Dilnoza Nusratulloyeva. Xurshid Davron lirikasida davr va shaxs masalasi talqini

022Хуршид Даврон ижодига назар ташлайдиган бўлсак, унинг шеърларида аввало, ватанга муҳаббат, буюк аждодлар руҳига эҳтиром ва самимиятни кўриш мумкин. Унинг шеърларини ўқир эканмиз, қайноқ қалб соҳиби томонидан ёзилган ҳароратли мисралар бевосита ўқувчи руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказишига гувоҳ бўламиз…

Дилноза Нусратиллоева
ХУРШИД ДАВРОН ЛИРИКАСИДА
ДАВР ВА ШАХС МАСАЛАСИ ТАЛҚИНИ


088 Маълумки, ҳар бир замоннинг ўз қаҳрамонлари, етакчилари бўлади. Жамиятда содир бўлаётган ижтимоий жараёнлар, маънавий-маърифий соҳалардаги ўзгаришлар бевосита мана шундай инсонларнинг собитқадамлиги билан амалга оширилади. Миллатнинг ментал қиёфасини шакллантиришда, ўсиб келаётган ёш авлодларни маънавий-ахлоқий ва умуминсоний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашимизда барча замонларда мана шундай инсонларга эҳтиёж бўлганлиги тарихдан маълум. Президентимиз таъбири билан айтганда: “Бугун замон шиддат билан ўзгармокда. Хаёт барчамиздан дадил харакатларни, фаол ташаббусларни, ҳамма соҳада ҳаққоний ва одил муносабатни талаб этмоқда” . Барча соҳада бўлгани каби, бугунги ўзбек адабиётининг ҳам ўз ўрнига, ўз сўзига эга бўлган вакиллари бисёрдир.

Адабиётнинг дарғалари кўп, адабиётнинг бағри кенг. Унда ялт этиб ёнган лаҳзалик ва мангу ёнадиган юлдузлар бор. Ижодкор ёзган асари китобхонлар қалбидан жой олса, йиллар ўтсада ўз аҳамиятини йўқотмаса, у ижодкор ўз исмини абадиятга муҳрлаган бўлади. Шундай ижодкорлардан бири, асарлари минглаб ўқувчилар эътирофига сазовор бўлган шоир, ёзувчи, драматург, таржимон Хуршид Даврондир. У ва унинг замондошлари бўлган бир қатор истеъдод соҳиблари ўзбек адабиёти ривожида ўзларининг янгича дунёқараши ва ўзига хос услуби билан бу соҳа тараққиётига ўзгача шукуҳ бағишладилар. Иброҳим Ғаффуров шундай таъкидлаган эди: “Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Хуршид Даврон,  Хайриддин Султон ва яна неча-неча уларнинг тенгдошлари адабиёт ва у орқали ижтимоий ҳаётга миллий эрк орзуларининг янги тўлқинлари, янги садоларини олиб кирдилар. Уларнинг асарлари билан Адабиёт янгиланиш жараёнига кирди ” .

Дарҳақиқат, 09Хуршид Даврон ижодига назар ташлайдиган бўлсак, унинг шеърларида аввало, ватанга муҳаббат, буюк аждодлар руҳига эҳтиром ва самимиятни кўриш мумкин. Унинг шеърларини ўқир эканмиз, қайноқ қалб соҳиби томонидан ёзилган ҳароратли мисралар бевосита ўқувчи руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказишига гувоҳ бўламиз. Шоир шеърларидаги юксак бадииятнинг кучи, аҳамияти шундаки, ижодкор шеърларини мутолаа этаётган ўқувчи унинг ижоди билан яқиндан танишиш жараёнида унинг ботиний ва зоҳирий туйғуларини, ички ғалаёнларини, дардини, муҳаббатини, қувончини ўқувчи ҳис қилади. Бундай таъсир кучга эга шеър ёзиш учун эса, буюк дардга, буюк муҳаббатга ва чексиз ҳайратга эга бўлмоқ лозим. Бошқалар қалбида оташ ёқмоқ учун, аввало, ўзи ёнмоғи керак. Шоир ўз тасаввуридаги дунёни мисраларига туширади. Ижтимоий ҳаётни ўзига хос нозиклик билан қаламга олади ва шеърларига юрагини беради.

