Nurulloh Oston. «Hurvatan» kitobidan she’rlar & Xurshid Davron. Nurulloh Oston haqida

Ashampoo_Snap_2017.01.24_22h33m38s_002_.png    Бир неча кун аввал (20 январ куни) “Kitob Olami” маънавий-маърифий савдо мажмуасида Нуруллоҳ Остоннинг “Ҳурватан” ҳамда “Чучмомага хат” шеърий китобларини тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли ижодкорлар: Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, шоирлар Йўлдош Эшбек, Ғулом Фатҳиддин, Турсун Али, Чоршам Рўзиев,Очил Тоҳир, Неъмат Ҳасан, «Akademnashr» нашриёти директори Санжар Назар, адабий жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактабларининг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Янги ”Ҳурватан” сайланма китоби Нуруллоҳ Остоннинг кўпйиллик ижоди намуналаридан тузилган. Диққатингизга тақдимотга бағишланган фоторепортаж, сайланмадаги шеърлардан намуналар ва китоб учун махсус ёзилган Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон сўзбошисини тақдим этамиз.

Хуршид ДАВРОН
НУРУЛЛОҲ ОСТОН ҲАҚИДА
007

 005  Нуруллоҳ билан ён-ёнма қишлоқларда туғилиб, ўсганмиз. Она қишлоғим Чордара билан Нуруллоҳ туғилган Туркманқишлоқ бир-бирига туташиб кетган. Қишлоқнинг шундай аталишига минг йиллар аввал Хоразм томонлардан кўчиб келиб ўрнашган оғуз лаҳжали аҳолиси сабаб бўлган. Чордарадан ташқари Туркманқишлоққа ён-ёнма Бухориқишлоқ билан Урганжиқишлоғи ҳам мавжуд. Қадимий Самарқанднинг ғарб томонида жойлашган бу қишлоқларнинг ёши минг йиллар билан ўлчанади. Уларнинг ҳар бирида Самарқанд тарихининг саҳифалари яширин. Шу билан бирга, Нуруллоҳ туғилган қишлоқнинг янги давр ўзбек тарихи ва маданияти тарихида ҳам салмоқли ўрни бор. Бу қишлоқ шеърлари “ “”Тирик сатрлар” номи билан нашр этилган машҳур мажмуадан ўрин олган таниқли шоир Темур Маъруфий, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, йирик адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ва бошқа жуда кўп машҳур ижодкорларнинг киндик қони тўкилган тупроқ. Нуруллоҳ Остон табиатидаги фазилатларнинг илдизи мана шу қишлоқнинг кўчаларида, одамларида, у таълим олган мактабда, дарс берган муаллимларда, шоир ўсган хонадону уни униб-ўстирган ота-онасида.

Болаликдан яхши биламан, қўшни қишлоқ аҳли санъат ва адабиётга ҳадсиз меҳр қўйгани билан машҳур эди, қишлоғимизда ўтадиган тўйлар уларнинг хоразмча мақомлари-ю достонларини қойилмақом ижро этадиган ҳофизларисиз ўтмасди. Шахсан менинг никоҳ тўйимни ҳам улар гуллатган ва Тошкентдан борган Омон Матжон бошлиқ акалариму жўраларим ҳофизларнинг санъати ҳақида йиллар давомида гапириб юришгани ҳанузгача ёдимда.

Менинг Тошкентга бориб журналистликка ўқиш истагимнинг пайдо бўлишига ҳам қўшни қишлоқда яшаган, туман газетаси раҳбарларидан бири, бир неча китоблар муаллифи, самарқандлик жуда кўп журналистларнинг устози Аҳмад Нарзиқулов сабаб бўлган эди. Бир марта, тахминан 6 ёки 7 синфда ўқиётган пайтимда “”Орлёнок” маркали велосипедимга миниб, қўшни қишлоққа борган ва Аҳмад ака яшаган ҳовли қаршисида ““тирик журналист”ни кўриш учун пойлаб ўтирганимни ҳозиргача эслаб юраман. Ўша воқеадан кейин бир йил ўтар-ўтмас Аҳмад ака илк хабаримни туман газетасида эълон қилдирган эди.

Хотирамда қолган яна бир гапни айтмасдан иложим йўқ. Чордара, Туркманқишлоқ болалари ўзларидаги саккиз йиллик мактабни битиргач, Урганжиқишлоқдаги ўрта мактабда ўқишни давом эттиришарди. Айни шу йилларда 16 ёшга тўлган йигитчалар юрагида илк муҳаббат туйғулари пайдо бўлиши сир эмас. Энг қизиғи, чордараликлардан иборат 10 “Г” синфи йигитчаларининг деярли ҳаммаси қўшнилардан иборат 10 ”В” синфи қизларига ошиқ бўлишарди. Яширмайман, каминада илк муҳаббат ҳисларини уйғотиб, уни “шоирга айлантирган Кумуш ҳам 10 ”В” синфида ўқир эди.

Ҳар сафар Нуруллоҳнинг мана бу шеърини ўқиганимда ўша олис, аммо ҳалигача юрагимнинг бир чеккасида сақланиб келаётган туйғуларимни уйғотгандай бўлади:

Бу қишлоқни биламан кўпдан…
илон изи—тор кўчалари,
зилол сувли шарқираган сой, —
кўзим қароғи ичра бари…

Бу қалашган ҳовлилар ичра
барно қизлар гуркираб ўсар.
Қарай-қарай деворларидан
йигитчалар хўрсиниб ўтар.

Бунда кўпдир етилган қизлар,
гўзаллиги беқиёсдир хўп…
Шунинг учун бу уйлар қиммат,
бу уйларнинг харидори кўп…

Мен гапни шоир туғилган қишлоқдан бошлаганим бежиз эмас. Зеро, донишманд Гёте “ айтганидек: “”“Шоирни тушуниш учун у дунёга келган юртни зиёрат қилиш зарур”. Бу ҳикматни қўлингиздаги китобдаги шеърларни ўқиганингизда яна ҳам яхшироқ англашингизга ишонаман. Уларнинг ҳар биридан киндик қони тупроққа, болалигидан эртаклар сўйлаган Самарқандга, бу қадимий заминнинг шонли ва фожиаларга бой тарихига бўлган муҳаббат нафаси келиб туради.

Қўшни қишлоқларда туғилиб, ўсган бўлсак-да, Нуруллоҳ билан Тошкентда танишганмиз. Чунки, мен пойтахтга ўқишга йўл олганимда Нуруллоҳ саккиз йилликни битириб, энди ўрта мактабга келган эди. Тошкентда ижара уйларда, Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарда, турли адабий, хусусан, Рауф Парфи атрофида шаклланган шеърий давраларда тез-тез учрашиб турганмиз.

Нуруллоҳнинг илк тўпламидаги шеърларидаёқ беомон соғинчу ҳаётбахш қайғу борлигини сезганман. Гарчи бу соғинч, бу қайғу жуда таниш бўлса-да, шоир сатрларини ўқиган сайин ўша таниш туйғулардан ҳосил бўлаётган ҳолатларни ҳар сафар қайта кашф этгандай бўламан.

Мана шу ўтган йиллар мобайнида Нуруллоҳ юрагида Сўзга бўлган ҳаваснинг баҳорий тўпалонтабиат жилғаси ўнгингда сокин кўрингани билан тубида пўртаналар яширин дарё маромига айланиб борди, у излана-излана, ўргана-ўргана ўз қалбининг нозик ҳужайраларида, мия сирдонларида боболари қонидан ўтиб яшаб келаётган кўҳна оҳангларни уйғота олди.

Нуруллоҳ ҳақида гапирганда у мансуб авлод ҳақида сўз айтмасликнинг иложи йўқ. Унинг тенгдошлари мен мансуб авлодга занжир бўлиб уланган шоирлардан иборат. Нуруллоҳ билан бирга шеъриятимиз даврасига кириб келган Назар Шукур, Чори Аваз, Жамол Сирожиддин, Яҳё Тоға, Ғулом Фатҳиддин, Чоршаъм бугунги ўзбек шеъриятининг сарбаланд ижодкорлари сифтида тан олинганига шак-шубҳа йўқ. Уларнинг ҳар бирининг ўз дафтари, ўз қалами бор.

Яна бир гапни айтмасдан ўтолмайман. Нуруллоҳ фақат ўз шеъри дарди билан яшамади. У мана шу ижодкорлик дардини фарзанди юрагида ҳам уйғота олди. Бугун унинг ўғли — ўзбек адабиётидаги сара асарларни немис тилига моҳирона таржима қилаётган Ойбек ҳам отасини қоралаб Сўз йўлидан бормоқда. Унинг ижодий йўли узоқ ва баракали бўлади, деб ўйлайман, чунки, донишманд боболаримиз насиҳат қилганларидек, “Ота ибратида фарзандга ишонч бағишловчи куч-қувват бор”.

