Xulio Kortasar. Ishg’ol qilingan uy

kortasar  Бугун ҳаётимизда қандай воқеа (қайта) рўй берганини англашингиз,  воқеа моҳиятини тўлиқ тушунишингиз  ва билоқибат  бўлиб ўтган воқеа замиридаги моҳиятни уқишингизни истаб мазкур ҳикояни тақдим этмоқдаман.

 

Хулио КОРТАСАР
ИШҒОЛ ҚИЛИНГАН УЙ
09

muestra.jpgХулио Кортасар (исп. Julio Cortázar; асл исми: Хулес Флоренсио Кортасар) 1914 йилнинг 20 августида Брюсселда Аргентина савдо ваколатхонаси ходимининг оиласида туғилди. Болалик ва ёшлиги Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган. Буэнос-Айрес университетини молиявий танқислик туфайли тугатолмаган Хулио 7 йил давомида қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. 1944 йилдан Мендоса университетида, 1946 йилдан Китоб палатасида ишлади. 1951 йили адабиёт бўйича степендияга сазовор бўлган Кортасар Европага йўл олади ва ўшандан бошлаб қолган бутун умри Парижда ўтди.
«Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди.


075Кенг ва шинамлиги бир ёну қадим ва кўҳналиги бир ён бу кошона ота-боболарим хотирасию олис аждодлар руҳи муқаррарлиги билан биз учун қадрли эди. Қолаверса, меҳрибон ота-онамиз бағрида беташвиш болалигимиз кечиб ўтди бу ерда.

Четдан қараганда ақлсизлик бўлиб кўринар, аммо каттагина бир оилани бемалол сиғдира оладиган ҳайҳотдек уйда кўпдан буён Ирена иккимиз ёлғиз яшашга кўникдик. Ҳар куни эрталаб еттиларда уйғониб, хоналарни обдон супуриб-сидирар, даричаларни очиб, тун бўйи димиққан ичкари ҳавосини янгилар эдик. Ўн бирга яқин охирги бир-икки хонани Ирена ихтиёрига қолдириб, ўзим эса нонушта ҳозирлашга уринардим. Доимгидек роппа-роса ўн иккида тамадди қилиб бўлганимиздан сўнг, идиш-товоқларни ювишдан бошқа айтарли ишимиз қолмас эди. Дастурхон атрофида ўтирган кўйи улкан ва сокин кулбамиз ҳақида, уни бегоналар ёрдамисиз чиннидай тоза тутаётганимиз ҳақида ўйлаб, кўнглимиз чоғланарди. Баъзи пайтлари эса айнан шу уй туфайли иккимиз ҳам сўққабош қолиб кетдикми, деб хафа бўлардик. Масалан, Ирена ҳеч бир сабабсиз икки марта совчиларни қуруқ қайтариб юборди, ўзим эса унаштирувдан сал олдин кутилмаганда Мария Эстердан ажралиб қолдим. Иккимизнинг ҳам ёшимиз қирққа яқинлашиб борар ва бу уйда бир замонлар дебоча олган кўҳна насаб айнан биз иккимиз билан – ака-сингилнинг беғавғо ва одми турмуши билан поёнига етади, дея ўз хаёлларимизда ишонар эдик. Қазо вақтимиз етгач, баднафс ақраболар уйни эгаллаб, хонавайрон қилмасларидан аввал ўзимиз буни бир ёқлик қилсакми, деб ўйлаган вақтларимиз ҳам бўлди.

Ҳамиша камсуқум Ирена умрида бировга озор бермаган, хонанишин кунларимизда ҳам эрталабки юмушларини битиргач, ётоқхонасига кириб, курсига жойлашиб оларди-да, кеч оқшомгача бир нималар тўқиб ўтирарди. Нега у доим тўқиш билан машғуллигини яхши тушунмасдим. Ҳамма аёллар сингари шу баҳонада бошқа иш қилмаслик учун ҳам бу эрмакка муккасидан берилар, деб ўйласам, Ирена бошқаларга сира ўхшамасди. У фақат рўзғорга керакли нарсаларни – масалан, мен учун қалин пайпоқ, ўзига эса қишлик камзул тўқир, бирор жойида нуқсон кўрса, битиб қолаёзган нимчани ўйлаб ўтирмасдан сўтиб ташлар, шундай пайтлари саватда аввалги шаклини йўқотмай тўлғонаётган ипларни кузатиб завқланардим. Шанба кунлари шаҳар марказига Ирена учун ип харид қилишга борардим, рангларни яхши танлашни билганимдан Ирена бу ишда менга бутунлай ишонар, шу пайтгача ҳали бирорта калавада адашмадим. Шу сайрлар баҳонасида китоб дўконларини ҳам айланиб, Фаранг адабиётига доир янги китобларни бесамар суриштирардим. 1939 йилдан буён Аргентинага арзирли бирор нарса келмай қўйганди.

