Ўткир Раҳмат шеърларида соф ва самимий туйғулар, қувонч ва қайғу, шукроналик ва изтироб, орзу ва армон каби ҳар бир инсонга хос кечинмалар, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий кураш, ҳаёт ва борлиқнинг турфа ранглари табиат призмаси орқали тасвирланади. Уларни мутолаа қилар экансиз, она табиатнинг нафис жилвасига мафтун бўласиз, айни пайтда борлиқдаги барча мавжудот, жонли ва жонсиз нарсалар илоҳий бир қонуниятга бўйсуниши ҳақида фалсафий мушоҳадаларга чўмасиз.
ТУЙҒУЛАРНИНГ СОКИН
ВА ТЕРАН МАВЖЛАРИ
Ўткир Раҳмат 1948 йил 15 мартда Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Самарқанд давлат университети ва Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.
У ўз меҳнат фаолиятини матбуотда нашрларида бошлаб, сўнг кўп йиллар нуфузли идораларда масъул лавозимларда хизмат қилди. Мамлакатимизда маънавият, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ривожига катта ҳисса қўшди.
Халқимизнинг миллий ўзлигини англаши, она тилимизнинг софлигини таъминлаш, истиқлол ғояларини мустаҳкамлаш, айниқса, ёшлар қалбида азалий қадриятларимизга ҳурмат, ватанпарварлик, эл-юртга садоқат туйғуларини юксалтиришда фидокорона хизматлари эътироф этилиб, 1998 йили “Шуҳрат” медали, 2003 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, 2018 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Ижодкор — Халқаро Чўлпон мукофоти соҳиби. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ўткир Раҳматнинг биринчи шеъри 1961 йили туман газетасида чоп этилган. Шоирнинг “Ирмоқ”, “Соғинч”, “Райҳон ҳиди”, “Шукрона”, “Ой ёғдуси”, “Кўзим қорачуғи”, “Хаёл ифори”, “Юракдаги қуш”, “Хоксор майса”, “Дилчироқ” (сайланма китобининг биринчи жилди), “Таскин”, “Йиллар оралаб” каби ўндан зиёд шеърий тўпламлари китобхонлар қалбидан ўрин олган. Шеърлари қорақалпоқ, турк, озарбайжон, рус ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Ўткир Раҳмат шеърларида соф ва самимий туйғулар, қувонч ва қайғу, шукроналик ва изтироб, орзу ва армон каби ҳар бир инсонга хос кечинмалар, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги азалий кураш, ҳаёт ва борлиқнинг турфа ранглари табиат призмаси орқали тасвирланади. Уларни мутолаа қилар экансиз, она табиатнинг нафис жилвасига мафтун бўласиз, айни пайтда борлиқдаги барча мавжудот, жонли ва жонсиз нарсалар илоҳий бир қонуниятга бўйсуниши ҳақида фалсафий мушоҳадаларга чўмасиз.
Англайсизки, шоир атроф-олам гўзалликлари ҳақида куйларкан, аввало, инсон олами нафосати ҳақида куйлайди, атроф-оламдаги муаммолар ҳақида куйинаркан (масалан, “Синов” достонида), аввало, инсон оламидаги, унинг феъли ва тийнатидаги қусурлардан куйинади. Атроф-оламнинг сир-синоатларини илғашга интиларкан, инсон оламининг сеҳрини очишга ҳаракат қилади.
Ўткир Раҳматни мухтасар бир тарзда “инсон руҳияти мусаввири”, деб аташ мумкин. Рассом қалам ва бўёқ ёрдамида муайян шакл ҳамда мазмунни оқ қоғозга муҳрласа, шоир сўз воситасида туйғулардан, тафаккур маромидан шундай бир манзаралар чизадики, кўз олдингизда Ватан саодати, она, севги ва вафо қадри, меҳр-муҳаббат тилсими, табиат манзаралари яхлит бир полотно шаклида намоён бўлади.
“Бир қуш бор…” шеъри шоирнинг ижод бўстонида алоҳида хуш ифорга эга. Ушбу асар эрксизлик, тутқинлик домига илинган бир сайроқи қушнинг фожиавий қисмати ҳақида. Сюжетга эътибор қаратсак: ҳар субҳидам уйғонган уфқдан нурлар ичиб, яйраб-яшнаб, хониш қилиб ҳаёт кечираётган қушчани лирик қаҳрамон — шоир сеҳрли навосига ошиқ бўлиб, тутиб олади. Сўнг қафасга солиб, меҳр бериб парваришлай бошлайди. Дастлаб сувга ҳам, донга ҳам қарамай, бетобдек тумшайиб олган қушча, кейинчалик тақдирига кўникади:
Қарасам, бир куни
Ўша митти жон,
Аланглаб, ютоқиб
Сувни ичарди.
