilikday tuyulsa ham. (Bu e’tirofda hozirgi X va biroz vaqt o‘tgandan keyingi X emas, va X ning boshqa tomoniga zid ravishda qaysidir tomoni emas, balki ayni vaqtda X predmeti nazarda tutiladi.)
Arastu mantig‘iga paradoksal mantiq zid: unda A bilan no-A muayyan X ning predikatlari sifatida bir-birini istisno etmaydi. Paradoksal mantiq xitoy va hind tafakkurida, Geraklit falsafasida ustunlik qiladi, keyin esa, dialektika nomi bilan Gegel va Marks falsafasiga aylandi. Paradoksal mantiqning asosiy qoidasini Laotszi aniq ifodalagan: «Buyuk to‘g‘rilik egri tuyuladi» (XIV kitob) (Izoh: 2.Lao Si. Tao-te-king, ili Pisaniye o nravstvennosti. L.N.Tolstoy tahriri ostida. M., 1913.S.28) va Chjuan-szi «Men – shuningdek no-Menman, no-Men – bu shuningdek Men»man (3. Ateisti, materialisti i dialektiki Drevnego Kitaya. M., 1967. S. 141.). Paradoksal mantiqning bu qoidalari ijobiy: bu ham shunday, ham shunday emas. boshqacha qoida salbiy: bu shunday emas, shunday ham emas. Dastlabki qoidaga daosizmda, Geraklit falsafasida va keyinchalik Gegel dialektikasida duch kelamiz; ikkinchi qoida esa hind falsafasida keng tarqalgan.
Arastu va paradoksal mantiq farqining batafsil tavsifi bu kitobga sig‘masligidan qat’iy nazar ularning farqi prinsipi tushunarli bo‘lishi uchun bir necha misol keltiraman. Paradoksal mantiq G‘arb falsafasida dastlab Geraklit falsafasida uchraydi. Uning fikricha, har qanday mavjudlik negizini ziddiyatlar kurashi tashkil etadi. «Ular tushunmaydilarki,- deydi u, — o‘zaro ajralayotganlar qay asno o‘zaro til topadilar; kamon va chiltorning yoy-torlari singari o‘zligi, asil holatiga qaytuvchi uyg‘unlik». Yohud ana ham aniqrog‘i: «Bitta daryoga ham tushamiz, ham tushmaymiz, ham yashayapmiz, ham yashamayapmiz» (Izoh: Materialisti Drevney Gresi.M., 1955. S. 45.) Yoki: «Jonlilik va jonsizlik, bedorlik va uxlayotganlik, navqironlik va keksalik – ayni bir tarzda bizda mujassam» (Izoh: o‘sha joyda. S. 49.)
Laotszi falsafasida ayni shu fikr birmuncha shoirona ifodalangan. Quyidagi e’tirof daosistik tafakkurga xos misol bo‘la oladi: «Og‘ir yengilning negizini tashkil qiladi: tinchlik-osoyishtalik xatti-harakat ustidan hukmron». Yohud: «Taoni hech kim chorlamaydi, biroq u hamma joyda hoziru nozir; u hech ish bilan shug‘ullanmayotgandek tuyuladi, biroq barchaga nisbatan a’lo faoliyat yuritadi». Yoki: «Ilm o‘rganish va ezgu ishlarni qilish juda oson deyman. Vaholangki zaminda hech kim buni bilmaydi va ezgu-xayrli ishlar qilmaydi». Daosizmda, hind va suqrotona tafakkurdagidek,aql-zakovat yuksala oladigan eng oliy daraja shundaki, hech vaqoni bilmasligimiz bois bilishim zarur. «Kimki bilimi ziyoda bo‘lgani holda bilimsiz omiday kamtar bo‘lsa, ma’rifatli zot; kimki hech vaqoni bilmagani holda barcha ilmlardan boxabar kimsadek kalondimog‘ bo‘lsa, xastalikka chalingan». Xudo ism bilan atashning