Саҳифа таниқли француз шоири Шарль Бодлер таваллудининг 195 йиллигига бағишланади.
Шарль Бодлер — фаранг шоири, дунё авангард шеъриятининг асосчиларидан бири. Жаҳон адабиётида энг кўп мунозараларга, инкор ва эътирофларга сабаб бўлган ижодкор… XX аср янги шеърияти, янги адабий оқимларнинг аксарияти Бодлер ижодидан ўсиб чиқди..
Назар ЭШОНҚУЛ
ШАРЛЬ БОДЛЕР
Шарль Пьер Бодлер — фаранг шоири, дунё авангард шеъриятининг асосчиларидан бири. Жаҳон адабиётида энг кўп мунозараларга, инкор ва эътирофларга сабаб бўлган ижодкор.
Ўлимидан эллик йил ўтгач XX аср япон адабиётининг классиги Акутагава завқ тарозисининг бир палласига шоирнинг сатрини, бошқа палласига бутун дунёни қўйиб шундай деганди: «Бутун дунё Бодлернинг бир сатрига арзимайди!»
Мазкур сўзларни фаранг шоирини эътироф этиш деб талқин қилиш ҳам мумкин, бироқ бу ерда эътирофдан кўра кўпроқ дунё Бодлер поэзиясини ҳазм қилиш, ҳис этиш, моҳиятига етишга қодир эмас деган таъкид бор эди.
Поль Верлен эса Бодлер ва унинг издошларини «лаънатланган шоирлар» деб атаган. «Лаънатланиш» бир қарашда жуда оғир тушунча, залворли юк. Бироқ ким томонидан лаънатланган? Ким уларни лаънатлаяпти, ким уларга бундай аянчли муҳораба эълон қилди? Бу саволларга ҳали тугал жавоб олингани йўқ, тугал жавоб бўлгачгина Бодлер, умуман, танқидчилар томонидан «авангард» либоси кийдирилган шеъриятга холис баҳо бериш имкони туғилади.
XIX аср ярмидан бошлаб дунё адабиётига «янги оқим» атамаси билан кириб келган авлодга мансуб, ҳаётга, даврга шафқатсиз муносабатда бўлган, Сартр таъбири билан айтганда, «юрагини токи шир яланғоч қолгунча» ечинтирган, фаранг адабиётининг ёрқин намояндаси, асарлари ва қарашлари билан ўзидан кейинги адабиётга жуда катта таъсир ўтказган Шарль Пьер Бодлер 1821 йили (9 апрелда) Парижда дунёга келди. У туғилганда отаси 62, онаси 28 ёшда эди. Ўзи бу ҳақда шундай ёзган: «Болалик. Людовик XVI даврига хос эски жиҳозлар. Қадимийлик уфуриб турган буюмлар. Консуллик нуқси уриб қолган одатлар, қўшиқлар…»
Ана шу Людовик XVI даврига хос безалган уйи, давр тартиблари ўтириб қолган яшаш тарзи, урфлар ҳаётининг энг гўзал, завқли даври эди. У бу даврни умрининг бошқа ҳеч бир палласига алмашмади. Аслида, ҳаёти давомида ёруғлик кўрган, ёруғликка интилган, излаган бирдан-бир макони ҳам шу бўлган.
Олти ёшга кирар-кирмас у болалик идроки билан илоҳий зот сифатида тасаввур қилган отаси вафот этди. Шундай қилиб, боланинг назарида, у ишонган, уни қўллаб турувчи, унга мадад берувчи барча нарса отаси билан бирга қулади, вайрон бўлди. Устига-устак, бир йилдан сўнг онаси бошқа турмуш қилди. Шарлнинг романтикага мойил тасаввурида онаси отасига ва ўзига кечирилмас хиёнат қилгандай туюлди, бу ҳиссиёт шоирни бир умр таъқиб этиб юрди. Сочига оқ оралаган, юз-кўзида меҳр балқиб турган, шаҳарнинг Люксембург хиёбонига ўрнатилган ҳайкалларнинг тарихи ҳақида ҳикоялар айтиб берган отасини бир умр унутолмади, аксинча, мана шу бир парча хотирасини бутун дунёга, ҳаётининг қолган қисмига, бутун инсониятнинг ахлоқига, яшаш тарзига қарши қўйди, ҳаётдаги барча нарсани ана шу хотирасига қиёслади, хотираси билан ўлчади ва шу хотирага асосланиб инкор қилди. Нимаики шу хотирага дахлдор бўлмаса, унинг учун барчаси ёлғон, барчаси сохта, барчаси ясама эди. Унинг ҳаётда илинж оладиган, ўзини дунё залворидан яширадиган, завқ топадиган, сиғиниб яшайдиган бирдан-бир бошпанаси ана шу отаси ҳақидаги хотиралар эди. Шу бир парча хотира унга ҳаёт деб аталмиш неъматдан, дунё деб аталмиш чексизлик ва азал-абаддан азизу мукаррамроқ эди. Шу хотирага боғлиқ бўлмаган барча нарса унинг учун бахтсизлик, шафқатсизлик, ёвузликдек туюлди. У шу бир парча хотирасини байроқ қилиб ҳаёт оқимига, дунёга, мавжуд ахлоқ ва тушунчаларга, қарашларга қарши исён кўтарди, табиийки, бу исёнда енгилди, исённинг маъниси йўқлигини ўзи билди, англади, аммо ўзлигини, ўзгалигини, хотирасига садоқатини сақлаб қолиш учун бу йўлдан воз кечмади: хотираси туфайли ҳаётга қасдма-қасд яшади ва бутунлай мағлуб одамга айланди. Бу ҳолатни Сартр «бахтсиз онг манзаралари» деб атади. Айнан шунинг учун у кўз олдида яйраб-яшнаётган дунёга, ҳаётга акс садо сифатида пайдо бўлган туйғуларидан туғилган шеърларини «Ёвузлик гули» деб атади. Бу билан ўзини ўзи инкор ҳам қилди. Бодлер онасини кечиролмади, ўгай отасини ўз отасидай қабул қила билмади. Ваҳоланки, ўгай ота ҳалол, тартибли, Бодлерга ҳар томонлама меҳрибон, уни қўллаб турувчи киши эди. Тўғри, ҳарбий хизмат туфайли ўн бир ёшли Бодлерни Лион қироллик коллежининг интернатига топширишга мажбур бўлишди. Бола яна онасидан айрилди. Бу ҳол олти ёшдан бери тутаб ётган ғусса ва аламларини аланга олдирди. У энди ўгай отасини бутунлай ёмон кўриб қолди, ўзининг бахтсиз қисматига шу одам айбдордай туюлди. Кейинчалик ўгай отаси Опика генерал унвонига эришди, мартабаси янада баландлади, адабиётни тушунмаса ҳам ёш шоирни кўп марта қўллади, уни Парижнинг машҳур сиймолари билан танипггириб қўйди. Бодлер эса ҳамиша ўзини қўллаган, энг оғир пайтларда ҳамдард ва ёрдамчи бўлган кишини барибир тан олмади. 1848 йил инқилобида оломон ижтимоий талаблар, адолат, эркинлик истаб намойишга чиққанда у бу ижтимоий ҳаракатга ҳеч қандай алоқаси йўқ талаб билан — «Йўқолсин генерал Опика!» деган шиор кўтариб чиқди. Аслида, айнан шу ўгай отаси туфайли болалигида турмуш заҳматларини тортмади, қийинчилик кўрмади, оғир қарздорликдан қутулиб қолди, ваҳоланки, бебош, пул сарфлашга уқуви йўқ, қўлига тушганни бирпасда совурадиган одам бўлган. Лекин унинг қалби бир умр оғриб, бир умр азоб чекиб ўтди. Бу ҳолат бутун ижодига сингиб кетди. «Сархушлик» номли насрий шеърларидан бирида шундай ёзганди: «Ҳамиша сархуш яша, ҳаётнинг мазмуни сархушликда. Фақат сархушликкина шафқатсиз вақг залворини унутишга, уни енгишга, ундан холи бўлишга имкон беради». У ўз ҳаёти, ўз шеърлари билан вақгга қарши исён қилди, вақтни олти ёшидаги хотираларига қайтармоқчи бўлди. Аммо вақт унга бўйсунмади, вақт олдида у енгилди, шунда ўзини сархушликка солди, сархуш ҳолатидагина ўша беозор хотирасига қайтиб турди, ўша хотира билан ўзи абгор қилган руҳига шифо бағишлаб яшади.
У ана шу озурда ва ўзининг тасаввурида хиёнат маҳсули сифатида кўнглида пайдо бўлган дарз орқали дунёга, ҳаётга қаради, шу дарзли туйнук орқали ҳаётнинг, тирикликнинг, дунёнинг фақат дарз кетган жойларини кўра олди, унинг озорли қалби дунё гўзаллигидан фақат озорли метафоралар топди, унинг фожиага мойил кўнгли дунё ва тирикликнинг андуҳли томонини излаб топди, унинг мусибат тўла кўзлари дунёнинг қора, фожиа билан ёнма-ён турган манзараларинигина кўрди, унинг узлатга, ёлғизликка мойил руҳияти дунёни ёлғиз ва зулмат оғушида қабул қилди. Унга дарз кетган, ўпирилган, хўрланган, янчилган, фожиаси билиниб турган тақдирлар, эзгин муносабатлар, ҳиссиёт ва кечинмалар ёқарди, у ана шу кечинмаларни, ана шу ҳиссиётларни шеърга, адабиётга олиб кирарди. У ҳар бир образида жимжима пардаларни кўтариб ташлаб фожианинг, изтиробнинг юзини кўрсатарди, фожиа ва алам акс этган ҳар бир нарсадан шеър, адабиёт, ҳикмат изларди, унинг ўзи ана шу ранглар, ана шу изтироблар ичида яшади ва дунёни ҳам шундай яшаяпти деб билди. У изтиробнинг, инсон фожиасининг, дунёнинг ҳеч ким кўрмаган, кўролмаган жилваларини илғарди, ҳеч ким кўрмаган дарзларни, ҳеч ким сезмаган фожиаларни шуури билан ҳис этарди. Унинг шеърлари аламзада кишининг қора хаёллари эмас, инсоният ҳаётини бошқа томондан, нариги, иллюзиялардан холи, совуқ мантиқ, совуқ ақл билан қараладиган томондан кўрилган, ҳис этилган, ташхис қўйилган таассуротларидир. Унинг образлари, шеърлари гўзаллик билан ўзини муолажа қилолмаган, муолажа қилишга куч ва ҳафсала тополмаган, ўткинчи завқларга алданмаган совуқ хулосаларга тўлиб-тошган аччиқ, шафқатсиз ҳақиқатлардир.
Бодлер ўжар ва оғир феъл-атвори билан коллежни бир амаллаб тугатди, сўнг ўқишни давом эттиришдан воз кечди. Генерал Опика қанчалик ундамасин, у шу пайтгача олган билими яшаш учун етарли деб ҳисоблади. Ўзини санъат соҳасида синаб кўрмоқчи бўлди. Дастлаб ўзини танқидчи сифатида намоён қилди.. Унинг Париж адабий салонларига бағишланган «1845 йил санъат салони», «1846 йил санъат салони» номли иккита мақоласи босилиб чиқди. Бироқ бу мақолаларнинг адабий муҳитда ҳеч қандай ўрни бўлгани йўқ.
Бодлер драмалар, эсселар, мақолалар ёзган бўлса-да, ўзининг «Ёвузлик гуллари» тўплами ҳамда насрий шеърлари билан адабиёт майдонига кириб келди ва эътироф этилди.
«Ёвузлик гуллари» 1857 йили босилиб чиқди. Нашр этилиши билан китоб атрофида катта жанжал бошланди. Ўша даврнинг адабий муҳити, адабий диди китобни ҳазм қилолмади. Асар судга тортилди ва муаллиф «замондошларининг эстетик тасаввурини бузгани учун» 300 франк жарима тўлашга мажбур этилди. Бу ҳолат ҳам Бодлерга қаттиқ таъсир қилди. У энди замонаси ўзини тушунмаслигига тўла амин бўлди. Энди ўзини одамлардан четга тортди, ярим узлатда яшай бошлади.
Бодлер сўзнинг қудратини янги поғонага кўтарган шоир эди. Унинг ҳар бир шеърида исён — қалбнинг, руҳнинг, мусибатли юракнинг исёни сезилиб туради. Бодлергача бўлган шеъриятда ижтимоий муносабатларга, тартибларга исён қилинарди. Бодлер инсоннинг моҳиятига, унинг ибтидосига исён қилди. «Исён инсон моҳиятидадир» деган экзистенциалча фалсафа, асли, Бодлердан бошланган; унинг қарашларига кўра, инсоннинг ўзи ҳар қандай фалсафанинг, диннинг манбаидир. Бодлер шеърларини ўқиган одам инсониятнинг бўйнидаги жуда катта масъулият бўйинтуруғини ҳис этади, шу лаҳзада ўқувчига ўзи муҳим деб ҳисоблаб келган ташвишу икир-чикирлар арзимас нарсага айланади. Бодлер шеърияти ижод — исённинг ёрқин намунасидир. Ижод, Бодлер назарида, инкордир. У ўзининг болалик хотирасидан бошқа ҳамма нарсани инкор қилди. Бу инкордан адабий олам яратди.
Бодлер шеърияти, ижоди қанчалик ғамгин, баъзида ўта маҳзун, уларда айрим танқидчилар модерн шеъриятга хос деб тушунадиган қора ранглар кўп, уқубат ва изтироб илоҳийлаштирилгандек туюлмасин, барибир, унинг изтироблари, оғриқларининг туб асоси, сабаби ортида, Бодлер ижоди андуҳларга тўла бўлса-да, ёлғизликни куйлаган эса-да, барибир, инсонни ва жамиятни идеал кўриш орзуси ётганини, айнан шунинг учун уқубатга, қайғуга, изтиробга чўмганини ҳис этиш мумкин. Аслида, бу бор гап. Унинг ҳам назмий, ҳам насрий шеърлари синчиклаб ўқилса, моҳияти таҳлил қилинса, ўзининг бадбинлиги, ғуссалари орасига яширган идеал инсон, санъат ва меҳнат уйғунлигига қурилган идеал жамият ҳақидаги орзуларга дуч келамиз. Айнан одам ва жамият унинг орзуларидек яшамаётгани, ҳаёт кечирмаётгани учун қайғуради, изтироб чекади, уни бу йўлдан қайтариш учун ғуссаларини, кўнгил жароҳатларини очиб ташлайди. Аслида, қайғуришга сабаб бўлмаса, қайғунинг ўзи бўлмасди, изтиробга асос бўлмаса, изтироб чекилмасди. Бодлернинг изтироби унинг орзуси билан воқеликнинг тафовути, унинг идеали билан ҳаётнинг бошқа-бошқа эканлиги ила боғлиқ. Бодлернинг инсон ва жамият ҳақидаги орзулари бирданига бўй кўрсатмайди, у ўзини оғриқ ва азоблар, бизга қора рангга бўялгандек туюладиган изтироблар, уқубатлар ортига яширади, лекин ана шу уқубатларнинг сабаби битта нарсада — унинг инсон ва жамият ҳақидаги орзуси амалга ошмаганида, инсон ва жамият унинг орзусига муносиб эмаслигида. Шоир шеърларидаги оғриқлар ана шу идеал жамият ва идеал инсон ҳақидаги, тўғрироғи, ана шу идеалга мос яшолмаётган инсон ва идеалга мос тартиблар қилолмаган жамият нолаларидир.
У ўзи орзу қилгандек камолотга эришмаган инсон ва ижтимоий муносабатлардан оғринади, уларнинг фожиасини бор бўйи билан, баъзан бўрттириб кўрсатади, улардан нафратланади. Зеро, унинг шеърияти ўз даврининг, ўз замонининг оғриқлари ва ижтимоий ҳаёт манзараларидир.
1848 йилги фаранг инқилобидан кейин ҳукумат тепасига ҳамма нарсани пул билан ўлчовчи, дунёни пул орқали кўрувчи янги табақа, янги тоифа келди. Улар пулдан бошқа ҳамма нарсани инкор қилишга, ҳамма нарсани, ҳатто санъат, муҳаббат ва инсонийликни ҳам пулу бойлик билан ўлчашга киришди, бу билан даврнинг маънавий таназзулини бошлаб беришди. Бу таназзул Бальзак, Гюго каби Бодлер нжодида ҳам ўз аксини топди. Фақат Бодлер масалага чуқурроқ кирди, кўнглининг ўзи уқубат ичида яшаётгани учун ҳам, у бу оғриқларни, бу яраларни чуқурроқ ва теранроқ акс эттирди. Шоир ўз даврининг, инсон ва жамиятнинг қон томирини ушлаб туриб унга ташхис қўяётган докторга ўхшаб кетади: унинг инсонга ва даврга қўйган ташхиси жуда аянчли эди, унинг шеърлари даврга қўйган ташхисларидир. Инсоният бу ташхисни ундан кейин ҳам тан олмади, ўзидаги касалликни барибир ҳали ҳам тўла, Бодлер кўрган, англаган, огоҳлантирган даражада кўргани ва англагани йўқ, ўзини муолажа қилишга киришгани ҳам йўқ.
