Javlon Jovliyev. Oppoq qorlar, Onam va Koinot

Ashampoo_Snap_2017.01.23_00h17m01s_004_.png    Мен Евроосиё коинот институти доктарантиман! Ҳозир Германияда, институтнинг 12 қаватли ёш олимлар учун ажратилган ётоқхонасида китоб ўқиб ўтирибман. Ташқарида қор ёғяпти. Қор парчаларини жажи оқ қушчаларга ўхшаб, шўх учганча, заминга қўниб бормоқда…

Жавлон ЖОВЛИЕВ
ОППОҚ ҚОРЛАР, ОНАМ ВА КОИНОТ
991

1 21_n.jpgЖавлон Жовлиев (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.

991

Мен Евроосиё коинот институти доктарантиман! Ҳозир Германияда, институтнинг 12 қаватли ёш олимлар учун ажратилган ётоқхонасида китоб ўқиб ўтирибман. Ташқарида қор ёғяпти. Қор парчаларини жажи оқ қушчаларга ўхшаб, шўх учганча, заминга қўниб бормоқда. Баъзилари индамаса деразамдан ўйноқлаб кирай дейди. Деразани очишингиз билан этингиз жунжукиб, совуқ тарсаки егандик гарангсиб қоласиз. Шундай бўлса-да, деразани тез-тез очиб, тарсакидан баҳра олиб турибман. Сабаби юрак…юрак қўймаяпти…

Шу пайт онам печкага ўт қалаётган бўлса керак. Айвон бурчагига йил бўйи ота-онам тахлаган ўтинлар: хас-ҳашак, чўп-чақа, тезаклар уйноқи қор парчаларга кўмилиб намиқиб қолгани аниқ. Чунки айвоннинг деразаси йўқ. Хўл ўтинлар темир печкада ёнмай, уй тутаб кетган бўлса керак! Ё ўт олгунча онамни кўп хуноб қилган. Қўллари қорайиб, асбийлашиб кетгандир. Бир ўтин сиғмайди, бир нам тезак тутайди. Ташқарида эса қор тинмайди…

Бирин-кетин зардоли, тут, терак, ўрис дарахтлардан қилинган тараша, остидан йиғилган майда-чуйда чўплар, унинг устидан ташланган сомон, шўра, супурги ўтнинг ҳашаклари, турли конфет қоғозлари ва бизнинг бир пайтлар тўлдирган кундалик варақларимиз печкада ёна бошлайди. Онам тутунни ҳайдамоқчи бўлиб, ёшли кўзлари билан бурнини тортганча, хона эшигини очиб қўяди. Изғирин шамол аёвсиз уйни қуршовга олади. Онамнинг печка ёққани ҳам эсидан чиқиб, бошқа юмушларга тушиб кетади. Эҳ, ҳали битмаган қанча ишлари бор. Сигирдан бузоқни ажратиш, бўлмаса, эмавериб елинини яра қилиб қўяди, кейин сутни пишириш, (уни печкада, ичкарида пиширса ҳам бўлади) кир ювиш учун сув қўйиш, молларга емиш ташлаш керак, кейин бир чеккага ўтиб кирни муштлаш. Қор сувида яхши оқаради… Кейин мол-у қўйларга сув бериш-чи? Чоли тўйга кетган… Ичиб келса, тинмай жаврайди, сўкади: “Ҳали ҳам ўтирибсанми? Мановларга қара? Одамларнинг хотини…Ҳей сени…”

Мен деразамдан қор ёғишига термулиб турибман. Онамнинг ҳеч қачон бундай мен каби осмонга қараб қолганини, ҳайратланганини кўрмаганман! Мен деразадан қорнинг тебраниб, айланиб, қийшанглаб тушишини томоша қиламан. Хона ичидаги кондиционер одамни аллалаб, ташқаридаги совуқни масхара қилгандек, “пуф-пуф”лаб иссиқ ҳаво ҳайдайди. Деразани яна очишга чўчийман. Совуқ!

Онам совуқдан қўрқмайди… бузоқни олади. Бузоқ қочмоқчи бўлади. Тортади, йиқилади, суринади. Онамнинг совуқдан қотган қўллари буралиб, бузоқни тутиб қолади. Бузоқча ўлгур ҳам мушдек бўлиб бўйсунмайди, онасига тўймайди. Кейин уни отам қоқиб қўйган қозиққа амаллаб боғлайди. Кавушнинг бир бурчагидан қор киради. Ялонғоч, қари зардоли дарахтининг шохлари оппоқ қорга безанган, унинг учқунлари енгил шамолда ўйноқлайди. Кўзлари тиниқ, киприклари қайрилма ёйдек эгилиб турган бузоқча оғзидан ҳил чиқарганча онасига талпиниб, бўйнига боғланган пирис ипни торқилаб бўзлайди. Онам унинг бошини силаб қўяди.

Мен ҳам бузоқчаларни яхши кўраман! Ҳар гал сигиримиз болалаганда уй ичиларимиз билан хурсанд бўлиб кетардик. Худди бирдан бойиб қолгандай, энди ҳамма нарса олишга имкон туғилгандай… Мен бузоқчаларнинг жажжи тишларини ушлашни яхши кўрардим. Негадир, уларнинг тишлари тиниқ, ҳозиргина ўзлари эмган сут юқидан оппоқ бўлади. Кейин худди катта моллардай оёқларини қайириб кавуш қайтариб ётиб олишлари-чи..!

