Бугун эрталаб бетимни юваётиб бирдан ишга боргим келмай қолди, ўзи ҳар куни шундай бўламан, кеч ётаман-да, кейин эрталаб туришим қийин, эй, худо, яна шу ишга боришим керак, а, деб жойимдан қўзғалгим келмайди ишёқмасликдан эмас, ҳар куни бориб, ҳар куни бир хил иш қилишдан кўнглим қолган, лекин, бари бир, тураман, чой-пойимни ичиб, отланаман, шунга, яъни ишга боргим келмаслигига, лекин, бари бир, ишга боришга ўрганиб кетганман.
Аҳмад АЪЗАМ
НИМА ҚИЛИБ ҚЎЙГАН ЭКАНМАН?
Аҳмад Аъзам 1949 йили Самарқанд вилояти Жомбой тумани Ғазира қишлоғида туғилган. 1971 йили Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факултетини битирган. Шу йили Алишер Навоий номидаги музейда иш бошлаган. Кейин “Гулистон” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Совет Ўзбекистони санъати” журнали редаксияларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлаган, сиёсий фаолият билан шуғулланган, “Бирлик” халқ ҳаракати ҳамраиси, “Эрк” демократик партияси бош котиби бўлган. Олий Мажлис депутатлигига сайланган (1999-2004 йиллар).
1995 йилдан Ўзбекистон телевидениесида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали бош директори, “Ўзбектелефилм” студияси бош директори лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида юзлаб кўрсатувлар ва ҳужжатли филмлар қилган, улардан энг машҳурлари: “Ўзлик”, “Халқнинг кўнгли”, Тўртинчи ҳокимият” .
“Ойнинг гардиши”, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда”, “Соясини йўқотган одам”, “Ҳали ҳаёт бор” деган насрий асарлар, “Масъул сўз” деган адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, “Ўзи уйланмаган совчи”, “Рўё ёхуд Ғулистонга сафар” романлари чоп этилган.
2014 йил 4 январида вафот этган
Бугун эрталаб бетимни юваётиб бирдан ишга боргим келмай қолди, ўзи ҳар куни шундай бўламан, кеч ётаман-да, кейин эрталаб туришим қийин, эй, худо, яна шу ишга боришим керак, а, деб жойимдан қўзғалгим келмайди ишёқмасликдан эмас, ҳар куни бориб, ҳар куни бир хил иш қилишдан кўнглим қолган, лекин, бари бир, тураман, чой-пойимни ичиб, отланаман, шунга, яъни ишга боргим келмаслигига, лекин, бари бир, ишга боришга ўрганиб кетганман. Ҳар куни шу аҳвол, ишга борганимдан кейин, нимадир бўлса, кимдир бўшаса, кимдир янги келса, жилла қурса, ҳамкасбларнинг бирови тўй қилса ё… хуллас, доимги ишимизда жиндай ўзгариш бўлса, ишхонанинг ҳамишалик ҳаётига сал бошқача мазмун киргандек туюлади-да, яна ҳаммаси ўша-ўша изига тушиб кетаверади. Бадга уриб қолган, боргим келмайди, ё тангрим, наҳотки бир умр бир хилда яшаб ўтиб кетаверсам, дейман-да, шу умримдаги бир хилликни қандай ўзгартиришни билмай қийналиб боравераман.
Бугун эса бетимга совуқ сув тегдию бирдан ишга боргим келмай қолди. Ишга бормаганимда ҳам, бир кун-икки кун, боринг-ки, бир ҳафта бормасман, лекин бари бир, бошқа борадиган жойим, қиладиган бошқа юмушим йўқ, бари бир, бораман, лекин худди шу бугун орқамдан милтиқ тирашса ҳам, бормайман, тўпга солиб, ишхонага қаратиб отсалар ҳам, тушмай, ҳавода бир айланиб келиб, бари бир, уйга қайтиб тушаман, дедим.
Бемалол ўтириб, чойни хотиржам қайтаришимдан шошмаётганимни хотиним ҳам сезди шекилли:
— Тинчликми? — деди.
— Тинчлик, — дедим.
— Сизга нима бўлди? — деди у.
— Ҳеч нарса? — дедим. — Ишга боргим келмаяпти. Хотиним менга қандайдир бегона қаради-да:
— Нимага бундай қиляпсиз? — деди.
— Нима қилибман? — дедим. — Шу, бугун боргим йўқ. Бўзчининг мокисиманми, бораман-келаман, бораман-келаман, бугун бормай-чи, -дедим.
— Бормасангиз бормассиз, лекин… ҳайронман сизга, — деб у бир хавотирли гап қилди.
— Ўзи ҳар куни боргим келмайди, бугун эса бормайман, бор гап шу, нимасига ҳайрон бўласан? — дедим.
— Бормайман деганингизга эмас, ўзингизга ҳайронман, — деди хотиним.
— Э-э, қўйсанг-чи, ўзим ўша ўзим-да, — дедим.
Хотиним менга ғалати қараб қўйди.
«Қизиқ, одам бир кун ишга бормайман деса, бошқача кўринар экан-да, кел, эрталабдан кўнглини хира қилмай”, деб ўйладим.
Хотиним ишга кетди, болаларим мен тургунча ўқишига жўнаган, уйда бир ўзим қолдим. Зерикиб уйдан чиқдим, ҳовли, ҳамма нарса жой-жойида турган бўлса-да, кўзимга бўм-бўш кўринди, бостирма тагидаги машинам ҳам тўрт ғилдирагини ерга тираб, маънисиз жим қотган, кечаси бостирма ёғочида тунайдиган бемаъни мусичалар томига, орқа ойнасига шапалоқ-шапалоқ қилиб ўтириб ташлаган, ҳозир калитини бурасам, ҳар кунгидагидек гурилламайдигандек туюлди.
Енгил шабада сезилади, сўридаги токнинг қуруқ хазонлари титрайди, ҳаво чалакам-чатти хира булут, на очиқ, на бузуқ.
Дарвоза эшигини очиб, қарадим, ҳеч ким йўқ, маҳалладаги катталар ишга, кичкиналар ўқишига кетган, кўчага, ҳў, ҳали, тушдан кейин жон киради, ҳозир сўрашадиган ҳам одам кўринмайди.
Ўйланиб турган эдим, уй томондан зинг-зинг этган бир товуш келди, хаёл билан аввал англамадим, кейин билсам — телефон! Югурдим Фахриддин экан.
— Ў-ў, ака, бир сўраб қўяй деб, телефон қилсам, ишхонада йўқсиз, -деди.
— Бугун ўзимга бир дам берай дегандим, — дедим.
— Сал товушингиз бошқача, нима бўлди ўзи? — деди Фахриддин.
— Йўғ-э, ҳеч гап, — дедим.
— Одам хавотир олади, ака, билиб қўяй деган эдим, — деди Фахриддин.
— Тинчлик, тинчлик, раҳмат сўраганингизга, — дедим Фахриддинга.
Одамохун, яхши йигит шу Фахриддин, кўнгил сўраб туради доим. Одамнинг шунақа укалари, дўстлари бори яхши-да, ўзингни ёлғиз билмайсан. Хуршид, Мурод, Назар, Иброҳим, Фарҳод, Нормурод, Нажмиддин ака, Эркин — ҳаммаси шунақа, кўнгил яқин одамларим. Одамнинг мингта таниши бўлади, юзтаси билан сўрашиб юради, лекин ҳақиқий дўсти унча кўп эмас, беш-олтита, борингки, ўнта.
Худди шуни ўйлаб турган эдим, кўнглимдагини сезгандек Рустам ака сим қоқди.
— Ҳа, қалай? Тинчликми? Ишда йўқсиз? Одам соғиниб қолар экан, мундай гаплашиб турайлик, — деди.
Унга ҳам, ҳа, бугун шунақа-шунақа, деб тушунтирдим.
— Ўйлайверманг, одам ўзига ҳам қараши керак, — деди Рустам ака.
— Ўйлаганим йўқ, — дедим.
Рустам аканинг гап оҳангида нимадир бордек туюлди, лекин парво қилмадим, у киши ўзи шунақа — доим меҳрибон, одамни авайлагиси келади, шунчаки айтяпти-да деб ўйладим. Лекин сал ўтмай телефон яна жиринглади Фарҳод экан.
— Нега ишга бормадингиз? — деди. — Нима қилиб қўйдингиз ўзи?
— Ҳеч нарса қилганим йўқ, ишга чиқмадим, шу холос, — дедим.
— Буни айтмаяпман, — деди Фарҳод .
— Нимани бўлмаса? — дедим.
— Бир гап юрибди, ҳайрон бўлдим? Ҳа, майли, олдимда одамлар бор, ўзим телефон қиламан, — деб Фарҳод гўшакни қўйиб қўйди.
Фарҳод ҳам қизиқ, бир гапни бошлайди-да, узиб қўяди, кейин ишга чалғиб, эсидан чиқиб кетади, топиб, боя нимани айтмоқчи эдингиз, деб сўрасангиз, “Қачон? Қайси гап эди ўзи?.. Э-э, ҳа, у-ми, ҳал бўлди”, дейди. Бирон ишингизга ўзи жон куйдириб ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, қайтақайта эсига солмасангиз, унутиб қўяди, кейин “Мингта ишим бор, калла қоладими, нега айтиб турмадингиз?”, деб дўқ уради.
Фарҳод қанақа гапни айтмоқчи экан, деб ўйлаб, яна ўзимни бирон нарса билан чалғитсамми, деб турган эдим, телефон жиринглади, Фарҳод, ҳозир нима дедим, деб сўрайди, деб ўйлаб, гўшакни олсам, бошқа одам овози сал танишроқ.
— Салом, ў-ў! Мени танияпсанми ўзи? — деб сенлади.
— Танигандайман, — дедим дудмол қилиб.
— Унда, айт, қани, кимман? — деди.
Ноқулай бўлдим, эзмаланмай, ўзи айта қолса ўларми экан.
— Ҳа, жўра, бунақа қипсан? Сен билан жўрамиз деб, юрардим, ҳайрон бўлдим, бунақа одам эмас эдинг-ку…
Бу валдирвоқи билан қачон жўра киришган эканман деб, энсам қотиб туриб, бирдан эсладим — Бутунбой, синфдошим.
— Э-э, Бутунбой! Қайдан телефон қиляпсан? — дедим.
Танигинг ҳам келмади-я? — деди Бутунбой. — Шу ерда, «Чинобод»даман, ҳақ берсамми, деб ишингга телефон қилсам, йўқ экансан. Бир оғиз айтсанг бўларди, ўлар жойда эмасман, маслаҳатлашардик.
Бутунбой азалдан шунақа: мактабдалигимизда ҳам нима қилмайлик, менга олдин айтмабсизлар, деб аразлар эди, тўққизинчи синфда Карим Маърифатни яхши кўриб қолган экан, шу Бутунбойнинг қулоғига етибди, танаффусда уч-тўртовимиз бошқа нарсаларни гапириб ўтирганда, бирдан Каримга: “Нега менга айтмадинг?”, деб тумрайди, Карим қулоғича қизариб кетиб: “Нега айтишим керак? Сенинг қизими у?”, деди, Бутунбой эса астойдил йиғламсираб, “Ахир, жўрамиз-ку, Маърифат ҳам биз билан битта синфда ўқиса, бир оғиз маслаҳат солсанг ўлар жойда эмасман-ку, одамни бунақа четга суриб қўйиш яхши эмас-да”, деди. Бутунбойга ҳамма жўра, ҳамма қиладиган ишини олдин унга айтиши керак, лекин у туманда турса, икки йилдан бери кўришганимиз йўқ, нима қилиб қўйибману унга нима деб маслаҳат соламан?
Ҳай, аразлама, мен ҳеч нарса қилганим йўқ, шошма, деб тушунтиргуним-ча, “Ҳа-а, айтгинг келмаяпти, сенга мен одам эмасман-да, а”, деб у гўшакни қўйиб қўйди.
Бутунбойни аразлатиш ҳам, кўнглини олиш ҳам осон, эрта ё индин «Чинобод»га борсам, ҳаммаси жойига тушади, лекин унгача етган гапнинг ўзи нима экан, ишхонага телефон қилиб сўрасамми, деб чоғланиб турган эдим, телефоннинг ўзи жиринглади. Хуршид экан.
— Ўй, менга қаранг, яна нима қилиб қўйдингиз? — деди у дабдурустдан.
Хуршид ўзи шунақа, мен билан тутун қайтариб гаплашади, жуда қалинмиз, мендан икки ёш кичкинаю лекин акасиниб, мендан доим хавотирда, мен-ку, унга зарарим тегадиган бир нарса қилмайман, лекин нуқул: “Ҳеч тинч юрмайсиз, одамни жуда қийнаб юборасиз-да”, дейди, тўғри йўлда кетаётган бўлсам ҳам, ишқилиб, тўғри юринг-да, деяверади. Машина олаётганимни айтганимда, “Энди одамни тоза тамом қилар экансиз-да”, деди, «Машина оладиган мен-ку, нега сиз тамом бўласиз?”, десам, у: “Ҳайдашни билмайсиз-ку!”, деди, мен: “Ола солиб ҳайдаб кетавермайман, ахир, ўрганаман, мактабида ўқияпман-ку!”, дедим. “Пиёда юришингиз шунча ташвиш эди, энди буёғи юрак оғриғи экан-да”, деди у. Хафа бўлдим, “Ў, жўра, қачон нима қилиб сизнинг юрагингизни оғритдим?”, дедим. У бўлса уф тортиб, “Шу кетишингизда сиз бир куни бир нима қилиб қўясиз, унгача мен юрагимни чангаллаб кутиб ўтиришим керак”, деди.
— Ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, Хуршид, — дедим. — Нега бу ҳаммаларинг сўрайсизлар?
— Яна кимлар телефон қилди? — деб сўради Хуршид.
— Ўнтаси! — деб зарда қилдим. — Ҳаммаси нима қилиб қўйдингиз дейди!
— Ана, айтмадимми? — деди Хуршид. — Бир нарса қилиб қўйгансизки, буни битта мен айтмаяпман.
— Хўп, Хуршид, мен нима қилиб қўйганимни билмайман, сизлар билсангиз айтинг: нима қилиб қўйибман ўзи?
— Ўй, қизиқ одамсиз-да? Ўзи кечаси билан юрагим санчиб чиқди, эрталаб дўхтирга ҳам ўтдим, асабийлашгансиз, дейди, асабим бузилганининг сабабини тополмадим, гап бу ёқда экан-да, одамни қийнашни қачон бас қиласиз? — деди Хуршид.
— Хуршид, жон дўстим, ҳеч нарса қилиб қўйганим йўқ, уйимда бир кун тинчгина ўтираман деган эдим, бўлгани шу, сизлар бўлса…
— Сизлар, сизлар эмиш, — деб Хуршид гапимни бўлди, — сизга фақат ўзингиз бўлса, одамни аяшни билмайсиз…
Хуршид аччиқ қилиб гўшакни қўйиб қўйди.
Бунинг иддаосини қаранг! Тавба, нима қилиб қўйган эканман? “Нима қилдингиз?” ҳам эмас, ҳаммаси “Нима қилиб қўйдингиз?” дейди-я! Худди мен оғир бир жиноят қилган ё бир бегуноҳни билиб ўлдириб қўйгандек! Бугун ишга бормаганимга осмон узилиб ерга тушмагандир, ахир? Ўзи ишхонада қиладиган айтарли ишим ҳам йўқ, бир ойлик ишни бир ҳафтада, қаттиқ ўтирсам, икки-уч кунда саранжомлаб, бемалол юраман, юзтанинг биттаси ходимман, ҳафта-ўн кун бор-йўқлигим ҳам билинмайди, ҳайронман, ё бирон гап чиқдимикан, деб телефонга қўлимни узатган эдим, ҳали гўшагини ушламасимдан ўзи жиринглаб юборди, юрагим ўйнаб кўтарсам, яна Хуршид!
— Ўв, — деди Хуршид боягидан сал мулойимроқ.
— Ҳа, Хуршид? — дедим.
— Шу, жўра, аччиғим чиқиб, қаттиқ гапирибман, узр. Мана, яна дори ичиб олдим, — деди. — Энди жўраларни ўзгартирадиган ёшда эмасмиз, у ёшлигимизда олдимизда вақт кўп, жўраларни бемалол янгиласа бўларди. Бу ёғига сараланиб қолдик, боримиз шу, бир-биримизни авайлашимиз керак. Дўстлик ҳам умрга ўхшайди, орқага қайтмайди, тўғрими?
— Тўғри! — дедим таъсирланиб.
— Тўғри бўлса, жўраларнинг кўнглига ҳам қаранг-да, — деди Хуршид. -Мен сизга керакманми ўзи?
— Ҳа, кераксиз, — дедим.
— Унда сиз ҳам менга кераксиз, кўп қийнаманг, — деди Хуршид.
— Хуршид, жон оғайни, нима қилдим ўзи сизни қийнаб қўйган? — деб ялиндим унга. — Мундай тушунтиринг, нима гап ўзи?
— Оббо, яна қайтадан бошлаяпсизми? Қўйинг шуни,- деб Хуршид яна хуноб бўлди. — Ахир, сиз бир нима қилиб қўйсангиз, мен шунчаки ўзимни авайлаб ўтиролмайман, биласиз-ку, илтимос…
Хуршид яна бир оз дард қилди, уни аяб, ҳам бари бир, ундан бошқа гап ололмаслигимни билиб, нима қилиб қўйганимни сўрамадим.
Гўшагини қўйишим билан яна телефон жиринглади, бунга ҳам бир гап бўлган шекилли деб ўйлаб, яна кўтардим. Укам экан. Кўнглим сезганидек, бу ҳам сўрашмаёқ:
— Ака , нима қилиб қўйдингиз ўзи? — деб шу гапни бошлади. — Бизни ўйлаш сизда сира йўқ экан-да шу. Отамиз нима деб васият қилганлар сизга? Шу укаларингга қара, қарамасанг, ҳаммаси ҳар хил йўлга кириб кетади, деб бизни сизга топшириб кетганлар, ахир! Сизнинг эса қилиб юрганингиз тескари, сизга қараб юришимиз керак…
— Ҳеч нарса қилиб қўйганим йўқ, мени эшитсанг-чи, — деган эдим, гапимни кесди.
— Йўқ, эшитмайман! Сиз мени эшитинг, — деди. — Доим шунақасиз, мен бунақа қилсам, укаларимга нима бўлади дейиш йўқ, ўз билганингиздан қолмайсиз. Худди сизга ука бўлганимизга биз айбдордек.
Жаҳлим чиқиб кетди:
— Ўв, менга қара! — дедим.
— Қарамайман! Шу вақтгача қарадим, етади, — деди укам.
— Қарамасанг қарама! — дедим. — Нима, отаммисан, нуқул ақл ўргатасан, мен сенга ёш бола эмасман-ку! Нега тушунмайсан? Мен ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ! Жимгина ўтирибман, аҳмоқ!
— Э-э, ўзингиз… — Укам мени ҳам “Аҳмоқ” демоқчи эди, ўзини тутиб қолди. — Мен куйинганимдан айтяпман, одамларнинг оғзи бор, фалончининг акаси шунақа қилиб қўйибди, деган гап яхшими? Мен нима деган одам бўламан,ахир?
— Ҳеч нарса, укам, одамларга бу билан бир қориндан талашиб тушганмиз, лекин ака-ука эмасмиз, дейсан, бўладими? — деб узиб олдим укамни.
— Сизчалик тил билмаймиз, майли, ака, сиз доно, биз аҳмоқ, — деб укам аразлаб гўшакни қўйиб қўйди.
Ҳамманинг укаси шунақамикан, худди мен олдин туғилиб, унга тегишлигини ўзимники қилиб олгандек гапиради-я! Баъзан алам қилади, баъзан эса, укам-да, жони ачиганидан гапиради, деб шайтонга ҳай бераман. Фақат ҳозиргиси жуда ошиб тушди, майли, ўзига келиб қолар, укам-да, арази неча кунга борарди. Лекин ўзи нима қилиб қўйган эканман? Ё ишхонада бирон гап чиқдимикан?
Ишхонага сим қоққан эдим, гўшакни Нажмиддин ака олди, саломлашганимдан кейин сўрадим:
— Нажмиддин ака, ишхонада нима гап?
— Ишхона жойида, укажон, ўзингиз-чи? — деди Нажмиддин ака.
— Мен ҳам жойимда, яъни уйимдаман, ўтирибман, — дедим. — Ҳаммаси телефон қилиб нима қилиб қўйдингиз, деб сўрайди, ҳайронман.
— Мен ҳам ҳайрон ўтирибман, — деди Нажмиддин ака, — бир нима қилиб қўядиган одам эмас эдингиз, деб.
— Ўзи нима қилиб қўйган эканман, сўранг-чи? Ё борайми ўзим? — дедим.
-Йўқ, келиб юрманг, шу ердамиз-ку, сиз бир нима қилиб қўйсангиз, шундай қараб ўтирмасмиз? — деди Нажмиддин ака.
— Нима қилиб қўйганман ўзи? Ҳамма сўрайди, ҳеч ким бир гап айтмайди-я, — дедим.
— Майли, — деди Нажмиддин ака майинлик билан, — кўп ўйланманг, балки ўтиб кетар.
Ана холос! “Ўтиб кетар”, дегани нимаси? Нажмиддин ака босиқ-вазмин, унча-мунчага очилавермайдиган одам, менга таскин бериб гапиряптими, бир нарса қилиб қўйганга ўхшайман. Ё шу яқин-ўртада биронтанинг кўнглини оғритдиммикан? Тўғри, тилим ёмон, гоҳида ҳазилимнинг таги зил чиқади, ўзим ҳам билмай қоламан. Уч-тўрт ой олдин ишхонага келган бир танишим кўпчиликка гап бермай, ўзиникини маъқуллаб ўтирган экан, мен кириб: «Нима баҳс ўзи?”, десам, у “Булар мен билан баҳслашади-я, ахир, ҳар куни йигирма тўрт соат ухламай илм қиламан, биламан буни”, деди, тилим қичиб, «Бу одам билан баҳслашманглар, ҳар куни йигирма тўрт соат ухламай илм қиладиган одамдан ҳар гап чиқиб кетиши мумкин”, деган эдим, ҳамма кулиб юборди, ўзи ҳам, сал ранги ўзгарди-ю, қўшилиб кулди, лекин уч кундан кейин азза-базза хонамга бостириб кириб, “Нега мени ўша куни кўпчиликнинг олдида ерга урдингиз?”, деди, “Э-э, қўйсангиз-чи, қанақа ерга уриш, ҳазил-ку?”, десам, у: “Йигирма тўрт соат ухламай илм қиладиган одамдан ҳар гап чиқиб кетиши деганингиз ҳазил эмас?”, деди, “Бўлмаса, нима?”, десам, “Сиз мени жинни дедингиз!”, деди, “Қўйсангиз-чи, шуни ҳам кўнгилга оласизми? Ҳай, кулишдик-да, кулмасак, бу дунёда зерикиб кетамиз-ку”, десам, “Сиз одамнинг устидан куляпсиз-ку”, деди, “Хўп, оғайни, тегиб кетган бўлса, узр, кечиринг”, десам, “Сиз аввал одамни ўлдириб, кейин, узр, ўлдириб қўйибман, деяр экансиз-да, а? Йўқ, узрингизми пишириб енг!”, деди, «Хўп-э, нима қилай бўлмаса? Ўша одамла“ни тўплаб, “Оғайнилар, бу одам жинни эмас экан”, деб айтайми”, десам, Мана, шу гапингиз билан ҳам одамни майна қиляпсиз”, дейди! Хуллас, у десам, бу деб, кайфиятни бир тийин қилди, “Э-э, ҳар куни йигирма тўрт соат ухламай илм қиладиган одам жинни бўлмай, нима бўлади, боринг, бир тўйиб ухланг, тузалиб кетасиз”, дедим. Ўзи яхши одам, қуюқ сўрашиб юрардик, лекин шу билан орамиз бузилиб қолди, энди мени кўрса, ола қарайди. Лекин кейинги кунлари бошқа яна бировга ёмон гапирганимни эслолмайман. Булар ҳам нима қилиб қўйдингиз деб, бошқа одамга бир нима қилиб қўйганимни эмас, ўзим нима қилиб қўйганимни сўрашяпти. Бировга бир нима қилиб қўйганимда, албатта, нега фалончига бир нима қилиб қўйдингиз, деб отини ҳам тутган бўлар эдилар. Демак, ўзим бир нима қилиб қўйганман. Ўзим билмай нима қилиб қўйган бўлишим мумкин, ахир? Буларнинг сўрови худди нега бундай ўз жонингга қасд қилдинг деганга ўхшаб кетади-я, астағфируллоҳ! Шу ўйлайман денг, ўйимнинг тубига етолмайман. Ё ишхонадаги ҳужжатларни чалкаштириб юбордиммикан? Йўғ-э, унда бошқача гап бўларди. Ё биронтаси бирон туҳмат ўйладимикан, а? Йўқ, нимамга туҳмат қиларди, мен катта амалдор бўлсамки, биронтаси жойимга кўз олайтирса, ўзимнинг ҳам бировни ағдариб, унинг жойига чиқиш ниятим йўқ. Ё ўзим билмай бирон ғийбат гап айтиб юбордиммикан? Эслолмайман, ўзи шунақа гапларга умуман аралашмайман. Ё нохосдан биронта жўрамни сотиб қўйибманмикан? Мумкин эмас, чунки жўраларимдан биронтаси сотадиган иш қилмайди. Ё… қизиқ, каттароқ бир нарса, масалан, Ватанни сотадиган бирон хуфия нарсага аралашиб қолдимми, ўзим билмай? Эсинг жойидами, дейман, ўзимга ўзим, ўзинг ким бўлдинг-у, сенинг ватанни сотишга уринишинг нима бўлади, чумоли чумолига осмонни сотмоқчидек кулгили-ку бу. Ё биронтаси шунақа деб ёзиб юбордимикан? Э-э, йўқ, ҳозир бунақа ёзадиганлар ҳам, бунақани ўқийдиганлар ҳам йўқолиб кетди-ку, дейман яна. Яна нима қилиб қўйган бўлишим мумкин? Хавотирга тушиб, хаёлнинг мингта кўчасига кириб чиқаман, нима қилиб қўйганимни билолмайман, лекин буларнинг сўрашига қараганда, аниқ бир нима қилиб қўйганман, дейман, жавоб тополмайман.