Қафасга бош уриб
Сўнг титкилаб дон,
Қанотин ёзганча
Сайраб учарди.
Лирик қаҳрамон бундан хурсанд бўлади. Ҳаёт дарёси шу зайл оқаверади. Аммо бир куни гўзалликка, эзгуликка ошуфта шоир юраги чарх уриб, тинмай учиб сайраётган қушчани “Шу митти жонимга раҳм ҳам қилмай, тутқинда сақлайсан одам боласи!” дея нола қилаётгандек қабул қилади. Саъвани “Энди сен озодсан, эркин қанот қоқ”, дея қафасдан чиқариб юборади. Қушча боғда сайраб беармон, кенгликларга тўймай учарди…
Шу митти жоннинг яна озодликка қайтиши билан воқеа якунланиши мумкин эди. Бироқ асар кульминацияси энди бошланади. Лирик қаҳрамон кунлар ўтиб, қарасаки, ўша қушча яна қафасда донни чўқиб турибди. Ҳатто чўчимайди, хотиржам, кўзларида нур ялтирайди. Сўнг чуғурлаб учиб кетади. Афсуски, бу ҳолат тез-тез такрорланади.
Боғида яйрарди,
Сайрарди тинмай.
Ошёнин бағрида
Тонгни қилар шом.
Билибми гоҳида,
Гоҳида билмай,
Қафасда ўтириб
Ўтказар оқшом.
Лирик қаҳрамон бу ажиб ҳолни кўриб, йиғлагиси келади. Хўш, нега? Чунки қушча жисман озод бўлса-да, қалбан, руҳан озод эмас. Ўзи мустақил яшай олмайди. Шу забун ҳолига кўниккан. Ҳурликнинг асл моҳиятини англамайди. Бу эса эрксизликдан-да каттароқ фожиа!
Шоир ушбу асари орқали ўқувчини эркинликнинг ҳаётбахш қудратини чин маънода ҳис қилиб яшашга ундайди.
Шукрки, бугун мамлакатимиз ҳам бир асрдан ортиқ вақт давомидаги қарамликдан озод бўлиб, истиқлол саодатидан баҳраманд. Бироқ истибдоднинг кўпдан-кўп жабру ситамларини чекиб яшаган халқимиз бу тенгсиз бахтдан, ўз тақдирини ўзи белгилашдек буюк ҳуқуқдан нечоғли фойдаланмоқда? Мустақиллик асосларини янада мустаҳкамлашга қанчалик интилмоқда? Орамизда юқоридаги шеърда рамз қилиб олинган қушча каби боқимандалик асоратига тушиб қолаётганлар йўқми?
Мустамлакачиликнинг йўл-йўриқлари ҳам, қурол-аслаҳалари ҳам бутунлай ўзгача шакл ва мазмун касб этаётган бугунги кунда ўзликни сақлаб қолиш, Ватан озодлиги ҳамда ҳурриятини асраб-авайлаш тобора долзарблашиб бормоқда. Ушбу жараёнда қалбимизда чин инсоний туйғуларни тарбиялайдиган, онгу тафаккуримизни чархлайдиган бадиий асарларга, адабиётга эҳтиёж кундан-кун ортиб бораётир. Ўткир Раҳматнинг “Бир қуш бор…” шеъри ана шу жиҳатдан ғоят аҳамиятлидир.
Ўткир Раҳмат олами ва ижоди ҳақида кўп гапириш мумкин. Асаларини ўқисангиз, таҳлил қилсангиз, уммон қаъридан топилган гавҳарлардек, дуру жавоҳирлардек кўзингизни, кўнглингизни яшнатаверади. Туйғуларнинг сокин ва теран мавжларига ошиқ бўласиз.
Дилшод КАРИМОВ
Ўткир РАҲМАТ
ШЕЪРЛАР
КЎНГИЛ ҲАҚИДА ЎЙ
Исмим Ўткир менинг…
Олтмиш уч йилки…
Кўнглим на осмону,
На-да кошона…
Унга келганларки,
Бари нафсона —
Ҳолинг надир демас,
Дегай бер яна…
Нима берай ахир,
Нимам бор менинг…
Ярадор дилимда минг битта алам.
