Matnazar Abdulhakim. Ildizlarga tumor taqib qo’yinglar & Mahmud Rajab. She’rlarida o’zi bor

Ashampoo_Snap_2017.03.17_12h39m23s_003_a.png     Матназар ака ҳақида гапириб беринг, дейишларидан қочаман. Чунки, у ҳақда гапиришга менинг ожизлигимдан ташқари устознинг улуғлиги ҳам имкон бермайди. Матназар акадай самимий шахс ҳақида унга мос самимий сўзларни топиш ниҳоятда мушкул. Устозни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким аниқ таърифлай олмаса керак.

Маҳмуд Ражаб
ШЕЪРЛАРИДА ЎЗИ БОР
007

06_n.jpgМатназар ака ҳақида гапириб беринг, дейишларидан қочаман. Чунки, у ҳақда гапиришга менинг ожизлигимдан ташқари устознинг улуғлиги ҳам имкон бермайди. Матназар акадай самимий шахс ҳақида унга мос самимий сўзларни топиш ниҳоятда мушкул. Устозни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким аниқ таърифлай олмаса керак.

Шоирнинг сиймоси ўзи қоғозга муҳрлаган сатрлар орсидан қалқиб чиқаверади:

Ўзинг тоғ бўл, суянгил ўз-ўзингга…

ёки:

Ҳовуч тупроқ сочилгач бўлди бир чанг,
Ўзин жам қилмаганнинг шони йўқдир…

ёки бўлмаса:

Нутқинг каби нутқ жаҳонда, эй дўст, йўқтур,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму кўст йўқтур,
Ёнғоқ-ку сўзинг керакмас арчмоқ, чақмоқ,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ-пўст йўқтур.

Устоз Абдулла Ориф: Матназарнинг ижодида чиқит йўқ. Ёзганларининг бари келажак авлодга қолади – деганди.

Матназар ака нега дунёни тез тарк этди? – деган савол ҳамманинг бошини қотирди. Бунга ҳар ким ўзича жавоб излади. Аслида бу – Оллоҳнинг иродаси. Лекин Оллоҳ кимнидир, ниманидир сабабчи қилиб қўяди-ку. Бу саволга ҳам устознинг ўзи жавоб беради:

Йўқ, ҳеч қачон мени кексайтирмас вақт,
Бефаҳм тингловчи мени ўлдирар.
(“Бахшининг ўйлари” шеъридан)

Уни бефаҳм тингловчилар ўлдирди, десак устознинг руҳига озор етиши мумкин, тўғрироғи, устоз ўзини бефаҳм тингловчи ва сўзловчиларга қурбон қилди. Бир мисол: Огаҳий ҳазратларининг таваллуд санаси арафаси эди. Таниқли олимлардан бири телевизорда чиқиб ҳазратнинг номини бузиб талаффуз қилди. Шунда устоз қаттиқ хафа бўлди. Юзлари буришиб, анча пайт ўзларига келолмади. Навоий, Бедил, Фузулий каби сиймоларни доим тилидан қўймасдилару, Огаҳий ҳазратлари ҳақида гап кетса, баъзан нафасини ичга ютиб ўтирар ёки хос жойлардагина гап очар эдилар. Огаҳийни шу даражада яхши кўрардилар-ки, ҳатто номларини ҳам эзозлаб меҳр билан тилга олардилар. 80- йилларнинг охирларида устоз Огаҳий ҳазратларининг таваллуд санасини олдиндан бизга эслатиб қўйдилар. Шу куни Қиётга боришимизни тайинламадилар. Биз бормаган эдик. Кейинги учрашганимизда нега бормаганимиз билан қизиқдилар. Биз “вақтимиз бўлмади” дедик. Шунда у “ота-боболаримиз ҳар куни беш вақт намоз ўқишга вақт топганлар, биз ҳеч бўлмаса йилда бир марта вақт топишимиз керак” дедилар. Биз у пайтларда устознинг Огаҳий ҳазратларига ихлоси шу қадар баланд эканини билмасдик. Кейинчалик ҳар йили 17 декабр куни устозга қўшилиб улуғ ҳазрат зиёратини канда қилмайдиган бўлдик. Устоз шу куни эрта тонгдан яхши кийиниб олар, соатига тез-тез қараб, вақт секин ўтаётганидан ўзини қўярга жой тополмасди. Йўлга чиққандан кейин ҳам Қиётга етиб боргунча ошиқарди. Қайтишда эса ўтказилган тадбирдан кўнгли тўлмай, Огаҳий ҳазратларининг бўй-бастига муносиб катта ишлар қилиниши кераклигини айтиб, қилинган ишлар жуда оз эканлигидан афсусланиб, ҳорғин бир аҳволда келиб ўзини диванга ташларди.

Матназар акадан бир дўсти: Сиз Полвон пийримизни таржима қилдингиз. Мабодо у киши тушингизга кирмадиларми? – деб сўраганида, устоз бир оз ўйланиб: Тушимга-ку кирмади-доғин, кирганда ҳам ҳеч кимга айтмаган бўлардим – деган эканлар.

Паҳлавон Маҳмуднинг:

Қилғучи ибодатни ниҳон дўст, чин дўст

деган мисраси Матназар ака ҳақида айтилгандай туюлаверади менга.

КАМТАРЛИКДАГИ БУЮКЛИК

Бир куни устознинг невараси мутолаага халал беришдан тинчимади. Бу пайт уйларида уни овутадиган одам йўқ эди. Бола биз таклиф қилган ширинлик ва ўйинчоқларга қарамади. Мен унга пул узатган эдим, устоз менга ўқрайиб қаради. “Пул берма, шунга ўрганиб қолади” дедилар. Устоз невараларини тиззаларига олишини, эркалашини сира тасаввур қилиб бўлмасди. Болаларга ҳеч қачон бола бўлиб гап айтмас, худди катталарга гапиргандай гапирар эдилар. Марямжон опанинг айтишича, Таганрогдан ё бошқа олис ерлардан узоқ муддатда келганида ҳам фарзандларини бағрига босмаганлар. Отасига пешвоз чиққан болаларининг пешонасидан силаб, “жоллимисан” деб уйига кириб кетаверарканлар. “Сиз болаларингизни яхши кўрмайсиз, улар билан қучоқлашиб кўришмадингиз, деб уришсам, “ичдан яхши кўраман” дердилар, шунда мен “ичдан яхши кўришингизни улар билмайдилар” десам, “улар ҳам ичида биладилар” деб мени тинчлантирар эдилар” дея эслайди устознинг умр йўлдоши. Музаффар отаси ҳақда шундай хотирлайди: “Кўчада таёқ есанг, манинг ёнима галиб юрма” дерди акам. Бошқа пайтларда ҳам: Ўз муаммонгни ўзинг ҳал қил, дердилар. Энди билсам, бизларни қотириш учун шундай қилар эканлар. Бироқ, ўзлари бизларга сездирмай биз учун шундай ишларни қилар эдиларки, унга раҳмимиз келарди. “Ака, ўзингизни қийнаб шу ишни қилманг, десак, асло қулоқ солмасдилар. Бир ишни қасд қилса ҳеч ким уни йўлдан қайтара олмасди. Акамнинг бизлар учун нималар қилиб кетганини энди тушуниб етаяпман. Янги иморатга ниятлаб оғир темир жиҳозларни дўкондан олиб ҳавонинг иссиғида қанчалик қийналиб пиёда кўтариб келганлари ёдимга тушса, ҳозир ҳам эзилиб кетаман. Биз учун жонини аямасдилар.”

Устознинг уйларига юрак ҳовучлаб, дорда юргандай борардик. Устоз қанчалар бағри кенг бўлмасин, ёнларида хато гапириб қўйиб унга озор етказишдан қўрқар эдик. Устознинг нафақат ҳар сўзи, ҳар бир ҳатти-ҳаракати ҳам маъноли эди. Биз ҳам шунга монанд ҳаракатланишга тиришардик. Касал ётганларида олиб борган нарсамизни ўзларига кўрсатмасликка ҳаракат қилардик. Кўзи тушса хижолат бўлиб албатта бир гап айтарди. Беозор сўзларни топиб айтарди. Устоз матбуотда биз ҳақимизда бирон гап айтган бўлса, уни кўргани қуруқ қўл билан боришга қарор қилардик. Матбуотда айтган гапига жавобан “совға-саломга” ўхшаб қолмасин деб ҳеч нарса олмасдик. Касаллинмасларидан олдин уйларига борганимизда қўлларимизда китиб, газета ё қоғоз бўларди. Қўлларимизда бошқа нарсанинг бўлиши, гарчи устозга алоқаси бўлмаса ҳам, у кишига халақит бериши мумкин эди. Устозга атаб бирон нарса олиб боришни хаёлимизга ҳам келтира олмасдик.

Устоз кўпгина шоирларнинг қўлёзмаларини машинкада кўчириб валоят ва республика матбуотига беришдан чарчамас эдилар. Бундан муаллифларнинг ўзлари мутлоқо бехабар қоларди. Ижодкор бошловчими, кексами унга фарқи йўқ эди. Кимнинг ижодида йилт этган бир жумла топилса, дарҳол унга телефон ёки хат орқали билдиришга ошиқарди. Кимни кўрса саломдан кейин “ёзаётирмисан” дерди. Кимки нохушланса ё анчадан бери кўринмай қолса ёнларига бир-икки ижодкорни олиб хабар олгани уйига борарди. Йўқлаётган одами шаҳар марказидами, вилоятнинг чекка қишлоғидами, йўл қийинчиликлари ва бошқа муаммолар тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмасди. Борган жойида камтарона ўтирарди. Уй эгалари бирон муҳим юмуш билан банд бўлса, кўмак берарди. Устознинг қадами теккан ханадон эгалари хурсанд бўлиб, узоқ ватгача “бизнинг уйга Матназар ака келиб кетди” деб фахрланиб юрардилар. Фахрланувчилар устознинг салоҳиятини билмасдилар, уни сиртдан кўриб, оддий сўзларини эшитганлар, холос.

Матназар ака меҳмонга борса, ўтирадиган жойни кўпинча, зийраклик билан ўзи танларди. Мезбонни ҳижолатга қўймасликка устамон эди. Тўсатдан бориб қолинган бази уйларда ғариб дастурхон атрофида ҳам устоз ташаббусни ўз қўлига олиб, ҳамманинг эътиборини дастурхонга эмас, суҳбатга – сўзга тортарди. Хайрлашаётганда уй эгасининг узрҳоҳлигини ювиб кетувчи сўзлар айтиб, ўтиришнинг ижобий томонларини таъкидлаб, ҳаммани баробар қаноатлантириб кетарди.

УСТОЗНИНГ СИФАТЛАРИ

* * *

Матназар акада ҳар кимнинг савиясига қараб гаплашиш қобилияти бор эди. Зерикарли одам билан ҳам мазмунли суҳбат қура оларди. Бундан мамнун бўлган савиясиз одамлар “Матназар ака менинг фалон гапимни тасдиқлади” дея мақтаниб, ўзича “мен ҳам Матназар ака даражасида фикрлайман” деган хулосада юрардилар.

* * *

Мен Матназар аканинг руҳсиз, сўлғин, мудраб ўтирганини, эснаганини, хўрсинганини кўрмаганман. Кайфиятсиз, асабий, хорғин ва ғамгин бўларди-ю руҳсиз бўлмасди. Энг оғир аҳволда, гапиришга қийналиб ётганида ҳам руҳи тетик эди. Ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан, ҳаётдан ҳам, ўлимдан ҳам заррача нолимади. Ўлимдан қўрқмайдиган ҳаётсевар эди.

* * *

Бузрукларнинг асарлари олдида ҳаяжонланмасди. Уларни оддий китобларни ушлагандай ушларди. Буюм ёки буюкларни идеаллаштиришга йўл қўймасди.

Воқеани идиал томонга бурувчиларнинг танобини тортиб турарди. Бир дўстимиз қайсидир қабристонга йўлбарслар фақат жума кунлари кеч кирганда келишини айтиб қолди. Шунда устоз: “Жума кунлари садақадан қолган суяк-солоқлар бўлади” дедилар.

* * *

Отаси билан фахрланишини пинҳон тутар, отаси ҳақда деярли гапирмасди. Биров сўраса, камтарона қисқа жавоб берарди. Отасини қанчалар эъзозлашини юзидан ва сўзидан билиб бўлмаса ҳам изидан билса бўларди. Масалан, ўз исмини кичик ва отасининг номини тўла бош ҳарфларда ёзилишига қаттиқ эътибор қиларди. Кейинги пайтда барча ғазалларидаги Матназар деган номни АБДУЛҲАКИМга алмаштирди. Невараларига Матназаров деган фамилия беришга оёқ тираб қарши турди. Бутун авлодининг Абдулҳакимов ва Абдулҳакимовалар бўлишини васият қилиб қаттиқ тайинлади.
Отаси билан боғлиқ бир воқеа: Матназар ака ўсмирлик пайтида Хоразм телевидениесида шеър ўқиб, отасини хурсанд ҳолда кўриш умидида уйига кириб келганида отаси унга хавотир билан қараб: Матназар, эшитдим, кўрдим шеър ўқиганингни. Машойихларнинг бир гапи бор, “машҳурликда кулфат бор деган” дебди.

* * *

Дардини, ҳасратини бировга тўкиб солмасди. Аксинча бошқалар унинг тоза юрагига ўз дардини ахлат каби тўкишга ҳаракат қиларди. Устоз бу дардларнинг тоза қисминигина юрагига қабул қиларди. Баъзан нопок одамлар билан бир даврага тушиб қолса, даврани тарк этмай, охиригача чидаб ўтирарди. Улар билан бемалол суҳбат қуриб, ўз кўнглига гард юқтирмай, уларнинг ҳам кўнглига озор бермай даврадан чиқиб кета оларди.

* * *

Бирон одам ҳақида гап очилса, унинг фақат ижобий томонларини айтишни хуш кўрарди, салбий томони ҳақида кимдир сўзлаб қолса, пешонаси тириша бошларди. Ёмон кўрган одамлари ҳақида умуман гапирмасди. Устоз қийсидир одам ҳақида бир оғиз илиқ гап айтмаган бўлса, у албатта расво одам бўларди ёки уни одам деб бўлмасди. Биров ҳақида гапираётганда, ўша одам ёнимизда ўтирибди, деб фараз қил, шу гапларни унинг юзига айта олсанг шу ерда айт, деб бизга насиҳат қиларди. Ҳаттоки, ўйлаб турган гапингни бошқалар эшитиб турибди деб тасаввур қил, дер эди. Гапираётганда суҳбатдошининг ёнидагиларни ҳам ҳисобга олиб, ҳар сўзини уларнинг кўнглига мослаб ўлчаб, бичиб айтарди. Сўзни тиғдай моҳирона, у билан бировнинг кўнглини яралаб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлиб ишлатарди. Нолойиқ кимсалар устознинг нозик кўнглига қўл солмоқчи бўлса, харсангдай солдомли сўзларни қўрғон қилиб, бегонани кўнглига яқинлаштирмасди. Бировнинг кўнглини қандай авайласа, ўз кўнглини ҳам шундай авайларди.

* * *

Кўп ичилган, ҳамма кўнглига эрк бериб тубанлашган давраларда ҳам Матназар ака барибир Матназар акалигича қоларди. Қуюшқондан чиққанларни ҳар қандай жойда, ҳатто ўз уйида ҳам тартибга чақириб, эсини киритиб қўярди. Унга ҳеч ким эътироз билдирмасди, билдиролмасди.

* * *

Матназар ака камера ёки фотоаппарат олдида келса, оддий одамга айланиб қоларди. Унинг асл қиёфасини акс эттирган биронтаям суврат ёки видиотасвир йўқ. Рассом дўстлари неча бор сувратини чизмоқчи бўлишди. Устоз рухсат бермадилар. Ўзларига билдирмай тасвирга олмоқчи эдик. Сезиб қолишларидан қўрқиб журъат этолмадик. Устознинг ноҳақликни кўрганда бутун вужудини қамраб оладиган вулқондай залворли титроғи(ана шу фазилати ўғли Музаффарга ўтган), тошни ҳам бўлиб юборгудек қаҳрли овози, ўқдек қарашлари; дастурхон устидаги ширин такаллуфлари, чўккан ва яра кўнгилларга таскин ва малҳам бўлгувчи мулойим сўзлари, ўткир ҳазиллари, даврани тўлдириб яйраб (бошқаларни ҳам яйратиб) ўтиришлари, русча шеърларни мароқ билан берилиб ўқишлари, ҳамма-ҳаммаси фақат замондошлари кўз олдида муҳрланиб қолди.

* * *

Қўл кўтариб дуо қилишга уқувсиз эди. Ҳар бир ишни ихлос билан қилишга ўрганган устоз ошкоро дуода оз бўлсада юзакилик бордек ўнғайсизланарди. Аслида, устознинг ҳар сўзи дуога ўхшарди ёки дуонинг ўзи эди.

* * *

Шариатда рухсат этилганидан бошқа ҳолларда ҳеч қачон ёлғон гапирмасди. Қилган ишини бировдан яшириш лозим бўлганда у одам қизиқиб сўраб қолса, ёлғон тўқишни пасткашлик деб биларди. Бундай ҳолларда сўровчига бўлган воқеани айта олмаслигини айтиб узр сўрарди. “Сен шу нарсани билмаганинг яхши” дерди.

* * *

Навоий, Бедил, Румий мутолаасида чарчаш нималигини билмас, ўқиган сари кучга тўлиб борарди. Ёнида ўтирган биз тез чарчаб қолардик. Биз илтимос қилмагунча мутолаани тўхтатмасди. Савияси паст одамлар билан гаплашганда тез чарчаб қоларди. Дармони қурирди.

* * *

Устоз инсон зотининг барчасини ўзига яқин тутиб, дўстона муносабатда бўлавергани оқибатида фаросатсиз кимсалар ҳам ўзини унинг қалин дўсти деб билиб, арзимаган гаплар билан устознинг вақтини олар, кераксиз маслаҳатлар сўрар, ҳатто ақл ўргатиб асабига ҳам тегарди. Кетиш хаёлига келмайдиган бундай нусхаларни устоз ширин сўзлару тансиқ таомлар билан сийларди. Энг иззатли меҳмон қаторида кўрарди. Гарчи ўша нусха ўз уйида устозни беҳурмат қилган бўлса ҳам.

* * *

Устоз билан танишиб ҳамсуҳбат бўлганларнинг ҳаммаси Матназар аканинг энг яқин кишиси менман деб ўйларди. Ростдан ҳам ҳамма унга қалбан яқин эди. Аммо унга фикран яқинлашиш жуда қийин эди. У фикран жуда юксакда турарди. Бироқ жўн саволларга ҳам эринмай чиройли жавоб берарди.

* * *

Матназар акада кучли ҳаё бор эди. Бепарда гапларни айтиш, эшитиш у ёқда турсин, пардаси юпқароқ гапларни эшитганда ижирғаниб қўярди. “Авлиёлардан бири ўз аёли олдида бурун қоқмас экан, шунинг учун унга авлиёлик берилибди” деган гапни кўп такрорларди. Бир куни ҳавонинг иссиғида чўмилишга бордик. Устоз сал нарироққа кетиб ёлғиз чўмилдилар.

* * *

Ўта озода эдилар. Доим ғусл билан юрардилар.

* * *

Марямжон опанинг такидлашича, ҳар куни уч соатдан ортиқ ухламас эканлар.

* * *

Вақтни аниқ айтиш одати бор эди. Соатимизни яшириб, “Матназар ака, соат неча бўлди” деб сўрардик. Бироз ўйланиб туриб “фалондан фалон дақиқа ўтди” дерди. Соатимизга қараб текшириб кўрганимизда бир-икки дақиқадан ортиқ янглишмас эди.

* * *

Матназар ака оғир бемор ҳолидаги яқинларини кўришга бормасди. Дард кўчгандан кейин ёки соғайиб уйига келганидан сўнггина хабарини оларди.

* * *

Матназар ака азага борганда жим ўтирарди. Сўзлаш зарур бўлганда бошқа мавзуда бир неча сўз айтарди. Марҳум ҳақида умуман гапирмасди. Юпатувчи сўзлар айтиб азадорнинг кўнглини тўлкинлантиришни истамасди. Орадан бироз муддат ўтиб, майитнинг суяги совумагунча унинг фазилатлари ҳақида ҳам гапиришдан сақланарди.
Суҳбатлашиб ёки китоб ўқиб ўтирганда кимнингдир қазоси ҳақда хабар келса, паст овозда “яхши одам эди” деб қўяр ва суҳбат мавзуси ёки мутолаада давом этарди. Мен Матназар ака афтидан яқинларининг ўлимини унчалик ўзига оғир олмаса керак, деб ўйлардим. Юзидаги хотиржамлик миямга шундай хулосани қуйиб қўйганди. Марямжон опанинг хотирлашича, устоз руҳи суйган одамнинг жанозасидан келиб, бир ўзи бир хонада сиқилиб қаттиқ изтироб чекар, қайғудан бошини кўтара олмай ўтирар эканлар. Эшикдан биров кириб қолса, дарров бошқа одамга айланиб, очиқ чеҳра билан қарши оларкан. Устоз ҳаёт вақтида биз буни билмасдик.