Нуруллоҳ шеърларида ўз ҳаёт йўлини ифодалайди, фақат ўз юрагини ҳаяжонга солган туйғуларни дафтарга кўчиради. У Самарқанду Тошкент кўчаларида бировга эргашиб юрмади. Ҳаёт манзилларида нима излаган бўлса ўзиникини, Тақдир фақат унгагина асраб келаётган нарсани излаган. Қайсидир чорраҳада адашган бўлса, ўзиникини излаб адашган. Бу қатъият, энг авало, Нуруллоҳнинг феълу атворига боғлиқ эканини ҳам алоҳида таъкидлашим керак, деб ўйлайман. Ўз дунёқарашини беҳад қаттиқ ҳимоя қиладиган, бошқалар назарида эса, қайсар ва бўйсунмас бўлиб кўринадиган шахс. Шахсан мен Нуруллоҳнинг айни шу жиҳатини беҳад қаттиқ ҳурмат қиламан. Ва айнан мана шу қатъияти туфайли бир ниҳолдан улкан боғ ярата олган шоирга айланди.

Нуруллоҳ Остон шеъриятининг ўқтомири Ишқ аталмиш дарёдан сув ичади. Тўғри, бу дунёда муҳаббат тўғрисида ёзмаган шоир ҳали онасидан туғилмаган бўлса керак. Энг биринчи шоирнинг шеъри ишқ ҳақида ёзганига шубҳам йўқ. Лекин, донишманд Тўқтош айтган, ҳар бир юрак муҳаббатни янгилайди, деган ҳикмати нақадар ростлигига Нуруллоҳнинг қўлингиздаги сайланма китобини ўқиганингизда яна бир карра ишонасиз, деб ўйлайман. Бу тўпламда қирқ йил аввал она қишлоғидан пойтахтга келган шоир ҳаёти мазмунини, унинг шоир ва журналист сифатида бугунгача босиб ўтган умр йўлини, у излаган Сўзнинг минг бир тусдаги рангу оҳангларини бир бутун ҳолда кўз ўнгингизда гавдалантиришига ишонаман.

Нуруллоҳнинг шоир юрагидаги, онгу шууридаги фикр қуюнлари ҳали тўхтаган эмас. Ўша миллиард йиллар аввал илк шеърий сатр ёзган биринчи шоир ҳаяжони ҳалигача унинг томирларини титратади.

2016

43_o.jpgНуруллоҳ ОСТОН
«ҲУРВАТАН» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
007

АНБАРАФШОНИМ ВАТАН

Ўтди қанча замонлар, қанча давру давронлар,
Кездим турфа жаҳонлар, жонга жононим Ватан.

Бағри баҳорга монанд, тупроғи зарга монанд,
Оби кавсарга монанд Сир, Зарафшоним Ватан.

Онам каби ғамгусор, отам каби хокисор,
Осмонлари беғубор жаннатмаконим Ватан.

Ўзинг пушти-паноҳим, топган меҳригиёҳим,
Муқаддас саждагоҳим, рўйи жаҳоним Ватан.

Равзаи жаннат ўзинг, Каъбаи зийнат ўзинг,
Рўшнои давлат ўзинг, булбулзабоним Ватан.

Дилга офтобдир васлинг, элга меҳробдир наслинг,
Танти авлоддир аслинг, меҳри равоним Ватан.

Ўзбекнинг нишонаси, ёруғдир пешонаси,
БМТ кошонаси тахтиравоним Ватан.

“Шашмақом” мақомлари, сураъи каломлари,
Салламно саломлари, илму иймоним Ватан.

Ёғди кўп бало тоши, ёвдан омондир боши,
Минг асрлар бардоши, марду майдоним Ватан.

Ота макон, она юрт, тупроғини кўзга сурт,
Ғурбат эрур ўзга юрт, томримда қоним Ватан.

Киндик қоним тўкилган, мингта жоним тикилган,
Байроқ тутиб йиқилган садқадир жоним Ватан.

Истиқлолни эъзоз қил, Ҳумо қуши парвоз қил,
Қутлуғ йигирма беш йил, ҳур жовидоним Ватан.

Эшигинг нурга тўлсин, бешигинг гулга тўлсин,
Ҳур қизу улга тўлсин, анбарафшоним Ватан.

Нуруллоҳ, бир куйчиман, тўйлаган бир тўйчиман,
Ўз элимдан элчиман, Ўзбекистоним Ватан!

***

Қуёш нурларига тоблаб қаддини,
боғларда қизарди Савр гилослари.
Савсанлар исини таратиб ўтди
мусаффо тонгларнинг оқ либослари.

Майсалар бағрига тўшалди дилим,
кўзим йўргаклади чучмомаларни.
Дуркун япроқларнинг нигоҳларида
ўқидим қуёшдан хуш номаларни.

Эй она табиат, эй баҳри исён,
осий фарзандингни бир карра кечир:
Ё мени ёндирсин, ёки кул қилсин,
Қуёш шаробингдан бир қултум ичир!

1984

СОДДАЛИК ҲАҚИДА
Орзиқул Эргашга

Овоза бўлдики, қуёшли юртдан,
Сиз кетиб қолибсиз кўринмай элга.
Ишониб-ишонмай, сизга талпиниб,
Болангиз чиқди-ку дард билан йўлга.

Изингиз топмади ёмғирда, қорда,
Ойга қаро тортиб кезган халойиқ.
Асло ишонмади кетганингизга,
Сизга тарихини ёзган халойиқ.

Кўплар кезиб чиқди етти иқлимни,
Минг турли тилларнинг тадрижин битиб.
Айланиб тупроғин суртди кўзига,
Ўзбекнинг том сувоқ уйига етиб.

Хей халқим, ўзинг-ку бўлгансан буюк,
Дунёни таниган ўзинг ҳижжалаб.
Феълингда бу қадар соддалик кўриб,
Шафқатсиз кулгидан тўлди мижжалар.

Наҳотки ўзингни таний олмайсан,
Шу-ку мозий билган жўн зарбулмасал.
Аслида улашган феълингга қараб,
Сенга соддаликни тақдири — азал.
1984

ИККИ ЛАВҲА
Воҳид Абдуллога

I

Тонгда келтирдилар Жалолиддиннинг,
қоракўз ўғлини хон ҳузурига.
Устихон ғажирди қийиқ кўзли хон,
кўзлари қисилиб жон ҳузурида.

Оч-наҳор ётганди Жалолиддиннинг,
соқчи пойлоғида қоракўз ўғли.
Устихон ирғитди, гўштдор устихон,
Чин-мочиннинг донғи чиққан мўғили.

Қайрилиб боқмади Жалолиддиннинг,
ичидан зардоби оққан боласи.
Ўлакса устида чарх урган қузғун,
кўксида унгайми даштнинг лоласи!

Ҳайратдан гувранди Жалолиддиннинг,
зурриёдига боқиб ғазабнок мўғил:
-Юрагин суғуринг, итларга ташланг,
наслимни қуритар қолса бу ўғил!!!

II

Олис ўлкалардан келган ажнабий,
ўзини камида бир хоқон билиб.
Узатди гардишли, ялтироқ танга,
ўзбекнинг ўғлига тавозеъ қилиб.

Тангадан афзал-да, она кўкраги,
қўлини чўзганча қолди у ғалча.
Сўнг кетди қизариб, дўнғиллаб, қақшаб,
лабидан тўкилиб ажнабий лаҳжа.

Шу лаҳза имкони бўлса-ю, тўнгбош,
бу халқни қул қилинг, қуритинг, деса
Иложи бўлса-ю, қўрқмас боланинг
Юрагин суғуриб итларга берса!

Начора? Бу юртда ўзга баҳордир,
эрксевар кўнгиллар қуёшни тинглар.
Бугун улғаймоқда ҳар хонадонда,
ёвга бўйин эгмас Жалолиддинлар.

1985

АРҒУМОҚЛАР КЎККА ИНТИЛАР
В.Висотский хотирасига

Арғумоқлар кўкка интилар,
Ғурч ёллари оловлангандир,
Арғумоқлар кўкка интилар,
Арғумоқлар… жиловлангандир.

Титратади томирларимни,
Оҳангларнинг шиддаткор кучи.
Нигоҳимнинг тўлқинларида,
арғумоқлар бормоқда учиб.

Бу шиддатнинг алангасига,
асабларинг чидаса отил!
Сўнгги дамда чекинсанг қўрқиб
сўнгги дамда бўласан қотил!

Пистирмада майли, қолсинлар,
чиқ, элингнинг ўғлони бўлсанг.
Не гапинг бор, тирикликда айт,
кўзинг очиқ кетмасин ўлсанг.