Яхшиси, кулбамизу синглим ҳақида гаплашаверайлик, ўзим ҳақимда қизиқарли ҳеч вақо айтолмайман. Хуллас, агар уззу-кун тўқиш билан овора бўлмаганида, Иренанинг кунлари қай ҳолда кечишини хаёлимга келтира олмайман. Масалан, бирорта китобни қайта-қайта мутолаа қилиш тушунарли, аммо салкам тайёр либосни сўтиб, яна бошидан тўқийверишни ақлга сиғдириш қийин. Бир сафар кийим жовонининг пастки тортмасидан бир тўп оқ ва зангор, бинафшаранг жун рўмолларни топиб олдим. Уларнинг барига куядори сепилиб, худди растага қўйилгандек ораста тахлаб қўйилган эди. Пулга зориқишимиз бўлмаса, ҳар ойда қишлоқдаги қўрғонимиздан даромад келиб турган бўлса, бунча рўмол нимага керак? Буни сўрашга ботинмадим. Афтидан, унга тўқишнинг ўзигина муҳим эди, бу ҳунарнинг машқини олган Иренанинг моҳир ва чаққон бармоқларини соатлаб томоша қилиш мумкин, кумушдек товланган симлар жимирлаши-ю сават ичида ўмбалоқ ошаётган калавага маҳлиё бўлиб кунларни беармон соб қилиш мумкин эди. Чиндан гўзал манзара эди бу.

Хоналар жойлашуви ҳеч эсимдан чиқмаса керак. Емакхона, деворларига гилам осилган ҳашамдор бўлма, кутубхона ва учта ётоқ уйнинг қарши тарафида жойлашган бўлиб, деразаларидан Родригес Пенья кўчаси шундоқ кўринар эди. Ирена иккимиз истиқомат қилаётган ҳаммом, ошхона, ва икки ётоғ-у асосий меҳмонхонадан иборат бу тарафга узун йўлак орқали ўтиш мумкин бўлиб, йўлак ўртасидаги вазмин эшик бир бутун уйни иккига ажратиб турарди. Бизнинг бўлмадан гулдор сопол идишлар билан безатилган бошқа даҳлизга, ундан ўтиб эса ташқарига чиқиш мумкин эди. Ҳалиги оғир эшикка етмасдан сўлга қайрилсангиз, ошхона билан ҳаммом рўпарасида ҳозир бўласиз. Ўртадаги эшик очиқ пайтлари уйимиз жуда ҳам кенг ва маҳобатли кўринади. Тамбалаб қўйилганда эса бунинг бутунлай акси – оддий одамларнинг тор ва ғариб кулбасидан фарқи қолмайди. Ирена иккимиз ҳамиша мўъжазроқ шу қисмида яшаб келдик, қарши тарафга эса фақат супуриб-сидириш учунгина ўтамиз. Лекин бунча чанг қаердан пайдо бўларкин, ҳайронман – кечагина обдон артиб-ювилган мебеллар худди биров бу ерга юз йил оёқ босмагандай дарров қат-қат ғубор билан қопланиб қолаверади! Нафсиламбри, Буэнос-Айрес аҳли, эсини танибдики, чангу ғубор билан аёвсиз кураш олиб боради. Намгарчилик тақчилу тупроғи қуруқлиги учунми, ҳаво тўла гарду ҳок, озроқ шамол эсса борми, тамом – мармар токчалар юзасию меҳмон кутиш тадоригида столга эндигина ёзилган гулдор дастурхон ичлари тупроққа тўлади-қолади. Супургини сермашингиз заҳоти бир булут ғубор ҳавода муаллақ осилиб туради-да, сўнг бошқа мебеллару севимли пианино юзасига чўкиб қолаверади. Шаҳар аҳли омонсиз бу курашда ҳали-верича зафар қуча олган эмас.

