Jaloliddin Rumiy. Hikmatlar & Baxtiyor Karimov. Jaloliddin Rumiy ma’naviy merosining umuminsoniy madaniyatda tutgan o’rni

003

Мавлоно Румий ўзидан кейинги авлодларга 5 муҳим ва қимматбаҳо асар қолдирди: 1. «Девони кабир», «Девони Шамси Табризий», «Девони шамсул ҳақойиқ» деган номлар билан машҳур девон. 2. «Маснавийи маънавий» — 25700 байтдан иборат бебаҳо тасаввуфий-ишқий асар. 3. «Фийҳи ма фийҳи» («Ичингдаги ичингдадир») — Мавлононинг суҳбатларидан иборат фалсафий китоб. 4. «Мавоизи мажолиси сабъа» — бу асар Румийнинг этти ўгит ва панд-насиҳатларидан иборат. 5. «Мактубот» — Мавлононинг турли даврларда замондошларига ёзган мактубларидан ташкил топган тўплам.

Бахтиёр Каримов
ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ
УМУМИНСОНИЙ МАДАНИЯТДА ТУТГАН ЎРНИ
034

rumiМиллий ўзлигимизни ўзида мужассамлаштирган буюк аждодларимизнинг маънавий мероси халқимизнинг руҳини, ғурур-ифтихорини, қудратини, орзу-интилишларини акс эттирадиган маънавий омиллардан биридир. Шу маънода, ислом оламида ўлмас асарлари билан чуқур из қолдирган улуғ мутасаввиф аллома Жалолиддин Румий меросини илмий асосда таҳлил этиш ва унинг ислом маданиятида тутган ўрнини тадқиқ қилиш масаласи маънавий соҳадаги ислоҳотларимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Жалолиддин Румий меросининг ислом маданиятидаги ўрнини тадқиқ қилишда аввало, ўрта асрлар мусулмон Шарқининг муаззам таълимотларидан бўлмиш тасаввуфга эътиборимизни қаратишга тўғри келади. Тасаввуф исломнинг ботиний жиҳатларини қамраб олиб, унинг бош ғояси Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш учун нафсни поклаб гўзал ахлоқ соҳиби бўлишга интилмоқ, яъни Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) хулқи билан ахлоқланишдир. Қуръони карим ва ҳадиси шарифга таянган тасаввуф ислом илм-фани ва маданиятидан муносиб ўрин олган Жалолиддин Румий учун ҳам маънавий етуклик пиллапояси бўлиб хизмат қилган. Мавлоно Румий шахсияти ва ижоди борасидаги тадқиқотларда Мавлоно фикр ва ақида жиҳатдан Қуръонга таянганлиги уқтирилади. Хусусан, Мавлоно Румийнинг «Маснавий” асари ҳақида Н. Комилов қуйидаги фикрларни билдиради:

“Маснавий»да бир неча юз ҳикоят ва ривоятлар келтирилган. Қуръони каримнинг юзлаб ояти тилга олиниб, тафсир этилган, 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган. Кўз олдимизда ҳам Калом илмининг улуғ билимдони, ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон, ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий сўфиёна маънолар чиқаради, теран доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръоннинг уч қабат ботиний маъноси бор”, деб қайд этади у ва ана шу маъноларни изчил бизга тушунтиради”1.

Ҳақиқатан ҳам Мавлоно Румийнинг барча асарлари ислом динининг моҳияти асосида ёзилган бўлиб, олам ва одам моҳиятининг маънавий сир-асрорларидан воқиф қилади. Мутафаккир инсоннинг бу дунёдаги аҳволи, руҳияти хусусида таъкидлаб шундай фикрларни билдиради: «Инсонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард бордирки, юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди. У ишда, санъатда, илму нужумда, ҳакимликда машғул. Бироқ буларнинг ҳеч биридан ҳузур тополмайди. Чунки истаган нарсасини қўлга киритолмаган. Ёр дилором, яъни кўнгилни тинчлантирувчи демакдир. Шундай экан, кўнгил бошқа нима билан қандай хотиржам бўлсин? Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зинапоялар ўтириб дам олишга мослашмаган, аксинча усти босиб ўтилади, холос. Умрни шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва аҳволининг моҳиятини англаб етган зот қандай бахтли»2.

Мавлононинг “Фиҳи мо фиҳи” (“Ичиндаги ичиндадир”) асаридаги бу фикрлардан кўринадики, бу дунёда инсонни чалғитадиган ва унинг ўзлигини англашга тўсқинлик қиладиган ўткинчи воситалар бисёр. Инсон ўз моҳиятини англамоғи учун ва ҳақиқий ҳотиржамликка эришиш учун ҳаётидаги ўткинчи воситаларга алданиб қолмаслиги керак бўлади. Инсоннинг моҳиятини Мавлоно икки асосда – моддий ва маънавий жиҳатларнинг уйғунлигида деб билади: “Агар данакни чақиб, мағзини эксанг унмайди. Агар қобиғи билан бирга тупроққа қадасанг-чи, униш ҳодисаси рўй беради”3. Бунда мутафаккир биоруҳий мавжудот бўлган инсонга ишора қилиб, данакнинг мағзи руҳ, қобиғи эса инсоннинг вужуди эканлигини, бу фоний дунёда инсоннинг икки дунё саодатига ноил бўлиши учун эса мана шу моддий ва маънавий асоснинг уйғунлиги муҳим аҳамият касб этишини назарда тутади4.