imkoniyatsiz ekani – ayni falsafaning oqibati, xalos. Oliy voqelikni, oliy Yolg‘iz-yagona-yakkani so‘z bilan yoki fikr-mulohaza bilan ifolab bo‘lmaydi. Laotszi bu xususda shunday deydi: «Hayotiy bo‘lishi zarur Tao odatiy Tao emas. Hayotiy bo‘lishi zarur ism odatiy ism emas». (Izoh: Lao Si. Tao-king, ili Pisaniye o nravstvennosti. S. 5,17, 41, 42.) Yoki boshqacharog‘i: «bizlar tikilgan holda ham ko‘rmaydigan ashyo «rang-tussiz» deyiladi, tinglagan holda ham eshitilmaydigan tovush – «tovushsiz ovoz» deyiladi; ushlashga uringan bilan ushlab bo‘lmaydigan «ashyo» qo‘lga ilinmaydigan darajada «o‘ta mayda» deyiladi». Bu uch ashyo tutqich bermaydi; shu bois ular o‘zaro birikanida, «Yagona yaxlitlikga» aylanadi. Yoki ayni shu mulohazaning yana bir ifodalanishi: «Ko‘p biladigan dono hamisha sukut saqlaydi, vaysaqi esa hech vaqoni bilmaydi». (Izoh: O‘sha joyda. S. 11, 33.)
Braxmanizm faylasuflari xilma-xillik (hodisalarning) bilan birlik (Braxmanizm) o‘rtasidagi o‘zaro munosabatlarni mavzu qilib oladilar. Biroq na hind, na xitoy paradoksal falsafasini dualistik nuqtai nazar bilan chalkashtirmaslik kerak. Uyg‘unlik (birlik-yaxlitlik) pozitsiya asoslangan holda shakllantirilgan nuqtai nazarga ziddiyatli bo‘ladi. «Braxmanlar tafakkuri avvalboshdan birvarakay mavjud antogonistik ibtidolar atrofida aylangan va ayni paytda oshkora kuchlar hamda hodisalar olami shakllari atrofida aylangan». Koinotdagi, binobarin insondagi eng oliy kuch-qudrat his-tuyg‘ular tushunchalari va sohasi doirasiga sig‘maydi. Shu bois u «unisi ham, bunisi ham emas». «Biroq,-Simmer ta’kidlaganidek, — «real» bilan «noreal» o‘rtasida shunday qat’iy nodualistik anglashuvda antogonizm yo‘q». (Izoh: Zimmer H.R. Philosophies of India (Filosofskiye ucheniya indii) N.Y., 1951.) Xilma-xillik ortida turuvchi birlik-yaxlitlikni izlar ekanlar, braxman faylasuflar shunday xulosaga kelganki, bizning tasavvurimizdagi qarama-qarshiliklar narsa-ashyolarning tabiati-mohiyatini emas, balki tasavvur qilayotgan-qabul qiluvchi aql-idrok tabiati-xususiyati-xossalarini aks ettiradi. Chinakam-haqiqiy voqelikni idrok etish-anglash uchun fikr-mulohazalarimiz, tafakkurimiz o‘z qobig‘idan tashqariga chiqishi zarur. Ziddiyatlilik o‘z holicha voqelik unsuri emas, balki insoniy tafakkur kategoriyasi. Rigvedada bu qoida shunday ifodalangan: «Men – ikki ibtido: o‘zaro tutashgan hayotiy kuch va hayotiy materiyadan iboratman». Ong-tafakkur faqat ziddiyatli negizda qabul qila olishiga oid g‘oyaning so‘nggi oqibati vedanta falsafasida yana ham qat’iy ifoda etilgan, unga binoan, ong-tafakkur butun nozik farqlash qobiliyati bilan atigi «tumanli bilimsizlik ufqi, xalos»; aslida bu Mayaning barcha soxtaliklari-yolg‘onlarining o‘ta ilg‘ab-payqab bo‘lmaydigan shakli» (Izoh: Zimmer H.R. Philosophies of India (Filosofskiye ucheniya indii) N.Y., 1951. R.424.).