Бир кун чечак унса қабрингда,
Тиниқлашса росту ёлғонлар.
Минбарлардан эслашар сени,
Пистирмада омон қолганлар.

Сен ишонма, эй халқ уларга,
сўзлаётир дея ботирлар.
Бу минбарда тириклар йўқдир,
бу минбарда фақат қотиллар!

Арғумоқлар учади кўкка,
шиддатига тўлар бўшлиқлар.
Учар оёқлари михланган,
қанотлари осмон қўшиқлар.

Йўловчи дўст, шу йўлдан ўтсанг,
бир лаҳзага эсла қуёшни.
Учаётган арғумоқларнинг
кўзларидан артиб ўт ёшни.

1987

МУЛОҚОТ

Ҳайдаманг қушларни сўлим боғлардан,
сим-сим булоқларни тўсманг, индаманг.
Ёшгина майсани тортманг чалғига,
узилган япроқни ортиқ қийнаманг!

Келинг, сўзлашайлик яхшиси,
қуш тилида… булоқ тилида,
Майса-ю, узилган япроқ тилида.

1986

ОШИҚ ҒАРИБ ҚЎШИҒИ

Сўзимни янчдилар ўғирга солиб,
Ханжарни санчдилар бағирни тилиб.
Қафасга солдилар жонимни олиб,
Сендан тонмадим-а, Санамжон.

Йиғласам, кўзимдан қонлар тўкилди,
Яқинлар, ёронлар, жонлар ўкинди,
Шамшодлар дол бўлди, беллар букилди,
Сендан тонмадим-а, Санамжон.

Бу дунё аслида минқор, човутли,
Харидор бўлганлар бахмал мовутли,
Қийноққа ташлади темир совутли,
Сендан тонмадим-а, Санамжон.

Онам танимади ўғли Ғарибни,
Ноласиз йиғлатди доғли Ғарибни,
Ўтга ташладилар боғли Ғарибни,
Сендан тонмадим-а, Санамжон.

Йўлларим сарғайди, йироқда қолдим,
Рангларим сарғайди, сўроқда қолдим,
Васлингга етмадим, қароқда қолдим,
Сендан тонмадим-а, Санамжон.

1983

МАШРАБ

Мен ниҳол умрини сўраган эдим,
сен хазон умрини ёзибсан фалак.
Мен висол умрини сўраган эдим,
Сен ҳижрон умрини чўзибсан фалак.

Мен жаннат боғини истабон кездим,
сен дўзах азобин кўрибсан раво.
Мен улус қадрини ёқлабон тўздим,
сен шайтон қавмини қўллайсан ҳамон.

Човутга хезланди ҳар учраган ит,
айланди бошимда чархи тегирмон.
Айт, мендан не гуноҳ ўтдики, нечун,
хиёнат қошида бошим эгурман?

1984

БИР ТУНДА

Бир оддий тун эди, ойдин тун эди,
Итлар кўкка қараб улиб бўзлади.
Шаррос ёғиворди оқкўнгил ёмғир,
Уйғонди қишлоқнинг минглаб кўзлари.

Кўклам ёмғирига бағрини бериб,
Чўпон тинглаб туриб, най саси, деди.
Деҳқон бешик қучган аёлин суйиб,
Ўсар адирларнинг майсаси, деди

Тўшакда қийналиб ётган волида,
Боласин исини туйди ногаҳон.
Бир ҳурлик, қувончнинг қоқ ўртасида,
Ўкириб юборди етти қат осмон.

Уйғониб кетди у, кўзи чўлпон қиз,
Кўксида бир туғён сабоси билан.
Оҳиста чертарди деразасини
Кимдир, юрагининг садоси билан.

1987

ПАҲЛАВОН МАҲМУД ВАСИЯТИ

Бир парча бўлса ҳам ўз еринг бўлсин,
Ерпарчин қилса ҳам ўз элинг бўлсин.
Бахтиёр дамларда, дардли дамларда
Кулиб-куйинмоққа ўз тилинг бўлсин.

Дўстларинг бор бўлсин, рақиблар бўлсин,
Изингдан минг турли таъқиблар бўлсин.
Сен дарё қалбингни уммонга бошла,
Қаърида машриғу мағриблар бўлсин.

1984

ХЎЖАМИНОР

Мен Хевани илк бор кўрдим,
илк бор кўрдим қалъаларини.
Ва тингладим тош кўчаларда
кўҳна шаҳар аллаларини.

Дишон қалъа дарвозалари,
қулоч ёйиб мени чорлади.
Мезбони йўқ ҳужралар аро
бир оқшомга макон сўрадим.

– Эрки борлар зиндонга раво, –
садо келди аср қаъридан.
Руҳлар учди шунда исёнкор,
Ичон қалъа қасрларидан.

Сукунатни тарк этиб кетдим,
уйқу ўчди кўздан ўша кун.
Учар эди оппоқ ойдинда
Хўжаминор кўкси узра тун.

1986

ҒУЛОМНИНГ ДАРСИ
Ғулом Фатҳиддинга

Олис қишлоқлардан бирида,
кафти меҳнат билан қабарган
иш бездирган болакайларни
ўргатар у зеру забарга.

Давоматда, ўзлаштиришда,
бу мактаб ҳам қолмас қатордан.
Бошланади сабоқлар тугаб,
бунда меҳнат дарси баҳордан.

Сўрасангиз айтишар ёддан,
қачон пилла тутиб-теришни.
Қандай чопмоқ керак тутларни,
яганани, яхоб беришни.

Қатқалоқни юмшатиш қандай,
сўрасангиз айтиб беришар.
Ишга деса, индамайгина,
китобларни қайтиб беришар.

– Самолётлар аямай дори
сепади-да малим, дейишар,
– Қишлоқларда негадир сариқ
кўпайди-да, малим, дейишар.

Шунда титраб кетади бирдан,
тоқати-тоқ бўлган муаллим.
Уватларга жойлаб шеърини,
сочлари оқ бўлган муаллим.

Кейин…
яна дарслар бошланар,
Чеканка – дарс,
Ғумай юлмоқ – дарс.
Қаваради жажжи кафтчалар,
юракда-да пайдо бўлар дарз.

– Ўзлаштириш бизда зўр, – дейди,
билса ҳамки меҳнат зўрлигин.
Ҳаммангга беш қўяман, дейди,
баъзи пайтда келиб хўрлиги.

…Терим дарси узоқ чўзилар,
яъни, дейлик, яйдоқ қишгача.
Ҳали анча ғурбатлар ўтар,
ваъда бўлган ўша бешгача…

Шунда титраб кетади бирдан,
тоқати-тоқ бўлган муаллим.
…Ватанини севгани учун
сочлари оқ бўлган муаллим.

1986

МУҲАББАТ – БУ ШИРИН ҒУССАДИР

Сени шамолларга раво кўрмасман,
шубҳа-гумонларга раво кўрмасман,
Ширин изтироблар хотирасини
яхши-ёмонларга раво кўрмасман.

Чечаклар анқиган ариқлар роши,
бизларни жуфтлади ойли тун сочи,
томирда ўйнаган қонлар талошин
минг-минг замонларга раво кўрмасман.

Лабингда лабимнинг азоблари бор,
кўзингда кўзимнинг офтоблари бор,
Кўксингда икки қалб бунёдлари бор
ўзга чаманларга раво кўрмасман.

1986

МЕНИ УЙҒОТСАЛАР

Мени уйғотсалар минг йиллар кейин,
Руҳим фиғонини тингласалар, дод,
Минг йилдан кейин ҳам қалқиб чиқади,
Қалбим адоғида қолган шу фарёд.

Мени уйғотсалар минг йилдан кейин,
Аввал пахтазорим қайда, сўрардим.
Сўзимдан кулишиб, Афанди, дея
Ёнимда ёш-яланг ҳайрон юрарди.

Мени уйғотсалар минг йилдан кейин,
Сен кимсан, десалар она тилимда,
Юрагим отилиб кетса кераг-ов,
Бу сўзни эшитиб қоним-элимдан.

Мени уйғотсалар минг йилдан кейин,
Кўксимдан куй бўлиб оқарди дардим.
Аланглаб, сел бўлиб тўхтаб қоларди,
Ненидир эслаган ўткинчи мардум.

Мени уйғотсалар минг йилдан кейин,
Рост бўлса шу роҳдан қайта келарим,
Бу ёруғ дунёга чинқириб эмас,
Шу «Қаро кўзим»ни айтиб келардим!

1984

СОЗИМДА ҚОЛДИ

Ғунча яноғинда гулнинг ифори,
Инжа дудоғинда елнинг хумори,
Эрка нигоҳинда ойнинг нигори
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим, деган сўзим бўғзимда қолди.