Онам эса боласини тортиб олиб кетгани учун норози боқиб турган сигирнинг ҳам бошини силаб, унга қуриган бедани тўкиб-сочиб ташлайди. Беданинг ранги ҳам турли. Ярми кунда, ярми панада қуригани учун кўк-сариқ аралаш. Сигиримиз сўлаги оққанча бедани кавшай бошлайди.

Компьютерни ёқиб, нималарнидир кўрмоқчи бўламан. Юмшоқ ўриндиқ ғичирлаб қўяди. Интернетдан бугунги янгиликларни беэътибор кузатаман, кўриб чалғишга, бирон қизиқ нарсани учратиб қолишга умид қиламан. Зора…

Онам уйдан молхонагача бўлган жойни кураш учун катта бобомдан қолган қоркуракни олади. Унинг михлари чиқиб қолган, қорга ботганда овози қари одамларникидек их-их чиқади… Лекин онам бунга бепарво қор курайди…Печка ёнаверади, эшик очилганча қолади.

Турли сиёсий низолар, урушлар ҳақидаги мақолалар эътиборимни тортади. Ўқигандай бўламан…Қўрбонлар сони, талофатлар… Уруш тугайдими ўзи, деб ҳайқиргинг келади…Урушларсиз сайёра бормикан…

Бундай хабарлардан нари ўтиб, ёш қизларнинг эрта турмушию, африка ҳаётидаги қизиқарли саҳифаларни, ижтимоий сайтларни, глобал муоммоларга қурилган онлайн журналларни варақлашга тушаман. Бу ўртада аччиқ кофе тайёрлайман. Хонанинг иссиқлиги янада ошади.

Онам ҳам терлаб кетади. Анча жойни кураб қўйган бўлади-да. Кейин куракка суянганча оғир тин олади. Кўзлари ерга қадалади, ўзи қиртишлаган йўлга қарайди ва чуқур-чуқур нафас олади.

Тезкор интернетда сайтлардан сайтларга қанот-қоқиб уча бошлайман. Табиат фожеалари ёзилган ката китобларни юклаб оламан. Албатта, катта пул сарфлаб…

Онам ертўлага тушиб, бонка олиб чиқади… Жудаям ширин…Бақлажон икраси…Уни ҳар йили ёзда тайёрлайди… Ҳаммага шу бақлажон икраси билан мақтанишларида жон бор. Ҳақиқатдан қишлоқда бақлажонни онамдан яхши пиширадиган бошқа аёл йўқ. “Куёвларим қизларимга урушармиш, сен онангга ўхшамагансан, онангдай бақлажон пиширолмайсан, дермиш, қурмағурлар”- дея онам ҳам мағрурланади.

Онам бонканинг устини қор билан ювади. Қўллари қизариб кетади…Кейин ошхонага чопади. Овқат қилиш керак? Бақлажон қўшиб пиёва қилсаммикан, бир ўзим-ку, чол тўйиб келади, деб ўйлади. Негадир иштаҳаси бўлиниб, ҳеч нима пиширмайди. Уйга киргани маъқул. Эшиги очиқ қолган хона музлаб қотиб қолгандай. Онамнинг қалин пайпоғидан ҳам заҳ ер кучини кўрсатади. Онамнинг оёғи увишади. Тиззасига уриб қўяди, ҳув, пахта теримидагидай…

Онам товонида юриб, ёниб аллақачон ўчган печкага ўтин олиб келгани кетади. Бузоқ марайди, айвон тепасидаги мусича қунишганча ўтиради. Оч чумчуқлар оловдан қочгандай пириллаб учиб дон-дун излайди. Онам ёз бўйи терган тезакларни катта ўйиқ тоғарага ташлаб, қор намлатмаслиги учун устини эски чопон билан ёпиб келади.

Деразамни очишим билан совуқ ҳаво киради. Сипқириб, кўкрак кериб нафас оламан. Баланд иморатлар ичра бизнинг кулбага ҳам қор парчалари қадам қўяди. Улардан бирини тутиб оламан. У менинг қўларимда бир сония турмайди. Ўтга тушгандай эриб кетади.

Онам печкани ёққунча хона яна совийди, тутундан қораяди. Энди эшикни очиб ҳам қўймайди. Негадир, кўрпа олиб (оппоқ сурп билан қопланган) унга ўраниб олади. Тутундан кўзлари ачишса-да эшикни очмайди. Тутунни қувмайди.

