Abdulla Qo’shboq. She’rlar

16 Ўзбек шеърияти қўриқларига 80-йилларнинг охири — 90-йилларнинг бошларида кириб келган шоирлар сафида Жиззахнинг Бахмалидан бўлмиш истеъдодли ижодкор Абдулла Қўшбоқ ҳам бор эди. Бугунги саҳифамизда унинг шеърларидан айримларини тақдим этамиз. Саҳифамиз сўнгида шоирнинг 1991 йилда «Шарқ юлдузи» ва «Ёшлик» журнали эълон қилинган шеърлари билан ҳам танишиш имконияти бор.

Саҳифа атоқли ўзбек мусаввири Исфандиёр Ҳайдаров асарлари билан безатилди.

03Абдулла ҚЎШБОҚ
ШЕЪРЛАР


РАССОМ

Исфандиёр Ҳайдаровга бағишланади.

Мен қушман
Булутлар оралаб учган,
Чиқётган қуёшга бош уриб қучган,
Яна не истайсиз ярадор қушдан,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

Одамлар ичида буткул бегона,
Рангларни ахтариб юрган девона,
Мен қушман
Мажбуран одамман яна,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

Бегона осмонлар буғдилар ёмон,
Ортимдан овчидай қувлади замон,
Мени кўкдан изланг,
Қушдирман ҳамон,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

Ватандан кувилдим, ватанга қайтдим
Осмондан қувилдим, осмонга қайтдим.
Қоғозлар тушунди, қоғозга айтдим,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

Булутнинг дўл деган шарчасин севдим,
Ойқорнинг мўйсафид арчасин севдим,
Мени ким тушунса барчасин севдим,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

Дардларни чизаман осмондай йирик,
Умидни чизаман,
Умид ҳам тирик,
Не қалай, дунёнинг бори шу ~чирик,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

Кимга дўст тутиндим,
Кимгадир душман,
Барини унутиб учганим учган,
Мени тушунинглар
Ахир мен қушман,
Одамлар ёнида яшамоқ оғир.

029

Бўлама  (Қиз қўшиғи)

Бўз йигитнинг тулпори
Кишнагандай бўлади.
Биров келиб қўлимни
Ушлагандай бўлади,
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама.

Койишлари онамнинг
Кирмай қўйди қулоққа,
Биров кутиб тургандай
Шошиламан булоққа,
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама.

Хар ишимда хато бор,
Чиқаверар чатоғи.
Ўз уйимдай туюлар
Кумушбиби ётоғи,
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама.

Изларимда юрган кўп
Билолмайман танлашни.
Ўргатинглар менга ҳам
Ёрни қандай алдашни.
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама.

Гоҳ мехрибон ошиқнинг
Ғазаби хам бор эмиш,
Бу дунёда севишнинг
Азоби ҳам бор эмиш,
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама.

Қай бирингиз Зуҳросиз
Лайли қайси бирингиз.
Бўлса керак айтишга
Уялгидай сирингиз.
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама

Бўз йигитнинг тулпори
Кишнагандай бўлади.
Биров келиб қўлимни
Ушлагандай бўлади.
Опажонлар, айтинглар
Севги шундай бўлама.

Қўшничилик

Бошланмасдан ишончинг нураб,
Ўз қорингни ўзинг ол кураб,
Ошён қурсанг худодан сўра
Қўшнинг бир ит бўлиб чиқмасин.

Қайта –қайта алданиш оғир
Ёнгинангда яшаса макр,
Одамдан ҳам тулки кўп аҳир
Қўшнинг тулки бўлиб чиқмасин.

Чақишлардан келдингку безиб,
Чақдиларку қалбингни эзиб ,
Бир кулфатни дил турар сезиб,
Қўшнинг илон бўлиб чиқмасин.

Бўғилмоқлик ёмон нахсдан,
Бало келар доим нафсдан,
Ҳаёт билан кирма бахсга,
Қўшнинг фосиқ бўлиб чиқмасин.

Қўяй десанг кўнглини хушлаб,
Меҳр берсанг қўлларин ушлаб,
Тепмасин ё олмасин тишлаб,
Қўшнинг эшшак бўлиб чиқмасин.

Одам бўлсин,бўлса ҳам нодон,
Нодон билан тил топмоқ осон,
Бир хатардан огоҳ бўл ҳар он,
Қўшнинг шайтон бўлиб чиқмасин.

Дўст

Ошиқ бўлмоқ экан хатар,
Ағёр учрар қатор-қатор,
Менинг ҳолим сендан баттар,
Кел, эй Мажнун, дўст бўлайлик.

Бу ерларда хазон фасли,
Туман босди,гумон босди,
Яхши экан сахро асли,
Кел, эй Мажнун, дўст бўлайлик.

Йўллар боғлиқ,қўллар боғлиқ,
Сен саҳролик,мен бир тоғлик,
Ишқ мулкида икки мағлуб,
Кел, эй Мажнун, дўст бўлайлик.

Майли бўлсин Лайли хафа,
Бу ҳаётнинг зайли жафо,
Теккани шу бизга-капа,
Кел, эй Мажнун, дўст бўлайлик.

Келурсан гоҳ кўзингда нам,
Санингку бор умидинг- шам,
Мани буткул йиқитди ғам,
Кел, эй Мажнун, дўст бўлайлик.

Ўтди-кетди

Ишқ мулкида сармаст эдик,
Севишдан хеч толмас эдик,
Олтин эдик,олмос эдик,
Давру-даврон ўтди-кетди.

Ортидан от солиб қувдим,
Қисматдан бот нолиб қувдим,
Йиғладим “дод” солиб қувдим,
Давру-даврон ўтди-кетди.

Сувлар энди ортга оқмас,
Омад асли мардга боқмас,
Қутқарғали ит ҳам боқмас,
Давру-даврон ўтди-кетди.

Сувлар шўр-у майлар тахир,
Юрак етим кабоб бағир,
Тонг отгунча йиғлаш оғир,
Давру-даврон ўтди-кетди.

Отмадилар сўймадилар,
Сабримиз еб тўймадилар,
То ўтгунча қўймадилар,
Давру-даврон ўтди-кетди.

Кирхона

Дунё катта хонадур сиғар миллиард ҳамхона,
Кимларгадур кенг хона кимларгадур тор хона.

Улкан хона-томи йўқ, деворлари нураган
Тўйгунингча йиғлайвер, битта номи ғамхона.

Улкан хона-қоронғу,ўчиб бўлган чироқлар,
Қолмаса ҳам бирон пир, номи ҳамон пирхона.

Тўлиб кетган фахшга,тўлиб кетган фосиққа,
Дунё деган хонанинг битта номи гархона.

Миллиард- миллиард ҳамхона, қалбларини кир босган
Ювиб бўлмас бу кирни, дунё бузуқ кирхона.

Она тилим

Она тилим, бешигимда
Алла бўлиб таралдинг.
Яхшиямки бу дунёда
Ўзбек бўлиб яралдим.

Она тилим ,
Гулдай тилим,
Жарангинга бўлай қул.
Ўзбекчадан узгасини
Тушунмайди хатто гул.

Она тилим, қучоғингда
Улкан турон дашти бор,
Оҳангларинг шиддатида
Балким Темур шашти бор.

Ўзбек бўлиб ўз тилини
Унутган ҳам одамми?
Она тилим,
Қўй уларни,
Олға босгин қадамни.

Ғанимларинг йўлинг тўсди,
Йўлиқдинг кўп қасдларга.
Қасд қилганнинг тили синсин,
Дили синсин пастларнинг.

Уён боқсам шеьр бўласан,
Буён боқсам ғазалсан.
Она тилим, шоир бўлиб
Пайдо бўлдинг азалдан

Тиллар аро ўзингдурсан
Энг яқини қўшиққа.
Балким шундан Ўзбекистон
Тўлиб кетган ошиққа.

Шоирлар

Гоҳ қошидан,гоҳ сочидан бало келар,
Дор қурғали сочларидан тола келар,
Мулкингиздан мунгли-мунгли нола келар,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Ой бўзариб ботганда бир йиғлагайсиз,
Юлдуз ҳанда отганда бир йиғлагайсиз,
Нега бунча бағрингизни тиғлагайсиз,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Айландингиз гоҳ Абдулла Орифларга,
Сулувларни кўмиб ўтли таьрифларга,
Ҳар бирингиз тенгсиз Мажнун ғарибларга,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Қўлладиму Алишердай пирларингиз,
Қоғозларга томди кўз ёш-дурларингиз,
Қолмабдику қалбингизда сирларингиз,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Азобмиди ҳақдан ёлғиз тилагингиз,
Ё келдими ёр пойига қулагингиз,
Жонингиздан ортиқмиди малагингиз,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Уламолар тошлар отди боқмадингиз,
Шайтон кулиб қошлар қоқди боқмадингиз,
Минг йилларким хеч замонга ёқмадингиз,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Кутган билан тугармиди хиёнатлар,
Осмонлардан ёғармиди диёнатлар,
Шоир учун шердан кечмоқ жиноятдир,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Туғулибоқ парилардан қалам олган,
Гоҳ булбулдан,гоҳо гулдан салом олган,
Тўлиб кетса гоҳо майдан алам олган,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Ишқ мулкида сизни хасрат егай охир,
“Шоир жони мунча тотли” дегай охир,
Шоир зоти тоьле учун ўгай аҳир,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Кўп кездингиз ишқнинг йўлсиз ўрмонларин,
Тополмасдан бахтнинг ёруғ қўрғонларин,
Шоирларим- муҳаббатнинг қурбонлари,
Ай бечора шоирларим, шоирларим.

Темир бобо

Осиёни босиб турар
Ҳамон вазмин савлатингиз
Темир бобо
Уйғонмоқда
Яна улуғ давлатингиз.

Темир бобо
Шифо келди
Қалбимизнинг ярасига.
Ажиб нурлар таралмоқда
Икки дарё орасида.

Юз йилларнинг орасидан,
Ўтиб келдик аранг, бобо
Адолатнинг тарозиси
Ишга тушди қаранг, бобо.

Ёруғидан зулмати кўп,
Ўтган кунлар дардга тўла.
Яхшиямки Ўзбекистон
Широқ каби мардга тўла.

Буюк элнинг шавкатига,
Ким макрдан ўқлар отар.
Ким бўлса ҳам сиздай улуғ
Боболари йўқлар отар.

Темир бобо
Олис йўлнинг
Чорлагувчи нури бўлинг,
Қўлланг бизни курашларда,
Юртбошимнинг пири бўлинг.

Омадсиз

Қуёш ботиб кетди юкларин ортиб,
Яна такрорланди илоҳий тартиб,
Ўйлайди,
Бугунин олдилар тортиб
Бугун ҳам омади келмаган йигит.

Энди қоронғуга ўхшайди йўли,
Бир алам келади бўғзига тўлиб,
Бўм-бўш чўнтагида музлайди қўли,
Бугун ҳам омади келмаган йигит.

Гоҳо юзин очиб,кўрсатиб қомат,
Маккора аёлдай алдайди омад,
Барига чидайди бўлиб камтар, мард
Бугун ҳам омади келмаган йигит.

Пойафзали оғир, дўпписи тордай,
Уйи оғзин очган қоронғу ғордай,
Хотиннинг кўзида совуқ муз бордай,
Бугун ҳам омади келмаган йигит.

Тинч қўй

Йиллар учиб кетдилар қушдай,
Ортда қолди умр ҳам тушдай,
Шунча юрдинг елкамдан тушмай,
Шайтон, энди боламни тинч қўй.

Юлдузланиб ойланиб келдинг,
Гоҳ қошлари ёйланиб келдинг,
Сулувларга айланиб келдинг,
Шайтон, энди боламни тинч қўй.

