Биз ҳар сафар дарё бўйига тушганимизда у мангу уйғоқлигидан қувониб кетарди. Дарё олдида айланиб юрувчи шабада менинг сочим толаларини санарди, сийпаларди. Кўзимга ой юлдузлардан қочиб яширинарди…
Жавлон Жовлиев
СЎЙЛА, ДАРЁ, СЎЙЛА…
Ҳикоя-диалог
Жовлиев Жавлон (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.
— Кел, келақол….
— Эй, Худойим…
— Тур…. турақол ўрнингдан
— Мени чақирма, чақирма, вой ўлай, бошим…
— Юлдузлар бағримда чўмиляпти. Шабада шўх қўшиқ айтмоқда… Тур сен ҳам, рақсга туш.
— Оҳ….
— Полвон, кўрпага бошингни тиқма, Ой қараяпти, сенга тур, Эйййй…Эйййй
— Мен полвон? Полвонман, полвон…
— Эй, димоғингни оч, соғинмаяпсаними мени? Ахир, бўйингни мен ўстирмадимми?! Сенга полвон қўшиқларини мен ўргатмадимми, Дарёдек тўлиб оқишни, курашишни мен сенга уқтирмадимми?!
— Сен, ҳа, сен… ширин ва дилгир бўйинг…
— Тур, кел бағримга, тезроқ кел, чопақол…
— Энамсан, менга иссиқ кулча ёпиб берадиган бўлсанг, сенга нон ботириб ер эдим.
— ….
— Тўхтаб тур, мен ўрнимдан турай… Кўрпа бирам оғир. Қани менинг чопиним, қани? Ой ёруғ дейсан, ҳамма ёқ зулмат-ку! Тўхта, шошмай тур, ҳозир пайпоқларимни кейиб олай, касалман. Қандай топаман энди. Кампир, Ойнур, Ойнур, энағарнинг қизи Ойнур, менинг пайпоқларим қайси гўрда ётибди. Сен шошмай тур, шошмай тур, ўтинаман.
— …
— Мен кўрман, дарё. Кўр бўлиб қолдим. Аста-секин… Яқинда операция ҳам қилишди. Бўлмади. Палапартиш ичиш, ейиш… Нур ҳам қиммат бўлди. Ойнур бўлмай ўл. Қаерда юрибсан, қанисан, қанисан… Эй, Ойнур, Ойнур… Кўзинг бор-да, уйда турмайдиган бўлдинг, кетинг ер искамайдиган бўлди. Эрим тирик деб ҳам ўйламайсан. Ҳали кесин, бу хотиннинг бир адабини бермасам… Ойнур, тошсан, деворсан…..Эй, Ойнур, Ойнур! Аввалроқ бу хотинни уриб гўрга тиқиб юборишим керак эди.
— Аллақачонлар гўрга тиққансан…
— Эй… эйй… сен шу ердамисан. Нимага ғинг демайсан, энағар…
— Сенинг эсинг ҳам оғиб қолибди. Ўлсанг ҳам бўлади, энди… Кетақол бизларни қийнамай…
— Оз қолди, кампир, оз қолди… Кўрпа бунча оғир-а!
— Қачон мен ҳам яшайман…..
— Менга айт, момоси, осмонда юлдуз кўпми, улар чарақлаб турган бўлса керак-а? Ҳув супамизнинг устида, Асқар туғилганда эккан теракларим ортидан ой ҳам чиқаётгандир?Ҳовлимиз ой сувига чўмилаётгандир, Кампир… Гапирсанг-чи, Ойнур…
— Эллик йил олдинги кундагидай…
— …
— Эллик йил ўтибди.
— Шуни эслатиш учун кўр бўлиб қолишимни кутдингми…
— Юрагимдаги тош қум бўлди… нураб кетдим, руҳи эзилиб битган момоман…
— Бўлди қил, кампир… Болаларинг бор.
