Аваз Ўтарнинг 135 йиллигига
Шоирлар бўлади, ўзлигини таниганидан охирги нафасигача ижодини улуғ мақсад, курашчан туйғулар ҳаракатлантириб туради. Бундай қаламкашлар қайси шеърий шаклларда ёзишмасин халқ хотирасида адолат, одамийлик ғоялари устуворлиги учун куч сарфлайдилар. Тасаввур этилса, фикрлаш тарзининг ўзи бундай шоирларда маҳорат. Чунки улар ҳали хаёлда ярала бошлаган ҳар бир шеърлари билан хўрланган одамларнинг ёнида турадилар. Бедодликдан ун тортаётган қанча бечоранинг кўз ёшлари уларни қалб косасига тўкилади.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ
ИШҚ, ДАРД ВА ИСЁН ШОИРИ
Кўнгул ичра ғам камлиги асру ғамдур…
Алишер Навоий
I
Замонамизнинг машҳур шоирларидан бири “Истеъдоднинг табиати – исён”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, чинакам ҳар бир истеъдод соҳиби ер юзидаги зулм ва бедодликка қарши кураш ва исён учун дунёга келади. Ҳаёт ва жамият ҳақиқий талант нигоҳи билан ўзига боқиб, сўз ва ифодаларидаги ғам-ғусса, кулфат ва мусибатларни тан олгандагина бир қадар енгил тортиб мазлуму бечора, ғарибу ғураболарни тушкунлик ва умидсизликлардан ҳар қалай муҳофаза этади. Ҳеч ким буни фаҳмламаса ҳам, шоир фаҳмлайди, халқу халойиқ шафқатсиз ва бераҳм воқелик қаршисида қўрқиб-қалтираб ожиз қолганда ҳам шоир ҳаётга суянади. Зеро, ҳаётга елкадош ва маслакдош ижодкорнинг умри боқий бўлади. Қадим Хоразмнинг истеъдодли, демакки, исёнкор фарзанди Аваз Ўтар ана шундай беназир шоирдир. Аваз шеърияти анъанавий адабиёт билан янги ўзбек шеърияти орасида мустаҳкам бир кўприк вазифасини ўтаган, деса хато бўлмайди. Чунки у эскида янгини идрок этиш, янгиликни қадим асосида кашф этишдек ноёб салоҳиятга соҳиб эди. Унинг шеъриятида сирли хусусият ва фазилатлар кўп бўлишига қарамай уларни ошкор қилиш осон эмаслигининг асосий сабаби ана шу. Алишер Навоий достонларидан бирида:
То тутти жунун йўлин Навоий
Ким бўлди ватанға раҳнамойи,
деган эди. Шу фикрнинг ўзига хос тасдиғини мен Аваз шахсияти ва ижодий қисматида ҳам кўраман. Уни жавонмард ва дарвеш шоирларга яқинлаштирган руҳ – жунун руҳи эди. Демак, унинг ўз даври ва замонига гоҳо кескин мунособат кўрсатиши тасодифий эмасди. Шу маънода Авазни Хоразм шоирларининг ишқ ва ирфонга фоне бўлган Мажнуни дейиш мумкин. Шоир шеърларининг умумий жазбасини ҳис қила олган ҳар бир киши буни теран фаҳмлайди. Қандайдир бир ҳаволаниш билан у:
Назмимни кўргач — ўқ, не ажаб этсалар,
Таҳсин шоири Араб ила Ажам манго,-
демаган.
Аваз ўзигача яшаб ижод этган туркий ва форсий адабиётдаги салафлари ижод мактабидан илҳомланиб сабоқ олган. Аммо наинки ошиқона, балки орифона шеърларида ҳам у Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий, Фузулий, Огаҳий, Бедил каби буюк шарқ шоирларининг вориси ва муносиб издоши қиёфасида ўзини кўрсата билган. Чунки у руҳ, маъни, гўзаллик ва ҳақиқат файзига етишишнинг асл маънавий манбаларга таянган.
Истагил дарвешлардин файзи маъни истасанг
Ким, хароби кўҳналарда бўлғуси махсури ганж.
II
Аваз Ўтарнинг фикр ҳаёти, ахлоқий-маънавий қисмати, изтироб кўлами ва руҳий юксалишлари бошқа бир шоирникига айтарли ўхшамайди. Шоирлигида шеъриятда кўп такрорланган ғам-ғусса, ҳасрат ва андуҳдан қувватли ҳамда фожероқ бир туйғу – яратувчан эҳтирос мавжуд. Ана шу эҳтирос бош кўтарганда у ўзини гоҳ унутса, гоҳ ўзидан қочиб фано ҳолидан нажот истайди. Шунда унинг азоб, изтироб, мунгли нолалари шеърда эътироф эмас, эътироз, иқрор эмас, инкорга айланади. У гўё маънисизликдан маъни, қайғудан қувонч ахтаради. Ўзини унутган, ўзлигидан кечган ҳолатларда на дунёни, на аҳли оламни у хасча ҳам назарга илмайди.
Биродарлар, жаҳоннинг йўқ вафоси,
Вафоси демайин, балким бақоси.
Етурмас ҳеч кима бу чарх роҳат,
Фузун ҳар дам бўлуб зулму жафоси.
Бўлур ким келса бу ёлғончи ичра,
Ғаму дарду балонинг ошноси.
Чиқар кўк сари офат касратидин,
Халойиқнинг фиғон ила ноласи!
Дуо айланг, ки шояд айлагай раҳм,
Бу ҳолига еру кўкнинг Худоси…
Умуман олганда, Аваз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий турмушдаги барча фожиа ва кулфатларнинг яккаю ягона халоскори сифатида фақат Аллоҳдан нажот истаб, фақат Ҳақ йўлини ростлик, шафқат, мурувват, мардлик, садоқат йўли деб билади.
III
Адабиётнинг улкан вазифаси бор: ўзини-ўзи ҳимоя этолмайдиган, маънавий ҳуқуқлари топталган кишилар учун у ҳар қандай шароитда ҳам курашиши шарт. Адабиёт ҳаёт ва инсон билан алоқадор ҳамма нарсани чуқур ўзлаштириши керак. Адабиётнинг ўз озодлик муҳити, дунёдаги жамики ёлғонларга нафрати, туганмас армонлари бор. Жаҳондаги барча даҳолар буни у ёки бу тарзда билганлар. Бироқ бир аччиқ ҳаҳиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди: ўтмишда гоҳо талантли шоирлар ҳам сарой адабиёти ғоявий йўналишлари чегарасида қолиб, шоҳларни мадҳ этиш, уларнинг шафқатсизликлардан иборат зафарларини мақташлардан ўзларини тия олмаганлар. Бундай пайтларда, албатта, халқ тақдири четлаб ўтилган, заҳматкаш инсоннинг ғаму кулфатлари унитилган. Бу эса баъзан шоирдаги самимиятнинг емирилишигача олиб борган.