Бундан кўринадики, Мавлононинг мақсади инсонни ғофилликдан уйғотиб, ўз моҳиятини теран англашга ундаш, унинг фақат моддият асири бўлиб қолмаслиги ва ҳақиқий илм ва ҳикматнинг боши бўлган Аллоҳни танишга, Унинг жамолига мушарраф бўлишга чақиришдир. Бунинг учун инсон вужудидаги ҳайвонийлик сифати мағлуб бўлиб, инсонийлик сифати зуҳур этилиши керак бўлади. Ана шунда Мавлоно айтганларидек, «Инсоннинг ичи ҳуррият олами…»га5 айланади.

Мавлононинг тасаввуфий қарашлари инсоннинг тақдири, ҳаётдаги мақсади, асли ва аслиятига қайтишлик, Аллоҳни танишга бўлган интилишларга йўналтирилган эди. Мавлоно инсоннинг қалб дунёсидаги хазинани кашф этди. Инсонийлик хамирини пиширди ва инсонийлик жавҳарига ишлов берди6. Шу билан бирга ислом тасаввуфи моҳиятини башариятга ўзининг илоҳий ишққа йўғрилган сатрлари билан англатишга ҳаракат қилди ва бу борада беқиёс муваффақиятлар қозонди. У тасаввуфни ишқ йўли эканлигини ўзига хос мажозий маъноларга бой ирфоний шеърияти билан тушунтирди.

Мавлонога ўзларини яқин деб билган бошқа диндагилар: “Биз Мусо ва Исо алайҳимоссаломнинг сирларини унда кўрдик, ундан топдик. У қуёш каби бир ерни эмас, бутун дунёни ёритади”7 каби фикрлари билан унинг нафақат ислом дунёси, балки жаҳон маданиятидаги мавқеининг юксаклигига ишора қиладилар. Бизнингча, Жалолиддин Румийнинг умуминсоний маданият силсиласидан ўрин эгаллашига сабаб, унинг ислом динининг асл моҳияти Аллоҳни севиш эканлиги, бундан Расулуллоҳ севгиси, Қуръон севгиси, имон севгиси, инсон севгиси намоён бўлишини таълим берганлар.

Маълумки, тасаввуфда илоҳий ишқ масаласи муҳим аҳамият касб этади. Ислом маданиятининг маънавий хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган тасаввуф шеърияти асосида ҳам айнан илоҳий ишқ ётади. Мавлоно Румий ҳам ўз ижоди билан илоҳий ишқ масаласига эътибор бериб, унинг диний-тасаввуфий маъноларини очиб берди. Мавлоно дунёвий ишқни эмас, ҳақиқий ишқни англатганлар. Тасаввуфдаги дунёвий ва илоҳий ишқ хусусида тўхталиб, ушбу ҳикоятни келтиради:

«Мажнун Лайли ишқига етишиш учун туясига миниб йўлга чиқади. Туянинг бўталоғи бор эди. Мажнун туяни югуртирса, бўталоқ орқада қола бошлади. Туя эса боласига илҳақ орқасига тисланар эди. Мажнун туянинг устида уйқуга кетади. Бир пайт қараса туя еридан бир қадам ҳам жилмайди. Шу пайт Мажнун туясига шундай дейди: «Эй туя! Иккимиз ҳам ошиқмиз. Мен Лайлойимга, сен бўталоғингга, биз бир-биримиз билан йўлдош бўла олмаймиз. Чунки бизнинг йўлимиз айродир. Ҳақиқий ошиқ тан туясига эмас, жон туясига миниши керак. Жон ва бақо оламида қанот очиб учиши керак”8. Бу ўринда Мавлоно дунёвий ишқни эмас, ҳақиқий ишқни англатганлар. Дунёвий ишқни эса Мажнуннинг туясини бўталоғига бўлган интилишига ўхшатади. Умуман олганда Мавлоно назарида Ишқ бутун мазҳабларни бирлаштиради ва инсонлар орасида бирликни вужудга келтиради. Ишқнинг ранги йўқ, шакллари ва шамойиллари буюк ғоялар ва мақсадларда кўринади. Румий ҳазратларининг теран қарашларида ўзига хос томони шундаки, улардаги олам ва одам, онг ва борлиқ, инкор ва исбот каби фалсафий тушунчаларнинг асл моҳиятини англаймиз. Чунки Румий ҳазратлари бу тушунчаларни содда тарзда ҳаётий ҳикоятлар мисолида тушунтиришга ҳаракат қилади. Қолаверса, Қуръони карим оятларининг тафсири ва ҳадиси шарифларнинг маънавий гўзалликлари теран ифодасини топган. Бундан ташқари, барча замонларнинг энг оғриқли ҳодисаларидан бўлган мазҳабпарастлик, эътиқодлар ва динлар ўртасидаги зиддиятлар хусусида Жалолиддин Румий ўзига хос фикрларни билдиради: “Йўллар турли-туман бўлса ҳам ғоя бирдир. Ахир кўрмаяпсанми, Каъбага элтувчи қанча йўллар бор. Ким Румдан, ким Шомдан, ким Ажамдан, ким Чиндан ва яна кимдир Ҳинду Ямандан йўлга чиқади. Агар йўлларга боқадиган бўлсак, буюк фарқлар бор. Мақсадга, ғояга назар солсак-чи, уларнинг ҳаммаси бир – Каъбага йўналгандир. Бу ердаги ишқ жуда улуғдир. Чунки бунда ҳеч қандай тушунмаслик, бошбошдоқлик йўқдир. Каъбага келинганда, йўллардаги ғавғолар, уришиб сўкишлар барҳам топади. Чунки йўлда бир-бирларига «Кофирсан, фалонсан-пистонсан» деганлар Каъбага келишлари билан мақсадлари бир эканини тушунадилар»9.