Paradoksal mantiqning Xudo tushunchasiga yondoshuvi e’tiborga molik. Xudo eng oliy siymo ekani va insoniy aql-idrok voqelikni faqat ziddiyatlar vositasida idrok etishi bois Xudo haqida biron ijobiy fikr aytib bo‘lmaydi. Vedantda har yerda hoziru nozir va qudrati cheksiz Xudo to‘g‘risidagi tushuncha bilimsizlikning o‘ta tuban shakli hisoblanadi. (Izoh: Sr. Zimmer H.R. Philosophies of India. R.424.) Bu o‘rinda ismsiz Dao bilan, Muso a.s.ga ko‘ringan ismsiz Tangri bilan, Meyster Ekxartning «absolyut Yo‘qligi» bilan bog‘liqlik kuzatiladi. Inson faqat inkor-rad etishni idrok qiladi va oliy voqelikni hech qachon anglay olmaydi. Meyster Ekxart aytganidek: «Xudo yo‘qligini hatto bilgan taqdirda ham(on znayet, chto ne yest Bog) Xudo bor ekanini inson bila olmaydi… Va aql-idrok shu bilmasligi bilan qanotlanib, ayni paytda ilohiy saodatga da’vat qilaveradi». Meyster Ekxart uchun «Ilohiy Birlik-Yakdillik inkorni inkor, voz kechishlardan voz kechish… yaratilganlarning barchasida inkor mujassam; aslan boshqacha ekanini har mavjudot inkor etadi» (Izoh: Meistar Ekhart. Transiated bu R. B. Biakney. Harper & Brothets. N. Y. 1941.R.247. Maymonidning inkor teologiyasiga ham qarang). Ayni shundan kelib chiqib, Xudo Ekxart Meyster uchun «absolyut Yo‘qlik»ka aylanadi, xuddi shunday kaballa uchun eng oliy voqelik «Eng Sof», Nihoyasiz-cheksiz birlik-yakdillikka aylanadi. (Izoh: Kaballa (qadimiy yahudiycha, aynan — rivoyat)- yahudiylik dinida mistik oqim. Kaballa Xudoni absolyut sifatsizlik va ifodasiz cheksizlik sifatida talqin etadi. Bu mavhumot tashqi narsa-ashyolarga o‘z mohiyatini baxsh etish hisobiga o‘zini o‘zi cheklaydi-tarj.izohi.)
Arastu mantig‘i bilan paradoksal mantiq farqiga Xudoga muhabbatning ikki konsepsiyasi o‘rtasidagi jiddiy tavofutni kitobxon anglashi uchun to‘xtaldim. Paradoksal mantiq mutafakkirlari e’tiroficha, inson voqelikni ziddiyatlar vositasidagina idrok qila oladi va eng oliy voqelik hamda birlik-yakdillikni, Asil Mohiyatni aqlan-fikran hech qachon idrok qila olmaydi. Bu shunga olib keladiki, inson o‘z savollariga javobni aql-tafakkurda topishdan iborat yakuniy maqsadga intilmaydi. Ong-tafakkur yakuniy javob topa olmaydigan muammonigina idrok etadi. Ong-tafakkur olami paradokslar iskanjasida. Olamni ong-tafakkur vositasida emas, balki yagona usul – faoliyat, birlik-yakdillik-yaxlitlikni his etish yo‘li bilan uzil-kesil idrok etish mumkin. Shunday qilib paradoksal mantiq shunday xulosa chiqarishga imkon beradi: Xudoga muhabbat Xudoni aqlan bilish va unga muhabbatga oid fikr-mulohaza emas, balki faoliyat – Xudo bilan bir butunlikni his etishdan iborat.
