Xurshid Davron. Ulug’bekning qasosi & Osmonda quyosh yo’q edi…

032 27 октябр — Мирзо Улуғбек хотираси куни

   Мирзо Улуғбек бир неча дақиқадан кейин ўлишини сезди. Хотиралар чақмоқ ёруғида кўринган тасвирлар каби, ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўта бошлади. Бу хотираларнинг ҳаммаси онгу шуурида ҳеч қандай туйғу уйғотмасдан, учиб ўтарди. 

Хуршид Даврон
УЛУҒБЕКНИНГ ҚАСОСИ
(1449 йил 27 октябрь)
01

Учар қора айғирлар… Тун
сукунати синади,
мўрилардан учган тутун
совуқ тунга сингади.
Кўзлари қон билан тўлиб
учиб борар ўн сарбоз.
Отлар туёғида куйлар
эзилган ўт беовоз.
Самарқанднинг миноралари
кўзин узмай ўн отдан,
кузатади даҳшат билан
қора ўлим ортидан.
Йўл четига тисарилар
дарахтлару чорбоғлар.
Отлар билан учиб борар
қонга ташна пичоқлар.
Олисларда ўлим сасин
сезиб қолган оч бўри
увиллайди, қон мазасин
туяй деб шомдан бери.

…Мана, манзил. Отлар боғлаб
қўйилмайди. Тез! Тезроқ!
Гувиллайди тунги боғлар,
дукиллайди дил бежо.
Қўлларини қайиришар,
қўйишади сўнг боғлаб.
Дукиллайди юрак бежо,
гувиллайди чорбоғлар.
Ёнар хира фонус танҳо,
йўқдир умид, йўқ илинж
Шивирлар лаб: — Ё бисмиллоҳ…
Бош эгилар ва қилич
ой нурида ялт этару
ҳуштак чалар ҳавода.
Қон отилар… Қон оқади
тиниқ ариқ сувида.

…Қамчиларни тишда қисиб
от сурганда қотиллар,
чиқар улар йўлин тўсиб
мажақланган ўт, гуллар.
Қора уйга киргач титраб
қотиллар паноҳ излаб,
тўрт томондан уйни ўраб
ола бошлар юлдузлар.
Яширмасдан дил ларзасин
айни хира, тинч саҳар
қоронғи уй деразасин
учган юлдуз синдирар…
Беш асрким, кўкда музлаб
хоҳ қиш, хоҳ ёз, куз пайти
қотилларнинг боши узра
ой қиличдек порлайди.

1980

Хуршид Даврон
ОСМОНДА ҚУЁШ ЙЎҚ ЭДИ
075

46174_2_o.jpgҲижрий 853 йил рамазон ойининг саккизинчи куни – мелодий 1449 йил 26 октабр куни Самарқанддан чиққан кичик карвон жанубдаги тоғлар томон йўл олди. Карвоннинг ўртасида қотма гавдалик, юз-кўзидан вазмин табиатлиги сезилган, кўркам ва оппоқ юзли, соч-соқоли оқарган киши оғир ўйга ботганча кўк човкар от устида бир маромда тебранади. Аччиқ хаёлга ботган бу киши тўнғич ўгли Абдулатиф мирзо томонидан Мовароуннаҳр тахтидан соқит этилган Мирзо Улуғбек эди.

Карвон дорулсалтанатдан изоқлашиб, Дарғам ариғи ёқасидаги тепаларнинг бирига яқинлашганда, қувғинди подшоҳ отини тўхтатиб, оёғини узангидан узди. Номоз вақти етгани учун бошқалар ҳам шошилишиб оёқландилар. Карвон аҳли хазонранг тепа этагида шом намозини адо этгач, Мирзо Улуғбек Дарғам ариғи томон юрди. Бу сув баъзи ерда ҳалиям яшиллигини тўла йўқотмаган ўтлоқлар,кеч куз сариқ-алвон бўёқларини сачратган боғу роғлар оралаб оқса, бир хил жойда тошлоқ, тақир ерлардан ўтарди. Бир хил жойларда катта-кичик оқиш тепаларни тилиб ўтиб, чуқур ва ҳайбатли жарлар ҳосил қилган ва аллақайси замонларда Дарду ғам деб ном оллган, йилнинг тўрт фасли қутуриб оқадиган бу улкан ариқ соҳилида тураркан, бирдан кекса подшоҳнинг кўзлари намланиб, бўғзига аччиқ бир нидо тиқилгандек бўлди-да, алам билан пичирлади:

— Бу қандоқ ёзуғинг бўлди, Аллоҳи карим?!

Сўнг кескин ортига буриларкан, шошилиб келиб отига минди ва «чуҳ» дея ниқтади, аммо от қўзғалишга шошилмади.Жонивор эгасининг овозига эмас, юрагининг сассиз амрига бўйсунаётгандек эди. Қувғинди ота отига аямай қамчи урди. Тулпор Дарғамдан сўнг бошланган дашт ўртасини кесиб ўтган йўл бўйлаб чопиб кетди. Аммо бир фарсаҳдан сўнг эгаси яна оғир хаёлга ботганини сезгач бир маромда йўртиб кета бошлади.

Куз осмонини булут қоплаган, ҳаво нам. Қуёш мағриб томонга огган сайин салқин аччиқ изғиринга айланиб бормоқда. Дашт йўли теварагидаги қизгиш қўгайлар қовжираб қолган, шамол одам бўйи ўсган ёвшанлар, оқиш армонларни тебратади, қуриб, бандидан узилган янтоқлар думалаб узоқларга кетади. Эрта тонгда ёғиб ўтган ёмғирдан отлару хачирларнинг туёқлари ялтирайди, тўпиқларигача ҳўл.

Ҳавонинг авзойи бузилиб, тунд ва кўнгилсиз бўлиб турганига қарамай пешинда Самарқанддан чиққан карвон олис-илисдаги тоғлар этагига уланган бепоён дашт бўйлаб сокин йўл босади. Карвон аҳли ичида ҳаммани шошилтириб ғайрат қилаётган, қора қашқа от минган, мошкичири соқолли киши – қарғиш тутгур шаҳзода томонидан Мирзо Улуғбекка ҳамроҳ қилиб тайинланган Ҳожи Муҳаммад Хисрав эди. У куз куни қисқалигидан тезроқ бирор манзилга етиб олишга ҳаракат қилар экан, йироқдаги тоғларнинг қор босиб оқарган чўққиларига қуюқ қора булутлар қўнаётганини безовталаниб кузатарди. Хиёл вақт ўтмай ўша булутлар кўпайиб, силжиб, ёйилиб, кўк саҳнининг бир томонини қоплаб олди. Бир лаҳзада чор атроф хиралашди.

Карвондан анча орқада, кўз қараши етмас масофада беш-олти отлиқ қора бўлиб от йўрттириб боради. Баъзан яқинлашиб қилганларини пайқаб, кўзга кўринмаслик учун тепаликлар панасида бекинишар, ортда қолганда отларини аямай қамчилашади. Бу гуруҳ аслида иккига бўлинган, икки отлиқ ҳамиша бир-биридан орқада қолмай ёнма-ён ҳаракат қилишса, бошқалари улардан бироз орқароқда от чоптиришади.

Ҳожи Муҳаммад Хисрав отини қичаб бориб, Мирзо Улуғбек олдига етганда тўхтатди.

-Аълоҳазрат, тун қўнмасдан бир манзилга етсак.
— Маъқул, — деб билинар-билинмас бош силкиди Мирзо Улуғбек.