Она юртни куйламоқ учун
Худди шеърга бергандек юрак
Уни юртга бермоқ учун ҳам
Доим тайёр турмоғинг керак

Сен қўрқувни қанчалик яшир
Шеър қилади барибир ошкор
Қўрқоқ бўлсанг, қўрқоқ бўлар шеър
Мардман, деб жар солмоғинг бекор…

Шоир шеъриятида юксак умуминсоний қадриятлар ватанпарварлик, юртга садоқат ва миллатпарварлик каби мавзулар етакчилик қилади. Бундай фазилатлар эса бугунги шиддат билан ривожланаётган глобаллашув жараёнидаги энг долзарб масалалардан биридир. Хуршид Даврон шеъриятидаги бундай альтруистик ғоялар ўсиб келаётган ёш авлодни юртга садоқат руҳида тарбиялашда кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири десак муболаға бўлмайди. Шоир таъкидлаганидек, ватанни асрамоқ учун Ватан хизматига доим камарбаста бўлмоқ даркор. Ҳар бир инсоннинг кўксида она заминга меҳр-муҳаббат, аввало, она алласи, она сути билан қон томирига ўтади. Унинг вужудида ватан ишқи жўш уради. Она заминни ўз онасидек, ўз ёридек асраб-авайлайди. Зотан, бошқача бўлиши мумкин эмас!

Шоир шундай мард ўғлонларни кўриб фахрланади, илҳоми келганда эса буни юксак бадиий маҳорати билан уйғунлаштирган ҳолда қайноқ сатрларга туширади. Зеро, Озод Шарафиддинов айтганидек: “Ижод дегани одамнинг фикр ва ҳиссиёт бобидаги ички имкониятларини рўёбга чиқариш деганидир”. Дарҳақиқат шоир ўзининг ички дунёсини, дардини шеърида акс зтади. Ўқувчи бу қайноқ мисраларни ўқиганда, унинг ҳароратини сезади. Шоирнинг дардини юракдан ҳис қилади.

Тўмарисдек аёл қўлларин
Чаноқ тиғи тиларкан кеч куз
Қоғоздаги шеърим йўллари
Юрагимда қон қолдирган из …

Хуршид Даврон тасвирлаётган ватанпарликнинг ёрқин тимсоли ҳисобланмиш Тўмариснинг ёвга қарши кураши ва унинг устидан қозонган ғалабаси шонли тарихимизнинг энг ёрқин саҳифаларидан бири ҳисобланади. Биз мана шундай жасоратли шахсларнинг авлодларимиз, вужудимизда уларнинг қони жўш урмоқда. Бу сатрларда шоир Тўмарис қўлидаги ёвга қарши тутилган қилични кеч куздаги чаноққа қиёсламоқда. Зеро, кеч куздаги чаноқ инсон қўлига қандай оғриқли таъсир ўтказса, қилич тутган қўл ҳам барибир яраланади, жароҳатланиши табиийдир, дея таъкидлайди. Шунингдек, ижодкор бу ўринда тиғ яраси битсада, қалб яраси битмайди, фарзанд доғида фарёд урган қалбнинг ҳижрони унут бўлмайди деган ғояни ҳам илгари суради ва бу хусусида хулоса чиқариш имконини бевосита ўқувчининг ҳукмига ҳавола этади. Яъни, ҳар ким ўз дунёқараши ва руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, хулоса чиқаради. Шахсан мен бу шеърни мутолаа қиларканман, шууримда шундай фикр чарх ура бошлади. Бундай рационалистик метафора эса шоирнинг юксак поэтик маҳоратидан далолат беради.

Хуршид Даврон лирикасида давр ва шахс масаласи ўзига хос усулда талқин қилинган. Шоир 70-80 йилларда адабиёт оламига кириб келган бўлса, ўша даврдаги муҳит, инсонларнинг яшаш тарзи бугунги кундагидан тубдан фарқ қилган ва бу ҳолат ижодкор руҳиятига ҳам ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатганлиги унинг шеърларида ҳам ўз аксини кўрсатган. У ўша давр одамларининг эртанги кунга бўлган умидсиз нигоҳлари, ўз тилидан ва эркидан маҳрум этилган замондошларининг тақдирига бефарқ бўлмаган. Шунинг учун балки шоир мозийга кўпроқ эътиборини қаратган бўлса ажаб эмас. Буюк маърифатпарвар ҳукмдор Амир Темур, ватанпарварликнинг ёрқин тимсоли бўлган Тўмарисдек мағрур аёллар, Намоз ботирдек мард ўғлонлар шу сабабдан доимо шоирнинг эътибор марказида бўлган ва ижодиий камолотида бош қаҳрамонларга айланган. Бундай ижодий ёндашув эса инсоният тамаддунига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўли, кўрсатган жасоратлари, ҳозирги ўсиб келаётган авлодга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу сабабдан шеърларимда тингламоқ мумкин
Тўмариснинг, Намозбекнинг ҳайқириғини,
Кўриб қолмоқ мумкин қора туннинг қаърида
Муқаннани елиб ўтган оқ тўриғини!