Энди бинафшадан паноҳ сўрайман,
Ўзим гуноҳкорман, гуноҳ сўрайман,
Бенажот қушчадан қанот сўрайман,
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим, деган сўзим кўзимда қолди.

Тўрт фасл-тўрт гулхан, куйдим-да ёндим,
Қанча сулувларни суйдим-да, тондим,
Тунлар тушларимда йиғлаб уйғондим,
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим, деган сўзим созимда қолди.

Мажнун кўксидаги дили пораман,
Елдим, етолмадим нозли ёра ман,
Найсон бўлиб деразангдан бораман,
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим, деган сўзим ўзимда қолди.

Муҳаббат йўллари ғам-фироқ бўлмиш,
Мажнунтол кўзлари нам-сўроқ бўлмиш,
Ул бодом гуллари шамчироқ бўлмиш
Баҳор найсонлари бўзимда қолди,
Севдим, деган сўзим сўзимда қолди…

1994

ОНА ТИЛИМ

Сени ким деб атайин?
Севинчим деб атайин.
Яқиним, ёлғизимсан,
Оқиним, ҳақ сўзимсан.

Офтоби бор оламсан,
Тилимдаги ноламсан.
Бардоши чош метиним,
Манглайи тош етимим.

Ёлғизликда ҳамдамим,
Дилимдан тошган ғамим.
Менинг билан доимсан,
Қуёшим ҳам ойимсан.

Оқловчим, қораловчим,
Мозийдан келган товшим,
Мендай кўнгли яримсан,
Чархланган ханжаримсан.

Жоҳилларга жазосан,
Оқилларга сабосан,
Тилсизларнинг забони,
Эрксизларнинг жаҳони.

Ёнарсўзсан, чақинсан,
Оддий халққа яқинсан.
Қаро кўзим, қароғим,
Ҳамда Чўли ироғим.

Йиғлаб ўтган Машрабсан,
Мени ўтга ташлабсан.
Куй, оҳим аён-аён,
Куймоғим аён-аён.

Сен менингсан, бор-йўғим,
Қалбга ўрнашган туғим,
Кўзим,жоним, дилимсан,
Ўзинг она тилимсан!

1985

ЎЗИНГ ҚЎЛЛА
Чори Аваз хотирасига

Кетавердим, мен далли дайди,
Йўлларимда баҳор сарғайди
Ичимда бир дарвеш қарғайди –
Ўзинг мени қўлла илоҳим!

Атиргулдан ичай шабнамни,
Елкамга орт, кўтарай ғамни.
Артай онам кўзидан намни,
Ўзинг мени қўлла илоҳим!

Тупроқ бўлиб ерга тўшалай,
Зилол бўлиб сувга қўшилай,
Бу қийнаган жондан бўшалай,
Ўзинг мени қўлла илоҳим.

ТЎРТТА ГУЛШАМ
Шавкат Раҳмон хотирасига

Тўртта гулшам тўрт ёнимда чўғлаган,
Яқинларим, ботирларим йиғлаган,
Менинг жоним бу дунёга сиғмаган,
Энди ўзинг тирикларга тўзим бер.

Тириклик ғам, ўлим аччиқ, нетарман,
Магар шоҳман, йўлим очиқ – ўтарман,
Искандардай қўлим очиқ кетарман
Энди ўзинг тирикларга тўзим бер.

Ёмон-яхши дамлар ўтди, фарқи кам,
Татиб кўрдим шарбатидан, талхидан,
Кулиб ўтдим бул замона чархидан,
Энди ўзинг тирикларга тўзим бер.

КЎЗЛАРИНГДА УЙҒОНАР ОФТОБ
Чоршам оғага

Кўчада жилмаяр беғубор осмон,
Сен эса кирасан бўғиқ хонангга.
унутиб қўясан латиф сўзларни,
Термулиб бадқовоқ, сур ҳамхонангга.

Буйруққа ўрганган занчалиш сасдан,
Сен қолиб, телефон титар асабий.
Тор хона, йўлакда, пана-панада,
Сузади совуган сўзлар жасади.

Юракни қантариб қадим жавонга,
Чайнайсан бўзрайган сурбет жумлани.
Эшигинг очилар-ёпилаверар,
Киради-чиқади бошлиқ гувраниб.

Ва бирдан… кўзингда уйғонар офтоб,
Кўнгил кенгаяди осмонлар қадар.
Шаҳарсиз қолдириб фуқароларни
Тоғларга бош олиб кетади шаҳар.

1986

ЖАНГ ҚИЛАМИЗ ЯККАМА-ЯККА
Жамол Сирожиддинга

Биз маҳкуммиз олға силжишга,
ҳаёт нодўст, ўжар сипоҳи.
Юлдузлардай қолди жавдираб,
болаликнинг олис нигоҳи.

Тетапоя фасллар гарди –
юраклардан ситилган шеърлар.
Қай дафтарнинг варақларида,
сарғайди илк битилган шеърлар.

Аждодлардан қолган дунёда,
ёлғиз аравонни танладик.
Шеъриятнинг чақмоқларига,
ёнган ширин жонни ташладик.

Жангчи эмас жангда ёлғиз эр,
Бироқ шоир бўлса – жангчидир.
Юрак – қондан битилган қўшиқ,
милён юракларнинг ганжидир

Бу аёвсиз, тенгсиз курашда,
жанг қиламиз яккма-якка.
Ва гамлетлар сафида туриб
изн берамиз ўжар юракка!

1984

АСҚАР МАҲКАМ ХОТИРАСИ

Бир гиёҳ атридай ифор сочмасанг,
Шамчироқ тафтидай қадр топмасанг,
Дилга йўл очмасанг, кетмон чопмасанг
Ичган тузинг қолар қолса фанода.

Магарким роҳатда юз йил яшадинг,
Суянчиқ бўлолмас топган мансабинг,
Тупроққа қорилар совуқ жасадинг
Босган изинг қолар қолса фанода.

Эгилиб ер ўпма ҳар хас олдида,
Умрингни совурма галварс олдида,
Ўзингни хор тутма нокас олдида
Жасур сўзинг қолар қолса фанода.

Муслимдай яшадинг, таслим бўлма ҳеч,
Ғаддор, қул халойиқ таъмасидан кеч,
Ложарам, дунёнинг нағмасидан кеч
Ёруғ юзинг қолар қолса фанода.

Юзингда нур бўлсин, ғайри сўйлама,
Учраган ҳар касга дардинг тўйлама,
Яхшисан, ёмонлик ҳаргиз ўйлама
Босган изинг қолар қолса фанода.

Аҳли иймон бўлса, дил тафтини соч,
Дўсту меҳмон келса, қучоғингни оч,
Баракали уйга қўнар қалдирғоч
Ўғил-қизинг қолар қолса фанода.

РАУФ ПАРФИ ЁДИ

Уриб турган юрак зарби,
Беҳаловат шоир қалби,
Алифбонинг қутлуғ ҳарфи –
Тимсолидир Рауф Парфи.

Замин-замон кўлкасида,
Сўз залвори елкасида,
Туркий олам ўлкасида
Ҳилолидир Рауф Парфи.

Сўзи шамшир каби кесган,
Кўнгли тоғлар каби ўсган,
Ҳурриятнинг сарин эсган
Шамолидир Рауф Парфи.

Шеъриятга пайваста тил,
Раиятга вобаста дил,
Ишқ аҳлига мисли Бедил –
Ниҳолидир Рауф Парфи.

Ёнар сўзи асл чақмоқ,
Сатрлари яшил япроқ,
Қўналғаси она тупроқ,
Зилолидир Рауф Парфи.

Ҳаёт билан ҳақиқатнинг,
Баёт билан тариқатнинг,
Шойистаю ғариқатнинг
Висолидир Рауф Парфи.

Аҳли улус далолати,
Калимаи шаҳодати,
Тирикликнинг ибодати –
Саволидир Рауф Парфи.

   Bir necha kun avval (20 yanvar kuni) “Kitob Olami” ma’naviy-ma’rifiy savdo majmuasida Nurulloh Ostonning “Hurvatan” hamda “Chuchmomaga xat” she’riy kitoblarini taqdimot marosimi bo‘lib o‘tdi. Tadbirda taniqli ijodkorlar: O‘zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron, shoirlar Yo‘ldosh Eshbek, G‘ulom Fathiddin, Tursun Ali, Chorsham Ro‘ziyev,Ochil Tohir, Ne’mat Hasan, “Akademnashr” nashriyoti direktori Sanjar Nazar, adabiy jamoatchilik vakillari, shuningdek, Mirzo Ulug‘bek tumanidagi umumta’lim maktablarining ma’naviyat ishlari bo‘yicha direktor o‘rinbosarlari hamda ommaviy axborot vositalari xodimlari ishtirok etishdi.