Улар ёнма-ён кета бошладилар. Анча вақтдан кейин орадаги сукунатни Мирзо Улуғбек бузди. У ичидаги тўфонни юз-кўзида зоҳир қилмай, хотиржамлик билан ҳожидан аввалги ҳаж сафарлари хусусида суриштира бошлади. Ҳожи ҳикоясини тугатолмади, орқадан подшоҳнинг махсус нишонини кўтариб, от қўйиб келаётган суворийни кўриб, юрагига ғулғула тушди. Отлиқ Абдуллатиф мирзо билан бирга Балхдан келган сулдуз қавмига мансуб навкарлардан бири эди. Елкасига юкланган вазифани бажариш мақсадида отини аямай чоптирган чопар йигит юз-кўзидан қора тер қуйиларди. Ҳожи навкарга яқинлашиб:

— Хўш, нима гап ўзи? – деб сўради.

Чопар айтадиган гапини бошқалар эшитишини истамади, шекилли, ҳожига яқинлашиб шивирлади:

_ Аълоҳазратларини бирон ободон ерга олиб бориб, ўша жойда кутишингиз буюрилди. Мирзо Улуғбек подшоҳ падари эрур, шул сабабдин ул зоти олийларининг сафари ҳам турку тожикни ҳайрон қилотурғон тарзда, зўр дабдаба бирлан кечмоги лозим, бунга тайёргарлик эрса ҳали поёнига етишмағондур.

Ҳожи кутилмаган бу ҳодисадан ажабланиб, нима дейишини билмай, бир дам чопар йигит юзига синовчан тикилди. Йигит эса ҳожининг кўнглига шубҳа солганини сезиб, баланд овоз билан таъкидлади:

— Подшоҳимизнинг амру фармонлари шу!
Табиатан ҳуркак Муҳаммад Хисрав шошиғич қўлини кўксига қўйди:
— Фармони олийлари бош устимизда!

Чопарга шу гапни эшитиш кифоя эди, чамаси, отининг бошини орқага бурди-ю, Самарқанд томонга ўқдай учиб кетди. Тонгги ёмғир нами сақланганига қарамай суворий ортидан кўтарилган чангу тўзон ва унинг қўлидаги нишонннинг ҳилпираши оқшом ёруғида чиройли кўринди.

Ҳожининг ўйга ботиб қолганини кўрган Мирзо Улуғбек унга яқинлашиб: «Хўш, ҳожи, чопарни нечун йўллабдурлар?» – деб сўради. Ҳожи ўртада бўлган гапни айтиб бераркан, қувғинди подшоҳ ялт этиб чопар от чоптириб кетган томонга қаради. Унинг кўзлари ғалати чақнаганини кўрган ҳожининг кўнглидаги шубҳа баттар кучайди. Бутун вужуди музлагандек бўлди, аммо ҳаяжонини сездирмай, Мирзо Улугбек нима дейишини кутди. Сўнгги ойларда уз берган аламли воқеалар боис – тахтсизлиги эмас,бахтсизлиги юрагинин адо этган,шундан бўлса керак бир пасда қартайиб қолган қувғинди ота қадди-қомати эгилганича, ҳамон Самарқанд тарафга тикилиб турар, унинг кўнглига ҳам шубҳа оралаган, бу шубҳа совуқ ва қўрқинчли эди.

Бесаранжом ҳожи ниҳоят огиз очди:
— Аълоҳазрат нима буюрадилар?

Мирзо Улугбек ҳамроҳига бир зум «Сен ҳамма гапни биласан! Улар билан тилинг бир!» — дегандек диққат билан тикилди. Ҳожи баттар бесаранжомланиб, ўзини қаерга қўйишни билмай қолди. Ниҳоят, Мирзо Улуғбек маҳзун пичирлади:
— Билганингизни қилинг, тақсир.

Карвон яна йўлга тушди. Ярим соат ўтар-ўтмай, улар йўл устидаги Дарғамдан ажралиб чиққан Оби Сабуҳ ариқъи ёқасида жойлашган кичик бир қўрғонга етдилар. Шу ерда тўхташ маъқул топилди.

Мирзо Улуғбек отдан тушди ва оёғи увишиб қолганидан сал оқсаб қўрғон ичкарисига қараб юрди. Қўрғон дарвозасидан ўн-ўн икки яшар бола югуриб чиқди ва юлдуздек чақноқ, чаросдек қоп-қора кўзларини таажжуб билан келувчиларга тикди.

— Чоп, отангни чақир! – деди буйруқ оҳангида Ҳожи Муҳаммад Хисрав оқшом салқинидан жунжикиб тураркан.

Дорулсалтанат теварагида қурилган подшҳликка тобе катта-кичик қалъалардан бўлган қўрғоннинг эгаси – кекса мингбоши заррин енгли эски тўнини елкасига ташлаб, ярим тунда уни безовта қилган одамлар ташрифидан бироз ваҳимага тушганича карвон аҳлига пешвоз чиқди. Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон замонида тикланган бу қўрғон вақт ўтиб хароб бир аҳволга келган бўлса-да, ойма-ой оладиган маоши миқдори мунтазам камайиб бораётганига қарамай қўргон эгаси бировга арз қилишга қўрқар, ярим харобага айланган қўрғон учун жавобгарлигини бир зум ҳам унутмай кун кечирарди. Ҳозир олдида турган кичик чоғлик карвон аҳли тасодифий йўловчилар ёки савдогарлар эмас, подшоҳлик одамлари эканини билгач, бу одамларга бошпана бериш бахтига мушарраф бўлишидан қувониб кетди. Карвон аҳли билан бир бошдан кўриша бошлаган кекса мингбоши Мирзо Улуғбекка рўпара бўлганда қувончини унитиб, даг-даг титраб, тўхтаб қолди. Йигитлигида ҳазрати Соҳибқирон лашкарида марди майдонлик қилган қариянинг сўзлашга тили айланмас эди.

— Ҳа, тақсир, сизга нима бўлди? – деди Мирзо Улуғбек унинг даҳшатга тушиши сабабини билса ҳам.

Кекса мингбоши шаҳзода ўғил билан подшоҳ ота ўртасида бўлиб ўтган машюм можаролардан яхши хабардор, кечагина қулоғига сўнгги миш-мишлар ҳам етган: Мирзо Улуғбек тахтдан соқит этилиб, шаҳзода Абдуллатиф оқ кигизга ўтқазилган эмиш… Шу сабабдан қўрғон эгаси қаршисидаги собиқ ҳукмдорга га қандай муомалада бўлишни билмай ҳангу манг эди. Ниҳоят, у титроқ ва ҳаяжонли бир товуш билан:

— Марҳамат, аълоҳазрат, марҳамат! – дея соҳибқирон набирасига таъзим қилди-да, ўзини четга олди. Сўнг қўрғон бурчагидаги оиласи билан яшаган уйга кираркан, эшикни ёпиб, занжирни зулфинга илди. Шу-шу қорасини кўрсатмади.

Қўрғон ҳовлисидаги устунларга машъалалар ўрнатилгач, хачирлардан юклар туширилиб қўрғон ўртасидаги бино айвони бурчагида тахланди. Мирзо Улугбек билан Ҳожи Муҳаммад Хисрав айвондан қоп-қоронғи даҳлиз ичкарисига ўтиб, тўрдаги хонага ўрнашдилар.