дея шоир олис ўтмишнинг буюк аждодлари она замин учун жонини фидо қилганлар, мангу тирик, уларнинг жасорати ҳар бир инсон юрагида фахр туйғуси билан жўш уради деб таъкидлайди. Уларнинг муқаддас хотирасини, шеърларим билан абадиятга муҳрлайман дейди.

Ҳар сўзимни қўнғироқнинг тиллари каби
Юрагимга уриб-уриб жаранглатаман
Қаламимни ханжар каби тутиб қўлимда
Сўзларимни кураш дея жангга отаман…

Шоир ўзининг бундай оташин сўзлари билан ёвга қарши чиқади, ханжар ўрнига қўлига қаламни тутиб, ватаннинг мард ўғлонларини ёдга олади. Шу ўринда Ўзбекистон Халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисраларини келтириб ўтмоқликни жоиз деб биламан:

Беш асрким назмий саройни,
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни,
Қалам билан олди Алишер.

Шоир ўзининг бу сатрлари орқали Иккиюзламачи инсонлардан оғриниб, аждодлар руҳи мангу барҳаётлигини айтади.

Ҳақиқат деб, ёлғон сўзлаб юрганлар озми,
Ўз халқини алдамакни айлаб шум ният?!
Бироқ, улар алдаёлмас ҳечқачон бизни,
Токи тирик сенинг сўзинг, тирик шеърият.

Дарҳақиқат, ижод оламидаги инсон ўз асарлари билан номини абадиятга муҳрлаб кетади. Хуршид Даврон ҳам ўз асарлари билан тарих зарварағидан муносиб жой олди. Ҳаётлигидаёқ дурдона асарлари билан ўзига ҳайкал қўйди десак муболаға бўлмайди. Хуршид Давроннинг ижодида тарихий шахслар образи алоҳида ўрин эгаллаганлигини кузатишимиз мумкин. У ўзининг тарихий ва замонавий руҳда ёзилган асарлари орқали ёшларимизни буюк аждодларимизнинг муносиб авлодлари бўлишга даъват этади. Мудраб ётган қалбларда, ғурур ва ифтихор туйғусини уйғотади. Тарихини билмаган миллат, инқирозга юз тутиши, яъни, ўз яралиш фитратини, моҳиятини англамаган инсон эканлигини шоир қайта-қайта таъкидлайди. Ижодкор ўзбек халқининг шонли тарихини қаламга олиш орқали ўз кўксида ғурур ҳиссини туяди. Унинг руҳиятидаги мана шундай эвристик ёндашувлар натижаси ўлароқ шоирнинг “Самарқанд хаёли”, “Бибихоним қиссаси”, “Соҳибқирон набираси” каби дурдона асарлари дунё юзини кўрди ва ўқувчилар меҳрини қозонди. “Хуршид Давроннинг бошқа ижодкорлардан фарқ қиладиган томони шундан иборатки, у ўз халқининг узоқ мозийдаги ўрнини, шонли ўтмишини кўрсатиш, унинг орзу армонларини поетиклаштиришни асосий мақсад даражасига кўтара борди” . Шоир тарихни бевосита табиат манзаралари билан ҳамоҳангликда тасвирлайди.

Қирларни кезаман….,
Дарага тушиб,
Ўтлоққа ястаниб ўйга толаман
Ва бирдан…
Ёмғир ёғиб ўтган тупроқли йўлда
Муқанна изини кўриб қоламан.

Бу шеърда кўришимиз мумкинки, ижодкор олис ўтмишнинг шонли овозасини табиат орқали ифодалаган. Ватан мустақиллиги йўлида жонини фидо қилганлар сиймоси доим барҳаётдир. Бу тупроқда муқанналар изи бор, бу тупроқда улуғлар изи бор. Эй авлод, кўзингни оч! Ўтмишингга назар ташлаб, бу муқаддас тупроқни олгину кўзингга сурт, тарихга назар ташлагину, бугунги фаровон кунларнинг қадрига ет. Бу истиқлол осонликча қўлга киритилгани йўқ, бу тупроқлар минглаб ватан озодлиги йўлида тўкилган қонларни ва вужудларни ўз бағрига жо айлаган, бунда улуғлар қони бор, бунда улуғларнинг жони бор. Бу азиз замин не разолатларни кўрган, не қабоҳатларга гувоҳ бўлган. Шоир “Улуғбекнинг қасоси” шеърида шундай ёзади:

Йўл четида тисарилар,
Дарахту чорбоғлар.
Отлар билан учиб борар
Қонга ташна пичоқлар.

Олисларда ўлим сасин
Сезиб қолган оч бўри
Увиллайди қон мазасин
Туяй деб шомдан бери .