Бетоқат юрагим — акаси мунгнинг,
Қўрқитар тез чопиб —
Демас, нима ғам…
Нима берай ахир,
Бериб бўлдим-ку,
Меҳрни, меҳнатни, барча эъзозни.
Ўзимга келганда
Тўлиб толдим-ку…
Тополмай қолдим-ку дилдош,
Ҳамрозни…
Ахир оға-иним, болам, дўстларим,
Узоқ-яқинларим ва шогирдларим
Имкони борича — бу гавҳарларни —
Қизғонмай тарқатдим — қолмади
Қарзим…
Аммо арзим бордир
Ёлғиз худога…
Ўша туйғуларим майсаси ўссин.
Отам суянган
Ўша асо ҳам
Улкан дарахт бўлиб
Яшнасин, кулсин.
Ва ўша дарахтда
Ўткир Раҳматки,
Онамнинг овозин эшита олсам:
“Тушақол дилпорам,
Қатлама пишди…
Ўзингнинг қадрингга
Ета қол болам…”
Исмим Ўткир
Менинг,
Олтмиш уч йилки,
Кўнгил осмонида
Чақнар туйғулар,
Улар на-да гуллар,
На-да оҳулар,
На-да аччиқ қайғу,
На-да кулгулар…
Эсласам севгимнинг
Анор юзлари,
Менга қараб турган
Шаҳло кўзлари,
Лабимда титраган
Хуштаъм сўзлари,
Бағримда гулдурос
Солади бирдан.
Яшармоқ истайман
Яна қайтадан,
Қайтгим келар менинг
Улкан дарахтга.
Отам паноҳига,
Онам меҳрига.
Севгимнинг кўзидан
Таралган бахтга!..
Қайтгим келар менинг
Кошки яна бир…
Яна бир…
Яна бир марта…
***
Лайлаклар-ла ўйнади баҳор,
Боғ-роғларни шайлади баҳор.
Ғам-ғуссани ҳайдади баҳор,
Кўнглима пок ҳисларни илдим,
Она юртга саждалар қилдим.
Тошкентимда балқиди қуёш,
Бухородан чорлади дилдош.
Баҳоуддин Нақшбанд йўлдош,
Йўл бошида саодат кўрдим,
Она юртга бош эгиб турдим.
Ҳазрат Имом минорасидай,
Имон топдик метин, расида.
Истиқлолдир буюк қасида,
Забонимда порлади, билдим,
Она юртга саждалар қилдим.
Бунёдкорим ердан кўтарган,
Гулшан аро булбуллар билан —
Куй куйладим — номидир Ватан!
О, нақадар лаззатлар сурдим,
Она юртга бош эгиб турдим.
Улуғбекнинг юлдузларидай,
Соҳибқирон қош-кўзларидай,
Навоийнинг худди ўзидай,
Мард, забардаст авлодни кўрдим,
Она юртга бош эгиб турдим.
Кўнгиллари обод одамлар,
Чақмоқ янглиғ қўйса қадамлар,
Келажаги буюк Ватанда
Дарғамизнинг умидин билдим,
Шу умидга саждалар қилдим.
***
Тупроқ,
Кипригинга ғуборлар қўниб,
Шўхлик қилиб юрар ҳамон саболар.
Сенинг қучоғингда туғилиб, униб,
Эртакка айланди момо, боболар.
Муқаддас руҳият,
Ҳар гардинг — китоб,
Варақ-варақ қўлда ўпиб ўқирлар.
Пойига ким сени топтаса шу тоб,
Билгинки,
Бу фақат нонкўр, сўқирлар!
Тупроқ,
Онажоним,
Отамсан боқсам,
Дарахту тоғ бўлиб адл тургандек.
Ҳидларинг маст этган айни субҳидам,
Булбулдай боғларда сайраб юргандек.
Бурро забонимнинг тафти сўнмагай,
Бу ҳаёт офтоби токи бор экан.
Сенинг дийдорингдан умр тўймагай,
Бисотим, борлиғим —
Эй, жоним Ватан!
***
Баҳор қайта келаверади,
Илдизлар ҳам уйғонар такрор.
Чанг-ғуборни юваверади,
Ёмғир ёғмай қўймайди зинҳор.
Чақалоқнинг тамшанган лаби,
Меҳр аро излайди ором.
Унинг бахти гуллаб бир куни,
Шижоатин этажак инъом.
Кўзни юмиб очгунча фурсат,
Ўз ўрнини бермас ҳеч ёғду.