Хона совуқ эди. Неча ўн йиллардан бери одам нафаси иситмаган, ғурбатга чўккан кулбанинг ҳар бурчагида шамгин қоронғилик ҳукм суради. Тўрт томон деворининг сувоғи тўкилган. Қоронги гўрдек зах уйнинг бир бирчагида хунук ясалган ўчоқ бор, холос. Кўҳна кулбанинг тешик-тешигидан изиллаб шамол уриб, бошпанани музлатиб юборган. Йўл бўйи совуқдан қотиб, титраб-қақшаб келган Ҳожи Муҳаммад тонггача бу ерда исинолмай, дилдираб ўтиришини тасаввур қилар экан, йўлга кечикиб чиққанларидан пушаймон эди.

Мирзо Улуғбек сувсар пўстинини кийди. Сўнг мулозимлар шоша-пиша ёзган чоғроққина гилам устига тўшалган кўрпачалардан бирига ўтириб, болишга ёнбошлади. Юрагида сирқираган оғриқ азоби нечоғли кучли бўлмасин, у ўзини хотиржам тутишга уринарди. Кекса подшоҳ толиққан кўзини юмди. Ўша лаҳза ўнгида мунгли кўзлари жиққа ёшга тўлган суюкли қизи Робиа Султонбегим кўринди. «Мени ташлаб кетманг, отажон!» деб бақирарди қизи…

Оҳиста-оҳиста қадам босиб мулозимларнинг бири кирди. У қўлида қумғон билан тос кўтарган эди. Мулозим тосни Мирзо Улуғбек олдига қўйди. Ҳамон оғир ўйлар ичида қолган бечора ота енгларини шимариб қўлларини муздек шаффоф сувга тутди. Кетма-кет кирган бошқа мулозим дастурхон ёзиб, таом келтирди. Мирзо Улуғбек билан Ҳожи Муҳаммад Хисрав таомга яқин силжидилар. Улар таом билан машғул эканлар, пойгакда ўтириб олган бола чақноқ кўзларини Мирзо Улуғбекдан олмай таажжуб билан боқар, гоҳ мирзо, гоҳ ҳожининг уни овқатга даъват қилганларини эшитмагандек, кулиб турарди.

Мирзо Улуғбек икки-уч бурда нон билан уч-тўрт бурда қовурдоқдан еди, кейин бироз асалдан олиб, нонга сурди-да, болага узатди. Бола уялганидан ирғиб туриб хонадан чиқиб кетди.
Ниҳоят қорни тўйган ҳожи кўзларини юмиб,қўлларини юқорига кўтариб, фотиҳа ўқиди. Мирзо Улуғбек чордона қуриб ўтирган кўйи кўзларини ҳожига тикди. Ҳожи, насиб бўлса, эртага тонгда дорулсалтанадан навкарлар қўриқлаган ҳашаматли карвон етиб келиши, ана ўшанда йўл ҳам тез униши ҳақида сўзлаётган эди. Мирзо Улуғбек эшик томонга қараб-қараб қўяр, ташқаридан эшитилаётган овозларга қулоқ солиб, ҳожининг сўзларини паришон ҳолда тингларди. У сувсар пўстин кийганига қарамай, бадани жунжикаётганини сезди. Аммо бу салқинданми, ичида ғимирлаган совуқ шубҳаларданми, билмасди.

Эшик ғийқиллаб очилиб, мулозим дастурхон йиғиштиришга кирганда, Мирзо Улуғбек унга хона ўртасидаги ўчоққа ўт қалашни буюрди. Дам ўтмай икки навкар бу юмушга тутиндилар, ўтни катта қилиб ёқдилар. Подшоҳ ўчоққа яқинлашиб, гуркираб турган гулханга тикилди. Гулхан ёнида тинч-хотиржам бўлиб кўринган бу одам юрагида оламга даҳшат солгулик бир тўфон ҳоким эди. «Нима гуноҳим бор эканки, бу жафолар бошимга келди?» – деб ўйларди гулхан ёнида турган одам.

dun7hmg9mzw.jpgУнинг беш ўғлидан иккитасигина омон қолди. Қолганлари эрта ўлиб кетди. Тирик қолган ўғилларининг тўнғичи Абдуллатиф бибиси Гавҳаршодбегим қаргоҳида тарбияланди. Маликадаги такаббурлик, ҳамма ишда бош-қош бўлишга интилиш, серзардалик шаҳзода табиатига кўчди. Йиллар ўтиб, серзардалик қўполликка, такаббурлик манманликка,манманлик тожу тахтга тезроқ эга бўлиш ҳирсига айланди. Бобоси Шоҳруҳ мирзо оламдан ўтганда, бибисининг алдовига учди. Гавҳаршобегимнинг: «Тожу тахтга отанг эмас, мен муносибсан!» – деб қулоғига қуйган гапларига ишониб, босар-тусарини билмай қолди. Кейин эса бибиси уни лақиллатиб алдаганини – тожи тахтни Абдуллатифга муносиб кўрмай, Ҳиротда қолган,ундан-да суюклироқ набираси Алоуддавлани фурсатни бой бермасдан тахтни эгаллашга даъват қилганидан хабар топди. Аччиқланган шаҳзода кекса бибисини тутқун этди. Аммо тез орада Алоуддавлага бас келолмай ўзи тутқун бўлди. Ихтиёриддин қалъасида зиндонбанд этилди. Шу воқеа туфайли тожу тахтнинг шаръий вориси бўлмиш Мирзо Улугбек ҳокимият учун курашишдан воз кечиб, ўғлини қутқаришга уринди. Ўртада сулҳ тузулиб,Алоуддавла Абдуллатифни зиндондан озод қилди.

Ҳибсдан бўшаган ўғли билан илк учрашуви ҳамон ёдида: ўшанда ўғли отидан сакраб тушди-да, қучоғини ёзганича отасига қараб югурган эди. У ҳам қучоғини ёзганча бориб, Абдуллатифни бағрига босди. Қаттиқ қучоқлаб туриб, юзидан, кўзларидан ўпди, анчагача багридан бўшатмади. Ота билан фарзанд ўртасида, мана шу соғинчли қучоқдан бошқа бир оғиз сўз бўлмади. Ўғлини анча вақтгача кўксига босиб туриб бўшатганда, ота-боланинг оппоқ юзлари ҳаяжондан баттар оқарган, кўзлари сезилар-сезилмас намланган эди.

Ўшанда тўнгич ўғлига тикилганича атрофдаги оламни англай олмай, бир нафас эсанкираб қолгани ҳам ёдида. Йигирма ёшга тўлай деб турган ўғли – новча бўйлик, қирра бурунлик, лаблари ғоят нафис,сабза мўйлови ғоят ярашган Абдуллатиф мирзо ота назарида ҳамон ёш бола cингари эди.

Ота фарзандининг эсон-омон қайтганидан беҳад қувонди. Ўғлини ёнига ўтқазиб узоқ суҳбатлашди. Ихтиёриддин қалаъсида чеккан азоблари ҳикоясини алам билан эшитди, фарзандининг ҳижил кўнглини тасаллилар билан кўтарди. Суҳбат сўнгида Алоуддавла билан тузилган сулҳга кўра Мовароуннаҳр тасарруфига ўтган Балх мулкини Абдуллатифга суюрғол қилгажагини маълум қилди.

Аммо кўп ўтмай ноқобил ўғил юзсизлик қилиб туз ҳақини,фарзандлик бурчини унутиб отасига қарши исён бошлади, туққан отаси тирик туриб тахтни зўрлик билан тортиб олди.Падарини салтанатни пароканда этишда,ҳукмдорлик қилишга ноқобилликда айблади.Отасидан норози кимсалар бошини бириктириб,уни тўрт томондан талаттирди. Бу ҳам камлик қилгандай кекса отасини ҳажга юбориш баҳонаси билан юртдан бадарга қилишни мақсад этди.