Кейинги воқеалар бир умр ёдимда қолади. Доимги оқшомларнинг бири эди, девордаги соат саккизга занг чалган маҳал Ирена ўз ётоғида нимадир тўқиш билан машғул, мен эсам мате қайнатиб ичгим келди. Йўлак бўйлаб қия очиқ эшик олдига бордим-да, ошхонага кираётиб кутубхонами ёки емакхона тарафдан келаётган ғалати шовқинга эътибор қилдим. Ичкарига яширинча кириб олган биров ким биландир тортишиб гаплашаётгандай туюларди. Емакхонадаги курсилар гурсиллаб ерга қулагандай бўлди. Шу пайтнинг ўзида йўлакда ҳам шовқин-сурон кўтарилди. Ўтакам ёрилаёзганидан, жон ҳолатда эшикни зичлаб ёпдим, яхшиямки калит бу тарафда эди, эҳтиёт шарт қилиб зулфинни ҳам суриб қўйдим.

Кейин ошхонада мате қайнатиб, синглимга ҳам келтирдим-да:
— Эшикни тамбаладим, нариги хоналарни эгаллаб олишди, — дедим.

Ирена қўлидаги ишини қўйиб, ҳорғин нигоҳи билан менга тикилди:
— Аниқми? Ишончинг комилми?

Бош ирғадим.
— Начора, — деди у яна тўқишга тутинар экан, — бизга шу ер ҳам етади.

Мен ҳамон ўзимни босиб ололмагандим. Ора-сира ўша тарафга кўз ташлаб, мате ичарканман, кулранг камзул тўқиётган Иренанинг бармоқларига яна маҳлиё бўлдим. Камзул жуда чиройли эди.

Биринчи кунлар жуда қийин бўлди, чунки эшик ортида севимли буюмларимиз қолиб кетган эди. Менинг фаранги китобларим кутубхонада, синглимнинг ҳам бир талай сочиқларию қишки шиппаклари бой берилди. Айниқса, арча трубкамга кўп зор бўлдим.

Ирена эса яна ўзи суйган эски шаробни соғинаётганини билиб турардим. Баъзан ўзимиз англамаган ҳолда тортмаларни очиб кўрардик-да, излаётган нарсани топа олмай:

— У ёқда қолибди, — деганча чорасиз хўрсиниб қўяр эдик.

Аммо бу вазиятнинг афзал томонлари ҳам йўқ эмасди. Мисол учун, бутун уйни йиғиштириш ташвишида аввалгидек каллаи саҳарлаб туриш ўрнига энди кечроқ уйғонадиган бўлдик. Бир пасда ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб, тушликни ҳам биргалашиб ҳозирлашни одатга айлантирдик. Бошқа томондан эса, бекорчи вақтимиз кўпайиб қолганидан ялқовликка ружу қўя бошладикми, билмадим, аммо ҳар қалай, кечки овқатни ҳам аввалдан тайёрлаб қўядиган бўлдик.

Тўқиш-тикиш ишларига энди кўпроқ вақти бўлаётганидан Ирена мамнун эди. Менга эса китобларимдан айрилганим алам қилар, аммо нохуш кайфиятимдан унинг ҳам дили хира бўлмасин деб, буни имкон борича билдирмаслик учун отамдан қолган почта маркалари билан андармон бўла бошладим. Умуман олганда, ҳаётимиз бир маромда кечиб борар, зерикишга вақт йўқ эди. Меникидан кўра шинамлиги учун кўпроқ синглим ётоғида ўтириб, ўз эрмакларимиз билан шуғулланардик. Баъзан Ирена ҳозиргина ўзи тўқиган чиройли чечак нақшларини менга кўрсатар, “Буни қара, худди себаргга ўхшайди!” деб завқланарди.
Мен эсам, ўз йўсинимда, олис мамалакатлар, масалан, Бельгиянинг Эйпен-Малмеди бўлгаси манзараси туширилган маркани қўлига тутқазиб, у ерлар ажойиботларидан сўзлаб берардим. Аста-секин тор макондаги зиқ бу турмушга ҳам кўникиб, ортиқча хаёлларга берлмай қўйдик. Орзу-ўйларсиз ҳам кун кечирса бўлади-ку ахир.

