Abdulla Sher. She’rlar

0335 август — таниқли шоир, олим ва таржимон Абдулла Шер таваллуд топган кун

Фалсафий моҳиятга эга шеър ҳамма вақт замонавийдир. Замонавийлик ва замонасозлик масаласига келсак, у кўпинча миллатни, жамиятни, ижтимоий тузумни чалғитадиган муаммо. Чунки замонасоз муаллиф яратган асар бир қарашда гўё замонавийдек кўринади. Чунончи, замонасоз ёзувчи-шоир замоннинг моҳиятига ҳеч қачон кириб бормайди. У буни истамайди ҳам. У ялтираб турган ҳодисани қаламга олади. Яъни замонни илгарига етаклайдиган муаммоларни эмас, балки замоннинг шу кун учун долзарб, лекин эрта ва индин учун кераксиз, ўткинчи бўлган воқеа-ҳодисаларни тасвирлайди.

Абдулла ШЕР
ШЕЪРЛАР
011

03Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманининг Йўлтушган қишлоғида ҳунарманд-мисгар оиласида туғилди. Ўрта мактабни 1960 йил тугатиб, дастлаб бошланғич мактаб ўқитувчиси, кейин Ленин байроғи туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлади. 1962-65 йилларда Шарқий Олмонияда ҳарбий хизматни ўтади. 1965-70 йилларда Тошкент Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида ўқиди. 1969 йилдан бошлаб “Гулистон” журналининг адабий ҳодими, бўлим мудири, масъул котиби, Ўзбекистон Физкультурачиси газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлади. 1970-81 йилларда Москвада Олий адабиёт курсида ўқиди. 1981 йилдан бошлаб “Ёшлик” журналининг масъул котиби 1984 йиллар мобайнида “Ёшлик” журналининг масъул котиби, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси биринчи котиби ўринбосари, Ёзувчилар Уюшмаси Тошкент вилояти бўлимининг масъул котиби лавозимида ишлади. 1984-89 йилгача эркин ижодкор, 1989 йилдан 2011 йилгача Ўзбекистон Миллий университети Фалсафа факультети Этика ва эстетика кафедрасида катта ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида ишлади. 2011 йилдан ҳозирги пайтгача эркин ижодкор. У 1975 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг, 1977 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси. 2000 йилдан Олий таълим аълочиси.

У 1958 йилдан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. 1959 йили илк марта шеъри матбуотда эълон қилинган. Унинг биринчи шеърлар тўплами “Кўклам табассуми” 1973 йили чоп этилган. Шундан кейин у “Алёр” (1977), “Атиргул сояси” (1979), “Роз” (1980), “Куз ҳилоли” (1983), “Қадимги куй” (1987), “Нуқтадан сўнг” (1989), “Тоқат” (1997), “Ёнаётган йўл” (2007), “Ёмғирлар оралаб” (2009), “Сарбаст қўшиқлар” (2010), “Севги олмоши” (2010), “Севилмаган менинг севгилим” (2010), “Гул йиллар, булбул йиллар” (Сайланма, 2012) шеърий китобларининг ва “Асрларнинг асраганлари” насрий тўпламининг муаллифи. Шунингдек, у Байроннинг Дон Жуан, Ҳ. Ҳайненинг “Қўшиқлар китоби” олмон тилидан таржима қилган. Рус тилидан Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Ахматова, Чаренц, Твардовский шоирлар асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Унинг шеърлар ва достонлари рус, литва, инглиз, испан, озарбайжон, турк, қозоқ, қрим татар ва бошқа тилларга таржима қилинган.Айни пайтда Абдулла Шер файласуф олим сифатида ҳам машҳур. У “Ахлоқшунослик”, “Эстетика” фанларидан ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи.

011

* * *

Мен шоирман, Егише Чаренц…
Егише Чаренц

Мен шоирман, мен — Абдулла Шер,
Барлосларнинг саркаш фарзанди.
Айтгил Осмон, айтгил она Ер:
Ўз асримга менми асранди?!

Дедиларки: «Зўрдир ганж кучи,
Эгилиб ол, унда шон, мулк бор!»
Эгилдиму, қаламим учи
Юрагимга қадалди илк бор.

Лаънат айтиб бундай устозга,
Тутдим, шундай, йўллар баридан.
Кўкламларни етаклаб ёзга,
Чиқмоқ бўлдим Вақтнинг қаъридан.

Юксаклар деб ёндим ошуфта,
Сомон йўли ҳушимни олди.
Аммо киприк санчилган шифтда
Чатнаб кетган ёш юлдуз қолди.

Қаҳ-қаҳ урди умр бўшлиғи,
Ўт қўйганда орзуга армон.
Яллиғланган йиллар қўшиғи
Ёндиради бўғзимни ҳамон.

Мен ёнаман: на ёв, на дўстим
Қорайтолган уфқимни ерда.
Мен оловман: зулматни тўсдим, —
Ватаним деб чўғландим шеърда!

МУҚАДДИМА

Қишга тўқий дея қасида
Дўст тутиндим бугун осмонга.
Оқ фаслнинг ҳикмат дарсида
Боқдим умр деган карвонга.

Фаслларни оралаб ўтган
Шу карвонга яна юк ортдим.
Балки, менмас, ўзгани кутган
Шеъриятнинг енгидан тортдим.

Кулиб боқди менга шеърият,
Рангларини кўрдим бор-йўқнинг.
Чулғади-ю оловли ният,
Тафти бўлдим қордаги чўғнинг.

Қорга ўраб илҳомни, қишжон
Келтирганда яшнади байтим.
Мен куйладим, энгашди осмон,
Осмон бўлиб қўшиқлар айтдим.

