Nazar Eshonqul. Qo‘l & Qora kitob. Qissa

Ashampoo_Snap_2017.12.29_16h04m05s_003_.png     Салом тегирмончи қўлни ҳаммадан олдин пайқади. Агар унинг оиласи жўжабирдай жон, устига устак, оз-моз хасислиги бўлмаганда, ҳар бир тийинни худди жонини олишаётгандай бахиллик билан ишлатмаганда, эҳтимол, қўлни сезмаган ҳам бўларди…

Назар ЭШОНҚУЛ
ҚЎЛ
05

1371291798_nazar-eshonqul.jpgНазар Эшонқул 1962 йили туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишлайди.

Илк асари – “Уруш одамлари” қиссасидан (1989) сўнг, “Момоқўшиқ” (1991), “Ялпиз ҳиди” (1996), “Уфқ ортидаги қуёш”, “Маймун етаклаган одам” (2004), “Шамолни тутиб бўлмайди” (2005), “Шафтоли гули” (2011) каби китоблари нашр қилинган.

05

Салом тегирмончи қўлни ҳаммадан олдин пайқади. Агар унинг оиласи жўжабирдай жон, устига устак, оз-моз хасислиги бўлмаганда, ҳар бир тийинни худди жонини олишаётгандай бахиллик билан ишлатмаганда, эҳтимол, қўлни сезмаган ҳам бўларди: лекин унинг оиласи катта бўлиб, тегирмондан тушгани оила боқишга етмагани учун отасидан қолган касбни ҳам қиларди: у бола-чақаси билан тандир қилиб сотар, шу сабабли уни гоҳ “Салом тегирмончи”, гоҳ “Салом тандирчи” деб чақиришарди. Баъзи терсоталиклар “Саломбойни битта лақаб билан чақирайлик, одам чалғиб кетаяпти!” деганда Панжи муаллим “иккала лақаб ҳам бир-бирига боғлиқ, тегирмон айланиб турса, тандирдан нон узилади, ун бўлмаса, тандирни ким олади?!” деган экан.

Ана шу икки лақабли Салом бир куни дўпписини олиб, бундоқ хомчўт қилса, кейинги ҳафтада уйида озиқ-овқатга одатдаги ҳафталардан кўпроқ харажат қилингандай туюлди. Халтадаги ун ҳам олдинги ойга қараганда анча олдин бўшади. Ёғ, пиёз, картошка ҳам мўлжалдан олдин тугаб қолди. Бундан ташқари, у болаларининг қорни тўймай қолаётганини сезарди: овқатдан сўнг яна нон ва шакарга ружу қўя бошлашди. Шунда бунинг сабабини аниқлашга киришди. Хотини егуликларни ҳамишагидан кам миқдорда қилмаётганини айтди. Балким болалари катта бўлиб қолиб, ошқозонлари кўпроқ овқат талаб қилаётгандир? Балким биронтаси бошқаларининг ҳақини ҳам билдирмасдан икки ҳисса паққос тушираётгандир? Ана шу шубҳада тандирчи овқат маҳали оиладаги ҳар бир оғизни бирма-бир кузата бошлади. Болалари ҳам кейинги пайтда қоринлари овқатга тўймаётгани учунми, олдига қўйилган таомдан бош кўтармай паққос туширишга ўтишганди.

Тандирчи кузата туриб, кўзларига ишонмади – оилада олтита жон, аммо овқатда еттинчи қўл ҳам бор эди – ановилар тўнғич, ўртанча болаларининг қўллари, буниси хотининики, кенжа ўғлиникини ҳали қўл ҳам деб бўлмайди – катта қошиққа ўхшайди. Лекин анови қўл кимники? У бирдан ҳушёр тортди: кўзларини юмиб-очди. Назарида болаларининг ва аёлининг қўлидан ташқари яна бир бегона қўл овқатга шерик бўлаётган эди. У қўлни аниқ кўриб турарди: энг қизиғи, қўл бор эди, аммо эгаси кўринмасди. Қўл ҳам овқат олаётганда пайдо бўлиб, кейин ғойиб бўларди. Салом тандирчи қўлни кўргач, дастлаб, ақлдан озмаяпманми, деб ўйлади. Аммо бошқа кунлари ҳам у хотинининг, ўзининг қўлига ўхшамайдиган бегона қўлни аниқ кўрди. Қўл болалари билан қўшилиб, кафтини тўлдириб овқат олар, бўғиз баробар кўтарилганда таом худди ҳавога сингиб кетгандек ғойиб бўларди. Овқат билан овора бўлган на болалари, на хотини буни сезарди. Дастлаб тандирчи бу шубҳасини ошкор қилиб, бола-чақаси олдида кулгига қолгиси келмади. У бир неча кун обдон кузатди. Йўқ. Бегона қўл ростдан ҳам мавжуд эди. Улар билан қўшилиб, овқат ер, синдирилган нонни олар, гўштга шерик бўлар, ҳатто мевалардан ҳам татиб кўрар, дастурхонда егулик қолмаса, ғойиб бўларди. Салом тандирчи менинг кўзимга кўринаяпти деб ўйлаб, хотинига билдирмай ўзини мулла Абзалга ўқитиб ҳам келди. Аммо ўқиш таъсир қилмади: қўл барибир унга худди кўзга чиққан чипқондек кўринаверди. Салом тандирчи бир куни ахийри жазм қилди: у пайт пойлаб туриб, болаларининг қўллари орасида турган, қовоқ мантидан олиб ҳаво баробар кўтарилаётган қўлни шартта ушлаб олди.

– Бу кимнинг қўли? – деб сўради у қўрқув ва ҳаяжон билан.
Ҳамма уй соҳибининг қаҳрли овозидан бир сапчиб тушди ва шошиб ўз қўлларига, кейин, ҳеч нарса тушунмай, овоз эгасига қарашди ва оталари ушлаб турган қўлга кўзлари тушишди.

Тандирчи узун, нозик, айни пайтда шаполоқдай қўлни ушлаб турар, лой қорийвериб, мускуллари пишиб кетган бақувват панжалар орасида қўл худди қамчи каби билонгларди.

Ана шунда бутун оила эгаси йўқ қўлни кўрдилар ва қўрққанларидан бақириб юборишди. Салом тандирчи ичида енгил тортди: демак, қўл ҳаммага кўринаяпти, гап ўзида эмас. Қўлнинг билакдан пасти кўриниб турар, гўё кесиб ташланган қўлга ўхшарди. Аммо қўл кесилган эмасди, шунчаки тирсакдан нарёғи ҳавода кўринмай турарди. Эгаси эса умуман кўринмасди. Бу ҳол аввал болаларни ваҳимага солди: кенжа ўғил бир ўзининг қўлига, бир эгасиз қўлга қараб туриб, йиғлаб юборди: у яқинларидан бирининг қўли узилиб тушган деган хаёлга борди, чоғи. Хотинининг эса тили калимага келмасди. Ҳамма дастурхондан у-бу егулик олиб, кўтарилаётган қўлга ваҳима ва қўрқув билан тикилиб турарди. Салом тандирчининг умри оғир меҳнатда ўтгани боис зиқна бўлса ҳам жасур одам эди. У бу ерда қўрқадиган сир ёки бирон ваҳима кўрмади: қўлни ушлаб олди-да, лойни ерга уриб пишитадиган мускулдор қўли билан қаттиқ қисди. Қўл иложсиз билонглади, сўнг бу бақувват панжаларга кучи етмаслигини англади, чамаси, худди эриб кетгандек ҳавода ғойиб бўлди. Ҳамма оғзи очилганча қолди. Салом шу билан қўлдан қутулдим деб ўйлаганди. Аммо кечки овқатда қўл яна пайдо бўлди: худди ҳеч нарса бўлмагандек, бошқа қўллар билан таомга узалди. У овқатни олар, бўғиз баробар кўтарар, худди кўзга кўринмас юҳодек ҳавонинг ўзидаёқ овқат ғойиб бўлар, кейин қўл пастга тушиб, яна таомга узаларди.

Бутун оила энди овқатларига бегона қўл шерик бўлаётганига гувоҳ бўлиб туришарди. Салом бир неча марта бегона қўлни ушлаб олди, уни жазолаш учун ҳар хил усулларни синаб кўрди: бир қўлида ушлаганча иккинчи қўли билан мушт қилиб тугганда ёки олдиндан ёнига келтириб қўйган болта, пичоқ, қамчига қўл узалганда ёхуд ёниб турган печканинг ичига тиқмоқчи бўлганда қўл ўз-ўзидан ғойиб бўлар, кейинги овқат пайти эса ҳеч нарса кўрмагандай яна дастурхонда пайдо бўларди. У билан курашишнинг натижаси шу бўлдики, қўл тезда оила аъзоларидан бирига айланди: энди ҳатто кенжа ўғил ҳам уни кўрса ваҳимага тушмас, аксинча, қўлни ҳаммага кўрсатиб, унинг ҳаракатларидан қиқирлаб кулар, қўл эса ўзини меҳрибон кўрсатиб, баъзида болаларнинг бошини меҳр билан силаб қоларди: болалар ҳам аста-секин унинг бошларини силашларига ўрганиб бораётган эди. Унинг ебтўймаслиги, бир ўзи уч кишининг овқатни еётганини, оиланинг молиясига, тирикчиликнинг йўриғига зарар етказаётганини айтмаса, у беозор қўл эди.

У сал бўлмаса, бегоналар олдида ҳам ўзини фош қилиб қўяёзди: ҳамиша бир янгилик қилиб, ўзининг маҳалла раислигини эслатиб турадиган Азим оқсоқол ота-она болаларга дарс қилишга қандай шароит яратганини текшириш учун маҳалла номидан келди-да, ошхонани ҳисобга олмаса, ҳам ётоқ, ҳам меҳмонхона, ҳам дарсхона, ҳам болалар хонаси вазифасини ўтаётган икки хонанинг бирида сандалга оёқларини тиққанча китобдан бош кўтармай ўтирган (маҳалла раиси келишини бошқа хонадонлардан эшитишгани учун дарсликлар ва дафтарлар бир ҳафтадан бери сандал устидан олинмас, ҳаммаси мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги талабларига мослаштирилиб, тахт қилиб қўйилган, тандирчи ҳам гўё ҳар куни болалар шундай сергўшт таом ейишаётгандай қассобдан серсуяк бўлса ҳам гўшт олиб, тушдан сўнг пилик-пирмосга осдириб қўйган, дарвоза тақиллаб, Бўйноқ ҳуриши билан ҳаммаси олдиндан келишилгандек сандал атрофига келиб ўтирилганди) болаларга кўзи тушиб, қониқиш ҳосил қилган бўлди ва одатига кўра дарс қилинаётган хонани бирров кўздан кечирди-да, тандирчининг “Бир пиёла чой ичиб кетинг” деган таклифига “одамгарчилик юзасидан” йўқ демади. Уй бекаси ягона суякни биратўла сузиб кела қолди. Гўшт ҳил-ҳил пишган экан. Азим раис ортиқча манзиратни кутмасдан овқатга қўл чўзди: тандирчи гўшт қозондан энди олингани, шунинг учун сал совутиб ейилса мазаси бошқача бўлиши ҳақида огоҳлантиришга ҳам улгурмади – раис катта суякни икки қўллаб олиб, тишини ботирди – ўқиб юрган йилларида беш йил ётоқхонада яшаган, шунинг учун ҳар қандай таомни кўз очиб-юмгунча ошқозонига жойлашнинг хўб ҳадисини олган, бу одатнинг афзаллигини билгани учун ҳалигача тарк этгиси келмас, маҳаллага раис қилиб сайлангач эса бу қобилиятининг янги қирраларини намоён бўла бошлаган эди. Салом тандирчи унинг гўшт ейишига қараб, лабини ялаб турганда, лип этиб пайдо бўлган қўлни кўрди ва айтадиган гапи эсидан чиқиб, бирпас эсанкираб қолди. Ярамас қўл ҳеч қурса меҳмонлар бор пайти истиҳола қилса керак деб ўйлаганди, йўқ, унга, афтидан, меҳмонми, бошқасими, фарқи йўқ эди, дастурхон ёзилиши билан ўзининг улушини ундириш учун ширага айланган пашшадай пайдо бўларди. Қўл Азим раиснинг болаларга шаполоқ туширавериб, йилдан йилга катталашиб кетган йирик панжалари орасида турган илик томон интилди. Қўл токи етиб боргунча иликнинг тўпиқлари катта тишлар орасида сўрила бошлади. Бу кутилмаган чаққонликдан қўл ҳам бирпас ҳавода муаллиқ туриб қолди: у ўзидан ҳам абжир қўл, тошни ҳам ҳазм қилиб юборадиган ошқозон борлигидан ажабланиб, ҳавода гарангсиб туриб қолганди. Тандирчи пайтдан фойдаланиб қўлни ушлаб олди-да, тагига босиб ўтириб олди: аммо қўлни тагида ушлаб туролмади – у тандирчининг тагида ҳавога айланиб, ғойиб бўлиб, яна дастурхон бошида пайдо бўлди. Бу орада раис косадаги шўрвани ҳам кўтарасига ичиб, бўшатиб улгурган, энди ҳузур қилиб, кўзини дастурхондан узмаган ҳолатда қўлини бир-бирига ишқаб турарди. Яхшиям икки кўзи дастурхонда бўлгани учун бошида осилиб турган қўлни кўрмади.

– Ҳа, майли, – деди ниҳоят Азим раис дастурхонда ейиши мумкин бўлган бошқа тансиқроқ нарсага кўзи тушмагач, – энди бизга рухсат.

Кейин ҳар доимгидай насиҳатгўйлик қилишни эсдан чиқармади.

– Болаларни ҳамиша шундай таомлар билан овқатлантиринг, илиги тўқ, мияси тўлиқ бўлади. Мияси тўлиқ бўлса, мактабда яхши ўқийди, мактабда яхши ўқиса, олий ўқув юртларига кириб, маҳалланинг обрўсини оширади.

Тандирчи сохта жилмайиб, бош ирғаган бўлди, аммо ичида зил кетди: у раис паққос туширган каттагина устихонни ҳам меҳмон, ҳам бутун оила учун мўлжаллаб турганди. Энди эса дастурхонда тўпиғигача сўриб ташланган илик кийими шир ечиб олинган ялонғоч боладай бўлиб ётар, ҳатто кекирдак жойи ҳам чайнаб ташланганди. Ҳар қалай, чулдирак бўлса ҳам шўрваси қолди-ку, шунисига ҳам шукур, деб ўйлади тандирчи.

Азим раис юзига фотиҳа қилган бўлди-да, ўрнидан туриб, нариги хонада дарс қилаётган болаларга яна бир кўз ташлади. Кейин мамнун жилмайди.

– Майли, дарс қилаверишсин, халақит бермай чиқиб кетаман.

Тандирчининг бахтига раис дастурхонга қарамасдан чиқиб кета бошлади: агар қараганда “бу очафотдан бирон егулик қолганмикин?” деган умидда дастурхон устида тимирскиланётган эгасиз қўлни кўриши мумкин эди.

Шундан сўнг тандирчи уйига меҳмон ҳам айтмайдиган бўлди: у қўлдан ташвишда эди. Агар биронтаси кўриб қолса, қишлоқда қанча гап-сўз пайдо бўлишини тасаввур ҳам қилолмасди: ҳамма тандирчининг уйидан жин чиққандай ўзини олиб қочади, яна қанча ғийбатлар кўпаяди, яна қанча маломатлар ёғилади.

Тандирчи болаларига ҳам, хотинига ҳам қўл ҳақида бировга ғинг демасликни тайинлади: эшитган одам тандирчининг хонадони устидан кетини ушлаб кулишлари аниқ эди. Қолаверса, қўл қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ғойиб бўлар, деган умид ҳам йўқ эмасди. Бироқ орадан икки ҳафта ўтса ҳам қўл ғойиб бўлмади: у ўртага таомга узалган олтита қўлнинг еттинчиси бўлиб, худди ўз уйида таомланаётгандай ғойибдаги қорнига овқатни паққос ташлайверарди, “туширарди” эмас, айнан ташларди: қўл панжалари ёки кафтини тўлдириб олган таом бир одамнинг оғзи баробар кўтариларди-да, худди ютиб юборилгандек ғойиб бўларди. Баъзида тандирчи ғира-шира, худди хира тумандек бижирлаб турган баҳайбат, мешдай қоринни кўриб қолгандек бўлар, “Бу қоринни тўйдургунча, мен адои тамом бўламан-ку” деган ваҳима босарди. Қўлнинг пайдо бўлиши оилавий харажатларни бир ҳиссага кўпайтирган бўлса-да, бироқ тандирчининг сабр қилишдан бошқа иложи йўқ эди. Аслини олганда, у бу балони бировга қандай гапириб беришни билмасди: табиийки, эшитган ҳар бир одам тандирчининг соғлигига шубҳа билан қарай бошлайди.

Тандирчи қўл билан курашиб охири чарчади. Энди у биринчи марта бўлганидек қўлни ушлаб, жазолашга уринмасди, зеро бунинг фойдаси йўқлигини ҳам биларди.

Салом тандирчи ва хотини бу инс-жинсларнинг иши деб, уйда қилмаган ирим-сирими қолмади. Хотини фолбинни ҳам, қўшночни ҳам, аввал иситиб, кейин совутувчини ҳам ёки совуганни иситувчини ҳам бошлаб келишди.

Фолбин кекса аёл эди: у шапкўр бўлса ҳам ўртага ташланган қанд-қурсларни мазза қилиб тераётган панжаларни кўриб қолди ва қўлга худди танишини кўргандай бир зум ажабланмасдан қараб турди-да, “Ё пирай, бу отангнинг қўли-ку!” деб юборди тўсатдан. Аввалига эр-хотин сирлари фош бўлганидан довдираб қолишди, кейин, бу эси кирди- чиқди бўлиб қолган кампирнинг гапига барибир ҳеч ким ишонмайди, деган ўйда унга қўл ҳақидаги бор гапни айтиб беришди. Фолбин тезда хўроз сўйиб, мушкулкушод қилишни, еттита кампирни чақириб, ис чиқаришни маслаҳат берди. “Бу аниқ отангнинг қўли. Арвоҳи чирқиллаб қолибди. Очга ўхшайди. Ис чиқарсанг, келмай қолади!” деди. Салом тандирчи кампирга отасининг чап қўл ўрта бармоғининг ярми бўлмаганини, ёшлигида ўроқ юлиб кетганини, бу қўлнинг ўрта бармоғи эса бошқа бармоқлардан бир эн узун бўлиб, кўзга хунук кўриниб чиқиб турганини айтиб ўтирмади: отасининг қўли бўлмаса, бирон авлод-аждодининг қўлидир, ҳозир бунинг нима фарқи бор?! Тегирмончи отасининг қўлини кампир қандай таниганини суриштириб ўтирмади, кампир айтган иримни ҳам қилиб кўришга қарор қилди. Бир оёғи гўрда турган еттита кампир, уларни етаклаб келган яна еттита келинчак, ис чиқишини эшитиб, бехабар қолишса, хафа бўлишини ҳисобга олиб қўшимча чақирилган ўнтача хотин-халажлар, жами ўттизга яқин аёлнинг ис куни еб-ичгани тандирчининг ярим йиллик асраб-авайлаганини ҳавога учирди. Кампирларнинг нафаси ҳам, уларнинг қўлидаги ёнаётган пахта ҳам сурбет қўлни чўчита олмади, лекин кампирлар ёққан пахталарни деб уйи сал бўлмаса ёниб кетаёзди – олов пардага туташганда тандирчи кириб қолди ва пардани узиб олиб, ошхонадаги сув тўла пақирга тиқди, оқибатда ис чиқаришнинг асорати бўлиб, уй деворининг ярми қорайиб қолди.

Шундан сўнг маълум бўлдики, қўлнинг арвоҳларга алоқаси йўқ, у бошқа бир нарсанинг аломати эди: унга ҳеч нарса, ҳатто боди қўзиб, ўрнидан туролмай ётган Мулла Аблазнинг бир коса сув орқали юборган дуою нафаси – “дами” ҳам кор қилмади, зеро бу қўл ғойибнинг ҳукмига ўхшар, худди тандирчининг оилавий тутумини, баракасини йўққа чиқариш, уни кафангадо қилиш учун рўзғорига қарғишдек кириб келганди.

Салом бу танг вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмасди: қўлни ҳар кўрганда бу бало ўзига қаердан ёпишгани, худога ёқмайдиган нима гуноҳ қилгани ҳақида оғир ўйга чўмар, бутун умрини тафтиш қилар, кейин бир пайтлар отасига қаттиқ гапириб, чўлга кетиб қолганини, ўзининг айбини тушуниб қайтиб келганда отаси бу дунё билан хайр-хўш қилиб бўлганини, отасининг кўнглини олиш қиёматга қолганини эслади. Балким, айнан шунинг учун худо унга мана шундай жазо жўнатгандир? Аммо тандирчи ичидагини ташига чиқаролмас, зеро отаси ҳақидаги хотирани ўзидан ва отасидан бошқа ҳеч ким билмасди: тандирчи ўз ёғига ўзи қовурилаб ётарди.

Орадан икки ой ўтиб, бўшаб қолган унхалта-ю, ёғ идишларни кўргач, тандирчининг сабри чидамади. “Бу қандай адолатсизлик! – деб ўйлади у жаҳл билан. – Мен болаларим билан кун узоғи лой тепиб, бир тишлам нонни зўрға топсам-да, бир текинхўр тенг шерик бўлиб ўтирса…” Охири у кириб келган тўнғиз йилининг хосиятсизлиги ҳақида башорат қилиб, Ражаб чўпоннинг ола қўзиси жунида “Аллоҳ” деган ёзув аломатини англаган мулла Келдиёрга бор гапни айтадиган бўлди.

Тандирчи Ражаб чўпоннинг уйига буриладиган муюлишдаги тўнкага ўтирволиб, қишлоққа келаётган ҳар бир машинани тасбеҳга ташлаб ўгириб ўтирган муллани муборак чоршанба кунига тушликка – худойи ошга таклиф қилди. Ош кечаги қизил таёқли Келдиёр «гаи»нинг – бугунги мулланинг жону дили эди: бир пайтлар Келдиёр Қизилтепа постида турганда баъзида жаримага “чойхона оши жазоси”ни ҳам қўлларди: шу сабабли ош бўлган жойдан бўйин товламас, буни бутун қишлоқ аҳли яхши биларди. Саломнинг азза-базза таклифидан сўнг мулла нақ туш пайти боришини билдирди.

Чоршанба куни белгиланган вақтда мулла етиб келди. Ўртага сергўшт ош тортилди. Ошни кўриб, мулланинг кўзлари ёниб кетди ва енг шимариб, ошга ташланди. У уч-тўрт кафт ошни кўзларини юмганча, мазасини тотиб, чайнаб бўлганди ҳамки куттириб қўймай қўл ҳам пайдо бўлди. Даставвал мулла учинчи қўлга эътибор бермади: ҳар кафт оғзига борганда ҳузур қилиб, кўзларини юмиб, чайнаганча, мазасини олар, кейин оғзидагини ютиб юбориб, кўзларини очар, ошнинг энг сергўшт жойларига кафтини ботирарди. У қўлни анчадан кейин кўриб қолди: худди ўзидек энг сергўшт жойларига кафт ботираётган, муллалик ҳурматини қилмаётган сурбет қўлни кўриб, бунақа беадабликдан жаҳлланиб бошини кўтарди. Афсуски, кутгандек, заҳрини сочиш ёки бирон диний нақл айтиб, одобга чақириш учун қўл эгасига кўзи тушмади. Бир қўлга, бир тандирчига қараб оғзи очилиб қолди ва ҳаяжонлаганиданми ё қўрққаниданми, оғзидагини чайнамай ютиб юборди ва туюлиб қолди. Йўталиб, нафаси тиқилаёзди. Тандирчи ўрнидан туриб, елкасига урди. Шундан сўнг мулла сал ўзига келди. Қўл эса уларга эътибор бермай ошни “паққос туширар”, яъни худди мулла каби кафтига сергўшт ошни жойлаб, оғиз баробар кўтарар, кафтда турган бир уюм ош кўринмаётган “оғиз”да ғойиб бўларди. Қизариб-бўзариб кетган, амри-маъруфида қиёмат белгиларини башорат қилганда ҳам бунчалик аломатни кўраман деб ўйламаган мулла чамаси ўн марталар “астағфуруллоҳ” деди. Кўзларини юмиб-очди. “Менга шундай кўринаяпти!” деб ўйлади, чоғи, тандирчига илинж билан қаради, лекин обрўси тушиб кетмаслиги учун оғиз очмади. Яна уч марта “астағфуруллоҳ” деди.

– Сизга ҳам кўриняптими?! – деди тандирчи уни хижолатдан қутқариш учун.

– Кўринаяптими, дейсизми? – мулла тандирчига сир бой бермай қаради. – Нима кўринаяпти?

– Қўл! – деди тандирчи. – Эгаси кўринмайдиган қўл…

Мулла шундагина бироз ўзига келди. Кўзларини лўқ қилиб ҳали ҳам ош “ейишда” давом этаётган қўлга бақрайиб қараб турди.

– Ҳа, кўринаяпти… Бу кимнинг қўли?

– Билмадим… Лекин овқат ейишда бизнинг оила бир томон, бу қўл бир томон. Ҳар қандай таомни олиб шундай ҳавога кўтарса бўлди, ғойиб бўлади…

– Ростданам эгаси йўқми? Умуман кўринмайдими?

Тандирчи бош ирғади.
– Аслида сизни шунинг учун чақиргандим, мулла ака, – деди тандирчи иложсиз оҳангда. – Уйимизда шундай бало пайдо бўлди. Икки ойдан бери кетмайди. Бизни касод қиляпти бу очофат.

Мулла бир тандирчига, бир қўлга қараб узоқ туриб қолди.

– Шунга бир ўқиб қўйсангиз… Зора йўқолса… Мулла Абзал дам солган сувнинг кучи етмади. Сизни унга қарганда нафаси ўткир дейишди.

– Шайтоннинг қўли бу! Астағфуруллоҳ! – деди Келдиёр ниҳоят ўзининг муллалиги эсига тушгандек. – Қаранг, одамнинг қўлига ўхшамайди. Шайтони лайинники… Бу аниқ…

– Йўғ-е, – деди тандирчи. – Оддий қўл-ку…

– Одий қўл эмас! – деди қатъий қилиб мулла. – Бу шайтоннинг қўли. Таомингизга шайтон шерик бўлаяпти… Гўшти ҳалолмиди?

– Ҳа, – деди Салом. – Абсалим қассобдан олганман…

Мулла барибир бош чайқади.

– Охирзамонни шунақа аломатлари бор деб эшитган эдим… Эгаси йўқ қўллар, эгаси йўқ бошлар, эгаси йўқ кўзлар, эгаси йўқ оёқлар эгасини қидириб, осмонда учиб юраркан. Бу қўл ҳам эгасини қидириб келгани аниқ. Саломбек, охирзамон яқинга ўхшайди.

Мулланинг бу қатъий хулосаси қўлга ёқмади чоғи, у лаганга кафт босишдан тўхтаб, забт билан ҳавога кўтарилди ва аввал кўрсаткич бармоғи билан ўрта бармоғи орасига бош бармоғини яхшилаб жойлаштириб олди, кейин мулланинг нақ бурни тагига олиб келиб кўрсатди. Мулла шундоқ кўзига тегай деб турган икки бармоқ орасидаги бош бармоқни кўриб, қўрқиб кетди, гавдасини орқага олди.

– Ие, – деди у кўзлари ола-кула бўлиб кетиб. – Бу ҳали тарбиясиз ҳам экан-ку!

Қўл икки бармоқ орасида турган бош бармоқни кўрсатганча мулланинг бурни тагида анча турди. Кейин яна лаганга қараб шўнғиди, ҳеч нарса бўлмагандек ошни “ҳавога кўтаришда” давом этди.

– Бирон кечирилмас гуноҳингиз эвазига бу! – деди мулла ниҳоят.

– Бир тандирчи бўлсам, – тандирчи нолинди, – эсимни таниганимдан бери тегирмон тошини айлантирман, оёғим лойдан чиқмайди. Менинг қандай кечирилмас гуноҳим бўлиши мумкин?!

– Бандаси қилгани гуноҳини билмайди, аммо Тепага ҳаммаси аён! – деди мулла худди амри маъруф қилаётган оҳангда. – Ҳаммасини ҳисоблаб ўтирувчи ва бундай офатларни юборувчи Роббимиз бор. Товба қилинг, шунда қутуласиз.

– Икки ойдан бери товба қилиб ётибман, – аламли оҳангда деди тандирчи. – Азиз авлиёларга ҳам бордим, етим-есирга садақа ҳам бердим. Фойдаси бўлмади.

Тандирчининг бу гапи муллани ҳушёр торттирди. Ҳозир унчалик мавриди бўлмаса-да, лекин ҳам келжакни, ҳам чўнтакни ўйлаб, жойида танбеҳ бермоқни ва бу адашган бандага тўғри йўл кўрсатишни ўзининг бурчи деб ҳисоблади.

– Садақани аввало оғзида илми бор одамга бериш керак.

Тандирчи содда эди. Мулланинг тагдор гапини тўғри тушунди.

– Қишлоғимиздаги қийналаётган талабаларга ҳам садақа ўрнида йўлкира бердим…

Тандирчининг соддалигидан мулланинг энсаси қотди.

– Талабалар оғзида илми борларга қўшилмайди. Улар ҳар хил нопок ишларга ҳам аралашиб юришади. Шунинг учун уларга берилган садақа ўтмайди. Садақани тоат-ибодатли, илмли кишиларга бермак жойиздур…

Тандирчи бу гапдан анча изза тортди.

– Буни билмас эканман, – тан олди у. – Мулла Аблаз мусофирчиликда юрган талабаларга берган садақаларингиз ўтади, деганди.

Мулланинг бу гапдан ҳам энсаси қотди.

– Мулла Аблаз мадраса талабаларини назарда тутган чоғи, сиз тушунмагансиз.
– Қишлоғимизда унақалар йўқ-да.

Мулла Келдиёр энди бу гўл бандасига очиқроқ ишора қилишига тўғри келди.

– Унақа талабалар бўлмаса ҳам, эртаю кеч ибодат билан машғул кишилар бор, – деди бироз зарда билан.

Бу орада лаганда ош тугаган, қўл энди ўртага қўйилган мевалардан тотинарди. Мулланинг эса иштаҳаси буғилганди. Шу сабабли ҳам қўлнинг безбетлигидан ҳамда ўзига аталган меваларга дахл қилаётганидан жаҳли чиқди.

– Бу ростданам очафатнинг ўзи экан, – деди у. – Ҳаммасини ямламай ютяпти. Хўш, бундай қиламиз… Андак чиқимдорроғ-у, аммо иш бериши аниқ… Мен қирқ кун кечаси билан қайтарма қилиб ўқийман. Шу билан тинчиб кетасиз, хонадонингизга ором киради…

Салом хурсанд бўлиб кетди: зора қайтарма иш бериб, қўлдан қутулса… Тандирчига қайтарма қилиш бир тўқлига тушган бўлса-да (униям қайнисидан қарз олишга тўғри келди), мулла Келдиёр ваъдасида турди: қирқ кунда қайтарма қилиб ўқиб берди. Тандирчи энди “шайтон қўли”нинг уйдан ғойиб бўлишини сабрсизлик ва интиқлик билан кута бошлади. Зеро, қўл пайдо бўлганидан бери рўзғор секин қарзга кира бошлаганди. Бу ҳолат тандирчининг кўнглини ғаш қилиб тургани учун қайтармадан умиди катта эди. Аммо қўл мулла Келдиёр айтгандек, қайтарма қилингандан сўнг бир ҳафта эмас, уч ҳафта ўтса ҳам йўқолмади. Тўртинчи ҳафтада рўзғорни эплаб туриш учун яна қарз олишга тўғри келди.

Бешинчи ҳафтага келганда у ўзини мулла Келдиёр бир тўқлига чув туширганига, қайтармаси иш бермаганига амин бўлди. Шунинг учун дардини ёриш учун ишончлироқ одам излай бошлади. Бу пайтда барака кетиб, фақат қарзга кун кўраётган бўлса-да, Панжи муаллимдан маслаҳат олишга қарор қилди: қўпол, қўрс бўлса ҳам у тўғрисўз одам, бир томони аёлига қариндошлиги бор. Панжи муаллим ҳам атойи худойининг дарагини эшитиб, маҳтал қилмасдан етиб келди. У ҳам худди Азим раисдай иликни ўз олдига қўйиб ейишга чоғланган ҳам эдики, қўл ўтган гал учун ҳам ундан аламини олди: иликни унинг олдидан тортиб олди-да, ҳавога кўтарилди ва худди ўтган гал Азим раис паққос туширгандай иликдаги этни ямламай “юта” бошлади.

Буни кўрган Панжи муаллим эси оғгандай ҳаводаги қўлга қараб турар, этга қўшиб ейиш учун тишлаган нони ҳам оғзидан тушиб кетганди. Салдан сўнг у тандирчига гарангсиб қаради.

– Бу нима?! – деб сўради зўрға тили айланиб.
– Қўл! – деди тандирчи бамайлихотир.

– Қўллигини кўраяпман, – зарда қилди муаллим. – Кимнинг қўли? Эгаси нега кўринмаяпти?

– Сизни шунга чақирдим. Эгаси кимлигини аниқлаб, ҳайдаб юбормасак, мени хонавайрон қилаяпти, домла…

Бу гапларни айтаётганда тандирчининг кўзларидан ёш чиқиб кетди: унинг сабр косаси ҳам, кўнгли ҳам тўлиб бўлганди. Суяги қора меҳнатда қотган, қишлоқда зиқна ва қаҳри қаттиқ деб ном чиқарган кап-катта одамнинг кўзида ёш кўриб, Панжи муаллимнинг ҳам йиғлагиси келиб кетди.

– Анчадан бери борми?
– Анчадан бери… Икки ойдан ошди, – тан олди тандирчи боладай пиқилларкан.

– Йиғламанг. – таскин берди муаллим. – Ҳаммаси яхши бўлади.

У эти тобора шилиниб бораётган ҳаводаги иликка алам билан қараб турар, агар шу қўл бўлмаганда бу илик ҳам, ундаги эт ҳам ҳозир ўзиники бўлишини ичдан ҳис қилиб турарди. Муаллим бидъатчи эмасди ва ҳар бир масалага илм кўзи билан қарарди. Бу гал ҳам шундай қилди: ўзича чамалаб кўрди. Сўнг ўрнидан турди – қўл иликдан этни ажратиб олиш билан овора эди – тандирчини ҳайрон қолдириб, қўлнинг орқа тарафига ўтди ва, афтидан, қўл эгасининг кетини мўлжаллаб, худди ўн бир метрдан тўп тепаётган футболчидай, бор кучи билан тепди: тепки шунчалик кучли эдики, унда илик алами ҳам мужассам бўлганди – аммо Панжи муаллим кутганидек оёғи қўл эгасининг кўринмаётган кетига тегмади, аксинча, унинг зарб билан тепилган оёғи ҳавони визиллаб кесиб ўтди, очиқ ҳавода нақ шифтгача кўтарилди: муаллим ўзини тутолмай шундоқ қўлнинг тагига гурсиллаб дустаман йиқилди. У бирпас ўзига нима бўлганини билмай ётди. Тандирчи ҳам қўрқиб кетди: ҳозир дийдиё қилиб ўтирадиган пайт эмаслигини англаб, кўзидаги ёшни артди-да, ерда мурдадай чўзилиб ётган муаллимнинг елкасидан кўтара бошлади.

– Бунинг кети қани?! – деди ётган ерида муаллим ўзининг ҳаракатига изоҳ бергандек, худди муҳаббати рад этилган ўн саккиз яшар йигитдек озурдалик билан. – Боплаб тепмоқчи эдим-да ўзиям. Агар текканда нақ дўзахга бориб тушарди…

Дастурхонга илик тап этиб тушди: унда бир тишлам ҳам эт қолмаганди. Қўл чўзилиб ётган муаллимнинг устига келди ва кафтларини ёпиб олиб, мушт қилди, сўнг муаллимнинг саволига жавоб ўрнида нақ бошига келиб, уч-тўрт марта баланд-паст бўлди, натижада муаллим ҳам, тандирчи ҳам қўл нима демоқчилигини дарров тушунди: агар қўлнинг қолган қисмлари ҳам, эгаси ҳам кўринганда, унда у чап қўлининг тирсагидан ушлаб, муаллимга кўпчилик биладиган чапани ишорани кўрсатаётганини англамасликнинг иложи йўқ эди.

Муаллим ўрнидан турганда қўл ғойиб бўлганди. Афтидан у қари, шанғи ва инжиқ одам билан талашиб, обрўсини кеткизгиси келмай, ҳавога сингиб кетганди.

Шундай бўлса ҳам муаллим тандирчига энг оқилона, бепул маслаҳат берди: қўл ҳақида расмий идоралар билан, дастлаб, маҳалла раиси билан гаплашиш керак. “Маҳалланинг баланд-пастига масъулми, у нималар бўлаётганини, фуқароларни қандай ўмаришаётганини билсин ва ёрдам берсин. Шусиз ҳам ёрдамга муҳтож оилаларга ажратилган пулни ўзи “гум” қилиб, семириб ётибди”. Салом тандирчига бу маслаҳат маъқул келди: у ўтган йили ўттиз йил мактабда ишлаб, директор бўлолмагач, раисликка номзодини қўйган Азимнинг хуфя илтимоси билан қариндошларини унга овоз беришга кўндирган эди. Шу сабабли оқсоқол ўзини қарздор ҳис қилиб, зора ёрдам қўлини чўзса…

Салом умид билан маҳалла идорасига йўл олди.

Унинг гапларини батафсил эшитган Азим раис тандирчини маҳалланинг аксар тирикчиликка ўралашиб қолган одамлари каби руҳан чарчаган, деб ўйлади. Аммо орага мулла Келдиёр ҳам аралашгани ва қўлни кўрганини эшитгач, ўйланиб қолди.

– Ука, – деди у ниҳоят ўйлаб бўлгач. – Мен бунақа чўпчакларга ишонмайман. Лекин билишимча, сизнинг уйингизда жиноят содир бўлаяпти. Кимдир уйингизда худди кинолардагидек кўринмас қиёфага кириб, ҳозирги техникада бунинг иложи кўп, ўғирлик билан шуғулланаяпти. Шундайми?

Тандирчи ўйлаб кўрса, масалани раис тушунтиргандай изоҳласа ҳам бўларкан. Шунинг учун бош ирғади.

– Умуман, шундай… Уйимдан ўғирлик содир бўлаяпти…

– Ўғирлик ҳақидаги шикоят билан менга эмас, ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларига мурожаат қилишингиз керак.

Тандирчи умрида бирон марта ҳам ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларига шикоят қилмаганди, зеро улар ҳам “Нима шикоятингиз бор, мана биз ҳуқуқингизга масъулмиз!” деб олдига келмаган. Шунинг учун раиснинг таклифига тушунмади. Раис маҳаллага ёрдам сўраб келган ҳар қандай муҳтожга ёрдам қўлини чўзиш учун адолатли тарзда сайланмаганми, тандирчига ўзи айтиб туриб, ариза ёздирди.

— Қани, шундай деб ариза ёзинг. Менким, Салом тандирчи… уйимда шундай – шундай… номаълум шахслар томонидан…

— Шахс дегани нимаси? – сўради тандирчи эгри-бугри ёзишдан тўхтаб.
— Шахс – бу кимса дегани.

— Мен ҳеч қандай шахсни, яъни кимсани кўрганим йўқ. Бизникига фақат эгасиз қўл келади…

— Русуми шунақа… “Шас” эмас, “шахс”, думсиз қилиб ёзинг… хўш… давом этамиз… ўғирлик содир этилмоқдаким, ёрдам беришингизни сўрайман… Ана бўлди… Энди маҳалла нозирининг олдига борамиз…

Салом тандирчи билан раис ажи-бужи қилиб ёзган аризани кўтариб, шундоқ маҳалла идорасида жойлашган нозирнинг хонасига киришди.
Аризани ўқиб кўрган нозир ҳеч нарса тушунмади, тандирчининг ўзидан сўрай бошлади, соддалик қилиб, тандирчи яна қўл ҳақида гапириб берди. Нозир ўрнидан туриб, Салом тандирчининг олдига келди-да, унинг кўзларига узоқ қараб турди. Кейин компьютерга ўтириб, уни узоқ титди. Излаганини тополмади, ҳафсаласи пир бўлиб, яна Салом тандирчига ўгирилди.

— Ака, тўғрисини айтинг, ҳар хил радиоларини кўп эшитасизми??! – деди дабдурустдан.

— У қаерда бўлади? – деди тандирчи саволга тушунмай.

Нозир уни ўзини гўлликка солаяпти деб ўйлади.

– Балодай тушуниб турибсиз. Эгасиз ўғри қўлни кўрган одам тушунмаслиги мумкин эмас. Радионгиз борми деяпман? – деди саволга жавоб бермай.

– Бор, – деди тандирчи… – Эскириб кетган. Хотин устига болаларнинг китобини тахлаб қўяди.
– Ўша устига китоб тахланган радиони кўп эшитасизми? Ҳар хил давлатларкникини…

Салом тандирчи умуман радио эшитмаслигини, қолаверса, радиоси отамзамонлардан буён ишламаслигини, Асрорқулнинг монтёр ўғли титиб кўргандан сўнг қуруқ қутининг ўзи қолганини айтди. Нозир унга ишонмай қараб турди:

– Қизиқ, – деди у столни чертар экан. – Унда бу ариза билан нима демоқчисиз?

— Шу… уйимда қандайдир қўл пайдо бўлган. У мени касодга учратаяпти, барака кетди… ортиқча харажат дегандай… Хуллас, уни деб рўзғорни бутлай олмаяпман. Тирикчилик оғир бўлиб қолди.

Нозир ўрнидан туриб кетди.

– Бу билан нимага ишора қилаяпсиз? А? Нимага?

– Менми? – деб сўради тандирчи нозирнинг кутилмаган саволига тушунмай.

– Ҳа, Сиз… мана бу аризани ёзган сизмисиз?
– Мен…

– Унда саволимга жавоб беринг. Бу гапингиз билан нимага ва кимга ишора қилаяпсиз?

Тандирчи деразадан ташқарига қараб олди. Нозир “нимага ва кимга” деганда ташқарида имтиёз билан ёғ-поғ олиш учун тўпланиб турганларни назарда ўтаяптимикин, деб ўйлади.

– Ҳалигиларга…-деди нозир. – Яъни бизни ёмон кўрадиганларга…

Унинг саволидан оқсоқолнинг ҳам ранг оқариб кетди.

– Мен унақа одамларни танимайман, – деди тандирчи… – мен мана оқсоқол гувоҳ… аризани бирга ёздик.

Нозир оқосқолга синовчан кўз ташлади.

– Туҳматни қаранглар! – деди ранги оқариб кетган раис. – Ҳали мени ҳам шерик қилмоқчимисиз?! – Оқсоқол нозирнинг қарашидан хавотирга тушиб.

Тандирчи довдираб қолди.
– Аризани сиз билан ёздим-ку…

– Тўғри, мен билан ёздингиз. Мен фақат сиз айтган гапларни қоғозга қандай тушириш кераклигини айтиб турдим. Бирга ёздик деганингизга ўлайми… Сал бўлмаса, бирга жиноят қилганмиз ҳам дейди булар…

Кейин нозирга тушунтира бошлади.

– Бу киши уйимда номаълум ўғри пайдо бўлди деб келди. Мен эса бу гапларни менга эмас, нозирга ёзинг деб олдингизга олиб келдим… – деди оқсоқол тандирчи яна бир нарса деб қўймасин деб.

– Унда нега қанақадир эгаси кўринмаган қўл деяпти… Тўғридан тўғри ўғри пайдо бўлди деса ўладими?

– Аризага расамади қилиб ёзилган… Энди бу киши еттинчи синфгача ўқиган. Савод андак чатоқроқ… Қолгани халқ оғзаки ижоди… Халқимиз бахшиларни яхши кўриши шундан… Шунга сиздан бу ҳолатни ўрганиб чиқсангиз деб келган эдик.

Нозир энди енгил тортди. Аризани олиб, уни яна бир ўқиб чиқди-да, кўнгли тўлди чоғи, столда ётган папканинг ичига соларкан, оқосоқолга ҳурмат оҳангда гапирди.

– Сиз маҳаллий ҳукуматсиз. Текшир десангиз, текширамиз. Бизни бу курсига шунинг учун ўтирғизиб қўйишган.

Хуллас, эртасига маҳалла раиси билан нозир “шахси номаълум кимса томонидан ўғирлик содир этилаётган объектни” ўз кўзлари билан кўришга борадиган бўлишди.

Салом тандирчи қарз-ҳавола қилиб, бозорлик қилди, уйига оқсоқол айтганидек, нозир хуш кўрадиган қовурдоқ остирди, оқсоқол “нозирнинг томоғидан овқат ўтиши андак қийин, шунинг учун ўрус шишасини сувга ташлаб қўйинг”, деганди, бир эмас, учтасини ташлаб қўйди.

Тушдан кейин оқосқол билан нозир қўлтиғида бир талай қоғозлар кўтариб кириб келишди.

– Қани, ўша ўғри қўлни кўрсатинг-чи!-деди нозир худди жиноятни ҳозир фош этадиган шашт билан.

Оқсоқол “Аввал таом, бад аз калом!” дея нозирни таомга таклиф қилиб, тандирчини туртди. Аслида тандирчига ҳам шу керак эди. Мана энди тўкин дастурхон устида ўғрини ўз кўзлари билан кўришсин. Шунда ҳар хил радиони кўп эшитадими йўқми, ҳаммасини ўзи ҳам билиб олади.

Кутилгандек базм бошланиб, нозир устма-уст икки пиёла бўшатгач, кутилгандек қўл пайдо бўлди. Нозир озроқ кайф қилганидан қовурдоқ билан овора эди. Тандирчи оқосоқолни туртиб, қўлга ишора қилди: қўлга кўзи тушган оқсоқолнинг кўзлари чиқиб, Панжи муаллимнинг “Етимларнинг ҳақини еганлар қўрққан пайти оқармайди, раис ҳам етимларнинг пулини еб ётибди” деган ғийбатида жон бор чоғи, ранги кўкариб кетди. Оқсоқолнинг дастурхонинг чап бурчагига қараб безрайиб қолганини кўрган нозир ҳам у қараб турган томонга кўз ташлади ва у кейинги гал олиб маза қилиб чайнайман деб мўлжаллаб турган туюрни эгаси кўринмаётган қўл олиб, ҳавога кўтарганини кўрди: нозирнинг оғзини ланг очдириб, туюр шундоқ ҳавода ғойиб бўлди. Қўл энди бошқа бир туюрни картошкага қўшиб “паққос” кўтара бошлади. Нозирнинг оғзи анча пайтгача очилиб турди – у кўплаб ўғирликларга шахсан гувоҳ бўлганди, аммо ўғирланган ашёвий далилнинг ҳавога айланиб кетишини биринчи марта кўриб туриши эди – унинг гезарган лунжи атрофида бир-иккита пашша ҳам айлана бошлади. Ҳаяжон пайти томоғи ҳам қилтиллаб қолади, шекилли, нозир ўзини босиш учун яна икки пиёлани бўшатди.

– Мана шу… ўғри, – деди тандирчи пайтдан фойдаланиб. – Сиз менга ишомагандингиз…

Нозир унинг гапини деярли эшитмади. У ҳали ҳам қўлга қараб турар, қўл эса бирпасда ярим лаган гўштни ҳавога “кўтариб”, чангини ҳам чиқармай йўқ қилиб бўлганди.

Ниҳоят нозир ўзига келди ва касби эсига тушиб, пойлаб туриб, қўлни ушлаб олди. Қўл ҳукумат вакилининг қўлида балиқдай типирчилай бошлади. Нозир ёнидан тўппончасини чиқариб, уни қўлнинг кафтига тўғирлади ва ҳар қандай душманни ер тишлатадиган қатъият билан сўради:
– Кимсан? Ҳозир отиб, дабдалангни чиқараман!

Нозир бу гапларни қанчалик важоҳат билан мардоновар айтган бўлса, қўл пинагини ҳам бузмай, тандирчи ва оқсоқолни ҳайратга солганча, иккита бармоғи орасидан яна ўша бош бармоғини чиқариб, нозирга кўрсатдики, ўзининг гапидан филдай шишиб турган нозирнинг ели чиқиб кетгандай бўлди: у ҳали икки бармоқ орасидан чиқиб турган бош бармоқ таъсиридан ўзига келмасидан қўл унинг қўлида ҳавога сингиб ғойиб бўлди. Нозир атрофга аланглаб, қўлида тўппонча билан уни излай бошлади. Йўқ, у ғойиб бўлганди. Кейин у тандирчига ғазаб билан боқди.
– Бу нима ўйин? Бу фокусни ким қилаяпти? Ким қилган бўлса ҳам пушаймон бўлади.

Унга бу фокус ҳам, кўзбойлоғичнинг ўйини ҳам эмаслигини тушунтириш учун анча вақт кетди. Фақат иккинчи шиша бўшагандан сўнггина нозир уларнинг гапига ишонди. Учинчи шишада эса нозир тандирчининг юзидан ўпиб, “Бунинг-ку, қўли кўриниб турибди, умуман, ўзи йўқ жиноятчиларни ҳам товбасига таянтирадиганлар борлигини” айтиб мақтана бошлади. Ўша пайти бу гапларни ароқ таъсирида алжираш деб тушунишганди. Икки кундан сўнг исковуч ит билан бир тўда қуролланган одамлар келишганда нозир рост гапирганига амин бўлишди. Гуруҳ ҳақиқатан ҳам қилни қирқ ёрадиган, излаганини топмаса қўймайдиган барзанги ва таптортмас йигитлардан иборат эди: ҳовлида ҳам, молхона-қўраларда ҳам биронта ирга, биронта бурчак қолмади: арининг уясигача, ҳовли деворининг тагидаги сичқон инигача махсус асбоб-ускуналари билан титиб чиқилди, хуллас, сичқоннинг инини минг танга қилишдики, ковлаб кўрилмаган жой қолмади – тандирчининг ҳовлиси бирпасда ғалвирдай титиб ташланди – у энди нақ бомба тушгандай хароба манзилга айланганди. Камини итга қўйиб беришди: ит, афтидан, уларнинг ишончини қозонган ёки ростданам кучли искабтопар эди: у қаерни ҳидлай бошласа, гуруҳ ўша ерни ковлашга тушарди. Тандирчининг отасидан қолган деворларнинг тагида нимадир бормиди ёки ростданам қўл ўша пойдевор ёриқларини ўзига макон қилганмиди, ҳар қалай, ит уйнинг ҳар икки қадамини худди хазина топгандай ҳидлаб қолар, изидан келаётганлар дарров ковлашга тушишар, бир хандақча чуқурлик ковлашгандан сўнг у ердан сўнгги бир асрдан ортиқ давр мобайнида вақт тупроғи ютиб юборган турли рўзғор буюмлари: сопол идишларнинг синиқлари, чойнак қопқоқлари, арқон ёки кигиз қолдиқларига ўхшаган лаш-лушлар чиқарди – ҳовли бундай ноёб асори-атиқалар билан деярли тўлиб бўлди: уйнинг ичида ҳам, ташқарисида ҳам, девор тагида ковлаб кўрилмаган бир қарич ҳам жой қолмади, аммо қўл ўта айёр ёки ростданам маккор Шайтонга тегишли эди чоғи, тутқич бермади. Кечга бориб, гуруҳ ҳам, ит ҳам ҳолдан тойди.

– Бу ерда ҳеч қандай ўғри ҳам, биз қиладиган иш ҳам йўқ, – деди ниҳоят уларнинги ичидаги норғули, чамаси, у бошлиқ эди. – Менимча, уй эгаларини шифокорга кўрсатиш керак.

Унинг шу гапини кутиб туришгандек, бутун гуруҳ ҳовли бўйлаб ёйиб ташлашган асбоб-ускуналарини йиғиштириб, ҳайдовчиси тоқати тоқ бўлиб кутиб ўтирган машинага солишди-да, жўнаб қолишди: машина жойидан қўзғалиб, муюлишига етмасдан пахсадан қурилган уйнинг пойдевори титилиб кетиб, батомом қулаб тушди ва ундан кўтарилган чанг Лангаротадан ҳам кўриниб турди.

Бошпанасиз қолган тандирчи вайронага айланган уйи устида бошини ушлаганча ўтирар, кўриниши афтодаҳол, юз-кўзида умидсизлик, ночорлик, тушкунлик билан бирга афсус-надомат акс этар эди. Болалар эса ташлаб кетилган жанг майдонини эслатадиган уй устида аллақачон “уруш-уруш” ўйинини бошлаб юборишган, тандирчининг аёли эса тиззасини қучоқлаганча уй қулаб тушаётганда девордан отилиб тушиб, ёнига думалаб келган тешик элагига карахт ҳолда қараб турарди.

Маҳалла идораси ўзига юклатилган вазифани уддалади: тандирчининг оиласини танг пайтда ўз ҳолига ташлаб қўймади: унга токи уйини тиклаб олишгунча амаллаб яшаб турса бўладиган чодир беришди.

Тандирчи қанча ҳаракат қилмасин, ойни этак билан ёпиб бўлмади: эгаси йўқ ўғри қўл ҳақидаги қўшиб чатилган миш-мишлар бутун вилоятга тарқаб кетди.
Энди турли жойлардан, газетлару нашрлардан, телевидение ва радиодан мухбирлар, ҳар хил илмий текшириш даргоҳларидан олимлар, ҳатто бу сирли ҳодисадан ўзларига наф чиқаришни ўйлаган сиёсатчилар келишар, бу ғаройиб воқеани турли усуллар билан тадқиқ ва таҳлил қилишар, шарҳлашар, қишлоқ аҳлидан интервьюлар олишарди. Маҳаллий аҳоли ўзлари ҳеч қачон кўрмаган қўл тўғрисида тўқиб-бичиб, қўшиб-чатиб гапириб беришарди: дастлабки интервьюларда оддий одамларникига ўхшаш бўлган қўл охирги интервьюларда кўзга кўринмас улкан девнинг нақ чинордай келадиган қўлига айланиб улгурганди. Фақат улар тандирчининг уйига яқинлашолмасди. Тандирчи энди тақдирга тан берганди: у тобора дармони қуриб, кучдан қолаётган бўлса-да, эгаси йўқ қўл учун ҳам ишлашга, унинг ебтўймас қорнини бир илож қилиб тўйдиришга, ундан ортганини болалари билан баҳам кўришга алалоқибат рози бўлган, у энди қўл ҳақида ҳеч кимга гапирмас, интервью ҳам бермас, келганларни ҳовлига киритмасди ҳам. Четдан келганлар ҳам, қишлоқдошлари ҳам энди дарвозадан нарида туриб, ҳовли ўртасида, вайронага айланган уй ёнига қурилган чодир олдида турмуш ва тирикчилик билан куймаланиб юрган тандирчининг оиласига кўзлари тушарди…

Тамом.

Қиссадан ҳисса ёхуд якунга қўшимча якун

Идоранинг мажлислар зали терсоталиклар билан лиқ тўлган, ғала-ғовур, одам одамни танимас, қандайдир бақир-чақир, тўс-тўполон ҳукмрон эди.

Мулла Келдиёр залга кириши билан одамлар бирдан тинчиди: ҳамма унга худди халоскорини кўргандек нажот билан тикилиб туришарди.

– Келдингизми, мулла, – деди маҳалла нозири билан минбарда ўтирган Азим раис ўрнидан туриб унга пешвоз чиқаркан. – Одамлар кутиб қолишди.

– Нима гап, оқсоқол? – деди мулла овозига бироз беписандлик қўшиб. – Бизни бунақа мажлисларга чақирмасдингиз-ку!

– Бизга ёрдам бермасангиз бўлмайди. Сиз кўпни кўрган одамсиз… Яна оғзингизда илмингиз бор… Қолаверса, сиз буларни олдиндан билгансиз…

Мулла Келдиёр бу эътирофдан бир қоп шишган бўлса-да, лекин бутун қишлоқ нега ўзини кутиб, тўпланиб турганидан хавотир олиб, ўзига тикилиб турган зал тўла одамга юзланди.

– Эгаси йўқ қўл энди ҳамманинг уйида пайдо бўлибди! – деди оқсоқол муллани масаладан тезроқ хабардор қилиш учун.
Бу хабардан сўнг бутун залга ўлик сукунат чўкди: ҳамма мулла Келдиёрнинг оғзини пойлаб турарди…

Энди тамом.

0_f3c45_f9f0bc9a_orig.jpg Salom tegirmonchi qo‘lni hammadan oldin payqadi. Agar uning oilasi  jo‘jabirday jon, ustiga ustak, oz-moz xasisligi bo‘lmaganda, har bir  tiyinni xuddi jonini olishayotganday baxillik bilan ishlatmaganda, ehtimol,  qo‘lni sezmagan ham bo‘lardi…

Nazar ESHONQUL
QO‘L
05

0_166297_10666531_orig.jpgNazar Eshonqul 1962 yili tug‘ilgan. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Uzoq yillardan buyon O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasi tizimida ishlaydi.

Ilk asari – “Urush odamlari” qissasidan (1989) so‘ng, “Momoqo‘shiq” (1991), “Yalpiz hidi” (1996), “Ufq ortidagi quyosh”, “Maymun yetaklagan odam” (2004), “Shamolni tutib bo‘lmaydi” (2005), “Shaftoli guli” (2011) kabi kitoblari nashr qilingan.

05

Salom tegirmonchi qo‘lni hammadan oldin payqadi. Agar uning oilasi jo‘jabirday jon, ustiga ustak, oz-moz xasisligi bo‘lmaganda, har bir tiyinni xuddi jonini olishayotganday baxillik bilan ishlatmaganda, ehtimol, qo‘lni sezmagan ham bo‘lardi: lekin uning oilasi katta bo‘lib, tegirmondan tushgani oila boqishga yetmagani uchun otasidan qolgan kasbni ham qilardi: u bola-chaqasi bilan tandir qilib sotar, shu sababli uni goh “Salom tegirmonchi”, goh “Salom tandirchi” deb chaqirishardi. Ba’zi tersotaliklar “Salomboyni bitta laqab bilan chaqiraylik, odam chalg‘ib ketayapti!” deganda Panji muallim “ikkala laqab ham bir-biriga bog‘liq, tegirmon aylanib tursa, tandirdan non uziladi, un bo‘lmasa, tandirni kim oladi?!” degan ekan.

Ana shu ikki laqabli Salom bir kuni do‘ppisini olib, bundoq xomcho‘t qilsa, keyingi haftada uyida oziq-ovqatga odatdagi haftalardan ko‘proq xarajat qilinganday tuyuldi. Xaltadagi un ham oldingi oyga qaraganda ancha oldin bo‘shadi. Yog‘, piyoz, kartoshka ham mo‘ljaldan oldin tugab qoldi. Bundan tashqari, u bolalarining qorni to‘ymay qolayotganini sezardi: ovqatdan so‘ng yana non va shakarga ruju qo‘ya boshlashdi. Shunda buning sababini aniqlashga kirishdi. Xotini yeguliklarni hamishagidan kam miqdorda qilmayotganini aytdi. Balkim bolalari katta bo‘lib qolib, oshqozonlari ko‘proq ovqat talab qilayotgandir? Balkim birontasi boshqalarining haqini ham bildirmasdan ikki hissa paqqos tushirayotgandir? Ana shu shubhada tandirchi ovqat mahali oiladagi har bir og‘izni birma-bir kuzata boshladi. Bolalari ham keyingi paytda qorinlari ovqatga to‘ymayotgani uchunmi, oldiga qo‘yilgan taomdan bosh ko‘tarmay paqqos tushirishga o‘tishgandi.

Tandirchi kuzata turib, ko‘zlariga ishonmadi – oilada oltita jon, ammo ovqatda yettinchi qo‘l ham bor edi – anovilar to‘ng‘ich, o‘rtancha bolalarining qo‘llari, bunisi xotininiki, kenja o‘g‘linikini hali qo‘l ham deb bo‘lmaydi – katta qoshiqqa o‘xshaydi. Lekin anovi qo‘l kimniki? U birdan hushyor tortdi: ko‘zlarini yumib-ochdi. Nazarida bolalarining va ayolining qo‘lidan tashqari yana bir begona qo‘l ovqatga sherik bo‘layotgan edi. U qo‘lni aniq ko‘rib turardi: eng qizig‘i, qo‘l bor edi, ammo egasi ko‘rinmasdi. Qo‘l ham ovqat olayotganda paydo bo‘lib, keyin g‘oyib bo‘lardi. Salom tandirchi qo‘lni ko‘rgach, dastlab, aqldan ozmayapmanmi, deb o‘yladi. Ammo boshqa kunlari ham u xotinining, o‘zining qo‘liga o‘xshamaydigan begona qo‘lni aniq ko‘rdi. Qo‘l bolalari bilan qo‘shilib, kaftini to‘ldirib ovqat olar, bo‘g‘iz barobar ko‘tarilganda taom xuddi havoga singib ketgandek g‘oyib bo‘lardi. Ovqat bilan ovora bo‘lgan na bolalari, na xotini buni sezardi. Dastlab tandirchi bu shubhasini oshkor qilib, bola-chaqasi oldida kulgiga qolgisi kelmadi. U bir necha kun obdon kuzatdi. Yo‘q. Begona qo‘l rostdan ham mavjud edi. Ular bilan qo‘shilib, ovqat yer, sindirilgan nonni olar, go‘shtga sherik bo‘lar, hatto mevalardan ham tatib ko‘rar, dasturxonda yegulik qolmasa, g‘oyib bo‘lardi. Salom tandirchi mening ko‘zimga ko‘rinayapti deb o‘ylab, xotiniga bildirmay o‘zini mulla Abzalga o‘qitib ham keldi. Ammo o‘qish ta’sir qilmadi: qo‘l baribir unga xuddi ko‘zga chiqqan chipqondek ko‘rinaverdi. Salom tandirchi bir kuni axiyri jazm qildi: u payt poylab turib, bolalarining qo‘llari orasida turgan, qovoq mantidan olib havo barobar ko‘tarilayotgan qo‘lni shartta ushlab oldi.

– Bu kimning qo‘li? – deb so‘radi u qo‘rquv va hayajon bilan.
Hamma uy sohibining qahrli ovozidan bir sapchib tushdi va shoshib o‘z qo‘llariga, keyin, hech narsa tushunmay, ovoz egasiga qarashdi va otalari ushlab turgan qo‘lga ko‘zlari tushishdi.

Tandirchi uzun, nozik, ayni paytda shapoloqday qo‘lni ushlab turar, loy qoriyverib, muskullari pishib ketgan baquvvat panjalar orasida qo‘l xuddi qamchi kabi bilonglardi.

Ana shunda butun oila egasi yo‘q qo‘lni ko‘rdilar va qo‘rqqanlaridan baqirib yuborishdi. Salom tandirchi ichida yengil tortdi: demak, qo‘l hammaga ko‘rinayapti, gap o‘zida emas. Qo‘lning bilakdan pasti ko‘rinib turar, go‘yo kesib tashlangan qo‘lga o‘xshardi. Ammo qo‘l kesilgan emasdi, shunchaki tirsakdan naryog‘i havoda ko‘rinmay turardi. Egasi esa umuman ko‘rinmasdi. Bu hol avval bolalarni vahimaga soldi: kenja o‘g‘il bir o‘zining qo‘liga, bir egasiz qo‘lga qarab turib, yig‘lab yubordi: u yaqinlaridan birining qo‘li uzilib tushgan degan xayolga bordi, chog‘i. Xotinining esa tili kalimaga kelmasdi. Hamma dasturxondan u-bu yegulik olib, ko‘tarilayotgan qo‘lga vahima va qo‘rquv bilan tikilib turardi. Salom tandirchining umri og‘ir mehnatda o‘tgani bois ziqna bo‘lsa ham jasur odam edi. U bu yerda qo‘rqadigan sir yoki biron vahima ko‘rmadi: qo‘lni ushlab oldi-da, loyni yerga urib pishitadigan muskuldor qo‘li bilan qattiq qisdi. Qo‘l ilojsiz bilongladi, so‘ng bu baquvvat panjalarga kuchi yetmasligini angladi, chamasi, xuddi erib ketgandek havoda g‘oyib bo‘ldi. Hamma og‘zi ochilgancha qoldi. Salom shu bilan qo‘ldan qutuldim deb o‘ylagandi. Ammo kechki ovqatda qo‘l yana paydo bo‘ldi: xuddi hech narsa bo‘lmagandek, boshqa qo‘llar bilan taomga uzaldi. U ovqatni olar, bo‘g‘iz barobar ko‘tarar, xuddi ko‘zga ko‘rinmas yuhodek havoning o‘zidayoq ovqat g‘oyib bo‘lar, keyin qo‘l pastga tushib, yana taomga uzalardi.

Butun oila endi ovqatlariga begona qo‘l sherik bo‘layotganiga guvoh bo‘lib turishardi. Salom bir necha marta begona qo‘lni ushlab oldi, uni jazolash uchun har xil usullarni sinab ko‘rdi: bir qo‘lida ushlagancha ikkinchi qo‘li bilan musht qilib tugganda yoki oldindan yoniga keltirib qo‘ygan bolta, pichoq, qamchiga qo‘l uzalganda yoxud yonib turgan pechkaning ichiga tiqmoqchi bo‘lganda qo‘l o‘z-o‘zidan g‘oyib bo‘lar, keyingi ovqat payti esa hech narsa ko‘rmaganday yana dasturxonda paydo bo‘lardi. U bilan kurashishning natijasi shu bo‘ldiki, qo‘l tezda oila a’zolaridan biriga aylandi: endi hatto kenja o‘g‘il ham uni ko‘rsa vahimaga tushmas, aksincha, qo‘lni hammaga ko‘rsatib, uning harakatlaridan qiqirlab kular, qo‘l esa o‘zini mehribon ko‘rsatib, ba’zida bolalarning boshini mehr bilan silab qolardi: bolalar ham asta-sekin uning boshlarini silashlariga o‘rganib borayotgan edi. Uning yebto‘ymasligi, bir o‘zi uch kishining ovqatni yeyotganini, oilaning moliyasiga, tirikchilikning yo‘rig‘iga zarar yetkazayotganini aytmasa, u beozor qo‘l edi.

U sal bo‘lmasa, begonalar oldida ham o‘zini fosh qilib qo‘yayozdi: hamisha bir yangilik qilib, o‘zining mahalla raisligini eslatib turadigan Azim oqsoqol ota-ona bolalarga dars qilishga qanday sharoit yaratganini tekshirish uchun mahalla nomidan keldi-da, oshxonani hisobga olmasa, ham yotoq, ham mehmonxona, ham darsxona, ham bolalar xonasi vazifasini o‘tayotgan ikki xonaning birida sandalga oyoqlarini tiqqancha kitobdan bosh ko‘tarmay o‘tirgan (mahalla raisi kelishini boshqa xonadonlardan eshitishgani uchun darsliklar va daftarlar bir haftadan beri sandal ustidan olinmas, hammasi maktab va mahalla hamkorligi talablariga moslashtirilib, taxt qilib qo‘yilgan, tandirchi ham go‘yo har kuni bolalar shunday sergo‘sht taom yeyishayotganday qassobdan sersuyak bo‘lsa ham go‘sht olib, tushdan so‘ng pilik-pirmosga osdirib qo‘ygan, darvoza taqillab, Bo‘ynoq hurishi bilan hammasi oldindan kelishilgandek sandal atrofiga kelib o‘tirilgandi) bolalarga ko‘zi tushib, qoniqish hosil qilgan bo‘ldi va odatiga ko‘ra dars qilinayotgan xonani birrov ko‘zdan kechirdi-da, tandirchining “Bir piyola choy ichib keting” degan taklifiga “odamgarchilik yuzasidan” yo‘q demadi. Uy bekasi yagona suyakni birato‘la suzib kela qoldi. Go‘sht hil-hil pishgan ekan. Azim rais ortiqcha manziratni kutmasdan ovqatga qo‘l cho‘zdi: tandirchi go‘sht qozondan endi olingani, shuning uchun sal sovutib yeyilsa mazasi boshqacha bo‘lishi haqida ogohlantirishga ham ulgurmadi – rais katta suyakni ikki qo‘llab olib, tishini botirdi – o‘qib yurgan yillarida besh yil yotoqxonada yashagan, shuning uchun har qanday taomni ko‘z ochib-yumguncha oshqozoniga joylashning xo‘b hadisini olgan, bu odatning afzalligini bilgani uchun haligacha tark etgisi kelmas, mahallaga rais qilib saylangach esa bu qobiliyatining yangi qirralarini namoyon bo‘la boshlagan edi. Salom tandirchi uning go‘sht yeyishiga qarab, labini yalab turganda, lip etib paydo bo‘lgan qo‘lni ko‘rdi va aytadigan gapi esidan chiqib, birpas esankirab qoldi. Yaramas qo‘l hech qursa mehmonlar bor payti istihola qilsa kerak deb o‘ylagandi, yo‘q, unga, aftidan, mehmonmi, boshqasimi, farqi yo‘q edi, dasturxon yozilishi bilan o‘zining ulushini undirish uchun shiraga aylangan pashshaday paydo bo‘lardi. Qo‘l Azim raisning bolalarga shapoloq tushiraverib, yildan yilga kattalashib ketgan yirik panjalari orasida turgan ilik tomon intildi. Qo‘l toki yetib borguncha ilikning to‘piqlari katta tishlar orasida so‘rila boshladi. Bu kutilmagan chaqqonlikdan qo‘l ham birpas havoda mualliq turib qoldi: u o‘zidan ham abjir qo‘l, toshni ham hazm qilib yuboradigan oshqozon borligidan ajablanib, havoda garangsib turib qolgandi. Tandirchi paytdan foydalanib qo‘lni ushlab oldi-da, tagiga bosib o‘tirib oldi: ammo qo‘lni tagida ushlab turolmadi – u tandirchining tagida havoga aylanib, g‘oyib bo‘lib, yana dasturxon boshida paydo bo‘ldi. Bu orada rais kosadagi sho‘rvani ham ko‘tarasiga ichib, bo‘shatib ulgurgan, endi huzur qilib, ko‘zini dasturxondan uzmagan holatda qo‘lini bir-biriga ishqab turardi. Yaxshiyam ikki ko‘zi dasturxonda bo‘lgani uchun boshida osilib turgan qo‘lni ko‘rmadi.

– Ha, mayli, – dedi nihoyat Azim rais dasturxonda yeyishi mumkin bo‘lgan boshqa tansiqroq narsaga ko‘zi tushmagach, – endi bizga ruxsat.

Keyin har doimgiday nasihatgo‘ylik qilishni esdan chiqarmadi.

– Bolalarni hamisha shunday taomlar bilan ovqatlantiring, iligi to‘q, miyasi to‘liq bo‘ladi. Miyasi to‘liq bo‘lsa, maktabda yaxshi o‘qiydi, maktabda yaxshi o‘qisa, oliy o‘quv yurtlariga kirib, mahallaning obro‘sini oshiradi.

Tandirchi soxta jilmayib, bosh irg‘agan bo‘ldi, ammo ichida zil ketdi: u rais paqqos tushirgan kattagina ustixonni ham mehmon, ham butun oila uchun mo‘ljallab turgandi. Endi esa dasturxonda to‘pig‘igacha so‘rib tashlangan ilik kiyimi shir yechib olingan yalong‘och boladay bo‘lib yotar, hatto kekirdak joyi ham chaynab tashlangandi. Har qalay, chuldirak bo‘lsa ham sho‘rvasi qoldi-ku, shunisiga ham shukur, deb o‘yladi tandirchi.

Azim rais yuziga fotiha qilgan bo‘ldi-da, o‘rnidan turib, narigi xonada dars qilayotgan bolalarga yana bir ko‘z tashladi. Keyin mamnun jilmaydi.

– Mayli, dars qilaverishsin, xalaqit bermay chiqib ketaman.

Tandirchining baxtiga rais dasturxonga qaramasdan chiqib keta boshladi: agar qaraganda “bu ochafotdan biron yegulik qolganmikin?” degan umidda dasturxon ustida timirskilanyotgan egasiz qo‘lni ko‘rishi mumkin edi.

Shundan so‘ng tandirchi uyiga mehmon ham aytmaydigan bo‘ldi: u qo‘ldan tashvishda edi. Agar birontasi ko‘rib qolsa, qishloqda qancha gap-so‘z paydo bo‘lishini tasavvur ham qilolmasdi: hamma tandirchining uyidan jin chiqqanday o‘zini olib qochadi, yana qancha g‘iybatlar ko‘payadi, yana qancha malomatlar yog‘iladi.

Tandirchi bolalariga ham, xotiniga ham qo‘l haqida birovga g‘ing demaslikni tayinladi: eshitgan odam tandirchining xonadoni ustidan ketini ushlab kulishlari aniq edi. Qolaversa, qo‘l qanday paydo bo‘lgan bo‘lsa, shunday g‘oyib bo‘lar, degan umid ham yo‘q emasdi. Biroq oradan ikki hafta o‘tsa ham qo‘l g‘oyib bo‘lmadi: u o‘rtaga taomga uzalgan oltita qo‘lning yettinchisi bo‘lib, xuddi o‘z uyida taomlanayotganday g‘oyibdagi qorniga ovqatni paqqos tashlayverardi, “tushirardi” emas, aynan tashlardi: qo‘l panjalari yoki kaftini to‘ldirib olgan taom bir odamning og‘zi barobar ko‘tarilardi-da, xuddi yutib yuborilgandek g‘oyib bo‘lardi. Ba’zida tandirchi g‘ira-shira, xuddi xira tumandek bijirlab turgan bahaybat, meshday qorinni ko‘rib qolgandek bo‘lar, “Bu qorinni to‘ydurguncha, men adoi tamom bo‘laman-ku” degan vahima bosardi. Qo‘lning paydo bo‘lishi oilaviy xarajatlarni bir hissaga ko‘paytirgan bo‘lsa-da, biroq tandirchining sabr qilishdan boshqa iloji yo‘q edi. Aslini olganda, u bu baloni birovga qanday gapirib berishni bilmasdi: tabiiyki, eshitgan har bir odam tandirchining sog‘ligiga shubha bilan qaray boshlaydi.

Tandirchi qo‘l bilan kurashib oxiri charchadi. Endi u birinchi marta bo‘lganidek qo‘lni ushlab, jazolashga urinmasdi, zero buning foydasi yo‘qligini ham bilardi.

Salom tandirchi va xotini bu ins-jinslarning ishi deb, uyda qilmagan irim-sirimi qolmadi. Xotini folbinni ham, qo‘shnochni ham, avval isitib, keyin sovutuvchini ham yoki sovuganni isituvchini ham boshlab kelishdi.

Folbin keksa ayol edi: u shapko‘r bo‘lsa ham o‘rtaga tashlangan qand-qurslarni mazza qilib terayotgan panjalarni ko‘rib qoldi va qo‘lga xuddi tanishini ko‘rganday bir zum ajablanmasdan qarab turdi-da, “Yo piray, bu otangning qo‘li-ku!” deb yubordi to‘satdan. Avvaliga er-xotin sirlari fosh bo‘lganidan dovdirab qolishdi, keyin, bu esi kirdi- chiqdi bo‘lib qolgan kampirning gapiga baribir hech kim ishonmaydi, degan o‘yda unga qo‘l haqidagi bor gapni aytib berishdi. Folbin tezda xo‘roz so‘yib, mushkulkushod qilishni, yettita kampirni chaqirib, is chiqarishni maslahat berdi. “Bu aniq otangning qo‘li. Arvohi chirqillab qolibdi. Ochga o‘xshaydi. Is chiqarsang, kelmay qoladi!” dedi. Salom tandirchi kampirga otasining chap qo‘l o‘rta barmog‘ining yarmi bo‘lmaganini, yoshligida o‘roq yulib ketganini, bu qo‘lning o‘rta barmog‘i esa boshqa barmoqlardan bir en uzun bo‘lib, ko‘zga xunuk ko‘rinib chiqib turganini aytib o‘tirmadi: otasining qo‘li bo‘lmasa, biron avlod-ajdodining qo‘lidir, hozir buning nima farqi bor?! Tegirmonchi otasining qo‘lini kampir qanday taniganini surishtirib o‘tirmadi, kampir aytgan irimni ham qilib ko‘rishga qaror qildi. Bir oyog‘i go‘rda turgan yettita kampir, ularni yetaklab kelgan yana yettita kelinchak, is chiqishini eshitib, bexabar qolishsa, xafa bo‘lishini hisobga olib qo‘shimcha chaqirilgan o‘ntacha xotin-xalajlar, jami o‘ttizga yaqin ayolning is kuni yeb-ichgani tandirchining yarim yillik asrab-avaylaganini havoga uchirdi. Kampirlarning nafasi ham, ularning qo‘lidagi yonayotgan paxta ham surbet qo‘lni cho‘chita olmadi, lekin kampirlar yoqqan paxtalarni deb uyi sal bo‘lmasa yonib ketayozdi – olov pardaga tutashganda tandirchi kirib qoldi va pardani uzib olib, oshxonadagi suv to‘la paqirga tiqdi, oqibatda is chiqarishning asorati bo‘lib, uy devorining yarmi qorayib qoldi.

Shundan so‘ng ma’lum bo‘ldiki, qo‘lning arvohlarga aloqasi yo‘q, u boshqa bir narsaning alomati edi: unga hech narsa, hatto bodi qo‘zib, o‘rnidan turolmay yotgan Mulla Ablazning bir kosa suv orqali yuborgan duoyu nafasi – “dami” ham kor qilmadi, zero bu qo‘l g‘oyibning hukmiga o‘xshar, xuddi tandirchining oilaviy tutumini, barakasini yo‘qqa chiqarish, uni kafangado qilish uchun ro‘zg‘origa qarg‘ishdek kirib kelgandi.

Salom bu tang vaziyatdan qanday chiqib ketishni bilmasdi: qo‘lni har ko‘rganda bu balo o‘ziga qayerdan yopishgani, xudoga yoqmaydigan nima gunoh qilgani haqida og‘ir o‘yga cho‘mar, butun umrini taftish qilar, keyin bir paytlar otasiga qattiq gapirib, cho‘lga ketib qolganini, o‘zining aybini tushunib qaytib kelganda otasi bu dunyo bilan xayr-xo‘sh qilib bo‘lganini, otasining ko‘nglini olish qiyomatga qolganini esladi. Balkim, aynan shuning uchun xudo unga mana shunday jazo jo‘natgandir? Ammo tandirchi ichidagini tashiga chiqarolmas, zero otasi haqidagi xotirani o‘zidan va otasidan boshqa hech kim bilmasdi: tandirchi o‘z yog‘iga o‘zi qovurilab yotardi.

Oradan ikki oy o‘tib, bo‘shab qolgan unxalta-yu, yog‘ idishlarni ko‘rgach, tandirchining sabri chidamadi. “Bu qanday adolatsizlik! – deb o‘yladi u jahl bilan. – Men bolalarim bilan kun uzog‘i loy tepib, bir tishlam nonni zo‘rg‘a topsam-da, bir tekinxo‘r teng sherik bo‘lib o‘tirsa…” Oxiri u kirib kelgan to‘ng‘iz yilining xosiyatsizligi haqida bashorat qilib, Rajab cho‘ponning ola qo‘zisi junida “Alloh” degan yozuv alomatini anglagan mulla Keldiyorga bor gapni aytadigan bo‘ldi.

Tandirchi Rajab cho‘ponning uyiga buriladigan muyulishdagi to‘nkaga o‘tirvolib, qishloqqa kelayotgan har bir mashinani tasbehga tashlab o‘girib o‘tirgan mullani muborak chorshanba kuniga tushlikka – xudoyi oshga taklif qildi. Osh kechagi qizil tayoqli Keldiyor «gai»ning – bugungi mullaning jonu dili edi: bir paytlar Keldiyor Qiziltepa postida turganda ba’zida jarimaga “choyxona oshi jazosi”ni ham qo‘llardi: shu sababli osh bo‘lgan joydan bo‘yin tovlamas, buni butun qishloq ahli yaxshi bilardi. Salomning azza-bazza taklifidan so‘ng mulla naq tush payti borishini bildirdi.

Chorshanba kuni belgilangan vaqtda mulla yetib keldi. O‘rtaga sergo‘sht osh tortildi. Oshni ko‘rib, mullaning ko‘zlari yonib ketdi va yeng shimarib, oshga tashlandi. U uch-to‘rt kaft oshni ko‘zlarini yumgancha, mazasini totib, chaynab bo‘lgandi hamki kuttirib qo‘ymay qo‘l ham paydo bo‘ldi. Dastavval mulla uchinchi qo‘lga e’tibor bermadi: har kaft og‘ziga borganda huzur qilib, ko‘zlarini yumib, chaynagancha, mazasini olar, keyin og‘zidagini yutib yuborib, ko‘zlarini ochar, oshning eng sergo‘sht joylariga kaftini botirardi. U qo‘lni anchadan keyin ko‘rib qoldi: xuddi o‘zidek eng sergo‘sht joylariga kaft botirayotgan, mullalik hurmatini qilmayotgan surbet qo‘lni ko‘rib, bunaqa beadablikdan jahllanib boshini ko‘tardi. Afsuski, kutgandek, zahrini sochish yoki biron diniy naql aytib, odobga chaqirish uchun qo‘l egasiga ko‘zi tushmadi. Bir qo‘lga, bir tandirchiga qarab og‘zi ochilib qoldi va hayajonlaganidanmi yo qo‘rqqanidanmi, og‘zidagini chaynamay yutib yubordi va tuyulib qoldi. Yo‘talib, nafasi tiqilayozdi. Tandirchi o‘rnidan turib, yelkasiga urdi. Shundan so‘ng mulla sal o‘ziga keldi. Qo‘l esa ularga e’tibor bermay oshni “paqqos tushirar”, ya’ni xuddi mulla kabi kaftiga sergo‘sht oshni joylab, og‘iz barobar ko‘tarar, kaftda turgan bir uyum osh ko‘rinmayotgan “og‘iz”da g‘oyib bo‘lardi. Qizarib-bo‘zarib ketgan, amri-ma’rufida qiyomat belgilarini bashorat qilganda ham bunchalik alomatni ko‘raman deb o‘ylamagan mulla chamasi o‘n martalar “astag‘furulloh” dedi. Ko‘zlarini yumib-ochdi. “Menga shunday ko‘rinayapti!” deb o‘yladi, chog‘i, tandirchiga ilinj bilan qaradi, lekin obro‘si tushib ketmasligi uchun og‘iz ochmadi. Yana uch marta “astag‘furulloh” dedi.

– Sizga ham ko‘rinyaptimi?! – dedi tandirchi uni xijolatdan qutqarish uchun.

– Ko‘rinayaptimi, deysizmi? – mulla tandirchiga sir boy bermay qaradi. – Nima ko‘rinayapti?

– Qo‘l! – dedi tandirchi. – Egasi ko‘rinmaydigan qo‘l…

Mulla shundagina biroz o‘ziga keldi. Ko‘zlarini lo‘q qilib hali ham osh “yeyishda” davom etayotgan qo‘lga baqrayib qarab turdi.

– Ha, ko‘rinayapti… Bu kimning qo‘li?

– Bilmadim… Lekin ovqat yeyishda bizning oila bir tomon, bu qo‘l bir tomon. Har qanday taomni olib shunday havoga ko‘tarsa bo‘ldi, g‘oyib bo‘ladi…

– Rostdanam egasi yo‘qmi? Umuman ko‘rinmaydimi?

Tandirchi bosh irg‘adi.
– Aslida sizni shuning uchun chaqirgandim, mulla aka, – dedi tandirchi ilojsiz ohangda. – Uyimizda shunday balo paydo bo‘ldi. Ikki oydan beri ketmaydi. Bizni kasod qilyapti bu ochofat.

Mulla bir tandirchiga, bir qo‘lga qarab uzoq turib qoldi.

– Shunga bir o‘qib qo‘ysangiz… Zora yo‘qolsa… Mulla Abzal dam solgan suvning kuchi yetmadi. Sizni unga qarganda nafasi o‘tkir deyishdi.

– Shaytonning qo‘li bu! Astag‘furulloh! – dedi Keldiyor nihoyat o‘zining mullaligi esiga tushgandek. – Qarang, odamning qo‘liga o‘xshamaydi. Shaytoni layinniki… Bu aniq…

– Yo‘g‘-ye, – dedi tandirchi. – Oddiy qo‘l-ku…

– Odiy qo‘l emas! – dedi qat’iy qilib mulla. – Bu shaytonning qo‘li. Taomingizga shayton sherik bo‘layapti… Go‘shti halolmidi?

– Ha, – dedi Salom. – Absalim qassobdan olganman…

Mulla baribir bosh chayqadi.

– Oxirzamonni shunaqa alomatlari bor deb eshitgan edim… Egasi yo‘q qo‘llar, egasi yo‘q boshlar, egasi yo‘q ko‘zlar, egasi yo‘q oyoqlar egasini qidirib, osmonda uchib yurarkan. Bu qo‘l ham egasini qidirib kelgani aniq. Salombek, oxirzamon yaqinga o‘xshaydi.

Mullaning bu qat’iy xulosasi qo‘lga yoqmadi chog‘i, u laganga kaft bosishdan to‘xtab, zabt bilan havoga ko‘tarildi va avval ko‘rsatkich barmog‘i bilan o‘rta barmog‘i orasiga bosh barmog‘ini yaxshilab joylashtirib oldi, keyin mullaning naq burni tagiga olib kelib ko‘rsatdi. Mulla shundoq ko‘ziga tegay deb turgan ikki barmoq orasidagi bosh barmoqni ko‘rib, qo‘rqib ketdi, gavdasini orqaga oldi.

– Ie, – dedi u ko‘zlari ola-kula bo‘lib ketib. – Bu hali tarbiyasiz ham ekan-ku!

Qo‘l ikki barmoq orasida turgan bosh barmoqni ko‘rsatgancha mullaning burni tagida ancha turdi. Keyin yana laganga qarab sho‘ng‘idi, hech narsa bo‘lmagandek oshni “havoga ko‘tarishda” davom etdi.

– Biron kechirilmas gunohingiz evaziga bu! – dedi mulla nihoyat.

– Bir tandirchi bo‘lsam, – tandirchi nolindi, – esimni taniganimdan beri tegirmon toshini aylantirman, oyog‘im loydan chiqmaydi. Mening qanday kechirilmas gunohim bo‘lishi mumkin?!

– Bandasi qilgani gunohini bilmaydi, ammo Tepaga hammasi ayon! – dedi mulla xuddi amri ma’ruf qilayotgan ohangda. – Hammasini hisoblab o‘tiruvchi va bunday ofatlarni yuboruvchi Robbimiz bor. Tovba qiling, shunda qutulasiz.

– Ikki oydan beri tovba qilib yotibman, – alamli ohangda dedi tandirchi. – Aziz avliyolarga ham bordim, yetim-yesirga sadaqa ham berdim. Foydasi bo‘lmadi.

Tandirchining bu gapi mullani hushyor torttirdi. Hozir unchalik mavridi bo‘lmasa-da, lekin ham keljakni, ham cho‘ntakni o‘ylab, joyida tanbeh bermoqni va bu adashgan bandaga to‘g‘ri yo‘l ko‘rsatishni o‘zining burchi deb hisobladi.

– Sadaqani avvalo og‘zida ilmi bor odamga berish kerak.

Tandirchi sodda edi. Mullaning tagdor gapini to‘g‘ri tushundi.

– Qishlog‘imizdagi qiynalayotgan talabalarga ham sadaqa o‘rnida yo‘lkira berdim…

Tandirchining soddaligidan mullaning ensasi qotdi.

– Talabalar og‘zida ilmi borlarga qo‘shilmaydi. Ular har xil nopok ishlarga ham aralashib yurishadi. Shuning uchun ularga berilgan sadaqa o‘tmaydi. Sadaqani toat-ibodatli, ilmli kishilarga bermak joyizdur…

Tandirchi bu gapdan ancha izza tortdi.

– Buni bilmas ekanman, – tan oldi u. – Mulla Ablaz musofirchilikda yurgan talabalarga bergan sadaqalaringiz o‘tadi, degandi.

Mullaning bu gapdan ham ensasi qotdi.

– Mulla Ablaz madrasa talabalarini nazarda tutgan chog‘i, siz tushunmagansiz.
– Qishlog‘imizda unaqalar yo‘q-da.

Mulla Keldiyor endi bu go‘l bandasiga ochiqroq ishora qilishiga to‘g‘ri keldi.

– Unaqa talabalar bo‘lmasa ham, ertayu kech ibodat bilan mashg‘ul kishilar bor, – dedi biroz zarda bilan.

Bu orada laganda osh tugagan, qo‘l endi o‘rtaga qo‘yilgan mevalardan totinardi. Mullaning esa ishtahasi bug‘ilgandi. Shu sababli ham qo‘lning bezbetligidan hamda o‘ziga atalgan mevalarga daxl qilayotganidan jahli chiqdi.

– Bu rostdanam ochafatning o‘zi ekan, – dedi u. – Hammasini yamlamay yutyapti. Xo‘sh, bunday qilamiz… Andak chiqimdorrog‘-u, ammo ish berishi aniq… Men qirq kun kechasi bilan qaytarma qilib o‘qiyman. Shu bilan tinchib ketasiz, xonadoningizga orom kiradi…

Salom xursand bo‘lib ketdi: zora qaytarma ish berib, qo‘ldan qutulsa… Tandirchiga qaytarma qilish bir to‘qliga tushgan bo‘lsa-da (uniyam qaynisidan qarz olishga to‘g‘ri keldi), mulla Keldiyor va’dasida turdi: qirq kunda qaytarma qilib o‘qib berdi. Tandirchi endi “shayton qo‘li”ning uydan g‘oyib bo‘lishini sabrsizlik va intiqlik bilan kuta boshladi. Zero, qo‘l paydo bo‘lganidan beri ro‘zg‘or sekin qarzga kira boshlagandi. Bu holat tandirchining ko‘nglini g‘ash qilib turgani uchun qaytarmadan umidi katta edi. Ammo qo‘l mulla Keldiyor aytgandek, qaytarma qilingandan so‘ng bir hafta emas, uch hafta o‘tsa ham yo‘qolmadi. To‘rtinchi haftada ro‘zg‘orni eplab turish uchun yana qarz olishga to‘g‘ri keldi.

Beshinchi haftaga kelganda u o‘zini mulla Keldiyor bir to‘qliga chuv tushirganiga, qaytarmasi ish bermaganiga amin bo‘ldi. Shuning uchun dardini yorish uchun ishonchliroq odam izlay boshladi. Bu paytda baraka ketib, faqat qarzga kun ko‘rayotgan bo‘lsa-da, Panji muallimdan maslahat olishga qaror qildi: qo‘pol, qo‘rs bo‘lsa ham u to‘g‘riso‘z odam, bir tomoni ayoliga qarindoshligi bor. Panji muallim ham atoyi xudoyining daragini eshitib, mahtal qilmasdan yetib keldi. U ham xuddi Azim raisday ilikni o‘z oldiga qo‘yib yeyishga chog‘langan ham ediki, qo‘l o‘tgan gal uchun ham undan alamini oldi: ilikni uning oldidan tortib oldi-da, havoga ko‘tarildi va xuddi o‘tgan gal Azim rais paqqos tushirganday ilikdagi etni yamlamay “yuta” boshladi.

Buni ko‘rgan Panji muallim esi og‘ganday havodagi qo‘lga qarab turar, etga qo‘shib yeyish uchun tishlagan noni ham og‘zidan tushib ketgandi. Saldan so‘ng u tandirchiga garangsib qaradi.

– Bu nima?! – deb so‘radi zo‘rg‘a tili aylanib.
– Qo‘l! – dedi tandirchi bamaylixotir.

– Qo‘lligini ko‘rayapman, – zarda qildi muallim. – Kimning qo‘li? Egasi nega ko‘rinmayapti?

– Sizni shunga chaqirdim. Egasi kimligini aniqlab, haydab yubormasak, meni xonavayron qilayapti, domla…

Bu gaplarni aytayotganda tandirchining ko‘zlaridan yosh chiqib ketdi: uning sabr kosasi ham, ko‘ngli ham to‘lib bo‘lgandi. Suyagi qora mehnatda qotgan, qishloqda ziqna va qahri qattiq deb nom chiqargan kap-katta odamning ko‘zida yosh ko‘rib, Panji muallimning ham yig‘lagisi kelib ketdi.

– Anchadan beri bormi?
– Anchadan beri… Ikki oydan oshdi, – tan oldi tandirchi boladay piqillarkan.

– Yig‘lamang. – taskin berdi muallim. – Hammasi yaxshi bo‘ladi.

U eti tobora shilinib borayotgan havodagi ilikka alam bilan qarab turar, agar shu qo‘l bo‘lmaganda bu ilik ham, undagi et ham hozir o‘ziniki bo‘lishini ichdan his qilib turardi. Muallim bid’atchi emasdi va har bir masalaga ilm ko‘zi bilan qarardi. Bu gal ham shunday qildi: o‘zicha chamalab ko‘rdi. So‘ng o‘rnidan turdi – qo‘l ilikdan etni ajratib olish bilan ovora edi – tandirchini hayron qoldirib, qo‘lning orqa tarafiga o‘tdi va, aftidan, qo‘l egasining ketini mo‘ljallab, xuddi o‘n bir metrdan to‘p tepayotgan futbolchiday, bor kuchi bilan tepdi: tepki shunchalik kuchli ediki, unda ilik alami ham mujassam bo‘lgandi – ammo Panji muallim kutganidek oyog‘i qo‘l egasining ko‘rinmayotgan ketiga tegmadi, aksincha, uning zarb bilan tepilgan oyog‘i havoni vizillab kesib o‘tdi, ochiq havoda naq shiftgacha ko‘tarildi: muallim o‘zini tutolmay shundoq qo‘lning tagiga gursillab dustaman yiqildi. U birpas o‘ziga nima bo‘lganini bilmay yotdi. Tandirchi ham qo‘rqib ketdi: hozir diydiyo qilib o‘tiradigan payt emasligini anglab, ko‘zidagi yoshni artdi-da, yerda murdaday cho‘zilib yotgan muallimning yelkasidan ko‘tara boshladi.

– Buning keti qani?! – dedi yotgan yerida muallim o‘zining harakatiga izoh bergandek, xuddi muhabbati rad etilgan o‘n sakkiz yashar yigitdek ozurdalik bilan. – Boplab tepmoqchi edim-da o‘ziyam. Agar tekkanda naq do‘zaxga borib tushardi…

Dasturxonga ilik tap etib tushdi: unda bir tishlam ham et qolmagandi. Qo‘l cho‘zilib yotgan muallimning ustiga keldi va kaftlarini yopib olib, musht qildi, so‘ng muallimning savoliga javob o‘rnida naq boshiga kelib, uch-to‘rt marta baland-past bo‘ldi, natijada muallim ham, tandirchi ham qo‘l nima demoqchiligini darrov tushundi: agar qo‘lning qolgan qismlari ham, egasi ham ko‘ringanda, unda u chap qo‘lining tirsagidan ushlab, muallimga ko‘pchilik biladigan chapani ishorani ko‘rsatayotganini anglamaslikning iloji yo‘q edi.

Muallim o‘rnidan turganda qo‘l g‘oyib bo‘lgandi. Aftidan u qari, shang‘i va injiq odam bilan talashib, obro‘sini ketkizgisi kelmay, havoga singib ketgandi.

Shunday bo‘lsa ham muallim tandirchiga eng oqilona, bepul maslahat berdi: qo‘l haqida rasmiy idoralar bilan, dastlab, mahalla raisi bilan gaplashish kerak. “Mahallaning baland-pastiga mas’ulmi, u nimalar bo‘layotganini, fuqarolarni qanday o‘marishayotganini bilsin va yordam bersin. Shusiz ham yordamga muhtoj oilalarga ajratilgan pulni o‘zi “gum” qilib, semirib yotibdi”. Salom tandirchiga bu maslahat ma’qul keldi: u o‘tgan yili o‘ttiz yil maktabda ishlab, direktor bo‘lolmagach, raislikka nomzodini qo‘ygan Azimning xufya iltimosi bilan qarindoshlarini unga ovoz berishga ko‘ndirgan edi. Shu sababli oqsoqol o‘zini qarzdor his qilib, zora yordam qo‘lini cho‘zsa…

Salom umid bilan mahalla idorasiga yo‘l oldi.

Uning gaplarini batafsil eshitgan Azim rais tandirchini mahallaning aksar tirikchilikka o‘ralashib qolgan odamlari kabi ruhan charchagan, deb o‘yladi. Ammo oraga mulla Keldiyor ham aralashgani va qo‘lni ko‘rganini eshitgach, o‘ylanib qoldi.

– Uka, – dedi u nihoyat o‘ylab bo‘lgach. – Men bunaqa cho‘pchaklarga ishonmayman. Lekin bilishimcha, sizning uyingizda jinoyat sodir bo‘layapti. Kimdir uyingizda xuddi kinolardagidek ko‘rinmas qiyofaga kirib, hozirgi texnikada buning iloji ko‘p, o‘g‘irlik bilan shug‘ullanayapti. Shundaymi?

Tandirchi o‘ylab ko‘rsa, masalani rais tushuntirganday izohlasa ham bo‘larkan. Shuning uchun bosh irg‘adi.

– Umuman, shunday… Uyimdan o‘g‘irlik sodir bo‘layapti…

– O‘g‘irlik haqidagi shikoyat bilan menga emas, huquqni himoya qilish muassasalariga murojaat qilishingiz kerak.

Tandirchi umrida biron marta ham huquqni himoya qilish muassasalariga shikoyat qilmagandi, zero ular ham “Nima shikoyatingiz bor, mana biz huquqingizga mas’ulmiz!” deb oldiga kelmagan. Shuning uchun raisning taklifiga tushunmadi. Rais mahallaga yordam so‘rab kelgan har qanday muhtojga yordam qo‘lini cho‘zish uchun adolatli tarzda saylanmaganmi, tandirchiga o‘zi aytib turib, ariza yozdirdi.

— Qani, shunday deb ariza yozing. Menkim, Salom tandirchi… uyimda shunday – shunday… noma’lum shaxslar tomonidan…

— Shaxs degani nimasi? – so‘radi tandirchi egri-bugri yozishdan to‘xtab.
— Shaxs – bu kimsa degani.

— Men hech qanday shaxsni, ya’ni kimsani ko‘rganim yo‘q. Biznikiga faqat egasiz qo‘l keladi…

— Rusumi shunaqa… “Shas” emas, “shaxs”, dumsiz qilib yozing… xo‘sh… davom etamiz… o‘g‘irlik sodir etilmoqdakim, yordam berishingizni so‘rayman… Ana bo‘ldi… Endi mahalla nozirining oldiga boramiz…

Salom tandirchi bilan rais aji-buji qilib yozgan arizani ko‘tarib, shundoq mahalla idorasida joylashgan nozirning xonasiga kirishdi.
Arizani o‘qib ko‘rgan nozir hech narsa tushunmadi, tandirchining o‘zidan so‘ray boshladi, soddalik qilib, tandirchi yana qo‘l haqida gapirib berdi. Nozir o‘rnidan turib, Salom tandirchining oldiga keldi-da, uning ko‘zlariga uzoq qarab turdi. Keyin kompyuterga o‘tirib, uni uzoq titdi. Izlaganini topolmadi, hafsalasi pir bo‘lib, yana Salom tandirchiga o‘girildi.

— Aka, to‘g‘risini ayting, har xil radiolarini ko‘p eshitasizmi??! – dedi dabdurustdan.

— U qayerda bo‘ladi? – dedi tandirchi savolga tushunmay.

Nozir uni o‘zini go‘llikka solayapti deb o‘yladi.

– Baloday tushunib turibsiz. Egasiz o‘g‘ri qo‘lni ko‘rgan odam tushunmasligi mumkin emas. Radiongiz bormi deyapman? – dedi savolga javob bermay.

– Bor, – dedi tandirchi… – Eskirib ketgan. Xotin ustiga bolalarning kitobini taxlab qo‘yadi.
– O‘sha ustiga kitob taxlangan radioni ko‘p eshitasizmi? Har xil davlatlarknikini…

Salom tandirchi umuman radio eshitmasligini, qolaversa, radiosi otamzamonlardan buyon ishlamasligini, Asrorqulning montyor o‘g‘li titib ko‘rgandan so‘ng quruq qutining o‘zi qolganini aytdi. Nozir unga ishonmay qarab turdi:

– Qiziq, – dedi u stolni chertar ekan. – Unda bu ariza bilan nima demoqchisiz?

— Shu… uyimda qandaydir qo‘l paydo bo‘lgan. U meni kasodga uchratayapti, baraka ketdi… ortiqcha xarajat deganday… Xullas, uni deb ro‘zg‘orni butlay olmayapman. Tirikchilik og‘ir bo‘lib qoldi.

Nozir o‘rnidan turib ketdi.

– Bu bilan nimaga ishora qilayapsiz? A? Nimaga?

– Menmi? – deb so‘radi tandirchi nozirning kutilmagan savoliga tushunmay.

– Ha, Siz… mana bu arizani yozgan sizmisiz?
– Men…

– Unda savolimga javob bering. Bu gapingiz bilan nimaga va kimga ishora qilayapsiz?

Tandirchi derazadan tashqariga qarab oldi. Nozir “nimaga va kimga” deganda tashqarida imtiyoz bilan yog‘-pog‘ olish uchun to‘planib turganlarni nazarda o‘tayaptimikin, deb o‘yladi.

– Haligilarga…-dedi nozir. – Ya’ni bizni yomon ko‘radiganlarga…

Uning savolidan oqsoqolning ham rang oqarib ketdi.

– Men unaqa odamlarni tanimayman, – dedi tandirchi… – men mana oqsoqol guvoh… arizani birga yozdik.

Nozir oqosqolga sinovchan ko‘z tashladi.

– Tuhmatni qaranglar! – dedi rangi oqarib ketgan rais. – Hali meni ham sherik qilmoqchimisiz?! – Oqsoqol nozirning qarashidan xavotirga tushib.

Tandirchi dovdirab qoldi.
– Arizani siz bilan yozdim-ku…

– To‘g‘ri, men bilan yozdingiz. Men faqat siz aytgan gaplarni qog‘ozga qanday tushirish kerakligini aytib turdim. Birga yozdik deganingizga o‘laymi… Sal bo‘lmasa, birga jinoyat qilganmiz ham deydi bular…

Keyin nozirga tushuntira boshladi.

– Bu kishi uyimda noma’lum o‘g‘ri paydo bo‘ldi deb keldi. Men esa bu gaplarni menga emas, nozirga yozing deb oldingizga olib keldim… – dedi oqsoqol tandirchi yana bir narsa deb qo‘ymasin deb.

– Unda nega qanaqadir egasi ko‘rinmagan qo‘l deyapti… To‘g‘ridan to‘g‘ri o‘g‘ri paydo bo‘ldi desa o‘ladimi?

– Arizaga rasamadi qilib yozilgan… Endi bu kishi yettinchi sinfgacha o‘qigan. Savod andak chatoqroq… Qolgani xalq og‘zaki ijodi… Xalqimiz baxshilarni yaxshi ko‘rishi shundan… Shunga sizdan bu holatni o‘rganib chiqsangiz deb kelgan edik.

Nozir endi yengil tortdi. Arizani olib, uni yana bir o‘qib chiqdi-da, ko‘ngli to‘ldi chog‘i, stolda yotgan papkaning ichiga solarkan, oqosoqolga hurmat ohangda gapirdi.

– Siz mahalliy hukumatsiz. Tekshir desangiz, tekshiramiz. Bizni bu kursiga shuning uchun o‘tirg‘izib qo‘yishgan.

Xullas, ertasiga mahalla raisi bilan nozir “shaxsi noma’lum kimsa tomonidan o‘g‘irlik sodir etilayotgan obyektni” o‘z ko‘zlari bilan ko‘rishga boradigan bo‘lishdi.

Salom tandirchi qarz-havola qilib, bozorlik qildi, uyiga oqsoqol aytganidek, nozir xush ko‘radigan qovurdoq ostirdi, oqsoqol “nozirning tomog‘idan ovqat o‘tishi andak qiyin, shuning uchun o‘rus shishasini suvga tashlab qo‘ying”, degandi, bir emas, uchtasini tashlab qo‘ydi.

Tushdan keyin oqosqol bilan nozir qo‘ltig‘ida bir talay qog‘ozlar ko‘tarib kirib kelishdi.

– Qani, o‘sha o‘g‘ri qo‘lni ko‘rsating-chi!-dedi nozir xuddi jinoyatni hozir fosh etadigan shasht bilan.

Oqsoqol “Avval taom, bad az kalom!” deya nozirni taomga taklif qilib, tandirchini turtdi. Aslida tandirchiga ham shu kerak edi. Mana endi to‘kin dasturxon ustida o‘g‘rini o‘z ko‘zlari bilan ko‘rishsin. Shunda har xil radioni ko‘p eshitadimi yo‘qmi, hammasini o‘zi ham bilib oladi.

Kutilgandek bazm boshlanib, nozir ustma-ust ikki piyola bo‘shatgach, kutilgandek qo‘l paydo bo‘ldi. Nozir ozroq kayf qilganidan qovurdoq bilan ovora edi. Tandirchi oqosoqolni turtib, qo‘lga ishora qildi: qo‘lga ko‘zi tushgan oqsoqolning ko‘zlari chiqib, Panji muallimning “Yetimlarning haqini yeganlar qo‘rqqan payti oqarmaydi, rais ham yetimlarning pulini yeb yotibdi” degan g‘iybatida jon bor chog‘i, rangi ko‘karib ketdi. Oqsoqolning dasturxoning chap burchagiga qarab bezrayib qolganini ko‘rgan nozir ham u qarab turgan tomonga ko‘z tashladi va u keyingi gal olib maza qilib chaynayman deb mo‘ljallab turgan tuyurni egasi ko‘rinmayotgan qo‘l olib, havoga ko‘targanini ko‘rdi: nozirning og‘zini lang ochdirib, tuyur shundoq havoda g‘oyib bo‘ldi. Qo‘l endi boshqa bir tuyurni kartoshkaga qo‘shib “paqqos” ko‘tara boshladi. Nozirning og‘zi ancha paytgacha ochilib turdi – u ko‘plab o‘g‘irliklarga shaxsan guvoh bo‘lgandi, ammo o‘g‘irlangan ashyoviy dalilning havoga aylanib ketishini birinchi marta ko‘rib turishi edi – uning gezargan lunji atrofida bir-ikkita pashsha ham aylana boshladi. Hayajon payti tomog‘i ham qiltillab qoladi, shekilli, nozir o‘zini bosish uchun yana ikki piyolani bo‘shatdi.

– Mana shu… o‘g‘ri, – dedi tandirchi paytdan foydalanib. – Siz menga ishomagandingiz…

Nozir uning gapini deyarli eshitmadi. U hali ham qo‘lga qarab turar, qo‘l esa birpasda yarim lagan go‘shtni havoga “ko‘tarib”, changini ham chiqarmay yo‘q qilib bo‘lgandi.

Nihoyat nozir o‘ziga keldi va kasbi esiga tushib, poylab turib, qo‘lni ushlab oldi. Qo‘l hukumat vakilining qo‘lida baliqday tipirchilay boshladi. Nozir yonidan to‘pponchasini chiqarib, uni qo‘lning kaftiga to‘g‘irladi va har qanday dushmanni yer tishlatadigan qat’iyat bilan so‘radi:
– Kimsan? Hozir otib, dabdalangni chiqaraman!

Nozir bu gaplarni qanchalik vajohat bilan mardonovar aytgan bo‘lsa, qo‘l pinagini ham buzmay, tandirchi va oqsoqolni hayratga solgancha, ikkita barmog‘i orasidan yana o‘sha bosh barmog‘ini chiqarib, nozirga ko‘rsatdiki, o‘zining gapidan filday shishib turgan nozirning yeli chiqib ketganday bo‘ldi: u hali ikki barmoq orasidan chiqib turgan bosh barmoq ta’siridan o‘ziga kelmasidan qo‘l uning qo‘lida havoga singib g‘oyib bo‘ldi. Nozir atrofga alanglab, qo‘lida to‘pponcha bilan uni izlay boshladi. Yo‘q, u g‘oyib bo‘lgandi. Keyin u tandirchiga g‘azab bilan boqdi.
– Bu nima o‘yin? Bu fokusni kim qilayapti? Kim qilgan bo‘lsa ham pushaymon bo‘ladi.

Unga bu fokus ham, ko‘zboylog‘ichning o‘yini ham emasligini tushuntirish uchun ancha vaqt ketdi. Faqat ikkinchi shisha bo‘shagandan so‘nggina nozir ularning gapiga ishondi. Uchinchi shishada esa nozir tandirchining yuzidan o‘pib, “Buning-ku, qo‘li ko‘rinib turibdi, umuman, o‘zi yo‘q jinoyatchilarni ham tovbasiga tayantiradiganlar borligini” aytib maqtana boshladi. O‘sha payti bu gaplarni aroq ta’sirida aljirash deb tushunishgandi. Ikki kundan so‘ng iskovuch it bilan bir to‘da qurollangan odamlar kelishganda nozir rost gapirganiga amin bo‘lishdi. Guruh haqiqatan ham qilni qirq yoradigan, izlaganini topmasa qo‘ymaydigan barzangi va taptortmas yigitlardan iborat edi: hovlida ham, molxona-qo‘ralarda ham bironta irga, bironta burchak qolmadi: arining uyasigacha, hovli devorining tagidagi sichqon inigacha maxsus asbob-uskunalari bilan titib chiqildi, xullas, sichqonning inini ming tanga qilishdiki, kovlab ko‘rilmagan joy qolmadi – tandirchining hovlisi birpasda g‘alvirday titib tashlandi – u endi naq bomba tushganday xaroba manzilga aylangandi. Kamini itga qo‘yib berishdi: it, aftidan, ularning ishonchini qozongan yoki rostdanam kuchli iskabtopar edi: u qayerni hidlay boshlasa, guruh o‘sha yerni kovlashga tushardi. Tandirchining otasidan qolgan devorlarning tagida nimadir bormidi yoki rostdanam qo‘l o‘sha poydevor yoriqlarini o‘ziga makon qilganmidi, har qalay, it uyning har ikki qadamini xuddi xazina topganday hidlab qolar, izidan kelayotganlar darrov kovlashga tushishar, bir xandaqcha chuqurlik kovlashgandan so‘ng u yerdan so‘nggi bir asrdan ortiq davr mobaynida vaqt tuprog‘i yutib yuborgan turli ro‘zg‘or buyumlari: sopol idishlarning siniqlari, choynak qopqoqlari, arqon yoki kigiz qoldiqlariga o‘xshagan lash-lushlar chiqardi – hovli bunday noyob asori-atiqalar bilan deyarli to‘lib bo‘ldi: uyning ichida ham, tashqarisida ham, devor tagida kovlab ko‘rilmagan bir qarich ham joy qolmadi, ammo qo‘l o‘ta ayyor yoki rostdanam makkor Shaytonga tegishli edi chog‘i, tutqich bermadi. Kechga borib, guruh ham, it ham holdan toydi.

– Bu yerda hech qanday o‘g‘ri ham, biz qiladigan ish ham yo‘q, – dedi nihoyat ularningi ichidagi norg‘uli, chamasi, u boshliq edi. – Menimcha, uy egalarini shifokorga ko‘rsatish kerak.

Uning shu gapini kutib turishgandek, butun guruh hovli bo‘ylab yoyib tashlashgan asbob-uskunalarini yig‘ishtirib, haydovchisi toqati toq bo‘lib kutib o‘tirgan mashinaga solishdi-da, jo‘nab qolishdi: mashina joyidan qo‘zg‘alib, muyulishiga yetmasdan paxsadan qurilgan uyning poydevori titilib ketib, batomom qulab tushdi va undan ko‘tarilgan chang Langarotadan ham ko‘rinib turdi.

Boshpanasiz qolgan tandirchi vayronaga aylangan uyi ustida boshini ushlagancha o‘tirar, ko‘rinishi aftodahol, yuz-ko‘zida umidsizlik, nochorlik, tushkunlik bilan birga afsus-nadomat aks etar edi. Bolalar esa tashlab ketilgan jang maydonini eslatadigan uy ustida allaqachon “urush-urush” o‘yinini boshlab yuborishgan, tandirchining ayoli esa tizzasini quchoqlagancha uy qulab tushayotganda devordan otilib tushib, yoniga dumalab kelgan teshik elagiga karaxt holda qarab turardi.

Mahalla idorasi o‘ziga yuklatilgan vazifani uddaladi: tandirchining oilasini tang paytda o‘z holiga tashlab qo‘ymadi: unga toki uyini tiklab olishguncha amallab yashab tursa bo‘ladigan chodir berishdi.

Tandirchi qancha harakat qilmasin, oyni etak bilan yopib bo‘lmadi: egasi yo‘q o‘g‘ri qo‘l haqidagi qo‘shib chatilgan mish-mishlar butun viloyatga tarqab ketdi.
Endi turli joylardan, gazetlaru nashrlardan, televideniye va radiodan muxbirlar, har xil ilmiy tekshirish dargohlaridan olimlar, hatto bu sirli hodisadan o‘zlariga naf chiqarishni o‘ylagan siyosatchilar kelishar, bu g‘aroyib voqeani turli usullar bilan tadqiq va tahlil qilishar, sharhlashar, qishloq ahlidan intervyular olishardi. Mahalliy aholi o‘zlari hech qachon ko‘rmagan qo‘l to‘g‘risida to‘qib-bichib, qo‘shib-chatib gapirib berishardi: dastlabki intervyularda oddiy odamlarnikiga o‘xshash bo‘lgan qo‘l oxirgi intervyularda ko‘zga ko‘rinmas ulkan devning naq chinorday keladigan qo‘liga aylanib ulgurgandi. Faqat ular tandirchining uyiga yaqinlasholmasdi. Tandirchi endi taqdirga tan bergandi: u tobora darmoni qurib, kuchdan qolayotgan bo‘lsa-da, egasi yo‘q qo‘l uchun ham ishlashga, uning yebto‘ymas qornini bir iloj qilib to‘ydirishga, undan ortganini bolalari bilan baham ko‘rishga alaloqibat rozi bo‘lgan, u endi qo‘l haqida hech kimga gapirmas, intervyu ham bermas, kelganlarni hovliga kiritmasdi ham. Chetdan kelganlar ham, qishloqdoshlari ham endi darvozadan narida turib, hovli o‘rtasida, vayronaga aylangan uy yoniga qurilgan chodir oldida turmush va tirikchilik bilan kuymalanib yurgan tandirchining oilasiga ko‘zlari tushardi…

Tamom.

Qissadan hissa yoxud yakunga qo‘shimcha yakun

Idoraning majlislar zali tersotaliklar bilan liq to‘lgan, g‘ala-g‘ovur, odam odamni tanimas, qandaydir baqir-chaqir, to‘s-to‘polon hukmron edi.

Mulla Keldiyor zalga kirishi bilan odamlar birdan tinchidi: hamma unga xuddi xaloskorini ko‘rgandek najot bilan tikilib turishardi.

– Keldingizmi, mulla, – dedi mahalla noziri bilan minbarda o‘tirgan Azim rais o‘rnidan turib unga peshvoz chiqarkan. – Odamlar kutib qolishdi.

– Nima gap, oqsoqol? – dedi mulla ovoziga biroz bepisandlik qo‘shib. – Bizni bunaqa majlislarga chaqirmasdingiz-ku!

– Bizga yordam bermasangiz bo‘lmaydi. Siz ko‘pni ko‘rgan odamsiz… Yana og‘zingizda ilmingiz bor… Qolaversa, siz bularni oldindan bilgansiz…

Mulla Keldiyor bu e’tirofdan bir qop shishgan bo‘lsa-da, lekin butun qishloq nega o‘zini kutib, to‘planib turganidan xavotir olib, o‘ziga tikilib turgan zal to‘la odamga yuzlandi.

– Egasi yo‘q qo‘l endi hammaning uyida paydo bo‘libdi! – dedi oqsoqol mullani masaladan tezroq xabardor qilish uchun.
Bu xabardan so‘ng butun zalga o‘lik sukunat cho‘kdi: hamma mulla Keldiyorning og‘zini poylab turardi…

Endi tamom.

09

(Tashriflar: umumiy 3 889, bugungi 1)

3 izoh

Izoh qoldiring