Мен қорни ушлашим билан биринчи марта жонли нарсани тутгандай ғалати бўлиб кетаман. Онам ҳам аччиқ ва қоронғу хонада ёлғиз ўзи недандир титраб кетади. Телефоним ҳам. Эртага Парижга саёҳат қилинар экан. Телефон қилган қиз унда қатнашишимни ва саёҳатдан сўнг белгиланаган халқаро конференсияга “Тирик олам, инсон ва коинот муносабатлари” мавзусидаги маърузамни тайёрлашим учун оз фурсат қолганини эслатиб қўйди. Бу қиз жуда чиройли.. Бўйи узун, ҳар қадам олганда ерни жазолагандай шахт билан юради. Жигарранг сочлари ҳам тартиб билан таралади, лекин гоҳида бу олмон гўзалининг катта, тиниқ кўзлари ўзининг соатдек бир хил одатини бузиб, гоҳида эса, бир икки сония тўхтаб ҳам қолади. Мен у билан кўп суҳбат қурганман. Лекин нимасидир мени ундан узоқлашишга ундайди, нарига итараверади…нима… билмайман.

Онам оёғини кўрпага ўраганча, аччиқ тезак тутунидан кўзлари қамашиб, изиллаб йиғлаб юборади. Тўхтамай йиғлайверади.

Мени кўчага чиқаман. Коинот институтининг атрофи ўрмонга ўхшаб тарвақайлаб кетган боғ. Ундай сайр қиламан. Эгнимда қўнғир рангли палто, шу рангда телпак, шу рангда шарф ва оёқ кийим…

Онам кўз ёшларини артиб, ўзининг етимлик даврларидан ёлғиз эсталик бўлган расмларини кўришни истаб қолади. Лекин уй ҳали исиб улгурмагани ва тутунга тўлалиги учун оёғини кўрпадан чиқаргиси келмайди. Кейин негадир яна кўзларида ёш ўйнайди. Онам йиғласа ёш боладай энтикиб, чала-ярим сўзлаб кўз ёш тўкади… ёшлари дона дона… Кўзларидан оққан бир томчини ҳали ҳам эслаб қолганман. У онамнинг кўзидан ўтиб менинг кўзимда туриб қолгандай. Ундай тиниқ, ундай катта, ундай бежирим шаклга эга бўлган оғир томчини қайтиб кўрмадим… Худди дум-думалоқ, тирик бир сайёрага ўхшайди.

Ўрмоннинг намхуш ҳавосидан сипқориб-сипқориб қадам ташлайман. Дарахтлар гаплашаётгандай туюлади. Шарфимни қўлга олиб қулоқ тутаман…

Онам ҳар тарафга тарқаб кетган, ўзича яшаётган қизларини ва ҳамон ёлғиз, чет элда ўқиётган ўғлини – мени ўйлайди. Хона бироз исиб қолади. Кўрпадан чиқиб, менинг тўйим учун кетадиган пулларни ҳисоб-китоб қилади. Етармикан, деб бош қотиради.

Мен эртага Париж шаҳрини, унинг энг катта ва бой кутубхоналарини, машҳур Лувр музейини, ундаги Леонардо да Винчининг “Мона Лиза”сини, Наполённинг хатларини, унинг гўзал хонимлари туширилган картиналарни, бундан ташқари Париж гўзалликларлари, Эйфел минораси каби жойларни кўришни ўйлайман. Бизни эҳтиром билан франсуз мутасаддилари олиб юришади. Қизлари ҳам гўзал ва келишган бўлса керак…

Онам мени уйлантиришни ўйлайди. Насибага… опамнинг қайин синглиси… чиройли қиз экан. Бу йил туман тиббиёт коллежини тугатибди…Буни менга опам, телеграмда ёзиб юборганди. Онамнинг унга ҳаваси кетибди…Эҳ, онам-а!

Мен эртага бутун дунёдан келган табиатни ўрганиш, унинги ўзгаришини назорат қилиш бўйича кўзга кўринган олимлар ва экспертлар билан Парижга саёҳат қиламан. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ўзим илмий иш қилаётган Евроосиё коинот институтида турли ирққа мансуб бўлган талабаларга маъруза ўқийман. Биз коинот, улардаги ўзгаришлар, физика ва астрономия назариясинпинг қонун-қоидалари тўғрисида баҳс юритамиз. Дарсни уч тилда инглиз, франсуз, рус тилларида олиб бораман.

Онам эса ўзим ўқиган 43- мактабда дарс беришимни хоҳлайди. Мен ишдан келганимда, мен ёқтирган манти, кескан ош, юпқа пишириб беришни хоҳлайди.

Яна телефоним тебранади. Хабар. Институт ошхонасидан экан, тушликда қандай овқат ейсиз деб, ўн учта таомнинг номини келтиришибди: Менинг Марказий Осиёданлигимни билиб туркча овқатни ҳам менюга киритишгани қувонарли. Туркча, товуқ гўштидан тайёрланган дўлма киритилибди. Бу буюртмага “Онамнинг пиширган мантиси”, — деб ёзгим келди. “Онажонимнинг гўшт ва пиёздан қиладиган оддий мантисидан бир қасқон”…Жавоб шу заҳоти келди: “Сиз менюда келтирилмаган номаълум овқатни киритдингиз. Марҳамат қилиб, унинг рецептини юборсангиз, сизга бир соат вақт ичида тайёрлаб беришлари ёки сиз бошқа менюдан чиқмаган ҳолда буюртма қилишингиз мумкин.”