Аввал учқир от эдим, бешак
Шиддатимга бўлмас эди шак
Охир ақл ўргатди эшшак,
Шайтон, энди боламни тинч қўй.

Кўнглимга бир солмай изини,
Фаришталар бурди юзини,
Йиллар бўйи ичдинг тузимни,
Шайтон, энди боламни тинч қўй.

Сенга сира отмадим тошлар,
Жойномозга урмадим бошлар,
Энди тинмас кўзимдан ёшлар,
Шайтон, энди боламни тинч қўй.

Бу қалб асли яйлоқ чўл эмас,
Бардошим ҳам тубсиз кўл эмас,
Мен юрган йўл аҳир йўл эмас,
Шайтон, энди боламни тинч қўй.

Ватан соғинмайдиму

Хориждаги ватандош
Миллионмисиз, қанчасиз.
Сизни қўмсаб Ватаннинг
Миллион ери санчади,
Ватан соғинмайдиму.

Дастурхонлар четида
Бўш турибди жойингиз,
Ҳар кун бир бор совуйди
Пиёлада чойингиз,
Ватан соғинмайдиму.

Чиқолмайсиз хумордан
Ёт тилда бир сўкиниб,
Она тилнингтотини
Эслагайсиз ўкиниб,
Ватан соғинмайдиму.

Ҳар бирингиз ватаннинг
Битта томир толаси,
Эзилади хор бўлса
Ўзбекистон боласи,
Ватан соғинмайдиму.

Бирингиз сал безори,
Адашгансиз бирингиз.
Ватан сезиб туради
Болаларнинг сирини,
Ватан соғинмайдиму.

Соғинади келинчак,
Оҳ тортади отангиз.
Қандай қилиб дунёда
Яшаб бўлар ватансиз,
Ватан соғинмайдиму.

Битта менму (Қиз қўшиғи)

Севги тушса ароға,
Дил тўларкан яроға,
Йўлиққан бу балоға
Битта менму, битта менму.

Йиллар ўтар кулмасдан,
На ёз, на қиш билмасдан,
Йиғлагувчи тинмасдан,
Битта менму, битта менму.

Тош отарлар панадан,
Қасд айлашиб дамо дам
Қолиб кетган таьнага
Битта менму, битта менму.

Кўнгли нурсиз кулбадай,
Шашти тинган жилғадай,
Ўхшаб қолган телбага
Битта менму, битта менму.

Бағри кабоб, қалби чўл,
Сарсонлиқда топмай йўл,
Гуноҳларга урган қўл
Битта менму, битта менму.

Талпиниб нур зиёга,
Кезиб отда пиёда,
Сиғмай қолган дунёга
Битта менму, битта менму.

Севги тушса ароға,
Дил тўларган яроға,
Йўлиққан бу балоға
Битта менму, битта менму.

Айёр экан

Не десанг ҳам қошингда жим кулиб турар,
Гўё сени назарига илиб турар,
Кўнглингда не борлигини билиб турар,
Жуда айёр экан дилдор жуда айёр.

Етмасмиди сулув бўлиб яралгани,
Кўз қўрқади бир термулиб қарагани,
Айёрлигин яширади ороланиб,
Жуда айёр экан дилдор жуда айёр.

Билади у нозларидан эришингни,
Минг гўзалдан уни ортиқ кўришингни,
Кулгусига жонингни ҳам беришингни,
Жуда айёр экан дилдор жуда айёр.

На ҳушомад на мақтовга қарамайди,
Юракларни битта битта яралайди,
Синаб синаб ошиқларни саралайди,
Жуда айёр экан дилдор жуда айёр.

Ишга солса агарда бор шумлигини,
Бузиб ташлар бу оламнинг жимлигини,
Унитиб ҳам қўяр одам кимлигини,
Жуда айёр экан дилдор жуда айёр.

Чидаймизда
Ўзни тийиб тарк этишдан,
Дардмизнинг устига бот дард этишдан,
Не ҳолларга солар бизни шу кетишда,
Жуда айёр экан дилдор жуда айёр.

Сут ҳаққи

Отанг юмди кўзини,
Четда турди оғалар,
Сут ҳақига юзта қўй
Сўрадилар тоғалар.

Оғриқ кирди жонимга,
Узилгандай ўмганим,
Иккимизга панд берди
Энангни кўп эмганинг.

Отанг сирли кулади,
Тоғангда бор важоҳат.
Қиз бола ҳам шунчалар,
Бўларканда очофат.

Онанг сени эркалаб,
Боққанида тўйдириб,
Мен ошиқни бир йўла
Қўйган экан сўйдириб.

Чиқмас энди товушим
Кўзларимда олов йўқ,
Мен шўрликда нетайин
Сут ҳаққига тўлов йўқ.

Оғриқ кирди жонимга
Узилгандай ўмганим.
Иккимизга панд берди
Энангни кўп эмганинг.

Йўтал (қиз қўшиғи)

Боғ кўчада бир йигит бор
Боқсанг кўзинг тўяди,
Қачон ўтсам боғ ёнидан
Бир йўталиб қўяди
“Уху-уху” “уху-уху”.

“Уху-уху”деган сўзи
Эшитилар маъноли,
Шамоллатиб қўйдимикин
Мухаббатнинг шамоли.

Табассумим йигит учун
Шифолига ўхшайди.
Кулиб боқсам шу лахзада
Йўтали хам тўхтайди.

Йўтал ёлғон бўлса хамки
Юрак айтар тўғрисин.
Эшитилар дил розидай
Унинг “уху-ухуси”
“Уху-уху” “уху-уху”.

Боғ кўчадан қачон ўтсам
Уху дейди тортиниб
Севгим билан олгим келар
Шу йигитнинг дардини
“Уху-уху” “уху-уху”.

Чимчилади

Юриб бўлмас кўчада,
Рашки ўша-ўшада,
Ёш етса ҳам нечага
Дилдор қўймас чимчилаб,
Чимчиладия- чимчилади.

Дунё бунча торайган,
Қочиб қайга борай ман,
Биқин шўрлик қорайган,
Чимчиладия- чимчилади.

Кўча тўла сулувлар,
Йўқдир сирли кулувлар,
Ўчди дилда ғулувлар,
Чимчиладия- чимчилади.

Кўркам жувон синфдош,
Саломлашдик силкиб бош,
Шу он қалбга тегди тош,
Чимчиладия- чимчилади.

Таниш аёл холамдай,
Таниш қиз ҳам боламдай,
Алигим йўқ саломга,
Чимчиладия- чимчилади.

Боқиб бўлмас у ёнга,
Боқиб бўлмас бу ёнга,
Ўхшаб қолдим қуёнга,
Чимчиладия- чимчилади.

Дунё бунча торайган,
Қочиб қайга борай ман,
Биқин шўрлик қорайган,
Чимчиладия- чимчилади.

Буюк бола

Гул исига ўхшар тотинг,
Бойчиборми, Ғирот отинг,
Темурбекка тортар зотинг,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Сени уч-тўрт ёшда кўрдим,
Хоразмда, Шошда кўрдим,
Гоҳ Хўжандда, Ўшда кўрдим,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Юрт Мозори Шариф санга,
Етмас мингта таьриф санга,
Кўргим келди бориб сани,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Гоҳ куйганим, ачинганим,
Дунё бўйлаб сочилганим,
Не юртларда очилганим,
Чиннигулми ёки лола
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Асалимсан, қантимсан,
Бўлажак зўр алпимсан,
Туғилибоқ тантисан,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Биринг қувноқ, биринг ўйчан,
Биринг дўмбоқ, биринг бўйчан,
Ўйинқароқ, либосинг чанг,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Жоним катта-кичигинг ҳам,
Тили озроқ чучигинг ҳам,
Супра қулоқ пучуғинг ҳам,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Қирлар қўй- у қўзингники,
Боғлар ризқ- у рўзингники,
Ўзбекистон ўзингники,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Бўлинмагин, тўп бўл доим,
Ҳеч оз эмас кўп бўл доим,
Ширинтойим, эркатойим,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Қўлларига олиб сани,
Қўллар пир- у вали сани,
Дунё танир ҳали сани,
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Саломлари қуюқ бола,
Бир-биридан суюк бола,
Дунёда энг буюк бола-
Ўзбек бола, ўзбек бола
Ўзбегимнинг боласи.

Бола кулгуси

Кулгу эмас, асал бу,
Дилга берар тасалли,
Тузатади касални,
Кулса бола кулсинда.

Яйрагани бежизмас,
Кулганда дард сезилмас,
Кулиб қалби эзилмас,
Кулса бола кулсинда.

Кўзи икки чўғчадай,
Юлдузларга ўхшагай,
Кулмас совуқ сўхтадай,
Кулса бола кулсинда.

Болаликнинг мулкида,
Жой топилмас тулкига,
Кибр қўшмас кулгуга,
Кулса бола кулсинда.

Ёргани йўқ пихини,
Ишлатса ҳам йиғини,
Кулиб санчмас тиғини,
Кулса бола кулсинда.

Ўргатсанг ҳам жодулаб,
Бўлолмайди доғули,
Истехзо йўқ-оғули,
Кулса бола кулсинда.

Қасди бор (қиз қўшиғи)

Ишқ қасримиз вайрона,
Қолдик икков ҳайрона,
Билолмадик ўйлона,
Бизда кимнинг қасди бор.

Энди йўли айримиз,
Ғам даштида сайрими,
Севганимиз – айбимиз,
Бизда кимнинг қасди бор.

Йўллар тошли, ўрмиди,
Ағёр шунча зўрмиди,
Ё ўзимиз ғўрмидик,
Бизда кимнинг қасди бор.

Садоқатлар лоф экан,
Хиёнат минг қоп экан,
Топсанг дўстдан топ экан,
Бизда кимнинг қасди бор.

Паст бўлмасин қасд қилган,
Шайтон билан дарс қилган,
Бизмиз Ҳаққа арз қилган,
Бизда кимнинг қасди бор.

Кузгача (қиз қўшиғи)

Ҳали хомман, пишмадим,
Хомсут аҳир ичганим,
Ғўрлик менинг душманим,
Кунни сананг юзгача,
Кутингда сал, кузгача.

Отам тушиб жаҳлидан,
Инсоф кирар ақлига,
Кўнар ҳаёт нақлига,
Кутингда сал, кузгача.

Бўлмайинда шошган қиз,
Ҳаддидан кўп ошган қиз,
Қизармасин охир юз,
Кутингда сал, кузгача.

Сизни тушда кўраман,
Сочни қирқта ўраман,
Озроқ хомман, ғўраман,
Кутингда сал, кузгача.

Омад кулиб бизга ҳам,
Ранглар кирар юзга ҳам,
Яқин қолди кузга ҳам,
Кутингда сал, кузгача.

Аёл макри

Майли ётгин кулча бўлиб қароғида,
Майли ёғ бўл кўнглидаги чироғига,
Айланмагин қўлидаги яроғига,
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри.

Тиш қайраган қабоҳатнинг тишимисан,
Чаёнларнинг гажак тусли нишимисан,
Одам эмас, шайтоннинг бир ишимисан,
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри .

Опа сингил тўхтатсинлар юлишишни,
Оға ини тўхтатсинлар уришишни,
Қиёматга қолдирмасин кўришишни,
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри .

Гарчи тирик, гарчи бағри бутундаймиз,
Бир кун сенинг тузоғинга тутилгаймиз,
Қачон сендан қутилгаймиз, қутилгаймиз,
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри .

Гоҳ кимнингдир мақтаб кўзи сузиклигин,
Исботлайсан минг гўзалдан тузуклигин,
Яширасан хиёнат – у бузуқлигин,
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри.