— Эй, улар сенга тортди-ку, полвон, сенинг ўзинг, ҳаммаси – кўтарма, ҳовлиқма… жўжа эна товуқ пинжига киргандай, ўғилларинг ҳаёт қийинчиликларидан бекиниб хотин этагига ин қурган. Бунинг устига сенинг юкинг ҳам бор… Кетақолайлик. Менинг нафақам ку, ўзимга етади. Сен-чи, тайинли жойда ишламадинг ҳам… Нуқул катта гап, катта ўтиришлар…
— Мен нима едим бугун, қорним очдай…
— Ҳамма қатори пиёва ичдинг…
— Нега менга гричка қилиб бермайсан, мен ўлиб кетишим керакми?!. Теша духтир айтганди-ку, Гричка қилиб бер деб…
— Қаердан олай, қолмаган…
— Сенларга айтганман. Гричкани яхшилаб пишир деб, ошқозонимга ботиб кетади…
— Эй, палвон, сенга нима фарқи бор. Энди сен буткул кўрмайсан. Чой қайтараман деб гаранг қилма. Чойни пиёлага эмас, дастурхонга тўкаяпсан, Ҳамма ёққа овқат тўкиб ташлаяпсан…Эй бўлди… Сенга айтганнинг фойдаси йўқ.
— Ойнур, менга пайпоғимни топиб бер…
— ….
— Нега жим турибсан?
— Бугун у сўзлади…
— Нима?
— Дарё…
— Сен ҳам эшитдингми? Мен ажинами деб ўйлапман. Сал бўлмаса қаёққадир отланаётгандим.
— Биз сенга ялингандик. Ўша куни… Худди шундай тун пайти эди. Узоқда итлар ҳурарди. Дарё суви шилдираб достонга айланган қўшиқларни куйларди. Қум оёғим остида, ой тепамда эди. Мен сенга ўтингандим. Биринчи марта сенинг олдингда кўз ёш тўккандим.
— Мени уч-тўрт кундан бери чўмилтирмадинглар ҳам … Асқар қай гўрга кетган…. бадбўйлигимдан кўнглим айнияпти…
— У тиз чўкканди. Обод университетда ўқирди.
— Ҳа, калласи зўр эди.
— У сенинг пойингда тиз чўкди. Сен ўша пайт шалворингни тириб сув ичгани Қашқадарё бўйига эгилдинг. Обод ҳам сувга тушиб ўша ерда тиз чўкди. Тиззалари минг йиллардан буён дарё қарида ювилаётган тошларга ботди. Кейин ёнига мен тиззаладим.
— У ночор эди
— Йўқ, у эркак.
— Қўрқоқ!
— Аксинча мардлик, жасорат, муҳаббат учун кураш…
— Етар, қорним очқади, бонкаларинингдан бирини оч…
— Осмонга юлдуз чиққан… ўша кундагидай…
— Мен унга шундай қил дедимми, Ойнур …
— У сендан йиқилишини биларди. Чунки сен палвон, у талаба эди. Менинг отам ҳам полвон. Қишлоқда бизнинг севгимиз гап-сўз бўлгач…
— Жағингни уриб синдираман…
— Полвон отам менга шарт қўйди. Шарт қўйиб севгимни эзди. Гўринг тўла нур бўгур отам, бечора отам ўқрайиб шундай деди: “Иста курашга тақдирингни қўяй, қишлоқнинг бўз йигитлари олишсин – ютуғи сен. Ким бўлса ҳам ҳалоллаб олсин. Агар хоҳламасанг, қишлоқдаги бирон ҳовлини келини бўлиб супириш сенга бутун умр насиб етмайди. Тепа қишлоқдаги душманимни ҳам қуда қилишга тайёрман” Ота гапи ҳукм! Сенинг ваъдангга инониб, шартга рози бўлдим.
— Бунга эллик йил бўлди, кампир… Ой чиқдими дейман, кўзим олдида хира, тарқоқ нур ўйнаяпти…
— Мен ҳам тиз чўкдим. Худди Ободдек. Сувга тиз чўкиб, ялиндим.
— Мен “ҳей, баракалла”нинг жиннисиман…
— Сен кураш куни ваъдангни буздинг.
— Ободни елка қилганман. Лекин у ўша куни жуда қаттиқ курашганди. Сал қолмаса мени йиқитарди. Оловдай ёнарди. Озгина кучи камлик қилди. Уни обдон чарчатдим. Кейин гавдасини бироз тортиму, эгилиб елка қўйдим. Бўлди ҳайқириқ, бўлди баракалла…
— Муҳаббатсиз қишлоқда, муҳаббатга тупирган қишлоқда сен ғолиб келдинг. Дарё бағрида берган қасамингни бузиб, муҳаббатимиз ғунчасига улкан азоб тошини ағдариб, уни янчиб ташладинг. Баракаллани деб-а..! Баракалла сенга!
— Обод…
— Унинг ўша пайтда қўлари иссиқмиди, нафаслари-чи, кўзларичи..? Орзуларга тўла вужуди-чи, иссиқмиди..?
