Abdunabi Abdiyev. Kitobga qaytish. Esse

Ashampoo_Snap_2017.02.27_22h02m52s_005_.png…Боланинг отаси унга катта шаҳардан келтириб берган севимли китоби бўларди. У китобини ҳаммадан қизғанар, расмларини қайта-қайта томоша қилар, ётса-турса ундан айро тушмасди. Китоб муқовасидаги от суратини гўё тирикка, қанот чиқариб парвоз этиш тараддудида турганга, унга отланган, қўлига найза ушлаб, эгнига совут кийган, садоқ, ўқ-ёй, қилич таққан суворийни ёғийларига ҳайбат отаётганга менгзарди…

Абдунаби АБДИЕВ
КИТОБГА ҚАЙТИШ
ёхуд севимли қаҳрамон соғинчи
003

1

Ashampoo_Snap_2017.02.27_22h11m27s_006_.png…Боланинг отаси унга катта шаҳардан келтириб берган севимли китоби бўларди. У китобини ҳаммадан қизғанар, расмларини қайта-қайта томоша қилар, ётса-турса ундан айро тушмасди. Китоб муқовасидаги от суратини гўё тирикка, қанот чиқариб парвоз этиш тараддудида турганга, унга отланган, қўлига найза ушлаб, эгнига совут кийган, садоқ, ўқ-ёй, қилич таққан суворийни ёғийларига ҳайбат отаётганга менгзарди.

Бола йирик-йирик ҳарфлар билан “Гўрўғли” деган битик битилган ушбу китобини бошқаларидан (отаси ўқитувчи эмасми, уйларида китоблар кўп, жуда кўп эди) яхши кўрар, дуч келган саҳифасини очиб ўқийверар, воқеаларини деярли ёд олган, мутолаа чоғида севимли қаҳрамони ва унинг қирқ йигити зафар қозонса, масрур бўлгани, мушкул аҳволга дуч келишганида қайғуга ботгани қиёфа ўзгаришидан сезилиб турарди…

Инсон – буюк кашфиётчи. Унинг бу иқтидори илк аждодлари заминга қадам ташлаган даврдаёқ табиат ғаройиботлари (момақалдироқ гулдуроси, яшин чақнаши, ер силкиниши, баҳайбат ҳайвонлар ҳужуми ва бошқалар) олдида ожизликдан зир қақшаса-да, тош тошга урилганида учқун чиқишини англаб, тамаддуннинг биринчи маҳсули – чақмоқтошни кашф этганидаёқ намоён бўлганди. Эҳ-ҳе-ей, ўшандан буён инсон нималарни орзулаб, унинг ақл-заковати ўз турмуш тарзини яхшилаш ниятида нималарни ихтиро қилмади дейсиз? Қачонлардир инсон хоҳиш-иродаси сифатида эртагу достонларда ифодасини топган “учар гилам”лар, юзига қарасанг мағрибу-машриқ намоён бўладиган “ойнаи жаҳон”лар… бари-бариси аллақачон оддий ҳақиқатларга айланиб улгурди. Мураккаб ихтиролар ўз номи билан мураккаб, оддийгина лой зуваладан тикланган уйлардаги токча, дарича ва тахмон деган нимарсалар ҳам ўз истиқоматчисининг бирон кор-ҳолига асқатарди. Масалан, тахмонга кўрпа-тўшак, кундалик эҳтиёж учун зарур сопол, чинни идишлар терилса, дарича ёзнинг авж жазирамасида очиб қўйилиб, хона ҳавосини тозалар, куз, қиш ойларида ташқи томондан сувалиб, токчасига майда-чуйда буюмлар териб қўйиларди. Сўнгги юз йиллик ихтиролари энг овлоқ, чекка аҳоли манзилгоҳларигача етиб келгач, тахмон ўрнини ҳашамдор жавонлар, дарича вазифасини улардан кўра қулай бўлган электр елпиғич, совутгичлар эгаллади. Вазифасини ўтаб, аллақачон унут бўлган мазкур қурилмалар ҳақида сўз юритишдан мақсадим болалик йилларини эслаб, шу баҳонада китоб, китобхонлик тўғрисида ўз мулоҳазаларимни баён этишдан иборат эди, холос.