Мавлоно бу дунёдаги инсонларнинг эътиқодий мақсадлари ва интилишлари ҳақида фикрини давом эттириб, мақсад сари элтувчи йўллар кўп, аммо уларнинг борар жойи бир эканлигини таъкидлаб зиддиятларни инкор этадилар. Диний ихтилофлар йўлларнинг хилма-хиллигидадир, яъни шаклдадир. Йўлларнинг туташган жойи Каъбага келинганда барчанинг мақсади аён бўлиб, моҳият равшанлашади, моҳиятни англаганлар орасида эса низолар барҳам топади.

Жалолиддин Румий ижодининг жаҳон халқлари орасида машҳур бўлишида унинг вафотидан кейин шакллантирилган мавлавия тариқати ҳам муҳим ўрин тутади. Мавлавия тариқатининг асослари кўпроқ Румийнинг ўғли Султон Валад томонидан ишлаб чиқилиб амалга оширилган. Мавлавия тариқати бошқа тариқатлардан фарқли ўлароқ, кўпроқ халқнинг ўзига тўқ санъаткору мусиқашунослари орасида кенг тарқалган. Бунда гўзал санъатлар ва мусиқа билан бўлган алоқанинг ҳам таъсири бор. Айниқса, туркий тасаввуф мусиқасининг пайдо бўлишида бу тариқатнинг беқиёс хизмати сингган. Ҳар йили Кўниёдаги Жалолиддин Румий музейида уюштириладиган Мавлоно кечаларида турли ўлкалардан кўплаб зиёлилар қатнашадилар. Мавлавия тариқатига баъзи ҳолларда шиа, маломатий, қаландарий унсурлари ҳам қоришиб кетган. Ишқу жазбага кўпроқ эътибор берган бу тариқат ғайримуслимлар томонидан исломнинг тан олинишида катта ҳисса қўшган. Мавлавия тариқати дунё миқёсида ягона марказдан туриб бошқарилган. Марказий даргоҳ 1925 йилгача Кўниёда бўлиб, такя ва тариқатлар тугатилгач, Халабга кўчган. Бу тариқатнинг шўъбаси йўқ, аммо ринд ва илоҳий ишқ жиҳатлари кучли бўлган «Шамс» шохобчаси («Шамс» тариқат шохобчаси Шамс Табризийдан тарқалган) ва зуҳдга аҳамият берувчи “Валад” шохобчаси (яъни Султон Валад шохобчаси) борлиги манбаларда айтилган. Бироқ булар шохобчалардан кўра кўпроқ маслакдир. Мавлавийлик тариқати ишқу жазба, самоъ ва сафога асосланган.

Шундай қилиб, Жалолиддин Румийнинг маънавий мероси ислом маданиятида юксак ўрин тутади. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти марказида инсонни тўғри йўлга бошлаш ва тарбиялашнинг долзарб аҳамиятини кўришимиз мумкин. Мутафаккир жамиятнинг тараққиётини диний-ахлоқий комилликда кўрган. Шунинг учун инсонларни комиллик сари элтувчи ўзига хос қарашларни илгари сурган. Бу қарашлар замирида ҳам маънавий тарбия муҳим ўрин тутиб, бу тарбия ислом маънавияти асосида қурилганини кўришимиз мумкин.

Мавлоно Румий асарларидаги диний-ирфоний ғоялар ислом тасаввуфининг асосида шаклланган бўлса-да, Мавлоно ўз даврида мустақил ўзига хос позициясига эга эди. Бу унинг ислом ва тасаввуф маънавияти халқчил руҳда фалсафий мушоҳадаларга бой ҳикоятлар ва маснавий жанрида битилган шеъриятида намоён бўлади. Жалолиддин Румий шеърияти юксак эстетик мазмунга эга бўлиб, ундаги маънавий ғоялар ирқи, миллати ва динидан қатъи назар, инсоннинг ўзини англашига хизмат қилади, инсон қалбига борувчи барча йўлларни бирлаштиради ва азалий моҳиятларни кашф қилиб, инсониятни бағрикенглик ва маънавий комиллик сари етаклайди.

Изоҳлар

1 Жалолиддин Румий. Маънавий маснавий. Т.: Шарқ, 1999. Б. 12.
2 Румий, Жалолиддин. Ичиндаги ичиндадур. Т., 2001. Б. 65.
3 Ўша асар. Б. 4.
4 Ўша асар. Б. 85.
5 Ўша асар. Б. 94.
6 Ризо А. Ораста. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг инсонийлик қарашлари. Ишқда ва яратилишда янгидан туғилиш. Таржимонлар: Демиркўл Б., Ўздемир И. Анқара, 2000. Б. 39.
7 Абдулбоқи Гулпинарли. Мавлоно Жалолиддин ҳаёти, асарлари, фалсафаси. Истанбул. 1999. Б. 129.
8 Румий, Жалолиддин. Ичиндаги ичиндадур. Т., 2001. Б. 25.
9 Ўша асар. Б. 93.

011
Жалолиддин Румий
ҲИКМАТЛАР
Муслимбек Мусаллам таржималари
09

01 Ҳаёт сенга орқама-орқа тўсиқлар, синовлар юборса, бу тиканлардан сақлан. Хавотир олма: яқин кунларда бу тиканлар гулини хам кўрсатади .

01 Ишқи буюк, савдоси буюк бўлганни синови ҳам оғир бўлади .

01 Яхшини изла, тўғрини изла, гўзалликни изла, асло қусур излама

01 Қоф тоғи қадар буюк бўлсанг-да кафанга сиғадиган қадар кичиксан .

01 Тур, ўзинга кел, ноумидликка берилма, умидсизлик шайтондан, умид қилиш Аллоҳдандир .

01 Тангрига олиб борадиган йўллар бисёрдир. Мен эса Ишқ йўлини танладим .

01 Қумнинг заррасиман, аммо саҳронинг дардини ташийман .

01 Ишқда насибанг бор бўлса, тегсанг хам ёнажаксан. Шуни яхши бил: кимлар соғинчдан ёнар, кимлар етишишдан .

01 Руҳнинг гўзаллиги тананинг гўзаллиги каби тез кўринмас .

01 Нимагадир билмайман сенга боқсам ўзимни кўраман. Сенга келаётган вақтда ўзимдан кетаман. Сендан кетар вақтда хеч ўзимга келмайман.

01 Инсонларни яхши тани, ҳар инсонни ёмон билиб, қутулмоққа шошилма. Ҳар инсонни яхши билиб ҳам овунма .

01 Шайтоннинг қотили одобдир

01 Шахсиятпарастлик кўзга тақилган кўзгудир. Қаерга боқса, ўзидан бошқасини кўраолмас .

01 Баъзи инсонлар борки, саломларидан қурум ҳиди келади . Баъзи инсонлар саломидан мушки анбар хуш бўй ҳид келади .

01 Кимнинг ишққа майли йўқ бўлса, қанотсиз қуш кабидир .

01 Ақлим қалбимдан имон нимадир дея сўради. Қалбим ақлимнинг қулоғига эгилиб «Имон одобдир» деди

01 Тилингни тарбия этмакдан аввал юракни тарбият эт .Чунки сўз юракдан келиб, тилдан чиқади .

01 Сени севганларни, заҳар бўлса ҳам ют. Сени севмаганни, бол бўлса-да, унут

01 Хафа бўлиш важларини излашдан кўра, севиш, севилмоқ йўлларини изла .

01 Ҳамма зоҳирга безак бермоққа кираркан, сен ботинга безак бермоққа шошил. Ҳамма бировлар айбини айтиб ғийбатга кетаркан , сен ўзингни хатоларинг, айбларинг билан машғул бўл .

01 Кўнгли ойдин тоза одамга қул бўлиш, шоҳлар бошига тож бўлмоқдин аълодир .

01 Эй кўнгил, жонни ачиштирар дори айрилиқдир аммо унинг ичинда ишқ деган шифоси яшириндир.

01 Фоний бўлган ишқ йўқдир. Ишқларнинг бари боқийдир. Фарқи шуки, кимдир санъаткорнинг санъатини кўрур, кимдир санъаткорнинг ўзини .

01 Бизни билганлар билар, билмаганлар ўзи каби билар.

01 Одомзот дунёни забт этар, аммо оғзини забт этолмас .

01 Гўзал кунлар сенга келмас. Сен уларга юриб боражаксан .

01 Инсонни таниш денгиздаги сувни кўзага қуйиб денгизни бўшатмоққа уринган каби мушкул ишдир .

01 Қалб денгиздир, тил сохилдир. Денгизда нима бўлса соҳилга урилар

01 Севги ва шафқат одамийлик васфидир. Қаҳр ва шаҳват ҳайвонийлик белгисидир .

01 Китобларни ўқимоқдан аввал, ўзиммизни ўқишга киришайлик.

01 Инсоннинг қаноти ғайратдир.

01 Ё тутиладиган даражада яқин бўл, ё унитиладиган даражада узоқ бўл.

01 Меҳмон келадиган каби уйингни, ўлим келадиган каби қалбингни озода тут.

01 Ёлғизликнинг энг ёмони сени англамаганлар ичра қолишдир.

01 Бекорга чолишма, сени кўрганлари ва эшитганлари қадар англайдилар .

01 Ҳар бир инсон худди ёмғир томчиси кабидир. Кимдир лойга тушар, кимдир гул япроғига тушар.