* * *

Сурмаранг соҳилларда
Қуёш ботар, тонг отар,
Ранглар ястаниб ётар
Сурмаранг соҳилларда…

Сурмаранг соҳилларда
Хаёлдек юрт депсинар,
Хаёллар унга минар
Сурмаранг соҳилларда…

Сурмаранг соҳилларда
От қўйдим-у мен бот-бот,
Қолиб кетдим умрбод
Сурмаранг соҳилларда…

Сурмаранг соҳилларда
Яшайман минг-минг йилким,
Рангман, хаёлман – мен жим…
Сурмаранг соҳилларда…

Сурмаранг соҳилларда…

Тошкент, 1974

ОЗОР

Абдулла Қодирий хотирасига

«Отабекман, Кумушим эдинг,
Икки дапқир топиб, йўқотдим.
Бахтдан олган улушим эдинг.
Замон бизни қабрга сотди.

Мен севардим, севардим танҳо,
Юрагимни юлиб олдилар.
Бир сен эдинг менга бор дунё,
Бор дунёга заҳар солдилар…»

Ҳазин-ҳазин инграйди оят
Сассиз, вазмин қабристон аро.
Шамолда ҳам ғамгин ривоят,
Тун – бир дунё қоп-қора наво!

«Кумуш!.. Кумуш!…» деган бир фарёд
Учар… учар… Қўнмоққа жой йўқ.
Еру кўкда фақат ўша дод,
Юлдуз унут, ҳаттоки ой йўқ…

Қабристонга тушганда йўлим,
Мен шу ғамгин ҳолни кўраман.
Фотиҳага очилур қўлим,
Бир дам тизим букиб тураман.

Аммо бунда на Кумуш қабри,
На Отабек фарёди бордир.
Қабристон ҳам ўзга-ю, жабри –
Ўша-ўша, дилга озордир:

Паричеҳра Кумуш ётади,
Айланади Зайнаб сояси,
Тиззагача ерга ботади
Отабекнинг мунг-ҳикояси.

Чиноз, 1969

ЁЗ

Қоқ тунгача қийнар дим ҳаво,
Олисдадир салқин юлдузлар.
Толғин наво, толиққан наво
Юраклардан қўнимгоҳ излар.

Кундузлари тиллашиб ёниқ
Қуёшу Ер сансирашади.
Қулоқ тутсанг, тинглайсан аниқ
Далаларнинг ҳансирашини.

Гоҳ арава ўтса ирмоқдан
Кўприк сувни тўлдирар хасга.
Тўнтарилган тарғил пучмоқдан
Тўкилади аланга пастга.

Ўримини кутар бош эгиб,
Пайкалларда қуюқ, сара дон.
Пешиндан сўнг уфққа тегиб,
Қайтиб келар яна саратон.

Жўхоризор мудрайди беғам,
Суратдаги кўк кўлга ўхшар.
Ҳансираган сарғимтил олам
Чидолмасдан гўё пўст ташлар.

Шошмас ҳатто дала ариғи,
Дақиқалар ўтар ўрмалаб.
Живир-живир қуёшнинг тиғи
Кириб борар ерни пармалаб.

Намозгарда шовқин уйғониб,
Яна осмон таранглашади.
Ёлғиз булут ғурубда ёниб,
Олов билан ранг талашади.

Сўнг тун бўйи қийнар дим ҳаво,
Парво қилмас салқин юлдузлар.
Толғин наво, толиққан наво
Юраклардан қўнимгоҳ излар.

Тошкент, 2002

РУҲ

Устоз Шайхзода хотирасига

Туғилганда мен йиғладим – кулдилар,
Мен энди жим! – Йиғлашади хўп улар.
Оппоқ юзим, қонсиз юзим, жонсиз тан,
Аъло тўним – оппоқ кафан.
Тебранади, уҳ!.. Узлатнинг бешиги,
Бордир унинг на туйнуги, эшиги.
Бора-бора қисқаради сўнг йўлим,
Искандардай очиқ борар, эҳ, қўлим!..
Бу одамлар нега мунча шошади?!
Менда ғазаб тошади!..
Ўргатишиб маҳшаргача сабрга,
Вужудимни қўйишади қабрга.
Тебранади мунгли-мунгли оятлар,
Тебранади минг-минг йиллик одатлар,
Тебранади тенгдошларим сафлари,
Нотиқларнинг бийрон-бийрон гаплари…
Шошманг-шошманг! Тош қўймангиз устимга,
У оғирлик қилур бугун жисмимга,
Тирикликда хўп тошларни кўтардим,
Тошлар қадар кўз ёшларни кўтардим!..
…Тарқалдилар…Ярим тунда тураман,
Аста-аста, кўланкадек юраман,
Авлодлардан умидимни узмайман,
Аммо
Тинчин бузмайман.
Узоқ-узоқ тилсиз боқиб тураман
Ва уларнинг ҳар бирида кўраман:
Қувончимни, аламимни,
Қўлимдаги қаламимни,
То ҳанузам ёниб турган шамимни.
…Тун –
Кираркан кафанимнинг рангига,
Қулоқ солиб тирикликнинг зангига,
Мен кўнглимни зўрға узиб кетаман,
Тонготарда масканимга етаман,
Масканимга!
Маскан…
Ҳа…

Чиноз,1968

БИБИХОНИМ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Маҳобатли, чўнг масжид аро
Ҳарир парда ортидан ёниб,
Қуръон ўқир бир бахти қаро,
Қуръон ўқир рутбадан тониб.

Асир айлар мунглуғ муножот,
Асир айлар қўнғироқ овоз.
У тилайди Тангридан нажот,
У сўрайди бир фарзанд холос.

У сўрайди, тинмай сўрайди,
Хотирини этмайди малул:
Йўргакларга қувнаб ўрайди
Лўппи-лўппи хаёлларни ул.

«Омин!», деган пайтида, бироқ,
Ҳовучидан тўкилар шув-шув
Ташна тақдир лабидан йироқ, –
Қаро ерга энг азиз орзу.

Хўжасига йиғлар дилпора:
«Қон тўкмангиз, бегим, бегуноҳ;
Гуноҳимиз кечсаю зора,
Фарзанд берса бизларга Аллоҳ!»

Жанггоҳларга кетса жаҳонгир,
Инсоф тилаб йиғлаб қолар у.
Кундошларнинг ўғлини бир-бир
Ёқасидан солиб олар у.