* * *

Марямжон опа ҳикоя қилади: Матназар меҳмон кутишда ўта сабрсиз эди. Олдиндан дастурхонни безатиб қўйиб, тез-тез соатига қарайверар, тинмай эшикдан кириб-чиқаверарди. Меҳмон кечикса асабийлаша бошларди. Қанча уринмай уни тинчлантира олмасдим. “Вақтида келолмас экан, нега ваъда беради? Кечикишини менга бир оғиз билдириб қўйса бўлмайдими?” деб йўқ меҳмонни койишдан тўхтамасди.

Матназарнинг чиройи доим меҳмон билан очиларди. Бир неча кун уйимиз меҳмонсиз қолса, Матназарнинг юзи булутлашарди. Ишдан келишим билан уйдагилардан имо-ишора орқали “акаси”нинг кайфиятини сўраб билардим. “Очиқ” бўлса, ҳаммамиз чараққос, “булут” бўлса, оёқ учида кириб-чиқардик. Ёнига боришга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. “Чой ичасизми?” деб сўраб кўриш учун бир-биримизга “”сен бор, сен бор” деб турардик. Бундай пайтда дўстларидан бири келиб қолишини истаб икки кўзимиз эшикка термуларди. Меҳмон келиши билан “акаси” чароғон бўлиб, уйдагиларга ҳам меҳри тошиб кетарди. Меҳмондан ҳеч нарсани аямасди. Оқтиқларга ниятлаб яшириб қўйган мазали егулик бўлса ҳам “олиб чиқ” деб буюрарди. Баъзи кунлари уйга меҳмон чақирганини айтиб менга овқат тайёрлашни тайинларди. “Уйда меҳмонга арзигулик нарса қолмади. Сиз буёғини ўйламай доим меҳмон чақирасиз. Мен уларга хизмат қилишга қийналмайман. Бироқ, дастурхонимиз сизнинг обрўйингизга мос бўлиши керак-ку, десам, “акаси” менга, меҳмон ризқи билан бирга келади, сен борингни пиширавер, келадиганлар менинг дастурхоним учун эмас, сўзим учун келидиган одамлар. Биз овқат учун эмас, суҳбат учун тўпланишамиз, деган гапларни айтарди. Матназар вали экан. Айтгани доим тўғри чиқарди. Онда-сонда меҳмонсиз қолмаса, уйимиз доим одамсиз бўлмасди. Ризқини ҳам Худо етказиб турди.

ТЎЙ КУНИ ЮГУР-ЮГУР

Вазирдаги катта тўйхонада Содиқжон Иноятовнинг тўйида ўтиргандик. Матназар ака қулоғимга шивирлади: Соат саккизда “саккизинчи канал” мен ҳақимда кўрсатув беради. Улуғбек Собиров телефон қилиб айтди. Кўришга иштиёқ эмасману эртага Улуғбекка телефонда миннатдорчилик билдириб қўйишим керак. Кўрсатувни кўра олмадим десам, унга ҳурматсизлик бўлади. Соат саккизга яқинлашганда ёнимиздагиларга билдирмай, очиқ ҳавода айланиб келишни баҳона қилиб бу ердан чиқиб кетамиз, деди. Узримизни айтиб, сал ноқулай бўлсада тошкентлик меҳмонлар орасидан суғурилиб чиқдик. Шу ерлик дўстларимиздан бирига эргашиб телевизор сари шошилдик. Тўй эгасини безовта қилмаслик учун беш-олти жой нарига ўтиб бир уйга кирсак, телевизори “8-канал”дан кўрсатмас экан. Шошиб бошқа уйга кирдик. Уйда ҳеч ким йўқ, ҳаммаси тўйда шекилли, чақириғимизга ҳеч ким жавоб бермади. Энди орқага бурилиб кетмоқчи эдик, ичкари хонадан касалванд бир киши чиқди. Муддаомизни англаши билан дарҳол телевизорни ёқишга тутинди. Экран ёришган заҳот электр чироқлари ўчиб қолди. Асабимиз таранглашиб кўчага чиқдик. Зулматга чўмган уйлар орасидан узоқда чироқлари ёниқ дўкон кўринди. “У ерда телевизор бор”, деди шеригимиз ва олдинда чопиб кетди. Инсультни ўтказган Матназар аканинг ўнг қўл ва ўнг оёғи яхши ишламасди, оқсоқланиб югурарди. Мен устозга ёрдам беришдан ожиз эдим. У жисмонан ёрдамга қўл узатган одамни ёқтирмасди. Ҳар қандай ҳолатда – оғир аҳволда ётганида ҳам қийналиб бўлса-да ёнбошига ўзи ағдариларди, ҳеч кимдан, ҳатто ўғилларидан ҳам ёрдам сўрамасди. Ёнимдаги буюк бир инсоннинг қийналиб бораётганидан, ўзимнинг чорасизлигимдан бағриб эзиларди. Ичим потирлагани билан устоздан ўзиб кета олмасдим…

Агар биз бу хабарни бошқаларга билдирганимизда бутун бошли тўйхонадан устознинг юзи учун беш-олти кишигина бизга ҳамроҳ бўларди. Бордию устоз шу ерда бўлмаса, тўйхонани ҳеч ким тарк этмасди. Шеър эшитаман деб уйма-уй югурадиган битта ҳам одамни мен ҳали учратганим йўқ. Аммо, Мексика сериаллари бошланган дақиқада тўйларда фақат уч киши – келин билан куёв ва биттагина ашулачи қолганига кўп бор гувоҳ бўлганман.

…Кўрсатувнинг охирини бўлсада кўриб қолиш илинжида дўконга халлослаб кирдик. Хайрият, энди бошланаётган экан. Кўрсатувни тамомлаб, ҳеч нимани кўрмагандай тўйхонага қайтдик.
“Битта даҳони юзага чиқариш учун бутун бир халқ минг йил тайёргарлик кўради” деган эди устоз. Уни таниш учун яна минг керакка ўхшайди, менинг назаримда. Бир кун келиб одамлар “шундай инсон билан замондош бўлган эканмиз, ёнида юриб билмаган эканмиз”, десалар ажабмас.

СЎНГГИ КУНЛАР

Марямжон опа дард тўла оҳангда ҳикоя қилди: “Бир куни… инсульт қайталамасдан бир-икки кун олдин… ҳеч ерда ҳеч гап йўқ, Матназар акангизнинг йиғлаган товуши эшитилди. Ҳеч қачон йиғламас эдилар, юрагим ёрилиб югуриб бордим. Ҳа, не бўлди, деб сўрасам, жавоб бермасдан фақат йиғлайверди. Матназарнинг йиғлаганини биринчи марта қўриб турардим. Сабабини билмай мен ҳам унга қўшилиб йиғлайвердим. Етим ўсган болалигидан бошлаб, то шу кунгача бошидан ўтган кунларни айтиб бир кеча-кундуз йиғлади. Сўнг бошқа йиғламади. Шундан сўнг хавотирланиб уни ёлғиз қолдирмайдиган бўлдим. Бир ўзи ёлғиз қолса, сиқиладиган бўлди. Унинг учун биздан кўра дўстлари азизроқ эди. Уни бу дунёда дўстларининг дийдори тутиб турарди.”

Урганч туман касалхонаси, 4-хона. Устознинг у ерда эканлигини маълум одамларгини биларди. Сабаби, Матназар ака ҳар гал касалхонага кетаётганида ҳеч кимга айтмасликни оиласидагиларга қаттиқ тайинларди. Унинг бу одатини яхши билган дўстлари касалхонага тасодифан эшитган бўлиб борарди. “Тасодиф”чилардан бири узоқдаги дўстларидан салом олиб келганини айтганида, устоз унга жавобан: “Сиз ҳам уларга менинг бу ердалигимни сездирмасдан салом айтинг. Эшитсалар овора бўлиб келишга уринадилар, келолмасалар, боролмадим деб баттар қисиниб юрадилар,” деди. Дард кундан кун зўрайиб, нафас олиши қийинлашиб қолганида ҳам ҳузурига келган киши олдида ўзини тетик тутарди. Шу кунларда Тошкентдаги дўстларимиз бизга тез-тез телефон қилиб, устознинг аҳволини сўраб турдилар. Уларнинг ҳаммаси бир хил гапни такрорларди: Устознинг аҳволи оғир деб эшитиб, Марямжон опага телефон қилсам, Матназар аканинг қувноқ овози эшитилди. Касал одамга ҳечам ўхшамаяпти. Касаллиги ҳақида ўзларидан сўраш ноқулай. Нима бўлди, ўзи?

Устоз бировга заррача оғирлиги тушишини истамасди. Бирон нарса керак бўлса Маямжон опадан илтимос (!) қилар (буюриш эмас, сўраш эмас, фақат илтимос қилиш… тағин ўз аёлидан), умр йўлдоши узатган ҳар бир нарса учун раҳмат айтишни канда қилмас эди.

Устоз 2010 йил 18 сентябр шанба куни соат 19 яримларда охират сафарига йўл олган бўлса, мен бу воқеадан уч кун олдин ёнларида эдим. Сешанба куни уйларида тунаб, чоршанбада қайтиб кетгандим. Хайрлашаётганимда яна бир кун қолишимни илтимос қилди, бироқ зўрламади. Суяниб ўтирган ҳолида нигоҳини ерга қадаб “мендан тез-тез хабар олиб туринглар” деди. Орага бир оз жимлик чўкди. Кейин: “Жуманазар кўринмай кетганига кўп вақт бўлганди. Яқинда келиб, ўтирмасдан кетиб қолди. Энди тез-тез келиб тураман, деб ваъда бериб кетди. Биламан, энди у келмайди,” деди ғамгин бир ҳолда. Ҳар қачон устоз қуюқ хайрлашарди. Шу сафар эшикдан чиқаётганимда жимгина термулиб қараб қолди.

Эртаси куни Хоразм телевидениеси ходимлари Гавҳар Ибодуллаева билан устозни тасвирга олиш учун келганларида “мени диванга ўтқазинглар, диванда ўтириб гапираман” деганлар. Ўша пайтда устоз ҳамма билан ётган жойида гаплашар, ҳар бир аъзосини ҳаракатлантириш минг азоб эди. Унинг шунча вақт диванда ўзини тутиб ўтирганига Маямжон опа ҳам ҳайрон. Тасвирга олмоқчи бўлсалар, “аввал овқатланиб олинглар, иш кейин бўлади” деганлар. “Аввал тасвирга олайлик, овқатни сўнг еймиз, сиз толиқиб қолманг” десалар ҳам кўнмаган. То ходимлар овқатланиб бўлгунларича диванда кутиб ўтирган. Бу устознинг тасвирларда сақланадиган энг сўнгги сўзлари экани ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Уни келиб кўриб кетаётган ҳамма одамнинг миясида “Матназар ака албатта тузалиб кетади, ҳали узоқ яшайди” деган фикр бор эди. Эртасига, жума куни устоз ҳақидаги кўрсатувнинг биринчи қисми намойиш этилди.

Шанба куни… Ҳеч кутилмаган, ҳеч ким ўйламаган… ҳаммамизни ларзага солган кун. Устозни касалхонага олиб борадилар. Муолижалар наф бермагач, кечқурун уйига олиб келадилар. Кўзлари юмулган, тилдан ҳам қолган эдилар. Уни меҳмонлар ўтирадиган катта хонага ётқизадилар. Бир пайт устоз кўзларини очадилар. Кўзлари билан имлаб яқинларини чақирадилар. Кимга нигоҳини қадаса, ўша одам ёнларига келади. Устознинг чап қўл бармоқлари қимирлайди. Бу “қўлингни бер” дегани эди (валлоҳу аълам). Қўлига жойлашган қўлни аста сиқиб, киприклари билан “мендан рози бўл” ишорасини қиладилар. “Розиман, сиз ҳам мендан рози бўлинг” деган жавобни эшитгандан кейин унинг қўлини қўйиб юбориб, бошқа қариндошига кўзларини тикадилар. У ҳам ёнларига келиб ўтиради. Шу ерга йиғилган яқинлари билан шу зайилда видолашиб бўлгач, муборак кўзларини мангуга юмадилар.

Устознинг шундай сатрлари эсга тушади:

Кетиб олсам, бир кетиб олсам
Дунёга мен қайтиб келмайман…

* * *

Ўтиб кетади деб ким айтди мени,
Сенинг юрагингда қолиб кетаман…

Дафн маросимида қатнашиш учун таниқли шоирлар Усмон Азим, Набижон Боқий, Иқбол Мирзо, Даврон Ражаблар Тошкентдан етиб келдилар. Эрталаб устознинг хонасини йиғиштираётганлар бир парча қоғоз топиб олдилар. Қарасак, устознинг чап қўлда ёзган, ҳали сиёҳи қуримаган шеъри экан.

Бизлар ўлмагаймиз. Сизларнинг ёдлов
Жон бахш этар ҳатто марҳум жонларга.
Қайтгаймиз бизларни йўқлаган заҳот,
Тирилиб муборак хонадонларга.

Хоразмнинг ардоқли шоири 2010 йил 19 сентябрда Урганч туманидаги Шаҳобиддин бобо қабристонига ўз ота-онаси ёнига дафн қилинди.

Юқоридаги тўртлик иқтидорли рассом ва ҳайкалтарош Соли Қодиров томонидан устознинг қабр тошига ўйиб ёзилди.

ОҒИР КУНЛАР БОШЛАНДИ

2010 йил мен учун оғир келди. Бир йўла икки устоздан айрилдим. Том маънода айтсам, ўзи бор-йўғи иккита устозим бор эди. Уларнинг ўрнини энди ҳеч ким босолмасди. Ўша йили эрта баҳорда устоз Садриддин Салим Бухорийни оллоҳ ҳузурига чақирганини ҳали тасаввуримга сиғдира олмай юрганимда – кузак бошида Матназар акадан ҳам ажралиш мен учун кутилмаган, англаб бўмайдиган ҳодиса бўлди. Бу воқеа менда довдирашга ўхшаш, ўзни йўқотишга яқинроқ ҳолатлар билан бирга масулиятни сезиш ҳиссини ҳам пайдо қилди. Одоқ араваси қўлидан тортиб олиниб, энди мутақил қадам ташлашга мажбур болага ўхшаб вужудимга дадиллик ўрнашди. Ғойибдан келган ана шу дадиллик устознинг мотами юкини кўтаришимда руҳимнинг устуни бўлди.

Матназар ака орамиздан аста-секин кетди. Аста-секин кетди, деганимнинг сабаби, гарчи, ўша соатдаёқ Тошкент, Қозоғистон, Туркманистон каби жойларга телефон қўнғироқлари қилинди; эртаси куни эрталабдан “8-канал” орқали халққа билдирилди; шу куни дафн маросимига келган минг-минглаган одамга кенг кўча торлик қиларди. Шунга қарамай, олти ойдан кейин ҳам, бир йилдан кейин ҳам қишлоқлардаги кўпчилик одамлар менга “хотира кўрсатувида Матназар акани кўрсатишди, оламдан ўтдими ё англашилмовчиликми?” деб савол беришарди. Ҳатто, баъзилари “кейинги пайтда устозинг телевизорга тез-тез чиқадиган бўлиб қолди, яна биронта унвон олдими ё?” – дейишарди ҳам. Устознинг ўлими ҳақидаги хабар тезкор ахборот воситаларининг кўмагида бир йил деганда бутун воҳа одамларининг қулоқларига тўла етиб борди. Устоз орамиздан аста-секин кетгани сабабли вафотининг мотом юки ҳам халқ бошига аста-секин тушди. Шундай оғир юк бирданига тушса, остида қолганларни майиб қилиши мумкин. Кутилмаган мудҳиш хабардан қанча одам ўзига келолмай юрди. Устоз вафотидан сўнг қанча инсонлар учун оғир кунлар бошланди. Мотом юки қанча одамнинг юрак-бағрини эзиб яралади. Нима бўлса Марямжон опага бўлди.

Устознинг ўғли Музаффар отасининг ҳар бир маракасида кимнидир кўрсатиб: Анави одам ким? “Отанг билан қадрдон эдик. Уйингизга кўп келганман” деяпти. Сиз танийсизми? – деб мендан сўрарди. Мен ҳам танимаслигимни айтардим. Бундай нотаниш қадрдонлар сони ҳар бир марака ва тадбирларда кўпайиб борарди. Айрим биродарларимиз уларнинг баъзиларидан шубҳалана бошлади. Ўзини қадрдон қилиб кўрсатувчилардан бўлса керак, деб ўйлашди. Аммо, масала ойдинлашгач, гумонлари тарқаб кетди. Биз устознинг дўстларидан ўндан тўққиз фоизини биламиз, деб юрардик. Вафотидан кейин ўндан бирини ҳам билмаслигимиз аён бўлди. Устоз Урганч заминида бўй кўрсатиб, илдизлари Хоразм, Тошовуз, Қорақалпоқ диёрларини қамраб олган гужумга ўхшарди. Илдизи етган жойлардаги барча соҳа вакилларининг билимдонлари билан фикрлашиб, дўстлашишга улгурган экан. Бошқа вилоятларда ва мамлакатимиз пойтахтида, шунингдек, Туркманистон, Қозоғистон, Эрон давлатларида, Таганрог, Москва шаҳарларида дўстлари борлигидан хабаримиз бор. Аммо уларнинг сони қанчалиги ёлғиз Худога аён. Дунёнинг биз тилга олмаган кўпгина жойларида ҳам танишлари ва мухлислари оз эмаслигига шубҳа йўқ.

УСТОЗГА БЕРИЛГАН ТАЪРИФЛАР

Матназар Абдулҳаким ким эди, ўзи!? Классик шоирми? Шахсми? Донишмандми? Даҳоми? Авлиёми? Фариштами? Ё оддийгина инсонми?

Устоз вафотидан кейин ана шу масала пайдо бўлди. Аслида бу гап аввалдан кўпчиликнинг қалбида бор эди. Ўзларидан ҳайиқиб ҳеч ким айтолмасди. Ўшанда тилини тийиб юрганлар энди ичида борини тўкиб сола бошлади. Кимларнинг назарида Матназар ака ўз қадрини топмаётгандек, кимларнингдир назарида унга ортиқча баҳо берилаётгандек туюларди. Устоз ўзининг камтарона ҳаёти ва самимий сўзлари билан ҳар икки томоннинг исён олови кўтарилмасдан олдин сув сепиб турарди. Энди бўлса шу олов авж ола бошлади. Биринчи томоннинг – устоз ихлосмандларининг ҳовури жуда баланд. Иккинчи томондагилар яъни “Сулаймон ўлиб қутилган девлар” кўзадан ташқарига чиқиб олгани билан ичидагини ташқарисига чиқара олмай юрибдилар. Улар оқимга қўшилиб устозни мақташдан бошқа чора тополмаяптилар.

Биринчи томондагиларни тушунса бўлади. Уларнинг мақсадлари тоза ва талаблари тўғри. Бироқ, улар орасида бироз ҳаддидан ошувчилар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Иккинчи томондагиларнинг эътирозлари тегирмонига айнан шулар ўзлари билмасдан сув қуйиб юборадилар. Иккинчи томон вакилларининг ўзини икки тоифага ажратиш мумкин. Биринчи тоифанинг эътирозлари устозга эмас, мухлисларига қаратилган. Улар устознинг ҳурматини жойига қўйишади, лекин ортиб кетишини ҳоҳламайдилар. Чунки, биринчи навбатда ўзларининг ҳурмати ҳақда қайғурадилар. Иккинчи тоифа ҳақида гапирмаган маъқул. Устоз таъбири билан айтганда “улар ҳам ўз кунига соғ бўлсинлар.”

Энди мақсадга кўчайлик: Устоз ушбу мақолани ўқиб қолсалар, сўзимиз бошида келтирган таърифлардан қайси бирини қабул қилган бўлардилар? Албатта охиргисини. Аммо, ошириб берилган таърифларнинг барчасида ҳам бир чимдим бўлсада ҳақиқат борлигини тан олишимиз керак. Юқоридаги таърифга лойиқ одамлар фақат ўтмишда эмас, ҳозирги замонда ҳам бўлишини истаган мухлислар донишманд, даҳо, авлиё деб аталувчи бир зотни Матназар АБДУЛҲАКИМ қиёфасида кўрганлар. Нега улар айнан Матназар акани танладилар? Чунки, устоз биз билган одамлар ичида энг мукаммали. Унда инсонга хос бўлган фазилатларнинг барчаси мужассам эди. Айтилаётган таърифларга устоздан бошқа лойиқ номзод йўқ эди.