Бодлер агар ҳаммага ўхшаб яшаса, ҳамма каби ўйласа, ҳамма каби тушунса, унда онасини ҳам, ўгай отасини ҳам тушуниши ва ҳазм қилиши керак эди. Бироқ, Сартр таъбири билан айтганда, у онасини атайин кечирмади, атайин ўтай ота билан «илиқлашмади», атрофга атайин ўзига хос алам назари билан боқди, ўзига хос шеърият яратишга уринди, ўзига хос услуб ва мантиққа амал қилди. У айнан ўзига хослик билангина болалигидан қолган дард-изтиробни, хотираларни сақлаб юриш мумкин деган хулосага келди. Ҳамма айтган гапни айтгиси, ҳамма билдирган фикрни билдиргиси, ҳамма амал қилган ахлоққа бўйсунгиси, ҳамма тушунган нарсаларни тушунгиси келмади. Бунинг асосий сабаби, ўзининг изтироби, оғриқлари ортидаги унинг ҳақиқий қиёфаси — нима бўлмасин, инсонга ишониши, инсонга умид билан қараши, айблаб-фош қилиб турса-да, барибир, инсоннинг буюк мавжудот экани ҳақидаги кўнглининг тубидаги ҳақиқат фош бўлиб қолишидан қўрқарди. Айнан шунинг учун уқубат, изтироб, нафрат унинг бош мавзулари ва ижодий қуввати асоси бўлди. Сартр Бодлерни ўз ҳуснига маҳлиё бўлиб гулга айланган афсонавий Нарцисга ўхшатади: фақат Бодлер ўз ҳуснига эмас, кўнглидаги ярага, болаликда олинган жароҳатига маҳлиё бўлиб қолди ва унинг «Ёвузлик гуллари» асари фақат фаранг адабиётининг эмас, дунё адабиётининг ифорли ва тиконли гулига айланди.
Шарль Бодлернинг 46 йиллик умри ҳайратланарли мўъжизаларга ва фожиаларга тўла. «Ёвузлик гуллари», «Яланғоч юрак», «Кўнгил жаннати», «Насрдаги шеърлар» тўпламларидаги юксак бадиий жозиба, теран аҳлий салоҳият Бодлерни француз адабиёти, ғарб ва жаҳон шеъриятининг олиймақом салафлари қаторига олиб чиқди. XIX аср Оврупо шеъриятига хос бўлган шаклий ва маъно изланишларини, нафрат ва муҳаббатни, некбинлик ва тушкунликни, инсонга ва оламга муносабатни Верлен ва Рембодан аввалроқ Бодлер шеъриятида аниқ кўрамиз. Бодлер ҳақли равишда Оврупо авангард шеъриятининг отаси ҳисобланади. Шоирнинг XIX аср ўрталарида ёзилган санъатга доир мақола ва бадиаларида шеъриятнинг янги йўналишлари ҳақида қизғин мулоҳазалар ўз аксини топган. Унинг шеърларидаги некбин кайфият, тушкунлик, нафрат ва ғалаённи ана шу нарсадан — унинг янги давр одамининг кўнглини акс эттирадиган янги даврга хос шеърий шакллар ва ифода усуллари топишга уринишидан излаш керак. Нафрат, ёлғизлик, узлатга мойиллик, дунёнинг ёлғон жилвалардан иборатлиги, софлик ва гўзаллик топталганини инсоннинг бир махлуҳ сифатида ҳаёт кечираётгани, барча нарса таназзул даракчиси эканлиги ҳақидаги хавотирлар ва кечинмалар шеърларига сингиб кетган. Бир қарашда «малъунлик»дан иборат бу шеърлар кишида бадбин ҳиссиёт уйғотиши табиий, бироқ мазкур шеърият инсонни ўрганиш ва кашф қилишнинг янги йўналишини — уни тубанлик, ожизлик, ёвузлик, зулмат, умидсизлик, маънисизлик, мавҳумлик қоришиғида ўрганиш йўлини бошлаб берди. Ортега-и-Гассет таъкидлаганидек, санъатдаги зулмат тонгга, умидсизлик умидга, нафрат муҳаббатга даъватдир. Тушкун кайфиятдаги шеър — шу тушкунликдан чиқишга йўл ахтараётган шеър. Бу барча санъат асарларига хос жиҳат. Кафка махлуққа айланган одамни («одам-маҳлуқ» Бодлер шеъриятида кўп учрайдиган истилоҳ) тасвирлаш билан одамни махлуққа айлантиришга ундамаган, аксинча, одамзодни махлуқот онгидан халос бўлишга чақирган. Ғарб адабиётидаги тубан шароитдаги тубан ахлоқда — тубан муносабатларга ғарқ бўлган инсон ҳаётини маънидан маҳрум қилиб, уни Сизиф каби тош юмалатиб юрувчига айлантирган ахлоққа ва муҳитга қарма-қарши ўлароқ инсонни чинакам гўзаллик билан ёнма-ён кўришдек бадиий исён Бодлер шеъриятининг асоси саналади, бу таҳлил Бодлердан бошланганини авангард адабиётнинг барча вакиллари эътироф этишган. Яна бошқа бир хусусияти шундаки, қарийб 25 асрлик Оврупо адабиёти Бодлер ижодига келибгина инстинкт тарзида эмас, онгли равишда кўп қатламли руҳий қоришиқдаги «мен»ни излашга киришди. Шу сабабли ҳам адабиётдаги табақаланиш Бодлердан бошланганини эътироф этиш керак. Унинг шеърларига келиб санъат тушунчасидан «оммабоп» деган баҳо олиб ташланди. Бодлер ўз ижоди билан «омма»га эмас, балки бадиий мушоҳаданинг гултожи бўлган тафаккурга хизмат қилажагини билдирди. Шу сабабли XX аср Оврупо шоирларию мутафаккирлари Бодлерга қайта-қайта мурожаат қилдилар. Зеро, бадбинлигу худбинлик, тушкинлигу умидсизлик, зулмат ва ёвузлик, фаҳш ва мунофиқлик тасвирлари тўлиб-тошган Бодлер шеърияти ботқоғини кечиб ўтолсангиз, сизни нариги қирғоқда инсонга бўлган буюк муҳаббат кутиб олиши тайин.
Шарль Бодлер 1867 йили оғир касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмди.