Унга ҳурмат, унга тавозе:
Бибихоним атарлар уни,
Маликамас, аёл овози
Янграр, лекин, ҳар жумъа куни, –

Олти юз йил ул сас шикастбанд,
Олти юз йил оғрийди жоним,
Олти юз йил, тингла, Самарқанд,
Фарзанд тилар Сароймулкхоним!

Тошкент, 1988

ШОИРЛИК МАНЗАРАСИ

Ҳануз шеър ёзишни билмайман.
Миртемир

Фаслин излаб, гоҳ телбанамо,
Кузда мева туккан олмадек,
Шоирликни ўргандик, аммо,
Шеър ёзишни ўрганолмадик.

Қичқирганда бир сўзни томоқ,
Ўзга сўз деб юрак патрлар.
Қалбда, гарчанд, яшнаса ҳам оҳ,
Кулиб турар бизнинг сатрлар…

Боқ, ғичирлаб қадимий эшик,
Аста чиқиб кетади илҳом…
Қаердадир чинқирар бешик,
Юлдузларни тўсиб турар том…

Тўйтепа,2009.

МАНЗАРАЛИ ДАРАХТЛАР

Савлат тўкиб яшайди манзарали дарахтлар
Хиёбону кўчалар, зиёратбоп жойларда.
Ҳар саҳарда фаррошлар сув сепишар, ярақлар –
Чангга ботган барглари ёз-ёғинсиз ойларда.

Печакларнинг севгиси уларга ёт бир умр,
Атрофида унмайди бирор бегона гиёҳ.
Сувлар ҳам лойқа эмас, уруғ ташимас бир қур –
Бетон ариқ бўйида силкинмас ялпиз, қиёқ.

Уларнинг тагларида ўйнамас пари, жин ҳам, –
Намозшомда болалар ўтмас ҳовучлаб юрак.
Қариса ҳам кесмаслар, қилишмагай саржин ҳам, –
Газга сероб шаҳарда ўтин-чўп кимга керак!..

Қандай беташвиш ҳаёт! Улардек бахтиёр йўқ,
Фонуслар қўшиғини тинглашар кечаларда.
Ҳамма нарса муҳайё, парваришдан кўнгил тўқ,
Қуёшни қаршилашар марказий кўчаларда.

Бироқ гоҳи-гоҳида яшил тиллари билан
Буюк армон достонин куйлайдилар шамолга;
Орзунинг барча учун очиқ йўллари билан
Эзгу бир манзарани келтиришар хаёлга:

Олис кенгликлар аро яшнар боғ деган ҳаёт,
Яшар бир-бирин суяб унда ўзга дарахтлар;
Ой нурида товланган мевалари – зурриёт,
Дарахтлик тақдирида гавҳар каби чарақлар.

Тошкент, 1977

УЛУҒБЕК

Томирида бир пайт чопган қон
Ханжар тутиб югургач, ҳайҳот,
Юлдузларни болам деб султон
Учиб кетди кўкка беқанот.

Тошкент, 1987

БАЙРОН

Ҳар сўзи тарихни янгратган бир бонг, –
Шундай улкан эди шоир қисмати!
Бу қадар улуғвор Мангулик, не тонг,
Замон деб аталган Вақтга сиғмади.

Тўйтепа, 13.08.09

ФАРД

Нурни кесмоқ бўлсанг, билиб қўй, жоҳил,
Бир нурдан икки нур қиласан ҳосил!

Тўйтепа, 2008

* * *

Декабрнинг сўнгги кунлари
Елкадаги қорни тўкдилар
Ва булутлар, пастлаб тунлари,
Оқ туядек ерга чўкдилар.

Қулоғимиз, гарчанд, эшитмас
“Чўк!”, “Чўк!” деган одатий сасни,
Лекин, ҳис қиламиз, муқаддас
Бир осмоний сирли нафасни.

Дов-дарахтлар қунишиб ухлар,
Кенгайгандек туюлар шудгор.
Кўкка қараб гўё “Уҳ-уҳ!”лар
Буғ уфурган қорамтир анҳор.

Тарк этгандек ғамлар дунёни
Барча тундлик бўлар бадарға.
Ер таратган оппоқ зиёни
Қутлар ҳатто қоп-қора қарға.

Кўтарилар қалбдаги пилик,
Тонгга ўхшаб ёруғлашар шом.
Шукроналик, ажиб сокинлик
Бахш этади илоҳий ором.

* * *

Оппоқ қор зўр келар оппоқ қоғоздан,
Кўзимни аврайди тун сукунати.
Юлдузлар жаранглаб куйлар аёздан
Жойига қўйишиб қишнинг ҳурматин.

Недандир хушнуддек ярақлар ой ҳам,
Сездирмай тебранар кўкиш соялар.
Ойдинда мунғайиб, тургандек бу дам
Шудгордан бебаҳра ғўзапоялар.

Камтарин товланиб фалак нуридан,
Имлагандек бўлар мен соғинган қор.
Сеҳрли оламга юрак тўридан
Аста тушиб келар қалбдаги баҳор.

Улуғвор сукунат, гўзал сукунат
Тинглар-у қалбдаги баҳор-овозни.
Уйқусиз шоирга кўрсатиб ҳиммат,
Шеърга айлантирар оппоқ қоғозни.

* * *

Уч кундирки, қор ёғар тинмай,
Тиқ этмайди далаю боғлар.
Устимиздан кулар кўринмай
Булутларни қўйворган тоғлар.

Қандай хурсанд эдик илк қордан,
Мўъжизадек гўё ҳар учқун.
Туюлгандек энди қор нордон –
Сал тиришиб боқамиз бугун.

Одамзоднинг феъли қизиқ-да:
Нимадандир ғашдек яшайди.
Яшаб туриб битта чизиқда,
Ўзгасини чиза бошлайди.

Зерикади ўзидан ҳатто,
Ўзгаришни кутар ҳар кундан.
Эҳтимолки, раҳмдил Худо
Фаслларни ўзгартар шундан!

* * *

Қаҳратон қиш. Ёпиқ айвонда
Ўн тўрт яшар икки синфдош
Ўлтирамиз икки томонда
Дафтар-китоб узра эгиб бош.