Аслида, ҳар бир жон Аллоҳнинг буюк мўъжизаси ва ҳар бир оддий одам Ҳазрати Инсон эмасми?

МУЛОҲАЗАЛАР

* * *

Мухлисларининг ичида катта кўпчилиги устозни ўзининг энг яқин кишиси деб билади. Бу – уларнинг фикри. Устоз-чи? Кимларни ўзига энг яқин деб билади. Менимча, бу масалада ўша яқинлар билан орадаги масофа анча узоқ кўринади. Ва устоз ўзлари таржима қилган буюкларга ораларидан қил ўтмас даражада яқин бўлиб қоладилар.

* * *

Устознинг кўп такрорлайлиган бир гапи бор эди: “Луқмони Ҳаким ҳам ўзимизга ўхшаган одам эди, бироқ билмаган нарсаси ҳақида гапирмасди, деган экан замондошларидан бири.”
Устоз ҳам ўзимизга ўхшаган одам эди, фаришта эмасди, бироқ… Ҳамма гап ана шу “бироқ”да. Шу бир сўзнинг ичида кўп нарса бор. Шу сўз гўёки бир тилсим. Уни оча олмай қанча зукко одамлар оввора.

…бироқ, одамларнинг ҳеч бири унга ўхшамасди. Уни фаришталар қаторига қўшиб бўлмасди. Фаришталар ёнида одам, одамлар ёнида фариштага ўхшарди. Унда фариштанинг сифати бор эди. У умри давомида Инсонларга мажозий маънода сажда қилиб яшади.

* * *

Устозни даҳо десак бўлармикан? Менимча, индамаган маъқул. Агар, даҳо эди, десак, сал хато қилган бўламиз. Борди-ю, даҳо эмас эди, десак, кўпроқ хато қилган бўламиз, менинг назаримда.

УСТОЗ ҲАЁТИДАГИ ҲАЗИЛЛАР

ИККИ ХИЛ ҚЎЛ

Матназар ака касалхонадан келган куни уйларига бордим. Иккимиз бирга чой ичиб ўтирардик. Ўнг қўли яхши ишламасди. Устоз туздонга қўл чўзмоқчи эди, қўллари унчалик ёзилмади. Мен дарҳол туздонни олиб узатдим. Устоз хижолат бўлмасин деб ҳазилга бурдим:
– Қўлингиз қанчалар узун-а!

Устоз бирдан кулиб юборди ва:
– Тўғри, лекин, калта қўл ҳам баъзида керак бўлиб қолади, – дедилар.

ДАЛИЛ

Шуҳрат Маткарим шундай ҳангома қилади: Тўйдан чиқиб, машинада Хонқадан келаяпмиз. Кайфият аъло. Машинанинг тезлиги ҳам кайфиятимизга мос. Йўл четидаги дарахтлар кўзимиз қироғидан лип-лип ўтиб турибди. Матназар ака гап бошлади:

– Шуҳрат! Одамнинг маймундан тарқагани ростга ўхшайди. Ишонавер, далил келтирмоқчиман. Ҳозир ҳув анов дарахтга кўзим тушганда, шунинг бошига чиқиб бир гўзал билан қувлашмачоқ ўйнагим келиб кетди. Агар маймундан тарқамаганимизда бу фикр миямга келмаган бўларди.

ЁНИДА БИТТАСИ БОРМИДИ?

Ёзувчилар уюшмасининг эски биносига Гурландан етиб бордим. Матназар ака ўз ўрнида китоб ўқиб ўтирарди. Шуҳрат ака бир иш билан кетиб, тушдан кейин келиши керак экан. Салом-аликдан кейин суҳбатимиз узоқ чўзилмай эшикдан Шуҳрат ака кириб келди. Мен билан сўрашиб бўлгач, устозга қараб: Суюнчи беринг, – деди. Устоз унга савол назари билан қаради. Улар ўртасидан савол жавоб бошланди:

– Марямжон опам касалхонадан чиқибди.
– Йўқ-ай, ҳазиллашма. Уйга бормагансан-ку?

– Машинадан тушиб уйингизга кириб кетганини узоқдан кўрдим.
– Бошқа бировни кўргансан.

– Аниқ ўзи эди.
– Агар гапинг рост бўлса бир дона эллик сўмлик сеники.

Матназар ака охирги гапини айтаётиб стол устидаги телефонда рақам тера бошлади ва уйи билан гаплашиб бўлиб, чунтагига қўл солган эди, иккита эллик сўмлик қўлига илиниб чиқди. “Ваъдами, ваъда” деб биттасини Шуҳрат акага узатди. Баҳс ғолиби ҳам бўш келмай:

– Шу потда унисиниям беринг! – деди устознинг қўлида қолган пулга ишора қилиб. Устоз тезда жавоб қайтарди:
– Ия, ёнида яна биттаси бормиди, ё?

ЯРАШТИРИШ

Аразлашган дўстларни яраштириш, бировни нотўғри йўлдан қайтариш, тортишиб қолганларни муросага келтириш каби ўта нозик, ноқулай вазиятларда иккила томонга бир хилда маъқул бўладиган гапни топиш устозга қийинмасди.

Дўстларидан эшитганим бир воқеа эсимга тушди: Яқин жўраларидан бирининг оиласида жанжал бўлиб, ҳеч ким уларни муросага келтиролмабди. Жанжалга сабаб, хотини эрининг корейс аёл билан юрганини билиб қолибди. Бир-неча дўстлари келиб “Бу ёлғон гап, биз ишонмаймиз, миш-мишларга ишонаверасанми” деса, аёл “ўзим кўрдим” деб шаштидан тушмабди. Охири улар Матназар акани чақирибдилар. Шунда устоз: Корес билан юрганига шукур қил, корейс миллатига онда-сонда кўзинг тушади. Ўзбек аёл билан юрганида, ҳамма ёғинг ўзбек, ҳар ўзбекни кўрганда асабинг бузилаверарди, деб аёлни тинчлантиришга муваффақ бўлган экан.

Матназар ака учун бундай сўзлар деҳқончилик эди. Айни пайтда сўз устознинг қудратли қуроли эди.

УСТОЗНИНГ АРМОНЛАРИ

Армон сўзини шартли равишда, иложсизликдан ишлатаяпман. Касалхонада ётганиларида Марямжон опа: “Бугун ҳеч нарса емадингиз, мана шу овқатдан озгина бўлсада есангиз яхши бўлар эди” дедилар. Устознинг бирдан асаби қўзиди. Пичоқ суққандай қилиб: “Марямжон! “Эди” дема! Ҳеч қачон армон билан сўзлама! – дея огоҳлантирдилар. Ушалмаган орзулари кўп эди-ю битта ҳам армони йўқ эди. Устоз Бедилдан кейин Румий таржимасига қўл урмоқчи ва “Таржимон талқинлари” рукнидаги илмай ишларини давом эттирмоқчи эдилар. Ғазалларини кўпайтириб алоҳида китоб қилишни, яна бир китоби фақат ўқитувчиларга бағишланган шеърлар бўлишини, Аҳад Назар таҳаллуси билан ўз ҳаётидаги латифаларни ёзиб бир китобга жамлашни орзу қилган эдилар. Вафотидан чамаси бир ойлар олдин уйларига боргандим. Дераза токчасида турган бир китобни олиб беришимни илтимос қилдилар. Олиб бердим. Уни авайлаб ушлаб, у ёқ-бу ёғини кўриб, яна жойига қўйишимни сўрадилар. Янги чиққан китоблар устознинг уйига сувдай оқиб келарди. Қалам тутган одам борки, китоби чиқиши билан устозга етказишга ошиқарди. Токчадаги китоб шулардан бири эди. “Буларни соғайганимдан сўнг ўқирман,” дедилар. Бироз жимликдан сўнг: “Мен энди чарчадим. Беш-олтигина китоб ёзиб чарчаб ўтирса, одам уяларкан. Ёзган китобларингни ғишт тергандай тахтлаб қўйиб чарчасанг! Кейин чарчадим десанг арзийди. Мен ижоддан чарчамадим. Мени касаллик чарчатди. Соғайсам, ҳали бироз режаларим бор, шуларни амалга ошираман. Бедилдан яна бир қадар таржима қилгудек кучим бор.”

Устоз бу гапларни дадиллик билан айтди. Энди ижод қилолмаслигини билдирмаслик учун, менинг кўнглимни чўктирмаслик учун айтаётганини мен у пайтда яхши англамас эдим.

Устоз ижоднинг кенг майдонига энди чиқиб олган эди. Ҳаммамизга маълум уч йўналишда қилган ишлари кўзлаган мақсадининг дебочаси холос. Унда бўйи баробар қилиб китоблар ёзгудек куч ва салоҳият бор эди.

Бир куни ёшлик пайтида Тошовуз томонда бир дарвешни кўрганлигини эслаб “Сўнгги дарвеш” деган мақола ёзишни кўнглига тугиб қўйганлигини айтди ва дарвешлик ҳақида ҳам бироз тўхталди. Ўша суҳбатдан Мурод Иброҳим қалбига бир чўғ тушган экан, устоз вафотидан сўнг мана бу шеърни кўтариб келди:

СЎНГГИ ДАРВЕШ

Кўнгил кўзи билан кўринг кўнглини,
Ҳақ назарин кўрган кўнгил кўзида.
Яратганнинг қули яралган оддий
Талотум изида, шиддат ўзида.

Оломон оралаб кетиб бораркан
Ҳақ қули қулликка минг қуллиқ қилар.
Дарвеш ҳайбатига ҳайрат ҳам ожиз
Бир куни йиқилса осмонга қулар.

Савобдир садақа, садақа – умр,
Улуғ йўл адоғига қўшилар ҳисса.
Дарвеш кетаяпти пойида тошмас
Тошдай бағирларга урилар ҳасса.

Кашкул товушини излайвераман,
Соғинган руҳимда сокин сергаклик.
Оламон оралар энг сўнгги Дарвеш
Ҳеч кимга керакмас бўлган “керак”лик.

Матназар акадан таъсирланиб ёзилган шеърларни бир жойга тўпласа, бутун бир адабиёт бўлади. Бул табаррук зоти покнинг ижодидан мутаассир бўлиш қиёмат кунигача давом этиб, ушалмай қолган орзулари ижодий ишларининг давомчилари воситасида бекаму кўст рўёбга чиқишини Яратгандан сўраб қоламиз.

2014 йил

19 СЕНТЯБР ШЕЪРЛАРИ
Ҳар йили ушбу кунда Матназар акани хотирлаш учун дўстлар у кишининг хонадонида йиғилишади

ШАРОФАТЛИ КУН

Фақат бийрон эмас, соқов тилда ҳам
Сўзларнинг гуноҳи, “тил офати” бор.
Музлаган юракнинг, тош қотган тилнинг
Қўрқувдан жимликнинг касофати бор.

Ёмонни ёмон деб кесилганда тил,
Ҳеч кимса билмас бир фароғати бор.
“Яхшини яхши деб айта олмасдан”
Тишланган тилларнинг жароҳати бор.

Ҳар йили шу сана шу хос хонада
Садақа – руҳларнинг зиёфати бор.
Нафақат туғилган, ўтган кунида ҳам
Табаррук зотларнинг шарофати бор.

Тилда тилаклар кўп, қабул айласин,
Холис ҳар каломнинг ижобати бор.
Энди тилингни тий, сувратига боқ –
Матназар оғанинг салобати бор.

19.09.2016 й.

* * *

Умр – юнг, вақт – гилам торлари,
Бичилмоқда тўшаклар ўлан.
Кўп бўлади харидорлари
Қанчалар зич тўқилса гилам.

19.09.2016

* * *

Шеър ёзиш унчалик қийинмас,
Ёзмасанг ўзингни қийнамоқ қийин.
Қариликка бўйин бўлган бўйинмас,
Ёшлар орасида ўйнамоқ қийин.

“Исмлар илми”ни кўнгилга солган,
Ким қайда чақирса “инжа сасиман”.
Сўзларнинг юкини зиммамга олган
Аллоҳнинг ердаги халифасиман.

Ҳеч нарса сўраманг мендан илтимос,
Мендан фақатгина шеър сўранг.
Қоғозга ўраманг сўзни илтимос,
Мендан сўз ўралган қоғоз – ер сўранг.

Шеър ёзиш унчалик қийин иш эмас,
Замин томорқамдир, касбим – дончилик.
Уруғлик ғамладим, нави – “қушемас”.
Шоирман, мен учун шеър – деҳқончилик.

19.09.2016

007Матназар АБДУЛҲАКИМ
ИЛДИЗЛАРГА ТУМОР ТАҚИБ
ҚЎЙИНГЛАР

007

СОАТ

…бўстон вақти бўлди.
Отоий

Туҳфа келди. Соат. Элликқалъадан,
Шеър ўлкаси не бахт, қилибди тақдим.
Дақиқалар чеккан жимжит ноладан
Хабарчини бемор қўлимга тақдим.

Вақт ҳеч нарса эмас, вақт ҳамма нарса,
Вақт – орзу, вақт – умид, тоқат ва сабр.
Юракка ўхшайди, жажжи бу ларза,
Ўлиб тирилади ҳар бир лаҳза бир.

Лаҳзалар рухсорин дилга нақш этди,
Тинмай юриб турган қутлуғ бу маъдан.
Фалаж билагимга ҳаёт бахш этди
Шу соат баҳона меҳрибон ватан.

Жангга кирган маҳал хазон сипоҳи,
Соат энг яхши зирҳ, мустаҳкам совут.
Элликқалъа эллик асрнинг оҳи,
Бир дамдек беш минг йил тафовут.

Султон Вайс тоғида Ҳақ хотираси,
Ҳар лаҳза мангулик умрини ўлчар.
У билар – вақт денгиз. Ҳар бир қатраси
Бордир, ҳеч бўлмаса, минг Оқчакўлча.

Соатлар чиқиллар қанчалаб қўлда,
Диллар қўшиғини миллар ҳайқирар.
Элликқалъа кўзи ҳар лаҳза йўлда,
Дардманд шоирини қайғурар.

Йилу ой, кунларнинг мазмуни аён,
Ихчам доирада битик ҳар хатда.
Қоронғу тушса гар, бўлур намоён,
Ўн иккита юлдуз циферблатда.

“Чиқ-чиқ” – ҳайдаш эмас, таклифдир жонга,
Қалъалар қурамиз, айтадурмиз сўз.
Гиргиттон бўлиблар, инсонистонга,
Ўн саккиз минг олам тутмоқдадир, кўз.

Қаҳкашонга ўхшаб ёришади йўл,
Демак, вақт эзгулик, ғазалга сафар.
Қозонмоқда ҳозир неча чапдаст қўл,
Шеър ёзиб, ёвузлик устидан зафар.

Вақт Ҳақ ҳукмидадир азалу абад,
Хоҳ бўлсин-у, хоҳи бўлмасин соат.
Вақт – меҳр-оқибат, вақт бу – муҳаббат,
Соат бу – фанони тан олиш, ибодат.

Соат бу – тўхтамас дийдору фироқ,
Тинимсиз шижоат – шаҳд вақти бўлди.
Айтадиган бўлсам яна аниқроқ,
Ҳозир роппа – роса бахт вақти бўлди.

Бир-бирига жуда қаттиқ суяниб,
Вақт – ҳаёт, ҳаёт – вақт ҳамнафас оқса.
Соат ўзига хос нишондир, яъни,
Арзир ҳар бир шоир юракка тақса.

Қулоқлар қутлуғ бир жарангга тўлди,
Сабоғин бошлади муҳаббат – мактаб…
Демакки, юракда боғ вақти бўлди,
Бўстон вақти бўлди, демак, юракда!

* * *

Соғинч бир ҳамлада сабримни енгар,
Қутлуғ дийдорингга эришмагим шарт.
Қанотли тулпорлар элтадир сенга,
Эй сарвиқад андуҳ, қоши ҳилол дард.

Гоҳ осмондан тушиб, гоҳ чиқиб ердан
Мен сенга етаман ҳорғин ва ўктам.
«Ердан чиқдингми?» — деб ўйлайсан эркам,
Таажжубланасан — «Тушдингми кўкдан?..»

Минг чақирим наридан бир иймо билан
Қозонадир қаро кўзларинг зафар.
Сенга тобе бўлар ақл ҳам, дил ҳам
Бошлана бошлайди қутлуғ бир сафар.

Юрагим юрагингни қилар зиёрат
Яшириниб теран-теран жойларга,
Ишққа олайган кўз бунча кўп, ё раб,
Олиб кетсам эди сени ойларга.

«Сафарлар муборак!» — ҳаприқади дил,
Бу қандай бир шодлик, қандай бир ғамдир.
Чеҳрангда чарақлар қайсар бир сурур,
Сенга менинг сени севмоғим камдир.

Юрагимда чиқиб олиб энг тўрга,
Таъналар қиласан мудҳиш ва майин.
Муҳаббатдан улуғ туйғуни ўргат,
То шу туйғу билан сени севайин.

Сенсиз не маъно бор, айт, бу умрдан,
Туғилгансан атай мендек зорингга.
Саргардон бир умр йўл босдим, бир дам
Термулай деб сенинг гул рухсорингга.

Юракни нимталаб борадир не дард.
Не бало бир сирсан, не бало фошсан.
Сафаримнинг сочи оқариб кетар.
Сен бўлсанг… сен бўлсанг…
жуда ҳам ёшсан.

* * *

Сен туфайли билдим, нимадир кулфат,
Сен туфайли билдим, саодат надир.
Сен туғилган кун қиш қирқ чилласимас,
Лайлат-ул-қадр!..

Барибир тенгсиз бир қутлуғ дийдорга
Ғамгин ҳаётимда етмаскан гал то,
Ишона бер, жоним, мен туғилган кун
Ял-до!..

* * *

Икки кўзинг тумор бўлиб тақилар
Юрак-юрагимга… жон-жонимга…
Иситмоқ ҳам гапми… бу икки тумор
Ўт қўйиб юборар хонумонимга.

Муҳаббат олади гирибонимдан,
На имкон, на истак халос бўлмоққа.
Сен ҳаётим билан тўлмоққа маҳкум,
Ҳаётим мушарраф сен билан тўлмоққа.

Йўқ! Мадад бермайди кўзларда ёмғир,
Йўқ! Мадад бермайди бошимдаги қор.
… Бир умрдан ва бир — сендан иборат,
Жуда қаттиқ келди, жоним, бу баҳор.

* * *

Тўтиқушлар куйлар муҳаббат ҳақда,
куйлари ўзидек қалбаки, сохта…
Не бахтки, сен ҳозир олис-олисда,
не бахтки, сен ҳозир узоқ-узокда.

Мен бўлсам мусаффо хаёлларимда
қутлуғ умидингга бўлиб асирлар,
бунёд этмоқдаман сенга бағишлаб
қасрлар!

Сен бу қасрларда яшаяжаксан
юракдан бошқага бўлмасдан тутқун.
Шарафингга сенинг чаҳчаҳланади
булбулники янглиғ дудуқ бир нутқим.

Ва тонглар бошқача ота бошлайди
юракка таратиб навобахш нурлар.
Муборак маслаҳат анжуманига
ташриф буюради тонг билан ҳурлар.

Бошланур юракда икки чаросинг,
бошланур юракда адл бўйларинг.
Минг наврўз бир ерга жамланиб келиб
барқ ургани янглиғ тўйларинг.

Гулбарглар ғунчада энтикар жимжит,
бахтга улгу бўлар жуфт ҳисларимиз…
Ҳеч бир номаҳрамсиз бошланиб, асло
тугамас муҳаббат мажлисларимиз.

* * *

Чаман руҳ оҳиста бўлди биёбон,
Борлиғимни аччиқ чақади ақраб.
Васлимизга паноҳ сўлим хиёбон
Қовжираб боради, боради қақраб.

Насимдан изғирин туғилар гирён,
Ҳар новда — назмимдек урён бир мазмун,
Мен ҳажрингда сенинг яна саргардон,
Маҳзун ва маҳкумман,
Маҳкум ва маҳзун…

Чинорларнинг ўйга толишларини
Ниқоблаб ёғаркан оппоқ қорларим.
Юрагимнинг жим-жит нолишларини
Сенга етказгайдир унсиз зорларим.

Хаёлларим тортиб борар заъфарон,
Олислаб боради мафтункор мавсум.
Мен яна ҳажрингда сенинг саргардон,
Маҳзун ва мазлумман,
Мазлум ва маҳзун…

Сени ўйласам, ўй фалакка етар,
Самони сипқорар олган нафасим.
Юрагим кўксимда парвозлар этар,
Ўзим — чексизлигим, ўзим — қафасим.

Юрак қушим учун ҳар бир юддуз.— дон,
Сендан қутлуғ ёдгор ҳар серфараҳ зум…
Мен ҳажрингда сенинг яна саргардон,
Маҳзун ва маҳбусман,
Маҳбус ва маҳзун…

Бағрига босганча шодлик, ғамларни,
Чарх урар ишқпарвар, муштипар дунё.
Таънага қўймайлик, кел, бу дамларни,
Ҳар ишқ лаҳзасидан мангулик бунёд.