Natijada oqilona turmush tarzi alohida ahamiyat kasb etadi. Har qanday hayot, har bir salmoqli yoki salmoqsiz xatti-harakat Xudoni bilishga yo‘naltirilgan, biroq oqilona fikrlash vositasida emas, balki oqilona faoliyat vositasida. Bu sharq dinlarida yaqqol ko‘zga tashlanadi. Braxmanizmda, budparastlik va daosizmdagidek, dinning yakuniy-pirovard maqsadi oqilona e’tiqod emas, balki oqilona faoliyat. Yahudiylik dinida ham ayni shu fikr e’tirof etiladi. Yahudiylik tamoyilida e’tiqod negiziga tayanuvchi nizo-nifoqni uchratish amri mahol. (Fariseylar bilan saddukeylar o‘rtasidagi ixtilof yagona jiddiy istisnodir; biroq buning sababi, aslida, g‘anim ikki ijtimoiy sinflarning antogonizmi bo‘lgan.) Yahudiylik dinida (ayniqsa eramiz boshlanishidan e’tiboran) oqilona turmush tarzi – Galaxa (bu so‘z, aslida, Dao kalomi ifodalagan ma’noni aks ettiradi) — asosiy o‘rin tutadi.
Yangi davrda ayni qoida Spinoza, Marks va Freyd g‘oyalarida o‘z ifodasini topdi. Spinoza falsafasida diqqat-e’tibor oqilona e’tiqoddan oqilona turmush tarziga ko‘chadi. Marks ham ayni shu fikrni quyidagicha ifodalaydi: «Faylasuflar shu paytgacha dunyoni turlicha talqin qilib keldilar, holbuki asosiy vazifa uni o‘zgartirishdan iborat» (Izoh. Marks K., Engels F. Soch. T.№.S.4). Paradoksal mantiq Freydga ruhiy-tahliliy davolash usulini qo‘llash, ya’ni o‘zligini idrok qilishini muttasil teranlashtirish imkonini berdi.
Paradoksal nuqtai nazarga binoan nainki fikr-mulohaza, aql idrok-tafakkur, balki faoliyat muhim. Ayni aqidadan ayrim boshqa xulosalar kelib chiqadi. Dastlab, bu sabr-toqatli bo‘lishga olib keladi, Hindiston va Xitoydagi diniy rivojlanishda shuni kuzatamiz. Agar oqilona fikr-mulohaza-tafakkur oliy haq-haqiqat bo‘lmasa va najot topishga olib kelmasa, u holda fikran o‘zgacha qoidalarni yaratgan kishilar-toifalar-xalqlarga qarshi kurashishning hojati yo‘q. Bu sabr-toqatlilik qorong‘i xonada bir necha kishi filni o‘zicha qanday tasavvur qilganiga oid rivoyatda yaqqol aks etgan. Ulardan biri uning xartumini paypaslab: «Bu suv tortishga mo‘ljallangan quvurga o‘xshaydi» desa, ikkinchisi qulog‘ini paypaslab: «Bu mahluq ulkan yelpig‘ichga o‘xsharkan» deya e’tirof etadi; uchinchi esa oyoqlarini ushlay-ushlay filni ustunlarga mengzaydi.
Ikkinchidan, paradoksal nuqtai nazar shunga olib keladiki, bir tomondan dogma- qotib qolgan mutaassibona g‘oyalar, ikkinchi tomondan esa – ilm-fan emas, balki aynan insonning fe’l-atvorini o‘zgartirish muhim ahamiyat kasb etadi. Hind va xitoy mistik nuqtai nazariga binoan insonning diniy burchi-mas’uliyati-vazifasi oqilona fikrlash emas, balki oqilona faoliyat va-yoki meditatsiya-muroqaba vositasida Yagona Mohiyat-Ilohiyot bilan uyg‘unlashuv-yaxlitlashuv hisoblanadi.