Бу парчада Мирзо Улуғбекнинг ўлдирилишига оид тарихий ҳодиса қаламга олинмоқда. Шоир Улуғбекни ўлдиришга кетаётган сарбозларнинг қабиҳ ва залворли қадамлари сасидан наинки инсоният, балки, табиат ҳам ларзага келаётгани, оч бўриларни қоннинг маззасини туйиш учун шомдан бери кутаётганлиги, ўлим овози узоқдан келаётганлиги билан ифодалайди. Қотиллар юртнинг улуғ олимини, шоҳини жонига қасд этдилар ва бу гуноҳларини туннинг зулмати билан яширмоқчи бўлдилар лекин, мажақланган гиёҳлар уларнинг йўлига чиқди, она табиат фарёд чекди, золимлар қора уйининг бурчагига тиқилиб ҳаловат излаганларида, кўкдан юлдузлар тушиб, ҳужранинг деразасин синдирдилар, балки шундай қасос олдилар. Темурийлар сулоласининг буюк вакилларидан ҳисобланмиш Мирзо Улуғбек нафақат шоҳ, ҳам олим, ҳам астраном эди. У ўз даврида илм-фан ҳомийси сифатида ҳам шуҳрат қозонганлиги тарихий манбаларда қайд этилганлигини кузатишимиз мумкин. У 1019 юлдузни жойлашишини аниқ чизмаларда тасвирлаган. Ҳаттоки, ҳозирги энг ривожланган техникалар ёрдамида ҳам буни аниқлаш мушкулдир. Шунинг учун Улуғбекни дунё нафақат шоҳ, балки астроном ҳамда улуғ доҳий сифатида тан олди. Лекин жаҳолат ва разолатнинг қурбони бўлган улуғ астрономнинг бевақт ўлими тарихнинг энг қора саҳифаларига муҳрланди. Орадан неча асрлар ўтса ҳамки, бу разолат унут бўлмайди. Она тупроқ азиз фарзандини ўлдирганларни ҳеч қачон тинч қўймайди. Замонлар ўтса ҳамки, она замин дилбандининг ўлимига сабабчи бўлганларни кечирмайди.

Беш асрким, кўкда музлаб
Хоҳ қиш, хоҳ ёз, хоҳ куз пайти
Қотилларнинг боши узра
Ой қиличдек порлайди.

Шоир таъкидлаганидек, “Боболар тарихи, улар қолдирган мерос қуёшга ўхшайди. Уларга пешвоз юрсанг, пешонанг ёруғ, йўлинг порлоқ, умринг ибратли, кўзларинг нурли бўлади. Агар уларга орқа ўгирсанг, фақат қора соянгни кўрасан, холос ” .

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, дарҳақиқат, тарихини билган халқ қудратлидир. Ўзбек романчилигининг асосичиси Абдулла Қодирий таъбири билан айтганда, мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир. Хуршид Даврон ўзининг оташин шеърлари ва тарихий-маърифий асарлари орқали биз қандай буюк аждодларнинг авлоди эканлигимизни ёдимизга солади. Шоир ижодидаги айнан мана шундай тарихимиздаги умумийлик ва хусусийлик тамойилларини таъминлайдиган жиҳатлар унинг асарларини ўқувчилар қалбидан чуқур жой олишига, адабиёт шинавандалари кўнглига йўл топишида асосий маёқ вазифасини ўтайди.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Мирзиёев Ш. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз. – Т.: Ўзбекистон, 2017й., 1-жилд.- Б.500.
2. Азим Суюн “Ўзлик” Иброҳим Ғаффуров кириш сўзи Шарқ нашриёти-матба консери бош таҳририяти. Тошкент 1999 й. 4-бет
3. Хуршид Даврон “Болаликнинг овози” Тошкент – Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт санът нашриёти 1986 йил. 74 бет
4. Жумагул Сувонова Усмон Азим шеъриятида бадиий тафаккур Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси нашриёти. 2006 йил
5. Хуршид Даврон Самарқанд хаёли Камалак нашриёти. Тошкент 1991 йил. 2-бет



Xurshid Davron ijodiga nazar tashlaydigan bo’lsak, uning she’rlarida avvalo, vatanga muhabbat, buyuk ajdodlar ruhiga ehtirom va samimiyatni ko’rish mumkin. Uning she’rlarini o’qir ekanmiz, qaynoq qalb sohibi tomonidan yozilgan haroratli misralar bevosita o’quvchi ruhiyatiga ham o’z ta’sirini o’tkazishiga guvoh bo’lamiz…

Dilnoza Nusratilloyeva
XURSHID DAVRON LIRIKASIDA
DAVR VA SHAXS MASALASI TALQINI


   Dilnoza Nusratilloeva Navoiy viloyatining Nurota tumanida tugʼilgan. Nizomiy nomidagi Toshkent Davlat universitetida tahsil olgan. 2015 yildan Navoiy davlat pedagogika institutida faoliyat yuritadi.