Танчадаги иссиқбахш қўрдан
Ҳузур олар оёқларимиз.
Аммо қай кун шундай пайт бирдан
Чирмашди-ю бармоқларимиз,

Титраб кетди оёқлар эмас,
Ўша онда, бор вужудимиз.
Қисқа-қисқа олдиг-у нафас,
Тўхтаб қолдик дарс қилишдан биз…

Қишлар ўтди. Тугади мактаб.
Ҳаёт дарсин ўта бошладик:
Йигит ва қиз, икки хил ҳатлаб,
Ёт оламга қадам ташладик.

Тақдир экан. Бизни ҳар томон
Олиб кетди оёқларимиз…
Лекин қучар ёдимда ҳамон
Бир-бирини бармоқларимиз.

* * *

Кўкдан пахта тўкилгандек этаклаб,
Ҳовлиларда пайдо бўлди оқ хирмон.
Узоқлардан Қорқизини етаклаб
Янги йил ҳам йўлга чиқди биз томон.

Туни бўйи гуллар чизиб ойнага,
Рассомликка даъво қилар дарчалар.
Меҳмон бўлиб кираман дер хонага
Тоғдан тушиб келаётган арчалар.

“Қорбўрон”да ғолиб чиқар йигитлар
Аччиғидан қизлар юзи лоладир.
“Кап-каттасиз!..” дея қилманг ўгитлар
Қор қўйнида ҳамма бугун боладир.

Шу сабабли қорни суюб, ўйнаймиз
“Эрта” деган сўзга ишни биз юклаб.
“Яшаш гўзал!” деймиз, севиб тўймаймиз
Севги сирин билмасак-да тузуклаб.

Гарчанд ҳали совуғи бор бу қорнинг,
Лекин чилла дўқ урса ҳам куламиз:
Қор остида яшаётган баҳорнинг
Овозини эшитгандек бўламиз.

ҚОР ЁҒАДИ ГУПИЛЛАБ

Қор ёғади гупиллаб,
Тиним билмасдан уч кун.
Юзларни ловиллатар
Кўкдан тушган ҳар учқун.

Қор ёғади гупиллаб,
Кий, жоним, оқ пўстинни,
Қўлтиқдан ол қорқиздек
Бир умрлик дўстингни.

Қор ёғади гупиллаб,
Оёқ ости ғичирлар.
Гўёки оппоқ олам
Севишинг деб пичирлар.

Қор ёғади гупиллаб,
Ўт ёнар икки танда.
Қувиб бир-биримизни,
Сирғанамиз етганда.

Қор ёғади гупиллаб,
Йиқиламиз “Воҳ!”лашиб,
Бир зум шу баҳонада
Ётамиз қучоқлашиб.

Қор ёғади гупиллаб,
Бу дамлар нақадар соз!
Бизни кўкка учирар
Ишқ деган сирли парвоз.

Қор ёғади гупиллаб,
Ёдга солиб “ёр-ёр”ни:
Қор қўйнида икки гул
Эслатади баҳорни.

* * *

Эзғилама этигинг билан,
Қўй, бечора бегуноҳ қорни,
Нима фойда, айт, ер чизгандан –
Биз йўқотдик, бой бердик борни.

Топишди-ю баҳорда кўзлар,
Хўшлашмоқда қиш орасида.
Айтилмаган энг зарур сўзлар
Қолиб кетди тиш орасида.

Юзларимни тирнар изғирин,
Борай энди. Ортиқ нетаман?
Сўнг бор ташлаб сенга кўз қирин,
Оқ дунёга сингиб кетаман.

ҚИШ ТУНИ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Камин ичра гувиллайди қиш ашуласи,
Юзинг билан ранг талашар олов шуъласи.

Мен жим. Сен жим. Иккимизда икки хил хаёл.
Кўз олдимда ловуллайди ўзга бир аёл.

Лолазорда ҳилпирайди қизил дурраси,
Атрофида айланади Ернинг курраси.

Фақат ёлғиз. Жуда ёлғиз. Ёнида йўқман:
Гулханидан четга чиқиб, кул босган чўғман.

Сен сўзлайсан. Англолмайман. Сўзларинг
бошқа.
Қараб-қараб қўясан-у, кўзларинг бошқа.

Биз биламиз: мен бошқача, сен ҳам бошқача,
Бошқа-бошқа яшаб келдик то шу ёшгача.

Жуда узоқ яшадик биз, иккимиз бирга
Тушунолмай ҳаёт деган қадимий сирга.

Суғурмадик биргаликнинг эски ғиштини,
Уйимизни тутиб турар гўё қиш туни.

Бари энди шундоқ қолгай, энди фойда йўқ, –
Биз излаган Анқо қуши ҳеч бир жойда йўқ.

Сусаяди вақти билан каминда олов,
Палён ташлаб қўяман, бас, гуриллар лов-лов.

Яна палён, яна палён… Ёруғ ва иссиқ,
Тавба, камин бунча бизга ўхшайди, қизиқ!..

Исинай деб биз ҳар доим оловга боқдик,
Палён қилиб не йилларни бирма-бир ёқдик.

Қисматимиз жуда ўхшар қиш тунига, боқ:
Совуққина, зерикарли ва лекин оппоқ…

Бир-бировга тикилгандек бўламиз кўзсиз,
Бир-бировни тушунгандек бўламиз сўзсиз.

Сўнгра аста йўл оламиз яна ётоққа
Сиғайлик деб икки дунё битта қучоққа.

Армонларни ички кийим қилиб ечамиз,
Кийимларсиз исисин деб узоқ кечамиз.

Қайирганча хотиранинг кекчи муштини,
Яна бир кеч қутқаради бизни қиш туни…

* * *

Баҳорда топганни қишда йўқотдим,
Фасллар қўйнида қолиб кетди бахт.
Хўшлашган кунимиз теракдек қотдим,
Мени қавмим деди яланғоч дарахт.

Қоргинам, қоржоним, сен кетдинг эриб,
Эримоқ истар-у эрий олмас дил.
Мана, янги йилга мен келдим кириб,
Аммо олиб қолди уни эски йил.