Унинг шеърлари қанчалик некбин, маҳзун бўлмасин, жаҳон шеъриятининг мулки бўлиб қолди. XX аср янги шеърияти, янги адабий оқимларнинг аксарияти Бодлер ижодидан ўсиб чиқди..
Nazar ESHONQUL
SHARL BODLER
Sharl Pyer Bodler — farang shoiri, dunyo avangard she’riyatining asoschilaridan biri. Jahon adabiyotida eng ko’p munozaralarga, inkor va e’tiroflarga sabab bo’lgan ijodkor.
O’limidan ellik yil o’tgach XX asr yapon adabiyotining klassigi Akutagava zavq tarozisining bir pallasiga shoirning satrini, boshqa pallasiga butun dunyoni qo’yib shunday degandi: «Butun dunyo Bodlerning bir satriga arzimaydi!»
Mazkur so’zlarni farang shoirini e’tirof etish deb talqin qilish ham mumkin, biroq bu yerda e’tirofdan ko’ra ko’proq dunyo Bodler poeziyasini hazm qilish, his etish, mohiyatiga yetishga qodir emas degan ta’kid bor edi.
Pol Verlen esa Bodler va uning izdoshlarini «la’natlangan shoirlar» deb atagan. «La’natlanish» bir qarashda juda og’ir tushuncha, zalvorli yuk. Biroq kim tomonidan la’natlangan? Kim ularni la’natlayapti, kim ularga bunday ayanchli muhoraba e’lon qildi? Bu savollarga hali tugal javob olingani yo’q, tugal javob bo’lgachgina Bodler, umuman, tanqidchilar tomonidan «avangard» libosi kiydirilgan she’riyatga xolis baho berish imkoni tug’iladi.
XIX asr yarmidan boshlab dunyo adabiyotiga «yangi oqim» atamasi bilan kirib kelgan avlodga mansub, hayotga, davrga shafqatsiz munosabatda bo’lgan, Sartr ta’biri bilan aytganda, «yuragini toki shir yalang’och qolguncha» yechintirgan, farang adabiyotining yorqin namoyandasi, asarlari va qarashlari bilan o’zidan keyingi adabiyotga juda katta ta’sir o’tkazgan Sharl Pyer Bodler 1821 yili (9 aprelda) Parijda dunyoga keldi. U tug’ilganda otasi 62, onasi 28 yoshda edi. O’zi bu haqda shunday yozgan: «Bolalik. Lyudovik XVI davriga xos eski jihozlar. Qadimiylik ufurib turgan buyumlar. Konsullik nuqsi urib qolgan odatlar, qo’shiqlar…»
Ana shu Lyudovik XVI davriga xos bezalgan uyi, davr tartiblari o’tirib qolgan yashash tarzi, urflar hayotining eng go’zal, zavqli davri edi. U bu davrni umrining boshqa hech bir pallasiga almashmadi. Aslida, hayoti davomida yorug’lik ko’rgan, yorug’likka intilgan, izlagan birdan-bir makoni ham shu bo’lgan.
Olti yoshga kirar-kirmas u bolalik idroki bilan ilohiy zot sifatida tasavvur qilgan otasi vafot etdi. Shunday qilib, bolaning nazarida, u ishongan, uni qo’llab turuvchi, unga madad beruvchi barcha narsa otasi bilan birga quladi, vayron bo’ldi. Ustiga-ustak, bir yildan so’ng onasi boshqa turmush qildi. Sharlning romantikaga moyil tasavvurida onasi otasiga va o’ziga kechirilmas xiyonat qilganday tuyuldi, bu hissiyot shoirni bir umr ta’qib etib yurdi. Sochiga oq oralagan, yuz-ko’zida mehr balqib turgan, shaharning Lyuksemburg xiyoboniga o’rnatilgan haykallarning tarixi haqida hikoyalar aytib bergan otasini bir umr unutolmadi, aksincha, mana shu bir parcha xotirasini butun dunyoga, hayotining qolgan qismiga, butun insoniyatning axloqiga, yashash tarziga qarshi qo’ydi, hayotdagi barcha narsani ana shu xotirasiga qiyosladi, xotirasi bilan o’lchadi va shu xotiraga asoslanib inkor qildi. Nimaiki shu xotiraga daxldor bo’lmasa, uning uchun barchasi yolg’on, barchasi soxta, barchasi yasama edi. Uning hayotda ilinj oladigan, o’zini dunyo zalvoridan yashiradigan, zavq topadigan, sig’inib yashaydigan birdan-bir boshpanasi ana shu otasi haqidagi xotiralar edi. Shu bir parcha xotira unga hayot deb atalmish ne’matdan, dunyo deb atalmish cheksizlik va azal-abaddan azizu mukarramroq edi. Shu xotiraga bog’liq bo’lmagan barcha narsa uning uchun baxtsizlik, shafqatsizlik, yovuzlikdek tuyuldi. U shu bir parcha xotirasini bayroq qilib hayot oqimiga, dunyoga, mavjud axloq va tushunchalarga, qarashlarga qarshi isyon ko’tardi, tabiiyki, bu isyonda yengildi, isyonning ma’nisi yo’qligini o’zi bildi, angladi, ammo o’zligini, o’zgaligini, xotirasiga sadoqatini saqlab qolish uchun bu yo’ldan voz kechmadi: xotirasi tufayli hayotga qasdma-qasd yashadi va butunlay mag’lub odamga aylandi. Bu holatni Sartr «baxtsiz ong manzaralari» deb atadi. Aynan shuning uchun u ko’z oldida yayrab-yashnayotgan dunyoga, hayotga aks sado sifatida paydo bo’lgan tuyg’ularidan tug’ilgan she’rlarini «Yovuzlik guli» deb atadi. Bu bilan o’zini o’zi inkor ham qildi. Bodler onasini kechirolmadi, o’gay otasini o’z otasiday qabul qila bilmadi. Vaholanki, o’gay ota halol, tartibli, Bodlerga har tomonlama mehribon, uni qo’llab turuvchi kishi edi. To’g’ri, harbiy xizmat tufayli o’n bir yoshli Bodlerni Lion qirollik kollejining internatiga topshirishga majbur bo’lishdi. Bola yana onasidan ayrildi. Bu hol olti yoshdan beri tutab yotgan g’ussa va alamlarini alanga oldirdi. U endi o’gay otasini butunlay yomon ko’rib qoldi, o’zining baxtsiz qismatiga shu odam aybdorday tuyuldi. Keyinchalik o’gay otasi Opika general unvoniga erishdi, martabasi yanada balandladi, adabiyotni tushunmasa ham yosh shoirni ko’p marta qo’lladi, uni Parijning mashhur siymolari bilan tanipggirib qo’ydi. Bodler esa hamisha o’zini qo’llagan, eng og’ir paytlarda hamdard va yordamchi bo’lgan kishini baribir tan olmadi. 