  Ma’lumki, har bir zamonning o’z qahramonlari, yetakchilari bo’ladi. Jamiyatda sodir bo’layotgan ijtimoiy jarayonlar, ma’naviy-ma’rifiy sohalardagi o’zgarishlar bevosita mana shunday insonlarning sobitqadamligi bilan amalga oshiriladi. Millatning mental qiyofasini shakllantirishda, o’sib kelayotgan yosh avlodlarni ma’naviy-axloqiy va umuminsoniy qadriyatlarimizga hurmat ruhida tarbiyalashimizda barcha zamonlarda mana shunday insonlarga ehtiyoj bo’lganligi tarixdan ma’lum. Prezidentimiz ta’biri bilan aytganda: “Bugun zamon shiddat bilan o’zgarmokda. Xayot barchamizdan dadil xarakatlarni, faol tashabbuslarni, hamma sohada haqqoniy va odil munosabatni talab etmoqda” . Barcha sohada bo’lgani kabi, bugungi o’zbek adabiyotining ham o’z o’rniga, o’z so’ziga ega bo’lgan vakillari bisyordir.

Adabiyotning darg’alari ko’p, adabiyotning bag’ri keng. Unda yalt etib yongan lahzalik va mangu yonadigan yulduzlar bor. Ijodkor yozgan asari kitobxonlar qalbidan joy olsa, yillar o’tsada o’z ahamiyatini yo’qotmasa, u ijodkor o’z ismini abadiyatga muhrlagan bo’ladi. Shunday ijodkorlardan biri, asarlari minglab o’quvchilar e’tirofiga sazovor bo’lgan shoir, yozuvchi, dramaturg, tarjimon Xurshid Davrondir. U va uning zamondoshlari bo’lgan bir qator iste’dod sohiblari o’zbek adabiyoti rivojida o’zlarining yangicha dunyoqarashi va o’ziga xos uslubi bilan bu soha taraqqiyotiga o’zgacha shukuh bag’ishladilar. Ibrohim G’affurov shunday ta’kidlagan edi: “Murod Muhammad Do’st, Erkin A’zam, Usmon Azim, Xurshid Davron, Xayriddin Sulton va yana necha-necha ularning tengdoshlari adabiyot va u orqali ijtimoiy hayotga milliy erk orzularining yangi to’lqinlari, yangi sadolarini olib kirdilar. Ularning asarlari bilan Adabiyot yangilanish jarayoniga kirdi ” .

Darhaqiqat, Xurshid Davron ijodiga nazar tashlaydigan bo’lsak, uning she’rlarida avvalo, vatanga muhabbat, buyuk ajdodlar ruhiga ehtirom va samimiyatni ko’rish mumkin. Uning she’rlarini o’qir ekanmiz, qaynoq qalb sohibi tomonidan yozilgan haroratli misralar bevosita o’quvchi ruhiyatiga ham o’z ta’sirini o’tkazishiga guvoh bo’lamiz. Shoir she’rlaridagi yuksak badiiyatning kuchi, ahamiyati shundaki, ijodkor she’rlarini mutolaa etayotgan o’quvchi uning ijodi bilan yaqindan tanishish jarayonida uning botiniy va zohiriy tuyg’ularini, ichki g’alayonlarini, dardini, muhabbatini, quvonchini o’quvchi his qiladi. Bunday ta’sir kuchga ega she’r yozish uchun esa, buyuk dardga, buyuk muhabbatga va cheksiz hayratga ega bo’lmoq lozim. Boshqalar qalbida otash yoqmoq uchun, avvalo, o’zi yonmog’i kerak. Shoir o’z tasavvuridagi dunyoni misralariga tushiradi. Ijtimoiy hayotni o’ziga xos noziklik bilan qalamga oladi va she’rlariga yuragini beradi.

