Sherbek Bobonor o‘g‘li «…Qorbobodan matbuot so‘rayman!»

0_166253_bd049cdf_orig.png    Вақт-бевақт шулар хусусида тортишиб қоламан ҳамсабоғу ҳамкасбларим билан. Алоҳал, айтаманки: «Биз журналист эмасмиз!». «Киммиз унда?», дейишади жониғиб. «Ярмимиз — отарчи, ярмимиз — бекорчимиз. Биринчи ярмимизнинг юмуши — қаёқдаги ипирисқилардан “қаҳрамон” ясаб, “соққа”сини олиш. Иккинчи ярмимизники бешбаттарроқ — ўзидан “қаҳрамон” ясаб, бор-йўқлиги билинмай юриш. Шу аҳволимизда “Журналистман” дейиш — қумтепани “қоя” аташдай гап…».

Шербек Бобонор ўғли
«…ҚОРБОБОДАН МАТБУОТ СЎРАЙМАН!»
045

«…пулсиз ва бошқа ашғол-дашғолларсиз Москвага, бир умр яшашга келдим… Тирикчилик учун газеталарда ишладим, фелъетонлар ёздим… Муҳаррирларни ёмон кўриб қолдим. Уларни ҳозир ҳам ёмон кўраман. Ва бундан кейинам ёмон кўрмоқчиман…»
Михаил Булгаков мактубларидан

Бир пайтлар:
1999 йил аёзининг адоғи. Туманимиз газетасининг кафтдеккина кунжагида синфдошимизнинг… иншочаси чиқди. Кастюму бўйинбоғда, сочларини чаппа тараб, пўрим тушган суратчасиям бор. Мавзу — 16 феврал фожеаси. Муаллимамиз ҳаммага эшиттириб ўқиди. «…Телевизоримизда мудҳиш манзараларни кўрарканман, шунчалар даҳшатга тушдимки, ойим укол қилаётганда ҳам, қўшнимиз Ферузнинг ити қувганда ҳам бунчалик қўрқмаган эдим», — деган жойлари эсимда қолган. Ниҳоясидаги исм-шарифни шоирона бир қироатда хатм этди: «…Анвар Қурбон». Қизлар ўғринча, бизлар тиккалайига қараб-қараб қўярдик: «Шу гаплар шундан чиқиптими?». Танаффусда қўлма-қўл тортқиланавериб, газит «энасини кўрди». Ҳа, шуникийкан, ҳм-м, уйида китоблари кўплиги ростга ўхшайди…

Кўп ўтмай, олашовур оралади:
— …Мактабимизга шоир кепти. Оти… Олқор Даминакан!

— Нимага?
— Шоир шоирди ахтариб келади-да, нимага бўлийди.

— Бизарда шоир бормикан?
— Бордир-да. Битталаринг хатми, бир бало ёзибсилар-ку?
— Ҳа-ей, бўлди, Қурбонипди излаб кеган. Маалимимизди иши…

Аммо иккови кўришолмади. Нисбатан актив, дарс қолдирмайдиган ошнамиз, айни ўша куни «прагил» қилди. Камига ўйнаб-улоқиб, қайларгадир кетиб қолганаканми, «чопар»лар ҳам неча карра шалвираб қайтишди. Шоир-да — муддаоси беҳосил бир алфозда — қайтди. Музтарлик баробарида мутаассирлик қўпди ичимизда: «Ана, газитга чиқсанг, шоирлар келади кўргани…».

***

Яна битта Анваримиз бориди синфда. Уям, Худо уриб, шеър ёзишга тушиб кетди. Униси иншо ёзган бўлса, буниси «қасида» қоралади — 16 феврал ҳақида. Бунисиям фамилиясидаги «…ов»ни «суннат қилиб», тахаллусли тўкисга эврилди — Анвар Жуман. Таассуфки, бу унга ўта қисқа фурсат зеб бериб турди. «Ўқиш» — «Адабиёт»га дўндию тахаллусга «булбул» қўнди — «Жуманбулбул». Жонивор жуда оғир эканми, фамилиянинг силласи қуриб, йўл бошидаёқ исм-писм билан қўшилганча, қоп ке-етди. Шу-шу, уни: «Булбул», деймиз ҳалигача.

Шундай қилиб, янги «булбул»имиз ҳам ёзган-чизганларидан саралаб, газетага юборди. Ўзича орзуманд учиб-қўниб юрган кунларининг бирида жавоб хати келди таҳририятдан. Кўча ўртасида ҳижжалаб-ғужиллаб ўқидик кўпайлашиб: «…машқларингиз ёмон эмас, аммо ҳали ўз устингизда ишлашингиз керак…». Йиртиқ конверту дона-дона ҳуснихатга қайта-қайта қараркан, тўлиб-тошиб борарди бояқиш. Ёнида бизлар ҳам гуппи-ҳамроҳ. Ахир, газетадан тўртинчи синф боласига — ошнамизга хат келди, ҳазил гапми, э-э…

***

2010… йилидиёв. Авжи ёз кунларининг бирида, ота-бола, қишлоғимиздаги кўҳна бир уй дарвозаси четига ғишт тердик. Ишни тугатиб, бир пиёла чой ичишга ўтирдик. Уйнинг эгалари етмишдан ошган чолу кампиргина бўлиб, биргина асранди қизлари ўрисми-украинга теккану бадар кетган эди. Чол яримжон — юролмасди. Ҳовли, мол-қўй, экин-тикин, рўзғор… ҳаммасини кампир амалларди. Пенсияга кун кўришарди. Кампир, йил ўн икки ой таппи ёпар, ғўзапояга қурблари етмаганидан, Худонинг берган куни борки, далада, кўча-кўйда хас-чўп териб, таширди уйига. Чолни… кўплар ёқтирмасди нимагадир. «Ёзувчи» дейишарди. Айниқса, болалар, ўша уй олдидан пилдирпис ўтишаркан, турқлари тиришиб, ғўлдирашарди: «…дастидан ҳуштак-пуштагам чолалмийсаней бир, ё-озади дарров устингдан».

Хона ўртасидаги хонтахта теварагига чўкдик. Кампир иҳраб-сиҳраб, чой-нон ташияпти, чол қаршимизда чўк тушиб, гуруллаб гурунг беряпти: «…шетиб, Рузвелтти ўйнаши минан ушлаб оған, қиззиғарлар. Ўзи билдириб қўйғанда лекин, ҳўпиғиб шаппа жайидан турмақчи бўғанда, жиғилиб тушган — инвалид бўған-ку, менга ўхшаб…». Менинг кўзим сарғайиб кетган саҳифалардан ортмайди: пардалар — газета, гилам — газета, дастурхон — газета…

Бугун:
Биринчи шоир ошнамизнинг шоирлигидан… фамилиясигина қолган: «Қурбонип». Кимё-биологиядан курс ўтади уйида… Шеър-пердан гап очилса, елкаси тиришади. Ҳаййом рубойилари истисно. «Шу одам ҳозир бўганидайди, зў-ўр улфат бўлийдик-да!», деб қўяди. «Баданида бор» маҳаллар «аламзада рицар»га айланади:

— …Қайси гўрданам бошқалардан кўпрағ китоб-питоб ўқидим-а, эначалариниям… Ҳамма қатари «А»ни— «столба», «О»ни — «чингалак», деб юрувришим керагакан… Одамларга қўшилолмай ҳалакман энди…

— Ижодди ташаб, бекор қилдинг-да ўзингам. Эмаса-ку бизарга нон қомасди ҳозир, — кўнглини кўтаришга уринаман.

— Э, чепуха-йей!, — баттар ловиллайдию «бисот»ини тўкиб солади, — газит-пазитда бирор нимам чиқди, дейиш… пишагим дарахтга чиқди или кучугим кўчага чиқди, дейишдай гап бугун. Аксиома… Натўврима ё? Ана… бадрабхонада «газитхонлик» қип тураман ҳар куни. Аям опкелади амблаториядан — мажбуран тиқиштиришади… Кўряпмиз «ижод»ларингди. Халтура гаплар… Димедрол мақолаларди-ку айтмай, даже «мунажжимлар башорати»ни ўқиб, куларингдиям билмийсан, жиларингдиям: «душанбида жиддий учрашувингиз бор, хулоса ясашга шошилманг», «сешанбида муҳим шартномани имзолашингиз мумкин», «чоршанбида янги бизнес ҳамкорлар орттиришингиз эҳтимолдан йироқмас»… Каллангди кўтариб, теваракка қарийсан: абжағи чиқиб ётған йўллар, нури ҳандақ, таппи… Уф-ф! Кимё иккига бўлинади, асосан: органик кимё, анорганик кимё. Органиги тирик, табиий оламларди таркиби, хоссаларини ўрганади. Анорганиги жонсиз, ўзгармас нарсаларди. Силарди соҳаларинг, ошнам, анорганик соҳа. Ўзгарса фақат ўзларингди шароитларинг ўзгарар…

***

«Булбул» шоиримиз энди летийнант.«Ички ишлар…»нинг ичидан пишган, сергаку сирбермас вакили. Ойда-йилда бир кўришамиз. Битта «уйинг куйгур»ни майдала-аб, уёқ-буёқдан оламиз ҳангомани. У сўйлайди: қайси ресторанда неча пуллик маишат қилгани, кимлар — «гап йўқ одам»у, кимлар — «песмири», шу кеча-кундузда «урфга кирган» сўкинишлар… Мен ўйлайман. Ўйларим чўзилади, чоғи, энсаси қотади:

— …Бобайларға ўхшайсан-ей. Мактабдаям шуйидинг. Лақабингам «Бобай»иди… Нимани ўйлийсан бунча, а? Мен, масалан, ўйлашдиям, ўйланганлардиям ёмон кўраман! Хапа бўма-ку…

— Хапа бўма-ку, шуни-чунам сенга форма кийгизишган-да, — жағим жилов узади мавридми-бемаврид, — хай, уни-буни қўй, эсингдама, шеър ёзийдинг, газитга юборувдинг, «пеонерлар зали»даги бирорта байрам силарсиз, Анварларсиз ўтмасиди…

— Аҳмақ бўғанмиз-да, иҳиа-ҳиа-ҳиа…

***

Аввал «ёзувчи» чол омонатини топширди. Кампири… икки йилча бурун, қишда қайтиш қилди. Ким билсин, печкасига хас-чўп қаланган, совуқ хонада қанча ётди экан?.. Мен қаерда эдим? Пойтахтда, номи улуғ нашрларимизнинг бирида: ёнғин хавфсизлиги ойлигида фаол қатнашишга аҳолини ундаётгандим… Боз бир ҳамхонамнинг ўшанда, янги йил арафасида айтганларини эслайман:

— Худодан бошқасига ишонмайману, барибир, Қорбободан матбуот сўрайман!

— Яхшиси, матбуотчиларимизга юрак сўранг? Матбуотимиз… йўқ эмас, ҳарқалай…

Бу уч муқоясадан мақсад… тарози палласига президентларни ё тузумларни ташлаб, ёқа йиртиш эмас, ҳайтовур (гарчи ҳозирда «…70 + 25… акцияси»дан ютоқиб фойдаланишаётган эса-да!). Ўлган ўлди, тирикларга тўзим берсин. Шунчаки, ичимда саволлар ғовлаб кетган: матбуотимиз мурдашўйликдан қачон бўшаркин? Мухбирларимиз… умуман, зиёлиларимиз ўлаксахўрликни йиғиштириб, СЎЗга «воситаи жоҳ» дебмас, олий мақсад, илоҳий бир қудрат тажассуми сифатида қарашадиган кун келармикин? Токайгача яратажак ишларимизга — истиқболдаги қай бир мукофотми, имтиёзга олиб чиқувчи «эскалатор» нуқтаи назаридан ёндошамиз?..

Вақт-бевақт шулар хусусида тортишиб қоламан ҳамсабоғу ҳамкасбларим билан. Алоҳал, айтаманки: «Биз журналист эмасмиз!». «Киммиз унда?», дейишади жониғиб. «Ярмимиз — отарчи, ярмимиз — бекорчимиз. Биринчи ярмимизнинг юмуши — қаёқдаги ипирисқилардан “қаҳрамон” ясаб, “соққа”сини олиш. Иккинчи ярмимизники бешбаттарроқ — ўзидан “қаҳрамон” ясаб, бор-йўқлиги билинмай юриш. Шу аҳволимизда “Журналистман” дейиш — қумтепани “қоя” аташдай гап…».

Баҳслар ҳам жонга тегаркан бориб-бориб. Биринчидан бенаф, иккинчидан… қанчалик ҳақиқатлар туғилади, билмадиму, ададсиз асабларинг жувонмарг кетади. Тишга ботгулик бир айтаринг бўлмаса, сукутдан авлоси йўқ. Илло, сен-да чиқволиб, «жанги жағ»га ҳисса қўшганингдан не суд? «Уч бақалоқ» филмининг якунидаги кадрлар эсимга тушди: инқилоб, шаҳар кўчаларида олатасир қўпган, извош ичида ярадор шаҳзодани даволаётган докторга соддагина оқсоч хотин тўппонча тутқизади:

— …Буни нима қиламан?, — таажжуб-ла сўрайди доктор.
— Билмасам… Ҳамма отаяпти-ку…

Юқоридаги саволларимдан миям мисдай қизиб юрган кезларимда бир… қофияли алжираш келувди калламга. Ўша билан обидийдамни якунласам:

ХОДИМНОМА
Ёхуд бир нофаол дийдиёси

Аё дўстлар, зап замона келди, ўйнаб-кул, экан.
Бошлиқ сўзи — “ушбу” ўлиб, бошқаники — “ул-бул”, экан.

Парвоздин пастласа бургут — “бурга” аталиб, во дариғ,
Чиқса читтак креслоға — “бургут”у “булбул”, экан.

Аҳли зиё улус қолиб, унвон учун қотирар бош,
Фуқароға қирчанғию, умароға дулдул экан.

Катта зоти каттароққа суйкалибон, этса “хур-хур”,
Кичикларға наъра тортуб, хўрпаяркан — “Йўл-йўл” экан.

Шуарода икки мавзу: “ўлдим-куйдим”; “ура-ура”.
Бўлак дарддин суриштирсанг: бўм-бўш экан, нўл-нўл экан.

Суткасиға саккиз соат йўқлашғанда “Лаббай!” дегил:
эсна, гап сот, ковла бурун… Не қилғанинг бир пул экан.

Китобни қўй, ҳисобдин ол, сўйла жўшиб нарх-наводин…
Калла эмас, калкулотир бўйунлар уза мўл экан.

Сўксанг, магар, ўзингни сўк, борей, ана, тенгқўрингни…
Ўзгасиға теккизма тил, қарсилласин бир қўл экан.

Танқид этсанг, чуқур кетма, саёзда сакрағил “шап-шап”.
Ва дам-бадам қуруллаб қўй: “…ватанимиз гул-гул экан!”.

Илинж бўлса истиқболдин, истиқлолни айлағил мадҳ,
“Қулбачча” дермиди бирав, айқир: “…боболар — қул экан!”.

Ходим-o, манглайинг қурсин, мажбурият битса нуқул,
Moлингни сот, қўйингни сот… Э, “Иш берувчи” бўл экан!..

god-human.jpg Vaqt-bevaqt shular xususida tortishib qolaman hamsabog‘u hamkasblarim bilan. Alohal, aytamanki: «Biz jurnalist emasmiz!». «Kimmiz unda?», deyishadi jonig‘ib. «Yarmimiz — otarchi, yarmimiz — bekorchimiz. Birinchi yarmimizning yumushi — qayoqdagi ipirisqilardan «qahramon» yasab, «soqqa»sini olish. Ikkinchi yarmimizniki beshbattarroq — o‘zidan «qahramon» yasab, bor-yo‘qligi bilinmay yurish. Shu ahvolimizda «Jurnalistman» deyish — qumtepani «qoya» atashday gap…».

Sherbek Bobonor o‘g‘li
«…QORBOBODAN MATBUOT SO‘RAYMAN!»
045

«…pulsiz va boshqa ashg‘ol-dashg‘ollarsiz Moskvaga, bir umr yashashga keldim… Tirikchilik uchun gazetalarda ishladim, felyetonlar yozdim… Muharrirlarni yomon ko‘rib qoldim. Ularni hozir ham yomon ko‘raman. Va bundan keyinam yomon ko‘rmoqchiman…»
Mixail Bulgakov maktublaridan

Bir paytlar:
1999 yil ayozining adog‘i. Tumanimiz gazetasining kaftdekkina kunjagida sinfdoshimizning… inshochasi chiqdi. Kastyumu bo‘yinbog‘da, sochlarini chappa tarab, po‘rim tushgan suratchasiyam bor. Mavzu — 16 fevral fojeasi. Muallimamiz hammaga eshittirib o‘qidi. «…Televizorimizda mudhish manzaralarni ko‘rarkanman, shunchalar dahshatga tushdimki, oyim ukol qilayotganda ham, qo‘shnimiz Feruzning iti quvganda ham bunchalik qo‘rqmagan edim», — degan joylari esimda qolgan. Nihoyasidagi ism-sharifni shoirona bir qiroatda xatm etdi: «…Anvar Qurbon». Qizlar o‘g‘rincha, bizlar tikkalayiga qarab-qarab qo‘yardik: «Shu gaplar shundan chiqiptimi?». Tanaffusda qo‘lma-qo‘l tortqilanaverib, gazit «enasini ko‘rdi». Ha, shunikiykan, hm-m, uyida kitoblari ko‘pligi rostga o‘xshaydi…

Ko‘p o‘tmay, olashovur oraladi:
— …Maktabimizga shoir kepti. Oti… Olqor Daminakan!

— Nimaga?
— Shoir shoirdi axtarib keladi-da, nimaga bo‘liydi.

— Bizarda shoir bormikan?
— Bordir-da. Bittalaring xatmi, bir balo yozibsilar-ku?
— Ha-yey, bo‘ldi, Qurbonipdi izlab kegan. Maalimimizdi ishi…

Ammo ikkovi ko‘risholmadi. Nisbatan aktiv, dars qoldirmaydigan oshnamiz, ayni o‘sha kuni «pragil» qildi. Kamiga o‘ynab-uloqib, qaylargadir ketib qolganakanmi, «chopar»lar ham necha karra shalvirab qaytishdi. Shoir-da — muddaosi behosil bir alfozda — qaytdi. Muztarlik barobarida mutaassirlik qo‘pdi ichimizda: «Ana, gazitga chiqsang, shoirlar keladi ko‘rgani…».

***

Yana bitta Anvarimiz boridi sinfda. Uyam, Xudo urib, she’r yozishga tushib ketdi. Unisi insho yozgan bo‘lsa, bunisi «qasida» qoraladi — 16 fevral haqida. Bunisiyam familiyasidagi «…ov»ni «sunnat qilib», taxallusli to‘kisga evrildi — Anvar Juman. Taassufki, bu unga o‘ta qisqa fursat zeb berib turdi. «O‘qish» — «Adabiyot»ga do‘ndiyu taxallusga «bulbul» qo‘ndi — «Jumanbulbul». Jonivor juda og‘ir ekanmi, familiyaning sillasi qurib, yo‘l boshidayoq ism-pism bilan qo‘shilgancha, qop ke-yetdi. Shu-shu, uni: «Bulbul», deymiz haligacha.

Shunday qilib, yangi «bulbul»imiz ham yozgan-chizganlaridan saralab, gazetaga yubordi. O‘zicha orzumand uchib-qo‘nib yurgan kunlarining birida javob xati keldi tahririyatdan. Ko‘cha o‘rtasida hijjalab-g‘ujillab o‘qidik ko‘paylashib: «…mashqlaringiz yomon emas, ammo hali o‘z ustingizda ishlashingiz kerak…». Yirtiq konvertu dona-dona husnixatga qayta-qayta qararkan, to‘lib-toshib borardi boyaqish. Yonida bizlar ham guppi-hamroh. Axir, gazetadan to‘rtinchi sinf bolasiga — oshnamizga xat keldi, hazil gapmi, e-e…

***

2010… yilidiyov. Avji yoz kunlarining birida, ota-bola, qishlog‘imizdagi ko‘hna bir uy darvozasi chetiga g‘isht terdik. Ishni tugatib, bir piyola choy ichishga o‘tirdik. Uyning egalari yetmishdan oshgan cholu kampirgina bo‘lib, birgina asrandi qizlari o‘rismi-ukrainga tekkanu badar ketgan edi. Chol yarimjon — yurolmasdi. Hovli, mol-qo‘y, ekin-tikin, ro‘zg‘or… hammasini kampir amallardi. Pensiyaga kun ko‘rishardi. Kampir, yil o‘n ikki oy tappi yopar, g‘o‘zapoyaga qurblari yetmaganidan, Xudoning bergan kuni borki, dalada, ko‘cha-ko‘yda xas-cho‘p terib, tashirdi uyiga. Cholni… ko‘plar yoqtirmasdi nimagadir. «Yozuvchi» deyishardi. Ayniqsa, bolalar, o‘sha uy oldidan pildirpis o‘tisharkan, turqlari tirishib, g‘o‘ldirashardi: «…dastidan hushtak-pushtagam cholalmiysaney bir, yo-ozadi darrov ustingdan».

Xona o‘rtasidagi xontaxta tevaragiga cho‘kdik. Kampir ihrab-sihrab, choy-non tashiyapti, chol qarshimizda cho‘k tushib, gurullab gurung beryapti: «…shetib, Ruzveltti o‘ynashi minan ushlab og‘an, qizzig‘arlar. O‘zi bildirib qo‘yg‘anda lekin, ho‘pig‘ib shappa jayidan turmaqchi bo‘g‘anda, jig‘ilib tushgan — invalid bo‘g‘an-ku, menga o‘xshab…». Mening ko‘zim sarg‘ayib ketgan sahifalardan ortmaydi: pardalar — gazeta, gilam — gazeta, dasturxon — gazeta…

Bugun:
Birinchi shoir oshnamizning shoirligidan… familiyasigina qolgan: «Qurbonip». Kimyo-biologiyadan kurs o‘tadi uyida… She’r-perdan gap ochilsa, yelkasi tirishadi. Hayyom ruboyilari istisno. «Shu odam hozir bo‘ganidaydi, zo‘-o‘r ulfat bo‘liydik-da!», deb qo‘yadi. «Badanida bor» mahallar «alamzada ritsar»ga aylanadi:

— …Qaysi go‘rdanam boshqalardan ko‘prag‘ kitob-pitob o‘qidim-a, enachalariniyam… Hamma qatari «A»ni— «stolba», «O»ni — «chingalak», deb yuruvrishim keragakan… Odamlarga qo‘shilolmay halakman endi…

— Ijoddi tashab, bekor qilding-da o‘zingam. Emasa-ku bizarga non qomasdi hozir, — ko‘nglini ko‘tarishga urinaman.

— E, chepuxa-yey!, — battar lovillaydiyu «bisot»ini to‘kib soladi, — gazit-pazitda biror nimam chiqdi, deyish… pishagim daraxtga chiqdi ili kuchugim ko‘chaga chiqdi, deyishday gap bugun. Aksioma… Nato‘vrima yo? Ana… badrabxonada «gazitxonlik» qip turaman har kuni. Ayam opkeladi amblatoriyadan — majburan tiqishtirishadi… Ko‘ryapmiz «ijod»laringdi. Xaltura gaplar… Dimedrol maqolalardi-ku aytmay, daje «munajjimlar bashorati»ni o‘qib, kularingdiyam bilmiysan, jilaringdiyam: «dushanbida jiddiy uchrashuvingiz bor, xulosa yasashga shoshilmang», «seshanbida muhim shartnomani imzolashingiz mumkin», «chorshanbida yangi biznes hamkorlar orttirishingiz ehtimoldan yiroqmas»… Kallangdi ko‘tarib, tevarakka qariysan: abjag‘i chiqib yotg‘an yo‘llar, nuri handaq, tappi… Uf-f! Kimyo ikkiga bo‘linadi, asosan: organik kimyo, anorganik kimyo. Organigi tirik, tabiiy olamlardi tarkibi, xossalarini o‘rganadi. Anorganigi jonsiz, o‘zgarmas narsalardi. Silardi sohalaring, oshnam, anorganik soha. O‘zgarsa faqat o‘zlaringdi sharoitlaring o‘zgarar…

***

«Bulbul» shoirimiz endi letiynant.«Ichki ishlar…»ning ichidan pishgan, sergaku sirbermas vakili. Oyda-yilda bir ko‘rishamiz. Bitta «uying kuygur»ni maydala-ab, uyoq-buyoqdan olamiz hangomani. U so‘ylaydi: qaysi restoranda necha pullik maishat qilgani, kimlar — «gap yo‘q odam»u, kimlar — «pesmiri», shu kecha-kunduzda «urfga kirgan» so‘kinishlar… Men o‘ylayman. O‘ylarim cho‘ziladi, chog‘i, ensasi qotadi:

— …Bobaylarg‘a o‘xshaysan-yey. Maktabdayam shuyiding. Laqabingam «Bobay»idi… Nimani o‘yliysan buncha, a? Men, masalan, o‘ylashdiyam, o‘ylanganlardiyam yomon ko‘raman! Xapa bo‘ma-ku…

— Xapa bo‘ma-ku, shuni-chunam senga forma kiygizishgan-da, — jag‘im jilov uzadi mavridmi-bemavrid, — xay, uni-buni qo‘y, esingdama, she’r yoziyding, gazitga yuboruvding, «peonerlar zali»dagi birorta bayram silarsiz, Anvarlarsiz o‘tmasidi…

— Ahmaq bo‘g‘anmiz-da, ihia-hia-hia…

***

Avval «yozuvchi» chol omonatini topshirdi. Kampiri… ikki yilcha burun, qishda qaytish qildi. Kim bilsin, pechkasiga xas-cho‘p qalangan, sovuq xonada qancha yotdi ekan?.. Men qayerda edim? Poytaxtda, nomi ulug‘ nashrlarimizning birida: yong‘in xavfsizligi oyligida faol qatnashishga aholini undayotgandim… Boz bir hamxonamning o‘shanda, yangi yil arafasida aytganlarini eslayman:

— Xudodan boshqasiga ishonmaymanu, baribir, Qorbobodan matbuot so‘rayman!

— Yaxshisi, matbuotchilarimizga yurak so‘rang? Matbuotimiz… yo‘q emas, harqalay…

Bu uch muqoyasadan maqsad… tarozi pallasiga prezidentlarni yo tuzumlarni tashlab, yoqa yirtish emas, haytovur (garchi hozirda «…70 + 25… aksiyasi»dan yutoqib foydalanishayotgan esa-da!). O‘lgan o‘ldi, tiriklarga to‘zim bersin. Shunchaki, ichimda savollar g‘ovlab ketgan: matbuotimiz murdasho‘ylikdan qachon bo‘sharkin? Muxbirlarimiz… umuman, ziyolilarimiz o‘laksaxo‘rlikni yig‘ishtirib, SO‘Zga «vositai joh» debmas, oliy maqsad, ilohiy bir qudrat tajassumi sifatida qarashadigan kun kelarmikin? Tokaygacha yaratajak ishlarimizga — istiqboldagi qay bir mukofotmi, imtiyozga olib chiquvchi «eskalator» nuqtai nazaridan yondoshamiz?..

Vaqt-bevaqt shular xususida tortishib qolaman hamsabog‘u hamkasblarim bilan. Alohal, aytamanki: «Biz jurnalist emasmiz!». «Kimmiz unda?», deyishadi jonig‘ib. «Yarmimiz — otarchi, yarmimiz — bekorchimiz. Birinchi yarmimizning yumushi — qayoqdagi ipirisqilardan «qahramon» yasab, «soqqa»sini olish. Ikkinchi yarmimizniki beshbattarroq — o‘zidan «qahramon» yasab, bor-yo‘qligi bilinmay yurish. Shu ahvolimizda «Jurnalistman» deyish — qumtepani «qoya» atashday gap…».

Bahslar ham jonga tegarkan borib-borib. Birinchidan benaf, ikkinchidan… qanchalik haqiqatlar tug‘iladi, bilmadimu, adadsiz asablaring juvonmarg ketadi. Tishga botgulik bir aytaring bo‘lmasa, sukutdan avlosi yo‘q. Illo, sen-da chiqvolib, «jangi jag‘»ga hissa qo‘shganingdan ne sud? «Uch baqaloq» filmining yakunidagi kadrlar esimga tushdi: inqilob, shahar ko‘chalarida olatasir qo‘pgan, izvosh ichida yarador shahzodani davolayotgan doktorga soddagina oqsoch xotin to‘pponcha tutqizadi:

— …Buni nima qilaman?, — taajjub-la so‘raydi doktor.
— Bilmasam… Hamma otayapti-ku…

Yuqoridagi savollarimdan miyam misday qizib yurgan kezlarimda bir… qofiyali aljirash keluvdi kallamga. O‘sha bilan obidiydamni yakunlasam:

XODIMNOMA
Yoxud bir nofaol diydiyosi

Ayo do‘stlar, zap zamona keldi, o‘ynab-kul, ekan.
Boshliq so‘zi — «ushbu» o‘lib, boshqaniki — «ul-bul», ekan.

Parvozdin pastlasa burgut — «burga» atalib, vo darig‘,
Chiqsa chittak kreslog‘a — «burgut»u «bulbul», ekan.

Ahli ziyo ulus qolib, unvon uchun qotirar bosh,
Fuqarog‘a qirchang‘iyu, umarog‘a duldul ekan.

Katta zoti kattaroqqa suykalibon, etsa «xur-xur»,
Kichiklarg‘a na’ra tortub, xo‘rpayarkan — «Yo‘l-yo‘l» ekan.

Shuaroda ikki mavzu: «o‘ldim-kuydim»; «ura-ura».
Bo‘lak darddin surishtirsang: bo‘m-bo‘sh ekan, no‘l-no‘l ekan.

Sutkasig‘a sakkiz soat yo‘qlashg‘anda «Labbay!» degil:
esna, gap sot, kovla burun… Ne qilg‘aning bir pul ekan.

Kitobni qo‘y, hisobdin ol, so‘yla jo‘shib narx-navodin…
Kalla emas, kalkulotir bo‘yunlar uza mo‘l ekan.

So‘ksang, magar, o‘zingni so‘k, borey, ana, tengqo‘ringni…
O‘zgasig‘a tekkizma til, qarsillasin bir qo‘l ekan.

Tanqid etsang, chuqur ketma, sayozda sakrag‘il «shap-shap».
Va dam-badam qurullab qo‘y: «…vatanimiz gul-gul ekan!».

Ilinj bo‘lsa istiqboldin, istiqlolni aylag‘il madh,
«Qulbachcha» dermidi birav, ayqir: «…bobolar — qul ekan!».

Xodim-o, manglaying qursin, majburiyat bitsa nuqul,
Molingni sot, qo‘yingni sot… E, «Ish beruvchi» bo‘l ekan!..

05

(Tashriflar: umumiy 337, bugungi 1)

Izoh qoldiring