Кузда барглар тўкилса фақат,
Туғилади яна бир орзу.
Шамол тинмас, ноилож тақдир,
Олиб кетар ғамни ўксиниб.
Устун бўлган дунёда йўқдир,
Яшар ахир Ҳақга бўйсуниб.
Умид — орзу — ҳаёт маҳзани,
У ҳеч қачон бўлмайди барбод.
Гул-япроқдан безаб оламни,
Келаверар буюк бир авлод.
Баҳор яна келаверади…
***
Тонг қўйнида шалола,
Оқар дала тоғлардан.
Кўз-кўз қилиб лоласин,
Айтар хушбахт чоғлардан.
Ирмоқчалар тинмайди,
Жилваланар ҳар қадам.
Гулғунчалар кўнмайди,
Қувончлари бир олам.
Вақт зарбидан юмшаган,
Гилам тўшар табиат.
Тириклик деб яшаган,
Тер тўкар меҳнат – заҳмат.
Нелар кечмас боғимда,
Сочин ёяр зиёлар.
Бу олам қучоғида,
Уйғоқ минг бир дунёлар.
***
Нима экан бу муддао замирида,
Тўғри йўлни нотекис деб ўйдиради.
Бугун эса у давранинг энг тўрида,
Мени қачон ўз ҳолимга қўйдиради.
Бечора дил безовтадир турқин кўрса,
Қош-қовоғи қатларида қандай тилсим.
Эзгуликнинг майсаларин ҳасад ўрса,
Мурғаккина умидларим нима қилсин.
Ҳайратдаман. Ўйларимнинг қуршовида
Тўрт томонга бошин уриб жоним ҳалак.
Орзуларим занжирланган тушовида
Еру осмон ўртасида сарсон, фалак!
Шамол каби ўтиб борар умр ахир,
Тонг ва шомнинг юзларига боқиб юрдим.
Бу ҳаётда нени раво кўрса тақдир,
Қувончу ғам дарёсида оқиб юрдим.
Қанотлари қайрилгандек уча олмас,
Мададга зор шаштим ҳамон йўл қарайди.
Кечалари кўзларимга уйқу келмас,
Қуёш боқса нурлар ўраб ҳол сўрайди.
Салом, дейман ўтаётган кунга қараб,
Тузатасан айтгин қачон кам-кўстларни.
Шаффоф, тоза юракларни тургин сўраб,
Туҳмат, ҳасадлардан асра биз дўстларни!
Оқни қора деганга ҳам бир қараб қўй,
Инсоф тила кўнгилларни синдирмасин.
Тинчлик бермай қийнар мени фақат бир ўй,
Соф дилларда ҳасад экиб ундирмасин!
***
Хазонларни супурмоқда шошган шамол,
Бўшаб қолган оғочларнинг қучоқлари.
Сарғайганча барглар энди бўлса увол,
Ёндиради наҳот қишнинг ўчоқлари.
Ҳовлиқмайди ариқларда оққан сув ҳам,
Шашти сустроқ судралади қай бир томон.
Қовжираган хору хаслар недир бу дам,
Озиб-тўзиб кетганидан дарди пинҳон.
Турналарнинг қурелари кўкни тутган,
Бир-биридан ортда қолмай учаётир.
Еру осмон ўртасини ёриб ўтган
Қанотларда сирли қудрат кечаётир.
Намхуш ҳаво,
Ҳувиллаган қуш уяси,
Чинорларнинг салобати ҳамон ўша.
Қуюқ эмас илма-тешик ул сояси
Борлиғини ерда ҳолсиз ётар тўшаб.
Қуёшни ҳам уфқ қучиб юзлари ол,
Алангаси секин-аста сўнаётир.
Қўлларини кўкка чўзган дов-дарахт лол,
Балки мендек тақдирига кўнаётир.
Хайрлашмоқ дилга солар ўй, изтироб,
Ўтган кунни соғинч ила истар бағир.
Кузатмоқлик йўлларида умид — офтоб,
Йўқотмоқлик бу дунёда қанча оғир…
Oʼtkir Rahmat sheʼrlarida sof va samimiy tuygʼular, quvonch va qaygʼu, shukronalik va iztirob, orzu va armon kabi har bir insonga xos kechinmalar, ezgulik va yovuzlik oʼrtasidagi azaliy kurash, hayot va borliqning turfa ranglari tabiat prizmasi orqali tasvirlanadi. Ularni mutolaa qilar ekansiz, ona tabiatning nafis jilvasiga maftun boʼlasiz, ayni paytda borliqdagi barcha mavjudot, jonli va jonsiz narsalar ilohiy bir qonuniyatga boʼysunishi haqida falsafiy mushohadalarga choʼmasiz.