Англадим, “Унутилган қурилмалар билан китоб, китобхонликнинг ўртасида қандай боғлиқлик бор?” деган савол навқирон ўқувчини ажаблантиргани аниқ. Майли, сабрингизни синовдан ўтказиб ўтирмай сирни очиб қўяқолай. Бир вақтлар ана шу тахмон, токчада бошқа буюмлар қатори қўлма-қўл ўтаверганидан саҳифалари сарғайиб, муқоваси титилиб кетган Яссавий, Навоий, Бедил, Махтумқули, Машраб девонлари, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” ва бошқа достонлар, “Ўзбек халқ эртаклари” каби китоблар турар, қўни-қўшнилар йиғилиб, уларни энг бурро болага ўқитишар, узун қиш кечаларининг тим қора сочини китобхонлик қилиб оқартиришарди. Шундай суҳбатларда “Фалончида фалон китоб бор экан”, деган гап ифтихор руҳи билан айтилар, кишиларнинг билимдонлиги қанча асар мутолаа этганлиги, нечта ғазални ёд олганлиги билан баҳоланар, китоб, китобхонлик инсон безаги саналарди.

Ботир бобо деган ёши етмишдан ошган қўшнимиз бўларди. Нафақага чиққан бўлса-да, мактабда қоровул бўлиб ишларди. У пайтлар қишлоқда қудуқ суви истеъмол қилинар, қарийб ярим чақирим масофадан ташиб келингани боис исроф қилинмаслиги учун сув тўлдирилган челак дарвоза олдидаги қоровулхонада турарди. Қай биримиз чанқоқ қондириш ниятида шу мўъжаз ҳужрага кирсак, Ботир бобо токчада турган китобни оларди-да, буклаб қўйилган саҳифасини очиб:

— Қани, “иккичи” ёки “аълочи” эканлигингни синаймиз, — деб кўрсаткич бармоғини китоб саҳифасига нуқирди. — Мана шу ердан шариллатиб ўқи-чи!

Биз Ботир бобонинг мақтовини эшитиш илинжидами ёки китоб воқеалари ўзига тортармиди, уч-тўрт саҳифани бир зумда ўқиб ташлардик.

— Майли, дарсингга кечикма, — дерди жон қулоғи билан тинглаб турган Ботир бобо бизнинг дарсга кечикиб қолаётганимизни ўйлаб, — тағин устозинг менга уришиб юрмасин, лекин саводингга гап йўқ экан, насиб этса, сендан зўр муаллим чиқади.

У киши саводхон бола вақт келиб албатта муаллим бўлишига ишонарди. Орадан йиллар ўтиб, болалик хотираларимни титкилаганимда Ботир бобо учун ўшанда саводхонлигимизни синаш бир баҳона бўлганини, алифдан хабарсиз отахон шу асно ўзини қизиқтирган китобни ўқитиб ҳузур қилганлигини англайман.

2

…Бола батамом китобнинг сеҳрли оламига ғарқ бўлган, энди ардоқли қаҳрамонлари унинг нафақат ҳушини, балки тушини ҳам забт этганди. У уйқусида ҳам кутилмаганда қийқириб юборадиган, сакраб ўрнидан туриб кетадиган одат чиқарди.

— Ёш боланинг кўп китоб ўқиши бехосият бўлади, шугина болани китоб ушламайдиган қилинглар, деб худонинг зорини қилдим, қулоқ солмадинглар, мана оқибати, ҳадемай у савдойи бўлиб қолади.

Ота-онаси бувисининг дийдиёларига дош беришолмади. Бир куни тонг уйқусини тарк этган бола ёстиғи остидан севимли китобини тополмади. “Балки бирон жойга яшириб қўйишгандир”, деган хаёлда титкиламаган ери қолмади, охир-оқибат тандир ичидан китобни эмас, ёнмай қолган бир парча муқовани топди. Ўша кундан бошлаб севимли китобидан айро тушган бола одамови бўлиб қолди, ҳатто иситмаси кўтарилиб, хасталик тўшагига михланди…

Бундан қарийб ўттиз беш йил муқаддам тўрт ака-ука кайвони отамизнинг таклифи билан биттадан фарзандимизнинг суннат тўйини биргаликда ўтказгандик. Ўзбекчилик, бирон киши тўйхонага қуруқ қўл билан келмайди, кимдир ҳўкиз, қўй-эчки етаклаган, кимдир чўнтагимизга беш-ўн сўм тиқиб кетаяпти, тўёна келтирмагани белини боғлаб хизмат қилаяпти, “тўй бошлангунча эгасиники, бошлангандан сўнг элники”, деб бежизга айтишмайди-да. Тунги тўй давраси айни қизиган палла урингангина костюм-шим сира эгнидан тушмайдиган кекса ўқитувчи сўз олди. Муаллим эмасми, ширингина тилак билдирди, сўнгра тўртала тўйболани ёнига чорлаб:

— Кам бўлса-да, кўп ўрнида кўрасизлар, болаларим, — деб ҳар бирининг қўлига ҳафсала билан ичига нимадир ўралган қоғоз бўхча топширди. Давранинг у ер, бу ерида шивир-шивир бошланди:

— Домла нима берди экан?