(Ҳар сафар Ирена уйқусида босинқираган пайтлари мен ҳам чўчиб уйғониб кетардим ва анча вақтгача ухлолмай чиқардим. Тушларнинг аллақайси теран пучмоқларидан дебоча олиб, қай бир маъбуд ҳайкалига мансуб ва ё инсон овозига зўр бериб тақлид қилаётган тўтиқуш ғарғарасига ўхшаш бу саслар мени ростдан чўчитар эди. Бир сафар Ирена менинг ўзим ҳам алоқ-чалоқ туш таъсирида саросимага тушиб, ҳайқирган кўйи устимдаги ёпинчиқни ҳар тараф улоқтириб ташлаганимни айтиб берди. Ётоқларимиз ўртасида меҳмонхона бўлса-да, тунлари нафас олишимизни, хўрсиниқ ва йўталларимизни бемалол тинглаб, чироққа чўзилган қўлларимиз ҳаракатини ҳам сезиб, бедор ётардик.

Уйдаги сукунатни ўзимиздан бошқа биров бузмас, кун бўйи ошхонада куймаланишимиз овози-ю Ирена қўлидаги тўқув симларининг ўзаро тегиниб жаранглаши ва почта маркалари тадқиқига муккасидан кетган менинг альбом саҳифаларини варақлашимдан ҳосил сасларгина эшитиларди. Ҳаммомда чўмилаётган пайтлари Иренанинг жарангдор алла қўшиғи атрофга баралла таралар, нариги томондагилар биз борлигимизни билсин, деган тусмолда атай қилармидик, билмадим, аммо ошхонада бирор егулик ҳозирлаётиб, бор овозда гаплашар, идиш-товоқларни тарақлатиб, маврид-бемаврид хандон отиб кулганимиз кулган эди. Аммо барибир, ўзим пайқамаган ҳолда, ўртадаги эшикка ўғринча кўз ташлаб қўярдим. Иккимиз ҳам ўз ётоғимизга киргач эса уйдаги саслар тиниб, ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит бўлиб қолар, бир-биримизга ҳалал бермаслик учун оёқ учида билдирмай юра бошлардик.)

Ҳодисалар хотимаси муҳим бўлмаганида буларнинг барини ёзиб ўтиришга ҳожат йўқ эди. Қай бир оқшом, ётишдан олдин сув ичгим келди. Иренанинг ётоғидан чиқаётиб, ошхона ёки ҳаммом тарафдан ғалати сасларни эшитдим. Ҳалиям нимча тўқиб ўтирган синглим тараддудланиб қолганимни кўриб, бир сўз демай ёнимга келди. Иккимиз ҳам диққат билан ўша тарафга қулоқ сола бошладик. Шовқин тамбаланган эшик ортидан эмас, айнан йўлакдан – шундоқ рўпарамиздан келаётганига шубҳамиз қолмади.
Мен шу заҳоти Иренанинг қўлларидан тутдим-да, ҳеч қаёққа қарамай ортга югурдим. Даҳлизга ўтиб, эшикни маҳкам ёпдим.

— Бу тарафни ҳам эгаллаб олишди, — деди синглим маъюсланиб. Чувалашиб ётган калава эшик ортида қолганини пайқаган Ирена қўлидаги ишини бепарвогина ерга ташлади.

— Бирор нарса олишга улгурмадингми? – дедим.
— Ҳеч нарса. – деди у ҳам.

Эгнимизда бори билан қолиб кетдик. Жовонимда ўн беш минг песо пулим борлигини эсладим, аммо энди кеч эди. Қўлимда қолган соат миллари кечки ўн бирни кўрсатарди. Синглимни аста елкасидан қучиб (адашмасам, пиқ-пиқ йиғлар эди у), уйни тарк этдик. Бирдан хўрлигим келди. Сўнгги эшикка ҳам қулф солиб, калитни оқова ариққа улоқтирдим. Бу ишимдан ўзимнинг кулгум қистади. Бу маҳалда ким ҳам ўғриликка тушарди, бунинг устига, уй аллақачон ишғол қилинган бўлса.

Аслиятдан Шарифжон Аҳмад таржимаси

Манба: Шарифжон Аҳмедовнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди.

O’zingnikini yozishga ishtiyoq bo’lmagan paytlar boshqa o’zingnikilardan ulashib turish ham ozroq bahra berarkan shekilli. Kortasarning mumtoz «Ishg’ol qilingan uy (Casa Tomada)» i. Bunda e’tibor qaratiladigan o’rinlardan biri — avvalgi o’zbekcha-yu ruscha tarjimalarda oxirrog’ida qavs ichidagi matncha tashlab o’tilganligi (Tarjimonning feysbuk sahifasida hikoya avvalida yozgan sharhi).