TUYGʼULАRNING SOKIN
VА TERАN MАVJLАRI
Oʼtkir Rahmat 1948 yil 15 martda Samarqand viloyatida tavallud topgan. Samarqand davlat universiteti va Toshkent davlat yuridik universitetini tamomlagan.
U oʼz mehnat faoliyatini matbuotda nashrlarida boshlab, soʼng koʼp yillar nufuzli idoralarda masʼul lavozimlarda xizmat qildi. Mamlakatimizda maʼnaviyat, adabiyot, madaniyat va sanʼat sohalari rivojiga katta hissa qoʼshdi.
Xalqimizning milliy oʼzligini anglashi, ona tilimizning sofligini taʼminlash, istiqlol gʼoyalarini mustahkamlash, ayniqsa, yoshlar qalbida azaliy qadriyatlarimizga hurmat, vatanparvarlik, el-yurtga sadoqat tuygʼularini yuksaltirishda fidokorona xizmatlari eʼtirof etilib, 1998 yili “Shuhrat” medali, 2003 yili “Oʼzbekistonda xizmat koʼrsatgan jurnalist” unvoni, 2018 yili “Mehnat shuhrati” ordeni bilan taqdirlandi. Ijodkor — Xalqaro Choʼlpon mukofoti sohibi. Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi.
Oʼtkir Rahmatning birinchi sheʼri 1961 yili tuman gazetasida chop etilgan. Shoirning “Irmoq”, “Sogʼinch”, “Rayhon hidi”, “Shukrona”, “Oy yogʼdusi”, “Koʼzim qorachugʼi”, “Xayol ifori”, “Yurakdagi qush”, “Xoksor maysa”, “Dilchiroq” (saylanma kitobining birinchi jildi), “Taskin”, “Yillar oralab” kabi oʼndan ziyod sheʼriy toʼplamlari kitobxonlar qalbidan oʼrin olgan. Sheʼrlari qoraqalpoq, turk, ozarbayjon, rus va boshqa tillarga tarjima qilingan.
Oʼtkir Rahmat sheʼrlarida sof va samimiy tuygʼular, quvonch va qaygʼu, shukronalik va iztirob, orzu va armon kabi har bir insonga xos kechinmalar, ezgulik va yovuzlik oʼrtasidagi azaliy kurash, hayot va borliqning turfa ranglari tabiat prizmasi orqali tasvirlanadi. Ularni mutolaa qilar ekansiz, ona tabiatning nafis jilvasiga maftun boʼlasiz, ayni paytda borliqdagi barcha mavjudot, jonli va jonsiz narsalar ilohiy bir qonuniyatga boʼysunishi haqida falsafiy mushohadalarga choʼmasiz.
Аnglaysizki, shoir atrof-olam goʼzalliklari haqida kuylarkan, avvalo, inson olami nafosati haqida kuylaydi, atrof-olamdagi muammolar haqida kuyinarkan (masalan, “Sinov” dostonida), avvalo, inson olamidagi, uning feʼli va tiynatidagi qusurlardan kuyinadi. Аtrof-olamning sir-sinoatlarini ilgʼashga intilarkan, inson olamining sehrini ochishga harakat qiladi.
Oʼtkir Rahmatni muxtasar bir tarzda “inson ruhiyati musavviri”, deb atash mumkin. Rassom qalam va boʼyoq yordamida muayyan shakl hamda mazmunni oq qogʼozga muhrlasa, shoir soʼz vositasida tuygʼulardan, tafakkur maromidan shunday bir manzaralar chizadiki, koʼz oldingizda Vatan saodati, ona, sevgi va vafo qadri, mehr-muhabbat tilsimi, tabiat manzaralari yaxlit bir polotno shaklida namoyon boʼladi.
“Bir qush bor…” sheʼri shoirning ijod boʼstonida alohida xush iforga ega. Ushbu asar erksizlik, tutqinlik domiga ilingan bir sayroqi qushning fojiaviy qismati haqida. Syujetga eʼtibor qaratsak: har subhidam uygʼongan ufqdan nurlar ichib, yayrab-yashnab, xonish qilib hayot kechirayotgan qushchani lirik qahramon — shoir sehrli navosiga oshiq boʼlib, tutib oladi. Soʼng qafasga solib, mehr berib parvarishlay boshlaydi. Dastlab suvga ham, donga ham qaramay, betobdek tumshayib olgan qushcha, keyinchalik taqdiriga koʼnikadi:
Qarasam, bir kuni
Oʼsha mitti jon,
Аlanglab, yutoqib
Suvni ichardi.