Уйда у ёққа юраман, бу ёққа юраман, ўйлайман: нима қилиб қўйган эканман, бундан кўра ҳар кунги ўрганганим ишга борсам яхши эмасмиди, дейман. Бугун, кеча, ўтган куни, бир ҳафтада, бир ой, икки ой олдин қилган ишларимни бир-бир эслайман, ёмони тугул, аксига олиб, яхшила–и ҳам эсимга келмайди, шу ўртада бирон бир тузук иш қилмабман, шу ишга бориб келаверганимдан бошқа нарсани тополмайман. Ё илгарироқ бир нарса қилиб қўйганим келиб-келиб энди очилдимикан? Илгари нима қилиб қўйган бўлишим мумкин? Ҳамма қатори яшаб келяпман, бировдан пастроқ, бировдан баландроқ, ишқилиб, шохим йўқ… Ҳа, энди, бу дунёда юз фоиз бегуноҳ одамнинг ўзи бўлмайди, ўтмишини кавласа, табиий, у-бу гуноҳи топилади, бошқалардан яширгани билан, ўзи билади, кўпи майда-чуйда, вақт ўтиб, эскириб кетган, айтиб, бошқаларнинг вақтини олишга ҳам арзимайди. Лекин бу яқинларимнинг эътиборига арзийдиган бир нима қилиб қўйганман, шекилли, ҳаммаси нима қилиб қўйдингиз, деяпти. Нима қилиб қўйган бўлишим мумкин ўзи?
Бир ишхонага бориб нима қилиб қўйганимни сўрагим келади, бир сўрашни кўз олдимга келтириб, юрагим орқага тортиб кетади: борсам, ҳаммаси ўртага олиб, нима қилиб қўйдингиз ўзи, деб сўраса, нима қилиб қўйганимни билмасам, менинг нима қилиб қўйганим уларга аён, ўзимга эса ноаён бўлса, ишхонада нима қиламан, дейман.
Бир вақти дарвозанинг эшиги қарсиллаб кетди, ўзи шунақа, мойланмаган, очиб-ёпганда қарсиллайди, хотиним ишдан қайтиб келди. Ранги бир ҳол, менга ташвиш билан қарайди денг.
— Ҳа, тинчликми, жавоб олдингми? — деб сўрадим.
— Йўқ, қандай ўтираман? Ҳамма сўрайди, эрингиз нима қилиб қўйган экан деб, эзилиб кетдим, — деди.
— Эй, жоним, мана, ўзим ҳам ўйлаб ўтирибман, нима қилиб қўйган эканман, деб,- дедим.
— Укангиз ҳам телефон қилди, — деди хотиним.
— Қўявер, менинг ҳам бошимни қотирди, — дедим.
— Қишлоқдаги укангиз, уйга тушолмапти, доим телефон банд, деди.
— Э, ҳа, тинчликмикан?
— Акам нима қилиб қўйдилар ўзи, деб мендан сўрайди, — деди хотиним. Ҳайронлигимдан каллам ишламаётгандек туюлди.
— Кимдан эшитибди? — дедим талмовсираб. — Йўғ-э, ҳеч нима қилиб қўймаган бўлсам, нимани ҳам эшитарди?
— Йўлдан телефон қиляпман, деди, ҳали-замон келиб қолса ҳам керак, -деди хотиним, бемалол жойлашиб.
Ҳозир бу ҳам бошлайди, деб ўйлаган эдим, яна телефон жиринглади.
— Сен ол, мени йўқ, деб айт, — дедим хотинимга. Хотиним телефонни олгани заҳоти сўрашиб кетди:
— Ҳа, раҳмат! Ўзингиз яхшимисиз, болаларингиз яхшими? Ҳа… ҳа, уйдалар…
Мен: “Йўқ, де!”, деб шивирладим, қўлимни силкитдим. Хотиним эса: «Ҳозир”, деб кафти билан гўшакни ёпди-да, менга:
— Қандай йўқ, дейман, Мурод ака-ку! — деди.
— Ҳа, Мурод бўлса, бер гўшакни, — дедим.
Мурод менга кўп ҳам телефон қилавермайди, жуда ишлик одам, кейин, ҳамма дўстинг билан ҳар куни гаплашавермайсан-ку, узоқдан ҳам қалин дўст бўлиб юраверасан, онда-сонда учрашиб қолганинг ҳам етади, кўнгил узилмаса бўлди-да.
— Қандай, ёмон йўқми? — деди Мурод, гап оҳангидан сездимки, унга ҳам етиб борган.
— Ёмон йўқ, Мурод ака, — дедим, дўстим бўлса ҳам, раҳбар одамга унча ботинолмайман, учрашганда Муроднинг отини айтаман, телефонда эса, шу қути расмийроқми, ака деб юбораман.
— Ёмон йўққа ўхшамайди-ку, — деди Мурод. — Шу пайтгача бир нима қилиб қўймаган эдингиз-ку?
— Мурод ака, ўзим ҳам бошим қотиб ўтирибман, нима қилиб қўйган эканман деб, — дедим ростдан ҳам бошим қотиб.
Мурод чуқур нафас олди, унинг ҳатто мўйловини силаб ўтириши ҳам кўз олдимга келди.
— Ҳай, қаранг-да, жўра, бирон ёрдам керак бўлса, котибамга тайинлаб қўйдим, айтсангиз, дарров улайди, — деди Мурод.
— Йўғ-э, раҳмат, сиз овора бўладиган ҳеч нарса йўқ, — дедим.
— Тортинманг, — деди Мурод, — Бир дўстнинг керагига ярамасак, нимага яшаб юрибмиз ўзи. Ўйлайверманг, биз ҳам сизни шундай ташлаб қўймаймиз…
Муроднинг гапидан ҳам таъсирландим, ҳам кўнглимдаги ғулғула кучайди: нима, бирон кулфатга учрадимми, нега худди мен чорасиз қолгандек, ёрдам қўлини чўзяпти, нима қилиб қўйганман ўзи, а? Ўзимнинг аҳволим бу, яна хотиним ҳам менга ҳамдард қарайди.
— Менга бундай термилиб ўтиришингдан нима наф? Ишингга борсанг-чи? — дедим унга.
— Сизни шу аҳволда ташлаб-а? Бормайман, — деди хотиним.
— Э, бор, — дедим. — Аҳволимга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Тушлик қилиб ол-да, ишхонангга бор.
— Овқат ўтадими шу топда? — деди хотиним.
— Бўлмаса ўша ерда тамадди қиларсан, — дедим.
— Ўзи нима қилиб қўйдингиз? — деди хотиним.
— Икковлашиб ўйласак ҳам тополмаймиз, — дедим.
— Уйда ўзингиз ўтираверасизми шундай? — деди хотиним.
Хотинимни бир амаллаб ишига қайтариб юбордим. Уйда яна бир ўзим, жойимда ўтиролмайман, тинмай у ёқ-бу ёққа юраман, лекин телефондан узоқ кетмайман. Шу япалоқ қути, жим, аммо истаган пайтида жиринглаб юбориши мумкин. Албатта, бир яқиним сим қоқиб, нима қилиб қўйганимни сўрайди. Мен эса, ахир, нима қилиб қўйган эканман, деб унинг ўзидан сўрайман. Ишқилиб, энди телефон қилмасинлар-да, деб ўйланаман, аммо жим турса, торс ёрилиб кетай дейман. Балки биронтаси ниҳоят нима қилиб қўйганимни айтиб қолар дейман.
Назар телефон қилди, у ҳеч қачон кўп гапирмайди, “Ҳа, ака, яхшимисиз? Ўзим шундай”, дейди. Гапни мен гапираман, у индамай эшитади.
— Назар, жўра, одам доим бир хилда яшайвермайди-ку, тўғрими? -дейман. — Бугун ишга бормадим, лекин ҳамма нима қилиб қўйдингиз, деб безор қилиб юборди. Гап ишга бормаганимда эмасга ўхшайди.
— Э-э, мен нима дейишим мумкин? — дейди Назар. — Қачон нима қилиб қўйган бўлсангиз, ўзингиз тўғрилаб кетгансиз-ку. Мен, қани бу, ака нима қилиб қўйган экан, деб телефон қилаётганим…
Ана холос! Энг суянганларимдан бири Назар бўлса-да, бу ҳам менга шунақа деб турса!
Эркин телефон қилди:
— Салом! А, а? Нима эди? Ҳа, бу, жўра, Мурод бир гап айтди, биласиз-ку, чап қулоқ унча эшитмайди. Гўшакни шу қулоққа тутган эканман, шошилиш-да, жўра, ёмон эшитдим, сизни бир нима қилиб қўйибди, деди. А, а? Оббо, шошманг, жўра, телефон яна шу қулоқда экан. Ҳа, мана, гапиринг!
— Ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, Эркин, — дедим.
— Энди яхши эшитяпман, — деди Эркин. — Нимага ҳеч нима қилиб қўйганингиз йўқ? Мурод шунақа деяпти-ку, Хуршиддан ҳам сўрадим, Усмон телефон қилди менга, укангиз билан гаплашдим. Нега ҳеч нима қилиб қўймагансиз?
— Рост, ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, Эркин, — дедим хунобим ошиб.
— Энди, шу, жўра, қарияпмиз шекилли-да, — деб Эркин хахолаб кулди. -Нима қилиб қўйганингизни ўзингиз билмасангиз, биз билмасак, бу ёғи ғалати бўлди-ку! Қиззиталоқ, бу ёқда қулоқдан олиб турса. Ўзи кўришмаганимизга қанча бўлди?
— Уч ой, — дедим тахминлаб.
— Уч ой? — деди Эркин ҳайрон бўлиб. — Иброҳимникида ўтирганимизга уч ой ой бўлдими-эй? Куннинг тез ўтишини!
— Ҳа, кун тез ўтяпти, умр ҳам, — дедим.
— Э, бу яхши эмас, бир шаҳарда туриб уч ойдан бери кўришмасак, — деди Эркин куйиниб. — Учрашиб турайлик-эй!
— Албатта, — дедим Эркинга.
Ростдан, шу топда ҳар куни-кунора кўришадиган жўраларимни ҳам, онда-сонда учрашадиган дўстларимни ҳам кўргим келиб қолди. Кунда ё ойда кўришамиз, саломлашамиз, ҳол-аҳвол сўраймиз, кўришиб турайлик, бир чойхона қилайлик, деймиз, лекин гапимиз қисқа, чала, йўл-йўлакай, аммо бошимизга бир дард тушса дарров бирлашамиз, фақат шу бирлашиш кунини кутиб яшашимиз керакми, дейман, мана, охирги жамулжам тўпланганимиз Шавкатнинг жанозасида эди, бошимиз бирикиб, битта йиғини ичдан йиғладик, “Шавкат ҳаммамизни яна бирлаштириб кетди-я”, дедик, бир-биримизнинг оқарган сочларимизга, майда ўрмалаган ажинларимизга, дарддан мўлтайиб қолган кўзларимизга зимдан тикилиб, яна биттамизни йўқотиб қўйишдан хавотирга тушдик, шу қўрқув бизни ўша кунлари жуда яқин қилиб қўйди, лекин яна ҳар биримиз ўз уйимиз, ишимиз, ташвишимизга тарқалиб кетдик…
— Эркин, ҳаётнинг урушидан эсон-омон ўтиб келаётган етти-саккиз жўра эканмиз, қаранг, ҳаммангиз мендан нима қилиб қўйдингиз, деб ташвишдасиз, лекин мен нима қилиб қўйганимни билмайман, — дедим.
— Нима қилиб қўйганингизни билмайман-у, — деди Эркин. — Лекин гапни оласиз. “Ҳаёт урушидан эсон-омон ўтиб келаётган етти-саккиз жўра…” Зўр!
Ғалабани ҳам нишонлаб турайлик, шунда бир-биримизнинг нима қилиб қўйганимизни билиб турамиз. Бўпти жўра…
Бўпти-ку-я, жўра, лекин мен ҳар куни ишга бориб келишдан, турмушнинг оқимида умрим бир зайлда қалқиб ўтиб кетишидан салгина ториққан эдим, холос. Ҳеч шикоят қиладиган жойим йўқ, лекин худди бировнинг умрини ўзимга вазифа қилиб олгандекман, ҳаётим ҳам ишхонага ўхшайди, бировнинг тартиби билан яшаётгандекман, бир тўхтаб, шошма-чи, бу ҳар куни ишга бориб-келиш билан қаёққа боряпман-у, ким бўлиб етаман ўша манзилга деб бир кунгина ўйласам, деган эдим, ўзи битта, лекин тумонат саволнинг ичида қолдим. Ҳеч нима қилиб қўйганим йўқ, бир нима қилиб қўйган бўлсам ҳам, ўзим ўйлаб тополмаяпман шуни, жўраларимга бу дунёда борлигимдан бошқа бирон наф келтирмаган бўлсам-да, керак эканманки, ҳаммаси ташвишланиб сўраяпти, лекин балки ўзлари билмас-у, аммо нима қилиб қўйганимни сезиб тургандек, эҳтимолки, сезиб келаётгандек, билгилари келяпти нима қилиб қўйганимни.