Yangi ”Hurvatan” saylanma kitobi Nurulloh Ostonning ko‘pyillik ijodi namunalaridan tuzilgan. Diqqatingizga taqdimotga bag‘ishlangan fotoreportaj, saylanmadagi she’rlardan namunalar va kitob uchun maxsus yozilgan O‘zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron so‘zboshisini taqdim etamiz.

Xurshid DAVRON
NURULLOH OSTON HAQIDA
007

02a.jpg   Nurulloh bilan yon-yonma qishloqlarda tug‘ilib, o‘sganmiz. Ona qishlog‘im Chordara bilan Nurulloh tug‘ilgan Turkmanqishloq bir-biriga tutashib ketgan. Qishloqning shunday atalishiga ming yillar avval Xorazm tomonlardan ko‘chib kelib o‘rnashgan og‘uz lahjali aholisi sabab bo‘lgan. Chordaradan tashqari Turkmanqishloqqa yon-yonma Buxoriqishloq bilan Urganjiqishlog‘i ham mavjud. Qadimiy Samarqandning g‘arb tomonida joylashgan bu qishloqlarning yoshi ming yillar bilan o‘lchanadi. Ularning har birida Samarqand tarixining sahifalari yashirin. Shu bilan birga, Nurulloh tug‘ilgan qishloqning yangi davr o‘zbek tarixi va madaniyati tarixida ham salmoqli o‘rni bor. Bu qishloq she’rlari “ “”Tirik satrlar” nomi bilan nashr etilgan mashhur majmuadan o‘rin olgan taniqli shoir Temur Ma’rufiy, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan fan arbobi, yirik adabiyotshunos olim Nuriddin Shukurov, O‘zbekiston xalq artisti To‘ti Yusupova va boshqa juda ko‘p mashhur ijodkorlarning kindik qoni to‘kilgan tuproq. Nurulloh Oston tabiatidagi fazilatlarning ildizi mana shu qishloqning ko‘chalarida, odamlarida, u ta’lim olgan maktabda, dars bergan muallimlarda, shoir o‘sgan xonadonu uni unib-o‘stirgan ota-onasida.

Bolalikdan yaxshi bilaman, qo‘shni qishloq ahli san’at va adabiyotga hadsiz mehr qo‘ygani bilan mashhur edi, qishlog‘imizda o‘tadigan to‘ylar ularning xorazmcha maqomlari-yu dostonlarini qoyilmaqom ijro etadigan hofizlarisiz o‘tmasdi. Shaxsan mening nikoh to‘yimni ham ular gullatgan va Toshkentdan borgan Omon Matjon boshliq akalarimu jo‘ralarim hofizlarning san’ati haqida yillar davomida gapirib yurishgani hanuzgacha yodimda.

Mening Toshkentga borib jurnalistlikka o‘qish istagimning paydo bo‘lishiga ham qo‘shni qishloqda yashagan, tuman gazetasi rahbarlaridan biri, bir necha kitoblar muallifi, samarqandlik juda ko‘p jurnalistlarning ustozi Ahmad Narziqulov sabab bo‘lgan edi. Bir marta, taxminan 6 yoki 7 sinfda o‘qiyotgan paytimda “”Orlyonok” markali velosipedimga minib, qo‘shni qishloqqa borgan va Ahmad aka yashagan hovli qarshisida ““tirik jurnalist”ni ko‘rish uchun poylab o‘tirganimni hozirgacha eslab yuraman. O‘sha voqeadan keyin bir yil o‘tar-o‘tmas Ahmad aka ilk xabarimni tuman gazetasida e’lon qildirgan edi.

Xotiramda qolgan yana bir gapni aytmasdan ilojim yo‘q. Chordara, Turkmanqishloq bolalari o‘zlaridagi sakkiz yillik maktabni bitirgach, Urganjiqishloqdagi o‘rta maktabda o‘qishni davom ettirishardi. Ayni shu yillarda 16 yoshga to‘lgan yigitchalar yuragida ilk muhabbat tuyg‘ulari paydo bo‘lishi sir emas. Eng qizig‘i, chordaraliklardan iborat 10 “G” sinfi yigitchalarining deyarli hammasi qo‘shnilardan iborat 10 ”V” sinfi qizlariga oshiq bo‘lishardi. Yashirmayman, kaminada ilk muhabbat hislarini uyg‘otib, uni “shoirga aylantirgan Kumush ham 10 ”V” sinfida o‘qir edi.

Har safar Nurullohning mana bu she’rini o‘qiganimda o‘sha olis, ammo haligacha yuragimning bir chekkasida saqlanib kelayotgan tuyg‘ularimni uyg‘otganday bo‘ladi:

Bu qishloqni bilaman ko‘pdan…
ilon izi—tor ko‘chalari,
zilol suvli sharqiragan soy, —
ko‘zim qarog‘i ichra bari…

Bu qalashgan hovlilar ichra
barno qizlar gurkirab o‘sar.
Qaray-qaray devorlaridan
yigitchalar xo‘rsinib o‘tar.

Bunda ko‘pdir yetilgan qizlar,
go‘zalligi beqiyosdir xo‘p…
Shuning uchun bu uylar qimmat,
bu uylarning xaridori ko‘p…

Men gapni shoir tug‘ilgan qishloqdan boshlaganim bejiz emas. Zero, donishmand Gyote “ aytganidek: “”“Shoirni tushunish uchun u dunyoga kelgan yurtni ziyorat qilish zarur”. Bu hikmatni qo‘lingizdagi kitobdagi she’rlarni o‘qiganingizda yana ham yaxshiroq anglashingizga ishonaman. Ularning har biridan kindik qoni tuproqqa, bolaligidan ertaklar so‘ylagan Samarqandga, bu qadimiy zaminning shonli va fojialarga boy tarixiga bo‘lgan muhabbat nafasi kelib turadi.

Qo‘shni qishloqlarda tug‘ilib, o‘sgan bo‘lsak-da, Nurulloh bilan Toshkentda tanishganmiz. Chunki, men poytaxtga o‘qishga yo‘l olganimda Nurulloh sakkiz yillikni bitirib, endi o‘rta maktabga kelgan edi. Toshkentda ijara uylarda, Talabalar shaharchasidagi yotoqxonalarda, turli adabiy, xususan, Rauf Parfi atrofida shakllangan she’riy davralarda tez-tez uchrashib turganmiz.

Nurullohning ilk to‘plamidagi she’rlaridayoq beomon sog‘inchu hayotbaxsh qayg‘u borligini sezganman. Garchi bu sog‘inch, bu qayg‘u juda tanish bo‘lsa-da, shoir satrlarini o‘qigan sayin o‘sha tanish tuyg‘ulardan hosil bo‘layotgan holatlarni har safar qayta kashf etganday bo‘laman.

Mana shu o‘tgan yillar mobaynida Nurulloh yuragida So‘zga bo‘lgan havasning bahoriy to‘palontabiat jilg‘asi o‘ngingda sokin ko‘ringani bilan tubida po‘rtanalar yashirin daryo maromiga aylanib bordi, u izlana-izlana, o‘rgana-o‘rgana o‘z qalbining nozik hujayralarida, miya sirdonlarida bobolari qonidan o‘tib yashab kelayotgan ko‘hna ohanglarni uyg‘ota oldi.

Nurulloh haqida gapirganda u mansub avlod haqida so‘z aytmaslikning iloji yo‘q. Uning tengdoshlari men mansub avlodga zanjir bo‘lib ulangan shoirlardan iborat. Nurulloh bilan birga she’riyatimiz davrasiga kirib kelgan Nazar Shukur, Chori Avaz, Jamol Sirojiddin, Yahyo Tog‘a, G‘ulom Fathiddin, Chorsha’m bugungi o‘zbek she’riyatining sarbaland ijodkorlari siftida tan olinganiga shak-shubha yo‘q. Ularning har birining o‘z daftari, o‘z qalami bor.

Yana bir gapni aytmasdan o‘tolmayman. Nurulloh faqat o‘z she’ri dardi bilan yashamadi. U mana shu ijodkorlik dardini farzandi yuragida ham uyg‘ota oldi. Bugun uning o‘g‘li — o‘zbek adabiyotidagi sara asarlarni nemis tiliga mohirona tarjima qilayotgan Oybek ham otasini qoralab So‘z yo‘lidan bormoqda. Uning ijodiy yo‘li uzoq va barakali bo‘ladi, deb o‘ylayman, chunki, donishmand bobolarimiz nasihat qilganlaridek, “Ota ibratida farzandga ishonch bag‘ishlovchi kuch-quvvat bor”.