Мард устига мардни йўллаб қириш қилма,
Давлат билан давлатларни уриштирма,
Сўнг бир четда лабларингни буриштирма,
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри .

Бойқородай зотлар тушди етовингга,
Ишонтирма ёлғон йиғи сиқтовинга,
Дунё етмас шайтон билан икковингга
Уйғонмай тур аёл макри, аёл макри .

Сўнги қадаҳ

Қалбни солдинг аросатнинг қамоғига,
Ямоқ тушди яна бахтнинг ямоғига,
Тиқилмадинг нега марднинг тамоғига,
Сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ.

Сени деб мард охир номард бўлиб қолди,
Юрагида яшнаган гул сўлиб қолди,
Тилидаги булбули ҳам ўлиб қолди,
Сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ.

Сен бўлмасанг келинчаги ойдан яхши,
Нозлигина товушлари найдан яхши,
Лабидаги боли бари майдан яхши,
Сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ.

Сувлар сепиб юрагининг чўхчасига,
Йиқитасан лўлининг кир бўғчасидай,
Йигит ётар ўхшаб ётнинг чўчқасига,
Сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ.

Орзусини етиб бўлмас сароб қилма,
Адаштирма, шайтанатга тараф қилма,
Эр йигитни орин олиб хароб қилма,
Сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ.

Боболари инсонларнинг нақши эди,
Алпомишдай алпга навкар, соқчи эди,
Қуйилмасдан ёниб кетсанг яхши эди ,
Сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ, сўнги қадаҳ.

Кўргим келар

Йиқилсам ҳам тутиб ишқнинг байроғини,
Ҳаёт бошда силкитса ҳам таёғини,
Бераҳмлар синдирса ҳам оёғимни,
Кўргим келар нима қилай, нима қилай.

Мени ҳеч ким қўлламаса, кўплар сотса,
Ағёр пана-паналардан тошлар отса,
Сенга борар йўллар лов-лов ёниб ётса,
Кўргим келар нима қилай, нима қилай.

Умид шаьми тугатгандай хизматини,
Қоронғулик босиб келар қисматимни,
Мен бекорга сени шунча изламадимми,
Кўргим келар нима қилай, нима қилай.

Соғинишдан чўкиб борар жуссаларим,
Қандай енгиб ўтай шунча ғуссаларни,
Охирига етди ишқим қиссалари,
Кўргим келар нима қилай, нима қилай.

Ота йиғласа

Дунё юкларидан хориб, толдими,
Дунё фитналари сабрин олдими,
Бу қаттол дунёдан кўнгли қолдими,
Йиғласа яшириб йиғлайди ота.

Ҳорғин ўйга толар кузак фаслида
Эртага не бўлар экан наслига,
Қариш ҳам жиноят экан аслида
Йиғласа, яшириб йиғлайди ота.

Эрка қиз ноҳақ сўз деганин кўрса,
Ўғиллар бир-бирин еганин кўрса,
Умрнинг сўнгида экканин ўрса,
Йиғласа, яшириб йиғлайди ота.

Итдан вафо кўрса, хотиндан жафо,
Сира тугамаса фарзанддан хато,
Бир умр кулмасдан, ўтса ҳам хафа,
Йиғласа, яшириб йиғлайди ота.

Ташвиш чиқиб келар кутмаган жойдан
Умр аравасин ботирур лойга,
Наҳот охирига етмоқда пойга,
Йиғласа, яшириб йиғлайди ота.

Бахтли кунларини санайди қақшаб,
Кўнгил синиқларин ямайди қақшаб,
Йиғласа кўринар кулганга ўхшаб,
Йиғласа, яшириб йиғлайди ота.

Омад кетди

Дунё ранги қораймоқда,
Кўнгил мулки тораймоқда,
Ёлғон тинмай зўраймоқда,
Ошиқлардан омад кетди.

Дил дардини қўшиб энди,
Ҳазинлашди қўшиқ энди,
Куйлолмайсан жўшиб энди,
Ошиқлардан омад кетди.

Машуқларда сабр камдай,
Ошиқларда қадр камдай,
Туйғуларнинг атри камдай,
Ошиқлардан омад кетди.

Соғинишлар, сўлишлар йўқ,
Ишқдан мажнун бўлишлар йўқ,
Айрилиқдан ўлишлар йўқ,
Ошиқлардан омад кетди.

Зухро кимдир, Лайли кимдир,
Хофиз жимдир, шоир жимдир,
Бу замоннинг зайли шулдир;
Ошиқлардан омад кетди.

Мажнундан ҳам ҳолинг баттар,
Абдулла Қўшбоқ бас қил етар,
Саҳрода бир кунинг ўтар,
Ошиқлардан омад кетди.

Жон сақладим

Балким қовоқ очмас эди,
Табассумин сочмас эди,
Кечирмоққа шошмас эди,
Мақтай-мақтай жон сақладим.

Муҳаббатим сўнгсиз дедим,
Қаро кўзинг денгиз дедим,
Ўзинг танҳо, тенгсиз дедим
Мақтай-мақтай жон сақладим.

Мақтовларга берилади,
Димоғланиб керилади,
Сезмас ёғдай эриганин
Мақтай-мақтай жон сақладим.

Эримаса нетар эдим
Девонадай кетар эдим
Балким йиғлаб ўтар эдим
Мақтай-мақтай жон сақладим.

Мақтайверсам жаҳли кетар,
Нигоҳларнинг захри кетар,
Тинглай- тинглай ақли кетар
Мақтай-мақтай жон сақладим.

Душманларим

Нодонмидим, сўқирмидим,
Энди қийнар пушаймонларим
Танимабман сизни нега
Душманларим, душманларим.

Эслолмайман хатойимни,
Сизга нима қилувдим-а,
Бир балоси бор шунинг деб
Билувдим-а, билувдим-а
Душманларим, душманларим.

Гоҳ сезаман бошим узра
Силкинади таёғингиз.
Йиқилганда чалишганим
Бўлар сизнинг оёғингиз.
Душманларим, душманларим.

Оққанида бағримдан қон
Сездим асл кучингизни
Қолмадими армонингиз,
Олдингизми ўчингизни
Душманларим, душманларим.

Йиртқичларга тўла дунё
Тулки қанча, бўри қанча
Сиз қазиган, мен тушмаган
Тузоғи-ю ўри қанча
Душманларим, душманларим.

Курашларда биз ҳам сира
Йиртқичлардан қолишмадик.
Мард дедигу ўзимизни,
Мардчасига олишмадик
Душманларим, душманларим.

Кулгингизда оғу тўла
Менинг кулгум заҳарханда.
Ҳақнинг ўзи ажр бергай
Сиз ҳам банда, биз ҳам банда
Душманларим, душманларим.

Чақдингку

Илонмидинг ё чаён
Мусичадай боқдингку,
Ҳеч кутмаган жойимда
Жуда ёмон чақдингку.

Энди кимга ишонай,
Ёлғизликдан задаман
Шунчалар ҳам захарли
Бўларканда одамам
Жуда ёмон чақдингку.

Кутилмаган зарбалар
Зўрларни ҳам букади,
Лойга ботди оёғим
Кўнглим чўкди, тугади
Жуда ёмон чақдингку.

Ташлаб кетди юракни
Умид деган ҳабибим,
Бу заҳрингни енгишга
Илми етмас табибнинг
Жуда ёмон чақдингку.

Билолмасдан ақлим лол
Бу дунёнинг ишларин,
Шунча юриб сезмабман
Борлигини нишларинг.
Жуда ёмон чақдингку.

Аразлашнинг гашти

Аразлама, қўй деманг
Қайтармангиз шаштимни,
Билмайсизда опалар
Аразлашнинг гаштини.

Аразлашни ҳўп аьло,
Доим тоза қиламан.
Кўриб ёрнинг ҳолини
Дилдан маза қиламан.

Очмасдан ҳеч қовоғим
Зимдан сирли боқаман
Ўйлашимча ёрга ҳам
Аразласам ёқаман

Гар изласанг қилнинг ҳам
Чиқар қирқта қийиғи,
Ёр кўнглимни олгунча
Чиқар роса ийиғи

Аразлашим чўзилар
Гоҳо ҳафта ойга ҳам,
Ёр дегани ялинмай
Борар эди қайгаям.

Йўлиққинда, илоё (қиз қўшиғи)

Ёнолмасдан ишқ ўтида тутай-тутай чарчадим,
Хижронларнинг заққумини юта-юта чарчадим,
Бир “ёмоним” бор демадинг куту-кута чарчадим,
Мендан минг бор ёмонига йўлиққинда илоё.

На гумонлар аён бўлди, на туманлар тарқади,
Рашк азоби куйдирганда куйганимдан қарғадим,
Сени ёмон кўриб эмас, суйганимдан қарғадим,
Мендан минг бор ёмонига йўлиққинда илоё.

Қарғишларим тегмасинда дейман гоҳо ўртаниб,
Йиғлайвериб йиғлашга ҳам қолдим ўрганиб,
Эшитганиб тўғри бўлса гар рост бўлса кўрганим,
Мендан минг бор ёмонига йўлиққинда илоё.

Сенга битта тикан кирса жоним оғрир ҳали ҳам,
Ўчолмасдан “лип-лип” умидларнинг шами ҳам,
Сенга бўлсин майли бахтнинг тугали ҳам, ками ҳам,
Мендан минг бор ёмонига йўлиққинда илоё.

Бугун жуда осмондасан, юлдуздасан, ойдасан,
Ҳузуримга балки бир кун мағлуб бўлиб қайтасан,
Балким йиғлаб ёмонига йўлиққанинг айтасан,
Мендан минг бор ёмонига йўлиққинда илоё.

Уйқучи

Кута-кута сўнди шахдим,
Ёддан чиқди берган ахди,
Ўтиб кетди кулар вақти,
Бу тун дилдор ухлаб қолиб.

Кезиб туннинг бўшлиғини,
Айтдим армон қўшиғини,
Сарсон қилди ошиғини,
Бу тун дилдор ухлаб қолиб.

Чидолмай аччиқ фироққа,
Юзимни босдим теракка,
Зарбаси тегди юракка,
Бу тун дилдор ухлаб қолиб.

Термулиб боқдим, чарчадим,
Қолмади умид парчаси.
Дарчасин чертиб чарчадим,
Бу тун дилдор ухлаб қолиб.

Сочлари чулғаб юзини,
Асрайди уйқу қизини,
Париман дерму ўзини,
Бу тун дилдор ухлаб қолиб.

Дедим бу йўл энди йўлмас,
Юрак йиғлар кўзим кулмас,
Уйқучини севиб бўлмас,
Бу тун дилдор ухлаб қолиб.

Шундайгина ( қиз қўшиғи)

Ой кетмаса эрта ботиб,
Тонг қўймаса эрта отиб,
Дейсан ишқнинг завқин тотиб,
Ёринг бўлса шундайгина,
Қизғонмаса бўлмайдида.

Ухлаганда тўйиб боқсанг,
Ёнига чой қўйиб боқсанг,
Андаккина “ хуррак” отса,
Ёринг бўлса шундайгина,
Қизғонмаса бўлмайдида.

Холимдан ҳеч кулмай туринг,
“Рашкчи” деманг билмай туриб,
Топганим шу юриб-юриб,
Ёринг бўлса шундайгина,
Қизғонмаса бўлмайдида.

Қоши ёйлар қилар таьқиб,
Қолсам дерлар унга ёқиб,
Неча сулув менга рақиб,
Ёринг бўлса шундайгина,
Қизғонмаса бўлмайдида.