—
Қорним оч…
— У ҳам палвон эди…Номус егитнинг ялови.
— Ёш кетди бечора Обод… Шаҳардан ўлиги келди… Совиқда ўпкаси пишиб қолибди.
— Вужуд ёнган, ичида портлаш бўлган, бу портлаш нима биласанми, палвон, бу орнинг, муҳаббатнинг азобидан чиққан ўт. Бу бир соня тинса қани, кимдир уни тўхтатаолса қани…сен буни ҳеч қачон тушнумайсан, палвон…
— Гричка ейишим керак, менинг сахиримга фойда эмиш… кўрпа ҳам оёғимга ўралиб қолаяпти, янги кўрпа берсанглар ўласанми…
— Мен ўша куни кечаси яна дарё бўйига борганман.
— Хўш.
— Обод билан кўришгани…
— Ифлос… Бўғиб қўйишим мумкин, сен соғсан, невараларни қарашинг керак.
— Ўша куни тунда, сен ғалаба шаробидан маст бўлиб ухлаб ётганингда мен бутун ихтиёримни унга топширган эдим.
— Қўй, Момоси…
— Ўт кираяпти-а! Бу нафсинг учун. Мен учун эмас… Лекин ғуруринг ўлмапти, палвон!
— Дарёга чўмилса нима қилади-а? Апрелда тугил қишда ҳам уйда сув иситмасдим-ку!…Енгил тортардим. Оғирлашиб кетяпман. Бир нималар босяпти.. Бир нималар чақиряпти… Ой чиққанми, тераклар титраяптими, чинорлар бунча ваҳимали шовуллайди?
— ….
— Нега жим бўлиб қолдинг? Нега?
— ….
— Нур менга яқинлашиб келаётгандай…Бу дарёнинг ҳиди, билакларимга куч кирганадй бўлди. Нима бўляпти?
— Дўстим!
— Ким бу?
— Дўстим, илтимос йўқ дема… Менинг ўқишим ҳам, келажагим ҳам Ойнур. Шу қиздан бошқа толейим йўқ. Истаган нарсангни берай. Мен сени йиқитаолмайиман. Тан олиш ҳам керак-ку.
— Палвон, палвон, кўз ёшим дарё сувини шўр қилди. Бутун умр синфдош бўл. Акам бўл. .
— Ахир, бутун қишлоқ билади. Агар сен чиқмайман десанг, мен дадамга розилик бераман, агар рози бўлмасанг биз шу ерда дарёнинг балчиқ саёзлигида тонггача ўтираверамиз, ўтираверамиз…Чўкиб ўламиз… Палвон, ўтинаман. Палвон!
— Жигитсан, Палвон, жигит бошим пойингда эгилди. Сендан бошқа талабгорларни йиқитишим менинг пешонам. Сен дўстимсан-ку, жўра. Ваъда бер. Мен сенга бутун умр хизмат қилай, Ойнур ҳам сенинг синглинг бўлсин…Жўра… Ой қизларни сенга топиб берай. Шоҳга куёв бўл! Шу Ойнур қора қиз меники бўлсин…
— Вой, нега қора қиз дейсиз…
— Бўлди…
— ….
— Нима бўлаяпти кампир, сенинг овозингни фарқлолмай қолаяпман. Кўзимга шарпалар кўриняпти.
— Бугун шу воқеага эллик йил бўлди.
— Ҳали ҳам эсингдами..?
— Туғилган куним қачон эди..? Ҳим…Аниқ эслолмас эканман. Лекин инсон ўлган кунини эсдан чиқармаса керак… Мен уни мангу суйдим.
— Мен ҳам сени суярдим, ахир.
— Шунчаки…
— Йўқ… Сен тиз чўккан пайтда, ой ёриғида мен бошқа нарсага аҳт қилдим…
— Дарё урди сени…
— Дарё ичра тиз чўкиб турганингда суйиб қолдим. Сенинг эркак зотига бўлган улуғ муҳаббатингни кўриб суйиб қолдим. Сен меники эдинг. Чунки мен зўр эдим. Мен қишлоқнинг олди полвони эдим.
— Мен эса ўша куни ўлиб қолдим.
— Бутун ҳаётим заҳар бўлди… Тош, девор…ғишт сендан жонлироқ яшарди…
— Сени дарё урди…
— Ростини айт. Сени у ўпганми…Айт…
— Эллик йилдан бери мастлик аралашган кунинг, шайтон уриб, шу саволни берасан. Бугун ҳам кўзимни шамғалат қилиб отдингми..?