Ona yurtni kuylamoq uchun
Xuddi she’rga bergandek yurak
Uni yurtga bermoq uchun ham
Doim tayyor turmog’ing kerak

Sen qo’rquvni qanchalik yashir
She’r qiladi baribir oshkor
Qo’rqoq bo’lsang, qo’rqoq bo’lar she’r
Mardman, deb jar solmog’ing bekor…

Shoir she’riyatida yuksak umuminsoniy qadriyatlar vatanparvarlik, yurtga sadoqat va millatparvarlik kabi mavzular yetakchilik qiladi. Bunday fazilatlar esa bugungi shiddat bilan rivojlanayotgan globallashuv jarayonidagi eng dolzarb masalalardan biridir. Xurshid Davron she’riyatidagi bunday alьtruistik g’oyalar o’sib kelayotgan yosh avlodni yurtga sadoqat ruhida tarbiyalashda kun tartibidagi eng muhim masalalardan biri desak mubolag’a bo’lmaydi. Shoir ta’kidlaganidek, vatanni asramoq uchun Vatan xizmatiga doim kamarbasta bo’lmoq darkor. Har bir insonning ko’ksida ona zaminga mehr-muhabbat, avvalo, ona allasi, ona suti bilan qon tomiriga o’tadi. Uning vujudida vatan ishqi jo’sh uradi. Ona zaminni o’z onasidek, o’z yoridek asrab-avaylaydi. Zotan, boshqacha bo’lishi mumkin emas!

Shoir shunday mard o’g’lonlarni ko’rib faxrlanadi, ilhomi kelganda esa buni yuksak badiiy mahorati bilan uyg’unlashtirgan holda qaynoq satrlarga tushiradi. Zero, Ozod Sharafiddinov aytganidek: “Ijod degani odamning fikr va hissiyot bobidagi ichki imkoniyatlarini ro’yobga chiqarish deganidir”. Darhaqiqat shoir o’zining ichki dunyosini, dardini she’rida aks ztadi. O’quvchi bu qaynoq misralarni o’qiganda, uning haroratini sezadi. Shoirning dardini yurakdan his qiladi.

To’marisdek ayol qo’llarin
Chanoq tig’i tilarkan kech kuz
Qog’ozdagi she’rim yo’llari
Yuragimda qon qoldirgan iz …

Xurshid Davron tasvirlayotgan vatanparlikning yorqin timsoli hisoblanmish To’marisning yovga qarshi kurashi va uning ustidan qozongan g’alabasi shonli tariximizning eng yorqin sahifalaridan biri hisoblanadi. Biz mana shunday jasoratli shaxslarning avlodlarimiz, vujudimizda ularning qoni jo’sh urmoqda. Bu satrlarda shoir To’maris qo’lidagi yovga qarshi tutilgan qilichni kech kuzdagi chanoqqa qiyoslamoqda. Zero, kech kuzdagi chanoq inson qo’liga qanday og’riqli ta’sir o’tkazsa, qilich tutgan qo’l ham baribir yaralanadi, jarohatlanishi tabiiydir, deya ta’kidlaydi. Shuningdek, ijodkor bu o’rinda tig’ yarasi bitsada, qalb yarasi bitmaydi, farzand dog’ida faryod urgan qalbning hijroni unut bo’lmaydi degan g’oyani ham ilgari suradi va bu xususida xulosa chiqarish imkonini bevosita o’quvchining hukmiga havola etadi. Ya’ni, har kim o’z dunyoqarashi va ruhiy holatidan kelib chiqib, xulosa chiqaradi. Shaxsan men bu she’rni mutolaa qilarkanman, shuurimda shunday fikr charx ura boshladi. Bunday ratsionalistik metafora esa shoirning yuksak poetik mahoratidan dalolat beradi.

Xurshid Davron lirikasida davr va shaxs masalasi o’ziga xos usulda talqin qilingan. Shoir 70-80 yillarda adabiyot olamiga kirib kelgan bo’lsa, o’sha davrdagi muhit, insonlarning yashash tarzi bugungi kundagidan tubdan farq qilgan va bu holat ijodkor ruhiyatiga ham o’zining sezilarli ta’sirini ko’rsatganligi uning she’rlarida ham o’z aksini ko’rsatgan. U o’sha davr odamlarining ertangi kunga bo’lgan umidsiz nigohlari, o’z tilidan va erkidan mahrum etilgan zamondoshlarining taqdiriga befarq bo’lmagan. Shuning uchun balki shoir moziyga ko’proq e’tiborini qaratgan bo’lsa ajab emas. Buyuk ma’rifatparvar hukmdor Amir Temur, vatanparvarlikning yorqin timsoli bo’lgan To’marisdek mag’rur ayollar, Namoz botirdek mard o’g’lonlar shu sababdan doimo shoirning e’tibor markazida bo’lgan va ijodiiy kamolotida bosh qahramonlarga aylangan. Bunday ijodiy yondashuv esa insoniyat tamadduniga o’zlarining munosib hissasini qo’shgan buyuk ajdodlarimizning hayot yo’li, ko’rsatgan jasoratlari, hozirgi o’sib kelayotgan avlodga ibrat maktabi bo’lib xizmat qilmoqda.