Қоргинам, қоржоним сен кетдинг эриб,
Нега эримайди хотираларим? –
Тўкилган юлдуздек оламан териб:
Фақат улар синиқ, дарз кетган, ярим…

034

Abdulla SHER
SHE’RLAR
011

012Abdulla Sher 1943 yil 5 avgustda Toshkent viloyati Chinoz tumanining Yo’ltushgan qishlog’ida hunarmand-misgar oilasida tug’ildi. O’rta maktabni 1960 yil tugatib, dastlab boshlang’ich maktab o’qituvchisi, keyin Lenin bayrog’i tuman gazetasida adabiy xodim bo’lib ishladi. 1962-65 yillarda Sharqiy Olmoniyada harbiy xizmatni o’tadi. 1965-70 yillarda Toshkent Davlat Universiteti (hozirgi O’zMU) jurnalistika fakul`tetida o’qidi. 1969 yildan boshlab “Guliston” jurnalining adabiy hodimi, bo’lim mudiri, mas’ul kotibi, O’zbekiston Fizkul`turachisi gazetasi muharriri o’rinbosari lavozimida ishladi. 1970-81 yillarda Moskvada Oliy adabiyot kursida o’qidi. 1981 yildan boshlab “Yoshlik” jurnalining mas’ul kotibi 1984 yillar mobaynida “Yoshlik” jurnalining mas’ul kotibi, O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi birinchi kotibi o’rinbosari, Yozuvchilar Uyushmasi Toshkent viloyati bo’limining mas’ul kotibi lavozimida ishladi. 1984-89 yilgacha erkin ijodkor, 1989 yildan 2011 yilgacha O’zbekiston Milliy universiteti Falsafa fakul`teti Etika va estetika kafedrasida katta o’qituvchi, dotsent va kafedra mudiri lavozimlarida ishladi. 2011 yildan hozirgi paytgacha erkin ijodkor. U 1975 yildan buyon O’zbekiston Jurnalistlar uyushmasining, 1977 yildan O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi a’zosi. 2000 yildan Oliy ta’lim a’lochisi.

U 1958 yildan boshlab badiiy ijod bilan shug’ullanadi. 1959 yili ilk marta she’ri matbuotda e’lon qilingan. Uning birinchi she’rlar to’plami “Ko’klam tabassumi” 1973 yili chop etilgan. Shundan keyin u “Alyor” (1977), “Atirgul soyasi” (1979), “Roz” (1980), “Kuz hiloli” (1983), “Qadimgi kuy” (1987), “Nuqtadan so’ng” (1989), “Toqat” (1997), “Yonayotgan yo’l” (2007), “Yomg’irlar oralab” (2009), “Sarbast qo’shiqlar” (2010), “Sevgi olmoshi” (2010), “Sevilmagan mening sevgilim” (2010), “Gul yillar, bulbul yillar” (Saylanma, 2012) she’riy kitoblarining va “Asrlarning asraganlari” nasriy to’plamining muallifi. Shuningdek, u Bayronning Don Juan, H. Haynening “Qo’shiqlar kitobi” olmon tilidan tarjima qilgan. Rus tilidan Pushkin, Lermontov, Nekrasov, Axmatova, Charents, Tvardovskiy shoirlar asarlarini ham o’zbek tiliga o’girgan. Uning she’rlar va dostonlari rus, litva, ingliz, ispan, ozarbayjon, turk, qozoq, qrim tatar va boshqa tillarga tarjima qilingan. Ayni paytda Abdulla Sher faylasuf olim sifatida ham mashhur. U “Axloqshunoslik”, “Estetika” fanlaridan o’quv qo’llanmalar va darsliklar muallifi.

011

* * *

Men shoirman, Yegishe Charents…
Yegishe Charents

Men shoirman, men — Abdulla Sher,
Barloslarning sarkash farzandi.
Aytgil Osmon, aytgil ona Yer:
O’z asrimga menmi asrandi?!

Dedilarki: «Zo’rdir ganj kuchi,
Egilib ol, unda shon, mulk bor!»
Egildimu, qalamim uchi
Yuragimga qadaldi ilk bor.

La’nat aytib bunday ustozga,
Tutdim, shunday, yo’llar baridan.
Ko’klamlarni yetaklab yozga,
Chiqmoq bo’ldim Vaqtning qa’ridan.

Yuksaklar deb yondim oshufta,
Somon yo’li hushimni oldi.
Ammo kiprik sanchilgan shiftda
Chatnab ketgan yosh yulduz qoldi.

Qah-qah urdi umr bo’shlig’i,
O’t qo’yganda orzuga armon.
Yallig’langan yillar qo’shig’i
Yondiradi bo’g’zimni hamon.

Men yonaman: na yov, na do’stim
Qoraytolgan ufqimni yerda.
Men olovman: zulmatni to’sdim, —
Vatanim deb cho’g’landim she’rda!

MUQADDIMA

Qishga to’qiy deya qasida
Do’st tutindim bugun osmonga.
Oq faslning hikmat darsida
Boqdim umr degan karvonga.

Fasllarni oralab o’tgan
Shu karvonga yana yuk ortdim.
Balki, menmas, o’zgani kutgan
She’riyatning yengidan tortdim.

Kulib boqdi menga she’riyat,
Ranglarini ko’rdim bor-yo’qning.
Chulg’adi-yu olovli niyat,
Tafti bo’ldim qordagi cho’g’ning.

Qorga o’rab ilhomni, qishjon
Keltirganda yashnadi baytim.
Men kuyladim, engashdi osmon,
Osmon bo’lib qo’shiqlar aytdim.

* * *

Surmarang sohillarda
Quyosh botar, tong otar,
Ranglar yastanib yotar
Surmarang sohillarda…

Surmarang sohillarda
Xayoldek yurt depsinar,
Xayollar unga minar
Surmarang sohillarda…

Surmarang sohillarda
Ot qo’ydim-u men bot-bot,
Qolib ketdim umrbod
Surmarang sohillarda…

Surmarang sohillarda
Yashayman ming-ming yilkim,
Rangman, xayolman – men jim…
Surmarang sohillarda…

Surmarang sohillarda…

Toshkent, 1974

OZOR

Abdulla Qodiriy xotirasiga

«Otabekman, Kumushim eding,
Ikki dapqir topib, yo’qotdim.
Baxtdan olgan ulushim eding.
Zamon bizni qabrga sotdi.