Авазнинг бир қатор шеърлари бор: фикр таркиби суст, ҳислар таранглиги етишмайди, тасвир бўёқлари хира, маъно қайтариқлари кўп. Бунинг сабаблари нимада? Маълумки, Аваз Хива хони Муҳаммад Раҳимнинг диққатини жалб этиб, саройга чақиртирилган. У сарой шоирлари муҳитида, қисқа фурсат бўлса-да, уларга ҳамоҳанг асарлар ёзган.
Бугина эмас, Аваз ижодининг илк даврларида поэтик фикрнинг янги ва оригиналлигига ҳамиша ҳам қатъий эътибор қилавермайди. У баъзан жўн, шунчаки маъноларни ҳам, сўз ўзгаришлари билан қатор-қатор байтларда такрорлайверади. Масалан, бир ғазал «Паривашлар тамоми бевафодир, Ситамгар, пур жафо, ноошнодур», деб бошланса, ўзга ғазал матлаъсида ўқиймиз:
Сийминбарлар бори номеҳрибондур,
Алар бедоди машҳури жаҳондур.
Энди айни шу мазмун мана бундай сўзларда ҳам ифодаланган: «Вафосиздур фиғонким, дилраболар, На бир оромижон, қоши қаролар». Дилрабо ва сийминбарларнинг ноошно ва бевафолиги ҳақида сўзлашга шоир шу даражада маҳлиё бўлнб кетадики, натижада баъзан аёл ҳақида номатлуб тушунчаларни ҳам илгари суради:
Бори маҳбуби оламдур вафосиз,
Ки онларни барисидур ҳаёсиз.
Авазнинг бир шеъри бор. Унда шоҳлар суҳбатига банд киши доим гирифтори қафас булбулга ўхшатилади. Бунда нимага ишорат қилинаётганлиги аён, албатта. Аваз табиатан эрк одами бўлган. Сарой теварагидаги фикрий эрксизлик, теран ижодий дард ва оташин эҳтирослардан йироқ сухангуфторликлар уни қийнаганлиги табиий. Бошқача бўлганда, Аваз бугун биз билган виждон шоири мавқеига кўтарила олмасди. Чунки классик шоирларимиз шахси ва ғоявий эътиқодларининг шаклланиши улар мансуб муҳит ва замонга қарши бориш, ботинан келишмаслик сабабларига ҳам бевосита тегишлидир. Бугина эмас, Аваз маддоҳ бўлиб туғилмаганлиги, ундаги истеъдод туб моҳияти билан халқники ва уни жонажон юртига садоқат билан хизматга бағишлаш ҳам қарз, ҳам фарзлигини вақтида англаб етган эди:
Лаънат ул шоиргаким, ҳирсу тамаъ таҳрикидин,
Кўргазур ҳар сифлау нокасга изҳори мадих…
Бу – Авазнинг салафларидан Шермуҳаммад Муниснинг гапи. Бу сингари сўзларга Аваз бефарқ қарай оладиган, дилидагини яшириб яшаш «бахтига» чидайдиган ижодкор эмас эди. Аваз қандай характердаги шоир бўлган? Унинг шеърияти билан атрофлича танишиш шундай хулосага келиш ҳуқуқини беради: Аваз қалби оламнинг ўткинчи ҳавасларидан покланган, секин-аста шахсий ҳузур-ҳаловатлардан кечган, буни ўйлашдан ҳам жирканадиган даражадаги саркаш, туйғулари ҳужумкор шоир. Тўғри, унинг табиатида ошиқлик кучли. Дилида ишқ аланга ёқади. У – ориф шахс. Дунё пасту баландларини теран англайди. У – файласуф. Бу қобилият унинг шеърларига файз бахш этиб турибди. Бироқ буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда уни ўз сўзлари билан “исён баҳрига ғаввос” шоир деб таърифлаш тўғри бўлади. Авазнинг кўпгина шеърлари айни шундай руҳий юксаклик маҳсулларидир. Уларда шоирнинг «Фикр айласам ҳақиқат аро, эй рафиқлар, Мурғи дилимни асру буюк ошёнаси», деган сўзлари яхлит моҳият шаклида равшанлаша боради.
Хуллас, Авазнинг исёни абадиятни бўйлайдиган, абадий ҳушёрликка, доимо очиқ шуур билан англашга даъват этадиган фикру туйғуларга бой. Фидойи шоир ўз исёнининг оқибатларидан мутлақо чўчимади. У шоирни охир-оқибатда халқ ва Ватан истиқболи учун қурбон бўлишга тайёр биринчи шахс деб билди. Унинг тилидан:
На яхши, ўйлаким, маъқулу манзур,
Аваз, халқим учун тўкилса қоним, —
деган сўзлар бениҳоя рост, самимий эшитилади. У шоҳ салтанатидан юз буриб, шеъриятнинг содиқ аскарига айланди, кундан-кун ҳаётнинг зарур ижтимоий-сйёсий ва ахлоқий масалаларининг поэтик талқинларини беришда фаоллик кўрсата борди. У хўрланганлар шоири эди. Узи ҳам хўрланишини биларди. «Келур бошимга турфа можаролар», дея аввалдан ҳар қандай ранжу офатларни бўйнига олди. Уни «фуқаро бошидаги» «минг шўр ила шар» «ҳасрат чекиб» сўзлашга маҳкум этди. Унинг тафаккури “Топар эркан қачон, ё Раб, ҳаёти жовидон миллат? Топиб илму ҳунар бирла маорифдин нишон миллат?” каби оламшумул саволларга жавоб ахтарар ва у жавоблар ҳам олий тафаккурнинг маҳсуллари эди.