Укам ҳам келди қишлоқдан катта сумкасини кўтариб, лекин кириши биланоқ нима қилиб қўйганимни сўрамади, аввал қучоқлаб, икки юзимга юзларини салгина тегизди, кейин “Ассалому алайкум, ака, яхшимисиз?” деб синиқ жилмайди, худди ўн йил кўришмагандек ғалати бўлиб кетдим: укам-укам деб юраверибман, бу ҳам тўрт боланинг отаси бўлиб, сочларига оқ оралаб кетибди-я!
Укам ўтиргандан кейин:
— Қани, омин! — деб фотиҳага қўл очди. Омин қилдик.
— Болаларинг яхшими, келин қалай, ўзинг яхши юрибсанми, қийналмаяпсанми? — дедим. — Бу сочинг ҳам оқариб қолибди-я?
— Ҳа, энди, қирққа боряпмиз, ака, — деб укам яна жилмайди. — Кейин, зотимиз ҳам шунақа шекилли. Бўлмаса, ҳаёт ёмон эмас, кунимиз ўтиб турибди-ку.
Жиянларингиз ҳам яхши, бобомга мен бораман, мени олиб борасиз, деб талашиб қолди ҳаммаси.
— Қалай, қишлоқда нима гап? — деб ичимни тимдалаётган мақсадга ўзим ўтдим.
— Қишлоқ, худога шукр, тинч, — деб укам ўрнидан турди-да, сумкасини олиб, ошхонага ўтди.
— Эй, шунча юкни кўтариб нима қилардинг, — дедим.
— Майли, ўзингизнинг уйдан, — деди укам.
— Ташвиш қипсан-да, — дедим. — Мундоқ ўтир, гаплашайлик. Нима гап ўзи, нега шунча йўлдан келиб юрибсан? Нима дейишяпти қишлоқда?
— Э-э, кимнинг ким билан нима иши бор, ака, — деди укам, — ҳамма ўзининг ташвиши билан. Ўтган куни Абдуалим ака, синфдошингиз, қизини узатган эди, Ҳамроқул ака билан қуда бўлди, тўйда тўрт-бештаси мендан «Акангиз нега бунақа қилиб қўйибди?”, деб сўради.
Анграйиб қолдим.
— Ўтган куни?!
— Ҳа, ўтган куни, — деб укам менга ҳайрон қаради. — Нима эди?
— Мен ишга, мана, бугун бормадим-ку? — дедим.
— Ишга бормаганингизни мен бугун эшитдим, — деди укам, — лекин нима қилиб қўйганингизнинг гапи анчадан бери юрибди. Холмурод аканинг ўтганига қанча бўлди, бир ярим ойми, икки ойми, ишқилиб, ўшанда Ризо бўлам ҳам: “Аканг нима қилиб қўйган ўзи, бу акангдан сўрасам, тайинли гап айтмайди”, деди. Акамни биласиз-ку, бунақа бўлса, билганини ҳам билмадим, дейди.
— Қизиғ-у, ҳеч нима қилиб қўймаган бўлсам, акам нимани биладию Ризо бўламга нимани айтади? — дедим.
— Олдинги бозорда Султонов маст юрган экан, у ҳам “Аканг нима қилиб қўйган ўзи?”, деб ёпишиб олди, “Сизга ўхшаб кўп ичиб бозоржойда ағнаб қолибди”, деб қутулдим. Опам ҳам қишлоққа келиб, “Бу аканг бир нима қилиб қўйган, кўнглим сезган эди”, деб доимги дийдиёсини бошлади, йиғлаб акамникига борибди, акам мени чақириб, “Бу ерда ваҳиманинг уясини ясагунча, бир бориб, нимага бундай қилиб қўйганининг хабарини билиб келсанг-чи”, деди. Бунга ҳам икки ҳафта бўлди-ёв. Ҳаммаси гапираверганга ўзимнинг ҳам кўнглим тинчимади. Эрталаб Жиззахга ҳам тушиб ўтдим, ўзи ишда экан, келинга ҳам хавотир қилманглар, ўзим Тошкентга бориб келаман, дедим.
— Нима, Жиззахга ҳам борибдими нима қилиб қўйганим? — деб ҳайронлигим ўн чандон ошди.
— Жиззахдагилар эшитмай қоладими? Бошқа ёқдагилар ҳам эшитган бўлиши керак, — деди укам хотиржам.
— Қайси бошқа ёқдагилар? — деб сўрадим ҳовлиқиб.
— Ҳа, энди, бунақа гап ётмайди, ҳамма ёққа кетади-да, — деди укам.
Нима бўляпти ўзи, а? Нима қилиб қўйганман, яна бу нима қилиб қўйганим қачон, қандай қилиб қишлоққа, яна ўзим бехабар, бехабарлигимни ҳам билмасимдан бир-ярим-икки ой олдин, балки ундан ҳам олдинроқ ҳамма ёққа қандай қилиб тарқалган, буни мен қандай қилиб билмай қолганман, ахир, ҳамма ана шу тарқалиб кетган нарса менинг бир нима қилиб қўйганим-ку, шу пайтгача нима қилиб қўйганимдан қандай қилиб ўзим бехабар юрганман? Сира ақлга сиғмайдиган ана шуларни ўйлайман деб умуман каллам ишламай қолди.
— Ака, ҳали бозор қайтмади, а? — деб сўради укам.
— Ҳали қайтмайди. Нима эди? — дедим.
— Эртага эрта қайтаман. Жиянларингизга у-бу олай, — деб укам рухсат сўради, — кечқурун ўтирармиз. Бу акам ҳам келса керак, боя телефон қилувдим.
Укам бозорга кетди, мен билан ўтиришга кўнгли бормади шекилли, ҳар қалай, аядими, ё бошқа мен билишим мумкин бўлмаган бир нарсани биладими, ишқилиб, доим очиқ гаплашадиган укам унча очилмади, гапирганида ҳам мендан кўзини олиб қочиб ўтирди.
Яна телефон билан ёлғиз қолдим, уйимдан ташқаридаги дунёнинг хабарсими шу қутига уланган, у ёқда мендан бошқа, лекин ичида менинг нима қилиб қўйганим ҳам қалқибқалқиб тарқалиб бораётган ҳаёт ҳаракатда, уйда телефонга термилиб ўтирганим билан у ёқда бир нима қилиб қўйган бошқа ўзим шу нима қилиб қўйганини билолмай ҳамма жўраларимдан, мени билган-билмаган одамлардан нима қилиб қўйганини сўраб-суриштириб юргандек, ҳатто унга менинг мутлақо алоқам йўқдек ҳам туюлиб, керак бўлса, нима қилиб қўйганини ўзи билиб олсин, деб қўл силташгача ҳам бордим. Лекин жўраларга, ака-уканг, қариндош-уруғинг, ҳамқишлоғу ҳамшаҳарларингга қўл силтай олмаганингдек, ўзингга ҳам қўл силтай олмайсан, ҳализамон ўз болаларим мактабдан нима қилиб қўйганимнинг гапини кўтариб келса, уларга ҳам жавоб беришим керак. Бошқалар, ҳатто ака-ука, опа-сингилларим ҳам ўз ҳаётини менсиз, менинг қилганқилмаган ишларимсиз яшайверади, лекин оилам, болаларим менсиз яшамайди-ку, ўзимдан ҳар қанча қочмай, буларни ўзимдан халос қилиб кетолмайман. Менинг нима қилиб қўйганим, биринчи ўринда, буларга тегишли-ку! “Дада, бир нима қилганингизда нега бизни ўйламадингиз? Сиз билан фахрланиб юрибмиз-ку, сиз бўлсангиз бунақа қилиб қўйибсиз”, деб айтишса! Айтадилар ҳам, чунки иккаласини ҳам фик–ли қилиб ўстиряпман, ўзим “Менинг сизларга берадиган бойлигим шу ўқиш, илм”, деганман, ўзим берган бойлик-ақлдан келиб чиқиб нима қилиб қўйганимнинг саволини албатта ўзимдан сўрайдилар. Лекин болаларим ҳам сўрайдиган нима қилиб қўйганман ўзи?
Бу ўртада Нормурод, Усмон, Аҳмад, Саид сим қоқди, яна беш-олти узоқроқ оғайниларим, ҳатто “Ўзимизнинг Жонқовул нима қилиб қўйибди?”, деб Маҳмуд ака ҳам сўради, Иброҳим ишга бормаганимни гўшанишинлик деб маъқуллади, нима қилиб қўйганимни маъқулламади, бари бир, нималигини у ҳам айтмади, Орзиқул ҳақирлик мақомининг юкини тушунтирди, ўғлим мактабдан келиб, ракеткасини олди-да, теннисга кетди, салом бериб, кейин индамаганидан билдимки, ҳамма гапдан хабари бор, ичида қийналиб юрибди, қизим, дугонаси айтиб кетди, тушдан кейинги машғулотга қолибди, хотиним ишдан уч марта “Оч ўтирманг тағин”, деб сўраб қўйди…
Уйга қамалиб, худди қудуқ қазаётгандек, тобора чуқурлаб бораётгандек, ўйлайман, тубига етолмайман, лекин нима қилиб қўйганимнинг ўйи тумонатнинг хаёлида кезиб юрибди, биляпманки, улар фақат нимадир қилиб қўйганимни билади, холос, лекин айнан нима қилиб қўйганимни ҳеч қайси билмайди, уларнинг хаёлида шундай бир ташвишнинг ўзигина бор, агар аниқ билганларида мендан ташвишланиб сўрамас, нима қилиб қўйган бўлса, ўзи жавоб беради-да, деб қўл силтаб қўя қолган бўлар эдилар. Шундан келиб чиқиб биламанки, нима қилиб қўйган бўлсам ҳам, ўзим билишим керак, нима қилиб қўйган эканман деб, зўр бериб ўзимни кавлайман.
Туғилиб, эсимни танибманки, эсимда қолган қилгуликларимни бир-бир эслашга уринаман, лекин нима қилиб қўйганимни ўзим ҳам аниқ билолмайман. Ё жуда зўр бир одамнинг ўрнига туғилиб, у қилиши керак катта-катта ишларнинг ўрнига майда-чуйда юмушларни бажариб юрганмиканман? Университетга зўрға илинганимда, ҳам мен бечора кирдим-эй, деб хурсанд бўлиб, ҳам ўзимга ўхшаган бир бечоранинг ўрнига ўтдим шекилли, деб эзилиб, кейин ўзимни оқлаш учун нуқул бешга ўқиганман. Лекин менинг ўрнимга ўтиши мумкин бўлган ўша бечора мен ўтган тўсиқдан ўта олмаган-ку, ўрнига мен туғилган ўша зўр одам ўзи туғилганда ҳам мен дуч келган тўсиқлардан ўта олмай, мендай ҳам одам бўлмаслиги, катта ишларни қилиш тугул, зўрға кун кўриб юриши ҳам мумкин эди-ку! Ёшлигида қанақа ёрқин умидлар туғдирган одамларнинг қанчаси девор кавагида қолиб кетган! Хўп, бировнинг ўрнига туғилиб, унинг вазифасини бажариб юрган бўлсам-да, ака-ука, опа-сингилларим ўзимники, жўраларим ўша туғилмаган бировга эмас, ўзимга жўра-ку, тўғрими? Ҳаммаси мендан бошқа бировнинг эмас, менинг ўзимнинг нима қилиб қўйганимни сўраяпти, шунга жавобни туғилмаган, туғилиши ҳам номаълум бўлган ўша бировдан эмас, мендан сўраяпти, мен эса нима қилиб қўйганимни ўзимдан билолмай ўйда ўтирибман, шу нима қилиб қўйганимни билолмай ўйда ўтирганим балки нима қилиб қўйганимнинг ўзидир?
2001
Ahmad A’ZAM
NIMA QILIB QO’YGAN EKANMAN?
Ahmad A’zam 1949 yili Samarqand viloyati Jomboy tumani G’azira qishlog’ida tug’ilgan. 1971 yili Samarqand davlat universitetining o’zbek va tojik filologiyasi fakultetini bitirgan. Shu yili Alisher Navoiy nomidagi muzeyda ish boshlagan. Keyin “Guliston” jurnali, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, “Sovet O’zbekistoni san’ati” jurnali redaksiyalarida, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasida ishlagan, siyosiy faoliyat bilan shug’ullangan, “Birlik” xalq harakati hamraisi, “Erk” demokratik partiyasi bosh kotibi bo’lgan. Oliy Majlis deputatligiga saylangan (1999-2004 yillar).