— Айт, кампир!
— Палвон, наҳот олдингда бошқа йигитни деб тиз чўккан қизга уйландинг. Ғуруринг йўқмиди!
— Мен кўр бўлди, дема… сени топиб оламан…ўзимни тута олмайман, кампир…сен соғломсан яша, яшайқол. Гапирма, сени топиб оламан.
— Ой ҳам кетяпти, умр ўтяпти…Саволингга жавоб берайми?
— Эртароқ айтсанг бўларди-ку…
— Йўқ, бугун дарё тилга кирди… Дарё сени сўроқ қилиш учун чақирди-ку!
— Ироданг метин экан. Қиш кунлари уриб кўчага чиқариб қўйдим. Саратонда иссиқда сомонга кўмиб қўйдим. Чидадинг, жонинг қаттиқ экан…
— Мен у билан нима қилганимни билишни истайсанми?
— Бўлди, керак эмас…
— Айтай…
— Гапирма.
— Бунга дарё гувоҳ. Биз ҳар сафар дарё бўйига тушганимизда у мангу уйғоқлигидан қувониб кетарди. Дарё олдида айланиб юрувчи шабада менинг сочим толаларини санарди, сийпаларди. Кўзимга ой юлдузлардан қочиб яширинарди
— Бу нима? Қўлим куйиб қолди…ярамас..
— Бутун умр таҳликада, қўрқиб яшадингиз…
— Қўлим куйди…Чой тўкилди…
— Шубҳаларни деб умрингизни ҳароб қилдингиз, отаси… Палвонлик ҳам сабил бўлди. Кўп ичдинг, кучинг қайтди. Ичинг куйди. Бировнинг сарқитини хотин қилдим деган ўй сен адо қилди. Сизга бир оғиз, ҳа бир оғиз ҳеч нима бўлмаган – дейишим ҳаммасига ўзгача тус беришини билардим. Оиламиз ҳам яхшиланарди, мастликдан қутилардингиз. Йўқ, мен хоҳламадим.
— Хонтахтага оёғимни уриб олдим…
— Лекин мен бу сўзни бутун умр айтмадим. Фарзандаларимиз туғилди. Худо кечирмайди мени… Кўнглим шу бўлди, ичим ит бўлди. Сизни бугун ҳамма ароқхўр чол деб билади. Палвон бўлганизни ҳеч ким эсламайди ҳам.
— Нафас олаяпсан…
— Қўрқаяпман… Илк баҳор ғунчасини кўрганмисиз. Қуёшдан-да уялади бечора. Тўхтанг! Сизга айтиб кетай….
— Ифлос….
— …
— Аллақачон сени, сен итни, сени, сени
— …
— Ойнур, Ойнур….
— …
— Нега жим бўлиб қолдинг?
— Ойнур!
— Ойнур!
— Наҳот кулишимдан танимадингиз?
— Кулишингни эсдан чиқариб қўйибман.
— Болаларим олдида кулардим-ку…
— Сени суйганман…Шунинг учун умрим куйди, ёнди шабҳалар ичра…
— Биламан…Туринг…
— Нега бунча мулойим бўлиб қолдинг… Бу ётган кампир сен эмасми? Музлаб бораяпсан…
— Йўқ. Мен эмасман. Мен Дарёман…
— Ойнурим, сен менга хиёнат қилмагансан-а. Қизлигингда ҳам-а! Обод қўлингни ҳам ушламаган-а?…
— Нима?
— Ростин айт!
— Бўлди туринг, бирга сувга тушамиз, мазза!
— Менга раҳминг келсин. Ҳеч бўлмаса билиб кетай…
— Мен дарёман.
— Сенга нон ботириб егим келяпти, энам пиширган иссиқ кулчани.
— Юринг…
— Пайпоқ ҳам кеймайман…Сўзлашни қаердан ўргандинг, Дарё?
— Қумлардан кўп дардимиз бор…
— Тўхта, ахир дунёнинг барча ўзанлари сўзлай бошласа нима бўлишини биласанми? Забон битса ирмоқлар қандай оқаркан?
— Дарёлар сўзласа…
— Даҳшат-а! Дунё дарёлари тилга кирса… Кетаяпман, сўзлаб тур, сўзларингга қараб мўлжал оламан, дарё. Мени, сен, сен урганмишсан,! Шу ростми, дарё. Жим турма, сўзла, дарё, сўзла..!
