Erix Fromm. Sevgi san’ati (I)

Ashampoo_Snap_2017.02.22_00h53m22s_001_.png  Бу китобни ўқибоқ севги санъатини осонгина ўзлаштираман, деб умид қилаётганлар янглишади. Аксинча, бу китобда муҳаббат – етуклик мақомидан қатъий назар ҳар бир инсон мубтало бўладиган туйғу эканини исботламоқчимиз. Токи бутун саъй-ҳаракатларини шахсиятининг тўла-тўкис камол топиши, бутун диққат эътиборини самарали фаолиятга сарфламас экан; башарти яқин ёру биродарларига меҳр қўя олмас экан; башарти чинакам камтарлик, жасорат, эътиқод ва тартиб-интизом токи бегона экан, севги-муҳаббат бобидаги барча уринишлар ҳеч қандай наф келтирмаслигига китобхонни ишонтирмоқчимиз.

Эрих ФРОММ
СЕВГИ САНЪАТИ (I)
Русчадан Абдуҳамид Пардаев таржимаси
009

a-arte-de-amar_9.jpgФРОММ (Fromm) Эрих (1900.23.3, Франкфурт-Майн — 1980.18.3, Муральто, Швейцария) — америкалик немиснажод файласуф, психолог, социолог, неофрейдизм асосчиси. 1929- 32 йилларда Франкфурт-Майндаги Ижгимоий тадқиқотлар институтида ишлаган. 1933 йили АҚШга муҳожир бўлиб кетган, ҳаётининг сўнгги ўн йилида Швейцарияда яшаган. Фалсафа, психология, антропология, дин социологияси ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ўз таълимотини «гуманистик психоанализ» деб атаган. Фрейд биологизмидан чекиниб, шахс шаклланишида психологик ва ижтимоий омилларнинг ўзаро алоқаларини очиб беришга интилган. Гуманизм нуқтаи назаридан психоаналитик ижтимоий соғломлаштириш усуллари ёрдамида, хусусан, АҚШда, ҳар томонлама уйғун бўлган, «соғлом жамият»ни вужудга келтиришни таклиф этган. Асосий асарлари: «Эркинликдан қочиш» (1941), «Психоанализ ва дин» (1950), «Унутилган тил» (1951), «Севиш санъати» (1956), «Инсон қалби» (1964), «Инсон вайронкорлигининг анатомияси» (1973), «Эга бўлмоқ ёки бор бўлмоқ» (1976).

009

Кимки ҳеч вақони билмаса – ҳеч вақони севмайди.
Кимнинг қўлидан бирон-бир иш келмаса – ҳеч вақони тушунмайди.
Кимки ҳеч вақони тушунмаса – сариқ чақага ҳам арзимайди.
Кимнинг фаҳм-фаросати бўлса, севади ҳам, кузатади ҳам,англайди ҳам, тасаввур ҳам қилади.
Билим қанча кучли бўлса, меҳр-муҳаббат ҳам шунча зиёда.
Барча мевалар қулпунай билан бир вақтда пишади, деб ўйлайдиган кимса узумни тасаввур ҳам қилолмайди.
Парацельс

МУАЛЛИФДАН

Бу китобни ўқибоқ севги санъатини осонгина ўзлаштираман, деб умид қилаётганлар янглишади. Аксинча, бу китобда муҳаббат – етуклик мақомидан қатъий назар ҳар бир инсон мубтало бўладиган туйғу эканини исботламоқчимиз. Токи бутун саъй-ҳаракатларини шахсиятининг тўла-тўкис камол топиши, бутун диққат эътиборини самарали фаолиятга сарфламас экан; башарти яқин ёру биродарларига меҳр қўя олмас экан; башарти чинакам камтарлик, жасорат, эътиқод ва тартиб-интизом токи бегона экан, севги-муҳаббат бобидаги барча уринишлар ҳеч қандай наф келтирмаслигига китобхонни ишонтирмоқчимиз. Айни фазилатлар камдан-кам учрайдиган муҳитларда севги-муҳаббат ҳам камёб. Қани, айтингчи: росмана севадиган қанча одамни биласиз?

Бироқ вазифанинг мураккаблиги унинг асосий мушкулотларини ойдинлаштириш ва оқилона ечимини топишга уринишлардан воз кечишни оқлай олмайди. Баённи беҳуда мураккаблаштирмаслик учун содда ёзишга интилдим. Шу боис муайян адабиётлардан ҳам нисбатан оз кўчирмалар келтирдим. Фақат аввалги асарларимда баён этилган фикр-мулоҳазаларни такрорламасликнинг уддасидан чиқа олмадим. Хусусан, «Эркинликдан қочиш», «Инсон фақат ўзи учун» ва «Соғлом жамият» («Escape from Freedom», «A Man for Himself», «The Sane Sokiety») номли асарларим билан таниш китобхон улардаги кўплаб фикр-мулоҳазаларга яна дуч келади. Бироқ севги санъати аввалги илмий-фалсафий фикр-мулоҳазаларимнинг мутлақо шунчаки умумлашмаси эмас. Китобда илгари айтилмаган кўплаб мулоҳазалар бор ва айрим аввалги фикр-мулоҳазалар ягона мавзу – севги санъати атрофида жамлангани боис, табиийки, яна ҳам ривожлантирилган.

I. СЕВГИ – САНЪАТМИ?

Севги, ҳақиқатдан ҳам, санъатми? Башарти санъат бўлса, меҳнат ва билим талаб қилади. Балки бу фақат муайян ҳолатда маст қилувчи, омад кулиб боқсагина насиб этадиган мастона ҳолатдир? Бу китобда дастлабки тахминга таяниб, фикр юритамиз, ҳолбуки аксарият, шубҳасиз, кейинги талқинга қўшилади. Улар муҳаббатга енгил-елпи қараганликлари учунгина шундай хулосага келмаган. Аксинча, улар муҳаббатга ташна, бахтли ва бахтсиз севги тўғрисидаги кўплаб фильмларни томоша қиладилар ва севгини васф этувчи юзлаб сийқа қўшиқларни тинглайдилар – бироқ муҳаббат бобида ишқ дардига қўшимча яна нималарнидир ўқиб-ўрганиш зарурлигини ҳатто ўйлаб кўргани ҳам даргумон. Бундай ёндошув негизини, одатда, уни қўллаб-қувватловчи бир ёки бир неча ақидалар ташкил этади. Аксарият учун муҳаббат муаммоси – энг аввало, қандай қилиб бўлса ҳам ўзгаларнинг меҳр-муҳаббатини қозонишдан иборат, ҳолбуки ўзим қандай севишим зарур дея бош қотиришлари жоиз, хуллас ҳеч ким кимгадир меҳр-муҳаббат қўйиш борасида жиддий мулоҳаза юритмайди. Шундай қилиб, улар севимли бўлиш учун нима қилиш кераклиги борасида қайғурадилар. Бу мақсадга турли йўллар билан интиладилар. Асосан эркакларга хос бу усуллардан бири – ҳаётда имкон борича кўпроқ натижаларни қўлга киритиш, ижтимоий мақом имкон берган даражада юқорироқ мансабга эришиш ва мол-мулк жамғаришдан иборат. Аёллар афзал биладиган усул эса жозибадор бўлишга интилиш, ўзига оро бериш, сўнгги русумга биноан кийиниш кабиларни ўз ичига олади. Жозибадорликнинг бошқа усуллари ҳам бор – улардан эркаклар ҳам, аёллар ҳам фойдаланади: ибратли хулқ-атворни шакллантириш, хушмуомала-ибратли феъл-атвор, хушмуомалалик, кўнгилчанлик, камтарлик ва андишали назлокатлилик. Кимнингдир меҳрини қозониш билан боғлиқ кўплаб усуллар – айни пайтда ютуқларни қўлга киритиш, дўстлар эътиборига сазовор бўлиш ва обрў-эътибор қозонишда ҳам қўл келади. Меҳр қозонишни аксарият замондошларимиз диловарлик ва жинсий жозибадорликнинг (sex-appeal) аллақандай уйғунлиги деб биладилар.

Муҳаббат борасида бирон ўзгаришнинг ҳожати йўқ деган иккинчи ақида – бу муҳаббат муаммоси қобилиятга дахли йўқ маъшуқ-маъшуқа муаммоси деган фараз ҳисобланади. Севиш осон, бироқ муҳаббатга муносиб ёхуд севимли бўлиш учун арзийдиган сиймони топиш муаммо, деган хомхаёл панд беради. бундай ақиданинг негизи жамият ривожланишига бориб тақалади. Аввало ХХ асрда «муҳаббатга муносиб» сиймони топишга муносабат кескин ўзгардивикториан даврида, муайян тамойилларга содиқ бошқа қатор тамаддунларда бўлганидек, кечиналик никоҳга олиб келадиган муҳаббат бевосита шахсий кечингма бўлмаган. Аксинча, қиз-йигитлар битишув асосидла никоҳланган – ёки бирон бир нуфузли оилалар ёхуд совчи воситачилигида ёҳуд воситачиларсиз никоҳланган. Йигит-қизлар ижтимоий нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда никоҳдлан ўтишган. Муҳаббат эса никоҳдан кейин туғилиб, кучайиб бораверади, де ган қида ҳукмронлик қилган. Бироқ Ғарбда сўнгги бир неча авлод ҳаёти мобайнида романтик муҳаббат деярли узил-кесил танатан қилди. қўшма Штатларда гарчи никоҳ шартнома асосида тузилади деган тасаввур қайсидир маънода сақланиб келаётган бўлса-да, айни пайтда аксарият романттик муҳаббатга – кейинчалик оила қуришга олиб келадиган шахсий кечинмаоларга ташна. Муҳаббат бобида айни шундай эркин ёндошув туфайли, эҳтимол, вазифа аҳамиятига зид равишда объект-сиймонинг аҳамияти ортди.

Айни шу омил билан замонамизга хос яна бир хусусият чамбарчас боғлиқ. Турмуш тарзимиз тамомила имкон борича кўпроқ мол-мулк харид қилиш, ўзаро фойдали айирбошлаш ғоясига таянади. Замондошларимиз дўконларнинг пештахталарини еб қўйгудай кўздан кечириш ва ҳамёни кўтарадиган барча лаш-лушларни нақд пулга ёки қарзга харид қилишни бахт-саодат биладилар. Эркаклар (аёллар ҳам) одамларга ҳам шундай нуқтаи назар билан қарайдилар. Эркак учун жозибадор жувон ёки жувоннинг кўзига оловдай кўринган йигитнинг – бирон-бир ашёдан фарқи йўқ, ҳар икки ҳолатда ҳам улар айни ашёга эгалик қилишни хоҳлайди. «Жозибадор» атамаси одатда шахслар бозорида харидоргир ибратли фазилатларнинг антиқа гулдастасини ифодалайди. Инсонни ҳам жисмонан, ҳам руҳан нима жозибадор қилиши эса мода, яъни мавжуд мезонларга боғлиқ. 20-йилларда ичадиган ва чекадиган, жисмонан бақувват ва серҳаяжон қиз-жувонлар жозибадор саналган. Ҳозир оилапарвар ва камтар жувонларга талаб катта. XIX аср охирларида ва XX аср бошларида эркаклар ўта қатъиятли ва иззатталаб бўлиши маъқул кўриларди; ҳозир эса заифаларни «илинтириш» учун хушмуомала ва сабр-тоқатли бўлиш зарур. Маҳлиёлик, яъни кимгадир меҳр бахш этиш «ҳамёнимизга» мос, ўзимизни айирбош қила оладиган кимсага маҳлиё бўлсаккина, мантиқий иш тутган бўламиз. Мен битим тузмоқчиман; мўлжалим –диққат эътиборимни жалб қилган «номзод» ижтимоий қадр-қиммати жиҳатидан муносиб бўлиши ва айни пайтда ошкора ва пинҳон хусусиятларимни ҳисобга олган ҳолда менга мойил бўлиши даркор. Бинобарин, «номзод»лар бозоридан айирбош қилинаётган шахсий қадр-қиммати нуқтаи назаридан энг муносибини топдим, деган хулосага ҳар икки томон келсагина, бир-бирларига муқаббат қўядилар. Чинакам олди-сотдида бўлганидек, аксарият никоҳ битими тузилишида кейинчалик юзага чиқадиган пинҳоний имкониятлар ва фазилатлар жиддий аҳамиятга эга бўлади. Токи бозор муносабатларига йўналган ижтимоий муҳитда моддий устунлик ҳал қилувчи ўрин тутар экан, муҳаббат муносабатларида ҳам айни товарлар бозорида ва ишчи кучи бозорида ҳукмронлик қилаётган айирбошлаш тамойилларига амал қилинишига ажабланишнинг ҳожати йўқ.

Муҳаббат бобида бирон бир ҳикматни ўрганишнинг ҳожати йўқ, деган фаразга олиб келувчи учинчи нотўғри ақида, — бу «севиб қолиш» ибораси билан ифодаланадиган қисқа муддатли «бошланғич» кечинмалар билан «севиш» (Изоҳ: 1. Аслиятда сўз ўйини: «falling» in iove – «севиш, маҳлиё бўлиш», тўғридан-тўғри севги дардига мубтало бўлиш», ва being in love? Or as we minght better say… «standing» in iove – муҳаббатни бошдан кечириш, ёки яна ҳам тўғрироғи муҳаббат туфайли «сеҳрлангандай маҳлиё бўлиш» маъноларини билдиради) сўзи билан ифодаланадиган узлуксиз ҳолатни чалкаштиришдир. Бир-бирига бегона йигит ва қиз – ҳаммамиз сингари – дафъатан бегоналик туйғусини бартараф этиб, бундан буён ҳам жисмонан, ҳам қалбан кишилар эканини ҳис этган ҳолда бир тану бир жонга айланганига имон келтирсалар – бу ҳаётда энг ҳаяжонли, унутилмас лаҳзалар бўлиб қолади. Бу айниқса якка-ёлғиз, меҳру муҳаббатдан мосуво кун кечирган кишиларни айниқса ҳайратлантириб, ҳаяжонга солади. Жинсий майл ва жисмоний яқинлик натижасидаги ёки айни арафада рўй берган шундай ҳолатлар туфайли бундай фавқулодда ўзаро яқинлик жазаваси аксарият анча босилади. Бироқ бундай муҳаббат ўзаро хусусиятига биноан омонат. Икавлон бир-бирини тобора яқиндан билгани сайин ўзаро яқинлик аввалги жозибасини аста-секин йўқотиб, охир-оқибат уларнинг тўқнашуви, афсус-надомати ва диққатпазликлари дастлабки ҳайратдан қолган барча нарсани ер билан яксон қилади. Бироқ дастлабки кезларда бу уларнинг ҳатто хаёлига ҳам келмайди: аслида кўр-кўрона, басир ҳис-ҳаяжонлар гирдобини ўзаро меҳр-муҳаббат қудратининг исботи, деб ҳисоблайдилар, аслида эса булар илгари қанчалик якка-ёлғиз бўлганининг далолати, халос.

Бундай ёндошув – яъни севишдан осони йўқ деган тахмин, — жуда кенг тарқалган муҳаббат талқини бўлиб, ҳолбуки бунинг тамомила тескариси айни ҳақиқатдир. Шу қадар ёрқин орзу-умидлар билан киришиладиган ва айни пайтда шу даражада шиддат билан барбод бўладиган бошқа бирон бир фаолият, аъмол борлиги даргумон. Башарти бошқа бирон бир фаолият тури ҳақида гап кетгудай бўлса, одам омадсизлик сабабларини жон-жаҳди билан аниқлашга ва уларга чап беришга зўр берган, ёҳуд энг осони, бундай ишни йиғиштириб қўя қолган бўларди. Муҳаббат борасида бундай иш тутишнинг имкони йўқлиги учун, омадсизликка йўймасликнинг ёлғиз мос усули мавжуд – унинг сабабларини синчиклаб текшириш ва муҳаббат моҳиятини ўрганишдир.

Бу йўналишдаги дастлабки қадам – ҳаёт санъат бўлгани сингари муҳаббат ҳам санъат эканини ҳар ким ўзи учун ойдинлаштириб олиши зарур; башарти муҳаббат илмини ўрганиш-ўзлаштиришни истасак, бошқа исталган санъат тури – дейлик, мусиқа, тасвирий санъат, дурадгорлик, тиббиёт ёки муҳандислик санъати билан шуғулланиш учун нимаики талаб қилинса, муҳаббат илмини ўзлаштириш борасида ҳам айни шундай йўлдан бориш талаб этилади.
Санъат чўққиларини забт этишда қандай довонлардан ўтилади?

Санъатни эгаллаш жараёнини икки қисм: — назариясини ва тажрибасини ўзлаштириш га ажратиш мумкин. Шифокор бўлиш учун инсон танаси аъзоларини ва тури касалликларни ўрганишим керак. Бу назарий билимларни эгаллаганимдан қатъий назар тиббиёт бобида мутлақо валломатлик даъво қила олмайман. Мен бу санъатни фақат пухта тажриба орттиргач, назарий билимларим ва амалий кўникмаларим уйғунлашиб, исталган санъатни эгаллашнинг моҳияти ҳисобланувчи ботиний сезгирликни ҳосил қилгачгина бу санъатни ўзлаштираман. Бироқ назария ва тажрибадан ташқари учинчи омил ҳам бор: санъатни эгаллаш фавқулодда муҳим аҳамият касб этиши, айни шу санъатдан муҳим ҳеч вақо бўлмаслиги керак. Бу мусиқага ҳам, тиббиётга ҳам, дуродгорликка ҳам, ҳатто муҳаббатга ҳам тааллуқли. Замондошларимиз муҳаббат борасида ошкора омадсизликка дуч келишига қарамасдан айни санъат сирларини камдан-кам ўрганишга жазм қилишлари билан боғлиқ саволга жавоб айни мана шундай бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас: ишқ-муҳаббатга ич-ичимизда қанчалар ташна бўлмайлик, муваффақият, обрў-эътибор, сармоя, амал-мансаб – деярли бутун куч-ғайратимизни шу мақсадларни қўлга киритиш йўлларини ўрганишга сафарбар этамиз, охир-оқибат муҳаббат санъатини эгаллаш учун ҳолимиз қолмайди.

Мўмай даромад ёки обрў-эътибор келтирадиган билимларнигина мўътабар билиб, «фақат» қалбимизга сурур бахш этиб, замонавий нуқтаи назардан бефойда, бемаъни муҳаббатни қандай қилиб астойдил саъй-ҳаракат талаб этмайдиган эрмак ҳисоблаш мумкин? Афсуски, биз шундай ҳолат гувоҳимиз, ва мен бундан буён ҳам юқорида эслатилган тавофутга амал қиламан: дастлаб муҳаббат назарияси — таълимоти баён этилади, бу китобнинг аксарият қисмини ташкил этади, сўнг муҳаббат кўникма-тажрибасига қисқа тўхталамиз, қисқа тўхталишимизнинг боиси, ҳар қандай тажриба хусусида мухтасар фикр-мулоҳазанинг ўзи кофия.

II. МУҲАББАТ НАЗАРИЯСИ

1. Муҳаббат – муаммолар калити

Ҳар қандай муҳаббат назарияси инСон назарияси, инсоний ҳаёт назариясидан бошланиши зарур. Гарчи жонзотларда ҳам ишқий майл, ёки аниқроғи шунга ўхшаш қандайдир хусусият кўзга ташланса-да, бу майл асосан инстинкт билан боғлиқ; бу инстинктлар фақат инсон феъл-атворида тўла-тўкис намоён бўлади. Инсон ҳаёти учун қуйидаги далил айниқса муҳим, у ҳайвонот олами, яъни инстиктив мослашув оламини тарк этиб, табиат чегарасидан хатлаб ўта олган – ҳолбуки бунда табиат бағрини тарк этмайди; у – табиатнинг таркибий қисми; бироқ бундан қатъий назар табиат исканжаларидан халос бўла олгани учун ҳам ортиқ ортга қайта олмайди; башарти токи жаннатдан қувғин қилинганми – табиат билан дастлабки уйғунлик ҳолатига қайтишга уринса, фаришталар олов қиличлар билан йўлини тўсади. Бундан буён «инсониятгача» «инсониятдан олдинги» аждодларимизнинг тоабад бой берилган уйғунлиги ўрнига – янги инсоний уйғунликни шакллантира бориб, тафаккуримизни тобора такомиллаштирган ҳолда фақат олға интилиш лозим. Инсон дунёга келар экан – бутун башарият ёҳуд оддий индивид ҳақида гап боришидан қатъий назар – инстинктлар сингари шубҳасиз макондан бадарға қилинади ва номавҳум, омонат, ошкора муҳитга тушади. Унинг ёлғиз ўтмишдан кўнгли хотиржам, келажак борасида эса эртами-кечми вафот этишини билади, халос.

Инсон – тафаккур соҳиби; инсон – ўзлигини идрода қила олувчи ҳаёт; у ўзлигини ва ўзи сингари одамларни, ўтмишини ва эҳтимолий келажагини идрок қилади. Ўзининг камёб мавжудодлигини, ўз хоҳиш иродасига зид таваллуд топганию ва ўз хоҳиш иродасига зид вафот этажагини, табиат ва жамият кучлари қаршисида ожизлигини идрок этиши – буларнинг барчаси унинг якка-ёлғиз, алоҳида чегирилган ҳаётини чинакам жаҳаннамга айлантиради. Модомики шу жаҳаннамдан чиқа олмаса, ўзга кишилар ва ташқи олам билан йўлини топиб бирлаша олмаса, ақлдан озади.

Бегоналик хадик-хавотир келтириб чиқаради ва пировард-натижада айни шу боис хавотир юзага келади. Бегонага, ёт кимсага айланиш дунёдан узилишни, бу эса инсоний куч-қувватни тасарруф этиш имкониятидан маҳрумликни билдиради. Шу боис – бегоналашув – чорасизга, атроф-муҳитга, ашёларга ва одамларга фаол таъсир кўрсата олмаслик демакдир; бу дунё ҳақ-ҳуқуқларимга ҳамла қила олишини, мен эса ўзимни ҳимоя қила олмаслигимни билдиради. Шундай қилиб, бегоналашув – ботиний ҳаловатсизлик, безовталик манбаи. Боз устига, хижолатпазлик ва айбдорлик ҳиссини уйғотади. Бегоналашув ҳолатида хижолатпазлик ва айбдорликни бошдан кечириш Инжили шарифдаги Одам Ато ва Момо Ҳавво тўғрисидаги ривоятда тилга олинган. Одам Ато билан Момо Ҳавво «эзгу ва ёвуз билимлар дарахти» мевасини тотиб кўргач, улар итоатгўйликдан бош тортгач (итоатгўйлик имкони қолмагач, бу эзгу ҳам, ёвуз ҳам саналмайди), табиат билан бошланғич табиий уйғунликдан халос бўлиб, инсонга айлангач, яъни инсоний қиёфа касб этгач, «кўзлари ярқ этиб очилиб, яланғоч эканликларидан воқиф бўлдилар» (Бить. 3:7) ва улар уялгандан хижолатга тушдилар. Рўйи замин каби қўҳна бу ривоятда XIX асрга хос мунофиқона хулқ-атвор мужассамлигини билдирадими ва энг муҳими унда тилга олинган – Одам Ато ва Момо Ҳавво жинсий аъзолари очилиб қолгани боис хижолатга тушдиларми? Бундай бўлиши даргумон. Башарти бу ривоятни Викториан даври нуқтаи назаридан таҳлил қилгудай бўлсак, муҳим жиҳатни эътибордан четда қолдирамиз. Бу ривоятда, энг муҳим жиҳат, чамаси, шундаки, эркак ва аёл ўзлигини ва бир-бирларини идрок қилган ҳолда турли қарама-қарши жинсга мансуб эканликлари билан боғлиқ фарқни ва алоҳида мақомини англаб етдилар. Алоҳида мақом ва тафовутни тан олганларидан қатъий назар етти ёт бегоналардай бир-бирларидан ётсирардилар, чунки уларда ўзаро муҳаббат пайдо бўлмаганди (Одам Ато Момо Ҳаввони ҳимоя қилиш ўрнига уни айбситиб, ўзини оқлаганида бу айниқса яққол аён бўлади).

Ўзаро муҳаббат асосида уюшмасдан инсоний тарқоқликни идрок этиш – хижолатпазликнинг, уятчанликнинг негизи мана шунда. Айбдорлик ва хавотир-хадик илдизлари ҳам айни шунга келиб тақалади.

Шундай қилиб, энг теран инсоний эҳтиёж – бегоналашув, ётсирашни бартараф этиш, ёлғизлик тутқунлигидан халос бўлиш эҳтиёжи. Бунга асло эшириб бўлмаслиги ақлдан оздиради, чунки фақат ташқи оламдан бутунлай узилибгина якка-ёлғизлик ваҳимасидан халос бўлиш мумкин, бинобарин индивид бегоналашган, яъни унга бегона ташқи олам ғойиб бўлгандан кейин ёлғизлик ҳисси ҳам барҳам топади.

