У кишим галстук тақиб, костюм-шимда юрмайди, лекин домлаларга хос катта кўзойнакни кўзига қўндириб, унга яраша замбилдай зил, катта портфелни базўр кўтариб, ўнг томонга хиёл эгилиб юради. Кўйлагининг олд чўнтагига тароқча солиб юради. Суҳбатдоши билан гаплаша-гаплаша, аҳён-аҳёнда ўша тароқча билан сочини бир томонга силлиқ тараб қўяди.
Севара АЛИЖОНОВА
ДОМЛА
Эссе
У кишим галстук тақиб, костюм-шимда юрмайди, лекин домлаларга хос катта кўзойнакни кўзига қўндириб, унга яраша замбилдай зил, катта портфелни базўр кўтариб, ўнг томонга хиёл эгилиб юради. Кўйлагининг олд чўнтагига тароқча солиб юради. Суҳбатдоши билан гаплаша-гаплаша, аҳён-аҳёнда ўша тароқча билан сочини бир томонга силлиқ тараб қўяди. Яқинларини кўнгилга тегмайдиган-у, лекин жуда юки оғир лақаблар билан чақиради. Бу чорловдан сергак тортасан, ўзингни тузатишга киришасан. Ўшандай “унвон” олганлардан бири мен – Мулла Севара. Ҳар гал хонасидан ё бир саволга жавоб тополмай “Шоирмисан?” ва ё ёнидаги суҳбатдошига “Бу кишим – устоз, биз – шогирд” қабилидаги даккию писандаларни эшитиб, қизариб-бўзариб, мулзам бўлиб чиқаман. Аммо бу сафар…
Вақт пешиндан оғганда, домланинг иш вақти – соат уч-тўртларга қараб “Маърифат”га бордим. Эшикни тақиллатиб киришим билан қуюқ сўрашиб, ғаладонларини титкилай кетди. Одатдаги “тешикқулоқ”ликка ул-бул бўлса керак-да, деб ёқинқирамай ўтирибман. Титкилай-титкилай, сўлоқмондай бир “папка”ни олди. Устига “Севара” деб ёзилган. Талабалигимдан бери чиқарилмаган, чиқариб бўлмайдиган “вагон-вагон” материалларим йиғилган жилд. Ичидан бир варақни танлади-ю, болаларча соддалик билан, худди ҳайитлик олаётган бола каби суюниб менга тутқазди. “Қара, эсингдами?” Саккиз йил аввал, биринчи босқич пайтимда “элита” гуруҳга саралаш учун ёзилган иншо. Мавзу – давримизнинг глобал муаммоси. Нима экан, дебман. “Домла, нима қилиб сақлаб юрибсиз? Бу ахир тутантириққаям ярамайди-ку!” “Олиб кетасанми?” – қандайдир илинж билан сўради домла. “Нима қиламан буни? Керак эмас!” – кескин оҳангда дедим. “Сенга керак бўлмаса, менга керак! Бер бу ёққа!” – домланинг жаҳли чиққанини кеч тушундим. Ёшига ярашмайдиган қандайдир чаққонлик билан варақни “папка”га солиб, яна қайта ғаладонига қўйиб қўйди-да, ғазабини сездирмасликка чираниб: “Хўш, нимага келдинг?”, деди. “Домланинг хаёли жойида эмасми?” деган фикр лоп этиб миямдан ўтди-ю, “Ўзингиз чақирдингиз-ку! Жоан Дидионнинг эссеси бўйича” дея минғирлаган бўлдим. “Ма, ўқи!”, деб столи устидаги эссени қўлимга тутқазди. “Севаражон, қимматли вақтингни бекорга совурибсан” деган ёзувга кўзим тушди. Домла шу йўл билан қасд оляптими, деганча аламим келиб, “Майли, бўлмаса бўлмапти-да. Мен кетдим, домла” деб, уларнинг сўзиниям эшитмай чиқиб кетдим.