Xulio KORTASAR
ISHG’OL  QILINGAN UY
09

354403-300x300.jpegXulio Kortasar (isp. Julio Cortázar; asl ismi: Xules Florensio Kortasar) 1914 yilning 20 avgustida Bryusselda Argentina savdo vakolatxonasi xodimining oilasida tug‘ildi. Bolalik va yoshligi Buenos-Ayres shahrida o‘tgan. Buenos-Ayres universitetini moliyaviy tanqislik tufayli tugatolmagan Xulio 7 yil davomida qishloq o‘qituvchisi bo‘lib ishlashga majbur bo‘ldi. 1944 yildan Mendosa universitetida, 1946 yildan Kitob palatasida ishladi. 1951 yili adabiyot bo‘yicha stependiyaga sazovor bo‘lgan Kortasar Yevropaga yo‘l oladi va o‘shandan boshlab qolgan butun umri Parijda o‘tdi.
«Argentinaning birinchi raqamli adibi» — XX asrning 60-70 yillari jahonning nufuzli tanqidchilari mashhur yozuvchi Xulio Kortasarga shunday ta’rif bergan edilar. Bu baho hozir ham o‘z qimmatini yo‘qotgani yo‘q. Yozuvchining «Imtihon», «Yutuq» kabi romanlari, «Ta’qibchi», «Manuyelning kitobi» kabi qissalari, «Boshqa bir osmon», «Janubiy shosse», «Avtobus», «Iblis so‘lagi», «Istilo qilingan uy» kabi hikoyalari jahon adabiyotiga munosib ulush bo‘lib qo‘shildi.


23Keng va shinamligi bir yonu qadim va ko’hnaligi bir yon bu koshona ota-bobolarim xotirasiyu olis ajdodlar ruhi muqarrarligi bilan biz uchun qadrli edi. Qolaversa, mehribon ota-onamiz bag’rida betashvish bolaligimiz kechib o’tdi bu yerda.
Chetdan qaraganda aqlsizlik bo’lib ko’rinar, ammo kattagina bir oilani bemalol sig’dira oladigan hayhotdek uyda ko’pdan buyon Irena ikkimiz yolg’iz yashashga ko’nikdik. Har kuni ertalab yettilarda uyg’onib, xonalarni obdon supurib-sidirar, darichalarni ochib, tun bo’yi dimiqqan ichkari havosini yangilar edik. O’n birga yaqin oxirgi bir-ikki xonani Irena ixtiyoriga qoldirib, o’zim esa nonushta hozirlashga urinardim. Doimgidek roppa-rosa o’n ikkida tamaddi qilib bo’lganimizdan so’ng, idish-tovoqlarni yuvishdan boshqa aytarli ishimiz qolmas edi. Dasturxon atrofida o’tirgan ko’yi ulkan va sokin kulbamiz haqida, uni begonalar yordamisiz chinniday toza tutayotganimiz haqida o’ylab, ko’nglimiz chog’lanardi. Ba’zi paytlari esa aynan shu uy tufayli ikkimiz ham so’qqabosh qolib ketdikmi, deb xafa bo’lardik. Masalan, Irena hech bir sababsiz ikki marta sovchilarni quruq qaytarib yubordi, o’zim esa unashtiruvdan sal oldin kutilmaganda Mariya Esterdan ajralib qoldim. Ikkimizning ham yoshimiz qirqqa yaqinlashib borar va bu uyda bir zamonlar debocha olgan ko’hna nasab aynan biz ikkimiz bilan – aka-singilning beg’avg’o va odmi turmushi bilan poyoniga yetadi, deya o’z xayollarimizda ishonar edik. Qazo vaqtimiz yetgach, badnafs aqrabolar uyni egallab, xonavayron qilmaslaridan avval o’zimiz buni bir yoqlik qilsakmi, deb o’ylagan vaqtlarimiz ham bo’ldi.