Nurulloh she’rlarida o‘z hayot yo‘lini ifodalaydi, faqat o‘z yuragini hayajonga solgan tuyg‘ularni daftarga ko‘chiradi. U Samarqandu Toshkent ko‘chalarida birovga ergashib yurmadi. Hayot manzillarida nima izlagan bo‘lsa o‘zinikini, Taqdir faqat ungagina asrab kelayotgan narsani izlagan. Qaysidir chorrahada adashgan bo‘lsa, o‘zinikini izlab adashgan. Bu qat’iyat, eng avalo, Nurullohning fe’lu atvoriga bog‘liq ekanini ham alohida ta’kidlashim kerak, deb o‘ylayman. O‘z dunyoqarashini behad qattiq himoya qiladigan, boshqalar nazarida esa, qaysar va bo‘ysunmas bo‘lib ko‘rinadigan shaxs. Shaxsan men Nurullohning ayni shu jihatini behad qattiq hurmat qilaman. Va aynan mana shu qat’iyati tufayli bir niholdan ulkan bog‘ yarata olgan shoirga aylandi.

Nurulloh Oston she’riyatining o‘qtomiri Ishq atalmish daryodan suv ichadi. To‘g‘ri, bu dunyoda muhabbat to‘g‘risida yozmagan shoir hali onasidan tug‘ilmagan bo‘lsa kerak. Eng birinchi shoirning she’ri ishq haqida yozganiga shubham yo‘q. Lekin, donishmand To‘qtosh aytgan, har bir yurak muhabbatni yangilaydi, degan hikmati naqadar rostligiga Nurullohning qo‘lingizdagi saylanma kitobini o‘qiganingizda yana bir karra ishonasiz, deb o‘ylayman. Bu to‘plamda qirq yil avval ona qishlog‘idan poytaxtga kelgan shoir hayoti mazmunini, uning shoir va jurnalist sifatida bugungacha bosib o‘tgan umr yo‘lini, u izlagan So‘zning ming bir tusdagi rangu ohanglarini bir butun holda ko‘z o‘ngingizda gavdalantirishiga ishonaman.

Nurullohning shoir yuragidagi, ongu shuuridagi fikr quyunlari hali to‘xtagan emas. O‘sha milliard yillar avval ilk she’riy satr yozgan birinchi shoir hayajoni haligacha uning tomirlarini titratadi.

2016

0034Nurulloh OSTON
“HURVATAN” KITOBIDAN SHE’RLAR
007

ANBARAFSHONIM VATAN

O‘tdi qancha zamonlar, qancha davru davronlar,
Kezdim turfa jahonlar, jonga jononim Vatan.

Bag‘ri bahorga monand, tuprog‘i zarga monand,
Obi kavsarga monand Sir, Zarafshonim Vatan.

Onam kabi g‘amgusor, otam kabi xokisor,
Osmonlari beg‘ubor jannatmakonim Vatan.

O‘zing pushti-panohim, topgan mehrigiyohim,
Muqaddas sajdagohim, ro‘yi jahonim Vatan.

Ravzai jannat o‘zing, Ka’bai ziynat o‘zing,
Ro‘shnoi davlat o‘zing, bulbulzabonim Vatan.

Dilga oftobdir vasling, elga mehrobdir nasling,
Tanti avloddir asling, mehri ravonim Vatan.

O‘zbekning nishonasi, yorug‘dir peshonasi,
BMT koshonasi taxtiravonim Vatan.

“Shashmaqom” maqomlari, sura’i kalomlari,
Sallamno salomlari, ilmu iymonim Vatan.

Yog‘di ko‘p balo toshi, yovdan omondir boshi,
Ming asrlar bardoshi, mardu maydonim Vatan.

Ota makon, ona yurt, tuprog‘ini ko‘zga surt,
G‘urbat erur o‘zga yurt, tomrimda qonim Vatan.

Kindik qonim to‘kilgan, mingta jonim tikilgan,
Bayroq tutib yiqilgan sadqadir jonim Vatan.

Istiqlolni e’zoz qil, Humo qushi parvoz qil,
Qutlug‘ yigirma besh yil, hur jovidonim Vatan.

Eshiging nurga to‘lsin, beshiging gulga to‘lsin,
Hur qizu ulga to‘lsin, anbarafshonim Vatan.

Nurulloh, bir kuychiman, to‘ylagan bir to‘ychiman,
O‘z elimdan elchiman, O‘zbekistonim Vatan!

***

Quyosh nurlariga toblab qaddini,
bog‘larda qizardi Savr giloslari.
Savsanlar isini taratib o‘tdi
musaffo tonglarning oq liboslari.

Maysalar bag‘riga to‘shaldi dilim,
ko‘zim yo‘rgakladi chuchmomalarni.
Durkun yaproqlarning nigohlarida
o‘qidim quyoshdan xush nomalarni.

Ey ona tabiat, ey bahri isyon,
osiy farzandingni bir karra kechir:
Yo meni yondirsin, yoki kul qilsin,
Quyosh sharobingdan bir qultum ichir!

1984

SODDALIK HAQIDA
Orziqul Ergashga

Ovoza bo‘ldiki, quyoshli yurtdan,
Siz ketib qolibsiz ko‘rinmay elga.
Ishonib-ishonmay, sizga talpinib,
Bolangiz chiqdi-ku dard bilan yo‘lga.

Izingiz topmadi yomg‘irda, qorda,
Oyga qaro tortib kezgan xaloyiq.
Aslo ishonmadi ketganingizga,
Sizga tarixini yozgan xaloyiq.

Ko‘plar kezib chiqdi yetti iqlimni,
Ming turli tillarning tadrijin bitib.
Aylanib tuprog‘in surtdi ko‘ziga,
O‘zbekning tom suvoq uyiga yetib.

Xey xalqim, o‘zing-ku bo‘lgansan buyuk,
Dunyoni tanigan o‘zing hijjalab.
Fe’lingda bu qadar soddalik ko‘rib,
Shafqatsiz kulgidan to‘ldi mijjalar.

Nahotki o‘zingni taniy olmaysan,
Shu-ku moziy bilgan jo‘n zarbulmasal.
Aslida ulashgan fe’lingga qarab,
Senga soddalikni taqdiri — azal.
1984

IKKI LAVHA
Vohid Abdulloga

I

Tongda keltirdilar Jaloliddinning,
qorako‘z o‘g‘lini xon huzuriga.
Ustixon g‘ajirdi qiyiq ko‘zli xon,
ko‘zlari qisilib jon huzurida.

Och-nahor yotgandi Jaloliddinning,
soqchi poylog‘ida qorako‘z o‘g‘li.
Ustixon irg‘itdi, go‘shtdor ustixon,
Chin-mochinning dong‘i chiqqan mo‘g‘ili.

Qayrilib boqmadi Jaloliddinning,
ichidan zardobi oqqan bolasi.
O‘laksa ustida charx urgan quzg‘un,
ko‘ksida ungaymi dashtning lolasi!

Hayratdan guvrandi Jaloliddinning,
zurriyodiga boqib g‘azabnok mo‘g‘il:
-Yuragin sug‘uring, itlarga tashlang,
naslimni quritar qolsa bu o‘g‘il!!!

II

Olis o‘lkalardan kelgan ajnabiy,
o‘zini kamida bir xoqon bilib.
Uzatdi gardishli, yaltiroq tanga,
o‘zbekning o‘g‘liga tavoze’ qilib.

Tangadan afzal-da, ona ko‘kragi,
qo‘lini cho‘zgancha qoldi u g‘alcha.
So‘ng ketdi qizarib, do‘ng‘illab, qaqshab,
labidan to‘kilib ajnabiy lahja.

Shu lahza imkoni bo‘lsa-yu, to‘ngbosh,
bu xalqni qul qiling, quriting, desa
Iloji bo‘lsa-yu, qo‘rqmas bolaning
Yuragin sug‘urib itlarga bersa!

Nachora? Bu yurtda o‘zga bahordir,
erksevar ko‘ngillar quyoshni tinglar.
Bugun ulg‘aymoqda har xonadonda,
yovga bo‘yin egmas Jaloliddinlar.

1985

ARG‘UMOQLAR KO‘KKA INTILAR
V.Visotskiy xotirasiga

Arg‘umoqlar ko‘kka intilar,
G‘urch yollari olovlangandir,
Arg‘umoqlar ko‘kka intilar,
Arg‘umoqlar… jilovlangandir.

Titratadi tomirlarimni,
Ohanglarning shiddatkor kuchi.
Nigohimning to‘lqinlarida,
arg‘umoqlar bormoqda uchib.

Bu shiddatning alangasiga,
asablaring chidasa otil!
So‘nggi damda chekinsang qo‘rqib
so‘nggi damda bo‘lasan qotil!

Pistirmada mayli, qolsinlar,
chiq, elingning o‘g‘loni bo‘lsang.
Ne gaping bor, tiriklikda ayt,
ko‘zing ochiq ketmasin o‘lsang.