1995 yildan O’zbekiston televideniesida bosh muharrir, “O’zbekiston” telekanali bosh direktori, “O’zbektelefilm” studiyasi bosh direktori lavozimlarida ishlagan. O’zbekiston televideniesida yuzlab ko’rsatuvlar va hujjatli filmlar qilgan, ulardan eng mashhurlari: “O’zlik”, “Xalqning ko’ngli”, To’rtinchi hokimiyat” .
“Oyning gardishi”, “Bu kunning davomi”, “Asqartog’ tomonlarda”, “Soyasini yo’qotgan odam”, “Hali hayot bor” degan nasriy asarlar, “Mas’ul so’z” degan adabiy-tanqidiy maqolalar to’plamlari, “O’zi uylanmagan sovchi”, “Ro’yo yoxud G’ulistonga safar” romanlari chop etilgan.
2014 yil 4 yanvarida vafot etgan
Bugun ertalab betimni yuvayotib birdan ishga borgim kelmay qoldi, o‘zi har kuni shunday bo‘laman, kech yotaman-da, keyin ertalab turishim qiyin, ey, xudo, yana shu ishga borishim kerak, a, deb joyimdan qo‘zg‘algim kelmaydi ishyoqmaslikdan emas, har kuni borib, har kuni bir xil ish qilishdan ko‘nglim qolgan, lekin, bari bir, turaman, choy-poyimni ichib, otlanaman, shunga, ya’ni ishga borgim kelmasligiga, lekin, bari bir, ishga borishga o‘rganib ketganman. Har kuni shu ahvol, ishga borganimdan keyin, nimadir bo‘lsa, kimdir bo‘shasa, kimdir yangi kelsa, jilla qursa, hamkasblarning birovi to‘y qilsa yo… xullas, doimgi ishimizda jinday o‘zgarish bo‘lsa, ishxonaning hamishalik hayotiga sal boshqacha mazmun kirgandek tuyuladi-da, yana hammasi o‘sha-o‘sha iziga tushib ketaveradi. Badga urib qolgan, borgim kelmaydi, yo tangrim, nahotki bir umr bir xilda yashab o‘tib ketaversam, deyman-da, shu umrimdagi bir xillikni qanday o‘zgartirishni bilmay qiynalib boraveraman.
Bugun esa betimga sovuq suv tegdiyu birdan ishga borgim kelmay qoldi. Ishga bormaganimda ham, bir kun-ikki kun, boring-ki, bir hafta bormasman, lekin bari bir, boshqa boradigan joyim, qiladigan boshqa yumushim yo‘q, bari bir, boraman, lekin xuddi shu bugun orqamdan miltiq tirashsa ham, bormayman, to‘pga solib, ishxonaga qaratib otsalar ham, tushmay, havoda bir aylanib kelib, bari bir, uyga qaytib tushaman, dedim.
Bemalol o‘tirib, choyni xotirjam qaytarishimdan shoshmayotganimni xotinim ham sezdi shekilli:
— Tinchlikmi? — dedi.
— Tinchlik, — dedim.
— Sizga nima bo‘ldi? — dedi u.
— Hech narsa? — dedim. — Ishga borgim kelmayapti. Xotinim menga qandaydir begona qaradi-da:
— Nimaga bunday qilyapsiz? — dedi.
— Nima qilibman? — dedim. — Shu, bugun borgim yo‘q. Bo‘zchining mokisimanmi, boraman-kelaman, boraman-kelaman, bugun bormay-chi, -dedim.
— Bormasangiz bormassiz, lekin… hayronman sizga, — deb u bir xavotirli gap qildi.
— O’zi har kuni borgim kelmaydi, bugun esa bormayman, bor gap shu, nimasiga hayron bo‘lasan? — dedim.
— Bormayman deganingizga emas, o‘zingizga hayronman, — dedi xotinim.
— E-e, qo‘ysang-chi, o‘zim o‘sha o‘zim-da, — dedim.
Xotinim menga g‘alati qarab qo‘ydi.
«Qiziq, odam bir kun ishga bormayman desa, boshqacha ko‘rinar ekan-da, kel, ertalabdan ko‘nglini xira qilmay”, deb o‘yladim.
Xotinim ishga ketdi, bolalarim men turguncha o‘qishiga jo‘nagan, uyda bir o‘zim qoldim. Zerikib uydan chiqdim, hovli, hamma narsa joy-joyida turgan bo‘lsa-da, ko‘zimga bo‘m-bo‘sh ko‘rindi, bostirma tagidagi mashinam ham to‘rt g‘ildiragini yerga tirab, ma’nisiz jim qotgan, kechasi bostirma yog‘ochida tunaydigan bema’ni musichalar tomiga, orqa oynasiga shapaloq-shapaloq qilib o‘tirib tashlagan, hozir kalitini burasam, har kungidagidek gurillamaydigandek tuyuldi.
Yengil shabada seziladi, so‘ridagi tokning quruq xazonlari titraydi, havo chalakam-chatti xira bulut, na ochiq, na buzuq.
Darvoza eshigini ochib, qaradim, hech kim yo‘q, mahalladagi kattalar ishga, kichkinalar o‘qishiga ketgan, ko‘chaga, ho‘, hali, tushdan keyin jon kiradi, hozir so‘rashadigan ham odam ko‘rinmaydi.
O’ylanib turgan edim, uy tomondan zing-zing etgan bir tovush keldi, xayol bilan avval anglamadim, keyin bilsam — telefon! Yugurdim Faxriddin ekan.
— O’-o‘, aka, bir so‘rab qo‘yay deb, telefon qilsam, ishxonada yo‘qsiz, -dedi.
— Bugun o‘zimga bir dam beray degandim, — dedim.
— Sal tovushingiz boshqacha, nima bo‘ldi o‘zi? — dedi Faxriddin.
— Yo‘g‘-e, hech gap, — dedim.
— Odam xavotir oladi, aka, bilib qo‘yay degan edim, — dedi Faxriddin.
— Tinchlik, tinchlik, rahmat so‘raganingizga, — dedim Faxriddinga.
Odamoxun, yaxshi yigit shu Faxriddin, ko‘ngil so‘rab turadi doim. Odamning shunaqa ukalari, do‘stlari bori yaxshi-da, o‘zingni yolg‘iz bilmaysan. Xurshid, Murod, Nazar, Ibrohim, Farhod, Normurod, Najmiddin aka, Erkin — hammasi shunaqa, ko‘ngil yaqin odamlarim. Odamning mingta tanishi bo‘ladi, yuztasi bilan so‘rashib yuradi, lekin haqiqiy do‘sti uncha ko‘p emas, besh-oltita, boringki, o‘nta.
Xuddi shuni o‘ylab turgan edim, ko‘nglimdagini sezgandek Rustam aka sim qoqdi.
— Ha, qalay? Tinchlikmi? Ishda yo‘qsiz? Odam sog‘inib qolar ekan, munday gaplashib turaylik, — dedi.
Unga ham, ha, bugun shunaqa-shunaqa, deb tushuntirdim.
— O’ylayvermang, odam o‘ziga ham qarashi kerak, — dedi Rustam aka.
— O’ylaganim yo‘q, — dedim.
Rustam akaning gap ohangida nimadir bordek tuyuldi, lekin parvo qilmadim, u kishi o‘zi shunaqa — doim mehribon, odamni avaylagisi keladi, shunchaki aytyapti-da deb o‘yladim. Lekin sal o‘tmay telefon yana jiringladi Farhod ekan.
— Nega ishga bormadingiz? — dedi. — Nima qilib qo‘ydingiz o‘zi?
— Hech narsa qilganim yo‘q, ishga chiqmadim, shu xolos, — dedim.
— Buni aytmayapman, — dedi Farhod .
— Nimani bo‘lmasa? — dedim.
— Bir gap yuribdi, hayron bo‘ldim? Ha, mayli, oldimda odamlar bor, o‘zim telefon qilaman, — deb Farhod go‘shakni qo‘yib qo‘ydi.
Farhod ham qiziq, bir gapni boshlaydi-da, uzib qo‘yadi, keyin ishga chalg‘ib, esidan chiqib ketadi, topib, boya nimani aytmoqchi edingiz, deb so‘rasangiz, “Qachon? Qaysi gap edi o‘zi?.. E-e, ha, u-mi, hal bo‘ldi”, deydi. Biron ishingizga o‘zi jon kuydirib yordam bermoqchi bo‘lsa ham, qaytaqayta esiga solmasangiz, unutib qo‘yadi, keyin “Mingta ishim bor, kalla qoladimi, nega aytib turmadingiz?”, deb do‘q uradi.
Farhod qanaqa gapni aytmoqchi ekan, deb o‘ylab, yana o‘zimni biron narsa bilan chalg‘itsammi, deb turgan edim, telefon jiringladi, Farhod, hozir nima dedim, deb so‘raydi, deb o‘ylab, go‘shakni olsam, boshqa odam ovozi sal tanishroq.
— Salom, o‘-o‘! Meni taniyapsanmi o‘zi? — deb senladi.
— Tanigandayman, — dedim dudmol qilib.
— Unda, ayt, qani, kimman? — dedi.
Noqulay bo‘ldim, ezmalanmay, o‘zi ayta qolsa o‘larmi ekan.
— Ha, jo‘ra, bunaqa qipsan? Sen bilan jo‘ramiz deb, yurardim, hayron bo‘ldim, bunaqa odam emas eding-ku…
Bu valdirvoqi bilan qachon jo‘ra kirishgan ekanman deb, ensam qotib turib, birdan esladim — Butunboy, sinfdoshim.
— E-e, Butunboy! Qaydan telefon qilyapsan? — dedim.
Taniging ham kelmadi-ya? — dedi Butunboy. — Shu yerda, «Chinobod»daman, haq bersammi, deb ishingga telefon qilsam, yo‘q ekansan. Bir og‘iz aytsang bo‘lardi, o‘lar joyda emasman, maslahatlashardik.
Butunboy azaldan shunaqa: maktabdaligimizda ham nima qilmaylik, menga oldin aytmabsizlar, deb arazlar edi, to‘qqizinchi sinfda Karim Ma’rifatni yaxshi ko‘rib qolgan ekan, shu Butunboyning qulog‘iga yetibdi, tanaffusda uch-to‘rtovimiz boshqa narsalarni gapirib o‘tirganda, birdan Karimga: “Nega menga aytmading?”, deb tumraydi, Karim qulog‘icha qizarib ketib: “Nega aytishim kerak? Sening qizimi u?”, dedi, Butunboy esa astoydil yig‘lamsirab, “Axir, jo‘ramiz-ku, Ma’rifat ham biz bilan bitta sinfda o‘qisa, bir og‘iz maslahat solsang o‘lar joyda emasman-ku, odamni bunaqa chetga surib qo‘yish yaxshi emas-da”, dedi. Butunboyga hamma jo‘ra, hamma qiladigan ishini oldin unga aytishi kerak, lekin u tumanda tursa, ikki yildan beri ko‘rishganimiz yo‘q, nima qilib qo‘yibmanu unga nima deb maslahat solaman?
Hay, arazlama, men hech narsa qilganim yo‘q, shoshma, deb tushuntirgunim-cha, “Ha-a, aytging kelmayapti, senga men odam emasman-da, a”, deb u go‘shakni qo‘yib qo‘ydi.
Butunboyni arazlatish ham, ko‘nglini olish ham oson, erta yo indin «Chinobod»ga borsam, hammasi joyiga tushadi, lekin ungacha yetgan gapning o‘zi nima ekan, ishxonaga telefon qilib so‘rasammi, deb chog‘lanib turgan edim, telefonning o‘zi jiringladi. Xurshid ekan.
— O’y, menga qarang, yana nima qilib qo‘ydingiz? — dedi u dabdurustdan.
Xurshid o‘zi shunaqa, men bilan tutun qaytarib gaplashadi, juda qalinmiz, mendan ikki yosh kichkinayu lekin akasinib, mendan doim xavotirda, men-ku, unga zararim tegadigan bir narsa qilmayman, lekin nuqul: “Hech tinch yurmaysiz, odamni juda qiynab yuborasiz-da”, deydi, to‘g‘ri yo‘lda ketayotgan bo‘lsam ham, ishqilib, to‘g‘ri yuring-da, deyaveradi. Mashina olayotganimni aytganimda, “Endi odamni toza tamom qilar ekansiz-da”, dedi, «Mashina oladigan men-ku, nega siz tamom bo‘lasiz?”, desam, u: “Haydashni bilmaysiz-ku!”, dedi, men: “Ola solib haydab ketavermayman, axir, o‘rganaman, maktabida o‘qiyapman-ku!”, dedim. “Piyoda yurishingiz shuncha tashvish edi, endi buyog‘i yurak og‘rig‘i ekan-da”, dedi u. Xafa bo‘ldim, “O’, jo‘ra, qachon nima qilib sizning yuragingizni og‘ritdim?”, dedim. U bo‘lsa uf tortib, “Shu ketishingizda siz bir kuni bir nima qilib qo‘yasiz, ungacha men yuragimni changallab kutib o‘tirishim kerak”, dedi.
— Hech nima qilib qo‘yganim yo‘q, Xurshid, — dedim. — Nega bu hammalaring so‘raysizlar?
— Yana kimlar telefon qildi? — deb so‘radi Xurshid.
— O’ntasi! — deb zarda qildim. — Hammasi nima qilib qo‘ydingiz deydi!
— Ana, aytmadimmi? — dedi Xurshid. — Bir narsa qilib qo‘ygansizki, buni bitta men aytmayapman.
— Xo‘p, Xurshid, men nima qilib qo‘yganimni bilmayman, sizlar bilsangiz ayting: nima qilib qo‘yibman o‘zi?
— O’y, qiziq odamsiz-da? O’zi kechasi bilan yuragim sanchib chiqdi, ertalab do‘xtirga ham o‘tdim, asabiylashgansiz, deydi, asabim buzilganining sababini topolmadim, gap bu yoqda ekan-da, odamni qiynashni qachon bas qilasiz? — dedi Xurshid.
— Xurshid, jon do‘stim, hech narsa qilib qo‘yganim yo‘q, uyimda bir kun tinchgina o‘tiraman degan edim, bo‘lgani shu, sizlar bo‘lsa…
— Sizlar, sizlar emish, — deb Xurshid gapimni bo‘ldi, — sizga faqat o‘zingiz bo‘lsa, odamni ayashni bilmaysiz…
Xurshid achchiq qilib go‘shakni qo‘yib qo‘ydi.
Buning iddaosini qarang! Tavba, nima qilib qo‘ygan ekanman? “Nima qildingiz?” ham emas, hammasi “Nima qilib qo‘ydingiz?” deydi-ya! Xuddi men og‘ir bir jinoyat qilgan yo bir begunohni bilib o‘ldirib qo‘ygandek! Bugun ishga bormaganimga osmon uzilib yerga tushmagandir, axir? O’zi ishxonada qiladigan aytarli ishim ham yo‘q, bir oylik ishni bir haftada, qattiq o‘tirsam, ikki-uch kunda saranjomlab, bemalol yuraman, yuztaning bittasi xodimman, hafta-o‘n kun bor-yo‘qligim ham bilinmaydi, hayronman, yo biron gap chiqdimikan, deb telefonga qo‘limni uzatgan edim, hali go‘shagini ushlamasimdan o‘zi jiringlab yubordi, yuragim o‘ynab ko‘tarsam, yana Xurshid!
— O’v, — dedi Xurshid boyagidan sal muloyimroq.
— Ha, Xurshid? — dedim.
— Shu, jo‘ra, achchig‘im chiqib, qattiq gapiribman, uzr. Mana, yana dori ichib oldim, — dedi. — Endi jo‘ralarni o‘zgartiradigan yoshda emasmiz, u yoshligimizda oldimizda vaqt ko‘p, jo‘ralarni bemalol yangilasa bo‘lardi. Bu yog‘iga saralanib qoldik, borimiz shu, bir-birimizni avaylashimiz kerak. Do‘stlik ham umrga o‘xshaydi, orqaga qaytmaydi, to‘g‘rimi?
— To‘g‘ri! — dedim ta’sirlanib.
— To‘g‘ri bo‘lsa, jo‘ralarning ko‘ngliga ham qarang-da, — dedi Xurshid. -Men sizga kerakmanmi o‘zi?
— Ha, keraksiz, — dedim.
— Unda siz ham menga keraksiz, ko‘p qiynamang, — dedi Xurshid.
— Xurshid, jon og‘ayni, nima qildim o‘zi sizni qiynab qo‘ygan? — deb yalindim unga. — Munday tushuntiring, nima gap o‘zi?
— Obbo, yana qaytadan boshlayapsizmi? Qo‘ying shuni,- deb Xurshid yana xunob bo‘ldi. — Axir, siz bir nima qilib qo‘ysangiz, men shunchaki o‘zimni avaylab o‘tirolmayman, bilasiz-ku, iltimos…
Xurshid yana bir oz dard qildi, uni ayab, ham bari bir, undan boshqa gap ololmasligimni bilib, nima qilib qo‘yganimni so‘ramadim.
Go‘shagini qo‘yishim bilan yana telefon jiringladi, bunga ham bir gap bo‘lgan shekilli deb o‘ylab, yana ko‘tardim. Ukam ekan. Ko‘nglim sezganidek, bu ham so‘rashmayoq:
— Aka , nima qilib qo‘ydingiz o‘zi? — deb shu gapni boshladi. — Bizni o‘ylash sizda sira yo‘q ekan-da shu. Otamiz nima deb vasiyat qilganlar sizga? Shu ukalaringga qara, qaramasang, hammasi har xil yo‘lga kirib ketadi, deb bizni sizga topshirib ketganlar, axir! Sizning esa qilib yurganingiz teskari, sizga qarab yurishimiz kerak…
— Hech narsa qilib qo‘yganim yo‘q, meni eshitsang-chi, — degan edim, gapimni kesdi.
— Yo‘q, eshitmayman! Siz meni eshiting, — dedi. — Doim shunaqasiz, men bunaqa qilsam, ukalarimga nima bo‘ladi deyish yo‘q, o‘z bilganingizdan qolmaysiz. Xuddi sizga uka bo‘lganimizga biz aybdordek.
Jahlim chiqib ketdi:
— O’v, menga qara! — dedim.
— Qaramayman! Shu vaqtgacha qaradim, yetadi, — dedi ukam.
— Qaramasang qarama! — dedim. — Nima, otammisan, nuqul aql o‘rgatasan, men senga yosh bola emasman-ku! Nega tushunmaysan? Men hech nima qilib qo‘yganim yo‘q! Jimgina o‘tiribman, ahmoq!
— E-e, o‘zingiz… — Ukam meni ham “Ahmoq” demoqchi edi, o‘zini tutib qoldi. — Men kuyinganimdan aytyapman, odamlarning og‘zi bor, falonchining akasi shunaqa qilib qo‘yibdi, degan gap yaxshimi? Men nima degan odam bo‘laman,axir?
— Hech narsa, ukam, odamlarga bu bilan bir qorindan talashib tushganmiz, lekin aka-uka emasmiz, deysan, bo‘ladimi? — deb uzib oldim ukamni.
— Sizchalik til bilmaymiz, mayli, aka, siz dono, biz ahmoq, — deb ukam arazlab go‘shakni qo‘yib qo‘ydi.
Hammaning ukasi shunaqamikan, xuddi men oldin tug‘ilib, unga tegishligini o‘zimniki qilib olgandek gapiradi-ya! Ba’zan alam qiladi, ba’zan esa, ukam-da, joni achiganidan gapiradi, deb shaytonga hay beraman. Faqat hozirgisi juda oshib tushdi, mayli, o‘ziga kelib qolar, ukam-da, arazi necha kunga borardi. Lekin o‘zi nima qilib qo‘ygan ekanman? Yo ishxonada biron gap chiqdimikan?
Ishxonaga sim qoqqan edim, go‘shakni Najmiddin aka oldi, salomlashganimdan keyin so‘radim:
— Najmiddin aka, ishxonada nima gap?
— Ishxona joyida, ukajon, o‘zingiz-chi? — dedi Najmiddin aka.
— Men ham joyimda, ya’ni uyimdaman, o‘tiribman, — dedim. — Hammasi telefon qilib nima qilib qo‘ydingiz, deb so‘raydi, hayronman.
— Men ham hayron o‘tiribman, — dedi Najmiddin aka, — bir nima qilib qo‘yadigan odam emas edingiz, deb.
— O’zi nima qilib qo‘ygan ekanman, so‘rang-chi? Yo boraymi o‘zim? — dedim.
-Yo‘q, kelib yurmang, shu yerdamiz-ku, siz bir nima qilib qo‘ysangiz, shunday qarab o‘tirmasmiz? — dedi Najmiddin aka.
— Nima qilib qo‘yganman o‘zi? Hamma so‘raydi, hech kim bir gap aytmaydi-ya, — dedim.
— Mayli, — dedi Najmiddin aka mayinlik bilan, — ko‘p o‘ylanmang, balki o‘tib ketar.
Ana xolos! “O’tib ketar”, degani nimasi? Najmiddin aka bosiq-vazmin, uncha-munchaga ochilavermaydigan odam, menga taskin berib gapiryaptimi, bir narsa qilib qo‘yganga o‘xshayman. Yo shu yaqin-o‘rtada birontaning ko‘nglini og‘ritdimmikan? To‘g‘ri, tilim yomon, gohida hazilimning tagi zil chiqadi, o‘zim ham bilmay qolaman. Uch-to‘rt oy oldin ishxonaga kelgan bir tanishim ko‘pchilikka gap bermay, o‘zinikini ma’qullab o‘tirgan ekan, men kirib: «Nima bahs o‘zi?”, desam, u “Bular men bilan bahslashadi-ya, axir, har kuni yigirma to‘rt soat uxlamay ilm qilaman, bilaman buni”, dedi, tilim qichib, «Bu odam bilan bahslashmanglar, har kuni yigirma to‘rt soat uxlamay ilm qiladigan odamdan har gap chiqib ketishi mumkin”, degan edim, hamma kulib yubordi, o‘zi ham, sal rangi o‘zgardi-yu, qo‘shilib kuldi, lekin uch kundan keyin azza-bazza xonamga bostirib kirib, “Nega meni o‘sha kuni ko‘pchilikning oldida yerga urdingiz?”, dedi, “E-e, qo‘ysangiz-chi, qanaqa yerga urish, hazil-ku?”, desam, u: “Yigirma to‘rt soat uxlamay ilm qiladigan odamdan har gap chiqib ketishi deganingiz hazil emas?”, dedi, “Bo‘lmasa, nima?”, desam, “Siz meni jinni dedingiz!”, dedi, “Qo‘ysangiz-chi, shuni ham ko‘ngilga olasizmi? Hay, kulishdik-da, kulmasak, bu dunyoda zerikib ketamiz-ku”, desam, “Siz odamning ustidan kulyapsiz-ku”, dedi, “Xo‘p, og‘ayni, tegib ketgan bo‘lsa, uzr, kechiring”, desam, “Siz avval odamni o‘ldirib, keyin, uzr, o‘ldirib qo‘yibman, deyar ekansiz-da, a? Yo‘q, uzringizmi pishirib yeng!”, dedi, «Xo‘p-e, nima qilay bo‘lmasa? O’sha odamla“ni to‘plab, “Og‘aynilar, bu odam jinni emas ekan”, deb aytaymi”, desam, Mana, shu gapingiz bilan ham odamni mayna qilyapsiz”, deydi! Xullas, u desam, bu deb, kayfiyatni bir tiyin qildi, “E-e, har kuni yigirma to‘rt soat uxlamay ilm qiladigan odam jinni bo‘lmay, nima bo‘ladi, boring, bir to‘yib uxlang, tuzalib ketasiz”, dedim. O’zi yaxshi odam, quyuq so‘rashib yurardik, lekin shu bilan oramiz buzilib qoldi, endi meni ko‘rsa, ola qaraydi. Lekin keyingi kunlari boshqa yana birovga yomon gapirganimni eslolmayman. Bular ham nima qilib qo‘ydingiz deb, boshqa odamga bir nima qilib qo‘yganimni emas, o‘zim nima qilib qo‘yganimni so‘rashyapti. Birovga bir nima qilib qo‘yganimda, albatta, nega falonchiga bir nima qilib qo‘ydingiz, deb otini ham tutgan bo‘lar edilar. Demak, o‘zim bir nima qilib qo‘yganman. O’zim bilmay nima qilib qo‘ygan bo‘lishim mumkin, axir? Bularning so‘rovi xuddi nega bunday o‘z joningga qasd qilding deganga o‘xshab ketadi-ya, astag‘firulloh! Shu o‘ylayman deng, o‘yimning tubiga yetolmayman. Yo ishxonadagi hujjatlarni chalkashtirib yubordimmikan? Yo‘g‘-e, unda boshqacha gap bo‘lardi. Yo birontasi biron tuhmat o‘yladimikan, a? Yo‘q, nimamga tuhmat qilardi, men katta amaldor bo‘lsamki, birontasi joyimga ko‘z olaytirsa, o‘zimning ham birovni ag‘darib, uning joyiga chiqish niyatim yo‘q. Yo o‘zim bilmay biron g‘iybat gap aytib yubordimmikan? Eslolmayman, o‘zi shunaqa gaplarga umuman aralashmayman. Yo noxosdan bironta jo‘ramni sotib qo‘yibmanmikan? Mumkin emas, chunki jo‘ralarimdan birontasi sotadigan ish qilmaydi. Yo… qiziq, kattaroq bir narsa, masalan, Vatanni sotadigan biron xufiya narsaga aralashib qoldimmi, o‘zim bilmay? Esing joyidami, deyman, o‘zimga o‘zim, o‘zing kim bo‘lding-u, sening vatanni sotishga urinishing nima bo‘ladi, chumoli chumoliga osmonni sotmoqchidek kulgili-ku bu. Yo birontasi shunaqa deb yozib yubordimikan? E-e, yo‘q, hozir bunaqa yozadiganlar ham, bunaqani o‘qiydiganlar ham yo‘qolib ketdi-ku, deyman yana. Yana nima qilib qo‘ygan bo‘lishim mumkin? Xavotirga tushib, xayolning mingta ko‘chasiga kirib chiqaman, nima qilib qo‘yganimni bilolmayman, lekin bularning so‘rashiga qaraganda, aniq bir nima qilib qo‘yganman, deyman, javob topolmayman.
Uyda u yoqqa yuraman, bu yoqqa yuraman, o‘ylayman: nima qilib qo‘ygan ekanman, bundan ko‘ra har kungi o‘rganganim ishga borsam yaxshi emasmidi, deyman. Bugun, kecha, o‘tgan kuni, bir haftada, bir oy, ikki oy oldin qilgan ishlarimni bir-bir eslayman, yomoni tugul, aksiga olib, yaxshila–i ham esimga kelmaydi, shu o‘rtada biron bir tuzuk ish qilmabman, shu ishga borib kelaverganimdan boshqa narsani topolmayman. Yo ilgariroq bir narsa qilib qo‘yganim kelib-kelib endi ochildimikan? Ilgari nima qilib qo‘ygan bo‘lishim mumkin? Hamma qatori yashab kelyapman, birovdan pastroq, birovdan balandroq, ishqilib, shoxim yo‘q… Ha, endi, bu dunyoda yuz foiz begunoh odamning o‘zi bo‘lmaydi, o‘tmishini kavlasa, tabiiy, u-bu gunohi topiladi, boshqalardan yashirgani bilan, o‘zi biladi, ko‘pi mayda-chuyda, vaqt o‘tib, eskirib ketgan, aytib, boshqalarning vaqtini olishga ham arzimaydi. Lekin bu yaqinlarimning e’tiboriga arziydigan bir nima qilib qo‘yganman, shekilli, hammasi nima qilib qo‘ydingiz, deyapti. Nima qilib qo‘ygan bo‘lishim mumkin o‘zi?
Bir ishxonaga borib nima qilib qo‘yganimni so‘ragim keladi, bir so‘rashni ko‘z oldimga keltirib, yuragim orqaga tortib ketadi: borsam, hammasi o‘rtaga olib, nima qilib qo‘ydingiz o‘zi, deb so‘rasa, nima qilib qo‘yganimni bilmasam, mening nima qilib qo‘yganim ularga ayon, o‘zimga esa noayon bo‘lsa, ishxonada nima qilaman, deyman.
Bir vaqti darvozaning eshigi qarsillab ketdi, o‘zi shunaqa, moylanmagan, ochib-yopganda qarsillaydi, xotinim ishdan qaytib keldi. Rangi bir hol, menga tashvish bilan qaraydi deng.
— Ha, tinchlikmi, javob oldingmi? — deb so‘radim.
— Yo‘q, qanday o‘tiraman? Hamma so‘raydi, eringiz nima qilib qo‘ygan ekan deb, ezilib ketdim, — dedi.
— Ey, jonim, mana, o‘zim ham o‘ylab o‘tiribman, nima qilib qo‘ygan ekanman, deb,- dedim.
— Ukangiz ham telefon qildi, — dedi xotinim.
— Qo‘yaver, mening ham boshimni qotirdi, — dedim.
— Qishloqdagi ukangiz, uyga tusholmapti, doim telefon band, dedi.
— E, ha, tinchlikmikan?
— Akam nima qilib qo‘ydilar o‘zi, deb mendan so‘raydi, — dedi xotinim. Hayronligimdan kallam ishlamayotgandek tuyuldi.
— Kimdan eshitibdi? — dedim talmovsirab. — Yo‘g‘-e, hech nima qilib qo‘ymagan bo‘lsam, nimani ham eshitardi?
— Yo‘ldan telefon qilyapman, dedi, hali-zamon kelib qolsa ham kerak, -dedi xotinim, bemalol joylashib.
Hozir bu ham boshlaydi, deb o‘ylagan edim, yana telefon jiringladi.
— Sen ol, meni yo‘q, deb ayt, — dedim xotinimga. Xotinim telefonni olgani zahoti so‘rashib ketdi:
— Ha, rahmat! O’zingiz yaxshimisiz, bolalaringiz yaxshimi? Ha… ha, uydalar…
Men: “Yo‘q, de!”, deb shivirladim, qo‘limni silkitdim. Xotinim esa: «Hozir”, deb kafti bilan go‘shakni yopdi-da, menga:
— Qanday yo‘q, deyman, Murod aka-ku! — dedi.
— Ha, Murod bo‘lsa, ber go‘shakni, — dedim.
Murod menga ko‘p ham telefon qilavermaydi, juda ishlik odam, keyin, hamma do‘sting bilan har kuni gaplashavermaysan-ku, uzoqdan ham qalin do‘st bo‘lib yuraverasan, onda-sonda uchrashib qolganing ham yetadi, ko‘ngil uzilmasa bo‘ldi-da.
— Qanday, yomon yo‘qmi? — dedi Murod, gap ohangidan sezdimki, unga ham yetib borgan.
— Yomon yo‘q, Murod aka, — dedim, do‘stim bo‘lsa ham, rahbar odamga uncha botinolmayman, uchrashganda Murodning otini aytaman, telefonda esa, shu quti rasmiyroqmi, aka deb yuboraman.
— Yomon yo‘qqa o‘xshamaydi-ku, — dedi Murod. — Shu paytgacha bir nima qilib qo‘ymagan edingiz-ku?
— Murod aka, o‘zim ham boshim qotib o‘tiribman, nima qilib qo‘ygan ekanman deb, — dedim rostdan ham boshim qotib.
Murod chuqur nafas oldi, uning hatto mo‘ylovini silab o‘tirishi ham ko‘z oldimga keldi.
— Hay, qarang-da, jo‘ra, biron yordam kerak bo‘lsa, kotibamga tayinlab qo‘ydim, aytsangiz, darrov ulaydi, — dedi Murod.
— Yo‘g‘-e, rahmat, siz ovora bo‘ladigan hech narsa yo‘q, — dedim.
— Tortinmang, — dedi Murod, — Bir do‘stning keragiga yaramasak, nimaga yashab yuribmiz o‘zi. O’ylayvermang, biz ham sizni shunday tashlab qo‘ymaymiz…
Murodning gapidan ham ta’sirlandim, ham ko‘nglimdagi g‘ulg‘ula kuchaydi: nima, biron kulfatga uchradimmi, nega xuddi men chorasiz qolgandek, yordam qo‘lini cho‘zyapti, nima qilib qo‘yganman o‘zi, a? O’zimning ahvolim bu, yana xotinim ham menga hamdard qaraydi.
— Menga bunday termilib o‘tirishingdan nima naf? Ishingga borsang-chi? — dedim unga.
— Sizni shu ahvolda tashlab-a? Bormayman, — dedi xotinim.
— E, bor, — dedim. — Ahvolimga hech narsa bo‘lgani yo‘q. Tushlik qilib ol-da, ishxonangga bor.
— Ovqat o‘tadimi shu topda? — dedi xotinim.
— Bo‘lmasa o‘sha yerda tamaddi qilarsan, — dedim.
— O’zi nima qilib qo‘ydingiz? — dedi xotinim.
— Ikkovlashib o‘ylasak ham topolmaymiz, — dedim.
— Uyda o‘zingiz o‘tiraverasizmi shunday? — dedi xotinim.
Xotinimni bir amallab ishiga qaytarib yubordim. Uyda yana bir o‘zim, joyimda o‘tirolmayman, tinmay u yoq-bu yoqqa yuraman, lekin telefondan uzoq ketmayman. Shu yapaloq quti, jim, ammo istagan paytida jiringlab yuborishi mumkin. Albatta, bir yaqinim sim qoqib, nima qilib qo‘yganimni so‘raydi. Men esa, axir, nima qilib qo‘ygan ekanman, deb uning o‘zidan so‘rayman. Ishqilib, endi telefon qilmasinlar-da, deb o‘ylanaman, ammo jim tursa, tors yorilib ketay deyman. Balki birontasi nihoyat nima qilib qo‘yganimni aytib qolar deyman.
Nazar telefon qildi, u hech qachon ko‘p gapirmaydi, “Ha, aka, yaxshimisiz? O’zim shunday”, deydi. Gapni men gapiraman, u indamay eshitadi.
— Nazar, jo‘ra, odam doim bir xilda yashayvermaydi-ku, to‘g‘rimi? -deyman. — Bugun ishga bormadim, lekin hamma nima qilib qo‘ydingiz, deb bezor qilib yubordi. Gap ishga bormaganimda emasga o‘xshaydi.
— E-e, men nima deyishim mumkin? — deydi Nazar. — Qachon nima qilib qo‘ygan bo‘lsangiz, o‘zingiz to‘g‘rilab ketgansiz-ku. Men, qani bu, aka nima qilib qo‘ygan ekan, deb telefon qilayotganim…
Ana xolos! Eng suyanganlarimdan biri Nazar bo‘lsa-da, bu ham menga shunaqa deb tursa!
Erkin telefon qildi:
— Salom! A, a? Nima edi? Ha, bu, jo‘ra, Murod bir gap aytdi, bilasiz-ku, chap quloq uncha eshitmaydi. Go‘shakni shu quloqqa tutgan ekanman, shoshilish-da, jo‘ra, yomon eshitdim, sizni bir nima qilib qo‘yibdi, dedi. A, a? Obbo, shoshmang, jo‘ra, telefon yana shu quloqda ekan. Ha, mana, gapiring!
— Hech nima qilib qo‘yganim yo‘q, Erkin, — dedim.
— Endi yaxshi eshityapman, — dedi Erkin. — Nimaga hech nima qilib qo‘yganingiz yo‘q? Murod shunaqa deyapti-ku, Xurshiddan ham so‘radim, Usmon telefon qildi menga, ukangiz bilan gaplashdim. Nega hech nima qilib qo‘ymagansiz?
— Rost, hech nima qilib qo‘yganim yo‘q, Erkin, — dedim xunobim oshib.
— Endi, shu, jo‘ra, qariyapmiz shekilli-da, — deb Erkin xaxolab kuldi. -Nima qilib qo‘yganingizni o‘zingiz bilmasangiz, biz bilmasak, bu yog‘i g‘alati bo‘ldi-ku! Qizzitaloq, bu yoqda quloqdan olib tursa. O’zi ko‘rishmaganimizga qancha bo‘ldi?
— Uch oy, — dedim taxminlab.
— Uch oy? — dedi Erkin hayron bo‘lib. — Ibrohimnikida o‘tirganimizga uch oy oy bo‘ldimi-ey? Kunning tez o‘tishini!
— Ha, kun tez o‘tyapti, umr ham, — dedim.
— E, bu yaxshi emas, bir shaharda turib uch oydan beri ko‘rishmasak, — dedi Erkin kuyinib. — Uchrashib turaylik-ey!
— Albatta, — dedim Erkinga.
Rostdan, shu topda har kuni-kunora ko‘rishadigan jo‘ralarimni ham, onda-sonda uchrashadigan do‘stlarimni ham ko‘rgim kelib qoldi. Kunda yo oyda ko‘rishamiz, salomlashamiz, hol-ahvol so‘raymiz, ko‘rishib turaylik, bir choyxona qilaylik, deymiz, lekin gapimiz qisqa, chala, yo‘l-yo‘lakay, ammo boshimizga bir dard tushsa darrov birlashamiz, faqat shu birlashish kunini kutib yashashimiz kerakmi, deyman, mana, oxirgi jamuljam to‘planganimiz Shavkatning janozasida edi, boshimiz birikib, bitta yig‘ini ichdan yig‘ladik, “Shavkat hammamizni yana birlashtirib ketdi-ya”, dedik, bir-birimizning oqargan sochlarimizga, mayda o‘rmalagan ajinlarimizga, darddan mo‘ltayib qolgan ko‘zlarimizga zimdan tikilib, yana bittamizni yo‘qotib qo‘yishdan xavotirga tushdik, shu qo‘rquv bizni o‘sha kunlari juda yaqin qilib qo‘ydi, lekin yana har birimiz o‘z uyimiz, ishimiz, tashvishimizga tarqalib ketdik…
— Erkin, hayotning urushidan eson-omon o‘tib kelayotgan yetti-sakkiz jo‘ra ekanmiz, qarang, hammangiz mendan nima qilib qo‘ydingiz, deb tashvishdasiz, lekin men nima qilib qo‘yganimni bilmayman, — dedim.
— Nima qilib qo‘yganingizni bilmayman-u, — dedi Erkin. — Lekin gapni olasiz. “Hayot urushidan eson-omon o‘tib kelayotgan yetti-sakkiz jo‘ra…” Zo‘r!