— Нима бўларди, китобдир-да, — шанғиллади кимдир. — Мен тўй берганимдаям ўғлимга китоб келтирганди қурумсоқ.

Даврадагилар отахоннинг устидан ошкора кулишди.

Бу истеҳзоли қочиримда жон бор эди. Ҳақиқатдан ҳам “қизил империя” мустаҳкам илдиз отган йилларда олийгоҳга кириб ўқиш, амал пиллапоясидан дадил одимлаш аксарият ҳолларда саводхонликка эмас, жонкуяр отанинг жамиятда тутган нуфузи ёки “пулсевар” таниши борлигига боғлиқ бўлиб қолганди. Масала шу даражагача ўсиб етдики, жаҳон адабиётининг ноёб асарларини топиш ҳам у ёки бу даражада шахснинг жамиятда эгаллаган нуфузига бориб тақалди.

Олийгоҳда таҳсил олаётган давримда отаси вилоятда раҳбар бўлиб ишлайдиган бир танишимникига меҳмонга бориб қолдим. Эътиборим хона тўридаги жавонни безаб турган бир хил муқовали, қанча уринсам ҳам мен қўлга кирита олмайдиган китобларга тушиб, оғзим ланг очилди. Шоша-пиша ҳавасимни келтирган китоблардан бирини олиб варақлашга тушганимда танишим дакки берди:

— Китобни жойига қўй, онам кўрса, уришиб беради.
— Нега? — сўрадим ҳайрон қолиб, — наҳот сизлар шундай ажойиб китобларни ўқимасангиз?

Танишим бефарқ бурнини жийирди:
— Китоб ўқишга вақт қайда, бекор пайтимиз ана, телевизор кўрамиз.

Билсам, бу китоблар хона безаги учун харид қилинган экан.

Шу тариқа китоб, китобхонлик чекиниб борди. Аксариятимиз бугун кўча-кўйда китоб қўлтиқлаган кишини учратсак:

— Тавба, ҳозирги замонда ҳам китоб ўқийдиган одам бўларкан-да, — деб бурун жийирадиган даражага етдик, гўё ўтмиш аждодларимиз узун тунларни китоб титкилаб, бедилхонлик, навоийхонлик қилиб ўтказишгани унут бўлгандек.

3

…Бола туш кўрди, тушида Гўрўғли сардор Ғиркўк отида унинг аҳволидан хабар олишга келган эмиш. Кўзларига ишониш-ишонмаслигини билмаган болакай ўзини севимли қаҳрамони қучоғига отибди:

— Наҳотки бу сиз, ўзингиз бўлсангиз?
— Ҳа қўзичоғим, бир кўриб кетай деб келгандим, айт-чи, сенга нима бўлди?
— Китобимни олиб қўйишди.

— Шунга шунчами, юр, сени Ғиркўк отимга миндириб, китоблар мамлакатига олиб кетаман.

Бола севинчдан ирғишлаб, севимли қаҳрамони отига мингашибди.

Улар осмону фалакка парвоз қилишибди…

Бола қоп-қора терга ботиб, тўшагида тўлғонаётганида момоси унинг елкасидан майин силкитиб уйғотди:
— Тур болам, мана кўр, отанг шаҳардан сенга нима келтирганини.

Кўзларини мушти билан артиб очган бола момоси авайлаб ушлаб турган, муқовасига гард тушмаган “Гўрўғли” китобини кўриб, севинчдан ирғиб турди…

Бугун мамлакатимизда ноширлик иши мисли қўрилмаган даражада юксалди. Энди давр талабини англаб, ўзи чиқараётган маҳсулот нафақат мазмуни, балки дизайни (безатилиши) жиҳатидан ҳам кишини ўзига жалб этадиган бўлишини таъминлай олган нашриётгина рақобатга дош бера олади. Шу боис хоҳлаган асарингизнинг сархил муқова ва безакда нашр этилганини астойдил изласангиз топиш имкони бор. Тағин бир қулайлик, тараққиёт маҳсули бўлмиш виртуал кутубхоналар китоб ўрнини забт этаяпти. Яқинда шаҳарга тушиб келган бир ҳамкасбим дўконларда яхши китоб кўп эканидан гап очиб қолди.