Онам мактабда ишлаганларга бутун умр ҳавас қилган. Чунки биринчи бўлиб мактаб ўқитувчилари тўйга айтилган, улар биринчи бўлиб янги иштонсиз кўйлаклар кийишган, қишлоқда уларгина соч қирқишса ёмон қарашмаган, бошяланг юришган, уларгина палто кейишган(худди бошқаларга мумкинмасдай), уларнинг қўлида доим пул бўлган…

Лакланган, ажиб суратлар туширилган ёғоч тўнка устига ўтирдим. Негадир ҳавонинг совуқлиги ҳам билинмасди. Қор ҳам ёғишдан тўхтаётгандай… сўнги марта ураётган юракдай ожизона қор учқунлари тарқоқ ерга тушиб турарди.

Онам қор ёғиши тинганини кўриб, йиғилиб қолган ишларини қилиш учун ўрнидан туради. Сут пишириш, сигирга сув бериш, кирга сув қўйиш кейин ювиш, уларнинг барини уддалаши керак, кечиктириб бўлмайди.

Мен дам олиш кунимни мароқли ўтказиш учун қорлари тинаётган осмонга термиламан! Осмонга қараб, унинг оқ ранглари чаплашиб кетгани, буралиб, айланиб, бирлашиб кетган оппоқ булутларнинг тўпига қарайман…

Онам ҳам осмонга бир дам термулади.

Шунда мен ўзим ўрганган, умримни тикаётган коинотда ҳали ўзим англаб етмаган сирлар ичида, яна янги бир олам борлигини илғаб қоламан. У оқлик, гўзаллик, поклик, тиниқлик, ватан, муҳаббат, тинчлик орбиталарини бирлаштирган катта бир олам! Она… Она сайёра… Лекин унинг координатларини, ҳажмини билмайман. Балки Ер шаридан бири неча баробар катта, балки бир томчидек, дум-думалоқ кўз ёшидек келиши ҳам мумкин. Ахир, биргина Қуёш тизимида бир неча миллиондан ортиқ бир неча юз км.дан бошлаб бир неча ўн метргача келадиган кичик сайёралар, астероидлар бор. Уларнинг ҳозиргача олти юз мингга яқин объекти руйхатдан ўтказилган. Ҳали очилмаган, кашф этилмагани қанча! Сирларга тўла коинот менга янги сайёрани топишга ёрдам беради.

Мен чарм этигим билан қорларни авайлаб босганча кетар эканман, белгиланган оламшумул конференсияда маърузачи сифатида сўзга чиқар эканман, одамларга “Она сайёраси” деган янги сайёра тушунчасини маълум қилишим билан гапимни тугаллашни ният қилдим. Унда биламанки, араблар ҳам, ҳиндлар, ўрислар, японлар ҳам, инглизлар ҳам, африкаликлар ҳам бўлади. Уларнинг кўпчилигини коинот ва дунё тинчлиги ташвишлантиради. Улар ҳам оналарни яхши кўришади, аммо осмонни ўрганишгану, она дунёсини худди мендек ўрганмаган бўлади. Мен, албатта, бир кун келиб “Она сайёраси”ни кашф этаман.

Осмон чексиз … Унга қўл етмайди. Она… унга ҳам қўл этмайди. Лекин коинот жуда узоқ, мавҳум ва совуқ, она эса яқин…меҳрли…ўтли… “Она сайёраси” биз билан, бизлар билан бўлиши керак. Бир кун келиб олий мусаввир яратган янги бир сайёрани ахтариб, уни топгач(бунга ишонаман), унга “Она сайёраси” деб ном бераман. Она – меҳр ва тинчлик сайёраси бўлади…
Дийдор яқин. Мен доктор бўлиб Осиёнинг киндигида жойлашган юртимга қайтаман. Ўшанда уйимизда тўй бўлади. Энг муҳими, янги “Она сайёраси”ни биз кашф этган бўламиз.

Онам шу дам Аллоҳга ёлвориб менга келин сўраётгандир. У Насиба ёши ўтган йигитга тегармикан деб ўйлайди. Шу орада отам келиб онамга буюрган ишларининг ярми ҳам битмаганини учун аччиқ қилади. Онам эса, отамга Насибадан гап очади. Ора бирдан илийди. Негадир, қор яна ёға бошлайди… Онам буни сезмай қолади… Ўтириб қош қорайгунча кир ювади…

Кичкина, жажжи оққушлар яна пастлай бошлайди. Энди уларнинг ҳар бирини ушлаб кўрмоқчи бўламан…Менинг муздек қўлларимга илашган қор парчалари бирдан эриб кетмайди… Уларни ўқишим мумкин, ўпишим мумкин, учиришим мумкин. Ким билади, бу қор парчалари “Она сайёра”дан тушаётгандир…

— Эййй, Тинчлик, меҳр, оқибат сайёраси – Она сайёра! Биз сени, албатта, топамиз!

mountain-wallpapers-hd-10.jpegJavlon JOVLIYEV
OPPOQ QORLAR, ONAM VA KOINOT
991

Жавлон.jpgJovliyev Javlon (Jovliyev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, G‘ishtli qishlog‘ida tug‘ilgan. 2010–2014 yillarda O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining «San’atshunoslik jurnalistikasi» yo‘nalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti “San’atshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “San’at nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yo‘nalishi magistranti. Hozirgi kunda o‘qish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasining «Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasi» nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliyev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (O‘zbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.

991

Men Yevroosiyo koinot instituti doktarantiman! Hozir Germaniyada, institutning 12 qavatli yosh olimlar uchun ajratilgan yotoqxonasida kitob o‘qib o‘tiribman. Tashqarida qor yog‘yapti. Qor parchalarini jaji oq qushchalarga o‘xshab, sho‘x uchgancha, zaminga qo‘nib bormoqda. Ba’zilari indamasa derazamdan o‘ynoqlab kiray deydi. Derazani ochishingiz bilan etingiz junjukib, sovuq tarsaki yegandik garangsib qolasiz. Shunday bo‘lsa-da, derazani tez-tez ochib, tarsakidan bahra olib turibman. Sababi yurak…yurak qo‘ymayapti…

Shu payt onam pechkaga o‘t qalayotgan bo‘lsa kerak. Ayvon burchagiga yil bo‘yi ota-onam taxlagan o‘tinlar: xas-hashak, cho‘p-chaqa, tezaklar uynoqi qor parchalarga ko‘milib namiqib qolgani aniq. Chunki ayvonning derazasi yo‘q. Xo‘l o‘tinlar temir pechkada yonmay, uy tutab ketgan bo‘lsa kerak! Yo o‘t olguncha onamni ko‘p xunob qilgan. Qo‘llari qorayib, asbiylashib ketgandir. Bir o‘tin sig‘maydi, bir nam tezak tutaydi. Tashqarida esa qor tinmaydi…

Birin-ketin zardoli, tut, terak, o‘ris daraxtlardan qilingan tarasha, ostidan yig‘ilgan mayda-chuyda cho‘plar, uning ustidan tashlangan somon, sho‘ra, supurgi o‘tning hashaklari, turli konfet qog‘ozlari va bizning bir paytlar to‘ldirgan kundalik varaqlarimiz pechkada yona boshlaydi. Onam tutunni haydamoqchi bo‘lib, yoshli ko‘zlari bilan burnini tortgancha, xona eshigini ochib qo‘yadi. Izg‘irin shamol ayovsiz uyni qurshovga oladi. Onamning pechka yoqqani ham esidan chiqib, boshqa yumushlarga tushib ketadi. Eh, hali bitmagan qancha ishlari bor. Sigirdan buzoqni ajratish, bo‘lmasa, emaverib yelinini yara qilib qo‘yadi, keyin sutni pishirish, (uni pechkada, ichkarida pishirsa ham bo‘ladi) kir yuvish uchun suv qo‘yish, mollarga yemish tashlash kerak, keyin bir chekkaga o‘tib kirni mushtlash. Qor suvida yaxshi oqaradi… Keyin mol-u qo‘ylarga suv berish-chi? Choli to‘yga ketgan… Ichib kelsa, tinmay javraydi, so‘kadi: “Hali ham o‘tiribsanmi? Manovlarga qara? Odamlarning xotini…Hey seni…”

Men derazamdan qor yog‘ishiga termulib turibman. Onamning hech qachon bunday men kabi osmonga qarab qolganini, hayratlanganini ko‘rmaganman! Men derazadan qorning tebranib, aylanib, qiyshanglab tushishini tomosha qilaman. Xona ichidagi konditsioner odamni allalab, tashqaridagi sovuqni masxara qilgandek, “puf-puf”lab issiq havo haydaydi. Derazani yana ochishga cho‘chiyman. Sovuq!

Onam sovuqdan qo‘rqmaydi… buzoqni oladi. Buzoq qochmoqchi bo‘ladi. Tortadi, yiqiladi, surinadi. Onamning sovuqdan qotgan qo‘llari buralib, buzoqni tutib qoladi. Buzoqcha o‘lgur ham mushdek bo‘lib bo‘ysunmaydi, onasiga to‘ymaydi. Keyin uni otam qoqib qo‘ygan qoziqqa amallab bog‘laydi. Kavushning bir burchagidan qor kiradi. Yalong‘och, qari zardoli daraxtining shoxlari oppoq qorga bezangan, uning uchqunlari yengil shamolda o‘ynoqlaydi. Ko‘zlari tiniq, kipriklari qayrilma yoydek egilib turgan buzoqcha og‘zidan hil chiqargancha onasiga talpinib, bo‘yniga bog‘langan piris ipni torqilab bo‘zlaydi. Onam uning boshini silab qo‘yadi.

Men ham buzoqchalarni yaxshi ko‘raman! Har gal sigirimiz bolalaganda uy ichilarimiz bilan xursand bo‘lib ketardik. Xuddi birdan boyib qolganday, endi hamma narsa olishga imkon tug‘ilganday… Men buzoqchalarning jajji tishlarini ushlashni yaxshi ko‘rardim. Negadir, ularning tishlari tiniq, hozirgina o‘zlari emgan sut yuqidan oppoq bo‘ladi. Keyin xuddi katta mollarday oyoqlarini qayirib kavush qaytarib yotib olishlari-chi..!

Onam esa bolasini tortib olib ketgani uchun norozi boqib turgan sigirning ham boshini silab, unga qurigan bedani to‘kib-sochib tashlaydi. Bedaning rangi ham turli. Yarmi kunda, yarmi panada qurigani uchun ko‘k-sariq aralash. Sigirimiz so‘lagi oqqancha bedani kavshay boshlaydi.

Kompyuterni yoqib, nimalarnidir ko‘rmoqchi bo‘laman. Yumshoq o‘rindiq g‘ichirlab qo‘yadi. Internetdan bugungi yangiliklarni bee’tibor kuzataman, ko‘rib chalg‘ishga, biron qiziq narsani uchratib qolishga umid qilaman. Zora…

Onam uydan molxonagacha bo‘lgan joyni kurash uchun katta bobomdan qolgan qorkurakni oladi. Uning mixlari chiqib qolgan, qorga botganda ovozi qari odamlarnikidek ix-ix chiqadi… Lekin onam bunga beparvo qor kuraydi…Pechka yonaveradi, eshik ochilgancha qoladi.

Turli siyosiy nizolar, urushlar haqidagi maqolalar e’tiborimni tortadi. O‘qiganday bo‘laman…Qo‘rbonlar soni, talofatlar… Urush tugaydimi o‘zi, deb hayqirging keladi…Urushlarsiz sayyora bormikan…

Bunday xabarlardan nari o‘tib, yosh qizlarning erta turmushiyu, afrika hayotidagi qiziqarli sahifalarni, ijtimoiy saytlarni, global muommolarga qurilgan onlayn jurnallarni varaqlashga tushaman. Bu o‘rtada achchiq kofe tayyorlayman. Xonaning issiqligi yanada oshadi.

Onam ham terlab ketadi. Ancha joyni kurab qo‘ygan bo‘ladi-da. Keyin kurakka suyangancha og‘ir tin oladi. Ko‘zlari yerga qadaladi, o‘zi qirtishlagan yo‘lga qaraydi va chuqur-chuqur nafas oladi.

Tezkor internetda saytlardan saytlarga qanot-qoqib ucha boshlayman. Tabiat fojealari yozilgan kata kitoblarni yuklab olaman. Albatta, katta pul sarflab…

Onam yerto‘laga tushib, bonka olib chiqadi… Judayam shirin…Baqlajon ikrasi…Uni har yili yozda tayyorlaydi… Hammaga shu baqlajon ikrasi bilan maqtanishlarida jon bor. Haqiqatdan qishloqda baqlajonni onamdan yaxshi pishiradigan boshqa ayol yo‘q. “Kuyovlarim qizlarimga urusharmish, sen onangga o‘xshamagansan, onangday baqlajon pishirolmaysan, dermish, qurmag‘urlar”- deya onam ham mag‘rurlanadi.

Onam bonkaning ustini qor bilan yuvadi. Qo‘llari qizarib ketadi…Keyin oshxonaga chopadi. Ovqat qilish kerak? Baqlajon qo‘shib piyova qilsammikan, bir o‘zim-ku, chol to‘yib keladi, deb o‘yladi. Negadir ishtahasi bo‘linib, hech nima pishirmaydi. Uyga kirgani ma’qul. Eshigi ochiq qolgan xona muzlab qotib qolganday. Onamning qalin paypog‘idan ham zah yer kuchini ko‘rsatadi. Onamning oyog‘i uvishadi. Tizzasiga urib qo‘yadi, huv, paxta terimidagiday…

Onam tovonida yurib, yonib allaqachon o‘chgan pechkaga o‘tin olib kelgani ketadi. Buzoq maraydi, ayvon tepasidagi musicha qunishgancha o‘tiradi. Och chumchuqlar olovdan qochganday pirillab uchib don-dun izlaydi. Onam yoz bo‘yi tergan tezaklarni katta o‘yiq tog‘araga tashlab, qor namlatmasligi uchun ustini eski chopon bilan yopib keladi.

Derazamni ochishim bilan sovuq havo kiradi. Sipqirib, ko‘krak kerib nafas olaman. Baland imoratlar ichra bizning kulbaga ham qor parchalari qadam qo‘yadi. Ulardan birini tutib olaman. U mening qo‘larimda bir soniya turmaydi. O‘tga tushganday erib ketadi.

Onam pechkani yoqquncha xona yana soviydi, tutundan qorayadi. Endi eshikni ochib ham qo‘ymaydi. Negadir, ko‘rpa olib (oppoq surp bilan qoplangan) unga o‘ranib oladi. Tutundan ko‘zlari achishsa-da eshikni ochmaydi. Tutunni quvmaydi.

Men qorni ushlashim bilan birinchi marta jonli narsani tutganday g‘alati bo‘lib ketaman. Onam ham achchiq va qorong‘u xonada yolg‘iz o‘zi nedandir titrab ketadi. Telefonim ham. Ertaga Parijga sayohat qilinar ekan. Telefon qilgan qiz unda qatnashishimni va sayohatdan so‘ng belgilanagan xalqaro konferensiyaga “Tirik olam, inson va koinot munosabatlari” mavzusidagi ma’ruzamni tayyorlashim uchun oz fursat qolganini eslatib qo‘ydi. Bu qiz juda chiroyli.. Bo‘yi uzun, har qadam olganda yerni jazolaganday shaxt bilan yuradi. Jigarrang sochlari ham tartib bilan taraladi, lekin gohida bu olmon go‘zalining katta, tiniq ko‘zlari o‘zining soatdek bir xil odatini buzib, gohida esa, bir ikki soniya to‘xtab ham qoladi. Men u bilan ko‘p suhbat qurganman. Lekin nimasidir meni undan uzoqlashishga undaydi, nariga itaraveradi…nima… bilmayman.

Onam oyog‘ini ko‘rpaga o‘ragancha, achchiq tezak tutunidan ko‘zlari qamashib, izillab yig‘lab yuboradi. To‘xtamay yig‘layveradi.

Meni ko‘chaga chiqaman. Koinot institutining atrofi o‘rmonga o‘xshab tarvaqaylab ketgan bog‘. Unday sayr qilaman. Egnimda qo‘ng‘ir rangli palto, shu rangda telpak, shu rangda sharf va oyoq kiyim…

Onam ko‘z yoshlarini artib, o‘zining yetimlik davrlaridan yolg‘iz estalik bo‘lgan rasmlarini ko‘rishni istab qoladi. Lekin uy hali isib ulgurmagani va tutunga to‘laligi uchun oyog‘ini ko‘rpadan chiqargisi kelmaydi. Keyin negadir yana ko‘zlarida yosh o‘ynaydi. Onam yig‘lasa yosh boladay entikib, chala-yarim so‘zlab ko‘z yosh to‘kadi… yoshlari dona dona… Ko‘zlaridan oqqan bir tomchini hali ham eslab qolganman. U onamning ko‘zidan o‘tib mening ko‘zimda turib qolganday. Unday tiniq, unday katta, unday bejirim shaklga ega bo‘lgan og‘ir tomchini qaytib ko‘rmadim… Xuddi dum-dumaloq, tirik bir sayyoraga o‘xshaydi.

O‘rmonning namxush havosidan sipqorib-sipqorib qadam tashlayman. Daraxtlar gaplashayotganday tuyuladi. Sharfimni qo‘lga olib quloq tutaman…

Onam har tarafga tarqab ketgan, o‘zicha yashayotgan qizlarini va hamon yolg‘iz, chet elda o‘qiyotgan o‘g‘lini – meni o‘ylaydi. Xona biroz isib qoladi. Ko‘rpadan chiqib, mening to‘yim uchun ketadigan pullarni hisob-kitob qiladi. Yetarmikan, deb bosh qotiradi.

Men ertaga Parij shahrini, uning eng katta va boy kutubxonalarini, mashhur Luvr muzeyini, undagi Leonardo da Vinchining “Mona Liza”sini, Napolyonning xatlarini, uning go‘zal xonimlari tushirilgan kartinalarni, bundan tashqari Parij go‘zalliklarlari, Eyfel minorasi kabi joylarni ko‘rishni o‘ylayman. Bizni ehtirom bilan fransuz mutasaddilari olib yurishadi. Qizlari ham go‘zal va kelishgan bo‘lsa kerak…

Onam meni uylantirishni o‘ylaydi. Nasibaga… opamning qayin singlisi… chiroyli qiz ekan. Bu yil tuman tibbiyot kollejini tugatibdi…Buni menga opam, telegramda yozib yuborgandi. Onamning unga havasi ketibdi…Eh, onam-a!

Men ertaga butun dunyodan kelgan tabiatni o‘rganish, uningi o‘zgarishini nazorat qilish bo‘yicha ko‘zga ko‘ringan olimlar va ekspertlar bilan Parijga sayohat qilaman. Haftaning har chorshanba kuni o‘zim ilmiy ish qilayotgan Yevroosiyo koinot institutida turli irqqa mansub bo‘lgan talabalarga ma’ruza o‘qiyman. Biz koinot, ulardagi o‘zgarishlar, fizika va astronomiya nazariyasinping qonun-qoidalari to‘g‘risida bahs yuritamiz. Darsni uch tilda ingliz, fransuz, rus tillarida olib boraman.

Onam esa o‘zim o‘qigan 43- maktabda dars berishimni xohlaydi. Men ishdan kelganimda, men yoqtirgan manti, keskan osh, yupqa pishirib berishni xohlaydi.

Yana telefonim tebranadi. Xabar. Institut oshxonasidan ekan, tushlikda qanday ovqat yeysiz deb, o‘n uchta taomning nomini keltirishibdi: Mening Markaziy Osiyodanligimni bilib turkcha ovqatni ham menyuga kiritishgani quvonarli. Turkcha, tovuq go‘shtidan tayyorlangan do‘lma kiritilibdi. Bu buyurtmaga “Onamning pishirgan mantisi”, — deb yozgim keldi. “Onajonimning go‘sht va piyozdan qiladigan oddiy mantisidan bir qasqon”…Javob shu zahoti keldi: “Siz menyuda keltirilmagan noma’lum ovqatni kiritdingiz. Marhamat qilib, uning resteptini yuborsangiz, sizga bir soat vaqt ichida tayyorlab berishlari yoki siz boshqa menyudan chiqmagan holda buyurtma qilishingiz mumkin.”

Onam maktabda ishlaganlarga butun umr havas qilgan. Chunki birinchi bo‘lib maktab o‘qituvchilari to‘yga aytilgan, ular birinchi bo‘lib yangi ishtonsiz ko‘ylaklar kiyishgan, qishloqda ulargina soch qirqishsa yomon qarashmagan, boshyalang yurishgan, ulargina palto keyishgan(xuddi boshqalarga mumkinmasday), ularning qo‘lida doim pul bo‘lgan…

Laklangan, ajib suratlar tushirilgan yog‘och to‘nka ustiga o‘tirdim. Negadir havoning sovuqligi ham bilinmasdi. Qor ham yog‘ishdan to‘xtayotganday… so‘ngi marta urayotgan yurakday ojizona qor uchqunlari tarqoq yerga tushib turardi.

Onam qor yog‘ishi tinganini ko‘rib, yig‘ilib qolgan ishlarini qilish uchun o‘rnidan turadi. Sut pishirish, sigirga suv berish, kirga suv qo‘yish keyin yuvish, ularning barini uddalashi kerak, kechiktirib bo‘lmaydi.

Men dam olish kunimni maroqli o‘tkazish uchun qorlari tinayotgan osmonga termilaman! Osmonga qarab, uning oq ranglari chaplashib ketgani, buralib, aylanib, birlashib ketgan oppoq bulutlarning to‘piga qarayman…

Onam ham osmonga bir dam termuladi.

Shunda men o‘zim o‘rgangan, umrimni tikayotgan koinotda hali o‘zim anglab yetmagan sirlar ichida, yana yangi bir olam borligini ilg‘ab qolaman. U oqlik, go‘zallik, poklik, tiniqlik, vatan, muhabbat, tinchlik orbitalarini birlashtirgan katta bir olam! Ona… Ona sayyora… Lekin uning koordinatlarini, hajmini bilmayman. Balki Yer sharidan biri necha barobar katta, balki bir tomchidek, dum-dumaloq ko‘z yoshidek kelishi ham mumkin. Axir, birgina Quyosh tizimida bir necha milliondan ortiq bir necha yuz km.dan boshlab bir necha o‘n metrgacha keladigan kichik sayyoralar, asteroidlar bor. Ularning hozirgacha olti yuz mingga yaqin obyekti ruyxatdan o‘tkazilgan. Hali ochilmagan, kashf etilmagani qancha! Sirlarga to‘la koinot menga yangi sayyorani topishga yordam beradi.

Men charm etigim bilan qorlarni avaylab bosgancha ketar ekanman, belgilangan olamshumul konferensiyada ma’ruzachi sifatida so‘zga chiqar ekanman, odamlarga “Ona sayyorasi” degan yangi sayyora tushunchasini ma’lum qilishim bilan gapimni tugallashni niyat qildim. Unda bilamanki, arablar ham, hindlar, o‘rislar, yaponlar ham, inglizlar ham, afrikaliklar ham bo‘ladi. Ularning ko‘pchiligini koinot va dunyo tinchligi tashvishlantiradi. Ular ham onalarni yaxshi ko‘rishadi, ammo osmonni o‘rganishganu, ona dunyosini xuddi mendek o‘rganmagan bo‘ladi. Men, albatta, bir kun kelib “Ona sayyorasi”ni kashf etaman.

Osmon cheksiz … Unga qo‘l yetmaydi. Ona… unga ham qo‘l etmaydi. Lekin koinot juda uzoq, mavhum va sovuq, ona esa yaqin…mehrli…o‘tli… “Ona sayyorasi” biz bilan, bizlar bilan bo‘lishi kerak. Bir kun kelib oliy musavvir yaratgan yangi bir sayyorani axtarib, uni topgach(bunga ishonaman), unga “Ona sayyorasi” deb nom beraman. Ona – mehr va tinchlik sayyorasi bo‘ladi…
Diydor yaqin. Men doktor bo‘lib Osiyoning kindigida joylashgan yurtimga qaytaman. O‘shanda uyimizda to‘y bo‘ladi. Eng muhimi, yangi “Ona sayyorasi”ni biz kashf etgan bo‘lamiz.

Onam shu dam Allohga yolvorib menga kelin so‘rayotgandir. U Nasiba yoshi o‘tgan yigitga tegarmikan deb o‘ylaydi. Shu orada otam kelib onamga buyurgan ishlarining yarmi ham bitmaganini uchun achchiq qiladi. Onam esa, otamga Nasibadan gap ochadi. Ora birdan iliydi. Negadir, qor yana yog‘a boshlaydi… Onam buni sezmay qoladi… O‘tirib qosh qorayguncha kir yuvadi…

Kichkina, jajji oqqushlar yana pastlay boshlaydi. Endi ularning har birini ushlab ko‘rmoqchi bo‘laman…Mening muzdek qo‘llarimga ilashgan qor parchalari birdan erib ketmaydi… Ularni o‘qishim mumkin, o‘pishim mumkin, uchirishim mumkin. Kim biladi, bu qor parchalari “Ona sayyora”dan tushayotgandir…

— Eyyy, Tinchlik, mehr, oqibat sayyorasi – Ona sayyora! Biz seni, albatta, topamiz!

002

(Tashriflar: umumiy 1 208, bugungi 1)

Izoh qoldiring