G’alabani ham nishonlab turaylik, shunda bir-birimizning nima qilib qo‘yganimizni bilib turamiz. Bo‘pti jo‘ra…
Bo‘pti-ku-ya, jo‘ra, lekin men har kuni ishga borib kelishdan, turmushning oqimida umrim bir zaylda qalqib o‘tib ketishidan salgina toriqqan edim, xolos. Hech shikoyat qiladigan joyim yo‘q, lekin xuddi birovning umrini o‘zimga vazifa qilib olgandekman, hayotim ham ishxonaga o‘xshaydi, birovning tartibi bilan yashayotgandekman, bir to‘xtab, shoshma-chi, bu har kuni ishga borib-kelish bilan qayoqqa boryapman-u, kim bo‘lib yetaman o‘sha manzilga deb bir kungina o‘ylasam, degan edim, o‘zi bitta, lekin tumonat savolning ichida qoldim. Hech nima qilib qo‘yganim yo‘q, bir nima qilib qo‘ygan bo‘lsam ham, o‘zim o‘ylab topolmayapman shuni, jo‘ralarimga bu dunyoda borligimdan boshqa biron naf keltirmagan bo‘lsam-da, kerak ekanmanki, hammasi tashvishlanib so‘rayapti, lekin balki o‘zlari bilmas-u, ammo nima qilib qo‘yganimni sezib turgandek, ehtimolki, sezib kelayotgandek, bilgilari kelyapti nima qilib qo‘yganimni.
Ukam ham keldi qishloqdan katta sumkasini ko‘tarib, lekin kirishi bilanoq nima qilib qo‘yganimni so‘ramadi, avval quchoqlab, ikki yuzimga yuzlarini salgina tegizdi, keyin “Assalomu alaykum, aka, yaxshimisiz?” deb siniq jilmaydi, xuddi o‘n yil ko‘rishmagandek g‘alati bo‘lib ketdim: ukam-ukam deb yuraveribman, bu ham to‘rt bolaning otasi bo‘lib, sochlariga oq oralab ketibdi-ya!
Ukam o‘tirgandan keyin:
— Qani, omin! — deb fotihaga qo‘l ochdi. Omin qildik.
— Bolalaring yaxshimi, kelin qalay, o‘zing yaxshi yuribsanmi, qiynalmayapsanmi? — dedim. — Bu soching ham oqarib qolibdi-ya?
— Ha, endi, qirqqa boryapmiz, aka, — deb ukam yana jilmaydi. — Keyin, zotimiz ham shunaqa shekilli. Bo‘lmasa, hayot yomon emas, kunimiz o‘tib turibdi-ku. Jiyanlaringiz ham yaxshi, bobomga men boraman, meni olib borasiz, deb talashib qoldi hammasi.
— Qalay, qishloqda nima gap? — deb ichimni timdalayotgan maqsadga o‘zim o‘tdim.
— Qishloq, xudoga shukr, tinch, — deb ukam o‘rnidan turdi-da, sumkasini olib, oshxonaga o‘tdi.
— Ey, shuncha yukni ko‘tarib nima qilarding, — dedim.
— Mayli, o‘zingizning uydan, — dedi ukam.
— Tashvish qipsan-da, — dedim. — Mundoq o‘tir, gaplashaylik. Nima gap o‘zi, nega shuncha yo‘ldan kelib yuribsan? Nima deyishyapti qishloqda?
— E-e, kimning kim bilan nima ishi bor, aka, — dedi ukam, — hamma o‘zining tashvishi bilan. O’tgan kuni Abdualim aka, sinfdoshingiz, qizini uzatgan edi, Hamroqul aka bilan quda bo‘ldi, to‘yda to‘rt-beshtasi mendan «Akangiz nega bunaqa qilib qo‘yibdi?”, deb so‘radi.
Angrayib qoldim.
— O’tgan kuni?!
— Ha, o‘tgan kuni, — deb ukam menga hayron qaradi. — Nima edi?
— Men ishga, mana, bugun bormadim-ku? — dedim.
— Ishga bormaganingizni men bugun eshitdim, — dedi ukam, — lekin nima qilib qo‘yganingizning gapi anchadan beri yuribdi. Xolmurod akaning o‘tganiga qancha bo‘ldi, bir yarim oymi, ikki oymi, ishqilib, o‘shanda Rizo bo‘lam ham: “Akang nima qilib qo‘ygan o‘zi, bu akangdan so‘rasam, tayinli gap aytmaydi”, dedi. Akamni bilasiz-ku, bunaqa bo‘lsa, bilganini ham bilmadim, deydi.
— Qizig‘-u, hech nima qilib qo‘ymagan bo‘lsam, akam nimani biladiyu Rizo bo‘lamga nimani aytadi? — dedim.
— Oldingi bozorda Sultonov mast yurgan ekan, u ham “Akang nima qilib qo‘ygan o‘zi?”, deb yopishib oldi, “Sizga o‘xshab ko‘p ichib bozorjoyda ag‘nab qolibdi”, deb qutuldim. Opam ham qishloqqa kelib, “Bu akang bir nima qilib qo‘ygan, ko‘nglim sezgan edi”, deb doimgi diydiyosini boshladi, yig‘lab akamnikiga boribdi, akam meni chaqirib, “Bu yerda vahimaning uyasini yasaguncha, bir borib, nimaga bunday qilib qo‘yganining xabarini bilib kelsang-chi”, dedi. Bunga ham ikki hafta bo‘ldi-yov. Hammasi gapiraverganga o‘zimning ham ko‘nglim tinchimadi. Ertalab Jizzaxga ham tushib o‘tdim, o‘zi ishda ekan, kelinga ham xavotir qilmanglar, o‘zim Toshkentga borib kelaman, dedim.
— Nima, Jizzaxga ham boribdimi nima qilib qo‘yganim? — deb hayronligim o‘n chandon oshdi.
— Jizzaxdagilar eshitmay qoladimi? Boshqa yoqdagilar ham eshitgan bo‘lishi kerak, — dedi ukam xotirjam.
— Qaysi boshqa yoqdagilar? — deb so‘radim hovliqib.
— Ha, endi, bunaqa gap yotmaydi, hamma yoqqa ketadi-da, — dedi ukam.
Nima bo‘lyapti o‘zi, a? Nima qilib qo‘yganman, yana bu nima qilib qo‘yganim qachon, qanday qilib qishloqqa, yana o‘zim bexabar, bexabarligimni ham bilmasimdan bir-yarim-ikki oy oldin, balki undan ham oldinroq hamma yoqqa qanday qilib tarqalgan, buni men qanday qilib bilmay qolganman, axir, hamma ana shu tarqalib ketgan narsa mening bir nima qilib qo‘yganim-ku, shu paytgacha nima qilib qo‘yganimdan qanday qilib o‘zim bexabar yurganman? Sira aqlga sig‘maydigan ana shularni o‘ylayman deb umuman kallam ishlamay qoldi.
— Aka, hali bozor qaytmadi, a? — deb so‘radi ukam.
— Hali qaytmaydi. Nima edi? — dedim.
— Ertaga erta qaytaman. Jiyanlaringizga u-bu olay, — deb ukam ruxsat so‘radi, — kechqurun o‘tirarmiz. Bu akam ham kelsa kerak, boya telefon qiluvdim.
Ukam bozorga ketdi, men bilan o‘tirishga ko‘ngli bormadi shekilli, har qalay, ayadimi, yo boshqa men bilishim mumkin bo‘lmagan bir narsani biladimi, ishqilib, doim ochiq gaplashadigan ukam uncha ochilmadi, gapirganida ham mendan ko‘zini olib qochib o‘tirdi.
Yana telefon bilan yolg‘iz qoldim, uyimdan tashqaridagi dunyoning xabarsimi shu qutiga ulangan, u yoqda mendan boshqa, lekin ichida mening nima qilib qo‘yganim ham qalqibqalqib tarqalib borayotgan hayot harakatda, uyda telefonga termilib o‘tirganim bilan u yoqda bir nima qilib qo‘ygan boshqa o‘zim shu nima qilib qo‘yganini bilolmay hamma jo‘ralarimdan, meni bilgan-bilmagan odamlardan nima qilib qo‘yganini so‘rab-surishtirib yurgandek, hatto unga mening mutlaqo aloqam yo‘qdek ham tuyulib, kerak bo‘lsa, nima qilib qo‘yganini o‘zi bilib olsin, deb qo‘l siltashgacha ham bordim. Lekin jo‘ralarga, aka-ukang, qarindosh-urug‘ing, hamqishlog‘u hamshaharlaringga qo‘l siltay olmaganingdek, o‘zingga ham qo‘l siltay olmaysan, halizamon o‘z bolalarim maktabdan nima qilib qo‘yganimning gapini ko‘tarib kelsa, ularga ham javob berishim kerak. Boshqalar, hatto aka-uka, opa-singillarim ham o‘z hayotini mensiz, mening qilganqilmagan ishlarimsiz yashayveradi, lekin oilam, bolalarim mensiz yashamaydi-ku, o‘zimdan har qancha qochmay, bularni o‘zimdan xalos qilib ketolmayman. Mening nima qilib qo‘yganim, birinchi o‘rinda, bularga tegishli-ku! “Dada, bir nima qilganingizda nega bizni o‘ylamadingiz? Siz bilan faxrlanib yuribmiz-ku, siz bo‘lsangiz bunaqa qilib qo‘yibsiz”, deb aytishsa! Aytadilar ham, chunki ikkalasini ham fik–li qilib o‘stiryapman, o‘zim “Mening sizlarga beradigan boyligim shu o‘qish, ilm”, deganman, o‘zim bergan boylik-aqldan kelib chiqib nima qilib qo‘yganimning savolini albatta o‘zimdan so‘raydilar. Lekin bolalarim ham so‘raydigan nima qilib qo‘yganman o‘zi?
Bu o‘rtada Normurod, Usmon, Ahmad, Said sim qoqdi, yana besh-olti uzoqroq og‘aynilarim, hatto “O’zimizning Jonqovul nima qilib qo‘yibdi?”, deb Mahmud aka ham so‘radi, Ibrohim ishga bormaganimni go‘shanishinlik deb ma’qulladi, nima qilib qo‘yganimni ma’qullamadi, bari bir, nimaligini u ham aytmadi, Orziqul haqirlik maqomining yukini tushuntirdi, o‘g‘lim maktabdan kelib, raketkasini oldi-da, tennisga ketdi, salom berib, keyin indamaganidan bildimki, hamma gapdan xabari bor, ichida qiynalib yuribdi, qizim, dugonasi aytib ketdi, tushdan keyingi mashg‘ulotga qolibdi, xotinim ishdan uch marta “Och o‘tirmang tag‘in”, deb so‘rab qo‘ydi…
Uyga qamalib, xuddi quduq qazayotgandek, tobora chuqurlab borayotgandek, o‘ylayman, tubiga yetolmayman, lekin nima qilib qo‘yganimning o‘yi tumonatning xayolida kezib yuribdi, bilyapmanki, ular faqat nimadir qilib qo‘yganimni biladi, xolos, lekin aynan nima qilib qo‘yganimni hech qaysi bilmaydi, ularning xayolida shunday bir tashvishning o‘zigina bor, agar aniq bilganlarida mendan tashvishlanib so‘ramas, nima qilib qo‘ygan bo‘lsa, o‘zi javob beradi-da, deb qo‘l siltab qo‘ya qolgan bo‘lar edilar. Shundan kelib chiqib bilamanki, nima qilib qo‘ygan bo‘lsam ham, o‘zim bilishim kerak, nima qilib qo‘ygan ekanman deb, zo‘r berib o‘zimni kavlayman.
Tug‘ilib, esimni tanibmanki, esimda qolgan qilguliklarimni bir-bir eslashga urinaman, lekin nima qilib qo‘yganimni o‘zim ham aniq bilolmayman. Yo juda zo‘r bir odamning o‘rniga tug‘ilib, u qilishi kerak katta-katta ishlarning o‘rniga mayda-chuyda yumushlarni bajarib yurganmikanman? Universitetga zo‘rg‘a ilinganimda, ham men bechora kirdim-ey, deb xursand bo‘lib, ham o‘zimga o‘xshagan bir bechoraning o‘rniga o‘tdim shekilli, deb ezilib, keyin o‘zimni oqlash uchun nuqul beshga o‘qiganman. Lekin mening o‘rnimga o‘tishi mumkin bo‘lgan o‘sha bechora men o‘tgan to‘siqdan o‘ta olmagan-ku, o‘rniga men tug‘ilgan o‘sha zo‘r odam o‘zi tug‘ilganda ham men duch kelgan to‘siqlardan o‘ta olmay, menday ham odam bo‘lmasligi, katta ishlarni qilish tugul, zo‘rg‘a kun ko‘rib yurishi ham mumkin edi-ku! Yoshligida qanaqa yorqin umidlar tug‘dirgan odamlarning qanchasi devor kavagida qolib ketgan! Xo‘p, birovning o‘rniga tug‘ilib, uning vazifasini bajarib yurgan bo‘lsam-da, aka-uka, opa-singillarim o‘zimniki, jo‘ralarim o‘sha tug‘ilmagan birovga emas, o‘zimga jo‘ra-ku, to‘g‘rimi? Hammasi mendan boshqa birovning emas, mening o‘zimning nima qilib qo‘yganimni so‘rayapti, shunga javobni tug‘ilmagan, tug‘ilishi ham noma’lum bo‘lgan o‘sha birovdan emas, mendan so‘rayapti, men esa nima qilib qo‘yganimni o‘zimdan bilolmay o‘yda o‘tiribman, shu nima qilib qo‘yganimni bilolmay o‘yda o‘tirganim balki nima qilib qo‘yganimning o‘zidir?
2001