1848 yil inqilobida olomon ijtimoiy talablar, adolat, erkinlik istab namoyishga chiqqanda u bu ijtimoiy harakatga hech qanday aloqasi yo’q talab bilan — «Yo’qolsin general Opika!» degan shior ko’tarib chiqdi. Aslida, aynan shu o’gay otasi tufayli bolaligida turmush zahmatlarini tortmadi, qiyinchilik ko’rmadi, og’ir qarzdorlikdan qutulib qoldi, vaholanki, bebosh, pul sarflashga uquvi yo’q, qo’liga tushganni birpasda sovuradigan odam bo’lgan. Lekin uning qalbi bir umr og’rib, bir umr azob chekib o’tdi. Bu holat butun ijodiga singib ketdi. «Sarxushlik» nomli nasriy she’rlaridan birida shunday yozgandi: «Hamisha sarxush yasha, hayotning mazmuni sarxushlikda. Faqat sarxushlikkina shafqatsiz vaqg zalvorini unutishga, uni yengishga, undan xoli bo’lishga imkon beradi». U o’z hayoti, o’z she’rlari bilan vaqgga qarshi isyon qildi, vaqtni olti yoshidagi xotiralariga qaytarmoqchi bo’ldi. Ammo vaqt unga bo’ysunmadi, vaqt oldida u yengildi, shunda o’zini sarxushlikka soldi, sarxush holatidagina o’sha beozor xotirasiga qaytib turdi, o’sha xotira bilan o’zi abgor qilgan ruhiga shifo bag’ishlab yashadi.
U ana shu ozurda va o’zining tasavvurida xiyonat mahsuli sifatida ko’nglida paydo bo’lgan darz orqali dunyoga, hayotga qaradi, shu darzli tuynuk orqali hayotning, tiriklikning, dunyoning faqat darz ketgan joylarini ko’ra oldi, uning ozorli qalbi dunyo go’zalligidan faqat ozorli metaforalar topdi, uning fojiaga moyil ko’ngli dunyo va tiriklikning anduhli tomonini izlab topdi, uning musibat to’la ko’zlari dunyoning qora, fojia bilan yonma-yon turgan manzaralarinigina ko’rdi, uning uzlatga, yolg’izlikka moyil ruhiyati dunyoni yolg’iz va zulmat og’ushida qabul qildi. Unga darz ketgan, o’pirilgan, xo’rlangan, yanchilgan, fojiasi bilinib turgan taqdirlar, ezgin munosabatlar, hissiyot va kechinmalar yoqardi, u ana shu kechinmalarni, ana shu hissiyotlarni she’rga, adabiyotga olib kirardi. U har bir obrazida jimjima pardalarni ko’tarib tashlab fojianing, iztirobning yuzini ko’rsatardi, fojia va alam aks etgan har bir narsadan she’r, adabiyot, hikmat izlardi, uning o’zi ana shu ranglar, ana shu iztiroblar ichida yashadi va dunyoni ham shunday yashayapti deb bildi. U iztirobning, inson fojiasining, dunyoning hech kim ko’rmagan, ko’rolmagan jilvalarini ilg’ardi, hech kim ko’rmagan darzlarni, hech kim sezmagan fojialarni shuuri bilan his etardi. Uning she’rlari alamzada kishining qora xayollari emas, insoniyat hayotini boshqa tomondan, narigi, illyuziyalardan xoli, sovuq mantiq, sovuq aql bilan qaraladigan tomondan ko’rilgan, his etilgan, tashxis qo’yilgan taassurotlaridir. Uning obrazlari, she’rlari go’zallik bilan o’zini muolaja qilolmagan, muolaja qilishga kuch va hafsala topolmagan, o’tkinchi zavqlarga aldanmagan sovuq xulosalarga to’lib-toshgan achchiq, shafqatsiz haqiqatlardir.
Bodler o’jar va og’ir fe’l-atvori bilan kollejni bir amallab tugatdi, so’ng o’qishni davom ettirishdan voz kechdi. General Opika qanchalik undamasin, u shu paytgacha olgan bilimi yashash uchun yetarli deb hisobladi. O’zini san’at sohasida sinab ko’rmoqchi bo’ldi. Dastlab o’zini tanqidchi sifatida namoyon qildi.. Uning Parij adabiy salonlariga bag’ishlangan «1845 yil san’at saloni», «1846 yil san’at saloni» nomli ikkita maqolasi bosilib chiqdi. Biroq bu maqolalarning adabiy muhitda hech qanday o’rni bo’lgani yo’q.
Bodler dramalar, esselar, maqolalar yozgan bo’lsa-da, o’zining «Yovuzlik gullari» to’plami hamda nasriy she’rlari bilan adabiyot maydoniga kirib keldi va e’tirof etildi.
«Yovuzlik gullari» 1857 yili bosilib chiqdi. Nashr etilishi bilan kitob atrofida katta janjal boshlandi. O’sha davrning adabiy muhiti, adabiy didi kitobni hazm qilolmadi. Asar sudga tortildi va muallif «zamondoshlarining estetik tasavvurini buzgani uchun» 300 frank jarima to’lashga majbur etildi. Bu holat ham Bodlerga qattiq ta’sir qildi. U endi zamonasi o’zini tushunmasligiga to’la amin bo’ldi. Endi o’zini odamlardan chetga tortdi, yarim uzlatda yashay boshladi.