044

Baxtiyor Karimov
JALOLIDDIN RUMIY MA’NAVIY MEROSINING
UMUMINSONIY MADANIYATDA TUTGAN O’RNI
034

rumiMilliy o’zligimizni o’zida mujassamlashtirgan buyuk ajdodlarimizning ma’naviy merosi xalqimizning ruhini, g’urur-iftixorini, qudratini, orzu-intilishlarini aks ettiradigan ma’naviy omillardan biridir. Shu ma’noda, islom olamida o’lmas asarlari bilan chuqur iz qoldirgan ulug’ mutasavvif alloma Jaloliddin Rumiy merosini ilmiy asosda tahlil etish va uning islom madaniyatida tutgan o’rnini tadqiq qilish masalasi ma’naviy sohadagi islohotlarimiz rivojida muhim ahamiyat kasb etadi.

Jaloliddin Rumiy merosining islom madaniyatidagi o’rnini tadqiq qilishda avvalo, o’rta asrlar musulmon Sharqining muazzam ta’limotlaridan bo’lmish tasavvufga e’tiborimizni qaratishga to’g’ri keladi. Tasavvuf islomning botiniy jihatlarini qamrab olib, uning bosh g’oyasi Alloh taoloning rizoligiga erishish uchun nafsni poklab go’zal axloq sohibi bo’lishga intilmoq, ya’ni Muhammad payg’ambar (s.a.v.) xulqi bilan axloqlanishdir. Qur’oni karim va hadisi sharifga tayangan tasavvuf islom ilm-fani va madaniyatidan munosib o’rin olgan Jaloliddin Rumiy uchun ham ma’naviy yetuklik pillapoyasi bo’lib xizmat qilgan. Mavlono Rumiy shaxsiyati va ijodi borasidagi tadqiqotlarda Mavlono fikr va aqida jihatdan Qur’onga tayanganligi uqtiriladi. Xususan, Mavlono Rumiyning «Masnaviy” asari haqida N. Komilov quyidagi fikrlarni bildiradi:

“Masnaviy»da bir necha yuz hikoyat va rivoyatlar keltirilgan. Qur’oni karimning yuzlab oyati tilga olinib, tafsir etilgan, 690 hadisga rumiyona sharh berilgan. Ko’z oldimizda ham Kalom ilmining ulug’ bilimdoni, ham tasavvuf ta’limotini sarbaland cho’qqiga olib chiqqan orif inson, ham muqtadir daho shoir gavdalanadi. Oddiy latifalar, hikoyatlardan Rumiy favqulodda falsafiy so’fiyona ma’nolar chiqaradi, teran doiradan doiraga, darajadan darajaga ko’tarilib boradi. “Qur’onning uch qabat botiniy ma’nosi bor”, deb qayd etadi u va ana shu ma’nolarni izchil bizga tushuntiradi”1.

Haqiqatan ham Mavlono Rumiyning barcha asarlari islom dinining mohiyati asosida yozilgan bo’lib, olam va odam mohiyatining ma’naviy sir-asrorlaridan voqif qiladi. Mutafakkir insonning bu dunyodagi ahvoli, ruhiyati xususida ta’kidlab shunday fikrlarni bildiradi: «Insonda shu qadar ulkan ishq, hirs, orzu va dard bordirki, yuz minglarcha olam o’ziniki bo’lsa ham, ko’ngli tinchimaydi. U ishda, san’atda, ilmu nujumda, hakimlikda mashg’ul. Biroq bularning hech biridan huzur topolmaydi. Chunki istagan narsasini qo’lga kiritolmagan. Yor dilorom, ya’ni ko’ngilni tinchlantiruvchi demakdir. Shunday ekan, ko’ngil boshqa nima bilan qanday xotirjam bo’lsin? Zavq va orzular zinapoyaga o’xshaydi. Zinapoyalar o’tirib dam olishga moslashmagan, aksincha usti bosib o’tiladi, xolos. Umrni shu zinalarda behuda o’tkazmaslik uchun g’ofillikdan tez uyg’ongan va ahvolining mohiyatini anglab yetgan zot qanday baxtli»2.

Mavlononing “Fihi mo fihi” (“Ichindagi ichindadir”) asaridagi bu fikrlardan ko’rinadiki, bu dunyoda insonni chalg’itadigan va uning o’zligini anglashga to’sqinlik qiladigan o’tkinchi vositalar bisyor. Inson o’z mohiyatini anglamog’i uchun va haqiqiy hotirjamlikka erishish uchun hayotidagi o’tkinchi vositalarga aldanib qolmasligi kerak bo’ladi. Insonning mohiyatini Mavlono ikki asosda – moddiy va ma’naviy jihatlarning uyg’unligida deb biladi: “Agar danakni chaqib, mag’zini eksang unmaydi. Agar qobig’i bilan birga tuproqqa qadasang-chi, unish hodisasi ro’y beradi”3. Bunda mutafakkir bioruhiy mavjudot bo’lgan insonga ishora qilib, danakning mag’zi ruh, qobig’i esa insonning vujudi ekanligini, bu foniy dunyoda insonning ikki dunyo saodatiga noil bo’lishi uchun esa mana shu moddiy va ma’naviy asosning uyg’unligi muhim ahamiyat kasb etishini nazarda tutadi4.