IV
Дунёда забун халқ ва фоже Ватан ишқи билан оғриган қалбчалик тўғри йўл кўрсатадиган улуғ раҳнамо бўлмайди. Аммо калтабин ва онги заиф кимсалар буни фаҳмламайдилар. Чунки улар эзгулик ва тараққиёт душманлари, “риёзат била бермайин нафса ранж”, иши “хўрду хоб” бўлган қорин бандалари. Бундайлар “дам-бадам бедоду жабру зўрликлар” қилиб “зулм ила” миллатни хароб этгувчилар. Авазнинг худбин амалдорларига бўлган нафрат акс этган шеърлари кўпайган сари унга нисбатан душманлик хуружлари ҳам кучайган. Бироқ, бор-йўғи ўттиз беш йилгина умр кечирган, шу қисқа ҳаётнинг кейинги йиллари ҳам кулфат ва оғир азобларга тўла бўлишига қарамай, Аваз катта ижодий мерос яратиб қолдира олди.
Поэтик сўз ҳеч пайт вазият, мақсад, шоирнинг ички руҳий хусусиятларидан ажралган ҳолда пайдо бўлмайди. Бас шундай экан, шоирлик маҳоратини ҳам ижодкорнинг ҳаётга қимзғин аралашув ҳислари, умрнинг ҳал қилувчи фурсатлардаги ҳаётий қарашлари, ғоявий туғёнлардан узилган масалага туширилмаслиги керак.
Аваз – умид шоири, замонаси тан олмаган, турфа хил ишончсизликлар ичида қаддини тиклай борган тилаклар куйчиси. У ҳаммадан ортиқ ҳаётдаги ўзгаришларга, қуллик ва нодонлик кишанлари парчаланишига умид боғлар ҳамда ишонарди.
Аваз кўп ижодий фурсатларини ғазал ёзишга бағишлаган шоирлардан. Ғазал – инсон қалбининг армонли оҳанглари, дардли руҳнинг алоҳида ва яхлит манзараси. Ғазалнавислик – бу, руҳ ҳақиқатларини акс эттиришдир. Бу маънолар хоҳ ишқий мавзуда бўлсин, хоҳ фалсафий ёки ахлоқий йўналишларда бўлсин бунинг аҳамияти йўқ, ҳамма гап. тириклик ёки ўлим моҳиятида баҳсга киришган Руҳнинг ҳурриятида. Чунки руҳий кўтарлиш бўлмаган юракда ақлий баландлик бўлиши мушкул.
Анъана истеъдодни тарбиялайди. Дид, савия имкониятларнинг очилиши ва кенгайишига таъсир кўрсатади. Бироқ, у юракка ўт ёқмайди.
Аваз тасвиридаги ошиқнинг тушунчасида олам ва одамдаги мавжуд барча ёмонлик ҳамда ноқисликларнинг ўзак-негизи “аҳли олам”нинг муҳаббатсизлигида. Унингча, ҳақиқий бахт ҳам, тахт ҳам, поклик ҳам муҳаббатда:
То муҳаббатни кулоҳин киймасам ушшоқ аро,
Эмди Искандар масаллик тожи Дорони нетай?
Аваз — мазлумсевар шоир. Эзилган эл ва юрт қайғулари унинг руҳида. Шунинг учун бўлса керак, унда эл тилидан гапириш, “миллати мазлума аҳволин паришон” этганлар билан халқ номидан поэтик мубоҳасалар яратиш маҳорати ёрқин. Унинг бу йўналишдаги шеърларида сўз садолари оғзаки нутққа яқинлашади, халқнинг асрий дардлари, турмуши ва тақдирига оид саволлар қўйилиб, поэтик таъкидлар қилинади:
Бизни айлаб хору зору нотавон этмоқ учун,
Бермайин осори ҳурлик банди зиндон этдингиз.
Бу фалокатлар учун масъул ўлурсиз оқибат,
Зулми истибдод ила миллатни вайрон этдингиз.
Аваз ўзидаги уйғониш ва фикрий ўсувни замондан деб баҳолайди, онги уйғонаётган кишиларни ўзига ўхшатади.
Бадиий ижодда баъзан шундай шеърлар дунёга келадики, улар алоҳида шоирларнигина эмас, давр ва замон шеъриятининг нафасини белгилашга хизмат қилади. Бундай шеърлар ўқилганда “Шоир ким ва маҳоратининг кучи нимада?” — деган саволга киши жавоб топгандай бўлади:
Йўқ жаҳон мулкида биздек ожизу бечора халқ,
Зулм тиғи бирла бўлғон бағри юз минг пора халқ.
Шоирнинг вазифаси – эзилган одамнинг дилини эзиш, аҳволнинг беҳад оғирлигини писанда қилиб, руҳни жонсарак этишдан иборат эмас. Балки ҳар қандай қийноқ ва ночорликнинг сабабларини ёритиш, уларга қарши кескин норозилик уйғотиб, курашга чорлашдан иборат. “Халқ” шеърида Аваз ҳам шу позицияда туриб қалам юритган.
Классик шоирларимиз шеъриятида “замон” фаол поэтик образлардан бири. Бу образ шеърда деярли ҳамма пайт, ғанимлик, риёкорлик, кўпдан-кўп разолатларнинг дояси, қасоскори. Аммо Аваз “Халқ” шеърида бу ғоявий анъанадан тубдан чекинади. Ижодининг кейинги даврларида ёзган айрим асарларида бўлгани сингари у ҳурлик шамоллари эсаётган янги замоннинг қудратига ҳаққоний баҳо беради.
Шоирлар бўлади, ўзлигини таниганидан охирги нафасигача ижодини улуғ мақсад, курашчан туйғулар ҳаракатлантириб туради. Бундай қаламкашлар қайси шеърий шаклларда ёзишмасин халқ хотирасида адолат, одамийлик ғоялари устуворлиги учун куч сарфлайдилар. Тасаввур этилса, фикрлаш тарзининг ўзи бундай шоирларда маҳорат. Чунки улар ҳали хаёлда ярала бошлаган ҳар бир шеърлари билан хўрланган одамларнинг ёнида турадилар. Бедодликдан ун тортаётган қанча бечоранинг кўз ёшлари уларни қалб косасига тўкилади.
Аваз кичик шаклдаги шеърлари — қитъа ва рубоийларида ҳам некбинликка содиқ. Яхшилик ва одамдаги яхши хислатларга ҳомий, разолат, риё, нодонлик ва жаҳолат душмани. Шоир бир қитъа ё рубоийсида гўё дунёнинг бир ёлғонини парчалайди. Ихчам шаклларда ҳақиқатнинг катта моҳиятларини гавдалантиришга қизиқади.
Мардликдан дунё ишлари ўнгланади, номардликдан таназзул топади. Мардлик одам умрини безайди, номардлик қарога бўяйди. Номард ўзини мард аҳлига тенглаштиргани билан танти, бағри кенг, ўз сўзига эга, матонатли киши бўла қолмайди. Аваз қитъаларидан бирида “умрида бир йўл мардлик расмини кўргазмай”, ўзини эрларга ташбиҳ қилган кимса тўғрисида сўзлаб, дейди:
Бошиға келса ҳам шамшири заҳролуд мард ўғлон,
Керакдур турмоқ собит ҳамиша аҳдини бузмай.
Демак, мардлик — собитлик. Бошга қилич келганда ҳам ваъдага вафо, аҳдни бузмаслик. Авазнинг бу гапи янгилик эмасди. Лекин бунда муҳими: шоир ёқлаган, юрак-юракдан ташвиқ этаётган ҳақиқатнинг эскирмаслиги ва чуқурлигидадир.
“Адабиёт ўз олдига ҳўйган мақсад борасида муваффақият қозониш учун метафоралардан, аллегориялардан, поэтик вазнлардан, имо-ишоралардан фойдаланади”, — дейди Рабиндранат Тагор. Шеъриятда тадбиқ қилинадиган поэтик тасвир усул ва воситалардан ҳам бош муддао шу: ҳис-туйғуга асосланган фикрни жозибадор, инсон қалбига теран ва узоқ таъсир кўрсата оладиган услубларда тасвирлашда муваффақият қозониш. Шоир буни мукаммал даражаларда эпласа, демак у маҳоратли. Унинг қаламида сир бор – ўқувчини ҳаяжонлантириш сири.
Аваз шеърияти ғоя ва туйғулари билан эмас, бадиий воситалари, сержило ташбиҳлари образлар оламининг оригиналлиги билан ҳам таҳсинга лойиқ. Бу томондан ҳам, унинг ўз сўзлари билан таърифлаганда, “Аваз назмиға ҳар абёту девон ўхшамас”дир.
Мени ҳолим ашъорим ичрадурур,
Баёну баёну баёну баён,-
дейди Аваз. Бу – ҳақиқат! Аваз ўзининг севимли қаҳрамони – ошиқ кечинмалари, орзу, дард ва фикрларини акс эттирганида ўз юрак ҳолати ва изтироблари манзараларини ҳам уларга уйғунлаштиради. Бошқача қилиб айтганда, Аваз ғазалларини унинг шахсияти, шахсиятидаги порлоқ фазилатлар безаб туради.
Аваз Ўтарнинг фикр ҳаёти, маънавий толеи, қалб изтироби ва руҳий исёни бошқа бир шоирникига ўхшамайди. Унинг шоирлигида ўзгалар томонидан кўп такрорланган ғам-андуҳ ва ҳасратдан қувватли ҳамда кўламлироқ бир туйғу мавжуд.
V
Маълумки, собиқ совет давлати ҳаётга кўп чала ҳақиқат, ғайритабиий сиёсий тушунчаларни жорий этганидек, маданият, илм-фан, санъат ва адабиётни ҳам чалалик ҳамда сохтакорликка маҳкум қилганди. Октябрь тўнтариши арафасида ва ундан сал кейин қалам тебратган шоирларнинг асарлари инқилоблаштирилиб, ҳар хил шакл ва буёқда замонавийлаштирилганди. Аваз Ўтар ўшалардан биридир. Унинг, хусусан, ўз даври вақтли матбуотида босилган шеърларида ғайриижодий таҳрир ва қўпол тузатишлар амалга оширилганлигини тан олиш, тадқиқ йўли билан кўрсатиш керак. Баъзи адабиётшунослар ўйлаб топгани ва таърифлаганидек, Аваз “революцион-демократ” шоир бўлмаган. Унинг ҳуррият, эркинлик, тенглик, тараққиётга доир фикр-қарашлари бутунлай бошқа маънавий ва маъруфий асосга эга бўлиб, мустамлакачилик сиёсати ва босқинчилик ҳийлаларига алоқаси йўқ эди. Том маъноси ила у мусулмон шоири эди. Шоҳ Машраб, Сўфи Оллоёр, Аваз Ўтар, Чўлпон, Рауф Парфи сингари шоирларнинг шеърлари миллат кўнгли ва юрт толеи ҳалокатли таъсир ўтказадиган бир қатор ички офатларнинг йўлини тўсишга хизмат қилади. Булар хулқий ожизлик, сиёсий кўрлик, диний мунофиқлик, маънавий маҳмаданалик, илмий сўзамоллик, адабий лақмаликдир. Шу маънода ҳам Авазнинг ўрнини бошқа бир шоир эгаллай олмаганидек, унинг ҳаёт ва ҳақиқат майдонига чорловчи, ҳамлакор овозини такрорловчи қалам соҳиби ҳам йўқ. Чунки у бу оламда бахт ва бахтсизлик, омад ва омадсизлик, муваффақият ва мағлубиятдан юксак моҳият борлигини мушоҳада эта билган санъаткорлардандир. Аваз умрининг маълум бир қисми фожиа, мусибат, ғам-ғусса, ҳасрат ва кулфат ичида кечган. Ана ўшанда у руҳан Машрабга яқинлаб борган. Ана ўшанда у фановашлик ҳолининг имтиёзларини аниқ тасаввур этган. Аваз ҳам дили эзгин, “яралари очиқ” (Асқад Мухтор) шоирлардан. Унинг нолаю надомат, ғуссаю ҳасратларини кўнгилдан ўтказиб, руҳан идрок айлай билган шеърхон тасаввурида Аваз ўзбекнинг энг буюк жафокаш шоирларидан бири сифатида сувратланиб қолиши шубҳасиздир. Хато ва камчиликларидан қатъи назар ўнлаб олимларнинг хизматлари туфайли юртимизда авазшунослик, деган фан тармоғи шаклланган. Давр ва замон талабларини тўла инобатга олиб, билимдонлик билан уни ривожлантириш лозим. Шунда Аваз Ўтар бизга, биз эса унинг ҳасраткаш шахсияти ва шеъриятига ҳар қалай яқинлашган бўламиз.
Avaz O’tarning 135 yilligiga
Shoirlar bo’ladi, o’zligini taniganidan oxirgi nafasigacha ijodini ulug’ maqsad, kurashchan tuyg’ular harakatlantirib turadi. Bunday qalamkashlar qaysi she’riy shakllarda yozishmasin xalq xotirasida adolat, odamiylik g’oyalari ustuvorligi uchun kuch sarflaydilar. Tasavvur etilsa, fikrlash tarzining o’zi bunday shoirlarda mahorat. Chunki ular hali xayolda yarala boshlagan har bir she’rlari bilan xo’rlangan odamlarning yonida turadilar. Bedodlikdan un tortayotgan qancha bechoraning ko’z yoshlari ularni qalb kosasiga to’kiladi.
Ibrohim HAQQUL
IShQ, DARD VA ISYoN ShOIRI
Ko’ngul ichra g’am kamligi asru g’amdur…
Alisher Navoiy
I
Zamonamizning mashhur shoirlaridan biri “Iste’dodning tabiati – isyon”, deb ta’kidlagan edi. Darhaqiqat, chinakam har bir iste’dod sohibi yer yuzidagi zulm va bedodlikka qarshi kurash va isyon uchun dunyoga keladi. Hayot va jamiyat haqiqiy talant nigohi bilan o’ziga boqib, so’z va ifodalaridagi g’am-g’ussa, kulfat va musibatlarni tan olgandagina bir qadar yengil tortib mazlumu bechora, g’aribu g’urabolarni tushkunlik va umidsizliklardan har qalay muhofaza etadi. Hech kim buni fahmlamasa ham, shoir fahmlaydi, xalqu xaloyiq shafqatsiz va berahm voqelik qarshisida qo’rqib-qaltirab ojiz qolganda ham shoir hayotga suyanadi. Zero, hayotga yelkadosh va maslakdosh ijodkorning umri boqiy bo’ladi. Qadim Xorazmning iste’dodli, demakki, isyonkor farzandi Avaz O’tar ana shunday benazir shoirdir. Avaz she’riyati an’anaviy adabiyot bilan yangi o’zbek she’riyati orasida mustahkam bir ko’prik vazifasini o’tagan, desa xato bo’lmaydi. Chunki u eskida yangini idrok etish, yangilikni qadim asosida kashf etishdek noyob salohiyatga sohib edi. Uning she’riyatida sirli xususiyat va fazilatlar ko’p bo’lishiga qaramay ularni oshkor qilish oson emasligining asosiy sababi ana shu. Alisher Navoiy dostonlaridan birida:
To tutti junun yo’lin Navoiy
Kim bo’ldi vatang’a rahnamoyi,
degan edi. Shu fikrning o’ziga xos tasdig’ini men Avaz shaxsiyati va ijodiy qismatida ham ko’raman. Uni javonmard va darvesh shoirlarga yaqinlashtirgan ruh – junun ruhi edi. Demak, uning o’z davri va zamoniga goho keskin munosobat ko’rsatishi tasodifiy emasdi. Shu ma’noda Avazni Xorazm shoirlarining ishq va irfonga fone bo’lgan Majnuni deyish mumkin. Shoir she’rlarining umumiy jazbasini his qila olgan har bir kishi buni teran fahmlaydi. Qandaydir bir havolanish bilan u:
Nazmimni ko’rgach — o’q, ne ajab etsalar,
Tahsin shoiri Arab ila Ajam mango,-
demagan.
Avaz o’zigacha yashab ijod etgan turkiy va forsiy adabiyotdagi salaflari ijod maktabidan ilhomlanib saboq olgan. Ammo nainki oshiqona, balki orifona she’rlarida ham u Pahlavon Mahmud, Alisher Navoiy, Fuzuliy, Ogahiy, Bedil kabi buyuk sharq shoirlarining vorisi va munosib izdoshi qiyofasida o’zini ko’rsata bilgan. Chunki u ruh, ma’ni, go’zallik va haqiqat fayziga yetishishning asl ma’naviy manbalarga tayangan.
Istagil darveshlardin fayzi ma’ni istasang
Kim, xarobi ko’hnalarda bo’lg’usi maxsuri ganj.
II
Avaz O’tarning fikr hayoti, axloqiy-ma’naviy qismati, iztirob ko’lami va ruhiy yuksalishlari boshqa bir shoirnikiga aytarli o’xshamaydi. Shoirligida she’riyatda ko’p takrorlangan g’am-g’ussa, hasrat va anduhdan quvvatli hamda fojeroq bir tuyg’u – yaratuvchan ehtiros mavjud. Ana shu ehtiros bosh ko’targanda u o’zini goh unutsa, goh o’zidan qochib fano holidan najot istaydi. Shunda uning azob, iztirob, mungli nolalari she’rda e’tirof emas, e’tiroz, iqror emas, inkorga aylanadi. U go’yo ma’nisizlikdan ma’ni, qayg’udan quvonch axtaradi. O’zini unutgan, o’zligidan kechgan holatlarda na dunyoni, na ahli olamni u xascha ham nazarga ilmaydi.
Birodarlar, jahonning yo’q vafosi,
Vafosi demayin, balkim baqosi.
Yeturmas hech kima bu charx rohat,
Fuzun har dam bo’lub zulmu jafosi.
Bo’lur kim kelsa bu yolg’onchi ichra,
G’amu dardu baloning oshnosi.
Chiqar ko’k sari ofat kasratidin,
Xaloyiqning fig’on ila nolasi!
Duo aylang, ki shoyad aylagay rahm,
Bu holiga yeru ko’kning Xudosi…
Umuman olganda, Avaz ijtimoiy, iqtisodiy va siyosiy turmushdagi barcha fojia va kulfatlarning yakkayu yagona xaloskori sifatida faqat Allohdan najot istab, faqat Haq yo’lini rostlik, shafqat, muruvvat, mardlik, sadoqat yo’li deb biladi.
III
Adabiyotning ulkan vazifasi bor: o’zini-o’zi himoya etolmaydigan, ma’naviy huquqlari toptalgan kishilar uchun u har qanday sharoitda ham kurashishi shart. Adabiyot hayot va inson bilan aloqador hamma narsani chuqur o’zlashtirishi kerak. Adabiyotning o’z ozodlik muhiti, dunyodagi jamiki yolg’onlarga nafrati, tuganmas armonlari bor. Jahondagi barcha daholar buni u yoki bu tarzda bilganlar. Biroq bir achchiq hahiqatdan ham ko’z yumib bo’lmaydi: o’tmishda goho talantli shoirlar ham saroy adabiyoti g’oyaviy yo’nalishlari chegarasida qolib, shohlarni madh etish, ularning shafqatsizliklardan iborat zafarlarini maqtashlardan o’zlarini tiya olmaganlar. Bunday paytlarda, albatta, xalq taqdiri chetlab o’tilgan, zahmatkash insonning g’amu kulfatlari unitilgan. Bu esa ba’zan shoirdagi samimiyatning yemirilishigacha olib borgan.
Avazning bir qator she’rlari bor: fikr tarkibi sust, hislar tarangligi yetishmaydi, tasvir bo’yoqlari xira, ma’no qaytariqlari ko’p. Buning sabablari nimada? Ma’lumki, Avaz Xiva xoni Muhammad Rahimning diqqatini jalb etib, saroyga chaqirtirilgan. U saroy shoirlari muhitida, qisqa fursat bo’lsa-da, ularga hamohang asarlar yozgan.
Bugina emas, Avaz ijodining ilk davrlarida poetik fikrning yangi va originalligiga hamisha ham qat’iy e’tibor qilavermaydi. U ba’zan jo’n, shunchaki ma’nolarni ham, so’z o’zgarishlari bilan qator-qator baytlarda takrorlayveradi. Masalan, bir g’azal «Parivashlar tamomi bevafodir, Sitamgar, pur jafo, nooshnodur», deb boshlansa, o’zga g’azal matla’sida o’qiymiz:
Siyminbarlar bori nomehribondur,
Alar bedodi mashhuri jahondur.
Endi ayni shu mazmun mana bunday so’zlarda ham ifodalangan: «Vafosizdur fig’onkim, dilrabolar, Na bir oromijon, qoshi qarolar». Dilrabo va siyminbarlarning nooshno va bevafoligi haqida so’zlashga shoir shu darajada mahliyo bo’lnb ketadiki, natijada ba’zan ayol haqida nomatlub tushunchalarni ham ilgari suradi:
Bori mahbubi olamdur vafosiz,
Ki onlarni barisidur hayosiz.
Avazning bir she’ri bor. Unda shohlar suhbatiga band kishi doim giriftori qafas bulbulga o’xshatiladi. Bunda nimaga ishorat qilinayotganligi ayon, albatta. Avaz tabiatan erk odami bo’lgan. Saroy tevaragidagi fikriy erksizlik, teran ijodiy dard va otashin ehtiroslardan yiroq suxanguftorliklar uni qiynaganligi tabiiy. Boshqacha bo’lganda, Avaz bugun biz bilgan vijdon shoiri mavqeiga ko’tarila olmasdi. Chunki klassik shoirlarimiz shaxsi va g’oyaviy e’tiqodlarining shakllanishi ular mansub muhit va zamonga qarshi borish, botinan kelishmaslik sabablariga ham bevosita tegishlidir. Bugina emas, Avaz maddoh bo’lib tug’ilmaganligi, undagi iste’dod tub mohiyati bilan xalqniki va uni jonajon yurtiga sadoqat bilan xizmatga bag’ishlash ham qarz, ham farzligini vaqtida anglab yetgan edi:
La’nat ul shoirgakim, hirsu tama’ tahrikidin,
Ko’rgazur har siflau nokasga izhori madix…
Bu – Avazning salaflaridan Shermuhammad Munisning gapi. Bu singari so’zlarga Avaz befarq qaray oladigan, dilidagini yashirib yashash «baxtiga» chidaydigan ijodkor emas edi. Avaz qanday xarakterdagi shoir bo’lgan? Uning she’riyati bilan atroflicha tanishish shunday xulosaga kelish huquqini beradi: Avaz qalbi olamning o’tkinchi havaslaridan poklangan, sekin-asta shaxsiy huzur-halovatlardan kechgan, buni o’ylashdan ham jirkanadigan darajadagi sarkash, tuyg’ulari hujumkor shoir. To’g’ri, uning tabiatida oshiqlik kuchli. Dilida ishq alanga yoqadi. U – orif shaxs. Dunyo pastu balandlarini teran anglaydi. U – faylasuf. Bu qobiliyat uning she’rlariga fayz baxsh etib turibdi. Biroq bularning barchasini inobatga olgan holda uni o’z so’zlari bilan “isyon bahriga g’avvos” shoir deb ta’riflash to’g’ri bo’ladi. Avazning ko’pgina she’rlari ayni shunday ruhiy yuksaklik mahsullaridir. Ularda shoirning «Fikr aylasam haqiqat aro, ey rafiqlar, Murg’i dilimni asru buyuk oshyonasi», degan so’zlari yaxlit mohiyat shaklida ravshanlasha boradi.
Xullas, Avazning isyoni abadiyatni bo’ylaydigan, abadiy hushyorlikka, doimo ochiq shuur bilan anglashga da’vat etadigan fikru tuyg’ularga boy. Fidoyi shoir o’z isyonining oqibatlaridan mutlaqo cho’chimadi. U shoirni oxir-oqibatda xalq va Vatan istiqboli uchun qurbon bo’lishga tayyor birinchi shaxs deb bildi. Uning tilidan:
Na yaxshi, o’ylakim, ma’qulu manzur,
Avaz, xalqim uchun to’kilsa qonim, —
degan so’zlar benihoya rost, samimiy eshitiladi. U shoh saltanatidan yuz burib, she’riyatning sodiq askariga aylandi, kundan-kun hayotning zarur ijtimoiy-syyosiy va axloqiy masalalarining poetik talqinlarini berishda faollik ko’rsata bordi. U xo’rlanganlar shoiri edi. Uzi ham xo’rlanishini bilardi. «Kelur boshimga turfa mojarolar», deya avvaldan har qanday ranju ofatlarni bo’yniga oldi. Uni «fuqaro boshidagi» «ming sho’r ila shar» «hasrat chekib» so’zlashga mahkum etdi. Uning tafakkuri “Topar erkan qachon, yo Rab, hayoti jovidon millat? Topib ilmu hunar birla maorifdin nishon millat?” kabi olamshumul savollarga javob axtarar va u javoblar ham oliy tafakkurning mahsullari edi.
IV
Dunyoda zabun xalq va foje Vatan ishqi bilan og’rigan qalbchalik to’g’ri yo’l ko’rsatadigan ulug’ rahnamo bo’lmaydi. Ammo kaltabin va ongi zaif kimsalar buni fahmlamaydilar. Chunki ular ezgulik va taraqqiyot dushmanlari, “riyozat bila bermayin nafsa ranj”, ishi “xo’rdu xob” bo’lgan qorin bandalari. Bundaylar “dam-badam bedodu jabru zo’rliklar” qilib “zulm ila” millatni xarob etguvchilar. Avazning xudbin amaldorlariga bo’lgan nafrat aks etgan she’rlari ko’paygan sari unga nisbatan dushmanlik xurujlari ham kuchaygan. Biroq, bor-yo’g’i o’ttiz besh yilgina umr kechirgan, shu qisqa hayotning keyingi yillari ham kulfat va og’ir azoblarga to’la bo’lishiga qaramay, Avaz katta ijodiy meros yaratib qoldira oldi.
Poetik so’z hech payt vaziyat, maqsad, shoirning ichki ruhiy xususiyatlaridan ajralgan holda paydo bo’lmaydi. Bas shunday ekan, shoirlik mahoratini ham ijodkorning hayotga qimzg’in aralashuv hislari, umrning hal qiluvchi fursatlardagi hayotiy qarashlari, g’oyaviy tug’yonlardan uzilgan masalaga tushirilmasligi kerak.
Avaz – umid shoiri, zamonasi tan olmagan, turfa xil ishonchsizliklar ichida qaddini tiklay borgan tilaklar kuychisi. U hammadan ortiq hayotdagi o’zgarishlarga, qullik va nodonlik kishanlari parchalanishiga umid bog’lar hamda ishonardi.
Avaz ko’p ijodiy fursatlarini g’azal yozishga bag’ishlagan shoirlardan. G’azal – inson qalbining armonli ohanglari, dardli ruhning alohida va yaxlit manzarasi. G’azalnavislik – bu, ruh haqiqatlarini aks ettirishdir. Bu ma’nolar xoh ishqiy mavzuda bo’lsin, xoh falsafiy yoki axloqiy yo’nalishlarda bo’lsin buning ahamiyati yo’q, hamma gap. tiriklik yoki o’lim mohiyatida bahsga kirishgan Ruhning hurriyatida. Chunki ruhiy ko’tarlish bo’lmagan yurakda aqliy balandlik bo’lishi mushkul.
An’ana iste’dodni tarbiyalaydi. Did, saviya imkoniyatlarning ochilishi va kengayishiga ta’sir ko’rsatadi. Biroq, u yurakka o’t yoqmaydi.
Avaz tasviridagi oshiqning tushunchasida olam va odamdagi mavjud barcha yomonlik hamda noqisliklarning o’zak-negizi “ahli olam”ning muhabbatsizligida. Uningcha, haqiqiy baxt ham, taxt ham, poklik ham muhabbatda:
To muhabbatni kulohin kiymasam ushshoq aro,
Emdi Iskandar masallik toji Doroni netay?
Avaz — mazlumsevar shoir. Ezilgan el va yurt qayg’ulari uning ruhida. Shuning uchun bo’lsa kerak, unda el tilidan gapirish, “millati mazluma ahvolin parishon” etganlar bilan xalq nomidan poetik mubohasalar yaratish mahorati yorqin. Uning bu yo’nalishdagi she’rlarida so’z sadolari og’zaki nutqqa yaqinlashadi, xalqning asriy dardlari, turmushi va taqdiriga oid savollar qo’yilib, poetik ta’kidlar qilinadi:
Bizni aylab xoru zoru notavon etmoq uchun,
Bermayin osori hurlik bandi zindon etdingiz.
Bu falokatlar uchun mas’ul o’lursiz oqibat,
Zulmi istibdod ila millatni vayron etdingiz.
Avaz o’zidagi uyg’onish va fikriy o’suvni zamondan deb baholaydi, ongi uyg’onayotgan kishilarni o’ziga o’xshatadi.
Badiiy ijodda ba’zan shunday she’rlar dunyoga keladiki, ular alohida shoirlarnigina emas, davr va zamon she’riyatining nafasini belgilashga xizmat qiladi. Bunday she’rlar o’qilganda “Shoir kim va mahoratining kuchi nimada?” — degan savolga kishi javob topganday bo’ladi:
Yo’q jahon mulkida bizdek ojizu bechora xalq,
Zulm tig’i birla bo’lg’on bag’ri yuz ming pora xalq.
Shoirning vazifasi – ezilgan odamning dilini ezish, ahvolning behad og’irligini pisanda qilib, ruhni jonsarak etishdan iborat emas. Balki har qanday qiynoq va nochorlikning sabablarini yoritish, ularga qarshi keskin norozilik uyg’otib, kurashga chorlashdan iborat. “Xalq” she’rida Avaz ham shu pozitsiyada turib qalam yuritgan.
Klassik shoirlarimiz she’riyatida “zamon” faol poetik obrazlardan biri. Bu obraz she’rda deyarli hamma payt, g’animlik, riyokorlik, ko’pdan-ko’p razolatlarning doyasi, qasoskori. Ammo Avaz “Xalq” she’rida bu g’oyaviy an’anadan tubdan chekinadi. Ijodining keyingi davrlarida yozgan ayrim asarlarida bo’lgani singari u hurlik shamollari esayotgan yangi zamonning qudratiga haqqoniy baho beradi.
Shoirlar bo’ladi, o’zligini taniganidan oxirgi nafasigacha ijodini ulug’ maqsad, kurashchan tuyg’ular harakatlantirib turadi. Bunday qalamkashlar qaysi she’riy shakllarda yozishmasin xalq xotirasida adolat, odamiylik g’oyalari ustuvorligi uchun kuch sarflaydilar. Tasavvur etilsa, fikrlash tarzining o’zi bunday shoirlarda mahorat. Chunki ular hali xayolda yarala boshlagan har bir she’rlari bilan xo’rlangan odamlarning yonida turadilar. Bedodlikdan un tortayotgan qancha bechoraning ko’z yoshlari ularni qalb kosasiga to’kiladi.
Avaz kichik shakldagi she’rlari — qit’a va ruboiylarida ham nekbinlikka sodiq. Yaxshilik va odamdagi yaxshi xislatlarga homiy, razolat, riyo, nodonlik va jaholat dushmani. Shoir bir qit’a yo ruboiysida go’yo dunyoning bir yolg’onini parchalaydi. Ixcham shakllarda haqiqatning katta mohiyatlarini gavdalantirishga qiziqadi.
Mardlikdan dunyo ishlari o’nglanadi, nomardlikdan tanazzul topadi. Mardlik odam umrini bezaydi, nomardlik qaroga bo’yaydi. Nomard o’zini mard ahliga tenglashtirgani bilan tanti, bag’ri keng, o’z so’ziga ega, matonatli kishi bo’la qolmaydi. Avaz qit’alaridan birida “umrida bir yo’l mardlik rasmini ko’rgazmay”, o’zini erlarga tashbih qilgan kimsa to’g’risida so’zlab, deydi:
Boshig’a kelsa ham shamshiri zahrolud mard o’g’lon,
Kerakdur turmoq sobit hamisha ahdini buzmay.
Demak, mardlik — sobitlik. Boshga qilich kelganda ham va’daga vafo, ahdni buzmaslik. Avazning bu gapi yangilik emasdi. Lekin bunda muhimi: shoir yoqlagan, yurak-yurakdan tashviq etayotgan haqiqatning eskirmasligi va chuqurligidadir.
“Adabiyot o’z oldiga ho’ygan maqsad borasida muvaffaqiyat qozonish uchun metaforalardan, allegoriyalardan, poetik vaznlardan, imo-ishoralardan foydalanadi”, — deydi Rabindranat Tagor. She’riyatda tadbiq qilinadigan poetik tasvir usul va vositalardan ham bosh muddao shu: his-tuyg’uga asoslangan fikrni jozibador, inson qalbiga teran va uzoq ta’sir ko’rsata oladigan uslublarda tasvirlashda muvaffaqiyat qozonish. Shoir buni mukammal darajalarda eplasa, demak u mahoratli. Uning qalamida sir bor – o’quvchini hayajonlantirish siri.
Avaz she’riyati g’oya va tuyg’ulari bilan emas, badiiy vositalari, serjilo tashbihlari obrazlar olamining originalligi bilan ham tahsinga loyiq. Bu tomondan ham, uning o’z so’zlari bilan ta’riflaganda, “Avaz nazmig’a har abyotu devon o’xshamas”dir.
Meni holim ash’orim ichradurur,
Bayonu bayonu bayonu bayon,-
deydi Avaz. Bu – haqiqat! Avaz o’zining sevimli qahramoni – oshiq kechinmalari, orzu, dard va fikrlarini aks ettirganida o’z yurak holati va iztiroblari manzaralarini ham ularga uyg’unlashtiradi. Boshqacha qilib aytganda, Avaz g’azallarini uning shaxsiyati, shaxsiyatidagi porloq fazilatlar bezab turadi.
Avaz O’tarning fikr hayoti, ma’naviy tolei, qalb iztirobi va ruhiy isyoni boshqa bir shoirnikiga o’xshamaydi. Uning shoirligida o’zgalar tomonidan ko’p takrorlangan g’am-anduh va hasratdan quvvatli hamda ko’lamliroq bir tuyg’u mavjud.
V
Ma’lumki, sobiq sovet davlati hayotga ko’p chala haqiqat, g’ayritabiiy siyosiy tushunchalarni joriy etganidek, madaniyat, ilm-fan, san’at va adabiyotni ham chalalik hamda soxtakorlikka mahkum qilgandi. Oktyabrь to’ntarishi arafasida va undan sal keyin qalam tebratgan shoirlarning asarlari inqiloblashtirilib, har xil shakl va buyoqda zamonaviylashtirilgandi. Avaz O’tar o’shalardan biridir. Uning, xususan, o’z davri vaqtli matbuotida bosilgan she’rlarida g’ayriijodiy tahrir va qo’pol tuzatishlar amalga oshirilganligini tan olish, tadqiq yo’li bilan ko’rsatish kerak. Ba’zi adabiyotshunoslar o’ylab topgani va ta’riflaganidek, Avaz “revolyutsion-demokrat” shoir bo’lmagan. Uning hurriyat, erkinlik, tenglik, taraqqiyotga doir fikr-qarashlari butunlay boshqa ma’naviy va ma’rufiy asosga ega bo’lib, mustamlakachilik siyosati va bosqinchilik hiylalariga aloqasi yo’q edi. Tom ma’nosi ila u musulmon shoiri edi. Shoh Mashrab, So’fi Olloyor, Avaz O’tar, Cho’lpon, Rauf Parfi singari shoirlarning she’rlari millat ko’ngli va yurt tolei halokatli ta’sir o’tkazadigan bir qator ichki ofatlarning yo’lini to’sishga xizmat qiladi. Bular xulqiy ojizlik, siyosiy ko’rlik, diniy munofiqlik, ma’naviy mahmadanalik, ilmiy so’zamollik, adabiy laqmalikdir. Shu ma’noda ham Avazning o’rnini boshqa bir shoir egallay olmaganidek, uning hayot va haqiqat maydoniga chorlovchi, hamlakor ovozini takrorlovchi qalam sohibi ham yo’q. Chunki u bu olamda baxt va baxtsizlik, omad va omadsizlik, muvaffaqiyat va mag’lubiyatdan yuksak mohiyat borligini mushohada eta bilgan san’atkorlardandir. Avaz umrining ma’lum bir qismi fojia, musibat, g’am-g’ussa, hasrat va kulfat ichida kechgan. Ana o’shanda u ruhan Mashrabga yaqinlab borgan. Ana o’shanda u fanovashlik holining imtiyozlarini aniq tasavvur etgan. Avaz ham dili ezgin, “yaralari ochiq” (Asqad Muxtor) shoirlardan. Uning nolayu nadomat, g’ussayu hasratlarini ko’ngildan o’tkazib, ruhan idrok aylay bilgan she’rxon tasavvurida Avaz o’zbekning eng buyuk jafokash shoirlaridan biri sifatida suvratlanib qolishi shubhasizdir. Xato va kamchiliklaridan qat’i nazar o’nlab olimlarning xizmatlari tufayli yurtimizda avazshunoslik, degan fan tarmog’i shakllangan. Davr va zamon talablarini to’la inobatga olib, bilimdonlik bilan uni rivojlantirish lozim. Shunda Avaz O’tar bizga, biz esa uning hasratkash shaxsiyati va she’riyatiga har qalay yaqinlashgan bo’lamiz.