Отанинг кўз ўнгида ўғлининг кибрли юзи кўринди. «Падари бузрук, — деди Абдуллатиф сўнгги учрашув пайтида уятсиз кўзларини унга қадаб, — жуда толиқибсиз, сал дам олиб Макка-Мадинага бориб, Каъбани зиёрат қилиб келмайсизми? Бу бевафо дунёнинг ташвишини қўйиб охиратни ўйлайдиган ёшдасиз! Қайтиб келганингиздан сўнг қолган гапларни бамайлихотир кенгашмайсизми, падари бузрук?!» Шаҳзоданинг теварагида ўтирган аркони давлат янги ҳукмдорнинг шундай дейишини олдиндан кутиб турганларини Улуғбек сезди. Бошидан бахт қуши учиб кетган подшоҳлар тарки дунё қилиб, Маккага – ҳажга кетиши, буни рад этганлар эса ўлим топиши ҳам одат тусига кириб қолганидан у яхши хабардор эди. Ўшанда ўғлининг тиғдек совуқ сўзларини эшитиб, ранги бўздай оқариб, узоқ вақт ерга тикилиб қолгани ҳозир ҳам шундоқ ёдида.Айнан ўша лаҳза шу пайтгача назардан қочирган ҳақиқатни –қалқиб чиққан машъум воқеаларнинг юз беришида ўзининг ҳам айби борлигини англаб.юрак-бағрида кучли оғриқ пайдо бўлган эди.

Кенжа ўғли шаҳзода Абдуллазиз мирзо нимжон туғилди. Шу сабабданми, ёким бироз муддат аввал ўн икки яшар ўғли Абдураҳмон мирзо бевақт вафот қилганиданми, мана шу кенға ўғлига кўпроқ меҳрибон бўлди. Шу боис Абдулазиз талтайиброқ ўсди. Ота эса ўз меҳрини ортиқ қилаверди. Ҳатто Тарноб жангида Алоуддавла устидан қозонган ғалабасини ҳам бу жангда жонбозлик қилган Абдуллатифнинг эмас, кенжасининг номи билан боғлаб, фатҳномани Абдуллазизнинг номига ёздирди. Бундан норози бўлган тўнғич шаҳзода ёвбошлик йўлига кирди.
Абдуллатиф мирзо отасига ўхшаб илмга иштиёқманд, айниқса илми фалакка кўнгил қўйган эди. Кенжаси эса илмга бепарво ўсди. Отасидан унга ёлғиз мусиқага бўлган меҳр юқди. У танбурни шундай берилиб чалардики, юзлари ловиллаб қизариб кетарди. Хиёл қирра бурни, юпқа лаблари, қаламдек чизилган ингичка, қоп-қора қошларига қараб Абдуллазизни Самарқанднинг энг гўзал йигити дейиш мумкин. Бироқ суюклари нозик,жуссаси заиф.Бу кенжасининг касалманд ўсганидан эди.Абдуллатиф — шиддатли,Абдулазиз – тантиқ,Абдулатиф – бешафқат,Абдулазиз – иродасиз бўлиб улғайганини кеч англади.Амо аччиқ ҳақиқат шунда эдики,тўнғичининг шидданкорлиги ва бешафқатлиги аркони давлатнинг кўпларига маъқул келган бўлса,кенжа шаҳзоданинг маишатпарастлиги, эътиборли амирлар ҳарамига очиқдан-очиқ кўз олайтириши Мирзо Улуғбекнинг душманларини кўпайтирди, ота шаънига доғ туширди.

Ҳозир Абдуллатиф ўз инисини ҳам зиндонбанд қилган. Аммо оқпадар мирзо шу билан тўхтаб қолармикан, отасини бадарға қилган бу юзсиз ўз биродарини ундан-да баттар жазога дучор қилмасмикан?!

Бахтиқаро отанинг ғазаби ўт олиб, ҳамияти жўш уриб қизишди. Баногоҳ Самарқандни тарк этиш арафасида кўрган тушини эслади.

Тушида бепоён саҳрода ўзини ёлғиз турган ҳолда кўрди. Чор атрофини қоронғилик босган. Шомми, тунми номаълум эди. Фақат зим-зиё зулумот ичида ёлғиз турар, осмонда на қуёш, на ой, на юлдузлар бор экан…

Тасодифан ўчоқдан учган учқун Мирзо Улуғбек пўстинининг пешига тушди ва унинг бир четини куйдира бошлади. Оғир ўйга ботган ҳолда турган аламзада ота анча вақтгача буни сезмади. Сезди-ю, уни енги билан уриб ўчирди. Кейин ўчоқдаги оловга тикиларкан:

— Аҳвол не эканини сен ҳам билдингми?! — деб пичирлади.

Шу воқеа сабаб бўлдими, Мирзо Улуғбекнинг кайфияти тамом бузилди, оғир-оғир тин олиб, изтироб аралаш нималарнидир пичирлай бошлади. Анча вақт шу ҳолда хонада у ёқ-бу ёққа юрди. Сўнг бўзрайиб ўтирган ҳожига яқинлашиб, маҳзун товуш билан сўради:

— Мирзо Абдуллазиз омонму экан? Балки уни қатлга еткурмадиларми? Бирор гапни билсангиз айтинг,тақсир!

Муҳаммад Хисрав бахтиқаро отага тасаллилар бериб, юпутишга уринди. У Абдуллатиф мирзо ҳеч қачон ўз биродари жонига қасд қилмаяжагини гапирди. Гапирарди-ю, ичини шубҳа кемирарди. Хонада ўтирган бу икки одам Абдуллатиф мирзо аллақачон қонли ишга қўл ургани, икки кун аввал, ҳали отаси Самарқандни тарк этмаган бир маҳалда, Кўксаройда яширин тарзда ўз инисини қатл эттирганидан бехабар эдилар.

Худди шу пайтда дорулсалтанадан йўлга чиққан ўлим элчилари улар тўхтаган қўрғонга яқинлашиб қолганидан ҳам воқиф эмасдилар.

Муҳаммад Хисрав ҳаж сафарига чиқиш олдидан Абдуллатиф мирзо уни ўз даргоҳига чорлагани, унга таҳдидона сўзлагани ҳақида ўйларди. «Менга қара, ҳожи, агар падаримиз йўлда салтанатга зид бирор ёмонлик ўйласа, ё бизга қарши жанг қилмоқ учун бирор манзилга қочса, сен бу ҳақда билиб туриб, бизга хабар бермасанг, ё олдини олмасанг, мендан қутилишни ўйлама, ер тагидан бўлса ҳам топиб каллангни оламан. Мен Тангри таоло ишини қилиб юрибман, ҳеч ким менга ҳалақит бериши мумкин эмас. Уқдингму, ҳожи?» – деган эди ўшанда шаҳзода уйқусизликдан қизарган кўзларини чақчайтириб.Ичи даҳшатдан музлаган ҳожи қаерда ва кимнинг олдида турганини унутиб:

— Худойимнинг ўзи сақласин, — деб шивирлаганини билмай қолди..