Барча сезимлар кўнгилдан чиқадикуя, энг маҳобатлиси – оғриқ бўлса керак. Вужудинг селдай оқади, дунёи дун ўша оғриққа сиғмай тошаётгандек туюлаверади. Дарди дунёйинг қоронғи тортиб, тонгни қайта кўрмайдигандек бўлаверасан. Ахир, бу оғриқ фақат ўзингда эмас, бошқа инсонда ҳам кечаётганини сезиб турасан-да. Мен бугун домланинг кўнглига ўша оғриқни солиб қўйдим. Неча йилдан бери асраб-авайлаб келаётгани шу бир парча қоғозни ғижимлаб улоқтиргандай меҳри ва севинчини кўз ўнгида оёғим билан тепкилаб ташладим. Йўл-йўлакай хотиралар лип-лип ўтаверди.
2008 йил. Баҳор. Дарсга борсам, икки-уч курсдошим бирин-кетин сизни Маҳмуд Саъдий қидиряпти. Бориб учрар экансиз, дейишди. Биринчи марта эшитаётганим бу одамнинг ким эканини тушуниб-тушунмай, “Қаёққа бораман?” сўрадим ҳайрон бўлиб. “Маърифат” газетасига боринг. Ўша ерда ишлайдилар. Журналист”. У бинони топиб боргунимча ҳам бир-иккита юқори босқич талабаларининг “Сиз Севара Алижоновамисиз? Домла сизни мақтадилар”. “Қайси домла мақтайди?” “Маҳмуд Саъдий” деган сўзларидан ҳайратим яна ошиб, ийманибгина нотаниш эшикни тақиллатдим. Ичкаридаги оқ-кулранг аралаш сочи бир томонга силлиқ таралган, елкаси хиёл эгик, кўринишидан мўғулсифат, олтмиш ёшлар атрофидаги киши бугунгидек табассум билан “Севарамисан?” деди…
“…Келганингда қуруқ келмай, у-бу нарса ёзиб кел”, мана неча йилдирки, кетар олди шу гапни эшитаман. Бир куни “Эҳ, домла, домла, шу-унча ёздим, барибир чиқармайсиз-ку”, дея ўпка-гина қилган бўлдим. “Сен тўғри ёзасан, лекин чиқариб бўлмайди-да”. “Яна шунақа ёзаман-да, домла”, дедим. “Нима ёзсанг, ёз. Чиқса, чиқмаса, ёз! Кейин чиқмаяпти, деб араз-гина қилма. Ана, 80-йилларда берганди биттаси фольклор ҳақида мақола. Ўзи ўлиб кетдиям ҳали чиқарганим йўқ. Сенга ҳали унча бўлмади шекилли?!”, домла қитмирлигини бошлади. “Ишқилиб домла, ўша навбат келгунича мен ҳам…” деб нафасимни ичимга ютдим. Чиқармайди-ю, лекин кимнинг қачон, нима ҳақда ёзганидан ўша пайтда нима деганигача эсида туради бу кишимнинг. Маҳмуд Саъдий деганлари шунақа одам.