Javlon Jovliev
SO’YLA, DARYO, SO’YLA…
Hikoya-dialog
Jovliev Javlon (Jovliev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G’ishtli qishlog’ida tug’ilgan. 2010–2014 yillarda O’zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining «San’atshunoslik jurnalistikasi» yo’nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O’zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo’nalishi magistranti. Hozirgi kunda o’qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasining «Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston Milliy kutubxonasi» nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O’zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.
— Kel, kelaqol….
— Ey, Xudoyim…
— Tur…. turaqol o’rningdan
— Meni chaqirma, chaqirma, voy o’lay, boshim…
— Yulduzlar bag’rimda cho’milyapti. Shabada sho’x qo’shiq aytmoqda… Tur sen ham, raqsga tush.
— Oh….
— Polvon, ko’rpaga boshingni tiqma, Oy qarayapti, senga tur, Eyyyy…Eyyyy
— Men polvon? Polvonman, polvon…
— Ey, dimog’ingni och, sog’inmayapsanimi meni? Axir, bo’yingni men o’stirmadimmi?! Senga polvon qo’shiqlarini men o’rgatmadimmi, Daryodek to’lib oqishni, kurashishni men senga uqtirmadimmi?!
— Sen, ha, sen… shirin va dilgir bo’ying…
— Tur, kel bag’rimga, tezroq kel, chopaqol…
— Enamsan, menga issiq kulcha yopib beradigan bo’lsang, senga non botirib yer edim.
— ….
— To’xtab tur, men o’rnimdan turay… Ko’rpa biram og’ir. Qani mening chopinim, qani? Oy yorug’ deysan, hamma yoq zulmat-ku! To’xta, shoshmay tur, hozir paypoqlarimni keyib olay, kasalman. Qanday topaman endi. Kampir, Oynur, Oynur, enag’arning qizi Oynur, mening paypoqlarim qaysi go’rda yotibdi. Sen shoshmay tur, shoshmay tur, o’tinaman.
— …
— Men ko’rman, daryo. Ko’r bo’lib qoldim. Asta-sekin… Yaqinda operatsiya ham qilishdi. Bo’lmadi. Palapartish ichish, yeyish… Nur ham qimmat bo’ldi. Oynur bo’lmay o’l. Qaerda yuribsan, qanisan, qanisan… Ey, Oynur, Oynur… Ko’zing bor-da, uyda turmaydigan bo’lding, keting yer iskamaydigan bo’ldi. Erim tirik deb ham o’ylamaysan. Hali kesin, bu xotinning bir adabini bermasam… Oynur, toshsan, devorsan…..Ey, Oynur, Oynur! Avvalroq bu
xotinni urib go’rga tiqib yuborishim kerak edi.
— Allaqachonlar go’rga tiqqansan…
— Ey… eyy… sen shu yerdamisan. Nimaga g’ing demaysan, enag’ar…
— Sening esing ham og’ib qolibdi. O’lsang ham bo’ladi, endi… Ketaqol bizlarni qiynamay…
— Oz qoldi, kampir, oz qoldi… Ko’rpa buncha og’ir-a!
— Qachon men ham yashayman…..
— Menga ayt, momosi, osmonda yulduz ko’pmi, ular charaqlab turgan bo’lsa kerak-a? Huv supamizning ustida, Asqar tug’ilganda ekkan teraklarim ortidan oy ham chiqayotgandir?Hovlimiz oy suviga cho’milayotgandir, Kampir… Gapirsang-chi, Oynur…
— Ellik yil oldingi kundagiday…
— …
— Ellik yil o’tibdi.
— Shuni eslatish uchun ko’r bo’lib qolishimni kutdingmi…
— Yuragimdagi tosh qum bo’ldi… nurab ketdim, ruhi ezilib bitgan momoman…
— Bo’ldi qil, kampir… Bolalaring bor.
— Ey, ular senga tortdi-ku, polvon, sening o’zing, hammasi – ko’tarma, hovliqma… jo’ja ena tovuq pinjiga kirganday, o’g’illaring hayot qiyinchiliklaridan bekinib xotin etagiga in qurgan. Buning ustiga sening yuking ham bor… Ketaqolaylik. Mening nafaqam ku, o’zimga yetadi. Sen-chi, tayinli joyda ishlamading ham… Nuqul katta gap, katta o’tirishlar…
— Men nima yedim bugun, qornim ochday…
— Hamma qatori piyova ichding…
— Nega menga grichka qilib bermaysan, men o’lib ketishim kerakmi?!. Tesha duxtir aytgandi-ku, Grichka qilib ber deb…
— Qaerdan olay, qolmagan…
— Senlarga aytganman. Grichkani yaxshilab pishir deb, oshqozonimga botib ketadi…
— Ey, palvon, senga nima farqi bor. Endi sen butkul ko’rmaysan. Choy qaytaraman deb garang qilma. Choyni piyolaga emas, dasturxonga to’kayapsan, Hamma yoqqa ovqat to’kib tashlayapsan…Ey
bo’ldi… Senga aytganning foydasi yo’q.
