Xurshid Do’stmuhammad. Kitobxonlik — kundalik hayot va turmush tarzi & Ikki kitob

011    Замонамиз одамлари бамисоли китоб ва мутолаа уммонида сузиб юрибди, бу уммонда жон сақлаш, эмин-эркин ҳаёт кечириш, яхшини ёмондан ажрата билиш ҳар кимнинг тушунчаси, дунёқараши, қизиқишлари, диди-фаросати ва албатта ниятига боғлиқ, аввало. Қизиғи, ҳар қандай тушунча, дунёқараш, қизиқиш, дид-фаросат, ният соҳиб ва соҳибалари эҳтиёжига яраша китоб топилади. Истаймизми-йўқми, ҳаётнинг қонунияти, ҳикмати шундай.

Хуршид Дўстмуҳаммад
КИТОБХОНЛИК – КУНДАЛИК
ҲАЁТ ВА ТУРМУШ ТАРЗИ

«Китоб дунёси» газетасининг 3 саволига жавоблар
01

05Таниқли ёзувчи, адабиётшунос олим ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилда Тошкент шаҳрида туғлган. Ўрта мактабдан кейин Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факултетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. “Фан ва турмуш” журналида бўлим муҳаррири, “Ёш куч” журналида бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, “Ҳуррият” мустақил газетасига бош муҳаррир, Ўзбекистон Оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармаси ҳамраиси, “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон Олий мажлиси депутати, Олий мажлис қўмитаси раиси сифатида фаолият юритган.
1980 йилдан буён матбуотда ҳикоя ва қиссалари, романи, очерк, бадиа, адабиётшуносликка оид мақоллари билан қатнашади. Унинг “Ҳовли этагидаги уй” , “Жажман” , “Қазо бўлган намоз” , ,”Ҳижроним мингдир менинг” , “Бозор” , «Ҳамид Аъламовнинг айтолмаган гаплари”, «Журналист бўлмоқчимисиз?», «Чаёнгул», «Куза» номли ва бошқа бир қатор китоблари чоп этилган.

01

1. Яхши китоб – бу яхши. Ёмон китоб-чи? Ёмон китобнинг таъсири ва оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
2. Бугун савиясиз китобларнинг нашр этилишига ким айбдор, нашриётми, муҳаррирми ёки?..
3. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак?

01

01  Китобга, умуман мутолаага берилган таърифу тавсифлар жамланса, алоҳида кутубхонага сиғмаса керак!.. Ўз даврида ёзувнинг пайдо бўлиши одамларни тоифаларга ажратиб ташлаган: ёзувни ўқий оладиган саводлилар ва ҳарф танимайдиган омиларга. Замонлар ўтди, ҳарф танимаган одам қолмади ҳисоб, лекин табақаланиш тўхтагани йўқ. Энди китобнинг фарқига етадиганлар ва етмайдиганлар, “Китоб дунёси” саҳифаларида давом этаётган ушбу анкетани кузатсак, “Яхши китоб”чилар ва “Ёмон китобчи”лар табақалашмоқда. Компьютер, интернет ва қўл телефони оммалашуви оқибатида келиб чиққан табақаланишни-ку (буларнинг замирида ҳам мутолаа ётибди), тўла-тўкис англаш, тасаввур қилиш жараёни ҳали-вери поёнига етадиганга ўхшамаяпти.

Замонамиз одамлари бамисоли китоб ва мутолаа уммонида сузиб юрибди, бу уммонда жон сақлаш, эмин-эркин ҳаёт кечириш, яхшини ёмондан ажрата билиш ҳар кимнинг тушунчаси, дунёқараши, қизиқишлари, диди-фаросати ва албатта ниятига боғлиқ, аввало. Қизиғи, ҳар қандай тушунча, дунёқараш, қизиқиш, дид-фаросат, ният соҳиб ва соҳибалари эҳтиёжига яраша китоб топилади. Истаймизми-йўқми, ҳаётнинг қонунияти, ҳикмати шундай.

Бир инсон умри мобайнида қанча китоб ўқиши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилиш шарт эмас, чунки натижа деярли аниқ: мавжуд китобларнинг (бош­қа тилларда чоп этилганлари озмунчами?!) минглардан ёки миллионлардан бир чимдимини ўқишга улгурамиз, холос. Шахсан ўзим ҳали ўқимаган китобларимни ўқисаммикан ёхуд бир неча ўн йиллар бурун ўқиганларимни такрор ўқисаммикан, деган икки ўт исканжасидан сира чиқиб кетолмайман. Умр эса ҳисобли. Шу маънода хориж тилларини эгаллаган ёр-биродарларга ҳам ҳавасим келади, ҳам… ачинаман. Ахир улар неча ўт орасида яшайдилар?!

Айтмоқчиманки, фойдали (демак, яхши, дегани-да!) деб ҳисобланган китобларни ўқиш учун вақт-фурсат топилмайдию, фойдасиз (демак, ёмон) мутолаага вақт қайда! Мени энг қийнайдиган нарса – мажбур бўлиб ўқиш, мажбурият юзасидан ўқиш!

Яхши-ёмон китоб муаммосида қарашларим пича ўзгача: асли ёмон одам ҳар қанча яхши китоб ўқиган тақдирда ҳам яхши одамга айланиб қолмайди, асли палаги тоза инсон эса фавқулодда ёмон китоб ўқиб қўйган тақдирда ҳам айнимайди. Китоб – бебаҳо мураббий, тарбия воситаси, деганга ўхшаш оддий ҳақиқатларни жўнлаштириш, сийқалаштириш дидни ўтмаслаштиришга олиб келади, холос. Мутолаа, китобсеварлик, китобхонлик, бу – руҳий-руҳоний тафаккур тарзи, турмуш тарзи, ҳаёт тарзи. Афсуски, бу олий саодатга мубталоликни ҳаммага бирдек раво кўрмайди, ҳаёт…

02  Савиясиз китобларнинг нашр этилишига ўзини китоб дунёсига дахлдор деб билган… ҳамма айбдор! Ўзимиз айбдормиз! Бош айбдор эса – КИТОБХОН!..

Бемаза қўшиқлар урчиб кетаётгани учун – тингловчилар, арзон-гаров фильмлар, саҳна асарлари учун – томошабинлар айбдор бўлганидек, савиясиз китобларни харид қилиб, қўлдан қўймай-бош кўтармай ўқийдиган китобхонлар бор экан, бу қабилдаги китобларнинг чоп этилиши тўхтамайди.

Баъзан чинакам санъат бошқа, пул-бойлик, даромад бошқа, деган ақидани такрорлашдан чарчамаймиз. Бундай қарашлар қисман тўғри, холос. Юксак санъат асарлари юксак санъат, юксак ижодий кайфият муҳитида туғилади, ўша муҳитда санъат сифатида қадрланади, асар бозорга чиқдими, энди у буюмга айланади, ҳар қандай буюмнинг қиммати эса пул ва бойлик билан ўлчанади. Муаллифнинг хаёлида китоб – санъат асари, ижод маҳсули, ношир ва сотувчининг назарида эса китоб – товар, буюм. Масаланинг жон томири шу жойда…

Китобни яратаётганлардан – ижод аҳлидан кўра, уни ақчага айлантириш маҳоратини эгаллаганлар мўмай манфаат кўраётганининг боиси шунда. Чунки улар учун китоб аввало – катта бизнес, бойлик манбаи!

Мустақиллик арафаларида, истиқлолнинг дастлабки йилларида бозор муносабатларига ўтилишини энг истаган, ҳатто бу жараённинг жадаллаштирилишини талаб қилиб айюҳаннос кўтарганлар зиёлилар эди. Энди кўриняптики, бозор муносабатларидан энг кўп жабр чекаётганлар ҳам зиёлилар экан…

Эркин бозор орзуси сабр-тоқатни, кенгликни тақозо этади. “Ёмон” китоб ёзадиганларнинг бошида қамчи ўйнатавермай, ундан кўра, келинглар, “Яхши китоб”чи дўстлар, яхши китобни кўпроқ ёзайлик, расталарни яхши китобларга тўлдириб ташлайлик, шу йўл билан “Ёмон китоб”чиларни доғда қолдирайлик, олам гулистон!

03  Савиясиз китобларни камайтиришнинг бирдан-бир оқилона чораси – савияли китобхонлар сонини кўпайтириш. Бу борада кескин чоралар наф бермайди. Жарроҳлик кетмайди. Оқилона маърифий усулларни қўллаб кўриш натижа беради албатта. Мисол учун мамлакат миқёсида доимий китобсеварлар муҳити яратилса. Бунинг учун йилнинг ҳар фаслида уч кундан китоб байрами ўтказиш мумкин. Шу кунларда нуфузли жамоатчилик кенгаши-ҳайъати томонидан эътироф этилган энг яхши китоблар оммалаштирилса, кенгаш нашриётлар рейтингини матбуотда эълон қилса, тўпланган натижалар очиқ-ошкор ва холисона шарҳланса, таҳлил қилинса, муносабатлар билдирилса – буларнинг бари оммабоп ахборот воситаларида кенг ёритилса, тарғиб этилса…

09     Zamonamiz odamlari bamisoli kitob va mutolaa ummonida suzib yuribdi, bu ummonda jon saqlash, emin-erkin hayot kechirish, yaxshini yomondan ajrata bilish har kimning tushunchasi, dunyoqarashi, qiziqishlari, didi-farosati va albatta niyatiga bog’liq, avvalo. Qizig’i, har qanday tushuncha, dunyoqarash, qiziqish, did-farosat, niyat sohib va sohibalari ehtiyojiga yarasha kitob topiladi. Istaymizmi-yo’qmi, hayotning qonuniyati, hikmati shunday.

Xurshid Do’stmuhammad
KITOBXONLIK – KUNDALIK
HAYOT VA TURMUSH TARZI

«Kitob dunyosi» gazetasining 3 savoliga javoblar
01

07Taniqli yozuvchi, adabiyotshunos olim  va jurnalist Xurshid Do’stmuhammad 1951 yilda Toshkent shahrida tug’lgan. O’rta maktabdan keyin Toshkent Davlat universiteti (hozirgi O’zMU) Jurnalistika fakultetini tamomlagan. Filologiya fanlari doktori. “Fan va turmush” jurnalida bo’lim muharriri, “Yosh kuch” jurnalida bo’lim muharriri, bosh muharrir o’rinbosari, bosh muharrir, “Hurriyat” mustaqil gazetasiga bosh muharrir, O’zbekiston Ommaviy axborot vositalarini demokratlashtirish va qo’llab-quvvatlash ijtimoiy-siyosiy jamg’armasi hamraisi, “O’zbekiston matbuoti” jurnali bosh muharriri bo’lib ishlagan. O’zbekiston Oliy majlisi deputati, Oliy majlis qo’mitasi raisi sifatida faoliyat yuritgan.
1980 yildan buyon matbuotda hikoya va qissalari, romani, ocherk, badia, adabiyotshunoslikka oid maqollari bilan qatnashadi. Uning “Hovli etagidagi uy” , “Jajman” , “Qazo bo’lgan namoz” , ,”Hijronim mingdir mening” , “Bozor” , «Hamid A’lamovning aytolmagan gaplari”, «Jurnalist bo’lmoqchimisiz?», «Chayongul», «Kuza» nomli va boshqa bir qator kitoblari chop etilgan.

01

1. Yaxshi kitob – bu yaxshi. Yomon kitob-chi? Yomon kitobning ta’siri va oqibatlari haqida o’ylab ko’rganmisiz?
2. Bugun saviyasiz kitoblarning nashr etilishiga kim aybdor, nashriyotmi, muharrirmi yoki?..
3. Bu kabi salbiy holatlarning oldini olish uchun nimalar qilish kerak?

01

01 Kitobga, umuman mutolaaga berilgan ta’rifu tavsiflar jamlansa, alohida kutubxonaga sig’masa kerak!.. O’z davrida yozuvning paydo bo’lishi odamlarni toifalarga ajratib tashlagan: yozuvni o’qiy oladigan savodlilar va harf tanimaydigan omilarga. Zamonlar o’tdi, harf tanimagan odam qolmadi hisob, lekin tabaqalanish to’xtagani yo’q. Endi kitobning farqiga yetadiganlar va yetmaydiganlar, “Kitob dunyosi” sahifalarida davom etayotgan ushbu anketani kuzatsak, “Yaxshi kitob”chilar va “Yomon kitobchi”lar tabaqalashmoqda. Komp`yuter, internet va qo’l telefoni ommalashuvi oqibatida kelib chiqqan tabaqalanishni-ku (bularning zamirida ham mutolaa yotibdi), to’la-to’kis anglash, tasavvur qilish jarayoni hali-veri poyoniga yetadiganga o’xshamayapti.

Zamonamiz odamlari bamisoli kitob va mutolaa ummonida suzib yuribdi, bu ummonda jon saqlash, emin-erkin hayot kechirish, yaxshini yomondan ajrata bilish har kimning tushunchasi, dunyoqarashi, qiziqishlari, didi-farosati va albatta niyatiga bog’liq, avvalo. Qizig’i, har qanday tushuncha, dunyoqarash, qiziqish, did-farosat, niyat sohib va sohibalari ehtiyojiga yarasha kitob topiladi. Istaymizmi-yo’qmi, hayotning qonuniyati, hikmati shunday.

Bir inson umri mobaynida qancha kitob o’qishi mumkinligini hisob-kitob qilish shart emas, chunki natija deyarli aniq: mavjud kitoblarning (bosh­qa tillarda chop etilganlari ozmunchami?!) minglardan yoki millionlardan bir chimdimini o’qishga ulguramiz, xolos. Shaxsan o’zim hali o’qimagan kitoblarimni o’qisammikan yoxud bir necha o’n yillar burun o’qiganlarimni takror o’qisammikan, degan ikki o’t iskanjasidan sira chiqib ketolmayman. Umr esa hisobli. Shu ma’noda xorij tillarini egallagan yor-birodarlarga ham havasim keladi, ham… achinaman. Axir ular necha o’t orasida yashaydilar?!

Aytmoqchimanki, foydali (demak, yaxshi, degani-da!) deb hisoblangan kitoblarni o’qish uchun vaqt-fursat topilmaydiyu, foydasiz (demak, yomon) mutolaaga vaqt qayda! Meni eng qiynaydigan narsa – majbur bo’lib o’qish, majburiyat yuzasidan o’qish!

Yaxshi-yomon kitob muammosida qarashlarim picha o’zgacha: asli yomon odam har qancha yaxshi kitob o’qigan taqdirda ham yaxshi odamga aylanib qolmaydi, asli palagi toza inson esa favqulodda yomon kitob o’qib qo’ygan taqdirda ham aynimaydi. Kitob – bebaho murabbiy,
tarbiya vositasi, deganga o’xshash oddiy haqiqatlarni jo’nlashtirish, siyqalashtirish didni o’tmaslashtirishga olib keladi, xolos. Mutolaa, kitobsevarlik, kitobxonlik, bu – ruhiy-ruhoniy tafakkur tarzi, turmush tarzi, hayot tarzi. Afsuski, bu oliy saodatga mubtalolikni hammaga birdek ravo ko’rmaydi, hayot…

02 Saviyasiz kitoblarning nashr etilishiga o’zini kitob dunyosiga daxldor deb bilgan… hamma aybdor! O’zimiz aybdormiz! Bosh aybdor esa – KITOBXON!..

Bemaza qo’shiqlar urchib ketayotgani uchun – tinglovchilar, arzon-garov fil`mlar, sahna asarlari uchun – tomoshabinlar aybdor bo’lganidek, saviyasiz kitoblarni xarid qilib, qo’ldan qo’ymay-bosh ko’tarmay o’qiydigan kitobxonlar bor ekan, bu qabildagi kitoblarning chop etilishi to’xtamaydi.

Ba’zan chinakam san’at boshqa, pul-boylik, daromad boshqa, degan aqidani takrorlashdan charchamaymiz. Bunday qarashlar qisman to’g’ri, xolos. Yuksak san’at asarlari yuksak san’at, yuksak ijodiy kayfiyat muhitida tug’iladi, o’sha muhitda san’at sifatida qadrlanadi, asar bozorga chiqdimi, endi u buyumga aylanadi, har qanday buyumning qimmati esa pul va boylik bilan o’lchanadi. Muallifning xayolida kitob – san’at asari, ijod mahsuli, noshir va sotuvchining nazarida esa kitob – tovar, buyum. Masalaning jon tomiri shu joyda…

Kitobni yaratayotganlardan – ijod ahlidan ko’ra, uni aqchaga aylantirish mahoratini egallaganlar mo’may manfaat ko’rayotganining boisi shunda. Chunki ular uchun kitob avvalo – katta biznes, boylik manbai!

Mustaqillik arafalarida, istiqlolning dastlabki yillarida bozor munosabatlariga o’tilishini eng istagan, hatto bu jarayonning jadallashtirilishini talab qilib ayyuhannos ko’targanlar ziyolilar edi. Endi ko’rinyaptiki, bozor munosabatlaridan eng ko’p jabr chekayotganlar ham ziyolilar ekan…

Erkin bozor orzusi sabr-toqatni, kenglikni taqozo etadi. “Yomon” kitob yozadiganlarning boshida qamchi o’ynatavermay, undan ko’ra, kelinglar, “Yaxshi kitob”chi do’stlar, yaxshi kitobni ko’proq yozaylik, rastalarni yaxshi kitoblarga to’ldirib tashlaylik, shu yo’l bilan “Yomon kitob”chilarni dog’da qoldiraylik, olam guliston!

03 Saviyasiz kitoblarni kamaytirishning birdan-bir oqilona chorasi – saviyali kitobxonlar sonini ko’paytirish. Bu borada keskin choralar naf bermaydi. Jarrohlik ketmaydi. Oqilona ma’rifiy usullarni qo’llab ko’rish natija beradi albatta. Misol uchun mamlakat miqyosida doimiy kitobsevarlar muhiti yaratilsa. Buning uchun yilning har faslida uch kundan kitob bayrami o’tkazish mumkin. Shu kunlarda nufuzli jamoatchilik kengashi-hay’ati tomonidan e’tirof etilgan eng yaxshi kitoblar ommalashtirilsa, kengash nashriyotlar reytingini matbuotda e’lon qilsa, to’plangan natijalar ochiq-oshkor va xolisona sharhlansa, tahlil qilinsa, munosabatlar bildirilsa – bularning bari ommabop axborot vositalarida keng yoritilsa, targ’ib etilsa…

011

(Tashriflar: umumiy 1 335, bugungi 1)

Izoh qoldiring