Shu sababdan she’rlarimda tinglamoq mumkin
To’marisning, Namozbekning hayqirig’ini,
Ko’rib qolmoq mumkin qora tunning qa’rida
Muqannani yelib o’tgan oq to’rig’ini!

deya shoir olis o’tmishning buyuk ajdodlari ona zamin uchun jonini fido qilganlar, mangu tirik, ularning jasorati har bir inson yuragida faxr tuyg’usi bilan jo’sh uradi deb ta’kidlaydi. Ularning muqaddas xotirasini, she’rlarim bilan abadiyatga muhrlayman deydi.

Har so’zimni qo’ng’iroqning tillari kabi
Yuragimga urib-urib jaranglataman
Qalamimni xanjar kabi tutib qo’limda
So’zlarimni kurash deya jangga otaman…

Shoir o’zining bunday otashin so’zlari bilan yovga qarshi chiqadi, xanjar o’rniga qo’liga qalamni tutib, vatanning mard o’g’lonlarini yodga oladi. Shu o’rinda O’zbekiston Xalq shoiri Abdulla Oripovning quyidagi misralarini keltirib o’tmoqlikni joiz deb bilaman:

Besh asrkim nazmiy saroyni,
Titratadi zanjirband bir sher.
Temur tig’i yetmagan joyni,
Qalam bilan oldi Alisher.

Shoir o’zining bu satrlari orqali Ikkiyuzlamachi insonlardan og’rinib, ajdodlar ruhi mangu barhayotligini aytadi.

Haqiqat deb, yolg’on so’zlab yurganlar ozmi,
O’z xalqini aldamakni aylab shum niyat?!
Biroq, ular aldayolmas hechqachon bizni,
Toki tirik sening so’zing, tirik she’riyat.

Darhaqiqat, ijod olamidagi inson o’z asarlari bilan nomini abadiyatga muhrlab ketadi. Xurshid Davron ham o’z asarlari bilan tarix zarvarag’idan munosib joy oldi. Hayotligidayoq durdona asarlari bilan o’ziga haykal qo’ydi desak mubolag’a bo’lmaydi. Xurshid Davronning ijodida tarixiy shaxslar obrazi alohida o’rin egallaganligini kuzatishimiz mumkin. U o’zining tarixiy va zamonaviy ruhda yozilgan asarlari orqali yoshlarimizni buyuk ajdodlarimizning munosib avlodlari bo’lishga da’vat etadi. Mudrab yotgan qalblarda, g’urur va iftixor tuyg’usini uyg’otadi. Tarixini bilmagan millat, inqirozga yuz tutishi, ya’ni, o’z yaralish fitratini, mohiyatini anglamagan inson ekanligini shoir qayta-qayta ta’kidlaydi. Ijodkor o’zbek xalqining shonli tarixini qalamga olish orqali o’z ko’ksida g’urur hissini tuyadi. Uning ruhiyatidagi mana shunday evristik yondashuvlar natijasi o’laroq shoirning “Samarqand xayoli”, “Bibixonim qissasi”, “Sohibqiron nabirasi” kabi durdona asarlari dunyo yuzini ko’rdi va o’quvchilar mehrini qozondi. “Xurshid Davronning boshqa ijodkorlardan farq qiladigan tomoni shundan iboratki, u o’z xalqining uzoq moziydagi o’rnini, shonli o’tmishini ko’rsatish, uning orzu armonlarini poyetiklashtirishni asosiy maqsad darajasiga ko’tara bordi” . Shoir tarixni bevosita tabiat manzaralari bilan hamohanglikda tasvirlaydi.

Qirlarni kezaman….,
Daraga tushib,
O’tloqqa yastanib o’yga tolaman
Va birdan…
Yomg’ir yog’ib o’tgan tuproqli yo’lda
Muqanna izini ko’rib qolaman.

Bu she’rda ko’rishimiz mumkinki, ijodkor olis o’tmishning shonli ovozasini tabiat orqali ifodalagan. Vatan mustaqilligi yo’lida jonini fido qilganlar siymosi doim barhayotdir. Bu tuproqda muqannalar izi bor, bu tuproqda ulug’lar izi bor. Ey avlod, ko’zingni och! O’tmishingga nazar tashlab, bu muqaddas tuproqni olginu ko’zingga surt, tarixga nazar tashlaginu, bugungi farovon kunlarning qadriga yet. Bu istiqlol osonlikcha qo’lga kiritilgani yo’q, bu tuproqlar minglab vatan ozodligi yo’lida to’kilgan qonlarni va vujudlarni o’z bag’riga jo aylagan, bunda ulug’lar qoni bor, bunda ulug’larning joni bor. Bu aziz zamin ne razolatlarni ko’rgan, ne qabohatlarga guvoh bo’lgan. Shoir “Ulug’bekning qasosi” she’rida shunday yozadi:

Yo’l chetida tisarilar,
Daraxtu chorbog’lar.
Otlar bilan uchib borar
Qonga tashna pichoqlar.