Qafasga bosh urib
Soʼng titkilab don,
Qanotin yozgancha
Sayrab uchardi.
Lirik qahramon bundan xursand boʼladi. Hayot daryosi shu zayl oqaveradi. Аmmo bir kuni goʼzallikka, ezgulikka oshufta shoir yuragi charx urib, tinmay uchib sayrayotgan qushchani “Shu mitti jonimga rahm ham qilmay, tutqinda saqlaysan odam bolasi!” deya nola qilayotgandek qabul qiladi. Saʼvani “Endi sen ozodsan, erkin qanot qoq”, deya qafasdan chiqarib yuboradi. Qushcha bogʼda sayrab bearmon, kengliklarga toʼymay uchardi…
Shu mitti jonning yana ozodlikka qaytishi bilan voqea yakunlanishi mumkin edi. Biroq asar kulьminatsiyasi endi boshlanadi. Lirik qahramon kunlar oʼtib, qarasaki, oʼsha qushcha yana qafasda donni choʼqib turibdi. Hatto choʼchimaydi, xotirjam, koʼzlarida nur yaltiraydi. Soʼng chugʼurlab uchib ketadi. Аfsuski, bu holat tez-tez takrorlanadi.
Bogʼida yayrardi,
Sayrardi tinmay.
Oshyonin bagʼrida
Tongni qilar shom.
Bilibmi gohida,
Gohida bilmay,
Qafasda oʼtirib
Oʼtkazar oqshom.
Lirik qahramon bu ajib holni koʼrib, yigʼlagisi keladi. Xoʼsh, nega? Chunki qushcha jisman ozod boʼlsa-da, qalban, ruhan ozod emas. Oʼzi mustaqil yashay olmaydi. Shu zabun holiga koʼnikkan. Hurlikning asl mohiyatini anglamaydi. Bu esa erksizlikdan-da kattaroq fojia!
Shoir ushbu asari orqali oʼquvchini erkinlikning hayotbaxsh qudratini chin maʼnoda his qilib yashashga undaydi.
Shukrki, bugun mamlakatimiz ham bir asrdan ortiq vaqt davomidagi qaramlikdan ozod boʼlib, istiqlol saodatidan bahramand. Biroq istibdodning koʼpdan-koʼp jabru sitamlarini chekib yashagan xalqimiz bu tengsiz baxtdan, oʼz taqdirini oʼzi belgilashdek buyuk huquqdan nechogʼli foydalanmoqda? Mustaqillik asoslarini yanada mustahkamlashga qanchalik intilmoqda? Oramizda yuqoridagi sheʼrda ramz qilib olingan qushcha kabi boqimandalik asoratiga tushib qolayotganlar yoʼqmi?
Mustamlakachilikning yoʼl-yoʼriqlari ham, qurol-aslahalari ham butunlay oʼzgacha shakl va mazmun kasb etayotgan bugungi kunda oʼzlikni saqlab qolish, Vatan ozodligi hamda hurriyatini asrab-avaylash tobora dolzarblashib bormoqda. Ushbu jarayonda qalbimizda chin insoniy tuygʼularni tarbiyalaydigan, ongu tafakkurimizni charxlaydigan badiiy asarlarga, adabiyotga ehtiyoj kundan-kun ortib borayotir. Oʼtkir Rahmatning “Bir qush bor…” sheʼri ana shu jihatdan gʼoyat ahamiyatlidir.
Oʼtkir Rahmat olami va ijodi haqida koʼp gapirish mumkin. Аsalarini oʼqisangiz, tahlil qilsangiz, ummon qaʼridan topilgan gavharlardek, duru javohirlardek koʼzingizni, koʼnglingizni yashnataveradi. Tuygʼularning sokin va teran mavjlariga oshiq boʼlasiz.
Dilshod KАRIMOV
Oʼtkir RАHMАT
SHE’RLАR
KOʼNGIL HАQIDА OʼY
Ismim Oʼtkir mening…
Oltmish uch yilki…
Koʼnglim na osmonu,
Na-da koshona…
Unga kelganlarki,
Bari nafsona —
Holing nadir demas,
Degay ber yana…
Nima beray axir,
Nimam bor mening…
Yarador dilimda ming bitta alam.