Men sevardim, sevardim tanho,
Yuragimni yulib oldilar.
Bir sen eding menga bor dunyo,
Bor dunyoga zahar soldilar…»

Hazin-hazin ingraydi oyat
Sassiz, vazmin qabriston aro.
Shamolda ham g’amgin rivoyat,
Tun – bir dunyo qop-qora navo!

«Kumush!.. Kumush!…» degan bir faryod
Uchar… uchar… Qo’nmoqqa joy yo’q.
Yeru ko’kda faqat o’sha dod,
Yulduz unut, hattoki oy yo’q…

Qabristonga tushganda yo’lim,
Men shu g’amgin holni ko’raman.
Fotihaga ochilur qo’lim,
Bir dam tizim bukib turaman.

Ammo bunda na Kumush qabri,
Na Otabek faryodi bordir.
Qabriston ham o’zga-yu, jabri –
O’sha-o’sha, dilga ozordir:

Parichehra Kumush yotadi,
Aylanadi Zaynab soyasi,
Tizzagacha yerga botadi
Otabekning mung-hikoyasi.

Chinoz, 1969

YOZ

Qoq tungacha qiynar dim havo,
Olisdadir salqin yulduzlar.
Tolg’in navo, toliqqan navo
Yuraklardan qo’nimgoh izlar.

Kunduzlari tillashib yoniq
Quyoshu Yer sansirashadi.
Quloq tutsang, tinglaysan aniq
Dalalarning hansirashini.

Goh arava o’tsa irmoqdan
Ko’prik suvni to’ldirar xasga.
To’ntarilgan targ’il puchmoqdan
To’kiladi alanga pastga.

O’rimini kutar bosh egib,
Paykallarda quyuq, sara don.
Peshindan so’ng ufqqa tegib,
Qaytib kelar yana saraton.

Jo’xorizor mudraydi beg’am,
Suratdagi ko’k ko’lga o’xshar.
Hansiragan sarg’imtil olam
Chidolmasdan go’yo po’st tashlar.

Shoshmas hatto dala arig’i,
Daqiqalar o’tar o’rmalab.
Jivir-jivir quyoshning tig’i
Kirib borar yerni parmalab.

Namozgarda shovqin uyg’onib,
Yana osmon taranglashadi.
Yolg’iz bulut g’urubda yonib,
Olov bilan rang talashadi.

So’ng tun bo’yi qiynar dim havo,
Parvo qilmas salqin yulduzlar.
Tolg’in navo, toliqqan navo
Yuraklardan qo’nimgoh izlar.

Toshkent, 2002

RUH

Ustoz Shayxzoda xotirasiga

Tug’ilganda men yig’ladim – kuldilar,
Men endi jim! – Yig’lashadi xo’p ular.
Oppoq yuzim, qonsiz yuzim, jonsiz tan,
A’lo to’nim – oppoq kafan.
Tebranadi, uh!.. Uzlatning beshigi,
Bordir uning na tuynugi, eshigi.
Bora-bora qisqaradi so’ng yo’lim,
Iskandarday ochiq borar, eh, qo’lim!..
Bu odamlar nega muncha shoshadi?!
Menda g’azab toshadi!..
O’rgatishib mahshargacha sabrga,
Vujudimni qo’yishadi qabrga.
Tebranadi mungli-mungli oyatlar,
Tebranadi ming-ming yillik odatlar,
Tebranadi tengdoshlarim saflari,
Notiqlarning biyron-biyron gaplari…
Shoshmang-shoshmang! Tosh qo’ymangiz ustimga,
U og’irlik qilur bugun jismimga,
Tiriklikda xo’p toshlarni ko’tardim,
Toshlar qadar ko’z yoshlarni ko’tardim!..
…Tarqaldilar…Yarim tunda turaman,
Asta-asta, ko’lankadek yuraman,
Avlodlardan umidimni uzmayman,
Ammo
Tinchin buzmayman.
Uzoq-uzoq tilsiz boqib turaman
Va ularning har birida ko’raman:
Quvonchimni, alamimni,
Qo’limdagi qalamimni,
To hanuzam yonib turgan shamimni.
…Tun –
Kirarkan kafanimning rangiga,
Quloq solib tiriklikning zangiga,
Men ko’nglimni zo’rg’a uzib ketaman,
Tongotarda maskanimga yetaman,
Maskanimga!
Maskan…
Ha…

Chinoz,1968

BIBIXONIM HAQIDA BALLADA

Mahobatli, cho’ng masjid aro
Harir parda ortidan yonib,
Qur’on o’qir bir baxti qaro,
Qur’on o’qir rutbadan tonib.

Asir aylar munglug’ munojot,
Asir aylar qo’ng’iroq ovoz.
U tilaydi Tangridan najot,
U so’raydi bir farzand xolos.

U so’raydi, tinmay so’raydi,
Xotirini etmaydi malul:
Yo’rgaklarga quvnab o’raydi
Lo’ppi-lo’ppi xayollarni ul.

«Omin!», degan paytida, biroq,
Hovuchidan to’kilar shuv-shuv
Tashna taqdir labidan yiroq, –
Qaro yerga eng aziz orzu.

Xo’jasiga yig’lar dilpora:
«Qon to’kmangiz, begim, begunoh;
Gunohimiz kechsayu zora,
Farzand bersa bizlarga Alloh!»

Janggohlarga ketsa jahongir,
Insof tilab yig’lab qolar u.
Kundoshlarning o’g’lini bir-bir
Yoqasidan solib olar u.

Unga hurmat, unga tavoze:
Bibixonim atarlar uni,
Malikamas, ayol ovozi
Yangrar, lekin, har jum’a kuni, –

Olti yuz yil ul sas shikastband,
Olti yuz yil og’riydi jonim,
Olti yuz yil, tingla, Samarqand,
Farzand tilar Saroymulkxonim!

