Rauf Parfi haqida yetti xotira & Rauf Parfi. Sakina

045     Яхши одамдан яхши хотира қолади. Яхши шоирдан яхши шеър қолади. Яхши шоир ва яхши устоздан шеър ва меҳр қолади. Рауф Парфи ана шундай, ёшларнинг шеъру шуури, ижодкорлар ғурури, дарвишлар пири, хуллас, ҳаммабоп улуғ шоир эди. Ҳамма ижодкорлар гулга талпинган асаларидай унга талпинишарди, сабаби, Рауф ака уларнинг ёши катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳаммага бир хил, самимий муносабатда бўларди…

РАУФ ПАРФИ ҲАҚИДА
ЕТТИ ХОТИРА
07

032Рауф Парфи (Турсунали Парфиев) 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилоятининг Шўралисой қишлоғида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири (1999). ТошДУнинг филология факултетини тугатган (1960—65). Ижоди 60-йиллардан бошланган. Дастлабки шеърлар тўплами — «Карвон йўли» (1968). «Акс-садо» (1970), «Тасвир» (1973), «Хотирот» (1974), «Кўзлар» (1976), «Қайтиш» (1981), «Сабр дарахти» (1986), «Сукунат» (1991), «Тавба» (2001), «Сўнгги видо» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Байроннинг «Манфред», Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари», Карло Каладзенинг «Денгиз хаёли» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 2005 йилда Тошкент шаҳрида вафот эттан.

07

АДАШГАН РУҲ
ТУРСУН АЛИ МУҲАММАД
Mашҳур полвон ва спорт устаси

004Шоир Рауф Парфини шеърият мухлисларидан танимагани йўқ. Биз Рауф ака билан ака -ука бўлиб, Тошкентга борсак, доим уларникида турардик. Шоирнинг ҳаётидаги кўп қизиқ воқеаларнинг гувоҳи бўлганмиз. Ҳозир сизларга бир шеърнинг ёзилиш таърифини айтиб бераман.

Бир неча йил ижод қилолмасдан, ёзса ҳам ўзига ёқмасдан юрган кезлари экан, менга ҳазил аралаш ҳасрат қилиб қолдилар:
-Полвон, бир мамлакатда машҳур ёзувчи бўлган. Ҳеч нарса ёзмай, кайф-у сафо қилиб юрганини кўрган дўстлари маслаҳатлашиб, жанжал кўтаришибди-да, ёзувчини айбдор қилишиб, қаматтиришибди. Бир ярим ой қамоқда ётиб, яхши бир асар ёзиб чиқибди. Шу тариқа маълум вақтдан кейин атайин қаматадиган бўлишибди. Ҳар қамалишида биттадан асар тайёр бўлар экан…. Шу… мени ҳам бир жой бўлса- ю, қамаб қўйсаларинг, балки бирон нарса ёзармидим… — дедилар .

Ўша вақтда Фарғонанинг Лоғон қишлоғида руҳлар билан даволайдиган Сафия опа деган аёл бўлиб жуда кўп одамларни даволаб донғи кетган эди. Назаримда, Рауф ака ижодида ҳам руҳларнинг аралашуви бўлган-у, энди ўша руҳлар келмай қолганидан ижоди тўхтаб қолгандай эди. Чунки, Рауф Парфининг шеърларини ўқиган одам ундаги илоҳиётни дарров ҳис қилади.

Қачонки бирон сатр берсангиз, дарров шеър ясаб берар эди, ва шу шеър баъзи шоирларнинг яхши шеъричалик бўлса ҳам, Рауф ака уни албатта, йиртиб ташлардилар:
– Нега йирттингиз? – десам,
– Шунчаки бир ёздим-да, руҳ йўқ бунда, – дердилар.

Фарғонага қайтаётиб, бир илож қилиб, шоирни ўзим билан кетишга кўндирдим. Йўлда ҳам, уйда ҳам Сафия опа ҳақида, у кишининг кароматлари ҳақида, ғаройибот билан даволанган касаллар ҳақида гапириб, Рауф аканинг қизиқишларини орттириб бордим.

Ва ниҳоят:
– Бир кўрмаймизми, ўша руҳчи аёлни? – деб қолдилар.

Эртасига эрталаб Лоғонга қараб йўл олдик. Манзилга етиб бориб, ҳайратдан ёқа ушладик, қишлоқ бошланишидан йўлнинг бир томонида қатор автобуслар тизилиб турарди. Ва уларни бутун Марказий Осиёдан келганларини пайқаш қийин эмасди. Қизиқиб санаб кўрсам, қирқ олтита автобус турган экан. Ҳаммасининг ичи турфа ёшдаги ҳожатмандлар билан лиқ тўла. Енгил машиналарнинг тўлиб кетганидан уйларига яқин йўлаб бўлмайди. «Бунча одамни қандай қабул қилиш мумкин», деб ҳайрон бўлдик. Кейин билсак, одамлар бир тўпланганларида, кўринадиган ерга чиқиб, ҳаммага бир фотиҳа бериб, кириб кетарканлар. Катта автобусларга ўзлари чиқиб бир назар солиб, фотиҳа бериб жўнатар эканлар. Ўзларидан олдин ёрдамчилари уйга борганда нима қилиш кераклигини тушунтиришар экан. Одамларнинг сийраклашишини кутиб турдик-да, ўғлидан «Тошкентдан шоир келди» деб хабар киргиздим. Бир оздан кейин ёрдамчи қизлардан бири бизни ичкарига олиб кирди.

Чоққина ҳовли. Пастак уйлардан бирига кирдик. Хонтахта атрофига оддийгина кўрпачалар солинган, тўрида икки ёнларида ёшлари каттароқ аёллар билан оқ рўмолга ўраниб, Сафия опа ўтирибдилар. Салом- аликдан кейин дастурхон попугини ўйнаб туриб, ўзлари билан ўзлари гаплашаётгандек гап бошладилар:

– Бу киши ҳам бизга ўхшаб анча чарчабдилар, икки-уч йиллардан буён ижод қилолмаяптилар экан. Ҳаммаси яхши бўлади… Аёлларининг бир оёғи қизир экан… қулоқлари ҳам оғрияпти…. Омин! Худонинг ўзи шифо берсин! – деб гапларини тугатдилар.

Уйга қайтаётганимизда:
– Қандай таассурот олдингиз? – деб сўрадим, Рауф акадан.

– Ёмон эмас, ижод қилмаётганим, Дилоромнинг оёғи қизиши рост. Лекин қулоғи ҳеч қачон оғримаган, — дедилар. Ишонмаганликлари сезилиб турарди. (Кейин билсак, ўша кунлар  Дилоромнинг қулоғи оғриб, касалхонада ётган экан).

Ётар пайти Рауф аканинг қаршилигига қарамай, алоҳида хонага дастурхон тузаб, жой қилиб ётқиздик.Эрталаб турибоқ сўрадим:
– Қалай ётдингиз? Бирон нарса сездингизми?
– Умуман ухлаганим йўқ, кечаси билан босинқираб чиқдим, – дедилар.

Кечқурун соат тўққизданоқ шоирни яна хонага «қамадик».

Эртасига эрталаб Рауф аканинг ўзлари:
– Бугун онамнинг қорнида ётгандек ухладим, энди менга қоғоз — қалам беринг, – дедилар-да, яна хонага кириб кетдилар. Икки кунда бир туркумдаги тўртта шеър ёздилар. Бешинчиси чала қолиб, Тошкентга кетдилар. Уч ойдан сўнг яна қайтиб келдилар:

– Полвон, бизнинг илҳом шу ерда қолиб кетибди, Тошкентда ёзолмадим, – дедилар. Хуллас, бешинчи шеърни ҳам бизникида ёзиб, битирдилар. Биринчи ва иккинчи шеърларини эса, бизга бағишладилар. Қўлёзмалари бизнинг уйда сақланади.

ИЖОДИГА МУНОСИБ МУКОФОТ

Бир куни Чирчиқ шаҳридаги ижодий сафаримиз чоғида ахлоқ тузатиш колониясига бориб хайрия томошасини кўрсатмоқчи бўлдик. Дастурни ранг-баранг бўлиши учун шоирлардан ҳам таклиф этдим. Албатта, Рауф акам, дўстим Йўлдош Эшбек ҳамда укамдек бўлиб қолган Яҳё Тоға. Олдинига Рауф ака:
– У ердагилар шеъриятни тушунармиди? Ўзингиз бориб томошаларингни кўрсатиб келаверинг, – деб кўнмадилар. Лекин кўплашиб:

– У ерда ҳам одамлар ётибди, фақат адашганлар. Ажаб эмас уларнинг баъзи бировларини шеъриятга ошно қилиб қайтсак, – деб зўрлаб олиб кетдик. Қаттиқ қўриқланадиган жойга кириш қийин бўлар экан. Маданий-маърифий ишлар бўйича бўлим бошлиғи кузатувида минг чиғириқлардан ўтиб ичкарига кирдик.

Бир ярим минг одам ишлайдиган колонияда икки юз ўриндиқли клуб бор экан. Цирк томошасини эшитиб келувчилар шунчалик кўпайиб кетди-ки, ташқарига жой қилишга мажбур бўлишди. Одам тумонат. Битта томоша кўрсатамиз. Орада эса шоирлардан бирига сўз берамиз. Шеърхонлик ҳам барчага маъқул бўлди. Яҳёнинг чапаничасига ёзилган шеърлари, Йўлдош Эшбекнинг эртакларга, орзуларга етакловчи достонлари олқишлар билан кутиб олинди. Томошамиз сўнггида Рауф Парфига навбат тегди. Ийманибгина бир-иккита шеър ўқиб, жойларига ўтирдилар. Ҳамма жим. Шу пайт орқадан эллик ёшлардаги бир киши картон қоғоз билан ёпиштирилиб муқоваланган китобни ушлаганича тўғри Рауф аканинг ёнига келди ва: – “Сабр дарахти” китобини сиз ёзганмисиз? – деб сўради.

Шоир эса ҳазил аралаш:
– Шундай номаъқулчилик ҳам қилганмиз… – дедилар.

Яна ҳамма жим.

Бояги одам қўлидаги китобни Парфининг олдига қўйди. У киши ясама жилдни очган эдилар, эзилиб, титилиб кетган, қўлдан-қўлга ўтавериб ҳилвираб кетган “Сабр дарахти”ни кўриб кўзлари ҳайратга тўлди.

Маҳбус:
– Биз ҳаммамиз ҳам сизнинг мухлисларингизмиз, битта дастхат ёзиб беринг, китоб ҳеч кимники эмас, ҳаммамизники, – деди.

Шунда бирдан гулдурос қарсаклар янгради.

Яна шеърхонлик бўлди. Совғалар инъом этишди. Биров ручка, биров занжир берди.

Хайрлашиб ташқарига чиққанимизда Рауф ака кўзлари ёниб, ажойиб бир кайфиятда:
– Менинг ижодимга шу йиртиқ китобдан ортиқ мукофот йўқ, – дедилар.

РУҲНИНГ ВАЗНИ

2005 йил бошлари эди. Фарғонадан Тошкентга келганимизда Рауф акани бетоб ётганини эшитдим. Яшаётган хонадонини топиш анча қийин бўлди. Янгиобод томонда экан. Зўрға топдик. Олдин умумий ётоқхона бўлган бўлса керак. Ўртада бир йўлак, икки томонда эшиклар. Йўлак қоронғи бўлгани учун эшик рақамини гугурт чақиб топдик. Эшикни 13-14 ёшли бола очди. Рауф акани сўрагандик ичкарига таклиф қилди. Кичкинагина хонача. Ошхона бўлса керак. Газ плитаси ёниб турарди. Олов устида ҳеч нарса йўқ. Хонани иситиш учун ёқилгани маълум.

Рауф ака кўп дард чекканларидан ориқлаб кетибдилар. Муштдеккина бўлиб ўтирган эканлар. Бизни кўриб ўринларидан турмоқчи бўлдилар. Лекин мадорлари етмади. Аёлим Гулчеҳрахон билан ўзимиз бориб кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан кейин билдим-ки мияларига озгина бўлса-да қон қуйилган. Чунки бир қўллари яхши ишламаётганидан ва бир оёқлари ўзларига бўйсунмаётганидан нолидилар. Бирга чой ичдик. Касалхонага ётишларини маслаҳат бердим, унамадилар.

Рауф ака билан хайрлашиб, жиянлари Зулхумор ва Чоршаъм Рўзиевларникига бордик. Тоғасининг бетоблигини яна эшитган Зулхумор эртага мени ҳам олиб боринг деб холи жонимга қўймади. Уларнинг айтишича, ҳозир Рауф ака Англияда юришлари керак эди. Маълум бўлдики, Рауф акани касали қайталаниб сафарга кета олмаганлар. Буларни ҳам хабардор этолмаганлар. Биз эртаси куни яна бордик Рауф акани соч-соқоллари жуда ўсиб кетган эди. Демак, анчадан бери кўчага чиққанлари йўқ, эртасига сартарош олиб келиб, сочларини, соқолларини текислашга ваъда бериб хайрлашдик.

Зулхуморнинг жияни Зафарбек яхшигина сартарошлигини билардим. У билан эртага Рауф аканинг олдиларига бирга боришни маслаҳатлашдик. Рауф ака ўзига устоз деб билган шоир Шукрулло акага қўнғироқ қилиб аҳволни тушунтирдим ва касалхонага ётмасалар бўлмаслигини айтдим. Шукрулло ака:
– Бу ёғини менга қўйиб беринг ўзим кўндираман, – дедилар.

Кўнглим анча тинчиди. Лекин эртаси Шукрулло ака менга қўнғироқ қилиб:
– Рауфга “тез ёрдам” машинасини юборсам, “Полвон” соқолимни олдираман деганди, соқолни олгандан кейин бораман” – дебди. Тезда сартарошни олиб боринг, – дедилар.

Мен Зафарни олиб энди машинага ўтираётган эдим, тоғасини кўргани борган Зулхумор менга қўнғироқ қилди:
– Полвон ака, тезроқ келинг, акамнинг аҳволлари оғирлашиб қолди.

Етиб борсам томоқларида ҳирқироқ бор. Нафас олишлари қийинлашаяпти. Билдимки иш чатоқ, келишиб, Рауф акамни Зулхуморларникига олиб борадиган бўлдик. Беморни кўргани келган Рустам Сафоев ва Зафаржон уччаламиз Рауф акани учинчи қаватдан пастга олиб тушмоқчи бўлдик. Рауф ака озиб жуссаси кичкинагина бўлиб қолган эди. Мен кўтаришга қанча ҳаракат қилмай худди қўлимиздан чиқиб сирғалиб тушиб кетаётганга ўхшардилар. Бир томонларидан Зафаржон ушлади. Лекин барибир юришнинг иложи бўлмади. Шоирни ҳам ишга солдик. У оёқларидан, Мен ва Зафар белларидан ва бўйинларидан қўл ўтказиб, машинага олиб боргунча қора терга ботиб кетдик. Нега бу қадар оғир бўлиб кетганларини шу ҳозиргача тушунолмайман.

Зулхуморларникига келгунча Рауф аканинг оила аъзоларига тезда етиб келишни тайинладик. Беморни хонадонга олиб келиб ётқизишимиз билан Шукрулло ака юборган “тез ёрдам” машинаси ҳам етиб келди. Навбатчи шифокор аёл Рауф акани обдон текширтиргандан сўнг мени чеккага чақириб:
– Тайёргарликларингизни кўраверинглар, охирги соатлари қолган, – деди.

Шунга қарамай шифокор бир неча дори-дармон, уколлар қилди. Рауф акада сал ўзгариш бўлди. Бу  орада фарзандлари Шуҳрат, Муқаддас, Муножот ва Севинч, суюкли рафиқаси Дилором, шогирд ва дўстларидан Чоршаъм, Ўрол Содиқ, Рустам Сафо ва бошқалар етиб келишган эди. Улар Рауф ака бошларида йиғилишди. Шунда мен – Рауф ака фарзандларингиз, яқинларингиз ёнингизда турибди. Улардан рози бўлинг, улар ҳам сиздан рози, – дедим.

Шунда бехуш ётган шоир кўзини очди. Ўғли ва қизларига бир оз термулиб турди-да, юзига табассумга ўхшаган бир нарса зоҳир бўлди-ю, охирги нафасини чиқарди.

Во дариғо,  бизни айрилиқнинг чўнг қайғусига солиб буюк инсонлардан бири шоир Рауф Парфи орамиздан кетди. Мени бир нарса ўйлантирар эди. Ҳали соч-соқолини калатлатиб, текислашимиздан олдин, жон таслим қилган марҳумнинг соч-соқолини олса бўладими ёки йўқ?

Рауф Парфи вафоти ҳақидаги хабарни эшитганлар орасидан биринчилардан бўлиб етиб келган ёзувчи Аҳмад Аъзам билан бирга Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қорига қўнғироқ қилиб, бўлган воқеани тушунтирдим. Анвар қори:
– Агар марҳум ўлимидан олдин ўзи соч-соқолини олиб қўйинг деган бўлса, ўлимидан кейин олиш мумкин, – деди.

Мен суяб турдим, Зафаржон соқол-мўйлабларини текислаб қўйди. Тўкилган соч қолдиқларини йиғиштириб олишлари учун шоирни кўтариб турдим. Не ажабки энди Рауф акам танаси қушдек енгил эди. Олдинги оғирлик ва ҳозирги енгилликнинг сабаби нима?

Руҳнинг оғирлиги шунча бўлармикин? Буни ҳали ҳам тушунмайман.

БИР-БИРИМИЗНИ «АДАШ» ДЕРДИК…
Турсунбой АДАШБОЕВ
Таниқли болалар шоири

0031964 йилнинг ёзи. Мен сиртдан ўқиганим учун ёзги сессия имтиҳонларини топшириб, уйга қайтиш учун темир йўл вокзалининг кассасидан Тошкент-Андижон поездига чипта сотиб олгач, дўстим Сафар Барноевни топиб Лабзак кўчасининг бош қисмидаги дўнгликда жойлашган кафеда гурунглашиб ўтирсак адашим Турсунбой – Рауф Парфи келиб қолди. Давра қизиди, учта талаба кўнгилдаги чигилларни ёздик. Фалсафа тарихидан дарс берувчи устозимиз Абдулла Аюповни эсладик. Мен бугун ўша қаттиққўл устознинг синовидан ўтганимни айтиб, иккита “Сояки”га эридим. Кечки соат олтиларда узр сўрадим.

– Адаш, мен ҳам Янгийўлга кетаман, сизга ҳамроҳ бўлмоқчиман, – деб қолди Парфий.

Сафар билан хайр-хўшлашиб, бир нави поездга тирмашдик. Чўнтакда шамол ўйнаса ҳам биз ўрин олган купеда гурунг роса қизиди. Сафардошларимизнинг кўпчилиги ёшлар бўлгани учун ўша кезларда жуда оммалашиб кетган, Дадахон Ҳасанов ижросидаги “Лайло” қўшиғига кўпчилик жўр бўлишарди. Шеър муаллифи рўпарамда жилмайиб ўтирарди. Адашим ўзини ташвиқот қилишни унча хуш кўрмасди. Мен ҳаяжонимни босолмай купедагиларга сирни ошкора қилдим-у, балога қолдим. Ўзимиз қатори йигитлар дастурхонни қайтадан янгилашди. Атрофимиздагилар Рауфдан қўшиқ қандай шароитда яратилганлигини билиб олишди. Суҳбатга андармон бўлиб қаерга келганлигимизни ҳам билмасдик. Бир маҳал праводник хоналарга бош суқиб:

– Марғилонга тушадиган ўртоқлар, тайёрланинглар, – деса бўладими. Рауф шошиб:
– Адаш, Янгийўл, – деди хижолат тортгандай.

– Яхши бўлди, бир йўла Ўшни томоша қилиб қайтасиз. Бунга “Лайло” айбдор.
– Буёғи қизиқ бўлди-ку!..
– Ўшда ҳам “Лайло”нинг валинеъматлари кўп.

Андижондан автобусга ўтириб Ўшга етиб келдик.

Валломат дўстларим кўплиги учун кўнглим тўқ эди. Янги ҳовлида бир нави яшаётган бўлишимизга қарамай, турмуш ўртоғим Саломатхон дастурхонни бадастур қилди.

Оқшом Адашдан яширинча адабиётимизнинг фидойиларидан бири устоз Саидаҳмад Холтўраев билан машҳур олимимиз Ҳабиб Абдуллаевнинг синфдоши Иномжон ака Саидовга қўнғироқ қилиб, меҳмон билан учрашув қилсак деган таклифни айтдим. Шанба куни эрталаб Рауф билан Сулаймон тоғига чиқиб ҳазрат Мирзо Бобур қурдирган ҳужрани зиёрат этдик. Метар оқсоқол қуръон тиловат қилди. Соат ўн бирларда Иззат Султон, Ҳабиб Абдуллаев ва Ёқубжон Шукуровлар таълим олган мактабга кириб бордик. Жамоат  жам, фақат адашим ҳайрон, зимдан каминага қараб қўйди. Мен одатдагидай “хотиржам бўл” деган маънода ишора қилдим. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, устоз Саидаҳмад ака Холтўраев мактаб жамоасига, шоир Рауф Парфи ҳақида маълумот бериб, унинг “Шарқ юлдузи” журналида босилган шеърларидан намуналар ўқиди. Ёш ва иқтидорли хонанда Расулжон Урайимжонов “Лайло”ни қойиллатиб ижро этди. Адашим бироз хижолат тортгандай бўлди. Илтимосларга биноан янги шеърларидан ўқиди ва бир талай саволларга жавоб қайтарди. Сўнгра, вилоят матлубот бошқармаси қошидаги китоб савдосининг бошлиғи, Иномжон ака Саидовнинг хонадонида меҳмон бўлдик. Иномжон ака синфдоши Ҳабиб Абдуллаев тўғрисидаги хотираларидан сўзлаб, буюк олимнинг сўнгги кунлари ҳақида ёзилган ва Ўзбекистон Фанлар Академиясининг нашриёти томонидан босилган китобдан икки донани бизга совға қилди.

Якшанба куни эрталаб, Шоҳидтепа масжидининг имом хатиби, устоз Ҳабибийнинг қадрдони, шоир Маҳжурий домланинг уйида бўлдик. У киши шоир Чўлпон билан ўнгда учрашиб, суҳбатлашгани ҳақида ва 1945 йилда Алишер Навоий юбилейи комиссиясининг аъзоси сифатида қилган ишлари тўғрисида сўзлаб берди. Илтимосимизга кўра янги ғазалларидан намуналар ўқиди. Душанба ва сешанба кунлари адабиётимиз мухлислари Наримон матлубот жамиятининг бошлиғи Буважон Муҳаммаджонов, Новқат туманидаги Фрунзе номли колхоз раиси Буваназар Шоназаровларнинг илтимосларига кўра бирга дам олдик. Сешанба куни кечки пайт шоир дўстимиз Чўлпон Эргашнинг укаси Сайдулло билан адашимни Асака орқали поездда кузатдик.

* * *

1976 йилнинг баҳори серёғин келди. Адирлар яшил тусга кириб, лолақизғалдоқлар бодраб очилди. Шундай файзли кунларнинг бирида уйимизга Шавкат Раҳмон телефон қилиб:
– Ака, меҳмонлар билан келганман, сизни йўқлашяпти, иложи бўлса, Қаримшоқ Тошбоевни ҳам топиб келинг, – деб қолди.

Қирғиз адабиётининг пешқадам шоирларидан бири, сирдош дўстим, Шавкатнинг таржимони Қаримшоқнинг хонадонига қўнғироқ қилдим. Турмуш ўртоғи Гулумхон бизни телефон билан боғлади. У узоқ сафардан қайтган бўлишига қарамай, масаланинг моҳиятига тушунди. Қаримшоқ билан келишилган жойда учрашиб, Шавкатнинг ота жойига – Қирариқ даҳасидаги хонадонига кириб бордик. Чорпояда ўтирган меҳмонлар билан сўрашиб, дастурхонга дуо ўқилгач, тошкентлик меҳмонларни Қаримшоққа таништирдим. Улар Иброҳим Ғафуров, Миразиз Аъзам ва адашим Рауф Парфилар эди. Ўша куни ярим тунга қадар суҳбатлашиб, ҳайрлашдик.

Эртасига Қорасувдаги қадрдон укаларимдан бири, таниқли арабшунос, таржимон Алоуддин Мансурнинг меҳмони бўлдик. Эртасига Ўзган шаҳрига қараб йўл олдик. Меҳмонларни шаҳар қурилиш бошқармасининг бошлиғи назми таъб инсон, чин маънодаги китоб мухлиси Одилполвон Райимжонов кутаётганди. Таниш дарвозанинг қўш қаноти очилиб Одил ака бизни ёруғ юз билан кутиб олди. Фотиҳадан сўнг, қўчқор сўйишга изн берилди. Қаримшоқ икковимиз йўл-йўлакай, тошкентликларга Одил аканинг кутубхонаси тўғрисида шипшитиб қўйганимиз боис, дастухон ёзилгунга қадар тўрт томони турли тиллардаги ноёб китоблар билан тўлган хонани томоша қилдик. Мезбон китоб савдосининг бошлиғи устоз Иномжон Саидовнинг номини тилга олганида Рауф бошини қимирлатиб, “Ҳабиб Абдуллаевнинг синфдоши” деб эслатиб қўйди. Тамаддидан кейин шаҳарни, қадимий обидаларини томоша қилдик. Оқшом Одил аканинг хонадонида шеърхонлик давом этди.

Сафаримизнинг учинчи куни Қорағулжа туманига шоир Қаримшоқ Тошбоевнинг она қишлоғи Лойталасга қараб йўлга тушдик. Ўзгандан Лойталага қадар йўлнинг икки тарафи чамандай гуллаган. Икки соҳилга кимдир олов ёқиб юборгандай қизғалдоқлар ял-ял тобланарди. Бу манзара ўз навбатида меҳмонларнинг кайфиятини кўтарди. Қаримшоқнинг яқин қариндоши Шарифбой аканинг хонадони шундоққина катта йўлнинг ёқасида экан. Каттакон ҳовлига темир тулпорларимизни киритдик. Миразиз ака “Жигули”ни кўча тарафга, деразанинг остига қўйишни лозим кўрди. Шарифбой аканинг қийин-қистови ҳам иш бермади. Ўз навбатида мен ҳам “Бу жой йўлнинг ёқаси, билиб бўлмайди” деб огоҳлантирдим, ака кўнмади. Фотиҳадан кейин қўй сўйилди. Қимиз мавсумига эртароқ бўлгани боис Шарифбой ака тариқдан тайёрланган бўза келтирди. Адашим менга зимдан қаради. Бош ирғадим. Аста-секин қовурма билан қўша ташкилий тадбирлар изга тушди. Меҳмонларинг таъбидан келиб чиқиб, мезбон туби тош бойлаб кетган қумғонга бир литрча бўзадан қуйиб, “эртасига эрталаб очамиз” деб биз ётадиган хонанинг деразасига қўйиб, хайрли тун тилади. Нонушта олдидан иккита воқеанинг гувоҳи бўлдик. Биринчиси Миразиз аканинг “Жигули”сидаги ён ойнани лойтолалик абжирлар шимо қилибди… Шарифбой ака беҳудага огоҳлантирмаган экан. Роса кулишдик. Иккинчиси Қаримшоқ қумғондаги бўзани тоғорага ағдарган чоғида қизғиш тусдаги суйуқлик қора бўтанага айланиб эриган тошлари билан туша бошлади. Қумғоннинг ости ярақлаб, енгил бўлиб қолганди. Бу ўзига хос синовдан барчамизга қараганда Рауф Парфи кўпроқ таъсирланди. Демак, халқ табобатида бўйракдаги тошларни туширишда тариқдан тайёрланган бўзадан фойдаланишган эканда…

Эрталабки нонуштани тоғлар бағрида, табиат қўйнида қилишни лозим топдик. Зарур нарсаларни Шарифбой аканинг машинасига юклаб, Торим дарёсининг қирғоғига қирғоғида кигиз ва ширдамолларни ёздик. Суҳбат қизиди, мушоира бошланди. Миразиз ака ҳам, Рауф ва Шавкат ҳам ўзларининг дардли шеърларидан ўқишди. Қаримшоқ қирғиз халқ термаларини ёд айтиб, даврага файз киритди. Тушдан нари Қаримшоқнинг оғайниси Пайзи Исмоиловнинг хонадонида қўноқ бўлдик. Гурунг тонгга қадар давом этди. Эртасига Одилполвон Райимжонов билан биргаликда меҳмонларни Қорасув тумани орқали Тошкентга кузатиб қўйдик.

Адашим билан вафотидан тўрт ойча аввал Маҳмуд мўйловнинг ошхонаси ўрнига қурилган гуммахонада учрашгандик. Дўстим Сафар Барноевдан ҳамшаҳарим Чўлпон Эргашнинг манзилини сўрасам:
– Хонанишин юртдошингни адресини фақат Рауф билади, – деди-ю кулиб юборди.

Мен ҳайрон бўлиб, – нима гап, – деб Сафарга юзландим.
– Ана Рауфнинг ўзи келаяпти, Хизрни йўқласак ҳам бўларкан, – дея жавоб қайтарди Барноев.

Ҳол-аҳвол сўрашгач, Рауфга Чўлпоннинг укаси Сайдулло иккита ўғлини уйлаяпти, таклифномани шоирга етказишим зарурлигини айтдим. Адашим, Сафар ва мен таксига ўтириб Ғафур Ғулом боғига қараб кетдик. Адашимнинг илтимоси билан машинага рухсат бердик. У йўлнинг ўнг тарафидаги беш қаватли бинони кўрсатиб, шоир тўртинчи қаватда туражагини айтди. Ваъдага биноан Сафар иккови мени бекатда кутадиган бўлишди. Машраб Бобоев билан Рауф Парфи барчамиздан кўра, Чўлпоннинг феълини  яхшироқ билишарди. Шунинг учун ҳам Рауф унинг домига мени бошлаб бормади. Ниҳоят ҳамшаҳримни хонадонидан топиб, укасининг илтимосини ўз вақтида бажарганим учун кўнглим ёришди. Изимга қайтгач, йўл-йўлакай уччовимиз тамадди қилдик. Асли исми Турсунбой бўлган адашим, замонамизнинг улкан шоири Рауф Парфи билан охирги учрашувим шундай кечган эди.

ИСТАГАНИДАЙ ЯШАШ БАХТИ
Қозоқбой ЙЎЛДОШ
Педагогика фанлари доктори

021Умримнинг катта қисми бошкентдан узоқроқдаги қишлоқда кечгани учун кўпчилик ижодкорларнинг асарлари билан олдин, ўзлари билан кейин танишганман. Рауф Парфи билан эса аксинча бўлган. Адашмасам, 1984 йилнинг кеч кузи ёки эрта кўклами эди. Устозим профессор Акрам Каттабеков қиз чиқарди. Гулистон шаҳрида бўлган бу тўйга биз Ғаффор Абдураҳимов билан бордик. Тошкентдан ҳам кўп меҳмонлар келишган бўлиб, уларнинг асосий қисми Зоҳир Аълам, Сафар Барноев, Ортиқбой Абдуллаев, Бахтиёр Назаров ва яна мен отларини билмайдиган олиму ёзувчилардан иборат экан.

Ўша вақтлар мен “Красная заря” (номни қаранг?) деб аталган колхозда партком котиби бўлиб ишлайман, Ғаффор ака эса шу колхоз раиси. Уста ташкилотчи, экинчилик бобида тенгсиз билимга эга бўлган раис бобо тошкентлик меҳмонларнинг деярли ҳаммаси билан таниш экан. Шу ерда маълум бўлдики, Ғаффор ака меҳмонларнинг аксарияти билан бирга, айримлари билан олдинма-кейин ўқиган журналист экан.

Қўноқлар орасидаги ўсиқ оқ сочлари елкасига тушган, тортиниб, ўзини қандай тутишни билмай, бегонасираб турганга ўхшаш чоғроқ гавдали бежирим қорача киши эътиборимни тортди. Гурунг асносида у кишининг шоир Рауф Парфи экани маълум бўлди. Рауф Парфи, гарчи, ижодкорлар даврасида жуда машҳур бўлса ҳам, оддий ўқирманлар ўртасида деярли танилмаган эди. Мен ҳам, касбим филолог бўлишига қарамай, ўшандай адабий истеъмолчилардан бири сифатида Рауф Парфи шеърларини ёқтирмасдим. Шоирнинг битганлари менга атай қилинган инжиқликка ўхшаб туюларди. Биз шеърнинг ҳам протокол ёки қарорлар каби бирмаъноли ва тушунарли бўлишига ўрганган эдик. Бизнинг бадиий дидим жўн бўлиб, нозик ишора ва ингичка кечимлар акс этган битикларни пайқаш ва улардан таъсирланишга тайёр эмасди. Кўпчилик қатори мени ҳам асосан сиёсатга қилинган ишоралар қизиқтирарди. Кўнгилнинг нозик товланишлари, кечинмаларнинг чигаллиги, сезимларнинг мубҳамлиги каби жиҳатлар акс этган битиклар қимматини англай олмасдим, шекилли.

Биз ёнма-ён ўтириб қолдик. Айтганча, тўй ҳозиргидай тўйхона ёки ҳовлида эмас, домланинг учинчи қаватдаги уйларида ўтди. Шу тўй баҳона шоир шахсини бир қадар англагандай бўлдим. Ёки уни англаш сари бир неча қадам ташланди, чамаси. Шу кундан эътиборан, Рауф Парфи анча йиллар давомида менга энг кучли таъсир кўрсата оладиган яқин одамга айланди.

Шоир шахсиятидаги жозиба ва ўзига хослик мени унинг битганларига ҳам ўзгача назар билан қарашга ундади. Рауф Парф шеърларини излаб ўқийдиган, ўқиганларимни тушунишга, мен кўникмаган бу ғалати битиклар замиридаги маънони англашга интиладиган бўлдим. Шунда билдимки, бадиий асарни идрок этишда илк таассурот ҳамиша ҳам тўғри бўлавермас экан.

Рауф Парфи шеърларининг ўзига хослиги шахсиятининг бетакрорлиги натижаси эди. Шоирнинг битганларини маза қилиб ўқиб бўлмасди. Улар билан танишиш чинакам меҳнат эди ва шу заҳмат асносида англаб етилган фикр ёки туйилган туйғу ўқирманга асло унутилмайдиган бўлиб ўрнашиб қоларди…

Рауф Парфи билан 1988 йилдан эътиборан тез-тез кўришиб турадиган бўлдик. Мен бу вақтга келиб Гулистон университетида ишлар ва шоирни ишхонамизда ўтказиладиган турли адабий тадбирларга чорлаб турардим. 1988 йилнинг 21 мартида “Бошланғич таълим” факултети талабалари билан Йилбоши − Наврўз байрамини нишонлайдиган бўлдик. Йиғинга Рауф Парфни қатнаштириш учун Тошкентга декан ўринбосари Маматкарим ака (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин)нинг янги “Жигули”сида келдик. Устани (сирдарёликлар Рауф Парфини шундай аташарди) уюшма атрофидаги қаҳвахоналардан биридан топганимизда ёмғир томчилаётганди. Биз йўлга тушгунча ёмғир жалага айланиб, челаклаб қуя бошлади.

Йўл-йўлакай бир-икки тўхтадик ва шу аснода ич-ичимизга қадар ёмғир ўтиб, кийимларимиз жиққа ҳўл бўлди. Бу ҳолда талабалар олдига чиқиб бўлмасди. Шу боис бизникига − Гулистон тумани маркази Деҳқонобод қишлоғига бориб, кийим алмаштирадиган бўлдик. Рауф Парфи менинг ўзига унчалик лойиқ бўлмаган кийимларимни кийиб, ғалати бир кўринишга кирди. Ўша йилларда ҳамма, айниқса, талаба ёшлар ўтли ҳақ сўзга ташна эди. Шоир қатор оташин шеърларини ўқиди. У шеърни жуда сокин ўқир, лекин бу сокинлик замирида доим исён ва норозилик бўларди. Кийимларининг унчалик келишмаганига қарамай, Р. Парфи шеърлари талабаларга кучли таъсир қилди.

1989 йилнинг 14 февралида ўтган яна бир учрашув эсимдан чиқмайди. Курсдошим, ҳозирги Сардоба туманидаги 5- мактаб ўқитувчиси Оллаёр Омонов ўзи ишлаётган мактабда Рауф Парфи билан учрашув ўтказадиган бўлиб, шоирни олиб келишни менга топширди. 14 феврал эрта саҳарда Оллаёр совхоздан бутун бошли бир автобусни олиб, бизникига келди. Катта бир уловда икковлон Тошкентга жўнадик.

Шоир олдиндан келишиб қўйилган вақтда келишилган жойга келмади. Ўша пайтлар Уста Дилоромхон билан “Ғунча” кинотеатрининг орқасидаги кўпқаватли уйлардан бирида турарди. Қўнғироқ қилиб аниқласам, шоирга Дилоромдан жавоб тегмай турган экан. Устанинг ҳеч қандай қолипга тушмайдиган сайру сайёҳатларидан безор бўлган Дилоромхон ишга бориш ўрнига турли-туман юришларга вақт сарфлайдиган хўжасига рухсат бермаётган экан. Уйларига бориб, сирдарёликлар номидан элчилик қилишимга тўғри келди. Учрашувнинг ниҳоятда зарурлигини, одамлар айтиб қўйилганини ва яна минг хил бошқа сабабларни рўкач қилиб, охири Дилоромни “юмшатдик”. Шоирга жавоб тегди. Эшикдан чиқиб олгач шоир: “Яшасин озодлик! Золим хотин олдига уч кунсиз келиш йўқ!”- дея қичқирди. Унинг бу ғуборсиз ҳазилига Дилором ҳам, биз ҳам кулдик.

Йўл-йўлакай, Абдумажид деган шоир йигит, Алишер отли ҳофиз бола олинди ва бутун бошли катта бир автобусда беш киши чўлдаги 5- мактабга келдик. Шоирлар шеър ўқишди, ҳофиз қўшиқ куйлади, мен бугунги ўзбек адабиёти ва унда Рауф Парфи ижодининг ўрни ҳақида гапирдим. Учрашув қизғин ўтди. Ўқувчилар саволлар беришди. Нимагадир, саволларнинг кўпи менга қаратилди. Учрашувдан сўнг дастхат ёздиришда ҳам ўқувчилар шоирга эмас, менинг олдимга келаверишди. Нега бундай қилаётганларини секин ўзларидан сўрасам: “Рауф Парфи сиз эмасми? Ахир шоирни соқолли деб айтишганди-ку?!”- дейишди. Ўша вақларда мен соқол қўйгандим, Рауф ака эса оналарининг қистови билан соқол-мўйловни олдирган экан. Бу ҳол ўқувчиларни чалғитибди.

Учрашув яхши-ку, лекин ундан қайтиш доим ҳам боришдай бўлавермайди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кечгача давом этган учрашувдан сўнг улов бўлмаганидан Оллаёрникида тунаб қолдик. Эртасига бизникига келиб, икки кун жўралар даврасида бўлдик. Тўртинчи кун Рауф Парфига “раҳбарлик қилиб”, яъни шоирни Тошкентга етадиган маблағ билан таъминлаб, ишга кетдим. Эртасига кимдандир эшитиб қолдимки, Рауф ака ҳамон Гулистонда эмиш. Бу гапга ишонмай, устозни кузатиб қўйиши лозим бўлган шоир Рустам Эминга қўнғироқ қилсам, Уста йўлкиранинг ҳаммасини қандайдир бир тиланчига бергани учун кетолмай қолганини айтди.

1993 йилда Рауф Парфи 50 ёшга тўлиши керак эди. Биз сирдарёлик бир тўп мухлислар шоирнинг юбилейини ўтказмоқчи бўлдик. Университетнинг ўша вақтдаги раҳбарияти негадир шоирнинг юбилейи бу даргоҳда ўтказилишини хоҳлашмади. Шу боис ўзим яшайдиган Гулистон туманида бўлса-да, шоирнинг юбилей тантаналарини ўтказмоқчи бўлдик. У маҳаллар туман таълим бўлимини Ёқубжон Мадаминов деган ўта назокатли ойдин бир шахс бошқарарди. Туман ҳокимининг ўринбосари эса Саидмаҳмуд Усмонов отлиғ ғоят ўқимишли, ўз гапига эгалик қиладиган киши эди. Уларнинг мадади ва бевосита иштироки билан туман марказидаги 1- мактаб ҳамда 9- ҳунар-техника билим юртида юбилей тадбирлари ўтказиладиган бўлди.

Билим юртининг Орол Милтиқбоев отлиқ валломат директори юбилейга боғлиқ барча чиқимларни бўйнига олиб, шоир Рустам Эминни Рауф Парфи ва шерикларини олиб келишга жўнатди. Бизнинг шоир билан келишувимизга кўра Тошкентдан ўн бир одам келиши керак эди. Эҳтимол, шоирнинг ташкилий бепарволиги ёхуд камтарлиги сабабдир юбилей тадбирларига Тошкентдан Наим Каримов, Ботирхон Акрамов ва ўзигина келишди. Шоир ижодини ғоят пухта биладиган ва нозик тушунадиган бу икки олим, албатта, кўпларнинг ўрнини боса оларди. Уларни номлари юқорида тилга олинган туман катталари билан бирга кутиб олдик. У пайтлар одамларда машина кам, борларининг бир қисми эса эгаларининг ёнилғи олиш имконияти йўқлиги сабабли юрмасди. Шуни ҳисобга олиб тадбирлар салобатлироқ ўтиши учун “Волга”си билан хизматга чақирилган оққўрғонлик Собир жиян ҳам етиб келганди. Тошкентлик меҳмонларнинг шу машинада юришлари кўзда тутилган эди.

Юбилей тадбирларининг биринчи куни кечга сирдарёлик жўшқин инсон ва нозиктаъб адабиёт муҳиби, ғазалнавис Хайрулла Сулаймоннинг қишлоғида бир учрашув белгиланган эди. Ёши каттароқ кишилар яхши эслашади, ўша йиллар халқ анча моддий қийинчиликда ҳаёт кечирарди. Бунинг айтаётганимнинг сабаби учрашув ўтиши мўлжалланган клуб ёнида дўкон ҳам бор экан. Ва бошқа вақт қуригандай ўша кун, ўша пайтда дўконга ун келтирилган экан. Эҳтимол, бу бир тасодифдир. Балки, қайсидир бир “ҳушёр” шўро амалдорининг клубга одам йиғилмаслиги учун қилган ҳийласидир. Очиқ айтиш керак: у йилларда ун жуда тақчил эди. Одамлар худди уруш даврларида бўлгани каби бошоқ теришга мажбур бўлиб қолишганди.

Хуллас, айтилган пайтга Тошкентдан Н. Каримов, Б. Акрамов, Р. Парфи, Гулистондан А. Қулжонов, А. Каттабеков, У. Ўлжабоев, Б. Тўйчибоев сингари адабиётшунос олимлар, биз бир ўн чоқли мезбонлар бордик. Клубда Хайрулланинг кичик ўғли Чингизнинг тўрт-беш ўсмир жўраларидан бошқа ҳеч ким йўқ. Учрашув ўтказадиганлар учрашадиганлардан анча кўпмиз. “Қўқони” қишлоқнинг эркагу аёл бутун аҳолиси бирор қоп унга эга бўлиш учун дўкон атрофида бораётган ҳаёт-мамот “жанг”ида. Бу ёқимсиз ҳолатни батафсил тасвирлаётганимнинг сабаби шундаки, масала “нон ё шеър” тарзида қўйиладиган бўлса, у камдан-кам ҳоллардагина кейингисининг фойдасига ҳал бўлишини айтиш ва шоирларга ҳеч қачон осон бўлмаслигини таъкидлашдан иборат эди.

Орадан бир-бир ярим соатлар ўтиб, бировга етиб, бировга етмай, ун ҳам тугади. Клуб одамга тўлиб кетди. Келган олимларнинг ҳаммаси сўзга чиқишди, шоир тўрт-беш шеърини ўқиб берди. Шу ўринда айтишим керакки, Рауф ака деярли ҳеч қачон ўз шеърларини ёддан ўқимасди. Чамаси, шеърларини ёддан ўқиш унга нокамтарликдай, ўз шеърларига маҳлиёликдай туюларди. Лекин доим ҳам унинг босинқи овозда бир маромда шеър ўқиши тингловчиларни ром этарди. Учрашув давомида шоирга анча саволлар тушди. Рауф Парфи уларга ўзига хос кинояли юмор билан жавоб берди. Жавоб асносида, ўзи айтмоқчи, бир неча марта “хол қўйди”.

Эртасига 15 апрел куни тушгача 1- мактабда, тушдан сўнг 9- билим юртида учрашув бўлиб ўтди. Гарчи учрашув туман миқёсида ўтказилган бўлсада, амалда вилоят даражасида бўлди. Негаки, Рауф Парфи номини эшитган мухлислар вилоятнинг энг олис бурчакларидан ҳам келишганди. Гулистон ДУнинг филолог талабалари-ку деярли ёппасига шу ерда бўлишди. Уч юз кишилик залга одам сиғмай кетди. Кўпчилик бутун тадбирни тик оёқда ўтказган бўлишига қарамай, ҳеч ким ҳеч кимдан ёзғирмади. Юбилей муносабати билан шоирнинг яхши кўрган иниси, талантли рассом Илҳом Усмоннинг расмлари кўргазмаси ўтказилди. Тадбирдан сўнг Сирдарё бўйига чиқилди. Тинимсиз ёғиб турган кўклам ёмғири остида улуғ дарёнинг мавжланиб оқишига мос тарзда шеърхонлик қилинди. Лекин шеърни кўпроқ мезбонлар ўқишди.

Юбилей тадбирида ҳоким ўринбосари Саидмаҳмуд Усмонов қатнашиб, шоирга тўн кийдирди. Ёқубжон ака тадбирнинг бошидан охиригача ёнимизда бўлди. Шуларга қараб, лавозимдорларнинг ҳам ҳар хили бўлишини, уларнинг орасида одамшавандалари ҳам борлигини илк бор кўнглимдан ўтказганман. Шундай қилиб, расмий тантанаю йиғинларга бепарво, ҳар қандай мақтовга ўзига хос киноя билан тепадан қарайдиган шоир Рауф Парфининг бир туман доирасида ўтказилган юбилейи қатнашганларнинг кўнглига ёруғ нур олиб кирган эди.

Рауф ака шеърларидан ҳам кўра бетакрор шахсияти билан чинакам халқ шоири эди. У том маънода халқ билан ва халқнинг ичида эди. Деярли барча одамлар учун Ватан ўз уйининг бўсағасидан бошланса, уйи, шу сабаб бўсағаси ҳам бўлмаган Рауф Парфи учун Ватан тўғридан тўғри кўнгилдан бошланарди. Шу боис шоирни кўпчилик қаттиқ яхши кўрарди. Вақтини аниқ айтолмайман, лекин 90- йилларнинг бошида эди. Ёш шоир Тўра Мирзо Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Тарғибот марказига бошлиқ  эди. У интизомга бўйсунишни истамагани туфайли деярли доим ишсиз юрадиган Рауф Парфини марказнинг Бош муҳаррири лавозимига тайинлаган эди. Р. Парфи фақат бир шартга амал қилиши, яъни ишга бормаслиги(!) керак эди. Негаки, шоир ишга боргудай бўлса, орқасидан эргашиб юрадиган мухлислари ишхонани ҳам маишатхонага айлантириб юборишлари мумкин эди. Бу эса, табиийки, бошқаларга, айниқса, катталарга ёқмасди.

Кунларнинг бирида эрталаб бир неча сирдарёлик йиғилишиб, Устанинг зиёратига келдик. Бу чоғлар у киши Беруний метроси атрофидаги кимнингдир уйида ёлғиз яшарди. Бизнинг ўзимизга яраша тайёргарлигимиз бор эди, албатта. Зиёфат, Р. Парфи таъбири билан айтганда, “кураш” узоқ давом этди. Ва доимгидай биз олиб келган “қурол”лар тугаб қолди. Чунки Устанинг атрофида ҳисобда бўлмаган, кўзда тутилмайдиган одамлар ҳамиша жуда кўп бўларди. Ҳамон тушунолмайман: улар шоирни таъминлармиди ёхуд аксинча?! Хуллас, бир вақт Уста телефонни олиб Ёзувчилар уюшмасидаги бошлиғига қўнғироқ қилди:
— Тўражон, бу ерда халқ оч ўтирибди ва у ўзининг ҳақини талаб қиляпти! Ойлик уч кун олдин берилиши керак эди!

Симнинг нарёғида нима дейилганини билмайман. Чамаси, ҳозир банкда пул йўқ. Сабр қилиб турсангиз эрта-индин ойлигингизни бердириб юбораман дейилган бўлса керак.
— Бунақаси кетмайди, Тўрабек! Ё бугуноқ ойликни жўнатасиз ёки мен ҳозироқ ишга бораман,- деб пўписа қилди шоир.

Бошлиғи пулни жўнатаман деб ваъда қилди, шекилли, шоир тинчланиб, базмни давом эттирди. Биз туриб кетдик, шу боис охири нима бўлганини билмайман. Лекин мана шу кичик лавҳа Рауф Парфининг мухлислари орасида обрўси қанчалик катталигини, унинг инжиқликлари яқинлари томонидан ҳеч бир малолсиз қабул қилинишини кўрсатади. Халқ ўз шоирининг эркалигини шундай қилиб кўтарарди.

Бозор муносабатлари жамият ҳаётигагина эмас, балки одамларнинг кўнгил оламига ҳам кириб борган шароитда юрак хоҳишларига мувофиқ яшашга уринган кишининг тирикчилиги қийин кечиши табиий. Тониғмизки, Рауф Парфи моддий маънода анчагина юпун яшади. Унда эгалик қилинадиган ҳеч қандай мулк, жавобгарлик талаб этиладиган бирор лавозим бўлмади. Маълумки, эгалик масъулликни талаб этади. Ҳар қандай масъулият эса қайсидир маънода шахсга ўтказилган зуғумдир. Рауф Парфи зуғумга чидашни истамасди. Шу боис у ўз эркидан иборат мулкка эгалик қилиш билангина қаноатлана билди. Шу сабаб ҳеч қандай мажбуриятни бўйнига олмай, масъулият ва чекловлар билан ҳисоблашмай, кўнгли истаганидай яшашнинг уддасидан чиқди. Бу эса шахснинг бахтиёрлиги белгисидир.

2012 йил 23 ноябр-2013 йил 2 январ

САБР ДАРАХТИ
Йўлдош СОЛИЖОНОВ
Филология фанлари доктори

Йўқ, бу ном билан мен Рауф Парфининг 1986 йилда нашр қилинган “Сабр дарахти” китобини эсга олаётганим йўқ ва уни таҳлил қилмоқчи ҳам эмасман. Сабаби, Рауф Парфи деганда менинг кўз ўнгимда ҳар доим даврнинг довулу шамолларига матонат билан бардош бериб, чайир танасидаги қонли яраларини яшириб яшаётган, қуёшга интилиб шохлари тарвақайлаб кетган улкан сабр дарахти гавдаланишидадир. Аслида бу китобда ҳам, бошқа тўпламларида ҳам шу номда шеър учрамайди. Ёлғон бўлмасин, ушбу китобнинг охирги бўлими “Сабр дарахти” (1982) деб аталган. Рауф учун сабр дарахти бу “қутлуғ Туркистон” эди. Шоир назарида Она Туркистон кўп асрлар давомида турли босқинчиларга қарши мардона курашиб, гоҳ уларнинг ифлос оёғи остида хазондек эзилиб инграган, гоҳ қаддини кўтариб, озодликнинг “Нақадар узун” ва оғир йўлидан юриб сабр-тоқат билан эркинликни кутаётган дарахт эди. Шоир бутун ижоди мобайнида ўзининг “Дўстим, дилда не бор сўзлайман сенга” деган сатрларига амал қилиб яшади ва рост сўзини айтиб кетди.

Рауф Парфи асли водиллик бўлгани учун Фарғонага кўп келарди. У ҳамма билан дўстлашар, киришиб кета оларди. У келганида Фарғонада, мен борганимда Тошкентда учрашиб турардик. Рауфнинг бирон жойда мондали ишлаганини эслолмайман. Шўро даврида ишламай юриш мумкин бўлмагани учун номигагина бирон нашриёт рўйхатидан ўтиб қўярди-ю, ўзи кўпинча ё дўстлари билан улфатчиликка ёки қишлоқларга чиқиб кетарди. Қачон “Қаердан топамиз Сизни” деб сўрасак, ҳар доим “Ўша ишхонамдан” дерди. Билганлар унинг “ишхонаси” собиқ инқилоб (ҳозирги Амир Темур) хиёбонидаги пивахона эканлигини эслашса керак (бу ерлар бузилиб кетгандан кейин унинг “ишхона”си Навоий кўчаси 30-уй ёнидаги ошхонага кўчди).

Шукурки, Рауфнинг бундай қилиқларини тўғри тушунадиган, уни эҳтиёт қиладиган устозлари, дўстлари кўп эди. Масалан, мен унинг нашриётда ишлаган пайтларида раҳбарлик қилган улкан шоир ва адиб Ҳамид Ғуломдан миннатдор бўлиб “Ҳамид ака улуғ инсон. Мени чақириб, келсанг—келмасанг, дўппингни столга қўйиб қўй. Эҳтиёт бўл, кўп ичма, кўпроқ ёзгин дерди” деган гапини кўп эслайман.

Рауф эркинликни жуда яхши кўрарди. Бир гал келганида мен уни ўзимнинг бир хоналик иш кабинетимга олиб бордим-да, “Мана шу хона Сизга, Рауфжон. Хоҳлаганча тураверасиз” дедим. Хонага кириб, атрофга қаради, китобларимни, иш столини кўрди-да, қувониб кетди: “Шу хона менгами, дўстим? Ростданми? Оҳ, озодлик, бормисан!” деди қўлларини икки ёнга кўтариб. Бу ерда у бир ҳафтадан ортиқ яшади. Рауфжоннинг бировга оғири тушмасди. Жуда кам овқатланар, унга бир шиша ароғ-у, уч-тўрт бурда қотган нон – етарли эди. Ортиқча ҳашамларга, ҳадеб мулозамат қилаверишга йўл қўймасди. Шунинг учун уни кўп безовта қилавермасдим, ишдан келиб бир хабар олардим-да, кечки пайт овқатланишга таклиф қилардим холос.

Янги аср бошларида Тошкентга борганимда уни излаб нашриётга кирдим. Кўпчиликдан сўрадим, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Охири шоира Фарида Афрўз орқамдан чиқиб, “Ҳеч кимга айтмагин девдилар, сиз атай Фарғонадан келибсиз. Кейин эшитсалар ҳафа бўладилар. Устоз Дўрмонда” деди. Хурсанд бўлиб, Дўрмон ижод уйига йўл олдим. Иккинчи қаватда яшаётган экан. Эшикни тақиллатсам, ичкаридан “Ким у, яхши одам бўлсангиз, кираверинг. Эшик очиқ” деган овоз келди. Мен ҳам ҳазиллашиб: “Бу мен, почтальон Печкин. Сизга телеграмма бор!” дея эшикни очдим. Кўрибоқ ўрнидан туриб кетди ва қучоғини катта очиб, “О, дўстим, бормисиз? Шу ерга ҳам топиб келдингизми?” деб хурсанд бўлди.

Хонадаги иш столи турли қоғозлар билан тўла, бир четида ёзув машинкаси. Кичкина тумбочка устида эса яримлаган шиша, уч-тўрт бурда нон. Рауф дарҳол шишани қўлга олди. Унинг ниятини тушундим-да, “Тўхтанг, шоир! Ҳали эрта, оз-моз гаплашайлик. Кейин… ” дедим. Бироз суҳбатлашиб ўтирдик. Айтишича, бир неча кундан бери шу ерда яшаб, “Сайланма”ни нашрга тайёрлаш устида ишлаётган экан. “Ҳеч кўнглим тўлмаяпти. Сайланмага киритадиган шеърларим йўқ экан!” деса бўладими? Ҳайрон қолдим ва унга таскин берган бўлдим. У ўз ижодига нисбатан талабчан шоир эди, ўзининг ёзганларидан ҳечам қониқмасди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам тириклигида “Сайланма” китобини тайёрламагандир?

Рауф Парфи бағри кенг, ҳазилкаш йигит бўлиб, ҳар доим ҳам суҳбатига кулиб, табассум билан муомала қиларди. Рауф қаламига мансуб шеърларнинг кўпи ижодкорлар тақдирига бағишланган. Чунки унинг назарида “Фақат шоир ҳақли бахтсиз бўлмоққа…” Рауф Парфи ҳам ўз бахтидан кечиб халқининг бахтли бўлишини истаган шоирлар тоифасидан эди. Шунинг учун унинг номи халқ хотирасидан ҳеч қачон ўчмайди.

БЕТИМСОЛ РАУФ ПАРФИ
Нуруллоҳ ОСТОН
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

004Яхши одамдан яхши хотира қолади. Яхши шоирдан яхши шеър қолади. Яхши шоир ва яхши устоздан шеър ва меҳр қолади. Рауф Парфи ана шундай, ёшларнинг шеъру шуури, ижодкорлар ғурури, дарвишлар пири, хуллас, бағри осмондай кенг ва мусаффо улуғ шоир эди. Ҳамма ижодкорлар гулга талпинган асаларидай унга талпинишарди, сабаби, Рауф ака уларнинг ёши катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳаммага бир хил, самимий муносабатда бўларди.

Унинг ижодида муштараклик, зуҳурида инжалик, инжиқлик, нозик қочирим, ҳозиржавоблик, ҳақиқатни ҳазилга ўраб етказиш хислатлари мужассам эди. Шу боисдан жиддий одамлар, жиддий шоирлар Рауф ака билан дучлашиб қолгудай бўлишса, беихтиёр унинг измига тушиб, таъсирига берилиб, жиддийликни ҳам унутиб қўйишарди.

-Дунёқарашлар қандай? — деб қўярди Рауф ака биров билан сўрашганида.

70-йилларнинг бошларида шеърият майдонига отилиб чиққан ёш ижодкорлар Рауф аканинг атрофига жипслашган эди. Гоҳ ёш шоирларнинг ижара уйида, гоҳ Ҳадра «ярмаркаси»даги «Рауф аканинг ишхонаси» деб ном олган чойхонада ҳар куни эҳтиросли шеърхонликлар, самимий баҳслашувлар ярим тунгача давом этарди.

Ўша пайтда «тўғон бошида» бўлган, яъни, газета-журнал, нашриётларга раҳбарлик қилаётган «катта авлод» вакиллари ёш шоирларнинг шеърларини деярли чоп қилишмасди. Сабаби, «катта авлод» вакиллари кўнглига ёш авлод шеъриятидаги оҳангдорлик, рангдорлик, шиддат ва жозибадорлик сифатлари ҳеч ўтиришмасди. Улар ёшлар ҳам худди ўзларидай шўро мафкураси нуқтаи-назаридан фикрлашларини, ўзларидай «ижод» қилишларини, улардан «баландроқ» ёзмасликларини исташарди. Лекин бу «истеҳком»ни аллақачон Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матчон, Рауф Парфилар бузиб ўтган ва ўзбек шеъриятидаги ана шу исёнкорлик туфайли замон, давр, тараққиёт ёш шоирларга ўз сўзини айтиш, ўз шижоатини, фикр ва тасаввур чексизлигини намоён қилиш имконини берган эди.

Улар ичида Рауф Парфи жуда ҳаммабоп, шоирпарвар бўлганлиги учун ёш шоирлар унинг атрофида бўлишга интилишарди. Чунки Рауф ака уларнинг ҳар бирини пуф-пуфлаб, авайлаб, шеърларини меҳр билан тинглаб, янада баланд парвозларга қанотлантирарди. Ана шу туфайли Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Азим Суюн каби шоирлар ижоди шеъриятни чегаралаб қўядиган барча тўсиқларни енгиб, синдириб, ўз сеҳрини, гўзаллигини, жозибасини бор бўйича намоён қилди. Ва бугунги шеърият, ҳозирги ёшлар ижоди, уларнинг юксак .бадиий савияси, ранглар жилоси, беқиёс тасаввур оғушидаги оҳанглар айнан Рауф Парфи мактабининг ҳосиласидир. Лекин асосий гап бу ҳам эмас. Асосий гап – янги авлод шоирлари шўро истибдодига қарши ўз сўзини айтишга ўрганди, Ватан озодлиги ҳақида қўрқмасдан, ҳайиқмасдан ёза бошлади. Чўлпон, Амин Умарий, Боту сингари улуғларимиз ижодида акс этган дард, Ватанни озод кўриш орзусида ёзилган гўзал шеърлар янги сифат босқичи касб этиб, янги даврнинг шижоатли шоирлари ижодида акс эта бошлади, Ҳурриятнинг сарин саболари ана шу даврда халқни уйғотди.

Рауф ака бир куни менга танбеҳ бериб қолди.
-Нурулло, нега шеърларингизни тўлиқ қофияламайсиз? Ўзим қофияга солиб берайми?-деди.

Ҳақиқатдан ҳам менда ҳар мисра шеърнинг иккинчи ва тўртинчи қаторларини қофиялаш одат тусига кириб қолган эди. Чунки бунда фикр изчиллиги ошади ва ўқувчининг шеърни ҳазм қилиши осонлашади, деб ҳисоблардим. Рауф аканинг танбеҳидан кейин шеърларимни тўлиқ қофиялайдиган бўлдим, лекин ҳозир ҳам шеърнинг тўлиқ қофияга бўйсундирилиши фикр изчиллигини чегаралаётгандай туюлади.

Республика радиосида ишлаётган кезларимда бирорта воқеий санага бағишлаб ўн беш кун олдин шеър ёзиб, «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетасига олиб бориб берардим. У ерда бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаётган Иброҳим Ғафуров ёки Абдуқаҳҳор Иброҳимов шеъримни олиб қолиб, ўша сана муносабати билан газетанинг биринчи саҳифасига бериб юборарди. Ана шундай шеърлардан бири – Шўро даврида ҳар йили апрел ойида бўлиб ўтадиган «қизил шанбалик»ка бағишланган бўлиб, шу шеър газетанинг биринчи саҳифасида чоп қилинди. Шеърнинг охири шундай якунланарди:

Бизлар учун ётдир ўрлик, танбаллик,
Ҳар кунимиз бўлсин қизил шанбалик!

Ўша пайтларда Рауф ака ТТЗда истиқомат қиларди, биз шоир дўстим Очил Тоҳир билан ишдан кейин Рауф аканинг уйига ўтдик. Устозникида бир давра шоирлар ўтиришган экан, Рауф ака келишимиз билан дарров мени «нишон»га олди:

-Нурулло, «Ўзбекистон маданияти»да «қизил шанбалик» деган шеърингиз чиқибдими? Ўхшашликни қаранг, сизнинг шанбалигингиз ҳам қизил, менинг иштоним ҳам қизил, — дея қизғишранг иштонини кўз-кўз қилиб, ҳаммани кулдирди. Кейин менга жиддий қараб: — Бунақа шеърларни ёзманг. Қизил империянинг сохта ўйинлари бизнинг қадриятларимизга тўғри келмайди,-деди.

Яна бир ўтиришда Рауф ака шеърларимни ўқиб туриб:
-Нурулло, шеърларингизга «Нурулло Достон» деб имзо қўйсангиз, қандай бўлади?-деб қолди.

-Бўлмайди,-дедим мен ҳазиллашиб. — Отам иккинчи жаҳон урушида Москва остоналарида жанг қилган, шундан «Останкино» пайдо бўлган, қолаверса, «Астон Вилла» футбол командаси ҳам отамнинг исми билан аталади…

Орадан йиллар ўтиб, Рауф аканинг йилида, маъракасидан кейин шоир дўстим Чоршам Рўзиевнинг хонадонида шоир Жамол Сирожиддин билан ўтирганимизда Турсунали полвон мендан:
-Нурулло, нега сиз шеърларингизга имзо қўйганингизда исмингизни тўлиқ ёзмайсиз?-деб сўраб қолди.-Сизнинг исмингиз «нури Оллоҳ», шунинг учун Нуруллоҳ деб ёзишингиз керак.

-Унда бир пайтлар Рауф ака «шеърларингга «Достон» деб имзо қўй», деган эдилар, бу ёғи қандай бўлади?-дедим.
-Рауф акадан кейин мен унинг қўлини олганман. Қани омин! — ҳамма дуога қўл очди. — Бугундан бошлаб сиз Нуруллоҳ Достонсиз, Оллоҳу акбар!

Ана шундай қилиб, мен анчагача «Нуруллоҳ Достон» бўлиб қолдим, бу ҳам Рауф ака менга таклиф қилган тахаллуснинг мухтасар якуни эди.

Биз Чоршам, Абдунаби Бойқўзиев, Ғулом Фатҳиддин, Жамол Сирожиддин, Яҳё Тоға Рауф Парфининг ижоддан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиган ва устун қўймайдиган шогирдлари эдик ва шунга содиқ бўлиб қолдик.

Рауф Парфи ижоди биргина ўзбек бадиий адабиётида эмас, балки туркий халқлар бадиий адабиётида алоҳида ижтимоий ҳодиса, истибдодга исён, туркий халқлар озодлиги учун курашга йўғрилган адабий жараён ва қолаверса, ўзбек шеъриятининг юксалишига ҳисса қўшган бир мактаб сифатида ўрганилса ва тадқиқ қилинса арзийди.

РАУФ ПАРФИ ЁДИ

Уриб турган юрак зарби,
Беҳаловат шоир қалби,
Алифбонинг қутлуғ ҳарфи –
Тимсолидир Рауф Парфи.

Замин-замон кўлкасида,
Сўз залвори елкасида,
Туркий олам ўлкасида
Ҳилолидир Рауф Парфи.

Сўзи шамшир каби кесган,
Кўнгли тоғлар каби ўсган,
Ҳурриятнинг сарин эсган
Шамолидир Рауф Парфи.

Шеъриятга пайваста тил,
Раиятга вобаста дил,
Ишқ аҳлига мисли Бедил –
Ниҳолидир Рауф Парфи.

Ёнар сўзи асл чақмоқ,
Сатрлари яшил япроқ,
Қўналғаси она тупроқ,
Зилолидир Рауф Парфи.

Ҳаёт билан ҳақиқатнинг,
Баёт билан тариқатнинг,
Шойистаю ғариқатнинг
Висолидир Рауф Парфи.

Аҳли улус далолати,
Калимаи шаҳодати,
Тирикликнинг ибодати –
Саволидир Рауф Парфи.

ЛАФЗИЙ САНЪАТ УСТАСИ
Илҳом АҲРОР
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Фаҳрим шуки, устоз Рауф Парфи билан жуда кўп суҳбатлашиш омади насиб этган. Армоним шундаки, нима учун янада унга интилмаганман. Юксак бадиий тўлқин, инсоний дард эгаси бўлган шоирни бирор марта руҳи сўлғин, ранги синиққан, кимнидир ўкситган ёки қай бир инсоннинг олдида ночор ҳолда қолганини кўрмаганман. Ҳамиша мардона юрарди. У қадами етган давранинг гули бўларди. Зинҳор устозлигини билдириш учун шогирдлар суҳбатини соғингани йўқ.

Ўзбекистон мустакиллигининг дастлабки йилларида эски тузумдан қолган салбий иллатларни йўқотиш йўлида матбуотда эркин фикр учун кенг йўл очиб берилди. Ўзбекистон телевидениесида у кишининг мусиқа санъатига муносабати ифодаланган кўрсатув тайёрлаш жараёнида шоирни янада яқиндан билдим. Кўрсатувнинг умумий руҳи унинг «навога айланган сўзлар»и эди.

Рауф аканинг телевизорда кўрсатув ёки бирор кино томоша қилаётганини уни тушунмаган бирор кимса кўрса зерикиб кетади. У каналдан-каналга ўтишни канда қилмас, бирор кўрсатувни тўлиқ кўришингга имкон бермасди. Бир куни бунинг сабабини сўрадим.

– Ишонмайсиз, мен китобни ҳам шундай ўқийман, – жилмайди у, – Бирор асар қўлимга тушса, саҳифасининг бирор жойини бўлиб олиб ўқийман. Ўша жойига қизиқсам, ҳаммасини ўқиб чиқишим мумкин. Ёки ўқиган саҳифам хулосам бўлади.

Яъни, адиб шеърми, ҳикоями, қисса ёки романми бошдан-охир адабиёт ва санъат талабларига жавоб бериши керак, деб ҳисобларди. Ва уни ҳар бир ўзини таниган ижодкорда кўришни истарди.

Бир суҳбатда Рауф ака «Жаҳон адабиёти» журналидан бўшаганини айтди. Мен бунга ажабландим:
– Сиз дунёвий шоирсиз. «Жаҳон адабиёти»дан бошқа муносиброқ яна қаерда ишлашингиз мумкин? Куни бўйи дунё адабиёти билан танишганингиз учун қайси матбуот сизга маош тўлайди? Қолаверса, Озод Шарофиддиновдек забардаст олим бошчилигидаги ижодкорлар жамоаси сизни эъзозлашади. Бекор бўшабсиз…

Озод ака умрининг охирги йилларида бетоблигига қарамай юксак адабий салоҳиятини намойиш қилганликлари бизга маълум. Ўша йили автоҳалокат туфайли шоир Мирпўлат Мирзо ҳам оёқдан енгилгина жароҳат олганди. Рауф ака шуларга нисбат бериб, менинг эътирозимни кулгига олди. Даврадошларига ишдан бўшаши сабабини шундай изоҳлади: – «Жаҳон адабиёти» оёқдан олаяпти?!

Рауф ака ҳеч қачон бировнинг устидан кулмасди. Ҳар қандай кулфат замирида кулги, хушчақчақлик атрофида кулфат мавжуд бўлиши мумкинлигини шўхчан ифода этаркан, ишдан бўшаганлигимнинг сабаби шу жамоада насибам қолмаганлиги, деган гапни ўз тилида шоирона баён этганди.

Унинг бундай сўзлаш йўсинига бошқа бир гурунгда ҳам гувоҳ бўлганман.

Рауф ака моҳир таржимон Амир Файзуллони жуда ҳурмат қиларди. Улар ўтирган қаҳвахона шундай йўл бўйида жойлашганди. Тушликка кетаётиб кўзим тушди. Келиб ўтирдим. Бир оздан кейин икки хонанда ҳам ҳозир бўлдилар. Амир ака нималарнидир салмоқ билан гапирар, Рауф ака эса одатдагидай уни жилмайибгина тинглар, ора-орада қимматли гап ташлаб қўярди. Амир ака гапираётган Робиндранат Тагорнинг ижодий маҳорати менга қанчалик таъсирли бўлса, Рауф ака орага ташлаган фикрларнинг ҳар бири лафзий санъат намунасидай таассурот уйғотарди.

Ногаҳон икки хонанданинг ўзаро ҳангомаси икки ижодкорни суҳбатдан тўхтатиб қўйди:
– Қаранг, фалончи, йўлдан қандай офатижон ўтмоқда, – деди хонандаларнинг бири.

– Бу дунёда-ку уларни узоқдан кўраяпсиз, жаннатда бундайлар билан бирга яшайсиз, – донолик қилди иккинчиси Рауф ака билан Амир аканинг тан ва руҳ ҳақдаги суҳбатига ўзича қўшилган бўлиб.

Давра учга бўлинганди. Икки ижодкор, бир тингловчи ва бошқа бир дунёларини намойиш қилаётган икки хонанда. Рауф ака улар томон қайрилиб, бундай дунёқараш билан қандай яшаяпсизлар, деган гапни ўзига хос йўсинда баён килди:
– Жаннатда кўп, денг! Боринглар, ҳақиқатан ҳам жуда кўп…

Хонандалар гапнинг моҳиятини англашмади. Эҳтимол, мавзуни ҳаётдан олиб суҳбатга қўшилдик, дея фахрланишгандир ҳам. Балки, киноянинг замирида нима гап борлигини сезишгандир. Бу – ёлғиз яратганга маълум.

Рауф ака ҳақда ушбу билганларимни ёзарканман, қўшни уйни таъмирлаётган устанинг деворни тақиллатиб ишлаши кайфиятимни бузди. Уста ўз ишини қилаяпти, деб чидашга ҳаракат қилдим. Лекин хотираларни бир нафасда тугатиш илинжида чиқиб устадан илтимос қилдим:

– Бир соатча тақиллатмай, бошқа иш билан шуғулланинг. Ҳаётда камтарона яшаб, шеъриятда ёруғ из қолдирган Рауф Парфи ҳақидаги хотираларни бугун нашриётга етказишим керак.

Яхши муомаламдан у ҳам менга ўзини яқин олди:
– Ўзингиз ҳам ёзасизми? Демоқчиманки, мен фалончи шоир билан яқиндан танишман.

У яна бир атоқли устозимиз ҳақда гапираётганди.

– Гап менинг кимлигим, сизнинг кимлар билан ошночилигингиз ҳақида эмас, эрталабки кайфият билан Рауф Парфи ҳақдаги хотираларни тугатмоқчи эканлигимни айтишга чиққандим, холос!
– Ишимни кечга якин тугатишим керак, – кескин жавоб берди у, – узр, ҳаётда ҳар кимнинг ўз вазифаси бор.

Ортиқ унга эътироз билдиролмадим. Мен ҳам ноилож «ўз вазифамни» бажаришда давом этдим. Руҳимга хазинлик чўкди. Аммо Рауф аканинг ёди мададга келди. Кўп ижодкор дўстларимиз айтиб, кулиб юрадиган бир воқеани эслаб, руҳим кўтарилди.

Бир куни Рауф ака кутилмаган бир меҳмон билан тушлик қилишга ошхонага кирган. Уларга эътибор ҳаминқадарлигидан, Рауф аканинг ҳамроҳи, наҳотки булар сиздек шоирни танишмаса, деган маънода гапирган экан, Рауф ака хизматчи аёлга тегизиб ҳамроҳига сервиқор овоз билан дебди:

– Алишер Ғиёсиддинович доим бизни шу ошхонага боринглар, менинг ҳурматимни қилиб, сизларга қарашади, дерди. Мақталган хизмат шуми?

Хизматчи аёл саросимага тушиб, уларга қулай шароит яратибди. Ошхонадан чиқиб кетишаётиб, ҳамроҳи Рауф акадан сўрабди:
– Алишер Гиёсиддинович, деганингиз ким ўзи? Ҳурмат бошқача бўлди!
– Алишер Навоий хазратлари-да! Алишер Навоийни билмаган одам Рауф Парфини қаердан билсин!

Қўшни уйдан эса таъмирчи устанинг дунёқараши эшитилиб турарди: «Тақ-тақ, тақ-тақ!..»

КЎЗЛАРИ ЧАҚНОҚ ШОИР
Муҳаммад ҒАФФОР
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Танишув

02180–йиллар. Хадранинг биқинидаги пивохонага кирдим. Бир крушка пиво олиб жуссаси кичкинагина сочлари тим қора (кейин билсам бўялган экан) одам ўтирган столга келиб ўтирдим. У одам адабиёт ихлосманди экан шекилли суҳбатимиз ўзидан-ўзи шеъриятга бориб, тақалди. Мен Рауф Парфининг бир шеърини ўқиб бердим.

Хато қилдим севгилим,
Хато қилдим билмасдан.
Мен суйиб хато қилдим,
Мен куйиб хато қилдим,
Ўлиб хато қилмасман.

“Ўзбекнинг зўр шоири”, — дедим ифтихор билан.  Ҳалиги одам “Ростданми?” деди. Яна шеър ўқий бошладим:

Ой сузади музлаган кеча
Қор уфурар.
Туманларда бир юлдуз мунча
Ғамгин турар.
Ғуж-ғуж юлдуз…

У одам ҳижолат тортгандай “Тўхтанг-тўхтанг, зўр-зўр” — деди ва кулиб “Бу шоирни танийсизми?” — деб сўради. Мен “Афсус-ки, танимайман, қани танисам эди, бошидан зар сочардим”, — дедим. У шунда қўққисдан “Мен уни танийман, таништириб қўяйми?” деб қолса бўладими?! Қувонганимдан осмону фалакка чиқиб кетдим. Ичимлик ва егулик олиб, Хадранинг жин кўчаларини оралаб кетдик. Хазон босган бир ҳовлига етганимизда у киши мени тўхтатиб, “Сиз мана бу курсида ўтириб туринг” деб ўзи ичкарига кириб кетди. Орадан бироз вақт ўтганидан кейин бўйнига бўйинбоғ таққан ҳолда чиқиб, “Қаршингизда Рауф Парфи жаноблари турибди”, — деса бўладими?  Жаҳлим чиққанидан мушт тушириб юборай дедим. “Овозингни ўчир, аперисс!” — дедим бақириб. Кейин у киши “Мана китобим, расмим ҳам бор, кўринг, мен ўша шоир бўламан” – деди. Биз қайта бошдан қучоқлашиб кўришдик. Ўша куни ярим тунгача шеърхонлик авжига чиқди.

Икки даҳо

Бир тўда ижодкорлар раҳматлик Тилак Жўранинг Соғбондаги каталакдек ҳовлисида йиғилган эдик. Меҳмонлар орасида бир сўзамол ёзувчи Абдулла Ориповнинг Миртемир домлага бағишланган шеърини ўқиди:

Сизга ташланмади оҳ, не-не зотлар,
Улар ҳар мўминга ташланар эди.
Ташланмаса дили ғашланар эди,
Улар пучак жонлар, аҳли бедодлар.

Шеърни ўқиб тугатгач, “Ўзбекистонда бундан зўр бағишлов шеър йўқ…” деб қолди.

Мен эса “Бор!” дедим, ҳамма менга ялт этиб қаради. Мен Рауф аканинг Миртемир домлага бағишланган, ҳали матбуотда эълон қилинмаган “Туркистон ёди” шеърини ўқий бошладим.

Кеча содиқ ўғлинг
Ўтди дунёдан.
У шоир эди,
У инсон эди,
Санчилиб яшайди
Доимо ёдда…

Шеърни ўқиб тамомлашиб билан давра ёппасига мени олқишлади. Сўзамол ёзувчига бу алам қилди, шекилли,  меҳмондорчилик муштлашув билан тугади.

Тилак ака мени меҳмонлардан ажратиб олиб чиқиб кузатмоқчи бўлганида даврадан бир киши отилиб чиқиб, мени қучоқлаб “Раҳмат, укажон, мен ҳам сиз билан кетаман” деб туриб олди. Тор кўчадан катта кўчага чиқдик. Ҳалиги одам такси тўхтатиб, “Гулистон” ресторанига” деди. Тилак ака раҳматли, мен ҳам сизлар билан бораман деб машинага ўтирди. Кейин ҳазиллашиб, мана Орифизм, мана Парфизм деб ўзига хос усулда қаҳ-қаҳа отиб кулди (чунки, халқ орасида шундай ибора юрарди). Ресторанга етиб келганимизда ҳалиги одам ичимлик, шашлик ва газак буюрди. Қадаҳлар тўлдирилиб қўлга олинди менга эса яна бир неча марта раҳматлар ёғилди кейин билсам, бу одам Миртемир домланинг ўғиллари Миржалол Турсунов экан.

Ўзбек шеъриятидаги эксприментлар

Бир куни шоир Берди Раҳмат устоз иккаламизни уйига меҳмондорчиликка таклиф этиб қолди. Бердининг бир-биридан шўх ўғиллари бизларга халақит берарди. Шунда Рауф ака чиройли лутф қилди. “Кичкина дунёнинг катта одамлари, бизга тинчлик беринг”, деди.

Адабиёт ҳақидаги суҳбатимиз узоқ давом этди. Мен ёшлик қилибми ёки тажрибасизлигим боисми, устозга “Ҳамма нарсанинг тескарисини ёзиб, қолипга сиғмайдиган сўзларни ишлатасиз, бу нотўғри эканлигини ўзингиз ҳам биласиз-ку”, — дедим. Устоз хафа бўлди шекилли, маъюс тортиб, “кетаман”га тушиб қолди. Берди иккаламиз уни кузатгани чиқдик. Мен Бердиникида қолмоқчи эдим, такси тўхтатдик, Бердибой пулини ҳам тўлади. Устоз машинага ўтира туриб “Муҳаммад, чиқинг, сиз ҳам мен билан кетасиз”, — деб қолди. Раъйини қайтаролмадим. Даҳшатли жимлик ҳукмрон эди. Талабалар шаҳарчасига етганимизда устоз таксини тўхтатди. Бу ёғига 11-трамвайда кетамиз дедилар. Яна жимлик. “Ғунча” кинотеатрининг олдига келганда у қаддини тутиб уришмоқчи бўлган дакан хўроздай менга тикланди. “Ҳалиги айтган гапингиз балки тўғридир, балки шундай қилгандирман. Ахир қачонгача чидаймиз эски тос, эски тоғорага… Адабиётимиз эса янгиланишни кутмоқда. Турклар уч марта янгиланиш даврини ўтказишди. Болтиқбўйидагилар эса адабиётни тамомила бошқа янги йўлга буриб юборишди. Фаранглар, африкаликларни-ку, айтмасак ҳам бўлаверади. Биз эса буни англаган Чўлпон, Фитрат, Бехбудийларни гўрга тиқдик”.

У кўзлари ёниб сўзларди. “Адабиётда экспримент (тажриба) қилишдан қўрқмаслигимиз керак. Буни мен, сиз — ёшлар қилмасангиз кимлар қилади “, — деди-ю, хайрлашмасдан ҳам жўнаб қолди. Ҳали ҳамон устознинг чақнаган кўзлари менинг ёзув столим устида туради.

009

RAUF PARFI HAQIDA
YETTI XOTIRA
07

   Rauf Parfi (Tursunali Parfiev) 1943 yil 27 sentyabrda Toshkent viloyatining Sho’ralisoy qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston xalq shoiri (1999). ToshDUning filologiya fakultetini tugatgan (1960—65). Ijodi 60-yillardan boshlangan. Dastlabki she’rlar to’plami — «Karvon yo’li» (1968). «Aks-sado» (1970), «Tasvir» (1973), «Xotirot» (1974), «Ko’zlar» (1976), «Qaytish» (1981), «Sabr daraxti» (1986), «Sukunat» (1991), «Tavba» (2001), «So’nggi vido» (2006) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. Bayronning «Manfred», Nozim Hikmatning «Inson manzaralari», Karlo Kaladzening «Dengiz xayoli» kabi asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 2005 yilda Toshkent shahrida vafot ettan.

07

ADASHGAN RUH
TURSUN ALI MUHAMMAD
Mashhur polvon va sport ustasi

032Shoir Rauf Parfini she’riyat muxlislaridan tanimagani yo’q. Biz Rauf aka bilan aka -uka bo’lib, Toshkentga borsak, doim ularnikida turardik. Shoirning hayotidagi ko’p qiziq voqealarning guvohi bo’lganmiz. Hozir sizlarga bir she’rning yozilish ta’rifini aytib beraman.

Bir necha yil ijod qilolmasdan, yozsa ham o’ziga yoqmasdan yurgan kezlari ekan, menga hazil aralash hasrat qilib qoldilar:
-Polvon, bir mamlakatda mashhur yozuvchi bo’lgan. Hech narsa yozmay, kayf-u safo qilib yurganini ko’rgan do’stlari maslahatlashib, janjal ko’tarishibdi-da, yozuvchini aybdor qilishib, qamattirishibdi. Bir yarim oy qamoqda yotib, yaxshi bir asar yozib chiqibdi. Shu tariqa ma’lum vaqtdan keyin atayin qamatadigan bo’lishibdi. Har qamalishida bittadan asar tayyor bo’lar ekan…. Shu… meni ham bir joy bo’lsa- yu, qamab qo’ysalaring, balki biron narsa yozarmidim… — dedilar .

O’sha vaqtda Farg’onaning Log’on qishlog’ida ruhlar bilan davolaydigan Safiya opa degan ayol bo’lib juda ko’p odamlarni davolab dong’i ketgan edi. Nazarimda, Rauf aka ijodida ham ruhlarning aralashuvi bo’lgan-u, endi o’sha ruhlar kelmay qolganidan ijodi to’xtab qolganday edi. Chunki, Rauf Parfining she’rlarini o’qigan odam undagi ilohiyotni darrov his qiladi.

Qachonki biron satr bersangiz, darrov she’r yasab berar edi, va shu she’r ba’zi shoirlarning yaxshi she’richalik bo’lsa ham, Rauf aka uni albatta, yirtib tashlardilar:
– Nega yirttingiz? – desam,
– Shunchaki bir yozdim-da, ruh yo’q bunda, – derdilar.

Farg’onaga qaytayotib, bir iloj qilib, shoirni o’zim bilan ketishga ko’ndirdim. Yo’lda ham, uyda ham Safiya opa haqida, u kishining karomatlari haqida, g’aroyibot bilan davolangan kasallar haqida gapirib, Rauf akaning qiziqishlarini orttirib bordim.

Va nihoyat:
– Bir ko’rmaymizmi, o’sha ruhchi ayolni? – deb qoldilar.

Ertasiga ertalab Log’onga qarab yo’l oldik. Manzilga yetib borib, hayratdan yoqa ushladik, qishloq boshlanishidan yo’lning bir tomonida qator avtobuslar tizilib turardi. Va ularni butun Markaziy Osiyodan kelganlarini payqash qiyin emasdi. Qiziqib sanab ko’rsam, qirq oltita avtobus turgan ekan. Hammasining ichi turfa yoshdagi hojatmandlar bilan liq to’la. Yengil mashinalarning to’lib ketganidan uylariga yaqin yo’lab bo’lmaydi. «Buncha odamni qanday qabul qilish mumkin», deb hayron bo’ldik. Keyin bilsak, odamlar bir to’planganlarida, ko’rinadigan yerga chiqib, hammaga bir fotiha berib, kirib ketarkanlar. Katta avtobuslarga o’zlari chiqib bir nazar solib, fotiha berib jo’natar ekanlar. O’zlaridan oldin yordamchilari uyga borganda nima qilish kerakligini tushuntirishar ekan. Odamlarning siyraklashishini kutib turdik-da, o’g’lidan «Toshkentdan shoir keldi» deb xabar kirgizdim. Bir ozdan keyin yordamchi qizlardan biri bizni ichkariga olib kirdi.

Choqqina hovli. Pastak uylardan biriga kirdik. Xontaxta atrofiga oddiygina ko’rpachalar solingan, to’rida ikki yonlarida yoshlari kattaroq ayollar bilan oq ro’molga o’ranib, Safiya opa o’tiribdilar. Salom- alikdan keyin dasturxon popugini o’ynab turib, o’zlari bilan o’zlari gaplashayotgandek gap boshladilar:

– Bu kishi ham bizga o’xshab ancha charchabdilar, ikki-uch yillardan buyon ijod qilolmayaptilar ekan. Hammasi yaxshi bo’ladi… Ayollarining bir oyog’i qizir ekan… quloqlari ham og’riyapti…. Omin! Xudoning o’zi shifo bersin! – deb gaplarini tugatdilar.

Uyga qaytayotganimizda:
– Qanday taassurot oldingiz? – deb so’radim, Rauf akadan.

– Yomon emas, ijod qilmayotganim, Diloromning oyog’i qizishi rost. Lekin qulog’i hech qachon og’rimagan, — dedilar. Ishonmaganliklari sezilib turardi. (Keyin bilsak, o’sha kunlar Diloromning qulog’i og’rib, kasalxonada yotgan ekan).

Yotar payti Rauf akaning qarshiligiga qaramay, alohida xonaga dasturxon tuzab, joy qilib yotqizdik.Ertalab turiboq so’radim:
– Qalay yotdingiz? Biron narsa sezdingizmi?
– Umuman uxlaganim yo’q, kechasi bilan bosinqirab chiqdim, – dedilar.

Kechqurun soat to’qqizdanoq shoirni yana xonaga «qamadik».

Ertasiga ertalab Rauf akaning o’zlari:
– Bugun onamning qornida yotgandek uxladim, endi menga qog’oz — qalam bering, – dedilar-da, yana xonaga kirib ketdilar. Ikki kunda bir turkumdagi to’rtta she’r yozdilar. Beshinchisi chala qolib, Toshkentga ketdilar. Uch oydan so’ng yana qaytib keldilar:

– Polvon, bizning ilhom shu yerda qolib ketibdi, Toshkentda yozolmadim, – dedilar. Xullas, beshinchi she’rni ham biznikida yozib, bitirdilar. Birinchi va ikkinchi she’rlarini esa, bizga bag’ishladilar. Qo’lyozmalari bizning uyda saqlanadi.

IJODIGA MUNOSIB MUKOFOT

Bir kuni Chirchiq shahridagi ijodiy safarimiz chog’ida axloq tuzatish koloniyasiga borib xayriya tomoshasini ko’rsatmoqchi bo’ldik. Dasturni rang-barang bo’lishi uchun shoirlardan ham taklif etdim. Albatta, Rauf akam, do’stim Yo’ldosh Eshbek hamda ukamdek bo’lib qolgan Yahyo Tog’a. Oldiniga Rauf aka:
– U yerdagilar she’riyatni tushunarmidi? O’zingiz borib tomoshalaringni ko’rsatib kelavering, – deb ko’nmadilar. Lekin ko’plashib:

– U yerda ham odamlar yotibdi, faqat adashganlar. Ajab emas ularning ba’zi birovlarini she’riyatga oshno qilib qaytsak, – deb zo’rlab olib ketdik. Qattiq qo’riqlanadigan joyga kirish qiyin bo’lar ekan. Madaniy-ma’rifiy ishlar bo’yicha bo’lim boshlig’i kuzatuvida ming chig’iriqlardan o’tib ichkariga kirdik.

Bir yarim ming odam ishlaydigan koloniyada ikki yuz o’rindiqli klub bor ekan. Sirk tomoshasini eshitib keluvchilar shunchalik ko’payib ketdi-ki, tashqariga joy qilishga majbur bo’lishdi. Odam tumonat. Bitta tomosha ko’rsatamiz. Orada esa shoirlardan biriga so’z beramiz. She’rxonlik ham barchaga ma’qul bo’ldi. Yahyoning chapanichasiga yozilgan she’rlari, Yo’ldosh Eshbekning ertaklarga, orzularga yetaklovchi dostonlari olqishlar bilan kutib olindi. Tomoshamiz so’nggida Rauf Parfiga navbat tegdi. Iymanibgina bir-ikkita she’r o’qib, joylariga o’tirdilar. Hamma jim. Shu payt orqadan ellik yoshlardagi bir kishi karton qog’oz bilan yopishtirilib muqovalangan kitobni ushlaganicha to’g’ri Rauf akaning yoniga keldi va: – “Sabr daraxti” kitobini siz yozganmisiz? – deb so’radi.

Shoir esa hazil aralash:
– Shunday noma’qulchilik ham qilganmiz… – dedilar.

Yana hamma jim.

Boyagi odam qo’lidagi kitobni Parfining oldiga qo’ydi. U kishi yasama jildni ochgan edilar, ezilib, titilib ketgan, qo’ldan-qo’lga o’taverib hilvirab ketgan “Sabr daraxti”ni ko’rib ko’zlari hayratga to’ldi.

Mahbus:
– Biz hammamiz ham sizning muxlislaringizmiz, bitta dastxat yozib bering, kitob hech kimniki emas, hammamizniki, – dedi.

Shunda birdan gulduros qarsaklar yangradi.

Yana she’rxonlik bo’ldi. Sovg’alar in’om etishdi. Birov ruchka, birov zanjir berdi.

Xayrlashib tashqariga chiqqanimizda Rauf aka ko’zlari yonib, ajoyib bir kayfiyatda:
– Mening ijodimga shu yirtiq kitobdan ortiq mukofot yo’q, – dedilar.

RUHNING VAZNI

2005 yil boshlari edi. Farg’onadan Toshkentga kelganimizda Rauf akani betob yotganini eshitdim. Yashayotgan xonadonini topish ancha qiyin bo’ldi. Yangiobod tomonda ekan. Zo’rg’a topdik. Oldin umumiy yotoqxona bo’lgan bo’lsa kerak. O’rtada bir yo’lak, ikki tomonda eshiklar. Yo’lak qorong’i bo’lgani uchun eshik raqamini gugurt chaqib topdik. Eshikni 13-14 yoshli bola ochdi. Rauf akani so’ragandik ichkariga taklif qildi. Kichkinagina xonacha. Oshxona bo’lsa kerak. Gaz plitasi yonib turardi. Olov ustida hech narsa yo’q. Xonani isitish uchun yoqilgani ma’lum.

Rauf aka ko’p dard chekkanlaridan oriqlab ketibdilar. Mushtdekkina bo’lib o’tirgan ekanlar. Bizni ko’rib o’rinlaridan turmoqchi bo’ldilar. Lekin madorlari yetmadi. Ayolim Gulchehraxon bilan o’zimiz borib ko’rishdik. Hol-ahvol so’rashganimizdan keyin bildim-ki miyalariga ozgina bo’lsa-da qon quyilgan. Chunki bir qo’llari yaxshi ishlamayotganidan va bir oyoqlari o’zlariga bo’ysunmayotganidan nolidilar. Birga choy ichdik. Kasalxonaga yotishlarini maslahat berdim, unamadilar.

Rauf aka bilan xayrlashib, jiyanlari Zulxumor va Chorsha’m Ro’zievlarnikiga bordik. Tog’asining betobligini yana eshitgan Zulxumor ertaga meni ham olib boring deb xoli jonimga qo’ymadi. Ularning aytishicha, hozir Rauf aka Angliyada yurishlari kerak edi. Ma’lum bo’ldiki, Rauf akani kasali qaytalanib safarga keta olmaganlar. Bularni ham xabardor etolmaganlar. Biz ertasi kuni yana bordik Rauf akani soch-soqollari juda o’sib ketgan edi. Demak, anchadan beri ko’chaga chiqqanlari yo’q, ertasiga sartarosh olib kelib, sochlarini, soqollarini tekislashga va’da berib xayrlashdik.

Zulxumorning jiyani Zafarbek yaxshigina sartaroshligini bilardim. U bilan ertaga Rauf akaning oldilariga birga borishni maslahatlashdik. Rauf aka o’ziga ustoz deb bilgan shoir Shukrullo akaga qo’ng’iroq qilib ahvolni tushuntirdim va kasalxonaga yotmasalar bo’lmasligini aytdim. Shukrullo aka:
– Bu yog’ini menga qo’yib bering o’zim ko’ndiraman, – dedilar.

Ko’nglim ancha tinchidi. Lekin ertasi Shukrullo aka menga qo’ng’iroq qilib:
– Raufga “tez yordam” mashinasini yuborsam, “Polvon” soqolimni oldiraman degandi, soqolni olgandan keyin boraman” – debdi. Tezda sartaroshni olib boring, – dedilar.

Men Zafarni olib endi mashinaga o’tirayotgan edim, tog’asini ko’rgani borgan Zulxumor menga qo’ng’iroq qildi:
– Polvon aka, tezroq keling, akamning ahvollari og’irlashib qoldi.

Yetib borsam tomoqlarida hirqiroq bor. Nafas olishlari qiyinlashayapti. Bildimki ish chatoq, kelishib, Rauf akamni Zulxumorlarnikiga olib boradigan bo’ldik. Bemorni ko’rgani kelgan Rustam Safoev va Zafarjon uchchalamiz Rauf akani uchinchi qavatdan pastga olib tushmoqchi bo’ldik. Rauf aka ozib jussasi kichkinagina bo’lib qolgan edi. Men ko’tarishga qancha harakat qilmay xuddi qo’limizdan chiqib sirg’alib tushib ketayotganga o’xshardilar. Bir tomonlaridan Zafarjon ushladi. Lekin baribir yurishning iloji bo’lmadi. Shoirni ham ishga soldik. U oyoqlaridan, Men va Zafar bellaridan va bo’yinlaridan qo’l o’tkazib, mashinaga olib borguncha qora terga botib ketdik. Nega bu qadar og’ir bo’lib ketganlarini shu hozirgacha tushunolmayman.

Zulxumorlarnikiga kelguncha Rauf akaning oila a’zolariga tezda yetib kelishni tayinladik. Bemorni xonadonga olib kelib yotqizishimiz bilan Shukrullo aka yuborgan “tez yordam” mashinasi ham yetib keldi. Navbatchi shifokor ayol Rauf akani obdon tekshirtirgandan so’ng meni chekkaga chaqirib:
– Tayyorgarliklaringizni ko’raveringlar, oxirgi soatlari qolgan, – dedi.

Shunga qaramay shifokor bir necha dori-darmon, ukollar qildi. Rauf akada sal o’zgarish bo’ldi. Bu orada farzandlari Shuhrat, Muqaddas, Munojot va Sevinch, suyukli rafiqasi Dilorom, shogird va do’stlaridan Chorsha’m, O’rol Sodiq, Rustam Safo va boshqalar yetib kelishgan edi. Ular Rauf aka boshlarida yig’ilishdi. Shunda men – Rauf aka farzandlaringiz, yaqinlaringiz yoningizda turibdi. Ulardan rozi bo’ling, ular ham sizdan rozi, – dedim.

Shunda bexush yotgan shoir ko’zini ochdi. O’g’li va qizlariga bir oz termulib turdi-da, yuziga tabassumga o’xshagan bir narsa zohir bo’ldi-yu, oxirgi nafasini chiqardi.

Vo darig’o, bizni ayriliqning cho’ng qayg’usiga solib buyuk insonlardan biri shoir Rauf Parfi oramizdan ketdi. Meni bir narsa o’ylantirar edi. Hali soch-soqolini kalatlatib, tekislashimizdan oldin, jon taslim qilgan marhumning soch-soqolini olsa bo’ladimi yoki yo’q?

Rauf Parfi vafoti haqidagi xabarni eshitganlar orasidan birinchilardan bo’lib yetib kelgan yozuvchi Ahmad A’zam bilan birga Toshkent shahar bosh imom xatibi Anvar qoriga qo’ng’iroq qilib, bo’lgan voqeani tushuntirdim. Anvar qori:
– Agar marhum o’limidan oldin o’zi soch-soqolini olib qo’ying degan bo’lsa, o’limidan keyin olish mumkin, – dedi.

Men suyab turdim, Zafarjon soqol-mo’ylablarini tekislab qo’ydi. To’kilgan soch qoldiqlarini yig’ishtirib olishlari uchun shoirni ko’tarib turdim. Ne ajabki endi Rauf akam tanasi qushdek yengil edi. Oldingi og’irlik va hozirgi yengillikning sababi nima?

Ruhning og’irligi shuncha bo’larmikin? Buni hali ham tushunmayman.

BIR-BIRIMIZNI «ADASH» DERDIK…
Tursunboy ADASHBOEV
Taniqli bolalar shoiri

0061964 yilning yozi. Men sirtdan o’qiganim uchun yozgi sessiya imtihonlarini topshirib, uyga qaytish uchun temir yo’l vokzalining kassasidan Toshkent-Andijon poezdiga chipta sotib olgach, do’stim Safar Barnoevni topib Labzak ko’chasining bosh qismidagi do’nglikda joylashgan kafeda gurunglashib o’tirsak adashim Tursunboy – Rauf Parfi kelib qoldi. Davra qizidi, uchta talaba ko’ngildagi chigillarni yozdik. Falsafa tarixidan dars beruvchi ustozimiz Abdulla Ayupovni esladik. Men bugun o’sha qattiqqo’l ustozning sinovidan o’tganimni aytib, ikkita “Soyaki”ga eridim. Kechki soat oltilarda uzr so’radim.

– Adash, men ham Yangiyo’lga ketaman, sizga hamroh bo’lmoqchiman, – deb qoldi Parfiy.

Safar bilan xayr-xo’shlashib, bir navi poezdga tirmashdik. Cho’ntakda shamol o’ynasa ham biz o’rin olgan kupeda gurung rosa qizidi. Safardoshlarimizning ko’pchiligi yoshlar bo’lgani uchun o’sha kezlarda juda ommalashib ketgan, Dadaxon Hasanov ijrosidagi “Laylo” qo’shig’iga ko’pchilik jo’r bo’lishardi. She’r muallifi ro’paramda jilmayib o’tirardi. Adashim o’zini tashviqot qilishni uncha xush ko’rmasdi. Men hayajonimni bosolmay kupedagilarga sirni oshkora qildim-u, baloga qoldim. O’zimiz qatori yigitlar dasturxonni qaytadan yangilashdi. Atrofimizdagilar Raufdan qo’shiq qanday sharoitda yaratilganligini bilib olishdi. Suhbatga andarmon bo’lib qaerga kelganligimizni ham bilmasdik. Bir mahal pravodnik xonalarga bosh suqib:

– Marg’ilonga tushadigan o’rtoqlar, tayyorlaninglar, – desa bo’ladimi. Rauf shoshib:
– Adash, Yangiyo’l, – dedi xijolat tortganday.

– Yaxshi bo’ldi, bir yo’la O’shni tomosha qilib qaytasiz. Bunga “Laylo” aybdor.
– Buyog’i qiziq bo’ldi-ku!..
– O’shda ham “Laylo”ning valine’matlari ko’p.

Andijondan avtobusga o’tirib O’shga yetib keldik.

Vallomat do’stlarim ko’pligi uchun ko’nglim to’q edi. Yangi hovlida bir navi yashayotgan bo’lishimizga qaramay, turmush o’rtog’im Salomatxon dasturxonni badastur qildi.

Oqshom Adashdan yashirincha adabiyotimizning fidoyilaridan biri ustoz Saidahmad Xolto’raev bilan mashhur olimimiz Habib Abdullaevning sinfdoshi Inomjon aka Saidovga qo’ng’iroq qilib, mehmon bilan uchrashuv qilsak degan taklifni aytdim. Shanba kuni ertalab Rauf bilan Sulaymon tog’iga chiqib hazrat Mirzo Bobur qurdirgan hujrani ziyorat etdik. Metar oqsoqol qur’on tilovat qildi. Soat o’n birlarda Izzat Sulton, Habib Abdullaev va Yoqubjon Shukurovlar ta’lim olgan maktabga kirib bordik. Jamoat jam, faqat adashim hayron, zimdan kaminaga qarab qo’ydi. Men odatdagiday “xotirjam bo’l” degan ma’noda ishora qildim. O’zbek tili va adabiyoti o’qituvchisi, ustoz Saidahmad aka Xolto’raev maktab jamoasiga, shoir Rauf Parfi haqida ma’lumot berib, uning “Sharq yulduzi” jurnalida bosilgan she’rlaridan namunalar o’qidi. Yosh va iqtidorli xonanda Rasuljon Urayimjonov “Laylo”ni qoyillatib ijro etdi. Adashim biroz xijolat tortganday bo’ldi. Iltimoslarga binoan yangi she’rlaridan o’qidi va bir talay savollarga javob qaytardi. So’ngra, viloyat matlubot boshqarmasi qoshidagi kitob savdosining boshlig’i, Inomjon aka Saidovning
xonadonida mehmon bo’ldik. Inomjon aka sinfdoshi Habib Abdullaev to’g’risidagi xotiralaridan so’zlab, buyuk olimning so’nggi kunlari haqida yozilgan va O’zbekiston Fanlar Akademiyasining nashriyoti tomonidan bosilgan kitobdan ikki donani bizga sovg’a qildi.

Yakshanba kuni ertalab, Shohidtepa masjidining imom xatibi, ustoz Habibiyning qadrdoni, shoir Mahjuriy domlaning uyida bo’ldik. U kishi shoir Cho’lpon bilan o’ngda uchrashib, suhbatlashgani haqida va 1945 yilda Alisher Navoiy yubileyi komissiyasining a’zosi sifatida qilgan ishlari to’g’risida so’zlab berdi. Iltimosimizga ko’ra yangi g’azallaridan namunalar o’qidi. Dushanba va seshanba kunlari adabiyotimiz muxlislari Narimon matlubot jamiyatining boshlig’i Buvajon Muhammadjonov, Novqat tumanidagi Frunze nomli kolxoz raisi Buvanazar Shonazarovlarning iltimoslariga ko’ra birga dam oldik. Seshanba kuni kechki payt shoir do’stimiz Cho’lpon Ergashning ukasi Saydullo bilan adashimni Asaka orqali poezdda kuzatdik.

* * *

1976 yilning bahori seryog’in keldi. Adirlar yashil tusga kirib, lolaqizg’aldoqlar bodrab ochildi. Shunday fayzli kunlarning birida uyimizga Shavkat Rahmon telefon qilib:
– Aka, mehmonlar bilan kelganman, sizni yo’qlashyapti, iloji bo’lsa, Qarimshoq Toshboevni ham topib keling, – deb qoldi.

Qirg’iz adabiyotining peshqadam shoirlaridan biri, sirdosh do’stim, Shavkatning tarjimoni Qarimshoqning xonadoniga qo’ng’iroq qildim. Turmush o’rtog’i Gulumxon bizni telefon bilan bog’ladi. U uzoq safardan qaytgan bo’lishiga qaramay, masalaning mohiyatiga tushundi. Qarimshoq bilan kelishilgan joyda uchrashib, Shavkatning ota joyiga – Qirariq dahasidagi xonadoniga kirib bordik. Chorpoyada o’tirgan mehmonlar bilan so’rashib, dasturxonga duo o’qilgach, toshkentlik mehmonlarni Qarimshoqqa tanishtirdim. Ular Ibrohim G’afurov, Miraziz A’zam va adashim Rauf Parfilar edi. O’sha kuni yarim tunga qadar suhbatlashib, hayrlashdik.

Ertasiga Qorasuvdagi qadrdon ukalarimdan biri, taniqli arabshunos, tarjimon Alouddin Mansurning mehmoni bo’ldik. Ertasiga O’zgan shahriga qarab yo’l oldik. Mehmonlarni shahar qurilish boshqarmasining boshlig’i nazmi ta’b inson, chin ma’nodagi kitob muxlisi Odilpolvon Rayimjonov kutayotgandi. Tanish darvozaning qo’sh qanoti ochilib Odil aka bizni yorug’ yuz bilan kutib oldi. Fotihadan so’ng, qo’chqor so’yishga izn berildi. Qarimshoq ikkovimiz yo’l-yo’lakay, toshkentliklarga Odil akaning kutubxonasi to’g’risida shipshitib qo’yganimiz bois, dastuxon yozilgunga qadar to’rt tomoni turli tillardagi noyob kitoblar bilan to’lgan xonani tomosha qildik. Mezbon kitob savdosining boshlig’i ustoz Inomjon Saidovning nomini tilga olganida Rauf boshini qimirlatib, “Habib Abdullaevning sinfdoshi” deb eslatib qo’ydi. Tamaddidan keyin shaharni, qadimiy obidalarini tomosha qildik. Oqshom Odil akaning xonadonida she’rxonlik davom etdi.

Safarimizning uchinchi kuni Qorag’ulja tumaniga shoir Qarimshoq Toshboevning ona qishlog’i Loytalasga qarab yo’lga tushdik. O’zgandan Loytalaga qadar yo’lning ikki tarafi chamanday gullagan. Ikki sohilga kimdir olov yoqib yuborganday qizg’aldoqlar yal-yal toblanardi. Bu manzara o’z navbatida mehmonlarning kayfiyatini ko’tardi. Qarimshoqning yaqin qarindoshi Sharifboy akaning xonadoni shundoqqina katta yo’lning yoqasida ekan. Kattakon hovliga temir tulporlarimizni kiritdik. Miraziz aka “Jiguli”ni ko’cha tarafga, derazaning ostiga qo’yishni lozim ko’rdi. Sharifboy akaning qiyin-qistovi ham ish bermadi. O’z navbatida men ham “Bu joy yo’lning yoqasi, bilib bo’lmaydi” deb ogohlantirdim, aka ko’nmadi. Fotihadan keyin qo’y so’yildi. Qimiz mavsumiga ertaroq bo’lgani bois Sharifboy aka tariqdan tayyorlangan bo’za keltirdi. Adashim menga zimdan qaradi. Bosh irg’adim. Asta-sekin qovurma bilan qo’sha tashkiliy tadbirlar izga tushdi. Mehmonlaring ta’bidan kelib chiqib, mezbon tubi tosh boylab ketgan qumg’onga bir litrcha bo’zadan quyib, “ertasiga ertalab ochamiz” deb biz yotadigan xonaning derazasiga qo’yib, xayrli tun tiladi. Nonushta oldidan ikkita voqeaning guvohi bo’ldik. Birinchisi Miraziz akaning “Jiguli”sidagi yon oynani loytolalik abjirlar shimo qilibdi… Sharifboy aka behudaga ogohlantirmagan ekan. Rosa kulishdik. Ikkinchisi Qarimshoq qumg’ondagi bo’zani tog’oraga ag’dargan chog’ida qizg’ish tusdagi suyuqlik qora bo’tanaga aylanib erigan toshlari bilan tusha boshladi. Qumg’onning osti yaraqlab, yengil bo’lib qolgandi. Bu o’ziga xos sinovdan barchamizga qaraganda Rauf Parfi ko’proq ta’sirlandi. Demak, xalq tabobatida bo’yrakdagi toshlarni tushirishda tariqdan tayyorlangan bo’zadan foydalanishgan ekanda…

Ertalabki nonushtani tog’lar bag’rida, tabiat qo’ynida qilishni lozim topdik. Zarur narsalarni Sharifboy akaning mashinasiga yuklab, Torim daryosining qirg’og’iga qirg’og’ida kigiz va shirdamollarni yozdik. Suhbat qizidi, mushoira boshlandi. Miraziz aka ham, Rauf va Shavkat ham o’zlarining dardli she’rlaridan o’qishdi. Qarimshoq qirg’iz xalq termalarini yod aytib, davraga fayz kiritdi. Tushdan nari Qarimshoqning og’aynisi Payzi Ismoilovning xonadonida qo’noq bo’ldik. Gurung tongga qadar davom etdi. Ertasiga Odilpolvon Rayimjonov bilan birgalikda mehmonlarni Qorasuv tumani orqali Toshkentga kuzatib qo’ydik.

Adashim bilan vafotidan to’rt oycha avval Mahmud mo’ylovning oshxonasi o’rniga qurilgan gummaxonada uchrashgandik. Do’stim Safar Barnoevdan hamshaharim Cho’lpon Ergashning manzilini so’rasam:
– Xonanishin yurtdoshingni adresini faqat Rauf biladi, – dedi-yu kulib yubordi.

Men hayron bo’lib, – nima gap, – deb Safarga yuzlandim.
– Ana Raufning o’zi kelayapti, Xizrni yo’qlasak ham bo’larkan, – deya javob qaytardi Barnoev.

Hol-ahvol so’rashgach, Raufga Cho’lponning ukasi Saydullo ikkita o’g’lini uylayapti, taklifnomani shoirga yetkazishim zarurligini aytdim. Adashim, Safar va men taksiga o’tirib G’afur G’ulom bog’iga qarab ketdik. Adashimning iltimosi bilan mashinaga ruxsat berdik. U yo’lning o’ng tarafidagi besh qavatli binoni ko’rsatib, shoir to’rtinchi qavatda turajagini aytdi. Va’daga binoan Safar ikkovi meni bekatda kutadigan bo’lishdi. Mashrab Boboev bilan Rauf Parfi barchamizdan ko’ra, Cho’lponning fe’lini yaxshiroq bilishardi. Shuning uchun ham Rauf uning domiga meni boshlab bormadi. Nihoyat hamshahrimni xonadonidan topib, ukasining iltimosini o’z vaqtida bajarganim uchun ko’nglim yorishdi. Izimga qaytgach, yo’l-yo’lakay uchchovimiz tamaddi qildik. Asli ismi Tursunboy bo’lgan adashim, zamonamizning ulkan shoiri Rauf Parfi bilan oxirgi uchrashuvim shunday kechgan edi.

ISTAGANIDAY YASHASH BAXTI
Qozoqboy YO’LDOSH
Pedagogika fanlari doktori

Umrimning katta qismi boshkentdan uzoqroqdagi qishloqda kechgani uchun ko’pchilik ijodkorlarning asarlari bilan oldin, o’zlari bilan keyin tanishganman. Rauf Parfi bilan esa aksincha bo’lgan. Adashmasam, 1984 yilning kech kuzi yoki erta ko’klami edi. Ustozim professor Akram Kattabekov qiz chiqardi. Guliston shahrida bo’lgan bu to’yga biz G’affor Abdurahimov bilan bordik. Toshkentdan ham ko’p mehmonlar kelishgan bo’lib, ularning asosiy qismi Zohir A’lam, Safar Barnoev, Ortiqboy Abdullaev, Baxtiyor Nazarov va yana men otlarini bilmaydigan olimu yozuvchilardan iborat ekan.

O’sha vaqtlar men “Krasnaya zarya” (nomni qarang?) deb atalgan kolxozda partkom kotibi bo’lib ishlayman, G’affor aka esa shu kolxoz raisi. Usta tashkilotchi, ekinchilik bobida tengsiz bilimga ega bo’lgan rais bobo toshkentlik mehmonlarning deyarli hammasi bilan tanish ekan. Shu yerda ma’lum bo’ldiki, G’affor aka mehmonlarning aksariyati bilan birga, ayrimlari bilan oldinma-keyin o’qigan jurnalist ekan.

Qo’noqlar orasidagi o’siq oq sochlari yelkasiga tushgan, tortinib, o’zini qanday tutishni bilmay, begonasirab turganga o’xshash chog’roq gavdali bejirim qoracha kishi e’tiborimni tortdi. Gurung asnosida u kishining shoir Rauf Parfi ekani ma’lum bo’ldi. Rauf Parfi, garchi, ijodkorlar davrasida juda mashhur bo’lsa ham, oddiy o’qirmanlar o’rtasida deyarli tanilmagan edi. Men ham, kasbim filolog bo’lishiga qaramay, o’shanday adabiy iste’molchilardan biri sifatida Rauf Parfi she’rlarini yoqtirmasdim. Shoirning bitganlari menga atay qilingan injiqlikka o’xshab tuyulardi. Biz she’rning ham protokol yoki qarorlar kabi birma’noli va tushunarli bo’lishiga o’rgangan edik. Bizning badiiy didim jo’n bo’lib, nozik ishora va ingichka kechimlar aks etgan bitiklarni payqash va ulardan ta’sirlanishga tayyor emasdi. Ko’pchilik qatori meni ham asosan siyosatga qilingan ishoralar qiziqtirardi. Ko’ngilning nozik tovlanishlari, kechinmalarning chigalligi, sezimlarning mubhamligi kabi jihatlar aks etgan bitiklar qimmatini anglay olmasdim, shekilli.

Biz yonma-yon o’tirib qoldik. Aytgancha, to’y hozirgiday to’yxona yoki hovlida emas, domlaning uchinchi qavatdagi uylarida o’tdi. Shu to’y bahona shoir shaxsini bir qadar anglaganday bo’ldim. Yoki uni anglash sari bir necha qadam tashlandi, chamasi. Shu kundan e’tiboran, Rauf Parfi ancha yillar davomida menga eng kuchli ta’sir ko’rsata oladigan yaqin odamga aylandi.

Shoir shaxsiyatidagi joziba va o’ziga xoslik meni uning bitganlariga ham o’zgacha nazar bilan qarashga undadi. Rauf Parf she’rlarini izlab o’qiydigan, o’qiganlarimni tushunishga, men ko’nikmagan bu g’alati bitiklar zamiridagi ma’noni anglashga intiladigan bo’ldim. Shunda bildimki, badiiy asarni idrok etishda ilk taassurot hamisha ham to’g’ri bo’lavermas ekan.

Rauf Parfi she’rlarining o’ziga xosligi shaxsiyatining betakrorligi natijasi edi. Shoirning bitganlarini maza qilib o’qib bo’lmasdi. Ular bilan tanishish chinakam mehnat edi va shu zahmat asnosida anglab yetilgan fikr yoki tuyilgan tuyg’u o’qirmanga aslo unutilmaydigan bo’lib o’rnashib qolardi…

Rauf Parfi bilan 1988 yildan e’tiboran tez-tez ko’rishib turadigan bo’ldik. Men bu vaqtga kelib Guliston universitetida ishlar va shoirni ishxonamizda o’tkaziladigan turli adabiy tadbirlarga chorlab turardim. 1988 yilning 21 martida “Boshlang’ich ta’lim” fakulteti talabalari bilan Yilboshi ? Navro’z bayramini nishonlaydigan bo’ldik. Yig’inga Rauf Parfni qatnashtirish uchun Toshkentga dekan o’rinbosari Mamatkarim aka (Alloh rahmat qilgan bo’lsin)ning yangi “Jiguli”sida keldik. Ustani (sirdaryoliklar Rauf Parfini shunday atashardi) uyushma atrofidagi qahvaxonalardan biridan topganimizda yomg’ir tomchilayotgandi. Biz yo’lga tushguncha yomg’ir jalaga aylanib, chelaklab quya boshladi.

Yo’l-yo’lakay bir-ikki to’xtadik va shu asnoda ich-ichimizga qadar yomg’ir o’tib, kiyimlarimiz jiqqa ho’l bo’ldi. Bu holda talabalar oldiga chiqib bo’lmasdi. Shu bois biznikiga ? Guliston tumani markazi Dehqonobod qishlog’iga borib, kiyim almashtiradigan bo’ldik. Rauf Parfi mening o’ziga unchalik loyiq bo’lmagan kiyimlarimni kiyib, g’alati bir ko’rinishga kirdi. O’sha yillarda hamma, ayniqsa, talaba yoshlar o’tli haq so’zga tashna edi. Shoir qator otashin she’rlarini o’qidi. U she’rni juda sokin o’qir, lekin bu sokinlik zamirida doim isyon va norozilik bo’lardi. Kiyimlarining unchalik kelishmaganiga qaramay, R. Parfi she’rlari talabalarga kuchli ta’sir qildi.

1989 yilning 14 fevralida o’tgan yana bir uchrashuv esimdan chiqmaydi. Kursdoshim, hozirgi Sardoba tumanidagi 5- maktab o’qituvchisi Ollayor Omonov o’zi ishlayotgan maktabda Rauf Parfi bilan uchrashuv o’tkazadigan bo’lib, shoirni olib kelishni menga topshirdi. 14 fevral erta saharda Ollayor sovxozdan butun boshli bir avtobusni olib, biznikiga keldi. Katta bir ulovda ikkovlon Toshkentga jo’nadik.

Shoir oldindan kelishib qo’yilgan vaqtda kelishilgan joyga kelmadi. O’sha paytlar Usta Diloromxon bilan “G’uncha” kinoteatrining orqasidagi ko’pqavatli uylardan birida turardi. Qo’ng’iroq qilib aniqlasam, shoirga Diloromdan javob tegmay turgan ekan. Ustaning hech qanday qolipga tushmaydigan sayru sayyohatlaridan bezor bo’lgan Diloromxon ishga borish o’rniga turli-tuman yurishlarga vaqt sarflaydigan xo’jasiga ruxsat bermayotgan ekan. Uylariga borib, sirdaryoliklar nomidan elchilik qilishimga to’g’ri keldi. Uchrashuvning nihoyatda zarurligini, odamlar aytib qo’yilganini va yana ming xil boshqa sabablarni ro’kach qilib, oxiri Diloromni “yumshatdik”. Shoirga javob tegdi. Eshikdan chiqib olgach shoir: “Yashasin ozodlik! Zolim xotin oldiga uch kunsiz kelish yo’q!”- deya qichqirdi. Uning bu g’uborsiz haziliga Dilorom ham, biz ham kuldik.

Yo’l-yo’lakay, Abdumajid degan shoir yigit, Alisher otli hofiz bola olindi va butun boshli katta bir avtobusda besh kishi cho’ldagi 5- maktabga keldik. Shoirlar she’r o’qishdi, hofiz qo’shiq kuyladi, men bugungi o’zbek adabiyoti va unda Rauf Parfi ijodining o’rni haqida gapirdim. Uchrashuv qizg’in o’tdi. O’quvchilar savollar berishdi. Nimagadir, savollarning ko’pi menga qaratildi. Uchrashuvdan so’ng dastxat yozdirishda ham o’quvchilar shoirga emas, mening oldimga kelaverishdi. Nega bunday qilayotganlarini sekin o’zlaridan so’rasam: “Rauf Parfi siz emasmi? Axir shoirni soqolli deb aytishgandi-ku?!”- deyishdi. O’sha vaqlarda men soqol qo’ygandim, Rauf aka esa onalarining qistovi bilan soqol-mo’ylovni oldirgan ekan. Bu hol o’quvchilarni chalg’itibdi.

Uchrashuv yaxshi-ku, lekin undan qaytish doim ham borishday bo’lavermaydi. Bu safar ham shunday bo’ldi. Kechgacha davom etgan uchrashuvdan so’ng ulov bo’lmaganidan Ollayornikida tunab qoldik. Ertasiga biznikiga kelib, ikki kun jo’ralar davrasida bo’ldik. To’rtinchi kun Rauf Parfiga “rahbarlik qilib”, ya’ni shoirni Toshkentga yetadigan mablag’ bilan ta’minlab, ishga ketdim. Ertasiga kimdandir eshitib qoldimki, Rauf aka hamon Gulistonda emish. Bu gapga ishonmay, ustozni kuzatib qo’yishi lozim bo’lgan shoir Rustam Eminga qo’ng’iroq qilsam, Usta yo’lkiraning hammasini qandaydir bir tilanchiga bergani uchun ketolmay qolganini aytdi.

1993 yilda Rauf Parfi 50 yoshga to’lishi kerak edi. Biz sirdaryolik bir to’p muxlislar shoirning yubileyini o’tkazmoqchi bo’ldik. Universitetning o’sha vaqtdagi rahbariyati negadir shoirning yubileyi bu dargohda o’tkazilishini xohlashmadi. Shu bois o’zim yashaydigan Guliston tumanida bo’lsa-da, shoirning yubiley tantanalarini o’tkazmoqchi bo’ldik. U mahallar tuman ta’lim bo’limini Yoqubjon Madaminov degan o’ta nazokatli oydin bir shaxs boshqarardi. Tuman hokimining o’rinbosari esa Saidmahmud Usmonov otlig’ g’oyat o’qimishli, o’z gapiga egalik qiladigan kishi edi. Ularning madadi va bevosita ishtiroki bilan tuman markazidagi 1- maktab hamda 9- hunar-texnika bilim yurtida yubiley tadbirlari o’tkaziladigan bo’ldi.

Bilim yurtining Orol Miltiqboev otliq vallomat direktori yubileyga bog’liq barcha chiqimlarni bo’yniga olib, shoir Rustam Eminni Rauf Parfi va sheriklarini olib kelishga jo’natdi. Bizning shoir bilan kelishuvimizga ko’ra Toshkentdan o’n bir odam kelishi kerak edi. Ehtimol, shoirning tashkiliy beparvoligi yoxud kamtarligi sababdir yubiley tadbirlariga Toshkentdan Naim Karimov, Botirxon Akramov va o’zigina kelishdi. Shoir ijodini g’oyat puxta biladigan va nozik tushunadigan bu ikki olim, albatta, ko’plarning o’rnini bosa olardi. Ularni nomlari yuqorida tilga olingan tuman kattalari bilan birga kutib oldik. U paytlar odamlarda mashina kam, borlarining bir qismi esa egalarining yonilg’i olish imkoniyati yo’qligi sababli yurmasdi. Shuni hisobga olib tadbirlar salobatliroq o’tishi uchun “Volga”si bilan xizmatga chaqirilgan oqqo’rg’onlik Sobir jiyan ham yetib kelgandi. Toshkentlik mehmonlarning shu mashinada yurishlari ko’zda tutilgan edi.

Yubiley tadbirlarining birinchi kuni kechga sirdaryolik jo’shqin inson va nozikta’b adabiyot muhibi, g’azalnavis Xayrulla Sulaymonning qishlog’ida bir uchrashuv belgilangan edi. Yoshi kattaroq kishilar yaxshi eslashadi, o’sha yillar xalq ancha moddiy qiyinchilikda hayot kechirardi. Buning aytayotganimning sababi uchrashuv o’tishi mo’ljallangan klub yonida do’kon ham bor ekan. Va boshqa vaqt quriganday o’sha kun, o’sha paytda do’konga un keltirilgan ekan. Ehtimol, bu bir tasodifdir. Balki, qaysidir bir “hushyor” sho’ro amaldorining klubga odam yig’ilmasligi uchun qilgan hiylasidir. Ochiq aytish kerak: u yillarda un juda taqchil edi. Odamlar xuddi urush davrlarida bo’lgani kabi boshoq terishga majbur bo’lib qolishgandi.

Xullas, aytilgan paytga Toshkentdan N. Karimov, B. Akramov, R. Parfi, Gulistondan A. Quljonov, A. Kattabekov, U. O’ljaboev, B. To’ychiboev singari adabiyotshunos olimlar, biz bir o’n choqli mezbonlar bordik. Klubda Xayrullaning kichik o’g’li Chingizning to’rt-besh o’smir jo’ralaridan boshqa hech kim yo’q. Uchrashuv o’tkazadiganlar uchrashadiganlardan ancha ko’pmiz. “Qo’qoni” qishloqning erkagu ayol butun aholisi biror qop unga ega bo’lish uchun do’kon atrofida borayotgan hayot-mamot “jang”ida. Bu yoqimsiz holatni batafsil tasvirlayotganimning sababi shundaki, masala “non yo she’r” tarzida qo’yiladigan bo’lsa, u kamdan-kam hollardagina keyingisining foydasiga hal bo’lishini aytish va shoirlarga hech qachon oson bo’lmasligini ta’kidlashdan iborat edi.

Oradan bir-bir yarim soatlar o’tib, birovga yetib, birovga yetmay, un ham tugadi. Klub odamga to’lib ketdi. Kelgan olimlarning hammasi so’zga chiqishdi, shoir to’rt-besh she’rini o’qib berdi. Shu o’rinda aytishim kerakki, Rauf aka deyarli hech qachon o’z she’rlarini yoddan o’qimasdi. Chamasi, she’rlarini yoddan o’qish unga nokamtarlikday, o’z she’rlariga mahliyolikday tuyulardi. Lekin doim ham uning bosinqi ovozda bir maromda she’r o’qishi tinglovchilarni rom etardi. Uchrashuv davomida shoirga ancha savollar tushdi. Rauf Parfi ularga o’ziga xos kinoyali yumor bilan javob berdi. Javob asnosida, o’zi aytmoqchi, bir necha marta “xol qo’ydi”.

Ertasiga 15 aprel kuni tushgacha 1- maktabda, tushdan so’ng 9- bilim yurtida uchrashuv bo’lib o’tdi. Garchi uchrashuv tuman miqyosida o’tkazilgan bo’lsada, amalda viloyat darajasida bo’ldi. Negaki, Rauf Parfi nomini eshitgan muxlislar viloyatning eng olis burchaklaridan ham kelishgandi. Guliston DUning filolog talabalari-ku deyarli yoppasiga shu yerda bo’lishdi. Uch yuz kishilik zalga odam sig’may ketdi. Ko’pchilik butun tadbirni tik oyoqda o’tkazgan bo’lishiga qaramay, hech kim hech kimdan yozg’irmadi. Yubiley munosabati bilan shoirning yaxshi ko’rgan inisi, talantli rassom Ilhom Usmonning rasmlari ko’rgazmasi o’tkazildi. Tadbirdan so’ng Sirdaryo bo’yiga chiqildi. Tinimsiz yog’ib turgan ko’klam yomg’iri ostida ulug’ daryoning mavjlanib oqishiga mos tarzda she’rxonlik qilindi. Lekin she’rni ko’proq mezbonlar o’qishdi.

Yubiley tadbirida hokim o’rinbosari Saidmahmud Usmonov qatnashib, shoirga to’n kiydirdi. Yoqubjon aka tadbirning boshidan oxirigacha yonimizda bo’ldi. Shularga qarab, lavozimdorlarning ham har xili bo’lishini, ularning orasida odamshavandalari ham borligini ilk bor ko’nglimdan o’tkazganman. Shunday qilib, rasmiy tantanayu yig’inlarga beparvo, har qanday maqtovga o’ziga xos kinoya bilan tepadan qaraydigan shoir Rauf Parfining bir tuman doirasida o’tkazilgan yubileyi qatnashganlarning ko’ngliga yorug’ nur olib kirgan edi.

Rauf aka she’rlaridan ham ko’ra betakror shaxsiyati bilan chinakam xalq shoiri edi. U tom ma’noda xalq bilan va xalqning ichida edi. Deyarli barcha odamlar uchun Vatan o’z uyining bo’sag’asidan boshlansa, uyi, shu sabab bo’sag’asi ham bo’lmagan Rauf Parfi uchun Vatan to’g’ridan to’g’ri ko’ngildan boshlanardi. Shu bois shoirni ko’pchilik qattiq yaxshi ko’rardi. Vaqtini aniq aytolmayman, lekin 90- yillarning boshida edi. Yosh shoir To’ra Mirzo Yozuvchilar uyushmasi qoshidagi Targ’ibot markaziga boshliq edi. U intizomga bo’ysunishni istamagani tufayli deyarli doim ishsiz yuradigan Rauf Parfini markazning Bosh muharriri lavozimiga tayinlagan edi. R. Parfi faqat bir shartga amal qilishi, ya’ni ishga bormasligi(!) kerak edi. Negaki, shoir ishga borguday bo’lsa, orqasidan ergashib yuradigan muxlislari ishxonani ham maishatxonaga aylantirib yuborishlari mumkin edi. Bu esa, tabiiyki, boshqalarga, ayniqsa, kattalarga yoqmasdi.

Kunlarning birida ertalab bir necha sirdaryolik yig’ilishib, Ustaning ziyoratiga keldik. Bu chog’lar u kishi Beruniy metrosi atrofidagi kimningdir uyida yolg’iz yashardi. Bizning o’zimizga yarasha tayyorgarligimiz bor edi, albatta. Ziyofat, R. Parfi ta’biri bilan aytganda, “kurash” uzoq davom etdi. Va doimgiday biz olib kelgan “qurol”lar tugab qoldi. Chunki Ustaning atrofida hisobda bo’lmagan, ko’zda tutilmaydigan odamlar hamisha juda ko’p bo’lardi. Hamon tushunolmayman: ular shoirni ta’minlarmidi yoxud aksincha?! Xullas, bir vaqt Usta telefonni olib Yozuvchilar uyushmasidagi boshlig’iga qo’ng’iroq qildi:
— To’rajon, bu yerda xalq och o’tiribdi va u o’zining haqini talab qilyapti! Oylik uch kun oldin berilishi kerak edi!

Simning naryog’ida nima deyilganini bilmayman. Chamasi, hozir bankda pul yo’q. Sabr qilib tursangiz erta-indin oyligingizni berdirib yuboraman deyilgan bo’lsa kerak.
— Bunaqasi ketmaydi, To’rabek! YO bugunoq oylikni jo’natasiz yoki men hoziroq ishga boraman,- deb po’pisa qildi shoir.

Boshlig’i pulni jo’nataman deb va’da qildi, shekilli, shoir tinchlanib, bazmni davom ettirdi. Biz turib ketdik, shu bois oxiri nima bo’lganini bilmayman. Lekin mana shu kichik lavha Rauf Parfining muxlislari orasida obro’si qanchalik kattaligini, uning injiqliklari yaqinlari tomonidan hech bir malolsiz qabul qilinishini ko’rsatadi. Xalq o’z shoirining erkaligini shunday qilib ko’tarardi.

Bozor munosabatlari jamiyat hayotigagina emas, balki odamlarning ko’ngil olamiga ham kirib borgan sharoitda yurak xohishlariga muvofiq yashashga uringan kishining tirikchiligi qiyin kechishi tabiiy. Tonig’mizki, Rauf Parfi moddiy ma’noda anchagina yupun yashadi. Unda egalik qilinadigan hech qanday mulk, javobgarlik talab etiladigan biror lavozim bo’lmadi. Ma’lumki, egalik mas’ullikni talab etadi. Har qanday mas’uliyat esa qaysidir ma’noda shaxsga o’tkazilgan zug’umdir. Rauf Parfi zug’umga chidashni istamasdi. Shu bois u o’z erkidan iborat mulkka egalik qilish bilangina qanoatlana bildi. Shu sabab hech qanday majburiyatni bo’yniga olmay, mas’uliyat va cheklovlar bilan hisoblashmay, ko’ngli istaganiday yashashning uddasidan chiqdi. Bu esa shaxsning baxtiyorligi belgisidir.

2012 yil 23 noyabr-2013 yil 2 yanvar

SABR DARAXTI
Yo’ldosh SOLIJONOV
Filologiya fanlari doktori

Yo’q, bu nom bilan men Rauf Parfining 1986 yilda nashr qilingan “Sabr daraxti” kitobini esga olayotganim yo’q va uni tahlil qilmoqchi ham emasman. Sababi, Rauf Parfi deganda mening ko’z o’ngimda har doim davrning dovulu shamollariga matonat bilan bardosh berib, chayir tanasidagi qonli yaralarini yashirib yashayotgan, quyoshga intilib shoxlari tarvaqaylab ketgan ulkan sabr daraxti gavdalanishidadir. Aslida bu kitobda ham, boshqa to’plamlarida ham shu nomda she’r uchramaydi. Yolg’on bo’lmasin, ushbu kitobning oxirgi bo’limi “Sabr daraxti” (1982) deb atalgan. Rauf uchun sabr daraxti bu “qutlug’ Turkiston” edi. Shoir nazarida Ona Turkiston ko’p asrlar davomida turli bosqinchilarga qarshi mardona kurashib, goh ularning iflos oyog’i ostida xazondek ezilib ingragan, goh qaddini ko’tarib, ozodlikning “Naqadar uzun” va og’ir yo’lidan yurib sabr-toqat bilan erkinlikni kutayotgan daraxt edi. Shoir butun ijodi mobaynida o’zining “Do’stim, dilda ne bor so’zlayman senga” degan satrlariga amal qilib yashadi va rost so’zini aytib ketdi.

003Rauf Parfi asli vodillik bo’lgani uchun Farg’onaga ko’p kelardi. U hamma bilan do’stlashar, kirishib keta olardi. U kelganida Farg’onada, men borganimda Toshkentda uchrashib turardik. Raufning biron joyda mondali ishlaganini eslolmayman. Sho’ro davrida ishlamay yurish mumkin bo’lmagani uchun nomigagina biron nashriyot ro’yxatidan o’tib qo’yardi-yu, o’zi ko’pincha yo do’stlari bilan ulfatchilikka yoki qishloqlarga chiqib ketardi. Qachon “Qaerdan topamiz Sizni” deb so’rasak, har doim “O’sha ishxonamdan” derdi. Bilganlar uning “ishxonasi” sobiq inqilob (hozirgi Amir Temur) xiyobonidagi pivaxona ekanligini eslashsa kerak (bu yerlar buzilib ketgandan keyin uning “ishxona”si Navoiy ko’chasi 30-uy yonidagi oshxonaga ko’chdi).

Shukurki, Raufning bunday qiliqlarini to’g’ri tushunadigan, uni ehtiyot qiladigan ustozlari, do’stlari ko’p edi. Masalan, men uning nashriyotda ishlagan paytlarida rahbarlik qilgan ulkan shoir va adib Hamid G’ulomdan minnatdor bo’lib “Hamid aka ulug’ inson. Meni chaqirib, kelsang—kelmasang, do’ppingni stolga qo’yib qo’y. Ehtiyot bo’l, ko’p ichma, ko’proq yozgin derdi” degan gapini ko’p eslayman.

Rauf erkinlikni juda yaxshi ko’rardi. Bir gal kelganida men uni o’zimning bir xonalik ish kabinetimga olib bordim-da, “Mana shu xona Sizga, Raufjon. Xohlagancha turaverasiz” dedim. Xonaga kirib, atrofga qaradi, kitoblarimni, ish stolini ko’rdi-da, quvonib ketdi: “Shu xona mengami, do’stim? Rostdanmi? Oh, ozodlik, bormisan!” dedi qo’llarini ikki yonga ko’tarib. Bu yerda u bir haftadan ortiq yashadi. Raufjonning birovga og’iri tushmasdi. Juda kam ovqatlanar,unga bir shisha arog’-u, uch-to’rt burda qotgan non – yetarli edi. Ortiqcha hashamlarga, hadeb mulozamat qilaverishga yo’l qo’ymasdi. Shuning uchun uni ko’p bezovta qilavermasdim, ishdan kelib bir xabar olardim-da, kechki payt ovqatlanishga taklif qilardim xolos.

Yangi asr boshlarida Toshkentga borganimda uni izlab nashriyotga kirdim. Ko’pchilikdan so’radim, uning qaerdaligini hech kim bilmaydi. Oxiri shoira Farida Afro’z orqamdan chiqib, “Hech kimga aytmagin devdilar, siz atay Farg’onadan kelibsiz. Keyin eshitsalar hafa bo’ladilar. Ustoz Do’rmonda” dedi. Xursand bo’lib, Do’rmon ijod uyiga yo’l oldim. Ikkinchi qavatda yashayotgan ekan. Eshikni taqillatsam, ichkaridan “Kim u, yaxshi odam bo’lsangiz, kiravering. Eshik ochiq” degan ovoz keldi. Men ham hazillashib: “Bu men, pochtal`on Pechkin. Sizga telegramma bor!” deya eshikni ochdim. Ko’riboq o’rnidan turib ketdi va quchog’ini katta ochib, “O, do’stim, bormisiz? Shu yerga ham topib keldingizmi?” deb xursand bo’ldi.

Xonadagi ish stoli turli qog’ozlar bilan to’la, bir chetida yozuv mashinkasi. Kichkina tumbochka ustida esa yarimlagan shisha, uch-to’rt burda non. Rauf darhol shishani qo’lga oldi. Uning niyatini tushundim-da, “To’xtang, shoir! Hali erta, oz-moz gaplashaylik. Keyin… ” dedim. Biroz suhbatlashib o’tirdik. Aytishicha, bir necha kundan beri shu yerda yashab, “Saylanma”ni nashrga tayyorlash ustida ishlayotgan ekan. “Hech ko’nglim to’lmayapti. Saylanmaga kiritadigan she’rlarim yo’q ekan!” desa bo’ladimi? Hayron qoldim va unga taskin bergan bo’ldim. U o’z ijodiga nisbatan talabchan shoir edi, o’zining yozganlaridan hecham qoniqmasdi. Ehtimol, shuning uchun ham tirikligida “Saylanma” kitobini tayyorlamagandir?

Rauf Parfi bag’ri keng, hazilkash yigit bo’lib, har doim ham suhbatiga kulib, tabassum bilan muomala qilardi. Rauf qalamiga mansub she’rlarning ko’pi ijodkorlar taqdiriga bag’ishlangan. Chunki uning nazarida “Faqat shoir haqli baxtsiz bo’lmoqqa…” Rauf Parfi ham o’z baxtidan kechib xalqining baxtli bo’lishini istagan shoirlar toifasidan edi. Shuning uchun uning nomi xalq xotirasidan hech qachon o’chmaydi.

BETIMSOL RAUF PARFI
Nurulloh OSTON
O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi

Yaxshi odamdan yaxshi xotira qoladi. Yaxshi shoirdan yaxshi she’r qoladi. Yaxshi shoir va yaxshi ustozdan she’r va mehr qoladi. Rauf Parfi ana shunday, yoshlarning she’ru shuuri, ijodkorlar g’ururi, darvishlar piri, xullas, bag’ri osmonday keng va musaffo ulug’ shoir edi. Hamma ijodkorlar gulga talpingan asalariday unga talpinishardi, sababi, Rauf aka ularning yoshi katta-kichikligidan qat’iy nazar, hammaga bir xil, samimiy munosabatda bo’lardi.

Uning ijodida mushtaraklik, zuhurida injalik, injiqlik, nozik qochirim, hozirjavoblik, haqiqatni hazilga o’rab yetkazish xislatlari mujassam edi. Shu boisdan jiddiy odamlar, jiddiy shoirlar Rauf aka bilan duchlashib qolguday bo’lishsa, beixtiyor uning izmiga tushib, ta’siriga berilib, jiddiylikni ham unutib qo’yishardi.

-Dunyoqarashlar qanday? — deb qo’yardi Rauf aka birov bilan so’rashganida.

70-yillarning boshlarida she’riyat maydoniga otilib chiqqan yosh ijodkorlar Rauf akaning atrofiga jipslashgan edi. Goh yosh shoirlarning ijara uyida, goh Hadra «yarmarkasi»dagi «Rauf akaning ishxonasi» deb nom olgan choyxonada har kuni ehtirosli she’rxonliklar, samimiy bahslashuvlar yarim tungacha davom etardi.

O’sha paytda «to’g’on boshida» bo’lgan, ya’ni, gazeta-jurnal, nashriyotlarga rahbarlik qilayotgan «katta avlod» vakillari yosh shoirlarning she’rlarini deyarli chop qilishmasdi. Sababi, «katta avlod» vakillari ko’ngliga yosh avlod she’riyatidagi ohangdorlik, rangdorlik, shiddat va jozibadorlik sifatlari hech o’tirishmasdi. Ular yoshlar ham xuddi o’zlariday sho’ro mafkurasi nuqtai-nazaridan fikrlashlarini, o’zlariday «ijod» qilishlarini, ulardan «balandroq» yozmasliklarini istashardi. Lekin bu «istehkom»ni allaqachon Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Omon Matchon, Rauf Parfilar buzib o’tgan va o’zbek she’riyatidagi ana shu isyonkorlik tufayli zamon, davr, taraqqiyot yosh shoirlarga o’z so’zini aytish, o’z shijoatini, fikr va tasavvur cheksizligini namoyon qilish imkonini bergan edi.

Ular ichida Rauf Parfi juda hammabop, shoirparvar bo’lganligi uchun yosh shoirlar uning atrofida bo’lishga intilishardi. Chunki Rauf aka ularning har birini puf-puflab, avaylab, she’rlarini mehr bilan tinglab, yanada baland parvozlarga qanotlantirardi. Ana shu tufayli Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron, Yo’ldosh Eshbek, Azim Suyun kabi shoirlar ijodi she’riyatni chegaralab qo’yadigan barcha to’siqlarni yengib, sindirib, o’z sehrini, go’zalligini, jozibasini bor bo’yicha namoyon qildi. Va bugungi she’riyat, hozirgi yoshlar ijodi, ularning yuksak .badiiy saviyasi, ranglar jilosi, beqiyos tasavvur og’ushidagi ohanglar aynan Rauf Parfi maktabining hosilasidir. Lekin asosiy gap bu ham emas. Asosiy gap – yangi avlod shoirlari sho’ro istibdodiga qarshi o’z so’zini aytishga o’rgandi, Vatan ozodligi haqida qo’rqmasdan, hayiqmasdan yoza boshladi. Cho’lpon, Amin Umariy, Botu singari ulug’larimiz ijodida aks etgan dard, Vatanni ozod ko’rish orzusida yozilgan go’zal she’rlar yangi sifat bosqichi kasb etib, yangi davrning shijoatli shoirlari ijodida aks eta boshladi, Hurriyatning sarin sabolari ana shu davrda xalqni uyg’otdi.

Rauf aka bir kuni menga tanbeh berib qoldi.
-Nurullo, nega she’rlaringizni to’liq qofiyalamaysiz? O’zim qofiyaga solib beraymi?-dedi.

Haqiqatdan ham menda har misra she’rning ikkinchi va to’rtinchi qatorlarini qofiyalash odat tusiga kirib qolgan edi. Chunki bunda fikr izchilligi oshadi va o’quvchining she’rni hazm qilishi osonlashadi, deb hisoblardim. Rauf akaning tanbehidan keyin she’rlarimni to’liq qofiyalaydigan bo’ldim, lekin hozir ham she’rning to’liq qofiyaga bo’ysundirilishi fikr izchilligini chegaralayotganday tuyuladi.

Respublika radiosida ishlayotgan kezlarimda birorta voqeiy sanaga bag’ishlab o’n besh kun oldin she’r yozib, «O’zbekiston madaniyati» (hozirgi «O’zbekiston adabiyoti va san’ati») gazetasiga olib borib berardim. U yerda bosh muharrir o’rinbosari bo’lib ishlayotgan Ibrohim G’afurov yoki Abduqahhor Ibrohimov she’rimni olib qolib, o’sha sana munosabati bilan gazetaning birinchi sahifasiga berib yuborardi. Ana shunday she’rlardan biri – Sho’ro davrida har yili aprel oyida bo’lib o’tadigan «qizil shanbalik»ka bag’ishlangan bo’lib, shu she’r gazetaning birinchi sahifasida chop qilindi. She’rning oxiri shunday yakunlanardi:

Bizlar uchun yotdir o’rlik, tanballik,
Har kunimiz bo’lsin qizil shanbalik!

O’sha paytlarda Rauf aka TTZda istiqomat qilardi, biz shoir do’stim Ochil Tohir bilan ishdan keyin Rauf akaning uyiga o’tdik. Ustoznikida bir davra shoirlar o’tirishgan ekan, Rauf aka kelishimiz bilan darrov meni «nishon»ga oldi:

-Nurullo, «O’zbekiston madaniyati»da «qizil shanbalik» degan she’ringiz chiqibdimi? O’xshashlikni qarang, sizning shanbaligingiz ham qizil, mening ishtonim ham qizil, — deya qizg’ishrang ishtonini ko’z-ko’z qilib, hammani kuldirdi. Keyin menga jiddiy qarab: — Bunaqa she’rlarni yozmang. Qizil imperiyaning soxta o’yinlari bizning qadriyatlarimizga to’g’ri kelmaydi,-dedi.

Yana bir o’tirishda Rauf aka she’rlarimni o’qib turib:
-Nurullo, she’rlaringizga «Nurullo Doston» deb imzo qo’ysangiz, qanday bo’ladi?-deb qoldi.

-Bo’lmaydi,-dedim men hazillashib. — Otam ikkinchi jahon urushida Moskva ostonalarida jang qilgan, shundan «Ostankino» paydo bo’lgan, qolaversa, «Aston Villa» futbol komandasi ham otamning ismi bilan ataladi…

Oradan yillar o’tib, Rauf akaning yilida, ma’rakasidan keyin shoir do’stim Chorsham Ro’zievning xonadonida shoir Jamol Sirojiddin bilan o’tirganimizda Tursunali polvon mendan:
-Nurullo, nega siz she’rlaringizga imzo qo’yganingizda ismingizni to’liq yozmaysiz?-deb so’rab qoldi.-Sizning ismingiz «nuri Olloh», shuning uchun Nurulloh deb yozishingiz kerak.

-Unda bir paytlar Rauf aka «she’rlaringga «Doston» deb imzo qo’y», degan edilar, bu yog’i qanday bo’ladi?-dedim.
-Rauf akadan keyin men uning qo’lini olganman. Qani omin! — hamma duoga qo’l ochdi. — Bugundan boshlab siz Nurulloh Dostonsiz, Ollohu akbar!

Ana shunday qilib, men anchagacha «Nurulloh Doston» bo’lib qoldim, bu ham Rauf aka menga taklif qilgan taxallusning muxtasar yakuni edi.

Biz Chorsham, Abdunabi Boyqo’ziev, G’ulom Fathiddin, Jamol Sirojiddin, Yahyo Tog’a Rauf Parfining ijoddan boshqa hech narsani tan olmaydigan va ustun qo’ymaydigan shogirdlari edik va shunga sodiq bo’lib qoldik.

Rauf Parfi ijodi birgina o’zbek badiiy adabiyotida emas, balki turkiy xalqlar badiiy adabiyotida alohida ijtimoiy hodisa, istibdodga isyon, turkiy xalqlar ozodligi uchun kurashga yo’g’rilgan adabiy jarayon va qolaversa, o’zbek she’riyatining yuksalishiga hissa qo’shgan bir maktab sifatida o’rganilsa va tadqiq qilinsa arziydi.

RAUF PARFI YODI

Urib turgan yurak zarbi,
Behalovat shoir qalbi,
Alifboning qutlug’ harfi –
Timsolidir Rauf Parfi.

Zamin-zamon ko’lkasida,
So’z zalvori yelkasida,
Turkiy olam o’lkasida
Hilolidir Rauf Parfi.

So’zi shamshir kabi kesgan,
Ko’ngli tog’lar kabi o’sgan,
Hurriyatning sarin esgan
Shamolidir Rauf Parfi.

She’riyatga payvasta til,
Raiyatga vobasta dil,
Ishq ahliga misli Bedil –
Niholidir Rauf Parfi.

Yonar so’zi asl chaqmoq,
Satrlari yashil yaproq,
Qo’nalg’asi ona tuproq,
Zilolidir Rauf Parfi.

Hayot bilan haqiqatning,
Bayot bilan tariqatning,
Shoyistayu g’ariqatning
Visolidir Rauf Parfi.

Ahli ulus dalolati,
Kalimai shahodati,
Tiriklikning ibodati –
Savolidir Rauf Parfi.

LAFZIY SAN’AT USTASI
Ilhom AHROR
O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi

Fahrim shuki, ustoz Rauf Parfi bilan juda ko’p suhbatlashish omadi nasib etgan. Armonim shundaki, nima uchun yanada unga intilmaganman. Yuksak badiiy to’lqin, insoniy dard egasi bo’lgan shoirni biror marta ruhi so’lg’in, rangi siniqqan, kimnidir o’ksitgan yoki qay bir insonning oldida nochor holda qolganini ko’rmaganman. Hamisha mardona yurardi. U qadami yetgan davraning guli bo’lardi. Zinhor ustozligini bildirish uchun shogirdlar suhbatini sog’ingani yo’q.

O’zbekiston mustakilligining dastlabki yillarida eski tuzumdan qolgan salbiy illatlarni yo’qotish yo’lida matbuotda erkin fikr uchun keng yo’l ochib berildi. O’zbekiston televideniesida u kishining musiqa san’atiga munosabati ifodalangan ko’rsatuv tayyorlash jarayonida shoirni yanada yaqindan bildim. Ko’rsatuvning umumiy ruhi uning «navoga aylangan so’zlar»i edi.

Rauf akaning televizorda ko’rsatuv yoki biror kino tomosha qilayotganini uni tushunmagan biror kimsa ko’rsa zerikib ketadi. U kanaldan-kanalga o’tishni kanda qilmas, biror ko’rsatuvni to’liq ko’rishingga imkon bermasdi. Bir kuni buning sababini so’radim.

– Ishonmaysiz, men kitobni ham shunday o’qiyman, – jilmaydi u, – Biror asar qo’limga tushsa, sahifasining biror joyini bo’lib olib o’qiyman. O’sha joyiga qiziqsam, hammasini o’qib chiqishim mumkin. Yoki o’qigan sahifam xulosam bo’ladi.

Ya’ni, adib she’rmi, hikoyami, qissa yoki romanmi boshdan-oxir adabiyot va san’at talablariga javob berishi kerak, deb hisoblardi. Va uni har bir o’zini tanigan ijodkorda ko’rishni istardi.

Bir suhbatda Rauf aka «Jahon adabiyoti» jurnalidan bo’shaganini aytdi. Men bunga ajablandim:
– Siz dunyoviy shoirsiz. «Jahon adabiyoti»dan boshqa munosibroq yana qaerda ishlashingiz mumkin? Kuni bo’yi dunyo adabiyoti bilan tanishganingiz uchun qaysi matbuot sizga maosh to’laydi? Qolaversa, Ozod Sharofiddinovdek zabardast olim boshchiligidagi ijodkorlar jamoasi sizni e’zozlashadi. Bekor bo’shabsiz…

Ozod aka umrining oxirgi yillarida betobligiga qaramay yuksak adabiy salohiyatini namoyish qilganliklari bizga ma’lum. O’sha yili avtohalokat tufayli shoir Mirpo’lat Mirzo ham oyoqdan yengilgina jarohat olgandi. Rauf aka shularga nisbat berib, mening e’tirozimni kulgiga oldi. Davradoshlariga ishdan bo’shashi sababini shunday izohladi: – «Jahon adabiyoti» oyoqdan olayapti?!

Rauf aka hech qachon birovning ustidan kulmasdi. Har qanday kulfat zamirida kulgi, xushchaqchaqlik atrofida kulfat mavjud bo’lishi mumkinligini sho’xchan ifoda etarkan, ishdan bo’shaganligimning sababi shu jamoada nasibam qolmaganligi, degan gapni o’z tilida shoirona bayon etgandi.

Uning bunday so’zlash yo’siniga boshqa bir gurungda ham guvoh bo’lganman.

Rauf aka mohir tarjimon Amir Fayzulloni juda hurmat qilardi. Ular o’tirgan qahvaxona shunday yo’l bo’yida joylashgandi. Tushlikka ketayotib ko’zim tushdi. Kelib o’tirdim. Bir ozdan keyin ikki xonanda ham hozir bo’ldilar. Amir aka nimalarnidir salmoq bilan gapirar, Rauf aka esa odatdagiday uni jilmayibgina tinglar, ora-orada qimmatli gap tashlab qo’yardi. Amir aka gapirayotgan Robindranat Tagorning ijodiy mahorati menga qanchalik ta’sirli bo’lsa, Rauf aka oraga tashlagan fikrlarning har biri lafziy san’at namunasiday taassurot uyg’otardi.

Nogahon ikki xonandaning o’zaro hangomasi ikki ijodkorni suhbatdan to’xtatib qo’ydi:
– Qarang, falonchi, yo’ldan qanday ofatijon o’tmoqda, – dedi xonandalarning biri.

– Bu dunyoda-ku ularni uzoqdan ko’rayapsiz, jannatda bundaylar bilan birga yashaysiz, – donolik qildi ikkinchisi Rauf aka bilan Amir akaning tan va ruh haqdagi suhbatiga o’zicha qo’shilgan bo’lib.

Davra uchga bo’lingandi. Ikki ijodkor, bir tinglovchi va boshqa bir dunyolarini namoyish qilayotgan ikki xonanda. Rauf aka ular tomon qayrilib, bunday dunyoqarash bilan qanday yashayapsizlar, degan gapni o’ziga xos yo’sinda bayon kildi:
– Jannatda ko’p, deng! Boringlar, haqiqatan ham juda ko’p…

Xonandalar gapning mohiyatini anglashmadi. Ehtimol, mavzuni hayotdan olib suhbatga qo’shildik, deya faxrlanishgandir ham. Balki, kinoyaning zamirida nima gap borligini sezishgandir. Bu – yolg’iz yaratganga ma’lum.

Rauf aka haqda ushbu bilganlarimni yozarkanman, qo’shni uyni ta’mirlayotgan ustaning devorni taqillatib ishlashi kayfiyatimni buzdi. Usta o’z ishini qilayapti, deb chidashga harakat qildim. Lekin xotiralarni bir nafasda tugatish ilinjida chiqib ustadan iltimos qildim:

– Bir soatcha taqillatmay, boshqa ish bilan shug’ullaning. Hayotda kamtarona yashab, she’riyatda yorug’ iz qoldirgan Rauf Parfi haqidagi xotiralarni bugun nashriyotga yetkazishim kerak.

Yaxshi muomalamdan u ham menga o’zini yaqin oldi:
– O’zingiz ham yozasizmi? Demoqchimanki, men falonchi shoir bilan yaqindan tanishman.

U yana bir atoqli ustozimiz haqda gapirayotgandi.

– Gap mening kimligim, sizning kimlar bilan oshnochiligingiz haqida emas, ertalabki kayfiyat bilan Rauf Parfi haqdagi xotiralarni tugatmoqchi ekanligimni aytishga chiqqandim, xolos!
– Ishimni kechga yakin tugatishim kerak, – keskin javob berdi u, – uzr, hayotda har kimning o’z vazifasi bor.

Ortiq unga e’tiroz bildirolmadim. Men ham noiloj «o’z vazifamni» bajarishda davom etdim. Ruhimga xazinlik cho’kdi. Ammo Rauf akaning yodi madadga keldi. Ko’p ijodkor do’stlarimizaytib, kulib yuradigan bir voqeani eslab, ruhim ko’tarildi.

Bir kuni Rauf aka kutilmagan bir mehmon bilan tushlik qilishga oshxonaga kirgan. Ularga e’tibor haminqadarligidan, Rauf akaning hamrohi, nahotki bular sizdek shoirni tanishmasa,
degan ma’noda gapirgan ekan, Rauf aka xizmatchi ayolga tegizib hamrohiga serviqor ovoz bilan debdi:

– Alisher G’iyosiddinovich doim bizni shu oshxonaga boringlar, mening hurmatimni qilib, sizlarga qarashadi, derdi. Maqtalgan xizmat shumi?

Xizmatchi ayol sarosimaga tushib, ularga qulay sharoit yaratibdi. Oshxonadan chiqib ketishayotib, hamrohi Rauf akadan so’rabdi:
– Alisher Giyosiddinovich, deganingiz kim o’zi? Hurmat boshqacha bo’ldi!
– Alisher Navoiy xazratlari-da! Alisher Navoiyni bilmagan odam Rauf Parfini qaerdan bilsin!

Qo’shni uydan esa ta’mirchi ustaning dunyoqarashi eshitilib turardi: «Taq-taq, taq-taq!..»

KO’ZLARI CHAQNOQ SHOIR
Muhammad G’AFFOR
O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi

Tanishuv

80–yillar. Xadraning biqinidagi pivoxonaga kirdim. Bir krushka pivo olib jussasi kichkinagina sochlari tim qora (keyin bilsam bo’yalgan ekan) odam o’tirgan stolga kelib o’tirdim. U odam adabiyot ixlosmandi ekan shekilli suhbatimiz o’zidan-o’zi she’riyatga borib, taqaldi. Men Rauf Parfining bir she’rini o’qib berdim.

Xato qildim sevgilim,
Xato qildim bilmasdan.
Men suyib xato qildim,
Men kuyib xato qildim,
O’lib xato qilmasman.

“O’zbekning zo’r shoiri”, — dedim iftixor bilan. Haligi odam “Rostdanmi?” dedi. Yana she’r o’qiy boshladim:

Oy suzadi muzlagan kecha
Qor ufurar.
Tumanlarda bir yulduz muncha
G’amgin turar.
G’uj-g’uj yulduz…

U odam hijolat tortganday “To’xtang-to’xtang, zo’r-zo’r” — dedi va kulib “Bu shoirni taniysizmi?” — deb so’radi. Men “Afsus-ki, tanimayman, qani tanisam edi, boshidan zar sochardim”, — dedim. U shunda qo’qqisdan “Men uni taniyman, tanishtirib qo’yaymi?” deb qolsa bo’ladimi?! Quvonganimdan osmonu falakka chiqib ketdim. Ichimlik va yegulik olib, Xadraning jin ko’chalarini oralab ketdik. Xazon bosgan bir hovliga yetganimizda u kishi meni to’xtatib, “Siz mana bu kursida o’tirib turing” deb o’zi ichkariga kirib ketdi. Oradan biroz vaqt o’tganidan keyin bo’yniga bo’yinbog’ taqqan holda chiqib, “Qarshingizda Rauf Parfi janoblari turibdi”, — desa bo’ladimi? Jahlim chiqqanidan musht tushirib yuboray dedim. “Ovozingni o’chir, aperiss!” — dedim baqirib. Keyin u kishi “Mana kitobim, rasmim ham bor, ko’ring, men o’sha shoir bo’laman” – dedi. Biz qayta boshdan quchoqlashib ko’rishdik. O’sha kuni yarim tungacha she’rxonlik avjiga chiqdi.

Ikki daho

Bir to’da ijodkorlar rahmatlik Tilak Jo’raning Sog’bondagi katalakdek hovlisida yig’ilgan edik. Mehmonlar orasida bir so’zamol yozuvchi Abdulla Oripovning Mirtemir domlaga bag’ishlangan she’rini o’qidi:

Sizga tashlanmadi oh, ne-ne zotlar,
Ular har mo’minga tashlanar edi.
Tashlanmasa dili g’ashlanar edi,
Ular puchak jonlar, ahli bedodlar.

She’rni o’qib tugatgach, “O’zbekistonda bundan zo’r bag’ishlov she’r yo’q…” deb qoldi.

Men esa “Bor!” dedim, hamma menga yalt etib qaradi. Men Rauf akaning Mirtemir domlaga bag’ishlangan, hali matbuotda e’lon qilinmagan “Turkiston yodi” she’rini o’qiy boshladim.

Kecha sodiq o’g’ling
O’tdi dunyodan.
U shoir edi,
U inson edi,
Sanchilib yashaydi
Doimo yodda…

She’rni o’qib tamomlashib bilan davra yoppasiga meni olqishladi. So’zamol yozuvchiga bu alam qildi, shekilli, mehmondorchilik mushtlashuv bilan tugadi.

Tilak aka meni mehmonlardan ajratib olib chiqib kuzatmoqchi bo’lganida davradan bir kishi otilib chiqib, meni quchoqlab “Rahmat, ukajon, men ham siz bilan ketaman” deb turib oldi.
Tor ko’chadan katta ko’chaga chiqdik. Haligi odam taksi to’xtatib, “Guliston” restoraniga” dedi. Tilak aka rahmatli, men ham sizlar bilan boraman deb mashinaga o’tirdi. Keyin hazillashib, mana Orifizm, mana Parfizm deb o’ziga xos usulda qah-qaha otib kuldi (chunki, xalq orasida shunday ibora yurardi). Restoranga yetib kelganimizda haligi odam ichimlik, shashlik va gazak buyurdi. Qadahlar to’ldirilib qo’lga olindi menga esa yana bir necha marta rahmatlar yog’ildi keyin bilsam, bu odam Mirtemir domlaning o’g’illari Mirjalol Tursunov ekan.

O’zbek she’riyatidagi eksprimentlar

Bir kuni shoir Berdi Rahmat ustoz ikkalamizni uyiga mehmondorchilikka taklif etib qoldi. Berdining bir-biridan sho’x o’g’illari bizlarga xalaqit berardi. Shunda Rauf aka chiroyli lutf qildi. “Kichkina dunyoning katta odamlari, bizga tinchlik bering”, dedi.

Adabiyot haqidagi suhbatimiz uzoq davom etdi. Men yoshlik qilibmi yoki tajribasizligim boismi, ustozga “Hamma narsaning teskarisini yozib, qolipga sig’maydigan so’zlarni ishlatasiz, bu noto’g’ri ekanligini o’zingiz ham bilasiz-ku”, — dedim. Ustoz xafa bo’ldi shekilli, ma’yus tortib, “ketaman”ga tushib qoldi. Berdi ikkalamiz uni kuzatgani chiqdik. Men Berdinikida qolmoqchi edim, taksi to’xtatdik, Berdiboy pulini ham to’ladi. Ustoz mashinaga o’tira turib “Muhammad, chiqing, siz ham men bilan ketasiz”, — deb qoldi. Ra’yini qaytarolmadim. Dahshatli jimlik hukmron edi. Talabalar shaharchasiga yetganimizda ustoz taksini to’xtatdi. Bu yog’iga 11-tramvayda ketamiz dedilar. Yana jimlik. “G’uncha” kinoteatrining oldiga kelganda u qaddini tutib urishmoqchi bo’lgan dakan xo’rozday menga tiklandi. “Haligi aytgan gapingiz balki to’g’ridir, balki shunday qilgandirman. Axir qachongacha chidaymiz eski tos, eski tog’oraga… Adabiyotimiz esa yangilanishni kutmoqda. Turklar uch marta yangilanish davrini o’tkazishdi. Boltiqbo’yidagilar esa adabiyotni tamomila boshqa yangi yo’lga burib yuborishdi. Faranglar, afrikaliklarni-ku, aytmasak ham bo’laveradi. Biz esa buni anglagan Cho’lpon, Fitrat, Bexbudiylarni go’rga tiqdik”.

U ko’zlari yonib so’zlardi. “Adabiyotda ekspriment (tajriba) qilishdan qo’rqmasligimiz kerak. Buni men, siz — yoshlar qilmasangiz kimlar qiladi “, — dedi-yu, xayrlashmasdan ham jo’nab qoldi. Hali hamon ustozning chaqnagan ko’zlari mening yozuv stolim ustida turadi.

Rauf Parfi. Sakina.pdf by Khurshid Davron on Scribd

009

(Tashriflar: umumiy 4 892, bugungi 1)

1 izoh

  1. Хурматли адабиётимиз жонкуяри, қадрли устоз! Мазкур сахифани ўқиб рохатландим. Сизга ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
    Сизнинг фидойилигингиз сабаб беназир инсон, халим ижодкор, том маънодаги яхши бир одам ҳақидаги хотиралар кўплаб инсонларда яна бир бор гавдаланди. Талабалик йилларим «Туркистон» газетасида мухтарам инсон Рауф Парпидек улуғ инсон билан бирга ишлаш насиб этган. Мен мақолаларимни Феруза Орипова деб якунлардим. Бир куни устоз, — қизим сен орипжон эмас Орифжон отанинг набираси бўласан. Фамилянгни Орифова деб ёзсанг тўғрироқ бўлади — деб қолдилар. Шундан сўнг мен кўплаб мақолаларимда Феруза Орифова дейдиган бўлдим. Бу улуғ инсонга суҳбатдош бўлиш бахти насиб этгани учун яратганга беҳисоб шукрлар келтираман. Биз бўлажак журналистларни устоз жуда кўп бора ўша машҳур «Матбуотчилар» биноси ён биқинида жойлашган ошхонасида тушлик билан сийлаганлари ва эвазига фақат рахмат олганларини доим ширин хотиралар билан эслайман. Шоир нафақат буюк ижодкор балки ўзининг хокисорлиги ва камтарлиги билан ҳам яқинлари ва муҳлислари қалбида ўз хайкалини ўрнатиб кетди.

Izoh qoldiring