Bundan ko’rinadiki, Mavlononing maqsadi insonni g’ofillikdan uyg’otib, o’z mohiyatini teran anglashga undash, uning faqat moddiyat asiri bo’lib qolmasligi va haqiqiy ilm va hikmatning boshi bo’lgan Allohni tanishga, Uning jamoliga musharraf bo’lishga chaqirishdir. Buning uchun inson vujudidagi hayvoniylik sifati mag’lub bo’lib, insoniylik sifati zuhur etilishi kerak bo’ladi. Ana shunda Mavlono aytganlaridek, «Insonning ichi hurriyat olami…»ga5 aylanadi.

Mavlononing tasavvufiy qarashlari insonning taqdiri, hayotdagi maqsadi, asli va asliyatiga qaytishlik, Allohni tanishga bo’lgan intilishlarga yo’naltirilgan edi. Mavlono insonning qalb dunyosidagi xazinani kashf etdi. Insoniylik xamirini pishirdi va insoniylik javhariga ishlov berdi6. Shu bilan birga islom tasavvufi mohiyatini bashariyatga o’zining ilohiy ishqqa yo’g’rilgan satrlari bilan anglatishga harakat qildi va bu borada beqiyos muvaffaqiyatlar qozondi. U tasavvufni ishq yo’li ekanligini o’ziga xos majoziy ma’nolarga boy irfoniy she’riyati bilan tushuntirdi.

Mavlonoga o’zlarini yaqin deb bilgan boshqa dindagilar: “Biz Muso va Iso alayhimossalomning sirlarini unda ko’rdik, undan topdik. U quyosh kabi bir yerni emas, butun dunyoni yoritadi”7 kabi fikrlari bilan uning nafaqat islom dunyosi, balki jahon madaniyatidagi mavqeining yuksakligiga ishora qiladilar. Bizningcha, Jaloliddin Rumiyning umuminsoniy madaniyat silsilasidan o’rin egallashiga sabab, uning islom dinining asl mohiyati Allohni sevish ekanligi, bundan Rasululloh sevgisi, Qur’on sevgisi, imon sevgisi, inson sevgisi namoyon bo’lishini ta’lim berganlar.

Ma’lumki, tasavvufda ilohiy ishq masalasi muhim ahamiyat kasb etadi. Islom madaniyatining ma’naviy xususiyatlarini o’zida mujassamlashtirgan tasavvuf she’riyati asosida ham aynan ilohiy ishq yotadi. Mavlono Rumiy ham o’z ijodi bilan ilohiy ishq masalasiga e’tibor berib, uning diniy-tasavvufiy ma’nolarini ochib berdi. Mavlono dunyoviy ishqni emas, haqiqiy ishqni anglatganlar. Tasavvufdagi dunyoviy va ilohiy ishq xususida to’xtalib, ushbu hikoyatni keltiradi:

«Majnun Layli ishqiga yetishish uchun tuyasiga minib yo’lga chiqadi. Tuyaning bo’talog’i bor edi. Majnun tuyani yugurtirsa, bo’taloq orqada qola boshladi. Tuya esa bolasiga ilhaq orqasiga tislanar edi. Majnun tuyaning ustida uyquga ketadi. Bir payt qarasa tuya yeridan bir qadam ham jilmaydi. Shu payt Majnun tuyasiga shunday deydi: «Ey tuya! Ikkimiz ham oshiqmiz. Men Layloyimga, sen bo’talog’ingga, biz bir-birimiz bilan yo’ldosh bo’la olmaymiz. Chunki bizning yo’limiz ayrodir. Haqiqiy oshiq tan tuyasiga emas, jon tuyasiga minishi kerak. Jon va baqo olamida qanot ochib uchishi kerak”8. Bu o’rinda Mavlono dunyoviy ishqni emas, haqiqiy ishqni anglatganlar. Dunyoviy ishqni esa Majnunning tuyasini bo’talog’iga bo’lgan intilishiga o’xshatadi. Umuman olganda Mavlono nazarida Ishq butun mazhablarni birlashtiradi va insonlar orasida birlikni vujudga keltiradi. Ishqning rangi yo’q, shakllari va shamoyillari buyuk g’oyalar va maqsadlarda ko’rinadi. Rumiy hazratlarining teran qarashlarida o’ziga xos tomoni shundaki, ulardagi olam va odam, ong va borliq, inkor va isbot kabi falsafiy tushunchalarning asl mohiyatini anglaymiz. Chunki Rumiy hazratlari bu tushunchalarni sodda tarzda hayotiy hikoyatlar misolida tushuntirishga harakat qiladi. Qolaversa, Qur’oni karim oyatlarining tafsiri va hadisi shariflarning ma’naviy go’zalliklari teran ifodasini topgan. Bundan tashqari, barcha zamonlarning eng og’riqli hodisalaridan bo’lgan mazhabparastlik, e’tiqodlar va dinlar o’rtasidagi ziddiyatlar xususida Jaloliddin Rumiy o’ziga xos fikrlarni bildiradi: “Yo’llar turli-tuman bo’lsa ham g’oya birdir. Axir ko’rmayapsanmi, Ka’baga eltuvchi qancha yo’llar bor. Kim Rumdan, kim Shomdan, kim Ajamdan, kim Chindan va yana kimdir Hindu Yamandan yo’lga chiqadi. Agar yo’llarga boqadigan bo’lsak, buyuk farqlar bor. Maqsadga, g’oyaga nazar solsak-chi, ularning hammasi bir – Ka’baga yo’nalgandir. Bu yerdagi ishq juda ulug’dir. Chunki bunda hech qanday tushunmaslik, boshboshdoqlik yo’qdir. Ka’baga kelinganda, yo’llardagi g’avg’olar, urishib so’kishlar barham topadi. Chunki yo’lda bir-birlariga «Kofirsan, falonsan-pistonsan» deganlar Ka’baga kelishlari bilan maqsadlari bir ekanini tushunadilar»9.

Mavlono bu dunyodagi insonlarning e’tiqodiy maqsadlari va intilishlari haqida fikrini davom ettirib, maqsad sari eltuvchi yo’llar ko’p, ammo ularning borar joyi bir ekanligini ta’kidlab ziddiyatlarni inkor etadilar. Diniy ixtiloflar yo’llarning xilma-xilligidadir, ya’ni shakldadir. Yo’llarning tutashgan joyi Ka’baga kelinganda barchaning maqsadi ayon bo’lib, mohiyat ravshanlashadi, mohiyatni anglaganlar orasida esa nizolar barham topadi.

Jaloliddin Rumiy ijodining jahon xalqlari orasida mashhur bo’lishida uning vafotidan keyin shakllantirilgan mavlaviya tariqati ham muhim o’rin tutadi. Mavlaviya tariqatining asoslari ko’proq Rumiyning o’g’li Sulton Valad tomonidan ishlab chiqilib amalga oshirilgan. Mavlaviya tariqati boshqa tariqatlardan farqli o’laroq, ko’proq xalqning o’ziga to’q san’atkoru musiqashunoslari orasida keng tarqalgan. Bunda go’zal san’atlar va musiqa bilan bo’lgan aloqaning ham ta’siri bor. Ayniqsa, turkiy tasavvuf musiqasining paydo bo’lishida bu tariqatning beqiyos xizmati singgan. Har yili Ko’niyodagi Jaloliddin Rumiy muzeyida uyushtiriladigan Mavlono kechalarida turli o’lkalardan ko’plab ziyolilar qatnashadilar. Mavlaviya tariqatiga ba’zi hollarda shia, malomatiy, qalandariy unsurlari ham qorishib ketgan. Ishqu jazbaga ko’proq e’tibor bergan bu tariqat g’ayrimuslimlar tomonidan islomning tan olinishida katta hissa qo’shgan. Mavlaviya tariqati dunyo miqyosida yagona markazdan turib boshqarilgan. Markaziy dargoh 1925 yilgacha Ko’niyoda bo’lib, takya va tariqatlar tugatilgach, Xalabga ko’chgan. Bu tariqatning sho»basi yo’q, ammo rind va ilohiy ishq jihatlari kuchli bo’lgan «Shams» shoxobchasi («Shams» tariqat shoxobchasi Shams Tabriziydan tarqalgan) va zuhdga ahamiyat beruvchi “Valad” shoxobchasi (ya’ni Sulton Valad shoxobchasi) borligi manbalarda aytilgan. Biroq bular shoxobchalardan ko’ra ko’proq maslakdir. Mavlaviylik tariqati ishqu jazba, samo’ va safoga asoslangan.

Shunday qilib, Jaloliddin Rumiyning ma’naviy merosi islom madaniyatida yuksak o’rin tutadi. Uning hayoti va ijodiy faoliyati markazida insonni to’g’ri yo’lga boshlash va tarbiyalashning dolzarb ahamiyatini ko’rishimiz mumkin. Mutafakkir jamiyatning taraqqiyotini diniy-axloqiy komillikda ko’rgan. Shuning uchun insonlarni komillik sari eltuvchi o’ziga xos qarashlarni ilgari surgan. Bu qarashlar zamirida ham ma’naviy tarbiya muhim o’rin tutib, bu tarbiya islom ma’naviyati asosida qurilganini ko’rishimiz mumkin.

Mavlono Rumiy asarlaridagi diniy-irfoniy g’oyalar islom tasavvufining asosida shakllangan bo’lsa-da, Mavlono o’z davrida mustaqil o’ziga xos pozitsiyasiga ega edi. Bu uning islom va tasavvuf ma’naviyati xalqchil ruhda falsafiy mushohadalarga boy hikoyatlar va masnaviy janrida bitilgan she’riyatida namoyon bo’ladi. Jaloliddin Rumiy she’riyati yuksak estetik mazmunga ega bo’lib, undagi ma’naviy g’oyalar irqi, millati va dinidan qat’i nazar, insonning o’zini anglashiga xizmat qiladi, inson qalbiga boruvchi barcha yo’llarni birlashtiradi va azaliy mohiyatlarni kashf qilib, insoniyatni bag’rikenglik va ma’naviy komillik sari yetaklaydi.

Izohlar

1 Jaloliddin Rumiy. Ma’naviy masnaviy. T.: Sharq, 1999. B. 12.
2 Rumiy, Jaloliddin. Ichindagi ichindadur. T., 2001. B. 65.
3 O’sha asar. B. 4.
4 O’sha asar. B. 85.
5 O’sha asar. B. 94.
6 Rizo A. Orasta. Mavlono Jaloliddin Rumiyning insoniylik qarashlari. Ishqda va yaratilishda yangidan tug’ilish. Tarjimonlar: Demirko’l B., O’zdemir I. Anqara, 2000. B. 39.
7 Abdulboqi Gulpinarli. Mavlono Jaloliddin hayoti, asarlari, falsafasi. Istanbul. 1999. B. 129.
8 Rumiy, Jaloliddin. Ichindagi ichindadur. T., 2001. B. 25.
9 O’sha asar. B. 93.

011
Jaloliddin Rumiy
HIKMATLAR
Muslimbek Musallam tarjimalari
09

01
Hayot senga orqama-orqa to’siqlar, sinovlar yuborsa, bu tikanlardan saqlan. Xavotir olma: yaqin kunlarda bu tikanlar gulini xam ko’rsatadi .

01
Ishqi buyuk, savdosi buyuk bo’lganni sinovi ham og’ir bo’ladi .

01
Yaxshini izla, to’g’rini izla, go’zallikni izla, aslo qusur izlama

01
Qof tog’i qadar buyuk bo’lsang-da kafanga sig’adigan qadar kichiksan .

01
Tur, o’zinga kel, noumidlikka berilma, umidsizlik shaytondan, umid qilish Allohdandir .

01
Tangriga olib boradigan yo’llar bisyordir. Men esa Ishq yo’lini tanladim .

01
Qumning zarrasiman, ammo sahroning dardini tashiyman .

01
Ishqda nasibang bor bo’lsa, tegsang xam yonajaksan. Shuni yaxshi bil: kimlar sog’inchdan yonar, kimlar yetishishdan .

01
Ruhning go’zalligi tananing go’zalligi kabi tez ko’rinmas .

01
Nimagadir bilmayman senga boqsam o’zimni ko’raman.
Senga kelayotgan vaqtda o’zimdan ketaman. Sendan ketar vaqtda xech o’zimga kelmayman.

01
Insonlarni yaxshi tani, har insonni yomon bilib, qutulmoqqa shoshilma.
Har insonni yaxshi bilib ham ovunma .

01
Shaytonning qotili odobdir

01
Shaxsiyatparastlik ko’zga taqilgan ko’zgudir. Qaerga boqsa, o’zidan boshqasini ko’raolmas .

01
Ba’zi insonlar borki, salomlaridan qurum hidi keladi .
Ba’zi insonlar salomidan mushki anbar xush bo’y hid keladi
.

01
Kimning ishqqa mayli yo’q bo’lsa, qanotsiz qush kabidir .

01
Aqlim qalbimdan imon nimadir deya so’radi. Qalbim aqlimning qulog’iga egilib «Imon odobdir» dedi

01
Tilingni tarbiya etmakdan avval yurakni tarbiyat et .Chunki so’z yurakdan kelib, tildan chiqadi .

01
Seni sevganlarni, zahar bo’lsa ham yut. Seni sevmaganni, bol bo’lsa-da, unut

01
Xafa bo’lish vajlarini izlashdan ko’ra, sevish, sevilmoq yo’llarini izla .

01
Hamma zohirga bezak bermoqqa kirarkan, sen botinga bezak bermoqqa shoshil. Hamma birovlar aybini aytib g’iybatga ketarkan , sen o’zingni xatolaring, ayblaring
bilan mashg’ul bo’l .

01
Ko’ngli oydin toza odamga qul bo’lish, shohlar boshiga toj bo’lmoqdin a’lodir .

01
Ey ko’ngil, jonni achishtirar dori ayriliqdir ammo uning ichinda ishq degan shifosi yashirindir.

01
Foniy bo’lgan ishq yo’qdir. Ishqlarning bari boqiydir. Farqi shuki, kimdir san’atkorning san’atini ko’rur, kimdir san’atkorning o’zini .

01
Bizni bilganlar bilar, bilmaganlar o’zi kabi bilar.

01
Odomzot dunyoni zabt etar, ammo og’zini zabt etolmas .

01
Go’zal kunlar senga kelmas. Sen ularga yurib borajaksan .

01
Insonni tanish dengizdagi suvni ko’zaga quyib dengizni bo’shatmoqqa uringan kabi mushkul ishdir .

01
Qalb dengizdir, til soxildir. Dengizda nima bo’lsa sohilga urilar

01
Sevgi va shafqat odamiylik vasfidir. Qahr va shahvat hayvoniylik belgisidir .

01
Kitoblarni o’qimoqdan avval, o’zimmizni o’qishga kirishaylik.

01
Insonning qanoti g’ayratdir.

01 Yo tutiladigan darajada yaqin bo’l, yo unitiladigan darajada uzoq bo’l.

01
Mehmon keladigan kabi uyingni, o’lim keladigan kabi qalbingni ozoda tut.

01
Yolg’izlikning eng yomoni seni anglamaganlar ichra qolishdir.

01
Bekorga cholishma, seni ko’rganlari va eshitganlari qadar anglaydilar .

01
Har bir inson xuddi yomg’ir tomchisi kabidir. Kimdir loyga tushar, kimdir gul yaprog’iga tushar.

084

(Tashriflar: umumiy 6 924, bugungi 1)

Izoh qoldiring