Исталган даврда ва исталган тарихий муҳитда яшаган инсон ягона муаммога: ёлғизлик ўпқонидан қандай хатлаб ўтиб, қандай қилиб яхлитликка эришиш, қандай қилиб махдудона ҳаёти ҳалқасини ёриб чиқиб, бошқалар билан бир жону бир танга айланиш муаммосига дуч келади. Бу — ибтидоий одам учун ҳам, сурув-подалари билан банед кўчманчи учун ҳам,мисрлик деҳқон учун ҳам, ўрта асрлар роҳиби учун ҳам, япон самурайи учун ҳам, замонавий мансабдор ёки ишчи учун ҳам баравар дахлдор муаммо. Илдизлари – инсоннинг ҳолати, унинг ҳаёти шарт-шароитлари ҳамон ўзгармай келаётгани учун ҳам бу муаммо ҳали ҳануз кун тартибида. Бироқ бу муаммо-саволга турлича жавоб берадилар. Жониворларга сиғиниш, инсоний қурбонликлар, ҳарбий забт этишлар, зеб-зийнатга ўчлик ва ҳеч нарсадан тап тортмаслик, таркидунёчилик ва фидокора меҳнат, бадиий ижод, Оллоҳга муҳаббат, Инсонга меҳру шафқат жавоб бўлиши мумкин. Жавоблар кўплигидан қатъий назар – уларнинг силсиласи башарият тарихини ташкил этади, улар чексиз даражада кўп эмас. Аксинча, аҳамиятсиз фарқлардан чалғиганимиз ҳамоно чекланган жавобларни пайқаймиз, уларни турли маданиятларга мансуб алломалар баён қилган. Дин ва фалсафа тарихи бутун ранг-баранглиги ва бутун чекланганлиги билан айни жавобларнинг тарихидир.

Бу саволга жавоб кўп жиҳатдан индивиднинг ўзлигини идрок этиш даражасига боғлиқ. Гўдакнинг ўз «Мен»и, шахсиятини идрок этиш туйғуси яхши шаклланмаган бўлади; у онасига боғланган, токи онаси ёнида экан, бегонасирамайди. Токи онасининг бағрида унинг кўкрагини, оналик меҳрини ҳис этар экан, ўзини ёлғиз сезмайди. Бола индивидуаллик ва алоҳидаликнинг муайян даражасига етиб, онасининг жисмоний ҳамроҳлиги кифоя қилмай қолгач, — бегоналашувни ўзгача тарзда бартараф этиш зарурияти пайдо бўлади.

Шу каби бутун инсоният ҳам тараққиётининг дастлабки босқичида ҳамон табиат билан уйғунликни ҳис этади.замин, жониворлар, ўсимликлар инсон учун ўзига хос олам ҳисобланади. У ўзлигини жониворларга менгайзи, бу жониворларнинг ниқобини кийишда, жониворларга маъбудадай сиғиниш ёки жониворлар сиймосидаги тангрига сиғинишда кўзга ташланади. Бироқ инсон бундай бошланғич ақидалардан халос бўла боргани сайин ёлғизликка чап беришнинг янги усулларини топиш эҳтиёжи ҳам кучайиб бораверади.

Бунга эришиш йўлларидан бири – хилма-хил маишатпарастликлар бўлиб, улар баъзида гиёванд моддалар таъсиридаги аутоген жазава шаклида ҳам бўлиши мумкин. Ибтидоий жамоаларнинг кўплаб расм-русумлари шундан далолат беради. жазава чоғида ташқи дунё бутунлай унутилади ва шу асно бегоналашув туйғуси ҳам барҳам топади. Бундай маросим ҳамжиҳатликда адо этилгани учун унга бутун тўда билан ҳис-ҳаяжонга берилиши ҳам қўшилади,бу эса жазаванинг таъсир кучини яна ҳам кучайтиради. Жинсий қониқиш ҳам жазава ёки гиёванд моддалар сингари кайфият пайдо қилади. Биргаликда жинсий алоқага киришиш кўплаб ибтидоий маросимларнинг таркибий қисми бўлган. Афтидан, мана шундай жинсий жазавани ҳис этган одам талай фурсат бегоналашув кайфиятидан изтироб чекмаган. Вақт ўтгани сайин кайфиятдаги кескинлик ва хавотир кучайгани боис маросимий амалларни адо этиш билан улар яна жиловланган.

Мана шу асно хилма-хил жазавага берилиш қабиланинг барча аъзолари учун одатий ҳол бўлгани боис айбдорлик ёки хижолатпазлик келтириб чиқармайди. Буларнинг барчаси оқилона, ҳатто ҳайрли иш ҳисобланади, чунки барча шундай қиляпти, қолаверса табиблар ва коҳинлар ҳам шунга даъват этадилар; шу боис уялиш ёки айбдорлик ҳисси учун ҳеч қандай асос йўқ. Бундай расм-русумлар отад тусини олмаган муҳитга мансуб индивиднинг айни шундай ишларга қўл уриши бошқа масала. Чунки ўзгача шарт-шароитда оммавий ҳирсиятга берилиш маишатпарастлик ва гиёвандлик сифатида қораланади. Бундай «оқилона фикрловчилар» орасига тушиб қолган индивидлар ўзларини гуноҳкор ҳисоблаб виждонан қийналадилар. Бегоналашув кайфиятидан фақат сархушлик йўли билан халос бўлишга уринган индивид жинсий қониқиш билан боғлиқ кечинмаларни бошдан кечирганидан кейин ўзини яна ҳам ёлғиз ҳис этади ва айни у воситаларга яна ҳам жадал рўжу қўяди. Шаҳвоний жазава бундан сал фарқ қилади, халос. Бу қайсидир даражада бегоналашувни бартараф этишнинг табиий ва одатий усули бўлиб, бегоналашув муаммосини қисман ҳал қилади. Айрим кишилар, айниқса, ўз ёлғизлигини қай асно енгиллаштиришни билмайдиганлар учун жинсий қониқишга интилиш деярли айни ичкиликбозлик ёки гиёвандлик сингари вазифаги адо этади. Бу бегоналашув юзага келтирган хавотирдан халос бўлишга беҳуда уриниш тусини олиб, бегоналашув туйғуси узлуксиз кучайишига олиб келади, чунки муҳаббатсиз жинсий алоқа оний ўзаро яқинликни таъминлаганидан қатъий назар рисоладагидек муносабатлар учун беназир восита бўла олмайди.

Ҳирсий жазаванинг барча шакллари учун муштарак уч хусусият мавжуд: булар кучли ва ҳатто ўта эҳтиросли; наинки инсон танаси, ҳатто қалбини – бутун аъзойи баданини жунбушга келтиради; ўткинчи тусга эга бу кечинмалар даўрий такрорланади. Жинсий қовушишнинг бошқа шакли эса бундан фарқланади. Қадимда одатий тусга эга ва ҳозир яна урф бўлиб бораётган бундай қовушиш усули тўдага, унинг урф-одатларига, турмуш тарзи ва эътиқодларига бўйсинишга асосланади. Бу шакл ҳам ўз тараққиёти давомида жиддий ўзгарди.

Ибтидоий қабила озчиликдан иборат; битта ҳудудда яшаётган қариндош-уруғларни бирлаштиради, холос. Тамаддун равнақ топгани сайин гуруҳдагилар сони ортади; бундан буён муайян полис — шаҳар фуқаролари, давлат фуқаролари, муайян диндошларни бирлаштиради. Ўта қашшоқ римлик ҳам «Мен – Рим фуқаросиман!» деб баралла жар сола билиши билан фахрланган; Рим ва Рим салтанати унинг учун оила, бошпана, бутун бошли олам. Бинобарин, замонавий Ғарб дунёсида гуруҳларга қўшилиш – бегоналашувдан қутилишнинг нисбатан кенг тарқалган усули. Шундай бирлашув воситасида индивидуал «Мен» деярли барҳам топади ва ўзини омманинг таркибий қисми билади. Башарти исталган бошқа бир одамга ўхшасам, бошқалардан фарқли ҳис-туйғуларим ва фикр-мулоҳазаларим йўқ экан, кийинишда, хулқ-атворда, фикр юритишда токи умумтомонидан эътироф этилган тамойилларга амал қилар эканман, — мен бехатарман; даҳшатли ёлғизлик азобидан ҳолиман. Диктатура дўқ-пўписа ва террор-зўравонлик воситасида, демократия эса ишонтириш ва тарғибот билан шундай итоатгўйликни қарор топтиради. Бу икки тузум-тартиб ўртасида, албатта, жиддий тафувут мавжуд. Демократик тузумларда итоат қилмаслик мумкин ва бутунлай йўқ эмас; тоталитар тузумда эса саноқли марди майдонлару азоб уқубатларга бардошли жафокашларгина итоат қилишдан бош тортадилар. Бироқ, бундай тафовутдан қатъий назар, демократик мамлакатларда ҳам итоатгўйлар, шубҳасиз, кўпчиликни ташкил этади. Гап шундаки, инсоний ўзаро бирлашув қондирилиши керак, ва башарти, бошқача, нисбатан яхшироқ усул токи йўқ экан, у ҳолда оммага, кўпчиликка итоат қилиш йўли билан бирлашиш устунлик қилади. Ва фақат бегоналашмаслик эҳтиёжини теран идрок қилибгина бошқалардай бўлиш, омма-оломондан лоақал бир қадам бўлса-да чекиниш ваҳимасини тўла-тўкис ҳис қилиш мумкин. Баъзан бу бўйсинмаслик ваҳимаси қайсар кимсага таҳдид солувчи шубҳасиз хавф-хатарга дуч келиб, оқилона тус олади. Лекин одамлар аслида аксарият итоатгўйликка мойил, Ғарб демократияси шароитида шундай ҳолат кузатилади. Аксарият одамлар итоат этиш эҳтиёжини сезмайдилар ҳам. Фақат ўз майли ва хоҳиш-истаги билан иш тутаётганига, индивидуалист эканига, фақат шахсий фикр-мулоҳаза юритиши асносида муайян хулосага келганига, фикр-мулоҳазалари кўпчиликнинг фикри билан уйғунлиги эса тасодиф эканига уларнинг ишончи комил. Якдиллик «уларнинг» фикр-мулоҳазаси тўғри эканини исботлайди. Ўзини маълум маънода индивидуал ҳисоблаш эҳтиёжи пайдо бўлса, аҳамиятсиз ҳолатлар билан қондирилади: дейлик қўл халтаси ёки кийимидаги битик, банк ғазначисининг шахсномаси, республикачилар эмас, демократлар партиясмига, ёки «Шрайнер»лар (Америкадаги «Мистик қадамжо» масон тиашкилоти аъзолари – тарж. изоҳи) жамиятига эмас, «Буғулар» (Америкадаги ҳайрия ташкилот- тарж. изоҳи) жамиятига мансублик билан – индивидуал ўзига хослик ёлғиз мана шу тафовутлар билан ифодаланади. «Бунақаси бўлмаган» қабиладиги реклама шиори бетакрорликка катта эҳтиёжнинг яққол далолати, ваҳолангки бетакрорлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Тафовутларни бартараф этиш билан боғлиқ тобора ортиб бораётган тамойил саноати ривожланган етакчи мамлакатларда ривожланган шаклдаги тенглик концепцияси билан чамбарчас боғлиқ. Диний нуқтаи назардан тенглик концепцияси барчамиз Яратган эгамнинг бандалари эканимизни, барчамиз илоҳий-илоҳий моҳиятга эга эканимиз, бани башарнинг бир тану бир жон экани уқтирилади. Бу шунингдек, индивидлар ўртасидаги тафовутлар ҳурмат-эҳтиромга лойиқ эканини, башарти бани башар бир тану бир жон экани тўғри бўлса, ҳар биримиз – бетакрор эканимиз ва ҳар бир инсон – бутун бошли коинот – олами суғро экани ҳам шубҳасиз. Индивиднинг бетакрор-беназирлигига оид фикр, масалан, Талмудда ҳам бор. Унда бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш бутун бир оламни қутқариш билан, бирон бир кимсанинг ҳаётига зомин бўлиш эса бутун бошли оламни ҳалокатга дучор этиш билан баробар экани уқтирилади. Маърифат даври файласуфлари ҳам тенглик-баробарликни индивидуаллик камол топишининг шарти деб билганлар. Бу (Кант аниқ баён қилганидек) ҳеч ким одам бошқа бирон кимсанинг мақсад-муддаоларига эришмоғида шунчаки восита бўлиб хизмат қилмаслиги кераклигини, барча одамлар тенг ҳуқуқли эканини, бани башар муайян мақсаднинг, ёлғиз мақсаднинггина моҳиятини ташкил қилгани боис бир бирлари учун восита бўла олмаслигини билдиради. Маърифат даври ғояларига эргашган турли мактабларнинг социалистик йўналишдаги мутафаккирлари тенгликни инсоннинг инсон томонидан хоҳ шафқатсиз ёҳуд хоҳ «инсонпарварона» эксплуатация қилинишининг барҳам топиши дея таърифладилар.

Ҳозир капиталистик жамиятларда «тенглик» тушунчасининг мазмун-моҳияти ўзгарди. «Тенглик» деганда автоматлар тенглиги, ўз индивидуаллигини бой берган одамлар тенглиги тушунилади. Тенглик эндиликда «якдиллик»дан кўра «якрангликни» билдиради. Бу – айни бир хил ишни адо этадиган, айни бир хил тарзда кўнгилхўшлик қиладиган, айни бир хил рўзнома-ҳафтанома-ойномаларни ўқийдиган , бир хилда ҳис қилиб, бир хил ўйлайдиган кишиларнинг янгранглиги. Шу нуқтаи назардан, дейлик, хотин-қизларнинг тенглиги сингари тараққиёт нишонаси тарзида кўкларга кўтарилаётган ютуқларимизга муайян шубҳа билан қарамоқ жоиз. Мен хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқли бўлишларига, албатта, қарши эмасман: бироқ бу саъй-ҳараатнинг ижобий жиҳатлари бизларни алдамаслиги керак. Бу тафовут-фарқларни йўқотиш умумий тамойилининг бир қисми, холос. Тенглик айни шунинг эвазига қўлга киритилади: хотин-қизлар эркаклар билан тенг ҳуқуқли, чунки эндиликда улар бир-бирларидан фарқ қилмайдилар. Маърифат даври фалсафаси илгари сурган: «Қалб жинсдан ҳоли» қоидаси тўла рўёбга чиқди. Жинслараро зиддият, қарама-қаршилик барҳам топаётир, шунинг баробарида айни шу зиддиятга асосланувчи эротик-жинсий муҳаббат ҳам барҳам топмоқда. Эркак ва аёл қарама-қарши қутблар сифатида тенг ҳуқуқли бўлиш ўрнига бир хил, якранг бўлиб қолди. Ҳозирги замон жамияти бу тенглик ғоясини индивидуалликдан ҳоли тарзда тарғиб қилаётир, чунки бани башарни яхлит механизм сифатида, тўхтовсиз ва узлуксиз фаолият юритишга мажбурлаш учун инсоний «атомлар»га муҳтож; барча айнан бир хил буйруқларга итоат қилгани ҳолда ҳар бир инсон гўё ўз хоҳиш-иродаси амри билан иш тутаётганига ишончи комил бўлиши кераклиги ҳам эътибордан соқит қилинмаган. Замонавий оммавий ишлаб чиқариш инсоннинг муайян қолип-андозага тушишини талаб қилганидек, ижтимоий тараққиёт ҳзам инсоннинг шундай ҳолга тушишини тақозо этаётир, айни шу стандартлашув «тенглик» дея талқин қилинмоқда.

Итоат воситасидаги бирлашув жўшқин, қайноқ хусусиятга эга эмас; бу мақсад-муддаога осойишталик билан, жорий тартиблар воситасида эришилиаётир, айни шу боис бегоналашув юзага келтирган хавотирланишга барҳам бериш учун аксарият ҳолларда кифоя қилмаётир. Ҳозир Ғарбда ичкиликбозлик, нашавандлик, маиший бузуқлик, худкушлик каби иллатларнинг авж олаётгани – оломонга эргашишнинг бехосият эканини исботлайди. Боз устига, бу асосан танага эмас, балки руҳиятга тегишли бўлиб, оргаистик ечимлар билан қиёслаганда яна битта бой бериш эканининг сабаби ҳисобланади. Оломонга бўйсинишнинг фақат битта афзаллиги бор: у доимий бўлиб, талбавасага тушишдан ҳоли. Индивид уч-тўрт ёшидаёқ итоат қилиш схемасига амал қила бошлайди ва кейинчалик оломон билан алоқани мутлақо узмайди. Ҳатто сўнгги муҳим ижтимоий вазифа ҳисобланувчи дафн маросими ҳам андоза-тамойилларга қатъий риоя қилинади.

Бегоналашув юзага келтирган хавотир-хадикни енгиллаштириш усули сифатидаги итоатгўйлик-бўйсиниш билан биргаликда ҳозирги турмуш тарзига хос яна бир омилни кўздан кечириш зарур: бу бир хил, одатий иш- меҳнат фаолияти ва бир хил, одатий кўнгилхушиклар омилидир. Инсон ҳар куни «тўққиздан-бешгача бир жой қозиқдай қоқиладиган», ишчи кучининг бир бўлаги ёки клерк ва менежерлар бюрократик кучининг бир қисмига айланаётир. Ташаббускорлик кўрсатишининг ҳожати йўқ, унинг вазифалари иш тақсимоти ила белгиланган; ҳатто хизмат пиллапоясининг юқори ва қу йи поғонасидагилар ўртасида ҳам сезиларли фарқ йўқ. Уларнинг барчаси ташкилотнинг умумий тузилиши аввалдан белгилаб берган вазифаларни, аввалдан белгиланган маромда ва аввалдан белгиланган усулда бажарадилар. Ҳатто кайфият-кечинмалар ҳам белгиланган: ҳаётсеварлик, сабр-тоқат, қатъиятлилик, шахсиятпарастлик, барча билан ҳеч қандай монеликларсиз муомала. Кўнгликхушликлар ҳам гарчи у қадар изчиллик билан бўлмаса-да, аввалдан белгиланган тартибда таклиф қилинади. Китобхонлик клублари китоб-рисолаларни таклиф қиладилар, фильмлар – киностдуиялар ва кинотеатрлар томонилан ва айни улар ҳақини тўлайдиган рекламлар воситасила тиқиштирилади; бошқалари ҳам муайян андозага солинган: якшанба куни автомобилда сайру саёҳат, телевизор, карта, кечки суҳбат-дийдорлашувлар. Туғилгандан сўнгги лаҳзагача, душанбадан душанбагача, эрта тонгдан ярим кечага қадар – барча хатти-ҳаракатлар дастурлаштирилган ва аввалдан белгиланган тартиб-қоида асосида адо этилади. Бу кундалик сийқа муҳит исканжасига тушиб қолган кимса асли инсон эканию бетакрор индивидуаллигини, фақат мана шу ягона яшаш имконияти, ўз орзу-умидлари ва пушаймон-надоматлари, ўз қайғу-ҳасратлари ва хавотир-хадиклари, қайноқ ишқ эҳтиёжи ҳамда бўшлиқ ва бегоналашув олдидаги ваҳима билан яшаш имконияти айни унга ҳадя қилинганлигини қандай қилиб ёддан чиқармасин?

Бирлашувга эришишнинг учинчи усули – ижодий фаолият, санъаткор ёки ҳунармад фаолияти. Исталган ижодий фаолиятда инсон ташқи олам тақдим қилувчи материал-ашёлар мажмуи ила бирлашиб, уйғунлашади. Хоҳ хонтахта ясаётган дурадгор, хоҳ зеб-зийнат ясаш билан банд заргару хоҳ ғалла етиштираётган деҳқон, хоҳ расм чизаётган мўйқалам устаси бўлсин – барча ҳолатларда ижодкор-бунёдкор билан унинг меҳнат воситаси уйғунлашади; инсон ижод жараёнида олам билан уйғунлашади. Бироқ бу фақат самарали меҳнат воситасида, яъни мен ўзим режалаштириб, ишлаб чиқариб ва ўз ишимнинг самараларини яққол кўра оладиган меҳнатга тааллуқли. Замонавий меҳнат жараёнида конвейрга чандилган хизматчи ёки ишчи меҳнатининг айни шу уйғунлаштирувчи хоссаси деярли бой берилади, ишчи-хизматчи бунда бюрократик меҳнат машинасининг атиги бир қисмига айланади. У ўзлигини бой берди – шу боис унинг учун дунё-олам билан бирлашув-уйғунлашув усуллари мавжуд эмас, фақат итоат қилиши –бўйсиниши мумкин.

Самарали меҳнат жараёнидаги бирлашув-уйғунлашув шахслараро хоссага эга эмас; оргиастик яхлитлашув воситасидаги бир бутунлик ўткинчи;итоатгўйлик-бўйинсиниш воситасилаги бирлик-бир бутунлик – сохта якдилликдан ўзга ҳеч вақо эмас. Шундай қилиб, буларнинг барчаси инсоний ҳаёт муаммоларининг қисман ҳал қилиниши, холос. Муаммони тўла-тўкис ҳал қилиш йўли – шахслараро якдилликка эришиш, бошқа инсон билан айни меҳр-муаббат воситасида бир жону бир танга айланишда.

Бошқа инсон билан якдилликка бундай эҳтиросли интилиш бошқа барча саъй-ҳаракатлардан устун, кучли. Бу энг асосий эҳтирос, бу оила, қабила, жамият, бутун бани башарни бир тану бир жонга айлантирувчи оханрабо. Бундай якдилликка эришолмаслик телбаликка ёки худкушликка олиб келади, бунда якка тартибдаги худкушлик ёҳуд ён-атрофдагиларнинг ҳаётига зомин бўлиш фарқ қилмайди. Инсоният меҳр-муҳаббатсиз бир кун ҳам яшай олмаган бўларди. Бироқ, «муҳаббат» шахслараро якдиллик воситаси эканини эътироф этиш асносида жиддий тўсиққа дуч келамиз. Бу борада якдилликка турли йўллар билан эришиш мумкин ва турли муҳаббат шакллари ўртасидаги фарқ ўхшашликлардан кам аҳамиятга эга эмас. Бу шаклларнинг барчасини «муҳаббат» дея оламизми? Ёки бу атамани Ғарб ва Шарқнинг кейинги тўрт минг йиллик тарихи мобайнидаги барча буюк инсонпарварона динлар ҳамда фалсафий таълимотлар хайрли эзгу муносабат сифатида эътироф этувчи бирон бир муҳим қовушув турига нисбатан қўллаганимиз маъқулми?

Гап муайян калом мазмун-моҳиятига келиб тақалганида ҳар доим бўлганидек бу саволга беихтиёр жавоб топиш мумкин. Фақат муҳаббат ҳақида гап борар экан, қандай бирлашув-қўшилувни назарда тутаётганимиз муҳим аҳамиятга молик – ҳаёт муаммоларининг оқилона ҳал қилинишиними ёки симбиотик алоқа ҳам дейиладиган думбул шакллариними? Қуйида мен муҳаббат деганда фақат дастлабки шаклни назарда тутаман. Лекин даставвал иккинчи шаклни кўриб чиқайлик.

Симбиотик алоқанинг биологик намунаси – она билан қурсоғидаги ҳамола ўртасидаги алоқа. Улар икки нафар, бундан қатъий назар яхлит, бир бутун. Улар «бирга» (юнонча: — sym — biosis) яшайдилар, улар бир-бирига муҳтож. Ҳомила – онанинг таркибий қисми, зарурий озиқларнинг барчасини онасидан олади; она – унинг олами; у ҳомилани озиқлантиради, муҳофаза этади, бироқ ўз навбатида ҳомила ҳам унга янги ҳаётий куч-қувват бағишлайди. Психологик симбиотик алоқада таналар бир-биридан мустақил, бироқ психологик нуқтаи назардан айни шу шаклдаги алоқа яққол кўзга ташланади.