Bir kun chechak unsa qabringda,
Tiniqlashsa rostu yolg‘onlar.
Minbarlardan eslashar seni,
Pistirmada omon qolganlar.

Sen ishonma, ey xalq ularga,
so‘zlayotir deya botirlar.
Bu minbarda tiriklar yo‘qdir,
bu minbarda faqat qotillar!

Arg‘umoqlar uchadi ko‘kka,
shiddatiga to‘lar bo‘shliqlar.
Uchar oyoqlari mixlangan,
qanotlari osmon qo‘shiqlar.

Yo‘lovchi do‘st, shu yo‘ldan o‘tsang,
bir lahzaga esla quyoshni.
Uchayotgan arg‘umoqlarning
ko‘zlaridan artib o‘t yoshni.

1987

MULOQOT

Haydamang qushlarni so‘lim bog‘lardan,
sim-sim buloqlarni to‘smang, indamang.
Yoshgina maysani tortmang chalg‘iga,
uzilgan yaproqni ortiq qiynamang!

Keling, so‘zlashaylik yaxshisi,
qush tilida… buloq tilida,
Maysa-yu, uzilgan yaproq tilida.

1986

OSHIQ G‘ARIB QO‘SHIG‘I

So‘zimni yanchdilar o‘g‘irga solib,
Xanjarni sanchdilar bag‘irni tilib.
Qafasga soldilar jonimni olib,
Sendan tonmadim-a, Sanamjon.

Yig‘lasam, ko‘zimdan qonlar to‘kildi,
Yaqinlar, yoronlar, jonlar o‘kindi,
Shamshodlar dol bo‘ldi, bellar bukildi,
Sendan tonmadim-a, Sanamjon.

Bu dunyo aslida minqor, chovutli,
Xaridor bo‘lganlar baxmal movutli,
Qiynoqqa tashladi temir sovutli,
Sendan tonmadim-a, Sanamjon.

Onam tanimadi o‘g‘li G‘aribni,
Nolasiz yig‘latdi dog‘li G‘aribni,
O‘tga tashladilar bog‘li G‘aribni,
Sendan tonmadim-a, Sanamjon.

Yo‘llarim sarg‘aydi, yiroqda qoldim,
Ranglarim sarg‘aydi, so‘roqda qoldim,
Vaslingga yetmadim, qaroqda qoldim,
Sendan tonmadim-a, Sanamjon.

1983

MASHRAB

Men nihol umrini so‘ragan edim,
sen xazon umrini yozibsan falak.
Men visol umrini so‘ragan edim,
Sen hijron umrini cho‘zibsan falak.

Men jannat bog‘ini istabon kezdim,
sen do‘zax azobin ko‘ribsan ravo.
Men ulus qadrini yoqlabon to‘zdim,
sen shayton qavmini qo‘llaysan hamon.

Chovutga xezlandi har uchragan it,
aylandi boshimda charxi tegirmon.
Ayt, mendan ne gunoh o‘tdiki, nechun,
xiyonat qoshida boshim egurman?

1984

BIR TUNDA

Bir oddiy tun edi, oydin tun edi,
Itlar ko‘kka qarab ulib bo‘zladi.
Sharros yog‘ivordi oqko‘ngil yomg‘ir,
Uyg‘ondi qishloqning minglab ko‘zlari.

Ko‘klam yomg‘iriga bag‘rini berib,
Cho‘pon tinglab turib, nay sasi, dedi.
Dehqon beshik quchgan ayolin suyib,
O‘sar adirlarning maysasi, dedi

To‘shakda qiynalib yotgan volida,
Bolasin isini tuydi nogahon.
Bir hurlik, quvonchning qoq o‘rtasida,
O‘kirib yubordi yetti qat osmon.

Uyg‘onib ketdi u, ko‘zi cho‘lpon qiz,
Ko‘ksida bir tug‘yon sabosi bilan.
Ohista chertardi derazasini
Kimdir, yuragining sadosi bilan.

1987

PAHLAVON MAHMUD VASIYATI

Bir parcha bo‘lsa ham o‘z yering bo‘lsin,
Yerparchin qilsa ham o‘z eling bo‘lsin.
Baxtiyor damlarda, dardli damlarda
Kulib-kuyinmoqqa o‘z tiling bo‘lsin.

Do‘stlaring bor bo‘lsin, raqiblar bo‘lsin,
Izingdan ming turli ta’qiblar bo‘lsin.
Sen daryo qalbingni ummonga boshla,
Qa’rida mashrig‘u mag‘riblar bo‘lsin.

1984

XO‘JAMINOR

Men Xevani ilk bor ko‘rdim,
ilk bor ko‘rdim qal’alarini.
Va tingladim tosh ko‘chalarda
ko‘hna shahar allalarini.

Dishon qal’a darvozalari,
quloch yoyib meni chorladi.
Mezboni yo‘q hujralar aro
bir oqshomga makon so‘radim.

– Erki borlar zindonga ravo, –
sado keldi asr qa’ridan.
Ruhlar uchdi shunda isyonkor,
Ichon qal’a qasrlaridan.

Sukunatni tark etib ketdim,
uyqu o‘chdi ko‘zdan o‘sha kun.
Uchar edi oppoq oydinda
Xo‘jaminor ko‘ksi uzra tun.

1986

G‘ULOMNING DARSI
G‘ulom Fathiddinga

Olis qishloqlardan birida,
kafti mehnat bilan qabargan
ish bezdirgan bolakaylarni
o‘rgatar u zeru zabarga.

Davomatda, o‘zlashtirishda,
bu maktab ham qolmas qatordan.
Boshlanadi saboqlar tugab,
bunda mehnat darsi bahordan.

So‘rasangiz aytishar yoddan,
qachon pilla tutib-terishni.
Qanday chopmoq kerak tutlarni,
yaganani, yaxob berishni.

Qatqaloqni yumshatish qanday,
so‘rasangiz aytib berishar.
Ishga desa, indamaygina,
kitoblarni qaytib berishar.

– Samolyotlar ayamay dori
sepadi-da malim, deyishar,
– Qishloqlarda negadir sariq
ko‘paydi-da, malim, deyishar.

Shunda titrab ketadi birdan,
toqati-toq bo‘lgan muallim.
Uvatlarga joylab she’rini,
sochlari oq bo‘lgan muallim.

Keyin…
yana darslar boshlanar,
Chekanka – dars,
G‘umay yulmoq – dars.
Qavaradi jajji kaftchalar,
yurakda-da paydo bo‘lar darz.

– O‘zlashtirish bizda zo‘r, – deydi,
bilsa hamki mehnat zo‘rligin.
Hammangga besh qo‘yaman, deydi,
ba’zi paytda kelib xo‘rligi.

…Terim darsi uzoq cho‘zilar,
ya’ni, deylik, yaydoq qishgacha.
Hali ancha g‘urbatlar o‘tar,
va’da bo‘lgan o‘sha beshgacha…

Shunda titrab ketadi birdan,
toqati-toq bo‘lgan muallim.
…Vatanini sevgani uchun
sochlari oq bo‘lgan muallim.

1986

MUHABBAT – BU SHIRIN G‘USSADIR

Seni shamollarga ravo ko‘rmasman,
shubha-gumonlarga ravo ko‘rmasman,
Shirin iztiroblar xotirasini
yaxshi-yomonlarga ravo ko‘rmasman.

Chechaklar anqigan ariqlar roshi,
bizlarni juftladi oyli tun sochi,
tomirda o‘ynagan qonlar taloshin
ming-ming zamonlarga ravo ko‘rmasman.

Labingda labimning azoblari bor,
ko‘zingda ko‘zimning oftoblari bor,
Ko‘ksingda ikki qalb bunyodlari bor
o‘zga chamanlarga ravo ko‘rmasman.

1986

MЕNI UYG‘OTSALAR

Meni uyg‘otsalar ming yillar keyin,
Ruhim fig‘onini tinglasalar, dod,
Ming yildan keyin ham qalqib chiqadi,
Qalbim adog‘ida qolgan shu faryod.

Meni uyg‘otsalar ming yildan keyin,
Avval paxtazorim qayda, so‘rardim.
So‘zimdan kulishib, Afandi, deya
Yonimda yosh-yalang hayron yurardi.

Meni uyg‘otsalar ming yildan keyin,
Sen kimsan, desalar ona tilimda,
Yuragim otilib ketsa kerag-ov,
Bu so‘zni eshitib qonim-elimdan.

Meni uyg‘otsalar ming yildan keyin,
Ko‘ksimdan kuy bo‘lib oqardi dardim.
Alanglab, sel bo‘lib to‘xtab qolardi,
Nenidir eslagan o‘tkinchi mardum.

Meni uyg‘otsalar ming yildan keyin,
Rost bo‘lsa shu rohdan qayta kelarim,
Bu yorug‘ dunyoga chinqirib emas,
Shu «Qaro ko‘zim»ni aytib kelardim!

1984

SOZIMDA QOLDI

G‘uncha yanog‘inda gulning ifori,
Inja dudog‘inda yelning xumori,
Erka nigohinda oyning nigori
Bahor naysonlari bo‘zimda qoldi,
Sevdim, degan so‘zim bo‘g‘zimda qoldi.

Endi binafshadan panoh so‘rayman,
O‘zim gunohkorman, gunoh so‘rayman,
Benajot qushchadan qanot so‘rayman,
Bahor naysonlari bo‘zimda qoldi,
Sevdim, degan so‘zim ko‘zimda qoldi.

To‘rt fasl-to‘rt gulxan, kuydim-da yondim,
Qancha suluvlarni suydim-da, tondim,
Tunlar tushlarimda yig‘lab uyg‘ondim,
Bahor naysonlari bo‘zimda qoldi,
Sevdim, degan so‘zim sozimda qoldi.

Majnun ko‘ksidagi dili poraman,
Yeldim, yetolmadim nozli yora man,
Nayson bo‘lib derazangdan boraman,
Bahor naysonlari bo‘zimda qoldi,
Sevdim, degan so‘zim o‘zimda qoldi.

Muhabbat yo‘llari g‘am-firoq bo‘lmish,
Majnuntol ko‘zlari nam-so‘roq bo‘lmish,
Ul bodom gullari shamchiroq bo‘lmish
Bahor naysonlari bo‘zimda qoldi,
Sevdim, degan so‘zim so‘zimda qoldi…

1994

ONA TILIM

Seni kim deb atayin?
Sevinchim deb atayin.
Yaqinim, yolg‘izimsan,
Oqinim, haq so‘zimsan.

Oftobi bor olamsan,
Tilimdagi nolamsan.
Bardoshi chosh metinim,
Manglayi tosh yetimim.

Yolg‘izlikda hamdamim,
Dilimdan toshgan g‘amim.
Mening bilan doimsan,
Quyoshim ham oyimsan.

Oqlovchim, qoralovchim,
Moziydan kelgan tovshim,
Menday ko‘ngli yarimsan,
Charxlangan xanjarimsan.

Johillarga jazosan,
Oqillarga sabosan,
Tilsizlarning zaboni,
Erksizlarning jahoni.

Yonarso‘zsan, chaqinsan,
Oddiy xalqqa yaqinsan.
Qaro ko‘zim, qarog‘im,
Hamda Cho‘li irog‘im.

Yig‘lab o‘tgan Mashrabsan,
Meni o‘tga tashlabsan.
Kuy, ohim ayon-ayon,
Kuymog‘im ayon-ayon.

Sen meningsan, bor-yo‘g‘im,
Qalbga o‘rnashgan tug‘im,
Ko‘zim,jonim, dilimsan,
O‘zing ona tilimsan!

1985

O‘ZING QO‘LLA
Chori Avaz xotirasiga

Ketaverdim, men dalli daydi,
Yo‘llarimda bahor sarg‘aydi
Ichimda bir darvesh qarg‘aydi –
O‘zing meni qo‘lla ilohim!

Atirguldan ichay shabnamni,
Yelkamga ort, ko‘taray g‘amni.
Artay onam ko‘zidan namni,
O‘zing meni qo‘lla ilohim!

Tuproq bo‘lib yerga to‘shalay,
Zilol bo‘lib suvga qo‘shilay,
Bu qiynagan jondan bo‘shalay,
O‘zing meni qo‘lla ilohim.

TO‘RTTA GULSHAM
Shavkat Rahmon xotirasiga

To‘rtta gulsham to‘rt yonimda cho‘g‘lagan,
Yaqinlarim, botirlarim yig‘lagan,
Mening jonim bu dunyoga sig‘magan,
Endi o‘zing tiriklarga to‘zim ber.

Tiriklik g‘am, o‘lim achchiq, netarman,
Magar shohman, yo‘lim ochiq – o‘tarman,
Iskandarday qo‘lim ochiq ketarman
Endi o‘zing tiriklarga to‘zim ber.

Yomon-yaxshi damlar o‘tdi, farqi kam,
Tatib ko‘rdim sharbatidan, talxidan,
Kulib o‘tdim bul zamona charxidan,
Endi o‘zing tiriklarga to‘zim ber.

KO‘ZLARINGDA UYG‘ONAR OFTOB
Chorsham og‘aga

Ko‘chada jilmayar beg‘ubor osmon,
Sen esa kirasan bo‘g‘iq xonangga.
unutib qo‘yasan latif so‘zlarni,
Termulib badqovoq, sur hamxonangga.

Buyruqqa o‘rgangan zanchalish sasdan,
Sen qolib, telefon titar asabiy.
Tor xona, yo‘lakda, pana-panada,
Suzadi sovugan so‘zlar jasadi.

Yurakni qantarib qadim javonga,
Chaynaysan bo‘zraygan surbet jumlani.
Eshiging ochilar-yopilaverar,
Kiradi-chiqadi boshliq guvranib.

Va birdan… ko‘zingda uyg‘onar oftob,
Ko‘ngil kengayadi osmonlar qadar.
Shaharsiz qoldirib fuqarolarni
Tog‘larga bosh olib ketadi shahar.

1986

JANG QILAMIZ YAKKAMA-YAKKA
Jamol Sirojiddinga

Biz mahkummiz olg‘a siljishga,
hayot nodo‘st, o‘jar sipohi.
Yulduzlarday qoldi javdirab,
bolalikning olis nigohi.

Tetapoya fasllar gardi –
yuraklardan sitilgan she’rlar.
Qay daftarning varaqlarida,
sarg‘aydi ilk bitilgan she’rlar.

Ajdodlardan qolgan dunyoda,
yolg‘iz aravonni tanladik.
She’riyatning chaqmoqlariga,
yongan shirin jonni tashladik.

Jangchi emas jangda yolg‘iz er,
Biroq shoir bo‘lsa – jangchidir.
Yurak – qondan bitilgan qo‘shiq,
milyon yuraklarning ganjidir

Bu ayovsiz, tengsiz kurashda,
jang qilamiz yakkma-yakka.
Va gamletlar safida turib
izn beramiz o‘jar yurakka!

1984

ASQAR MAHKAM XOTIRASI

Bir giyoh atriday ifor sochmasang,
Shamchiroq taftiday qadr topmasang,
Dilga yo‘l ochmasang, ketmon chopmasang
Ichgan tuzing qolar qolsa fanoda.

Magarkim rohatda yuz yil yashading,
Suyanchiq bo‘lolmas topgan mansabing,
Tuproqqa qorilar sovuq jasading
Bosgan izing qolar qolsa fanoda.

Egilib yer o‘pma har xas oldida,
Umringni sovurma galvars oldida,
O‘zingni xor tutma nokas oldida
Jasur so‘zing qolar qolsa fanoda.

Muslimday yashading, taslim bo‘lma hech,
G‘addor, qul xaloyiq ta’masidan kech,
Lojaram, dunyoning nag‘masidan kech
Yorug‘ yuzing qolar qolsa fanoda.

Yuzingda nur bo‘lsin, g‘ayri so‘ylama,
Uchragan har kasga darding to‘ylama,
Yaxshisan, yomonlik hargiz o‘ylama
Bosgan izing qolar qolsa fanoda.

Ahli iymon bo‘lsa, dil taftini soch,
Do‘stu mehmon kelsa, quchog‘ingni och,
Barakali uyga qo‘nar qaldirg‘och
O‘g‘il-qizing qolar qolsa fanoda.

RAUF PARFI YODI

Urib turgan yurak zarbi,
Behalovat shoir qalbi,
Alifboning qutlug‘ harfi –
Timsolidir Rauf Parfi.

Zamin-zamon ko‘lkasida,
So‘z zalvori yelkasida,
Turkiy olam o‘lkasida
Hilolidir Rauf Parfi.

So‘zi shamshir kabi kesgan,
Ko‘ngli tog‘lar kabi o‘sgan,
Hurriyatning sarin esgan
Shamolidir Rauf Parfi.

She’riyatga payvasta til,
Raiyatga vobasta dil,
Ishq ahliga misli Bedil –
Niholidir Rauf Parfi.

Yonar so‘zi asl chaqmoq,
Satrlari yashil yaproq,
Qo‘nalg‘asi ona tuproq,
Zilolidir Rauf Parfi.

Hayot bilan haqiqatning,
Bayot bilan tariqatning,
Shoyistayu g‘ariqatning
Visolidir Rauf Parfi.

Ahli ulus dalolati,
Kalimai shahodati,
Tiriklikning ibodati –
Savolidir Rauf Parfi.

09

(Tashriflar: umumiy 447, bugungi 1)

Izoh qoldiring