Bodler so’zning qudratini yangi pog’onaga ko’targan shoir edi. Uning har bir she’rida isyon — qalbning, ruhning, musibatli yurakning isyoni sezilib turadi. Bodlergacha bo’lgan she’riyatda ijtimoiy munosabatlarga, tartiblarga isyon qilinardi. Bodler insonning mohiyatiga, uning ibtidosiga isyon qildi. «Isyon inson mohiyatidadir» degan ekzistentsialcha falsafa, asli, Bodlerdan boshlangan; uning qarashlariga ko’ra, insonning o’zi har qanday falsafaning, dinning manbaidir. Bodler she’rlarini o’qigan odam insoniyatning bo’ynidagi juda katta mas’uliyat bo’yinturug’ini his etadi, shu lahzada o’quvchiga o’zi muhim deb hisoblab kelgan tashvishu ikir-chikirlar arzimas narsaga aylanadi. Bodler she’riyati ijod — isyonning yorqin namunasidir. Ijod, Bodler nazarida, inkordir. U o’zining bolalik xotirasidan boshqa hamma narsani inkor qildi. Bu inkordan adabiy olam yaratdi.
Bodler she’riyati, ijodi qanchalik g’amgin, ba’zida o’ta mahzun, ularda ayrim tanqidchilar modern she’riyatga xos deb tushunadigan qora ranglar ko’p, uqubat va iztirob ilohiylashtirilgandek tuyulmasin, baribir, uning iztiroblari, og’riqlarining tub asosi, sababi ortida, Bodler ijodi anduhlarga to’la bo’lsa-da, yolg’izlikni kuylagan esa-da, baribir, insonni va jamiyatni ideal ko’rish orzusi yotganini, aynan shuning uchun uqubatga, qayg’uga, iztirobga cho’mganini his etish mumkin. Aslida, bu bor gap. Uning ham nazmiy, ham nasriy she’rlari sinchiklab o’qilsa, mohiyati tahlil qilinsa, o’zining badbinligi, g’ussalari orasiga yashirgan ideal inson, san’at va mehnat uyg’unligiga qurilgan ideal jamiyat haqidagi orzularga duch kelamiz. Aynan odam va jamiyat uning orzularidek yashamayotgani, hayot kechirmayotgani uchun qayg’uradi, iztirob chekadi, uni bu yo’ldan qaytarish uchun g’ussalarini, ko’ngil jarohatlarini ochib tashlaydi. Aslida, qayg’urishga sabab bo’lmasa, qayg’uning o’zi bo’lmasdi, iztirobga asos bo’lmasa, iztirob chekilmasdi. Bodlerning iztirobi uning orzusi bilan voqelikning tafovuti, uning ideali bilan hayotning boshqa-boshqa ekanligi ila bog’liq. Bodlerning inson va jamiyat haqidagi orzulari birdaniga bo’y ko’rsatmaydi, u o’zini og’riq va azoblar, bizga qora rangga bo’yalgandek tuyuladigan iztiroblar, uqubatlar ortiga yashiradi, lekin ana shu uqubatlarning sababi bitta narsada — uning inson va jamiyat haqidagi orzusi amalga oshmaganida, inson va jamiyat uning orzusiga munosib emasligida. Shoir she’rlaridagi og’riqlar ana shu ideal jamiyat va ideal inson haqidagi, to’g’rirog’i, ana shu idealga mos yasholmayotgan inson va idealga mos tartiblar qilolmagan jamiyat nolalaridir.
U o’zi orzu qilgandek kamolotga erishmagan inson va ijtimoiy munosabatlardan og’rinadi, ularning fojiasini bor bo’yi bilan, ba’zan bo’rttirib ko’rsatadi, ulardan nafratlanadi. Zero, uning she’riyati o’z davrining, o’z zamonining og’riqlari va ijtimoiy hayot manzaralaridir.
1848 yilgi farang inqilobidan keyin hukumat tepasiga hamma narsani pul bilan o’lchovchi, dunyoni pul orqali ko’ruvchi yangi tabaqa, yangi toifa keldi. Ular puldan boshqa hamma narsani inkor qilishga, hamma narsani, hatto san’at, muhabbat va insoniylikni ham pulu boylik bilan o’lchashga kirishdi, bu bilan davrning ma’naviy tanazzulini boshlab berishdi. Bu tanazzul Bal`zak, Gyugo kabi Bodler njodida ham o’z aksini topdi. Faqat Bodler masalaga chuqurroq kirdi, ko’nglining o’zi uqubat ichida yashayotgani uchun ham, u bu og’riqlarni, bu yaralarni chuqurroq va teranroq aks ettirdi. Shoir o’z davrining, inson va jamiyatning qon tomirini ushlab turib unga tashxis qo’yayotgan doktorga o’xshab ketadi: uning insonga va davrga qo’ygan tashxisi juda ayanchli edi, uning she’rlari davrga qo’ygan tashxislaridir. Insoniyat bu tashxisni undan keyin ham tan olmadi, o’zidagi kasallikni baribir hali ham to’la, Bodler ko’rgan, anglagan, ogohlantirgan darajada ko’rgani va anglagani yo’q, o’zini muolaja qilishga kirishgani ham yo’q.
Bodler agar hammaga o’xshab yashasa, hamma kabi o’ylasa, hamma kabi tushunsa, unda onasini ham, o’gay otasini ham tushunishi va hazm qilishi kerak edi. Biroq, Sartr ta’biri bilan aytganda, u onasini atayin kechirmadi, atayin o’tay ota bilan «iliqlashmadi», atrofga atayin o’ziga xos alam nazari bilan boqdi, o’ziga xos she’riyat yaratishga urindi, o’ziga xos uslub va mantiqqa amal qildi. U aynan o’ziga xoslik bilangina bolaligidan qolgan dard-iztirobni, xotiralarni saqlab yurish mumkin degan xulosaga keldi. Hamma aytgan gapni aytgisi, hamma bildirgan fikrni bildirgisi, hamma amal qilgan axloqqa bo’ysungisi, hamma tushungan narsalarni tushungisi kelmadi. Buning asosiy sababi, o’zining iztirobi, og’riqlari ortidagi uning haqiqiy qiyofasi — nima bo’lmasin, insonga ishonishi, insonga umid bilan qarashi, ayblab-fosh qilib tursa-da, baribir, insonning buyuk mavjudot ekani haqidagi ko’nglining tubidagi haqiqat fosh bo’lib qolishidan qo’rqardi. Aynan shuning uchun uqubat, iztirob, nafrat uning bosh mavzulari va ijodiy quvvati asosi bo’ldi. Sartr Bodlerni o’z husniga mahliyo bo’lib gulga aylangan afsonaviy Nartsisga o’xshatadi: faqat Bodler o’z husniga emas, ko’nglidagi yaraga, bolalikda olingan jarohatiga mahliyo bo’lib qoldi va uning «Yovuzlik gullari» asari faqat farang adabiyotining emas, dunyo adabiyotining iforli va tikonli guliga aylandi.
Sharl Bodlerning 46 yillik umri hayratlanarli mo»jizalarga va fojialarga to’la. «Yovuzlik gullari», «Yalang’och yurak», «Ko’ngil jannati», «Nasrdagi she’rlar» to’plamlaridagi yuksak badiiy joziba, teran ahliy salohiyat Bodlerni frantsuz adabiyoti, g’arb va jahon she’riyatining oliymaqom salaflari qatoriga olib chiqdi. XIX asr Ovrupo she’riyatiga xos bo’lgan shakliy va ma’no izlanishlarini, nafrat va muhabbatni, nekbinlik va tushkunlikni, insonga va olamga munosabatni Verlen va Rembodan avvalroq Bodler she’riyatida aniq ko’ramiz. Bodler haqli ravishda Ovrupo avangard she’riyatining otasi hisoblanadi. Shoirning XIX asr o’rtalarida yozilgan san’atga doir maqola va badialarida she’riyatning yangi yo’nalishlari haqida qizg’in mulohazalar o’z aksini topgan. Uning she’rlaridagi nekbin kayfiyat, tushkunlik, nafrat va g’alayonni ana shu narsadan — uning yangi davr odamining ko’nglini aks ettiradigan yangi davrga xos she’riy shakllar va ifoda usullari topishga urinishidan izlash kerak. Nafrat, yolg’izlik, uzlatga moyillik, dunyoning yolg’on jilvalardan iboratligi, soflik va go’zallik toptalganini insonning bir maxluh sifatida hayot kechirayotgani, barcha narsa tanazzul darakchisi ekanligi haqidagi xavotirlar va kechinmalar she’rlariga singib ketgan. Bir qarashda «mal’unlik»dan iborat bu she’rlar kishida badbin hissiyot uyg’otishi tabiiy, biroq mazkur she’riyat insonni o’rganish va kashf qilishning yangi yo’nalishini — uni tubanlik, ojizlik, yovuzlik, zulmat, umidsizlik, ma’nisizlik, mavhumlik qorishig’ida o’rganish yo’lini boshlab berdi. Ortega-i-Gasset ta’kidlaganidek, san’atdagi zulmat tongga, umidsizlik umidga, nafrat muhabbatga da’vatdir. Tushkun kayfiyatdagi she’r — shu tushkunlikdan chiqishga yo’l axtarayotgan she’r. Bu barcha san’at asarlariga xos jihat. Kafka maxluqqa aylangan odamni («odam-mahluq» Bodler she’riyatida ko’p uchraydigan istiloh) tasvirlash bilan odamni maxluqqa aylantirishga undamagan, aksincha, odamzodni maxluqot ongidan xalos bo’lishga chaqirgan. G’arb adabiyotidagi tuban sharoitdagi tuban axloqda — tuban munosabatlarga g’arq bo’lgan inson hayotini ma’nidan mahrum qilib, uni Sizif kabi tosh yumalatib yuruvchiga aylantirgan axloqqa va muhitga qarma-qarshi o’laroq insonni chinakam go’zallik bilan yonma-yon ko’rishdek badiiy isyon Bodler she’riyatining asosi sanaladi, bu tahlil Bodlerdan boshlanganini avangard adabiyotning barcha vakillari e’tirof etishgan. Yana boshqa bir xususiyati shundaki, qariyb 25 asrlik Ovrupo adabiyoti Bodler ijodiga kelibgina instinkt tarzida emas, ongli ravishda ko’p qatlamli ruhiy qorishiqdagi «men»ni izlashga kirishdi. Shu sababli ham adabiyotdagi tabaqalanish Bodlerdan boshlanganini e’tirof etish kerak. Uning she’rlariga kelib san’at tushunchasidan «ommabop» degan baho olib tashlandi. Bodler o’z ijodi bilan «omma»ga emas, balki badiiy mushohadaning gultoji bo’lgan tafakkurga xizmat qilajagini bildirdi. Shu sababli XX asr Ovrupo shoirlariyu mutafakkirlari Bodlerga qayta-qayta murojaat qildilar. Zero, badbinligu xudbinlik, tushkinligu umidsizlik, zulmat va yovuzlik, fahsh va munofiqlik tasvirlari to’lib-toshgan Bodler she’riyati botqog’ini kechib o’tolsangiz, sizni narigi qirg’oqda insonga bo’lgan buyuk muhabbat kutib olishi tayin.
Sharl Bodler 1867 yili og’ir kasallik tufayli hayotdan ko’z yumdi.
Uning she’rlari qanchalik nekbin, mahzun bo’lmasin, jahon she’riyatining mulki bo’lib qoldi. XX asr yangi she’riyati, yangi adabiy oqimlarning aksariyati Bodler ijodidan o’sib chiqdi..
Мақола жуда зўр ёзилган экан.Раҳмат.