Ҳардам уйда йўқлигида,
Кўнглим бўлмас тўқлигина,
Қўрқаман шу шўхлигидан,
Ёринг бўлса шундайгина,
Қизғонмаса бўлмайдида.

Қутқар мени

Ошиқликда мажнунга дўст тутинганман,
Ишқ домига жайрон каби тутилганман,
Чидолмадим, Оллоҳимдан ўтиндим мен
Шу гўзалнинг жафосидан қутқар мени.

Ҳаддан ошди гоҳо берган жазолари,
Тутунларга тўлди руҳим фазолари,
Гоҳ қўрқаман етдими деб қазоларим
Шу гўзалнинг жазосидан қутқар мени.

Ишқ кўчаси гоҳо текис, равон бўлди,
Кўнгли унинг очиб бўлмас довон бўлди,
Сева сева тамом бўлдим, тамом бўлдим,
Шу гўзалнинг нозларидан қутқар мени.

Ҳар келганда бир айрилдим ақл ҳушдан,
Ҳаёт уйқу, туюларди яшаш тушдай,
Севги қалбни чўқир баҳил қушдай,
Шу гўзалнинг кулгусидан қутқар мени.

Қайда қолди бу ҳаётнинг одиллиги,
Муҳаббатнинг не ишларга қодирлиги,
Аён бўлди гўзалларнинг қотиллиги,
Шу гўзалнинг тиғларидан қутқар мени.

Ишқ одамга нима бергай- жабр бергай,
Соғинганда озроққина сабр бергай,
Охир Лайли гўшасидан қабр бергай,
Шу гўзалнинг балосидан қутқар мени.

Туркийлар

Энасойдан Ўролға
Боргунча минг қўнолғам,
Қардошим кўп — синолған,
Ярим Осиё ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Бир ён иссиқ кўлим бор
Бир ён она дўлим бор
Дунёда ўз йўлим бор
Истанбулим ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Кезиб қозоқ даштини
Билдим ватан гаштини
Қалбда меҳр тошқини
Қозоғистон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Турғанида Тошканим
Қандай севай бошқани
Билдим ким дўст ким ғаним
Ўзбекистон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Тоғдан нари Қашқарим
Давралардан ташқарим
Шундан дилда ғашларим
Уйғуристон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Гарчи йўллар хатарда
Термулдим кун ботарга
Соғиндимку татарни
Татаристон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Тинглаб отин дупурин
Қоним қайнар гупуриб
Туркман укам
Шукурким
Туркманистон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Ўттиз миллат битта эл
Жангаридир мисли сел
Озор дўстим – бери кел
Озорбойжон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Алпомишим Манасим
Асли бирдир танаси
Бузиб бўлмас орасин
Қирғизистон ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Минг йилларнинг чарчоғи
Юрагингда бор , чоғи
Бир бўл энди тарқоғим
Улкан ватан ўз уйим
Жонажоним, туркийим.

Алпомишнинг навкарлари

Воиз шошди, чопар елди,
Алпомишдан фармон келди:-
Асранг доим ўзбек элни,
Алпомишнинг навкарлари-
Ўзбекистон аскарлари.

Гўдакларга жаҳл этмас,
Ожизларга даҳл этмас,
Қотил эмас, бахл эмас,
Алпомишнинг навкарлари-
Ўзбекистон аскарлари.

Юрт қўшиғин куйлар сафда,
Темурбекдан сабоқ қалбда,
Бари шунқор, бари алпда,
Алпомишнинг навкарлари-
Ўзбекистон аскарлари.

Хоин чиқмас орасидан,
Чўғ бор кўзин қорасида,
Аҳир ўзбек боласида,
Алпомишнинг навкарлари-
Ўзбекистон аскарлари.

Муносибдир Раʼноларга,
Барчину Дурдоналарга,
Таъзим қилар оналарга,
Алпомишнинг навкарлари-
Ўзбекистон аскарлари.

Баҳор исли, гул нафасли,
Эллик миллион бўлди насли,
Алпомишдир шу халқ асли,
Алпомишнинг навкарлари-
Ўзбекистон аскарлари.

Ўзбекистон

Эркдур аҳду паймони
Бахтдур энди ҳар они
Жой бер жаҳон айвони
Улкан Арслон келмоқда-
Ўзбекистон келмоқда.

Бир оёғи Жайҳунда
Бир оёғи Сайҳунда
Кўз қараши ёлқиндай
Улкан Арслон келмоқда-
Ўзбекистон келмоқда.

Унутгандай қудратин
Уч асрми мудраган
Энди ерни титратиб
Улкан Арслон келмоқда-
Ўзбекистон келмоқда.

Наьрасидан чўчир ёв
Сўнган ўтдай ўчур ёв
Писанд эмас тўсиқ, ғов
Улкан Арслон келмоқда-
Ўзбекистон келмоқда.

Жаҳон ичра ҳақ унда
Дўсти бўлиб ёқ унга
Ҳайрат билан боқ унга
Улкан Арслон келмоқда-
Ўзбекистон келмоқда.

Елкасида буюк халқ
Минглаб шоир, минглаб алп
Шу халқ билан уйғон, қалқ
Улкан Арслон келмоқда-
Ўзбекистон келмоқда.

Тулкилар

Тузоқларга тушмай, илинмай
Одамзотга интилди тинмай
Тулкилиги кетди билинмай
Орамизда юрар тулкилар.

Дўстинг бўлиб келди биттаси
Ҳамқишлоғинг бўлди биттаси
Пайдо бўлди кейин юзтаси
Орамизда юрар тулкилар.

Мансабларда ўтирар кўпи
Ё масжидда беозор сўфи
Яшаймизда пойини ўпиб
Орамизда юрар тулкилар.

Гоҳо итга ўхшаб ҳуради
Айш суради, даврон суради
Жувонларни йўлдан уради
Орамизда юрар тулкилар.

Гарчи “қизил китоб” да йўқдир
Келажакдан кўнгли тинч, тўқдир
Овлолмайсан, “хайф” этма ўқни
Орамизда юрар тулкилар.

Белбоғларда тутиб шимларин
Кўрсатмайди сира думларин
Қон қақшатиб қўяр кимларни
Орамизда юрар тулкилар.

Мақтовларга кўмиб номингни
Оқизмоқлик бўлар қонингни
Ўтирибди, балким ёнингда
Орамизда юрар тулкилар.

Ота уй

Қараб турсам Ойқортоғ эслатаркан одамни
Юрай дейди, ташлолмас фақат битта қадамни
Талпинади юрагим кўрган каби отамни
Отам йўқда, отам йўқ.

Отам билан кенг ҳона энди анча торайган
Пардалардан ранг кетиб деворлари қорайган
Ота уйга сиғмасам энди қайга борай, ман
Отам йўқда, отам йўқ.

Кўп бўлса ҳам армонлар ҳаётдан ҳеч нолиш йўқ
Фақат эшик олдида ўша таниш калиш йўқ
Уй тўрида доим шай турган парли болиш йўқ
Отам йўқда, отам йўқ.

Ота уйим бегона, бу ҳам бир туш, рўёда
Укам бола бақрали, умри бўлсин зиёда
Фақат қумсаб отамни келсам отда, пиёда
Отам йўқда, отам йўқ.

Совуқ дунё бағридан кўнглим музлаб бораман
Гоҳ йиқилиб, гоҳ туриб, гоҳо тизлаб бораман
Ота уйга бир қатра меҳр излаб бораман
Отам йўқда, отам йўқ.

Мўралабди ( қиз қўшиғи)

Учрашувга чиқмай ўлай,
Шамдек ўчиб гулдек сўлай
Йиғлайинми ёки кулай
Қитмир бола мўралабди.

Буталарни қилиб паноҳ
Сиримиздан бўлди огоҳ
Хуштагини чалди ногоҳ
Қитмир бола мўралабди.

Чопдим ютиб товушимни
Олгандайин ёв хушимни
Бир пойи йўқ ковушимнинг
Қитмир бола мўралабди.

Ойдин тунда пусиб-пусиб
Тилгинамни қилди қисиқ
Сўзлолмайман узиб-узиб
Қитмир бола мўралабди.

Кўрганлари тил учида
Айтмасин деб эл ичида
Юргандайман қил учида
Қитмир бола мўралабди.

Бузди туннинг жимлигини
Билиб олдим кимлигини
Қилиб яна шумлигини
Қитмир бола мўралабди.

Зўри борми

Жаҳон деган айвонларда
Юрган лолу ҳайронлардан,
Бўлса чиқсин майдонларга
Ўзбекданам зўри борми?

Қаро қошлар, қаро кўзлар,
Дунёда энг саро кўзлар,
Ғурур билан қарар кўзлар,
Ўзбекданам зўри борми?

Орли қилар боласини,
Ёвдан асрар даласини,
Бермас сочин толасини,
Ўзбекданам зўри борми?

Кўкрагида олов юрак,
Қўлларида умид чироқ,
Ҳар овулда ўнлаб чироқ,
Ўзбекданам зўри борми?

Ҳовизлари сеҳргардай,
Куйларида бир сир бордай,
Тошлар эрий бошлар қордай,
Ўзбекданам зўри борми?

Бўлмас унга ўзгалар бек,
Ўзбек асли ўзига бек,
Шудир чин бахт, шудир чин эрк,
Ўзбекданам зўри борми?

Очилгай поклик дафтари,
Кўпаяр меҳр тафтлари,
Ўзбеклик мардлик мактаби,
Ўзбекданам зўри борми?

Маккорларга бўлгай рақиб,
Мазлумларга бўлгай ҳабиб,
Дардли дунё учун табиб-
Ўзбекданам зўри борми?

Қитмир бола (1)

Уканг билан бўлмадик ака-ука,
Қилиғидан юрагим така-пука.

Шу укангнинг қулоғин чўзгим келар,
Шумликларда ундан хам ўзгим келар.

Кўринмасдан кесаклар отди гохо,
Келганимни отангга сотди гохо.

Қизғонади сени кўп, хасис уканг,
Билмайдида менга хам азиз уканг.

Қочолмасдан йиқилиб, чангга ботдим,
Йўлидаги тиконлар танга ботди.

Дарахтинга бир чиқиб войладимей,
Шу дарахтга итини бойладией.

Бекор кетди шунчалар ялинганим,
Қолди охир итига таланганим.

Умидимни узиб хам кетолмайман,
Қачон ақли кирар деб кутолмайман.

Ох келинлик либосин кийсанг эди,
Сўнг укангни укам деб суйсам эди.

Жаноб бойлик

Кул қиласиз ғуруримизни,
Оримизни бир-бир сотасиз,
Сўнг сандиққа кириб жимгина
Холимиздан кулиб ётасиз,
Жаноб бойлик, эҳ жаноб бойлик.

Жаноб бойлик, кимгадир ака
Кимларгадир она отасиз.
Унутамиз кимлигимизни,
Сўнг сандиқда кулиб ётасиз
Жаноб бойлик, эҳ жаноб бойлик.

Шайтондан дарс олақол дейсиз,
Рақибингни йиқит хатосиз,
Нафси қонган кулча илондай
Сиз сандиқда кулиб ётасиз,
Жаноб бойлик, эҳ жаноб бойлик.

Йиғлатамиз бир биримизни,
Кўз ёшларнинг таъмин тотасиз.
Заққум оқар томиримизда,
Сиз сандиқда кулиб ётасиз,
Жаноб бойлик, эҳ жаноб бойлик.

Айланамиз итга, бўрига,
Танимайсиз боқиб хатто сиз.
Қилғилиқни қилиб жимгина
Сандиқларда кулиб ётасиз.
Жаноб бойлик, эҳ жаноб бойлик.

64O’zbek she’riyati qo’riqlariga 80-yillarning oxiri — 90-yillarning boshlarida kirib kelgan shoirlar safida Jizzaxning Baxmalidan bo’lmish iste’dodli ijodkor Abdulla Qo’shboq ham bor edi. Bugungi sahifamizda uning she’rlaridan ayrimlarini taqdim etamiz. Sahifamiz so’ngida shoirning 1991 yilda «Sharq yulduzi» va «Yoshlik» jurnali e’lon qilingan she’rlari bilan ham tanishish imkoniyati bor.

Sahifa atoqli o’zbek musavviri Isfandiyor Haydarov asarlari bilan bezatildi.

045Abdulla QO’ShBOQ
SHE’RLAR


RASSOM

Isfandiyor Haydarovga bag’ishlanadi.

Men qushman
Bulutlar oralab uchgan,
Chiqyotgan quyoshga bosh urib quchgan,
Yana ne istaysiz yarador qushdan,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Odamlar ichida butkul begona,
Ranglarni axtarib yurgan devona,
Men qushman
Majburan odamman yana,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Begona osmonlar bug’dilar yomon,
Ortimdan ovchiday quvladi zamon,
Meni ko’kdan izlang,
Qushdirman hamon,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Vatandan kuvildim, vatanga qaytdim
Osmondan quvildim, osmonga qaytdim.
Qog’ozlar tushundi, qog’ozga aytdim,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Bulutning do’l degan sharchasin sevdim,
Oyqorning mo’ysafid archasin sevdim,
Meni kim tushunsa barchasin sevdim,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Dardlarni chizaman osmonday yirik,
Umidni chizaman,
Umid ham tirik,
Ne qalay, dunyoning bori shu ~chirik,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Kimga do’st tutindim,
Kimgadir dushman,
Barini unutib uchganim uchgan,
Meni tushuninglar
Axir men qushman,
Odamlar yonida yashamoq og’ir.

Bo’lama (Qiz qo’shig’i)

Bo’z yigitning tulpori
Kishnaganday bo’ladi.
Birov kelib qo’limni
Ushlaganday bo’ladi,
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama.

Koyishlari onamning
Kirmay qo’ydi quloqqa,
Birov kutib turganday
Shoshilaman buloqqa,
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama.

Xar ishimda xato bor,
Chiqaverar chatog’i.
O’z uyimday tuyular
Kumushbibi yotog’i,
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama.

Izlarimda yurgan ko’p
Bilolmayman tanlashni.
O’rgatinglar menga ham
Yorni qanday aldashni.
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama.

Goh mexribon oshiqning
G’azabi xam bor emish,
Bu dunyoda sevishning
Azobi ham bor emish,
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama.

Qay biringiz Zuhrosiz
Layli qaysi biringiz.
Bo’lsa kerak aytishga
Uyalgiday siringiz.
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama

Bo’z yigitning tulpori
Kishnaganday bo’ladi.
Birov kelib qo’limni
Ushlaganday bo’ladi.
Opajonlar, aytinglar
Sevgi shunday bo’lama.
021
Qo’shnichilik

Boshlanmasdan ishonching nurab,
O’z qoringni o’zing ol kurab,
Oshyon qursang xudodan so’ra
Qo’shning bir it bo’lib chiqmasin.

Qayta –qayta aldanish og’ir
Yonginangda yashasa makr,
Odamdan ham tulki ko’p ahir
Qo’shning tulki bo’lib chiqmasin.

Chaqishlardan keldingku bezib,
Chaqdilarku qalbingni ezib ,
Bir kulfatni dil turar sezib,
Qo’shning ilon bo’lib chiqmasin.

Bo’g’ilmoqlik yomon naxsdan,
Balo kelar doim nafsdan,
Hayot bilan kirma baxsga,
Qo’shning fosiq bo’lib chiqmasin.

Qo’yay desang ko’nglini xushlab,
Mehr bersang qo’llarin ushlab,
Tepmasin yo olmasin tishlab,
Qo’shning eshshak bo’lib chiqmasin.

Odam bo’lsin,bo’lsa ham nodon,
Nodon bilan til topmoq oson,
Bir xatardan ogoh bo’l har on,
Qo’shning shayton bo’lib chiqmasin.

Do’st

Oshiq bo’lmoq ekan xatar,
Ag’yor uchrar qator-qator,
Mening holim sendan battar,
Kel, ey Majnun, do’st bo’laylik.

Bu yerlarda xazon fasli,
Tuman bosdi,gumon bosdi,
Yaxshi ekan saxro asli,
Kel, ey Majnun, do’st bo’laylik.

Yo’llar bog’liq,qo’llar bog’liq,
Sen sahrolik,men bir tog’lik,
Ishq mulkida ikki mag’lub,
Kel, ey Majnun, do’st bo’laylik.

Mayli bo’lsin Layli xafa,
Bu hayotning zayli jafo,
Tekkani shu bizga-kapa,
Kel, ey Majnun, do’st bo’laylik.

Kelursan goh ko’zingda nam,
Saningku bor umiding- sham,
Mani butkul yiqitdi g’am,
Kel, ey Majnun, do’st bo’laylik.

O’tdi-ketdi

Ishq mulkida sarmast edik,
Sevishdan xech tolmas edik,
Oltin edik,olmos edik,
Davru-davron o’tdi-ketdi.

Ortidan ot solib quvdim,
Qismatdan bot nolib quvdim,
Yig’ladim “dod” solib quvdim,
Davru-davron o’tdi-ketdi.

Suvlar endi ortga oqmas,
Omad asli mardga boqmas,
Qutqarg’ali it ham boqmas,
Davru-davron o’tdi-ketdi.

Suvlar sho’r-u maylar taxir,
Yurak yetim kabob bag’ir,
Tong otguncha yig’lash og’ir,
Davru-davron o’tdi-ketdi.

Otmadilar so’ymadilar,
Sabrimiz yeb to’ymadilar,
To o’tguncha qo’ymadilar,
Davru-davron o’tdi-ketdi.

Kirxona

Dunyo katta xonadur sig’ar milliard hamxona,
Kimlargadur keng xona kimlargadur tor xona.

Ulkan xona-tomi yo’q, devorlari nuragan
To’yguningcha yig’layver, bitta nomi g’amxona.

Ulkan xona-qorong’u,o’chib bo’lgan chiroqlar,
Qolmasa ham biron pir, nomi hamon pirxona.

To’lib ketgan faxshga,to’lib ketgan fosiqqa,
Dunyo degan xonaning bitta nomi garxona.

Milliard- milliard hamxona, qalblarini kir bosgan
Yuvib bo’lmas bu kirni, dunyo buzuq kirxona.

Ona tilim

Ona tilim, beshigimda
Alla bo’lib taralding.
Yaxshiyamki bu dunyoda
O’zbek bo’lib yaraldim.

Ona tilim ,
Gulday tilim,
Jaranginga bo’lay qul.
O’zbekchadan uzgasini
Tushunmaydi xatto gul.

Ona tilim, quchog’ingda
Ulkan turon dashti bor,
Ohanglaring shiddatida
Balkim Temur shashti bor.

O’zbek bo’lib o’z tilini
Unutgan ham odammi?
Ona tilim,
Qo’y ularni,
Olg’a bosgin qadamni.

G’animlaring yo’ling to’sdi,
Yo’liqding ko’p qasdlarga.
Qasd qilganning tili sinsin,
Dili sinsin pastlarning.

Uyon boqsam sheьr bo’lasan,
Buyon boqsam g’azalsan.
Ona tilim, shoir bo’lib
Paydo bo’lding azaldan

Tillar aro o’zingdursan
Eng yaqini qo’shiqqa.
Balkim shundan O’zbekiston
To’lib ketgan oshiqqa.

Shoirlar

Goh qoshidan,goh sochidan balo kelar,
Dor qurg’ali sochlaridan tola kelar,
Mulkingizdan mungli-mungli nola kelar,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Oy bo’zarib botganda bir yig’lagaysiz,
Yulduz handa otganda bir yig’lagaysiz,
Nega buncha bag’ringizni tig’lagaysiz,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Aylandingiz goh Abdulla Oriflarga,
Suluvlarni ko’mib o’tli taьriflarga,
Har biringiz tengsiz Majnun g’ariblarga,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Qo’lladimu Alisherday pirlaringiz,
Qog’ozlarga tomdi ko’z yosh-durlaringiz,
Qolmabdiku qalbingizda sirlaringiz,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Azobmidi haqdan yolg’iz tilagingiz,
Yo keldimi yor poyiga qulagingiz,
Joningizdan ortiqmidi malagingiz,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Ulamolar toshlar otdi boqmadingiz,
Shayton kulib qoshlar qoqdi boqmadingiz,
Ming yillarkim xech zamonga yoqmadingiz,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Kutgan bilan tugarmidi xiyonatlar,
Osmonlardan yog’armidi diyonatlar,
Shoir uchun sherdan kechmoq jinoyatdir,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Tug’uliboq parilardan qalam olgan,
Goh bulbuldan,goho guldan salom olgan,
To’lib ketsa goho maydan alam olgan,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Ishq mulkida sizni xasrat yegay oxir,
“Shoir joni muncha totli” degay oxir,
Shoir zoti toьle uchun o’gay ahir,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Ko’p kezdingiz ishqning yo’lsiz o’rmonlarin,
Topolmasdan baxtning yorug’ qo’rg’onlarin,
Shoirlarim- muhabbatning qurbonlari,
Ay bechora shoirlarim, shoirlarim.

Temir bobo

Osiyoni bosib turar
Hamon vazmin savlatingiz
Temir bobo
Uyg’onmoqda
Yana ulug’ davlatingiz.

Temir bobo
Shifo keldi
Qalbimizning yarasiga.
Ajib nurlar taralmoqda
Ikki daryo orasida.

Yuz yillarning orasidan,
O’tib keldik arang, bobo
Adolatning tarozisi
Ishga tushdi qarang, bobo.

Yorug’idan zulmati ko’p,
O’tgan kunlar dardga to’la.
Yaxshiyamki O’zbekiston
Shiroq kabi mardga to’la.

Buyuk elning shavkatiga,
Kim makrdan o’qlar otar.
Kim bo’lsa ham sizday ulug’
Bobolari yo’qlar otar.

Temir bobo
Olis yo’lning
Chorlaguvchi nuri bo’ling,
Qo’llang bizni kurashlarda,
Yurtboshimning piri bo’ling.

Omadsiz

Quyosh botib ketdi yuklarin ortib,
Yana takrorlandi ilohiy tartib,
O’ylaydi,
Bugunin oldilar tortib
Bugun ham omadi kelmagan yigit.

Endi qorong’uga o’xshaydi yo’li,
Bir alam keladi bo’g’ziga to’lib,
Bo’m-bo’sh cho’ntagida muzlaydi qo’li,
Bugun ham omadi kelmagan yigit.

Goho yuzin ochib,ko’rsatib qomat,
Makkora ayolday aldaydi omad,
Bariga chidaydi bo’lib kamtar, mard
Bugun ham omadi kelmagan yigit.

Poyafzali og’ir, do’ppisi torday,
Uyi og’zin ochgan qorong’u g’orday,
Xotinning ko’zida sovuq muz borday,
Bugun ham omadi kelmagan yigit.

Tinch qo’y

Yillar uchib ketdilar qushday,
Ortda qoldi umr ham tushday,
Shuncha yurding yelkamdan tushmay,
Shayton, endi bolamni tinch qo’y.

Yulduzlanib oylanib kelding,
Goh qoshlari yoylanib kelding,
Suluvlarga aylanib kelding,
Shayton, endi bolamni tinch qo’y.

Avval uchqir ot edim, beshak
Shiddatimga bo’lmas edi shak
Oxir aql o’rgatdi eshshak,
Shayton, endi bolamni tinch qo’y.

Ko’nglimga bir solmay izini,
Farishtalar burdi yuzini,
Yillar bo’yi ichding tuzimni,
Shayton, endi bolamni tinch qo’y.

Senga sira otmadim toshlar,
Joynomozga urmadim boshlar,
Endi tinmas ko’zimdan yoshlar,
Shayton, endi bolamni tinch qo’y.

Bu qalb asli yayloq cho’l emas,
Bardoshim ham tubsiz ko’l emas,
Men yurgan yo’l ahir yo’l emas,
Shayton, endi bolamni tinch qo’y.

033

Vatan sog’inmaydimu

Xorijdagi vatandosh
Millionmisiz, qanchasiz.
Sizni qo’msab Vatanning
Million yeri sanchadi,
Vatan sog’inmaydimu.

Dasturxonlar chetida
Bo’sh turibdi joyingiz,
Har kun bir bor sovuydi
Piyolada choyingiz,
Vatan sog’inmaydimu.

Chiqolmaysiz xumordan
Yot tilda bir so’kinib,
Ona tilningtotini
Eslagaysiz o’kinib,
Vatan sog’inmaydimu.

Har biringiz vatanning
Bitta tomir tolasi,
Eziladi xor bo’lsa
O’zbekiston bolasi,
Vatan sog’inmaydimu.

Biringiz sal bezori,
Adashgansiz biringiz.
Vatan sezib turadi
Bolalarning sirini,
Vatan sog’inmaydimu.

Sog’inadi kelinchak,
Oh tortadi otangiz.
Qanday qilib dunyoda
Yashab bo’lar vatansiz,
Vatan sog’inmaydimu.

Bitta menmu (Qiz qo’shig’i)

Sevgi tushsa arog’a,
Dil to’larkan yarog’a,
Yo’liqqan bu balog’a
Bitta menmu, bitta menmu.

Yillar o’tar kulmasdan,
Na yoz, na qish bilmasdan,
Yig’laguvchi tinmasdan,
Bitta menmu, bitta menmu.

Tosh otarlar panadan,
Qasd aylashib damo dam
Qolib ketgan taьnaga
Bitta menmu, bitta menmu.

Ko’ngli nursiz kulbaday,
Shashti tingan jilg’aday,
O’xshab qolgan telbaga
Bitta menmu, bitta menmu.

Bag’ri kabob, qalbi cho’l,
Sarsonliqda topmay yo’l,
Gunohlarga urgan qo’l
Bitta menmu, bitta menmu.

Talpinib nur ziyoga,
Kezib otda piyoda,
Sig’may qolgan dunyoga
Bitta menmu, bitta menmu.

Sevgi tushsa arog’a,
Dil to’largan yarog’a,
Yo’liqqan bu balog’a
Bitta menmu, bitta menmu.

Ayyor ekan

Ne desang ham qoshingda jim kulib turar,
Go’yo seni nazariga ilib turar,
Ko’nglingda ne borligini bilib turar,
Juda ayyor ekan dildor juda ayyor.

Yetmasmidi suluv bo’lib yaralgani,
Ko’z qo’rqadi bir termulib qaragani,
Ayyorligin yashiradi orolanib,
Juda ayyor ekan dildor juda ayyor.

Biladi u nozlaridan erishingni,
Ming go’zaldan uni ortiq ko’rishingni,
Kulgusiga joningni ham berishingni,
Juda ayyor ekan dildor juda ayyor.

Na hushomad na maqtovga qaramaydi,
Yuraklarni bitta bitta yaralaydi,
Sinab sinab oshiqlarni saralaydi,
Juda ayyor ekan dildor juda ayyor.

Ishga solsa agarda bor shumligini,
Buzib tashlar bu olamning jimligini,
Unitib ham qo’yar odam kimligini,
Juda ayyor ekan dildor juda ayyor.

Chidaymizda
O’zni tiyib tark etishdan,
Dardmizning ustiga bot dard etishdan,
Ne hollarga solar bizni shu ketishda,
Juda ayyor ekan dildor juda ayyor.

Sut haqqi

Otang yumdi ko’zini,
Chetda turdi og’alar,
Sut haqiga yuzta qo’y
So’radilar tog’alar.

Og’riq kirdi jonimga,
Uzilganday o’mganim,
Ikkimizga pand berdi
Enangni ko’p emganing.

Otang sirli kuladi,
Tog’angda bor vajohat.
Qiz bola ham shunchalar,
Bo’larkanda ochofat.

Onang seni erkalab,
Boqqanida to’ydirib,
Men oshiqni bir yo’la
Qo’ygan ekan so’ydirib.

Chiqmas endi tovushim
Ko’zlarimda olov yo’q,
Men sho’rlikda netayin
Sut haqqiga to’lov yo’q.

Og’riq kirdi jonimga
Uzilganday o’mganim.
Ikkimizga pand berdi
Enangni ko’p emganing.

Yo’tal (qiz qo’shig’i)

Bog’ ko’chada bir yigit bor
Boqsang ko’zing to’yadi,
Qachon o’tsam bog’ yonidan
Bir yo’talib qo’yadi
“Uxu-uxu” “uxu-uxu”.

“Uxu-uxu”degan so’zi
Eshitilar ma’noli,
Shamollatib qo’ydimikin
Muxabbatning shamoli.

Tabassumim yigit uchun
Shifoliga o’xshaydi.
Kulib boqsam shu laxzada
Yo’tali xam to’xtaydi.

Yo’tal yolg’on bo’lsa xamki
Yurak aytar to’g’risin.
Eshitilar dil roziday
Uning “uxu-uxusi”
“Uxu-uxu” “uxu-uxu”.

Bog’ ko’chadan qachon o’tsam
Uxu deydi tortinib
Sevgim bilan olgim kelar
Shu yigitning dardini
“Uxu-uxu” “uxu-uxu”.

Chimchiladi

Yurib bo’lmas ko’chada,
Rashki o’sha-o’shada,
Yosh yetsa ham nechaga
Dildor qo’ymas chimchilab,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Dunyo buncha toraygan,
Qochib qayga boray man,
Biqin sho’rlik qoraygan,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Ko’cha to’la suluvlar,
Yo’qdir sirli kuluvlar,
O’chdi dilda g’uluvlar,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Ko’rkam juvon sinfdosh,
Salomlashdik silkib bosh,
Shu on qalbga tegdi tosh,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Tanish ayol xolamday,
Tanish qiz ham bolamday,
Aligim yo’q salomga,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Boqib bo’lmas u yonga,
Boqib bo’lmas bu yonga,
O’xshab qoldim quyonga,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Dunyo buncha toraygan,
Qochib qayga boray man,
Biqin sho’rlik qoraygan,
Chimchiladiya- chimchiladi.

Buyuk bola

Gul isiga o’xshar toting,
Boychibormi, G’irot oting,
Temurbekka tortar zoting,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Seni uch-to’rt yoshda ko’rdim,
Xorazmda, Shoshda ko’rdim,
Goh Xo’jandda, O’shda ko’rdim,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Yurt Mozori Sharif sanga,
Yetmas mingta taьrif sanga,
Ko’rgim keldi borib sani,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Goh kuyganim, achinganim,
Dunyo bo’ylab sochilganim,
Ne yurtlarda ochilganim,
Chinnigulmi yoki lola
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Asalimsan, qantimsan,
Bo’lajak zo’r alpimsan,
Tug’iliboq tantisan,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Biring quvnoq, biring o’ychan,
Biring do’mboq, biring bo’ychan,
O’yinqaroq, libosing chang,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Jonim katta-kichiging ham,
Tili ozroq chuchiging ham,
Supra quloq puchug’ing ham,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Qirlar qo’y- u qo’zingniki,
Bog’lar rizq- u ro’zingniki,
O’zbekiston o’zingniki,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Bo’linmagin, to’p bo’l doim,
Hech oz emas ko’p bo’l doim,
Shirintoyim, erkatoyim,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Qo’llariga olib sani,
Qo’llar pir- u vali sani,
Dunyo tanir hali sani,
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Salomlari quyuq bola,
Bir-biridan suyuk bola,
Dunyoda eng buyuk bola-
O’zbek bola, o’zbek bola
O’zbegimning bolasi.

Bola kulgusi

Kulgu emas, asal bu,
Dilga berar tasalli,
Tuzatadi kasalni,
Kulsa bola kulsinda.

Yayragani bejizmas,
Kulganda dard sezilmas,
Kulib qalbi ezilmas,
Kulsa bola kulsinda.

Ko’zi ikki cho’g’chaday,
Yulduzlarga o’xshagay,
Kulmas sovuq so’xtaday,
Kulsa bola kulsinda.

Bolalikning mulkida,
Joy topilmas tulkiga,
Kibr qo’shmas kulguga,
Kulsa bola kulsinda.

Yorgani yo’q pixini,
Ishlatsa ham yig’ini,
Kulib sanchmas tig’ini,
Kulsa bola kulsinda.

O’rgatsang ham jodulab,
Bo’lolmaydi dog’uli,
Istexzo yo’q-og’uli,
Kulsa bola kulsinda.

Qasdi bor (qiz qo’shig’i)

Ishq qasrimiz vayrona,
Qoldik ikkov hayrona,
Bilolmadik o’ylona,
Bizda kimning qasdi bor.

Endi yo’li ayrimiz,
G’am dashtida sayrimi,
Sevganimiz – aybimiz,
Bizda kimning qasdi bor.

Yo’llar toshli, o’rmidi,
Ag’yor shuncha zo’rmidi,
Yo o’zimiz g’o’rmidik,
Bizda kimning qasdi bor.

Sadoqatlar lof ekan,
Xiyonat ming qop ekan,
Topsang do’stdan top ekan,
Bizda kimning qasdi bor.

Past bo’lmasin qasd qilgan,
Shayton bilan dars qilgan,
Bizmiz Haqqa arz qilgan,
Bizda kimning qasdi bor.

Kuzgacha (qiz qo’shig’i)

Hali xomman, pishmadim,
Xomsut ahir ichganim,
G’o’rlik mening dushmanim,
Kunni sanang yuzgacha,
Kutingda sal, kuzgacha.

Otam tushib jahlidan,
Insof kirar aqliga,
Ko’nar hayot naqliga,
Kutingda sal, kuzgacha.

Bo’lmayinda shoshgan qiz,
Haddidan ko’p oshgan qiz,
Qizarmasin oxir yuz,
Kutingda sal, kuzgacha.

Sizni tushda ko’raman,
Sochni qirqta o’raman,
Ozroq xomman, g’o’raman,
Kutingda sal, kuzgacha.

Omad kulib bizga ham,
Ranglar kirar yuzga ham,
Yaqin qoldi kuzga ham,
Kutingda sal, kuzgacha.

Ayol makri

Mayli yotgin kulcha bo’lib qarog’ida,
Mayli yog’ bo’l ko’nglidagi chirog’iga,
Aylanmagin qo’lidagi yarog’iga,
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri.

Tish qayragan qabohatning tishimisan,
Chayonlarning gajak tusli nishimisan,
Odam emas, shaytonning bir ishimisan,
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri .

Opa singil to’xtatsinlar yulishishni,
Og’a ini to’xtatsinlar urishishni,
Qiyomatga qoldirmasin ko’rishishni,
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri .

Garchi tirik, garchi bag’ri butundaymiz,
Bir kun sening tuzog’inga tutilgaymiz,
Qachon sendan qutilgaymiz, qutilgaymiz,
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri .

Goh kimningdir maqtab ko’zi suzikligin,
Isbotlaysan ming go’zaldan tuzukligin,
Yashirasan xiyonat – u buzuqligin,
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri.

Mard ustiga mardni yo’llab qirish qilma,
Davlat bilan davlatlarni urishtirma,
So’ng bir chetda lablaringni burishtirma,
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri .

Boyqoroday zotlar tushdi yetovingga,
Ishontirma yolg’on yig’i siqtovinga,
Dunyo yetmas shayton bilan ikkovingga
Uyg’onmay tur ayol makri, ayol makri .

So’ngi qadah

Qalbni solding arosatning qamog’iga,
Yamoq tushdi yana baxtning yamog’iga,
Tiqilmading nega mardning tamog’iga,
So’ngi qadah, so’ngi qadah, so’ngi qadah.

Seni deb mard oxir nomard bo’lib qoldi,
Yuragida yashnagan gul so’lib qoldi,
Tilidagi bulbuli ham o’lib qoldi,
So’ngi qadah, so’ngi qadah, so’ngi qadah.

Sen bo’lmasang kelinchagi oydan yaxshi,
Nozligina tovushlari naydan yaxshi,
Labidagi boli bari maydan yaxshi,
So’ngi qadah, so’ngi qadah, so’ngi qadah.

Suvlar sepib yuragining cho’xchasiga,
Yiqitasan lo’lining kir bo’g’chasiday,
Yigit yotar o’xshab yotning cho’chqasiga,
So’ngi qadah, so’ngi qadah, so’ngi qadah.

Orzusini yetib bo’lmas sarob qilma,
Adashtirma, shaytanatga taraf qilma,
Er yigitni orin olib xarob qilma,
So’ngi qadah, so’ngi qadah, so’ngi qadah.

Bobolari insonlarning naqshi edi,
Alpomishday alpga navkar, soqchi edi,
Quyilmasdan yonib ketsang yaxshi edi ,
So’ngi qadah, so’ngi qadah, so’ngi qadah.

Ko’rgim kelar

Yiqilsam ham tutib ishqning bayrog’ini,
Hayot boshda silkitsa ham tayog’ini,
Berahmlar sindirsa ham oyog’imni,
Ko’rgim kelar nima qilay, nima qilay.

Meni hech kim qo’llamasa, ko’plar sotsa,
Ag’yor pana-panalardan toshlar otsa,
Senga borar yo’llar lov-lov yonib yotsa,
Ko’rgim kelar nima qilay, nima qilay.

Umid shaьmi tugatganday xizmatini,
Qorong’ulik bosib kelar qismatimni,
Men bekorga seni shuncha izlamadimmi,
Ko’rgim kelar nima qilay, nima qilay.

Sog’inishdan cho’kib borar jussalarim,
Qanday yengib o’tay shuncha g’ussalarni,
Oxiriga yetdi ishqim qissalari,
Ko’rgim kelar nima qilay, nima qilay.

Ota yig’lasa

Dunyo yuklaridan xorib, toldimi,
Dunyo fitnalari sabrin oldimi,
Bu qattol dunyodan ko’ngli qoldimi,
Yig’lasa yashirib yig’laydi ota.

Horg’in o’yga tolar kuzak faslida
Ertaga ne bo’lar ekan nasliga,
Qarish ham jinoyat ekan aslida
Yig’lasa, yashirib yig’laydi ota.

Erka qiz nohaq so’z deganin ko’rsa,
O’g’illar bir-birin yeganin ko’rsa,
Umrning so’ngida ekkanin o’rsa,
Yig’lasa, yashirib yig’laydi ota.

Itdan vafo ko’rsa, xotindan jafo,
Sira tugamasa farzanddan xato,
Bir umr kulmasdan, o’tsa ham xafa,
Yig’lasa, yashirib yig’laydi ota.

Tashvish chiqib kelar kutmagan joydan
Umr aravasin botirur loyga,
Nahot oxiriga yetmoqda poyga,
Yig’lasa, yashirib yig’laydi ota.

Baxtli kunlarini sanaydi qaqshab,
Ko’ngil siniqlarin yamaydi qaqshab,
Yig’lasa ko’rinar kulganga o’xshab,
Yig’lasa, yashirib yig’laydi ota.

Omad ketdi

Dunyo rangi qoraymoqda,
Ko’ngil mulki toraymoqda,
Yolg’on tinmay zo’raymoqda,
Oshiqlardan omad ketdi.

Dil dardini qo’shib endi,
Hazinlashdi qo’shiq endi,
Kuylolmaysan jo’shib endi,
Oshiqlardan omad ketdi.

Mashuqlarda sabr kamday,
Oshiqlarda qadr kamday,
Tuyg’ularning atri kamday,
Oshiqlardan omad ketdi.

Sog’inishlar, so’lishlar yo’q,
Ishqdan majnun bo’lishlar yo’q,
Ayriliqdan o’lishlar yo’q,
Oshiqlardan omad ketdi.

Zuxro kimdir, Layli kimdir,
Xofiz jimdir, shoir jimdir,
Bu zamonning zayli shuldir;
Oshiqlardan omad ketdi.

Majnundan ham holing battar,
Abdulla Qo’shboq bas qil yetar,
Sahroda bir kuning o’tar,
Oshiqlardan omad ketdi.

Jon saqladim

Balkim qovoq ochmas edi,
Tabassumin sochmas edi,
Kechirmoqqa shoshmas edi,
Maqtay-maqtay jon saqladim.

Muhabbatim so’ngsiz dedim,
Qaro ko’zing dengiz dedim,
O’zing tanho, tengsiz dedim
Maqtay-maqtay jon saqladim.

Maqtovlarga beriladi,
Dimog’lanib keriladi,
Sezmas yog’day eriganin
Maqtay-maqtay jon saqladim.

Erimasa netar edim
Devonaday ketar edim
Balkim yig’lab o’tar edim
Maqtay-maqtay jon saqladim.

Maqtayversam jahli ketar,
Nigohlarning zaxri ketar,
Tinglay- tinglay aqli ketar
Maqtay-maqtay jon saqladim.

Dushmanlarim

Nodonmidim, so’qirmidim,
Endi qiynar pushmonlarim
Tanimabman sizni nega
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Eslolmayman xatoyimni,
Sizga nima qiluvdim-a,
Bir balosi bor shuning deb
Biluvdim-a, biluvdim-a
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Goh sezaman boshim uzra
Silkinadi tayog’ingiz.
Yiqilganda chalishganim
Bo’lar sizning oyog’ingiz.
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Oqqanida bag’rimdan qon
Sezdim asl kuchingizni
Qolmadimi armoningiz,
Oldingizmi o’chingizni
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Yirtqichlarga to’la dunyo
Tulki qancha, bo’ri qancha
Siz qazigan, men tushmagan
Tuzog’i-yu o’ri qancha
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Kurashlarda biz ham sira
Yirtqichlardan qolishmadik.
Mard dedigu o’zimizni,
Mardchasiga olishmadik
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Kulgingizda og’u to’la
Mening kulgum zaharxanda.
Haqning o’zi ajr bergay
Siz ham banda, biz ham banda
Dushmanlarim, dushmanlarim.

Chaqdingku

Ilonmiding yo chayon
Musichaday boqdingku,
Hech kutmagan joyimda
Juda yomon chaqdingku.

Endi kimga ishonay,
Yolg’izlikdan zadaman
Shunchalar ham zaxarli
Bo’larkanda odamam
Juda yomon chaqdingku.

Kutilmagan zarbalar
Zo’rlarni ham bukadi,
Loyga botdi oyog’im
Ko’nglim cho’kdi, tugadi
Juda yomon chaqdingku.

Tashlab ketdi yurakni
Umid degan habibim,
Bu zahringni yengishga
Ilmi yetmas tabibning
Juda yomon chaqdingku.

Bilolmasdan aqlim lol
Bu dunyoning ishlarin,
Shuncha yurib sezmabman
Borligini nishlaring.
Juda yomon chaqdingku.

Arazlashning gashti

Arazlama, qo’y demang
Qaytarmangiz shashtimni,
Bilmaysizda opalar
Arazlashning gashtini.

Arazlashni ho’p aьlo,
Doim toza qilaman.
Ko’rib yorning holini
Dildan maza qilaman.

Ochmasdan hech qovog’im
Zimdan sirli boqaman
O’ylashimcha yorga ham
Arazlasam yoqaman

Gar izlasang qilning ham
Chiqar qirqta qiyig’i,
Yor ko’nglimni olguncha
Chiqar rosa iyig’i

Arazlashim cho’zilar
Goho hafta oyga ham,
Yor degani yalinmay
Borar edi qaygayam.

Yo’liqqinda, iloyo (qiz qo’shig’i)

Yonolmasdan ishq o’tida tutay-tutay charchadim,
Xijronlarning zaqqumini yuta-yuta charchadim,
Bir “yomonim” bor demading kutu-kuta charchadim,
Mendan ming bor yomoniga yo’liqqinda iloyo.

Na gumonlar ayon bo’ldi, na tumanlar tarqadi,
Rashk azobi kuydirganda kuyganimdan qarg’adim,
Seni yomon ko’rib emas, suyganimdan qarg’adim,
Mendan ming bor yomoniga yo’liqqinda iloyo.

Qarg’ishlarim tegmasinda deyman goho o’rtanib,
Yig’layverib yig’lashga ham qoldim o’rganib,
Eshitganib to’g’ri bo’lsa gar rost bo’lsa ko’rganim,
Mendan ming bor yomoniga yo’liqqinda iloyo.

Senga bitta tikan kirsa jonim og’rir hali ham,
O’cholmasdan “lip-lip” umidlarning shami ham,
Senga bo’lsin mayli baxtning tugali ham, kami ham,
Mendan ming bor yomoniga yo’liqqinda iloyo.

Bugun juda osmondasan, yulduzdasan, oydasan,
Huzurimga balki bir kun mag’lub bo’lib qaytasan,
Balkim yig’lab yomoniga yo’liqqaning aytasan,
Mendan ming bor yomoniga yo’liqqinda iloyo.

Uyquchi

Kuta-kuta so’ndi shaxdim,
Yoddan chiqdi bergan axdi,
O’tib ketdi kular vaqti,
Bu tun dildor uxlab qolib.

Kezib tunning bo’shlig’ini,
Aytdim armon qo’shig’ini,
Sarson qildi oshig’ini,
Bu tun dildor uxlab qolib.

Chidolmay achchiq firoqqa,
Yuzimni bosdim terakka,
Zarbasi tegdi yurakka,
Bu tun dildor uxlab qolib.

Termulib boqdim, charchadim,
Qolmadi umid parchasi.
Darchasin chertib charchadim,
Bu tun dildor uxlab qolib.

Sochlari chulg’ab yuzini,
Asraydi uyqu qizini,
Pariman dermu o’zini,
Bu tun dildor uxlab qolib.

Dedim bu yo’l endi yo’lmas,
Yurak yig’lar ko’zim kulmas,
Uyquchini sevib bo’lmas,
Bu tun dildor uxlab qolib.

Shundaygina ( qiz qo’shig’i)

Oy ketmasa erta botib,
Tong qo’ymasa erta otib,
Deysan ishqning zavqin totib,
Yoring bo’lsa shundaygina,
Qizg’onmasa bo’lmaydida.

Uxlaganda to’yib boqsang,
Yoniga choy qo’yib boqsang,
Andakkina “ xurrak” otsa,
Yoring bo’lsa shundaygina,
Qizg’onmasa bo’lmaydida.

Xolimdan hech kulmay turing,
“Rashkchi” demang bilmay turib,
Topganim shu yurib-yurib,
Yoring bo’lsa shundaygina,
Qizg’onmasa bo’lmaydida.

Qoshi yoylar qilar taьqib,
Qolsam derlar unga yoqib,
Necha suluv menga raqib,
Yoring bo’lsa shundaygina,
Qizg’onmasa bo’lmaydida.

Hardam uyda yo’qligida,
Ko’nglim bo’lmas to’qligina,
Qo’rqaman shu sho’xligidan,
Yoring bo’lsa shundaygina,
Qizg’onmasa bo’lmaydida.

Qutqar meni

Oshiqlikda majnunga do’st tutinganman,
Ishq domiga jayron kabi tutilganman,
Chidolmadim, Ollohimdan o’tindim men
Shu go’zalning jafosidan qutqar meni.

Haddan oshdi goho bergan jazolari,
Tutunlarga to’ldi ruhim fazolari,
Goh qo’rqaman yetdimi deb qazolarim
Shu go’zalning jazosidan qutqar meni.

Ishq ko’chasi goho tekis, ravon bo’ldi,
Ko’ngli uning ochib bo’lmas dovon bo’ldi,
Seva seva tamom bo’ldim, tamom bo’ldim,
Shu go’zalning nozlaridan qutqar meni.

Har kelganda bir ayrildim aql hushdan,
Hayot uyqu, tuyulardi yashash tushday,
Sevgi qalbni cho’qir bahil qushday,
Shu go’zalning kulgusidan qutqar meni.

Qayda qoldi bu hayotning odilligi,
Muhabbatning ne ishlarga qodirligi,
Ayon bo’ldi go’zallarning qotilligi,
Shu go’zalning tig’laridan qutqar meni.

Ishq odamga nima bergay- jabr bergay,
Sog’inganda ozroqqina sabr bergay,
Oxir Layli go’shasidan qabr bergay,
Shu go’zalning balosidan qutqar meni.

Turkiylar

Enasoydan O’rolg’a
Borguncha ming qo’nolg’am,
Qardoshim ko’p — sinolg’an,
Yarim Osiyo o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Bir yon issiq ko’lim bor
Bir yon ona do’lim bor
Dunyoda o’z yo’lim bor
Istanbulim o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Kezib qozoq dashtini
Bildim vatan gashtini
Qalbda mehr toshqini
Qozog’iston o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Turg’anida Toshkanim
Qanday sevay boshqani
Bildim kim do’st kim g’anim
O’zbekiston o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Tog’dan nari Qashqarim
Davralardan tashqarim
Shundan dilda g’ashlarim
Uyg’uriston o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Garchi yo’llar xatarda
Termuldim kun botarga
Sog’indimku tatarni
Tatariston o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Tinglab otin dupurin
Qonim qaynar gupurib
Turkman ukam
Shukurkim
Turkmaniston o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

O’ttiz millat bitta el
Jangaridir misli sel
Ozor do’stim – beri kel
Ozorboyjon o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Alpomishim Manasim
Asli birdir tanasi
Buzib bo’lmas orasin
Qirg’iziston o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Ming yillarning charchog’i
Yuragingda bor , chog’i
Bir bo’l endi tarqog’im
Ulkan vatan o’z uyim
Jonajonim, turkiyim.

Alpomishning navkarlari

Voiz shoshdi, chopar yeldi,
Alpomishdan farmon keldi:-
Asrang doim o’zbek elni,
Alpomishning navkarlari-
O’zbekiston askarlari.

Go’daklarga jahl etmas,
Ojizlarga dahl etmas,
Qotil emas, baxl emas,
Alpomishning navkarlari-
O’zbekiston askarlari.

Yurt qo’shig’in kuylar safda,
Temurbekdan saboq qalbda,
Bari shunqor, bari alpda,
Alpomishning navkarlari-
O’zbekiston askarlari.

Xoin chiqmas orasidan,
Cho’g’ bor ko’zin qorasida,
Ahir o’zbek bolasida,
Alpomishning navkarlari-
O’zbekiston askarlari.

Munosibdir Raʼnolarga,
Barchinu Durdonalarga,
Ta’zim qilar onalarga,
Alpomishning navkarlari-
O’zbekiston askarlari.

Bahor isli, gul nafasli,
Ellik million bo’ldi nasli,
Alpomishdir shu xalq asli,
Alpomishning navkarlari-
O’zbekiston askarlari.

O’zbekiston

Erkdur ahdu paymoni
Baxtdur endi har oni
Joy ber jahon ayvoni
Ulkan Arslon kelmoqda-
O’zbekiston kelmoqda.

Bir oyog’i Jayhunda
Bir oyog’i Sayhunda
Ko’z qarashi yolqinday
Ulkan Arslon kelmoqda-
O’zbekiston kelmoqda.

Unutganday qudratin
Uch asrmi mudragan
Endi yerni titratib
Ulkan Arslon kelmoqda-
O’zbekiston kelmoqda.

Naьrasidan cho’chir yov
So’ngan o’tday o’chur yov
Pisand emas to’siq, g’ov
Ulkan Arslon kelmoqda-
O’zbekiston kelmoqda.

Jahon ichra haq unda
Do’sti bo’lib yoq unga
Hayrat bilan boq unga
Ulkan Arslon kelmoqda-
O’zbekiston kelmoqda.

Yelkasida buyuk xalq
Minglab shoir, minglab alp
Shu xalq bilan uyg’on, qalq
Ulkan Arslon kelmoqda-
O’zbekiston kelmoqda.

Tulkilar

Tuzoqlarga tushmay, ilinmay
Odamzotga intildi tinmay
Tulkiligi ketdi bilinmay
Oramizda yurar tulkilar.

Do’sting bo’lib keldi bittasi
Hamqishlog’ing bo’ldi bittasi
Paydo bo’ldi keyin yuztasi
Oramizda yurar tulkilar.

Mansablarda o’tirar ko’pi
Yo masjidda beozor so’fi
Yashaymizda poyini o’pib
Oramizda yurar tulkilar.

Goho itga o’xshab huradi
Aysh suradi, davron suradi
Juvonlarni yo’ldan uradi
Oramizda yurar tulkilar.

Garchi “qizil kitob” da yo’qdir
Kelajakdan ko’ngli tinch, to’qdir
Ovlolmaysan, “xayf” etma o’qni
Oramizda yurar tulkilar.

Belbog’larda tutib shimlarin
Ko’rsatmaydi sira dumlarin
Qon qaqshatib qo’yar kimlarni
Oramizda yurar tulkilar.

Maqtovlarga ko’mib nomingni
Oqizmoqlik bo’lar qoningni
O’tiribdi, balkim yoningda
Oramizda yurar tulkilar.

Ota uy

Qarab tursam Oyqortog’ eslatarkan odamni
Yuray deydi, tashlolmas faqat bitta qadamni
Talpinadi yuragim ko’rgan kabi otamni
Otam yo’qda, otam yo’q.

Otam bilan keng hona endi ancha toraygan
Pardalardan rang ketib devorlari qoraygan
Ota uyga sig’masam endi qayga boray, man
Otam yo’qda, otam yo’q.

Ko’p bo’lsa ham armonlar hayotdan hech nolish yo’q
Faqat eshik oldida o’sha tanish kalish yo’q
Uy to’rida doim shay turgan parli bolish yo’q
Otam yo’qda, otam yo’q.

Ota uyim begona, bu ham bir tush, ro’yoda
Ukam bola baqrali, umri bo’lsin ziyoda
Faqat qumsab otamni kelsam otda, piyoda
Otam yo’qda, otam yo’q.

Sovuq dunyo bag’ridan ko’nglim muzlab boraman
Goh yiqilib, goh turib, goho tizlab boraman
Ota uyga bir qatra mehr izlab boraman
Otam yo’qda, otam yo’q.

Mo’ralabdi ( qiz qo’shig’i)

Uchrashuvga chiqmay o’lay,
Shamdek o’chib guldek so’lay
Yig’layinmi yoki kulay
Qitmir bola mo’ralabdi.

Butalarni qilib panoh
Sirimizdan bo’ldi ogoh
Xushtagini chaldi nogoh
Qitmir bola mo’ralabdi.

Chopdim yutib tovushimni
Olgandayin yov xushimni
Bir poyi yo’q kovushimning
Qitmir bola mo’ralabdi.

Oydin tunda pusib-pusib
Tilginamni qildi qisiq
So’zlolmayman uzib-uzib
Qitmir bola mo’ralabdi.

Ko’rganlari til uchida
Aytmasin deb el ichida
Yurgandayman qil uchida
Qitmir bola mo’ralabdi.

Buzdi tunning jimligini
Bilib oldim kimligini
Qilib yana shumligini
Qitmir bola mo’ralabdi.

Zo’ri bormi

Jahon degan ayvonlarda
Yurgan lolu hayronlardan,
Bo’lsa chiqsin maydonlarga
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Qaro qoshlar, qaro ko’zlar,
Dunyoda eng saro ko’zlar,
G’urur bilan qarar ko’zlar,
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Orli qilar bolasini,
Yovdan asrar dalasini,
Bermas sochin tolasini,
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Ko’kragida olov yurak,
Qo’llarida umid chiroq,
Har ovulda o’nlab chiroq,
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Hovizlari sehrgarday,
Kuylarida bir sir borday,
Toshlar eriy boshlar qorday,
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Bo’lmas unga o’zgalar bek,
O’zbek asli o’ziga bek,
Shudir chin baxt, shudir chin erk,
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Ochilgay poklik daftari,
Ko’payar mehr taftlari,
O’zbeklik mardlik maktabi,
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Makkorlarga bo’lgay raqib,
Mazlumlarga bo’lgay habib,
Dardli dunyo uchun tabib-
O’zbekdanam zo’ri bormi?

Qitmir bola (1)

Ukang bilan bo’lmadik aka-uka,
Qilig’idan yuragim taka-puka.

Shu ukangning qulog’in cho’zgim kelar,
Shumliklarda undan xam o’zgim kelar.

Ko’rinmasdan kesaklar otdi goxo,
Kelganimni otangga sotdi goxo.

Qizg’onadi seni ko’p, xasis ukang,
Bilmaydida menga xam aziz ukang.

Qocholmasdan yiqilib, changga botdim,
Yo’lidagi tikonlar tanga botdi.

Daraxtinga bir chiqib voyladimey,
Shu daraxtga itini boyladiyey.

Bekor ketdi shunchalar yalinganim,
Qoldi oxir itiga talanganim.

Umidimni uzib xam ketolmayman,
Qachon aqli kirar deb kutolmayman.

Ox kelinlik libosin kiysang edi,
So’ng ukangni ukam deb suysam edi.

Janob boylik

Kul qilasiz g’ururimizni,
Orimizni bir-bir sotasiz,
So’ng sandiqqa kirib jimgina
Xolimizdan kulib yotasiz,
Janob boylik, eh janob boylik.

Janob boylik, kimgadir aka
Kimlargadir ona otasiz.
Unutamiz kimligimizni,
So’ng sandiqda kulib yotasiz
Janob boylik, eh janob boylik.

Shaytondan dars olaqol deysiz,
Raqibingni yiqit xatosiz,
Nafsi qongan kulcha ilonday
Siz sandiqda kulib yotasiz,
Janob boylik, eh janob boylik.

Yig’latamiz bir birimizni,
Ko’z yoshlarning ta’min totasiz.
Zaqqum oqar tomirimizda,
Siz sandiqda kulib yotasiz,
Janob boylik, eh janob boylik.

Aylanamiz itga, bo’riga,
Tanimaysiz boqib xatto siz.
Qilg’iliqni qilib jimgina
Sandiqlarda kulib yotasiz.
Janob boylik, eh janob boylik.

032

(Tashriflar: umumiy 361, bugungi 1)

Izoh qoldiring