Худди шу палла бола аллақачон ширин уйқу оғушида эди. У туш кўрарди. Тушида қандайдир баджаҳл кимсалар гуллаб турган олмани камондан ўққа тутишди. Кетма-кет узилаётган новаклар зарбидан гулбарглар дув-дув ерга тўкиларди. Дам ўтмай олма шохлари яп-ялангоч бўлиб қолди. Энди баджаҳл кимсалар юлдузларга ўқ уза бошладилар. Осмондан қон томчилай бошлади. Боягина ерга тўкилган гулбарглар сап-сариқ хазонга айланган, қон мана шу баргихазон устига томчилаб, уларни алвон рангга бўярди. Кейин бирдан қоп-қора қиёфали отлиқ пайдо бўлди. У қўлидаги дудама қилич билан дарахт томонга бостириб борди. Сўнг қиличини зарб билан урди, дарахт «қарс» этиб, ерга ағанади. Бола дарахтнинг ўз устига қулаётганини кўриб, даҳшатга тушиб, нафаси бўғзига тиқилди-ю бақириб юборди. Бақирди-ю, уйғониб кетди. Ташқаридан қўрғон дарвозасини қамчинлар дастаси билан тинимсиз ва шиддат билан ураётганлари эшитиларди…

Уйқуси ўчган Муҳаммад Хисрав билан гаплашиб ўтирган Мирзо Улуғбек ҳам бу шовқинни эшитиб, бесаранжомланди. Ҳожи ўрнидан қўзгалди.

— Яна нима бўлди? – деди у зўрға товушини чиқариб.

У ҳали гапини тугатмасдан, хона эшиги куч билан урилган зарбдан шарақлаб очилиб кетди-ю қоп-қора сумбатли,елкадор навкар кичик жуссали шериги билан ичкарига отилиб кирди. Мирзо Улуғбек бир қарашда биринчи навкарни таниди. У Абдуллатиф мирзонинг Аббос исмли эрони хос навкари эди. Аббоснинг отаси бир қанча вақт илгари Миирзо Улуғбек амри билан фирибгарликда айбланиб, қатлга етказилган эди.

Аббоснинг кўриниши важоҳатли эди. Ҳожи Хисрав орқага тисарилиб хона бурчагига тиқилиб олди. Аббосга кўзи тушиши билан унинг нима мақсадда келганини англаган Мирзо Улуғбек сапчиб ўрнидан турди. Сўнг Аббосга ташланиб, бор кучи билан унинг кўкрагига мушт туширди. Буни кутмаган Аббос орқага тисарилиб кетди, аммо унинг шериги мушукдай чаққонлик билан орқадан келиб, Мирзо Улуғбекка ёпишди. Қутириб кетган Аббос қари подшоҳни муштлай кетди. Сўнг унинг ҳолсизланиб қолганини кўргач, икковлашиб устидаги сувсар пўстинини ечиб олиб, қўлларини қайиришди.

— Бадбахтни маҳкам тут! – деб ўшқирди Аббос шеригига. – Мен арқон топиб келгаймен…

У шундай деб ташқарига отилди. Мирзо Улуғбек ортиқ қаршилик кўрсатмас, тизза чўкканича, қўллари орқасига қайрилган ҳолда, бош эгиб ўтирарди. У дастлаб қаршилик кўрсатган бўлса-да, кексалиги туфайли бу икки зўравонга бас келолмаслиги, қолаверса, бу иши бефойдалини фаҳмлаган, тақдирга тан берган эди. У бурчакда тиқилиб, дағ-дағ титраётган ҳожига ўгирилди:

— Тақсир, таҳорат олсам…

Ҳожи гаранг эди, у дастлаб қувғинди подшоҳнинг нима деганини англамагандек бақрайиб тураверди. Кейин бирдан гап нимадалигини англади-ю зўрға оёққа турди ва Мирзо Улуғбекнинг қўлларини ушлаб турган навкарга мўлтираб қаради. Навкар эса бирдан ҳеч нима демасдан Мирзо Улуғбекнинг қўлларини бўшатди. Кейин ҳожига қарата:

— Тез бўлингиз! Аббосни билмайсиз … — деди.

У шундай деб ташқарига чиқди. Ҳожи югуриб бориб эшикни занжирламоқчи бўлди. Аммо занжир узилган эди. У шалағи чиққан эшикни бир амаллаб зичлаб ёпди ва таомдан олдин мулозим келтирган қумғонни келтириб Мирзо Улуғбек олдига қўйди. Ўчоққа яқин турган қумғондаги сув илиқ эди.

Муҳаммад Хисрав бундай ишлар одатда пинҳона қилинишини, гувоҳлар қолдирилмаслигини билар, шу сабабдан Аллоҳдан ўзига омонлик тилаб ёлворарди. Таҳорат олган бахтиқаро подшоҳ қиблага юз тутиб, намоз ўқимоққа турди. Аммо эшик худди ўтган сафаргидек қаттиқ зарбадан шарақлаб очиларкан, бир табақаси узилиб ерга тушди. Арқон ушлаб олган Аббос қаҳрли кўзларини намозда турган подшоҳга тикиб, уни еб қўйгудек ўқрайганича бир муддат остонада тўхтади. Мирзо Улуғбек ўрнидан қўзғалаётганини кўриши билан ўрнидан туришга имкон бермай елкасидан босди ва жаҳлдан бўзариб бақирди:

— Ҳой, мочағар, қаердасан, келмайсанми?

Хонага шериги ҳовлиқиб кирди. Аббос шериги ёрдамида мирзонинг қўлларини орқага қайириб, маҳкам боғлади ва ташқарига судраб олиб чиқди.

Бор-йўғи бир неча соат олдин бутун осмонни эгаллаб олган булутлардан доғ ҳам қолмаган — кеча ойдин эди. Қўрғон саҳни оқариб турарди. Аммо ҳовлида бирор кимса кўринмас, карвон аҳлининг барчаси бўлаётган воқеадан даҳшатга тушиб, қаршилик кўрсатиш ўрнига, пана-панада бекиниб олган эди.

Аббос банди подшоҳни машъалалар ўрнатилган ёлғиз чинор остига олиб бориб, хазонлар устида тиз чўктирди. Мирзо Улуғбекнинг яланғоч боши ой ёругида ярақлаб турарди. Аббоснинг юрагини ўч чўғи қиздирар – олдида бош эгиб турган одамни қийнаб, азоблаб иродасини синдирмоқни истар, аммо Абдуллатиф мирзо падарига азоб берганини билса, соғ қўймаслигидан хавфсираб тинмай сўкинарди. У банди учун қийноқли лаҳзаларни чўзиш мақсадида қиличини суғиришга шошилмас, энгашганча қаршисида тиз чўкиб турган Мирзо Улуғбекнинг юзига тиржайиб тикилишдан роҳатланарди. Унинг юзида қувонч билан ғазаб аралаш акс этар, қоп-қора башараси ёвуз йиртқичга ўхшаб кўринарди. Тўсатдан унинг хаёлига бир ўй келди-ю, кўзлари сузилиб кетди. У банди подшоҳ қулоқларига паст овозда нималарнидир шивирлай бошлади. Маҳкум подшоҳ ялт этиб бошини кўтарди, лаблари титради, кўзларининг нури сўнгандек хиралашди. Кейин қаноти цинган бургутдай бир интилиб, аламангиз ҳолда хирқиради:

— Абдуллазиз!.. Болам!..

Унинг кўз ўнги қоронғилашди. Анчадан кейин кўзини очди. Кимсасиз ҳовлини, ойдин кечани ва қаршисида тиржайиб турган қоп-қора башарани кўрди. Мирзо Улуғбек бир неча дақиқадан кейин ўлишини сезди. Хотиралар чақмоқ ёруғида кўринган тасвирлар каби, ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўта бошлади. У ҳали болалигида юзини қақшол кафти билан силаган соҳибқирон бобосини, ҳали бошида мунгли аллалар айтган бибиси Сароймулкхонимни, ҳали суюкли ўғли Абдуллазизни, эрка қизи Робиа Султонбегимни кўрар, ҳали Абдуллатифнинг чақчайган башарасини, ҳали устози мавлоно Қозизоданинг меҳрибон нигоҳини,масъум шогирди Али Қушчининг ғамгин чеҳрасини кўрар эди. Бу хотираларнинг ҳаммаси онгу шуурида ҳеч қандай туйғу уйғотмасдан, учиб ўтарди. Умрнинг саноқли дақиқалари қолганини сезган онг на ғазабга, на шодликка, на ачинишга, на бирор бошқа ҳис-туйғуга ўрин қолдирмаётгандек эди.

Худди ўша лаҳза ўлимга маҳкум инсон деразадан ўзига қараб турган болага кўзи тушди-ю,қолган бор кучини тўплаб: «Болани олинг!» – деб бақирди. Аббос унинг нима деб бақирганини билмай бир зум атрофга аланглади, сўнг «Подшоҳ қўрқувдан эсдан оғди» деб ўйлади. Унинг қилич кўтарганини кўрган Мирзо Улуғбек калима келтирди ва кўз онги бирдан ёруғлашиб,осмону фалакка сонсиз-саноқсиз юлдузлар сазраганини кўрди…

Қонни кўриб кўзлари баттар телбакор чақчайган Аббос қиличини шериги қўлидаги сувсар пўстинга артди-да, чинор яқинида ўтлаб юрган отига ирғиб минди.Унинг шериги қилич қони артилган қимматбаҳо пўстинга бир дам ачиниб қараб турди-да,Аббоснинг газаб билам ўқрайганини пайқаши билан четга ирғитди. Дам ўтмай икки отлиқ қора тун қўйнига сингиб кўздан йўқолди.

Ҳовли саҳнида ҳеч ким йўқ эди. Фақат бу қонли воқеани кўриб, даҳшатдан эсанкираган бола дераза олдида қотиб турарди. Унинг кўзларида бир неча лаҳза аввал Мирзо Улуғбек кўзларида товланган маҳзун алам акс этиб турарди.

Чорак соатдан сўнг пана-панада биқиниб олган Ҳожи Муҳаммад Хисрав бошлиқ карвон аҳли қўрқув ичида бир-бирларига сиқилишиб шаҳид жасади тепасида тўпланди. Сўнг қўрққанларини билдирмаслик учун шанғиллаб гапириб, ёв босгандек шошилиб, юкларини яна хачирларга ортиб, жасадни сувсар пўстинга ўраб, хачирларнинг бирининг устига боғладилару Самарқандга қараб йўлга тушдилар.

Каллайи саҳарда шаҳид подшоҳ қони тўкилган ёлғиз чинор остидаги ерни кетмон билан қиртишлай бошлаган кекса мингбоши ўзига қараб ўтирган ўғлининг кўзларидаги мусибатни сезмагандек ёқимсиз овозда минғирлаб қўшиқ айтарди.

Атрофни қалин туман босган, ҳаво рутубатли, осмонда қуёш йўқ эди…

1995

Mirzo Ulug‘bek bir necha daqiqadan keyin o‘lishini sezdi. Xotiralar chaqmoq yorug‘ida ko‘ringan tasvirlar kabi, haddan tashqari tezlik bilan birma-bir uning xayolidan o‘ta boshladi. U hali bolaligida yuzini qaqshol kafti bilan silagan sohibqiron bobosini, hali boshida mungli allalar aytgan bibisi Saroymulkxonimni, hali suyukli o‘g‘li Abdullazizni, erka qizi Robia Sultonbegimni ko‘rar, hali Abdullatifning chaqchaygan basharasini, hali ustozi mavlono Qozizodaning mehribon nigohini,mas’um shogirdi Ali Qushchining g‘amgin chehrasini ko‘rar edi. Bu xotiralarning hammasi ongu shuurida hech qanday tuyg‘u uyg‘otmasdan, uchib o‘tardi.

Xurshid Davron
ULUG’BEKNING QASOSI
(1449 yil 27 oktyabr)
01

Uchar qora ayg’irlar… Tun
sukunati sinadi,
mo’rilardan uchgan tutun
sovuq tunga singadi.
Ko’zlari qon bilan to’lib
uchib borar o’n sarboz.
Otlar tuyog’ida kuylar
ezilgan o’t beovoz.
Samarqandning minoralari
ko’zin uzmay o’n otdan,
kuzatadi dahshat bilan
qora o’lim ortidan.
Yo’l chetiga tisarilar
daraxtlaru chorbog’lar.
Otlar bilan uchib borar
qonga tashna pichoqlar.
Olislarda o’lim sasin
sezib qolgan och bo’ri
uvillaydi, qon mazasin
tuyay deb shomdan beri.

…Mana, manzil. Otlar bog’lab
qo’yilmaydi. Tez! Tezroq!
Guvillaydi tungi bog’lar,
dukillaydi dil bejo.
Qo’llarini qayirishar,
qo’yishadi so’ng bog’lab.
Dukillaydi yurak bejo,
guvillaydi chorbog’lar.
Yonar xira fonus tanho,
yo’qdir umid, yo’q ilinj
Shivirlar lab: — YO bismilloh…
Bosh egilar va qilich
oy nurida yalt etaru
hushtak chalar havoda.
Qon otilar… Qon oqadi
tiniq ariq suvida.

…Qamchilarni tishda qisib
ot surganda qotillar,
chiqar ular yo’lin to’sib
majaqlangan o’t, gullar.
Qora uyga kirgach titrab
qotillar panoh izlab,
to’rt tomondan uyni o’rab
ola boshlar yulduzlar.
Yashirmasdan dil larzasin
ayni xira, tinch sahar
qorong’i uy derazasin
uchgan yulduz sindirar…
Besh asrkim, ko’kda muzlab
xoh qish, xoh yoz, kuz payti
qotillarning boshi uzra
oy qilichdek porlaydi.

1980

 Xurshid Davron
OSMONDA QUYOSH YO’Q EDI
075

46174_1_o.jpgHijriy 853 yil ramazon oyining sakkizinchi kuni – melodiy 1449 yil 26 oktabr kuni Samarqanddan chiqqan kichik karvon janubdagi tog’lar tomon yo’l oldi. Karvonning o’rtasida qotma gavdalik, yuz-ko’zidan vazmin tabiatligi sezilgan, ko’rkam va oppoq yuzli, soch-soqoli oqargan kishi og’ir o’yga botgancha ko’k chovkar ot ustida bir maromda tebranadi. Achchiq xayolga botgan bu kishi to’ng’ich o’gli Abdulatif mirzo tomonidan Movarounnahr taxtidan soqit etilgan Mirzo Ulugbek edi.

Karvon dorulsaltanatdan izoqlashib, Darg’am arig’i yoqasidagi tepalarning biriga yaqinlashganda, quvg’indi podshoh otini to’xtatib, oyog’ini uzangidan uzdi. Nomoz vaqti yetgani uchun boshqalar ham shoshilishib oyoqlandilar. Karvon ahli xazonrang tepa etagida shom namozini ado etgach, Mirzo Ulug’bek Darg’am arig’i tomon yurdi. Bu suv ba’zi yerda haliyam yashilligini to’la yo’qotmagan o’tloqlar,kech kuz sariq-alvon bo’yoqlarini sachratgan bog’u rog’lar oralab oqsa, bir xil joyda toshloq, taqir yerlardan o’tardi. Bir xil joylarda katta-kichik oqish tepalarni tilib o’tib, chuqur va haybatli jarlar hosil qilgan va allaqaysi zamonlarda Dardu g’am deb nom ollgan, yilning to’rt fasli quturib oqadigan bu ulkan ariq sohilida turarkan, birdan keksa podshohning ko’zlari namlanib, bo’g’ziga achchiq bir nido tiqilgandek bo’ldi-da, alam bilan pichirladi:

— Bu qandoq yozug’ing bo’ldi, Allohi karim?!

So’ng keskin ortiga burilarkan, shoshilib kelib otiga mindi va «chuh» deya niqtadi, ammo ot qo’zg’alishga shoshilmadi.Jonivor egasining ovoziga emas, yuragining sassiz amriga bo’ysunayotgandek edi. Quvg’indi ota otiga ayamay qamchi urdi. Tulpor Darg’amdan so’ng boshlangan dasht o’rtasini kesib o’tgan yo’l bo’ylab chopib ketdi. Ammo bir farsahdan so’ng egasi yana og’ir xayolga botganini sezgach bir maromda yo’rtib keta boshladi.

Kuz osmonini bulut qoplagan, havo nam. Quyosh mag’rib tomonga oggan sayin salqin achchiq izg’iringa aylanib bormoqda. Dasht yo’li tevaragidagi qizgish qo’gaylar qovjirab qolgan, shamol odam bo’yi o’sgan yovshanlar, oqish armonlarni tebratadi, qurib, bandidan uzilgan yantoqlar dumalab uzoqlarga ketadi. Erta tongda yog’ib o’tgan yomg’irdan otlaru xachirlarning tuyoqlari yaltiraydi, to’piqlarigacha ho’l.

Havoning avzoyi buzilib, tund va ko’ngilsiz bo’lib turganiga qaramay peshinda Samarqanddan chiqqan karvon olis-ilisdagi tog’lar etagiga ulangan bepoyon dasht bo’ylab sokin yo’l bosadi. Karvon ahli ichida hammani shoshiltirib gayrat qilayotgan, qora qashqa ot mingan, moshkichiri soqolli kishi – qarg’ish tutgur shahzoda tomonidan Mirzo Ulug’bekka hamroh qilib tayinlangan Hoji Muhammad Xisrav edi. U kuz kuni qisqaligidan tezroq biror manzilga yetib olishga harakat qilar ekan, yiroqdagi tog’larning qor bosib oqargan cho’qqilariga quyuq qora bulutlar qo’nayotganini bezovtalanib kuzatardi. Xiyol vaqt o’tmay o’sha bulutlar ko’payib, siljib, yoyilib, ko’k sahnining bir tomonini qoplab oldi. Bir lahzada chor atrof xiralashdi.

Karvondan ancha orqada, ko’z qarashi yetmas masofada besh-olti otliq qora bo’lib ot yo’rttirib boradi. Ba’zan yaqinlashib qilganlarini payqab, ko’zga ko’rinmaslik uchun tepaliklar panasida bekinishar, ortda qolganda otlarini ayamay qamchilashadi. Bu guruh aslida ikkiga bo’lingan, ikki otliq hamisha bir-biridan orqada qolmay yonma-yon harakat qilishsa, boshqalari ulardan biroz orqaroqda ot choptirishadi.

Hoji Muhammad Xisrav otini qichab borib, Mirzo Ulugbek oldiga yetganda to’xtatdi.

-A’lohazrat, tun qo’nmasdan bir manzilga yetsak.
— Ma’qul, — deb bilinar-bilinmas bosh silkidi Mirzo Ulug’bek.

Ular yonma-yon keta boshladilar. Ancha vaqtdan keyin oradagi sukunatni Mirzo Ulug’bek buzdi. U ichidagi to’fonni yuz-ko’zida zohir qilmay, xotirjamlik bilan hojidan avvalgi haj safarlari xususida surishtira boshladi. Hoji hikoyasini tugatolmadi, orqadan podshohning maxsus nishonini ko’tarib, ot qo’yib kelayotgan suvoriyni ko’rib, yuragiga g’ulg’ula tushdi. Otliq Abdullatif mirzo bilan birga Balxdan kelgan sulduz qavmiga mansub navkarlardan biri edi. Yelkasiga yuklangan vazifani bajarish maqsadida otini ayamay choptirgan chopar yigit yuz-ko’zidan qora ter quyilardi. Hoji navkarga yaqinlashib:
— Xo’sh, nima gap o’zi? – deb so’radi.

Chopar aytadigan gapini boshqalar eshitishini istamadi, shekilli, hojiga yaqinlashib shivirladi:
_ A’lohazratlarini biron obodon yerga olib borib, o’sha joyda kutishingiz buyurildi. Mirzo Ulug’bek podshoh padari erur, shul sababdin ul zoti oliylarining safari ham turku tojikni hayron qiloturg’on tarzda, zo’r dabdaba birlan kechmogi lozim, bunga tayyorgarlik ersa hali poyoniga yetishmag’ondur.

Hoji kutilmagan bu hodisadan ajablanib, nima deyishini bilmay, bir dam chopar yigit yuziga sinovchan tikildi. Yigit esa hojining ko’ngliga shubha solganini sezib, baland ovoz bilan ta’kidladi:
— Podshohimizning amru farmonlari shu!

Tabiatan hurkak Muhammad Xisrav shoshig’ich qo’lini ko’ksiga qo’ydi:
— Farmoni oliylari bosh ustimizda!

Choparga shu gapni eshitish kifoya edi, chamasi, otining boshini orqaga burdi-yu, Samarqand tomonga o’qday uchib ketdi. Tonggi yomg’ir nami saqlanganiga qaramay suvoriy ortidan ko’tarilgan changu to’zon va uning qo’lidagi nishonnning hilpirashi oqshom yorug’ida chiroyli ko’rindi.

Hojining o’yga botib qolganini ko’rgan Mirzo Ulug’bek unga yaqinlashib: «Xo’sh, hoji, choparni nechun yo’llabdurlar?» – deb so’radi. Hoji o’rtada bo’lgan gapni aytib berarkan, quvg’indi podshoh yalt etib chopar ot choptirib ketgan tomonga qaradi. Uning ko’zlari g’alati chaqnaganini ko’rgan hojining ko’nglidagi shubha battar kuchaydi. Butun vujudi muzlagandek bo’ldi, ammo hayajonini sezdirmay, Mirzo Ulugbek nima deyishini kutdi. So’nggi oylarda uz bergan alamli voqealar bois – taxtsizligi emas,baxtsizligi yuraginin ado etgan,shundan bo’lsa kerak bir pasda qartayib qolgan quvg’indi ota qaddi-qomati egilganicha, hamon Samarqand tarafga tikilib turar, uning ko’ngliga ham shubha oralagan, bu shubha sovuq va qo’rqinchli edi.

Besaranjom hoji nihoyat ogiz ochdi:
— A’lohazrat nima buyuradilar?

Mirzo Ulugbek hamrohiga bir zum «Sen hamma gapni bilasan! Ular bilan tiling bir!» — degandek diqqat bilan tikildi. Hoji battar besaranjomlanib, o’zini qayerga qo’yishni bilmay qoldi. Nihoyat, Mirzo Ulug’bek mahzun pichirladi:
— Bilganingizni qiling, taqsir.

Karvon yana yo’lga tushdi. Yarim soat o’tar-o’tmay, ular yo’l ustidagi Darg’amdan ajralib chiqqan Obi Sabuh ariq’i yoqasida joylashgan kichik bir qo’rg’onga yetdilar. Shu yerda to’xtash ma’qul topildi.

Mirzo Ulug’bek otdan tushdi va oyog’i uvishib qolganidan sal oqsab qo’rg’on ichkarisiga qarab yurdi. Qo’rg’on darvozasidan o’n-o’n ikki yashar bola yugurib chiqdi va yulduzdek chaqnoq, charosdek qop-qora ko’zlarini taajjub bilan keluvchilarga tikdi.

— Chop, otangni chaqir! – dedi buyruq ohangida Hoji Muhammad Xisrav oqshom salqinidan junjikib turarkan.

Dorulsaltanat tevaragida qurilgan podshhlikka tobe katta-kichik qal’alardan bo’lgan qo’rg’onning egasi – keksa mingboshi zarrin yengli eski to’nini yelkasiga tashlab, yarim tunda uni bezovta qilgan odamlar tashrifidan biroz vahimaga tushganicha karvon ahliga peshvoz chiqdi. Sohibqiron Amir Temur Ko’ragon zamonida tiklangan bu qo’rg’on vaqt o’tib xarob bir ahvolga kelgan bo’lsa-da, oyma-oy oladigan maoshi miqdori muntazam kamayib borayotganiga qaramay qo’rgon egasi birovga arz qilishga qo’rqar, yarim xarobaga aylangan qo’rg’on uchun javobgarligini bir zum ham unutmay kun kechirardi. Hozir oldida turgan kichik chog’lik karvon ahli tasodifiy yo’lovchilar yoki savdogarlar emas, podshohlik odamlari ekanini bilgach, bu odamlarga boshpana berish baxtiga musharraf bo’lishidan quvonib ketdi. Karvon ahli bilan bir boshdan ko’risha boshlagan keksa mingboshi Mirzo Ulug’bekka ro’para bo’lganda quvonchini unitib, dag-dag titrab, to’xtab qoldi. Yigitligida hazrati Sohibqiron lashkarida mardi maydonlik qilgan qariyaning so’zlashga tili aylanmas edi.

— Ha, taqsir, sizga nima bo’ldi? – dedi Mirzo Ulug’bek uning dahshatga tushishi sababini bilsa ham.
Keksa mingboshi shahzoda o’g’il bilan podshoh ota o’rtasida bo’lib o’tgan mashyum mojarolardan yaxshi xabardor, kechagina qulog’iga so’nggi mish-mishlar ham yetgan: Mirzo Ulug’bek taxtdan soqit etilib, shahzoda Abdullatif oq kigizga o’tqazilgan emish… Shu sababdan qo’rg’on egasi qarshisidagi sobiq hukmdorga ga qanday muomalada bo’lishni bilmay hangu mang edi. Nihoyat, u titroq va hayajonli bir tovush bilan:

— Marhamat, a’lohzrat, marhamat! – deya sohibqiron nabirasiga ta’zim qildi-da, o’zini chetga oldi. So’ng qo’rg’on burchagidagi oilasi bilan yashagan uyga kirarkan, eshikni yopib, zanjirni zulfinga ildi. Shu-shu qorasini ko’rsatmadi.

Qo’rg’on hovlisidagi ustunlarga mash’alalar o’rnatilgach, xachirlardan yuklar tushirilib qo’rg’on o’rtasidagi bino ayvoni burchagida taxlandi. Mirzo Ulugbek bilan Hoji Muhammad Xisrav ayvondan qop-qorong’i dahliz ichkarisiga o’tib, to’rdagi xonaga o’rnashdilar.

Xona sovuq edi. Necha o’n yillardan beri odam nafasi isitmagan, g’urbatga cho’kkan kulbaning har burchagida shamgin qorong’ilik hukm suradi. To’rt tomon devorining suvog’i to’kilgan. Qorongi go’rdek zax uyning bir birchagida xunuk yasalgan o’choq bor, xolos. Ko’hna kulbaning teshik-teshigidan izillab shamol urib, boshpanani muzlatib yuborgan. Yo’l bo’yi sovuqdan qotib, titrab-qaqshab kelgan Hoji Muhammad tonggacha bu yerda isinolmay, dildirab o’tirishini tasavvur qilar ekan, yo’lga kechikib chiqqanlaridan pushaymon edi.

Mirzo Ulug’bek suvsar po’stinini kiydi. So’ng mulozimlar shosha-pisha yozgan chog’roqqina gilam ustiga to’shalgan ko’rpachalardan biriga o’tirib, bolishga yonboshladi. Yuragida sirqiragan og’riq azobi nechog’li kuchli bo’lmasin, u o’zini xotirjam tutishga urinardi. Keksa podshoh toliqqan ko’zini yumdi. O’sha lahza o’ngida mungli ko’zlari jiqqa yoshga to’lgan suyukli qizi Robia Sultonbegim ko’rindi. «Meni tashlab ketmang, otajon!» deb baqirardi qizi…

Ohista-ohista qadam bosib mulozimlarning biri kirdi. U qo’lida qumg’on bilan tos ko’targan edi. Mulozim tosni Mirzo Ulug’bek oldiga qo’ydi. Hamon og’ir o’ylar ichida qolgan bechora ota yenglarini shimarib qo’llarini muzdek shaffof suvga tutdi. Ketma-ket kirgan boshqa mulozim dasturxon yozib, taom keltirdi. Mirzo Ulug’bek bilan Hoji Muhammad Xisrav taomga yaqin siljidilar. Ular taom bilan mashg’ul ekanlar, poygakda o’tirib olgan bola chaqnoq ko’zlarini Mirzo Ulug’bekdan olmay taajjub bilan boqar, goh mirzo, goh hojining uni ovqatga da’vat qilganlarini eshitmagandek, kulib turardi.

Mirzo Ulug’bek ikki-uch burda non bilan uch-to’rt burda qovurdoqdan yedi, keyin biroz asaldan olib, nonga surdi-da, bolaga uzatdi. Bola uyalganidan irg’ib turib xonadan chiqib ketdi.

Nihoyat qorni to’ygan hoji ko’zlarini yumib,qo’llarini yuqoriga ko’tarib, fotiha o’qidi. Mirzo Ulug’bek chordona qurib o’tirgan ko’yi ko’zlarini hojiga tikdi. Hoji, nasib bo’lsa, ertaga tongda dorulsaltanadan navkarlar qo’riqlagan hashamatli karvon yetib kelishi, ana o’shanda yo’l ham tez unishi haqida so’zlayotgan edi. Mirzo Ulug’bek eshik tomonga qarab-qarab qo’yar, tashqaridan eshitilayotgan ovozlarga quloq solib, hojining so’zlarini parishon holda tinglardi. U suvsar po’stin kiyganiga qaramay, badani junjikayotganini sezdi. Ammo bu salqindanmi, ichida g’imirlagan sovuq shubhalardanmi, bilmasdi.

Eshik g’iyqillab ochilib, mulozim dasturxon yig’ishtirishga kirganda, Mirzo Ulug’bek unga xona o’rtasidagi o’choqqa o’t qalashni buyurdi. Dam o’tmay ikki navkar bu yumushga tutindilar, o’tni katta qilib yoqdilar. Podshoh o’choqqa yaqinlashib, gurkirab turgan gulxanga tikildi. Gulxan yonida tinch-xotirjam bo’lib ko’ringan bu odam yuragida olamga dahshat solgulik bir to’fon hokim edi. «Nima gunohim bor ekanki, bu jafolar boshimga keldi?» – deb o’ylardi gulxan yonida turgan odam.

file3680538785.jpgUning besh o’g’lidan ikkitasigina omon qoldi. