Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейи ўзининг энг қимматбаҳо тўпламларидан бири — «Бобурнома” миниатюралари кўргазмасини очган.
МОСКВАДА «БОБУРНОМА» МИНИАТЮРАЛАРИ
КЎРГАЗМАСИ ОЧИЛДИ
Давлат Қудрат Би-би-си, Москва
Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейи ўзининг энг қимматбаҳо тўпламларидан бири — «Бобурнома” миниатюралари кўргазмасини очган.
“Воқеат-и Бабури” ёки Тузук-и Бабури” номи остида битилган Бобур қўлёзмалари, Бобур она тили — чиғатой (қадимий ўзбек) тилида ёзилган бўлиб, кейинчалик форс тилига таржима қилинган. Қўлёзма Ҳиндистонда ХVI аср охирида Бобур набираси Акбар китобхонасида машҳур миниатюрачи мусаввирлар томонидан безатилган.
Ҳозирда дунёдаги музей ва хусусий коллекцияларда «Бобурнома»нинг 500 га яқин миниатюра қўлёзмалари мавжуд. Британиянинг Лондон музейида 96 та, Хиндистон Деҳли миллий музейида 144 минатюра сақланмоқда. Бундан ташқари, Балтимор санъат музейида 39 та, Лондоннинг Виктория ва Алберт музейларида «Бобурнома»нинг 12 алоҳида миниатюра варақлари ўрин олган.
Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейида эса 57 қўлёзма варақаларида битилган 69 миниатюра сақланмоқда. «Бобурнома» қўлёзмаларини рус меценати Алексей Морозов 1906 йилда Нижний Новгород ярмаркадасида Эронлик савдогарлардан сотиб олган.
Россиядаги қўлёзмаларда Бобурнинг ов ва ҳарбий юришлари, сарой базмлари ҳамда Ҳиндустоннинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига оид манзаралари ўз аксини топган.
Бобур асарлари Оврупада илк бор ХIХ аср ибтидосида пайдо бўлган. 1826 йил Жон Лейден ва Уильям Эрскин «Бобурнома»ни инглиз тилига ўгирган. Россияда эса анча кеч, 1958 йилда шарқшунос олим Михаил Салье томонидан «Бобурнома» рус тилига таржима қилинган.
Муҳаммад Заҳириддин Бобур умрининг охирларида – 1529 йил бошланишида Агра яқинида махфий васиятнома ёзиб қолдирган. Саркарда, улуғ шоир ва мутафаккир Бобурнинг қандай инсон бўлгани, унинг ўғли Ҳумоюнга қолдирган “Махфий васиятномада” яққол кўринади.
„933 ҳижрий йил Подишоҳи Баҳодир ғозий 3аҳириддин Муҳаммад БОБУР Алҳамдилиллаҳ
Султонатнинг мустаҳкам бўлиши учун бу махфий васиятнома тузилди. Эй фарзандим, Ҳиндистон мамлакати турли мазҳаблардан маъмур бўлган. Аллоҳ таоло Сизга буни каромат этди. Сиз мазҳабларни ёмон кўришдан дилингизни пок тутинг. Ҳар мазҳабнинг тариқасига (йўлига) адолат қилинг. Хусусан, Ҳиндистоннинг қалбини қўлга киритаман десангиз, сигир сўймоқдан ўзингизни тийинг. Бу яхшилигингиз эвазига шу вилоят халқининг қалби Сизга яқин бўлади. Қўлингиз остидаги ҳар қавмнинг ибодатгоҳларини ва муқаддас жойларини хароб этманг. Шундай одилликни ихтиёр қилингки, подишоҳ раъийатдан ва раъийат подишоҳдан осуда бўлсин. Исломнинг тараққиёти эҳсон қиличидан яхшироқ бўлади, зулм тиғидан эмас. Сунний ва шиа ўртасидаги жанжаллардан кўзингизни юминг. Агар бундан кўз юммасангиэ, ислом заифлашиши мумкин. Раъийатдаги турли қалбларни арбааи аносир (тўрт унсур) билан маҳкам тутинг. Салтанатнинг жисми турли маразлардан тинч бўлсин.Подишоҳлик ишларини пухта қилиш учун ҳазрат Амир Темур Соҳибқироннинг ишларини кўз олдингизда тутинг.
Ва мо аллайно иллал балағ (“ва бизнинг бурчимиз фақат аниқ паём этишдир” Сураи Ёсин), деб ёзган Заҳириддин Бобур.
Биринчи жумодий ул аввал 935 [ҳижрий йили]» санаси келтирилган қимматли қўлёзмада.
Айни пайтда Бобурнинг махфий васиятномаси Ҳиндистоннинг Бҳопал Давлат Кутубхонасида сақланмоқда.
rahmat