— Истаган китобингиз бор, фақат пулга кўзингиз қийса бас.

Тўғри, бозор иқтисодиёти кўпчилигимизни моддиюнчи қилиб қўйгани рост, аммо қалбга малҳам бўлиб, тўғри йўлга етаклайдиган китобдан пул қизғаниш, айниқса, ўқитувчи шахси учун ноўрин.

— Сиз қандай китоблар олдингиз? — сўрадим ўсмоқчилаб.
— Бир-икки саргузашт асарлар, номлари эсимда йўқ.

— Ҳеч бўлмаса, муаллифини эслаб қолгандирсиз?
— Қаерда, илгари эшитган ёзувчим эмас…

…Бир куни йирик шаҳарлардан биридаги китоб дўконида ёшлар ва китоб, китобхонлик мавзусида кўрсатув тасвирга олинаётгани устидан чиқиб қолдим. Ёшгина телемухбир билан икки-уч тенгдоши ўртасида бўлиб ўтган савол-жавобни айнан келтираман:

— Айтинг-чи, китоб ўқишни яхши кўрасизми?
— Албатта, бўш вақтларимда китоб ўқиш — хоббим, — жавоб берди биринчи мухлис.

— Қандай асарларни ўқигансиз?

— “Ўтган кунлар”ни… Бош қаҳрамони ким эди, ҳалиги, ҳа-я, энди эсладим, Анвар, ҳа шундай эди, шекилли…

Суҳбатга иккинчи мухлис аралашди:
— Мен “Қил устидаги тақдирлар”ни, яна Аҳад Қаюмнинг шеър китобини ўқиганман.

Тўғри, мухбир қиз тенгдошларининг айрим хатоларини усталик билан тўғрилаб юборишга уринди, аммо “зўраки китобхонлик” бот-бот ўзини фош қилаверди, ғалати томошага қараб туришга ҳам сабрим чидамай, китоб дўконини тарк этдим.

Бу мисолни “одамлар китоб ўқимаяпти”, деган иддао учун келтирмадим. Бугун одамлар китобга қайтаяпти, аммо улар, айниқса адабиётнинг сеҳрли оламига тетапоя қилаётган ёшлар нимани мутолаа қилишаяпти — масаланинг шу томонига эътибор қаратиш лозим. Очиғи, ҳамма нашриётлар ҳам бадиий савияси юксак асарларни нашр этаяпти деб бўлмайди, лекин бу соҳани бизнесга айлантираётган ноширларни юқоридан берилган кўрсатма билан тўғри йўлга солиб бўлмайди. Тадбиркор ўз бизнесини кишиларнинг эҳтиёжига қараб мослайди. Шу боис ёш авлод тарбияси билан шуғулланаётган маънавият ва маърифат кишилари уларнинг онгига китоб ўқиш маданиятини сингдириши ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тарих ғилдираги тинимсиз айланади, бугун шу нарса аён бўлдики, китоб, китобхонликнинг инсон ҳаётида тутган ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмас экан. Мен юқорида кекса ўқитувчи қилган совға тўғрисидаги ҳикояни бежиз эсламадим. Китоб – кўнгил мулки, дил ободлиги. Йиллар қувлашмачоқ ўйнаб ўтди, ўша тўйда тўёна қилинган қўй-эчкилар аллақачон кабобга айланиб кетди, пуллар сарфланди, ким нима тўёна бергани ҳам унутилди ҳисоб. Аммо ўша кекса ўқитувчи (охирати обод бўлсин) ўғлимга совға қилган китоб – улуғ адиб Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи ҳамон жавонимизни безаб турибди, у баҳона вақти-вақти билан куюнчак домлани эслаймиз.

Манба: «Қашқадарё» газетаси. № 009. 21.01.2017

Ashampoo_Snap_2017.02.27_22h33m45s_007_.pngAbdunabi ABDIYEV
KITOBGA QAYTISH
yoxud sevimli qahramon sog‘inchi
003

1

kitob1.jpg…Bolaning otasi unga katta shahardan keltirib bergan sevimli kitobi bo‘lardi. U kitobini hammadan qizg‘anar, rasmlarini qayta-qayta tomosha qilar, yotsa-tursa undan ayro tushmasdi. Kitob muqovasidagi ot suratini go‘yo tirikka, qanot chiqarib parvoz etish taraddudida turganga, unga otlangan, qo‘liga nayza ushlab, egniga sovut kiygan, sadoq, o‘q-yoy, qilich taqqan suvoriyni yog‘iylariga haybat otayotganga mengzardi.

Bola yirik-yirik harflar bilan “Go‘ro‘g‘li” degan bitik bitilgan ushbu kitobini boshqalaridan (otasi o‘qituvchi emasmi, uylarida kitoblar ko‘p, juda ko‘p edi) yaxshi ko‘rar, duch kelgan sahifasini ochib o‘qiyverar, voqealarini deyarli yod olgan, mutolaa chog‘ida sevimli qahramoni va uning qirq yigiti zafar qozonsa, masrur bo‘lgani, mushkul ahvolga duch kelishganida qayg‘uga botgani qiyofa o‘zgarishidan sezilib turardi…

Inson – buyuk kashfiyotchi. Uning bu iqtidori ilk ajdodlari zaminga qadam tashlagan davrdayoq tabiat g‘aroyibotlari (momaqaldiroq guldurosi, yashin chaqnashi, yer silkinishi, bahaybat hayvonlar hujumi va boshqalar) oldida ojizlikdan zir qaqshasa-da, tosh toshga urilganida uchqun chiqishini anglab, tamaddunning birinchi mahsuli – chaqmoqtoshni kashf etganidayoq namoyon bo‘lgandi. Eh-he-yey, o‘shandan buyon inson nimalarni orzulab, uning aql-zakovati o‘z turmush tarzini yaxshilash niyatida nimalarni ixtiro qilmadi deysiz? Qachonlardir inson xohish-irodasi sifatida ertagu dostonlarda ifodasini topgan “uchar gilam”lar, yuziga qarasang mag‘ribu-mashriq namoyon bo‘ladigan “oynai jahon”lar… bari-barisi allaqachon oddiy haqiqatlarga aylanib ulgurdi. Murakkab ixtirolar o‘z nomi bilan murakkab, oddiygina loy zuvaladan tiklangan uylardagi tokcha, daricha va taxmon degan nimarsalar ham o‘z istiqomatchisining biron kor-holiga asqatardi. Masalan, taxmonga ko‘rpa-to‘shak, kundalik ehtiyoj uchun zarur sopol, chinni idishlar terilsa, daricha yozning avj jaziramasida ochib qo‘yilib, xona havosini tozalar, kuz, qish oylarida tashqi tomondan suvalib, tokchasiga mayda-chuyda buyumlar terib qo‘yilardi. So‘nggi yuz yillik ixtirolari eng ovloq, chekka aholi manzilgohlarigacha yetib kelgach, taxmon o‘rnini hashamdor javonlar, daricha vazifasini ulardan ko‘ra qulay bo‘lgan elektr yelpig‘ich, sovutgichlar egalladi. Vazifasini o‘tab, allaqachon unut bo‘lgan mazkur qurilmalar haqida so‘z yuritishdan maqsadim bolalik yillarini eslab, shu bahonada kitob, kitobxonlik to‘g‘risida o‘z mulohazalarimni bayon etishdan iborat edi, xolos.

Angladim, “Unutilgan qurilmalar bilan kitob, kitobxonlikning o‘rtasida qanday bog‘liqlik bor?” degan savol navqiron o‘quvchini ajablantirgani aniq. Mayli, sabringizni sinovdan o‘tkazib o‘tirmay sirni ochib qo‘yaqolay. Bir vaqtlar ana shu taxmon, tokchada boshqa buyumlar qatori qo‘lma-qo‘l o‘taverganidan sahifalari sarg‘ayib, muqovasi titilib ketgan Yassaviy, Navoiy, Bedil, Maxtumquli, Mashrab devonlari, “Alpomish”, “Go‘ro‘g‘li”, “Kuntug‘mish” va boshqa dostonlar, “O‘zbek xalq ertaklari” kabi kitoblar turar, qo‘ni-qo‘shnilar yig‘ilib, ularni eng burro bolaga o‘qitishar, uzun qish kechalarining tim qora sochini kitobxonlik qilib oqartirishardi. Shunday suhbatlarda “Falonchida falon kitob bor ekan”, degan gap iftixor ruhi bilan aytilar, kishilarning bilimdonligi qancha asar mutolaa etganligi, nechta g‘azalni yod olganligi bilan baholanar, kitob, kitobxonlik inson bezagi sanalardi.

Botir bobo degan yoshi yetmishdan oshgan qo‘shnimiz bo‘lardi. Nafaqaga chiqqan bo‘lsa-da, maktabda qorovul bo‘lib ishlardi. U paytlar qishloqda quduq suvi iste’mol qilinar, qariyb yarim chaqirim masofadan tashib kelingani bois isrof qilinmasligi uchun suv to‘ldirilgan chelak darvoza oldidagi qorovulxonada turardi. Qay birimiz chanqoq qondirish niyatida shu mo‘’jaz hujraga kirsak, Botir bobo tokchada turgan kitobni olardi-da, buklab qo‘yilgan sahifasini ochib:

— Qani, “ikkichi” yoki “a’lochi” ekanligingni sinaymiz, — deb ko‘rsatkich barmog‘ini kitob sahifasiga nuqirdi. — Mana shu yerdan sharillatib o‘qi-chi!

Biz Botir boboning maqtovini eshitish ilinjidami yoki kitob voqealari o‘ziga tortarmidi, uch-to‘rt sahifani bir zumda o‘qib tashlardik.

— Mayli, darsingga kechikma, — derdi jon qulog‘i bilan tinglab turgan Botir bobo bizning darsga kechikib qolayotganimizni o‘ylab, — tag‘in ustozing menga urishib yurmasin, lekin savodingga gap yo‘q ekan, nasib etsa, sendan zo‘r muallim chiqadi.

U kishi savodxon bola vaqt kelib albatta muallim bo‘lishiga ishonardi. Oradan yillar o‘tib, bolalik xotiralarimni titkilaganimda Botir bobo uchun o‘shanda savodxonligimizni sinash bir bahona bo‘lganini, alifdan xabarsiz otaxon shu asno o‘zini qiziqtirgan kitobni o‘qitib huzur qilganligini anglayman.

2

…Bola batamom kitobning sehrli olamiga g‘arq bo‘lgan, endi ardoqli qahramonlari uning nafaqat hushini, balki tushini ham zabt etgandi. U uyqusida ham kutilmaganda qiyqirib yuboradigan, sakrab o‘rnidan turib ketadigan odat chiqardi.

— Yosh bolaning ko‘p kitob o‘qishi bexosiyat bo‘ladi, shugina bolani kitob ushlamaydigan qilinglar, deb xudoning zorini qildim, quloq solmadinglar, mana oqibati, hademay u savdoyi bo‘lib qoladi.

Ota-onasi buvisining diydiyolariga dosh berisholmadi. Bir kuni tong uyqusini tark etgan bola yostig‘i ostidan sevimli kitobini topolmadi. “Balki biron joyga yashirib qo‘yishgandir”, degan xayolda titkilamagan yeri qolmadi, oxir-oqibat tandir ichidan kitobni emas, yonmay qolgan bir parcha muqovani topdi. O‘sha kundan boshlab sevimli kitobidan ayro tushgan bola odamovi bo‘lib qoldi, hatto isitmasi ko‘tarilib, xastalik to‘shagiga mixlandi…

Bundan qariyb o‘ttiz besh yil muqaddam to‘rt aka-uka kayvoni otamizning taklifi bilan bittadan farzandimizning sunnat to‘yini birgalikda o‘tkazgandik. O‘zbekchilik, biron kishi to‘yxonaga quruq qo‘l bilan kelmaydi, kimdir ho‘kiz, qo‘y-echki yetaklagan, kimdir cho‘ntagimizga besh-o‘n so‘m tiqib ketayapti, to‘yona keltirmagani belini bog‘lab xizmat qilayapti, “to‘y boshlanguncha egasiniki, boshlangandan so‘ng elniki”, deb bejizga aytishmaydi-da. Tungi to‘y davrasi ayni qizigan palla uringangina kostyum-shim sira egnidan tushmaydigan keksa o‘qituvchi so‘z oldi. Muallim emasmi, shiringina tilak bildirdi, so‘ngra to‘rtala to‘ybolani yoniga chorlab:

— Kam bo‘lsa-da, ko‘p o‘rnida ko‘rasizlar, bolalarim, — deb har birining qo‘liga hafsala bilan ichiga nimadir o‘ralgan qog‘oz bo‘xcha topshirdi. Davraning u yer, bu yerida shivir-shivir boshlandi:

— Domla nima berdi ekan?

— Nima bo‘lardi, kitobdir-da, — shang‘illadi kimdir. — Men to‘y berganimdayam o‘g‘limga kitob keltirgandi qurumsoq.

Davradagilar otaxonning ustidan oshkora kulishdi.

Bu istehzoli qochirimda jon bor edi. Haqiqatdan ham “qizil imperiya” mustahkam ildiz otgan yillarda oliygohga kirib o‘qish, amal pillapoyasidan dadil odimlash aksariyat hollarda savodxonlikka emas, jonkuyar otaning jamiyatda tutgan nufuzi yoki “pulsevar” tanishi borligiga bog‘liq bo‘lib qolgandi. Masala shu darajagacha o‘sib yetdiki, jahon adabiyotining noyob asarlarini topish ham u yoki bu darajada shaxsning jamiyatda egallagan nufuziga borib taqaldi.

Oliygohda tahsil olayotgan davrimda otasi viloyatda rahbar bo‘lib ishlaydigan bir tanishimnikiga mehmonga borib qoldim. E’tiborim xona to‘ridagi javonni bezab turgan bir xil muqovali, qancha urinsam ham men qo‘lga kirita olmaydigan kitoblarga tushib, og‘zim lang ochildi. Shosha-pisha havasimni keltirgan kitoblardan birini olib varaqlashga tushganimda tanishim dakki berdi:

— Kitobni joyiga qo‘y, onam ko‘rsa, urishib beradi.
— Nega? — so‘radim hayron qolib, — nahot sizlar shunday ajoyib kitoblarni o‘qimasangiz?

Tanishim befarq burnini jiyirdi:
— Kitob o‘qishga vaqt qayda, bekor paytimiz ana, televizor ko‘ramiz.

Bilsam, bu kitoblar xona bezagi uchun xarid qilingan ekan.

Shu tariqa kitob, kitobxonlik chekinib bordi. Aksariyatimiz bugun ko‘cha-ko‘yda kitob qo‘ltiqlagan kishini uchratsak:

— Tavba, hozirgi zamonda ham kitob o‘qiydigan odam bo‘larkan-da, — deb burun jiyiradigan darajaga yetdik, go‘yo o‘tmish ajdodlarimiz uzun tunlarni kitob titkilab, bedilxonlik, navoiyxonlik qilib o‘tkazishgani unut bo‘lgandek.

3

…Bola tush ko‘rdi, tushida Go‘ro‘g‘li sardor G‘irko‘k otida uning ahvolidan xabar olishga kelgan emish. Ko‘zlariga ishonish-ishonmasligini bilmagan bolakay o‘zini sevimli qahramoni quchog‘iga otibdi:

— Nahotki bu siz, o‘zingiz bo‘lsangiz?
— Ha qo‘zichog‘im, bir ko‘rib ketay deb kelgandim, ayt-chi, senga nima bo‘ldi?
— Kitobimni olib qo‘yishdi.

— Shunga shunchami, yur, seni G‘irko‘k otimga mindirib, kitoblar mamlakatiga olib ketaman.

Bola sevinchdan irg‘ishlab, sevimli qahramoni otiga mingashibdi.

Ular osmonu falakka parvoz qilishibdi…

Bola qop-qora terga botib, to‘shagida to‘lg‘onayotganida momosi uning yelkasidan mayin silkitib uyg‘otdi:
— Tur bolam, mana ko‘r, otang shahardan senga nima keltirganini.

Ko‘zlarini mushti bilan artib ochgan bola momosi avaylab ushlab turgan, muqovasiga gard tushmagan “Go‘ro‘g‘li” kitobini ko‘rib, sevinchdan irg‘ib turdi…

Bugun mamlakatimizda noshirlik ishi misli qo‘rilmagan darajada yuksaldi. Endi davr talabini anglab, o‘zi chiqarayotgan mahsulot nafaqat mazmuni, balki dizayni (bezatilishi) jihatidan ham kishini o‘ziga jalb etadigan bo‘lishini ta’minlay olgan nashriyotgina raqobatga dosh bera oladi. Shu bois xohlagan asaringizning sarxil muqova va bezakda nashr etilganini astoydil izlasangiz topish imkoni bor. Tag‘in bir qulaylik, taraqqiyot mahsuli bo‘lmish virtual kutubxonalar kitob o‘rnini zabt etayapti. Yaqinda shaharga tushib kelgan bir hamkasbim do‘konlarda yaxshi kitob ko‘p ekanidan gap ochib qoldi.

— Istagan kitobingiz bor, faqat pulga ko‘zingiz qiysa bas.

To‘g‘ri, bozor iqtisodiyoti ko‘pchiligimizni moddiyunchi qilib qo‘ygani rost, ammo qalbga malham bo‘lib, to‘g‘ri yo‘lga yetaklaydigan kitobdan pul qizg‘anish, ayniqsa, o‘qituvchi shaxsi uchun noo‘rin.

— Siz qanday kitoblar oldingiz? — so‘radim o‘smoqchilab.
— Bir-ikki sarguzasht asarlar, nomlari esimda yo‘q.

— Hech bo‘lmasa, muallifini eslab qolgandirsiz?
— Qayerda, ilgari eshitgan yozuvchim emas…

…Bir kuni yirik shaharlardan biridagi kitob do‘konida yoshlar va kitob, kitobxonlik mavzusida ko‘rsatuv tasvirga olinayotgani ustidan chiqib qoldim. Yoshgina telemuxbir bilan ikki-uch tengdoshi o‘rtasida bo‘lib o‘tgan savol-javobni aynan keltiraman:

— Ayting-chi, kitob o‘qishni yaxshi ko‘rasizmi?
— Albatta, bo‘sh vaqtlarimda kitob o‘qish — xobbim, — javob berdi birinchi muxlis.

— Qanday asarlarni o‘qigansiz?

— “O‘tgan kunlar”ni… Bosh qahramoni kim edi, haligi, ha-ya, endi esladim, Anvar, ha shunday edi, shekilli…

Suhbatga ikkinchi muxlis aralashdi:
— Men “Qil ustidagi taqdirlar”ni, yana Ahad Qayumning she’r kitobini o‘qiganman.

To‘g‘ri, muxbir qiz tengdoshlarining ayrim xatolarini ustalik bilan to‘g‘rilab yuborishga urindi, ammo “zo‘raki kitobxonlik” bot-bot o‘zini fosh qilaverdi, g‘alati tomoshaga qarab turishga ham sabrim chidamay, kitob do‘konini tark etdim.

Bu misolni “odamlar kitob o‘qimayapti”, degan iddao uchun keltirmadim. Bugun odamlar kitobga qaytayapti, ammo ular, ayniqsa adabiyotning sehrli olamiga tetapoya qilayotgan yoshlar nimani mutolaa qilishayapti — masalaning shu tomoniga e’tibor qaratish lozim. Ochig‘i, hamma nashriyotlar ham badiiy saviyasi yuksak asarlarni nashr etayapti deb bo‘lmaydi, lekin bu sohani biznesga aylantirayotgan noshirlarni yuqoridan berilgan ko‘rsatma bilan to‘g‘ri yo‘lga solib bo‘lmaydi. Tadbirkor o‘z biznesini kishilarning ehtiyojiga qarab moslaydi. Shu bois yosh avlod tarbiyasi bilan shug‘ullanayotgan ma’naviyat va ma’rifat kishilari ularning ongiga kitob o‘qish madaniyatini singdirishi har qachongidan muhim ahamiyat kasb etmoqda.

Tarix g‘ildiragi tinimsiz aylanadi, bugun shu narsa ayon bo‘ldiki, kitob, kitobxonlikning inson hayotida tutgan o‘rnini hech narsa bilan to‘ldirib bo‘lmas ekan. Men yuqorida keksa o‘qituvchi qilgan sovg‘a to‘g‘risidagi hikoyani bejiz eslamadim. Kitob – ko‘ngil mulki, dil obodligi. Yillar quvlashmachoq o‘ynab o‘tdi, o‘sha to‘yda to‘yona qilingan qo‘y-echkilar allaqachon kabobga aylanib ketdi, pullar sarflandi, kim nima to‘yona bergani ham unutildi hisob. Ammo o‘sha keksa o‘qituvchi (oxirati obod bo‘lsin) o‘g‘limga sovg‘a qilgan kitob – ulug‘ adib Odil Yoqubovning “Ulug‘bek xazinasi” romani hamon javonimizni bezab turibdi, u bahona vaqti-vaqti bilan kuyunchak domlani eslaymiz.

Manba: “Qashqadaryo” gazetasi. № 009. 21.01.2017

Kitob va mutolaa madaniyati. Metodik-bibloigrafik qo’llanma by Khurshid Davron on Scribd

006

(Tashriflar: umumiy 315, bugungi 1)

Izoh qoldiring