— Oynur, menga paypog’imni topib ber…
— ….
— Nega jim turibsan?
— Bugun u so’zladi…
— Nima?
— Daryo…
— Sen ham eshitdingmi? Men ajinami deb o’ylapman. Sal bo’lmasa qayoqqadir otlanayotgandim.
— Biz senga yalingandik. O’sha kuni… Xuddi shunday tun payti edi. Uzoqda itlar hurardi. Daryo suvi shildirab dostonga aylangan qo’shiqlarni kuylardi. Qum oyog’im ostida, oy tepamda edi. Men senga o’tingandim. Birinchi marta sening oldingda ko’z yosh to’kkandim.
— Meni uch-to’rt kundan beri cho’miltirmadinglar ham … Asqar qay go’rga ketgan…. badbo’yligimdan ko’nglim ayniyapti…
— U tiz cho’kkandi. Obod universitetda o’qirdi.
— Ha, kallasi zo’r edi.
— U sening poyingda tiz cho’kdi. Sen o’sha payt shalvoringni tirib suv ichgani Qashqadaryo bo’yiga egilding. Obod ham suvga tushib o’sha yerda tiz cho’kdi. Tizzalari ming yillardan buyon daryo qa’rida yuvilayotgan toshlarga botdi. Keyin yoniga men tizzaladim.
— U nochor edi
— Yo’q, u erkak.
— Qo’rqoq!
— Aksincha mardlik, jasorat, muhabbat uchun kurash…
— Yetar, qornim ochqadi, bonkalariningdan birini och…
— Osmonga yulduz chiqqan… o’sha kundagiday…
— Men unga shunday qil dedimmi, Oynur …
— U sendan yiqilishini bilardi. Chunki sen palvon, u talaba edi. Mening otam ham polvon. Qishloqda bizning sevgimiz gap-so’z bo’lgach…
— Jag’ingni urib sindiraman…
— Polvon otam menga shart qo’ydi. Shart qo’yib sevgimni ezdi. Go’ring to’la nur bo’gur otam, bechora otam o’qrayib shunday dedi: “Ista kurashga taqdiringni qo’yay, qishloqning bo’z yigitlari olishsin – yutug’i sen. Kim bo’lsa ham halollab olsin. Agar xohlamasang, qishloqdagi biron hovlini kelini bo’lib supirish senga butun umr nasib yetmaydi. Tepa qishloqdagi dushmanimni ham quda qilishga tayyorman” Ota gapi hukm! Sening va’dangga inonib, shartga rozi bo’ldim.
— Bunga ellik yil bo’ldi, kampir… Oy chiqdimi deyman, ko’zim oldida xira, tarqoq nur o’ynayapti…
— Men ham tiz cho’kdim. Xuddi Oboddek. Suvga tiz cho’kib, yalindim.
— Men “hey, barakalla”ning jinnisiman…
— Sen kurash kuni va’dangni buzding.
— Obodni yelka qilganman. Lekin u o’sha kuni juda qattiq kurashgandi. Sal qolmasa meni yiqitardi. Olovday yonardi. Ozgina kuchi kamlik qildi. Uni obdon charchatdim. Keyin gavdasini biroz tortimu, egilib yelka qo’ydim. Bo’ldi hayqiriq, bo’ldi barakalla…
— Muhabbatsiz qishloqda, muhabbatga tupirgan qishloqda sen g’olib kelding. Daryo bag’rida bergan qasamingni buzib, muhabbatimiz g’unchasiga ulkan azob toshini ag’darib, uni yanchib tashlading. Barakallani deb-a..! Barakalla senga!
— Obod…
— Uning o’sha paytda qo’lari issiqmidi, nafaslari-chi, ko’zlarichi..? Orzularga to’la vujudi-chi, issiqmidi..?
—
Qornim och…
— U ham palvon edi…Nomus yegitning yalovi.