Hamisha kamsuqum Irena umrida birovga ozor bermagan, xonanishin kunlarimizda ham ertalabki yumushlarini bitirgach, yotoqxonasiga kirib, kursiga joylashib olardi-da, kech oqshomgacha bir nimalar to’qib o’tirardi. Nega u doim to’qish bilan mashg’ulligini yaxshi tushunmasdim. Hamma ayollar singari shu bahonada boshqa ish qilmaslik uchun ham bu ermakka mukkasidan berilar, deb o’ylasam, Irena boshqalarga sira o’xshamasdi. U faqat ro’zg’orga kerakli narsalarni – masalan, men uchun qalin paypoq, o’ziga esa qishlik kamzul to’qir, biror joyida nuqson ko’rsa, bitib qolayozgan nimchani o’ylab o’tirmasdan so’tib tashlar, shunday paytlari savatda avvalgi shaklini yo’qotmay to’lg’onayotgan iplarni kuzatib zavqlanardim. Shanba kunlari shahar markaziga Irena uchun ip xarid qilishga borardim, ranglarni yaxshi tanlashni bilganimdan Irena bu ishda menga butunlay ishonar, shu paytgacha hali birorta kalavada adashmadim. Shu sayrlar bahonasida kitob do’konlarini ham aylanib, Farang adabiyotiga doir yangi kitoblarni besamar surishtirardim. 1939 yildan buyon Argentinaga arzirli biror narsa kelmay qo’ygandi.

Yaxshisi, kulbamizu singlim haqida gaplashaveraylik, o’zim haqimda qiziqarli hech vaqo aytolmayman. Xullas, agar uzzu-kun to’qish bilan ovora bo’lmaganida, Irenaning kunlari qay holda kechishini xayolimga keltira olmayman. Masalan, birorta kitobni qayta-qayta mutolaa qilish tushunarli, ammo salkam tayyor libosni so’tib, yana boshidan to’qiyverishni aqlga sig’dirish qiyin. Bir safar kiyim jovonining pastki tortmasidan bir to’p oq va zangor, binafsharang jun ro’mollarni topib oldim. Ularning bariga kuyadori sepilib, xuddi rastaga qo’yilgandek orasta taxlab qo’yilgan edi. Pulga zoriqishimiz bo’lmasa, har oyda qishloqdagi qo’rg’onimizdan daromad kelib turgan bo’lsa, buncha ro’mol nimaga kerak? Buni so’rashga botinmadim. Aftidan, unga to’qishning o’zigina muhim edi, bu hunarning mashqini olgan Irenaning mohir va chaqqon barmoqlarini soatlab tomosha qilish mumkin, kumushdek tovlangan simlar jimirlashi-yu savat ichida o’mbaloq oshayotgan kalavaga mahliyo bo’lib kunlarni bearmon sob qilish mumkin edi. Chindan go’zal manzara edi bu.

Xonalar joylashuvi hech esimdan chiqmasa kerak. Yemakxona, devorlariga gilam osilgan hashamdor bo’lma, kutubxona va uchta yotoq uyning qarshi tarafida joylashgan bo’lib, derazalaridan Rodriges Penьya ko’chasi shundoq ko’rinar edi. Irena ikkimiz istiqomat qilayotgan hammom, oshxona, va ikki yotog’-u asosiy mehmonxonadan iborat bu tarafga uzun yo’lak orqali o’tish mumkin bo’lib, yo’lak o’rtasidagi vazmin eshik bir butun uyni ikkiga ajratib turardi. Bizning bo’lmadan guldor sopol idishlar bilan bezatilgan boshqa dahlizga, undan o’tib esa tashqariga chiqish mumkin edi. Haligi og’ir eshikka yetmasdan so’lga qayrilsangiz, oshxona bilan hammom ro’parasida hozir bo’lasiz. O’rtadagi eshik ochiq paytlari uyimiz juda ham keng va mahobatli ko’rinadi. Tambalab qo’yilganda esa buning butunlay aksi – oddiy odamlarning tor va g’arib kulbasidan farqi qolmaydi. Irena ikkimiz hamisha mo»jazroq shu qismida yashab keldik, qarshi tarafga esa faqat supurib-sidirish uchungina o’tamiz. Lekin buncha chang qayerdan paydo bo’larkin, hayronman – kechagina obdon artib-yuvilgan mebellar xuddi birov bu yerga yuz yil oyoq bosmaganday darrov qat-qat g’ubor bilan qoplanib qolaveradi! Nafsilambri, Buenos-Ayres ahli, esini tanibdiki, changu g’ubor bilan ayovsiz kurash olib boradi. Namgarchilik taqchilu tuprog’i quruqligi uchunmi, havo to’la gardu hok, ozroq shamol essa bormi, tamom – marmar tokchalar yuzasiyu mehmon kutish tadorigida stolga endigina yozilgan guldor dasturxon ichlari tuproqqa to’ladi-qoladi. Supurgini sermashingiz zahoti bir bulut g’ubor havoda muallaq osilib turadi-da, so’ng boshqa mebellaru sevimli pianino yuzasiga cho’kib qolaveradi. Shahar ahli omonsiz bu kurashda hali-vericha zafar qucha olgan emas.

Keyingi voqealar bir umr yodimda qoladi. Doimgi oqshomlarning biri edi, devordagi soat sakkizga zang chalgan mahal Irena o’z yotog’ida nimadir to’qish bilan mashg’ul, men esam mate qaynatib ichgim keldi. Yo’lak bo’ylab qiya ochiq eshik oldiga bordim-da, oshxonaga kirayotib kutubxonami yoki yemakxona tarafdan kelayotgan g’alati shovqinga e’tibor qildim. Ichkariga yashirincha kirib olgan birov kim bilandir tortishib gaplashayotganday tuyulardi. Yemakxonadagi kursilar gursillab yerga qulaganday bo’ldi. Shu paytning o’zida yo’lakda ham shovqin-suron ko’tarildi. O’takam yorilayozganidan, jon holatda eshikni zichlab yopdim, yaxshiyamki kalit bu tarafda edi, ehtiyot shart qilib zulfinni ham surib qo’ydim.

Keyin oshxonada mate qaynatib, singlimga ham keltirdim-da:
— Eshikni tambaladim, narigi xonalarni egallab olishdi, — dedim.

Irena qo’lidagi ishini qo’yib, horg’in nigohi bilan menga tikildi:
— Aniqmi? Ishonching komilmi?

Bosh irg’adim.
— Nachora, — dedi u yana to’qishga tutinar ekan, — bizga shu yer ham yetadi.

Men hamon o’zimni bosib ololmagandim. Ora-sira o’sha tarafga ko’z tashlab, mate icharkanman, kulrang kamzul to’qiyotgan Irenaning barmoqlariga yana mahliyo bo’ldim. Kamzul juda chiroyli edi.

Birinchi kunlar juda qiyin bo’ldi, chunki eshik ortida sevimli buyumlarimiz qolib ketgan edi. Mening farangi kitoblarim kutubxonada, singlimning ham bir talay sochiqlariyu qishki shippaklari boy berildi. Ayniqsa, archa trubkamga ko’p zor bo’ldim.

Irena esa yana o’zi suygan eski sharobni sog’inayotganini bilib turardim. Ba’zan o’zimiz anglamagan holda tortmalarni ochib ko’rardik-da, izlayotgan narsani topa olmay:

— U yoqda qolibdi, — degancha chorasiz xo’rsinib qo’yar edik.

Ammo bu vaziyatning afzal tomonlari ham yo’q emasdi. Misol uchun, butun uyni yig’ishtirish tashvishida avvalgidek kallai saharlab turish o’rniga endi kechroq uyg’onadigan bo’ldik. Bir pasda hamma yoqni saranjom-sarishta qilib, tushlikni ham birgalashib hozirlashni odatga aylantirdik. Boshqa tomondan esa, bekorchi vaqtimiz ko’payib qolganidan yalqovlikka ruju qo’ya boshladikmi, bilmadim, ammo har qalay, kechki ovqatni ham avvaldan tayyorlab qo’yadigan bo’ldik.

To’qish-tikish ishlariga endi ko’proq vaqti bo’layotganidan Irena mamnun edi. Menga esa kitoblarimdan ayrilganim alam qilar, ammo noxush kayfiyatimdan uning ham dili xira bo’lmasin deb, buni imkon boricha bildirmaslik uchun otamdan qolgan pochta markalari bilan andarmon bo’la boshladim. Umuman olganda, hayotimiz bir maromda kechib borar, zerikishga vaqt yo’q edi. Menikidan ko’ra shinamligi uchun ko’proq singlim yotog’ida o’tirib, o’z ermaklarimiz bilan shug’ullanardik. Ba’zan Irena hozirgina o’zi to’qigan chiroyli chechak naqshlarini menga ko’rsatar, “Buni qara, xuddi sebargga o’xshaydi!” deb zavqlanardi.
Men esam, o’z yo’sinimda, olis mamalakatlar, masalan, Belьgiyaning Eypen-Malmedi bo’lgasi manzarasi tushirilgan markani qo’liga tutqazib, u yerlar ajoyibotlaridan so’zlab berardim. Asta-sekin tor makondagi ziq bu turmushga ham ko’nikib, ortiqcha xayollarga berlmay qo’ydik. Orzu-o’ylarsiz ham kun kechirsa bo’ladi-ku axir.

(Har safar Irena uyqusida bosinqiragan paytlari men ham cho’chib uyg’onib ketardim va ancha vaqtgacha uxlolmay chiqardim. Tushlarning allaqaysi teran puchmoqlaridan debocha olib, qay bir ma’bud haykaliga mansub va yo inson ovoziga zo’r berib taqlid qilayotgan to’tiqush g’arg’arasiga o’xshash bu saslar meni rostdan cho’chitar edi. Bir safar Irena mening o’zim ham aloq-chaloq tush ta’sirida sarosimaga tushib, hayqirgan ko’yi ustimdagi yopinchiqni har taraf uloqtirib tashlaganimni aytib berdi. Yotoqlarimiz o’rtasida mehmonxona bo’lsa-da, tunlari nafas olishimizni, xo’rsiniq va yo’tallarimizni bemalol tinglab, chiroqqa cho’zilgan qo’llarimiz harakatini ham sezib, bedor yotardik.

Uydagi sukunatni o’zimizdan boshqa birov buzmas, kun bo’yi oshxonada kuymalanishimiz ovozi-yu Irena qo’lidagi to’quv simlarining o’zaro teginib jaranglashi va pochta markalari tadqiqiga mukkasidan ketgan mening alьbom sahifalarini varaqlashimdan hosil saslargina eshitilardi. Hammomda cho’milayotgan paytlari Irenaning jarangdor alla qo’shig’i atrofga baralla taralar, narigi tomondagilar biz borligimizni bilsin, degan tusmolda atay qilarmidik, bilmadim, ammo oshxonada biror yegulik hozirlayotib, bor ovozda gaplashar, idish-tovoqlarni taraqlatib, mavrid-bemavrid xandon otib kulganimiz kulgan edi. Ammo baribir, o’zim payqamagan holda, o’rtadagi eshikka o’g’rincha ko’z tashlab qo’yardim. Ikkimiz ham o’z yotog’imizga kirgach esa uydagi saslar tinib, hammayoq suv quygandek jimjit bo’lib qolar, bir-birimizga halal bermaslik uchun oyoq uchida bildirmay yura boshlardik.)

Hodisalar xotimasi muhim bo’lmaganida bularning barini yozib o’tirishga hojat yo’q edi. Qay bir oqshom, yotishdan oldin suv ichgim keldi. Irenaning yotog’idan chiqayotib, oshxona yoki hammom tarafdan g’alati saslarni eshitdim. Haliyam nimcha to’qib o’tirgan singlim taraddudlanib qolganimni ko’rib, bir so’z demay yonimga keldi. Ikkimiz ham diqqat bilan o’sha tarafga quloq sola boshladik. Shovqin tambalangan eshik ortidan emas, aynan yo’lakdan – shundoq ro’paramizdan kelayotganiga shubhamiz qolmadi.
Men shu zahoti Irenaning qo’llaridan tutdim-da, hech qayoqqa qaramay ortga yugurdim. Dahlizga o’tib, eshikni mahkam yopdim.

— Bu tarafni ham egallab olishdi, — dedi singlim ma’yuslanib. Chuvalashib yotgan kalava eshik ortida qolganini payqagan Irena qo’lidagi ishini beparvogina yerga tashladi.

— Biror narsa olishga ulgurmadingmi? – dedim.
— Hech narsa. – dedi u ham.

Egnimizda bori bilan qolib ketdik. Jovonimda o’n besh ming peso pulim borligini esladim, ammo endi kech edi. Qo’limda qolgan soat millari kechki o’n birni ko’rsatardi. Singlimni asta yelkasidan quchib (adashmasam, piq-piq yig’lar edi u), uyni tark etdik. Birdan xo’rligim keldi. So’nggi eshikka ham qulf solib, kalitni oqova ariqqa uloqtirdim. Bu ishimdan o’zimning kulgum qistadi. Bu mahalda kim ham o’g’rilikka tushardi, buning ustiga, uy allaqachon ishg’ol qilingan bo’lsa.

Asliyatdan Sharifjon Ahmad tarjimasi

Manba: Sharifjon Ahmedovning feysbukdagi sahifasidan olindi.

045

(Tashriflar: umumiy 443, bugungi 1)

Izoh qoldiring