Toshkent, 1988

SHOIRLIK MANZARASI

Hanuz she’r yozishni bilmayman.
Mirtemir

Faslin izlab, goh telbanamo,
Kuzda meva tukkan olmadek,
Shoirlikni o’rgandik, ammo,
She’r yozishni o’rganolmadik.

Qichqirganda bir so’zni tomoq,
O’zga so’z deb yurak patrlar.
Qalbda, garchand, yashnasa ham oh,
Kulib turar bizning satrlar…

Boq, g’ichirlab qadimiy eshik,
Asta chiqib ketadi ilhom…
Qaerdadir chinqirar beshik,
Yulduzlarni to’sib turar tom…

To’ytepa,2009.

MANZARALI DARAXTLAR

Savlat to’kib yashaydi manzarali daraxtlar
Xiyobonu ko’chalar, ziyoratbop joylarda.
Har saharda farroshlar suv sepishar, yaraqlar –
Changga botgan barglari yoz-yog’insiz oylarda.

Pechaklarning sevgisi ularga yot bir umr,
Atrofida unmaydi biror begona giyoh.
Suvlar ham loyqa emas, urug’ tashimas bir qur –
Beton ariq bo’yida silkinmas yalpiz, qiyoq.

Ularning taglarida o’ynamas pari, jin ham, –
Namozshomda bolalar o’tmas hovuchlab yurak.
Qarisa ham kesmaslar, qilishmagay sarjin ham, –
Gazga serob shaharda o’tin-cho’p kimga kerak!..

Qanday betashvish hayot! Ulardek baxtiyor yo’q,
Fonuslar qo’shig’ini tinglashar kechalarda.
Hamma narsa muhayyo, parvarishdan ko’ngil to’q,
Quyoshni qarshilashar markaziy ko’chalarda.

Biroq gohi-gohida yashil tillari bilan
Buyuk armon dostonin kuylaydilar shamolga;
Orzuning barcha uchun ochiq yo’llari bilan
Ezgu bir manzarani keltirishar xayolga:

Olis kengliklar aro yashnar bog’ degan hayot,
Yashar bir-birin suyab unda o’zga daraxtlar;
Oy nurida tovlangan mevalari – zurriyot,
Daraxtlik taqdirida gavhar kabi charaqlar.

Toshkent, 1977

ULUG’BEK

Tomirida bir payt chopgan qon
Xanjar tutib yugurgach, hayhot,
Yulduzlarni bolam deb sulton
Uchib ketdi ko’kka beqanot.

Toshkent, 1987

BAYRON

Har so’zi tarixni yangratgan bir bong, –
Shunday ulkan edi shoir qismati!
Bu qadar ulug’vor Mangulik, ne tong,
Zamon deb atalgan Vaqtga sig’madi.

To’ytepa, 13.08.09

FARD

Nurni kesmoq bo’lsang, bilib qo’y, johil,
Bir nurdan ikki nur qilasan hosil!

To’ytepa, 2008

* * *

Dekabrning so’nggi kunlari
Yelkadagi qorni to’kdilar
Va bulutlar, pastlab tunlari,
Oq tuyadek yerga cho’kdilar.

Qulog’imiz, garchand, eshitmas
“Cho’k!”, “Cho’k!” degan odatiy sasni,
Lekin, his qilamiz, muqaddas
Bir osmoniy sirli nafasni.

Dov-daraxtlar qunishib uxlar,
Kengaygandek tuyular shudgor.
Ko’kka qarab go’yo “Uh-uh!”lar
Bug’ ufurgan qoramtir anhor.

Tark etgandek g’amlar dunyoni
Barcha tundlik bo’lar badarg’a.
Yer taratgan oppoq ziyoni
Qutlar hatto qop-qora qarg’a.

Ko’tarilar qalbdagi pilik,
Tongga o’xshab yorug’lashar shom.
Shukronalik, ajib sokinlik
Baxsh etadi ilohiy orom.

* * *

Oppoq qor zo’r kelar oppoq qog’ozdan,
Ko’zimni avraydi tun sukunati.
Yulduzlar jaranglab kuylar ayozdan
Joyiga qo’yishib qishning hurmatin.

Nedandir xushnuddek yaraqlar oy ham,
Sezdirmay tebranar ko’kish soyalar.
Oydinda mung’ayib, turgandek bu dam
Shudgordan bebahra g’o’zapoyalar.

Kamtarin tovlanib falak nuridan,
Imlagandek bo’lar men sog’ingan qor.
Sehrli olamga yurak to’ridan
Asta tushib kelar qalbdagi bahor.

Ulug’vor sukunat, go’zal sukunat
Tinglar-u qalbdagi bahor-ovozni.
Uyqusiz shoirga ko’rsatib himmat,
She’rga aylantirar oppoq qog’ozni.

* * *

Uch kundirki, qor yog’ar tinmay,
Tiq etmaydi dalayu bog’lar.
Ustimizdan kular ko’rinmay
Bulutlarni qo’yvorgan tog’lar.

Qanday xursand edik ilk qordan,
Mo»jizadek go’yo har uchqun.
Tuyulgandek endi qor nordon –
Sal tirishib boqamiz bugun.

Odamzodning fe’li qiziq-da:
Nimadandir g’ashdek yashaydi.
Yashab turib bitta chiziqda,
O’zgasini chiza boshlaydi.

Zerikadi o’zidan hatto,
O’zgarishni kutar har kundan.
Ehtimolki, rahmdil Xudo
Fasllarni o’zgartar shundan!

* * *

Qahraton qish. Yopiq ayvonda
O’n to’rt yashar ikki sinfdosh
O’ltiramiz ikki tomonda
Daftar-kitob uzra egib bosh.