— Yosh ketdi bechora Obod… Shahardan o’ligi keldi… Soviqda o’pkasi pishib qolibdi.
— Vujud yongan, ichida portlash bo’lgan, bu portlash nima bilasanmi, palvon, bu orning, muhabbatning azobidan chiqqan o’t. Bu bir sonya tinsa qani, kimdir uni to’xtataolsa qani…sen buni hech qachon tushnumaysan, palvon…
— Grichka yeyishim kerak, mening saxirimga foyda emish… ko’rpa ham oyog’imga o’ralib qolayapti, yangi ko’rpa bersanglar o’lasanmi…
— Men o’sha kuni kechasi yana daryo bo’yiga borganman.
— Xo’sh.
— Obod bilan ko’rishgani…
— Iflos… Bo’g’ib qo’yishim mumkin, sen sog’san, nevaralarni qarashing kerak.
— O’sha kuni tunda, sen g’alaba sharobidan mast bo’lib uxlab yotganingda men butun ixtiyorimni unga topshirgan edim.
— Qo’y, Momosi…
— O’t kirayapti-a! Bu nafsing uchun. Men uchun emas… Lekin g’ururing o’lmapti, palvon!
— Daryoga cho’milsa nima qiladi-a? Aprelda tugil qishda ham uyda suv isitmasdim-ku!…Yengil tortardim. Og’irlashib ketyapman. Bir nimalar bosyapti.. Bir nimalar chaqiryapti… Oy chiqqanmi, teraklar titrayaptimi, chinorlar buncha vahimali shovullaydi?
— ….
— Nega jim bo’lib qolding? Nega?
— ….
— Nur menga yaqinlashib kelayotganday…Bu daryoning hidi, bilaklarimga kuch kirganady bo’ldi. Nima bo’lyapti?
— Do’stim!
— Kim bu?
— Do’stim, iltimos yo’q dema… Mening o’qishim ham, kelajagim ham Oynur. Shu qizdan boshqa toleyim yo’q. Istagan narsangni beray. Men seni yiqitaolmayiman. Tan olish ham kerak-ku.
— Palvon, palvon, ko’z yoshim daryo suvini sho’r qildi. Butun umr sinfdosh bo’l. Akam bo’l. .
— Axir, butun qishloq biladi. Agar sen chiqmayman desang, men dadamga rozilik beraman, agar rozi bo’lmasang biz shu yerda daryoning balchiq sayozligida tonggacha o’tiraveramiz, o’tiraveramiz…Cho’kib o’lamiz… Palvon, o’tinaman. Palvon!
— Jigitsan, Palvon, jigit boshim poyingda egildi. Sendan boshqa talabgorlarni yiqitishim mening peshonam. Sen do’stimsan-ku, jo’ra. Va’da ber. Men senga butun umr xizmat qilay, Oynur ham sening singling bo’lsin…Jo’ra… Oy qizlarni senga topib beray. Shohga kuyov bo’l! Shu Oynur qora qiz meniki bo’lsin…
— Voy, nega qora qiz deysiz…
— Bo’ldi…
— ….
— Nima bo’layapti kampir, sening ovozingni farqlolmay qolayapman. Ko’zimga sharpalar ko’rinyapti.
— Bugun shu voqeaga ellik yil bo’ldi.
— Hali ham esingdami..?
— Tug’ilgan kunim qachon edi..? Him…Aniq eslolmas ekanman. Lekin inson o’lgan kunini esdan chiqarmasa kerak… Men uni mangu suydim.
— Men ham seni suyardim, axir.
— Shunchaki…
— Yo’q… Sen tiz cho’kkan paytda, oy yorig’ida men boshqa narsaga aht qildim…
— Daryo urdi seni…
— Daryo ichra tiz cho’kib turganingda suyib qoldim. Sening erkak zotiga bo’lgan ulug’ muhabbatingni ko’rib suyib qoldim. Sen meniki eding. Chunki men zo’r edim. Men qishloqning oldi polvoni edim.
— Men esa o’sha kuni o’lib qoldim.
— Butun hayotim zahar bo’ldi… Tosh, devor…g’isht sendan jonliroq yashardi…
— Seni daryo urdi…
— Rostini ayt. Seni u o’pganmi…Ayt…
— Ellik yildan beri mastlik aralashgan kuning, shayton urib, shu savolni berasan. Bugun ham ko’zimni shamg’alat qilib otdingmi..?
— Ayt, kampir!
— Palvon, nahot oldingda boshqa yigitni deb tiz cho’kkan qizga uylanding. G’ururing yo’qmidi!
— Men ko’r bo’ldi, dema… seni topib olaman…o’zimni tuta olmayman, kampir…sen sog’lomsan yasha, yashayqol. Gapirma, seni topib olaman.
— Oy ham ketyapti, umr o’tyapti…Savolingga javob beraymi?
— Ertaroq aytsang bo’lardi-ku…
— Yo’q, bugun daryo tilga kirdi… Daryo seni so’roq qilish uchun chaqirdi-ku!
— Irodang metin ekan. Qish kunlari urib ko’chaga chiqarib qo’ydim. Saratonda issiqda somonga ko’mib qo’ydim. Chidading, joning qattiq ekan…
— Men u bilan nima qilganimni bilishni istaysanmi?
— Bo’ldi, kerak emas…
— Aytay…
— Gapirma.
— Bunga daryo guvoh. Biz har safar daryo bo’yiga tushganimizda u mangu uyg’oqligidan quvonib ketardi. Daryo oldida aylanib yuruvchi shabada mening sochim tolalarini sanardi, siypalardi. Ko’zimga oy yulduzlardan qochib yashirinardi
— Bu nima? Qo’lim kuyib qoldi…yaramas..
— Butun umr tahlikada, qo’rqib yashadingiz…
— Qo’lim kuydi…Choy to’kildi…
— Shubhalarni deb umringizni harob qildingiz, otasi… Palvonlik ham sabil bo’ldi. Ko’p ichding, kuching qaytdi. Iching kuydi. Birovning sarqitini xotin qildim degan o’y sen ado qildi. Sizga bir og’iz, ha bir og’iz hech nima bo’lmagan – deyishim hammasiga o’zgacha tus berishini bilardim. Oilamiz ham yaxshilanardi, mastlikdan qutilardingiz. Yo’q, men xohlamadim.
— Xontaxtaga oyog’imni urib oldim…
— Lekin men bu so’zni butun umr aytmadim. Farzandalarimiz tug’ildi. Xudo kechirmaydi meni… Ko’nglim shu bo’ldi, ichim it bo’ldi. Sizni bugun hamma aroqxo’r chol deb biladi. Palvon bo’lganizni hech kim eslamaydi ham.
— Nafas olayapsan…
— Qo’rqayapman… Ilk bahor g’unchasini ko’rganmisiz. Quyoshdan-da uyaladi bechora. To’xtang! Sizga aytib ketay….
— Iflos….
— …
— Allaqachon seni, sen itni, seni, seni
— …
— Oynur, Oynur….
— …
— Nega jim bo’lib qolding?
— Oynur!
— Oynur!
— Nahot kulishimdan tanimadingiz?
— Kulishingni esdan chiqarib qo’yibman.
— Bolalarim oldida kulardim-ku…
— Seni suyganman…Shuning uchun umrim kuydi, yondi shabhalar ichra…
— Bilaman…Turing…
— Nega buncha muloyim bo’lib qolding… Bu yotgan kampir sen emasmi? Muzlab borayapsan…
— Yo’q. Men emasman. Men Daryoman…
— Oynurim, sen menga xiyonat qilmagansan-a. Qizligingda ham-a! Obod qo’lingni ham ushlamagan-a?…
— Nima?
— Rostin ayt!
— Bo’ldi turing, birga suvga tushamiz, mazza!
— Menga rahming kelsin. Hech bo’lmasa bilib ketay…
— Men daryoman.
— Senga non botirib yegim kelyapti, enam pishirgan issiq kulchani.
— Yuring…
— Paypoq ham keymayman…So’zlashni qaerdan o’rganding, Daryo?
— Qumlardan ko’p dardimiz bor…
— To’xta, axir dunyoning barcha o’zanlari so’zlay boshlasa nima bo’lishini bilasanmi? Zabon bitsa irmoqlar qanday oqarkan?
— Daryolar so’zlasa…
— Dahshat-a! Dunyo daryolari tilga kirsa… Ketayapman, so’zlab tur, so’zlaringga qarab mo’ljal olaman, daryo. Meni, sen, sen urganmishsan,! Shu rostmi, daryo. Jim turma, so’zla, daryo, so’zla..!
Титратди. Воқеа ҳам, услуб ҳам, тасвир ҳам… Замонавий миллий ҳикоячиликда янги нафас бу. Раҳмат! Муаллифдан тағин яхши асарлар кутиб қоламиз.
Malades