Басралик озод этилган қул аёл Робийа ҳақидаги ривоятлар сон-саноқсиз, чунки Басра мозийда кўплаб сўфийларнинг макони бўлган. 728 йилда вафот этган машҳур тақводор олим, сўфий Ҳасан ал-Басрий тўғрисидаги ривоятларда ҳам Робийанинг номи тилга олинади. Ислом оламининг машҳур солномачилари бу аёлнинг ҳаёт йўлини аниқ тасвирлаб беришган, чунки у инсоний баркамолликда «кўплаб эркаклардан устунроқ бўлган».
АННЕМАРИЕ ШИММЕЛ
ЖОНОН МЕНИНГ ЖОНИМДА (2)
Олмон тилидан Йўлдош Парда таржимаси
Машҳур олмон исломшуноси ва шарқшуноси, филология фанлари доктори, профессор Аннемарие Шиммел хоним (нем. Annemarie Schimmel, 7.04.1922, Эрфурт — 26.01. 2003, Бонн) Ислом дини ва шарқ, суфизмининг Европадаги энг етук мутахассисидир. У 15 ёшидан бошлаб араб тилини ўргана бошлаган.
1939 йили Берлиндаги Фридрих-Вильгельм университетида (ҳозирги — Гумбольдт университети)датаълим олган. 1946 йилдан Марбург университетининг арабшунослик ва исломшунослик профессори. 1954 йили дин тарихи йўналишида докторлик илмий ишини ёқлаган. Айни ўша йилдан 5 йил давомида Анқара университетида динлар тарихи профессори бўлиб ишлаган. 1967—1992 йиллар в Гарвард университетида фаолият юритган. Шунингдек,Теҳрон, Лондон, Эдинбург таълим муассалари ва илмий марказларида ишлаган.
Америка ва Ҳиндистон, Европа ва Шарқ мамлакатларидаги олимлар олиманинг номини жуда яхши биладилар, унинг асарларига ҳурмат билан карайдилар ва кўпгина ҳолларда уни ўзларининг устози деб ҳисоблайдилар. Шиммел хоним умуман Ислом дини ва тасаввуфга тааллуқли мавзуларда 120 тадан ортиқ асар яратган. Олима жуда кўп давлатлар, шу жумладан Ўзбекистоннинг олий мукофотлари билан тақдирлаган. «Жонон менинг жонимда» асари хонимнинг энг гўзал, энг сара асарларидан биридир.
СЎФИЙ АЁЛЛАР
Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам дорилбақога рихлат қилганларидан кейин ҳозирги кунларгача бўлган давр ичида Ислом оламида хотин-қизларнинг аҳволи хоҳ ижтимоий, хоҳ сиёсий маънода бўлсин сезиларли даражада чигаллашгани, оғирлашгани ҳеч кимга сир эмас, аммо сўфизмда бунинг бутунлай тескариси. Сўфизмда аёллар жуда муҳим ўрин тутишган, уларнинг мавқеи тобора ошиб бормоқда.
Сўфизм (таассуф), яъни исломий мистика Пайғамбар алайҳиссалом вафотидан тахминан юз йилча кейин, 8-аср бошларида вужуга келиб, ривожлана бошлади. Аввал бошда у соф таркидунёчилик (зоҳидлик) ҳаракати бўлиб, мусулмонларнинг кундан-кунга кучайиб бораётган дунёвийлигига қарши туришга, уларга диний бурч хамда вазифаларини эслатиб туришга қаратилган, чунки ўша даврларда ислом империяси жадаллик билан тўхтовсиз равишда кенгайиб бормоқда эди. Бу эса, ўз-ўзидан маълумки, таъсир ва акс таъсир ҳодисасига сабаб бўлади, яъни мусулмонлар ўзлари забт этган ўлкаларга Ислом дини билан таъсир кўрсатишса, шу ўлкаларда амалда бўлган динлар ҳам Исломга маълум маънода акс таъсир кўрсатар, унинг салоҳиятини пасайишга олиб келарди.
Ислом аскарлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлардаги йўл-йўриқлар билан бир қаторда ўзлари забт этган ўлкалардаги ақидаларга ҳам маълум маънода амал қила бошладилар. 711 йилда мусулмонлар Гибральтар бўғозини кечиб ўтдилар (бу ердаги бир тоғ ҳозирги кунларда ҳам ўз забткорининг номидадир: Жабал ат-Ториқ, яъни Ториқнинг тоғи). Ўша йилнинг ўзидаёқ қўнганнинг бош қисмлари Синдга, Ҳиндистоннинг қуйи воҳасига, яъни ҳозирги Покистоннинг жанубий қисмига кириб бордилар. Қўшиннинг бошқа қисми Окуз (Амударё)дан ўтиб Ўрта Осиёни эгаллади.
Зоҳидлар эса қалб оламини, юрак дунёсини забт этишга ҳаракат қилардилар. Ислом сўфизмининг ибтидоси Робийа ал-Адавиййа ёки Басралик Робийа (Басра Робийанинг она шаҳри)нинг номи билан боғлиқ. У дунёнинг барча лаззатларидан воз кечишга ундайдиган таркидунёчиликнинг чинакам ишқ, яъни Аллоҳнинг ишқи билан яшашга ундайдиган сўфизмга айланишида асосий, ҳал этувчи рол ўйнаган аёлдир.
Ривоят қилишларича, бир куни художўй сўфий Робийа бир қўлида бир челак сув, иккинчи қўлида ёниб турган машъала кўтарганча Басра кўчаларидан югуриб ўтаётган экан. Йўловчилар ҳайрон бўлиб ундан сўрашибди:
— Бунчалар шошилиб қайларга йўл тутдинг, эй Робийа?
Робийа қўлидаги челакка ишора қилибди:
— Дўзахдаги ўтни ўчирмоқчиман.
Йўловчилар ёқаларини тутиб, «астағфируллоҳ» деганча, сўрашибди:
— У ҳолда қўлингдаги машъала нечун?
— Бу машъала билан жаннатга ўт қўймоқчиман.
Йўловчиларнинг юзларидан қони қочиб қичқиришибди:
— Аллоҳдан мағфират сўраб илтижо қил, эй бадбахт аёл, акс ҳолда кофир қавмлардан бўлиб қоласан.
— Йўқ, азизларим, сизлар мени нотўғри тушундинглар. Мен кофир эмасман, Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасидаги бу икки пардани йўқотмоқчиман холос, токим бандалар Аллоҳ таолога дўзах ўтларида куйишдан қўрқишгани ёки жаннат иқболидан умидвор бўлишгани учун эмас, балки Унинг Аллоҳ эканлиги, Биру Борлиги ва Боқий гўзаллиги учун ибодат қилишсин».
Бу ривоят тилдан тилга кўчиб, насроний дунёсига ҳам кириб келди. Уни Людвиг тўққизинчининг вакили Жонгвиил ғарбга олиб келган дейишади. 1584 йил 3 ноябрда Парижда туғилиб, 1652 йил 26 апрелда ўша ерда вафот этган француз руҳонийси ва ёзувчиси, квиетизм намоёндаси Жан Пиер Камю ўзининг «Шафқат ҳамширалари» китобида шу ривоятни ҳам санаб ўтади. Китобда шарқона кийинган, бир қўлида челак, бир қўлида машъал кўтарган аёл сурати ҳам берилган. Сурат тепасида иврит ҳарфлари билан «ЙҲВҲ» яъни «Йеҳоваҳ» (Худо) деб ёзилган. Бундан ривоят шарққа мансублиги англашилади.
Бундан ташқари, Европа адабиётида ушбу ривоятнинг кўпгина бошқа шакллари ҳам мавжуд.
Басралик озод этилган қул аёл Робийа ҳақидаги ривоятлар сон-саноқсиз, чунки Басра мозийда кўплаб сўфийларнинг макони бўлган. 728 йилда вафот этган машҳур тақводор олим, сўфий Ҳасан ал-Басрий тўғрисидаги ривоятларда ҳам Робийанинг номи тилга олинади. Ислом оламининг машҳур солномачилари бу аёлнинг ҳаёт йўлини аниқ тасвирлаб беришган, чунки у инсоний баркамолликда «кўплаб эркаклардан устунроқ бўлган».
Муҳаммад Зеҳний ўзининг машҳур аёллар тўғрисидаги «Машоҳир ан нисо» асарида Робийани «эркаклар бошидаги олтин тож», деб тасвирлайди. Шу сабабдан ҳозирги кунларда ҳам ўзининг художўйлиги, тақводорлиги билан машҳур бўлган аёллар «иккинчи Робийа» деб тасвирланади. Робийа тўғрисидаги ривоятларда унинг жуда кўп мўъжизалар кўрсатгани ҳам тилга олинади. Айтишларича, қоронғу тунларда унинг бармоқлари чироқ каби нур таратар экан. Ҳаж сафарига отланганида эса Каъбатуллоҳ унга пешвоз чиқар экан. (Ўз-ўзидан маълумки, Каъбатуллоҳ ўрнидан кўчиб, Робийа ҳузурига пешвоз чиққанда, ҳажга келган бошқа сўфийлар уни тополмай анча сарсон-саргардон бўлишган).
Робийа кўпгина дунёвий ришталарни, айниқса никоҳни (у турмушга чиқмаган) рад этиб, жойнамозида ўтирганча ҳавода учиб юра олган дейишади. Гўзал баҳор кунларидан бирида у хонасида шогирд қизларидан бири билан ўтираркан боққа назар ташлайди ва Аллоҳ таоло яратиб қўйган гулларнинг жамолига мафтун бўлиб, шундай дейди: «Аллоҳ таолонинг гўзаллиги ботиндадир,ташқи гўзаллик эса ички гўзалликнинг акс этишидир». Мавлоно Жалолиддин Румий бу гапларни нотаниш бир сўфийга нисбат бериб, ўзининг «Маснавий» (МасЛУ. 1518) ларида ишлатган. Ҳазрат Фаридуддин Аттор эса ўзининг «Илоҳийнома»сида (XXII) Аллоҳ таолонинг нури тўғрисида сўз юритаркан, шундай ёзади: «У (нур) бир дақиқа кекса бир кампир устига тушса бўлди, уни Робийадек улуғ бир зотга айлантиради».
Шу асарнинг ўзида (XV) Аттор Робийанинг бечораҳоллиги, дунё лаззатларига кўп эътибор бермаслиги, синов-имтиҳонларга берган бардошини шундай тасвирлайди:
Дейдилар: Аллоҳга дилбаста, дилдор,
Робийа бир ҳафта туз тотмади ҳеч.
Ҳаттоки сув ичмай, юрди рўзадор,
Бўлди намоз билан машғул эрта-кеч.
Ниҳоят кўрсатиб очлик ўз кучин,
Робийа йиқилай деганда беҳол,
Қўшни хотин чиқди гаплашмоқ учун,
Бир коса суюқ ош кўтариб алҳол.
У кетгач Робийа судралиб, мункиб
Чироқ келтириш-чун уйга кирган дам,
Мушуклар овқатни кетдилар тўкиб,
Бу қандай кўргулик, бу қандай ситам.
Яна уйга кирди Робийа дилхун,
Сув ичиб рўзани очиш-чун, ҳайҳот.
Кўза қўлдан тушиб, бўлди чилпарчин,
Ерга сингиб кетди ул оби ҳаёт.
Шунда чекди Биби оташин бир оҳ,
Бир оҳки, оламни ёқишга қодир.
«Танҳо Биру Борим, Ёлғизим, Аллоҳ
Мен бир муштпипардан истагинг надир?
Ишқингда вужудим ҳорғин ва бетоб,
Бу ҳолга чек борми, эй Ёри Азиз?
Кўкдан нидо келди: Хоҳласанг шу тоб,
Дунёни пойингга чўктирурман тиз.
Ва лекин мени деб чекканинг ситам,
Дардлардан мосуво этарман буткул.
Фоний дунё ва Ер ишқига, санам,
Бир йўла ошиён бўлолмас бир дил.
Ошиқ ишқ йўлида дард чекиб ҳар он,
Тарк этар дунёни бесўз, бесўроқ.
Дунё ишқи бир ён, Ёр ишқи бир ён,
Осонмас чинакам Ёрга етишмоқ.
Кўриниб турибдики, бу мисраларда ошиқнинг ишқ йўлида чеккан дарду аламлари, изтиробларига алоҳида урғу берилмоқда, зеро ситам чекмай, қийинчиликларга бардош бермай висолга етишиб бўлмайди. Енгил-елпи қозонилган ғалаба, эришилган висол қадрсиздир. Ҳиндистондаги Чиштийа силсиласи раҳнамоси, асли Моварауннаҳрлик бўлган Қутбиддин Бахтиёр Кокий 1235 йилда бу тўғрида шундай деб ёзганди:
«Бошига кутилмаган дарду-ғамлар тушган куни у «хайрият, дўстим (Аллоҳ) бугун мени эсга олди, мен ҳақимда ўйлади», деб ўзида йўқ даражада шодланиб юрарди. Кунлари осойишта ўтиб, бошига ҳеч қандай кулфат тушмаганда эса, кўзёш тўкиб, фиғон чекарди: «Қандай бир нотўғри иш қилдим-ки, у (Аллоҳ) бугун мени эсга олмади».
Бироқ ўзини Аллоҳ ишқига бахшида этган аёл ёлғиз Робийа эмасди, бундай художўй сўфий аёллар тўғрисида тарихда бир талай маълумотлар бор. Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг қариндошларидан бири Умм Ҳарам исмлик аёл шулардан биридир. Бу бокира аёл ўзини Аллоҳ йўлига бахшида этиб, мусулмонларнинг кипрликларга қарши олиб борган жангларида ҳамширалик қилган ва ҳижрий 27 йилда (649) жанг пайтида шаҳид бўлган. Сўфийларнинг қарийб барча китобчаларида кунларини рўза тутиш ва йиғи-сиғи ҳамда тунларини намоз ўқиб ўтказган илк сўфий аёлларнинг рўйхати ва қисқача ёки тўлиқ таржимаи ҳоли берилган. Маргарет Смит ўзининг классик асари бўлмиш «Исломда Робийа ва бошқа сўфий авлиёлар сиймоси» китобида илк ислом даврининг бир қатор таниқли сиймолари тўғрисида маълумот беради. Улар орасида Робийанинг дугонаси, орзиқишларда (экстаз) жон таслим этган Марийам ал-Басрийа тўғрисидаги хабарга ҳам дуч келамиз. Замондош турк шоираси Лаъли Мюлдюр ушбу мисраларни ўша сўфий аёлга бағишлаган:
Басралик Марийам, ул гўзал хилқат,
Тун-кун Робийага қиларди хизмат.
Ногаҳон илоҳий ишқни у англаб,
Хушдан кетди, “Аллоҳ” дея шивирлаб.
Зикр этиб Аллоҳнинг номини ҳар он,
Муҳаббат ўтида таслим этди жон.
Шундай, чин ошиқлар ўхшар ёмғирга:
Дон бўлиб унишар, ерга тушсалар,
Дурга айланишар, тушиб баҳрга.
Рўйхатда йиғлай-йиғлай кўзлари кўр бўлиб колган Баҳрия ал-Маузулийанинг ҳам номи бор, зеро зоҳирий кўрлик илоҳий маъшуқни ботиний, яъни кўнгил кўзлари ила кўришга имкон яратади. Кўзлар кўр бўлгач кўрувчи ва кўрилувчи орасида тўсиқ, парда йўқолади.
Донишмандлар айтганидек, кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил. Райҳона ал-Валийа исмлик сўфий аёл эса узлуксиз равишда ўзини йўқотиш даражасидаги ҳаяжон, завқланиш (экстаз) ҳолатида бўлган. Ёзишларича, бундай ҳолатга тушган кўпчилик сўфий аёллар ўша даврларда ҳибсга олиниб, жиннихоналарга ташланган, чунки уларнинг қалбига жойлашган илоҳий муҳаббат баҳор чоғларида кўпириб, тўлқинланиб, қирғоқларидан тошиб оқадиган асов дарёдек бўлгани учун жамиятда қабул қилинган одоб қоидаларига бўйсунолмай қолишган.
Қалбида ёлғиз Аллоҳ ишқи ошиён қурган бундай тақводор сўфий аёллар тарихда албатта жуда кўп бўлган, аммо фақат баъзиларининггина номлари тарихда сақланиб қолган. Улар Робийага ўхшаб кичик-кичик қўшиқлар ижро этишган. Бу қўшиқлар бадиий санъат асари даражасига кўтарилмаган бўлса-да уларни бемалол диний-мистик лириканинг илк ғунчалари деб аташ мумкин. Кейинги асрларда улар ошиқ сўфийларнинг кундалик машғулотига айландилар. Суриялик Робийа аш-Шамийа шундай куйлар экан:
Ёримга тенг келмас бошқа ҳеч бир ёр,
Кўнглимни забт этган танҳо Биру Бор.
Гарчи у вужудим, кўзимдан йироқ,
Кетмайди у менинг кўнглимдан йироқ.
Абдураҳмон Жомий ўз асарларидан бирида сўфий аёлларнинг қуйидаги мисраларини мисол қилиб келтиради:
Чин ошиқлар бу дунёдан бемор ўтурлар.
Кўп дард чекиб, ишқ оғриғин зўр малҳам билиб.
Ёр ҳажрида девонаваш, зор-зор ўтурлар,
Ва бир куни кетишурлар ёрга қўшилиб.
Бу мисралар муаллифининг фикри Амат ал-Жалилнинг қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган фикрига ҳамоҳангдир:
«Авлиёсифат табаррук зотлар бирор дақиқа бўлса-да, бошқа ишлар билан машғул бўлмайдилар. Улар доимо Аллох ёди билан банддирлар. Авлиёлар бошқа ишлар билан ҳам шуғулланади деган киши бекор айтибди».
Илк сўфий аёллар ичида ўзининг жуда кўп кўзёш тўкиши ила машҳур бўлган Шавона исмли аёл сиймоси алоҳида эътиборга моликдир. Улуғ сўфийлардан бири бўлмиш Фузаил ибн Ийад (803 йилда вафот этган) ҳам Шавонадан «мени бир дуо қилиб қўйинг!» деб илтимос қилган экан. Тақводор сўфий Башир аи-Кофий, тахаллуси «Ялангоёқ» (841 йилда вафот этган) ва улкан муҳаддис олим Аҳмад ибн Ҳанбал (855 йилда вафот этган)лар эса Амина ар-Рамлийа исмли сўфий аёлнинг дуолари шарофатидан дўзахийликдан омон қолишган. Имом Ғаззолий Шавона ҳақида ёзаркан, ушбу воқеани мисол қилиб келтиради: «Ривоят қилишларича, Шавона вафот этгач, дугоналаридан бири уни тушида кўради. Тушда Шавона бир қанча ҳурлар билан келиб, дугонасига шундай дейди: «Қалбинг доим ғамзада бўлсин. Аллоҳ ишқини фоний дунё хою ҳавасларидан юқори тут. Шунда то жон таслим қилгунингча сенга ҳеч зарар етмайди». Ўлим ва боқий дунёни тез-тез ёд этиб туриш илк сўфий аёлларга хос хусусиятдир. Шулардан бири бўлмиш Муаззам Басрадаги анъаналарга мувофиқ «вафот этгач то рўзи машҳарга бўлган даврдаги қабр уйқуси етиб ортади» деган ғояни илгари суриб, иложи борича уйқудан воз кечишга, тунларини намоз ўқиб бедор ўтказишга ҳаракаг қилар экан.
Художўй, тақводор аёлларга Аллоҳ таоло юксак мавқелар ҳадя этиши ажабланарли ҳол эмас. Бағдодлик сўфий Сари ас-Соқотий (867 йилда вафот этган)нинг шогирдларидан бири бўлмиш сўфий аёл тўғрисида шундай ривоят бор: «Бир куни Соқотий у аёлга «ўғлинг чўкиб ўлибди» деган хабарни етказади. Аёл эса анъаналарга хилоф равишда устознинг гапига ишонмайди. Чиндан ҳам тез орада аёлнинг ўғли тирик эканлиги маълум бўлади. «Қани айт-чи, устознинг гапига нима учун ишонмадинг?» деган саволга у «Ўғлимнинг чўкиб кетганлиги тўғрисида менга ғойибдан ҳеч қандай хабар келмаганди», деб жавоб қилади». Ҳақиқатан ҳам ўзини Аллоҳ йўлига бахшида этган кишиларга ғойибдан уларга тегишли барча хабарлар етказилиб туриларкан.
Қуйидаги ривоятдан эса баъзи сўфий аёлларнинг Робийа ал-Адавиййага тақлид қилиб, дунёдан тоқ ўтишмагани, балки турмуш қуриб, никоҳда умр кечиришгани маълум бўлади. Турмуш қуриб, эр-хотин бўлиб яшаган сўфий аёллар ичида ярқ этиб кўзга ташланадигани Робийадан ярим аср кейин яшаган, (849 йилда вафот этган) нишопурлик Фотимадир. У таниқли сўфий Аҳмад Қидруйа (854 йилда вафот этган) билан турмуш қурган ва сўфийлик сўқмоқларида тез-тез унга раҳнамолик қилган. Ривоят қилишларича, Фотима ўз даврининг етук сўфий раҳнамолари билан мулоқатда бўлган. Мисрлик муршиди офоқ Зуннун Мисрий (859 йилда вафот этган) билан хат ёзишиб турган. Айтишларича, бир вақт Зуннун «аёлларнинг туҳфасига зор эмасман» деган маънода Фотима жўнатган туҳфани олишдан бош тортади.
Шунда Фотима Зуннунга танбеҳ бериб, шундай мактуб ёзади:
«Аёл киши жўнатган туҳфани олмайман деб туҳфамни рад этибсиз. Аёл киши воситасидами, эркак киши воситасидами, аммо асосий туҳфа қилгувчи Зот Аллоҳ таоло эканини унутдингизми?»
Зуннун бу аёлнинг билимига, Қуръони каримнинг чуқур маъноларини ҳам аъло даражада тушунишига қойил қолган дейишади. (Зеро, Зуннуннинг таълим-тарбияга оид ҳикояларида Аллоҳ таоло ишқи билан маст бир аёл ёки қиз образи тез-тез учраб туради). Зуннун ундан нафақат наботот ва ҳайвонот оламининг, балки барча тирик ва ўлик мавжудотларнинг Аллоҳга саловот айтаётганлигини қандай англаб олиш сирларини ўрганади. Доно Фотима машҳур сўфийлардан бири бўлмиш Боязид Бистомий (874 йилда вафот этган) билан ҳам паранжи ёпинмасдан мулоқотда бўлган дейишади. Аммо бир куни Бистомий аёлнинг гўзал холига, бошқа бир ривоятда айтилишича эса хино қўйилган бармоқларига тикилиб қолади. Шунда аёл сўфий билан алоқани бутунлай узиб кетади, чунки энди фақат соф руҳий мулоқотда бўлишнинг иложи қолмаганди. Бунинг ҳақиқатга қанчалар мос келишини аниқлаш жуда қийин, зеро руҳий дўстлик ришталарининг «дунёвий» бир боқиш ила узилиб кетиши мавзуси агиографияда (авлиёсифат кишиларнинг таржимаи ҳоллари билан шуғулланувчи фан) камдан-кам учрайдиган ҳол эмас.
Шу маънода сўфий Аҳмад ибн Абул Ҳаворийнинг (851 йилда вафот этган) рафиқаси Робийа бинт Исмоил ҳақида икки оғиз сўз айтмасдан бўлмайди. Биринчи эри вафот этгач бу аёл эридан қолган мерос ва ўзи ишлаб топган пулларни савобли ишларга ишлатиш учун юқорида номи зикр этилган сўфийга турмушга чиқади ва у билан жинсий эмас, балки фақат руҳий никоҳда бўлади. Умрини асосан намоз ўқиш, рўза тутиш билан ўтказади ҳамда Аҳмад ва унинг бошқа хотинларига ғамхўрлик қилади. Зеро, унинг ўзи бир куни Аҳмадга «мен сени эр сифатида эмас, балки ака сифатида яхши кўраман», дейди. Ривоят қилишларича, Рабаҳ ал-Қайсийнинг рафиқаси хуфтон намозини ўқигач яхши кийимларини кийиб, эридан «бугун менга эҳтиёжингиз борми?» деб сўраркан. Эрининг эҳтиёжи бўлмаган кунлари у тунни Қуръон тиловати билан машғул бўлиб ўтказаркан.
Баъзи, ҳолларда ўта художўй сўфийларга уларнинг жаннатдаги «бўлажак рафиқалари» ҳам кўрсатилган дейишади. Сўфий Абдул Воҳид ибн Саидга (794 йилда вафот этган) унинг жаннатдаги рафиқаси аён этилган. У бир чўпон қиз бўлиб, отарида қўйлар ва бўрилар бир-бирига зарар етказмай, қувлашиб, ўйнаб юришаркан. Шу қиз бу фоний дунёда ҳайвонлар орасида охирзамонга хос тинчлик барпо эта олгани учун машҳур сўфийнинг жаннатдаги рафиқаси бўлиш шарафига муяссар қилинган. (Шу маънода яна бир нарсани таъкидлаб ўтишни истардим: Бир куни тақводор турк олимининг кексароқ бир аёлга қарата «жаннатда сен менинг рафиқам бўласан» деганини ўз қулоғим билан эшитганман).
Улкан теософ олим Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг рафиқаси ўта катта эътиборга лойиқ шахслардан бири бўлган. Термизий ўз таржимаи ҳолида ёзишича, у кўрган тушларини рафиқасига сўзлаб бераркан, рафиқаси эса тушларни ва Термизийнинг кўз ўнгида пайдо бўлган нарсаларни доимо тўғри таъбир қилиб бераркан. Фаришталардан бири бу аёлга «эринг билан сенинг руҳий даражаларинг бир-бирига мутаносиб», деб хабар қилган экан.
Араб классик адабиётида ва кейинчалик форс адабиётида ҳам тез-тез учраб турадиган мавзулардан бири ўз қўшиқларида мистик, сўфиёна ишқни тараннум этган ашулачи қизлар мавзусидир. Машҳур грамматик олим ал-Асмоий ,бир куни Каъбада ишқий қўшиқ айтаётган бир қизни қаттиқ танқид қилади. Қиз зса унга дарҳол чинакам илоҳий ишқ қандай бўлишини тушунтириб қўяди.
Ўша даврларда Қуръони каримни ёд олиб, таъсирчан тарзда қироат қила оладиган қўшиқчи қул қизларни гарчи уларни жуда катта пул тўлаб сотиб олишган бўлсалар-да, дарҳол озод қилиб юборишган. 1234 йилда вафот этган ҳазрат Абу Ҳафиз Умар ас-Суҳравардий таъсири остида мусулмон бўлган бир қўшиқчи қиз тўғрисида шундай ривоят қилишади:
Бу киз Муқаддас Ҳаж сафаридан қайтгач Ҳамадон ҳокими ҳузурида илоҳий ишқ тўғрисида шунчалар берилиб куйлайдики, ҳоким ва унинг аёнлари ўзларининг йўл қўйган хатоларидан афсусу надоматлар чекишиб, ислом аҳкомларига қатъий амал қила бошлайдилар. Ҳазрат Румийнинг таржимаи ҳолларидан маълумки, «енгилтак қизлар» у зотнинг таъсири остида Ислом динини қабул этиб, сўфиёна ҳаёт кечира бошлашган.
Чамаси, илк даврларда аёллар сўфийларга нафақат халфалик қилишган, балки Қуръон тиловат қилинадиган йиғинлар ва «зикр»ларда ҳам иштирок этишган. 934-йилда вафот этган сўфий ал-Каттонийнинг қизи Фотима ва яна уч эркак «ошиқ» номини олган бағдодлик сўфий Сумнун ал-Муҳиб билан бирга юксак ҳаяжон ичида зикр тушаётганда кучли орзиқишдан вафот этган деб ривоят қилишади. Бу хабар илк даврларда аёлларнинг бундай давраларда эркаклар билан бир қаторда иштирок этиши одатий ҳол бўлганлигидан далолат беради. Кейинчалик эса сўфий аёлларни жамоага қабул қилишнинг қандайдир оқилона, гап-сўз бўлмайдиган йўлларини топишга уриниб кўп бош қотиришган бўлсалар керак, чунки шариат ва қонунларга кўра ўзига қариндош бўлмаган номаҳрам аёлнинг қўлини ушлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ-да. Баъзи йўналишлар бўйича номаҳрам аёлга кўзи тушган ёки бехосдан баданига қўли тегиб кетган кишининг таҳорати ушалган ҳисобланади ва у намоз ўқиш олдидан қайтадан таҳорат олиши керак. Шу сабабдан эркак ва аёл сўфийлар зикр тушишаётганда аввало кўлларини тоза сувга бир ботириб, ювиб олишлари лозим. Аёллар енги узун кийим кийиб олишган ва эркаклар уларнинг енгидан ушлашган. Бунинг иложи бўлмаган пайтларда аёллар қўлларини рўмол билан боғлаб ёки қўлларига иккита таёқ тутиб олишган. Эркаклар уларнинг енгидан ёки рўмол ўралган қўлидан ёинки қўлидаги таёқчадан ушлаб олишган-ки, эркак ва аёлнинг бадани бир-бирига тегмаган.
Аммо илк даврларда бундай нарсаларни майда-чуйда ҳисоблашиб, кўп ҳам эътибор беришмаган, кўнгли кенглик қилишган кўринади, чунки сўфий устозларнинг (пири муршидларнинг) ҳатто жамоат жойларига ҳам ўз халфалари (хотин-қизлар) билан борганликлари тўғрисида ёзма маълумотлар бор. Шулардан бирида айтилишича, 945 йилда вафот этган эксцентрик сўфий Абу Бакр аш-Шиблий ўзининг бир халфаси билан бирга сўфий Ҳаллож ёнига бориб, ундан «сўфизм нима?» деб сўрайди.
Гарчи мавлоно Фаридуддин Аттор ривоят қилган бу воқеа тарихга умуман мос келмасада, яъни у мавлононинг «шундай бўлса нима қилардик?» қабилидаги тахайюлотининг маҳсули бўлса-да, ҳар ҳолда сўфий аёлларнинг илк даврларда ижтимоий ҳаётда анча фаол иштирок этишганини инкор этиб бўлмайди. Аслида Ҳаллож қатл этилганидан кейин унинг синглиси келиб, акасини жасурлиги, яъни «аналҳак» (мен ҳақман) деган гаплари учун бироз койийди, сўнгра акасининг васиятини амалга ошириб, жонсиз вужудни куйдиради ҳамда кулини Тигер (Дажла) дарёсига (Олдосиёдаги серсув дарё) ташлайди. Ўша куни кечаси Ҳаллож синглисининг тушига кириб, унга ўзининг номутаассиб, яъни илғор (ноортодоксал) хатти-ҳаракатининг сабабини тушунтириб беради. (Ислом дини (руҳонияти) тарихида сингилнинг тутган ўрнини ўрганиб чиқиш жуда кўп масалаларни ойдинлаштиришга ёрдам берган бўлурди. Жоҳилият даврида Арабистонда опа-сингиллар вафот этган ёки жангда ҳалок бўлган акалари учун ёқа йиртиб йиғлаганликлари шарт бўлганидек, сўфизм тарихида ҳам опа-сингиллар жуда муҳим рол ўйнаганлар. Бобурийлар сулоласининг 1659 йилда кофирликда айбланиб, қатл этилган валиаҳд шаҳзодаси Дара Шиқоҳнинг опаси малика Жаҳоноронинг хатти-ҳаракатлари, муносабати бунга яққол мисол бўла олади).
Тақводор сўфий аёлларнинг анъаналари кейинги асрларда нафақат Ўрта Осиёда, балки Ҳиндистон субконтинентида ҳам худди шундай давом этган. Биз бу қитъада яшаб ўтган сўфий Фаридуддин Шакарганжнинг толибалари (мухлисалари) тўғрисида озми-кўпми маълумотга эгамиз. Айнул Қудат исмлик шоир ўз мадҳияларидан бирида сўфий Абул Хаир ат-Тиноний ал-Ақтанинг бувиси Уйаина йигитлар ва хотин-қизлардан иборат 500 та талабага дарс берганлигини айтиб ўтади. Улкан ҳанбалий сўфий, ҳиротлик Абдулла Ансорийнинг (1089 йилда вафот этган) таржимаи ҳолида унинг қариндоши Биби Нозаниннинг ҳам номи тилга олинган.
Айтишларича, шу аёл Ансорийга улкан олим бўлмаса-да, аммо жуда доно сўфий Қорағоний билан мулоқот қилишни маслаҳат берган, чунки Қорағоний Ансорийнинг тадрижий камолотга эришувида муҳим роль ўйнаши у аёлга маълум қилинган экан. Ҳиротда ўша даврларда булардан ташқари бошқа тақводор ва ўқимишли аёллар ҳам кўп бўлган. Улар айниқса пайғамбаримиз ҳадисларини тўплаш ва уларни авлоддан авлодга етказишда катта жонбозлик кўрсатишган. Шулардан бири 1084 йилда Ҳиротда вафот этган Умм Фазл ал-Ҳарматиядир. Серж де Лаоже де Бурессоунинг пайғамбар ҳадислари, айниқса Абу Ҳанбал мазҳаби ҳамда, шубҳасиз Абдулла Ансорий йўналишидаги сўфизмга қизиққан «аёллар муҳити» тўғрисидаги гаплари Луис Массигноннинг шаҳид кетган сўфий Ҳаллож атрофидаги ҳанбалий аёллар ҳақидаги эслатмаларига тўлиқ мос келади.
Ҳаллож атрофидаги аёллар, масалан Зайнаб ал-Камалийага ўхшаган сўфийлар узоқ вақтларгача Ҳаллож анъаналарини давом эттирганлар. Таниқли сўфий аёллар тўғрисида гапирилганда 1070 йилда вафот этган Мерв (Мари)лик Каримани тилга олмаслик гуноҳи азимдир. Бу бокира сўфий аёл, Массигнон таъкидлаб ўтганидек, Хадича ал-Жаҳнийа (461 (1067) йилда вафот этган) томонидан ташкил этилган «аёллар футуввати» (жўмардлиги) ташкилоти билан ҳамкорлик қилган. Аёлларнинг бу уюшмаси эркакларнинг умрни ҳакиқий эркак сифатида чуқур тоат-ибодат билан ўтказиш ғояларини илгари сурган футуввати (уюшмаси)нинг муқобилидир. Кариманинг номи Абу Нажиб ас-Суҳравардийнинг бир қатор муҳим асарларида тилга олинган.
Абу Нажибнинг жияни Абу Ҳафиз Умар ас-Суҳравардийнинг асарларида ҳам бу номни учратиш мумкин. Абу Ҳафизнинг китоблари мўътадил сўфизм тўғрисидаги энг кўп тарқалган китоб ҳисобланади ва бутун Ислом оламида ўрганилади. Тақводор ва ўқимишли сўфий аёллар орасида Шуҳда исмли хаттот аёл (1176 йилда вафот этган) алоҳида эътиборга лойиқдир. У нафақат хаттот, балки шу билан бир қаторда ўзининг ҳуснихати билан ҳам машҳурдир. Шундан ярим аср кейин Шимолий Африкалик саёҳатчи Ибн Батутта Дамашқ ва Бағдоддаги ҳадис муаллимлари тўғрисида сўз юритаркан, Умм Муҳаммад Ойша ва Фотима бинт Тожиддинларнинг номларини қайд этиб ўтади.
Тақводорона ва айниқса сўфиёна ҳаёт кечиришга мойил бўлган аёллар салжуқийлар даврида Туркияда ҳам бўлган. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг таржимаи ҳолидан маълумки, у Кўнё олий табақасининг кибор хонимлари, айниқса бош вазир Аминаддин Микоилнинг рафиқаси билан жуда яқин муносабатда бўлган. Уларнинг ҳузурида ўзини жуда эркин тутган. Румийда барча табақаларга мансуб хотин-қизларни хам ўзига тортадиган аллақандай оҳанраболик бўлган дейишади. Салжуқийлар ҳукмдори Ғиёсиддиннинг рафиқаси ҳатто Румийнинг суратини ўзи билан олиб юрган экан. (Византия санъати анъаналарининг яқинлиги бу ерда Ислом динининг турли санамларга қаршилигида намоён бўлади). Машҳур кишиларнинг таржимаи ҳолларини ёзиб борадиган кишилар ҳазрат Румийнинг иккинчи рафиқаси, насроний оиласидан чиққан Кира Хотунга «иккинчи Робийа» ва «Биби Марямга ўхшаш аёл» деб таъриф берганлар. Унинг болалари ҳазратнинг ўғли Султон Валад томонидан ташкил этилган Мавлавия ташкилотида фаолият кўрсатишган. Султон Валаднинг қизи ҳам шуларнинг орасида бўлган. Туркий вилоятларда ташкилотнинг хотин-қиз аъзоларини «бадши», яъни «сингил» деб аталган, зеро «барча мўъминлар шак-шубҳасиз ака-укалардир» (Қуръони карим. 49:10).
Ибн Арабийнинг хотин-қизларга муносабати айниқса диққатга сазовордир. Унинг ёш йигитлик пайтларида Севилла шаҳрида учратган улкан сўфий аёллар тўғрисидаги хотиралари жуда мароқли ва жонли тарзда ёзилган. Бу хотираларда ўта камбағалликда яшаган Фотима бинт Мутаннанинг номи тилга олинади. Бу аёл аввалига турмушга чиқиб, анча пайтлар эри билан яшайди. Эри мохов касалига чалиниб, вафот этгач бева қолади. Андалузиялик олим бу аёлни «бутун ер юзи аҳолиси учун Аллоҳ томонидан жўнатилган раҳм-шафқат» деб таърифлайди ҳамда ғаройиб бир мўъжизани ривоят қилади: Қуръони каримнинг биринчи, очувчи сураси бўлмиш «Фотиҳа» сурасининг муаккиллари бу аёл хизматига бўйсундирилган бўлиб, унинг барча истак-хоҳишларини амалга оширишар эканлар.
Айтишларича, бир аёл Фотиманинг олдига келиб, бевафолик кўчасига кириб кетган эрининг устидан шикоят қилганда, Фотима бир дуо ўқиб бу эркакчани хотинини бир лаҳза кўрмаса туролмайдиган ҳолатга тушириб қўйган экан. Фотима Ибн Арабийнинг «руҳий, ғоявий онаси» ҳисобланади. Улкан теософ олимнинг туққан онаси хам Фотимани тез-тез зиёрат қилиб турган дейишади. Ўта камбағал бўлишига қарамасдан Фотима жуда қувноқ ҳаёт кечирган. Баъзан қўлига танбур олиб Аллоҳ таолонинг марҳаматларини жўшиб куйлар экан:
«Менга назар солгани ва Ўзининг дўстларидан бирига айлантиргани ҳамда ўз мақсадларини амалга оширишда мендан фойдаланганлиги учун мен Ундан беҳад миннатдорман, Мен ким бўлибманки, шунча одамлар ичидан У мени танлаб олибди. У мени жуда рашк қилади. Ундан ўзгани хаёлга келтирсам бўлди, У мени дарҳол турли бахтсизликлар ила жазолайди».
Ибн Арабий Фотимани кўкларга кўтариб тасвирлаш ила ўзини авлиёсифат аёлларга нисбатан алоҳида мойилликка, ҳурмат-эътиборга тайёрлаганга ўхшайди У Севиллада яна бир бошқа алоҳида эътиборга молик аёлни учратганди. Бу аёл саксондан ошган Шамс момо бўлиб, «барча камбағалларнинг онаси» деган унвонга сазовор бўлганди. Ибн Арабий момони «ички туйғу, бевосита муроқаба усули билан кўп нарсаларни олдиндан билиш хислатига эга бўлса-да, ўзининг улкан сўфийлигини, юксак маънавий даражасини сир тутадиган камтар зот эди» деб тасвирлайди. Ибн Арабийнинг «Хотиралар»ида яна бир қул аёл тўғрисида ҳам сўз юритилган. Гарчи бу аёлнинг номи келтирилмаган бўлса-да, у ўзининг батартиб эканлиги билан машҳур бўлган. Бу аёл кўз очиб юмгунча дунёнинг у бошидан бу бошига бориб кела олган, тоғу тошлар ила суҳбатлар қурган ва уларнинг барчасига «хуш келибсиз» ибораси билан мурожаат қилган.
Ибн Арабий шу йўл билан, яъни илгари Севиллалик аёллар билан учрашиб ўзини маккалик кароматгўй, илҳомлантирадиган бир аёл билан учрашувга тайёрлаганга ўхшайди. Бу аёл муқаддас зиёратгоҳдаги Иброҳим мақоми имомининг қизи Низом эди. Ибн Арабий жўшиб, оятлар тиловат қилиб, экстаз ҳолатида Каъбатуллоҳни айланиб зиёрат қилаётганда шу қизга дуч келади. Қиз унинг тиловатларини тинглаб, Ибн Арабийни лол қолдирган ҳолда уларнинг мағзини чақиб беради. Бу гўзал қиз билан бўлган учрашувнинг натижаси ўлароқ ибн Арабийнинг «Таржумон ал-ашвоқ», яъни «Эҳтирослар таржимони» номли шеърлар тўплами вужудга келади. Тўпламдаги шеърлар араб ишқий поэзиясининг анъанавий услубида ёзилган бўлиб, уларда классик шеъриятнинг андозавий сиймолари бўлмиш ошиқ ва маъшуқа ўртасидаги ишқ куйланади.
Маълум бир вақт ўтгач Ибн Арабий ўзининг бу ишқий шеърларига мистик-фалсафий изоҳлар ёзиб, шеъриятда янги бир йўналишни бошлаб берди. Бироз кейинроқ фаолият кўрсатган сўфийлар ўзларининг май, ишқ, ҳижрон тўғрисидаги дунёвийлиги яққол кўриниб турган шеърларига ҳам шунақа шарҳлар ёзиб, уларни ўқимишли қилишни лозим топдилар ёинки энди ишқ, май ва ҳижронларнинг маъноси кенгайиб Аллоҳ таолога нисбатан бўлган ишқни англата бошлади. (Афсуски, кўпгина ҳолларда бунақа шарҳлар ўта чўзилиб кетганлиги сабабли, табиий, тасаввурга сиғадиган ҳолатлар билан нотабиий, тасаввурга сиғмайдиган ҳолатлар ўртасидаги мувозанатни барбод этиб, капалақдек нозик ниҳол шеърларнн метафизик таълимотнинг қисқача қўлланмасига айлантириб қўйган).
Ибн Арабийнинг «Девони»да эса кейинчалик яна бошқа шеърлар ҳам пайдо бўлган. Эҳтимол, бу шеърлар унинг собиқ рафиқасига бағишлангандир, аммо бу фараз ҳали исботланмаган, анча ноаниқликлар мавжуд. Хар ҳолда Низом Ибн Арабийнинг Беатричаси сифатида намоён бўлади. Шоирнинг муқаддас шаҳар Маккадаги ҳаёти унинг шоҳ асари «Ал-футуҳат ал-маккийа», яъни«Маккадаги кашфиётлар» асарининг вужудга келишига замин тайёрлади. Маккада у Зайнаб ал-Қалиййа исмли аёл билан ҳам учрашган. Бир вақтлар ўзининг бойлиги ва соҳибжамоллиги билан донг таратган бу аёл яна Маккага кўчиб келади ва бу ерда тақводор сўфий сифатида танилади ҳамда кўпгина сўфийлар билан иноқлашиб, дўстлашиб кетади. Бу аёл намознинг фарзлари, суннатлари ва мустахабларига қатъий амал қилган ҳолда ибодат қилиши билан Ибн Арабийни лол қолдиради. Ибодат чоғида чуқур хаёлга чўмиб (медитация), ич-ичдан илоҳий оятларни тиловат қилаётган чоғида вужудининг оғирлиги бутунлай йўқолиб, хона ичида пар сингари учиб юрган дейишади. Илмий тилда бу ҳолат «психокинез» дейилади. Бошқа сўфий аёлларда ҳам менимча бу ҳолат содир бўлган, аммо не учундир уларнинг таржимаи ҳолларида бу иш қайд этилмаган. Ибн Арабийнинг бу аёл билан бирга Қуддус шаҳрини зиёрат қилиши унинг бу аёлни жуда ҳурмат қилганлигидан далолат беради. Андалузиялик бу улкан олимнинг умуман барча хотин-қизларга нисбатан ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлиши хотин-қизлар, улар билан бўлган мулоқот олимнинг ҳаётида алоҳида ўрин тутганлигидан далолат беради. Олим ўзига Аллоҳ таоло томонидан «барча авлиёлар муҳри» деган унвон, даражот берилганлигидан хабардор бўлган ёки ҳеч бўлмаганда буни ҳис этган. Унда Аллохдан бировларнинг билиб-билмай қилган гуноҳларининг мағфират этилишини сўраш, уларнинг тарафини олиш иқтидори бўлган. Қизиғи шундаки, ёшлик чоғлариданоқ у биринчи бўлиб тарафини олган, Аллоҳ таолодан гунохларининг кечирилишини илтимос қилган кишиларнинг барчаси хотин-қизлар эди. Хусусан унинг иккала синглиси, собиқ рафиқаси ва тўртинчи хотини шу саодатға мушарраф бўлишган. (Афсуски, Ибн Арабийнинг неча марта уйланганлиги тўғрисида етарли маълумотларга эга эмасмиз). Ибн Арабий сўфийлик йўналишида 15 та кишига «хирқа», яьни сўфийлар кийимини кийдирган бўлса, шулардан ўн тўрттаси хотин-қизлар бўлган, чунки худди мавлоно Жомий таъкидлаб ўтганидек, маънавий ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг юксак даражаларга эришишлари мумкинлигига олимнинг имони комил бўлган. Аёллар авлиёлик пиллапоясининг энг юқори поғонаси бўлмиш «қутб» ёки «ўзак» даражаларига ҳам эришишлари мумкин. Ибн Арабий умрининг охиригача аёлларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатди, уларга ўзи-нинг амри-маъруфлари ҳамда маърузаларида иштирок этишга рухсат бериб, уларга мураббийлик қилди.
Хўш, ўша даврларда сўфийлик сўқмоқларига яқинлашмоқчи бўлган ва ҳатто уларга қўшилиб кетмоқчи бўлган аёлларнинг ҳаёти қандай кечган?
Биринчидан, улар бой бўлсалар, сўфий жамоаларига ҳомийлик қилишлари, пири муршид ҳамда халфаларни моддий рағбатлантириб, уларга турарга жой ҳамда озиқ-овқат бериб туришлари мумкин бўлган. Устоз ва халфалар эса миннатдорчилик тариқасида унинг Худо марҳаматига сазовор бўлишини тилаб дуо қилишган. Миҳанадаги (Шарқий Эрон) Абу Саид Абул Хайр (1049 йилда вафот этган)нинг жамоаси ҳомийлари, айниқса кўзга суриладиган малҳам тайёрловчи Биби Ниши шулар жумласидандир. Биринчи пайтларда бу аёл анча пайсалланиб турган бўлса-да, кейинчалик жамоага бутунлай қўшилиб кетган. Кўпгина вилоятларда аёллар худди илк даврлардагидек эркаклар билан бирга зикр тушишган.
Баъзи жамоаларнинг йиғинхоналарида эса (масалан Қоҳирадаги Рифаийа ёки Усмонли Турк империясидаги мавлавийлар жамоалари) шу мақсадга мўлжалланган аёллар бўлимлари бўлган. Қолган вилоятларда эса аёллар бу тадбирни (зикрни) шу яқин ўртадаги уйдан ёки том устида туриб тамошо қилишган. Дарвишларнинг фақат битта тариқатида, яъни Туркиядаги Бектошийлар тариқатида аёллар барча тадбирларда фаол иштирок этишган, бу эса ўз-ўзидан маълумки, Бектошийларнинг маънавий бузуқликда айбланишига олиб келган. (Бундай ҳолатлар байъат топширилаётганда (қасамёд) ёки шунга ўхшаш тадбирларда пир муршиднинг бўлажак сўфий аёл билан бир хонада анча ушланиб қолган пайтларда ҳам рўй бериб турган).
Ёқуб Қадрий Караосма ўғли ўзининг 1922 йилда Истанбулда чоп этилган «Нур Бобо» романида Бектошия тарикатининг ёшгина бир устози аёлларни қандай қилиб йўлдан оздирганини тасвирлаб берган. Роман босилиб чиққандан уч йил кейин Туркия ҳукумати раҳбари Отатурк барча дарвеш жамоаларини ёптириб ташлади. Бироқ Ислом оламининг замонавий ижтимоий-танқидий адабиётида бу мавзу сақланиб қолди.
Ўрта асрларда (12-асрдан бошлаб) Бағдод, Макка, Мадина, Шом ва Қоҳирада бир қатор сўфий хотин-қизлар жамоалари фаолият кўрсатганлиги маълум. Бундай ташкилотларнинг учтаси, яъни «Работ аз-Заҳирийа», «Дар ибн аз-Зауда» (1194) ва «Работ бинт ат-Тож» Макка шаҳрида бўлган. Ислом оламининг ўша пайтдаги маркази ҳисобланмиш Бағдод шаҳри эса Тигр (Дажла) дарёсининг ғарбий соҳилида бир аёл томонидан ташкил этилған «Дар ул-фалак» жамоаси билан машҳур бўлган. 1127 ва 1177 йилларда бу ерда яна иккита жамоа вужудга келади. Аббосийлар халифалиги инқирозга юз тутишидан тўрт йил аввал, яъни 1254 йилда эса энг сўнгги халифа сўфий аёллар учун яна бир работ қурдирган ва ўз қизини бу ерга раҳбар этиб тайинлаган. (Бу работлар, хотин-қизлар жамоалари тўғрисидаги маълумотлар билан танишаркансан, беихтиёр Европадаги хотин-қизлар монастирларини эслаб кетасан киши).
Юқорида тилга олинган жамоаларнинг раисалари панд-насиҳат қилиб ваъз айтишган, намоз чоғида аёлларга имомлик қилишган ҳамда сўфиёна донишмандликка эришишда уларга раҳнамолик қилишган. Албатта бу работлар бева қолган ёки эридан ажрашган, талоқ қилинган хотин-қизлар учун қўналға бўлиб ҳам хизмат қилган. Талоқ қилинган хотинлар бу ерда уч ой-у ўн кун туриб «идда» муҳлатини ўташган, чунки «идда» тугамагунча муслималарнинг бошқа эрга тегиб кетишга ҳақлари йўқ (Қуръони каримнинг 64-сура 4-оятида айтилишича, талоқ қилинган ёки эри ҳалок бўлиб бева қолган аёллар ҳомиладор ёки ҳомиладор эмасликларини аниқлаш мақсадида уч ой идда сақлашлари лозим. Ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлгачгина бошқа турмуш қуришга ҳақлидирлар ва аксинча, ҳомиладор бўлсалар, фарзанд туғилиб, нифос муддати ўтгандан кейингина турмушга чиқишлари мумкин). Ўта тақводор аёллар эса энг яқин оила аъзоларидан бўлак ҳеч ким билан мулоқот қилмай уйда идда сақлайдилар ва бу муҳлатни намоз ўқиш ва чуқур хаёлга чўмиш (медитация) билан ўтказадилар. Покистондаги кўпгина мутаассиб (консерватив) оилаларда бу одат ҳозирги кунларгача сақланиб қолган. Карачи шаҳрида ўзим шундай бир ҳолатнинг гувоҳи бўлганман.
Тарихдан маълумки, жамоага раҳбарлик қилиш авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келган. Улкан сўфий Аҳмадий Жомнинг қиз невараси ўзининг кирқ кунлик гўшанишинлигини (чилла ўтиришини) бувасининг жамоасида ўтказган. Мистик шоир Ауҳадуддин Кирмонийнинг невараси, шайх аёл ҳамда ҳафиза, яъни Қуръони каримни ёддан билган Амина Хотун Дамашқда фаолият кўрсатган. Аммо барибир ўқимишли сўфий хотин-қизлар унутилмаслиги керак. Уларнинг орасида Ҳиндистоннинг Бурҳонпур деган жойида истиқомат қилган Бубу Рашти алоҳида эътиборга лойиқдир. У ўрта асрларда битилган форс мистик матнлари бўйича мутахассис бўлиб, биринчи навбатда Фахруддин Ироқий асарларини шарҳлаб берган. Бубу Рашти изоҳлаб берган асарлардан бири Ироқийнинг «Ламаъат», яъни «Нур жилолари» асари бўлиб, унинг ярими насрда ва қолган қисми назмда битилган. Бу асарда Ибн Арабийнинг кўпгина ғоялари ўз аксини топган, шу сабабдан у сўфиёна ишқ тўғрисидаги гўзал, жозибадор асарлардан бири ҳисобланади. Бубу Рашти 1620 йилдан кейин вафот этган, аммо қайси йилда вафот этганлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ.
Шундан сўнг, 17-асрнинг ўттизинчи йилларида Бобурийлар империяси ҳукмдори, 1628—1658 йилларда ҳукм сурган Шоҳ Жаҳоннинг катта қизи Фотима Жаҳоноро ва унинг укаси, валиаҳд шаҳзода Дара Шикоҳ сўфийлик сўқмоғига қабул қилиндилар. Шоҳнинг фарзандларини Лаҳор шаҳрида истиқомат қилган ва 1635 йилда вафот этган Миён Мир исмли авлиё сўфийликка ўтишга илҳомлантирган. Валиаҳд шаҳзода ўз кундаликларининг алоҳида бир бобини Миён Мирнинг авлиёсифат синглиси Биби Жамол Хотунга бағишлаган.
Малика Фотима Жаҳоноро сўфийлик сўқмоғида шунчалар улкан муваффақиятларга эришадики, унинг устози, Миён Мирдан муршидликни мерос қилиб олган мулла Шоҳ (1661 йилда вафот этган)нинг айтишича, тариқат қонунлари йўл қўйган тақдирда у маликани бемалол ўзидан кейин муршидликка тақдим этган бўларкан. Бу тўсиқларга қарамасдан малика умр бўйи сўфизмга содиқ бўлиб қолди. Онаси бевақт вафот этгандан кейин (Ҳиндистондаги машҳур Тож Маҳал онасининг шарафига бунёд этилган) у мамлакатдаги «биринчи хоним»га айланди. Малика Жаҳоноро ва унинг укаси валиаҳд шаҳзода сўфийликнинг Қодирийа йўналишини қабул қилингандилар. Бу йўналишнинг бош қароргоҳи аввал жанубий Ҳиндистонда бўлиб, сўнгра Панжоб вилоятига кўчирилган. Шоҳ оиласининг бошқа аъзолари эса Чиштийа йўналишига мойил бўлганлар. Кунлардан бир кун фалокат туфайли малика баданининг кўпгина жойлари куйиб қолади. Соғайиб кетгач, у оила анъаналарига мувофиқ Раджостондаги Ажмерни зиёрат қилади, чунки маликанинг катта буваси Акбаршоҳ ҳам бу ерни тез-тез зиёрат қилиб турган. Ажмер шаҳри ҳозирги кунларда ҳам Чиштийа сўфийларининг бош қароргоҳи ҳисобланади, чунки тариқат асосчиси ҳазрат Муиниддин Чиштий шу ерга дафн этилган. Маликанинг ўз пирига бағишлаб форс тилида ёзган таржимаи ҳоли Британия давлат кутубхонасида қўлёзма шаклида сақланмоқда. Фотима Жаҳоноро 1681 йилда вафот этган ва Низомиддин Авлиё (1325 йилда вафот этган) мақбарасининг ҳовлисига дафн этилган. Малика мистик адабиёт ҳомийси сифатида кўплаб классик асарларни таржима қилдирган ва уларга шарҳлар ёздирган. Маликанинг жияни, яъни унинг ўта мутаассиб, ўз укаси Дара Шикоҳни кофирликда айблаб қатл эттирган акаси Аврангзебнинг қизи Зебуннисо (1689 йилда вафот этган) ҳам сўфизм ҳамда шеъриятга мойил бўлган. Ҳукмдорнинг бошқа қизлари Деҳлидаги сўфийларга совға-салом улашиш, уларни моддий рағбатлантириш орқали танилганлар.
Зебуннисонинг синглиси Зийнатуннисогина эмас, балки Ислом оламининг бошқа оқила, тақводор хонимлари ҳам ўз ҳисобларидан мачит, мадрасалар қурдиришиб донг таратганлар. Аҳмадобод (Гуджарат) ва Деккан деган жойларда улар қурдирган мачитлар ҳозирги кунларда ҳам виқор билан қад кўтариб турибди. Кўпгина муқаддас жойларда хотин-қизлар ичкарига киритилмасаларда, ташқарида, дераза ёнида туриб авлиёнинг қабрига назар солишлари, дуои фотиҳа қилишлари мумкин.
Қизиғи шундаки, улар бу амалларни жон-дилдан берилиб, ўта фаоллик ила амалга оширадилар. Улар ўтмиш хотираси бўлмиш муқаддас ҳисобланган нарсаларни, масалан, Бижапурдаги «ҳазратбал»ни, яъни пайғамбар алайҳиссаломнинг соч толасини илоҳий оятларни тиловат қилган ҳолда зиёрат қиладилар. Ҳазрат Муиниддин Чиштийнинг мақбарасида хотира кунлари ҳазратнинг авлодларидан бири бўлмиш бир қиз ёниб турган шамни зиёратга келган хотин-қизларнинг бошлари устида кўтариб туради, сўнгра айлантириб чиқади. Шам қабр устига қўйилгач, аёллар ҳам мақбарага киритиладилар.
Бунга ўхшаш расм-русумлар ҳозирги кунларда бошқа зиёратгоҳларда ҳам бор. Аммо баъзи ҳукмдорлар, масалан 1351 — 1388 йилларда ҳукмронлик килган Ферузшоҳ Туғлуғ ҳамда 1489—1518 йилларда ҳукм сурган Искандар Лодийлар ғайридиний ҳамда исломий ахлоқ-одоб қоидаларига мос келмайдиган расм-русумларни йўқотиш мақсадида аёлларнинг Ажмер ва бошқа жойлардаги зиёратгоҳларга киришини таъқиқлаб қўйишган, чунки баъзи манбалардан маълумки, фарзанд кўрмаган хотин-қизларнинг зиёратгоҳ ходимлари томонидан алданиши ва она бўлиш орзуси ўта кучли бўлганлиги учун ходимларнинг гапига лаққа учиб, зино қилганликлари аниқланган.