…кўп ўқийди. Ўқимагани йўқ ҳисоби. Лекин йилда ё бир, ё иккита нарса қоралайди, холос. Мен домланинг бу ишини кўп ўқишнинг касрига йўярдим. Бундай одамнинг ўзига, сўзига талаби ниҳоят даражада баланд бўлса керак, деб билардим. Лекин ҳе-еч шу саволни беришга жазм этолмасдим. Нимагадир домлани шу саволдан аягим келарди. Кўп йиллик ярасини тирнаб қўймайин, деб қўрқардим. Аммо не бўлдию, ҳар турли давраларда Маҳмуд Саъдийдан сўз очилди дегунча, калтагида обдан саваланган, ҳақ сўзининг аччиқ таъмини ҳануз туйиб юрганлардан “Бир истеъдодни топиб олиб, ундан “даҳо” ясашга уринади”, “Қўлидан қанча-қанча китоб ўтди-ю, ўзи бир китоб ёзмади. Маҳмуд Саъдийдан нима қолади?”, қабилидаги кинояларни эшитавериб, фиғоним чиқди. Қани энди замон кўтарса, ўшаларнинг ёқасидан тутиб, “Ҳамма сен каби ўзини ўйлайверса, сен каби “китобча”сини чиқараверса, айбингни яширгувчи, “китобча”нгни одамбашара қилиб, Китоб ҳолига келтирувчи “мардикор”лар ҳам керак-да!”, деб юзига айтиб-айтиб олсанг! Зарур ўринларда айтилгани айтилди ҳам, эшитгани эшитди ҳам. Ноҳақликлардан зада бўлиб, бир куни охир сўрадим: “Домла, ёзишингизга нима халал беради? Ёзсангиз, анча-мунча носирбаччалардан яхши ёзасиз-ку! Нега ёзмайсиз?” “Бир умр бурч ёқамдан тутди. Аввалига синглим бир ярим яшар, мен тўрт ёшлигимда ота-онадан етим қолдик. Акалик бурчи сабаб офицерлик мактабидан қишлоққа қайтиб кетдим. Ўшанда кўнглимга қарши бормаганимда, ҳозир олдингда ҳарбий Маҳмуд Саъдий ўтирган бўларди. Сўнг эрлик, оталик, фуқаролик бурчи…” “Ахир, буларнинг ижодга нима дахли бор?” “Бор! Мен аламимни ёзишдан эмас, таҳрирдан олдим. “Гулистон” журналида ишлаб юрган кезларим, ҳозир ҳам, мен учун ном чиқариш эмас, ижтимоий ҳаётда воқеа бўладиган мақола-материал чиқариш муҳим эди. Бундай мақола чиқариш учун муаллиф албатта ўзим бўлишим шарт эмас-ку, тўғрими? Одам баъзан ёзмай, сукут сақлаб ҳам адабиётга хизмат қилиши мумкин. Қилган ишларимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Ким нима деса десин, мен ўз вазифамни, муҳаррирлик ишини бажардим. Муҳаррирликнинг ўзи бир умрга етгулик касб”. Ёшлигидан Макаренкони қўймай ўқиган Домланинг қулоғига илк устозининг сўзлари қўрғошиндай қуйилиб қолган эканми, дейман. “Бурч – одамларга яхшилик соғиниш. Уларнинг аввал яхши томонларини кўр, нуқсонлари секин чиқиб келаверади”. Сўзи кескир бўлса ҳам, ҳеч бу кишининг бировга ёмонлик тилаганини эслолмадим.
…домланинг тақдирланганини эшитиб, бир суюнсам, бир ажабландим. Ахир, бу кишим ҳужжат тўплаб, идорама-идора юрадиганлар сирасидан эмасди-ку. Бу фикрларни хаёлимдан ўтказиб-ўтказмай, телефондан домланинг овози эшитилди: “Мулла Севарами бу?” “Ҳа домла, табриклайман. Мукофот олибсиз!” дедим севинчим ичимга сиғмай. “Ие, сен тўғри гапирардинг-ку! Мукофот беришди, Севаражон!” Маҳмуд Саъдий деганлари шунақа одам.
…талабаликнинг учинчи босқичида домла “Таҳрир санъати” фанидан кира бошлади. Бу кишимга битта тингловчи ҳам кифоя эди. Шу сабабми аудиториянинг ярми уйқусираб ўтирарди. Домла таҳрир санъатидан гапира-гапира, мутолаа санъати, ҳаёт санъати каби бошқа санъатларга ўтиб кетарди-да. Маҳмуд Саъдий аудиторияда бошқа одам, таҳририятда буткул бошқа одамга айланарди. Домланинг кўп шогирдлари айнан таҳририятда савод чиқарган. Уни ҳамон йўқлагувчилар кўп. Бу инсонни учратиб, ватанга, оилага, устозга садоқат тушунчаларидан фарқли, шогирдга садоқат туйғусини ҳам англадим. Домла шогирдларига жуда садоқатли. Аммо афсуски, кўплари мендайин бу садоқатнинг қадрига етавермайди… Домланинг бу қадар фидойилиги, жонкуярлигидан баъзан жаҳлим ҳам чиқиб кетади. “Домла, сизга нима зарил? Ўзизни ҳам ўйласангиз-чи!” деганимга бепарво “Ҳей, майли” деб қўл силтаб қўяди.“Бу одам бошқача яшолмайди!”, хаёлимдан ўтказаман қараб туриб.
…бу кишимга дидни бошқалардан кўра ўн чандон кўпроқ юқтирган. Шу сабабми, унча-мунча асар ҳам ёқавермайди, унча-мунча одам ҳам… “Домла, сизга ўзи инсон зоти ёқадими?”, дейман, ҳали уни ўпоқ, ҳали буни сўпоқ дейишларидан хуноб бўлиб. “Ёқади, ёқади, одам бўлса ёқади-да. Мана, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Матёқуб Қўшжонов…” деб икки-учтасини санай кетади. Охирида саволимдан оғринибми, ийманибми, “Уларнинг адабиётни танлаганларининг ўзи – адабиётга хизмат. Шуниси учун ҳам ҳурмат қилсанг, арзийди” дея қўшиб қўяди. Домланинг ҳеч кимни тан олмаслигидан ҳайрон бўламан-да, сабабини мутолаадан кейи-ин тушуниб етаман. Кўпинча домланинг ҳақ эканига, холис эканига амин бўламан.
… Маҳмуд Саъдий таржимасидаги Жан Коктонинг “Инсон овози” монодрамасини эслайман. Аслида, ўша ёлғизлик исканжасида яшаётган аёл – қаҳрамон, Маҳмуд Саъдий. У бежиз бу асарни танламади таржима учун. Унда ўзини кўрди, унда ўзини топди, унда яшади…
…бир умр рост гапирди. Ёлғонни тан олмади, ёлғон гапиролмади. Қорани оқ деёлмади. Шунинг учун қора кунлари кўп бўлди. Кўп даргоҳга сиғмади. Кўтарилмади, кўпаймади. Ҳаммаси тилининг, феълининг чатоқлигидан. Аммо адабиётни деб тракторини ташлаб келган бу кишимнинг виждони олдида ҳамиша юзи оқ бўлди.
… “Сен менга ўхшама! Менга ўхшаб йўқ бўлиб кетма!” Бу тилакнинг ортида оғриқ, изтироб ва умид қоришиб кетган. Ўзганинг орзуларини ўзиники деб билган одам бир ота-она бўлса, бир Маҳмуд Саъдий бор. Ўзининг хатоларини бошқада такрор кўрмасликни истаган бир ота-она бўлса, бир устоз бор. Бошқани кўргиликлардан асраган бир ота-она бўлса, бир бу кишим бор…
Эслаяпман-у, кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетяпти. Яхшилик жазосиз қолмайди, деб кў-ўп айтасиз. Мана, домлажон, менга қилган яхшиликларингизнинг жазосини тортаверинг. Сиз истаган “даҳо” бўлолмадим, ишончингизни оқлолмадим, умидингизни яна неча шогирдларингиз қатори сўндирдим-қўйдим.
Домла ўша кунги сўзларимдан яхшигина ранжиган экан. Анчагача қўнғироқ қилмади, йўқламади. Домланинг бошқа шогирдлари “Домла сизни сўрадилар” деб айтиб туришди. Мен ўзимни кечиролмай юрган бир паллада, Маҳмуд Саъдийдек инсон невараси тенги қизнинг тақдири, қалами билан тинимсиз бохабар бўлиб туриши баттар виждон азобига солмайдими!
Домла, меҳрингиз, жонкуярлигингиз ва ростгўйлигингиз қаршисида таъзимдаман! Ҳақиқат ва фидойилик тушунчалари битиб кетмай, кейинги авлодга сиздан мерос қолди! Домла, сиздан “даҳо”лар қолмаса, шогирдларингиз етарли. Сиздан китоб қолмаса, мактаб қолди!
Sevara ALIJONOVA
DOMLA
Esse
U kishim galstuk taqib, kostyum-shimda yurmaydi, lekin domlalarga xos katta ko’zoynakni ko’ziga qo’ndirib, unga yarasha zambilday zil, katta portfelni bazo’r ko’tarib, o’ng tomonga xiyol egilib yuradi. Ko’ylagining old cho’ntagiga taroqcha solib yuradi. Suhbatdoshi bilan gaplasha-gaplasha, ahyon-ahyonda o’sha taroqcha bilan sochini bir tomonga silliq tarab qo’yadi. Yaqinlarini ko’ngilga tegmaydigan-u, lekin juda yuki og’ir laqablar bilan chaqiradi. Bu chorlovdan sergak tortasan, o’zingni tuzatishga kirishasan. O’shanday “unvon” olganlardan biri men – Mulla Sevara. Har gal xonasidan yo bir savolga javob topolmay “Shoirmisan?” va yo yonidagi suhbatdoshiga “Bu kishim – ustoz, biz – shogird” qabilidagi dakkiyu pisandalarni eshitib, qizarib-bo’zarib, mulzam bo’lib chiqaman. Ammo bu safar…
Vaqt peshindan og’ganda, domlaning ish vaqti – soat uch-to’rtlarga qarab “Ma’rifat”ga bordim. Eshikni taqillatib kirishim bilan quyuq so’rashib, g’aladonlarini titkilay ketdi. Odatdagi “teshikquloq”likka ul-bul bo’lsa kerak-da, deb yoqinqiramay o’tiribman. Titkilay-titkilay, so’loqmonday bir “papka”ni oldi. Ustiga “Sevara” deb yozilgan. Talabaligimdan beri chiqarilmagan, chiqarib bo’lmaydigan “vagon-vagon” materiallarim yig’ilgan jild. Ichidan bir varaqni tanladi-yu, bolalarcha soddalik bilan, xuddi hayitlik olayotgan bola kabi suyunib menga tutqazdi. “Qara, esingdami?” Sakkiz yil avval, birinchi bosqich paytimda “elita” guruhga saralash uchun yozilgan insho. Mavzu – davrimizning global muammosi. Nima ekan, debman. “Domla, nima qilib saqlab yuribsiz? Bu axir tutantiriqqayam yaramaydi-ku!” “Olib ketasanmi?” – qandaydir ilinj bilan so’radi domla. “Nima qilaman buni? Kerak emas!” – keskin ohangda dedim. “Senga kerak bo’lmasa, menga kerak! Ber bu yoqqa!” – domlaning jahli chiqqanini kech tushundim. Yoshiga yarashmaydigan qandaydir chaqqonlik bilan varaqni “papka”ga solib, yana qayta g’aladoniga qo’yib qo’ydi-da, g’azabini sezdirmaslikka chiranib: “Xo’sh, nimaga kelding?”, dedi. “Domlaning xayoli joyida emasmi?” degan fikr lop etib miyamdan o’tdi-yu, “O’zingiz chaqirdingiz-ku! Joan Didionning essesi bo’yicha” deya ming’irlagan bo’ldim. “Ma, o’qi!”, deb stoli ustidagi esseni qo’limga tutqazdi. “Sevarajon, qimmatli vaqtingni bekorga sovuribsan” degan yozuvga ko’zim tushdi. Domla shu yo’l bilan qasd olyaptimi, degancha alamim kelib, “Mayli, bo’lmasa bo’lmapti-da. Men ketdim, domla” deb, ularning so’ziniyam eshitmay chiqib ketdim.
Barcha sezimlar ko’ngildan chiqadikuya, eng mahobatlisi – og’riq bo’lsa kerak. Vujuding selday oqadi, dunyoi dun o’sha og’riqqa sig’may toshayotgandek tuyulaveradi. Dardi dunyoying qorong’i tortib, tongni qayta ko’rmaydigandek bo’laverasan. Axir, bu og’riq faqat o’zingda emas, boshqa insonda ham kechayotganini sezib turasan-da. Men bugun domlaning ko’ngliga o’sha og’riqni solib qo’ydim. Necha yildan beri asrab-avaylab kelayotgani shu bir parcha qog’ozni g’ijimlab uloqtirganday mehri va sevinchini ko’z o’ngida oyog’im bilan tepkilab tashladim. Yo’l-yo’lakay xotiralar lip-lip o’taverdi.
2008 yil. Bahor. Darsga borsam, ikki-uch kursdoshim birin-ketin sizni Mahmud Sa’diy qidiryapti. Borib uchrar ekansiz, deyishdi. Birinchi marta eshitayotganim bu odamning kim ekanini tushunib-tushunmay, “Qayoqqa boraman?” so’radim hayron bo’lib. “Ma’rifat” gazetasiga boring. O’sha yerda ishlaydilar. Jurnalist”. U binoni topib borgunimcha ham bir-ikkita yuqori bosqich talabalarining “Siz Sevara Alijonovamisiz? Domla sizni maqtadilar”. “Qaysi domla maqtaydi?” “Mahmud Sa’diy” degan so’zlaridan hayratim yana oshib, iymanibgina notanish eshikni taqillatdim. Ichkaridagi oq-kulrang aralash sochi bir tomonga silliq taralgan, yelkasi xiyol egik, ko’rinishidan mo’g’ulsifat, oltmish yoshlar atrofidagi kishi bugungidek tabassum bilan “Sevaramisan?” dedi…
“…Kelganingda quruq kelmay, u-bu narsa yozib kel”, mana necha yildirki, ketar oldi shu gapni eshitaman. Bir kuni “Eh, domla, domla, shu-uncha yozdim, baribir chiqarmaysiz-ku”, deya o’pka-gina qilgan bo’ldim. “Sen to’g’ri yozasan, lekin chiqarib bo’lmaydi-da”. “Yana shunaqa yozaman-da, domla”, dedim. “Nima yozsang, yoz. Chiqsa, chiqmasa, yoz! Keyin chiqmayapti, deb araz-gina qilma. Ana, 80-yillarda bergandi bittasi fol`klor haqida maqola. O’zi o’lib ketdiyam hali chiqarganim yo’q. Senga hali uncha bo’lmadi shekilli?!”, domla qitmirligini boshladi. “Ishqilib domla, o’sha navbat kelgunicha men ham…” deb nafasimni ichimga yutdim. Chiqarmaydi-yu, lekin kimning qachon, nima haqda yozganidan o’sha paytda nima deganigacha esida turadi bu kishimning. Mahmud Sa’diy deganlari shunaqa odam.
…ko’p o’qiydi. O’qimagani yo’q hisobi. Lekin yilda yo bir, yo ikkita narsa qoralaydi, xolos. Men domlaning bu ishini ko’p o’qishning kasriga yo’yardim. Bunday odamning o’ziga, so’ziga talabi nihoyat darajada baland bo’lsa kerak, deb bilardim. Lekin he-yech shu savolni berishga jazm etolmasdim. Nimagadir domlani shu savoldan ayagim kelardi. Ko’p yillik yarasini tirnab qo’ymayin, deb qo’rqardim. Ammo ne bo’ldiyu, har turli davralarda Mahmud Sa’diydan so’z ochildi deguncha, kaltagida obdan savalangan, haq so’zining achchiq ta’mini hanuz tuyib yurganlardan “Bir iste’dodni topib olib, undan “daho” yasashga urinadi”, “Qo’lidan qancha-qancha kitob o’tdi-yu, o’zi bir kitob yozmadi. Mahmud Sa’diydan nima qoladi?”, qabilidagi kinoyalarni eshitaverib, fig’onim chiqdi. Qani endi zamon ko’tarsa, o’shalarning yoqasidan tutib, “Hamma sen kabi o’zini o’ylayversa, sen kabi “kitobcha”sini chiqaraversa, aybingni yashirguvchi, “kitobcha”ngni odambashara qilib, Kitob holiga keltiruvchi “mardikor”lar ham kerak-da!”, deb yuziga aytib-aytib olsang! Zarur o’rinlarda aytilgani aytildi ham, eshitgani eshitdi ham. Nohaqliklardan zada bo’lib, bir kuni oxir so’radim: “Domla, yozishingizga nima xalal beradi? Yozsangiz, ancha-muncha nosirbachchalardan yaxshi yozasiz-ku! Nega yozmaysiz?” “Bir umr burch yoqamdan tutdi. Avvaliga singlim bir yarim yashar, men to’rt yoshligimda ota-onadan yetim qoldik. Akalik burchi sabab ofitserlik maktabidan qishloqqa qaytib ketdim. O’shanda ko’nglimga qarshi bormaganimda, hozir oldingda harbiy Mahmud Sa’diy o’tirgan bo’lardi. So’ng erlik, otalik, fuqarolik burchi…” “Axir, bularning ijodga nima daxli bor?” “Bor! Men alamimni yozishdan emas, tahrirdan oldim. “Guliston” jurnalida ishlab yurgan kezlarim, hozir ham, men uchun nom chiqarish emas, ijtimoiy hayotda voqea bo’ladigan maqola-material chiqarish muhim edi. Bunday maqola chiqarish uchun muallif albatta o’zim bo’lishim shart emas-ku, to’g’rimi? Odam ba’zan yozmay, sukut saqlab ham adabiyotga xizmat qilishi mumkin. Qilgan ishlarimdan hech ham afsuslanmayman. Kim nima desa desin, men o’z vazifamni, muharrirlik ishini bajardim. Muharrirlikning o’zi bir umrga yetgulik kasb”. Yoshligidan Makarenkoni qo’ymay o’qigan Domlaning qulog’iga ilk ustozining so’zlari qo’rg’oshinday quyilib qolgan ekanmi, deyman. “Burch – odamlarga yaxshilik sog’inish. Ularning avval yaxshi tomonlarini ko’r, nuqsonlari sekin chiqib kelaveradi”. So’zi keskir bo’lsa ham, hech bu kishining birovga yomonlik tilaganini eslolmadim.
…domlaning taqdirlanganini eshitib, bir suyunsam, bir ajablandim. Axir, bu kishim hujjat to’plab, idorama-idora yuradiganlar sirasidan emasdi-ku. Bu fikrlarni xayolimdan o’tkazib-o’tkazmay, telefondan domlaning ovozi eshitildi: “Mulla Sevarami bu?” “Ha domla, tabriklayman. Mukofot olibsiz!” dedim sevinchim ichimga sig’may. “Ie, sen to’g’ri gapirarding-ku! Mukofot berishdi, Sevarajon!” Mahmud Sa’diy deganlari shunaqa odam.
…talabalikning uchinchi bosqichida domla “Tahrir san’ati” fanidan kira boshladi. Bu kishimga bitta tinglovchi ham kifoya edi. Shu sababmi auditoriyaning yarmi uyqusirab o’tirardi. Domla tahrir san’atidan gapira-gapira, mutolaa san’ati, hayot san’ati kabi boshqa san’atlarga o’tib ketardi-da. Mahmud Sa’diy auditoriyada boshqa odam, tahririyatda butkul boshqa odamga aylanardi. Domlaning ko’p shogirdlari aynan tahririyatda savod chiqargan. Uni hamon yo’qlaguvchilar ko’p. Bu insonni uchratib, vatanga, oilaga, ustozga sadoqat tushunchalaridan farqli, shogirdga sadoqat tuyg’usini ham angladim. Domla shogirdlariga juda sadoqatli. Ammo afsuski, ko’plari mendayin bu sadoqatning qadriga yetavermaydi… Domlaning bu qadar fidoyiligi, jonkuyarligidan ba’zan jahlim ham chiqib ketadi. “Domla, sizga nima zaril? O’zizni ham o’ylasangiz-chi!” deganimga beparvo “Hey, mayli” deb qo’l siltab qo’yadi.“Bu odam boshqacha yasholmaydi!”, xayolimdan o’tkazaman qarab turib.
…bu kishimga didni boshqalardan ko’ra o’n chandon ko’proq yuqtirgan. Shu sababmi, uncha-muncha asar ham yoqavermaydi, uncha-muncha odam ham… “Domla, sizga o’zi inson zoti yoqadimi?”, deyman, hali uni o’poq, hali buni so’poq deyishlaridan xunob bo’lib. “Yoqadi, yoqadi, odam bo’lsa yoqadi-da. Mana, Maqsud Shayxzoda, Asqad Muxtor, Matyoqub Qo’shjonov…” deb ikki-uchtasini sanay ketadi. Oxirida savolimdan og’rinibmi, iymanibmi, “Ularning adabiyotni tanlaganlarining o’zi – adabiyotga xizmat. Shunisi uchun ham hurmat qilsang, arziydi” deya qo’shib qo’yadi. Domlaning hech kimni tan olmasligidan hayron bo’laman-da, sababini mutolaadan keyi-in tushunib yetaman. Ko’pincha domlaning haq ekaniga, xolis ekaniga amin bo’laman.
… Mahmud Sa’diy tarjimasidagi Jan Koktoning “Inson ovozi” monodramasini eslayman. Aslida, o’sha yolg’izlik iskanjasida yashayotgan ayol – qahramon, Mahmud Sa’diy. U bejiz bu asarni tanlamadi tarjima uchun. Unda o’zini ko’rdi, unda o’zini topdi, unda yashadi…
…bir umr rost gapirdi. Yolg’onni tan olmadi, yolg’on gapirolmadi. Qorani oq deyolmadi. Shuning uchun qora kunlari ko’p bo’ldi. Ko’p dargohga sig’madi. Ko’tarilmadi, ko’paymadi. Hammasi tilining, fe’lining chatoqligidan. Ammo adabiyotni deb traktorini tashlab kelgan bu kishimning vijdoni oldida hamisha yuzi oq bo’ldi.
… “Sen menga o’xshama! Menga o’xshab yo’q bo’lib ketma!” Bu tilakning ortida og’riq, iztirob va umid qorishib ketgan. O’zganing orzularini o’ziniki deb bilgan odam bir ota-ona bo’lsa, bir Mahmud Sa’diy bor. O’zining xatolarini boshqada takror ko’rmaslikni istagan bir ota-ona bo’lsa, bir ustoz bor. Boshqani ko’rgiliklardan asragan bir ota-ona bo’lsa, bir bu kishim bor…
Eslayapman-u, ko’zimdan tirqirab yosh chiqib ketyapti. Yaxshilik jazosiz qolmaydi, deb ko’-o’p aytasiz. Mana, domlajon, menga qilgan yaxshiliklaringizning jazosini tortavering. Siz istagan “daho” bo’lolmadim, ishonchingizni oqlolmadim, umidingizni yana necha shogirdlaringiz qatori so’ndirdim-qo’ydim.
Domla o’sha kungi so’zlarimdan yaxshigina ranjigan ekan. Anchagacha qo’ng’iroq qilmadi, yo’qlamadi. Domlaning boshqa shogirdlari “Domla sizni so’radilar” deb aytib turishdi. Men o’zimni kechirolmay yurgan bir pallada, Mahmud Sa’diydek inson nevarasi tengi qizning taqdiri, qalami bilan tinimsiz boxabar bo’lib turishi battar vijdon azobiga solmaydimi!
Domla, mehringiz, jonkuyarligingiz va rostgo’yligingiz qarshisida ta’zimdaman! Haqiqat va fidoyilik tushunchalari bitib ketmay, keyingi avlodga sizdan meros qoldi! Domla, sizdan “daho”lar qolmasa, shogirdlaringiz yetarli. Sizdan kitob qolmasa, maktab qoldi!