Olislarda o’lim sasin
Sezib qolgan och bo’ri
Uvillaydi qon mazasin
Tuyay deb shomdan beri .

Bu parchada Mirzo Ulug’bekning o’ldirilishiga oid tarixiy hodisa qalamga olinmoqda. Shoir Ulug’bekni o’ldirishga ketayotgan sarbozlarning qabih va zalvorli qadamlari sasidan nainki insoniyat, balki, tabiat ham larzaga kelayotgani, och bo’rilarni qonning mazzasini tuyish uchun shomdan beri kutayotganligi, o’lim ovozi uzoqdan kelayotganligi bilan ifodalaydi. Qotillar yurtning ulug’ olimini, shohini joniga qasd etdilar va bu gunohlarini tunning zulmati bilan yashirmoqchi bo’ldilar lekin, majaqlangan giyohlar ularning yo’liga chiqdi, ona tabiat faryod chekdi, zolimlar qora uyining burchagiga tiqilib halovat izlaganlarida, ko’kdan yulduzlar tushib, hujraning derazasin sindirdilar, balki shunday qasos oldilar. Temuriylar sulolasining buyuk vakillaridan hisoblanmish Mirzo Ulug’bek nafaqat shoh, ham olim, ham astranom edi. U o’z davrida ilm-fan homiysi sifatida ham shuhrat qozonganligi tarixiy manbalarda qayd etilganligini kuzatishimiz mumkin. U 1019 yulduzni joylashishini aniq chizmalarda tasvirlagan. Hattoki, hozirgi eng rivojlangan texnikalar yordamida ham buni aniqlash mushkuldir. Shuning uchun Ulug’bekni dunyo nafaqat shoh, balki astronom hamda ulug’ dohiy sifatida tan oldi. Lekin jaholat va razolatning qurboni bo’lgan ulug’ astronomning bevaqt o’limi tarixning eng qora sahifalariga muhrlandi. Oradan necha asrlar o’tsa hamki, bu razolat unut bo’lmaydi. Ona tuproq aziz farzandini o’ldirganlarni hech qachon tinch qo’ymaydi. Zamonlar o’tsa hamki, ona zamin dilbandining o’limiga sababchi bo’lganlarni kechirmaydi.

Besh asrkim, ko’kda muzlab
Xoh qish, xoh yoz, xoh kuz payti
Qotillarning boshi uzra
Oy qilichdek porlaydi.

Shoir ta’kidlaganidek, “Bobolar tarixi, ular qoldirgan meros quyoshga o’xshaydi. Ularga peshvoz yursang, peshonang yorug’, yo’ling porloq, umring ibratli, ko’zlaring nurli bo’ladi. Agar ularga orqa o’girsang, faqat qora soyangni ko’rasan, xolos ” .

Xulosa o’rnida shuni ta’kidlash kerakki, darhaqiqat, tarixini bilgan xalq qudratlidir. O’zbek romanchiligining asosichisi Abdulla Qodiriy ta’biri bilan aytganda, moziyga qarab ish tutmoq xayrlidir. Xurshid Davron o’zining otashin she’rlari va tarixiy-ma’rifiy asarlari orqali biz qanday buyuk ajdodlarning avlodi ekanligimizni yodimizga soladi. Shoir ijodidagi aynan mana shunday tariximizdagi umumiylik va xususiylik tamoyillarini ta’minlaydigan jihatlar uning asarlarini o’quvchilar qalbidan chuqur joy olishiga, adabiyot shinavandalari ko’ngliga yo’l topishida asosiy mayoq vazifasini o’taydi.

Foydalanilgan adabiyotlar ro’yxati

1. Mirziyoyev Sh. Milliy taraqqiyot yo’limizni qat’iyat bilan davom ettirib, yangi bosqichga ko’taramiz. – T.: O’zbekiston, 2017y., 1-jild.- B.500.
2. Azim Suyun “O’zlik” Ibrohim G’affurov kirish so’zi Sharq nashriyoti-matba konseri bosh tahririyati. Toshkent 1999 y. 4-bet
3. Xurshid Davron “Bolalikning ovozi” Toshkent – G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot san’t nashriyoti 1986 yil. 74 bet
4. Jumagul Suvonova Usmon Azim she’riyatida badiiy tafakkur Alisher Navoiy nomidagi O’zbekiston milliy kutubxonasi nashriyoti. 2006 yil
5. Xurshid Davron Samarqand xayoli Kamalak nashriyoti. Toshkent 1991 yil. 2-bet

07

(Tashriflar: umumiy 384, bugungi 1)

Izoh qoldiring