Баъзи зиёратгоҳлар эса шу маънода ҳаддан ташқари поймол этилган. Бироқ енгил оёқ, суюқ аёлларнинг қилган гуноҳларидан афсусланиб, уларнинг мағфират этилишини илтижо қилиб бориладиган зиёратгоҳлар ҳам мавжуд. Тақводор ва авлиёсифат аёлларга халқ кўрсатаётган иззат-икром кўринишларини янада аниқроқ ўрганиб чиқиш лозим. Қабристонларда номаълум аёлларнинг қабрлари ёки мақбаралари тез-тез учраб туради. Манбаларда ҳам «Аллоҳнинг номаълум, содиқ қули эди» деган ёзувларга дуч келамиз. Таниқли танқидчи Р. Буртон ўзининг Синд вилояти тўғрисидаги асарида (1853) ёзишича, синдликлар «ожизаларнинг дин йўлида чеккан заҳматларини» етарли даражада баҳолашар эканлар. Р. Буртон Фотима Ҳажаронийнинг номини алоҳида таъкидлаб ўтади. Бу аёл муршид даражасига кўтарилган.
Халқ бундай аёлларнинг мақбараларига романтик номлар бериб, хотирасини эъзозлайди. Анатолияда иккита шундай қабр бор, улардан бири «пишили султон», яъни «мушук кўтарган хоним» ва иккинчиси «карйагди султон», яъни «қорёғди хоним» деб аталади. Кўпгина жойларда эса бир гуруҳ аёллар бирга қўйилган қабрлар ҳам бор. Шулардан бири «ҳафт афифа»дир, яъни «етти бокира қиз»дир. Айтишларича, душман аскарлари бостириб келган пайтда улар асирга тушмаслик учун ер қаърига кириб кетган эканлар. Бундан ташқари, хавф-хатар туғилганда, номусини пок асраш ниятида дуо ўқиб ер қаърига шўнғиб кетган аёлларнинг алоҳида қабрлари ҳам учраб туради. Ўта кучли тақвоси туфайли бошқаларга ўрнак бўлиш даражасига эришган оддий аёллар тўғрисидаги худди машҳур сўфий Зуннун ҳикояларига ўхшаш ривоятлар ҳам анчагина. Шу маънода Шимолий Африкалик соддадил қиз Лалла Маймуна тўғрисидаги ривоят чиндан ҳам жуда таъсирчандир. Унда айтилишича, кема капитани қизга бир дуони ўргатмоқчи бўлади, аммо қиз дуодаги сўзларни сираям эслаб қололмайди. Ниҳоят, елканлари кўтарилган кема сузиб қирғоқдан узоқлаша бошлаганда, қиз сув юзасидан югуриб бориб капитандан дуони яна бир бор такрорлашни илтимос қилади. Қизнинг дуони ўрганиб олишга бўлган иштиёқи шунчалар кучли эканлигини кўрган денгиз ҳам уни ўз қаърига ютиб кетмайди, дуони охирги марта эшитиб, ўрганиб олиб, қирғоққа қайтиб чиққунча уни сув юзасида кўтариб туради.
Тахминан 1200 йилларда Шимолий Ҳиндистоннинг Индарпат шаҳрида яшаган, «ички бир ёғдуси ила бошқалардан ажралиб турган» Фотима тўғрисидаги гаплар, яъни «кимки бу аёлнинг қабри бошига келиб, ўз илтимоси ила мурожаат қилса, шубҳасиз истаклари мустажоб бўлғай» деган сўзлар менимча сўфий аёлларнинг кўпчилигига айнан мос келади. Фотиманинг мўъжазгина, фақат баъзи тақводор зотларгагина маълум бўлган қабри Низомиддин Авлиёнинг мақбарасидан унчалар узоқ бўлмаган жойдадир. Қизиғи шундаки, қабрни нафақат муслималар, балки шу билан бир қаторда ҳиндавийлик динидаги аёллар қам зиёрат қиладилар ва дардларига малҳам, чигал ишларига кушойиш топадилар.
Ислом оламидаги тақводор, зоҳидлар ва сўфийлар ҳаётига мойил бўлган аёллар турли-тумандир. Улар орасида бу дунё ҳаётига умуман қизиқмаган, ўзларини жуда кўп нарсалардан чеклаб қўйган зоҳидалар ва донишликка мойил бўлган хотин-қизлар, саройдаги бурч-вазифаларини ўташ билан бир қаторда диний асарларни ҳам ўқиб ўрганишни жон-дилдан севган маликалар бўлган. Шу аснода, бу аёллар орасида ўзларининг «барака»си, яъни мустажоб бўладиган дуолари ёрдамида асрлар давомида минг-минглаб аёлларнинг дардларига малҳам, кўнгилларига осойишталик бахш этган, исмлари камдан кам ҳоллардагина уларнинг сўфийлик хислатларига эга эканлигидан далолат берувчи авлиёсифат момолар ва ёшгина оддий қизлар ҳам бўлганлигини қайд этиб ўтмоқ жоиздир. Ҳозирги кунларда ҳам хоҳ шаҳар, хоҳ қишлоқда бўлсин хотин-қизлар ўз муаммоларини ҳал этиш учун шундай кароматли, хислатли аёлларга мурожаат этадилар, чунки улар бундай аёлларнинг ҳеч бўлмаганда маънавий ёрдам беришига ишонадилар. Хуллас калом, кўнгилларига таскин-тасалли бера оладиган авлиёсифат сўфий аёллар сиймоси, уларнинг тирик ёки аллақачонлар дорилбақога рихлат қилганликларидан қатъи назар муслималар учун алоҳида аҳамиятга эгадир.
ЖОН (НАФС)НИНГ ТАРБИЯСИ ХУСУСИДА
Зулайҳо Қуръони каримда йўлдан оздиргувчи, ёмон ишларга ундагувчи жон сифатида намоён бўлади. Зоҳидона тарзда аёллардан қўрқиб яшайдиган кишилар учун йўлдан уриш санъати лаънатланиб, Қуръони каримнинг «Юсуф» сурасида нафс(жон) тўғрисида сўз юритилгани ва унинг «аммора бис су» яъни «ёмондикларга ундагувчи», деб аталиши (12:53) айни муддао бўлган. «Нафс» сўзи араб тилида женский родга мансуб бўлгани учун кўп ҳолларда аёл кишининг тимсоли сифатида ишлатилади. Дин йўлида жидду-жаҳд қилган кўплаб бандаларнинг тўғри йўлдан озиб, диний майл-иштиёқларини, хатти-ҳаркатларини ташлаб қўйишларига сабаб бўладиган нарса ҳам ўша «нафс»нинг, яъни аёлларнинг ишва-карашмалари, нозу истиғнолари эканлиги сир эмас. Аёлларнинг ҳирсий хусусиятлари эркакларникига қараганда кучлироқ бўлгани учун улар ўзларининг жинсий фаоллиги ила эркакларни йўлдан уришга ҳаракат қилишади. Шу сабабданмикин, ўғил болаларни қиз болалардан афзалроқ кўриш, уларни юқорирок баҳолаш барча динларда мавжуддир. Ўғил фарзанд туғилганлигини хурсандчилик билан маълум қилиш, қиз туғилганда эса ҳафсаласи пир бўлиб, руҳи тушиб, «ҳа, қиз кўрдик» деб айтиш кўпгина қавмларда ўзига хос одат тусига кириб қолган.
Шу сабабдан, Ислом авлиёлари мўъжиза кўрсатиб, янги туғилган қиз болани ўғил болага айлантириб беришган. Ислом дини илк нозил қилинган даврлардан колган ҳикматли сўзлар ва ривоятларда ҳам аёл кишидан қўрқиш туйғуси акс этади. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам «аёлларнинг ўқимишли, маданиятли кишиларни ҳам қўлга олишлари мумкинлиги» хусусида огоҳлантириб ўтган эканлар. «Аёлнинг бошдан-оёғи, турган-битгани ёмонлик, аммо энг ёмон томони шундаки, эркак киши унга барибир муҳтож бўлади», деган экан Али ибн Абу Толиб. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи Биби Фотиманинг эри бўлгани учун Ҳазрат Али аёллар тўғрисида бироз ижобий гапларни айтиши лозим эди, дейдиганлар ҳам албатта топилади. Ҳазрат Али бу гапларни айтганлиги ҳақиқат бўлса, демак у бу гапларни Биби Фотиманинг вафотидан ўттиз йиллар кейин айтган бўлса керак, чунки у бу давр орасида бир неча марта уйланган эди-да.
Куръони карим «нафс» (жон)ни фақат «ёмонликка ундагувчи» деб сифатлаш билан чегараланиб қолмайди. Унинг яна икки сурасида «нафс» тўғрисида сўз юритилган бўлиб, 75-суранинг 2-оятида у «нафси лаввома», яъни «ўз-ўзини айблагувчи, маломатгўй нафс», деб сифатланган ва 89-суранинг 27-оятида «нафси мутмаинна», яъни «тинчланган, хотиржам-сокин нафс», деб аталган. У худди шу ҳолатидагина «ором топиб ва оромлантириб» ўз хожасига қайтиши мумкин. Ушбу учта махсус босқичдан қатъий назар Қуръони каримда бу сўз қиймати эркиндир, яъни у кўпинча умумий маънода «ўзим»га тааллуқлидир. Юқорида тилга олинган оятлар сўфийларга нафсни енгиб ёки тарбиялаб, секин-аста сўфийликнинг энг юқори даражасига эришишларида ажойиб бир дастуриламал бўлган. Ахир Пайғамбар алайҳиссалом «бандаларнинг энг қаттол душмани нафсдир, унга қарши кураш энг улкан жиҳоддир», демаганмидилар? Диний қўлланмаларда «нафс» тушунчаси кишиларнинг ёмон ишларга ундовчи, паст кучларини ифодалаш учун ишлатилади. «Нафс»ни сабот ва матонат билан жиловлаш, қаттиққўллик билан тарбиялаш гўғрисида сўз юритилган сон-саноқсиз мажозий асарларни шундай тушуниш лозим. «Нафс» кўпгина кўринишларда зоҳир бўлади, улардан бири аёл сифатида намоён бўлишидир. Бироқ аёл кўринишида зоҳир бўлган нафс ақл-идрокка бўйсуниши, расо ақл эса нафсни жиловлаши ва уни тарбиялаши лозим. Кўпгина асарларда ва айниқса мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маснавийлар»ида ҳам «нафс» тўғрисида сўз юритилган. Ул зот нафсни инсоннинг онасига, ақлни эса инсоннинг отасига менгзар экан, эр-хотин ўртасида тез-тез бўлиб турадиган баҳсларни тасвирлаш орқали ўз фикрини ҳаққоний ифодалашга эришади. Унда айтилишича, меҳрибон она арзанда боласини бағридан чиқаришни истамагани учун, ҳатто мактабга ҳам жўнатгиси келмайди. Ота (ақл) эса фарзандининг яхши тарбия кўриши ҳамда камолот сари дадил боришини кўзлаб, жиддий ва қаттиққўллик билан таълим-тарбия бериладиган мактабга жўнатиш пайидан бўлади.
Нафс (жон), яъни «ёмонликка ундагувчи нафс» баъзан инсоннинг тарбиячи онаси сифатида ҳам намоён бўлиши мумкин. Бунда у «нафси лаввома», яъни «ўз-ўзини айблагувчи, маломаттўй нафс» даражаси томон элтгувчи йўлда бўлган ҳолатда кўрсатилади. «Нафс» (аёл) маъшуқнинг севгиси чинакам эмасдек туюлса-да, секин-аста ўзини унга бахшида эта боради. «Маснавий» (Мас. 1.36 — 245) даги биринчи ривоятда мавлоно Румий ишқ дардига гирифтор бўлган бир қул канизак ҳақида сўз юритади. Бу ривоят «ёмонликка ундагувчи нафс»нинг «дунё»дан бегоналашиши, узоқлашишига мажоз сифатида қаралиши мумкин. Табибнинг аниқлашича, қиз бир заргарга ошиқ бўлиб қолган. Заргар йўлдан оздиргувчи моддий дунё тимсолидир. Табиб қизнинг севгисига номуносиб заргар сиймосини изчиллик билан қизнинг хаёлидан чиқариш орқали уни даволайди. Ниҳоят, қиз заргарни бутунлай қалбидан чиқариб ташлайди ва назар-эътиборини муҳаббатнинг ҳақиқий мақсади бўлмиш қиролга қаратади. Мистик ҳикоялар ва достонларнинг карийб барча қаҳрамонлари (аёллар) аслини олганда нафс тимсолларидир.
Уларнинг олдидаги ягона йўл, имконият мана шундай таққослаш орқали ифода этилади, яъни аёл паст, «нафси аммора» (ёмонликка ундагувчи нафс) даражасидан ўсиб, чинакам «эркак» (инсон) даражасига, «нафси мутмаинна», яъни «тинчланган, хотиржам-сокин нафс» даражасига етиб, ўз мақсадига эришиши тасвирланади. Билқийс ва Зулайҳолар Ислом оламининг классик адабиётида жўшиб куйланганлигининг сабаби ҳам худди ана шундадир. Зеро, уларнинг кечинмалари ошиқларнинг Ҳиндистондаги исломий ишқий достонларда мадҳ этилган кечинмаларига айнан ўхшашдир. Худонинг «эркаклари», яъни ўзини фақат Аллоҳнинг ишқига бахшида этган эркаклар ҳар бир аёлда «нафси аммора» тажассумини кўриб, улардан нафратланганликлари каби, бу «дунё»га ҳам жирканиб қарайдилар, чунки араб тили грамматикаси бўйича «дунё» сўзи ҳам женский родга мансубдир, шу сабабдан у ҳам кўпгина ҳолларда «аёл» деб қабул қилинади.
Сўфийлар ҳам худди ўрта асрлардаги европалик насроний ёзувчилар сингари дунёни «Дунё хоним», деб аташган, зеро асл кўриниши кўнгилни айнитадиган бу кекса таъвия юзаки гўзаллиги ила каллаварам эркакларнинг фикрини ўзига жалб этади. Уларни йўлдан уриб, ўз мақсадига эришгач эса уларни ямламай ютиб юборади ёки уларга ўзининг яра-чақаларида қуртлар ғужғон ўйнаётган яғринини ёхуд бад-башара, қорайиб, кўкариб кетган сонларини ялонғочлаб кўрсатиб, уларни масхара қилади. Ўрта асрлардан қолган матнларда бунақа тасвир-тасаввурлар тўлиб-тошиб ётибди, аммо уларни кимдир ҳазиллашиб, кулгу учун ёзган деб бўлмайди. «Бу мункиллаган кекса таъвия ким? Кўриниши кўзни оғритадиган, иштаҳани бўғадиган, териси пиёзнинг пўстидек қат-қат бўлиб кетган, саримсоқ пиёздек бадбўй ҳид таратаётган тилёғма бир кампир!» (Девон. 2776).
Мавлоно Румий «Дунё хонимни» мана шундай тасвирлайди. Ўз «Маснавийлар»ининг олтинчи китобида эса мавлоно бу шум кампирнинг, бу қари алвастининг қилмишларини қуйидагича ифода этади: Бу жодугар кампир юзидаги ажинларни йўқотиш учун, эркакларнинг нигоҳини ўзига жалб этиш учун, гўзал кўриниш учун ўта юқори дид билан ишланган Қуръони карим саҳифаларини йиртиб юзидаги ажинлар устига елимлайди. (Маълумки, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломи бўлиб, кишилар унга нисбатан жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари, йиртиш тугул, ўқишдан аввал таҳорат олишлари лозим. Қуръонни йиртиш, уни оёқости қилиш энг улкан гуноҳлардан биридир. (Мас. VI жилд. 1222-1236, 1268-1282).
19-асрда яшаб, ижод қилган Панжоблик сўфий шоирлардан бири бу «алдамчи дунё»ни «бангалам»га, яъни «Бенгалия алвастисига» менгзаб тасвирлайди. Айтишларича, бу алвасти ўзининг сеҳрли найини чалиб, одамларни чалғитар, турли бемаъни хатти-ҳаракатларни содир этишга ундар экан. Кўпгина ҳолларда эса сўфий ўзининг руҳоний куч-қудратини ишга солиб, 6у кекса таъвияни ўзига бўйсундирар, хизмат қилдира оларкан, зеро Аллоҳ таолога бўйсунган зотга барча нарсалар, шу жумладан дунё ҳам бўйсунар экан. Аммо барибир Яҳьё ибн Муаднинг (вафоти 871 йил) гапларини доимо ёдда тутмоқ лозим: «Дунё кишиси дунёни худди ёш келинчак сингари ясантиради. Сўфий эса унинг юзига қора ранг чаплаб, сочларини юлади. Ягона Аллоҳни севгувчи зот эса буларнинг биронтасига эътибор бермайди». Зеро, агар киши унга (дунёга) қарши озми-кўпми курашса, демак унинг бу ҳолати дунёга озми-кўпми қизиққанидан далолат беради. Бу эса ҳақиқий диний йўлдан, асосий мақсаддан маълум маънода четга чиқишдир.
«Дунё хоним» мавзуси кўпинча «жон» билан ўта аниқ боғлиқликда қўлланилади. Сарлочинга ўхшаш покиза жон бир кекса шум кампир қўлига банди бўлиб тушиб қолади. Жоннинг бу моддий дунёга сургун қилиниши тўғрисидаги афсонани форс шоирлари кўпинча шу воқеа орқали тасвирлашади, зеро лочин билан ов қилиш Ўрта Осиёда ҳозирги қунларда ҳам энг севимли спорт турларидан бири ҳисобланади. Кампир лочинни доимо қафасда сақлайди ва унинг кўзларини боғлаб қўяди ёки бошига кўзларини ҳам ёпиб турадиган қалпоқча кийгизиб қўяди. Натижада қуш эркин, озод юрган дамларини, туғилиб ўсган Ватанини, уни қўлига қўндириб ов қилишга ўргатган шаҳзодани бутунлай унутиб юборади. Бадиий тасвир устаси Суҳравардий бу мажозни насрда баён қилган (вафоти 1191 йил).
Ўз асарларида қушлар мавзусини усталик билан ишлатган мавлоно Румий эса «Маснавийлар»нинг бир бўлимини шум кампир қўлига банди бўлиб тушиб қолган «жон-лочин» чеккан дарду изтиробларни тасвирлашга бағишлаган. Кампир қушни ўз идеаллари, ўз онгу тушунчаси бўйича тарбияламоқчи бўлади. Қушнинг тирноқлари ва қанотларини кесиб қўяди, уни бутунлай унга ёқмайдиган, у емайдиган овқатлар билан боқмоқчи бўлади. Бир куни кампир қушнинг олдига бир коса макарон шўрва қўяди. Лочин уни ичмагач, жаҳли чиққан кампир буғи чиқиб турган шўрвани лочиннинг бошидан қуйиб юборади.
«Мияси айниган алвасти кампир
Лочин овқатимни менсимади, дер»,
деб ёзади мавлоно. Зеро, бу «дунё хоним» жон қушининг қандай таомларга муҳтож эканлигини қаердан билсин? Аёлликнинг бунақа салбий сувратлари Будда таълимотида ҳам, насронийларнинг диний таълимотида ҳам умуман сўфиёна руҳдаги барча диний оқимларда учраб туради. Сўфийларнинг «шабва»дан, яъни шаҳвоний истак, хоҳишдан қўрқиши «аёллар ҳаёт илдизига болта ургувчилардир», деган тасаввурларнинг пайдо бўлишига олиб келган. Бу эса илк сўфийлар орасида уйланмасдан, бўйдоқ ҳаёт кечириш, дунёдан тоқ ўтишга интилиш ҳолатини келтириб чиқарган. Яхшиям Расулуллоҳнинг «Уйланинглар!» деган суннати ва Қуръони каримнинг уйланиш хусусидаги кўрсатмалари бор экан, акс ҳолда қанчадан қанча сўфийлар дунёдан тоқ ўтиб кетган бўлурдилар. Кўплаб ривоятларда сўфийларнинг Муҳаммад алайҳиссаломни тушларида кўрганликлари тўғрисида сўз юритилади. Пайғамбар уларга «Мендан ўрнак олинглар, уйланиб бола-чақа кўринглар, қавмимизнинг чинакам аъзоларига айланинглар»!, деб панд-насиҳат қилган эканлар. Шундан сўнг кўпгина сўфийлар бу талабга «лаббай», деб жавоб қилган, яъни уйланиб, бола-чақа кўришган.
Аммо сўфийларнинг умумий ҳолати қуйида Иброҳим ибн Адҳамдан (777 йилда вафот этган) деб ривоят қилинган жумлаларда ўз аксини топганга ўхшайди: «Агар бирор киши уйланса, демак у бир кемага чиққан ҳамда фарзанд кўрса, унинг кемаси ҳалокатга учраган, деб ҳисобланади». Ҳатто улкан сўфийлардан бири, оиласи билан фаровон турмуш кечирган мавлоно, Румий ҳам ўзининг насрий асари «Фиҳи мо фиҳи», яъни «Борлиқ ва Бирлик хусусинда» асарида (17-боб), оила қуриб яшаш тўғрисида бирмунча салбий фикр билдирган: «Эркаклар аёлларнинг аҳмоқона валдирашларини сабр-тоқат билан тинглаб, ўзларини тарбиялашлари лозим. Аёллар шу мақсадда яратилган. Эркакларнинг кир бўлган баданларини покизалашларида аёллар сочиқ вазифасини ўтайдилар.
Оилавий ҳаётнинг тинимсиз курашларида енгиб чиқиш ва тўхтовсиз равишда аёлларнинг қаршилигини синдириш кучли шахсларнинг ишидир. Бу ишларни эплолмайдиган кишилар Исо алайҳиссалом йўлини, яъни дунёдан тоқ ва беватан ўтиш йўлини танлашлари лозим». Бундан ташқари мавлоно Румий сўфий оилалар ҳаётидан яна кўпгина мисоллар келтиради. (Эр-хотин диний ҳаётга бир хилда қизиқса ва хотин ҳам «Худонинг дўстларидан» бири ҳисобланса, демак бундай оила бизнинг фикри ожизимизча жуда ширин турмуш кечириши керак). Аммо мавлононинг «Маснавийлар»ида (Мас. VI. 2044 фф) бунинг бутунлай тескариси тасвирланган. Румийнинг ёзишича, муридлардан бири бир куни улкан шайх Қарағонийни (вафоти 1034 йил) зиёрат қилмоқчи бўлади. Аммо шайхнинг хотини «ўзининг оилага заррача фойдаси тегмайдиган, эси кирди-чиқди бўлиб қолган эри» тўғрисида шунчалар бемаза гапларни айтади-ки, муриднинг ҳафсаласи пир бўлиб, шайхни зиёрат қилишдан айнийди ва ўрмон оралаб уйига йўл олади. Аммо ногаҳонда ўрмонда улкан бир шерни миниб, қўлида йўғон ола-чипор илонни қамчи ўрнида ишлатиб юрган шайхга дуч келади. Ҳайратдан тили калимага келмай, донг қотиб қолган муридни кўрган шайх унга яқин келиб тушунтиради: «Кўряпсанми, азизим, уйланганимдан бери оғзи бир очилса ёпилмайдиган вайсақи хотинимнинг аҳмоқона валдирашларига, нози-истиғноларига бардош бериб келаётганлигим сабабли Аллоҳим шу қонхўр йиртқич ва мана бу заҳарли илонни измимга бўйсундириб қўйди». Оилавий ҳаётни баъзи бир сўфийлар дўзахнинг ҳиди, маза-матраси ёки у ерда бериладиган азобларнинг бу дунёдаги бир қисми, деб ҳисоблаганлар.
Араб сўфийларидан бири, 748 йилда вафот этган Малик ибн Динорнинг ёзишича, Юсуф исмли бир киши дўзахда киши қандай азобларга дучор бўлиши мумкинлигини билмоқчи бўлибди. Шунда одамлар унга маълум бир аёлга уйланишни маслаҳат беришибди. «Фалончининг қизига уйланиб, сабр-тоқат билан яшасанг, дўзахда бериладиган энг даҳшатли азоблар сен учун роҳат-фароғат бўлиб туюлади. Ўшанга уйлан!» Ха, Малик ибн Динор «киши ўзини бутунлай Аллоҳ йўлига бағишлаши учун хотинидан ажрашиши лозим», деган хулосага келади. Унинг асарларидан бирида шундай ёзувлар бор: «Аллоҳ бандасига яхшиликни раво кўрса, у кишининг хотини вафот этади. Шу йўл билан бандага ўзини Аллоҳнинг ҳамду саносига бағишлаш имконияти яратиб берилади». Аммо ўтакетган сержаҳл, жаложин аёллар ҳам эрнинг каромати, яъни эрнинг ҳар қандай ҳолатда сабр-тоқат билан хотинига яхши муносабатда бўлганлигидан ҳақ йўлга ўтиши мумкин. Никоҳдаги хотин тўғрисида юқорида айтилган шунча салбий фикрлардан кейин Дехлилик сўфий Мир Дарднинг (вафоти 1785 йил) гапларини ўқиган кишининг қалби, албатта, олам-олам қувончга тўлади: «Мен хотиним ва болаларимни жон-жонимдан яхши кўраман. Бутун борлиғим уларнинг муҳаббатига лиммо-лим. Бу муҳаббат қандайдир ғайриодатий кучлар таъсиридами ёки ўзимнинг соф инсоний туйғуларим асосида пайдо бўлганми, билмайман. Эҳтимол у чинакам илоҳий ишқ ёхуд хотиним сиймосида илоҳий қудратнинг меҳрибонлик кўринишида зуҳур бўлганлиги учун пайдо бўлгандир… Худо билади…»
Бу ерда Мир Дард бир томон-у, ҳатто ўзининг болаларини ўпишни, уларнинг бошини сийпалаб қўйишни ҳам катта гуноҳ деб ҳисоблайдиган қаттиққўл, бағритош сўфийлар бир томон. Бундай сўфийларнинг фикрича, юқорида тасвирланган ҳолат сўфийни бутун фикру зикрини Аллоҳга қаратишдан чалғитар эмиш. Бундай сўфийларни мавлоно Румий қуйидагича тасвирлайди: «Болаларининг ўлими улар учун ширин шарбатдир». (Насроний авлиёлари орасида ҳам шундай зотлар бўлган. Шулар қаторига масалан, Генуялик Катаринани киритиш мумкин).
Шунга қарамасдан, Ислом дини нозил этилган илк даврлардаёқ Заҳл ат-Тустарий (вафоти 896 йил) оилавий муҳаббатнинг муҳимлигига алоҳида урғу берган: «Хотинингни севишинг, агар бу севгида яхшилик ва мулойимлик мужассам бўлса, Аллоҳга бўлган муҳаббатингдан воз кечишингни талаб этмайди». Эр хотинига берган ҳар бир луқма таом учун самовий мукофотларга сазовор бўлади. Захико Мурата ўзининг серизоҳ ва сермазмун мақоласида кўрсатиб ўтганидек, бунақа фикрлар Ибн Арабийдан бироз кейинроқ яшаб ижод қилган сўфийлар томонидан ҳам олға сурилган. Ҳар ҳолда фақат жуда камчилик бандаларгина оилавий хаётнинг барча сир-синоатларини худди Пайғамбар алайҳиссалом сингари амалга ошира оладилар, ҳамда жинсий қўшилиш чоғида ўзларини илоҳиёт қаърига шўнғигандек ҳис эта оладилар. (Зеро, жинсий қўшилишдан олинадиган ҳузур-ҳаловат ҳам илоҳий бир неъматдир).
Аёл кишининг бироз нотўлақонлиги тўғрисидаги тасаввурлар (бу ҳол Ўрта асрлардаги насронийларнинг диний таълимотида ҳам маълум ва машҳур бўлган), яъни аёлларнинг «ақл ва заковатда ҳамда динда номукаммаллиги» халқона исломий анъаналарда Момо Ҳаввога тақаб изоҳланади. Аммо бунақа тасаввурлар Қуръони каримга бутунлай ётдир.
«Пайғамбарлар тарихи» асарида эса юқорида айтилган фикрлар мавжуд. Тўғри, аёллар ўзларининг нопокизалик даврида, яъни ҳайз кўрган даврида Қуръони каримни қўлга олишлари, ўқишлари мумкин эмас, чунки Қуръони каримнинг 56-сура, 79-оятида «Уни фақат таҳоратли, пок кишиларгина қўлга олишлари ва ўқишлари мумкин, бўлак кишилар ушлашга ҳам ҳақли эмаслар», деб буюрилган. Аммо мавлоно Румийнинг ёзишича, Аллоҳ таоло ҳайз кўраётган аёлларнинг ҳам дуоларини қабул қиларкан. (Мас. II жилд. 1798 — 99). Қуръони каримда аёлларнинг зиммасига ҳам эркаклар зиммасига юклатилган барча диний мажбуриятлар юклатилган. Аммо шунга қарамасдан, аёлларга қандайдир пасткаш, хавфлик шахс деб қараш ғоялари шунга олиб келди-ки, ўзини бутунлай Аллоҳ йўлига бахшида этган зотларгина «эркак» деб ҳисобланадиган бўлди. Бу ҳол 13-асрда Шарқий Ҳиндистонда тилдан тилга кўчиб юрган арабий ҳикматли сўзда яққол ифодаланган: «Толиб ал-маула мудаккар…, яъни Аллоҳ таоло висолига интилган киши эркакдир, нариги дунёга интилган шахс сусткаш хунасадир ва бу дунёни танлаганлар аёллардир». Сўфийлар «эркак» ғоясини эл-юрт орасида ана шундай йўллар билан ёйганлар.
13-асрда яшаб ижод қилган Марокашлик сўфий ат-Тадимий ўзининг араб тилидаги асарини «Ат-ташаввуф фи риджал ат-тасаввуф», яъни «Тасаввуфда эркаклар тасвири» деб номлаган. Ўша даврда яратилган кўпгина матнларнинг шундай номланиши типик ҳолга айланиб қолган эди. Аммо «раджул», яъни “эркак” тушунчасидан кўра барча ижобий хусусиятларга эга бўлган ёш, баҳодир йигитларга нисбат бериб айтиладиган «фато» тушунчаси муҳимроқдир. Қуръони каримнинг 21-сура, 60-оятида Иброҳим алайҳиссалом «фато» деб аталган. 18-суранинг, яъни «Ал-Қаҳф» сурасининг 10-оятида эса ғорда 309 йил ухлатиб қўйилган йигитлар ҳам «фато» деб аталган. Ҳадисларда эса фақат Али ибн Абу Толибнинг «фато» эканлиги айтилади. Қуродлар ва идишлардаги минглаб битиклар ҳам шундан далолат беради.
Ударда «ло фато илло Али, ло сайфи илло Зулфиқор», яъни «Хазрат Алидан бўлак фато ҳамда унинг Зулфиқоридан (қиличидан) бўлак қилич йўқ», деб битилган.
Турк тилида эркакни «эр», деб аташади, форс шеъриятида эса чинакам эркак «мард», деб мадҳ этилади. Улкан исмоилий шоир ва файласуф Носир Хусравнинг (вафоти 1072 йил) фақат Пайғамбар алайҳиссаломни эркак деб ҳисоблагани, қолган барча бандаларни у «аёллар», деб атаганини ҳам тушуниш мумкин. Аммо сўфийлар ўзини Аллоҳ йўлига бахшида этиб, фақат Аллоҳнинг васлига интилиб яшаган аёлларни хам аёл эмас, балки эркак деб атаганлар. Улар биринчи навбатда Робийа ал-Адавиййани худди шундай зот ҳисоблаганлар. Ҳиндистондаги Чиштийа жамоаси вакиллари ўзининг ўта художўйлиги ва улкан руҳий қобилиятлари ила бошқалардан ажралиб турган Индарпатлик Фотимани «аёл гавдасида ерга жўнатилган эркак», деб тасвирлашганлари учун ўша ерларда ҳам худди шундай тасаввурлар мавжуд бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Низомиддин Авлиё ҳам (вафоти 1325 йил) худди шундай анъаналарга асосланиб, авлиёлардан мадад, дуо илтижо қилаётган дарвешларга қарата «аввал авлиёсифат аёлларга мурожаат қилинглар, чунки бундай зотлар жуда кам бўлади», деб насиҳат қилган.
Ибн Арабийнинг фикрича, «агар киши ақл-идрок ва заковат ҳамда руҳий бошқарув орқали покланиб, табиий ва ҳирсий зулматларни ортда қолдиролсагина, унинг «руджулияси», яъни эркаклиги такомилга етади. Аллоҳ таоло томон элтадиган сўқмоқ йўл талаблари даражасига етолмаган эркаклар эса аёллардан ҳам ёмонроқ ва пастроқ ҳисобланади». Бундай тасаввурлар Ҳиндистон, Эрон ва Туркиядаги кўплаб сўфий анъаналарга ҳосдир. Мавлоно Фаридуддин Аттор ўзининг “Мусибатнома”сида айтганидек:
“Ким севги дардига ҳомиладормас,
У эркак аёлдир, ҳеч эркак эмас”.
Бу мисраларда мавлоно форс шеъриятида одат тусига кириб қолган «мард» (эркак) ва «дард» (оғриқ) қофиядош сўзларини жуда усталик билан ишлатган, Баъзи бир сохта «авлиёлар» ўзлари кўрсатган мўъжизалар билан мақтана бошлаганларида чинакам тақводор зотлар уларга қарата «мўъжиза кўрсатиш эркакларнинг ҳайз кўришидир», деб кулиб қўядилар. Зеро, ўзлари кўрсатган мўъжизаларидан мағрурланиб кетган сўфийлар нопокликлари (ҳайз кўрганликлари) туфайли ибодат қила олмай ва шу сабабдан Аллоҳга яқин бўлиш имкониятидан маҳрум бўлган аёллар даражасига тушиб қоладилар. Чинакам мусулмонлар эса Аллохга нисбатан бўлган муҳаббатда эркак билан аёлни бир-биридан фарқламайдилар, яъни «эркаклар Аллоҳни кўпроқ севадилар, аёллар эса камроқ ёки аксинча» қабилидаги тушунчалар чинакам мусулмонлар учун бутунлай ётдир. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган форс мақолини ўқиб бунга яққол амин бўласиз:
“Аёл эмас ҳар бир аёл
Ҳар эркак эркакми денг.
Зеро, Худо беш бармоқни
Яратганмас қилиб тенг”.
Турк сўфийлари ҳам бу ҳолатни бир мақол орқали ифодалаганлар: «Еркек арслан да арслан, дизи арслан арслан дегилму?» (Эркак шер шер-у, урғочи шер шер эмасми?) Бу ибора (мақол) 1300 йилларда ҳинд сўфийлари орасида жуда кенг тарқалган эди. Низомиддин Авлиё художўй аёллар тўғрисида гапира туриб шундай деган экан: «Бир арслон чангалзорлардан чиқиб, қишлоққа оралаб қолса, ҳеч кимса «бу эркак арслонми ёки урғочими?» деб сўрамайди. Уни қишлоқдан ҳайдаб чиқариш ёки ўлдириш пайидан бўлади. Худди шундай, Одам Атонинг барча болалари, эркак ёки аёллигидан қатъи-назар, тақводорликка ва Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирилганлар». Ибн Арабий ўзининг «Футу-ҳат ал-маккийа», яъни «Маккадаги кашфиётлар» асарида шундай ёзади:
«Қуйида биз «эркак» номи остида тилга олган бандалар орасида албатта аёллар ҳам мавжуддир». Мавлоно Румийнинг нўхат тўғрисидаги маснавийларидан (Мас. IV. 4158 фф) маълум бўлишича, аёл киши сўфийлик сўқмоғидан кетаётган эркак кишиларга муаллималик ҳам қилиши мумкин. Маснавийларда айтилишича, бир аёл (уй бекаси) нўхатга “вафот эт ва қайтадан тирил!” деган сўзларнинг маъносини тушунтириб беради. Мавлоно Жомий эса Робиййани жинсий фарқлардан юқори турадиган зот сифатида тасвирлайди. Авлиёларнинг таржимаи ҳоллари битилган «Нафоҳат ал-унс» асарида у шундай деб ёзади:
«Барча аёллар биз тилга олиб ўтган аёллар каби бўлганларида эди эркакларга қараганда анча устунроқ бўлган бўлурдилар. Зеро, «қуёш» сўзининг женский родга мансублиги унга заррача зарар келтирмайди. Ойнинг мужской родга мансублиги унга бўлган ҳурмат-эътиборни оширмайди».
Мавлоно Жомий худди шундай ўхшатишни пул, мол-мулк ва оилавий бахт-саодатдан воз кечиб, ўзини Аллоҳ йўлига бахшида этган бир тақводор аёлни тасвирлашда ҳам усталик билан ишлатади. У ўзининг «Субҳат ал-аброр» асарида «Мозулда эркаклардан афзалроқ бир аёл, бир арслон бор, у тулкиларнинг ўзини алдаб кетишига сираям йўл қўймайди», деб ёзади. Ўзининг «Силсилат аз-заҳоб» эпосида эса у жинсий фарқланишдан анча юқори турган бир тақводор аёлни ўта нозик дид билан гўзал услубда тасвирлашга эришган. Эпосда у мисрлик сўфий аёлнинг қаҳрамонлигини алоҳида бир муҳаббат билан куйлайди. Бир мунча вақт илгари у бу аёлни Йафиийнинг маълумотларига асосланиб, ўзининг «Авлиёларнинг таржимаи ҳоллари» асарида қисқача тилга олиб ўтганди. Асарда тасвирланишича, бу аёл кўп йиллар давомида жойидан жилмай, ибодат билан машғул бўлади:
Дарахтдек жойидан жилмай, ўттиз йил
Бу аёл ибодат қилди муттасил.
Қушчалар ин қурди унинг бошида,
Илон кулча бўлиб ётди қошида.
Ёмғирлар сочини ювиб ўтишди,
Сўнгра шаббодалар тараб кетишди.
Қуёшнинг тафтидан куйганда осмон
Булутлар асради бўлиб соябон.
Ейишни, ичишни унутди оғзи.
У фаришта, дуо унинг озиғи.
Атрофин чигиртка, чумоли тутди,
Йиртқичлар бир ҳидлаб, тегинмай ўтди.
Ўртада турди у тош устунсимон,
Тоат-ибодат-ла бўлиб андармон.
Тирик, ўликлиги билинмай ҳаргиз,
Биру Бор ҳуснига тикканича кўз.
Руҳи ишқ мавжида қалқиб сарафроз,
Этсада, тўхтатмай ибодатларин,
Жон қулоғи-ла тинглар ишқ оятларин.
«Аёл» деб камситма уни, беҳиммат,
Юз эркакдан унинг бир туки қиммат.
Зеро, «эркак» ва «аёл» тушунчалари «чанг, зарра» формалари, кўринишлари билан боғлиқдир, жоннинг эса бунақа кўринишларга, формаларга умуман алоқаси йўқ. Эркак билан аёл Аллоҳ таолога қайтарилганда, латиф танларидан бўлак ўз шахсий таналари бўлмайди. Буни Фаридуддин Аттордек улкан сўфий ҳам ўзининг «Авлиёларнинг таржимаи ҳоллари» асарида тан олади. Шу сабабдан ҳазрат Жомий ўзининг мисрлик исмсиз сўфий аёлга бағишлаб ёзган қасидасини «Бирлик оламида, яъни бандалар Аллохга қайтарилганда эркак билан аёл ўртасида қандайдир фарқлар бўлишидан Аллоҳнинг ўзи асрасин», деган дуо билан якунлайди. Бу дуо эса фикримча, ҳар бир чинакам мўмин-мусулмон томонидан қўллаб-қувватланиши лозим.
МОМОЛАР
Гарчи бу серхатар, жирканч ва бевафо дунё кўпгина манбаларда «Момо» (кекса кампир) тарзида тасвирланса-да, исломий анъаналарда «момо» (мискин бева) сиймоси тўлиқ ижобий мазмунга эга. Мусулмончиликда ота-онани эъзозлаш, етим-есирлар ва камбағаллар учун жон куйдириш сингари Қуръоний кўрсатмалар (2:215) ҳамда анъанавий тарзда кекса кишиларни ҳурмат килиш одатларидан келиб чиқиб, момоларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Ушбу китобнинг бобларидан бирида биз мункайган, юзларини ажин босган бир момонинг Пайғамбар алайҳиссалом билан қилган мулоқоти тўғрисидаги ривоятни мисол қилиб келтиргандик.
Унда айтилишича: «момо Пайғамбардан сўрайди:
— Ҳазрат, айтинг-чи, мен каби мункайган, юзларини ажин босган, кўзлари йиринглашган кампирлар ҳам жаннатга киритиладими?
— Йўқ, — бош чайқади Муҳаммад алайҳиссалом.
Кампирнинг руҳи тушиб, чуқур оҳ тортди. Эгик қадди баттар мункайди.
Шунда Расулуллоҳ жилмайиб дедилар:
— Йўқ, сиз каби мункайган, юзларини ажин босган, кўзлари йиринглашган кампирлар жаннатга киритилмайдилар. Улар аввал гулдек яшнаган қиз ҳолатига қайтарилиб, сўнгра жаннатга киритиладилар».
Нозил этилган барча ҳақиқатларнинг соддадил момолар томонидан гап-сўзсиз қабул қилиниши бора-бора «қабила момоларининг иймонига» айланган ҳамда улар ақидапараст дин олимлари ва файласуфларнинг устамонлик билан қилни қирқ ёрувчи далил-исботларига қарама-қарши қўйилган. Тўғри, бу ҳол айниқса ҳозирги кунларда замонга мослаша олмай, эскилик сарқитларига ёпишиб олган ҳамда ўзларннинг бўлмағур уйдирмалари ила чинакам тараққиётга тўсқинлик қилаётган анъанавий доиралар нуқтаи назарини англатиши мумкин, аммо биз бу фикрларни кейинчалик таҳлил этишга уриниб кўрамиз. Қисаийнинг «Пайғамбарлар тарихи» китобида Иброҳим алайҳиссаломдан бут (санам) сотиб олиш учун келган бир момо тўғрисида ривоят бор. Отаси ясаган бутларни парчалаб ташлаган Иброҳим алайҳиссалом момога Худонинг Биру Борлигидан хабар беради ва фақат Унга сиғиниш лозимлигини уқтиради. Момо ҳам Аллоҳнинг ягоналигига иймон келтиради. Буни эшитган қонхўр шоҳ Намруд момонинг қўл-оёқларини чоптириб ташлайди. Бироқ, мўъжизани кўрингки, иймони бутун бўлганлиги учун Аллоҳнинг иродаси ила момо ҳеч нарса кўрмагандек, бутунлай тузалиб кетади.
Сўфизм адабиётида «момо» ёки «мискин бева» сиймоси жуда эрта пайдо бўлган. Мисрлик сўфий Зуннун (вафоти 859 йил) камбағал ва нотаниш кишиларни, айниқса, момоларни илоҳий доноликдан улушдор кишилар сифатида тасвирлайди: «Йўлда бир момо мендан: «Кимсан?», — деб сўради.
— Мен бир бегонаман, — дедим мен.
— Болам, барчамиз бир Аллоҳнинг бандаларимиз, шундоқ экан, орамизда бегона борми? — деди момо».
Шофиий (вафоти 1367 йил) илк таниқли сўфийлардан бири бўлмиш Абдул Воҳид ибн Саиддан шундай ривоят қилади:
«Бу зот (ибн Саид) Қуддус шаҳрига бораётганида йўлда унга бир момо ҳамроҳ бўлибди ҳамда унга шундай таълим берибди:
— Уни (Аллоҳни) таниган киши канақасига бегона бўлсин. Менинг йўлим билувчилар йўлидир. Сўфий пиёда юрувчидир, билувчи эса учувчидир».
Мисрлик суфий Зуннун шундай ривоят қилади: «Бир куни мен бир момодан сўрадим:
— Ишқнинг охири недур?
— Ишқнинг охири йўқдир, — жавоб қилди момо.
— Нега?
— Шуни ҳам билмайсанми, хомкалла, чувки маъшуқнинг охири, йўқ-да». Кўриниб турибдики, бу ерда момо ишқнинг сирини биладиган зот сифатида тасвирланмокда. Зеро, Ал-Кабир ва Ал-Боқий сифатли Аллоҳ таолонинг чеки-чегараси бўлмаганлиги ҳамда Унинг ёлғиз Ўзи Ал-Аввалу Ал-Охир бўлганлиги учун сўфийнинг Унга муҳаббати (ишқи) ҳам чексиз-чегарасиздир.
Сўфиёна ишқий шеъриятнинг бутун моҳияти бу ерда биргина гап орқали аниқ-равшан баён этилган. Ибн Арабий ёшлигида Севилла шаҳрида учратган буюк момолар шундай ғаройиб, доно ва донгдор сиймолар тажассумидир. Сўфизм адабиётида мискин бевалар қилган ҳадя-эҳсонлар, уларнинг қанчалар юксак қадр-қимматга эга эканликлари тўғрисида ҳам ривоятлар бор.
Айтишларича, машҳур Суҳравардия тариқати асосчиси, Абу Ҳафиз Умар ас-Суҳравардий ҳазратлари (вафоти 1234 йил) ҳаж сафаридан қайтаётганларида одамлар унга кўплаб совға-саломлар беришади. Уйга қайтгач, у совғаларни муридларига тарқатиб беради, аммо йўлда мункиллаган бир момо берган сариқ мис чақани ўзида қолдириб, доимо кўз қорачиғидек асраб-авайлаб юради.
Бошқа бир ривоятда айтилишича, кекса бир момо худди бир вақтлар Робийа ал-Адавиййа қилгани сингари қўлини бир чўзиб, ҳаводан пул йиғиштириб оларкан. Тарихий момолар ишқ азоби (оғриғи)нинг ҳам нималигини яхши билишган. Шайх Фаридуддин Атторнинг ёзишича, одамлар Мансур Ҳалложни тошбўрон қилишаётганда, томошабинлар орасида турган бир момо шундай деб қичқирган: «— Қаттиқроқ уринглар! Қаттиқроқ уринглар! Аллоҳни севиб, у билан мулоқотда бўлиш қанчалар азоб эканлигини нотавон кўнгилли бу юнг титувчи бир билиб қўйсин!».
«Илоҳийнома» асарида эса Фаридуддин Аттор Аллоҳ ишқида лов-лов ёниб, адо бўлаёзган бир момонинг ажиб сиймосини яратган:
«Бозор қизғин эди Бағдодда, ногоҳ
Чанг-тўзон аралаш ўт кетди ҳар ён.
Атрофни чулғади чинқириқ, оҳ-воҳ,
Қайга бош уришин билмас оломон.
Шунда асо тутган, мункайган момо
Ёнғин томон қадам татлади бир-бир.
«Тўхтанг, жиннимисиз, қаёққа, оббо,
Ёниб кул бўлди-ку уйингиз, ахир».
«Сен ўзинг жиннисан, жим бўл, эсипаст,
Худойим уйимни ёндирмоқчимас».
Кампирнинг кулбаси қолди безиён.
Шунда сўрадилар: «Не сир бувижон,
Шунча уйлар ёнди, сизники омон?»
Деди: «Худо шундай имтиҳон этар,
Кимга мол, кимларга қасди жон этар.
Мен Унинг ишқида бор-йўқдан жудо,
Уйимни ёндириб не қилар Худо».
Мункайган момо ёки мискин бева сиймоси форс эпосларида адолат курашчиси сифатида ҳам тасвирланади. Абул Мажид Саноий ўзининг «Ҳадикат ал-ҳақиқа» асарида қуйидаги воқеани мисол қилиб келтирган: Бир мискин бева Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг олдига бориб, бешта турк аскари унинг узумзорини пайҳон этганидан шикоят қилади. Султон Маҳмуд аскарларни осишга ҳукм қилиб, адолатни севишини, камбағаллар ва момолар учун жон куйдиришга тайёрлигини исботлайди. Илёс Низомий (вафоти 1209 йил) ўзининг «Маҳзан ал-асрор» асарида худди шунга ўхшаш воқеани замон ва макон нуқтаи назаридан ўзига яқин бўлган салжуқий ҳукмдор Санжарга боғлаб ҳикоя қилади.
Мавлоно Абдураҳмон Жомий (вафоти 1492 йил) ҳам бу воқеани ўзининг «Силсилат аз-заҳоб» («Олтин занжир») асарида худди шу кўринишда мисол қилиб келтирган. Бу ҳикоятда ҳам арғумоқ отини йўрттириб келаётган мағрур ҳукмдор қўрқмасдан ўз қаршисига чиқиб, минг машаққатлар билан етиштирган узум ҳосилини ўмариб кетган аскарлар устидан шикоят қилиб келган момонинг довюраклигига қойил қолади ва:
«Берди унга олтин, узумзор боғ ҳам,
Токи фарзандлари узумга тўйсин»
Кўплаб Шарқ мўъжаз рангтасвирларида мункайган, ғамгин момо қўлида илтимоснома тутганча мағрур отлиқ қошида турганини кўрамиз. Сурат остидаги матнга эътибор берилмаса, бу миниатюраларда кексайиб қолган Зулайҳонинг юзларидан нур таралиб турган Юсуф алайҳиссалом қошида ўтинч-илтижо қилаётган ҳолати тасвирланган, деб ўйлаш мумкин. Бошқа баъзи бир манбаларда момолар огоҳлантирувчи шахс сифатида ҳам тасвирланади.
Шайх Фаридуддин Атторнинг «Илоҳийнома»сида айтилишича, Маҳмуд Ғазнавий тушида бир момони кўради. Момо уни ўлим чангалидан қутқариб қолади. Қарангки, бир кун олдин шоҳ йўлда шу момога дуч келиб, эътибор бермай ўтиб кетган экан. Шоҳ туш кўрган кунининг эртасига тахтида хомуш ўтирганида, момо ариза кўтариб унинг қабулига келади ва охир натижада кўпгина кишиларнинг халоскорига айланади. Асарда қудратли султон кўкларга кўтариб мақталгани билан бир қаторда эзилган, жабрдийда момо сиймоси ҳам марказий образ сифатида талқин этилганини осонгина пайқаш мумкин, чунки унинг дуолари ижобат бўлади.
Арабий арғумоқ кишнаб остида,
Зарбоф кийимлари нурда ялтираб,
Олтин юганларни тутиб дастида,
Кумуш узангига оёғин тираб,
Кeлар эди Султон черик бошида.
Учради йўлида мискин бир момо,
Дардлари намоён кўзин ёшида,
Қўлида асо-ю, илтимоснома.
Золимлар устидан ёзиб шикоят,
“Шоҳ арзим тинглар”, деб кутганди ғоят.
Шоҳ эса бермасдан унга эътибор,
Бепарво, отини йўрттириб ўтди.
Миқ этмай аёнлар ўтди бешумор,
Бу ҳолдан момога кўп озор етди.
Шу кеча туш кўрди, тушида Маҳмуд
Йиқилмиш серкўпик сув гирдобига.
Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, беҳуд,
Совуқ ўлим тутмиш гирибонидан.
Шунда пайдо бўлиб момо ногаҳон,
Султонга асони узатмиш дарҳол.
«Бу гирдоб сен учун тобут, бегумон,
Ҳассамдан тутгин-у, ундан чиқиб ол!»
Шаҳаншоҳ ҳассага ёпишмиш маҳкам,
Момо тортмиш уни қирғоққа аста.
Иймону эътиқод кучин этиб жам,
Шоҳни юлиб олмиш ўлим дастидан.
Даҳшатли тушидан паришонхаёл,
Минг чироқ ёқилса, ёришмай дили ,
Тонг чоғи шоҳ тахтга ўтирди алҳол,
Аёнлари билан тўлди ўнг-сўли.
Шу пайт кириб келди адолат излаб
Тушида кўринган момо саройга.
Кўз ёши шашқатор, бўтадек бўзлаб,
Ўхшарди букчайган қомати ёйга.
Шунда шоҳ ўрнидан сакраб туриб, момога пешвоз чиқди. Иззат-икром кўрсатиб қўлидан тутиб тахт томон етаклади. Момони тахтга ўтирғизиб, ўзи ҳам унинг ёнидан жой олиб, сарой аёнларига қарата шундай деди:
Шу кеча туш кўрдим, бир туш-ки, ёмон,
Бехос йиқилибман гирдобга тойиб.
Шу момо бўлмаса қолмасдим омон,
Бу момо ҳар қанча ҳурматга лойиқ.
Агар у ҳассасин узатмасайди,
Аниқ гап, мен чўкиб ўлган бўлардим.
Ўлимнинг чангали ёқамда эди.
Чангда қолган гулдек сўлган бўлардим.
Момонинг ҳассаси оддий ҳассамас,
Унга қўл теккизган қучади зафар.
Бир-бир ушлаб ўтинг, шунинг ўзи бас,
Қайтасиз жанглардан омон, музаффар.
Шунда аёнлару аскарлар момонинг ёнидан бир-бир ўтиб, ҳассасини тута бошладилар. Момо эса ҳассасини маҳкам ушлаганча, шоҳнинг ёнида мағрур ўтирар, ҳассаси эса худди Мусо алайҳиссаломнинг асоси сингари қўл теккизган кишига куч-қувват бахш этарди. Кунлар ўтган сайин, келувчилар сони ошиб, одамлар турнақатори чўзилгандан чўзилиб кетди. Буни кўрган шоҳ бир томондан момога бироз раҳми келиб, иккинчи томондан барчанинг тилида момо бўлиб қолгани учун бироз ҳасади қўзғаб, момога шунда мурожаат қилди:
Қўймадикми сизни чарчатиб, она?
Одамлар беҳисоб, сиз-чи ягона.
Дам олинг, чарчаган бўлсангиз бироз,
Бу юк сизга оғир, қилманг эътироз!
Шунда кампир деди жилмайиб: Шоҳим,
Наҳотки яхшилик қилиш гуноҳим?
Бу ишнинг менга ҳеч оғири йўқдир.
Чарчаган эмасман, кўнглингни тўқ қил.
То қазо келгунча олмагайман дам,
Шоҳим, «дам ол!» дейиш сенга ярашмас.
Фил каби Маҳмудни қутқарган одам,
Намлни қутқарса «вой белим» демас.
Момонинг тақводорлиги ҳамда иймони барча тўсиқлардан ва ҳаттоки ер юзидаги энг қудратли шоҳлардан ҳам кучлироқ эканлиги ушбу парчада яққол кўриниб турибди.
Ривоят қилишларича, Мисрда Юсуф алайҳиссаломни кимошди савдосига қўйишганларида, атрофда ҳозир бўлганлар юзларидан нур таралиб турган бу гўзал маҳбус йигитни қул қилиб сотиб олиш учун жуда кўп пул таклиф этишган. Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» китобида ёзилишича, кекса бир савдогар момо ҳам келиб, ўзини харидорлар тўдасига уради:
Қўлда йигирилган жун ип кўтариб,
Ўзини тўдага урди бир момо.
Одамларни у ён-бу ён итариб,
Қилди ўртадаги даллолга имо:
«Тинчимни йўқотдим интиқликда мен,
Келгин, шу йигитни менга сота қол.
Кўлини тутқазгин қўлимга секин,
Мана, эвазига ўн ғалтак ип ол!»
Даллол кулиб деди: «Бефаҳм кампир,
Нотавон кўнгилга қўтир жомашов.
Жун ипга алишар ким ҳам жавоҳир?
Менимча, эс-ҳушинг жойидамас-ов».
Момо дер: «Биламан, бу йигит ғилмон,
Унча-мунча бойлар сотиб ололмас.
Менга-чи, одамлар қолишиб ҳайрон,
Момо ҳам харидор бўлган, деса бас».
Шу йўл билан у ҳимматнинг, яъни интилувчининг чинакам тимсолига айланади, чунки у мақсадига етишолмаслигини аниқ билса-да, бурилиб кетмайди, ҳеч бўлмаганда шу мақсадга яқинроқ боришга ҳаракат қилади. Момонинг мақсадга етиш йўлидаги хатти-ҳаракатлари қораланиши мумкин, аммо унинг нияти пок, соф ниятдир. Шундан келиб чикиб, турк шоираси Ҳубба 1500-йилда ёзган қуйидаги ғазалида ахтарувчининг дуосини момонинг йигирилган жун ипларига таққослайди:
“Ҳар ким топганини этаркан таклиф.
Орзу-ниятига етиш-чун бир бор.
Момо берай девди ўн ғалтак жун ип,
Бозорда Юсуфга бўлиб харидор.
Мен сени менгзайман ўшал момога,
Юсуф дийдорига кашал момога».
Дуолари ҳеч қачон ижобат бўлмаслигини аниқ билган кишилар хам барибир умрининғ охиригача нималардандир умидвор бўлади, ниманидир орзиқиб кутади, зеро инсон умид билан тирикдир. Бизларни олий мақсадларга йўналтирувчи куч ҳам, излаш-ахтаришнинг асосий сири ҳам шу умид-ишончдадир. Юсуф алайҳиссаломга харидор бўлган момодек ўзини ўтга-чўққа уриб, Аллоҳ таоло васлига интилган ҳар бир жон Муқаддас Ҳаж сафари чоғида Каъбатуллоҳни зиёрат қилмайди, аксинча, Каъбатуллоҳ унинг атрофини айланиб зиёрат қилади. Шу маънода Заҳл ал-Тустарий (вафоти 896 йил) маккалик бир момодан шундай ривоят қилади: «Аллоҳ таолонинг жамолини кўриш ишқида ўзлигидан кечолган зотнинг атрофида Маккатуллоҳ айланиб зиёрат қилғай».
ДАВОМИ БОР
Basralik ozod etilgan qul ayol Robiya haqidagi rivoyatlar son-sanoqsiz, chunki Basra moziyda ko‘plab so‘fiylarning makoni bo‘lgan. 728 yilda vafot etgan mashhur taqvodor olim, so‘fiy Hasan al-Basriy to‘g‘risidagi rivoyatlarda ham Robiyaning nomi tilga olinadi. Islom olamining mashhur solnomachilari bu ayolning hayot yo‘lini aniq tasvirlab berishgan, chunki u insoniy barkamollikda «ko‘plab erkaklardan ustunroq bo‘lgan».
ANNEMARIE SHIMMEL
JONON MENING JONIMDA (2)
Olmon tilidan Yo’ldosh Parda tarjimasi
Mashhur olmon islomshunosi va sharqshunosi, filologiya fanlari doktori, professor Annemarie Shimmel xonim (nem. Annemarie Schimmel, 7.04.1922, Erfurt — 26.01. 2003, Bonn) Islom dini va sharq, sufizmining Yevropadagi eng yetuk mutaxassisidir. U 15 yoshidan boshlab arab tilini o’rgana boshlagan.
1939 yili Berlindagi Fridrix-Vil`gel`m universitetida (hozirgi — Gumbol`dt universiteti)data’lim olgan. 1946 yildan Marburg universitetining arabshunoslik va islomshunoslik professori. 1954 yili din tarixi yo’nalishida doktorlik ilmiy ishini yoqlagan. Ayni o’sha yildan 5 yil davomida Anqara universitetida dinlar tarixi professori bo’lib ishlagan. 1967—1992 yillar v Garvard universitetida faoliyat yuritgan. Shuningdek,Tehron, London, Edinburg ta’lim muassalari va ilmiy markazlarida ishlagan.
Amerika va Hindiston, Yevropa va Sharq mamlakatlaridagi olimlar olimaning nomini juda yaxshi biladilar, uning asarlariga hurmat bilan karaydilar va ko’pgina hollarda uni o’zlarining ustozi deb hisoblaydilar. Shimmel xonim umuman Islom dini va tasavvufga taalluqli mavzularda 120 tadan ortiq asar yaratgan. Olima juda ko’p davlatlar, shu jumladan O’zbekistonning oliy mukofotlari bilan taqdirlagan. «Jonon mening jonimda» asari xonimning eng go’zal, eng sara asarlaridan biridir.
SO’FIY AYOLLAR
Muhammad sallollohu alayhi vassallam dorilbaqoga rixlat qilganlaridan keyin hozirgi kunlargacha bo’lgan davr ichida Islom olamida xotin-qizlarning ahvoli xoh ijtimoiy, xoh siyosiy ma’noda bo’lsin sezilarli darajada chigallashgani, og’irlashgani hech kimga sir emas, ammo so’fizmda buning butunlay teskarisi. So’fizmda ayollar juda muhim o’rin tutishgan, ularning mavqei tobora oshib bormoqda.
So’fizm (taassuf), ya’ni islomiy mistika Payg’ambar alayhissalom vafotidan taxminan yuz yilcha keyin, 8-asr boshlarida vujuga kelib, rivojlana boshladi. Avval boshda u sof tarkidunyochilik (zohidlik) harakati bo’lib, musulmonlarning kundan-kunga kuchayib borayotgan dunyoviyligiga qarshi turishga, ularga diniy burch xamda vazifalarini eslatib turishga qaratilgan, chunki o’sha davrlarda islom imperiyasi jadallik bilan to’xtovsiz ravishda kengayib bormoqda edi. Bu esa, o’z-o’zidan ma’lumki, ta’sir va aks ta’sir hodisasiga sabab bo’ladi, ya’ni musulmonlar o’zlari zabt etgan o’lkalarga Islom dini bilan ta’sir ko’rsatishsa, shu o’lkalarda amalda bo’lgan dinlar ham Islomga ma’lum ma’noda aks ta’sir ko’rsatar, uning salohiyatini pasayishga olib kelardi.
Islom askarlari Qur’oni karim va Hadisi shariflardagi yo’l-yo’riqlar bilan bir qatorda o’zlari zabt etgan o’lkalardagi aqidalarga ham ma’lum ma’noda amal qila boshladilar. 711 yilda musulmonlar Gibral`tar bo’g’ozini kechib o’tdilar (bu yerdagi bir tog’ hozirgi kunlarda ham o’z zabtkorining nomidadir: Jabal at-Toriq, ya’ni Toriqning tog’i). O’sha yilning o’zidayoq qo’nganning bosh qismlari Sindga, Hindistonning quyi vohasiga, ya’ni hozirgi Pokistonning janubiy qismiga kirib bordilar. Qo’shinning boshqa qismi Okuz (Amudaryo)dan o’tib O’rta Osiyoni egalladi.
Zohidlar esa qalb olamini, yurak dunyosini zabt etishga harakat qilardilar. Islom so’fizmining ibtidosi Robiya al-Adaviyya yoki Basralik Robiya (Basra Robiyaning ona shahri)ning nomi bilan bog’liq. U dunyoning barcha lazzatlaridan voz kechishga undaydigan tarkidunyochilikning chinakam ishq, ya’ni Allohning ishqi bilan yashashga undaydigan so’fizmga aylanishida asosiy, hal etuvchi rol o’ynagan ayoldir.
Rivoyat qilishlaricha, bir kuni xudojo’y so’fiy Robiya bir qo’lida bir chelak suv, ikkinchi qo’lida yonib turgan mash’ala ko’targancha Basra ko’chalaridan yugurib o’tayotgan ekan. Yo’lovchilar hayron bo’lib undan so’rashibdi:
— Bunchalar shoshilib qaylarga yo’l tutding, ey Robiya?
Robiya qo’lidagi chelakka ishora qilibdi:
— Do’zaxdagi o’tni o’chirmoqchiman.
Yo’lovchilar yoqalarini tutib, «astag’firulloh» degancha, so’rashibdi:
— U holda qo’lingdagi mash’ala nechun?
— Bu mash’ala bilan jannatga o’t qo’ymoqchiman.
Yo’lovchilarning yuzlaridan qoni qochib qichqirishibdi:
— Allohdan mag’firat so’rab iltijo qil, ey badbaxt ayol, aks holda kofir qavmlardan bo’lib qolasan.
— Yo’q, azizlarim, sizlar meni noto’g’ri tushundinglar. Men kofir emasman, Alloh taolo bilan bandalar o’rtasidagi bu ikki pardani yo’qotmoqchiman xolos, tokim bandalar Alloh taologa do’zax o’tlarida kuyishdan qo’rqishgani yoki jannat iqbolidan umidvor bo’lishgani uchun emas, balki Uning Alloh ekanligi, Biru Borligi va Boqiy go’zalligi uchun ibodat qilishsin».
Bu rivoyat tildan tilga ko’chib, nasroniy dunyosiga ham kirib keldi. Uni Lyudvig to’qqizinchining vakili Jongviil g’arbga olib kelgan deyishadi. 1584 yil 3 noyabrda Parijda tug’ilib, 1652 yil 26 aprelda o’sha yerda vafot etgan frantsuz ruhoniysi va yozuvchisi, kvietizm namoyondasi Jan Pier Kamyu o’zining «Shafqat hamshiralari» kitobida shu rivoyatni ham sanab o’tadi. Kitobda sharqona kiyingan, bir qo’lida chelak, bir qo’lida mash’al ko’targan ayol surati ham berilgan. Surat tepasida ivrit harflari bilan «YHVH» ya’ni «Yehovah» (Xudo) deb yozilgan. Bundan rivoyat sharqqa mansubligi anglashiladi.
Bundan tashqari, Yevropa adabiyotida ushbu rivoyatning ko’pgina boshqa shakllari ham mavjud.
Basralik ozod etilgan qul ayol Robiya haqidagi rivoyatlar son-sanoqsiz, chunki Basra moziyda ko’plab so’fiylarning makoni bo’lgan. 728 yilda vafot etgan mashhur taqvodor olim, so’fiy Hasan al-Basriy to’g’risidagi rivoyatlarda ham Robiyaning nomi tilga olinadi. Islom olamining mashhur solnomachilari bu ayolning hayot yo’lini aniq tasvirlab berishgan, chunki u insoniy barkamollikda «ko’plab erkaklardan ustunroq bo’lgan».
Muhammad Zehniy o’zining mashhur ayollar to’g’risidagi «Mashohir an niso» asarida Robiyani «erkaklar boshidagi oltin toj», deb tasvirlaydi. Shu sababdan hozirgi kunlarda ham o’zining xudojo’yligi, taqvodorligi bilan mashhur bo’lgan ayollar «ikkinchi Robiya» deb tasvirlanadi. Robiya to’g’risidagi rivoyatlarda uning juda ko’p mo»jizalar ko’rsatgani ham tilga olinadi. Aytishlaricha, qorong’u tunlarda uning barmoqlari chiroq kabi nur taratar ekan. Haj safariga otlanganida esa Ka’batulloh unga peshvoz chiqar ekan. (O’z-o’zidan ma’lumki, Ka’batulloh o’rnidan ko’chib, Robiya huzuriga peshvoz chiqqanda, hajga kelgan boshqa so’fiylar uni topolmay ancha sarson-sargardon bo’lishgan).
Robiya ko’pgina dunyoviy rishtalarni, ayniqsa nikohni (u turmushga chiqmagan) rad etib, joynamozida o’tirgancha havoda uchib yura olgan deyishadi. Go’zal bahor kunlaridan birida u xonasida shogird qizlaridan biri bilan o’tirarkan boqqa nazar tashlaydi va Alloh taolo yaratib qo’ygan gullarning jamoliga maftun bo’lib, shunday deydi: «Alloh taoloning go’zalligi botindadir,tashqi go’zallik esa ichki go’zallikning aks etishidir». Mavlono Jaloliddin Rumiy bu gaplarni notanish bir so’fiyga nisbat berib, o’zining «Masnaviy» (MasLU. 1518) larida ishlatgan. Hazrat Fariduddin Attor esa o’zining «Ilohiynoma»sida (XXII) Alloh taoloning nuri to’g’risida so’z yuritarkan, shunday yozadi: «U (nur) bir daqiqa keksa bir kampir ustiga tushsa bo’ldi, uni Robiyadek ulug’ bir zotga aylantiradi».
Shu asarning o’zida (XV) Attor Robiyaning bechoraholligi, dunyo lazzatlariga ko’p e’tibor bermasligi, sinov-imtihonlarga bergan bardoshini shunday tasvirlaydi:
Deydilar: Allohga dilbasta, dildor,
Robiya bir hafta tuz totmadi hech.
Hattoki suv ichmay, yurdi ro’zador,
Bo’ldi namoz bilan mashg’ul erta-kech.
Nihoyat ko’rsatib ochlik o’z kuchin,
Robiya yiqilay deganda behol,
Qo’shni xotin chiqdi gaplashmoq uchun,
Bir kosa suyuq osh ko’tarib alhol.
U ketgach Robiya sudralib, munkib
Chiroq keltirish-chun uyga kirgan dam,
Mushuklar ovqatni ketdilar to’kib,
Bu qanday ko’rgulik, bu qanday sitam.
Yana uyga kirdi Robiya dilxun,
Suv ichib ro’zani ochish-chun, hayhot.
Ko’za qo’ldan tushib, bo’ldi chilparchin,
Yerga singib ketdi ul obi hayot.
Shunda chekdi Bibi otashin bir oh,
Bir ohki, olamni yoqishga qodir.
«Tanho Biru Borim, Yolg’izim, Alloh
Men bir mushtpipardan istaging nadir?
Ishqingda vujudim horg’in va betob,
Bu holga chek bormi, ey Yori Aziz?
Ko’kdan nido keldi: Xohlasang shu tob,
Dunyoni poyingga cho’ktirurman tiz.
Va lekin meni deb chekkaning sitam,
Dardlardan mosuvo etarman butkul.
Foniy dunyo va Yer ishqiga, sanam,
Bir yo’la oshiyon bo’lolmas bir dil.
Oshiq ishq yo’lida dard chekib har on,
Tark etar dunyoni beso’z, beso’roq.
Dunyo ishqi bir yon, Yor ishqi bir yon,
Osonmas chinakam Yorga yetishmoq.
Ko’rinib turibdiki, bu misralarda oshiqning ishq yo’lida chekkan dardu alamlari, iztiroblariga alohida urg’u berilmoqda, zero sitam chekmay, qiyinchiliklarga bardosh bermay visolga yetishib bo’lmaydi. Yengil-yelpi qozonilgan g’alaba, erishilgan visol qadrsizdir. Hindistondagi Chishtiya silsilasi rahnamosi, asli Movaraunnahrlik bo’lgan Qutbiddin Baxtiyor Kokiy 1235 yilda bu to’g’rida shunday deb yozgandi:
«Boshiga kutilmagan dardu-g’amlar tushgan kuni u «xayriyat, do’stim (Alloh) bugun meni esga oldi, men haqimda o’yladi», deb o’zida yo’q darajada shodlanib yurardi. Kunlari osoyishta o’tib, boshiga hech qanday kulfat tushmaganda esa, ko’zyosh to’kib, fig’on chekardi: «Qanday bir noto’g’ri ish qildim-ki, u (Alloh) bugun meni esga olmadi».
Biroq o’zini Alloh ishqiga baxshida etgan ayol yolg’iz Robiya emasdi, bunday xudojo’y so’fiy ayollar to’g’risida tarixda bir talay ma’lumotlar bor. Muhammad Mustafo sallollohu alayhi vassallamning qarindoshlaridan biri Umm Haram ismlik ayol shulardan biridir. Bu bokira ayol o’zini Alloh yo’liga baxshida etib, musulmonlarning kiprliklarga qarshi olib borgan janglarida hamshiralik qilgan va hijriy 27 yilda (649) jang paytida shahid bo’lgan. So’fiylarning qariyb barcha kitobchalarida kunlarini ro’za tutish va yig’i-sig’i hamda tunlarini namoz o’qib o’tkazgan ilk so’fiy ayollarning ro’yxati va qisqacha yoki to’liq tarjimai holi berilgan. Margaret Smit o’zining klassik asari bo’lmish «Islomda Robiya va boshqa so’fiy avliyolar siymosi» kitobida ilk islom davrining bir qator taniqli siymolari to’g’risida ma’lumot beradi. Ular orasida Robiyaning dugonasi, orziqishlarda (ekstaz) jon taslim etgan Mariyam al-Basriya to’g’risidagi xabarga ham duch kelamiz. Zamondosh turk shoirasi La’li Myuldyur ushbu misralarni o’sha so’fiy ayolga bag’ishlagan:
Basralik Mariyam, ul go’zal xilqat,
Tun-kun Robiyaga qilardi xizmat.
Nogahon ilohiy ishqni u anglab,
Xushdan ketdi, “Alloh” deya shivirlab.
Zikr etib Allohning nomini har on,
Muhabbat o’tida taslim etdi jon.
Shunday, chin oshiqlar o’xshar yomg’irga:
Don bo’lib unishar, yerga tushsalar,
Durga aylanishar, tushib bahrga.
Ro’yxatda yig’lay-yig’lay ko’zlari ko’r bo’lib kolgan Bahriya al-Mauzuliyaning ham nomi bor, zero zohiriy ko’rlik ilohiy ma’shuqni botiniy, ya’ni ko’ngil ko’zlari ila ko’rishga imkon yaratadi. Ko’zlar ko’r bo’lgach ko’ruvchi va ko’riluvchi orasida to’siq, parda yo’qoladi.
Donishmandlar aytganidek, ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil. Rayhona al-Valiya ismlik so’fiy ayol esa uzluksiz ravishda o’zini yo’qotish darajasidagi hayajon, zavqlanish (ekstaz) holatida bo’lgan. Yozishlaricha, bunday holatga tushgan ko’pchilik so’fiy ayollar o’sha davrlarda hibsga olinib, jinnixonalarga tashlangan, chunki ularning qalbiga joylashgan ilohiy muhabbat bahor chog’larida ko’pirib, to’lqinlanib, qirg’oqlaridan toshib oqadigan asov daryodek bo’lgani uchun jamiyatda qabul qilingan odob qoidalariga bo’ysunolmay qolishgan.
Qalbida yolg’iz Alloh ishqi oshiyon qurgan bunday taqvodor so’fiy ayollar tarixda albatta juda ko’p bo’lgan, ammo faqat ba’zilarininggina nomlari tarixda saqlanib qolgan. Ular Robiyaga o’xshab kichik-kichik qo’shiqlar ijro etishgan. Bu qo’shiqlar badiiy san’at asari darajasiga ko’tarilmagan bo’lsa-da ularni bemalol diniy-mistik lirikaning ilk g’unchalari deb atash mumkin. Keyingi asrlarda ular oshiq so’fiylarning kundalik mashg’ulotiga aylandilar. Suriyalik Robiya ash-Shamiya shunday kuylar ekan:
Yorimga teng kelmas boshqa hech bir yor,
Ko’nglimni zabt etgan tanho Biru Bor.
Garchi u vujudim, ko’zimdan yiroq,
Ketmaydi u mening ko’nglimdan yiroq.
Abdurahmon Jomiy o’z asarlaridan birida so’fiy ayollarning quyidagi misralarini misol qilib keltiradi:
Chin oshiqlar bu dunyodan bemor o’turlar.
Ko’p dard chekib, ishq og’rig’in zo’r malham bilib.
Yor hajrida devonavash, zor-zor o’turlar,
Va bir kuni ketishurlar yorga qo’shilib.
Bu misralar muallifining fikri Amat al-Jalilning quyida e’tiboringizga havola etilayotgan fikriga hamohangdir:
«Avliyosifat tabarruk zotlar biror daqiqa bo’lsa-da, boshqa ishlar bilan mashg’ul bo’lmaydilar. Ular doimo Allox yodi bilan banddirlar. Avliyolar boshqa ishlar bilan ham shug’ullanadi degan kishi bekor aytibdi».
Ilk so’fiy ayollar ichida o’zining juda ko’p ko’zyosh to’kishi ila mashhur bo’lgan Shavona ismli ayol siymosi alohida e’tiborga molikdir. Ulug’ so’fiylardan biri bo’lmish Fuzail ibn Iyad (803 yilda vafot etgan) ham Shavonadan «meni bir duo qilib qo’ying!» deb iltimos qilgan ekan. Taqvodor so’fiy Bashir ai-Kofiy, taxallusi «Yalangoyoq» (841 yilda vafot etgan) va ulkan muhaddis olim Ahmad ibn Hanbal (855 yilda vafot etgan)lar esa Amina ar-Ramliya ismli so’fiy ayolning duolari sharofatidan do’zaxiylikdan omon qolishgan. Imom G’azzoliy Shavona haqida yozarkan, ushbu voqeani misol qilib keltiradi: «Rivoyat qilishlaricha, Shavona vafot etgach, dugonalaridan biri uni tushida ko’radi. Tushda Shavona bir qancha hurlar bilan kelib, dugonasiga shunday deydi: «Qalbing doim g’amzada bo’lsin. Alloh ishqini foniy dunyo xoyu havaslaridan yuqori tut. Shunda to jon taslim qilguningcha senga hech zarar yetmaydi». O’lim va boqiy dunyoni tez-tez yod etib turish ilk so’fiy ayollarga xos xususiyatdir. Shulardan biri bo’lmish Muazzam Basradagi an’analarga muvofiq «vafot etgach to ro’zi mashharga bo’lgan davrdagi qabr uyqusi yetib ortadi» degan g’oyani ilgari surib, iloji boricha uyqudan voz kechishga, tunlarini namoz o’qib bedor o’tkazishga harakag qilar ekan.
Xudojo’y, taqvodor ayollarga Alloh taolo yuksak mavqelar hadya etishi ajablanarli hol emas. Bag’dodlik so’fiy Sari as-Soqotiy (867 yilda vafot etgan)ning shogirdlaridan biri bo’lmish so’fiy ayol to’g’risida shunday rivoyat bor: «Bir kuni Soqotiy u ayolga «o’g’ling cho’kib o’libdi» degan xabarni yetkazadi. Ayol esa an’analarga xilof ravishda ustozning gapiga ishonmaydi. Chindan ham tez orada ayolning o’g’li tirik ekanligi ma’lum bo’ladi. «Qani ayt-chi, ustozning gapiga nima uchun ishonmading?» degan savolga u «O’g’limning cho’kib ketganligi to’g’risida menga g’oyibdan hech qanday xabar kelmagandi», deb javob qiladi». Haqiqatan ham o’zini Alloh yo’liga baxshida etgan kishilarga g’oyibdan ularga tegishli barcha xabarlar yetkazilib turilarkan.
Quyidagi rivoyatdan esa ba’zi so’fiy ayollarning Robiya al-Adaviyyaga taqlid qilib, dunyodan toq o’tishmagani, balki turmush qurib, nikohda umr kechirishgani ma’lum bo’ladi. Turmush qurib, er-xotin bo’lib yashagan so’fiy ayollar ichida yarq etib ko’zga tashlanadigani Robiyadan yarim asr keyin yashagan, (849 yilda vafot etgan) nishopurlik Fotimadir. U taniqli so’fiy Ahmad Qidruya (854 yilda vafot etgan) bilan turmush qurgan va so’fiylik so’qmoqlarida tez-tez unga rahnamolik qilgan. Rivoyat qilishlaricha, Fotima o’z davrining yetuk so’fiy rahnamolari bilan muloqatda bo’lgan. Misrlik murshidi ofoq Zunnun Misriy (859 yilda vafot etgan) bilan xat yozishib turgan. Aytishlaricha, bir vaqt Zunnun «ayollarning tuhfasiga zor emasman» degan ma’noda Fotima jo’natgan tuhfani olishdan bosh tortadi.
Shunda Fotima Zunnunga tanbeh berib, shunday maktub yozadi:
«Ayol kishi jo’natgan tuhfani olmayman deb tuhfamni rad etibsiz. Ayol kishi vositasidami, erkak kishi vositasidami, ammo asosiy tuhfa qilguvchi Zot Alloh taolo ekanini unutdingizmi?»
Zunnun bu ayolning bilimiga, Qur’oni karimning chuqur ma’nolarini ham a’lo darajada tushunishiga qoyil qolgan deyishadi. (Zero, Zunnunning ta’lim-tarbiyaga oid hikoyalarida Alloh taolo ishqi bilan mast bir ayol yoki qiz obrazi tez-tez uchrab turadi). Zunnun undan nafaqat nabotot va hayvonot olamining, balki barcha tirik va o’lik mavjudotlarning Allohga salovot aytayotganligini qanday anglab olish sirlarini o’rganadi. Dono Fotima mashhur so’fiylardan biri bo’lmish Boyazid Bistomiy (874 yilda vafot etgan) bilan ham paranji yopinmasdan muloqotda bo’lgan deyishadi. Ammo bir kuni Bistomiy ayolning go’zal xoliga, boshqa bir rivoyatda aytilishicha esa xino qo’yilgan barmoqlariga tikilib qoladi. Shunda ayol so’fiy bilan aloqani butunlay uzib ketadi, chunki endi faqat sof ruhiy muloqotda bo’lishning iloji qolmagandi. Buning haqiqatga qanchalar mos kelishini aniqlash juda qiyin, zero ruhiy do’stlik rishtalarining «dunyoviy» bir boqish ila uzilib ketishi mavzusi agiografiyada (avliyosifat kishilarning tarjimai hollari bilan shug’ullanuvchi fan) kamdan-kam uchraydigan hol emas.
Shu ma’noda so’fiy Ahmad ibn Abul Havoriyning (851 yilda vafot etgan) rafiqasi Robiya bint Ismoil haqida ikki og’iz so’z aytmasdan bo’lmaydi. Birinchi eri vafot etgach bu ayol eridan qolgan meros va o’zi ishlab topgan pullarni savobli ishlarga ishlatish uchun yuqorida nomi zikr etilgan so’fiyga turmushga chiqadi va u bilan jinsiy emas, balki faqat ruhiy nikohda bo’ladi. Umrini asosan namoz o’qish, ro’za tutish bilan o’tkazadi hamda Ahmad va uning boshqa xotinlariga g’amxo’rlik qiladi. Zero, uning o’zi bir kuni Ahmadga «men seni er sifatida emas, balki aka sifatida yaxshi ko’raman», deydi. Rivoyat qilishlaricha, Rabah al-Qaysiyning rafiqasi xufton namozini o’qigach yaxshi kiyimlarini kiyib, eridan «bugun menga ehtiyojingiz bormi?» deb so’rarkan. Erining ehtiyoji bo’lmagan kunlari u tunni Qur’on tilovati bilan mashg’ul bo’lib o’tkazarkan.
Ba’zi, hollarda o’ta xudojo’y so’fiylarga ularning jannatdagi «bo’lajak rafiqalari» ham ko’rsatilgan deyishadi. So’fiy Abdul Vohid ibn Saidga (794 yilda vafot etgan) uning jannatdagi rafiqasi ayon etilgan. U bir cho’pon qiz bo’lib, otarida qo’ylar va bo’rilar bir-biriga zarar yetkazmay, quvlashib, o’ynab yurisharkan. Shu qiz bu foniy dunyoda hayvonlar orasida oxirzamonga xos tinchlik barpo eta olgani uchun mashhur so’fiyning jannatdagi rafiqasi bo’lish sharafiga muyassar qilingan. (Shu ma’noda yana bir narsani ta’kidlab o’tishni istardim: Bir kuni taqvodor turk olimining keksaroq bir ayolga qarata «jannatda sen mening rafiqam bo’lasan» deganini o’z qulog’im bilan eshitganman).
Ulkan teosof olim Al-Hakim at-Termiziyning rafiqasi o’ta katta e’tiborga loyiq shaxslardan biri bo’lgan. Termiziy o’z tarjimai holida yozishicha, u ko’rgan tushlarini rafiqasiga so’zlab berarkan, rafiqasi esa tushlarni va Termiziyning ko’z o’ngida paydo bo’lgan narsalarni doimo to’g’ri ta’bir qilib berarkan. Farishtalardan biri bu ayolga «ering bilan sening ruhiy darajalaring bir-biriga mutanosib», deb xabar qilgan ekan.
Arab klassik adabiyotida va keyinchalik fors adabiyotida ham tez-tez uchrab turadigan mavzulardan biri o’z qo’shiqlarida mistik, so’fiyona ishqni tarannum etgan ashulachi qizlar mavzusidir. Mashhur grammatik olim al-Asmoiy ,bir kuni Ka’bada ishqiy qo’shiq aytayotgan bir qizni qattiq tanqid qiladi. Qiz zsa unga darhol chinakam ilohiy ishq qanday bo’lishini tushuntirib qo’yadi.
O’sha davrlarda Qur’oni karimni yod olib, ta’sirchan tarzda qiroat qila oladigan qo’shiqchi qul qizlarni garchi ularni juda katta pul to’lab sotib olishgan bo’lsalar-da, darhol ozod qilib yuborishgan. 1234 yilda vafot etgan hazrat Abu Hafiz Umar as-Suhravardiy ta’siri ostida musulmon bo’lgan bir qo’shiqchi qiz to’g’risida shunday rivoyat qilishadi:
Bu kiz Muqaddas Haj safaridan qaytgach Hamadon hokimi huzurida ilohiy ishq to’g’risida shunchalar berilib kuylaydiki, hokim va uning ayonlari o’zlarining yo’l qo’ygan xatolaridan afsusu nadomatlar chekishib, islom ahkomlariga qat’iy amal qila boshlaydilar. Hazrat Rumiyning tarjimai hollaridan ma’lumki, «yengiltak qizlar» u zotning ta’siri ostida Islom dinini qabul etib, so’fiyona hayot kechira boshlashgan.
Chamasi, ilk davrlarda ayollar so’fiylarga nafaqat xalfalik qilishgan, balki Qur’on tilovat qilinadigan yig’inlar va «zikr»larda ham ishtirok etishgan. 934-yilda vafot etgan so’fiy al-Kattoniyning qizi Fotima va yana uch erkak «oshiq» nomini olgan bag’dodlik so’fiy Sumnun al-Muhib bilan birga yuksak hayajon ichida zikr tushayotganda kuchli orziqishdan vafot etgan deb rivoyat qilishadi. Bu xabar ilk davrlarda ayollarning bunday davralarda erkaklar bilan bir qatorda ishtirok etishi odatiy hol bo’lganligidan dalolat beradi. Keyinchalik esa so’fiy ayollarni jamoaga qabul qilishning qandaydir oqilona, gap-so’z bo’lmaydigan yo’llarini topishga urinib ko’p bosh qotirishgan bo’lsalar kerak, chunki shariat va qonunlarga ko’ra o’ziga qarindosh bo’lmagan nomahram ayolning qo’lini ushlashga hech kimning haqqi yo’q-da. Ba’zi yo’nalishlar bo’yicha nomahram ayolga ko’zi tushgan yoki bexosdan badaniga qo’li tegib ketgan kishining tahorati ushalgan hisoblanadi va u namoz o’qish oldidan qaytadan tahorat olishi kerak. Shu sababdan erkak va ayol so’fiylar zikr tushishayotganda avvalo ko’llarini toza suvga bir botirib, yuvib olishlari lozim. Ayollar yengi uzun kiyim kiyib olishgan va erkaklar ularning yengidan ushlashgan. Buning iloji bo’lmagan paytlarda ayollar qo’llarini ro’mol bilan bog’lab yoki qo’llariga ikkita tayoq tutib olishgan. Erkaklar ularning yengidan yoki ro’mol o’ralgan qo’lidan yoinki qo’lidagi tayoqchadan ushlab olishgan-ki, erkak va ayolning badani bir-biriga tegmagan.
Ammo ilk davrlarda bunday narsalarni mayda-chuyda hisoblashib, ko’p ham e’tibor berishmagan, ko’ngli kenglik qilishgan ko’rinadi, chunki so’fiy ustozlarning (piri murshidlarning) hatto jamoat joylariga ham o’z xalfalari (xotin-qizlar) bilan borganliklari to’g’risida yozma ma’lumotlar bor. Shulardan birida aytilishicha, 945 yilda vafot etgan ekstsentrik so’fiy Abu Bakr ash-Shibliy o’zining bir xalfasi bilan birga so’fiy Halloj yoniga borib, undan «so’fizm nima?» deb so’raydi.
Garchi mavlono Fariduddin Attor rivoyat qilgan bu voqea tarixga umuman mos kelmasada, ya’ni u mavlononing «shunday bo’lsa nima qilardik?» qabilidagi taxayyulotining mahsuli bo’lsa-da, har holda so’fiy ayollarning ilk davrlarda ijtimoiy hayotda ancha faol ishtirok etishganini inkor etib bo’lmaydi. Aslida Halloj qatl etilganidan keyin uning singlisi kelib, akasini jasurligi, ya’ni «analhak» (men haqman) degan gaplari uchun biroz koyiydi, so’ngra akasining vasiyatini amalga oshirib, jonsiz vujudni kuydiradi hamda kulini Tiger (Dajla) daryosiga (Oldosiyodagi sersuv daryo) tashlaydi. O’sha kuni kechasi Halloj singlisining tushiga kirib, unga o’zining nomutaassib, ya’ni ilg’or (noortodoksal) xatti-harakatining sababini tushuntirib beradi. (Islom dini (ruhoniyati) tarixida singilning tutgan o’rnini o’rganib chiqish juda ko’p masalalarni oydinlashtirishga yordam bergan bo’lurdi. Johiliyat davrida Arabistonda opa-singillar vafot etgan yoki jangda halok bo’lgan akalari uchun yoqa yirtib yig’laganliklari shart bo’lganidek, so’fizm tarixida ham opa-singillar juda muhim rol o’ynaganlar. Boburiylar sulolasining 1659 yilda kofirlikda ayblanib, qatl etilgan valiahd shahzodasi Dara Shiqohning opasi malika Jahonoroning xatti-harakatlari, munosabati bunga yaqqol misol bo’la oladi).
Taqvodor so’fiy ayollarning an’analari keyingi asrlarda nafaqat O’rta Osiyoda, balki Hindiston subkontinentida ham xuddi shunday davom etgan. Biz bu qit’ada yashab o’tgan so’fiy Fariduddin Shakarganjning tolibalari (muxlisalari) to’g’risida ozmi-ko’pmi ma’lumotga egamiz. Aynul Qudat ismlik shoir o’z madhiyalaridan birida so’fiy Abul Xair at-Tinoniy al-Aqtaning buvisi Uyaina yigitlar va xotin-qizlardan iborat 500 ta talabaga dars berganligini aytib o’tadi. Ulkan hanbaliy so’fiy, hirotlik Abdulla Ansoriyning (1089 yilda vafot etgan) tarjimai holida uning qarindoshi Bibi Nozaninning ham nomi tilga olingan.
Aytishlaricha, shu ayol Ansoriyga ulkan olim bo’lmasa-da, ammo juda dono so’fiy Qorag’oniy bilan muloqot qilishni maslahat bergan, chunki Qorag’oniy Ansoriyning tadrijiy kamolotga erishuvida muhim rol` o’ynashi u ayolga ma’lum qilingan ekan. Hirotda o’sha davrlarda bulardan tashqari boshqa taqvodor va o’qimishli ayollar ham ko’p bo’lgan. Ular ayniqsa payg’ambarimiz hadislarini to’plash va ularni avloddan avlodga yetkazishda katta jonbozlik ko’rsatishgan. Shulardan biri 1084 yilda Hirotda vafot etgan Umm Fazl al-Harmatiyadir. Serj de Laoje de Buressouning payg’ambar hadislari, ayniqsa Abu Hanbal mazhabi hamda, shubhasiz Abdulla Ansoriy yo’nalishidagi so’fizmga qiziqqan «ayollar muhiti» to’g’risidagi gaplari Luis Massignonning shahid ketgan so’fiy Halloj atrofidagi hanbaliy ayollar haqidagi eslatmalariga to’liq mos keladi.
Halloj atrofidagi ayollar, masalan Zaynab al-Kamaliyaga o’xshagan so’fiylar uzoq vaqtlargacha Halloj an’analarini davom ettirganlar. Taniqli so’fiy ayollar to’g’risida gapirilganda 1070 yilda vafot etgan Merv (Mari)lik Karimani tilga olmaslik gunohi azimdir. Bu bokira so’fiy ayol, Massignon ta’kidlab o’tganidek, Xadicha al-Jahniya (461 (1067) yilda vafot etgan) tomonidan tashkil etilgan «ayollar futuvvati» (jo’mardligi) tashkiloti bilan hamkorlik qilgan. Ayollarning bu uyushmasi erkaklarning umrni hakiqiy erkak sifatida chuqur toat-ibodat bilan o’tkazish g’oyalarini ilgari surgan futuvvati (uyushmasi)ning muqobilidir. Karimaning nomi Abu Najib as-Suhravardiyning bir qator muhim asarlarida tilga olingan.
Abu Najibning jiyani Abu Hafiz Umar as-Suhravardiyning asarlarida ham bu nomni uchratish mumkin. Abu Hafizning kitoblari mo»tadil so’fizm to’g’risidagi eng ko’p tarqalgan kitob hisoblanadi va butun Islom olamida o’rganiladi. Taqvodor va o’qimishli so’fiy ayollar orasida Shuhda ismli xattot ayol (1176 yilda vafot etgan) alohida e’tiborga loyiqdir. U nafaqat xattot, balki shu bilan bir qatorda o’zining husnixati bilan ham mashhurdir. Shundan yarim asr keyin Shimoliy Afrikalik sayohatchi Ibn Batutta Damashq va Bag’doddagi hadis muallimlari to’g’risida so’z yuritarkan, Umm Muhammad Oysha va Fotima bint Tojiddinlarning nomlarini qayd etib o’tadi.
Taqvodorona va ayniqsa so’fiyona hayot kechirishga moyil bo’lgan ayollar saljuqiylar davrida Turkiyada ham bo’lgan. Mavlono Jaloliddin Rumiyning tarjimai holidan ma’lumki, u Ko’nyo oliy tabaqasining kibor xonimlari, ayniqsa bosh vazir Aminaddin Mikoilning rafiqasi bilan juda yaqin munosabatda bo’lgan. Ularning huzurida o’zini juda erkin tutgan. Rumiyda barcha tabaqalarga mansub xotin-qizlarni xam o’ziga tortadigan allaqanday ohanrabolik bo’lgan deyishadi. Saljuqiylar hukmdori G’iyosiddinning rafiqasi hatto Rumiyning suratini o’zi bilan olib yurgan ekan. (Vizantiya san’ati an’analarining yaqinligi bu yerda Islom dinining turli sanamlarga qarshiligida namoyon bo’ladi). Mashhur kishilarning tarjimai hollarini yozib boradigan kishilar hazrat Rumiyning ikkinchi rafiqasi, nasroniy oilasidan chiqqan Kira Xotunga «ikkinchi Robiya» va «Bibi Maryamga o’xshash ayol» deb ta’rif berganlar. Uning
bolalari hazratning o’g’li Sulton Valad tomonidan tashkil etilgan Mavlaviya tashkilotida faoliyat ko’rsatishgan. Sulton Valadning qizi ham shularning orasida bo’lgan. Turkiy viloyatlarda tashkilotning xotin-qiz a’zolarini «badshi», ya’ni «singil» deb atalgan, zero «barcha mo»minlar shak-shubhasiz aka-ukalardir» (Qur’oni karim. 49:10).
Ibn Arabiyning xotin-qizlarga munosabati ayniqsa diqqatga sazovordir. Uning yosh yigitlik paytlarida Sevilla shahrida uchratgan ulkan so’fiy ayollar to’g’risidagi xotiralari juda maroqli va jonli tarzda yozilgan. Bu xotiralarda o’ta kambag’allikda yashagan Fotima bint Mutannaning nomi tilga olinadi. Bu ayol avvaliga turmushga chiqib, ancha paytlar eri bilan yashaydi. Eri moxov kasaliga chalinib, vafot etgach beva qoladi. Andaluziyalik olim bu ayolni «butun yer yuzi aholisi uchun Alloh tomonidan jo’natilgan rahm-shafqat» deb ta’riflaydi hamda g’aroyib bir mo»jizani rivoyat qiladi: Qur’oni karimning birinchi, ochuvchi surasi bo’lmish «Fotiha» surasining muakkillari bu ayol xizmatiga bo’ysundirilgan bo’lib, uning barcha istak-xohishlarini amalga oshirishar ekanlar.
Aytishlaricha, bir ayol Fotimaning oldiga kelib, bevafolik ko’chasiga kirib ketgan erining ustidan shikoyat qilganda, Fotima bir duo o’qib bu erkakchani xotinini bir lahza ko’rmasa turolmaydigan holatga tushirib qo’ygan ekan. Fotima Ibn Arabiyning «ruhiy, g’oyaviy onasi» hisoblanadi. Ulkan teosof olimning tuqqan onasi xam Fotimani tez-tez ziyorat qilib turgan deyishadi. O’ta kambag’al bo’lishiga qaramasdan Fotima juda quvnoq hayot kechirgan. Ba’zan qo’liga tanbur olib Alloh taoloning marhamatlarini jo’shib kuylar ekan:
«Menga nazar solgani va O’zining do’stlaridan biriga aylantirgani hamda o’z maqsadlarini amalga oshirishda mendan foydalanganligi uchun men Undan behad minnatdorman, Men kim bo’libmanki, shuncha odamlar ichidan U meni tanlab olibdi. U meni juda rashk qiladi. Undan o’zgani xayolga keltirsam bo’ldi, U meni darhol turli baxtsizliklar ila jazolaydi».
Ibn Arabiy Fotimani ko’klarga ko’tarib tasvirlash ila o’zini avliyosifat ayollarga nisbatan alohida moyillikka, hurmat-e’tiborga tayyorlaganga o’xshaydi U Sevillada yana bir boshqa alohida e’tiborga molik ayolni uchratgandi. Bu ayol saksondan oshgan Shams momo bo’lib, «barcha kambag’allarning onasi» degan unvonga sazovor bo’lgandi. Ibn Arabiy momoni «ichki tuyg’u, bevosita muroqaba usuli bilan ko’p narsalarni oldindan bilish xislatiga ega bo’lsa-da, o’zining ulkan so’fiyligini, yuksak ma’naviy darajasini sir tutadigan kamtar zot edi» deb tasvirlaydi. Ibn Arabiyning «Xotiralar»ida yana bir qul ayol to’g’risida ham so’z yuritilgan. Garchi bu ayolning nomi keltirilmagan bo’lsa-da, u o’zining batartib ekanligi bilan mashhur bo’lgan. Bu ayol ko’z ochib yumguncha dunyoning u boshidan bu boshiga borib kela olgan, tog’u toshlar ila suhbatlar qurgan va ularning barchasiga «xush kelibsiz» iborasi bilan murojaat qilgan.
Ibn Arabiy shu yo’l bilan, ya’ni ilgari Sevillalik ayollar bilan uchrashib o’zini makkalik karomatgo’y, ilhomlantiradigan bir ayol bilan uchrashuvga tayyorlaganga o’xshaydi. Bu ayol muqaddas ziyoratgohdagi Ibrohim maqomi imomining qizi Nizom edi. Ibn Arabiy jo’shib, oyatlar tilovat qilib, ekstaz holatida Ka’batullohni aylanib ziyorat qilayotganda shu qizga duch keladi. Qiz uning tilovatlarini tinglab, Ibn Arabiyni lol qoldirgan holda ularning mag’zini chaqib beradi. Bu go’zal qiz bilan bo’lgan uchrashuvning natijasi o’laroq ibn Arabiyning «Tarjumon al-ashvoq», ya’ni «Ehtiroslar tarjimoni» nomli she’rlar to’plami vujudga keladi. To’plamdagi she’rlar arab ishqiy poeziyasining an’anaviy uslubida yozilgan bo’lib, ularda klassik she’riyatning andozaviy siymolari bo’lmish oshiq va ma’shuqa o’rtasidagi ishq kuylanadi.
Ma’lum bir vaqt o’tgach Ibn Arabiy o’zining bu ishqiy she’rlariga mistik-falsafiy izohlar yozib, she’riyatda yangi bir yo’nalishni boshlab berdi. Biroz keyinroq faoliyat ko’rsatgan so’fiylar o’zlarining may, ishq, hijron to’g’risidagi dunyoviyligi yaqqol ko’rinib turgan she’rlariga ham shunaqa sharhlar yozib, ularni o’qimishli qilishni lozim topdilar yoinki endi ishq, may va hijronlarning ma’nosi kengayib Alloh taologa nisbatan bo’lgan ishqni anglata boshladi. (Afsuski, ko’pgina hollarda bunaqa sharhlar o’ta cho’zilib ketganligi sababli, tabiiy, tasavvurga sig’adigan holatlar bilan notabiiy, tasavvurga sig’maydigan holatlar o’rtasidagi muvozanatni barbod etib, kapalaqdek nozik nihol she’rlarnn metafizik ta’limotning qisqacha qo’llanmasiga aylantirib qo’ygan).
Ibn Arabiyning «Devoni»da esa keyinchalik yana boshqa she’rlar ham paydo bo’lgan. Ehtimol, bu she’rlar uning sobiq rafiqasiga bag’ishlangandir, ammo bu faraz hali isbotlanmagan, ancha noaniqliklar mavjud. Xar holda Nizom Ibn Arabiyning Beatrichasi sifatida namoyon bo’ladi. Shoirning muqaddas shahar Makkadagi hayoti uning shoh asari «Al-futuhat al-makkiya», ya’ni«Makkadagi kashfiyotlar» asarining vujudga kelishiga zamin tayyorladi. Makkada u Zaynab al-Qaliyya ismli ayol bilan ham uchrashgan. Bir vaqtlar o’zining boyligi va sohibjamolligi bilan dong taratgan bu ayol yana Makkaga ko’chib keladi va bu yerda taqvodor so’fiy sifatida taniladi hamda ko’pgina so’fiylar bilan inoqlashib, do’stlashib ketadi. Bu ayol namozning farzlari, sunnatlari va mustaxablariga qat’iy amal qilgan holda ibodat qilishi bilan Ibn Arabiyni lol qoldiradi. Ibodat chog’ida chuqur xayolga cho’mib (meditatsiya), ich-ichdan ilohiy oyatlarni tilovat qilayotgan chog’ida vujudining og’irligi butunlay yo’qolib, xona ichida par singari uchib yurgan deyishadi. Ilmiy tilda bu holat «psixokinez» deyiladi. Boshqa so’fiy ayollarda ham menimcha bu holat sodir bo’lgan, ammo ne uchundir ularning tarjimai hollarida bu ish qayd etilmagan. Ibn Arabiyning bu ayol bilan birga Quddus shahrini ziyorat qilishi uning bu ayolni juda hurmat qilganligidan dalolat beradi. Andaluziyalik bu ulkan olimning umuman barcha xotin-qizlarga nisbatan hurmat-e’tibor bilan munosabatda bo’lishi xotin-qizlar, ular bilan bo’lgan muloqot olimning hayotida alohida o’rin tutganligidan dalolat beradi. Olim o’ziga Alloh taolo tomonidan «barcha avliyolar muhri» degan unvon, darajot berilganligidan xabardor bo’lgan yoki hech bo’lmaganda buni his etgan. Unda Alloxdan birovlarning bilib-bilmay qilgan gunohlarining mag’firat etilishini so’rash, ularning tarafini olish iqtidori bo’lgan. Qizig’i shundaki, yoshlik chog’laridanoq u birinchi bo’lib tarafini olgan, Alloh taolodan gunoxlarining kechirilishini iltimos qilgan kishilarning barchasi xotin-qizlar edi. Xususan uning ikkala singlisi, sobiq rafiqasi va to’rtinchi xotini shu saodatg’a musharraf bo’lishgan. (Afsuski, Ibn Arabiyning necha marta uylanganligi to’g’risida yetarli ma’lumotlarga ega emasmiz). Ibn Arabiy so’fiylik yo’nalishida 15 ta kishiga «xirqa», ya`ni so’fiylar kiyimini kiydirgan bo’lsa, shulardan o’n to’rttasi xotin-qizlar bo’lgan, chunki xuddi mavlono Jomiy ta’kidlab o’tganidek, ma’naviy hayotning barcha jabhalarida ayollarning yuksak darajalarga erishishlari mumkinligiga olimning imoni komil bo’lgan. Ayollar avliyolik pillapoyasining eng yuqori pog’onasi bo’lmish «qutb» yoki «o’zak» darajalariga ham erishishlari mumkin. Ibn Arabiy umrining oxirigacha ayollarga yuksak hurmat-ehtirom ko’rsatdi, ularga o’zi-ning amri-ma’ruflari hamda ma’ruzalarida ishtirok etishga ruxsat berib, ularga murabbiylik qildi.
Xo’sh, o’sha davrlarda so’fiylik so’qmoqlariga yaqinlashmoqchi bo’lgan va hatto ularga qo’shilib ketmoqchi bo’lgan ayollarning hayoti qanday kechgan?
Birinchidan, ular boy bo’lsalar, so’fiy jamoalariga homiylik qilishlari, piri murshid hamda xalfalarni moddiy rag’batlantirib, ularga turarga joy hamda oziq-ovqat berib turishlari mumkin bo’lgan. Ustoz va xalfalar esa minnatdorchilik tariqasida uning Xudo marhamatiga sazovor bo’lishini tilab duo qilishgan. Mihanadagi (Sharqiy Eron) Abu Said Abul Xayr (1049 yilda vafot etgan)ning jamoasi homiylari, ayniqsa ko’zga suriladigan malham tayyorlovchi Bibi Nishi shular jumlasidandir. Birinchi paytlarda bu ayol ancha paysallanib turgan bo’lsa-da, keyinchalik jamoaga butunlay qo’shilib ketgan. Ko’pgina viloyatlarda ayollar xuddi ilk davrlardagidek erkaklar bilan birga zikr tushishgan.
Ba’zi jamoalarning yig’inxonalarida esa (masalan Qohiradagi Rifaiya yoki Usmonli Turk imperiyasidagi mavlaviylar jamoalari) shu maqsadga mo’ljallangan ayollar bo’limlari bo’lgan. Qolgan viloyatlarda esa ayollar bu tadbirni (zikrni) shu yaqin o’rtadagi uydan yoki tom ustida turib tamosho qilishgan. Darvishlarning faqat bitta tariqatida, ya’ni Turkiyadagi Bektoshiylar tariqatida ayollar barcha tadbirlarda faol ishtirok etishgan, bu esa o’z-o’zidan ma’lumki, Bektoshiylarning ma’naviy buzuqlikda ayblanishiga olib kelgan. (Bunday holatlar bay’at topshirilayotganda (qasamyod) yoki shunga o’xshash tadbirlarda pir murshidning bo’lajak so’fiy ayol bilan bir xonada ancha ushlanib qolgan paytlarda ham ro’y berib turgan).
Yoqub Qadriy Karaosma o’g’li o’zining 1922 yilda Istanbulda chop etilgan «Nur Bobo» romanida Bektoshiya tarikatining yoshgina bir ustozi ayollarni qanday qilib yo’ldan ozdirganini tasvirlab bergan. Roman bosilib chiqqandan uch yil keyin Turkiya hukumati rahbari Otaturk barcha darvesh jamoalarini yoptirib tashladi. Biroq Islom olamining zamonaviy ijtimoiy-tanqidiy adabiyotida bu mavzu saqlanib qoldi.
O’rta asrlarda (12-asrdan boshlab) Bag’dod, Makka, Madina, Shom va Qohirada bir qator so’fiy xotin-qizlar jamoalari faoliyat ko’rsatganligi ma’lum. Bunday tashkilotlarning uchtasi, ya’ni «Rabot az-Zahiriya», «Dar ibn az-Zauda» (1194) va «Rabot bint at-Toj» Makka shahrida bo’lgan. Islom olamining o’sha paytdagi markazi hisoblanmish Bag’dod shahri esa Tigr (Dajla) daryosining g’arbiy sohilida bir ayol tomonidan tashkil etilg’an «Dar ul-falak» jamoasi bilan mashhur bo’lgan. 1127 va 1177 yillarda bu yerda yana ikkita jamoa vujudga keladi. Abbosiylar xalifaligi inqirozga yuz tutishidan to’rt yil avval, ya’ni 1254 yilda esa eng so’nggi xalifa so’fiy ayollar uchun yana bir rabot qurdirgan va o’z qizini bu yerga rahbar etib tayinlagan. (Bu rabotlar, xotin-qizlar jamoalari to’g’risidagi ma’lumotlar bilan tanisharkansan, beixtiyor Yevropadagi xotin-qizlar monastirlarini eslab ketasan kishi).
Yuqorida tilga olingan jamoalarning raisalari pand-nasihat qilib va’z aytishgan, namoz chog’ida ayollarga imomlik qilishgan hamda so’fiyona donishmandlikka erishishda ularga rahnamolik qilishgan. Albatta bu rabotlar beva qolgan yoki eridan ajrashgan, taloq qilingan xotin-qizlar uchun qo’nalg’a bo’lib ham xizmat qilgan. Taloq qilingan xotinlar bu yerda uch oy-u o’n kun turib «idda» muhlatini o’tashgan, chunki «idda» tugamaguncha muslimalarning boshqa erga tegib ketishga haqlari yo’q (Qur’oni karimning 64-sura 4-oyatida aytilishicha, taloq qilingan yoki eri halok bo’lib beva qolgan ayollar homilador yoki homilador emasliklarini aniqlash maqsadida uch oy idda saqlashlari lozim. Homilador emasligi aniq bo’lgachgina boshqa turmush qurishga haqlidirlar va aksincha, homilador bo’lsalar, farzand tug’ilib, nifos muddati o’tgandan keyingina turmushga chiqishlari mumkin). O’ta taqvodor ayollar esa eng yaqin oila a’zolaridan bo’lak hech kim bilan muloqot qilmay uyda idda saqlaydilar va bu muhlatni namoz o’qish va chuqur xayolga cho’mish (meditatsiya) bilan o’tkazadilar. Pokistondagi ko’pgina mutaassib (konservativ) oilalarda bu odat hozirgi kunlargacha saqlanib qolgan. Karachi shahrida o’zim shunday bir holatning guvohi bo’lganman.
Tarixdan ma’lumki, jamoaga rahbarlik qilish avloddan avlodga meros bo’lib o’tib kelgan. Ulkan so’fiy Ahmadiy Jomning qiz nevarasi o’zining kirq kunlik go’shanishinligini (chilla o’tirishini) buvasining jamoasida o’tkazgan. Mistik shoir Auhaduddin Kirmoniyning nevarasi, shayx ayol hamda hafiza, ya’ni Qur’oni karimni yoddan bilgan Amina Xotun Damashqda faoliyat ko’rsatgan. Ammo baribir o’qimishli so’fiy xotin-qizlar unutilmasligi kerak. Ularning orasida Hindistonning Burhonpur degan joyida istiqomat qilgan Bubu Rashti alohida e’tiborga loyiqdir. U o’rta asrlarda bitilgan fors mistik matnlari bo’yicha mutaxassis bo’lib, birinchi navbatda Faxruddin Iroqiy asarlarini sharhlab bergan. Bubu Rashti izohlab bergan asarlardan biri Iroqiyning «Lama’at», ya’ni «Nur jilolari» asari bo’lib, uning yarimi nasrda va qolgan qismi nazmda bitilgan. Bu asarda Ibn Arabiyning ko’pgina g’oyalari o’z aksini topgan, shu sababdan u so’fiyona ishq to’g’risidagi go’zal, jozibador asarlardan biri hisoblanadi. Bubu Rashti 1620 yildan keyin vafot etgan, ammo qaysi yilda vafot etganligi to’g’risida aniq ma’lumot yo’q.
Shundan so’ng, 17-asrning o’ttizinchi yillarida Boburiylar imperiyasi hukmdori, 1628—1658 yillarda hukm surgan Shoh Jahonning katta qizi Fotima Jahonoro va uning ukasi, valiahd shahzoda Dara Shikoh so’fiylik so’qmog’iga qabul qilindilar. Shohning farzandlarini Lahor shahrida istiqomat qilgan va 1635 yilda vafot etgan Miyon Mir ismli avliyo so’fiylikka o’tishga ilhomlantirgan. Valiahd shahzoda o’z kundaliklarining alohida bir bobini Miyon Mirning avliyosifat singlisi Bibi Jamol Xotunga bag’ishlagan.
Malika Fotima Jahonoro so’fiylik so’qmog’ida shunchalar ulkan muvaffaqiyatlarga erishadiki, uning ustozi, Miyon Mirdan murshidlikni meros qilib olgan mulla Shoh (1661 yilda vafot etgan)ning aytishicha, tariqat qonunlari yo’l qo’ygan taqdirda u malikani bemalol o’zidan keyin murshidlikka taqdim etgan bo’larkan. Bu to’siqlarga qaramasdan malika umr bo’yi so’fizmga sodiq bo’lib qoldi. Onasi bevaqt vafot etgandan keyin (Hindistondagi mashhur Toj Mahal onasining sharafiga bunyod etilgan) u mamlakatdagi «birinchi xonim»ga aylandi. Malika Jahonoro va uning ukasi valiahd shahzoda so’fiylikning Qodiriya yo’nalishini qabul qilingandilar. Bu yo’nalishning bosh qarorgohi avval janubiy Hindistonda bo’lib, so’ngra Panjob viloyatiga ko’chirilgan. Shoh oilasining boshqa a’zolari esa Chishtiya yo’nalishiga moyil bo’lganlar. Kunlardan bir kun falokat tufayli malika badanining ko’pgina joylari kuyib qoladi. Sog’ayib ketgach, u oila an’analariga muvofiq Radjostondagi Ajmerni ziyorat qiladi, chunki malikaning katta buvasi Akbarshoh ham bu yerni tez-tez ziyorat qilib turgan. Ajmer shahri hozirgi kunlarda ham Chishtiya so’fiylarining bosh qarorgohi hisoblanadi, chunki tariqat asoschisi hazrat Muiniddin Chishtiy shu yerga dafn etilgan. Malikaning o’z piriga bag’ishlab fors tilida yozgan tarjimai holi Britaniya davlat kutubxonasida qo’lyozma shaklida saqlanmoqda. Fotima Jahonoro 1681 yilda vafot etgan va Nizomiddin Avliyo (1325 yilda vafot etgan) maqbarasining hovlisiga dafn etilgan. Malika mistik adabiyot homiysi sifatida ko’plab klassik asarlarni tarjima qildirgan va ularga sharhlar yozdirgan. Malikaning jiyani, ya’ni uning o’ta mutaassib, o’z ukasi Dara Shikohni kofirlikda ayblab qatl ettirgan akasi Avrangzebning qizi Zebunniso (1689 yilda vafot etgan) ham so’fizm hamda she’riyatga moyil bo’lgan. Hukmdorning boshqa qizlari Dehlidagi so’fiylarga sovg’a-salom ulashish, ularni moddiy rag’batlantirish orqali tanilganlar.
Zebunnisoning singlisi Ziynatunnisogina emas, balki Islom olamining boshqa oqila, taqvodor xonimlari ham o’z hisoblaridan machit, madrasalar qurdirishib dong taratganlar. Ahmadobod (Gudjarat) va Dekkan degan joylarda ular qurdirgan machitlar hozirgi kunlarda ham viqor bilan qad ko’tarib turibdi. Ko’pgina muqaddas joylarda xotin-qizlar ichkariga kiritilmasalarda, tashqarida, deraza yonida turib avliyoning qabriga nazar solishlari, duoi fotiha qilishlari mumkin.
Qizig’i shundaki, ular bu amallarni jon-dildan berilib, o’ta faollik ila amalga oshiradilar. Ular o’tmish xotirasi bo’lmish muqaddas hisoblangan narsalarni, masalan, Bijapurdagi «hazratbal»ni, ya’ni payg’ambar alayhissalomning soch tolasini ilohiy oyatlarni tilovat qilgan holda ziyorat qiladilar. Hazrat Muiniddin Chishtiyning maqbarasida xotira kunlari hazratning avlodlaridan biri bo’lmish bir qiz yonib turgan shamni ziyoratga kelgan xotin-qizlarning boshlari ustida ko’tarib turadi, so’ngra aylantirib chiqadi. Sham qabr ustiga qo’yilgach, ayollar ham maqbaraga kiritiladilar.
Bunga o’xshash rasm-rusumlar hozirgi kunlarda boshqa ziyoratgohlarda ham bor. Ammo ba’zi hukmdorlar, masalan 1351 — 1388 yillarda hukmronlik kilgan Feruzshoh Tug’lug’ hamda 1489—1518 yillarda hukm surgan Iskandar Lodiylar g’ayridiniy hamda islomiy axloq-odob qoidalariga mos kelmaydigan rasm-rusumlarni yo’qotish maqsadida ayollarning Ajmer va boshqa joylardagi ziyoratgohlarga kirishini ta’qiqlab qo’yishgan, chunki ba’zi manbalardan ma’lumki, farzand ko’rmagan xotin-qizlarning ziyoratgoh xodimlari tomonidan aldanishi va ona bo’lish orzusi o’ta kuchli bo’lganligi uchun xodimlarning gapiga laqqa uchib, zino qilganliklari aniqlangan.
Ba’zi ziyoratgohlar esa shu ma’noda haddan tashqari poymol etilgan. Biroq yengil oyoq, suyuq ayollarning qilgan gunohlaridan afsuslanib, ularning mag’firat etilishini iltijo qilib boriladigan ziyoratgohlar ham mavjud. Taqvodor va avliyosifat ayollarga xalq ko’rsatayotgan izzat-ikrom ko’rinishlarini yanada aniqroq o’rganib chiqish lozim. Qabristonlarda noma’lum ayollarning qabrlari yoki maqbaralari tez-tez uchrab turadi. Manbalarda ham «Allohning noma’lum, sodiq quli edi» degan yozuvlarga duch kelamiz. Taniqli tanqidchi R. Burton o’zining Sind viloyati to’g’risidagi asarida (1853) yozishicha, sindliklar «ojizalarning din yo’lida chekkan zahmatlarini» yetarli darajada baholashar ekanlar. R. Burton Fotima Hajaroniyning nomini alohida ta’kidlab o’tadi. Bu ayol murshid darajasiga ko’tarilgan.
Xalq bunday ayollarning maqbaralariga romantik nomlar berib, xotirasini e’zozlaydi. Anatoliyada ikkita shunday qabr bor, ulardan biri «pishili sulton», ya’ni «mushuk ko’targan xonim» va ikkinchisi «karyagdi sulton», ya’ni «qoryog’di xonim» deb ataladi. Ko’pgina joylarda esa bir guruh ayollar birga qo’yilgan qabrlar ham bor. Shulardan biri «haft afifa»dir, ya’ni «yetti bokira qiz»dir. Aytishlaricha, dushman askarlari bostirib kelgan paytda ular asirga tushmaslik uchun yer qa’riga kirib ketgan ekanlar. Bundan tashqari, xavf-xatar tug’ilganda, nomusini pok asrash niyatida duo o’qib yer qa’riga sho’ng’ib ketgan ayollarning alohida qabrlari ham uchrab turadi. O’ta kuchli taqvosi tufayli boshqalarga o’rnak bo’lish darajasiga erishgan oddiy ayollar to’g’risidagi xuddi mashhur so’fiy Zunnun hikoyalariga o’xshash rivoyatlar ham anchagina. Shu ma’noda Shimoliy Afrikalik soddadil qiz Lalla Maymuna to’g’risidagi
rivoyat chindan ham juda ta’sirchandir. Unda aytilishicha, kema kapitani qizga bir duoni o’rgatmoqchi bo’ladi, ammo qiz duodagi so’zlarni sirayam eslab qololmaydi. Nihoyat, yelkanlari ko’tarilgan kema suzib qirg’oqdan uzoqlasha boshlaganda, qiz suv yuzasidan yugurib borib kapitandan duoni yana bir bor takrorlashni iltimos qiladi. Qizning duoni o’rganib olishga bo’lgan ishtiyoqi shunchalar kuchli ekanligini ko’rgan dengiz ham uni o’z qa’riga yutib ketmaydi, duoni oxirgi marta eshitib, o’rganib olib, qirg’oqqa qaytib chiqquncha uni suv yuzasida ko’tarib turadi.
Taxminan 1200 yillarda Shimoliy Hindistonning Indarpat shahrida yashagan, «ichki bir yog’dusi ila boshqalardan ajralib turgan» Fotima to’g’risidagi gaplar, ya’ni «kimki bu ayolning qabri boshiga kelib, o’z iltimosi ila murojaat qilsa, shubhasiz istaklari mustajob bo’lg’ay» degan so’zlar menimcha so’fiy ayollarning ko’pchiligiga aynan mos keladi. Fotimaning mo»jazgina, faqat ba’zi taqvodor zotlargagina ma’lum bo’lgan qabri Nizomiddin Avliyoning maqbarasidan unchalar uzoq bo’lmagan joydadir. Qizig’i shundaki, qabrni nafaqat muslimalar, balki shu bilan bir qatorda hindaviylik dinidagi ayollar qam ziyorat qiladilar va dardlariga malham, chigal ishlariga kushoyish topadilar.
Islom olamidagi taqvodor, zohidlar va so’fiylar hayotiga moyil bo’lgan ayollar turli-tumandir. Ular orasida bu dunyo hayotiga umuman qiziqmagan, o’zlarini juda ko’p narsalardan cheklab qo’ygan zohidalar va donishlikka moyil bo’lgan xotin-qizlar, saroydagi burch-vazifalarini o’tash bilan bir qatorda diniy asarlarni ham o’qib o’rganishni jon-dildan sevgan malikalar bo’lgan. Shu asnoda, bu ayollar orasida o’zlarining «baraka»si, ya’ni mustajob bo’ladigan duolari yordamida asrlar davomida ming-minglab ayollarning dardlariga malham, ko’ngillariga osoyishtalik baxsh etgan, ismlari kamdan kam hollardagina ularning so’fiylik xislatlariga ega ekanligidan dalolat beruvchi avliyosifat momolar va yoshgina oddiy qizlar ham bo’lganligini qayd etib o’tmoq joizdir. Hozirgi kunlarda ham xoh shahar, xoh qishloqda bo’lsin xotin-qizlar o’z muammolarini hal etish uchun shunday karomatli, xislatli ayollarga murojaat
etadilar, chunki ular bunday ayollarning hech bo’lmaganda ma’naviy yordam berishiga ishonadilar. Xullas kalom, ko’ngillariga taskin-tasalli bera oladigan avliyosifat so’fiy ayollar siymosi, ularning tirik yoki allaqachonlar dorilbaqoga rixlat qilganliklaridan qat’i nazar muslimalar uchun alohida ahamiyatga egadir.
JON (NAFS)NING TARBIYASI XUSUSIDA
Zulayho Qur’oni karimda yo’ldan ozdirguvchi, yomon ishlarga undaguvchi jon sifatida namoyon bo’ladi. Zohidona tarzda ayollardan qo’rqib yashaydigan kishilar uchun yo’ldan urish san’ati la’natlanib, Qur’oni karimning «Yusuf» surasida nafs(jon) to’g’risida so’z yuritilgani va uning «ammora bis su» ya’ni «yomondiklarga undaguvchi», deb atalishi (12:53) ayni muddao bo’lgan. «Nafs» so’zi arab tilida jenskiy rodga mansub bo’lgani uchun ko’p hollarda ayol kishining timsoli sifatida ishlatiladi. Din yo’lida jiddu-jahd qilgan ko’plab bandalarning to’g’ri yo’ldan ozib, diniy mayl-ishtiyoqlarini, xatti-harkatlarini tashlab qo’yishlariga sabab bo’ladigan narsa ham o’sha «nafs»ning, ya’ni ayollarning ishva-karashmalari, nozu istig’nolari ekanligi sir emas. Ayollarning hirsiy xususiyatlari erkaklarnikiga qaraganda kuchliroq bo’lgani uchun ular o’zlarining jinsiy faolligi ila erkaklarni yo’ldan urishga harakat qilishadi. Shu sababdanmikin, o’g’il bolalarni qiz bolalardan afzalroq ko’rish, ularni yuqorirok baholash barcha dinlarda mavjuddir. O’g’il farzand tug’ilganligini xursandchilik bilan ma’lum qilish, qiz tug’ilganda esa hafsalasi pir bo’lib, ruhi tushib, «ha, qiz ko’rdik» deb aytish ko’pgina qavmlarda o’ziga xos odat tusiga kirib qolgan.
Shu sababdan, Islom avliyolari mo»jiza ko’rsatib, yangi tug’ilgan qiz bolani o’g’il bolaga aylantirib berishgan. Islom dini ilk nozil qilingan davrlardan kolgan hikmatli so’zlar va rivoyatlarda ham ayol kishidan qo’rqish tuyg’usi aks etadi. Zero, Payg’ambar alayhissalom ham «ayollarning o’qimishli, madaniyatli kishilarni ham qo’lga olishlari mumkinligi» xususida ogohlantirib o’tgan ekanlar. «Ayolning boshdan-oyog’i, turgan-bitgani yomonlik, ammo eng yomon tomoni shundaki, erkak kishi unga baribir muhtoj bo’ladi», degan ekan Ali ibn Abu Tolib. Payg’ambar alayhissalomning qizi Bibi Fotimaning eri bo’lgani uchun Hazrat Ali ayollar to’g’risida biroz ijobiy gaplarni aytishi lozim edi, deydiganlar ham albatta topiladi. Hazrat Ali bu gaplarni aytganligi haqiqat bo’lsa, demak u bu gaplarni Bibi Fotimaning vafotidan o’ttiz yillar keyin aytgan bo’lsa kerak, chunki u bu davr orasida bir necha marta uylangan edi-da.
Kur’oni karim «nafs» (jon)ni faqat «yomonlikka undaguvchi» deb sifatlash bilan chegaralanib qolmaydi. Uning yana ikki surasida «nafs» to’g’risida so’z yuritilgan bo’lib, 75-suraning 2-oyatida u «nafsi lavvoma», ya’ni «o’z-o’zini ayblaguvchi, malomatgo’y nafs», deb sifatlangan va 89-suraning 27-oyatida «nafsi mutmainna», ya’ni «tinchlangan, xotirjam-sokin nafs», deb atalgan. U xuddi shu holatidagina «orom topib va oromlantirib» o’z xojasiga qaytishi mumkin. Ushbu uchta maxsus bosqichdan qat’iy nazar Qur’oni karimda bu so’z qiymati erkindir, ya’ni u ko’pincha umumiy ma’noda «o’zim»ga taalluqlidir. Yuqorida tilga olingan oyatlar so’fiylarga nafsni yengib yoki tarbiyalab, sekin-asta so’fiylikning eng yuqori darajasiga erishishlarida ajoyib bir dasturilamal bo’lgan. Axir Payg’ambar alayhissalom «bandalarning eng qattol dushmani nafsdir, unga qarshi kurash eng ulkan jihoddir», demaganmidilar? Diniy qo’llanmalarda «nafs» tushunchasi kishilarning yomon ishlarga undovchi, past kuchlarini ifodalash uchun ishlatiladi. «Nafs»ni sabot va matonat bilan jilovlash, qattiqqo’llik bilan tarbiyalash go’g’risida so’z yuritilgan son-sanoqsiz majoziy asarlarni shunday tushunish lozim. «Nafs» ko’pgina ko’rinishlarda zohir bo’ladi, ulardan biri ayol sifatida namoyon bo’lishidir. Biroq ayol ko’rinishida zohir bo’lgan nafs aql-idrokka bo’ysunishi, raso aql esa nafsni jilovlashi va uni tarbiyalashi lozim. Ko’pgina asarlarda va ayniqsa mavlono Jaloliddin Rumiyning «Masnaviylar»ida ham «nafs» to’g’risida so’z yuritilgan. Ul zot nafsni insonning onasiga, aqlni esa insonning otasiga mengzar ekan, er-xotin o’rtasida tez-tez bo’lib turadigan bahslarni tasvirlash orqali o’z fikrini haqqoniy ifodalashga erishadi. Unda aytilishicha, mehribon ona arzanda bolasini bag’ridan chiqarishni istamagani uchun, hatto maktabga ham jo’natgisi kelmaydi. Ota (aql) esa farzandining yaxshi tarbiya ko’rishi hamda kamolot sari dadil borishini ko’zlab, jiddiy va qattiqqo’llik bilan ta’lim-tarbiya beriladigan maktabga jo’natish payidan bo’ladi.
Nafs (jon), ya’ni «yomonlikka undaguvchi nafs» ba’zan insonning tarbiyachi onasi sifatida ham namoyon bo’lishi mumkin. Bunda u «nafsi lavvoma», ya’ni «o’z-o’zini ayblaguvchi, malomatto’y nafs» darajasi tomon eltguvchi yo’lda bo’lgan holatda ko’rsatiladi. «Nafs» (ayol) ma’shuqning sevgisi chinakam emasdek tuyulsa-da, sekin-asta o’zini unga baxshida eta boradi. «Masnaviy» (Mas. 1.36 — 245) dagi birinchi rivoyatda mavlono Rumiy ishq dardiga giriftor bo’lgan bir qul kanizak haqida so’z yuritadi. Bu rivoyat «yomonlikka undaguvchi nafs»ning «dunyo»dan begonalashishi, uzoqlashishiga majoz sifatida qaralishi mumkin. Tabibning aniqlashicha, qiz bir zargarga oshiq bo’lib qolgan. Zargar yo’ldan ozdirguvchi moddiy dunyo timsolidir. Tabib qizning sevgisiga nomunosib zargar siymosini izchillik bilan qizning xayolidan chiqarish orqali uni davolaydi. Nihoyat, qiz zargarni butunlay qalbidan chiqarib tashlaydi va nazar-e’tiborini muhabbatning haqiqiy maqsadi bo’lmish qirolga qaratadi. Mistik hikoyalar va dostonlarning kariyb barcha qahramonlari (ayollar) aslini olganda nafs timsollaridir.
Ularning oldidagi yagona yo’l, imkoniyat mana shunday taqqoslash orqali ifoda etiladi, ya’ni ayol past, «nafsi ammora» (yomonlikka undaguvchi nafs) darajasidan o’sib, chinakam «erkak» (inson) darajasiga, «nafsi mutmainna», ya’ni «tinchlangan, xotirjam-sokin nafs» darajasiga yetib, o’z maqsadiga erishishi tasvirlanadi. Bilqiys va Zulayholar Islom olamining klassik adabiyotida jo’shib kuylanganligining sababi ham xuddi ana shundadir. Zero, ularning kechinmalari oshiqlarning Hindistondagi islomiy ishqiy dostonlarda madh etilgan kechinmalariga aynan o’xshashdir. Xudoning «erkaklari», ya’ni o’zini faqat Allohning ishqiga baxshida etgan erkaklar har bir ayolda «nafsi ammora» tajassumini ko’rib, ulardan nafratlanganliklari kabi, bu «dunyo»ga ham jirkanib qaraydilar, chunki arab tili grammatikasi bo’yicha «dunyo» so’zi ham jenskiy rodga mansubdir, shu sababdan u ham ko’pgina hollarda «ayol» deb qabul qilinadi.
So’fiylar ham xuddi o’rta asrlardagi yevropalik nasroniy yozuvchilar singari dunyoni «Dunyo xonim», deb atashgan, zero asl ko’rinishi ko’ngilni aynitadigan bu keksa ta’viya yuzaki go’zalligi ila kallavaram erkaklarning fikrini o’ziga jalb etadi. Ularni yo’ldan urib, o’z maqsadiga erishgach esa ularni yamlamay yutib yuboradi yoki ularga o’zining yara-chaqalarida qurtlar g’ujg’on o’ynayotgan yag’rinini yoxud bad-bashara, qorayib, ko’karib ketgan sonlarini yalong’ochlab ko’rsatib, ularni masxara qiladi. O’rta asrlardan qolgan matnlarda bunaqa tasvir-tasavvurlar to’lib-toshib yotibdi, ammo ularni kimdir hazillashib, kulgu uchun yozgan deb bo’lmaydi. «Bu munkillagan keksa ta’viya kim? Ko’rinishi ko’zni og’ritadigan, ishtahani bo’g’adigan, terisi piyozning po’stidek qat-qat bo’lib ketgan, sarimsoq piyozdek badbo’y hid taratayotgan tilyog’ma bir kampir!» (Devon. 2776).
Mavlono Rumiy «Dunyo xonimni» mana shunday tasvirlaydi. O’z «Masnaviylar»ining oltinchi kitobida esa mavlono bu shum kampirning, bu qari alvastining qilmishlarini quyidagicha ifoda etadi: Bu jodugar kampir yuzidagi ajinlarni yo’qotish uchun, erkaklarning nigohini o’ziga jalb etish uchun, go’zal ko’rinish uchun o’ta yuqori did bilan ishlangan Qur’oni karim sahifalarini yirtib yuzidagi ajinlar ustiga yelimlaydi. (Ma’lumki, Qur’oni karim Alloh taoloning kalomi bo’lib, kishilar unga nisbatan juda ehtiyotkorlik bilan munosabatda bo’lishlari, yirtish tugul, o’qishdan avval tahorat olishlari lozim. Qur’onni yirtish, uni oyoqosti qilish eng ulkan gunohlardan biridir. (Mas. VI jild. 1222-1236, 1268-1282).
19-asrda yashab, ijod qilgan Panjoblik so’fiy shoirlardan biri bu «aldamchi dunyo»ni «bangalam»ga, ya’ni «Bengaliya alvastisiga» mengzab tasvirlaydi. Aytishlaricha, bu alvasti o’zining sehrli nayini chalib, odamlarni chalg’itar, turli bema’ni xatti-harakatlarni sodir etishga undar ekan. Ko’pgina hollarda esa so’fiy o’zining ruhoniy kuch-qudratini ishga solib, 6u keksa ta’viyani o’ziga bo’ysundirar, xizmat qildira olarkan, zero Alloh taologa bo’ysungan zotga barcha narsalar, shu jumladan dunyo ham bo’ysunar ekan. Ammo baribir Yah`yo ibn Muadning (vafoti 871 yil) gaplarini doimo yodda tutmoq lozim: «Dunyo kishisi dunyoni xuddi yosh kelinchak singari yasantiradi. So’fiy esa uning yuziga qora rang chaplab, sochlarini yuladi. Yagona Allohni sevguvchi zot esa bularning birontasiga e’tibor bermaydi». Zero, agar kishi unga (dunyoga) qarshi ozmi-ko’pmi kurashsa, demak uning bu holati dunyoga ozmi-ko’pmi qiziqqanidan dalolat beradi. Bu esa haqiqiy diniy yo’ldan, asosiy maqsaddan ma’lum ma’noda chetga chiqishdir.
«Dunyo xonim» mavzusi ko’pincha «jon» bilan o’ta aniq bog’liqlikda qo’llaniladi. Sarlochinga o’xshash pokiza jon bir keksa shum kampir qo’liga bandi bo’lib tushib qoladi. Jonning bu moddiy dunyoga surgun qilinishi to’g’risidagi afsonani fors shoirlari ko’pincha shu voqea orqali tasvirlashadi, zero lochin bilan ov qilish O’rta Osiyoda hozirgi qunlarda ham eng sevimli sport turlaridan biri hisoblanadi. Kampir lochinni doimo qafasda saqlaydi va uning ko’zlarini bog’lab qo’yadi yoki boshiga ko’zlarini ham yopib turadigan qalpoqcha kiygizib qo’yadi. Natijada qush erkin, ozod yurgan damlarini, tug’ilib o’sgan Vatanini, uni qo’liga qo’ndirib ov qilishga o’rgatgan shahzodani butunlay unutib yuboradi. Badiiy tasvir ustasi Suhravardiy bu majozni nasrda bayon qilgan (vafoti 1191 yil).
O’z asarlarida qushlar mavzusini ustalik bilan ishlatgan mavlono Rumiy esa «Masnaviylar»ning bir bo’limini shum kampir qo’liga bandi bo’lib tushib qolgan «jon-lochin» chekkan dardu iztiroblarni tasvirlashga bag’ishlagan. Kampir qushni o’z ideallari, o’z ongu tushunchasi bo’yicha tarbiyalamoqchi bo’ladi. Qushning tirnoqlari va qanotlarini kesib qo’yadi, uni butunlay unga yoqmaydigan, u yemaydigan ovqatlar bilan boqmoqchi bo’ladi. Bir kuni kampir qushning oldiga bir kosa makaron sho’rva qo’yadi. Lochin uni ichmagach, jahli chiqqan kampir bug’i chiqib turgan sho’rvani lochinning boshidan quyib yuboradi.
«Miyasi aynigan alvasti kampir
Lochin ovqatimni mensimadi, der»,
deb yozadi mavlono. Zero, bu «dunyo xonim» jon qushining qanday taomlarga muhtoj ekanligini qaerdan bilsin? Ayollikning bunaqa salbiy suvratlari Budda ta’limotida ham, nasroniylarning diniy ta’limotida ham umuman so’fiyona ruhdagi barcha diniy oqimlarda uchrab turadi. So’fiylarning «shabva»dan, ya’ni shahvoniy istak, xohishdan qo’rqishi «ayollar hayot ildiziga bolta urguvchilardir», degan tasavvurlarning paydo bo’lishiga olib kelgan. Bu esa ilk so’fiylar orasida uylanmasdan, bo’ydoq hayot kechirish, dunyodan toq o’tishga intilish holatini keltirib chiqargan. Yaxshiyam Rasulullohning «Uylaninglar!» degan sunnati va Qur’oni karimning uylanish xususidagi ko’rsatmalari bor ekan, aks holda qanchadan qancha so’fiylar dunyodan toq o’tib ketgan bo’lurdilar. Ko’plab rivoyatlarda so’fiylarning Muhammad alayhissalomni tushlarida ko’rganliklari to’g’risida so’z yuritiladi. Payg’ambar ularga «Mendan o’rnak olinglar, uylanib bola-chaqa ko’ringlar, qavmimizning chinakam a’zolariga aylaninglar»!, deb pand-nasihat qilgan ekanlar. Shundan so’ng ko’pgina so’fiylar bu talabga «labbay», deb javob qilgan, ya’ni uylanib, bola-chaqa ko’rishgan.
Ammo so’fiylarning umumiy holati quyida Ibrohim ibn Adhamdan (777 yilda vafot etgan) deb rivoyat qilingan jumlalarda o’z aksini topganga o’xshaydi: «Agar biror kishi uylansa, demak u bir kemaga chiqqan hamda farzand ko’rsa, uning kemasi halokatga uchragan, deb hisoblanadi». Hatto ulkan so’fiylardan biri, oilasi bilan farovon turmush kechirgan mavlono, Rumiy ham o’zining nasriy asari «Fihi mo fihi», ya’ni «Borliq va Birlik xususinda» asarida (17-bob), oila qurib yashash to’g’risida birmuncha salbiy fikr bildirgan: «Erkaklar ayollarning ahmoqona valdirashlarini sabr-toqat bilan tinglab, o’zlarini tarbiyalashlari lozim. Ayollar shu maqsadda yaratilgan. Erkaklarning kir bo’lgan badanlarini pokizalashlarida ayollar sochiq vazifasini o’taydilar.
Oilaviy hayotning tinimsiz kurashlarida yengib chiqish va to’xtovsiz ravishda ayollarning qarshiligini sindirish kuchli shaxslarning ishidir. Bu ishlarni eplolmaydigan kishilar Iso alayhissalom yo’lini, ya’ni dunyodan toq va bevatan o’tish yo’lini tanlashlari lozim». Bundan tashqari mavlono Rumiy so’fiy oilalar hayotidan yana ko’pgina misollar keltiradi. (Er-xotin diniy hayotga bir xilda qiziqsa va xotin ham «Xudoning do’stlaridan» biri hisoblansa, demak bunday oila bizning fikri ojizimizcha juda shirin turmush kechirishi kerak). Ammo mavlononing «Masnaviylar»ida (Mas. VI. 2044 ff) buning butunlay teskarisi tasvirlangan. Rumiyning yozishicha, muridlardan biri bir kuni ulkan shayx Qarag’oniyni (vafoti 1034 yil) ziyorat qilmoqchi bo’ladi. Ammo shayxning xotini «o’zining oilaga zarracha foydasi tegmaydigan, esi kirdi-chiqdi bo’lib qolgan eri» to’g’risida shunchalar bemaza gaplarni aytadi-ki, muridning hafsalasi pir bo’lib, shayxni ziyorat qilishdan ayniydi va o’rmon oralab uyiga yo’l oladi. Ammo nogahonda o’rmonda ulkan bir sherni minib, qo’lida yo’g’on ola-chipor ilonni qamchi o’rnida ishlatib yurgan shayxga duch keladi. Hayratdan tili kalimaga kelmay, dong qotib qolgan muridni ko’rgan shayx unga yaqin kelib tushuntiradi: «Ko’ryapsanmi, azizim, uylanganimdan beri og’zi bir ochilsa yopilmaydigan vaysaqi xotinimning ahmoqona valdirashlariga, nozi-istig’nolariga
bardosh berib kelayotganligim sababli Allohim shu qonxo’r yirtqich va mana bu zaharli ilonni izmimga bo’ysundirib qo’ydi». Oilaviy hayotni ba’zi bir so’fiylar do’zaxning hidi, maza-matrasi yoki u yerda beriladigan azoblarning bu dunyodagi bir qismi, deb hisoblaganlar.
Arab so’fiylaridan biri, 748 yilda vafot etgan Malik ibn Dinorning yozishicha, Yusuf ismli bir kishi do’zaxda kishi qanday azoblarga duchor bo’lishi mumkinligini bilmoqchi bo’libdi. Shunda odamlar unga ma’lum bir ayolga uylanishni maslahat berishibdi. «Falonchining qiziga uylanib, sabr-toqat bilan yashasang, do’zaxda beriladigan eng dahshatli azoblar sen uchun rohat-farog’at bo’lib tuyuladi. O’shanga uylan!» Xa, Malik ibn Dinor «kishi o’zini butunlay Alloh yo’liga bag’ishlashi uchun xotinidan ajrashishi lozim», degan xulosaga keladi. Uning asarlaridan birida shunday yozuvlar bor: «Alloh bandasiga yaxshilikni ravo ko’rsa, u kishining xotini vafot etadi. Shu yo’l bilan bandaga o’zini Allohning hamdu sanosiga bag’ishlash imkoniyati yaratib beriladi». Ammo o’taketgan serjahl, jalojin ayollar ham erning karomati, ya’ni erning har qanday holatda sabr-toqat bilan xotiniga yaxshi munosabatda bo’lganligidan haq yo’lga o’tishi mumkin. Nikohdagi xotin to’g’risida yuqorida aytilgan shuncha salbiy fikrlardan keyin Dexlilik so’fiy Mir Dardning (vafoti 1785 yil) gaplarini o’qigan kishining qalbi, albatta, olam-olam quvonchga to’ladi: «Men xotinim va bolalarimni jon-jonimdan yaxshi ko’raman. Butun borlig’im ularning muhabbatiga limmo-lim. Bu muhabbat qandaydir g’ayriodatiy kuchlar ta’siridami yoki o’zimning sof insoniy tuyg’ularim asosida paydo bo’lganmi, bilmayman. Ehtimol u chinakam ilohiy ishq yoxud xotinim siymosida ilohiy qudratning mehribonlik ko’rinishida zuhur bo’lganligi uchun paydo bo’lgandir… Xudo biladi…»
Bu yerda Mir Dard bir tomon-u, hatto o’zining bolalarini o’pishni, ularning boshini siypalab qo’yishni ham katta gunoh deb hisoblaydigan qattiqqo’l, bag’ritosh so’fiylar bir tomon. Bunday so’fiylarning fikricha, yuqorida tasvirlangan holat so’fiyni butun fikru zikrini Allohga qaratishdan chalg’itar emish. Bunday so’fiylarni mavlono Rumiy quyidagicha tasvirlaydi: «Bolalarining o’limi ular uchun shirin sharbatdir». (Nasroniy avliyolari orasida ham shunday zotlar bo’lgan. Shular qatoriga masalan, Genuyalik Katarinani kiritish mumkin).
Shunga qaramasdan, Islom dini nozil etilgan ilk davrlardayoq Zahl at-Tustariy (vafoti 896 yil) oilaviy muhabbatning muhimligiga alohida urg’u bergan: «Xotiningni sevishing, agar bu sevgida yaxshilik va muloyimlik mujassam bo’lsa, Allohga bo’lgan muhabbatingdan voz kechishingni talab etmaydi». Er xotiniga bergan har bir luqma taom uchun samoviy mukofotlarga sazovor bo’ladi. Zaxiko Murata o’zining serizoh va sermazmun maqolasida ko’rsatib o’tganidek, bunaqa fikrlar Ibn Arabiydan biroz keyinroq yashab ijod qilgan so’fiylar tomonidan ham olg’a surilgan. Har holda faqat juda kamchilik bandalargina oilaviy xayotning barcha sir-sinoatlarini xuddi Payg’ambar alayhissalom singari amalga oshira oladilar, hamda jinsiy qo’shilish chog’ida o’zlarini ilohiyot qa’riga sho’ng’igandek his eta oladilar. (Zero, jinsiy qo’shilishdan olinadigan huzur-halovat ham ilohiy bir ne’matdir).
Ayol kishining biroz noto’laqonligi to’g’risidagi tasavvurlar (bu hol O’rta asrlardagi nasroniylarning diniy ta’limotida ham ma’lum va mashhur bo’lgan), ya’ni ayollarning «aql va zakovatda hamda dinda nomukammalligi» xalqona islomiy an’analarda Momo Havvoga taqab izohlanadi. Ammo bunaqa tasavvurlar Qur’oni karimga butunlay yotdir.
«Payg’ambarlar tarixi» asarida esa yuqorida aytilgan fikrlar mavjud. To’g’ri, ayollar o’zlarining nopokizalik davrida, ya’ni hayz ko’rgan davrida Qur’oni karimni qo’lga olishlari, o’qishlari mumkin emas, chunki Qur’oni karimning 56-sura, 79-oyatida «Uni faqat tahoratli, pok kishilargina qo’lga olishlari va o’qishlari mumkin, bo’lak kishilar ushlashga ham haqli emaslar», deb buyurilgan. Ammo mavlono Rumiyning yozishicha, Alloh taolo hayz ko’rayotgan ayollarning ham duolarini qabul qilarkan. (Mas. II jild. 1798 — 99). Qur’oni karimda ayollarning zimmasiga ham erkaklar zimmasiga yuklatilgan barcha diniy majburiyatlar yuklatilgan. Ammo shunga qaramasdan, ayollarga qandaydir pastkash, xavflik shaxs deb qarash g’oyalari shunga olib keldi-ki, o’zini butunlay Alloh yo’liga baxshida etgan zotlargina «erkak» deb hisoblanadigan bo’ldi. Bu hol 13-asrda Sharqiy Hindistonda tildan tilga ko’chib yurgan arabiy hikmatli so’zda yaqqol ifodalangan: «Tolib al-maula mudakkar…, ya’ni Alloh taolo visoliga intilgan kishi erkakdir, narigi dunyoga intilgan shaxs sustkash xunasadir va bu dunyoni tanlaganlar ayollardir». So’fiylar «erkak» g’oyasini el-yurt orasida ana shunday yo’llar bilan yoyganlar.
13-asrda yashab ijod qilgan Marokashlik so’fiy at-Tadimiy o’zining arab tilidagi asarini «At-tashavvuf fi ridjal at-tasavvuf», ya’ni «Tasavvufda erkaklar tasviri» deb nomlagan. O’sha davrda yaratilgan ko’pgina matnlarning shunday nomlanishi tipik holga aylanib qolgan edi. Ammo «radjul», ya’ni “erkak” tushunchasidan ko’ra barcha ijobiy xususiyatlarga ega bo’lgan yosh, bahodir yigitlarga nisbat berib aytiladigan «fato» tushunchasi muhimroqdir. Qur’oni karimning 21-sura, 60-oyatida Ibrohim alayhissalom «fato» deb atalgan. 18-suraning, ya’ni «Al-Qahf» surasining 10-oyatida esa g’orda 309 yil uxlatib qo’yilgan yigitlar ham «fato» deb atalgan. Hadislarda esa faqat Ali ibn Abu Tolibning «fato» ekanligi aytiladi. Qurodlar va idishlardagi minglab bitiklar ham shundan dalolat beradi.
Udarda «lo fato illo Ali, lo sayfi illo Zulfiqor», ya’ni «Xazrat Alidan bo’lak fato hamda uning Zulfiqoridan (qilichidan) bo’lak qilich yo’q», deb bitilgan.
Turk tilida erkakni «er», deb atashadi, fors she’riyatida esa chinakam erkak «mard», deb madh etiladi. Ulkan ismoiliy shoir va faylasuf Nosir Xusravning (vafoti 1072 yil) faqat Payg’ambar alayhissalomni erkak deb hisoblagani, qolgan barcha bandalarni u «ayollar», deb ataganini ham tushunish mumkin. Ammo so’fiylar o’zini Alloh yo’liga baxshida etib, faqat Allohning vasliga intilib yashagan ayollarni xam ayol emas, balki erkak deb ataganlar. Ular birinchi navbatda Robiya al-Adaviyyani xuddi shunday zot hisoblaganlar. Hindistondagi Chishtiya jamoasi vakillari o’zining o’ta xudojo’yligi va ulkan ruhiy qobiliyatlari ila boshqalardan ajralib turgan Indarpatlik Fotimani «ayol gavdasida yerga jo’natilgan erkak», deb tasvirlashganlari uchun o’sha yerlarda ham xuddi shunday tasavvurlar mavjud bo’lgan, degan xulosaga kelish mumkin. Nizomiddin Avliyo ham (vafoti 1325 yil) xuddi shunday an’analarga asoslanib, avliyolardan madad, duo iltijo qilayotgan darveshlarga qarata «avval avliyosifat ayollarga murojaat qilinglar, chunki bunday zotlar juda kam bo’ladi», deb nasihat qilgan.
Ibn Arabiyning fikricha, «agar kishi aql-idrok va zakovat hamda ruhiy boshqaruv orqali poklanib, tabiiy va hirsiy zulmatlarni ortda qoldirolsagina, uning «rudjuliyasi», ya’ni erkakligi takomilga yetadi. Alloh taolo tomon eltadigan so’qmoq yo’l talablari darajasiga yetolmagan erkaklar esa ayollardan ham yomonroq va pastroq hisoblanadi». Bunday tasavvurlar Hindiston, Eron va Turkiyadagi ko’plab so’fiy an’analarga hosdir. Mavlono Fariduddin Attor o’zining “Musibatnoma”sida aytganidek:
“Kim sevgi dardiga homiladormas,
U erkak ayoldir, hech erkak emas”.
Bu misralarda mavlono fors she’riyatida odat tusiga kirib qolgan «mard» (erkak) va «dard» (og’riq) qofiyadosh so’zlarini juda ustalik bilan ishlatgan, Ba’zi bir soxta «avliyolar» o’zlari ko’rsatgan mo»jizalar bilan maqtana boshlaganlarida chinakam taqvodor zotlar ularga qarata «mo»jiza ko’rsatish erkaklarning hayz ko’rishidir», deb kulib qo’yadilar. Zero, o’zlari ko’rsatgan mo»jizalaridan mag’rurlanib ketgan so’fiylar nopokliklari (hayz ko’rganliklari) tufayli ibodat qila olmay va shu sababdan Allohga yaqin bo’lish imkoniyatidan mahrum bo’lgan ayollar darajasiga tushib qoladilar. Chinakam musulmonlar esa Alloxga nisbatan bo’lgan muhabbatda erkak bilan ayolni bir-biridan farqlamaydilar, ya’ni «erkaklar Allohni ko’proq sevadilar, ayollar esa kamroq yoki aksincha» qabilidagi tushunchalar chinakam musulmonlar uchun butunlay yotdir. Quyida e’tiboringizga havola etilayotgan fors maqolini o’qib bunga yaqqol amin bo’lasiz:
“Ayol emas har bir ayol
Har erkak erkakmi deng.
Zero, Xudo besh barmoqni
Yaratganmas qilib teng”.
Turk so’fiylari ham bu holatni bir maqol orqali ifodalaganlar: «Yerkek arslan da arslan, dizi arslan arslan degilmu?» (Erkak sher sher-u, urg’ochi sher sher emasmi?) Bu ibora (maqol) 1300 yillarda hind so’fiylari orasida juda keng tarqalgan edi. Nizomiddin Avliyo xudojo’y ayollar to’g’risida gapira turib shunday degan ekan: «Bir arslon changalzorlardan chiqib, qishloqqa oralab qolsa, hech kimsa «bu erkak arslonmi yoki urg’ochimi?» deb so’ramaydi. Uni qishloqdan haydab chiqarish yoki o’ldirish payidan bo’ladi. Xuddi shunday, Odam Atoning barcha bolalari, erkak yoki ayolligidan qat’i-nazar, taqvodorlikka va Alloh taologa ibodat qilishga chaqirilganlar». Ibn Arabiy o’zining «Futu-hat al-makkiya», ya’ni «Makkadagi kashfiyotlar» asarida shunday yozadi:
«Quyida biz «erkak» nomi ostida tilga olgan bandalar orasida albatta ayollar ham mavjuddir». Mavlono Rumiyning no’xat to’g’risidagi masnaviylaridan (Mas. IV. 4158 ff) ma’lum bo’lishicha, ayol kishi so’fiylik so’qmog’idan ketayotgan erkak kishilarga muallimalik ham qilishi mumkin. Masnaviylarda aytilishicha, bir ayol (uy bekasi) no’xatga “vafot et va qaytadan tiril!” degan so’zlarning ma’nosini tushuntirib beradi. Mavlono Jomiy esa Robiyyani jinsiy farqlardan yuqori turadigan zot sifatida tasvirlaydi. Avliyolarning tarjimai hollari bitilgan «Nafohat al-uns» asarida u shunday deb yozadi:
«Barcha ayollar biz tilga olib o’tgan ayollar kabi bo’lganlarida edi erkaklarga qaraganda ancha ustunroq bo’lgan bo’lurdilar. Zero, «quyosh» so’zining jenskiy rodga mansubligi unga zarracha zarar keltirmaydi. Oyning mujskoy rodga mansubligi unga bo’lgan hurmat-e’tiborni oshirmaydi».
Mavlono Jomiy xuddi shunday o’xshatishni pul, mol-mulk va oilaviy baxt-saodatdan voz kechib, o’zini Alloh yo’liga baxshida etgan bir taqvodor ayolni tasvirlashda ham ustalik bilan ishlatadi. U o’zining «Subhat al-abror» asarida «Mozulda erkaklardan afzalroq bir ayol, bir arslon bor, u tulkilarning o’zini aldab ketishiga sirayam yo’l qo’ymaydi», deb yozadi. O’zining «Silsilat az-zahob» eposida esa u jinsiy farqlanishdan ancha yuqori turgan bir taqvodor ayolni o’ta nozik did bilan go’zal uslubda tasvirlashga erishgan. Eposda u misrlik so’fiy ayolning qahramonligini alohida bir muhabbat bilan kuylaydi. Bir muncha vaqt ilgari u bu ayolni Yafiiyning ma’lumotlariga asoslanib, o’zining «Avliyolarning tarjimai hollari» asarida qisqacha tilga olib o’tgandi. Asarda tasvirlanishicha, bu ayol ko’p yillar davomida joyidan jilmay, ibodat bilan mashg’ul bo’ladi:
Daraxtdek joyidan jilmay, o’ttiz yil
Bu ayol ibodat qildi muttasil.
Qushchalar in qurdi uning boshida,
Ilon kulcha bo’lib yotdi qoshida.
Yomg’irlar sochini yuvib o’tishdi,
So’ngra shabbodalar tarab ketishdi.
Quyoshning taftidan kuyganda osmon
Bulutlar asradi bo’lib soyabon.
Yeyishni, ichishni unutdi og’zi.
U farishta, duo uning ozig’i.
Atrofin chigirtka, chumoli tutdi,
Yirtqichlar bir hidlab, teginmay o’tdi.
O’rtada turdi u tosh ustunsimon,
Toat-ibodat-la bo’lib andarmon.
Tirik, o’likligi bilinmay hargiz,
Biru Bor husniga tikkanicha ko’z.
Ruhi ishq mavjida qalqib sarafroz,
Etsada, to’xtatmay ibodatlarin,
Jon qulog’i-la tinglar ishq oyatlarin.
«Ayol» deb kamsitma uni, behimmat,
Yuz erkakdan uning bir tuki qimmat.
Zero, «erkak» va «ayol» tushunchalari «chang, zarra» formalari, ko’rinishlari bilan bog’liqdir, jonning esa bunaqa ko’rinishlarga, formalarga umuman aloqasi yo’q. Erkak bilan ayol Alloh taologa qaytarilganda, latif tanlaridan bo’lak o’z shaxsiy tanalari bo’lmaydi. Buni Fariduddin Attordek ulkan so’fiy ham o’zining «Avliyolarning tarjimai hollari» asarida tan oladi. Shu sababdan hazrat Jomiy o’zining misrlik ismsiz so’fiy ayolga bag’ishlab yozgan qasidasini «Birlik olamida, ya’ni bandalar Alloxga qaytarilganda erkak bilan ayol o’rtasida qandaydir farqlar bo’lishidan Allohning o’zi asrasin», degan duo bilan yakunlaydi. Bu duo esa fikrimcha, har bir chinakam mo’min-musulmon tomonidan qo’llab-quvvatlanishi lozim.
MOMOLAR
Garchi bu serxatar, jirkanch va bevafo dunyo ko’pgina manbalarda «Momo» (keksa kampir) tarzida tasvirlansa-da, islomiy an’analarda «momo» (miskin beva) siymosi to’liq ijobiy mazmunga ega. Musulmonchilikda ota-onani e’zozlash, yetim-yesirlar va kambag’allar uchun jon kuydirish singari Qur’oniy ko’rsatmalar (2:215) hamda an’anaviy tarzda keksa kishilarni hurmat kilish odatlaridan kelib chiqib, momolarga ham alohida e’tibor beriladi. Ushbu kitobning boblaridan birida biz munkaygan, yuzlarini ajin bosgan bir momoning Payg’ambar alayhissalom bilan qilgan muloqoti to’g’risidagi rivoyatni misol qilib keltirgandik.
Unda aytilishicha: «momo Payg’ambardan so’raydi:
— Hazrat, ayting-chi, men kabi munkaygan, yuzlarini ajin bosgan, ko’zlari yiringlashgan kampirlar ham jannatga kiritiladimi?
— Yo’q, — bosh chayqadi Muhammad alayhissalom.
Kampirning ruhi tushib, chuqur oh tortdi. Egik qaddi battar munkaydi.
Shunda Rasululloh jilmayib dedilar:
— Yo’q, siz kabi munkaygan, yuzlarini ajin bosgan, ko’zlari yiringlashgan kampirlar jannatga kiritilmaydilar. Ular avval guldek yashnagan qiz holatiga qaytarilib, so’ngra jannatga kiritiladilar».
Nozil etilgan barcha haqiqatlarning soddadil momolar tomonidan gap-so’zsiz qabul qilinishi bora-bora «qabila momolarining iymoniga» aylangan hamda ular aqidaparast din olimlari va faylasuflarning ustamonlik bilan qilni qirq yoruvchi dalil-isbotlariga qarama-qarshi qo’yilgan. To’g’ri, bu hol ayniqsa hozirgi kunlarda zamonga moslasha olmay, eskilik sarqitlariga yopishib olgan hamda o’zlarnning bo’lmag’ur uydirmalari ila chinakam taraqqiyotga to’sqinlik qilayotgan an’anaviy doiralar nuqtai nazarini anglatishi mumkin, ammo biz bu fikrlarni keyinchalik tahlil etishga urinib ko’ramiz. Qisaiyning «Payg’ambarlar tarixi» kitobida Ibrohim alayhissalomdan but (sanam) sotib olish uchun kelgan bir momo to’g’risida rivoyat bor. Otasi yasagan butlarni parchalab tashlagan Ibrohim alayhissalom momoga Xudoning Biru Borligidan xabar beradi va faqat Unga sig’inish lozimligini uqtiradi. Momo ham Allohning yagonaligiga iymon keltiradi. Buni eshitgan qonxo’r shoh Namrud momoning qo’l-oyoqlarini choptirib tashlaydi. Biroq, mo»jizani ko’ringki, iymoni butun bo’lganligi uchun Allohning irodasi ila momo hech narsa ko’rmagandek, butunlay tuzalib ketadi.
So’fizm adabiyotida «momo» yoki «miskin beva» siymosi juda erta paydo bo’lgan. Misrlik so’fiy Zunnun (vafoti 859 yil) kambag’al va notanish kishilarni, ayniqsa, momolarni ilohiy donolikdan ulushdor kishilar sifatida tasvirlaydi: «Yo’lda bir momo mendan: «Kimsan?», — deb so’radi.
— Men bir begonaman, — dedim men.
— Bolam, barchamiz bir Allohning bandalarimiz, shundoq ekan, oramizda begona bormi? — dedi momo».
Shofiiy (vafoti 1367 yil) ilk taniqli so’fiylardan biri bo’lmish Abdul Vohid ibn Saiddan shunday rivoyat qiladi:
«Bu zot (ibn Said) Quddus shahriga borayotganida yo’lda unga bir momo hamroh bo’libdi hamda unga shunday ta’lim beribdi:
— Uni (Allohni) tanigan kishi kanaqasiga begona bo’lsin. Mening yo’lim biluvchilar yo’lidir. So’fiy piyoda yuruvchidir, biluvchi esa uchuvchidir».
Misrlik sufiy Zunnun shunday rivoyat qiladi: «Bir kuni men bir momodan so’radim:
— Ishqning oxiri nedur?
— Ishqning oxiri yo’qdir, — javob qildi momo.
— Nega?
— Shuni ham bilmaysanmi, xomkalla, chuvki ma’shuqning oxiri, yo’q-da». Ko’rinib turibdiki, bu yerda momo ishqning sirini biladigan zot sifatida tasvirlanmokda. Zero, Al-Kabir va Al-Boqiy sifatli Alloh taoloning cheki-chegarasi bo’lmaganligi hamda Uning yolg’iz O’zi Al-Avvalu Al-Oxir bo’lganligi uchun so’fiyning Unga muhabbati (ishqi) ham cheksiz-chegarasizdir.
So’fiyona ishqiy she’riyatning butun mohiyati bu yerda birgina gap orqali aniq-ravshan bayon etilgan. Ibn Arabiy yoshligida Sevilla shahrida uchratgan buyuk momolar shunday g’aroyib, dono va dongdor siymolar tajassumidir. So’fizm adabiyotida miskin bevalar qilgan hadya-ehsonlar, ularning qanchalar yuksak qadr-qimmatga ega ekanliklari to’g’risida ham rivoyatlar bor.
Aytishlaricha, mashhur Suhravardiya tariqati asoschisi, Abu Hafiz Umar as-Suhravardiy hazratlari (vafoti 1234 yil) haj safaridan qaytayotganlarida odamlar unga ko’plab sovg’a-salomlar berishadi. Uyga qaytgach, u sovg’alarni muridlariga tarqatib beradi, ammo yo’lda munkillagan bir momo bergan sariq mis chaqani o’zida qoldirib, doimo ko’z qorachig’idek asrab-avaylab yuradi.
Boshqa bir rivoyatda aytilishicha, keksa bir momo xuddi bir vaqtlar Robiya al-Adaviyya qilgani singari qo’lini bir cho’zib, havodan pul yig’ishtirib olarkan. Tarixiy momolar ishq azobi (og’rig’i)ning ham nimaligini yaxshi bilishgan. Shayx Fariduddin Attorning yozishicha, odamlar Mansur Hallojni toshbo’ron qilishayotganda, tomoshabinlar orasida turgan bir momo shunday deb qichqirgan: «— Qattiqroq uringlar! Qattiqroq uringlar! Allohni sevib, u bilan muloqotda bo’lish qanchalar azob ekanligini notavon ko’ngilli bu yung tituvchi bir bilib qo’ysin!».
«Ilohiynoma» asarida esa Fariduddin Attor Alloh ishqida lov-lov yonib, ado bo’layozgan bir momoning ajib siymosini yaratgan:
«Bozor qizg’in edi Bag’dodda, nogoh
Chang-to’zon aralash o’t ketdi har yon.
Atrofni chulg’adi chinqiriq, oh-voh,
Qayga bosh urishin bilmas olomon.
Shunda aso tutgan, munkaygan momo
Yong’in tomon qadam tatladi bir-bir.
«To’xtang, jinnimisiz, qayoqqa, obbo,
Yonib kul bo’ldi-ku uyingiz, axir».
«Sen o’zing jinnisan, jim bo’l, esipast,
Xudoyim uyimni yondirmoqchimas».
Kampirning kulbasi qoldi beziyon.
Shunda so’radilar: «Ne sir buvijon,
Shuncha uylar yondi, sizniki omon?»
Dedi: «Xudo shunday imtihon etar,
Kimga mol, kimlarga qasdi jon etar.
Men Uning ishqida bor-yo’qdan judo,
Uyimni yondirib ne qilar Xudo».
Munkaygan momo yoki miskin beva siymosi fors eposlarida adolat kurashchisi sifatida ham tasvirlanadi. Abul Majid Sanoiy o’zining «Hadikat al-haqiqa» asarida quyidagi voqeani misol qilib keltirgan: Bir miskin beva Sulton Mahmud G’aznaviyning oldiga borib, beshta turk askari uning uzumzorini payhon etganidan shikoyat qiladi. Sulton Mahmud askarlarni osishga hukm qilib, adolatni sevishini, kambag’allar va momolar uchun jon kuydirishga tayyorligini isbotlaydi. Ilyos Nizomiy (vafoti 1209 yil) o’zining «Mahzan al-asror» asarida xuddi shunga o’xshash voqeani zamon va makon nuqtai nazaridan o’ziga yaqin bo’lgan saljuqiy hukmdor Sanjarga bog’lab hikoya qiladi.
Mavlono Abdurahmon Jomiy (vafoti 1492 yil) ham bu voqeani o’zining «Silsilat az-zahob» («Oltin zanjir») asarida xuddi shu ko’rinishda misol qilib keltirgan. Bu hikoyatda ham arg’umoq otini yo’rttirib kelayotgan mag’rur hukmdor qo’rqmasdan o’z qarshisiga chiqib, ming mashaqqatlar bilan yetishtirgan uzum hosilini o’marib ketgan askarlar ustidan shikoyat qilib kelgan momoning dovyurakligiga qoyil qoladi va:
«Berdi unga oltin, uzumzor bog’ ham,
Toki farzandlari uzumga to’ysin»
Ko’plab Sharq mo»jaz rangtasvirlarida munkaygan, g’amgin momo qo’lida iltimosnoma tutgancha mag’rur otliq qoshida turganini ko’ramiz. Surat ostidagi matnga e’tibor berilmasa, bu miniatyuralarda keksayib qolgan Zulayhoning yuzlaridan nur taralib turgan Yusuf alayhissalom qoshida o’tinch-iltijo qilayotgan holati tasvirlangan, deb o’ylash mumkin. Boshqa ba’zi bir manbalarda momolar ogohlantiruvchi shaxs sifatida ham tasvirlanadi.
Shayx Fariduddin Attorning «Ilohiynoma»sida aytilishicha, Mahmud G’aznaviy tushida bir momoni ko’radi. Momo uni o’lim changalidan qutqarib qoladi. Qarangki, bir kun oldin shoh yo’lda shu momoga duch kelib, e’tibor bermay o’tib ketgan ekan. Shoh tush ko’rgan kunining ertasiga taxtida xomush o’tirganida, momo ariza ko’tarib uning qabuliga keladi va oxir natijada ko’pgina kishilarning xaloskoriga aylanadi. Asarda qudratli sulton ko’klarga ko’tarib maqtalgani bilan bir qatorda ezilgan, jabrdiyda momo siymosi ham markaziy obraz sifatida talqin etilganini osongina payqash mumkin, chunki uning duolari ijobat bo’ladi.
Arabiy arg’umoq kishnab ostida,
Zarbof kiyimlari nurda yaltirab,
Oltin yuganlarni tutib dastida,
Kumush uzangiga oyog’in tirab,
Kelar edi Sulton cherik boshida.
Uchradi yo’lida miskin bir momo,
Dardlari namoyon ko’zin yoshida,
Qo’lida aso-yu, iltimosnoma.
Zolimlar ustidan yozib shikoyat,
“Shoh arzim tinglar”, deb kutgandi g’oyat.
Shoh esa bermasdan unga e’tibor,
Beparvo, otini yo’rttirib o’tdi.
Miq etmay ayonlar o’tdi beshumor,
Bu holdan momoga ko’p ozor yetdi.
Shu kecha tush ko’rdi, tushida Mahmud
Yiqilmish serko’pik suv girdobiga.
Har qancha harakat qilmasin, behud,
Sovuq o’lim tutmish giribonidan.
Shunda paydo bo’lib momo nogahon,
Sultonga asoni uzatmish darhol.
«Bu girdob sen uchun tobut, begumon,
Hassamdan tutgin-u, undan chiqib ol!»
Shahanshoh hassaga yopishmish mahkam,
Momo tortmish uni qirg’oqqa asta.
Iymonu e’tiqod kuchin etib jam,
Shohni yulib olmish o’lim dastidan.
Dahshatli tushidan parishonxayol,
Ming chiroq yoqilsa, yorishmay dili ,
Tong chog’i shoh taxtga o’tirdi alhol,
Ayonlari bilan to’ldi o’ng-so’li.
Shu payt kirib keldi adolat izlab
Tushida ko’ringan momo saroyga.
Ko’z yoshi shashqator, bo’tadek bo’zlab,
O’xshardi bukchaygan qomati yoyga.
Shunda shoh o’rnidan sakrab turib, momoga peshvoz chiqdi. Izzat-ikrom ko’rsatib qo’lidan tutib taxt tomon yetakladi. Momoni taxtga o’tirg’izib, o’zi ham uning yonidan joy olib, saroy ayonlariga qarata shunday dedi:
Shu kecha tush ko’rdim, bir tush-ki, yomon,
Bexos yiqilibman girdobga toyib.
Shu momo bo’lmasa qolmasdim omon,
Bu momo har qancha hurmatga loyiq.
Agar u hassasin uzatmasaydi,
Aniq gap, men cho’kib o’lgan bo’lardim.
O’limning changali yoqamda edi.
Changda qolgan guldek so’lgan bo’lardim.
Momoning hassasi oddiy hassamas,
Unga qo’l tekkizgan quchadi zafar.
Bir-bir ushlab o’ting, shuning o’zi bas,
Qaytasiz janglardan omon, muzaffar.
Shunda ayonlaru askarlar momoning yonidan bir-bir o’tib, hassasini tuta boshladilar. Momo esa hassasini mahkam ushlagancha, shohning yonida mag’rur o’tirar, hassasi esa xuddi Muso alayhissalomning asosi singari qo’l tekkizgan kishiga kuch-quvvat baxsh etardi. Kunlar o’tgan sayin, keluvchilar soni oshib, odamlar turnaqatori cho’zilgandan cho’zilib ketdi. Buni ko’rgan shoh bir tomondan momoga biroz rahmi kelib, ikkinchi tomondan barchaning tilida momo bo’lib qolgani uchun biroz hasadi qo’zg’ab, momoga shunda murojaat qildi:
Qo’ymadikmi sizni charchatib, ona?
Odamlar behisob, siz-chi yagona.
Dam oling, charchagan bo’lsangiz biroz,
Bu yuk sizga og’ir, qilmang e’tiroz!
Shunda kampir dedi jilmayib: Shohim,
Nahotki yaxshilik qilish gunohim?
Bu ishning menga hech og’iri yo’qdir.
Charchagan emasman, ko’nglingni to’q qil.
To qazo kelguncha olmagayman dam,
Shohim, «dam ol!» deyish senga yarashmas.
Fil kabi Mahmudni qutqargan odam,
Namlni qutqarsa «voy belim» demas.
Momoning taqvodorligi hamda iymoni barcha to’siqlardan va hattoki yer yuzidagi eng qudratli shohlardan ham kuchliroq ekanligi ushbu parchada yaqqol ko’rinib turibdi.
Rivoyat qilishlaricha, Misrda Yusuf alayhissalomni kimoshdi savdosiga qo’yishganlarida, atrofda hozir bo’lganlar yuzlaridan nur taralib turgan bu go’zal mahbus yigitni qul qilib sotib olish uchun juda ko’p pul taklif etishgan. Shayx Fariduddin Attorning «Mantiq ut-tayr» kitobida yozilishicha, keksa bir savdogar momo ham kelib, o’zini xaridorlar to’dasiga uradi:
Qo’lda yigirilgan jun ip ko’tarib,
O’zini to’daga urdi bir momo.
Odamlarni u yon-bu yon itarib,
Qildi o’rtadagi dallolga imo:
«Tinchimni yo’qotdim intiqlikda men,
Kelgin, shu yigitni menga sota qol.
Ko’lini tutqazgin qo’limga sekin,
Mana, evaziga o’n g’altak ip ol!»
Dallol kulib dedi: «Befahm kampir,
Notavon ko’ngilga qo’tir jomashov.
Jun ipga alishar kim ham javohir?
Menimcha, es-hushing joyidamas-ov».
Momo der: «Bilaman, bu yigit g’ilmon,
Uncha-muncha boylar sotib ololmas.
Menga-chi, odamlar qolishib hayron,
Momo ham xaridor bo’lgan, desa bas».
Shu yo’l bilan u himmatning, ya’ni intiluvchining chinakam timsoliga aylanadi, chunki u maqsadiga yetisholmasligini aniq bilsa-da, burilib ketmaydi, hech bo’lmaganda shu maqsadga yaqinroq borishga harakat qiladi. Momoning maqsadga yetish yo’lidagi xatti-harakatlari qoralanishi mumkin, ammo uning niyati pok, sof niyatdir. Shundan kelib chikib, turk shoirasi Hubba 1500-yilda yozgan quyidagi g’azalida axtaruvchining duosini momoning yigirilgan jun iplariga taqqoslaydi:
“Har kim topganini etarkan taklif.
Orzu-niyatiga yetish-chun bir bor.
Momo beray devdi o’n g’altak jun ip,
Bozorda Yusufga bo’lib xaridor.
Men seni mengzayman o’shal momoga,
Yusuf diydoriga kashal momoga».
Duolari hech qachon ijobat bo’lmasligini aniq bilgan kishilar xam baribir umrining’ oxirigacha nimalardandir umidvor bo’ladi, nimanidir orziqib kutadi, zero inson umid bilan tirikdir. Bizlarni oliy maqsadlarga yo’naltiruvchi kuch ham, izlash-axtarishning asosiy siri ham shu umid-ishonchdadir. Yusuf alayhissalomga xaridor bo’lgan momodek o’zini o’tga-cho’qqa urib, Alloh taolo vasliga intilgan har bir jon Muqaddas Haj safari chog’ida Ka’batullohni ziyorat qilmaydi, aksincha, Ka’batulloh uning atrofini aylanib ziyorat qiladi. Shu ma’noda Zahl al-Tustariy (vafoti 896 yil) makkalik bir momodan shunday rivoyat qiladi: «Alloh taoloning jamolini ko’rish ishqida o’zligidan kecholgan zotning atrofida Makkatulloh aylanib ziyorat qilg’ay».
DAVOMI BOR
барча мақолалар учун миннатдорлик билдириб қоламан.