Юрагим қуш менинг. Ишқ деган дард — дом,
Қаърига тортади хаёлинг — маъсум..
Мен ҳажрингда сенинг яна саргардон,
Маҳзун ва мафтунман,
Мафтун ва маҳзун…

Хазон муқаррардир, муқаррар баҳор,
Бир ғунча портлатгай минг-минг кулфатни.
Тараннум этгайман такрор ва такрор
Сендан мерос қолган қутлуғ бу дардни.

Баҳорлар келади, гул гулга меҳмон,
Сен ҳам тушларимга кириб қадаҳ сун…
Мен ҳажрингда сенинг яна саргардон,
Маҳзун ва маҳрумман,
Маҳрум ва маҳзун…

Ишқ шунчаки бахтмас, олий саодат,
Заҳар-заққумларни бир кун бол этгай,
Бийрон қилиб не-не тилларни бу дард,
Не-не ақлларни бир кун лол этгай.

Тўкмаган ёшларим кўксимда пинҳон,
Бахш этгай минг-минглаб лабга табассум
Мен ҳажрингда сенинг яна саргардон,
Маҳзун ва мамнунман,
Мамнун ва маҳзун…

* * *

Мен сўнгсиз бир азоб, муҳташам бир дард,
Қўрғошиндек оғир хаёлга ўғил.
Ўйлайман… қорачиққа поёнсиз нафрат,
Киприкларга меҳр қалқади, мўғул.

Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг.
Чириб-чириб ётар Урганч йўлида
Қатлимга қайралган қаттол тиғларинг.

Мен канда қилмайман тиғ чиритмоқни,
Сен урҳолар солиб, елдек эсасан.
Бўйнимга Чингизхон урган сиртмоқни
Заҳириддин Бобур бўлиб кесасан.

Хаёллар гоҳ қипчоқ, гоҳ ўғизимда,
Дил — Тўмарис меши. Қонга тўлади.
Билмайман қўлдами ёки бўғзимда
Исфаҳонми ёхуд Дамашқ пўлати.

Аср-асрларни сен талай-талай,
Айқаш-уйқашлайсан зулмат-зиёни.
Денгизга тегмайсан, раҳмат, ҳарқалай,
Ташлаб кетадирсан икки дарёни.

Икки дарё мадҳи битилган шеърлар
Белга ёр боғлаган қийиқларимда.
…Мен тушлар кўраман. Манглайим терлар.
Мудҳиш бир истеҳзо мийиқларимда.

* * *

Макрни касб қилиб олган ғаддорлар
Эзгу меҳрингизга солганди қутқу.
Шундан бери, мана, икки қалъада
Ёлғиз бир ўзингиз яшайсиз тутқун.

Вужудингиз яшар бир хонадонда
Аччиқ фаровонлик таъмини тотиб.
Биров учун — келин, биров учун — қўшни,
Биров учун эса — қумридек хотин.

Гўшангизда, афсус, ғаразлар тўрда,
Пойгакда мум тишлаб ҳақ, инсоф жимдир.
Меҳр-муҳаббатдан, самимиятдан
Бошқа ҳамма нарса тўкин-сочиндир.

Сиз тараф отланар бўлсам, йўллар берк,
Ҳар қадамим учун шаънингиздир бож.
Мен тушлар кўраман — пойингизда тахт,
Мен тушлар кўраман — бошингизда тож.

Мен тушлар кўраман, қолмасин деб эл
Адолат аталган олий урфсиз,
Золимлар ичинда кирдикорларин
Махфий ва батафсил билиб юрибсиз.

Мен тушлар кўраман, ўқиркансиз ҳукм,
Ҳар сўзда адолат кўрсатар талъат.
Илҳақ уйғонаман — хаста юрагим
Сиз қамалиб қолган бошқа бир қалъа.

Шундай муҳташам бир ёлғизлик билан
Кунларим ўтмоқда шиква-ноласиз.
На у қалъангиздан бўласиз халос,
На бу қалъангиздан хабар оласиз.

Сиздан бошқа ким ҳам англасин мени,
Юрагимга йўлни бошқа ким билсин.
Бу мажнун қалъанинг ҳар қопқасида
Муҳаббат аталган муқаддас тилсим.

Маликам! Етибми илтижоларим,
Воқифлар бўлибми бебаҳо сирдан,
Ўзингизни йўқлаб келинг… тилсимлар
Жаранглай бошлади ҳозирдан.

* * *

На Мажнун бўлмоқлик даъвоси дилда,
На юракда Фарҳод бўлмоқлик баҳси.
Юргандим, манглайда ажин, сочда – оқ,
Минг хил ғалва билан чалғиб, алаҳсиб.

У ҳам ўзи билан ўзи овора,
Юрганди куй куйлаб, эртак эртаклаб.
Бир-биров қошига бизни шафқатсиз
Нима учун келдинг етаклаб.

Нима гуноҳ қилди сенинг олдингда
Яноқлари бир жуфт қизил олма қиз…
Менинг-чи, менинг не айбим бор эди,
Ялмоғизсан, муҳаббат, ялмоғиз…

ВИДО
Рўзмат Отаев хотирасига

Қўлларимнинг патлари йўқлар,
Суякларим — қўрғошин йилик.
Мени бунча ёмон чорлайсан,
Жоним осмон, бу не кўргулик?

Самараси узоқ куттирди
Умид билан эккан мевамнинг.
Кўчмоқдасан гумбазларига
Сендан улги олган Хивамнинг.

Тун — кунларинг талашадилар
Ғамларимни — аламларимни.
Тортишарлар чексизликларинг
Поёни йўқ оламларимни.

Ҳар тонг тиниқ мовийликларинг,
Нигоҳимни бир ёритади.
Сен тортасан хаёлларимни,
Вужудимни замин тортади.

Юрагимни тортар бир юрак
Мендан олис-олис ерларда.
Мен мисралар билан дардлашиб
Саргардонман ғариб шеърларда.

Ишқдан бўлак титроғим йўқдир,
Йўқдир шеърдан бўлак ҳеч ларзам.
Дўстларимдан бошқа ҳеч кимим,
Ердан-кўкдан бошқа ҳеч нарсам.

Дўст меҳрини парҳез тутмадим,
Нодўст дунё гарчи ғамхона.
Ўлдирса ҳам, олдим-да едим,
Луқма тутгач хаста ҳамхонам.

Сиз ҳам тутманг меҳримни парҳез,
Жоним тандан бўларкан жудо…
Меросдирман ҳаммангизга тенг,
Тенг еганни тенг кўрар худо.

Кўрингизлар баравар баҳам,
Дардманд сўзим шеърники бўлсин.
Руҳим бўлсин сеники, осмон,
Ва жасадим — ерники бўлсин.

Дўстларимга бахшида бўлдим
Уммон эдим, қолмай бир қатра.
Юрагимни тортган ошуфта
Юракники бўлсин хотирам…

* * *

Сиймоб янглиғ оғир қалққувчи кўзга,
Осон туғилмайди юракдан бу ёш…
Менинг кимим ҳам бор, айт, сендан ўзга,
Сен ҳакда ўйимдан балқади қуёш.

Борлиғим нурингга масъуд беланар,
Руҳим ёришади сўнмас зиёдан.
Юрагим юрагингга эланар,
Бир каминг бўлмасин бир кам дунёда.

Юксак қаватларга жилмаяр офтоб,
Табассуми янглиғ мушфиқ онанинг.
Ҳикматларга тўла нурафшон китоб
Мунис деразаси касалхонанинг.

Мутолаа қиламан ўткинчиларни,
Бу китоб ичра, о, азиздир ёт ҳам.
Сен ҳам фаромуш қил ғам, ўкинчларни,
Бир каминг бўлмасин бир кам дунёда.

Тунлар мазмунини тонглар қилар шарқ,
Гуллар қийғос қоплар саҳро, қирларин…
Манглайимда қушлар ураётир чарх
Англатмоқчи бўлиб парвоз сирларин.

Юрагим сен тараф елдирар тулпор,
Гоҳ сомон йўл узра кезар пиёда.
Лаъл лабингда пинҳон минг чаман гул бор,
Бир каминг бўлмасин бир кам дунёда.

Ҳаётнинг золидан ишвалар зоҳир,
Неча Қайсни кўргай неча минг саҳро,
Сандиқларда оқар неча минг Тоҳир,
Қулон овлар ҳали неча минг Баҳром.

Бироқ такрорланмас оҳу кўзларинг,
Гарчи қавминг кўпдир қирда-қиёда.
Кундан кунга камдир каму кўстларинг
Бир каминг бўлмасин бир кам дунёда.

Дунё ишларига термулдим ҳайрон,
Гоҳ дилни юксалтди илоҳий хулқлар.
Гоҳ дил салтанатим қилдилар вайрон
Дўст бахтидан кулфат чеккан махлуқлар.

Одам оҳиста бир топади камол,
Одам шаҳар янглиғ келар бунёда.
Шамолдек шошқалоқ жаҳонда жамол,
Бир каминг бўлмасин бир кам дунёда…

ЎГИТ
Ажойиб педагог Зарифбой Қўчқоровнинг талабаларга ўгити

Кўзикмайди, қўрқманг, данғиллама уй,
Кўзикмас гиламлар, парқуларингиз.
Кўзикади қўшиқ, кўзикади куй,
Кўзикар нурафшон туйғуларингиз.

Туморлар тақасиз машинангизга,
Туморлар тақасиз мулкингизга сиз.
Тумор тақинг, асли, кўзёшингизга,
Тумор тақинг, асли, кулгунгизга сиз.

Менда бир данак бор. Пўчоғи олтин,
Мағзи ёқут унинг. Чақиб қўйинглар.
Севинг. Бироқ севиб қолишдан олдин
Кўнглингизга тумор тақиб қўйинглар.

Муҳаббат шиддатли, беғараз хуруж,
Бад гумон келмасин хаёлингизга.
О, барибир, лекин шода-шода мурч
Совға қилиб қўйинг аёлингизга.

Гарчи совға қилинг жаҳоннинг барча
Атрлари, мушку анбарларини,
Неча минглаб қизга неча мингларча
Кийгизинг қалампир чамбарларини.

Садоқат бир дунё, меҳр бир жаҳон,
Чек қўйгай камлару кўстларингизга.
Душманга дўнмасин бир кун ногаҳон,
Тумор тақиб қўйинг дўстларингизга.

Ана, юлдуз сўнди. Қолмангиз карахт.
Юлдузларга тумор тақиб қўйинглар.
Бир барг ҳам сўлмасин, дарахт-ку дарахт,
Илдизларига тумор тақиб қўйинглар.

Ҳасаддан жирканинг, ҳасаддан қайтинг,
Туморлар тақинглар гужум — чин орга.
Кимнинг кўзи тегди Оролга, айтинг,
Кимнинг кўзи тегди Калта Минорга?!

Қораяр. Қизармас ҳасаднинг бети.
Кўнгли йўқ. Бўлса ҳам бўлмагайдир тўқ.
Нокас бахилларнинг кўзлари эди
Комил Девонийга бориб теккан ўқ.

Бахилликдан, айтинг, ким топгай самар
Юрак мевасини егизмай заха.
Тутатқига зое қанчалаб камар,
Тутатқига увол қанча бўсаға.

Оғзи ола бўла кўрманг ҳеч қачон
Бўлинглар бир ёқа, бўлинглар бир енг.
Иккиланмай ҳозир берар эдим жон
Шу билан бўлсайди бизга жаҳон кенг.

Шодликдан кўзимга қалқади ёшлар,
Сурурланиб қутлуғ аъмолингиздан.
Юрагим парвозга шайлана бошлар,
Лочинларим, сизнинг камолингиздан.

Ҳар қадамни ташланг эзгулик томон,
Худбинлик ёт бўлсин кўзларингизга.
Ўз кўзингиз тегар ўқдан ҳам ёмон,
Маҳлиё бўлманглар ўзларингизга!

* * *

Бир кунмас бир куни этасан вафот,
Мушукларинг қолар лоқайд миёвлаб,
Фақат ўз нафсига этганча вафо,
Таскин топар улар сичқонлар овлаб.

Арвоҳингни эзиб ташламайди ғам,
Поёнсиз куч берар Аллоҳ сабрингга.
Зиёрат қилмоққа, бошин қилиб хам,
Йўлбарслар келади бир кун қабрингга.

ЖАВЗО АРАФАСИ
Лирик достон

«Қора кўзим, деманг, қоракўзмасман»,
Қўй кўзлари сенинг кўзларинг.
Қарамасанг мотам, қарасанг
Тўй кўзлари сенинг кўзларинг.
Сенинг ўй кўзларинг илинжида
Не бир кўзлар чақнаб жовдирар,
Не бир, не бир арслонлар оҳу,
Арслоннинг қошида каби довдирар.

Даҳшатлар пинҳон бу қўй кўзларингда,
Бу кўзлар ҳам ёлғон, ҳам чининг.
Ҳар бир қорачиғинг бир олов ҳалқа,
Ҳозир қарсиллайди қамчининг.
Ва мен сакрайдирман қўй кўзларингга
Олов ҳалқаларнинг аросидан.
Мардумлиғ фан қилиб, ватан тутгайман
Кўзларинг қаросида.

Илҳақ, қаър-қаъридан муштоқдир осмон
Бор офтоби, барча юлдузи билан,
Сени қаттиқ қўмсар Урганч боғлари
Ҳар япроғи, ҳар бир илдизи билан.
Биз ҳам, асли, ўзи, бир жуфт дарахтмиз
Биримиз бўлганмиз жо биримизга.
Айрилиқ — ёлғондир. Қаттиқ чирмашган
Томиримиз томиримизга.

Файз бахш этиб турар бири бирига
Япроқлар — ям-яшил аъзоларимиз.
Ҳаёт-мамотимиз муштаракдирлар,
Муштаракдир бизнинг жавзоларимиз.
Бир четда мунғайиб ўтирибман жим,
Сенсиз ҳар бир лаҳза минг бор фалокат.
Минг йил бўлди — кетдинг. Нега ҳамон ҳўл
Нақллардан машҳур муборак дока.

Минг ўлиб тирилдим мен шу минг йилда,
Минг йил бир нуқтадан силжимади ой.
Буғланиб турибди пиёлада сен
Минг йил аввал дамлаб бериб кетган чой.
Минг йил бўлди… кетдинг… зор этдинг…
Қутлуғ қадамингга шай боғларимни
… Куйлагим малакми дазмоллаб қўйди,
Фариштами ювди пайпоқларимни?..

Мен сукут сақлайман, бераман бардош,
Сенинг сўзларингдан юрак-бағрим қон.
Сенсиз ҳаёт менинг қатлимга қарор,
Эй, рашк мактабида жажжи абжадхон.
Маломатга кўмиб ўртайсан мени,
Мени қизғаниблар титрайсан гоҳо.
Рашкинг — бир чувалчанг, бир илон — майда,
Менинг рашким эса аждаҳо.

Руҳни қандай эзар, бир билсанг эди
Аччиқ таъналарнинг тошлари.
Ҳуснинг ортган сари кўпайиб борар
Мудҳиш аждаҳонинг бошлари.
Пускураркан ҳар бош бетиним олов
Маҳкум қилиб мени ўлимга,
Кўзларинг узатар истар-истамас
Олмос бир қилични қўлимга.

Бошларни узаман сапча-сапчадек
Индамай… гулрухсор, бағри тош.
Ўсиб чиқаверар бир бош ўрнига
Икки бош… икки бош… икки бош…
Мен жануб ўғлиман. Сен — шимол қизи.
Бир фаслга илҳақ. Ичиккан.
Мавридлидир сенинг бахтинг, водариғ,
Менинг бахтим сенсиз… кечиккан.

Баҳорни сен ёниб яшагинг келар,
Бергим келар менинг кузга чап.
Сени бир ўзгача йўқлайди баҳор,
Мени йўқлайди куз ўзгача.
Оғир меҳнат қилар ер бу жуфт фасл,
Анқиб тутиб кетар ерни ер ҳиди.
Очилганда маҳзун руҳимда чаман
Юрагингда энди-и… музлар эрийди.

Сен тараф отлансам қаҳринг бир дунё,
Отланмайин десам, меҳринг бир жаҳон.
Тарк этиб кўзларинг муборак зиё
Беркилиб қолмасми йўллар ногаҳон.
Борлиғимга ботдинг мисли тўлин ой,
Ғамгин ватан бўлдим маҳзун бу моҳга.
Сен билан кезганим ҳар бир қадам жой
Айланди мен учун зиёратгоҳга.

Жонда қол, бергандек сафҳага зеб байт,
Ҳар тонг дил илк севги қўшиғин айтсин.
Садоқат қуруқ бир сўз эмас деб айт,
Сочларим оқариш фикридан қайтсин.
Сен ўзингни афв эт. Ошиқлик шундай.
Девонавор эдинг. Мажнунвор эдинг.
Соддароқ айтсанг ҳам бўларди, бироқ:
«Мен сени ўлгудек севаман», — дединг.

Яшагудек севмоқ керак, аслида,
То бўлмасин дилда бахтга ниҳоя.
Ишқ — ҳаёт. Гапингга омийн демоққа
Фаришталар тили бормагай, шояд.
Ва сен яшайдирсан узоқ ва масъуд,
Бундай саодатга ҳақ бир жазо бор.
Айтсанг-айтмасанг ҳам, қанчалик севма,
Жон бор ерда ахийр бир кун қазо бор.

Шунда, о, юксак ва теран англарсан
Аршга ошиқ йўли — Сомон йўлини..
Арвоҳ капалагинг чарх уриб кўргай
Қандай мудҳиш ўлим ошиқ ўлими.
Лолалар келади шу кун азага,
Чаманлар чайқалиб тутади мотам.
Юрак-юрагининг қаъри-қаъридан
Ўкраниб йиғлайди ёлғиз бир одам.

Кўзёш қилиб тўкар заққум рашкларин,
Кўзёш қилиб тўкар озорларингни.
Нозик кифтларининг силкинишидан
Зилзила титратгай мозорларингни.
Ўрганар севгингдан муҳаббатни ишқ,
Тоқатингдан қаноатни сабрлар.
Титранган қабрингдан кўнгил сўрашга
Ташриф буюради қутлуғ қабрлар.

Ҳозир эса… нурли жилмаймоқдасан,
Ҳозир эса… бунга ҳали анча бор…
Висол бахтин раво кўрмокда Роҳийм,
Маҳрум қилмай турар дийдордан Жаббор…
Узун бир уҳ тортиб олар бу лочин,
Фиғон чекиб парвоз қилар. Қоласан.
Энди мен жимгина фарёдман,
Энди сен жимгина ноласан.

Ҳар қатра кўзёшда бир уммон дарди,
Ёлғон ҳижрон борар ҳақиқатланиб.
Ой билан ўлчанмас айрилиқ,
Айрилиқ ўлчанар дақиқаланиб.
Телефон жаранги қилади чил-чил
Дамлардан тўқилган қафасларингни.
Жонимга бир зумда туташтиради
Совуқ симлар қайноқ нафасларингни.

Сўз топмай довдираб тин олишларинг
Муҳаббатнинг мангу тилсимларими?
Телефонингмикан бизни боғлаган
Дил симларими?
Кўзларингдек тиниқ толалар бўйлаб
Нолалар минг чақирим қочади.
Руҳим симёғочлар каби донг қотиб,
Сенинг йўлларингга қучоқ очади.

Mahmud Rajab
SHE’RLARIDA O‘ZI BOR
007

838_n.jpgMatnazar aka haqida gapirib bering, deyishlaridan qochaman. Chunki, u haqda gapirishga mening ojizligimdan tashqari ustozning ulug‘ligi ham imkon bermaydi. Matnazar akaday samimiy shaxs haqida unga mos samimiy so‘zlarni topish nihoyatda mushkul. Ustozni uning o‘zidan boshqa hech kim aniq ta’riflay olmasa kerak.

Shoirning siymosi o‘zi qog‘ozga muhrlagan satrlar orsidan qalqib chiqaveradi:

O‘zing tog‘ bo‘l, suyangil o‘z-o‘zingga…

yoki:

Hovuch tuproq sochilgach bo‘ldi bir chang,
O‘zin jam qilmaganning shoni yo‘qdir…

yoki bo‘lmasa:

Nutqing kabi nutq jahonda, ey do‘st, yo‘qtur,
Qutlug‘ bu kalomda hech kamu ko‘st yo‘qtur,
Yong‘oq-ku so‘zing kerakmas archmoq, chaqmoq,
Hammasi mag‘z uning, po‘choq-po‘st yo‘qtur.

Ustoz Abdulla Orif: Matnazarning ijodida chiqit yo‘q. Yozganlarining bari kelajak avlodga qoladi – degandi.