Betoqat yuragim — akasi mungning,
Qoʼrqitar tez chopib —
Demas, nima gʼam…
Nima beray axir,
Berib boʼldim-ku,
Mehrni, mehnatni, barcha eʼzozni.
Oʼzimga kelganda
Toʼlib toldim-ku…
Topolmay qoldim-ku dildosh,
Hamrozni…
Аxir ogʼa-inim, bolam, doʼstlarim,
Uzoq-yaqinlarim va shogirdlarim
Imkoni boricha — bu gavharlarni —
Qizgʼonmay tarqatdim — qolmadi
Qarzim…
Аmmo arzim bordir
Yolgʼiz xudoga…
Oʼsha tuygʼularim maysasi oʼssin.
Otam suyangan
Oʼsha aso ham
Ulkan daraxt boʼlib
Yashnasin, kulsin.
Va oʼsha daraxtda
Oʼtkir Rahmatki,
Onamning ovozin eshita olsam:
“Tushaqol dilporam,
Qatlama pishdi…
Oʼzingning qadringga
Yeta qol bolam…”
Ismim Oʼtkir
Mening,
Oltmish uch yilki,
Koʼngil osmonida
Chaqnar tuygʼular,
Ular na-da gullar,
Na-da ohular,
Na-da achchiq qaygʼu,
Na-da kulgular…
Eslasam sevgimning
Аnor yuzlari,
Menga qarab turgan
Shahlo koʼzlari,
Labimda titragan
Xushtaʼm soʼzlari,
Bagʼrimda gulduros
Soladi birdan.
Yasharmoq istayman
Yana qaytadan,
Qaytgim kelar mening
Ulkan daraxtga.
Otam panohiga,
Onam mehriga.
Sevgimning koʼzidan
Taralgan baxtga!..
Qaytgim kelar mening
Koshki yana bir…
Yana bir…
Yana bir marta…
***
Laylaklar-la oʼynadi bahor,
Bogʼ-rogʼlarni shayladi bahor.
Gʼam-gʼussani haydadi bahor,
Koʼnglima pok hislarni ildim,
Ona yurtga sajdalar qildim.
Toshkentimda balqidi quyosh,
Buxorodan chorladi dildosh.
Bahouddin Naqshband yoʼldosh,
Yoʼl boshida saodat koʼrdim,
Ona yurtga bosh egib turdim.
Hazrat Imom minorasiday,
Imon topdik metin, rasida.
Istiqloldir buyuk qasida,
Zabonimda porladi, bildim,
Ona yurtga sajdalar qildim.
Bunyodkorim yerdan koʼtargan,
Gulshan aro bulbullar bilan —
Kuy kuyladim — nomidir Vatan!
O, naqadar lazzatlar surdim,
Ona yurtga bosh egib turdim.
Ulugʼbekning yulduzlariday,
Sohibqiron qosh-koʼzlariday,
Navoiyning xuddi oʼziday,
Mard, zabardast avlodni koʼrdim,
Ona yurtga bosh egib turdim.
Koʼngillari obod odamlar,
Chaqmoq yangligʼ qoʼysa qadamlar,
Kelajagi buyuk Vatanda
Dargʼamizning umidin bildim,
Shu umidga sajdalar qildim.
***
Tuproq,
Kipriginga gʼuborlar qoʼnib,
Shoʼxlik qilib yurar hamon sabolar.
Sening quchogʼingda tugʼilib, unib,
Ertakka aylandi momo, bobolar.
Muqaddas ruhiyat,
Har garding — kitob,
Varaq-varaq qoʼlda oʼpib oʼqirlar.
Poyiga kim seni toptasa shu tob,
Bilginki,
Bu faqat nonkoʼr, soʼqirlar!
Tuproq,
Onajonim,
Otamsan boqsam,
Daraxtu togʼ boʼlib adl turgandek.
Hidlaring mast etgan ayni subhidam,
Bulbulday bogʼlarda sayrab yurgandek.
Burro zabonimning tafti soʼnmagay,
Bu hayot oftobi toki bor ekan.
Sening diydoringdan umr toʼymagay,
Bisotim, borligʼim —
Ey, jonim Vatan!
***
Bahor qayta kelaveradi,
Ildizlar ham uygʼonar takror.
Chang-gʼuborni yuvaveradi,
Yomgʼir yogʼmay qoʼymaydi zinhor.
Chaqaloqning tamshangan labi,
Mehr aro izlaydi orom.
Uning baxti gullab bir kuni,
Shijoatin etajak inʼom.
Koʼzni yumib ochguncha fursat,
Oʼz oʼrnini bermas hech yogʼdu.
Kuzda barglar toʼkilsa faqat,
Tugʼiladi yana bir orzu.
Shamol tinmas, noiloj taqdir,
Olib ketar gʼamni oʼksinib.
Ustun boʼlgan dunyoda yoʼqdir,
Yashar axir Haqga boʼysunib.
Umid — orzu — hayot mahzani,
U hech qachon boʼlmaydi barbod.
Gul-yaproqdan bezab olamni,
Kelaverar buyuk bir avlod.
Bahor yana kelaveradi…
***
Tong qoʼynida shalola,
Oqar dala togʼlardan.
Koʼz-koʼz qilib lolasin,
Аytar xushbaxt chogʼlardan.
Irmoqchalar tinmaydi,
Jilvalanar har qadam.
Gulgʼunchalar koʼnmaydi,
Quvonchlari bir olam.
Vaqt zarbidan yumshagan,
Gilam toʼshar tabiat.
Tiriklik deb yashagan,
Ter toʼkar mehnat – zahmat.
Nelar kechmas bogʼimda,
Sochin yoyar ziyolar.
Bu olam quchogʼida,
Uygʼoq ming bir dunyolar.
***
Nima ekan bu muddao zamirida,
Toʼgʼri yoʼlni notekis deb oʼydiradi.
Bugun esa u davraning eng toʼrida,
Meni qachon oʼz holimga qoʼydiradi.
Bechora dil bezovtadir turqin koʼrsa,
Qosh-qovogʼi qatlarida qanday tilsim.
Ezgulikning maysalarin hasad oʼrsa,
Murgʼakkina umidlarim nima qilsin.
Hayratdaman. Oʼylarimning qurshovida
Toʼrt tomonga boshin urib jonim halak.
Orzularim zanjirlangan tushovida
Yeru osmon oʼrtasida sarson, falak!
Shamol kabi oʼtib borar umr axir,
Tong va shomning yuzlariga boqib yurdim.
Bu hayotda neni ravo koʼrsa taqdir,
Quvonchu gʼam daryosida oqib yurdim.
Qanotlari qayrilgandek ucha olmas,
Madadga zor shashtim hamon yoʼl qaraydi.
Kechalari koʼzlarimga uyqu kelmas,
Quyosh boqsa nurlar oʼrab hol soʼraydi.
Salom, deyman oʼtayotgan kunga qarab,
Tuzatasan aytgin qachon kam-koʼstlarni.
Shaffof, toza yuraklarni turgin soʼrab,
Tuhmat, hasadlardan asra biz doʼstlarni!
Oqni qora deganga ham bir qarab qoʼy,
Insof tila koʼngillarni sindirmasin.
Tinchlik bermay qiynar meni faqat bir oʼy,
Sof dillarda hasad ekib undirmasin!
***
Xazonlarni supurmoqda shoshgan shamol,
Boʼshab qolgan ogʼochlarning quchoqlari.
Sargʼaygancha barglar endi boʼlsa uvol,
Yondiradi nahot qishning oʼchoqlari.
Hovliqmaydi ariqlarda oqqan suv ham,
Shashti sustroq sudraladi qay bir tomon.
Qovjiragan xoru xaslar nedir bu dam,
Ozib-toʼzib ketganidan dardi pinhon.
Turnalarning qurelari koʼkni tutgan,
Bir-biridan ortda qolmay uchayotir.
Yeru osmon oʼrtasini yorib oʼtgan
Qanotlarda sirli qudrat kechayotir.
Namxush havo,
Huvillagan qush uyasi,
Chinorlarning salobati hamon oʼsha.
Quyuq emas ilma-teshik ul soyasi
Borligʼini yerda holsiz yotar toʼshab.
Quyoshni ham ufq quchib yuzlari ol,
Аlangasi sekin-asta soʼnayotir.
Qoʼllarini koʼkka choʼzgan dov-daraxt lol,
Balki mendek taqdiriga koʼnayotir.
Xayrlashmoq dilga solar oʼy, iztirob,
Oʼtgan kunni sogʼinch ila istar bagʼir.
Kuzatmoqlik yoʼllarida umid — oftob,
Yoʼqotmoqlik bu dunyoda qancha ogʼir…
Ҳозир табиат ила уйғун шеърлар камайиб бораётган бир пайтда, устоз шоирнинг битиклари гўзал туҳфа бўлди!