G‘arbona tafakkurning asosiy yo‘nalishi uchun buning teskarisi xos. G‘arbliklar oliy haqiqatni oqilona fikr-tafakkur vositasida topishga umid bog‘liganliklari tufayli ayni fikr-mulohaza-tafakkurga alohida ahamiyat qaratilgan – garchi oqilona faoliyat ham muhim hisoblangan. Din rivojlanishi natijasida bunday dogma aqidalarning shakllanishiga, ularni ifodalash-talqiniga oid adoqsiz bahs-munozaralarga hamda «g‘ayridinlarga» va bid’atchilarga murosasizlikka olib keldi. Bu yana shunga olib keldiki, «Xudoga ishonch-e’tiqod»ga dinning asosiy maqsadi sifatida alohida e’tibor qaratildi. Bu, inson oqilona yashashi kerak, degan tavassur-tushuncha bo‘lgan emasligini, albatta, bildirmaydi. Bundan qat’iy nazar Xudoga ishongan-e’tiqod qo‘ygan inson – Uning amr-farmonlariga amal qilmasa ham – Xudoning amri farmonlariga binoan hayot kechiruvchi, biroq unga «ishonmaydigan» kimsaga nisbatan o‘zini ustun bilgan.
Tafakkurning alohida ahamiyatiga urg‘u berilishi yana bir tarixan juda muhim oqibat-xulosani keltirib chiqaradi. Tafakkur vositasida haqiqatni topish mumkinligiga oid g‘oya nainki aqidaraparastlikni, balki ilmu fanni ham yuzaga keltirgan. Ilmiy tafakkurda oqilona fikr-mulohaza – intellektual haqqoniylik mazmunida ham, shuningdek ilmiy tafakkurdan amalda, ya’ni texnikada foydalanish mazmunida ham ahamiyatga molik yagona qoida hisoblanadi.
Shunday qilib, paradoksal tafakkur sabr-toqatlilik va inson o‘zligini o‘zgartirish sari intilishini yuzaga keltirdi. Arastu nazariyasi esa aqidaparastlik va ilm-fan, katolik cherkov va atom energiyasi-quvvati kashf qilinishiga zamin yaratdi.
Xudo muhabbat muammosiga yondoshuvda bu ikki dunyoqarash tizimi o‘rtasidagi farqlardan qanday oqibatlar kelib chiqishini oshkora bo‘lmasa ham ishora tarzida aytib o‘tdim. Nihoyat muxtasar xulosa.
G‘arbda ustunlik qiluvchi Xudoga muhabbat diniy tizimi, aslida, baayni Xudoga muhabbat, uning mavjudligi, adolatli ekani, mehr-shafqatiga ishonch. Xudoga muhabbat – bu, mohiyatan,- aql-tafakkur vositasidagi idrok etishdan iborat. Sharqiy dinlar va mistitsizmda Xudoga muhabbat yaxlit-bir butunlilik tuyg‘usining zo‘r berib his qilinishi, shuning barobarida ilohiy muhabbatni har lahza, har on tildan qo‘ymaslikdan iborat. Bu fikrni Meyster Ekxart ayniqsa ravshan ifodalagan: «Basharti, men Xudo bilan o‘zimni bir tanu bir jon deya his qilsamu Xudo meni o‘zining ajralmas tarkibiy qismiga aylantirsa, u holda, Xudo timsolida to‘la-to‘kis tajassum etganim bois o‘rtamizda farq-tavofut qolmaydi… Ayrimlar Xudoni ko‘raman, deya taxmin qiladilar, — u go‘yo xiyol naridagi tepalikdayu, o‘zlari beriroqdagi soyxonlikda bo‘lganlari bois Xudoni ko‘rish mumkin deb tasavvur qiladilar, biroq bunday bo‘lishi mumkin emas. Xudo va men – yakdil, yaxlitmiz. Xudoni tanish-anglash vositasida uni o‘zimga yaqinlashtiraman. Xudoga muhabbat vositasida men uning mohiyatiga singaman» (Izoh: Mtister Ekhart. Op. cit. P. 181-182).
Nihoyat ota-onaga muhabbat va Xudoga muhabbat o‘rtasidagi bitta muhim masaladagi paralellizmga qaytamiz. Go‘dak dastlab «hayoti manbai» sifatida onasiga chambarchas bog‘liq bo‘ladi. U norasida-notavon bo‘lgani bois hayot manbai — ona muhabbatiga muhtoj. Keyinchalik ota muhabbati, otaga muhabbat — orzu-intilishlari tayanadigan manbaga aylanadi, binobarin ota uning fikr-mulohazalari va sa’y-harakatlarini yo‘naltiradi va ularga rahnamolik qiladi; bu davrda bola otasining rag‘bati va e’tibor-e’tirofni qozonishga va norozi qilmaslikka intiladi. To‘la balog‘atga yetgach, homiy-valine’mat sifatidagi ham ona, ham ota shaxsiyatidan xalos bo‘ladi; bundan buyon uning o‘zi ham ona, ham ota. Ayni shu rivojlanish tadrijini insoniyat tarixida ham kuzatamiz va oldindan bashorat ham qila olamiz: Xudoga Ona-Ilohaga go‘daklarcha ojizona ibtidoiy bog‘langanlikdan, Ota-Ilohiyotga itoatkorona bog‘langanlik orqali – balog‘at pallasiga qadam qo‘yadi, bu davrda Xudo ortiq tashqi kuch bo‘lmay qoladi, bundan buyon inson mehr-muhabbat va adolatlilik qoidalarini o‘zlashtiradi yohud kundalik hayotiy qoidalarga aylantiradi, bu bosqichda Xudo bilan qovushib, yaxlit-yagona tus oladi, va nihoyat – Xudoni shoirona, ramziy-timsoliy ma’nodagina tilga oladi.
Bularning barchasini nazarda tutgan holda shunday xulosa qilish mumkin: Xudoga muhabbat ota-onaga muhabbatga bog‘liq. Basharti inson onaga, qabilaga, millatga qondoshlik rishtalaridan batamom uzila olmagan bo‘lsa, bashrati u jazolovchi yoki rag‘batlantiruvchi-mukofotlovchi ota yohud boshqa biron hukmronlik vositasiga bolalarcha hamon bog‘langan ekan, fe’l-atvorida Xudoga komil muhabbatni shakllantira olmaydi; uning dini – ibtidoiy taraqqiyot davri dini bo‘lib, bunda Xudo mehribon-xayrixoh ona sifatida yoki jazolovchi yohud mukofotlovchi-rag‘batlantiruvchi ota sifatida tasavvur-talqin qilinadi.
Zamonaviy dinlarda bu taraqqiyot tadrijining eng ibtidoiy ko‘rinishidan tortib, oliy darajasiga barcha bosqichlarini ko‘ramiz. «Xudo» kalimasi qabila rahnamosini ham, shuningdek «absolyut Yo‘qlik»ni ham ifoda etishi mumkin. Xuddi shunday har bir individ, Freyd isbotlagandek, o‘zida, podsoznaniyasi- botiniy ongida taraqqiyotning ibtidoiy ojiz bolalik davridan boshlab barcha bosqichlarini saqlaydi. Gap uning qanchalik o‘sib-ulg‘ayganiyu qanchalik kamolot kasb etganida. Shunisi shubhasiz: uning Xudoga muhabbatining xossa-xususiyati insonga muhabbatining xossa-xususiyatiga mutanosib; boz ustiga uning Xudoga va insonga muhabbatining chinakam sifat-darajasi ongsoti-botiniy idrokida pinhonligicha qolaveradi va muhabbati haqida komilona mulohaza yuritishi bilan ratsionalizatsiyalanadi. Qolaversa, insonga muhabbat insonning bevosita oilaga munosabati bilan omuxtalashib, pirovard natijada o‘zi yashayotgan jamiyat tuzilish-tartiboti bilan belgilanadi. Agar jamiyat hokimiyatga itoatgo‘ylik tamoyillariga asoslansa – bu xoh oshkora mustabid xukmronlik bo‘lsin yoki bozor munosabatlari va ijtimoiy fikrning xufyona xukmronligi ekanidan qat’iy nazar – uning Xudo haqidagi tushuncha-tasavvuri infantal, yetuk-barkamol tushuncha-tasavvurdan yiroq-begona bo‘ladi, buning nishonalarini monoteistik dinlar tarixida ko‘rish mumkin.