Matnazar aka nega dunyoni tez tark etdi? – degan savol hammaning boshini qotirdi. Bunga har kim o‘zicha javob izladi. Aslida bu – Ollohning irodasi. Lekin Olloh kimnidir, nimanidir sababchi qilib qo‘yadi-ku. Bu savolga ham ustozning o‘zi javob beradi:

Yo‘q, hech qachon meni keksaytirmas vaqt,
Befahm tinglovchi meni o‘ldirar.
(“Baxshining o‘ylari” she’ridan)

Uni befahm tinglovchilar o‘ldirdi, desak ustozning ruhiga ozor yetishi mumkin, to‘g‘rirog‘i, ustoz o‘zini befahm tinglovchi va so‘zlovchilarga qurbon qildi. Bir misol: Ogahiy hazratlarining tavallud sanasi arafasi edi. Taniqli olimlardan biri televizorda chiqib hazratning nomini buzib talaffuz qildi. Shunda ustoz qattiq xafa bo‘ldi. Yuzlari burishib, ancha payt o‘zlariga kelolmadi. Navoiy, Bedil, Fuzuliy kabi siymolarni doim tilidan qo‘ymasdilaru, Ogahiy hazratlari haqida gap ketsa, ba’zan nafasini ichga yutib o‘tirar yoki xos joylardagina gap ochar edilar. Ogahiyni shu darajada yaxshi ko‘rardilar-ki, hatto nomlarini ham ezozlab mehr bilan tilga olardilar. 80- yillarning oxirlarida ustoz Ogahiy hazratlarining tavallud sanasini oldindan bizga eslatib qo‘ydilar. Shu kuni Qiyotga borishimizni tayinlamadilar. Biz bormagan edik. Keyingi uchrashganimizda nega bormaganimiz bilan qiziqdilar. Biz “vaqtimiz bo‘lmadi” dedik. Shunda u “ota-bobolarimiz har kuni besh vaqt namoz o‘qishga vaqt topganlar, biz hech bo‘lmasa yilda bir marta vaqt topishimiz kerak” dedilar. Biz u paytlarda ustozning Ogahiy hazratlariga ixlosi shu qadar baland ekanini bilmasdik. Keyinchalik har yili 17 dekabr kuni ustozga qo‘shilib ulug‘ hazrat ziyoratini kanda qilmaydigan bo‘ldik. Ustoz shu kuni erta tongdan yaxshi kiyinib olar, soatiga tez-tez qarab, vaqt sekin o‘tayotganidan o‘zini qo‘yarga joy topolmasdi. Yo‘lga chiqqandan keyin ham Qiyotga yetib borguncha oshiqardi. Qaytishda esa o‘tkazilgan tadbirdan ko‘ngli to‘lmay, Ogahiy hazratlarining bo‘y-bastiga munosib katta ishlar qilinishi kerakligini aytib, qilingan ishlar juda oz ekanligidan afsuslanib, horg‘in bir ahvolda kelib o‘zini divanga tashlardi.

Matnazar akadan bir do‘sti: Siz Polvon piyrimizni tarjima qildingiz. Mabodo u kishi tushingizga kirmadilarmi? – deb so‘raganida, ustoz bir oz o‘ylanib: Tushimga-ku kirmadi-dog‘in, kirganda ham hech kimga aytmagan bo‘lardim – degan ekanlar.

Pahlavon Mahmudning:

Qilg‘uchi ibodatni nihon do‘st, chin do‘st

degan misrasi Matnazar aka haqida aytilganday tuyulaveradi menga.

KAMTARLIKDAGI BUYUKLIK

Bir kuni ustozning nevarasi mutolaaga xalal berishdan tinchimadi. Bu payt uylarida uni ovutadigan odam yo‘q edi. Bola biz taklif qilgan shirinlik va o‘yinchoqlarga qaramadi. Men unga pul uzatgan edim, ustoz menga o‘qrayib qaradi. “Pul berma, shunga o‘rganib qoladi” dedilar. Ustoz nevaralarini tizzalariga olishini, erkalashini sira tasavvur qilib bo‘lmasdi. Bolalarga hech qachon bola bo‘lib gap aytmas, xuddi kattalarga gapirganday gapirar edilar. Maryamjon opaning aytishicha, Taganrogdan yo boshqa olis yerlardan uzoq muddatda kelganida ham farzandlarini bag‘riga bosmaganlar. Otasiga peshvoz chiqqan bolalarining peshonasidan silab, “jollimisan” deb uyiga kirib ketaverarkanlar. “Siz bolalaringizni yaxshi ko‘rmaysiz, ular bilan quchoqlashib ko‘rishmadingiz, deb urishsam, “ichdan yaxshi ko‘raman” derdilar, shunda men “ichdan yaxshi ko‘rishingizni ular bilmaydilar” desam, “ular ham ichida biladilar” deb meni tinchlantirar edilar” deya eslaydi ustozning umr yo‘ldoshi. Muzaffar otasi haqda shunday xotirlaydi: “Ko‘chada tayoq yesang, maning yonima galib yurma” derdi akam. Boshqa paytlarda ham: O‘z muammongni o‘zing hal qil, derdilar. Endi bilsam, bizlarni qotirish uchun shunday qilar ekanlar. Biroq, o‘zlari bizlarga sezdirmay biz uchun shunday ishlarni qilar edilarki, unga rahmimiz kelardi. “Aka, o‘zingizni qiynab shu ishni qilmang, desak, aslo quloq solmasdilar. Bir ishni qasd qilsa hech kim uni yo‘ldan qaytara olmasdi. Akamning bizlar uchun nimalar qilib ketganini endi tushunib yetayapman. Yangi imoratga niyatlab og‘ir temir jihozlarni do‘kondan olib havoning issig‘ida qanchalik qiynalib piyoda ko‘tarib kelganlari yodimga tushsa, hozir ham ezilib ketaman. Biz uchun jonini ayamasdilar.”

Ustozning uylariga yurak hovuchlab, dorda yurganday borardik. Ustoz qanchalar bag‘ri keng bo‘lmasin, yonlarida xato gapirib qo‘yib unga ozor yetkazishdan qo‘rqar edik. Ustozning nafaqat har so‘zi, har bir hatti-harakati ham ma’noli edi. Biz ham shunga monand harakatlanishga tirishardik. Kasal yotganlarida olib borgan narsamizni o‘zlariga ko‘rsatmaslikka harakat qilardik. Ko‘zi tushsa xijolat bo‘lib albatta bir gap aytardi. Beozor so‘zlarni topib aytardi. Ustoz matbuotda biz haqimizda biron gap aytgan bo‘lsa, uni ko‘rgani quruq qo‘l bilan borishga qaror qilardik. Matbuotda aytgan gapiga javoban “sovg‘a-salomga” o‘xshab qolmasin deb hech narsa olmasdik. Kasallinmaslaridan oldin uylariga borganimizda qo‘llarimizda kitib, gazeta yo qog‘oz bo‘lardi. Qo‘llarimizda boshqa narsaning bo‘lishi, garchi ustozga aloqasi bo‘lmasa ham, u kishiga xalaqit berishi mumkin edi. Ustozga atab biron narsa olib borishni xayolimizga ham keltira olmasdik.

Ustoz ko‘pgina shoirlarning qo‘lyozmalarini mashinkada ko‘chirib valoyat va respublika matbuotiga berishdan charchamas edilar. Bundan mualliflarning o‘zlari mutloqo bexabar qolardi. Ijodkor boshlovchimi, keksami unga farqi yo‘q edi. Kimning ijodida yilt etgan bir jumla topilsa, darhol unga telefon yoki xat orqali bildirishga oshiqardi. Kimni ko‘rsa salomdan keyin “yozayotirmisan” derdi. Kimki noxushlansa yo anchadan beri ko‘rinmay qolsa yonlariga bir-ikki ijodkorni olib xabar olgani uyiga borardi. Yo‘qlayotgan odami shahar markazidami, viloyatning chekka qishlog‘idami, yo‘l qiyinchiliklari va boshqa muammolar to‘g‘risida o‘ylab ham o‘tirmasdi. Borgan joyida kamtarona o‘tirardi. Uy egalari biron muhim yumush bilan band bo‘lsa, ko‘mak berardi. Ustozning qadami tekkan xanadon egalari xursand bo‘lib, uzoq vatgacha “bizning uyga Matnazar aka kelib ketdi” deb faxrlanib yurardilar. Faxrlanuvchilar ustozning salohiyatini bilmasdilar, uni sirtdan ko‘rib, oddiy so‘zlarini eshitganlar, xolos.

Matnazar aka mehmonga borsa, o‘tiradigan joyni ko‘pincha, ziyraklik bilan o‘zi tanlardi. Mezbonni hijolatga qo‘ymaslikka ustamon edi. To‘satdan borib qolingan bazi uylarda g‘arib dasturxon atrofida ham ustoz tashabbusni o‘z qo‘liga olib, hammaning e’tiborini dasturxonga emas, suhbatga – so‘zga tortardi. Xayrlashayotganda uy egasining uzrhohligini yuvib ketuvchi so‘zlar aytib, o‘tirishning ijobiy tomonlarini ta’kidlab, hammani barobar qanoatlantirib ketardi.

USTOZNING SIFATLARI

* * *

Matnazar akada har kimning saviyasiga qarab gaplashish qobiliyati bor edi. Zerikarli odam bilan ham mazmunli suhbat qura olardi. Bundan mamnun bo‘lgan saviyasiz odamlar “Matnazar aka mening falon gapimni tasdiqladi” deya maqtanib, o‘zicha “men ham Matnazar aka darajasida fikrlayman” degan xulosada yurardilar.

* * *

Men Matnazar akaning ruhsiz, so‘lg‘in, mudrab o‘tirganini, esnaganini, xo‘rsinganini ko‘rmaganman. Kayfiyatsiz, asabiy, xorg‘in va g‘amgin bo‘lardi-yu ruhsiz bo‘lmasdi. Eng og‘ir ahvolda, gapirishga qiynalib yotganida ham ruhi tetik edi. Hech kimdan, hech narsadan, hayotdan ham, o‘limdan ham zarracha nolimadi. O‘limdan qo‘rqmaydigan hayotsevar edi.

* * *

Buzruklarning asarlari oldida hayajonlanmasdi. Ularni oddiy kitoblarni ushlaganday ushlardi. Buyum yoki buyuklarni ideallashtirishga yo‘l qo‘ymasdi.

Voqeani idial tomonga buruvchilarning tanobini tortib turardi. Bir do‘stimiz qaysidir qabristonga yo‘lbarslar faqat juma kunlari kech kirganda kelishini aytib qoldi. Shunda ustoz: “Juma kunlari sadaqadan qolgan suyak-soloqlar bo‘ladi” dedilar.

* * *

Otasi bilan faxrlanishini pinhon tutar, otasi haqda deyarli gapirmasdi. Birov so‘rasa, kamtarona qisqa javob berardi. Otasini qanchalar e’zozlashini yuzidan va so‘zidan bilib bo‘lmasa ham izidan bilsa bo‘lardi. Masalan, o‘z ismini kichik va otasining nomini to‘la bosh harflarda yozilishiga qattiq e’tibor qilardi. Keyingi paytda barcha g‘azallaridagi Matnazar degan nomni ABDULHAKIMga almashtirdi. Nevaralariga Matnazarov degan familiya berishga oyoq tirab qarshi turdi. Butun avlodining Abdulhakimov va Abdulhakimovalar bo‘lishini vasiyat qilib qattiq tayinladi.
Otasi bilan bog‘liq bir voqea: Matnazar aka o‘smirlik paytida Xorazm televideniyesida she’r o‘qib, otasini xursand holda ko‘rish umidida uyiga kirib kelganida otasi unga xavotir bilan qarab: Matnazar, eshitdim, ko‘rdim she’r o‘qiganingni. Mashoyixlarning bir gapi bor, “mashhurlikda kulfat bor degan” debdi.

* * *

Dardini, hasratini birovga to‘kib solmasdi. Aksincha boshqalar uning toza yuragiga o‘z dardini axlat kabi to‘kishga harakat qilardi. Ustoz bu dardlarning toza qisminigina yuragiga qabul qilardi. Ba’zan nopok odamlar bilan bir davraga tushib qolsa, davrani tark etmay, oxirigacha chidab o‘tirardi. Ular bilan bemalol suhbat qurib, o‘z ko‘ngliga gard yuqtirmay, ularning ham ko‘ngliga ozor bermay davradan chiqib keta olardi.

* * *

Biron odam haqida gap ochilsa, uning faqat ijobiy tomonlarini aytishni xush ko‘rardi, salbiy tomoni haqida kimdir so‘zlab qolsa, peshonasi tirisha boshlardi. Yomon ko‘rgan odamlari haqida umuman gapirmasdi. Ustoz qiysidir odam haqida bir og‘iz iliq gap aytmagan bo‘lsa, u albatta rasvo odam bo‘lardi yoki uni odam deb bo‘lmasdi. Birov haqida gapirayotganda, o‘sha odam yonimizda o‘tiribdi, deb faraz qil, shu gaplarni uning yuziga ayta olsang shu yerda ayt, deb bizga nasihat qilardi. Hattoki, o‘ylab turgan gapingni boshqalar eshitib turibdi deb tasavvur qil, der edi. Gapirayotganda suhbatdoshining yonidagilarni ham hisobga olib, har so‘zini ularning ko‘ngliga moslab o‘lchab, bichib aytardi. So‘zni tig‘day mohirona, u bilan birovning ko‘nglini yaralab qo‘yishdan juda ehtiyot bo‘lib ishlatardi. Noloyiq kimsalar ustozning nozik ko‘ngliga qo‘l solmoqchi bo‘lsa, xarsangday soldomli so‘zlarni qo‘rg‘on qilib, begonani ko‘ngliga yaqinlashtirmasdi. Birovning ko‘nglini qanday avaylasa, o‘z ko‘nglini ham shunday avaylardi.

* * *

Ko‘p ichilgan, hamma ko‘ngliga erk berib tubanlashgan davralarda ham Matnazar aka baribir Matnazar akaligicha qolardi. Quyushqondan chiqqanlarni har qanday joyda, hatto o‘z uyida ham tartibga chaqirib, esini kiritib qo‘yardi. Unga hech kim e’tiroz bildirmasdi, bildirolmasdi.

* * *

Matnazar aka kamera yoki fotoapparat oldida kelsa, oddiy odamga aylanib qolardi. Uning asl qiyofasini aks ettirgan birontayam suvrat yoki vidiotasvir yo‘q. Rassom do‘stlari necha bor suvratini chizmoqchi bo‘lishdi. Ustoz ruxsat bermadilar. O‘zlariga bildirmay tasvirga olmoqchi edik. Sezib qolishlaridan qo‘rqib jur’at etolmadik. Ustozning nohaqlikni ko‘rganda butun vujudini qamrab oladigan vulqonday zalvorli titrog‘i(ana shu fazilati o‘g‘li Muzaffarga o‘tgan), toshni ham bo‘lib yuborgudek qahrli ovozi, o‘qdek qarashlari; dasturxon ustidagi shirin takalluflari, cho‘kkan va yara ko‘ngillarga taskin va malham bo‘lguvchi muloyim so‘zlari, o‘tkir hazillari, davrani to‘ldirib yayrab (boshqalarni ham yayratib) o‘tirishlari, ruscha she’rlarni maroq bilan berilib o‘qishlari, hamma-hammasi faqat zamondoshlari ko‘z oldida muhrlanib qoldi.

* * *

Qo‘l ko‘tarib duo qilishga uquvsiz edi. Har bir ishni ixlos bilan qilishga o‘rgangan ustoz oshkoro duoda oz bo‘lsada yuzakilik bordek o‘ng‘aysizlanardi. Aslida, ustozning har so‘zi duoga o‘xshardi yoki duoning o‘zi edi.

* * *

Shariatda ruxsat etilganidan boshqa hollarda hech qachon yolg‘on gapirmasdi. Qilgan ishini birovdan yashirish lozim bo‘lganda u odam qiziqib so‘rab qolsa, yolg‘on to‘qishni pastkashlik deb bilardi. Bunday hollarda so‘rovchiga bo‘lgan voqeani ayta olmasligini aytib uzr so‘rardi. “Sen shu narsani bilmaganing yaxshi” derdi.

* * *

Navoiy, Bedil, Rumiy mutolaasida charchash nimaligini bilmas, o‘qigan sari kuchga to‘lib borardi. Yonida o‘tirgan biz tez charchab qolardik. Biz iltimos qilmaguncha mutolaani to‘xtatmasdi. Saviyasi past odamlar bilan gaplashganda tez charchab qolardi. Darmoni qurirdi.

* * *

Ustoz inson zotining barchasini o‘ziga yaqin tutib, do‘stona munosabatda bo‘lavergani oqibatida farosatsiz kimsalar ham o‘zini uning qalin do‘sti deb bilib, arzimagan gaplar bilan ustozning vaqtini olar, keraksiz maslahatlar so‘rar, hatto aql o‘rgatib asabiga ham tegardi. Ketish xayoliga kelmaydigan bunday nusxalarni ustoz shirin so‘zlaru tansiq taomlar bilan siylardi. Eng izzatli mehmon qatorida ko‘rardi. Garchi o‘sha nusxa o‘z uyida ustozni behurmat qilgan bo‘lsa ham.

* * *

Ustoz bilan tanishib hamsuhbat bo‘lganlarning hammasi Matnazar akaning eng yaqin kishisi menman deb o‘ylardi. Rostdan ham hamma unga qalban yaqin edi. Ammo unga fikran yaqinlashish juda qiyin edi. U fikran juda yuksakda turardi. Biroq jo‘n savollarga ham erinmay chiroyli javob berardi.

* * *

Matnazar akada kuchli hayo bor edi. Beparda gaplarni aytish, eshitish u yoqda tursin, pardasi yupqaroq gaplarni eshitganda ijirg‘anib qo‘yardi. “Avliyolardan biri o‘z ayoli oldida burun qoqmas ekan, shuning uchun unga avliyolik berilibdi” degan gapni ko‘p takrorlardi. Bir kuni havoning issig‘ida cho‘milishga bordik. Ustoz sal nariroqqa ketib yolg‘iz cho‘mildilar.

* * *

O‘ta ozoda edilar. Doim g‘usl bilan yurardilar.

* * *

Maryamjon opaning takidlashicha, har kuni uch soatdan ortiq uxlamas ekanlar.

* * *

Vaqtni aniq aytish odati bor edi. Soatimizni yashirib, “Matnazar aka, soat necha bo‘ldi” deb so‘rardik. Biroz o‘ylanib turib “falondan falon daqiqa o‘tdi” derdi. Soatimizga qarab tekshirib ko‘rganimizda bir-ikki daqiqadan ortiq yanglishmas edi.

* * *

Matnazar aka og‘ir bemor holidagi yaqinlarini ko‘rishga bormasdi. Dard ko‘chgandan keyin yoki sog‘ayib uyiga kelganidan so‘nggina xabarini olardi.

* * *

Matnazar aka azaga borganda jim o‘tirardi. So‘zlash zarur bo‘lganda boshqa mavzuda bir necha so‘z aytardi. Marhum haqida umuman gapirmasdi. Yupatuvchi so‘zlar aytib azadorning ko‘nglini to‘lkinlantirishni istamasdi. Oradan biroz muddat o‘tib, mayitning suyagi sovumaguncha uning fazilatlari haqida ham gapirishdan saqlanardi.
Suhbatlashib yoki kitob o‘qib o‘tirganda kimningdir qazosi haqda xabar kelsa, past ovozda “yaxshi odam edi” deb qo‘yar va suhbat mavzusi yoki mutolaada davom etardi. Men Matnazar aka aftidan yaqinlarining o‘limini unchalik o‘ziga og‘ir olmasa kerak, deb o‘ylardim. Yuzidagi xotirjamlik miyamga shunday xulosani quyib qo‘ygandi. Maryamjon opaning xotirlashicha, ustoz ruhi suygan odamning janozasidan kelib, bir o‘zi bir xonada siqilib qattiq iztirob chekar, qayg‘udan boshini ko‘tara olmay o‘tirar ekanlar. Eshikdan birov kirib qolsa, darrov boshqa odamga aylanib, ochiq chehra bilan qarshi olarkan. Ustoz hayot vaqtida biz buni bilmasdik.

* * *

Maryamjon opa hikoya qiladi: Matnazar mehmon kutishda o‘ta sabrsiz edi. Oldindan dasturxonni bezatib qo‘yib, tez-tez soatiga qarayverar, tinmay eshikdan kirib-chiqaverardi. Mehmon kechiksa asabiylasha boshlardi. Qancha urinmay uni tinchlantira olmasdim. “Vaqtida kelolmas ekan, nega va’da beradi? Kechikishini menga bir og‘iz bildirib qo‘ysa bo‘lmaydimi?” deb yo‘q mehmonni koyishdan to‘xtamasdi.

Matnazarning chiroyi doim mehmon bilan ochilardi. Bir necha kun uyimiz mehmonsiz qolsa, Matnazarning yuzi bulutlashardi. Ishdan kelishim bilan uydagilardan imo-ishora orqali “akasi”ning kayfiyatini so‘rab bilardim. “Ochiq” bo‘lsa, hammamiz charaqqos, “bulut” bo‘lsa, oyoq uchida kirib-chiqardik. Yoniga borishga hech kimning yuragi dov bermasdi. “Choy ichasizmi?” deb so‘rab ko‘rish uchun bir-birimizga “”sen bor, sen bor” deb turardik. Bunday paytda do‘stlaridan biri kelib qolishini istab ikki ko‘zimiz eshikka termulardi. Mehmon kelishi bilan “akasi” charog‘on bo‘lib, uydagilarga ham mehri toshib ketardi. Mehmondan hech narsani ayamasdi. Oqtiqlarga niyatlab yashirib qo‘ygan mazali yegulik bo‘lsa ham “olib chiq” deb buyurardi. Ba’zi kunlari uyga mehmon chaqirganini aytib menga ovqat tayyorlashni tayinlardi. “Uyda mehmonga arzigulik narsa qolmadi. Siz buyog‘ini o‘ylamay doim mehmon chaqirasiz. Men ularga xizmat qilishga qiynalmayman. Biroq, dasturxonimiz sizning obro‘yingizga mos bo‘lishi kerak-ku, desam, “akasi” menga, mehmon rizqi bilan birga keladi, sen boringni pishiraver, keladiganlar mening dasturxonim uchun emas, so‘zim uchun kelidigan odamlar. Biz ovqat uchun emas, suhbat uchun to‘planishamiz, degan gaplarni aytardi. Matnazar vali ekan. Aytgani doim to‘g‘ri chiqardi. Onda-sonda mehmonsiz qolmasa, uyimiz doim odamsiz bo‘lmasdi. Rizqini ham Xudo yetkazib turdi.

TO‘Y KUNI YUGUR-YUGUR

Vazirdagi katta to‘yxonada Sodiqjon Inoyatovning to‘yida o‘tirgandik. Matnazar aka qulog‘imga shivirladi: Soat sakkizda “sakkizinchi kanal” men haqimda ko‘rsatuv beradi. Ulug‘bek Sobirov telefon qilib aytdi. Ko‘rishga ishtiyoq emasmanu ertaga Ulug‘bekka telefonda minnatdorchilik bildirib qo‘yishim kerak. Ko‘rsatuvni ko‘ra olmadim desam, unga hurmatsizlik bo‘ladi. Soat sakkizga yaqinlashganda yonimizdagilarga bildirmay, ochiq havoda aylanib kelishni bahona qilib bu yerdan chiqib ketamiz, dedi. Uzrimizni aytib, sal noqulay bo‘lsada toshkentlik mehmonlar orasidan sug‘urilib chiqdik. Shu yerlik do‘stlarimizdan biriga ergashib televizor sari shoshildik. To‘y egasini bezovta qilmaslik uchun besh-olti joy nariga o‘tib bir uyga kirsak, televizori “8-kanal”dan ko‘rsatmas ekan. Shoshib boshqa uyga kirdik. Uyda hech kim yo‘q, hammasi to‘yda shekilli, chaqirig‘imizga hech kim javob bermadi. Endi orqaga burilib ketmoqchi edik, ichkari xonadan kasalvand bir kishi chiqdi. Muddaomizni anglashi bilan darhol televizorni yoqishga tutindi. Ekran yorishgan zahot elektr chiroqlari o‘chib qoldi. Asabimiz taranglashib ko‘chaga chiqdik. Zulmatga cho‘mgan uylar orasidan uzoqda chiroqlari yoniq do‘kon ko‘rindi. “U yerda televizor bor”, dedi sherigimiz va oldinda chopib ketdi. Insultni o‘tkazgan Matnazar akaning o‘ng qo‘l va o‘ng oyog‘i yaxshi ishlamasdi, oqsoqlanib yugurardi. Men ustozga yordam berishdan ojiz edim. U jismonan yordamga qo‘l uzatgan odamni yoqtirmasdi. Har qanday holatda – og‘ir ahvolda yotganida ham qiynalib bo‘lsa-da yonboshiga o‘zi ag‘darilardi, hech kimdan, hatto o‘g‘illaridan ham yordam so‘ramasdi. Yonimdagi buyuk bir insonning qiynalib borayotganidan, o‘zimning chorasizligimdan bag‘rib ezilardi. Ichim potirlagani bilan ustozdan o‘zib keta olmasdim…

Agar biz bu xabarni boshqalarga bildirganimizda butun boshli to‘yxonadan ustozning yuzi uchun besh-olti kishigina bizga hamroh bo‘lardi. Bordiyu ustoz shu yerda bo‘lmasa, to‘yxonani hech kim tark etmasdi. She’r eshitaman deb uyma-uy yuguradigan bitta ham odamni men hali uchratganim yo‘q. Ammo, Meksika seriallari boshlangan daqiqada to‘ylarda faqat uch kishi – kelin bilan kuyov va bittagina ashulachi qolganiga ko‘p bor guvoh bo‘lganman.

…Ko‘rsatuvning oxirini bo‘lsada ko‘rib qolish ilinjida do‘konga xalloslab kirdik. Xayriyat, endi boshlanayotgan ekan. Ko‘rsatuvni tamomlab, hech nimani ko‘rmaganday to‘yxonaga qaytdik.
“Bitta dahoni yuzaga chiqarish uchun butun bir xalq ming yil tayyorgarlik ko‘radi” degan edi ustoz. Uni tanish uchun yana ming kerakka o‘xshaydi, mening nazarimda. Bir kun kelib odamlar “shunday inson bilan zamondosh bo‘lgan ekanmiz, yonida yurib bilmagan ekanmiz”, desalar ajabmas.

SO‘NGGI KUNLAR

Maryamjon opa dard to‘la ohangda hikoya qildi: “Bir kuni… insult qaytalamasdan bir-ikki kun oldin… hech yerda hech gap yo‘q, Matnazar akangizning yig‘lagan tovushi eshitildi. Hech qachon yig‘lamas edilar, yuragim yorilib yugurib bordim. Ha, ne bo‘ldi, deb so‘rasam, javob bermasdan faqat yig‘layverdi. Matnazarning yig‘laganini birinchi marta qo‘rib turardim. Sababini bilmay men ham unga qo‘shilib yig‘layverdim. Yetim o‘sgan bolaligidan boshlab, to shu kungacha boshidan o‘tgan kunlarni aytib bir kecha-kunduz yig‘ladi. So‘ng boshqa yig‘lamadi. Shundan so‘ng xavotirlanib uni yolg‘iz qoldirmaydigan bo‘ldim. Bir o‘zi yolg‘iz qolsa, siqiladigan bo‘ldi. Uning uchun bizdan ko‘ra do‘stlari azizroq edi. Uni bu dunyoda do‘stlarining diydori tutib turardi.”

Urganch tuman kasalxonasi, 4-xona. Ustozning u yerda ekanligini ma’lum odamlargini bilardi. Sababi, Matnazar aka har gal kasalxonaga ketayotganida hech kimga aytmaslikni oilasidagilarga qattiq tayinlardi. Uning bu odatini yaxshi bilgan do‘stlari kasalxonaga tasodifan eshitgan bo‘lib borardi. “Tasodif”chilardan biri uzoqdagi do‘stlaridan salom olib kelganini aytganida, ustoz unga javoban: “Siz ham ularga mening bu yerdaligimni sezdirmasdan salom ayting. Eshitsalar ovora bo‘lib kelishga urinadilar, kelolmasalar, borolmadim deb battar qisinib yuradilar,” dedi. Dard kundan kun zo‘rayib, nafas olishi qiyinlashib qolganida ham huzuriga kelgan kishi oldida o‘zini tetik tutardi. Shu kunlarda Toshkentdagi do‘stlarimiz bizga tez-tez telefon qilib, ustozning ahvolini so‘rab turdilar. Ularning hammasi bir xil gapni takrorlardi: Ustozning ahvoli og‘ir deb eshitib, Maryamjon opaga telefon qilsam, Matnazar akaning quvnoq ovozi eshitildi. Kasal odamga hecham o‘xshamayapti. Kasalligi haqida o‘zlaridan so‘rash noqulay. Nima bo‘ldi, o‘zi?

Ustoz birovga zarracha og‘irligi tushishini istamasdi. Biron narsa kerak bo‘lsa Mayamjon opadan iltimos (!) qilar (buyurish emas, so‘rash emas, faqat iltimos qilish… tag‘in o‘z ayolidan), umr yo‘ldoshi uzatgan har bir narsa uchun rahmat aytishni kanda qilmas edi.

Ustoz 2010 yil 18 sentyabr shanba kuni soat 19 yarimlarda oxirat safariga yo‘l olgan bo‘lsa, men bu voqeadan uch kun oldin yonlarida edim. Seshanba kuni uylarida tunab, chorshanbada qaytib ketgandim. Xayrlashayotganimda yana bir kun qolishimni iltimos qildi, biroq zo‘rlamadi. Suyanib o‘tirgan holida nigohini yerga qadab “mendan tez-tez xabar olib turinglar” dedi. Oraga bir oz jimlik cho‘kdi. Keyin: “Jumanazar ko‘rinmay ketganiga ko‘p vaqt bo‘lgandi. Yaqinda kelib, o‘tirmasdan ketib qoldi. Endi tez-tez kelib turaman, deb va’da berib ketdi. Bilaman, endi u kelmaydi,” dedi g‘amgin bir holda. Har qachon ustoz quyuq xayrlashardi. Shu safar eshikdan chiqayotganimda jimgina termulib qarab qoldi.

Ertasi kuni Xorazm televideniyesi xodimlari Gavhar Ibodullayeva bilan ustozni tasvirga olish uchun kelganlarida “meni divanga o‘tqazinglar, divanda o‘tirib gapiraman” deganlar. O‘sha paytda ustoz hamma bilan yotgan joyida gaplashar, har bir a’zosini harakatlantirish ming azob edi. Uning shuncha vaqt divanda o‘zini tutib o‘tirganiga Mayamjon opa ham hayron. Tasvirga olmoqchi bo‘lsalar, “avval ovqatlanib olinglar, ish keyin bo‘ladi” deganlar. “Avval tasvirga olaylik, ovqatni so‘ng yeymiz, siz toliqib qolmang” desalar ham ko‘nmagan. To xodimlar ovqatlanib bo‘lgunlaricha divanda kutib o‘tirgan. Bu ustozning tasvirlarda saqlanadigan eng so‘nggi so‘zlari ekani hech kimning xayoliga kelmasdi. Uni kelib ko‘rib ketayotgan hamma odamning miyasida “Matnazar aka albatta tuzalib ketadi, hali uzoq yashaydi” degan fikr bor edi. Ertasiga, juma kuni ustoz haqidagi ko‘rsatuvning birinchi qismi namoyish etildi.

Shanba kuni… Hech kutilmagan, hech kim o‘ylamagan… hammamizni larzaga solgan kun. Ustozni kasalxonaga olib boradilar. Muolijalar naf bermagach, kechqurun uyiga olib keladilar. Ko‘zlari yumulgan, tildan ham qolgan edilar. Uni mehmonlar o‘tiradigan katta xonaga yotqizadilar. Bir payt ustoz ko‘zlarini ochadilar. Ko‘zlari bilan imlab yaqinlarini chaqiradilar. Kimga nigohini qadasa, o‘sha odam yonlariga keladi. Ustozning chap qo‘l barmoqlari qimirlaydi. Bu “qo‘lingni ber” degani edi (vallohu a’lam). Qo‘liga joylashgan qo‘lni asta siqib, kipriklari bilan “mendan rozi bo‘l” ishorasini qiladilar. “Roziman, siz ham mendan rozi bo‘ling” degan javobni eshitgandan keyin uning qo‘lini qo‘yib yuborib, boshqa qarindoshiga ko‘zlarini tikadilar. U ham yonlariga kelib o‘tiradi. Shu yerga yig‘ilgan yaqinlari bilan shu zayilda vidolashib bo‘lgach, muborak ko‘zlarini manguga yumadilar.

Ustozning shunday satrlari esga tushadi:

Ketib olsam, bir ketib olsam
Dunyoga men qaytib kelmayman…

* * *

O‘tib ketadi deb kim aytdi meni,
Sening yuragingda qolib ketaman…

Dafn marosimida qatnashish uchun taniqli shoirlar Usmon Azim, Nabijon Boqiy, Iqbol Mirzo, Davron Rajablar Toshkentdan yetib keldilar. Ertalab ustozning xonasini yig‘ishtirayotganlar bir parcha qog‘oz topib oldilar. Qarasak, ustozning chap qo‘lda yozgan, hali siyohi qurimagan she’ri ekan.

Bizlar o‘lmagaymiz. Sizlarning yodlov
Jon baxsh etar hatto marhum jonlarga.
Qaytgaymiz bizlarni yo‘qlagan zahot,
Tirilib muborak xonadonlarga.

Xorazmning ardoqli shoiri 2010 yil 19 sentyabrda Urganch tumanidagi Shahobiddin bobo qabristoniga o‘z ota-onasi yoniga dafn qilindi.

Yuqoridagi to‘rtlik iqtidorli rassom va haykaltarosh Soli Qodirov tomonidan ustozning qabr toshiga o‘yib yozildi.

OG‘IR KUNLAR BOSHLANDI

2010 yil men uchun og‘ir keldi. Bir yo‘la ikki ustozdan ayrildim. Tom ma’noda aytsam, o‘zi bor-yo‘g‘i ikkita ustozim bor edi. Ularning o‘rnini endi hech kim bosolmasdi. O‘sha yili erta bahorda ustoz Sadriddin Salim Buxoriyni olloh huzuriga chaqirganini hali tasavvurimga sig‘dira olmay yurganimda – kuzak boshida Matnazar akadan ham ajralish men uchun kutilmagan, anglab bo‘maydigan hodisa bo‘ldi. Bu voqea menda dovdirashga o‘xshash, o‘zni yo‘qotishga yaqinroq holatlar bilan birga masuliyatni sezish hissini ham paydo qildi. Odoq aravasi qo‘lidan tortib olinib, endi mutaqil qadam tashlashga majbur bolaga o‘xshab vujudimga dadillik o‘rnashdi. G‘oyibdan kelgan ana shu dadillik ustozning motami yukini ko‘tarishimda ruhimning ustuni bo‘ldi.

Matnazar aka oramizdan asta-sekin ketdi. Asta-sekin ketdi, deganimning sababi, garchi, o‘sha soatdayoq Toshkent, Qozog‘iston, Turkmaniston kabi joylarga telefon qo‘ng‘iroqlari qilindi; ertasi kuni ertalabdan “8-kanal” orqali xalqqa bildirildi; shu kuni dafn marosimiga kelgan ming-minglagan odamga keng ko‘cha torlik qilardi. Shunga qaramay, olti oydan keyin ham, bir yildan keyin ham qishloqlardagi ko‘pchilik odamlar menga “xotira ko‘rsatuvida Matnazar akani ko‘rsatishdi, olamdan o‘tdimi yo anglashilmovchilikmi?” deb savol berishardi. Hatto, ba’zilari “keyingi paytda ustozing televizorga tez-tez chiqadigan bo‘lib qoldi, yana bironta unvon oldimi yo?” – deyishardi ham. Ustozning o‘limi haqidagi xabar tezkor axborot vositalarining ko‘magida bir yil deganda butun voha odamlarining quloqlariga to‘la yetib bordi. Ustoz oramizdan asta-sekin ketgani sababli vafotining motom yuki ham xalq boshiga asta-sekin tushdi. Shunday og‘ir yuk birdaniga tushsa, ostida qolganlarni mayib qilishi mumkin. Kutilmagan mudhish xabardan qancha odam o‘ziga kelolmay yurdi. Ustoz vafotidan so‘ng qancha insonlar uchun og‘ir kunlar boshlandi. Motom yuki qancha odamning yurak-bag‘rini ezib yaraladi. Nima bo‘lsa Maryamjon opaga bo‘ldi.

Ustozning o‘g‘li Muzaffar otasining har bir marakasida kimnidir ko‘rsatib: Anavi odam kim? “Otang bilan qadrdon edik. Uyingizga ko‘p kelganman” deyapti. Siz taniysizmi? – deb mendan so‘rardi. Men ham tanimasligimni aytardim. Bunday notanish qadrdonlar soni har bir maraka va tadbirlarda ko‘payib borardi. Ayrim birodarlarimiz ularning ba’zilaridan shubhalana boshladi. O‘zini qadrdon qilib ko‘rsatuvchilardan bo‘lsa kerak, deb o‘ylashdi. Ammo, masala oydinlashgach, gumonlari tarqab ketdi. Biz ustozning do‘stlaridan o‘ndan to‘qqiz foizini bilamiz, deb yurardik. Vafotidan keyin o‘ndan birini ham bilmasligimiz ayon bo‘ldi. Ustoz Urganch zaminida bo‘y ko‘rsatib, ildizlari Xorazm, Toshovuz, Qoraqalpoq diyorlarini qamrab olgan gujumga o‘xshardi. Ildizi yetgan joylardagi barcha soha vakillarining bilimdonlari bilan fikrlashib, do‘stlashishga ulgurgan ekan. Boshqa viloyatlarda va mamlakatimiz poytaxtida, shuningdek, Turkmaniston, Qozog‘iston, Eron davlatlarida, Taganrog, Moskva shaharlarida do‘stlari borligidan xabarimiz bor. Ammo ularning soni qanchaligi yolg‘iz Xudoga ayon. Dunyoning biz tilga olmagan ko‘pgina joylarida ham tanishlari va muxlislari oz emasligiga shubha yo‘q.

USTOZGA BЕRILGAN TA’RIFLAR

Matnazar Abdulhakim kim edi, o‘zi!? Klassik shoirmi? Shaxsmi? Donishmandmi? Dahomi? Avliyomi? Farishtami? Yo oddiygina insonmi?

Ustoz vafotidan keyin ana shu masala paydo bo‘ldi. Aslida bu gap avvaldan ko‘pchilikning qalbida bor edi. O‘zlaridan hayiqib hech kim aytolmasdi. O‘shanda tilini tiyib yurganlar endi ichida borini to‘kib sola boshladi. Kimlarning nazarida Matnazar aka o‘z qadrini topmayotgandek, kimlarningdir nazarida unga ortiqcha baho berilayotgandek tuyulardi. Ustoz o‘zining kamtarona hayoti va samimiy so‘zlari bilan har ikki tomonning isyon olovi ko‘tarilmasdan oldin suv sepib turardi. Endi bo‘lsa shu olov avj ola boshladi. Birinchi tomonning – ustoz ixlosmandlarining hovuri juda baland. Ikkinchi tomondagilar ya’ni “Sulaymon o‘lib qutilgan devlar” ko‘zadan tashqariga chiqib olgani bilan ichidagini tashqarisiga chiqara olmay yuribdilar. Ular oqimga qo‘shilib ustozni maqtashdan boshqa chora topolmayaptilar.

Birinchi tomondagilarni tushunsa bo‘ladi. Ularning maqsadlari toza va talablari to‘g‘ri. Biroq, ular orasida biroz haddidan oshuvchilar borligini ham inkor etib bo‘lmaydi. Ikkinchi tomondagilarning e’tirozlari tegirmoniga aynan shular o‘zlari bilmasdan suv quyib yuboradilar. Ikkinchi tomon vakillarining o‘zini ikki toifaga ajratish mumkin. Birinchi toifaning e’tirozlari ustozga emas, muxlislariga qaratilgan. Ular ustozning hurmatini joyiga qo‘yishadi, lekin ortib ketishini hohlamaydilar. Chunki, birinchi navbatda o‘zlarining hurmati haqda qayg‘uradilar. Ikkinchi toifa haqida gapirmagan ma’qul. Ustoz ta’biri bilan aytganda “ular ham o‘z kuniga sog‘ bo‘lsinlar.”

Endi maqsadga ko‘chaylik: Ustoz ushbu maqolani o‘qib qolsalar, so‘zimiz boshida keltirgan ta’riflardan qaysi birini qabul qilgan bo‘lardilar? Albatta oxirgisini. Ammo, oshirib berilgan ta’riflarning barchasida ham bir chimdim bo‘lsada haqiqat borligini tan olishimiz kerak. Yuqoridagi ta’rifga loyiq odamlar faqat o‘tmishda emas, hozirgi zamonda ham bo‘lishini istagan muxlislar donishmand, daho, avliyo deb ataluvchi bir zotni Matnazar ABDULHAKIM qiyofasida ko‘rganlar. Nega ular aynan Matnazar akani tanladilar? Chunki, ustoz biz bilgan odamlar ichida eng mukammali. Unda insonga xos bo‘lgan fazilatlarning barchasi mujassam edi. Aytilayotgan ta’riflarga ustozdan boshqa loyiq nomzod yo‘q edi.

Aslida, har bir jon Allohning buyuk mo‘’jizasi va har bir oddiy odam Hazrati Inson emasmi?

MULOHAZALAR

* * *

Muxlislarining ichida katta ko‘pchiligi ustozni o‘zining eng yaqin kishisi deb biladi. Bu – ularning fikri. Ustoz-chi? Kimlarni o‘ziga eng yaqin deb biladi. Menimcha, bu masalada o‘sha yaqinlar bilan oradagi masofa ancha uzoq ko‘rinadi. Va ustoz o‘zlari tarjima qilgan buyuklarga oralaridan qil o‘tmas darajada yaqin bo‘lib qoladilar.

* * *

Ustozning ko‘p takrorlayligan bir gapi bor edi: “Luqmoni Hakim ham o‘zimizga o‘xshagan odam edi, biroq bilmagan narsasi haqida gapirmasdi, degan ekan zamondoshlaridan biri.”
Ustoz ham o‘zimizga o‘xshagan odam edi, farishta emasdi, biroq… Hamma gap ana shu “biroq”da. Shu bir so‘zning ichida ko‘p narsa bor. Shu so‘z go‘yoki bir tilsim. Uni ocha olmay qancha zukko odamlar ovvora.

…biroq, odamlarning hech biri unga o‘xshamasdi. Uni farishtalar qatoriga qo‘shib bo‘lmasdi. Farishtalar yonida odam, odamlar yonida farishtaga o‘xshardi. Unda farishtaning sifati bor edi. U umri davomida Insonlarga majoziy ma’noda sajda qilib yashadi.

* * *

Ustozni daho desak bo‘larmikan? Menimcha, indamagan ma’qul. Agar, daho edi, desak, sal xato qilgan bo‘lamiz. Bordi-yu, daho emas edi, desak, ko‘proq xato qilgan bo‘lamiz, mening nazarimda.

USTOZ HAYOTIDAGI HAZILLAR

IKKI XIL QO‘L

Matnazar aka kasalxonadan kelgan kuni uylariga bordim. Ikkimiz birga choy ichib o‘tirardik. O‘ng qo‘li yaxshi ishlamasdi. Ustoz tuzdonga qo‘l cho‘zmoqchi edi, qo‘llari unchalik yozilmadi. Men darhol tuzdonni olib uzatdim. Ustoz xijolat bo‘lmasin deb hazilga burdim:
– Qo‘lingiz qanchalar uzun-a!

Ustoz birdan kulib yubordi va:
– To‘g‘ri, lekin, kalta qo‘l ham ba’zida kerak bo‘lib qoladi, – dedilar.

DALIL

Shuhrat Matkarim shunday hangoma qiladi: To‘ydan chiqib, mashinada Xonqadan kelayapmiz. Kayfiyat a’lo. Mashinaning tezligi ham kayfiyatimizga mos. Yo‘l chetidagi daraxtlar ko‘zimiz qirog‘idan lip-lip o‘tib turibdi. Matnazar aka gap boshladi:

– Shuhrat! Odamning maymundan tarqagani rostga o‘xshaydi. Ishonaver, dalil keltirmoqchiman. Hozir huv anov daraxtga ko‘zim tushganda, shuning boshiga chiqib bir go‘zal bilan quvlashmachoq o‘ynagim kelib ketdi. Agar maymundan tarqamaganimizda bu fikr miyamga kelmagan bo‘lardi.

YONIDA BITTASI BORMIDI?

Yozuvchilar uyushmasining eski binosiga Gurlandan yetib bordim. Matnazar aka o‘z o‘rnida kitob o‘qib o‘tirardi. Shuhrat aka bir ish bilan ketib, tushdan keyin kelishi kerak ekan. Salom-alikdan keyin suhbatimiz uzoq cho‘zilmay eshikdan Shuhrat aka kirib keldi. Men bilan so‘rashib bo‘lgach, ustozga qarab: Suyunchi bering, – dedi. Ustoz unga savol nazari bilan qaradi. Ular o‘rtasidan savol javob boshlandi:

– Maryamjon opam kasalxonadan chiqibdi.
– Yo‘q-ay, hazillashma. Uyga bormagansan-ku?

– Mashinadan tushib uyingizga kirib ketganini uzoqdan ko‘rdim.
– Boshqa birovni ko‘rgansan.

– Aniq o‘zi edi.
– Agar gaping rost bo‘lsa bir dona ellik so‘mlik seniki.

Matnazar aka oxirgi gapini aytayotib stol ustidagi telefonda raqam tera boshladi va uyi bilan gaplashib bo‘lib, chuntagiga qo‘l solgan edi, ikkita ellik so‘mlik qo‘liga ilinib chiqdi. “Va’dami, va’da” deb bittasini Shuhrat akaga uzatdi. Bahs g‘olibi ham bo‘sh kelmay:

– Shu potda unisiniyam bering! – dedi ustozning qo‘lida qolgan pulga ishora qilib. Ustoz tezda javob qaytardi:
– Iya, yonida yana bittasi bormidi, yo?

YARASHTIRISH

Arazlashgan do‘stlarni yarashtirish, birovni noto‘g‘ri yo‘ldan qaytarish, tortishib qolganlarni murosaga keltirish kabi o‘ta nozik, noqulay vaziyatlarda ikkila tomonga bir xilda ma’qul bo‘ladigan gapni topish ustozga qiyinmasdi.

Do‘stlaridan eshitganim bir voqea esimga tushdi: Yaqin jo‘ralaridan birining oilasida janjal bo‘lib, hech kim ularni murosaga keltirolmabdi. Janjalga sabab, xotini erining koreys ayol bilan yurganini bilib qolibdi. Bir-necha do‘stlari kelib “Bu yolg‘on gap, biz ishonmaymiz, mish-mishlarga ishonaverasanmi” desa, ayol “o‘zim ko‘rdim” deb shashtidan tushmabdi. Oxiri ular Matnazar akani chaqiribdilar. Shunda ustoz: Kores bilan yurganiga shukur qil, koreys millatiga onda-sonda ko‘zing tushadi. O‘zbek ayol bilan yurganida, hamma yog‘ing o‘zbek, har o‘zbekni ko‘rganda asabing buzilaverardi, deb ayolni tinchlantirishga muvaffaq bo‘lgan ekan.

Matnazar aka uchun bunday so‘zlar dehqonchilik edi. Ayni paytda so‘z ustozning qudratli quroli edi.

USTOZNING ARMONLARI

Armon so‘zini shartli ravishda, ilojsizlikdan ishlatayapman. Kasalxonada yotganilarida Maryamjon opa: “Bugun hech narsa yemadingiz, mana shu ovqatdan ozgina bo‘lsada yesangiz yaxshi bo‘lar edi” dedilar. Ustozning birdan asabi qo‘zidi. Pichoq suqqanday qilib: “Maryamjon! “Edi” dema! Hech qachon armon bilan so‘zlama! – deya ogohlantirdilar. Ushalmagan orzulari ko‘p edi-yu bitta ham armoni yo‘q edi. Ustoz Bedildan keyin Rumiy tarjimasiga qo‘l urmoqchi va “Tarjimon talqinlari” ruknidagi ilmay ishlarini davom ettirmoqchi edilar. G‘azallarini ko‘paytirib alohida kitob qilishni, yana bir kitobi faqat o‘qituvchilarga bag‘ishlangan she’rlar bo‘lishini, Ahad Nazar tahallusi bilan o‘z hayotidagi latifalarni yozib bir kitobga jamlashni orzu qilgan edilar. Vafotidan chamasi bir oylar oldin uylariga borgandim. Deraza tokchasida turgan bir kitobni olib berishimni iltimos qildilar. Olib berdim. Uni avaylab ushlab, u yoq-bu yog‘ini ko‘rib, yana joyiga qo‘yishimni so‘radilar. Yangi chiqqan kitoblar ustozning uyiga suvday oqib kelardi. Qalam tutgan odam borki, kitobi chiqishi bilan ustozga yetkazishga oshiqardi. Tokchadagi kitob shulardan biri edi. “Bularni sog‘ayganimdan so‘ng o‘qirman,” dedilar. Biroz jimlikdan so‘ng: “Men endi charchadim. Besh-oltigina kitob yozib charchab o‘tirsa, odam uyalarkan. Yozgan kitoblaringni g‘isht terganday taxtlab qo‘yib charchasang! Keyin charchadim desang arziydi. Men ijoddan charchamadim. Meni kasallik charchatdi. Sog‘aysam, hali biroz rejalarim bor, shularni amalga oshiraman. Bedildan yana bir qadar tarjima qilgudek kuchim bor.”

Ustoz bu gaplarni dadillik bilan aytdi. Endi ijod qilolmasligini bildirmaslik uchun, mening ko‘nglimni cho‘ktirmaslik uchun aytayotganini men u paytda yaxshi anglamas edim.

Ustoz ijodning keng maydoniga endi chiqib olgan edi. Hammamizga ma’lum uch yo‘nalishda qilgan ishlari ko‘zlagan maqsadining debochasi xolos. Unda bo‘yi barobar qilib kitoblar yozgudek kuch va salohiyat bor edi.

Bir kuni yoshlik paytida Toshovuz tomonda bir darveshni ko‘rganligini eslab “So‘nggi darvesh” degan maqola yozishni ko‘ngliga tugib qo‘yganligini aytdi va darveshlik haqida ham biroz to‘xtaldi. O‘sha suhbatdan Murod Ibrohim qalbiga bir cho‘g‘ tushgan ekan, ustoz vafotidan so‘ng mana bu she’rni ko‘tarib keldi:

SO‘NGGI DARVЕSh

Ko‘ngil ko‘zi bilan ko‘ring ko‘nglini,
Haq nazarin ko‘rgan ko‘ngil ko‘zida.
Yaratganning quli yaralgan oddiy
Talotum izida, shiddat o‘zida.

Olomon oralab ketib borarkan
Haq quli qullikka ming qulliq qilar.
Darvesh haybatiga hayrat ham ojiz
Bir kuni yiqilsa osmonga qular.

Savobdir sadaqa, sadaqa – umr,
Ulug‘ yo‘l adog‘iga qo‘shilar hissa.
Darvesh ketayapti poyida toshmas
Toshday bag‘irlarga urilar hassa.

Kashkul tovushini izlayveraman,
Sog‘ingan ruhimda sokin sergaklik.
Olamon oralar eng so‘nggi Darvesh
Hech kimga kerakmas bo‘lgan “kerak”lik.

Matnazar akadan ta’sirlanib yozilgan she’rlarni bir joyga to‘plasa, butun bir adabiyot bo‘ladi. Bul tabarruk zoti pokning ijodidan mutaassir bo‘lish qiyomat kunigacha davom etib, ushalmay qolgan orzulari ijodiy ishlarining davomchilari vositasida bekamu ko‘st ro‘yobga chiqishini Yaratgandan so‘rab qolamiz.

2014 yil

19 SЕNTYABR SHE’RLARI
Har yili ushbu kunda Matnazar akani xotirlash uchun do‘stlar u kishining xonadonida yig‘ilishadi

SHAROFATLI KUN

Faqat biyron emas, soqov tilda ham
So‘zlarning gunohi, “til ofati” bor.
Muzlagan yurakning, tosh qotgan tilning
Qo‘rquvdan jimlikning kasofati bor.

Yomonni yomon deb kesilganda til,
Hech kimsa bilmas bir farog‘ati bor.
“Yaxshini yaxshi deb ayta olmasdan”
Tishlangan tillarning jarohati bor.

Har yili shu sana shu xos xonada
Sadaqa – ruhlarning ziyofati bor.
Nafaqat tug‘ilgan, o‘tgan kunida ham
Tabarruk zotlarning sharofati bor.

Tilda tilaklar ko‘p, qabul aylasin,
Xolis har kalomning ijobati bor.
Endi tilingni tiy, suvratiga boq –
Matnazar og‘aning salobati bor.

19.09.2016 y.

* * *

Umr – yung, vaqt – gilam torlari,
Bichilmoqda to‘shaklar o‘lan.
Ko‘p bo‘ladi xaridorlari
Qanchalar zich to‘qilsa gilam.

19.09.2016

* * *

She’r yozish unchalik qiyinmas,
Yozmasang o‘zingni qiynamoq qiyin.
Qarilikka bo‘yin bo‘lgan bo‘yinmas,
Yoshlar orasida o‘ynamoq qiyin.

“Ismlar ilmi”ni ko‘ngilga solgan,
Kim qayda chaqirsa “inja sasiman”.
So‘zlarning yukini zimmamga olgan
Allohning yerdagi xalifasiman.

Hech narsa so‘ramang mendan iltimos,
Mendan faqatgina she’r so‘rang.
Qog‘ozga o‘ramang so‘zni iltimos,
Mendan so‘z o‘ralgan qog‘oz – yer so‘rang.

She’r yozish unchalik qiyin ish emas,
Zamin tomorqamdir, kasbim – donchilik.
Urug‘lik g‘amladim, navi – “qushemas”.
Shoirman, men uchun she’r – dehqonchilik.

19.09.2016

091Matnazar ABDULHAKIM
ILDIZLARGA TUMOR TAQIB
QO‘YINGLAR

007

SOAT

…bo‘ston vaqti bo‘ldi.
Otoiy

Tuhfa keldi. Soat. Ellikqal’adan,
She’r o‘lkasi ne baxt, qilibdi taqdim.
Daqiqalar chekkan jimjit noladan
Xabarchini bemor qo‘limga taqdim.

Vaqt hech narsa emas, vaqt hamma narsa,
Vaqt – orzu, vaqt – umid, toqat va sabr.
Yurakka o‘xshaydi, jajji bu larza,
O‘lib tiriladi har bir lahza bir.

Lahzalar ruxsorin dilga naqsh etdi,
Tinmay yurib turgan qutlug‘ bu ma’dan.
Falaj bilagimga hayot baxsh etdi
Shu soat bahona mehribon vatan.

Jangga kirgan mahal xazon sipohi,
Soat eng yaxshi zirh, mustahkam sovut.
Ellikqal’a ellik asrning ohi,
Bir damdek besh ming yil tafovut.

Sulton Vays tog‘ida Haq xotirasi,
Har lahza mangulik umrini o‘lchar.
U bilar – vaqt dengiz. Har bir qatrasi
Bordir, hech bo‘lmasa, ming Oqchako‘lcha.

Soatlar chiqillar qanchalab qo‘lda,
Dillar qo‘shig‘ini millar hayqirar.
Ellikqal’a ko‘zi har lahza yo‘lda,
Dardmand shoirini qayg‘urar.

Yilu oy, kunlarning mazmuni ayon,
Ixcham doirada bitik har xatda.
Qorong‘u tushsa gar, bo‘lur namoyon,
O‘n ikkita yulduz siferblatda.

“Chiq-chiq” – haydash emas, taklifdir jonga,
Qal’alar quramiz, aytadurmiz so‘z.
Girgitton bo‘liblar, insonistonga,
O‘n sakkiz ming olam tutmoqdadir, ko‘z.

Qahkashonga o‘xshab yorishadi yo‘l,
Demak, vaqt ezgulik, g‘azalga safar.
Qozonmoqda hozir necha chapdast qo‘l,
She’r yozib, yovuzlik ustidan zafar.

Vaqt Haq hukmidadir azalu abad,
Xoh bo‘lsin-u, xohi bo‘lmasin soat.
Vaqt – mehr-oqibat, vaqt bu – muhabbat,
Soat bu – fanoni tan olish, ibodat.

Soat bu – to‘xtamas diydoru firoq,
Tinimsiz shijoat – shahd vaqti bo‘ldi.
Aytadigan bo‘lsam yana aniqroq,
Hozir roppa – rosa baxt vaqti bo‘ldi.

Bir-biriga juda qattiq suyanib,
Vaqt – hayot, hayot – vaqt hamnafas oqsa.
Soat o‘ziga xos nishondir, ya’ni,
Arzir har bir shoir yurakka taqsa.

Quloqlar qutlug‘ bir jarangga to‘ldi,
Sabog‘in boshladi muhabbat – maktab…
Demakki, yurakda bog‘ vaqti bo‘ldi,
Bo‘ston vaqti bo‘ldi, demak, yurakda!

* * *

Sog‘inch bir hamlada sabrimni yengar,
Qutlug‘ diydoringga erishmagim shart.
Qanotli tulporlar eltadir senga,
Ey sarviqad anduh, qoshi hilol dard.

Goh osmondan tushib, goh chiqib yerdan
Men senga yetaman horg‘in va o‘ktam.
«Yerdan chiqdingmi?» — deb o‘ylaysan erkam,
Taajjublanasan — «Tushdingmi ko‘kdan?..»

Ming chaqirim naridan bir iymo bilan
Qozonadir qaro ko‘zlaring zafar.
Senga tobe bo‘lar aql ham, dil ham
Boshlana boshlaydi qutlug‘ bir safar.

Yuragim yuragingni qilar ziyorat
Yashirinib teran-teran joylarga,
Ishqqa olaygan ko‘z buncha ko‘p, yo rab,
Olib ketsam edi seni oylarga.

«Safarlar muborak!» — hapriqadi dil,
Bu qanday bir shodlik, qanday bir g‘amdir.
Chehrangda charaqlar qaysar bir surur,
Senga mening seni sevmog‘im kamdir.

Yuragimda chiqib olib eng to‘rga,
Ta’nalar qilasan mudhish va mayin.
Muhabbatdan ulug‘ tuyg‘uni o‘rgat,
To shu tuyg‘u bilan seni sevayin.

Sensiz ne ma’no bor, ayt, bu umrdan,
Tug‘ilgansan atay mendek zoringga.
Sargardon bir umr yo‘l bosdim, bir dam
Termulay deb sening gul ruxsoringga.

Yurakni nimtalab boradir ne dard.
Ne balo bir sirsan, ne balo foshsan.
Safarimning sochi oqarib ketar.
Sen bo‘lsang… sen bo‘lsang…
juda ham yoshsan.

* * *

Sen tufayli bildim, nimadir kulfat,
Sen tufayli bildim, saodat nadir.
Sen tug‘ilgan kun qish qirq chillasimas,
Laylat-ul-qadr!..

Baribir tengsiz bir qutlug‘ diydorga
G‘amgin hayotimda yetmaskan gal to,
Ishona ber, jonim, men tug‘ilgan kun
Yal-do!..

* * *

Ikki ko‘zing tumor bo‘lib taqilar
Yurak-yuragimga… jon-jonimga…
Isitmoq ham gapmi… bu ikki tumor
O‘t qo‘yib yuborar xonumonimga.

Muhabbat oladi giribonimdan,
Na imkon, na istak xalos bo‘lmoqqa.
Sen hayotim bilan to‘lmoqqa mahkum,
Hayotim musharraf sen bilan to‘lmoqqa.

Yo‘q! Madad bermaydi ko‘zlarda yomg‘ir,
Yo‘q! Madad bermaydi boshimdagi qor.
… Bir umrdan va bir — sendan iborat,
Juda qattiq keldi, jonim, bu bahor.

* * *

To‘tiqushlar kuylar muhabbat haqda,
kuylari o‘zidek qalbaki, soxta…
Ne baxtki, sen hozir olis-olisda,
ne baxtki, sen hozir uzoq-uzokda.

Men bo‘lsam musaffo xayollarimda
qutlug‘ umidingga bo‘lib asirlar,
bunyod etmoqdaman senga bag‘ishlab
qasrlar!

Sen bu qasrlarda yashayajaksan
yurakdan boshqaga bo‘lmasdan tutqun.
Sharafingga sening chahchahlanadi
bulbulniki yanglig‘ duduq bir nutqim.

Va tonglar boshqacha ota boshlaydi
yurakka taratib navobaxsh nurlar.
Muborak maslahat anjumaniga
tashrif buyuradi tong bilan hurlar.

Boshlanur yurakda ikki charosing,
boshlanur yurakda adl bo‘ylaring.
Ming navro‘z bir yerga jamlanib kelib
barq urgani yanglig‘ to‘ylaring.

Gulbarglar g‘unchada entikar jimjit,
baxtga ulgu bo‘lar juft hislarimiz…
Hech bir nomahramsiz boshlanib, aslo
tugamas muhabbat majlislarimiz.

* * *

Chaman ruh ohista bo‘ldi biyobon,
Borlig‘imni achchiq chaqadi aqrab.
Vaslimizga panoh so‘lim xiyobon
Qovjirab boradi, boradi qaqrab.

Nasimdan izg‘irin tug‘ilar giryon,
Har novda — nazmimdek uryon bir mazmun,
Men hajringda sening yana sargardon,
Mahzun va mahkumman,
Mahkum va mahzun…

Chinorlarning o‘yga tolishlarini
Niqoblab yog‘arkan oppoq qorlarim.
Yuragimning jim-jit nolishlarini
Senga yetkazgaydir unsiz zorlarim.