Tanchadagi issiqbaxsh qo’rdan
Huzur olar oyoqlarimiz.
Ammo qay kun shunday payt birdan
Chirmashdi-yu barmoqlarimiz,

Titrab ketdi oyoqlar emas,
O’sha onda, bor vujudimiz.
Qisqa-qisqa oldig-u nafas,
To’xtab qoldik dars qilishdan biz…

Qishlar o’tdi. Tugadi maktab.
Hayot darsin o’ta boshladik:
Yigit va qiz, ikki xil hatlab,
Yot olamga qadam tashladik.

Taqdir ekan. Bizni har tomon
Olib ketdi oyoqlarimiz…
Lekin quchar yodimda hamon
Bir-birini barmoqlarimiz.

* * *

Ko’kdan paxta to’kilgandek etaklab,
Hovlilarda paydo bo’ldi oq xirmon.
Uzoqlardan Qorqizini yetaklab
Yangi yil ham yo’lga chiqdi biz tomon.

Tuni bo’yi gullar chizib oynaga,
Rassomlikka da’vo qilar darchalar.
Mehmon bo’lib kiraman der xonaga
Tog’dan tushib kelayotgan archalar.

“Qorbo’ron”da g’olib chiqar yigitlar
Achchig’idan qizlar yuzi loladir.
“Kap-kattasiz!..” deya qilmang o’gitlar
Qor qo’ynida hamma bugun boladir.

Shu sababli qorni suyub, o’ynaymiz
“Erta” degan so’zga ishni biz yuklab.
“Yashash go’zal!” deymiz, sevib to’ymaymiz
Sevgi sirin bilmasak-da tuzuklab.

Garchand hali sovug’i bor bu qorning,
Lekin chilla do’q ursa ham kulamiz:
Qor ostida yashayotgan bahorning
Ovozini eshitgandek bo’lamiz.

QOR YOG’ADI GUPILLAB

Qor yog’adi gupillab,
Tinim bilmasdan uch kun.
Yuzlarni lovillatar
Ko’kdan tushgan har uchqun.

Qor yog’adi gupillab,
Kiy, jonim, oq po’stinni,
Qo’ltiqdan ol qorqizdek
Bir umrlik do’stingni.

Qor yog’adi gupillab,
Oyoq osti g’ichirlar.
Go’yoki oppoq olam
Sevishing deb pichirlar.

Qor yog’adi gupillab,
O’t yonar ikki tanda.
Quvib bir-birimizni,
Sirg’anamiz yetganda.

Qor yog’adi gupillab,
Yiqilamiz “Voh!”lashib,
Bir zum shu bahonada
Yotamiz quchoqlashib.

Qor yog’adi gupillab,
Bu damlar naqadar soz!
Bizni ko’kka uchirar
Ishq degan sirli parvoz.

Qor yog’adi gupillab,
Yodga solib “yor-yor”ni:
Qor qo’ynida ikki gul
Eslatadi bahorni.

* * *

Ezg’ilama etiging bilan,
Qo’y, bechora begunoh qorni,
Nima foyda, ayt, yer chizgandan –
Biz yo’qotdik, boy berdik borni.

Topishdi-yu bahorda ko’zlar,
Xo’shlashmoqda qish orasida.
Aytilmagan eng zarur so’zlar
Qolib ketdi tish orasida.

Yuzlarimni tirnar izg’irin,
Boray endi. Ortiq netaman?
So’ng bor tashlab senga ko’z qirin,
Oq dunyoga singib ketaman.

QISH TUNI HAQIDA BALLADA

Kamin ichra guvillaydi qish ashulasi,
Yuzing bilan rang talashar olov shu’lasi.

Men jim. Sen jim. Ikkimizda ikki xil xayol.
Ko’z oldimda lovullaydi o’zga bir ayol.

Lolazorda hilpiraydi qizil durrasi,
Atrofida aylanadi Yerning kurrasi.

Faqat yolg’iz. Juda yolg’iz. Yonida yo’qman:
Gulxanidan chetga chiqib, kul bosgan cho’g’man.

Sen so’zlaysan. Anglolmayman. So’zlaring
boshqa.
Qarab-qarab qo’yasan-u, ko’zlaring boshqa.

Biz bilamiz: men boshqacha, sen ham boshqacha,
Boshqa-boshqa yashab keldik to shu yoshgacha.

Juda uzoq yashadik biz, ikkimiz birga
Tushunolmay hayot degan qadimiy sirga.

Sug’urmadik birgalikning eski g’ishtini,
Uyimizni tutib turar go’yo qish tuni.

Bari endi shundoq qolgay, endi foyda yo’q, –
Biz izlagan Anqo qushi hech bir joyda yo’q.

Susayadi vaqti bilan kaminda olov,
Palyon tashlab qo’yaman, bas, gurillar lov-lov.

Yana palyon, yana palyon… Yorug’ va issiq,
Tavba, kamin buncha bizga o’xshaydi, qiziq!..

Isinay deb biz har doim olovga boqdik,
Palyon qilib ne yillarni birma-bir yoqdik.

Qismatimiz juda o’xshar qish tuniga, boq:
Sovuqqina, zerikarli va lekin oppoq…

Bir-birovga tikilgandek bo’lamiz ko’zsiz,
Bir-birovni tushungandek bo’lamiz so’zsiz.

So’ngra asta yo’l olamiz yana yotoqqa
Sig’aylik deb ikki dunyo bitta quchoqqa.

Armonlarni ichki kiyim qilib yechamiz,
Kiyimlarsiz isisin deb uzoq kechamiz.

Qayirgancha xotiraning kekchi mushtini,
Yana bir kech qutqaradi bizni qish tuni…

* * *

Bahorda topganni qishda yo’qotdim,
Fasllar qo’ynida qolib ketdi baxt.
Xo’shlashgan kunimiz terakdek qotdim,
Meni qavmim dedi yalang’och daraxt.

Qorginam, qorjonim, sen ketding erib,
Erimoq istar-u eriy olmas dil.
Mana, yangi yilga men keldim kirib,
Ammo olib qoldi uni eski yil.

Qorginam, qorjonim sen ketding erib,
Nega erimaydi xotiralarim? –
To’kilgan yulduzdek olaman terib:
Faqat ular siniq, darz ketgan, yarim…

04

(Tashriflar: umumiy 4 324, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring