Мусиқа тинди. Атрофни чулғаган сукунат ичида кимдир кулиб юборди. Бир лаҳзадан кейин бутун майдон қаҳ-қаҳ уриб кулабошлаганди. Фақат бир кишигина кулмас эди. Бу одам ленинградлик ҳайкалтарош Виктор Дрижаков эди. Унинг чеҳрасидаги даҳшат ифодаси аста-секин лоқайдлик ва ночорлик ифодаси билан алмашди. Хўш, нима бўлган эди? Шўринг қурғур ҳайкалтарош Лениннинг шапкасини иккита ишлаб қўйипти. Биттаси доҳийнинг бошида. Иккинчисини қўлида чангаллаб олган. Мансабдорлар расвоси чиққан ҳайкалнинг устига апил-тапил парда ёпишди.
Сергей ДОВЛАТОВ
ЧЕМОДАН
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
АМАЛДОРНИНГ ТУФЛИСИ
Мен гапни очиқдан-очиқ тан олишдан бошламоғим керак. Бу туфлини мен ўғирлаб олганман десам бўлади.
Икки юз йил муқаддам муаррих Карамзин Францияга борган экан. Рус муҳожирлари ундан сўрашипти:
— Мухтасар айтганда, ватанимизда нималар бўляпти?
Карамзин битта сўз билан жавоб берипти:
— Ўғирлашяпти.
Чиндан ҳам ўғирлашяпти. Йил сайин қулочни каттароқ отишмоқда.
Гўшт комбинатидан молнинг сонларини олиб кетишади. Тўқимачилик комбинатидан калава ўғирлашади. Киноаппаратлар заводидан линзаларни ўмаришади.
Ҳамма нарсани — кафелми, гипсми, полиэтиленми, электр моторларими, мурватлар, радиолапмалар, иплар, шиша-ю ойналарми — ҳаммасини кўтариб кетишади.
Кўпинча буларнинг ҳаммаси ақл бовар қилмайдиган ўта мантиқсиз бир тусга киради. Мен биронта мақсадсиз қилинадиган мутлақо сирли ўғирликларни назарда тутяпман. Аминманки, бунақа ўғирлик фақат рус давлатидагина воқе бўлмоғи мумкин.
Мен ғоятда назокатли, олижаноб, пухта билимли бир одамни билардим — у корхонадан бир челак цемент қоришмасини олиб кетди. Табиийки, йўл-йўлакай қоришма қотиб қолган. Ўғри тош бўлиб қотиб қолган цементни уйига яқин қолганда улоқтириб юборган.
Бошқа бир ошнам агитпунктни дабдала қилипти. У овоз берадиган қутини олиб кетипти. Уйига олиб бориб қўйгандан кейингина тинчипти. Учинчи танишим ўт ўчирғични ўғирлаб кетипти. Тўртинчиси — бошлиғининг кабинетидан Поль Робсоннинг ҳайкалини олиб чиқиб кетипти. Бешинчиси — Шкапин кўчасидаги театр афишалари ёпиштириладиган тумбани ўмарипти. Олтинчиси — ҳаваскорлар клубидан ноталар қўйиладиган пюпитрни олиб кетипти.
Ўзингиз амин бўлишингиз мумкин — мен мақсадга мувофиқроқ тарзда ҳаракат қилдим. Мен хорижга сотишга мўлжалланган пишиқ-пухта совет ботинкасини ўғирладим. Албатта, мен уни магазиндан ўғирлаганим йўқ. Совет магазинида бунақа ботинкалар бўлмайди. Мен Ленинград шаҳар ижроқўми раисининг ботинкасини ўғирладим. Лўнда қилиб айтганда, Ленинград шаҳар мэрининг…
Аммо биз бир оз олдинга кетиб қолдик.
Армиядан бўшагач, мен завод газетасига ишга кирдим. Газетада уч йил хизмат қилдим. Кейин тушундим — мафкуравий иш менга тўғри келмас экан.
Мен кўнглимга яқинроқ бирон иш қилиш иштиёқига тушиб қолдим. Виждон азобларини қўзғамайдиган иш бўлса…
Бир вақтлар рассомлик мактабида ўқиганим эсимга тушди. Айтганча, мен атоқли рассом Шемякин тугатган мактабда ўқигандим. Баъзи бир малакалар сақланиб қолганди. Танишларим ошна-оғайнигарчилик йўли билан ДАСга (Декоратив-амалий санъат комбинати) жойлаб қўйишди. Мен тошйўнар устага шогирд бўлдим. Монументал ҳайкалтарошлик соҳасида ўзимни кўрсатишга жазм этдим.
Аммо монументал ҳайкалтарошлик жуда консерватив жанр. Бунинг сабаби — унинг монументаллигида.
Ҳеч кимга билдирмай роману симфониялар ёзса бўлади. Хуфия тарзда мўйқаламда расмлар чизиш мумкин. Аммо тўрт метрлик ҳайкални яширинча ишлаб кўринг- чи? Овора бўласиз.
Бунақа иш учун кенггина устахона керак. Каттагина миқдорда ёрдамчи маблағ зарур. Анча-мунча ёрдамчилар, шакл берувчилар, қолипчилар, юкчилар. Хуллас, бу ишингиз расман тан олинмоғи зарур. Бинобарин, содиқ фуқаро бўлмоғингиз керак. Ҳеч қанақа тажрибаларга ўрин йўқ.
Бир куни бир машҳур ҳайкалтарошнинг устахонасига бордим. Устахонанинг бурчак-бурчакларида унинг чала ишлари салобат тўкиб турипти. Мен осонгина Юрий Гагарин, Маяковский, Фидель Кастроларни танидим. Синчиклаб қарадим-у, донг қотиб қолдим, уларнинг ҳаммаси яланғоч эди. Яъни қип-яланғоч эди. Думбалари, олатлари, мушаклари ҳафсала билан яхшилаб ишланган.
Қўрққанимдан муз терга ботдим.
— Ҳайрон қоладиган жойи йўқ,— деб изоҳ берди ҳайкалтарош. — Биз реалистлармиз. Олдин гавдани ўхшатиб ишлаймиз. Кейин либосга буркаймиз. Аммо-лекин бизнинг ҳайкалтарошлар жуда бадавлат одамлар. Ҳаммадан кўпроқ Лениннинг тасвири учун олишади. Ҳатто Маркснинг кўп меҳнат талаб қиладиган соқолига ҳам бунақа саҳийлик билан ҳақ тўланмайди.
Лениннинг ҳайкали ҳар бир шаҳарда бор. Ҳар бир район марказида ҳам. Ленин ҳайкалига буюртмаларнинг кети узилмайди. Тажрибали ҳайкалтарош Лениннинг ҳайкалини кўзини юмиб туриб ишлаб ташлайди. Яъни кўзи боғлиқ ҳолда ҳам демоқчиман. Лекин ғаройиб воқеалар ҳам бўлиб туради. Масалан, Челябинскда бундай воқеа бўлган эди:
Марказий хиёбонда шаҳар советининг биноси рўпарасига Лениннинг ҳайкалини ўрнатмоқчи бўлишипти. Тантанали митинг ўтадиган бўлипти. Бир ярим мингтача одам тўпланипти.
Тантанали музика садолари янграпти. Нотиқлар жозибадор нутқлар ирод этишипти.
Ҳайкалнинг устига оқ мато ёпиб қўйилган экан.
Ниҳоят, ҳал қилувчи дақиқалар етиб келипти. Дўмбиралар садоси остида маҳаллий ижроқўм амалдорлари пардани туширишипти.
Ленин таниш қиёфада, яъни катта йўлда машина тўхтатмоқчи бўлиб қўлини кўтарган сайёҳ қиёфасида тасвирланган эди. Унинг ўнг қўли келажак сари йўлни кўрсатиб турарди. Чап қўлини этаги шамолда ҳилпираб турган пальтосининг чўнтагига тиқиб олган эди.
Мусиқа тинди. Атрофни чулғаган сукунат ичида кимдир кулиб юборди. Бир лаҳзадан кейин бутун майдон қаҳ-қаҳ уриб кулабошлаганди.
Фақат бир кишигина кулмас эди. Бу одам ленинградлик ҳайкалтарош Виктор Дрижаков эди. Унинг чеҳрасидаги даҳшат ифодаси аста-секин лоқайдлик ва ночорлик ифодаси билан алмашди.
Хўш, нима бўлган эди? Шўринг қурғур ҳайкалтарош Лениннинг шапкасини иккита ишлаб қўйипти. Биттаси доҳийнинг бошида. Иккинчисини қўлида чангаллаб олган.
Мансабдорлар расвоси чиққан ҳайкалнинг устига апил-тапил парда ёпишди.
Эрталаб ҳайкални бошқатдан очишди. Туни билан ортиқча шапкани олиб ташлашипти.
Биз яна чалғиб кетдик.
Катта ҳайкаллар бундай туғилади. Ҳайкалтарош лойдан модел тайёрлайди. Қолипчи уни ганчдан қолипга қуяди. Кейин тоштарошлар ишга киришади.
Ганчдан қуйилган ҳайкал бор. Ҳали шакли-шамойили йўқ мармар тош бор. Шу тошдан ҳамма ортиқча жойини олиб ташлаш керак. Ганч ҳайкалдан бир туки ҳам ўзга эмас нусха кўчирмоқ керак.
Бунинг учун махсус қурилмалар бор. Уларни пунктир машиналар деб аташади. Шу машиналар ёрдамида тошда мингларча кертмалар қилинади. Яъни бўлғувси ҳайкалнинг шакли-шамойили белгилаб чиқилади.
Шундан кейин тошйўнар чоғроқ перфоратор билан қуролланади. У мармарнинг бўртиб турган ортиқча жойларини олиб ташлайди. Сўнг скарпел (болға билан исканага ўхшаган асбоб) ишга тушади. Ишнинг сўнгги босқичи бошланади. Бу энг нозик, энг масъулиятли босқич…
Тошйўнар мармарнинг сатҳига ишлов беради. Ҳаракатларида жиндай адашса тамом. Мармар ҳам ички тузилишига кўра ёғочга ўхшаб кетади. Мармарнинг ҳам юмшоқ қатламлари, кўзлари, дарз кетган жойлари бўлади. Жуда қаттиқ жойлари ҳам бор. Бошқа жинслар сингишиб кетган ўринлари мавжуд. Хуллас, мармар билан бўладиган иш жуда оғир, катта меҳнат талаб қилади.
Мени тошйўнарлар бригадасига қўшиб қўйишди. Биз уч киши эдик. Бригадирнинг исми Осип Лихачев эди. Унинг ёрдамчиси ва дўсти — Виктор Ципин. Уларнинг иккови ҳам ўз ишининг моҳир усталари ва ўз-ўзидан маълумки, уччига чиққан пиёниста эди.
Лихачев кунда ичишни канда қилмас эди. Ципин эса бир ичса, сурункасига ичабошларди. Лекин Лихачев ҳам баъзан устма-уст босиб ичиб қолар, Ципин эса ҳар гал тўғри келганда бош оғриққа олиб туришдан қайтмасди.
Лихачев бадқовоқ, босиқ, камгап эди. Ў соатлаб индамай турарди-да, кейин тўсатдан лўнда ва сира кутилмаган гапларни гапириб юборарди. Унинг гаплари ичида ўйлаб юрган оғир ўйларининг давоми бўларди. У ўтиб кетаётган бирор одамга ўгириларди-да, кескин оҳангда гапириб юбораверарди.
— Мана, гапингни қара, ошна! Капитализм, Америка, Оврупо дейсан. Ҳар бир тирранчанинг енгил автомобили бор дейсан… Ҳолбуки, мени кечирасан-у, долларнинг қиймати тушяпти-ку!
— Демак, тушадиган жойи бор экан-да,— деб қувноқлик билан гапга қўшилади Ципин. — Тушаётган бўлса тушаверсин. Сенинг сўминг эса шуни ҳам эплолмайди.
Аммо Лихачев яна сукунат қўйнига шўнғийди-ю, индамай қўяқолади.
Ципин, аксинча, эзмароқ, кўнгли очиқ одам эди. У баҳслашишни ёқтирарди.
— Гап машинада эмас,—дерди у. — Ўзим ҳам машинани яхши кўраман. Капитализмда энг муҳим нарса — эркинлик. Хоҳласанг азондан ярим кечгача ичасан. Хоҳласанг суткалаб бошингни кўтармай меҳнат қиласан. Ҳеч қанақа ғоявий тарбия деган нарса йўқ. Ҳеч қанақа социалистик ахлоқ тиқилинч қилмайди. Қўлингни қаёққа чўзсанг яланғоч хонимларнинг суврати босилган журналга тегади. Сиёсат ҳам четда қолган эмас. Масалан, бирон-бир министр сенинг таъбингга ўтиришмади, дейлик. Майли. Жуда соз. Редакцияга ёзасан, министр «аблаҳ» дейсан. Истаган президентнинг башарасига тупурсанг бўлади. Вице-президентларни-ку айтмаёқ қўяй… Машина бўладиган бўлса, у ўзимизда ҳам бисёр… Менинг олтмишинчи йил- да чиққан «Запорожец»им бор. Аммо ундан нима наф?..
Дарҳақиқат, Ципин «Запорожец» сотиб олган. Аммо сурункасига ичгани учун ойлаб машинасини ҳайдаёлмайди. Ноябрь ойида машинаси қор тагида қолди. «Запорожец» деганлари ўртачароқ қорли дўнгликка айланди. Ҳовлидаги болалар унинг олдидан аримайдиган бўлиб қолишди.
Баҳорда қор эриб битди. «Запорожец» худди пойгачи машинадай япалоқ бўлиб қолипти. Болаларнинг чаналари унинг томини пачақлаб ташлабди.
Ципин буни кўриб хурсанд бўлиб кетди-ёв…
— Машина ҳайдаганда мен ҳушёр бўлмоғим керак. Ичар бўлсам, таксида ҳам етиб оламан…
Мен рўпара бўлган устозлар ана шунақа эди.
Кўп ўтмай биз буюртма олдик. Буюртма анча шошилинч эди. Бригада метронинг янги бекати учун тошдан йўниб, Ломоносовнинг қабариқ тасвирини тайёрлаб бермоғи керак эди. Ҳайкалтарош Чудновский тезлик билан моделни тайёр қилди, қолипчилар уни ганчдан қуйишди. Биз уни томоша қилишга тўпландик.
Ломоносовнинг устида кўнгилда шубҳа уйғотадиган аллақандай чопон бор эди. Ўнг қўлида бир ўрам қоғоз. Чап қўлида глобус. Менинг тушунишимча, оқ қоғоз ижоднинг, глобус эса илмнинг рамзи эди.
Ломоносовнинг ўзи тиқмачоқдан келган, башараси заифона, исқиртроқ эди. У чўчқага ўхшаб кетарди. Сталин даврида капиталистларни шунақа тасвирлашар эди. Афтидан, Чудновский руҳдан материянинг устунлигини кўрсатмоқчи бўлган бўлса керак.
Глобус менга маъқул бўлди. Лекин негадир томошабинлар томонига — Америкага қаратиб қўйилган эди.
Ҳайкалтарош Кордильер, Аппалач, Гвиана тоғларини жуда нафис ишлаган эди. У ҳатго Гурон, Атабаека, Манитоби каби кўллар-у дарёларни ҳам унутмапти.
Буларнинг бари жуда ғалати кўринишга эга эди. Менимча, Ломоносов замонида Американинг бунақа батафсил харитаси тагида мавжуд бўлмаган. Мен бу гапни Чудновскийга айтдим. Ҳайкалтарошнинг аччиғи келди.
— Сиз мактаб боласидек фикр қиляпсиз! Мен ишлаган ҳайкал мактаб қўлланмаси эмас. Сизнинг қаршингизда Бахнинг мармарда мужассам топган олтинчи инвенцияси. Аниқроқ айтганда, ганчда мужассам топган. Метафизик синтетизмнинг энг янги кўриниши!
— Қисқа ва аниқ! — деб гап қўшди Ципин.
— Индама,—деб менга шивирлади Лихачев. — Сенинг нима ишинг бор! Кутилмаганда Чундовский юмшади.
— Эҳтимол, сизлар ҳақдирсизлар. Шундоқ бўлса ҳам, ҳайкалга тегмаймиз. Ҳар бир ишда арзимаган бир миқдорда бўлса ҳам маънисизроқ жойи бўлмоғи керак.
Биз ишга киришдик. Аввалига комбинатда ишладик. Кейин маълум бўлдики, шошмоғимиз лозим экан. Бекатни ноябрь байрамига ишга туширишга қарор қилинипти.
Ишни бекатга бориб тугатишга тўғри келди. Яъни ер остида.
«Ломоносов» бекатида пардозлаш ишлари бормоқда эди. Бунда тошйўнарлар, электриклар, сувоқчилар меҳнат қилишмоқда. Сон-саноқсиз компрессорларнинг шовқини қулоқни қоматга келтиради. Куйган резинканинг ва ўлдирилаётган оҳакнинг ҳиди келади. Маъдан идишларда гулханлар ёнади.
Бизнинг моделимизни эҳтиёткорлик билан ер остига олиб тушишди. Уни баҳайбат қозиқларнинг устига ўрнатишди. Унинг ёнгинасида тўрт тонналик яхлит мармар тош занжирларда осиғлиқ турарди. Синчиклаб қараган одам бу тошда Ломоносовнинг шакли-шамойилини бир амаллаб таниб олса бўларди. Ишнинг энг масъулиятли қисмини биз бажармоғимиз керак эди.
Тўсатдан кутилмаган мураккаблик чиқиб қолди. Гап шундаки, эскалаторлар ишламас эди. Ароқ олиб келиш учун юқорига чиққанда олти юзта зинани босиб ўтиш керак эди.
Биринчи куни Лихачев шундай деди:
— Сен бориб кел. Ичимизда энг ёшисан.
Метро шунақа чуқурликда жойлашганини мен билмас эканман. Яна Ленинградда-я! Ленинграднинг ери зах, тупроғи бўш. Юқорига чиққунча икки марта тўхтаб, нафасимни ростлашга тўғри келди. Мен олиб келган бир шиша арақ бир зумда ичилиб кетди. Яна бориб келишга тўғри келди. Ҳамон уларнинг энг ёши мен эдим. Хуллас, бир кунда олти марта тепага чиқиб тушардим. Тиззаларим оғрийдиган бўлиб қолди.
Эртаси куни бошқача йўл тутдик. Яъни, бир йўла олти шиша олиб тушдим. Бунинг ҳам фойдаси бўлмади. Бизнинг заҳирамиз бошқаларнинг эътиборини жалб қилиб қолди. Электриклар, пайвандчилар, бўёқчилар, сувоқчилар теварагимизда айланишиб қолишди. Ўн минутдан кейин арақ тугади. Мен яна юқорига равона бўлдим.
Учинчи куни устозларим ичишни ташлашга аҳд қилишди. Албатта, вақтинчалик. Аммо теварак-атрофдагилар ҳамон ичишда давом этишар эди.
Бизни ҳам саҳийлик билан меҳмон қилишарди.
Тўртинчи куни Лихачев ёрилди:
— Мен текинхўр эмасман. Бировнинг ҳақига ичолмайман. Йигитлар, орамизда энг ёшимиз ким?
Мен яна юқорига йўл олдим. Юқорига чиқишга анча кўникиб ҳам қолдим. Афтидан, оёқларим бақувват тортиб қолди, шекилли.
Хуллас, асосан, ишни Лихачев билан Ципин бажаришарди. Ломоносовнинг қиёфаси борган сари аниқроқ тус олаборди. Айтмоқ керакки, унга сари у кўпроқ ёқимсиз бўлиб борарди.
Баъзан-баъзан ҳайкалтарош Чудновский пайдо бўлиб қоларди. Доҳиёна кўрсатмалар берарди. Йўл-йўлакай нималарнидир тузатиб кетарди.
Бекатда ишлаётганлар ҳам ўқтин-ўқтин Ломоносовга қизиқиб қолишарди. Масалан, шундай деб сўраб қолишарди:
— Сирасини айтганда, бу ўзи ким — эркакми, хотинми?
— Хунасароқ,— деб жавоб берарди уларга Ципин.
Байрам тобора яқинлашиб келмоқда. Пардоз ишлари битай деб қолди. «Ломоносов» бекати тантанавор қиёфа касб этди.
Полга гулдор плиткалар ётқизилди. Шифтга чўян қандиллар илинди. Деворлардан бирининг олдига бизнинг ҳайкалимиз қўйиладиган бўлди. У ерда темирлардан пайвандлаб жой тайёрланди. Сал юқорироқда яхлит мармартош илиниб турган занжирлар хира ялтирарди.
Мен полни супуриб чиқдим. Устозларим пардознинг сўнгги рангларини беришмоқда. Ципин ҳайкалнинг ботинкасига жило бермоқда. Лихачев парикнинг гажакларини тўғрилаяпти.
Бекат очиладиган куннинг арафасида биз ер остида тунаб қолдик. Ўзимиз ишлаган ҳайкални жойига ўрнатмоғимиз керак эди. Уни темир ўқларга кийдириб, мустаҳкам бўлсин учун эпоксидли мой қуйиб, қотирмоғимиз лозим эди.
Бунақа оғир нарсани ердан тўрт метр юқорига кўтариш анча оғир иш. Биз бир неча соат овора бўлдик. Ҳадеганда ишимиз юришавермади. Темир ўқлар жойига тушавермас эди. Занжир ғижирлар, тош чайқаларди. Лихачев овози борича бақирарди:
— Яқинлашма!
Ниҳоят, мармар тош ер устида муаллақ туриб қолди. Биз занжирларни ечиб олиб анча нарига бориб турдик. Узоқдан Ломоносов кўрса кўргудек қиёфада эди.
Ципин билан Лихачев енгил тортиб, ичишди. Кейин эпоксидли мойдан тайёрлай бошлашди.
Биз тонгга яқин тарқалишдик. Соат бирда тантанали очилиш маросими бўлмоғи керак эди.
Лихачев янги костюм кийиб келди. Ципиннинг устида замша куртка билан жинси. Унинг ўзига етадиган олифта эканидан бехабар эканман.
Айтганча, икковлари ҳам ҳушёр эди. Шундайлигидан ҳатто ранглари ўчиб кетгандай туюларди.
Биз ер остига тушдик. Мармар устунлар орасида башанг кийинган ҳушёр ишчилар айланиб юришипти. Лекин кўпларининг чўнтаклари сезилар даражада қаппайиб турипти.
Тўртта дурадгор шоша-пиша чоғроқ минбар ясашяпти. Минбарни ҳайкал тагига ўрнатишлари керак.
Осип Лихачев овозини пасайтириб, менга деди:
— Эпоксидли мой қотиб улгурмаганми дейман-да… Ципа эритгични жуда кўп қуйиб юборувди. Хуллас, бу мармар қоя зўр-базўр илиниб турипти. Шунинг учун митинг бошланиши билан бир чеккага чиқиб тур. Хотинингга ҳам айтиб қўй, эҳтиёт бўлсин.
— Ие, у ерда ахир, Ленинграднинг ҳамма казо-казолари бўлади-ку?— дедим мен. — Ҳайкалимиз қулаб тушса нима бўлади?
— Қулаб тушса чакки бўлмас балки,— деб ланж жавоб берди бригадир.
Соат бирда донгдор меҳмонлар келмоғи керак эди. Шаҳар мэри ўртоқ Сизовни кутишяпти. Ленинград жамоатчилигининг вакиллари унга ҳамроҳ бўлмоқлари керак. Олимлар, генераллар, спортчилар, ёзувчилар.
Очилиш дастури бундай эди: аввал бир гуруҳ одамлар учун кичикроқ зиёфат. Кейин қисқача митинг. Фахрий ёрлиқлар ва мукофотларни топшириш. Кейинчалик эса бекат бошлиғи айтганидек, «кимнинг кўнгли кимда бўлса…» Биров ресторанга, биров бадиий ҳаваскорлар концертига.
Меҳмонлар бирдан йигирмата ўтганда келишди. Мен композитор Андрей Петровни, штанга кўтарувчи Дудкони ва режиссер Владимировни танидим. Шаҳар мэрини ҳам танидим, албатта.
У баланд бўйли, ҳали унча қаримаган одам эди. Қиёфасидан зиёлинамо эди. Миқтидан келган иккита бадқовоқ йигит уни қўриқлаб турарди. Уларнинг чеҳрасида алланечук тундлик бор эди. Бу тундлик уларнинг муштлашишга тайёр эканликларидан далолат берарди.
Мэр бекатни айланиб чиқди, бизнинг ҳайкалимиз олдида қадамини секинлатди. Паст овозда сўради:
— Бу менга кимни эслатяпти?
— Хрушчевми,— деди бизга кўз қисиб Ципин.
Бу орада минбарга пушти сатин қоплаб бўлишди. Бир неча минутдан кейин стол ёнига таклиф қилишди.
Ён томонда аллақандай сирли эшик очилди. Кенггина бир хонага кўзимиз тушди. Мен бу хонанинг борлигини билмаган эканман. Афтидан, бу ерда маъмурият учун бомбадан қочадиган жой қилишмоқчи бўлган кўринади.
Зиёфатда меҳмонлар билан бирга бир нечта хизмат кўрсатган ишчилар ҳам иштирок этишди. Биз уччовимиз ҳам таклиф қилинган эдик. Афтидан, бизни маҳаллий зиёлилар қаторига киритишган эди.
Бунинг устига ҳайкалтарошнинг ўзи йўқ эди.
Стол теварагига ҳаммаси бўлиб ўттизтача одам сиғди. Бир томонга меҳмонлар ўтирди, уларнинг рўпарасига биз жойлашдик.
Биринчи бўлиб бекат бошлиғи гапирди. У шаҳар мэрини таништирар экан, уни «матонатли ленинчи» деб атади. Ҳамма узоқ қарсак чалди.
Шундан кейин мэр сўз олди. У қоғозга қараб гапирди. Ишлардан жуда мамнун эканини изҳор қилди. Ҳамма меҳнаткашларни ишни муддатидан олдин бажарганлари билан қутлади. Тутила-тутила уч-тўртта фамилияни айтди. Ниҳоят, ленинча доно раҳбарият учун қадаҳ кўтаришни таклиф қилди.
Ҳаммага жон киргандай бўлди. Қўллар қадаҳларга узатилди.
Кейин яна бир неча марта алёр айтилди. Бекат бошлиғи мэр учун ичишни таклиф қилди. Композитор порлоқ келажак учун, режиссёр Владимиров мамлакатларнинг тинч-тотувлиги учун кўтарди. Штанга кўтарувчи Дудко эса кўз ўнгимизда ҳақиқатга айланаётган эртак учун оқ уришга чақирди.
Ципин қизариб кетганди. У бир стакан коньякни ичиб олиб, шампанскийга қўл узатди.
— Аралаштирма,— деб маслаҳат берди бригадир. — Ўзинг етилиб қолибсан.
— Аралаштирма деганинг нимаси?— деб ҳайрон бўлди Ципин. — Нима учун аралаштирмай? Мен йўлига амал қилиб аралаштираман. Ҳаммаси бадастир бўлади. Ароқни пиво билан аралаштирсанг — бир гўр. Коньякни шампанскийга қўшсанг йўриғи бошқа. Бу масалада устаси фарангман. Менинг олдимга тушадигани йўқ.
— Кўриниб турипти,— деди қовоғини уйиб Лихачев. — Тайёрлаган эпоксидли мойингдан билувдим.
Бир дақиқадан кейин ҳамма бараварига жаврай бошлади. Ципин режиссёр Владимировни қучоқлаб олган. Бекат бошлиғи мэрнинг кўнглини овлаш билан овора. Сувоқчилар билан тошйўнарлар бир-бирларига гап бермай, иш ҳақининг камлигидан нолишга тушишди.
Фақат Лихачевгина жим эди. Ниманидир ўйлаб ўтирипти, шекилли. Кейин сира кутилмаганда штанга кўтарувчига мурожаат қилиб, деди:
— Бир яҳудий жувонни билардим. Улфатчилик қилганмиз. Яхши пазанда эди.
Мен бўлсам мэрдан кўзимни олмай ўтирибман. У нимадандир безовта эди.
Нимадир унга малол келмоқда. Уни қошини чимиришга ва сергакланишга мажбур қилмоқда. Вақти-вақти билан чеҳрасида уқубатли бир жилмайиш пайдо бўлади.
Кейин бундай воқеа содир бўлди.
Мэр кескин ҳаракат билан столга сурилди. Бошини қуйи эгмай, ўзи қуйи энгашди. Чап қўлидаги нонини қўйиб, уни пастга йўналтирди.
Бир дақиқача фахрий меҳмоннинг башараси жуда жиддий тус олди. Кейин мэр билинар-билинмас инқиллади-да, анча енгил тортиб, ўриндиқнинг суянчиғига ястанди. Кейин мамнун чеҳра билан яна нонни қўлига олди.
Шунда мен ҳеч кимга билинтирмай дастурхонни кўтардим. Столнинг тагига бирров қарадим-у, дарров қаддимни ростладим. Кўрган нарсам мени лол қолдирди ва дамимни чиқармасликка мажбур этди.
Бировнинг сиридан воқиф бўлиб қолдим-да… Нимани кўрдинг?—деб сўранг. Мен мэрнинг катта-катта оёқларини кўрдим. У қалин кўк ипак пайпоқ кийиб олган экан. Оёқларининг бармоқлари ўйноқлаб турарди. Гўё мэр оёғи билан рояль чалаётгандай. Оёғининг ёнида ботинкаси турипти.
Шу топда билмадим — менга нима бўлди? Менинг шу пайтгача мудраб келган диссидентлигим бош кўтардими? Ёки менинг томирларимдаги жиноятчилик қони гупуриб кетдими? Ёки менга аллақандай бузғунчи кучлар таъсир этдими?
Ҳаётда бир марта ҳар кимда ҳам шундай бўлади.
Ундан кейин воқеаларни ғира-шира эслайман. Мен секингина ўриндиқнинг чеккасига сурилдим. Оёғимни чўздим. Оёғим билан пайпаслаб мэрнинг ботинкасини топдим-да, эҳтиёткорлик билан ўзимга сурдим.
Шундан кейингина қўрқувдан донг қотиб қолдим.
Шу лаҳзада бекат бошлиғи ўрнидан турди.
— Диққат, дўстлар. Сизларни бир зумлик тантанали митингга таклиф қиламан. Фахрий меҳмонлар, минбарда жойларингизни эгалланг!
Ҳамма ҳаракатга келди. Режиссёр Владимиров галстугини тўғрилади. Штанга кўтарадиган Дудко апил-тапил шимининг тугмаларини қадади. Ципин билан Лихачев истамайгина қадаҳларидан ажрадилар.
Мен мэрга қарадим. Мэр хавотир билан аланг-жаланг бўлиб, оёқлари билан стол остини тимирскиларди. Албаттаки, мен буни кўрганим йўқ. Лекин унинг юзидаги саросимадан буни сезиб турибман. Борган сари қидириш доирасини кенгайтираётгани шундоқ аён бўлиб турипти.
Менинг нима иложим бор эди?
Мен ўтирган ўриндиқнинг ёнида Лихачевнинг портфели турганди. Портфелни сира ёнимиздан қўймас эдик. Ахир унга ўн олти шиша ароқ сиғар эди. Уни кўтариб юриш буткул менга топшириб қўйилган эди.
Мен дастрўмолимни тушириб юбордим. Сўнг эгилдим-да, мэрнинг ботинкасини портфелга солиб қўйдим. Қўлим тегиши билан уларнинг вазминлигидан пишиқлигини ҳис қилдим. Буларнинг барини бирор киши пайқаб қолди деб ўйламайман.
Портфелнинг оғзини ёпиб ўрнимдан турдим. Қолганлар ҳам оёққа турган эди. Ўртоқ Сизовдан бошқа ҳамма тик турганди. Соқчилар саволчан назар билан хўжайинларига қараб-қараб қўйишяпти.
Шу пайтда шаҳар мэри ўзини ақлли ва топқир одам сифатида кўрсатди. У кафтларини кўкрагига босиб, паст овозда шивирлади:
— Мазам бўлмай кетяпти. Жиндай ёнбошламасам бўлмайди…
Мэр тезгина костюмини ечди, бўйинбоғини бўшатди ва телефоннинг ёнидаги диванга чўзилди. Унинг кўк ипак пайпоқли оёқлари ҳорғинлик билан икки томонга очилди. Қўлларини қорни устига чалиштириб олганди. Кўзлари юмуқ.
Соқчилар югуриб қолишди. Бири врачга қўнғироқ қилди. Иккинчиси буюра бошлади:
— Бинони бўшатинглар! Бинони бўшатинглар дейман! Тезроқ! Митингни бошланг! Бошланг митингни!
— Бирор ёрдамим тегармикин?— деб гапга аралашди бекат бошлиғи.
— Қани, туёғингни шиқиллатиб қол!— деган жавоб янгради.
Биринчи соқчи қўшимча буюрди:
— Стол устидаги нарсаларга тегилмасин. Ҳаммаси қандоқ бўлса, шундай қолсин! Зараркунандалик бўлган бўлиши мумкин. Қатнашганларнинг фамилияси ёзиғлиқ бўлса керак?
Бекат бошлиғи тилёғламалик билан деди:
— Рўйхатни ўзим тайёрлаб бераман.
Биз бинодан чиқдик. Портфелни кўтариб борар эканман, қўлларим қалтирар эди. Устунлар орасида ишчилар тўп-тўп туришибди. Худога шукур, Ломоносовнинг ҳайкали жойида турипти.
Митингни бекор қилишмади. Сардорларидан маҳрум бўлган донгдор меҳмонлар минбарнинг олдида қадамларини секинлатдилар. Уларга минбарга чиқишни буюришди. Меҳмонлар мармар ҳайкал тагига тизилиб ўтиришди.
— Юринглар, кетдик,— деди Лихачев,— нима, митинг кўрмабмизми? Мен Чкалов кўчасида бир пивохонани биламан.
— Ҳайкал тушиб кетмаганига ўзимиз ишонч ҳосил қилсак чакки бўлмас эди-да,— дедим.
— Тушиб кетса,— деди Лихачев,— пивохонада ўтириб ҳам эшитамиз.
Ципин гапга қўшилди:
— Чакана кулги бўлмас-ов…
Биз юқорига чиқдик. Қуёш чарақлаб турган бўлса-да, ҳаво совуқ эди. Шаҳар байрам байроқлари билан безатилганди.
Бизнинг Ломоносовимизни эса икки ойдан кейин олиб ташлашди. Ленинград олимлари газетага мактуб ёзишди. Бизнинг ҳайкалимиз улуғ сиймонинг шаънига доғ туширади, деб шикоят қилишди.
Табиийки, бу даъволар Чудновскийга қаратилган эди. Бизнинг ҳақимизни тўла-тўкис беришди. Лихачев деди:
— Муҳими шу…
Sergey DOVLATOV
CHEMODAN
Ortiqboy Abdullaev tarjimasi
AMALDORNING TUFLISI
Men gapni ochiqdan-ochiq tan olishdan boshlamog’im kerak. Bu tuflini men o’g’irlab olganman desam bo’ladi.
Ikki yuz yil muqaddam muarrix Karamzin Frantsiyaga borgan ekan. Rus muhojirlari undan so’rashipti:
— Muxtasar aytganda, vatanimizda nimalar bo’lyapti?
Karamzin bitta so’z bilan javob beripti:
— O’g’irlashyapti.
Chindan ham o’g’irlashyapti. Yil sayin qulochni kattaroq otishmoqda.
Go’sht kombinatidan molning sonlarini olib ketishadi. To’qimachilik kombinatidan kalava o’g’irlashadi. Kinoapparatlar zavodidan linzalarni o’marishadi.
Hamma narsani — kafelmi, gipsmi, polietilenmi, elektr motorlarimi, murvatlar, radiolapmalar, iplar, shisha-yu oynalarmi — hammasini ko’tarib ketishadi.
Ko’pincha bularning hammasi aql bovar qilmaydigan o’ta mantiqsiz bir tusga kiradi. Men bironta maqsadsiz qilinadigan mutlaqo sirli o’g’irliklarni nazarda tutyapman. Aminmanki, bunaqa o’g’irlik faqat rus davlatidagina voqe bo’lmog’i mumkin.
Men g’oyatda nazokatli, olijanob, puxta bilimli bir odamni bilardim — u korxonadan bir chelak sement qorishmasini olib ketdi. Tabiiyki, yo’l-yo’lakay qorishma qotib qolgan. O’g’ri tosh bo’lib qotib qolgan sementni uyiga yaqin qolganda uloqtirib yuborgan.
Boshqa bir oshnam agitpunktni dabdala qilipti. U ovoz beradigan qutini olib ketipti. Uyiga olib borib qo’ygandan keyingina tinchipti. Uchinchi tanishim o’t o’chirg’ichni o’g’irlab ketipti. To’rtinchisi — boshlig’ining kabinetidan Pol` Robsonning haykalini olib chiqib ketipti. Beshinchisi — Shkapin ko’chasidagi teatr afishalari yopishtiriladigan tumbani o’maripti. Oltinchisi — havaskorlar klubidan notalar qo’yiladigan pyupitrni olib ketipti.
O’zingiz amin bo’lishingiz mumkin — men maqsadga muvofiqroq tarzda harakat qildim. Men xorijga sotishga mo’ljallangan pishiq-puxta sovet botinkasini o’g’irladim. Albatta, men uni magazindan o’g’irlaganim yo’q. Sovet magazinida bunaqa botinkalar bo’lmaydi. Men Leningrad shahar ijroqo’mi raisining botinkasini o’g’irladim. Lo’nda qilib aytganda, Leningrad shahar merining…
Ammo biz bir oz oldinga ketib qoldik.
Armiyadan bo’shagach, men zavod gazetasiga ishga kirdim. Gazetada uch yil xizmat qildim. Keyin tushundim — mafkuraviy ish menga to’g’ri kelmas ekan.
Men ko’nglimga yaqinroq biron ish qilish ishtiyoqiga tushib qoldim. Vijdon azoblarini qo’zg’amaydigan ish bo’lsa…
Bir vaqtlar rassomlik maktabida o’qiganim esimga tushdi. Aytgancha, men atoqli rassom Shemyakin tugatgan maktabda o’qigandim. Ba’zi bir malakalar saqlanib qolgandi. Tanishlarim oshna-og’aynigarchilik yo’li bilan DASga (Dekorativ-amaliy san’at kombinati) joylab qo’yishdi. Men toshyo’nar ustaga shogird bo’ldim. Monumental haykaltaroshlik sohasida o’zimni ko’rsatishga jazm etdim.
Ammo monumental haykaltaroshlik juda konservativ janr. Buning sababi — uning monumentalligida.
Hech kimga bildirmay romanu simfoniyalar yozsa bo’ladi. Xufiya tarzda mo’yqalamda rasmlar chizish mumkin. Ammo to’rt metrlik haykalni yashirincha ishlab ko’ring- chi? Ovora bo’lasiz.
Bunaqa ish uchun kenggina ustaxona kerak. Kattagina miqdorda yordamchi mablag’ zarur. Ancha-muncha yordamchilar, shakl beruvchilar, qolipchilar, yukchilar. Xullas, bu ishingiz rasman tan olinmog’i zarur. Binobarin, sodiq fuqaro bo’lmog’ingiz kerak. Hech qanaqa tajribalarga o’rin yo’q.
Bir kuni bir mashhur haykaltaroshning ustaxonasiga bordim. Ustaxonaning burchak-burchaklarida uning chala ishlari salobat to’kib turipti. Men osongina Yuriy Gagarin, Mayakovskiy, Fidel Kastrolarni tanidim. Sinchiklab qaradim-u, dong qotib qoldim, ularning hammasi yalang’och edi. Ya’ni qip-yalang’och edi. Dumbalari, olatlari, mushaklari hafsala bilan yaxshilab ishlangan.
Qo’rqqanimdan muz terga botdim.
— Hayron qoladigan joyi yo’q,— deb izoh berdi haykaltarosh. — Biz realistlarmiz. Oldin gavdani o’xshatib ishlaymiz. Keyin libosga burkaymiz. Ammo-lekin bizning haykaltaroshlar juda badavlat odamlar. Hammadan ko’proq Leninning tasviri uchun olishadi. Hatto Marksning ko’p mehnat talab qiladigan soqoliga ham bunaqa sahiylik bilan haq to’lanmaydi.
Leninning haykali har bir shaharda bor. Har bir rayon markazida ham. Lenin haykaliga buyurtmalarning keti uzilmaydi. Tajribali haykaltarosh Leninning haykalini ko’zini yumib turib ishlab tashlaydi. Ya’ni ko’zi bog’liq holda ham demoqchiman. Lekin g’aroyib voqealar ham bo’lib turadi. Masalan, Chelyabinskda bunday voqea bo’lgan edi:
Markaziy xiyobonda shahar sovetining binosi ro’parasiga Leninning haykalini o’rnatmoqchi bo’lishipti. Tantanali miting o’tadigan bo’lipti. Bir yarim mingtacha odam to’planipti.
Tantanali muzika sadolari yangrapti. Notiqlar jozibador nutqlar irod etishipti.
Haykalning ustiga oq mato yopib qo’yilgan ekan.
Nihoyat, hal qiluvchi daqiqalar yetib kelipti. Do’mbiralar sadosi ostida mahalliy ijroqo’m amaldorlari pardani tushirishipti.
Lenin tanish qiyofada, ya’ni katta yo’lda mashina to’xtatmoqchi bo’lib qo’lini ko’targan sayyoh qiyofasida tasvirlangan edi. Uning o’ng qo’li kelajak sari yo’lni ko’rsatib turardi. Chap qo’lini etagi shamolda hilpirab turgan pal`tosining cho’ntagiga tiqib olgan edi.
Musiqa tindi. Atrofni chulg’agan sukunat ichida kimdir kulib yubordi. Bir lahzadan keyin butun maydon qah-qah urib kulaboshlagandi.
Faqat bir kishigina kulmas edi. Bu odam leningradlik haykaltarosh Viktor Drijakov edi. Uning chehrasidagi dahshat ifodasi asta-sekin loqaydlik va nochorlik ifodasi bilan almashdi.
Xo’sh, nima bo’lgan edi? Sho’ring qurg’ur haykaltarosh Leninning shapkasini ikkita ishlab qo’yipti. Bittasi dohiyning boshida. Ikkinchisini qo’lida changallab olgan.
Mansabdorlar rasvosi chiqqan haykalning ustiga apil-tapil parda yopishdi.
Ertalab haykalni boshqatdan ochishdi. Tuni bilan ortiqcha shapkani olib tashlashipti.
Biz yana chalg’ib ketdik.
Katta haykallar bunday tug’iladi. Haykaltarosh loydan model tayyorlaydi. Qolipchi uni ganchdan qolipga quyadi. Keyin toshtaroshlar ishga kirishadi.
Ganchdan quyilgan haykal bor. Hali shakli-shamoyili yo’q marmar tosh bor. Shu toshdan hamma ortiqcha joyini olib tashlash kerak. Ganch haykaldan bir tuki ham o’zga emas nusxa ko’chirmoq kerak.
Buning uchun maxsus qurilmalar bor. Ularni punktir mashinalar deb atashadi. Shu mashinalar yordamida toshda minglarcha kertmalar qilinadi. Ya’ni bo’lg’uvsi haykalning shakli-shamoyili belgilab chiqiladi.
Shundan keyin toshyo’nar chog’roq perforator bilan qurollanadi. U marmarning bo’rtib turgan ortiqcha joylarini olib tashlaydi. So’ng skarpel (bolg’a bilan iskanaga o’xshagan asbob) ishga tushadi. Ishning so’nggi bosqichi boshlanadi. Bu eng nozik, eng mas’uliyatli bosqich…
Toshyo’nar marmarning sathiga ishlov beradi. Harakatlarida jinday adashsa tamom. Marmar ham ichki tuzilishiga ko’ra yog’ochga o’xshab ketadi. Marmarning ham yumshoq qatlamlari, ko’zlari, darz ketgan joylari bo’ladi. Juda qattiq joylari ham bor. Boshqa jinslar singishib ketgan o’rinlari mavjud. Xullas, marmar bilan bo’ladigan ish juda og’ir, katta mehnat talab qiladi.
Meni toshyo’narlar brigadasiga qo’shib qo’yishdi. Biz uch kishi edik. Brigadirning ismi Osip Lixachev edi. Uning yordamchisi va do’sti — Viktor Sipin. Ularning ikkovi ham o’z ishining mohir ustalari va o’z-o’zidan ma’lumki, uchchiga chiqqan piyonista edi.
Lixachev kunda ichishni kanda qilmas edi. Sipin esa bir ichsa, surunkasiga ichaboshlardi. Lekin Lixachev ham ba’zan ustma-ust bosib ichib qolar, Sipin esa har gal to’g’ri kelganda bosh og’riqqa olib turishdan qaytmasdi.
Lixachev badqovoq, bosiq, kamgap edi. O’ soatlab indamay turardi-da, keyin to’satdan lo’nda va sira kutilmagan gaplarni gapirib yuborardi. Uning gaplari ichida o’ylab yurgan og’ir o’ylarining davomi bo’lardi. U o’tib ketayotgan biror odamga o’girilardi-da, keskin ohangda gapirib yuboraverardi.
— Mana, gapingni qara, oshna! Kapitalizm, Amerika, Ovrupo deysan. Har bir tirranchaning yengil avtomobili bor deysan… Holbuki, meni kechirasan-u, dollarning qiymati tushyapti-ku!
— Demak, tushadigan joyi bor ekan-da,— deb quvnoqlik bilan gapga qo’shiladi Sipin. — Tushayotgan bo’lsa tushaversin. Sening so’ming esa shuni ham eplolmaydi.
Ammo Lixachev yana sukunat qo’yniga sho’ng’iydi-yu, indamay qo’yaqoladi.
Sipin, aksincha, ezmaroq, ko’ngli ochiq odam edi. U bahslashishni yoqtirardi.
— Gap mashinada emas,—derdi u. — O’zim ham mashinani yaxshi ko’raman. Kapitalizmda eng muhim narsa — erkinlik. Xohlasang azondan yarim kechgacha ichasan. Xohlasang sutkalab boshingni
ko’tarmay mehnat qilasan. Hech qanaqa g’oyaviy tarbiya degan narsa yo’q. Hech qanaqa sotsialistik axloq tiqilinch qilmaydi. Qo’lingni qayoqqa cho’zsang yalang’och xonimlarning suvrati bosilgan jurnalga tegadi. Siyosat ham chetda qolgan emas. Masalan, biron-bir ministr sening ta’bingga o’tirishmadi, deylik. Mayli. Juda soz. Redaktsiyaga yozasan, ministr «ablah» deysan. Istagan prezidentning basharasiga tupursang bo’ladi. Vitse-prezidentlarni-ku aytmayoq qo’yay… Mashina bo’ladigan bo’lsa, u o’zimizda ham bisyor… Mening oltmishinchi yil- da chiqqan «Zaporojets»im bor. Ammo undan nima naf?..
Darhaqiqat, Sipin «Zaporojets» sotib olgan. Ammo surunkasiga ichgani uchun oylab mashinasini haydayolmaydi. Noyabr` oyida mashinasi qor tagida qoldi. «Zaporojets» deganlari o’rtacharoq qorli do’nglikka aylandi. Hovlidagi bolalar uning oldidan arimaydigan bo’lib qolishdi.
Bahorda qor erib bitdi. «Zaporojets» xuddi poygachi mashinaday yapaloq bo’lib qolipti. Bolalarning chanalari uning tomini pachaqlab tashlabdi.
Sipin buni ko’rib xursand bo’lib ketdi-yov…
— Mashina haydaganda men hushyor bo’lmog’im kerak. Ichar bo’lsam, taksida ham yetib olaman…
Men ro’para bo’lgan ustozlar ana shunaqa edi.
Ko’p o’tmay biz buyurtma oldik. Buyurtma ancha shoshilinch edi. Brigada metroning yangi bekati uchun toshdan yo’nib, Lomonosovning qabariq tasvirini tayyorlab bermog’i kerak edi. Haykaltarosh Chudnovskiy tezlik bilan modelni tayyor qildi, qolipchilar uni ganchdan quyishdi. Biz uni tomosha qilishga to’plandik.
Lomonosovning ustida ko’ngilda shubha uyg’otadigan allaqanday chopon bor edi. O’ng qo’lida bir o’ram qog’oz. Chap qo’lida globus. Mening tushunishimcha, oq qog’oz ijodning, globus esa ilmning ramzi edi.
Lomonosovning o’zi tiqmachoqdan kelgan, basharasi zaifona, isqirtroq edi. U cho’chqaga o’xshab ketardi. Stalin davrida kapitalistlarni shunaqa tasvirlashar edi. Aftidan, Chudnovskiy ruhdan materiyaning ustunligini ko’rsatmoqchi bo’lgan bo’lsa kerak.
Globus menga ma’qul bo’ldi. Lekin negadir tomoshabinlar tomoniga — Amerikaga qaratib qo’yilgan edi.
Haykaltarosh Kordil`er, Appalach, Gviana tog’larini juda nafis ishlagan edi. U hatgo Guron, Atabaeka, Manitobi kabi ko’llar-u daryolarni ham unutmapti.
Bularning bari juda g’alati ko’rinishga ega edi. Menimcha, Lomonosov zamonida Amerikaning bunaqa batafsil xaritasi tagida mavjud bo’lmagan. Men bu gapni Chudnovskiyga aytdim. Haykaltaroshning achchig’i keldi.
— Siz maktab bolasidek fikr qilyapsiz! Men ishlagan haykal maktab qo’llanmasi emas. Sizning qarshingizda Baxning marmarda mujassam topgan oltinchi inventsiyasi. Aniqroq aytganda, ganchda mujassam topgan. Metafizik sintetizmning eng yangi ko’rinishi!
— Qisqa va aniq! — deb gap qo’shdi Sipin.
— Indama,—deb menga shivirladi Lixachev. — Sening nima ishing bor! Kutilmaganda Chundovskiy yumshadi.
— Ehtimol, sizlar haqdirsizlar. Shundoq bo’lsa ham, haykalga tegmaymiz. Har bir ishda arzimagan bir miqdorda bo’lsa ham ma’nisizroq joyi bo’lmog’i kerak.
Biz ishga kirishdik. Avvaliga kombinatda ishladik. Keyin ma’lum bo’ldiki, shoshmog’imiz lozim ekan. Bekatni noyabr` bayramiga ishga tushirishga qaror qilinipti.
Ishni bekatga borib tugatishga to’g’ri keldi. Ya’ni yer ostida.
«Lomonosov» bekatida pardozlash ishlari bormoqda edi. Bunda toshyo’narlar, elektriklar, suvoqchilar mehnat qilishmoqda. Son-sanoqsiz kompressorlarning shovqini quloqni qomatga keltiradi. Kuygan rezinkaning va o’ldirilayotgan ohakning hidi keladi. Ma’dan idishlarda gulxanlar yonadi.
Bizning modelimizni ehtiyotkorlik bilan yer ostiga olib tushishdi. Uni bahaybat qoziqlarning ustiga o’rnatishdi. Uning yonginasida to’rt tonnalik yaxlit marmar tosh zanjirlarda osig’liq turardi. Sinchiklab qaragan odam bu toshda Lomonosovning shakli-shamoyilini bir amallab tanib olsa bo’lardi. Ishning eng mas’uliyatli qismini biz bajarmog’imiz kerak edi.
To’satdan kutilmagan murakkablik chiqib qoldi. Gap shundaki, eskalatorlar ishlamas edi. Aroq olib kelish uchun yuqoriga chiqqanda olti yuzta zinani bosib o’tish kerak edi.
Birinchi kuni Lixachev shunday dedi:
— Sen borib kel. Ichimizda eng yoshisan.
Metro shunaqa chuqurlikda joylashganini men bilmas ekanman. Yana Leningradda-ya! Leningradning yeri zax, tuprog’i bo’sh. Yuqoriga chiqquncha ikki marta to’xtab, nafasimni rostlashga to’g’ri keldi. Men olib kelgan bir shisha araq bir zumda ichilib ketdi. Yana borib kelishga to’g’ri keldi. Hamon ularning eng yoshi men edim. Xullas, bir kunda olti marta tepaga chiqib tushardim. Tizzalarim og’riydigan bo’lib qoldi.
Ertasi kuni boshqacha yo’l tutdik. Ya’ni, bir yo’la olti shisha olib tushdim. Buning ham foydasi bo’lmadi. Bizning zahiramiz boshqalarning e’tiborini jalb qilib qoldi. Elektriklar, payvandchilar, bo’yoqchilar, suvoqchilar tevaragimizda aylanishib qolishdi. O’n minutdan keyin araq tugadi. Men yana yuqoriga ravona bo’ldim.
Uchinchi kuni ustozlarim ichishni tashlashga ahd qilishdi. Albatta, vaqtinchalik. Ammo tevarak-atrofdagilar hamon ichishda davom etishar edi.
Bizni ham sahiylik bilan mehmon qilishardi.
To’rtinchi kuni Lixachev yorildi:
— Men tekinxo’r emasman. Birovning haqiga icholmayman. Yigitlar, oramizda eng yoshimiz kim?
Men yana yuqoriga yo’l oldim. Yuqoriga chiqishga ancha ko’nikib ham qoldim. Aftidan, oyoqlarim baquvvat tortib qoldi, shekilli.
Xullas, asosan, ishni Lixachev bilan Sipin bajarishardi. Lomonosovning qiyofasi borgan sari aniqroq tus olabordi. Aytmoq kerakki, unga sari u ko’proq yoqimsiz bo’lib borardi.
Ba’zan-ba’zan haykaltarosh Chudnovskiy paydo bo’lib qolardi. Dohiyona ko’rsatmalar berardi. Yo’l-yo’lakay nimalarnidir tuzatib ketardi.
Bekatda ishlayotganlar ham o’qtin-o’qtin Lomonosovga qiziqib qolishardi. Masalan, shunday deb so’rab qolishardi:
— Sirasini aytganda, bu o’zi kim — erkakmi, xotinmi?
— Xunasaroq,— deb javob berardi ularga Sipin.
Bayram tobora yaqinlashib kelmoqda. Pardoz ishlari bitay deb qoldi. «Lomonosov» bekati tantanavor qiyofa kasb etdi.
Polga guldor plitkalar yotqizildi. Shiftga cho’yan qandillar ilindi. Devorlardan birining oldiga bizning haykalimiz qo’yiladigan bo’ldi. U yerda temirlardan payvandlab joy tayyorlandi. Sal yuqoriroqda yaxlit marmartosh ilinib turgan zanjirlar xira yaltirardi.
Men polni supurib chiqdim. Ustozlarim pardozning so’nggi ranglarini berishmoqda. Sipin haykalning botinkasiga jilo bermoqda. Lixachev parikning gajaklarini to’g’rilayapti.
Bekat ochiladigan kunning arafasida biz yer ostida tunab qoldik. O’zimiz ishlagan haykalni joyiga o’rnatmog’imiz kerak edi. Uni temir o’qlarga kiydirib, mustahkam bo’lsin uchun epoksidli moy quyib, qotirmog’imiz lozim edi.
Bunaqa og’ir narsani yerdan to’rt metr yuqoriga ko’tarish ancha og’ir ish. Biz bir necha soat ovora bo’ldik. Hadeganda ishimiz yurishavermadi. Temir o’qlar joyiga tushavermas edi. Zanjir g’ijirlar, tosh chayqalardi. Lixachev ovozi boricha baqirardi:
— Yaqinlashma!
Nihoyat, marmar tosh yer ustida muallaq turib qoldi. Biz zanjirlarni yechib olib ancha nariga borib turdik. Uzoqdan Lomonosov ko’rsa ko’rgudek qiyofada edi.
Sipin bilan Lixachev yengil tortib, ichishdi. Keyin epoksidli moydan tayyorlay boshlashdi.
Biz tongga yaqin tarqalishdik. Soat birda tantanali ochilish marosimi bo’lmog’i kerak edi.
Lixachev yangi kostyum kiyib keldi. Sipinning ustida zamsha kurtka bilan jinsi. Uning o’ziga yetadigan olifta ekanidan bexabar ekanman.
Aytgancha, ikkovlari ham hushyor edi. Shundayligidan hatto ranglari o’chib ketganday tuyulardi.
Biz yer ostiga tushdik. Marmar ustunlar orasida bashang kiyingan hushyor ishchilar aylanib yurishipti. Lekin ko’plarining cho’ntaklari sezilar darajada qappayib turipti.
To’rtta duradgor shosha-pisha chog’roq minbar yasashyapti. Minbarni haykal tagiga o’rnatishlari kerak.
Osip Lixachev ovozini pasaytirib, menga dedi:
— Epoksidli moy qotib ulgurmaganmi deyman-da… Sipa eritgichni juda ko’p quyib yuboruvdi. Xullas, bu marmar qoya zo’r-bazo’r ilinib turipti. Shuning uchun miting boshlanishi bilan bir chekkaga chiqib tur. Xotiningga ham aytib qo’y, ehtiyot bo’lsin.
— Ie, u yerda axir, Leningradning hamma kazo-kazolari bo’ladi-ku?— dedim men. — Haykalimiz qulab tushsa nima bo’ladi?
— Qulab tushsa chakki bo’lmas balki,— deb lanj javob berdi brigadir.
Soat birda dongdor mehmonlar kelmog’i kerak edi. Shahar meri o’rtoq Sizovni kutishyapti. Leningrad jamoatchiligining vakillari unga hamroh bo’lmoqlari kerak. Olimlar, generallar, sportchilar, yozuvchilar.
Ochilish dasturi bunday edi: avval bir guruh odamlar uchun kichikroq ziyofat. Keyin qisqacha miting. Faxriy yorliqlar va mukofotlarni topshirish. Keyinchalik esa bekat boshlig’i aytganidek, «kimning ko’ngli kimda bo’lsa…» Birov restoranga, birov badiiy havaskorlar kontsertiga.
Mehmonlar birdan yigirmata o’tganda kelishdi. Men kompozitor Andrey Petrovni, shtanga ko’taruvchi Dudkoni va rejisser Vladimirovni tanidim. Shahar merini ham tanidim, albatta.
U baland bo’yli, hali uncha qarimagan odam edi. Qiyofasidan ziyolinamo edi. Miqtidan kelgan ikkita badqovoq yigit uni qo’riqlab turardi. Ularning chehrasida allanechuk tundlik bor edi. Bu tundlik ularning mushtlashishga tayyor ekanliklaridan dalolat berardi.
Mer bekatni aylanib chiqdi, bizning haykalimiz oldida qadamini sekinlatdi. Past ovozda so’radi:
— Bu menga kimni eslatyapti?
— Xrushchevmi,— dedi bizga ko’z qisib Sipin.
Bu orada minbarga pushti satin qoplab bo’lishdi. Bir necha minutdan keyin stol yoniga taklif qilishdi.
Yon tomonda allaqanday sirli eshik ochildi. Kenggina bir xonaga ko’zimiz tushdi. Men bu xonaning borligini bilmagan ekanman. Aftidan, bu yerda ma’muriyat uchun bombadan qochadigan joy
qilishmoqchi bo’lgan ko’rinadi.
Ziyofatda mehmonlar bilan birga bir nechta xizmat ko’rsatgan ishchilar ham ishtirok etishdi. Biz uchchovimiz ham taklif qilingan edik. Aftidan, bizni mahalliy ziyolilar qatoriga kiritishgan edi.
Buning ustiga haykaltaroshning o’zi yo’q edi.
Stol tevaragiga hammasi bo’lib o’ttiztacha odam sig’di. Bir tomonga mehmonlar o’tirdi, ularning ro’parasiga biz joylashdik.
Birinchi bo’lib bekat boshlig’i gapirdi. U shahar merini tanishtirar ekan, uni «matonatli leninchi» deb atadi. Hamma uzoq qarsak chaldi.
Shundan keyin mer so’z oldi. U qog’ozga qarab gapirdi. Ishlardan juda mamnun ekanini izhor qildi. Hamma mehnatkashlarni ishni muddatidan oldin bajarganlari bilan qutladi. Tutila-tutila uch-to’rtta familiyani aytdi. Nihoyat, lenincha dono rahbariyat uchun qadah ko’tarishni taklif qildi.
Hammaga jon kirganday bo’ldi. Qo’llar qadahlarga uzatildi.
Keyin yana bir necha marta alyor aytildi. Bekat boshlig’i mer uchun ichishni taklif qildi. Kompozitor porloq kelajak uchun, rejissyor Vladimirov mamlakatlarning tinch-totuvligi uchun ko’tardi. Shtanga ko’taruvchi Dudko esa ko’z o’ngimizda haqiqatga aylanayotgan ertak uchun oq urishga chaqirdi.
Sipin qizarib ketgandi. U bir stakan kon`yakni ichib olib, shampanskiyga qo’l uzatdi.
— Aralashtirma,— deb maslahat berdi brigadir. — O’zing yetilib qolibsan.
— Aralashtirma deganing nimasi?— deb hayron bo’ldi Sipin. — Nima uchun aralashtirmay? Men yo’liga amal qilib aralashtiraman. Hammasi badastir bo’ladi. Aroqni pivo bilan aralashtirsang — bir go’r. Kon`yakni shampanskiyga qo’shsang yo’rig’i boshqa. Bu masalada ustasi farangman. Mening oldimga tushadigani yo’q.
— Ko’rinib turipti,— dedi qovog’ini uyib Lixachev. — Tayyorlagan epoksidli moyingdan biluvdim.
Bir daqiqadan keyin hamma baravariga javray boshladi. Sipin rejissyor Vladimirovni quchoqlab olgan. Bekat boshlig’i merning ko’nglini ovlash bilan ovora. Suvoqchilar bilan toshyo’narlar bir-birlariga gap bermay, ish haqining kamligidan nolishga tushishdi.
Faqat Lixachevgina jim edi. Nimanidir o’ylab o’tiripti, shekilli. Keyin sira kutilmaganda shtanga ko’taruvchiga murojaat qilib, dedi:
— Bir yahudiy juvonni bilardim. Ulfatchilik qilganmiz. Yaxshi pazanda edi.
Men bo’lsam merdan ko’zimni olmay o’tiribman. U nimadandir bezovta edi.
Nimadir unga malol kelmoqda. Uni qoshini chimirishga va sergaklanishga majbur qilmoqda. Vaqti-vaqti bilan chehrasida uqubatli bir jilmayish paydo bo’ladi.
Keyin bunday voqea sodir bo’ldi.
Mer keskin harakat bilan stolga surildi. Boshini quyi egmay, o’zi quyi engashdi. Chap qo’lidagi nonini qo’yib, uni pastga yo’naltirdi.
Bir daqiqacha faxriy mehmonning basharasi juda jiddiy tus oldi. Keyin mer bilinar-bilinmas inqilladi-da, ancha yengil tortib, o’rindiqning suyanchig’iga yastandi. Keyin mamnun chehra bilan yana nonni qo’liga oldi.
Shunda men hech kimga bilintirmay dasturxonni ko’tardim. Stolning tagiga birrov qaradim-u, darrov qaddimni rostladim. Ko’rgan narsam meni lol qoldirdi va damimni chiqarmaslikka majbur etdi.
Birovning siridan voqif bo’lib qoldim-da… Nimani ko’rding?—deb so’rang. Men merning katta-katta oyoqlarini ko’rdim. U qalin ko’k ipak paypoq kiyib olgan ekan. Oyoqlarining barmoqlari o’ynoqlab turardi. Go’yo mer oyog’i bilan royal` chalayotganday. Oyog’ining yonida botinkasi turipti.
Shu topda bilmadim — menga nima bo’ldi? Mening shu paytgacha mudrab kelgan dissidentligim bosh ko’tardimi? Yoki mening tomirlarimdagi jinoyatchilik qoni gupurib ketdimi? Yoki menga allaqanday buzg’unchi kuchlar ta’sir etdimi?
Hayotda bir marta har kimda ham shunday bo’ladi.
Undan keyin voqealarni g’ira-shira eslayman. Men sekingina o’rindiqning chekkasiga surildim. Oyog’imni cho’zdim. Oyog’im bilan paypaslab merning botinkasini topdim-da, ehtiyotkorlik bilan o’zimga surdim.
Shundan keyingina qo’rquvdan dong qotib qoldim.
Shu lahzada bekat boshlig’i o’rnidan turdi.
— Diqqat, do’stlar. Sizlarni bir zumlik tantanali mitingga taklif qilaman. Faxriy mehmonlar, minbarda joylaringizni egallang!
Hamma harakatga keldi. Rejissyor Vladimirov galstugini to’g’riladi. Shtanga ko’taradigan Dudko apil-tapil shimining tugmalarini qadadi. Sipin bilan Lixachev istamaygina qadahlaridan ajradilar.
Men merga qaradim. Mer xavotir bilan alang-jalang bo’lib, oyoqlari bilan stol ostini timirskilardi. Albattaki, men buni ko’rganim yo’q. Lekin uning yuzidagi sarosimadan buni sezib turibman. Borgan sari qidirish doirasini kengaytirayotgani shundoq ayon bo’lib turipti.
Mening nima ilojim bor edi?
Men o’tirgan o’rindiqning yonida Lixachevning portfeli turgandi. Portfelni sira yonimizdan qo’ymas edik. Axir unga o’n olti shisha aroq sig’ar edi. Uni ko’tarib yurish butkul menga topshirib qo’yilgan edi.
Men dastro’molimni tushirib yubordim. So’ng egildim-da, merning botinkasini portfelga solib qo’ydim. Qo’lim tegishi bilan ularning vazminligidan pishiqligini his qildim. Bularning barini biror kishi payqab qoldi deb o’ylamayman.
Portfelning og’zini yopib o’rnimdan turdim. Qolganlar ham oyoqqa turgan edi. O’rtoq Sizovdan boshqa hamma tik turgandi. Soqchilar savolchan nazar bilan xo’jayinlariga qarab-qarab qo’yishyapti.
Shu paytda shahar meri o’zini aqlli va topqir odam sifatida ko’rsatdi. U kaftlarini ko’kragiga bosib, past ovozda shivirladi:
— Mazam bo’lmay ketyapti. Jinday yonboshlamasam bo’lmaydi…
Mer tezgina kostyumini yechdi, bo’yinbog’ini bo’shatdi va telefonning yonidagi divanga cho’zildi. Uning ko’k ipak paypoqli oyoqlari horg’inlik bilan ikki tomonga ochildi. Qo’llarini qorni ustiga chalishtirib olgandi. Ko’zlari yumuq.
Soqchilar yugurib qolishdi. Biri vrachga qo’ng’iroq qildi. Ikkinchisi buyura boshladi:
— Binoni bo’shatinglar! Binoni bo’shatinglar deyman! Tezroq! Mitingni boshlang! Boshlang mitingni!
— Biror yordamim tegarmikin?— deb gapga aralashdi bekat boshlig’i.
— Qani, tuyog’ingni shiqillatib qol!— degan javob yangradi.
Birinchi soqchi qo’shimcha buyurdi:
— Stol ustidagi narsalarga tegilmasin. Hammasi qandoq bo’lsa, shunday qolsin! Zararkunandalik bo’lgan bo’lishi mumkin. Qatnashganlarning familiyasi yozig’liq bo’lsa kerak?
Bekat boshlig’i tilyog’lamalik bilan dedi:
— Ro’yxatni o’zim tayyorlab beraman.
Biz binodan chiqdik. Portfelni ko’tarib borar ekanman, qo’llarim qaltirar edi. Ustunlar orasida ishchilar to’p-to’p turishibdi. Xudoga shukur, Lomonosovning haykali joyida turipti.
Mitingni bekor qilishmadi. Sardorlaridan mahrum bo’lgan dongdor mehmonlar minbarning oldida qadamlarini sekinlatdilar. Ularga minbarga chiqishni buyurishdi. Mehmonlar marmar haykal tagiga tizilib o’tirishdi.
— Yuringlar, ketdik,— dedi Lixachev,— nima, miting ko’rmabmizmi? Men Chkalov ko’chasida bir pivoxonani bilaman.
— Haykal tushib ketmaganiga o’zimiz ishonch hosil qilsak chakki bo’lmas edi-da,— dedim.
— Tushib ketsa,— dedi Lixachev,— pivoxonada o’tirib ham eshitamiz.
Sipin gapga qo’shildi:
— Chakana kulgi bo’lmas-ov…
Biz yuqoriga chiqdik. Quyosh charaqlab turgan bo’lsa-da, havo sovuq edi. Shahar bayram bayroqlari bilan bezatilgandi.
Bizning Lomonosovimizni esa ikki oydan keyin olib tashlashdi. Leningrad olimlari gazetaga maktub yozishdi. Bizning haykalimiz ulug’ siymoning sha’niga dog’ tushiradi, deb shikoyat qilishdi.
Tabiiyki, bu da’volar Chudnovskiyga qaratilgan edi. Bizning haqimizni to’la-to’kis berishdi. Lixachev dedi:
— Muhimi shu…