Xayollarim tortib borar za’faron,
Olislab boradi maftunkor mavsum.
Men yana hajringda sening sargardon,
Mahzun va mazlumman,
Mazlum va mahzun…

Seni o‘ylasam, o‘y falakka yetar,
Samoni sipqorar olgan nafasim.
Yuragim ko‘ksimda parvozlar etar,
O‘zim — cheksizligim, o‘zim — qafasim.

Yurak qushim uchun har bir yudduz.— don,
Sendan qutlug‘ yodgor har serfarah zum…
Men hajringda sening yana sargardon,
Mahzun va mahbusman,
Mahbus va mahzun…

Bag‘riga bosgancha shodlik, g‘amlarni,
Charx urar ishqparvar, mushtipar dunyo.
Ta’naga qo‘ymaylik, kel, bu damlarni,
Har ishq lahzasidan mangulik bunyod.

Yuragim qush mening. Ishq degan dard — dom,
Qa’riga tortadi xayoling — ma’sum..
Men hajringda sening yana sargardon,
Mahzun va maftunman,
Maftun va mahzun…

Xazon muqarrardir, muqarrar bahor,
Bir g‘uncha portlatgay ming-ming kulfatni.
Tarannum etgayman takror va takror
Sendan meros qolgan qutlug‘ bu dardni.

Bahorlar keladi, gul gulga mehmon,
Sen ham tushlarimga kirib qadah sun…
Men hajringda sening yana sargardon,
Mahzun va mahrumman,
Mahrum va mahzun…

Ishq shunchaki baxtmas, oliy saodat,
Zahar-zaqqumlarni bir kun bol etgay,
Biyron qilib ne-ne tillarni bu dard,
Ne-ne aqllarni bir kun lol etgay.

To‘kmagan yoshlarim ko‘ksimda pinhon,
Baxsh etgay ming-minglab labga tabassum
Men hajringda sening yana sargardon,
Mahzun va mamnunman,
Mamnun va mahzun…

* * *

Men so‘ngsiz bir azob, muhtasham bir dard,
Qo‘rg‘oshindek og‘ir xayolga o‘g‘il.
O‘ylayman… qorachiqqa poyonsiz nafrat,
Kipriklarga mehr qalqadi, mo‘g‘ul.

Bobom Shayx Najmiddin Kubro qo‘lida
G‘ijimlanib qolgan manfur tug‘laring.
Chirib-chirib yotar Urganch yo‘lida
Qatlimga qayralgan qattol tig‘laring.

Men kanda qilmayman tig‘ chiritmoqni,
Sen urholar solib, yeldek esasan.
Bo‘ynimga Chingizxon urgan sirtmoqni
Zahiriddin Bobur bo‘lib kesasan.

Xayollar goh qipchoq, goh o‘g‘izimda,
Dil — To‘maris meshi. Qonga to‘ladi.
Bilmayman qo‘ldami yoki bo‘g‘zimda
Isfahonmi yoxud Damashq po‘lati.

Asr-asrlarni sen talay-talay,
Ayqash-uyqashlaysan zulmat-ziyoni.
Dengizga tegmaysan, rahmat, harqalay,
Tashlab ketadirsan ikki daryoni.

Ikki daryo madhi bitilgan she’rlar
Belga yor bog‘lagan qiyiqlarimda.
…Men tushlar ko‘raman. Manglayim terlar.
Mudhish bir istehzo miyiqlarimda.

* * *

Makrni kasb qilib olgan g‘addorlar
Ezgu mehringizga solgandi qutqu.
Shundan beri, mana, ikki qal’ada
Yolg‘iz bir o‘zingiz yashaysiz tutqun.

Vujudingiz yashar bir xonadonda
Achchiq farovonlik ta’mini totib.
Birov uchun — kelin, birov uchun — qo‘shni,
Birov uchun esa — qumridek xotin.

Go‘shangizda, afsus, g‘arazlar to‘rda,
Poygakda mum tishlab haq, insof jimdir.
Mehr-muhabbatdan, samimiyatdan
Boshqa hamma narsa to‘kin-sochindir.

Siz taraf otlanar bo‘lsam, yo‘llar berk,
Har qadamim uchun sha’ningizdir boj.
Men tushlar ko‘raman — poyingizda taxt,
Men tushlar ko‘raman — boshingizda toj.

Men tushlar ko‘raman, qolmasin deb el
Adolat atalgan oliy urfsiz,
Zolimlar ichinda kirdikorlarin
Maxfiy va batafsil bilib yuribsiz.

Men tushlar ko‘raman, o‘qirkansiz hukm,
Har so‘zda adolat ko‘rsatar tal’at.
Ilhaq uyg‘onaman — xasta yuragim
Siz qamalib qolgan boshqa bir qal’a.

Shunday muhtasham bir yolg‘izlik bilan
Kunlarim o‘tmoqda shikva-nolasiz.
Na u qal’angizdan bo‘lasiz xalos,
Na bu qal’angizdan xabar olasiz.

Sizdan boshqa kim ham anglasin meni,
Yuragimga yo‘lni boshqa kim bilsin.
Bu majnun qal’aning har qopqasida
Muhabbat atalgan muqaddas tilsim.

Malikam! Yetibmi iltijolarim,
Voqiflar bo‘libmi bebaho sirdan,
O‘zingizni yo‘qlab keling… tilsimlar
Jaranglay boshladi hozirdan.

* * *

Na Majnun bo‘lmoqlik da’vosi dilda,
Na yurakda Farhod bo‘lmoqlik bahsi.
Yurgandim, manglayda ajin, sochda – oq,
Ming xil g‘alva bilan chalg‘ib, alahsib.

U ham o‘zi bilan o‘zi ovora,
Yurgandi kuy kuylab, ertak ertaklab.
Bir-birov qoshiga bizni shafqatsiz
Nima uchun kelding yetaklab.

Nima gunoh qildi sening oldingda
Yanoqlari bir juft qizil olma qiz…
Mening-chi, mening ne aybim bor edi,
Yalmog‘izsan, muhabbat, yalmog‘iz…

VIDO
Ro‘zmat Otayev xotirasiga

Qo‘llarimning patlari yo‘qlar,
Suyaklarim — qo‘rg‘oshin yilik.
Meni buncha yomon chorlaysan,
Jonim osmon, bu ne ko‘rgulik?

Samarasi uzoq kuttirdi
Umid bilan ekkan mevamning.
Ko‘chmoqdasan gumbazlariga
Sendan ulgi olgan Xivamning.

Tun — kunlaring talashadilar
G‘amlarimni — alamlarimni.
Tortisharlar cheksizliklaring
Poyoni yo‘q olamlarimni.

Har tong tiniq moviyliklaring,
Nigohimni bir yoritadi.
Sen tortasan xayollarimni,
Vujudimni zamin tortadi.

Yuragimni tortar bir yurak
Mendan olis-olis yerlarda.
Men misralar bilan dardlashib
Sargardonman g‘arib she’rlarda.

Ishqdan bo‘lak titrog‘im yo‘qdir,
Yo‘qdir she’rdan bo‘lak hech larzam.
Do‘stlarimdan boshqa hech kimim,
Yerdan-ko‘kdan boshqa hech narsam.

Do‘st mehrini parhez tutmadim,
Nodo‘st dunyo garchi g‘amxona.
O‘ldirsa ham, oldim-da yedim,
Luqma tutgach xasta hamxonam.

Siz ham tutmang mehrimni parhez,
Jonim tandan bo‘larkan judo…
Merosdirman hammangizga teng,
Teng yeganni teng ko‘rar xudo.

Ko‘ringizlar baravar baham,
Dardmand so‘zim she’rniki bo‘lsin.
Ruhim bo‘lsin seniki, osmon,
Va jasadim — yerniki bo‘lsin.

Do‘stlarimga baxshida bo‘ldim
Ummon edim, qolmay bir qatra.
Yuragimni tortgan oshufta
Yurakniki bo‘lsin xotiram…

* * *

Siymob yanglig‘ og‘ir qalqquvchi ko‘zga,
Oson tug‘ilmaydi yurakdan bu yosh…
Mening kimim ham bor, ayt, sendan o‘zga,
Sen hakda o‘yimdan balqadi quyosh.

Borlig‘im nuringga mas’ud belanar,
Ruhim yorishadi so‘nmas ziyodan.
Yuragim yuragingga elanar,
Bir kaming bo‘lmasin bir kam dunyoda.

Yuksak qavatlarga jilmayar oftob,
Tabassumi yanglig‘ mushfiq onaning.
Hikmatlarga to‘la nurafshon kitob
Munis derazasi kasalxonaning.

Mutolaa qilaman o‘tkinchilarni,
Bu kitob ichra, o, azizdir yot ham.
Sen ham faromush qil g‘am, o‘kinchlarni,
Bir kaming bo‘lmasin bir kam dunyoda.

Tunlar mazmunini tonglar qilar sharq,
Gullar qiyg‘os qoplar sahro, qirlarin…
Manglayimda qushlar urayotir charx
Anglatmoqchi bo‘lib parvoz sirlarin.

Yuragim sen taraf yeldirar tulpor,
Goh somon yo‘l uzra kezar piyoda.
La’l labingda pinhon ming chaman gul bor,
Bir kaming bo‘lmasin bir kam dunyoda.

Hayotning zolidan ishvalar zohir,
Necha Qaysni ko‘rgay necha ming sahro,
Sandiqlarda oqar necha ming Tohir,
Qulon ovlar hali necha ming Bahrom.

Biroq takrorlanmas ohu ko‘zlaring,
Garchi qavming ko‘pdir qirda-qiyoda.
Kundan kunga kamdir kamu ko‘stlaring
Bir kaming bo‘lmasin bir kam dunyoda.

Dunyo ishlariga termuldim hayron,
Goh dilni yuksaltdi ilohiy xulqlar.
Goh dil saltanatim qildilar vayron
Do‘st baxtidan kulfat chekkan maxluqlar.

Odam ohista bir topadi kamol,
Odam shahar yanglig‘ kelar bunyoda.
Shamoldek shoshqaloq jahonda jamol,
Bir kaming bo‘lmasin bir kam dunyoda…

O‘GIT
Ajoyib pedagog Zarifboy Qo‘chqorovning talabalarga o‘giti

Ko‘zikmaydi, qo‘rqmang, dang‘illama uy,
Ko‘zikmas gilamlar, parqularingiz.
Ko‘zikadi qo‘shiq, ko‘zikadi kuy,
Ko‘zikar nurafshon tuyg‘ularingiz.

Tumorlar taqasiz mashinangizga,
Tumorlar taqasiz mulkingizga siz.
Tumor taqing, asli, ko‘zyoshingizga,
Tumor taqing, asli, kulgungizga siz.

Menda bir danak bor. Po‘chog‘i oltin,
Mag‘zi yoqut uning. Chaqib qo‘yinglar.
Seving. Biroq sevib qolishdan oldin
Ko‘nglingizga tumor taqib qo‘yinglar.

Muhabbat shiddatli, beg‘araz xuruj,
Bad gumon kelmasin xayolingizga.
O, baribir, lekin shoda-shoda murch
Sovg‘a qilib qo‘ying ayolingizga.

Garchi sovg‘a qiling jahonning barcha
Atrlari, mushku anbarlarini,
Necha minglab qizga necha minglarcha
Kiygizing qalampir chambarlarini.

Sadoqat bir dunyo, mehr bir jahon,
Chek qo‘ygay kamlaru ko‘stlaringizga.
Dushmanga do‘nmasin bir kun nogahon,
Tumor taqib qo‘ying do‘stlaringizga.

Ana, yulduz so‘ndi. Qolmangiz karaxt.
Yulduzlarga tumor taqib qo‘yinglar.
Bir barg ham so‘lmasin, daraxt-ku daraxt,
Ildizlariga tumor taqib qo‘yinglar.

Hasaddan jirkaning, hasaddan qayting,
Tumorlar taqinglar gujum — chin orga.
Kimning ko‘zi tegdi Orolga, ayting,
Kimning ko‘zi tegdi Kalta Minorga?!

Qorayar. Qizarmas hasadning beti.
Ko‘ngli yo‘q. Bo‘lsa ham bo‘lmagaydir to‘q.
Nokas baxillarning ko‘zlari edi
Komil Devoniyga borib tekkan o‘q.

Baxillikdan, ayting, kim topgay samar
Yurak mevasini yegizmay zaxa.
Tutatqiga zoye qanchalab kamar,
Tutatqiga uvol qancha bo‘sag‘a.

Og‘zi ola bo‘la ko‘rmang hech qachon
Bo‘linglar bir yoqa, bo‘linglar bir yeng.
Ikkilanmay hozir berar edim jon
Shu bilan bo‘lsaydi bizga jahon keng.

Shodlikdan ko‘zimga qalqadi yoshlar,
Sururlanib qutlug‘ a’molingizdan.
Yuragim parvozga shaylana boshlar,
Lochinlarim, sizning kamolingizdan.

Har qadamni tashlang ezgulik tomon,
Xudbinlik yot bo‘lsin ko‘zlaringizga.
O‘z ko‘zingiz tegar o‘qdan ham yomon,
Mahliyo bo‘lmanglar o‘zlaringizga!

* * *

Bir kunmas bir kuni etasan vafot,
Mushuklaring qolar loqayd miyovlab,
Faqat o‘z nafsiga etgancha vafo,
Taskin topar ular sichqonlar ovlab.

Arvohingni ezib tashlamaydi g‘am,
Poyonsiz kuch berar Alloh sabringga.
Ziyorat qilmoqqa, boshin qilib xam,
Yo‘lbarslar keladi bir kun qabringga.

JAVZO ARAFASI
Lirik doston

«Qora ko‘zim, demang, qorako‘zmasman»,
Qo‘y ko‘zlari sening ko‘zlaring.
Qaramasang motam, qarasang
To‘y ko‘zlari sening ko‘zlaring.
Sening o‘y ko‘zlaring ilinjida
Ne bir ko‘zlar chaqnab jovdirar,
Ne bir, ne bir arslonlar ohu,
Arslonning qoshida kabi dovdirar.

Dahshatlar pinhon bu qo‘y ko‘zlaringda,
Bu ko‘zlar ham yolg‘on, ham chining.
Har bir qorachig‘ing bir olov halqa,
Hozir qarsillaydi qamchining.
Va men sakraydirman qo‘y ko‘zlaringga
Olov halqalarning arosidan.
Mardumlig‘ fan qilib, vatan tutgayman
Ko‘zlaring qarosida.

Ilhaq, qa’r-qa’ridan mushtoqdir osmon
Bor oftobi, barcha yulduzi bilan,
Seni qattiq qo‘msar Urganch bog‘lari
Har yaprog‘i, har bir ildizi bilan.
Biz ham, asli, o‘zi, bir juft daraxtmiz
Birimiz bo‘lganmiz jo birimizga.
Ayriliq — yolg‘ondir. Qattiq chirmashgan
Tomirimiz tomirimizga.

Fayz baxsh etib turar biri biriga
Yaproqlar — yam-yashil a’zolarimiz.
Hayot-mamotimiz mushtarakdirlar,
Mushtarakdir bizning javzolarimiz.
Bir chetda mung‘ayib o‘tiribman jim,
Sensiz har bir lahza ming bor falokat.
Ming yil bo‘ldi — ketding. Nega hamon ho‘l
Naqllardan mashhur muborak doka.

Ming o‘lib tirildim men shu ming yilda,
Ming yil bir nuqtadan siljimadi oy.
Bug‘lanib turibdi piyolada sen
Ming yil avval damlab berib ketgan choy.
Ming yil bo‘ldi… ketding… zor etding…
Qutlug‘ qadamingga shay bog‘larimni
… Kuylagim malakmi dazmollab qo‘ydi,
Farishtami yuvdi paypoqlarimni?..

Men sukut saqlayman, beraman bardosh,
Sening so‘zlaringdan yurak-bag‘rim qon.
Sensiz hayot mening qatlimga qaror,
Ey, rashk maktabida jajji abjadxon.
Malomatga ko‘mib o‘rtaysan meni,
Meni qizg‘aniblar titraysan goho.
Rashking — bir chuvalchang, bir ilon — mayda,
Mening rashkim esa ajdaho.

Ruhni qanday ezar, bir bilsang edi
Achchiq ta’nalarning toshlari.
Husning ortgan sari ko‘payib borar
Mudhish ajdahoning boshlari.
Puskurarkan har bosh betinim olov
Mahkum qilib meni o‘limga,
Ko‘zlaring uzatar istar-istamas
Olmos bir qilichni qo‘limga.

Boshlarni uzaman sapcha-sapchadek
Indamay… gulruxsor, bag‘ri tosh.
O‘sib chiqaverar bir bosh o‘rniga
Ikki bosh… ikki bosh… ikki bosh…
Men janub o‘g‘liman. Sen — shimol qizi.
Bir faslga ilhaq. Ichikkan.
Mavridlidir sening baxting, vodarig‘,
Mening baxtim sensiz… kechikkan.

Bahorni sen yonib yashaging kelar,
Bergim kelar mening kuzga chap.
Seni bir o‘zgacha yo‘qlaydi bahor,
Meni yo‘qlaydi kuz o‘zgacha.
Og‘ir mehnat qilar yer bu juft fasl,
Anqib tutib ketar yerni yer hidi.
Ochilganda mahzun ruhimda chaman
Yuragingda endi-i… muzlar eriydi.

Sen taraf otlansam qahring bir dunyo,
Otlanmayin desam, mehring bir jahon.
Tark etib ko‘zlaring muborak ziyo
Berkilib qolmasmi yo‘llar nogahon.
Borlig‘imga botding misli to‘lin oy,
G‘amgin vatan bo‘ldim mahzun bu mohga.
Sen bilan kezganim har bir qadam joy
Aylandi men uchun ziyoratgohga.

Jonda qol, bergandek safhaga zeb bayt,
Har tong dil ilk sevgi qo‘shig‘in aytsin.
Sadoqat quruq bir so‘z emas deb ayt,
Sochlarim oqarish fikridan qaytsin.
Sen o‘zingni afv et. Oshiqlik shunday.
Devonavor eding. Majnunvor eding.
Soddaroq aytsang ham bo‘lardi, biroq:
«Men seni o‘lgudek sevaman», — deding.

Yashagudek sevmoq kerak, aslida,
To bo‘lmasin dilda baxtga nihoya.
Ishq — hayot. Gapingga omiyn demoqqa
Farishtalar tili bormagay, shoyad.
Va sen yashaydirsan uzoq va mas’ud,
Bunday saodatga haq bir jazo bor.
Aytsang-aytmasang ham, qanchalik sevma,
Jon bor yerda axiyr bir kun qazo bor.

Shunda, o, yuksak va teran anglarsan
Arshga oshiq yo‘li — Somon yo‘lini..
Arvoh kapalaging charx urib ko‘rgay
Qanday mudhish o‘lim oshiq o‘limi.
Lolalar keladi shu kun azaga,
Chamanlar chayqalib tutadi motam.
Yurak-yuragining qa’ri-qa’ridan
O‘kranib yig‘laydi yolg‘iz bir odam.

Ko‘zyosh qilib to‘kar zaqqum rashklarin,
Ko‘zyosh qilib to‘kar ozorlaringni.
Nozik kiftlarining silkinishidan
Zilzila titratgay mozorlaringni.
O‘rganar sevgingdan muhabbatni ishq,
Toqatingdan qanoatni sabrlar.
Titrangan qabringdan ko‘ngil so‘rashga
Tashrif buyuradi qutlug‘ qabrlar.

Hozir esa… nurli jilmaymoqdasan,
Hozir esa… bunga hali ancha bor…
Visol baxtin ravo ko‘rmokda Rohiym,
Mahrum qilmay turar diydordan Jabbor…
Uzun bir uh tortib olar bu lochin,
Fig‘on chekib parvoz qilar. Qolasan.
Endi men jimgina faryodman,
Endi sen jimgina nolasan.

Har qatra ko‘zyoshda bir ummon dardi,
Yolg‘on hijron borar haqiqatlanib.
Oy bilan o‘lchanmas ayriliq,
Ayriliq o‘lchanar daqiqalanib.
Telefon jarangi qiladi chil-chil
Damlardan to‘qilgan qafaslaringni.
Jonimga bir zumda tutashtiradi
Sovuq simlar qaynoq nafaslaringni.

So‘z topmay dovdirab tin olishlaring
Muhabbatning mangu tilsimlarimi?
Telefoningmikan bizni bog‘lagan
Dil simlarimi?
Ko‘zlaringdek tiniq tolalar bo‘ylab
Nolalar ming chaqirim qochadi.
Ruhim simyog‘ochlar kabi dong qotib,
Sening yo‘llaringga quchoq ochadi.

Matnazar Abdulhakim. Mangulik jamoli. Tarjimon talqinlari by Khurshid Davron on Scribd

003

(Tashriflar: umumiy 853, bugungi 1)

Izoh qoldiring