Симбиотик алоқининг пассив шакли итоатгўйлик, ёки, тиббиёт тили билан айтганда – мазохизм ҳисобланади. Мазохист шахс бошқа бир кимсанинг таркибий қисмига айланиб, чидаб бўлмас ёлғизлик ва бегоналашув азобидан халос бўлади, бу кимса уни йўналтиради, йўлбошчилик қилади, паноҳига олади; ҳаётига, нафас оладиган ҳавосига айланадиган кимсанинг таркибий қисми бўлиб қолади. Бирон кимса ёки маъбуда эканидан қатъий назар ўзи итоат қиладиган сиймо-тимсол куч-қудратини бетимсол дея тасаввур қилади; у ғоят бетимсол, мен унинг қаршисида йўқ ҳисобиман, унинг таркибий қисми бўлганим учунгина арзимас қимматга эгаман. Таркибий қисми бўлганим боис унинг улуғворлиги, куч-қудрати, собит ғатъиятига доҳилман. Мазохист шахс ҳеч қачон ҳеч қандай қарорлар қабул қилмайди, ҳеч қачон тьаваккалчилик қилмайди, ҳеч қачон ёлғизланиб ҳам қолмайди; бироқ ҳеч қачон мустақил-эркин бўлолмайди; унга тўлақонли тўкислик, бир бутунлилик, тугаллик етишмайди; баайни думбулбойвачча. Диний нуқтаи назардан топиниш тарзи маъбудапарастлик, лекин дунёвий талқинда ҳам мазохистик муҳаббатга асоланувчи ўзаро муносабатлар мазмун-моҳиятига кўра — маъбудапарастлик. Мазохистик муносабат жисмонан жинсий мойиллик билан уйғунлашуви мумкин; бу ҳолда инсон нафақат қалбан, жисмонан ҳам муте бўлиб қолади. Тақдирга, хасталикка, поп-мусиқага, нашавандлик ёки гипноз оқибати ҳисобланувчи оргаистик ҳолатларга мазохистона мутеликлар учрайди – бу барча ҳолатларда шахс ўзлигидан юз ўгиради, бегона бирон кимса ёки воситанинг қуролига айланади, бунёдкорлик фаолияти воситасида ҳаёт муаммоларини ҳал қилишига ҳожат қолмайди.

Симбиотик алоқанинг фаол шакли – ҳукмдорона устунлик, ёҳуд, мазохизмга нисбатан берилган психологик атама билан айтганда – садизм. Садист шахс бошқа бир шахсни таркибий қисмига, итоатгўйига айлантириш воситасида тутқунликдан қутилишга, ёлғизлик чангалидан чиқишга уринади. У ўзига маьдудадай сиғинадиган бошқа шахсни таркибий қисмига айлантириб, куч-қудрат касб этади ва айни шу йўл билан таскин-тасалли топади.

Садист шахс ўзига итоатгўй шахс сингари бевосита ўзи ҳам айни шу шахсга бевосита боғлиқ; ҳар иккаласи ҳам бир-бирисиз яшай олмайди. Уларнинг фарқи шундаки, садист шахс буюради, зулм қилади, хўрлайди-ҳақоратлайди, азоблайди; мазохист кимса эса буйруқларга итоат этади, жабр-зулмга, ҳақорат ва азоб-уқубатларга тишини тишига қўйиб чидайди. Бир қараганда улар ўртасида жиддий фарқ бордек, бироқ бирмунча теран, эмоционал нуқтаи назардан қараганда тавофутларга нисбатан муштараклик-уйғунлик кўп: униси ҳам, буниси ҳам инсоний тугалликдан маҳрум кимсалар сифатида топишган. Шу ҳақиқатни англасак, инсон ўзини гоҳ садист шахс, гоҳида мазохист шахс сифатида тутаётганига ажабланмаймиз, — одатда турли тимсолларга нисбатан мана шундай муносабатда бўлинади. Гитлер халққа нисбатан, асосан, садистона муносабатда, бироқ тақдирга, тарихга, табиатнинг «олий хукмронлиги»га нисбатан мазохистларча муносабатда бўлган. Ва унинг ҳалокати – ялпи таназзул гирдобидаги худкушлиги – дунёга ҳукмронлик қилиш муддаоси сингари унга жуда ҳам мос ва хос.

Симбиотик боғлиғликка зид равишда оқилона-етук муҳаббат шахснинг яхлит-тугаллигини, унинг индивидуаллигини сақлаб қолувчи алоқа. Муҳаббат – инсонни ҳаракатлантирувчи, инсон билан биродарлари ўртасидаги тўсиқ-ғовларни бартараф қилувчи, бошқалар бир бир тану бир жонга айлантирувчи қудратли куч; муҳаббат инсонга ёлғизланиш ва бегоналашиш туйғуларини енгишда кўмаклашади ҳамда шу билан бирга ўзлигини йўқотмаслик, яхлитлиги-тугаллигини сақлаб қолиш имкониятини яратади. Муҳаббат парадокси шундаки, икки инсон ягона бир бутунга айланадилар ва айни пайтда икки шахс бўлиб қолаверадилар.

Муҳаббатни фаолият дея эътироф қилар эканмиз, биз, айни пайтда муайян монеликка дуч келамиз, бу «фаолият» сўзининг кўп қиррали мазмуни билан боғлиқ. «Фаолият» деганда муайян куч-ғайрат талаб қилувчи хатти-ҳаракатлар ва уларнинг натижасидаги ўзгаришлар назарда тутилади. Жумладан, бизнес билан шуғулланувчи, тиббиётни ўрганувчи, конвейрда ишловчи, хонтахталар ясаётган ёки спорт билан машғул одам тушунилади. Бу фаолият турларининг барчаси бирон-бир ташқи мақсадга эришишга йўналтирилгани боис муштара. Фаолият сабаблари эса инобатга олинмайди. Дейлик, бирон одам ёлғизлик ва бекорчиликдан қутилиш учун бирон-бир ишга қўл уради; ёки бошқа бир кимса шахсиятпарастлиги ёки очкўзлиги боис бирон ишнинг бошини тутади. Ҳар икки ҳолатда ҳам инсон ўз эҳтиросларининг қули ва унинг қизғин фаолияти аслида «сусткашлик», чунки у айни басир қизиққонлиги, эҳтиросининг амри билан иш тутаётир. Бу борада «амалий» тарзда эмас, балки феъл-атворидаги «қизиққонлик» боис «ишга зўр беряпти». Бошқа томондан, қўлини совуқ сувга ҳам урмаётган ва бирон бир мақсадсиз умргузаронлик қилаётган, фақат дунё билан яхлитлигини ҳис этаётган кимса ҳам «сусткаш», чунки ҳеч вақо қилмаётир. Бироқ мана шу муайян нуқтага йўналтирилган медитация ҳолати – имкони бор барча фаолият шаклларининг энг олий шакли: қалб фақат ботиний эркинлик ва мустақиллик шароитидагина ўзлигини намоён этади. Фаолиятнинг битта талқини – ҳозир қабул қилингани – ташқи мақсадга эришиш учун куч-қувват сарфлашни билдиради; фалолиятнинг бошқа маъноси эса инсоннинг ботиний куч-қуввати аъмолини ифодалайди, бунда айни шу саъй-ҳаракатлар натижасида ташқи дунёда бирон бир ўзгариш бўлиши ёки бўлмаслиги муҳим эмас. Бундай фаолият турини Спиноза жуда аниқ таърифлаган. У «фаол» ва «суст» таъсирлар – «ҳаракатлар» ва «эҳтирослар» ўртасидаги таъсирлар фарқини келтиради. Инсон фаол таъсири – «фаолияти» натижасида эркин, ўз таъсирининг ҳукмфармони; суст таъсир кўрсатиб эса инсон бирон-бир ташқи сабаб-туркиси билан иш тутади ва ўзи англаб етмаган ана шу сабаб-туркининг объектига айланади. Шу асно Спиноза қуйидагича хулоса чиқаради, қобилият ва эзгу амал – айни бир нарса (Қаранг: Спиноза Б. Этика. М.-Л., 1932.Ч.4.С.142). Ҳасад, рашк, шахсиятпарастлик, балои нафас, юҳолик – булар эҳтирослар; муҳаббат эса – ҳамиша фаолият, инсон куч-ғайратларининг рўёбга чиқиши, бу фақат эркин ҳолатда рўй беради ва аксинча мажбурлаган-зўрлаган билан етишиб бўлмайди.

Муҳаббат – пассив эффект эмас, балки фаолият, жўшқинлик; бу муайян кайфиятнинг асирига айланиш эмас, балки муайян кайфиятдан завқланиш (112-бетдаги муаллиф изоҳига қаранг). Муҳаббатнинг жўшқинлик хусусиятини умумий тарзда шундай таърифлаш мумкин: севиш – олмоқ эмас, аввало бермоқ, бахш этмоқ.

«Бермоқ, бахш этмоқ» нима? Дастлаб содда туюлган бу савол аслида ўта мавҳум ва мураккаб. «Бермоқ» сўзининг аксарият нотўғри, сохта талқини кенг ёйилган, хусусан «бериш» деганда бирон нарсани бутунлай бериб юбориш, нимадандир маҳрум бўлиш, ниманидир қурбон қилиш назарда тутилади. Ниманидир олиш, тасарруф этиш, ғамлаш-жамғариш тушунчасидан юксала олмаган кимсалар «бермоқ»ни шундай тушунадилар. «Бозор», олди-сотди психологиясига кўра фикрлайдиган кимса бажонидил ниманидир беради, бироқ шунинг эвазига, албатта, ниманидир қўлга киритиш пайида бўлади; эвазига бирон нарса олмасдан бирон нарса бериш – унинг учун алданиш билан баробар. «Самарасиз» фикрлаш тарзига эга кимсалар бирон нарса бериш асносида ўзларини қашшоқлашгандай сезади. Шу боис бундай қурумсоқлар имкон борича ҳеч нарса бермайди. «Бермоқ» — қурбон қилиш, ҳадя этиш деб ҳисобловчилар буни олижаноб фазилатга айлантирадилар. Уларнинг фикрича, кўнглига ғалаён солгани учун ҳам кимларгадир нималарнидир бериш зарур; бундай ҳотамтойликнинг ихтиёрийлиги шундаки, улар чин дилдан ҳадя қиладилар. «Олгандан берган афзал» деган аҳлоқий қоида улар учун «қувонгандан маҳрум бўлиш маъқул» эканини билдиради.

Самарали фаолиятга мослашган одамлар «бермоқ-бериш»ни тамомила бошқача талқин қиладилар. Бермоқ-бериш — қудратлиликнинг энг юксак намунаси. Кимгадир ниманидир бериш асносида куч-қудратимни, бой-бадавлат эканимни ҳис этаман. Ва бу беқиёс ҳаётий куч-қудрат ва салоҳият чексиз қувонч бахш этади. Ҳаётий жўшқинлик, тўлиб-тошаётган куч-қувватдан қалбим шодликка тўлади. Кимгадир ниманидир бера туриб, маҳрум бўлиб қолмасдан, аксинча бера туриб, яшаётганимни ҳис қилганим учун ҳам олишга нисбатан бериш шодлантиради.

Бу ҳақиқатдан ҳам адолатли қоида эканига аниқ мисолларга мурожаат қилиб, ишонч ҳосил қилиш қийин эмас. Бунга жинсий алоқалар энг одми мисол бўла олади. Эркак жинсий вазифасининг энг ёрқин намунаси беришдан иборат; эркак бутун борлиғини, жинсий аъзосини аёлга ҳадя этади. оргазм ҳолатида эса эрлик уруғини бахш этади. Башарти ҳақиқий эркак экан, бермаслигининг имкони йўқ; токи беролмаса, импотент – хунаса. Жинсий қовушиш аёл учун ҳам шу асно кечади, гарчи бу борада аёлнинг мавқеи анча мураккаб. У ҳам ўзлигини бахш этади; ўзининг аёллик меҳварига йўл беради; аёл ола туриб, беради; башарти фақат олсаю, беришни билмаса, фригидна. Бу «бериш» хусусиятини кейинчалик маъшуқа сифатида эмас, балки она сифатида намоён этади. У қурсоғида етилаётган ҳомилага бутун борлиғини бахш этади, кейинчалик гўдагига кўкрак сутини ва наинки тана ҳарорати, балки қалб қўрини ҳам бағишлайди. Борлиғини бахш қилмаслик унинг учун азоб-уқубатга айлаади.

Моддий жиҳатдан «бериш» — «бой бўлиш, бойлик орттириш» демак. Мол-мулки бисёр кимса эмас, балки меҳру муҳаббати зиёда одам бой-бадавлатдир. Мол-мулкини исталган талофатдан сақлайдиган зиқна йиққан-тергани ҳар қанча беҳисоб бўлмасин, психологик нуқтаи назардан — қашшоқ. Бера оладиган, бахш этадиган ҳотамтойгина бой-бадавлат. У бошқаларга ҳадя этиш салоҳиятига эга эканини ҳис этади ва фақат кун кечириш учун кифоя қиладиган чой чақасидан ортиқ ҳеч вақоси йўқ кимсагина моддий бирон нарса ҳадя этиш саодатидан маҳрум. Бироқ кундалик тажриба кўрсатишича, у ёки бу кимса тушунчасидаги ҳаёт учун зарур ўта оз маблағ миқдори унинг реал мол-мулки миқдоридан кўра бевосита феъл-атворига боғлиқ. Бойларга нисбатан камбағалларнинг қўли очиқ экани яхши маълум. Бундан қатъий назар қашшоқ шу даражага етиши мумкинки, ҳадя қиладиган ҳеч вақо қолмаслиги мумкин; оқибатда нафақат қашшоқлик сабабли, балки қашшоқ ҳадя қилиш саодатидан маҳрум бўлгани учун ҳам шахс таназзули бошланади.

Лекин энг муҳими – моддий эмас, балки инсоний қадриятлар, меҳру шафқат, хайрихоҳлик, диққат-эътибор сингари хусусиятларни бериш, бахш этиш муҳим. Бир одам бошқа бир кимсага нима бера олади? У ўзлигини, ҳаётини, бисотидаги энг қимматли ашёсини баҳам кўради. Бу ҳаётини ўзга инсон учун қурбон қилиши шарт дегани эмас, балки бисотида нимаики бўлса, шоду хуррамлиги, ғам-ғуссаси, фикр-мулоҳазалари, билими, кайфияти, орзу-умидларини биргаликда баҳам кўради. Инсон бор бисотини баҳам кўриш асносида, бошқа бир инсон ҳаётини бойитади, шу асно унинг, шунинг баробарида ўзининг ҳам ҳаётий куч-қувватини оширади. У олиш учун бермайди, бахш этмайди: бериш, ҳадя этиш – уни қувонтиради. Лекин инсон бериш асносида бошқа бир инсон ҳаётига шубҳасиз бирон-бир янгилик киритади, ўзгартиради, айни шу бирон бир янгилик у ёки бу тарзда ўзига қайтади; шу боис бериш, асносида, албатта, нимадир олади: ўзига қайтиб келадиган нарсани олади. Бериш асносида бошқа инсонни ҳам бағри кенгликка, ҳотамтойликка ундаймиз, ўзимиз сабабчиси бўлган бу бахтдан шу тариқа иковлашиб, биргаликда баҳраманд бўламиз. Икки киши ўзаро ниманидир бахш этиш асносида икки ўртада, албатта, нимадир юзага келади ва ўзлари учун яралган янги ҳаёт ҳар иккаласини мамнун этади. Бу қоидани бевосита муҳаббатга нисбатан қўлласак, муҳаббат айни муҳаббатни юзага келтирувчи куч экани аёнлашади; импотенлик эса муҳаббат яратишга яроқсизлик. Бу фикрни Маркс ёрқин ифодалаган: «Агар инсонни инсон дея, унинг дунёга муносабатини инсоний дея ҳисобласак, муҳаббатга муҳаббат, ишончга ишонч билан жавоб бериш мумкин. Санъатдан завқланиш учун етарли савия-малака зарур; бошқаларга таъсир кўрсата олиш учун одамларни ҳаракат қилишга ундай олиш, эргаштира билиш, қўллаб-қувватлаш керак. Инсон ва табиат билан қандай муносабатга киришманг, сизнинг реал, индиидуал ҳаётингизнинг иродангиз объектига мос муайян ифодаси бўлиши зарур. Муҳаббатингизга жавоб бўлмаса, яъни муҳаббатингиз муҳаббат пайдо қилмаса; башарти муҳаббат қўйиш  асносида муҳаббатга сазовор бўла олмасангиз, яъни севганингиз сизни севмаса, — муҳаббатингиз етарли даражада кучли эмас, демак, етилмаган-думбул муҳаббат». (Карл Маркс. «Nationalokonomie und Philosophie» («Национальная экономика и философия») (1844).

Лекин «бермоқ-бериш» фақат муҳаббатда «олмоқ-олиш»ни билдирмайди. Ўқитувчи ўқувчиларидан ўрганади. Актёрни томошабинлар илҳомлантиради, психотерапевт бемор туфайли даво топади – бунда улар бир-бирларига объект сифатида қарамайдилар, аксинча самимий ва самарали муносабатда бўладилар.

Бериш, бахш этишга асосланган муҳаббат шахс камолоти хусусиятларига боғлик эканини таъкидлашнинг ҳожати йўқ. Бу шуни билдарадики, шахс тобелик, шахсиятпарастлик, худбинлик, юҳоликка ва бошқаларга жабр-зулм қилишга мойилликдан воз кечиб, самарали фаолиятни кучайтириши керак; инсон ўз кучига ишониши, мурод-мақсадига етишда ўзига ишона билиши керак. Инсонда бу фазилат қанча оз камол топса, у беришдан, бинобарин севишдан шунча қўрқади.

Бундан ташқари, севмоқ нафақат ҳамиша бермоқ дегани, бу шунингдек ҳамиша ғамхўрлик қилиш, масъулиятни сезиш, эъзозлаш ва билиш демакдир. Бу ҳам муҳаббатни фаол намоён этиш хусусияти бўлиб, унинг барча шаклларига хос муҳим белгиси.

Муҳаббат ҳамиша ғамхўрлик экани онанинг болага меҳр-муҳаббатида айниқса яққол намоён бўлади. Она гўдагига ғамхўрлик қилмаса, вақтида озиқлантириб,оқ ювиб, оқ тарамаса, эртаю кеч атрофида гирдикапалак бўлмаса, чақалоғини жонидан ортиқ кўришига бизни ҳеч вақо ишонтира олмайди; ва аксинча, меҳрибон онанинг меҳру муҳаббати чексиз эканига ҳеч қачон шубҳаланмаймиз. Ҳатто ўсимликлар ва жониворларга меҳру шафқат ҳам шундай муносабатни тақозо этади. Агар аёл гулларни севишини даъво қилсаю аслида уларни суғориш ҳам хаёлидан фаромуш бўлаётганини кўрсак, унинг «муҳаббати»га ишонмаймиз. Муҳаббат – меҳримиз тушган одамга ғамхўрлик қилиш, ҳаёти ва фаровонлигидан манфаатдорликни билдиради. Шундай фаол ғамхўрликсиз муҳаббат йўқ. Муҳаббатнинг бу хоссаси Инжили шарифда, Иона ҳақидаги ривоятда гўзал ифодасини топган.

Худо Ионага Ниневияга бориб, ёвузликларга чек қўймасалар, муқаррар балога гирифтор бўласизлар, дея шаҳар аҳлини огоҳлантиришни амр қилди. Иона зиммасига юкланган вазифани адо этмайди, чунки Ниневия аҳли ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, тавба-тазарру қилса, Худо бағрикенглик билан авф этишидан чўчийди. Бу итоат қилиб ўрганган, бироқ меҳру муҳаббат бегона кимса. У зиммасидаги вазифадан бўйин товлашга уринади, бироқ қайсарлиги учун Худонинг қаҳрига учрайди – уни наҳанг ютиб юборади; наҳанг қурсоғида кечган ҳаёти – тутқунлик ва ёлғизлик рамзи. Ниҳоят, Худо уни озод этади ва Иона итоатгўйлик билан Ионага йўл олади. Худо амр қилганидек Ниневия аҳлига амри маъруф қилади. Ва кутилган ҳодиса рўй беради: одамлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, тавба-тазарру қиладилар. Худо уларнинг гуноҳидан кечади ва шаҳрини вайрон қилиш қарорини бекор қилади. Бундан Иона ранжиб, хафсаласи пир бўлади. У раҳму шафҳат кўрсатилишини эмас, адолатли ҳукм чиқарилишини кутганди. Худонинг амри билан қайноқ офтоб тафтидан Ионани сақлаш учун ўсган дарахт пойида Иона паноҳ топади, лекин Худо шундай қиладики, дарахт қурийди ва ранжиган Иона Худога нола қилади. Худо жавоб беради: «Сен заҳмат чекиб экиб-ўстирмаган дарахтга афсусланаяпсан, ҳолбуки у бир кечадаёқ ўсиб, бир кечадаёқ яна қуриб қолди. Наҳотки Мен Ниневия шаҳрига ачинмаслигим керак, ҳолбуки бу буюк шаҳарда бир юз йигирма мингдан зиёда, ўнг қўлини чапидан ажрата олмайдиган аҳоли яшайди ва сон-саноқсиз мавжудотлар бор», — дея жавоб беради (Иона.4:10-11). Бу рамзий жавоб. Худо муҳаббат моҳияти «заҳматдан, меҳнатдан», «ниманидир» ўстиришдан иборат, муҳаббат ва меҳнат чамбарчас боғлиқ, дея Ионага уқтиради. Меҳнат сарфланган нарса-ашё севимли-ардоқли-қадрли ва меҳр қўйган нарсагагина куч-ғайрат сарфланалар.

Ғамхўрлик билан муҳаббатнинг яна бир жиҳати – масъулият чамбарчас боғлиқ. Ҳозир масъулиятни мажбурият, ташқаридан зўрлаб тиқиштирилган бирон нарса билан чалкаштирадилар. Бироқ масъулият том маъноси билан – тўла-тўкис ихтиёрий хатти-ҳаракат; бу менинг ўзга бир инсоннинг эҳтиёжларига ифода этилган ёки ифода қилинмаган жавобим. «Масъулиятли» бўлиш – «жавоб бериш» қобилияти ва шунга тайёрлик демак. Иона Ниневия аҳли учун масъулиятни ҳис қила олмади. У ҳам Каин-Қобил каби «Мен ўз биродаримга қоровулманми?» дея сўраши мумкин эди. Кимки, севса, жавобгарлик, масъулиятни сезади. Биродарининг ҳаёти нафақат биродарига, айни пайтда бевосита унинг ўзига ҳам тааллуқли. У ўзига нисбатан масъулиятни қандай ҳис қилса, биродарлари учун ҳам шундай масъулиятни ҳис этади. Она билан чақалоқ мисолида эса масъулият энг аввало ғамхўрлик, жисмоний эҳтиёжлар билан боғлиқ. Катта ёшдаги кишилар ўртасидаги муҳаббатда эса даставвал ўзганинг кўнгил эҳтиёжларига тегишли.

Башарти севги-муҳаббатнинг учинчи таркибий қисми – ҳурмат-эҳтиром бўлмаганида эди, масъулият инсонга зуғум ўтказиш ва унга мол-мулкддай муносабатда бўлишгача тубанлашар эди. Ҳрмат-эҳтиром қўрқув ҳам, топиниш-сиғиниш ҳам эмас; ҳурмат-эҳтиром форсча бўлиб, аслан «эътибор кўрсатиш», «кузатиш» (шу тўғрими?) маъноларини билдиради. Бинобарин, бошқа инсонни асил ҳолида кўриб-тасаввур қилишни, индивидуаллигини идрок этиш демак. Инсонни ҳурмат қилиш, эъзозлаш- бетакрор камол топишидан манфаатдорликни билдиради. Шундай қилиб, ҳурмат қилиш, эъзозлаш муайян инсоннинг бошқа бир инсон муддаолари йўлида истеъфода этилишини истисно этади. Меҳрим тушган инсон менга хизмат қилишини эмас, аксинча ўзи учун ва ўзига хос камол топишини истайман. Башарти севсам, орзу-ниятларимга мос тарзда эмас, балки ўзимни аслида қандай бўлса, шу ҳолида меҳрим тушган инсон билан бир тану бир жон деб биламан. Фақат ўзим мустақил бўлиб, бирон бир кимсанинг кўмагисиз оёғимда тура олсам ва бемалол юра олсамгина ва ўз мақсадларим йўлида кимдандир фойдаланишга муҳтож бўлмасам, бошқа инсонни ҳурмат қилишим, эъзозлай олишим ҳам равшан. Фақат озодлик, эмин-эркинлик негизидагина ҳурмат қилиш, эъзозлаш мумкин: кўҳна француз қўшиқларидан бирида айтилганидек, «муҳаббат – эркинлик меваси»; ҳукмронлик эмас, балки айни эркинлик-озодлик самараси.

Бироқ инсонни яқиндан билмасдан ҳурмат қилиб, эъзозлаб бўлмайди; токи билим билиш-таниш воситасида йўналтирилмас экан, ғамхўрлик ва масъулият кўр-кўрона бўлиб қолаверади. Жонкуярлик ва манфаатдорлик тақозо этмаган билим-маълумот эса мазмун-маънидан ҳоли. Билим-маълумот турли даражада бўлиши мумкин; муҳаббат жиҳатларидан бири бўлган билим-маълумот ҳеч қачон юзаки бўлмайди, аксинча масаланинг ич-ичига, моҳиятигача етиб боради. Мен ўзимга оид ўй-ташвишларидан юксалиб, бошқа инсонни шахсий манфаатлари нуқтаи назаридан кўриб-идрок қила олсамгина, шундай нуктадонликка эришаман. Мен, масалан, ҳатто ғазабини билдирмай, очиқ ошкор қилмаса ҳам унинг ранжиганлигини, дейлик, пайқашим мумкин; бироқ уни яна ҳам яқиндан, яна ҳам теранроқ билишим мумкин ва шундагина ҳаяжони ва хавотирини пайқашим, уни ёлғизлик ва айбдорлик ҳисси қийнаётганини англайман. Шундагина дарғазаблигининг сабаби аллақандай жиддий норозилик ифодаси эканини сезиб, унинг сиқилаётгани ва ташвишланаётгани, нафақат ранжигани, ғазабланаётгани, балки азобланаётганини пайқайман.

Билим-маълумотлилик муҳаббат билан яна бир, боз устига жиддий жиҳатдан боғлиқ. Бегоналашувга тутқунликдан қутулиш мақсадида бошқа инсон билан бир тану бир жонга айланиш истак-хоҳиши яна бир ўзига хос инсоний истак-хоҳиш – «инсоний сир-синоат»ни англаш билан боғлиқ. Агар ҳаёт ҳатто биологик нуқтаи назардан ғаройиб ва сир-синоат бўлса, инсон — инсоний феъл-атвори билан ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам идрок қилиб бўлмайдиган сир-синоат. Мен ўзимни биламан, бироқ ҳар қанча уринганим билан, ботиний қиёфамни тасаввур қиа олмайман. Худди шундай ўзимга яқин кимсани ҳам биламан, бироқ бундан қатъий назар уни етарли даражада билмайман, чунки ўзим ҳам, қолаверса менга яқин кимса ҳам бирон-бир нарса-буюм эмас. Ўз ботин-моҳиятимизга ва яқин кимсанинг ботин-моҳиятига қанча чуқур кириб борсак, билим-маълумот олиш мақсадимиз шу қадар узоқлашаверади. Ва биз инсон қалбининг сир-синоатларини кашф этишга, инсон деб аталган сиймонинг мазмун-моҳиятини англашга бефарқ қарай олмаймиз.

Бу синоатни кашф этишнинг қалтис: бошқа инсон устидан чекланмаган хукмронликка, ўзимиз хоҳлаган ишларни қилишга, бизлар хоҳлагандек ўйлаш ва ҳис қилишга мажбурлай оладиган хукмронликка эришиш; инсонни менинг ашёмга, мол-мулкимга айлантирувчи ҳокимиятга эришиш усули мавжуд. Шу усул билан инсонни ўрганишга мойилликнинг ўтакетган хавфли шакли – садизм: бутун сир-асрорини чидолмасдан айтиши учун бошқа инсонни азоблаш, қийнаш, азият етказиш истаги ва қобилияти. Муайян инсоннинг, бинобарин шахсий «Мен»нинг сир-асрорини билиш йўлидаги мана шу эҳтиросли истак – шафқатсизлик ва вайронгарчиликларга интилишнинг асосий сабабларидан бири. Бу фикрни Исаак Бабель жуда аниқ ифодалаган. Россиядаги фуқаролар урушида қатнашган, собиқ хўжасини ўлгунча тепкилаган қаҳрамони шундай дейди: «Ўқ узиш билан, менимча, одамдан осонгина қутиласан… шунчаки ўқ узган билан инсоннинг қалби қандай эканию қандай қиёфаларга кира олишини билолмайсан. Бироқ мен ўзимга бешафқатман, мен, душманни бир соат ёки бир соатдан ортиқ тепкилайман, чунки ҳаёт асли қандайлигини билишни хоҳлайман…» (Бабель И. Избранное. Кемерово, 1966, с.72.).

Билиш-маълумот олишга ошкора бундай интилиш болаларда кузатилади. Болакай ичида нима борлигини билиш мақсадида ўйинчоқни синдиради; жонли мавжудоднинг сир-синоатини билишга интилиб, капалакнинг қанотларини шафқатсизлик билан узиб олади. Шундай қилиб, шафқатсизлик теран илдизга – буюм-ашёлар ва ҳаёт сир-синоатини билиш истагига эга.

«Сир» олиш, сир-асрорларни кашф этишнинг бошқа йўли – муҳаббат. Муҳаббат – бошқа мавжудодга фаол кириб бориш, сингиш бўлиб, унинг сиймосида билиш-маълумот олишга чанқоқлигим қовушув воситасида мурод ҳосил қилади. Қовушув воситасида мен ўзлигимни англайман, сени англайман, ҳар бир инсону ашёни идрок этаман, бироқ ҳеч қандай билимни «ўзлаштира олмайман». Мен бутун жонли мавжудод сир-синоатини мулоҳаза воситасида эмас, балки инсон учун ягона усул – айни шу қовушувни қирқ минг томирим ила ҳис этган ҳолда англайман. Садизм сир-асрорларни билиш эҳтиёжини юзага келтиради. Бироқ мен олдингидай жуда оз биламан. Мен жонли мавжудодни нимталаб ташлайман, бироқ оқибатда унинг бошига етаман – ортиқ натижага эриша омайман. Фақат муҳаббат — қовушув жараёнида – сир-синоатларни билиш истагимни қаноатлантиради. Фақат севиб, ўзингни маъшуқага бахшида этиб ва унинг бағрига сингиб, мен ўзгилимни топаман, кашф этаман, ҳар иккаламизни кашф этаман, мен инсонни кашф этаман.

Ўзлигингни ва яқин кишингни билишга эҳтиросли интилиш дельфиялик коҳиннинг «Ўзлигингни англа» ҳикматида акс этган. Айни шу ҳикматдан бутун психология юзага келган. Башарти истак-хоҳишларимиз инсонга оид барча билимларни ўзлаштиришга қаратилган, яъни унинг энг гизли сир-синоатини кашф этишга қаратилган экан, фақат мушоҳада ҳосиласи бўлган оддий-юзаки билимлар воситасида бу истакни қондириб бўлмайди. Ўзимизга оид билимларимиз минг чандон зиёда бўлса ҳам, ҳеч қачон масаланинг моҳиятига ета олмаймиз. Ўзимиз ҳам, ён-атрофимиздагилар ҳам мудом сир бўлиб қолаверади. Тўла-тўкис англаш, идрок қилишнинг ягона усули – фаол муҳаббат, яна ҳам аниқроғи меҳр-муҳаббат ила йўғрилган фаолият (муаллиф «муҳаббат-ҳаракат» дейди). Бу фаолият гап-сўзлар ва фикр-мулоҳазалар доирасини ёриб чиқади, чунки бу ўта кенг қамровли, эҳтиросли қовушув кечинмасидир. Бундан қатъий назар интеллектуал, яъни психологик билим – фаол, фаолиятли муҳаббатда тўла-тўкис англашнинг зарурий шарти. Мен бошқа бир инсонни, аниқроғи меҳрим тушган маъшуқани ва ўзимни холисона билишим, англашим учун, аслида қандай эканини билишим, ёки, аниқроқ қилиб айтганда, хомхаёлллар-тахминлардан халос бўлишим ва унга оид сохта тасаввурдан ҳоли бўлишим керак. Ва фақат ўзим учун шундай холисона тасаввур ҳосил қилгач, мен инсоннинг, маъшуқамнинг муҳаббат билан боғлиқ ўта гизли моҳиятини англай оламан (Изоҳ: замонавий Ғарб маданиятда психологиянинг ўрнига оид муҳим хулоса шундан келиб чиқади. Психологияга қизиқиш, шубҳасиз, инсон тўғрисидаги билимларга қизиқишни билдирса ҳам, бу айни пайтда мазкур маданиятга хос жиддий нуқсонни фош этади: одамлараро муносабатларда ҳозир меҳру муҳаббат етишмайди. Шундай қилиб, муҳаббатни билиш-ўзлаштириш, фан сифатида эгаллашда психологик билимларни тамал тоши сифатида фойдаланиш ўрнига психологик билимларнинг ўзи билангина кифояланмоқдалар).

Инсонни англаш муаммоси Худони англаш, идрок қилиш билан боғлиқ диний муаммо билан уйғун. Анъанавий Ғарб илоҳиёт фани Худони фикр-мулоҳаза воситада билишга, Худо ҳақида ақлий хулосалар чиқаришга уринаётир. Худони фикр-мулоҳаза воситада билиш, идрок қилиш мумкин, дея ҳисоблаётирлар. Монотеизмнинг қонуний ҳосиласи ҳисобланувчи мистицизм талқинига кўра (буни қуйида исботлашга уринаман) фикр-мулоҳаза юритиш воситасида Худони англаш-идрок қилиш инкор қилинади ва бу Оллоҳ билан бир бутунликни ҳис этиш билан алмаштириладики, бу борада Худога оид билимлар ҳожати йўқ ва умуман уларга ҳеч қандай эҳтиёж ҳам йўқ.

Инсон, дейлик, маъшуқ-маъшуқа билан, ёки, диний ибора билан айтганда, Оллоҳ билан бир тану бир жон бўлишни ҳис қилиш, идрок эта билиш ғайритабиийликдан ҳоли. Аксинча бу, Альбер Швейцер уқтирганидек, рационализмдан келиб чиқадиган жуда асосли ва жуда жиддий хулоса. Унинг негизини билимларимизнинг тасодифий чекланганлиги эмас, балки инсон ва Коинот сир-синоатини ҳеч қачон била олмаслигимиз, бироқ бундан қатъий назар амалий муҳаббат фаолияти воситасида муайян билимларни ўшлаштира олишимизга оид билим ташкил этади. Психология фан сифатида чекланган, ва мистицизм илоҳиёт тўғрисидаги фаннинг мантиқий натижаси бўлганидек, муҳаббат – психологиянинг зарурий ҳамда узил-кесил ҳосиласи.

Ғамхўрлик ва масъулият, ҳурмат-эҳтиром ва билим ўзаро боғлиқ. Бу балоғат ёшидаги, яъни ўз имконият-фазилатларини муттасил самарали бойитаётган, ялпи тасарруф этиш ва ялпи хукмфармонлик қилишга оид болаларча ҳавойи орзу ҳавасдан воз кечган, ботиний салоҳият юзага келтирган камсуқумлик-камтарлик хос инсон эга бўлиши зарур фазилатлар мажмуи. Бундай салоҳият эса фақат бунёдкор-яратувчи-ижодий фаолият воситасида қўлга киритилади.
Шу пайтгача муҳаббатни инсоний бегоналашувни бартараф этиш усули, эҳтиросли-қайноқ қовушув истагини қондириш сифатида талқин қилдим. Бироқ ялпи, экзистенциаль қовушув эҳтиёжидан ташқари бирмунча специфик, биологик талаб-эҳтиёж: эркак ва аёл қутбларнинг ўзаро қовушувга интилиши ҳам мавжуд. Дастлаб эркак ва аёл бир бутун бўлгани, кейинчалик эса улар роппа-роса икки жинсга ажратилгани ва ўшандан буён ҳар бир бағри яримта эркак бой берилган аёл ярмини ўзаро қовушиш учун ахтаришга маҳкумлигига оид афсонада жинсларнинг қарама-қарши қутбларга ажралиши ғояси ёрқин акс этган. (Инжили шарифда Одам Атонинг қобирғасидан Момо Ҳавво яратилганига оид ривоятда ҳам айни жинслар дастлаб яхлит-ялакат бўлгани нақл қилинади, лекин бу ривоятдан патриархализм, яъни ота, эркак устунлиги ақидасининг ҳиди келади ва унга нисбатан «аёл» иккинчи ўринга тушиб қолади). Бу афсонанинг мазмун-моҳияти тушунарли: жинсларнинг қарама-қаршилиги муайян жинсга мансуб инсонни бошқа жинсга мансуб инсон билан алоҳида, қовишув воситасида бирлашиш-яхлитланишга ундайди. Эркак ва аёл жинсларнинг қарама-қаршилиги ҳар бир эркак ва аёлнинг ботинида ҳам мавжуд. Эркак ва аёл танасида физиологик жиҳатдан қарама-қарши жинс гормонлари мавжуд экан, улар психологик жиҳатдан ҳам ҳар икки жинсга мансуб бўлиб, ҳар бирида қабул қилиш ва сингиш-кириб бориш ибтидоси, материя ва руҳ ибтидоси мавжуд. Эркак ва аёл фақат қарама-қарши жинс билан қовушиш воситасида моҳиятан яхлитлик касб этадилар. Бу қарама-қаршилик исталган жонзот-мавжудот негизини ташкил этади.

Айни шу эркак ва аёл қарама-қаршилиги инсон яралиши, дунёга келишининг негизини ташкил қилади. Биологик нуқтаи назардан бу шубҳасиз тарзда юзага чиқади: эркаклик уруғи ва аёл тухумдонининг қўшилуви асносида янги ҳаёт пайдо бўлади. Бироқ том маънодаги психологик нуқтаи назардан ҳам айни шундай жараён рўй беради: муҳаббат воситасида эркак ва аёл қайтадан дунёга келади. (Гомосексуалистларга хос ғайриоддий жинсий қовушувда қарама-қарши жинсларнинг бундай яхлитлигига эришиб бўлмайди, шу боис гомосексуалист енгиб бўлмайдиган, изтиробли ёлғизликдан азоб чекади; дарвоқе, севиш бахтидан маҳрум, нисбатан кўпчиликни ташкил қилувчи «эл қатори» кимсалар ҳам ёлғизлик азобини тортадилар.)

Эркак ва аёл ибтидосининг айни шундай қарама-қаршилиги табиатда ҳам; ва нафақат — шак-шубҳасиз — ҳайвонот ва наботот дунёсида, шунингдек қабул қилиш ва сингиш-кириб бориш билан боғлиқ икки асосий жараённинг қарама-қаршилигида ҳам мавжуд. Бу замин ва ёмғирнинг, кун билан туннинг, зулмат ва нурнинг, материя ва руҳнинг қарама-қаршилиги. Бу фикрни буюк мутасаввуф Жалолиддин Румий жуда гўзал ифодалаган:

Қай ошиқ муттасил ёрин ўйлагай,
Ёри ҳам муттасил йўлин пойлагай.

Дарди ишқ ошиқни айласа беҳол,
Маъшуқа учун ҳам хос ошуфта ҳол.

Эътиқод-имонга қўйсанг гар танда,
Оллоҳга бўлурсан севимли банда.

Қўллар қовушмаса басу басига,
Ким ҳам қулоқ тутар қарсак сасига.

Оллоҳ амри билан меҳри зиёда,
Бизлар бир-биримиз севдик дунёда.

Энг олий ва оддий кўҳна ҳақиқат,
Барча ўз тенгини ахтарар фақат.

Ошиқ гар самовот, маъшуқа Замин,
Самовот Заминни айлагай таъмин.

Зарур бўлса Ерга тафту ҳарорат,
Самодан ёғилгай ёғду, шарорат.

Оллоҳнинг раҳмати ёғар пайдар-пай,
Чаманзорлар сеҳри лол этар, бай-бай.

Таърифга сиғмас ҳеч Самовот сеҳри,
Кундан кун зиёда Заминнинг меҳри.

Самовот сеҳридан Ерга толе ёр,
Бағрида фарзандлар ўсар бахтиёр.

Токи ҳар аъмолин қиммат, нархи бор,
Севишган жонлардан қандай фарқи бор?!

Пайваста қилмас то муҳаббат сеҳри,
Уларни боғлаган қай ришта меҳри?!

Заминсиз унарми гулу чечаклар,
Ўт-ўлан, дов-дарахт, заррин печаклар?

Самодан ёғилган Оллоҳ раҳмати,
Бесамар кетарди барча заҳмати.

Келин ва куёвни пайваста қилган,
Муқтадир Оллоҳнинг билгани билган.

Дунёда баробар айлаб нисбатни,
Қовуштиргай мудом манфий-мусбатни.

Тун билан Кун ўхшар гар ғаним-қасдга,
Хизмат қилар бироқ битта мақсадга.

Банда қувват олмай Туннинг сеҳридан,
Баҳраманд бўлолмас Куннинг меҳридан.

Эрлик ва аёллик қарама-қаршилиги муаммоси билан боғлиқликда муҳаббат ва жинслар муносабатига оид яна айрим масалаларни кўриб чиқиш зарур. Фрейд муҳаббатни жинсий инстинкт ифодаси – ёки сублимация сифатида талқин этиб, жинсий майлнинг ўзи муҳаббат ва қовишув эҳтиёжининг кўринишларидан бири эканини инобатга олмасдан янглишганини айтгандим. (Қаранг, масалан, «Бегство от свободи» — «Эркинликдан қочиш» (119-бетдаги изоҳга қаранг). Илова: Инсон феъл-атвори ва ижтимоий тараққиёт. – Тарж. изоҳи). Бироқ Фрейд ўта жиддий янглишган. У физиологик-материалистик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда жинсий майлни кимёвий моҳиятга эга, енгилланишни тақозо этувчи изтиробли зўриқиш натижаси дея талқин этади. Жинсий майл мақсади – айни шу зўриқишдан халос топиш; айни шу асно халос топиш жинсий қониқиш демак. Башарти, жинсий майл очлик ёки ташналик сингари танага таъсир қилганда, бундай нуқтаи назар исботланган бўларди. Шу нуқтаи назарга биноан, жинсий майл қичиш-қичимага ўхшайди, жинсий қониқиш шу қичиш-қичимага барҳам беришдан ибоарт. Моҳиятан шу нуқтаи назарга амал қилинса, жинсий қониқишнинг энг оқилона йўли онанизм, капаки бўлиб чиқади. Фрейд, бу қанчалар парадоксал бўлмасин, сексуалликнинг психобиологик хоссасига – эрлик ва аёллик қарама-қаршилигига ва бу қарама-қаршиликни қовушув воситасида бартараф этиш истагига эътибор бермайди. Бу ғалати янглиш хулоса чиқаришига, эҳтимол, унинг патриархалликка ўта мойиллиги сабаб бўлгани эҳтимоддан йироқ эмас, оқибатда сексуаллик – моҳиятан – эркакларга хос хусусият бўлиб, специфик аёллар сексуаллигини инкор этади. Фрейд бу фикрни «Жинс назариясига оид масала тўғрисидаги уч мақола» асарида қайд эттаркан, эркак ёки аёлда пайдо бўлишидан қатъий назар, либидо, одатда, «эрлик табиатига эга» эканини эътироф этади. Фрейд ёш ўғил бола аёлни бичилган эркак сифатида тасаввур қилишию, аёл эса эрлик олати йўқлигини тури воситалар билан билдирмасликка уринишини эътироф қилишида ҳам юқоридаги фикр рационаллашган шаклда ифода этилган. Бироқ аёл бичилган эркак эмас, ва унинг сексуаллиги, жинсий майлида – табиатан эрлик хоссаси йўқ, балки специфик аёллик хусусияти мавжуд.

Жинсларнинг ўзаро майли жинсий зўриқишни бартараф этиш эҳтиёжи билан қисман изоҳланади; бу аввало қарама-қарши жинс билан қовушиш эҳтиёжи. Амалда эротик майл ёлғиз сексуал майл сифатида намоён бўлмайди. Феъл-атворда бўлганидек, сексуал вазифада ҳам эрлик ва аёллик хусусиятлари мавжуд. Эрлик хусусияти монелик-тўсиқларни баратраф этиш ва раҳбарлик салоҳияти, фаоллик-жўшқинлик, тартиб-интизом, омилкорлик-тадбиркорлик тарзида таърифланади; аёллик хусусиятига эса бажонидил қабул қилиш, меҳру шафқат қобилияти хос; аёллик феъл-атвори ҳаётни амалий идрок этиши, сабру тоқати, одамларга оналарча меҳр кўрсатиши билан ажралиб туради. (Ҳар бир индивидда ҳам эрлик, ҳам аёллик хусусиятлари мавжудлигини, бироқ муайян жинс вакилларида айни ўз жинси хоссалари устунлигини унутмаслик керак.) Агар эркак феъл-атворида эрлик хусусиятлари суст акс этса, яъни эмоционал, психологик жиҳатдан ёш болалигича қолган бўлса, бу нуқсонни билдирмасликка уриниб, жинсий муносабатларда эрлик мавқеига алоҳида аҳамият беради. натижада секс – жинсий алоқа чоғида эркаклик афзаллигини намоён қилишга эҳтиёж сезадиган Дон Жуан юзага келади, чунки феъл-атвор нуқтаи назаридан том маънодаги эркак эканига ишончи комил эмас. эрлик феъл-атвори хусусиятлари ўта етишмайдиган ҳолатларда уларнинг асосий – ва бузилган – ўрнини қопловчи хусусият садизм (зўравонликка мойиллик, интилиш) ҳисобланади. Аёллик хусусияларининг заифлиги ёки бузилган-айниган шакли мазохизм ёки мустақилликка интилиш кўринишини касб этади.

Сексга ошиғич аҳамият берганликда Фрейдни тез-тез айблайдилар. Бу танқид аксарият Фрейд таълимотидан консерватив кайфиятдаги кишиларни ғазаблантирган жиҳатларга чек қўйиш интилиши билан келиб чиққан. Фрейд буни жуда яхши биларди ва айни шу боис жинсларга оид назариясини ўзгартириш йўлидаги ҳар қандай уринишларга қаршилик кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам ўша кезларда Фрейд назарияси исёнкорона, инқилобий хусусиятга эга эди. Бироқ 1900 йилда тўғри назария орадан 50 йил ўтгач, ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмай қолди. Ҳулқ-атвор, аҳлоқий мезонлар шу даражада ўзгардики, Фрейд назарияси Ғарб жамиятининг ўрта бўғинини ортиқ ҳайратлантирмаётир, ва бугунги кунда ортодоксал психоаналитиклар фрейдона жинс назариясини ёқлаётганликлари боис ўзларини ҳамон дадил ва пешқадам ҳисоблаяптилар, бу — Дон Кихотга хос радикализм. Аслида психоанализнинг бу шакли – конформистик хусусиятга эга, зеро ҳозирги жамиятни танқид қилувчи психологик савол-муаммоларни кун тартибига қўйишга интилмайди.

Мен эса Фрейд назариясини сексга ошиғич аҳамият-баҳо бергани учун эмас, балки сексни етарли даражада теран англамагани учун танқид қиламан. Фрейд инсонлараро муносбатларда эҳтирослар аҳамиятини кафш этиш йўлида дастлабки қадамни ташлади; фалсафий нуқтаи назарига биноан уларни физиологик изоҳлашга уринди. Психоанализнинг бундан буёнги равнақи давомида Фрейд нуқтаи назарини тўғрилаш ва чуқурлаштириш, унинг физиологик кашфиётини биологик ва экзистенциализм нуқтаи назарига мослаштириш зарур (Изоҳ: Фрейд умри поёнидаги ҳаёт ва ўлим инстинктлари концепциясида бу йўналишда дастлабки қадамларни қўйди. Унинг синтез ва бирлашув-қовишув манбаи сифатидаги ҳаёт инстинкти (эрос) концепцияси либидога нисбатан тамомила бошқача концепция. Ортодоксал психоаналитиклар ҳаёт ва ўлим концепциясини қабул қилганларидан қатъий назар бу либидо концепциясини, хусусан, клиник тажриба нуқтаи назаридан фундатментал қайта кўриб чиқилишига олиб келмади).

Давоми бор

3888051250813754.jpg Bu kitobni o‘qiboq sevgi san’atini osongina o‘zlashtiraman, deb umid qilayotganlar yanglishadi. Aksincha, bu kitobda muhabbat – yetuklik maqomidan qat’iy nazar har bir inson mubtalo bo‘ladigan tuyg‘u ekanini isbotlamoqchimiz. Toki butun sa’y-harakatlarini shaxsiyatining to‘la-to‘kis kamol topishi, butun diqqat e’tiborini samarali faoliyatga sarflamas ekan; basharti yaqin yoru birodarlariga mehr qo‘ya olmas ekan; basharti chinakam kamtarlik, jasorat, e’tiqod va tartib-intizom toki begona ekan, sevgi-muhabbat bobidagi barcha urinishlar hech qanday naf keltirmasligiga kitobxonni ishontirmoqchimiz.

Erix FROMM
SЕVGI SAN’ATI (I)
Ruschadan Abduhamid Pardayev tarjimasi
009

Erich_Fromm.jpgFROMM (Fromm) Erix (1900.23.3, Frankfurt-Mayn — 1980.18.3, Muralto, Shveysariya) — amerikalik nemisnajod faylasuf, psixolog, sotsiolog, neofreydizm asoschisi. 1929- 32 yillarda Frankfurt-Mayndagi Ijgimoiy tadqiqotlar institutida ishlagan. 1933 yili AQSHga muhojir bo‘lib ketgan, hayotining so‘nggi o‘n yilida Shveysariyada yashagan. Falsafa, psixologiya, antropologiya, din sotsiologiyasi rivojlanishiga katta hissa qo‘shgan. O‘z ta’limotini «gumanistik psixoanaliz» deb atagan. Freyd biologizmidan chekinib, shaxs shakllanishida psixologik va ijtimoiy omillarning o‘zaro aloqalarini ochib berishga intilgan. Gumanizm nuqtai nazaridan psixoanalitik ijtimoiy sog‘lomlashtirish usullari yordamida, xususan, AQSHda, har tomonlama uyg‘un bo‘lgan, «sog‘lom jamiyat»ni vujudga keltirishni taklif etgan. Asosiy asarlari: «Erkinlikdan qochish» (1941), «Psixoanaliz va din» (1950), «Unutilgan til» (1951), «Sevish san’ati» (1956), «Inson qalbi» (1964), «Inson vayronkorligining anatomiyasi» (1973), «Ega bo‘lmoq yoki bor bo‘lmoq» (1976).

009

Kimki hech vaqoni bilmasa – hech vaqoni sevmaydi.
Kimning qo‘lidan biron-bir ish kelmasa – hech vaqoni tushunmaydi.
Kimki hech vaqoni tushunmasa – sariq chaqaga ham arzimaydi.
Kimning fahm-farosati bo‘lsa, sevadi ham, kuzatadi ham,anglaydi ham, tasavvur ham qiladi.
Bilim qancha kuchli bo‘lsa, mehr-muhabbat ham shuncha ziyoda.
Barcha mevalar qulpunay bilan bir vaqtda pishadi, deb o‘ylaydigan kimsa uzumni tasavvur ham qilolmaydi.
Paratsels

Muallifdan

Bu kitobni o‘qiboq sevgi san’atini osongina o‘zlashtiraman, deb umid qilayotganlar yanglishadi. Aksincha, bu kitobda muhabbat – yetuklik maqomidan qat’iy nazar har bir inson mubtalo bo‘ladigan tuyg‘u ekanini isbotlamoqchimiz. Toki butun sa’y-harakatlarini shaxsiyatining to‘la-to‘kis kamol topishi, butun diqqat e’tiborini samarali faoliyatga sarflamas ekan; basharti yaqin yoru birodarlariga mehr qo‘ya olmas ekan; basharti chinakam kamtarlik, jasorat, e’tiqod va tartib-intizom toki begona ekan, sevgi-muhabbat bobidagi barcha urinishlar hech qanday naf keltirmasligiga kitobxonni ishontirmoqchimiz. Ayni fazilatlar kamdan-kam uchraydigan muhitlarda sevgi-muhabbat ham kamyob. Qani, aytingchi: rosmana sevadigan qancha odamni bilasiz?

Biroq vazifaning murakkabligi uning asosiy mushkulotlarini oydinlashtirish va oqilona yechimini topishga urinishlardan voz kechishni oqlay olmaydi. Bayonni behuda murakkablashtirmaslik uchun sodda yozishga intildim. Shu bois muayyan adabiyotlardan ham nisbatan oz ko‘chirmalar keltirdim. Faqat avvalgi asarlarimda bayon etilgan fikr-mulohazalarni takrorlamaslikning uddasidan chiqa olmadim. Xususan, «Erkinlikdan qochish», «Inson faqat o‘zi uchun» va «Sog‘lom jamiyat» («Escape from Freedom», «A Man for Himself», «The Sane Sokiety») nomli asarlarim bilan tanish kitobxon ulardagi ko‘plab fikr-mulohazalarga yana duch keladi. Biroq sevgi san’ati avvalgi ilmiy-falsafiy fikr-mulohazalarimning mutlaqo shunchaki umumlashmasi emas. Kitobda ilgari aytilmagan ko‘plab mulohazalar bor va ayrim avvalgi fikr-mulohazalar yagona mavzu – sevgi san’ati atrofida jamlangani bois, tabiiyki, yana ham rivojlantirilgan.

I. SЕVGI – SAN’ATMI?

Sevgi, haqiqatdan ham, san’atmi? Basharti san’at bo‘lsa, mehnat va bilim talab qiladi. Balki bu faqat muayyan holatda mast qiluvchi, omad kulib boqsagina nasib etadigan mastona holatdir? Bu kitobda dastlabki taxminga tayanib, fikr yuritamiz, holbuki aksariyat, shubhasiz, keyingi talqinga qo‘shiladi. Ular muhabbatga yengil-yelpi qaraganliklari uchungina shunday xulosaga kelmagan. Aksincha, ular muhabbatga tashna, baxtli va baxtsiz sevgi to‘g‘risidagi ko‘plab filmlarni tomosha qiladilar va sevgini vasf etuvchi yuzlab siyqa qo‘shiqlarni tinglaydilar – biroq muhabbat bobida ishq dardiga qo‘shimcha yana nimalarnidir o‘qib-o‘rganish zarurligini hatto o‘ylab ko‘rgani ham dargumon. Bunday yondoshuv negizini, odatda, uni qo‘llab-quvvatlovchi bir yoki bir necha aqidalar tashkil etadi. Aksariyat uchun muhabbat muammosi – eng avvalo, qanday qilib bo‘lsa ham o‘zgalarning mehr-muhabbatini qozonishdan iborat, holbuki o‘zim qanday sevishim zarur deya bosh qotirishlari joiz, xullas hech kim kimgadir mehr-muhabbat qo‘yish borasida jiddiy mulohaza yuritmaydi. Shunday qilib, ular sevimli bo‘lish uchun nima qilish kerakligi borasida qayg‘uradilar. Bu maqsadga turli yo‘llar bilan intiladilar. Asosan erkaklarga xos bu usullardan biri – hayotda imkon boricha ko‘proq natijalarni qo‘lga kiritish, ijtimoiy maqom imkon bergan darajada yuqoriroq mansabga erishish va mol-mulk jamg‘arishdan iborat. Ayollar afzal biladigan usul esa jozibador bo‘lishga intilish, o‘ziga oro berish, so‘nggi rusumga binoan kiyinish kabilarni o‘z ichiga oladi. Jozibadorlikning boshqa usullari ham bor – ulardan erkaklar ham, ayollar ham foydalanadi: ibratli xulq-atvorni shakllantirish, xushmuomala-ibratli fe’l-atvor, xushmuomalalik, ko‘ngilchanlik, kamtarlik va andishali nazlokatlilik. Kimningdir mehrini qozonish bilan bog‘liq ko‘plab usullar – ayni paytda yutuqlarni qo‘lga kiritish, do‘stlar e’tiboriga sazovor bo‘lish va obro‘-e’tibor qozonishda ham qo‘l keladi. Mehr qozonishni aksariyat zamondoshlarimiz dilovarlik va jinsiy jozibadorlikning (sex-appeal) allaqanday uyg‘unligi deb biladilar.

Muhabbat borasida biron o‘zgarishning hojati yo‘q degan ikkinchi aqida – bu muhabbat muammosi qobiliyatga daxli yo‘q ma’shuq-ma’shuqa muammosi degan faraz hisoblanadi. Sevish oson, biroq muhabbatga munosib yoxud sevimli bo‘lish uchun arziydigan siymoni topish muammo, degan xomxayol pand beradi. bunday aqidaning negizi jamiyat rivojlanishiga borib taqaladi. Avvalo XX asrda «muhabbatga munosib» siymoni topishga munosabat keskin o‘zgardiviktorian davrida, muayyan tamoyillarga sodiq boshqa qator tamaddunlarda bo‘lganidek, kechinalik nikohga olib keladigan muhabbat bevosita shaxsiy kechingma bo‘lmagan. Aksincha, qiz-yigitlar bitishuv asosidla nikohlangan – yoki biron bir nufuzli oilalar yoxud sovchi vositachiligida yohud vositachilarsiz nikohlangan. Yigit-qizlar ijtimoiy nuqtai nazardan kelib chiqqan holda nikohdlan o‘tishgan. Muhabbat esa nikohdan keyin tug‘ilib, kuchayib boraveradi, de gan qida hukmronlik qilgan. Biroq G‘arbda so‘nggi bir necha avlod hayoti mobaynida romantik muhabbat deyarli uzil-kesil tanatan qildi. qo‘shma Shtatlarda garchi nikoh shartnoma asosida tuziladi degan tasavvur qaysidir ma’noda saqlanib kelayotgan bo‘lsa-da, ayni paytda aksariyat romanttik muhabbatga – keyinchalik oila qurishga olib keladigan shaxsiy kechinmaolarga tashna. Muhabbat bobida ayni shunday erkin yondoshuv tufayli, ehtimol, vazifa ahamiyatiga zid ravishda obyekt-siymoning ahamiyati ortdi.

Ayni shu omil bilan zamonamizga xos yana bir xususiyat chambarchas bog‘liq. Turmush tarzimiz tamomila imkon boricha ko‘proq mol-mulk xarid qilish, o‘zaro foydali ayirboshlash g‘oyasiga tayanadi. Zamondoshlarimiz do‘konlarning peshtaxtalarini yeb qo‘yguday ko‘zdan kechirish va hamyoni ko‘taradigan barcha lash-lushlarni naqd pulga yoki qarzga xarid qilishni baxt-saodat biladilar. Erkaklar (ayollar ham) odamlarga ham shunday nuqtai nazar bilan qaraydilar. Erkak uchun jozibador juvon yoki juvonning ko‘ziga olovday ko‘ringan yigitning – biron-bir ashyodan farqi yo‘q, har ikki holatda ham ular ayni ashyoga egalik qilishni xohlaydi. «Jozibador» atamasi odatda shaxslar bozorida xaridorgir ibratli fazilatlarning antiqa guldastasini ifodalaydi. Insonni ham jismonan, ham ruhan nima jozibador qilishi esa moda, ya’ni mavjud mezonlarga bog‘liq. 20-yillarda ichadigan va chekadigan, jismonan baquvvat va serhayajon qiz-juvonlar jozibador sanalgan. Hozir oilaparvar va kamtar juvonlarga talab katta. XIX asr oxirlarida va XX asr boshlarida erkaklar o‘ta qat’iyatli va izzattalab bo‘lishi ma’qul ko‘rilardi; hozir esa zaifalarni «ilintirish» uchun xushmuomala va sabr-toqatli bo‘lish zarur. Mahliyolik, ya’ni kimgadir mehr baxsh etish «hamyonimizga» mos, o‘zimizni ayirbosh qila oladigan kimsaga mahliyo bo‘lsakkina, mantiqiy ish tutgan bo‘lamiz. Men bitim tuzmoqchiman; mo‘ljalim –diqqat e’tiborimni jalb qilgan «nomzod» ijtimoiy qadr-qimmati jihatidan munosib bo‘lishi va ayni paytda oshkora va pinhon xususiyatlarimni hisobga olgan holda menga moyil bo‘lishi darkor. Binobarin, «nomzod»lar bozoridan ayirbosh qilinayotgan shaxsiy qadr-qimmati nuqtai nazaridan eng munosibini topdim, degan xulosaga har ikki tomon kelsagina, bir-birlariga muqabbat qo‘yadilar. Chinakam oldi-sotdida bo‘lganidek, aksariyat nikoh bitimi tuzilishida keyinchalik yuzaga chiqadigan pinhoniy imkoniyatlar va fazilatlar jiddiy ahamiyatga ega bo‘ladi. Toki bozor munosabatlariga yo‘nalgan ijtimoiy muhitda moddiy ustunlik hal qiluvchi o‘rin tutar ekan, muhabbat munosabatlarida ham ayni tovarlar bozorida va ishchi kuchi bozorida hukmronlik qilayotgan ayirboshlash tamoyillariga amal qilinishiga ajablanishning hojati yo‘q.

Muhabbat bobida biron bir hikmatni o‘rganishning hojati yo‘q, degan farazga olib keluvchi uchinchi noto‘g‘ri aqida, — bu «sevib qolish» iborasi bilan ifodalanadigan qisqa muddatli «boshlang‘ich» kechinmalar bilan «sevish» (Izoh: 1. Asliyatda so‘z o‘yini: «falling» in iove – «sevish, mahliyo bo‘lish», to‘g‘ridan-to‘g‘ri sevgi dardiga mubtalo bo‘lish», va being in love? Or as we minght better say… «standing» in iove – muhabbatni boshdan kechirish, yoki yana ham to‘g‘rirog‘i muhabbat tufayli «sehrlanganday mahliyo bo‘lish» ma’nolarini bildiradi) so‘zi bilan ifodalanadigan uzluksiz holatni chalkashtirishdir. Bir-biriga begona yigit va qiz – hammamiz singari – daf’atan begonalik tuyg‘usini bartaraf etib, bundan buyon ham jismonan, ham qalban kishilar ekanini his etgan holda bir tanu bir jonga aylanganiga imon keltirsalar – bu hayotda eng hayajonli, unutilmas lahzalar bo‘lib qoladi. Bu ayniqsa yakka-yolg‘iz, mehru muhabbatdan mosuvo kun kechirgan kishilarni ayniqsa hayratlantirib, hayajonga soladi. Jinsiy mayl va jismoniy yaqinlik natijasidagi yoki ayni arafada ro‘y bergan shunday holatlar tufayli bunday favqulodda o‘zaro yaqinlik jazavasi aksariyat ancha bosiladi. Biroq bunday muhabbat o‘zaro xususiyatiga binoan omonat. Ikavlon bir-birini tobora yaqindan bilgani sayin o‘zaro yaqinlik avvalgi jozibasini asta-sekin yo‘qotib, oxir-oqibat ularning to‘qnashuvi, afsus-nadomati va diqqatpazliklari dastlabki hayratdan qolgan barcha narsani yer bilan yakson qiladi. Biroq dastlabki kezlarda bu ularning hatto xayoliga ham kelmaydi: aslida ko‘r-ko‘rona, basir his-hayajonlar girdobini o‘zaro mehr-muhabbat qudratining isboti, deb hisoblaydilar, aslida esa bular ilgari qanchalik yakka-yolg‘iz bo‘lganining dalolati, xalos.

Bunday yondoshuv – ya’ni sevishdan osoni yo‘q degan taxmin, — juda keng tarqalgan muhabbat talqini bo‘lib, holbuki buning tamomila teskarisi ayni haqiqatdir. Shu qadar yorqin orzu-umidlar bilan kirishiladigan va ayni paytda shu darajada shiddat bilan barbod bo‘ladigan boshqa biron bir faoliyat, a’mol borligi dargumon. Basharti boshqa biron bir faoliyat turi haqida gap ketguday bo‘lsa, odam omadsizlik sabablarini jon-jahdi bilan aniqlashga va ularga chap berishga zo‘r bergan, yohud eng osoni, bunday ishni yig‘ishtirib qo‘ya qolgan bo‘lardi. Muhabbat borasida bunday ish tutishning imkoni yo‘qligi uchun, omadsizlikka yo‘ymaslikning yolg‘iz mos usuli mavjud – uning sabablarini sinchiklab tekshirish va muhabbat mohiyatini o‘rganishdir.

Bu yo‘nalishdagi dastlabki qadam – hayot san’at bo‘lgani singari muhabbat ham san’at ekanini har kim o‘zi uchun oydinlashtirib olishi zarur; basharti muhabbat ilmini o‘rganish-o‘zlashtirishni istasak, boshqa istalgan san’at turi – deylik, musiqa, tasviriy san’at, duradgorlik, tibbiyot yoki muhandislik san’ati bilan shug‘ullanish uchun nimaiki talab qilinsa, muhabbat ilmini o‘zlashtirish borasida ham ayni shunday yo‘ldan borish talab etiladi.
San’at cho‘qqilarini zabt etishda qanday dovonlardan o‘tiladi?

San’atni egallash jarayonini ikki qism: — nazariyasini va tajribasini o‘zlashtirish ga ajratish mumkin. Shifokor bo‘lish uchun inson tanasi a’zolarini va turi kasalliklarni o‘rganishim kerak. Bu nazariy bilimlarni egallaganimdan qat’iy nazar tibbiyot bobida mutlaqo vallomatlik da’vo qila olmayman. Men bu san’atni faqat puxta tajriba orttirgach, nazariy bilimlarim va amaliy ko‘nikmalarim uyg‘unlashib, istalgan san’atni egallashning mohiyati hisoblanuvchi botiniy sezgirlikni hosil qilgachgina bu san’atni o‘zlashtiraman. Biroq nazariya va tajribadan tashqari uchinchi omil ham bor: san’atni egallash favqulodda muhim ahamiyat kasb etishi, ayni shu san’atdan muhim hech vaqo bo‘lmasligi kerak. Bu musiqaga ham, tibbiyotga ham, durodgorlikka ham, hatto muhabbatga ham taalluqli. Zamondoshlarimiz muhabbat borasida oshkora omadsizlikka duch kelishiga qaramasdan ayni san’at sirlarini kamdan-kam o‘rganishga jazm qilishlari bilan bog‘liq savolga javob ayni mana shunday bo‘lishi ehtimoldan holi emas: ishq-muhabbatga ich-ichimizda qanchalar tashna bo‘lmaylik, muvaffaqiyat, obro‘-e’tibor, sarmoya, amal-mansab – deyarli butun kuch-g‘ayratimizni shu maqsadlarni qo‘lga kiritish yo‘llarini o‘rganishga safarbar etamiz, oxir-oqibat muhabbat san’atini egallash uchun holimiz qolmaydi.

Mo‘may daromad yoki obro‘-e’tibor keltiradigan bilimlarnigina mo‘’tabar bilib, «faqat» qalbimizga surur baxsh etib, zamonaviy nuqtai nazardan befoyda, bema’ni muhabbatni qanday qilib astoydil sa’y-harakat talab etmaydigan ermak hisoblash mumkin? Afsuski, biz shunday holat guvohimiz, va men bundan buyon ham yuqorida eslatilgan tavofutga amal qilaman: dastlab muhabbat nazariyasi — ta’limoti bayon etiladi, bu kitobning aksariyat qismini tashkil etadi, so‘ng muhabbat ko‘nikma-tajribasiga qisqa to‘xtalamiz, qisqa to‘xtalishimizning boisi, har qanday tajriba xususida muxtasar fikr-mulohazaning o‘zi kofiya.

II. MUHABBAT NAZARIYASI

1. Muhabbat – muammolar kaliti

Har qanday muhabbat nazariyasi inSon nazariyasi, insoniy hayot nazariyasidan boshlanishi zarur. Garchi jonzotlarda ham ishqiy mayl, yoki aniqrog‘i shunga o‘xshash qandaydir xususiyat ko‘zga tashlansa-da, bu mayl asosan instinkt bilan bog‘liq; bu instinktlar faqat inson fe’l-atvorida to‘la-to‘kis namoyon bo‘ladi. Inson hayoti uchun quyidagi dalil ayniqsa muhim, u hayvonot olami, ya’ni instiktiv moslashuv olamini tark etib, tabiat chegarasidan xatlab o‘ta olgan – holbuki bunda tabiat bag‘rini tark etmaydi; u – tabiatning tarkibiy qismi; biroq bundan qat’iy nazar tabiat iskanjalaridan xalos bo‘la olgani uchun ham ortiq ortga qayta olmaydi; basharti toki jannatdan quvg‘in qilinganmi – tabiat bilan dastlabki uyg‘unlik holatiga qaytishga urinsa, farishtalar olov qilichlar bilan yo‘lini to‘sadi. Bundan buyon «insoniyatgacha» «insoniyatdan oldingi» ajdodlarimizning toabad boy berilgan uyg‘unligi o‘rniga – yangi insoniy uyg‘unlikni shakllantira borib, tafakkurimizni tobora takomillashtirgan holda faqat olg‘a intilish lozim. Inson dunyoga kelar ekan – butun bashariyat yohud oddiy individ haqida gap borishidan qat’iy nazar – instinktlar singari shubhasiz makondan badarg‘a qilinadi va nomavhum, omonat, oshkora muhitga tushadi. Uning yolg‘iz o‘tmishdan ko‘ngli xotirjam, kelajak borasida esa ertami-kechmi vafot etishini biladi, xalos.

Inson – tafakkur sohibi; inson – o‘zligini idroda qila oluvchi hayot; u o‘zligini va o‘zi singari odamlarni, o‘tmishini va ehtimoliy kelajagini idrok qiladi. O‘zining kamyob mavjudodligini, o‘z xohish irodasiga zid tavallud topganiyu va o‘z xohish irodasiga zid vafot etajagini, tabiat va jamiyat kuchlari qarshisida ojizligini idrok etishi – bularning barchasi uning yakka-yolg‘iz, alohida chegirilgan hayotini chinakam jahannamga aylantiradi. Modomiki shu jahannamdan chiqa olmasa, o‘zga kishilar va tashqi olam bilan yo‘lini topib birlasha olmasa, aqldan ozadi.

Begonalik xadik-xavotir keltirib chiqaradi va pirovard-natijada ayni shu bois xavotir yuzaga keladi. Begonaga, yot kimsaga aylanish dunyodan uzilishni, bu esa insoniy kuch-quvvatni tasarruf etish imkoniyatidan mahrumlikni bildiradi. Shu bois – begonalashuv – chorasizga, atrof-muhitga, ashyolarga va odamlarga faol ta’sir ko‘rsata olmaslik demakdir; bu dunyo haq-huquqlarimga hamla qila olishini, men esa o‘zimni himoya qila olmasligimni bildiradi. Shunday qilib, begonalashuv – botiniy halovatsizlik, bezovtalik manbai. Boz ustiga, xijolatpazlik va aybdorlik hissini uyg‘otadi. Begonalashuv holatida xijolatpazlik va aybdorlikni boshdan kechirish Injili sharifdagi Odam Ato va Momo Havvo to‘g‘risidagi rivoyatda tilga olingan. Odam Ato bilan Momo Havvo «ezgu va yovuz bilimlar daraxti» mevasini totib ko‘rgach, ular itoatgo‘ylikdan bosh tortgach (itoatgo‘ylik imkoni qolmagach, bu ezgu ham, yovuz ham sanalmaydi), tabiat bilan boshlang‘ich tabiiy uyg‘unlikdan xalos bo‘lib, insonga aylangach, ya’ni insoniy qiyofa kasb etgach, «ko‘zlari yarq etib ochilib, yalang‘och ekanliklaridan voqif bo‘ldilar» (Bit. 3:7) va ular uyalgandan xijolatga tushdilar. Ro‘yi zamin kabi qo‘hna bu rivoyatda XIX asrga xos munofiqona xulq-atvor mujassamligini bildiradimi va eng muhimi unda tilga olingan – Odam Ato va Momo Havvo jinsiy a’zolari ochilib qolgani bois xijolatga tushdilarmi? Bunday bo‘lishi dargumon. Basharti bu rivoyatni Viktorian davri nuqtai nazaridan tahlil qilguday bo‘lsak, muhim jihatni e’tibordan chetda qoldiramiz. Bu rivoyatda, eng muhim jihat, chamasi, shundaki, erkak va ayol o‘zligini va bir-birlarini idrok qilgan holda turli qarama-qarshi jinsga mansub ekanliklari bilan bog‘liq farqni va alohida maqomini anglab yetdilar. Alohida maqom va tafovutni tan olganlaridan qat’iy nazar yetti yot begonalarday bir-birlaridan yotsirardilar, chunki ularda o‘zaro muhabbat paydo bo‘lmagandi (Odam Ato Momo Havvoni himoya qilish o‘rniga uni aybsitib, o‘zini oqlaganida bu ayniqsa yaqqol ayon bo‘ladi).

O‘zaro muhabbat asosida uyushmasdan insoniy tarqoqlikni idrok etish – xijolatpazlikning, uyatchanlikning negizi mana shunda. Aybdorlik va xavotir-xadik ildizlari ham ayni shunga kelib taqaladi.

Shunday qilib, eng teran insoniy ehtiyoj – begonalashuv, yotsirashni bartaraf etish, yolg‘izlik tutqunligidan xalos bo‘lish ehtiyoji. Bunga aslo eshirib bo‘lmasligi aqldan ozdiradi, chunki faqat tashqi olamdan butunlay uzilibgina yakka-yolg‘izlik vahimasidan xalos bo‘lish mumkin, binobarin individ begonalashgan, ya’ni unga begona tashqi olam g‘oyib bo‘lgandan keyin yolg‘izlik hissi ham barham topadi.

Istalgan davrda va istalgan tarixiy muhitda yashagan inson yagona muammoga: yolg‘izlik o‘pqonidan qanday xatlab o‘tib, qanday qilib yaxlitlikka erishish, qanday qilib maxdudona hayoti halqasini yorib chiqib, boshqalar bilan bir jonu bir tanga aylanish muammosiga duch keladi. Bu — ibtidoiy odam uchun ham, suruv-podalari bilan baned ko‘chmanchi uchun ham,misrlik dehqon uchun ham, o‘rta asrlar rohibi uchun ham, yapon samurayi uchun ham, zamonaviy mansabdor yoki ishchi uchun ham baravar daxldor muammo. Ildizlari – insonning holati, uning hayoti shart-sharoitlari hamon o‘zgarmay kelayotgani uchun ham bu muammo hali hanuz kun tartibida. Biroq bu muammo-savolga turlicha javob beradilar. Jonivorlarga sig‘inish, insoniy qurbonliklar, harbiy zabt etishlar, zeb-ziynatga o‘chlik va hech narsadan tap tortmaslik, tarkidunyochilik va fidokora mehnat, badiiy ijod, Ollohga muhabbat, Insonga mehru shafqat javob bo‘lishi mumkin. Javoblar ko‘pligidan qat’iy nazar – ularning silsilasi bashariyat tarixini tashkil etadi, ular cheksiz darajada ko‘p emas. Aksincha, ahamiyatsiz farqlardan chalg‘iganimiz hamono cheklangan javoblarni payqaymiz, ularni turli madaniyatlarga mansub allomalar bayon qilgan. Din va falsafa tarixi butun rang-barangligi va butun cheklanganligi bilan ayni javoblarning tarixidir.

Bu savolga javob ko‘p jihatdan individning o‘zligini idrok etish darajasiga bog‘liq. Go‘dakning o‘z «Men»i, shaxsiyatini idrok etish tuyg‘usi yaxshi shakllanmagan bo‘ladi; u onasiga bog‘langan, toki onasi yonida ekan, begonasiramaydi. Toki onasining bag‘rida uning ko‘kragini, onalik mehrini his etar ekan, o‘zini yolg‘iz sezmaydi. Bola individuallik va alohidalikning muayyan darajasiga yetib, onasining jismoniy hamrohligi kifoya qilmay qolgach, — begonalashuvni o‘zgacha tarzda bartaraf etish zaruriyati paydo bo‘ladi.

Shu kabi butun insoniyat ham taraqqiyotining dastlabki bosqichida hamon tabiat bilan uyg‘unlikni his etadi.zamin, jonivorlar, o‘simliklar inson uchun o‘ziga xos olam hisoblanadi. U o‘zligini jonivorlarga mengayzi, bu jonivorlarning niqobini kiyishda, jonivorlarga ma’budaday sig‘inish yoki jonivorlar siymosidagi tangriga sig‘inishda ko‘zga tashlanadi. Biroq inson bunday boshlang‘ich aqidalardan xalos bo‘la borgani sayin yolg‘izlikka chap berishning yangi usullarini topish ehtiyoji ham kuchayib boraveradi.

Bunga erishish yo‘llaridan biri – xilma-xil maishatparastliklar bo‘lib, ular ba’zida giyovand moddalar ta’siridagi autogen jazava shaklida ham bo‘lishi mumkin. Ibtidoiy jamoalarning ko‘plab rasm-rusumlari shundan dalolat beradi. jazava chog‘ida tashqi dunyo butunlay unutiladi va shu asno begonalashuv tuyg‘usi ham barham topadi. Bunday marosim hamjihatlikda ado etilgani uchun unga butun to‘da bilan his-hayajonga berilishi ham qo‘shiladi,bu esa jazavaning ta’sir kuchini yana ham kuchaytiradi. Jinsiy qoniqish ham jazava yoki giyovand moddalar singari kayfiyat paydo qiladi. Birgalikda jinsiy aloqaga kirishish ko‘plab ibtidoiy marosimlarning tarkibiy qismi bo‘lgan. Aftidan, mana shunday jinsiy jazavani his etgan odam talay fursat begonalashuv kayfiyatidan iztirob chekmagan. Vaqt o‘tgani sayin kayfiyatdagi keskinlik va xavotir kuchaygani bois marosimiy amallarni ado etish bilan ular yana jilovlangan.

Mana shu asno xilma-xil jazavaga berilish qabilaning barcha a’zolari uchun odatiy hol bo‘lgani bois aybdorlik yoki xijolatpazlik keltirib chiqarmaydi. Bularning barchasi oqilona, hatto hayrli ish hisoblanadi, chunki barcha shunday qilyapti, qolaversa tabiblar va kohinlar ham shunga da’vat etadilar; shu bois uyalish yoki aybdorlik hissi uchun hech qanday asos yo‘q. Bunday rasm-rusumlar otad tusini olmagan muhitga mansub individning ayni shunday ishlarga qo‘l urishi boshqa masala. Chunki o‘zgacha shart-sharoitda ommaviy hirsiyatga berilish maishatparastlik va giyovandlik sifatida qoralanadi. Bunday «oqilona fikrlovchilar» orasiga tushib qolgan individlar o‘zlarini gunohkor hisoblab vijdonan qiynaladilar. Begonalashuv kayfiyatidan faqat sarxushlik yo‘li bilan xalos bo‘lishga uringan individ jinsiy qoniqish bilan bog‘liq kechinmalarni boshdan kechirganidan keyin o‘zini yana ham yolg‘iz his etadi va ayni u vositalarga yana ham jadal ro‘ju qo‘yadi. Shahvoniy jazava bundan sal farq qiladi, xalos. Bu qaysidir darajada begonalashuvni bartaraf etishning tabiiy va odatiy usuli bo‘lib, begonalashuv muammosini qisman hal qiladi. Ayrim kishilar, ayniqsa, o‘z yolg‘izligini qay asno yengillashtirishni bilmaydiganlar uchun jinsiy qoniqishga intilish deyarli ayni ichkilikbozlik yoki giyovandlik singari vazifagi ado etadi. Bu begonalashuv yuzaga keltirgan xavotirdan xalos bo‘lishga behuda urinish tusini olib, begonalashuv tuyg‘usi uzluksiz kuchayishiga olib keladi, chunki muhabbatsiz jinsiy aloqa oniy o‘zaro yaqinlikni ta’minlaganidan qat’iy nazar risoladagidek munosabatlar uchun benazir vosita bo‘la olmaydi.

Hirsiy jazavaning barcha shakllari uchun mushtarak uch xususiyat mavjud: bular kuchli va hatto o‘ta ehtirosli; nainki inson tanasi, hatto qalbini – butun a’zoyi badanini junbushga keltiradi; o‘tkinchi tusga ega bu kechinmalar dao‘riy takrorlanadi. Jinsiy qovushishning boshqa shakli esa bundan farqlanadi. Qadimda odatiy tusga ega va hozir yana urf bo‘lib borayotgan bunday qovushish usuli to‘daga, uning urf-odatlariga, turmush tarzi va e’tiqodlariga bo‘ysinishga asoslanadi. Bu shakl ham o‘z taraqqiyoti davomida jiddiy o‘zgardi.

Ibtidoiy qabila ozchilikdan iborat; bitta hududda yashayotgan qarindosh-urug‘larni birlashtiradi, xolos. Tamaddun ravnaq topgani sayin guruhdagilar soni ortadi; bundan buyon muayyan polis — shahar fuqarolari, davlat fuqarolari, muayyan dindoshlarni birlashtiradi. O‘ta qashshoq rimlik ham «Men – Rim fuqarosiman!» deb baralla jar sola bilishi bilan faxrlangan; Rim va Rim saltanati uning uchun oila, boshpana, butun boshli olam. Binobarin, zamonaviy G‘arb dunyosida guruhlarga qo‘shilish – begonalashuvdan qutilishning nisbatan keng tarqalgan usuli. Shunday birlashuv vositasida individual «Men» deyarli barham topadi va o‘zini ommaning tarkibiy qismi biladi. Basharti istalgan boshqa bir odamga o‘xshasam, boshqalardan farqli his-tuyg‘ularim va fikr-mulohazalarim yo‘q ekan, kiyinishda, xulq-atvorda, fikr yuritishda toki umumtomonidan e’tirof etilgan tamoyillarga amal qilar ekanman, — men bexatarman; dahshatli yolg‘izlik azobidan holiman. Diktatura do‘q-po‘pisa va terror-zo‘ravonlik vositasida, demokratiya esa ishontirish va targ‘ibot bilan shunday itoatgo‘ylikni qaror toptiradi. Bu ikki tuzum-tartib o‘rtasida, albatta, jiddiy tafuvut mavjud. Demokratik tuzumlarda itoat qilmaslik mumkin va butunlay yo‘q emas; totalitar tuzumda esa sanoqli mardi maydonlaru azob uqubatlarga bardoshli jafokashlargina itoat qilishdan bosh tortadilar. Biroq, bunday tafovutdan qat’iy nazar, demokratik mamlakatlarda ham itoatgo‘ylar, shubhasiz, ko‘pchilikni tashkil etadi. Gap shundaki, insoniy o‘zaro birlashuv qondirilishi kerak, va basharti, boshqacha, nisbatan yaxshiroq usul toki yo‘q ekan, u holda ommaga, ko‘pchilikka itoat qilish yo‘li bilan birlashish ustunlik qiladi. Va faqat begonalashmaslik ehtiyojini teran idrok qilibgina boshqalarday bo‘lish, omma-olomondan loaqal bir qadam bo‘lsa-da chekinish vahimasini to‘la-to‘kis his qilish mumkin. Ba’zan bu bo‘ysinmaslik vahimasi qaysar kimsaga tahdid soluvchi shubhasiz xavf-xatarga duch kelib, oqilona tus oladi. Lekin odamlar aslida aksariyat itoatgo‘ylikka moyil, G‘arb demokratiyasi sharoitida shunday holat kuzatiladi. Aksariyat odamlar itoat etish ehtiyojini sezmaydilar ham. Faqat o‘z mayli va xohish-istagi bilan ish tutayotganiga, individualist ekaniga, faqat shaxsiy fikr-mulohaza yuritishi asnosida muayyan xulosaga kelganiga, fikr-mulohazalari ko‘pchilikning fikri bilan uyg‘unligi esa tasodif ekaniga ularning ishonchi komil. Yakdillik «ularning» fikr-mulohazasi to‘g‘ri ekanini isbotlaydi. O‘zini ma’lum ma’noda individual hisoblash ehtiyoji paydo bo‘lsa, ahamiyatsiz holatlar bilan qondiriladi: deylik qo‘l xaltasi yoki kiyimidagi bitik, bank g‘aznachisining shaxsnomasi, respublikachilar emas, demokratlar partiyasmiga, yoki «Shrayner»lar (Amerikadagi «Mistik qadamjo» mason tiashkiloti a’zolari – tarj. izohi) jamiyatiga emas, «Bug‘ular» (Amerikadagi hayriya tashkilot- tarj. izohi) jamiyatiga mansublik bilan – individual o‘ziga xoslik yolg‘iz mana shu tafovutlar bilan ifodalanadi. «Bunaqasi bo‘lmagan» qabiladigi reklama shiori betakrorlikka katta ehtiyojning yaqqol dalolati, vaholangki betakrorlik haqida gap ham bo‘lishi mumkin emas.

Tafovutlarni bartaraf etish bilan bog‘liq tobora ortib borayotgan tamoyil sanoati rivojlangan yetakchi mamlakatlarda rivojlangan shakldagi tenglik konsepsiyasi bilan chambarchas bog‘liq. Diniy nuqtai nazardan tenglik konsepsiyasi barchamiz Yaratgan egamning bandalari ekanimizni, barchamiz ilohiy-ilohiy mohiyatga ega ekanimiz, bani basharning bir tanu bir jon ekani uqtiriladi. Bu shuningdek, individlar o‘rtasidagi tafovutlar hurmat-ehtiromga loyiq ekanini, basharti bani bashar bir tanu bir jon ekani to‘g‘ri bo‘lsa, har birimiz – betakror ekanimiz va har bir inson – butun boshli koinot – olami sug‘ro ekani ham shubhasiz. Individning betakror-benazirligiga oid fikr, masalan, Talmudda ham bor. Unda bir inson hayotini saqlab qolish butun bir olamni qutqarish bilan, biron bir kimsaning hayotiga zomin bo‘lish esa butun boshli olamni halokatga duchor etish bilan barobar ekani uqtiriladi. Ma’rifat davri faylasuflari ham tenglik-barobarlikni individuallik kamol topishining sharti deb bilganlar. Bu (Kant aniq bayon qilganidek) hech kim odam boshqa biron kimsaning maqsad-muddaolariga erishmog‘ida shunchaki vosita bo‘lib xizmat qilmasligi kerakligini, barcha odamlar teng huquqli ekanini, bani bashar muayyan maqsadning, yolg‘iz maqsadninggina mohiyatini tashkil qilgani bois bir birlari uchun vosita bo‘la olmasligini bildiradi. Ma’rifat davri g‘oyalariga ergashgan turli maktablarning sotsialistik yo‘nalishdagi mutafakkirlari tenglikni insonning inson tomonidan xoh shafqatsiz yohud xoh «insonparvarona» ekspluatatsiya qilinishining barham topishi deya ta’rifladilar.

Hozir kapitalistik jamiyatlarda «tenglik» tushunchasining mazmun-mohiyati o‘zgardi. «Tenglik» deganda avtomatlar tengligi, o‘z individualligini boy bergan odamlar tengligi tushuniladi. Tenglik endilikda «yakdillik»dan ko‘ra «yakranglikni» bildiradi. Bu – ayni bir xil ishni ado etadigan, ayni bir xil tarzda ko‘ngilxo‘shlik qiladigan, ayni bir xil ro‘znoma-haftanoma-oynomalarni o‘qiydigan , bir xilda his qilib, bir xil o‘ylaydigan kishilarning yangrangligi. Shu nuqtai nazardan, deylik, xotin-qizlarning tengligi singari taraqqiyot nishonasi tarzida ko‘klarga ko‘tarilayotgan yutuqlarimizga muayyan shubha bilan qaramoq joiz. Men xotin-qizlarning teng huquqli bo‘lishlariga, albatta, qarshi emasman: biroq bu sa’y-haraatning ijobiy jihatlari bizlarni aldamasligi kerak. Bu tafovut-farqlarni yo‘qotish umumiy tamoyilining bir qismi, xolos. Tenglik ayni shuning evaziga qo‘lga kiritiladi: xotin-qizlar erkaklar bilan teng huquqli, chunki endilikda ular bir-birlaridan farq qilmaydilar. Ma’rifat davri falsafasi ilgari surgan: «Qalb jinsdan holi» qoidasi to‘la ro‘yobga chiqdi. Jinslararo ziddiyat, qarama-qarshilik barham topayotir, shuning barobarida ayni shu ziddiyatga asoslanuvchi erotik-jinsiy muhabbat ham barham topmoqda. Erkak va ayol qarama-qarshi qutblar sifatida teng huquqli bo‘lish o‘rniga bir xil, yakrang bo‘lib qoldi. Hozirgi zamon jamiyati bu tenglik g‘oyasini individuallikdan holi tarzda targ‘ib qilayotir, chunki bani basharni yaxlit mexanizm sifatida, to‘xtovsiz va uzluksiz faoliyat yuritishga majburlash uchun insoniy «atomlar»ga muhtoj; barcha aynan bir xil buyruqlarga itoat qilgani holda har bir inson go‘yo o‘z xohish-irodasi amri bilan ish tutayotganiga ishonchi komil bo‘lishi kerakligi ham e’tibordan soqit qilinmagan. Zamonaviy ommaviy ishlab chiqarish insonning muayyan qolip-andozaga tushishini talab qilganidek, ijtimoiy taraqqiyot hzam insonning shunday holga tushishini taqozo etayotir, ayni shu standartlashuv «tenglik» deya talqin qilinmoqda.

Itoat vositasidagi birlashuv jo‘shqin, qaynoq xususiyatga ega emas; bu maqsad-muddaoga osoyishtalik bilan, joriy tartiblar vositasida erishiliayotir, ayni shu bois begonalashuv yuzaga keltirgan xavotirlanishga barham berish uchun aksariyat hollarda kifoya qilmayotir. Hozir G‘arbda ichkilikbozlik, nashavandlik, maishiy buzuqlik, xudkushlik kabi illatlarning avj olayotgani – olomonga ergashishning bexosiyat ekanini isbotlaydi. Boz ustiga, bu asosan tanaga emas, balki ruhiyatga tegishli bo‘lib, orgaistik yechimlar bilan qiyoslaganda yana bitta boy berish ekanining sababi hisoblanadi. Olomonga bo‘ysinishning faqat bitta afzalligi bor: u doimiy bo‘lib, talbavasaga tushishdan holi. Individ uch-to‘rt yoshidayoq itoat qilish sxemasiga amal qila boshlaydi va keyinchalik olomon bilan aloqani mutlaqo uzmaydi. Hatto so‘nggi muhim ijtimoiy vazifa hisoblanuvchi dafn marosimi ham andoza-tamoyillarga qat’iy rioya qilinadi.

Begonalashuv yuzaga keltirgan xavotir-xadikni yengillashtirish usuli sifatidagi itoatgo‘ylik-bo‘ysinish bilan birgalikda hozirgi turmush tarziga xos yana bir omilni ko‘zdan kechirish zarur: bu bir xil, odatiy ish- mehnat faoliyati va bir xil, odatiy ko‘ngilxushiklar omilidir. Inson har kuni «to‘qqizdan-beshgacha bir joy qoziqday qoqiladigan», ishchi kuchining bir bo‘lagi yoki klerk va menejerlar byurokratik kuchining bir qismiga aylanayotir. Tashabbuskorlik ko‘rsatishining hojati yo‘q, uning vazifalari ish taqsimoti ila belgilangan; hatto xizmat pillapoyasining yuqori va qu yi pog‘onasidagilar o‘rtasida ham sezilarli farq yo‘q. Ularning barchasi tashkilotning umumiy tuzilishi avvaldan belgilab bergan vazifalarni, avvaldan belgilangan maromda va avvaldan belgilangan usulda bajaradilar. Hatto kayfiyat-kechinmalar ham belgilangan: hayotsevarlik, sabr-toqat, qat’iyatlilik, shaxsiyatparastlik, barcha bilan hech qanday moneliklarsiz muomala. Ko‘nglikxushliklar ham garchi u qadar izchillik bilan bo‘lmasa-da, avvaldan belgilangan tartibda taklif qilinadi. Kitobxonlik klublari kitob-risolalarni taklif qiladilar, filmlar – kinostduiyalar va kinoteatrlar tomonilan va ayni ular haqini to‘laydigan reklamlar vositasila tiqishtiriladi; boshqalari ham muayyan andozaga solingan: yakshanba kuni avtomobilda sayru sayohat, televizor, karta, kechki suhbat-diydorlashuvlar. Tug‘ilgandan so‘nggi lahzagacha, dushanbadan dushanbagacha, erta tongdan yarim kechaga qadar – barcha xatti-harakatlar dasturlashtirilgan va avvaldan belgilangan tartib-qoida asosida ado etiladi. Bu kundalik siyqa muhit iskanjasiga tushib qolgan kimsa asli inson ekaniyu betakror individualligini, faqat mana shu yagona yashash imkoniyati, o‘z orzu-umidlari va pushaymon-nadomatlari, o‘z qayg‘u-hasratlari va xavotir-xadiklari, qaynoq ishq ehtiyoji hamda bo‘shliq va begonalashuv oldidagi vahima bilan yashash imkoniyati ayni unga hadya qilinganligini qanday qilib yoddan chiqarmasin?

Birlashuvga erishishning uchinchi usuli – ijodiy faoliyat, san’atkor yoki hunarmad faoliyati. Istalgan ijodiy faoliyatda inson tashqi olam taqdim qiluvchi material-ashyolar majmui ila birlashib, uyg‘unlashadi. Xoh xontaxta yasayotgan duradgor, xoh zeb-ziynat yasash bilan band zargaru xoh g‘alla yetishtirayotgan dehqon, xoh rasm chizayotgan mo‘yqalam ustasi bo‘lsin – barcha holatlarda ijodkor-bunyodkor bilan uning mehnat vositasi uyg‘unlashadi; inson ijod jarayonida olam bilan uyg‘unlashadi. Biroq bu faqat samarali mehnat vositasida, ya’ni men o‘zim rejalashtirib, ishlab chiqarib va o‘z ishimning samaralarini yaqqol ko‘ra oladigan mehnatga taalluqli. Zamonaviy mehnat jarayonida konveyrga chandilgan xizmatchi yoki ishchi mehnatining ayni shu uyg‘unlashtiruvchi xossasi deyarli boy beriladi, ishchi-xizmatchi bunda byurokratik mehnat mashinasining atigi bir qismiga aylanadi. U o‘zligini boy berdi – shu bois uning uchun dunyo-olam bilan birlashuv-uyg‘unlashuv usullari mavjud emas, faqat itoat qilishi –bo‘ysinishi mumkin.

Samarali mehnat jarayonidagi birlashuv-uyg‘unlashuv shaxslararo xossaga ega emas; orgiastik yaxlitlashuv vositasidagi bir butunlik o‘tkinchi;itoatgo‘ylik-bo‘yinsinish vositasilagi birlik-bir butunlik – soxta yakdillikdan o‘zga hech vaqo emas. Shunday qilib, bularning barchasi insoniy hayot muammolarining qisman hal qilinishi, xolos. Muammoni to‘la-to‘kis hal qilish yo‘li – shaxslararo yakdillikka erishish, boshqa inson bilan ayni mehr-muabbat vositasida bir jonu bir tanga aylanishda.

Boshqa inson bilan yakdillikka bunday ehtirosli intilish boshqa barcha sa’y-harakatlardan ustun, kuchli. Bu eng asosiy ehtiros, bu oila, qabila, jamiyat, butun bani basharni bir tanu bir jonga aylantiruvchi oxanrabo. Bunday yakdillikka erisholmaslik telbalikka yoki xudkushlikka olib keladi, bunda yakka tartibdagi xudkushlik yohud yon-atrofdagilarning hayotiga zomin bo‘lish farq qilmaydi. Insoniyat mehr-muhabbatsiz bir kun ham yashay olmagan bo‘lardi. Biroq, «muhabbat» shaxslararo yakdillik vositasi ekanini e’tirof etish asnosida jiddiy to‘siqqa duch kelamiz. Bu borada yakdillikka turli yo‘llar bilan erishish mumkin va turli muhabbat shakllari o‘rtasidagi farq o‘xshashliklardan kam ahamiyatga ega emas. Bu shakllarning barchasini «muhabbat» deya olamizmi? Yoki bu atamani G‘arb va Sharqning keyingi to‘rt ming yillik tarixi mobaynidagi barcha buyuk insonparvarona dinlar hamda falsafiy ta’limotlar xayrli ezgu munosabat sifatida e’tirof etuvchi biron bir muhim qovushuv turiga nisbatan qo‘llaganimiz ma’qulmi?

Gap muayyan kalom mazmun-mohiyatiga kelib taqalganida har doim bo‘lganidek bu savolga beixtiyor javob topish mumkin. Faqat muhabbat haqida gap borar ekan, qanday birlashuv-qo‘shiluvni nazarda tutayotganimiz muhim ahamiyatga molik – hayot muammolarining oqilona hal qilinishinimi yoki simbiotik aloqa ham deyiladigan dumbul shakllarinimi? Quyida men muhabbat deganda faqat dastlabki shaklni nazarda tutaman. Lekin dastavval ikkinchi shaklni ko‘rib chiqaylik.

Simbiotik aloqaning biologik namunasi – ona bilan qursog‘idagi hamola o‘rtasidagi aloqa. Ular ikki nafar, bundan qat’iy nazar yaxlit, bir butun. Ular «birga» (yunoncha: — sym — biosis) yashaydilar, ular bir-biriga muhtoj. Homila – onaning tarkibiy qismi, zaruriy oziqlarning barchasini onasidan oladi; ona – uning olami; u homilani oziqlantiradi, muhofaza etadi, biroq o‘z navbatida homila ham unga yangi hayotiy kuch-quvvat bag‘ishlaydi. Psixologik simbiotik aloqada tanalar bir-biridan mustaqil, biroq psixologik nuqtai nazardan ayni shu shakldagi aloqa yaqqol ko‘zga tashlanadi.

Simbiotik aloqining passiv shakli itoatgo‘ylik, yoki, tibbiyot tili bilan aytganda – mazoxizm hisoblanadi. Mazoxist shaxs boshqa bir kimsaning tarkibiy qismiga aylanib, chidab bo‘lmas yolg‘izlik va begonalashuv azobidan xalos bo‘ladi, bu kimsa uni yo‘naltiradi, yo‘lboshchilik qiladi, panohiga oladi; hayotiga, nafas oladigan havosiga aylanadigan kimsaning tarkibiy qismi bo‘lib qoladi. Biron kimsa yoki ma’buda ekanidan qat’iy nazar o‘zi itoat qiladigan siymo-timsol kuch-qudratini betimsol deya tasavvur qiladi; u g‘oyat betimsol, men uning qarshisida yo‘q hisobiman, uning tarkibiy qismi bo‘lganim uchungina arzimas qimmatga egaman. Tarkibiy qismi bo‘lganim bois uning ulug‘vorligi, kuch-qudrati, sobit g‘at’iyatiga dohilman. Mazoxist shaxs hech qachon hech qanday qarorlar qabul qilmaydi, hech qachon tavakkalchilik qilmaydi, hech qachon yolg‘izlanib ham qolmaydi; biroq hech qachon mustaqil-erkin bo‘lolmaydi; unga to‘laqonli to‘kislik, bir butunlilik, tugallik yetishmaydi; baayni dumbulboyvachcha. Diniy nuqtai nazardan topinish tarzi ma’budaparastlik, lekin dunyoviy talqinda ham mazoxistik muhabbatga asolanuvchi o‘zaro munosabatlar mazmun-mohiyatiga ko‘ra — ma’budaparastlik. Mazoxistik munosabat jismonan jinsiy moyillik bilan uyg‘unlashuvi mumkin; bu holda inson nafaqat qalban, jismonan ham mute bo‘lib qoladi. Taqdirga, xastalikka, pop-musiqaga, nashavandlik yoki gipnoz oqibati hisoblanuvchi orgaistik holatlarga mazoxistona muteliklar uchraydi – bu barcha holatlarda shaxs o‘zligidan yuz o‘giradi, begona biron kimsa yoki vositaning quroliga aylanadi, bunyodkorlik faoliyati vositasida hayot muammolarini hal qilishiga hojat qolmaydi.

Simbiotik aloqaning faol shakli – hukmdorona ustunlik, yohud, mazoxizmga nisbatan berilgan psixologik atama bilan aytganda – sadizm. Sadist shaxs boshqa bir shaxsni tarkibiy qismiga, itoatgo‘yiga aylantirish vositasida tutqunlikdan qutilishga, yolg‘izlik changalidan chiqishga urinadi. U o‘ziga madudaday sig‘inadigan boshqa shaxsni tarkibiy qismiga aylantirib, kuch-qudrat kasb etadi va ayni shu yo‘l bilan taskin-tasalli topadi.

Sadist shaxs o‘ziga itoatgo‘y shaxs singari bevosita o‘zi ham ayni shu shaxsga bevosita bog‘liq; har ikkalasi ham bir-birisiz yashay olmaydi. Ularning farqi shundaki, sadist shaxs buyuradi, zulm qiladi, xo‘rlaydi-haqoratlaydi, azoblaydi; mazoxist kimsa esa buyruqlarga itoat etadi, jabr-zulmga, haqorat va azob-uqubatlarga tishini tishiga qo‘yib chidaydi. Bir qaraganda ular o‘rtasida jiddiy farq bordek, biroq birmuncha teran, emotsional nuqtai nazardan qaraganda tavofutlarga nisbatan mushtaraklik-uyg‘unlik ko‘p: unisi ham, bunisi ham insoniy tugallikdan mahrum kimsalar sifatida topishgan. Shu haqiqatni anglasak, inson o‘zini goh sadist shaxs, gohida mazoxist shaxs sifatida tutayotganiga ajablanmaymiz, — odatda turli timsollarga nisbatan mana shunday munosabatda bo‘linadi. Gitler xalqqa nisbatan, asosan, sadistona munosabatda, biroq taqdirga, tarixga, tabiatning «oliy xukmronligi»ga nisbatan mazoxistlarcha munosabatda bo‘lgan. Va uning halokati – yalpi tanazzul girdobidagi xudkushligi – dunyoga hukmronlik qilish muddaosi singari unga juda ham mos va xos.

Simbiotik bog‘lig‘likka zid ravishda oqilona-yetuk muhabbat shaxsning yaxlit-tugalligini, uning individualligini saqlab qoluvchi aloqa. Muhabbat – insonni harakatlantiruvchi, inson bilan birodarlari o‘rtasidagi to‘siq-g‘ovlarni bartaraf qiluvchi, boshqalar bir bir tanu bir jonga aylantiruvchi qudratli kuch; muhabbat insonga yolg‘izlanish va begonalashish tuyg‘ularini yengishda ko‘maklashadi hamda shu bilan birga o‘zligini yo‘qotmaslik, yaxlitligi-tugalligini saqlab qolish imkoniyatini yaratadi. Muhabbat paradoksi shundaki, ikki inson yagona bir butunga aylanadilar va ayni paytda ikki shaxs bo‘lib qolaveradilar.

Muhabbatni faoliyat deya e’tirof qilar ekanmiz, biz, ayni paytda muayyan monelikka duch kelamiz, bu «faoliyat» so‘zining ko‘p qirrali mazmuni bilan bog‘liq. «Faoliyat» deganda muayyan kuch-g‘ayrat talab qiluvchi xatti-harakatlar va ularning natijasidagi o‘zgarishlar nazarda tutiladi. Jumladan, biznes bilan shug‘ullanuvchi, tibbiyotni o‘rganuvchi, konveyrda ishlovchi, xontaxtalar yasayotgan yoki sport bilan mashg‘ul odam tushuniladi. Bu faoliyat turlarining barchasi biron-bir tashqi maqsadga erishishga yo‘naltirilgani bois mushtara. Faoliyat sabablari esa inobatga olinmaydi. Deylik, biron odam yolg‘izlik va bekorchilikdan qutilish uchun biron-bir ishga qo‘l uradi; yoki boshqa bir kimsa shaxsiyatparastligi yoki ochko‘zligi bois biron ishning boshini tutadi. Har ikki holatda ham inson o‘z ehtiroslarining quli va uning qizg‘in faoliyati aslida «sustkashlik», chunki u ayni basir qiziqqonligi, ehtirosining amri bilan ish tutayotir. Bu borada «amaliy» tarzda emas, balki fe’l-atvoridagi «qiziqqonlik» bois «ishga zo‘r beryapti». Boshqa tomondan, qo‘lini sovuq suvga ham urmayotgan va biron bir maqsadsiz umrguzaronlik qilayotgan, faqat dunyo bilan yaxlitligini his etayotgan kimsa ham «sustkash», chunki hech vaqo qilmayotir. Biroq mana shu muayyan nuqtaga yo‘naltirilgan meditatsiya holati – imkoni bor barcha faoliyat shakllarining eng oliy shakli: qalb faqat botiniy erkinlik va mustaqillik sharoitidagina o‘zligini namoyon etadi. Faoliyatning bitta talqini – hozir qabul qilingani – tashqi maqsadga erishish uchun kuch-quvvat sarflashni bildiradi; faloliyatning boshqa ma’nosi esa insonning botiniy kuch-quvvati a’molini ifodalaydi, bunda ayni shu sa’y-harakatlar natijasida tashqi dunyoda biron bir o‘zgarish bo‘lishi yoki bo‘lmasligi muhim emas. Bunday faoliyat turini Spinoza juda aniq ta’riflagan. U «faol» va «sust» ta’sirlar – «harakatlar» va «ehtiroslar» o‘rtasidagi ta’sirlar farqini keltiradi. Inson faol ta’siri – «faoliyati» natijasida erkin, o‘z ta’sirining hukmfarmoni; sust ta’sir ko‘rsatib esa inson biron-bir tashqi sabab-turkisi bilan ish tutadi va o‘zi anglab yetmagan ana shu sabab-turkining obyektiga aylanadi. Shu asno Spinoza quyidagicha xulosa chiqaradi, qobiliyat va ezgu amal – ayni bir narsa (Qarang: Spinoza B. Etika. M.-L., 1932.Ch.4.S.142). Hasad, rashk, shaxsiyatparastlik, baloi nafas, yuholik – bular ehtiroslar; muhabbat esa – hamisha faoliyat, inson kuch-g‘ayratlarining ro‘yobga chiqishi, bu faqat erkin holatda ro‘y beradi va aksincha majburlagan-zo‘rlagan bilan yetishib bo‘lmaydi.

Muhabbat – passiv effekt emas, balki faoliyat, jo‘shqinlik; bu muayyan kayfiyatning asiriga aylanish emas, balki muayyan kayfiyatdan zavqlanish (112-betdagi muallif izohiga qarang). Muhabbatning jo‘shqinlik xususiyatini umumiy tarzda shunday ta’riflash mumkin: sevish – olmoq emas, avvalo bermoq, baxsh etmoq.

«Bermoq, baxsh etmoq» nima? Dastlab sodda tuyulgan bu savol aslida o‘ta mavhum va murakkab. «Bermoq» so‘zining aksariyat noto‘g‘ri, soxta talqini keng yoyilgan, xususan «berish» deganda biron narsani butunlay berib yuborish, nimadandir mahrum bo‘lish, nimanidir qurbon qilish nazarda tutiladi. Nimanidir olish, tasarruf etish, g‘amlash-jamg‘arish tushunchasidan yuksala olmagan kimsalar «bermoq»ni shunday tushunadilar. «Bozor», oldi-sotdi psixologiyasiga ko‘ra fikrlaydigan kimsa bajonidil nimanidir beradi, biroq shuning evaziga, albatta, nimanidir qo‘lga kiritish payida bo‘ladi; evaziga biron narsa olmasdan biron narsa berish – uning uchun aldanish bilan barobar. «Samarasiz» fikrlash tarziga ega kimsalar biron narsa berish asnosida o‘zlarini qashshoqlashganday sezadi. Shu bois bunday qurumsoqlar imkon boricha hech narsa bermaydi. «Bermoq» — qurbon qilish, hadya etish deb hisoblovchilar buni olijanob fazilatga aylantiradilar. Ularning fikricha, ko‘ngliga g‘alayon solgani uchun ham kimlargadir nimalarnidir berish zarur; bunday hotamtoylikning ixtiyoriyligi shundaki, ular chin dildan hadya qiladilar. «Olgandan bergan afzal» degan ahloqiy qoida ular uchun «quvongandan mahrum bo‘lish ma’qul» ekanini bildiradi.

Samarali faoliyatga moslashgan odamlar «bermoq-berish»ni tamomila boshqacha talqin qiladilar. Bermoq-berish — qudratlilikning eng yuksak namunasi. Kimgadir nimanidir berish asnosida kuch-qudratimni, boy-badavlat ekanimni his etaman. Va bu beqiyos hayotiy kuch-qudrat va salohiyat cheksiz quvonch baxsh etadi. Hayotiy jo‘shqinlik, to‘lib-toshayotgan kuch-quvvatdan qalbim shodlikka to‘ladi. Kimgadir nimanidir bera turib, mahrum bo‘lib qolmasdan, aksincha bera turib, yashayotganimni his qilganim uchun ham olishga nisbatan berish shodlantiradi.

Bu haqiqatdan ham adolatli qoida ekaniga aniq misollarga murojaat qilib, ishonch hosil qilish qiyin emas. Bunga jinsiy aloqalar eng odmi misol bo‘la oladi. Erkak jinsiy vazifasining eng yorqin namunasi berishdan iborat; erkak butun borlig‘ini, jinsiy a’zosini ayolga hadya etadi. orgazm holatida esa erlik urug‘ini baxsh etadi. Basharti haqiqiy erkak ekan, bermasligining imkoni yo‘q; toki berolmasa, impotent – xunasa. Jinsiy qovushish ayol uchun ham shu asno kechadi, garchi bu borada ayolning mavqei ancha murakkab. U ham o‘zligini baxsh etadi; o‘zining ayollik mehvariga yo‘l beradi; ayol ola turib, beradi; basharti faqat olsayu, berishni bilmasa, frigidna. Bu «berish» xususiyatini keyinchalik ma’shuqa sifatida emas, balki ona sifatida namoyon etadi. U qursog‘ida yetilayotgan homilaga butun borlig‘ini baxsh etadi, keyinchalik go‘dagiga ko‘krak sutini va nainki tana harorati, balki qalb qo‘rini ham bag‘ishlaydi. Borlig‘ini baxsh qilmaslik uning uchun azob-uqubatga aylaadi.

Moddiy jihatdan «berish» — «boy bo‘lish, boylik orttirish» demak. Mol-mulki bisyor kimsa emas, balki mehru muhabbati ziyoda odam boy-badavlatdir. Mol-mulkini istalgan talofatdan saqlaydigan ziqna yiqqan-tergani har qancha behisob bo‘lmasin, psixologik nuqtai nazardan — qashshoq. Bera oladigan, baxsh etadigan hotamtoygina boy-badavlat. U boshqalarga hadya etish salohiyatiga ega ekanini his etadi va faqat kun kechirish uchun kifoya qiladigan choy chaqasidan ortiq hech vaqosi yo‘q kimsagina moddiy biron narsa hadya etish saodatidan mahrum. Biroq kundalik tajriba ko‘rsatishicha, u yoki bu kimsa tushunchasidagi hayot uchun zarur o‘ta oz mablag‘ miqdori uning real mol-mulki miqdoridan ko‘ra bevosita fe’l-atvoriga bog‘liq. Boylarga nisbatan kambag‘allarning qo‘li ochiq ekani yaxshi ma’lum. Bundan qat’iy nazar qashshoq shu darajaga yetishi mumkinki, hadya qiladigan hech vaqo qolmasligi mumkin; oqibatda nafaqat qashshoqlik sababli, balki qashshoq hadya qilish saodatidan mahrum bo‘lgani uchun ham shaxs tanazzuli boshlanadi.

Lekin eng muhimi – moddiy emas, balki insoniy qadriyatlar, mehru shafqat, xayrixohlik, diqqat-e’tibor singari xususiyatlarni berish, baxsh etish muhim. Bir odam boshqa bir kimsaga nima bera oladi? U o‘zligini, hayotini, bisotidagi eng qimmatli ashyosini baham ko‘radi. Bu hayotini o‘zga inson uchun qurbon qilishi shart degani emas, balki bisotida nimaiki bo‘lsa, shodu xurramligi, g‘am-g‘ussasi, fikr-mulohazalari, bilimi, kayfiyati, orzu-umidlarini birgalikda baham ko‘radi. Inson bor bisotini baham ko‘rish asnosida, boshqa bir inson hayotini boyitadi, shu asno uning, shuning barobarida o‘zining ham hayotiy kuch-quvvatini oshiradi. U olish uchun bermaydi, baxsh etmaydi: berish, hadya etish – uni quvontiradi. Lekin inson berish asnosida boshqa bir inson hayotiga shubhasiz biron-bir yangilik kiritadi, o‘zgartiradi, ayni shu biron bir yangilik u yoki bu tarzda o‘ziga qaytadi; shu bois berish, asnosida, albatta, nimadir oladi: o‘ziga qaytib keladigan narsani oladi. Berish asnosida boshqa insonni ham bag‘ri kenglikka, hotamtoylikka undaymiz, o‘zimiz sababchisi bo‘lgan bu baxtdan shu tariqa ikovlashib, birgalikda bahramand bo‘lamiz. Ikki kishi o‘zaro nimanidir baxsh etish asnosida ikki o‘rtada, albatta, nimadir yuzaga keladi va o‘zlari uchun yaralgan yangi hayot har ikkalasini mamnun etadi. Bu qoidani bevosita muhabbatga nisbatan qo‘llasak, muhabbat ayni muhabbatni yuzaga keltiruvchi kuch ekani ayonlashadi; impotenlik esa muhabbat yaratishga yaroqsizlik. Bu fikrni Marks yorqin ifodalagan: «Agar insonni inson deya, uning dunyoga munosabatini insoniy deya hisoblasak, muhabbatga muhabbat, ishonchga ishonch bilan javob berish mumkin. San’atdan zavqlanish uchun yetarli saviya-malaka zarur; boshqalarga ta’sir ko‘rsata olish uchun odamlarni harakat qilishga unday olish, ergashtira bilish, qo‘llab-quvvatlash kerak. Inson va tabiat bilan qanday munosabatga kirishmang, sizning real, indiidual hayotingizning irodangiz obyektiga mos muayyan ifodasi bo‘lishi zarur. Muhabbatingizga javob bo‘lmasa, ya’ni muhabbatingiz muhabbat paydo qilmasa; basharti muhabbat qo‘yish asnosida muhabbatga sazovor bo‘la olmasangiz, ya’ni sevganingiz sizni sevmasa, — muhabbatingiz yetarli darajada kuchli emas, demak, yetilmagan-dumbul muhabbat». (Karl Marks. «Nationalokonomie und Philosophie» («Natsionalnaya ekonomika i filosofiya») (1844).

Lekin «bermoq-berish» faqat muhabbatda «olmoq-olish»ni bildirmaydi. O‘qituvchi o‘quvchilaridan o‘rganadi. Aktyorni tomoshabinlar ilhomlantiradi, psixoterapevt bemor tufayli davo topadi – bunda ular bir-birlariga obyekt sifatida qaramaydilar, aksincha samimiy va samarali munosabatda bo‘ladilar.

Berish, baxsh etishga asoslangan muhabbat shaxs kamoloti xususiyatlariga bog‘lik ekanini ta’kidlashning hojati yo‘q. Bu shuni bildaradiki, shaxs tobelik, shaxsiyatparastlik, xudbinlik, yuholikka va boshqalarga jabr-zulm qilishga moyillikdan voz kechib, samarali faoliyatni kuchaytirishi kerak; inson o‘z kuchiga ishonishi, murod-maqsadiga yetishda o‘ziga ishona bilishi kerak. Insonda bu fazilat qancha oz kamol topsa, u berishdan, binobarin sevishdan shuncha qo‘rqadi.

Bundan tashqari, sevmoq nafaqat hamisha bermoq degani, bu shuningdek hamisha g‘amxo‘rlik qilish, mas’uliyatni sezish, e’zozlash va bilish demakdir. Bu ham muhabbatni faol namoyon etish xususiyati bo‘lib, uning barcha shakllariga xos muhim belgisi.

Muhabbat hamisha g‘amxo‘rlik ekani onaning bolaga mehr-muhabbatida ayniqsa yaqqol namoyon bo‘ladi. Ona go‘dagiga g‘amxo‘rlik qilmasa, vaqtida oziqlantirib,oq yuvib, oq taramasa, ertayu kech atrofida girdikapalak bo‘lmasa, chaqalog‘ini jonidan ortiq ko‘rishiga bizni hech vaqo ishontira olmaydi; va aksincha, mehribon onaning mehru muhabbati cheksiz ekaniga hech qachon shubhalanmaymiz. Hatto o‘simliklar va jonivorlarga mehru shafqat ham shunday munosabatni taqozo etadi. Agar ayol gullarni sevishini da’vo qilsayu aslida ularni sug‘orish ham xayolidan faromush bo‘layotganini ko‘rsak, uning «muhabbati»ga ishonmaymiz. Muhabbat – mehrimiz tushgan odamga g‘amxo‘rlik qilish, hayoti va farovonligidan manfaatdorlikni bildiradi. Shunday faol g‘amxo‘rliksiz muhabbat yo‘q. Muhabbatning bu xossasi Injili sharifda, Iona haqidagi rivoyatda go‘zal ifodasini topgan.

Xudo Ionaga Nineviyaga borib, yovuzliklarga chek qo‘ymasalar, muqarrar baloga giriftor bo‘lasizlar, deya shahar ahlini ogohlantirishni amr qildi. Iona zimmasiga yuklangan vazifani ado etmaydi, chunki Nineviya ahli o‘z qilmishidan pushaymon bo‘lib, tavba-tazarru qilsa, Xudo bag‘rikenglik bilan avf etishidan cho‘chiydi. Bu itoat qilib o‘rgangan, biroq mehru muhabbat begona kimsa. U zimmasidagi vazifadan bo‘yin tovlashga urinadi, biroq qaysarligi uchun Xudoning qahriga uchraydi – uni nahang yutib yuboradi; nahang qursog‘ida kechgan hayoti – tutqunlik va yolg‘izlik ramzi. Nihoyat, Xudo uni ozod etadi va Iona itoatgo‘ylik bilan Ionaga yo‘l oladi. Xudo amr qilganidek Nineviya ahliga amri ma’ruf qiladi. Va kutilgan hodisa ro‘y beradi: odamlar o‘z qilmishlaridan pushaymon bo‘lib, tavba-tazarru qiladilar. Xudo ularning gunohidan kechadi va shahrini vayron qilish qarorini bekor qiladi. Bundan Iona ranjib, xafsalasi pir bo‘ladi. U rahmu shafhat ko‘rsatilishini emas, adolatli hukm chiqarilishini kutgandi. Xudoning amri bilan qaynoq oftob taftidan Ionani saqlash uchun o‘sgan daraxt poyida Iona panoh topadi, lekin Xudo shunday qiladiki, daraxt quriydi va ranjigan Iona Xudoga nola qiladi. Xudo javob beradi: «Sen zahmat chekib ekib-o‘stirmagan daraxtga afsuslanayapsan, holbuki u bir kechadayoq o‘sib, bir kechadayoq yana qurib qoldi. Nahotki Men Nineviya shahriga achinmasligim kerak, holbuki bu buyuk shaharda bir yuz yigirma mingdan ziyoda, o‘ng qo‘lini chapidan ajrata olmaydigan aholi yashaydi va son-sanoqsiz mavjudotlar bor», — deya javob beradi (Iona.4:10-11). Bu ramziy javob. Xudo muhabbat mohiyati «zahmatdan, mehnatdan», «nimanidir» o‘stirishdan iborat, muhabbat va mehnat chambarchas bog‘liq, deya Ionaga uqtiradi. Mehnat sarflangan narsa-ashyo sevimli-ardoqli-qadrli va mehr qo‘ygan narsagagina kuch-g‘ayrat sarflanalar.

G‘amxo‘rlik bilan muhabbatning yana bir jihati – mas’uliyat chambarchas bog‘liq. Hozir mas’uliyatni majburiyat, tashqaridan zo‘rlab tiqishtirilgan biron narsa bilan chalkashtiradilar. Biroq mas’uliyat tom ma’nosi bilan – to‘la-to‘kis ixtiyoriy xatti-harakat; bu mening o‘zga bir insonning ehtiyojlariga ifoda etilgan yoki ifoda qilinmagan javobim. «Mas’uliyatli» bo‘lish – «javob berish» qobiliyati va shunga tayyorlik demak. Iona Nineviya ahli uchun mas’uliyatni his qila olmadi. U ham Kain-Qobil kabi «Men o‘z birodarimga qorovulmanmi?» deya so‘rashi mumkin edi. Kimki, sevsa, javobgarlik, mas’uliyatni sezadi. Birodarining hayoti nafaqat birodariga, ayni paytda bevosita uning o‘ziga ham taalluqli. U o‘ziga nisbatan mas’uliyatni qanday his qilsa, birodarlari uchun ham shunday mas’uliyatni his etadi. Ona bilan chaqaloq misolida esa mas’uliyat eng avvalo g‘amxo‘rlik, jismoniy ehtiyojlar bilan bog‘liq. Katta yoshdagi kishilar o‘rtasidagi muhabbatda esa dastavval o‘zganing ko‘ngil ehtiyojlariga tegishli.

Basharti sevgi-muhabbatning uchinchi tarkibiy qismi – hurmat-ehtirom bo‘lmaganida edi, mas’uliyat insonga zug‘um o‘tkazish va unga mol-mulkdday munosabatda bo‘lishgacha tubanlashar edi. Hrmat-ehtirom qo‘rquv ham, topinish-sig‘inish ham emas; hurmat-ehtirom forscha bo‘lib, aslan «e’tibor ko‘rsatish», «kuzatish» (shu to‘g‘rimi?) ma’nolarini bildiradi. Binobarin, boshqa insonni asil holida ko‘rib-tasavvur qilishni, individualligini idrok etish demak. Insonni hurmat qilish, e’zozlash- betakror kamol topishidan manfaatdorlikni bildiradi. Shunday qilib, hurmat qilish, e’zozlash muayyan insonning boshqa bir inson muddaolari yo‘lida iste’foda etilishini istisno etadi. Mehrim tushgan inson menga xizmat qilishini emas, aksincha o‘zi uchun va o‘ziga xos kamol topishini istayman. Basharti sevsam, orzu-niyatlarimga mos tarzda emas, balki o‘zimni aslida qanday bo‘lsa, shu holida mehrim tushgan inson bilan bir tanu bir jon deb bilaman. Faqat o‘zim mustaqil bo‘lib, biron bir kimsaning ko‘magisiz oyog‘imda tura olsam va bemalol yura olsamgina va o‘z maqsadlarim yo‘lida kimdandir foydalanishga muhtoj bo‘lmasam, boshqa insonni hurmat qilishim, e’zozlay olishim ham ravshan. Faqat ozodlik, emin-erkinlik negizidagina hurmat qilish, e’zozlash mumkin: ko‘hna fransuz qo‘shiqlaridan birida aytilganidek, «muhabbat – erkinlik mevasi»; hukmronlik emas, balki ayni erkinlik-ozodlik samarasi.

Biroq insonni yaqindan bilmasdan hurmat qilib, e’zozlab bo‘lmaydi; toki bilim bilish-tanish vositasida yo‘naltirilmas ekan, g‘amxo‘rlik va mas’uliyat ko‘r-ko‘rona bo‘lib qolaveradi. Jonkuyarlik va manfaatdorlik taqozo etmagan bilim-ma’lumot esa mazmun-ma’nidan holi. Bilim-ma’lumot turli darajada bo‘lishi mumkin; muhabbat jihatlaridan biri bo‘lgan bilim-ma’lumot hech qachon yuzaki bo‘lmaydi, aksincha masalaning ich-ichiga, mohiyatigacha yetib boradi. Men o‘zimga oid o‘y-tashvishlaridan yuksalib, boshqa insonni shaxsiy manfaatlari nuqtai nazaridan ko‘rib-idrok qila olsamgina, shunday nuktadonlikka erishaman. Men, masalan, hatto g‘azabini bildirmay, ochiq oshkor qilmasa ham uning ranjiganligini, deylik, payqashim mumkin; biroq uni yana ham yaqindan, yana ham teranroq bilishim mumkin va shundagina hayajoni va xavotirini payqashim, uni yolg‘izlik va aybdorlik hissi qiynayotganini anglayman. Shundagina darg‘azabligining sababi allaqanday jiddiy norozilik ifodasi ekanini sezib, uning siqilayotgani va tashvishlanayotgani, nafaqat ranjigani, g‘azablanayotgani, balki azoblanayotganini payqayman.

Bilim-ma’lumotlilik muhabbat bilan yana bir, boz ustiga jiddiy jihatdan bog‘liq. Begonalashuvga tutqunlikdan qutulish maqsadida boshqa inson bilan bir tanu bir jonga aylanish istak-xohishi yana bir o‘ziga xos insoniy istak-xohish – «insoniy sir-sinoat»ni anglash bilan bog‘liq. Agar hayot hatto biologik nuqtai nazardan g‘aroyib va sir-sinoat bo‘lsa, inson — insoniy fe’l-atvori bilan o‘zi uchun ham, boshqalar uchun ham idrok qilib bo‘lmaydigan sir-sinoat. Men o‘zimni bilaman, biroq har qancha uringanim bilan, botiniy qiyofamni tasavvur qia olmayman. Xuddi shunday o‘zimga yaqin kimsani ham bilaman, biroq bundan qat’iy nazar uni yetarli darajada bilmayman, chunki o‘zim ham, qolaversa menga yaqin kimsa ham biron-bir narsa-buyum emas. O‘z botin-mohiyatimizga va yaqin kimsaning botin-mohiyatiga qancha chuqur kirib borsak, bilim-ma’lumot olish maqsadimiz shu qadar uzoqlashaveradi. Va biz inson qalbining sir-sinoatlarini kashf etishga, inson deb atalgan siymoning mazmun-mohiyatini anglashga befarq qaray olmaymiz.

Bu sinoatni kashf etishning qaltis: boshqa inson ustidan cheklanmagan xukmronlikka, o‘zimiz xohlagan ishlarni qilishga, bizlar xohlagandek o‘ylash va his qilishga majburlay oladigan xukmronlikka erishish; insonni mening ashyomga, mol-mulkimga aylantiruvchi hokimiyatga erishish usuli mavjud. Shu usul bilan insonni o‘rganishga moyillikning o‘taketgan xavfli shakli – sadizm: butun sir-asrorini chidolmasdan aytishi uchun boshqa insonni azoblash, qiynash, aziyat yetkazish istagi va qobiliyati. Muayyan insonning, binobarin shaxsiy «Men»ning sir-asrorini bilish yo‘lidagi mana shu ehtirosli istak – shafqatsizlik va vayrongarchiliklarga intilishning asosiy sabablaridan biri. Bu fikrni Isaak Babel juda aniq ifodalagan. Rossiyadagi fuqarolar urushida qatnashgan, sobiq xo‘jasini o‘lguncha tepkilagan qahramoni shunday deydi: «O‘q uzish bilan, menimcha, odamdan osongina qutilasan… shunchaki o‘q uzgan bilan insonning qalbi qanday ekaniyu qanday qiyofalarga kira olishini bilolmaysan. Biroq men o‘zimga beshafqatman, men, dushmanni bir soat yoki bir soatdan ortiq tepkilayman, chunki hayot asli qandayligini bilishni xohlayman…» (Babel I. Izbrannoye. Kemerovo, 1966, s.72.).

Bilish-ma’lumot olishga oshkora bunday intilish bolalarda kuzatiladi. Bolakay ichida nima borligini bilish maqsadida o‘yinchoqni sindiradi; jonli mavjudodning sir-sinoatini bilishga intilib, kapalakning qanotlarini shafqatsizlik bilan uzib oladi. Shunday qilib, shafqatsizlik teran ildizga – buyum-ashyolar va hayot sir-sinoatini bilish istagiga ega.

«Sir» olish, sir-asrorlarni kashf etishning boshqa yo‘li – muhabbat. Muhabbat – boshqa mavjudodga faol kirib borish, singish bo‘lib, uning siymosida bilish-ma’lumot olishga chanqoqligim qovushuv vositasida murod hosil qiladi. Qovushuv vositasida men o‘zligimni anglayman, seni anglayman, har bir insonu ashyoni idrok etaman, biroq hech qanday bilimni «o‘zlashtira olmayman». Men butun jonli mavjudod sir-sinoatini mulohaza vositasida emas, balki inson uchun yagona usul – ayni shu qovushuvni qirq ming tomirim ila his etgan holda anglayman. Sadizm sir-asrorlarni bilish ehtiyojini yuzaga keltiradi. Biroq men oldingiday juda oz bilaman. Men jonli mavjudodni nimtalab tashlayman, biroq oqibatda uning boshiga yetaman – ortiq natijaga erisha omayman. Faqat muhabbat — qovushuv jarayonida – sir-sinoatlarni bilish istagimni qanoatlantiradi. Faqat sevib, o‘zingni ma’shuqaga baxshida etib va uning bag‘riga singib, men o‘zgilimni topaman, kashf etaman, har ikkalamizni kashf etaman, men insonni kashf etaman.

O‘zligingni va yaqin kishingni bilishga ehtirosli intilish delfiyalik kohinning «O‘zligingni angla» hikmatida aks etgan. Ayni shu hikmatdan butun psixologiya yuzaga kelgan. Basharti istak-xohishlarimiz insonga oid barcha bilimlarni o‘zlashtirishga qaratilgan, ya’ni uning eng gizli sir-sinoatini kashf etishga qaratilgan ekan, faqat mushohada hosilasi bo‘lgan oddiy-yuzaki bilimlar vositasida bu istakni qondirib bo‘lmaydi. O‘zimizga oid bilimlarimiz ming chandon ziyoda bo‘lsa ham, hech qachon masalaning mohiyatiga yeta olmaymiz. O‘zimiz ham, yon-atrofimizdagilar ham mudom sir bo‘lib qolaveradi. To‘la-to‘kis anglash, idrok qilishning yagona usuli – faol muhabbat, yana ham aniqrog‘i mehr-muhabbat ila yo‘g‘rilgan faoliyat (muallif «muhabbat-harakat» deydi). Bu faoliyat gap-so‘zlar va fikr-mulohazalar doirasini yorib chiqadi, chunki bu o‘ta keng qamrovli, ehtirosli qovushuv kechinmasidir. Bundan qat’iy nazar intellektual, ya’ni psixologik bilim – faol, faoliyatli muhabbatda to‘la-to‘kis anglashning zaruriy sharti. Men boshqa bir insonni, aniqrog‘i mehrim tushgan ma’shuqani va o‘zimni xolisona bilishim, anglashim uchun, aslida qanday ekanini bilishim, yoki, aniqroq qilib aytganda, xomxayolllar-taxminlardan xalos bo‘lishim va unga oid soxta tasavvurdan holi bo‘lishim kerak. Va faqat o‘zim uchun shunday xolisona tasavvur hosil qilgach, men insonning, ma’shuqamning muhabbat bilan bog‘liq o‘ta gizli mohiyatini anglay olaman (Izoh: zamonaviy G‘arb madaniyatda psixologiyaning o‘rniga oid muhim xulosa shundan kelib chiqadi. Psixologiyaga qiziqish, shubhasiz, inson to‘g‘risidagi bilimlarga qiziqishni bildirsa ham, bu ayni paytda mazkur madaniyatga xos jiddiy nuqsonni fosh etadi: odamlararo munosabatlarda hozir mehru muhabbat yetishmaydi. Shunday qilib, muhabbatni bilish-o‘zlashtirish, fan sifatida egallashda psixologik bilimlarni tamal toshi sifatida foydalanish o‘rniga psixologik bilimlarning o‘zi bilangina kifoyalanmoqdalar).

Insonni anglash muammosi Xudoni anglash, idrok qilish bilan bog‘liq diniy muammo bilan uyg‘un. An’anaviy G‘arb ilohiyot fani Xudoni fikr-mulohaza vositada bilishga, Xudo haqida aqliy xulosalar chiqarishga urinayotir. Xudoni fikr-mulohaza vositada bilish, idrok qilish mumkin, deya hisoblayotirlar. Monoteizmning qonuniy hosilasi hisoblanuvchi mistitsizm talqiniga ko‘ra (buni quyida isbotlashga urinaman) fikr-mulohaza yuritish vositasida Xudoni anglash-idrok qilish inkor qilinadi va bu Olloh bilan bir butunlikni his etish bilan almashtiriladiki, bu borada Xudoga oid bilimlar hojati yo‘q va umuman ularga hech qanday ehtiyoj ham yo‘q.

Inson, deylik, ma’shuq-ma’shuqa bilan, yoki, diniy ibora bilan aytganda, Olloh bilan bir tanu bir jon bo‘lishni his qilish, idrok eta bilish g‘ayritabiiylikdan holi. Aksincha bu, Alber Shveyser uqtirganidek, ratsionalizmdan kelib chiqadigan juda asosli va juda jiddiy xulosa. Uning negizini bilimlarimizning tasodifiy cheklanganligi emas, balki inson va Koinot sir-sinoatini hech qachon bila olmasligimiz, biroq bundan qat’iy nazar amaliy muhabbat faoliyati vositasida muayyan bilimlarni o‘shlashtira olishimizga oid bilim tashkil etadi. Psixologiya fan sifatida cheklangan, va mistitsizm ilohiyot to‘g‘risidagi fanning mantiqiy natijasi bo‘lganidek, muhabbat – psixologiyaning zaruriy hamda uzil-kesil hosilasi.

G‘amxo‘rlik va mas’uliyat, hurmat-ehtirom va bilim o‘zaro bog‘liq. Bu balog‘at yoshidagi, ya’ni o‘z imkoniyat-fazilatlarini muttasil samarali boyitayotgan, yalpi tasarruf etish va yalpi xukmfarmonlik qilishga oid bolalarcha havoyi orzu havasdan voz kechgan, botiniy salohiyat yuzaga keltirgan kamsuqumlik-kamtarlik xos inson ega bo‘lishi zarur fazilatlar majmui. Bunday salohiyat esa faqat bunyodkor-yaratuvchi-ijodiy faoliyat vositasida qo‘lga kiritiladi.
Shu paytgacha muhabbatni insoniy begonalashuvni bartaraf etish usuli, ehtirosli-qaynoq qovushuv istagini qondirish sifatida talqin qildim. Biroq yalpi, ekzistensial qovushuv ehtiyojidan tashqari birmuncha spesifik, biologik talab-ehtiyoj: erkak va ayol qutblarning o‘zaro qovushuvga intilishi ham mavjud. Dastlab erkak va ayol bir butun bo‘lgani, keyinchalik esa ular roppa-rosa ikki jinsga ajratilgani va o‘shandan buyon har bir bag‘ri yarimta erkak boy berilgan ayol yarmini o‘zaro qovushish uchun axtarishga mahkumligiga oid afsonada jinslarning qarama-qarshi qutblarga ajralishi g‘oyasi yorqin aks etgan. (Injili sharifda Odam Atoning qobirg‘asidan Momo Havvo yaratilganiga oid rivoyatda ham ayni jinslar dastlab yaxlit-yalakat bo‘lgani naql qilinadi, lekin bu rivoyatdan patriarxalizm, ya’ni ota, erkak ustunligi aqidasining hidi keladi va unga nisbatan «ayol» ikkinchi o‘ringa tushib qoladi). Bu afsonaning mazmun-mohiyati tushunarli: jinslarning qarama-qarshiligi muayyan jinsga mansub insonni boshqa jinsga mansub inson bilan alohida, qovishuv vositasida birlashish-yaxlitlanishga undaydi. Erkak va ayol jinslarning qarama-qarshiligi har bir erkak va ayolning botinida ham mavjud. Erkak va ayol tanasida fiziologik jihatdan qarama-qarshi jins gormonlari mavjud ekan, ular psixologik jihatdan ham har ikki jinsga mansub bo‘lib, har birida qabul qilish va singish-kirib borish ibtidosi, materiya va ruh ibtidosi mavjud. Erkak va ayol faqat qarama-qarshi jins bilan qovushish vositasida mohiyatan yaxlitlik kasb etadilar. Bu qarama-qarshilik istalgan jonzot-mavjudot negizini tashkil etadi.

Ayni shu erkak va ayol qarama-qarshiligi inson yaralishi, dunyoga kelishining negizini tashkil qiladi. Biologik nuqtai nazardan bu shubhasiz tarzda yuzaga chiqadi: erkaklik urug‘i va ayol tuxumdonining qo‘shiluvi asnosida yangi hayot paydo bo‘ladi. Biroq tom ma’nodagi psixologik nuqtai nazardan ham ayni shunday jarayon ro‘y beradi: muhabbat vositasida erkak va ayol qaytadan dunyoga keladi. (Gomoseksualistlarga xos g‘ayrioddiy jinsiy qovushuvda qarama-qarshi jinslarning bunday yaxlitligiga erishib bo‘lmaydi, shu bois gomoseksualist yengib bo‘lmaydigan, iztirobli yolg‘izlikdan azob chekadi; darvoqe, sevish baxtidan mahrum, nisbatan ko‘pchilikni tashkil qiluvchi «el qatori» kimsalar ham yolg‘izlik azobini tortadilar.)

Erkak va ayol ibtidosining ayni shunday qarama-qarshiligi tabiatda ham; va nafaqat — shak-shubhasiz — hayvonot va nabotot dunyosida, shuningdek qabul qilish va singish-kirib borish bilan bog‘liq ikki asosiy jarayonning qarama-qarshiligida ham mavjud. Bu zamin va yomg‘irning, kun bilan tunning, zulmat va nurning, materiya va ruhning qarama-qarshiligi. Bu fikrni buyuk mutasavvuf Jaloliddin Rumiy juda go‘zal ifodalagan:

Qay oshiq muttasil yorin o‘ylagay,
Yori ham muttasil yo‘lin poylagay.

Dardi ishq oshiqni aylasa behol,
Ma’shuqa uchun ham xos oshufta hol.

E’tiqod-imonga qo‘ysang gar tanda,
Ollohga bo‘lursan sevimli banda.

Qo‘llar qovushmasa basu basiga,
Kim ham quloq tutar qarsak sasiga.

Olloh amri bilan mehri ziyoda,
Bizlar bir-birimiz sevdik dunyoda.

Eng oliy va oddiy ko‘hna haqiqat,
Barcha o‘z tengini axtarar faqat.

Oshiq gar samovot, ma’shuqa Zamin,
Samovot Zaminni aylagay ta’min.

Zarur bo‘lsa Yerga taftu harorat,
Samodan yog‘ilgay yog‘du, sharorat.

Ollohning rahmati yog‘ar paydar-pay,
Chamanzorlar sehri lol etar, bay-bay.

Ta’rifga sig‘mas hech Samovot sehri,
Kundan kun ziyoda Zaminning mehri.

Samovot sehridan Yerga tole yor,
Bag‘rida farzandlar o‘sar baxtiyor.

Toki har a’molin qimmat, narxi bor,
Sevishgan jonlardan qanday farqi bor?!

Payvasta qilmas to muhabbat sehri,
Ularni bog‘lagan qay rishta mehri?!

Zaminsiz unarmi gulu chechaklar,
O‘t-o‘lan, dov-daraxt, zarrin pechaklar?

Samodan yog‘ilgan Olloh rahmati,
Besamar ketardi barcha zahmati.

Kelin va kuyovni payvasta qilgan,
Muqtadir Ollohning bilgani bilgan.

Dunyoda barobar aylab nisbatni,
Qovushtirgay mudom manfiy-musbatni.

Tun bilan Kun o‘xshar gar g‘anim-qasdga,
Xizmat qilar biroq bitta maqsadga.

Banda quvvat olmay Tunning sehridan,
Bahramand bo‘lolmas Kunning mehridan.

Erlik va ayollik qarama-qarshiligi muammosi bilan bog‘liqlikda muhabbat va jinslar munosabatiga oid yana ayrim masalalarni ko‘rib chiqish zarur. Freyd muhabbatni jinsiy instinkt ifodasi – yoki sublimatsiya sifatida talqin etib, jinsiy maylning o‘zi muhabbat va qovishuv ehtiyojining ko‘rinishlaridan biri ekanini inobatga olmasdan yanglishganini aytgandim. (Qarang, masalan, «Begstvo ot svobodi» — «Erkinlikdan qochish» (119-betdagi izohga qarang). Ilova: Inson fe’l-atvori va ijtimoiy taraqqiyot. – Tarj. izohi). Biroq Freyd o‘ta jiddiy yanglishgan. U fiziologik-materialistik nuqtai nazaridan kelib chiqqan holda jinsiy maylni kimyoviy mohiyatga ega, yengillanishni taqozo etuvchi iztirobli zo‘riqish natijasi deya talqin etadi. Jinsiy mayl maqsadi – ayni shu zo‘riqishdan xalos topish; ayni shu asno xalos topish jinsiy qoniqish demak. Basharti, jinsiy mayl ochlik yoki tashnalik singari tanaga ta’sir qilganda, bunday nuqtai nazar isbotlangan bo‘lardi. Shu nuqtai nazarga binoan, jinsiy mayl qichish-qichimaga o‘xshaydi, jinsiy qoniqish shu qichish-qichimaga barham berishdan iboart. Mohiyatan shu nuqtai nazarga amal qilinsa, jinsiy qoniqishning eng oqilona yo‘li onanizm, kapaki bo‘lib chiqadi. Freyd, bu qanchalar paradoksal bo‘lmasin, seksuallikning psixobiologik xossasiga – erlik va ayollik qarama-qarshiligiga va bu qarama-qarshilikni qovushuv vositasida bartaraf etish istagiga e’tibor bermaydi. Bu g‘alati yanglish xulosa chiqarishiga, ehtimol, uning patriarxallikka o‘ta moyilligi sabab bo‘lgani ehtimoddan yiroq emas, oqibatda seksuallik – mohiyatan – erkaklarga xos xususiyat bo‘lib, spesifik ayollar seksualligini inkor etadi. Freyd bu fikrni «Jins nazariyasiga oid masala to‘g‘risidagi uch maqola» asarida qayd ettarkan, erkak yoki ayolda paydo bo‘lishidan qat’iy nazar, libido, odatda, «erlik tabiatiga ega» ekanini e’tirof etadi. Freyd yosh o‘g‘il bola ayolni bichilgan erkak sifatida tasavvur qilishiyu, ayol esa erlik olati yo‘qligini turi vositalar bilan bildirmaslikka urinishini e’tirof qilishida ham yuqoridagi fikr ratsionallashgan shaklda ifoda etilgan. Biroq ayol bichilgan erkak emas, va uning seksualligi, jinsiy maylida – tabiatan erlik xossasi yo‘q, balki spesifik ayollik xususiyati mavjud.

Jinslarning o‘zaro mayli jinsiy zo‘riqishni bartaraf etish ehtiyoji bilan qisman izohlanadi; bu avvalo qarama-qarshi jins bilan qovushish ehtiyoji. Amalda erotik mayl yolg‘iz seksual mayl sifatida namoyon bo‘lmaydi. Fe’l-atvorda bo‘lganidek, seksual vazifada ham erlik va ayollik xususiyatlari mavjud. Erlik xususiyati monelik-to‘siqlarni baratraf etish va rahbarlik salohiyati, faollik-jo‘shqinlik, tartib-intizom, omilkorlik-tadbirkorlik tarzida ta’riflanadi; ayollik xususiyatiga esa bajonidil qabul qilish, mehru shafqat qobiliyati xos; ayollik fe’l-atvori hayotni amaliy idrok etishi, sabru toqati, odamlarga onalarcha mehr ko‘rsatishi bilan ajralib turadi. (Har bir individda ham erlik, ham ayollik xususiyatlari mavjudligini, biroq muayyan jins vakillarida ayni o‘z jinsi xossalari ustunligini unutmaslik kerak.) Agar erkak fe’l-atvorida erlik xususiyatlari sust aks etsa, ya’ni emotsional, psixologik jihatdan yosh bolaligicha qolgan bo‘lsa, bu nuqsonni bildirmaslikka urinib, jinsiy munosabatlarda erlik mavqeiga alohida ahamiyat beradi. natijada seks – jinsiy aloqa chog‘ida erkaklik afzalligini namoyon qilishga ehtiyoj sezadigan Don Juan yuzaga keladi, chunki fe’l-atvor nuqtai nazaridan tom ma’nodagi erkak ekaniga ishonchi komil emas. erlik fe’l-atvori xususiyatlari o‘ta yetishmaydigan holatlarda ularning asosiy – va buzilgan – o‘rnini qoplovchi xususiyat sadizm (zo‘ravonlikka moyillik, intilish) hisoblanadi. Ayollik xususiyalarining zaifligi yoki buzilgan-aynigan shakli mazoxizm yoki mustaqillikka intilish ko‘rinishini kasb etadi.

Seksga oshig‘ich ahamiyat berganlikda Freydni tez-tez ayblaydilar. Bu tanqid aksariyat Freyd ta’limotidan konservativ kayfiyatdagi kishilarni g‘azablantirgan jihatlarga chek qo‘yish intilishi bilan kelib chiqqan. Freyd buni juda yaxshi bilardi va ayni shu bois jinslarga oid nazariyasini o‘zgartirish yo‘lidagi har qanday urinishlarga qarshilik ko‘rsatdi. Haqiqatdan ham o‘sha kezlarda Freyd nazariyasi isyonkorona, inqilobiy xususiyatga ega edi. Biroq 1900 yilda to‘g‘ri nazariya oradan 50 yil o‘tgach, hayot haqiqatiga to‘g‘ri kelmay qoldi. Hulq-atvor, ahloqiy mezonlar shu darajada o‘zgardiki, Freyd nazariyasi G‘arb jamiyatining o‘rta bo‘g‘inini ortiq hayratlantirmayotir, va bugungi kunda ortodoksal psixoanalitiklar freydona jins nazariyasini yoqlayotganliklari bois o‘zlarini hamon dadil va peshqadam hisoblayaptilar, bu — Don Kixotga xos radikalizm. Aslida psixoanalizning bu shakli – konformistik xususiyatga ega, zero hozirgi jamiyatni tanqid qiluvchi psixologik savol-muammolarni kun tartibiga qo‘yishga intilmaydi.

Men esa Freyd nazariyasini seksga oshig‘ich ahamiyat-baho bergani uchun emas, balki seksni yetarli darajada teran anglamagani uchun tanqid qilaman. Freyd insonlararo munosbatlarda ehtiroslar ahamiyatini kafsh etish yo‘lida dastlabki qadamni tashladi; falsafiy nuqtai nazariga binoan ularni fiziologik izohlashga urindi. Psixoanalizning bundan buyongi ravnaqi davomida Freyd nuqtai nazarini to‘g‘rilash va chuqurlashtirish, uning fiziologik kashfiyotini biologik va ekzistensializm nuqtai nazariga moslashtirish zarur (Izoh: Freyd umri poyonidagi hayot va o‘lim instinktlari konsepsiyasida bu yo‘nalishda dastlabki qadamlarni qo‘ydi. Uning sintez va birlashuv-qovishuv manbai sifatidagi hayot instinkti (eros) konsepsiyasi libidoga nisbatan tamomila boshqacha konsepsiya. Ortodoksal psixoanalitiklar hayot va o‘lim konsepsiyasini qabul qilganlaridan qat’iy nazar bu libido konsepsiyasini, xususan, klinik tajriba nuqtai nazaridan fundatmental qayta ko‘rib chiqilishiga olib kelmadi).

Davomi bor

0 content.JPG

(Tashriflar: umumiy 4 979, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring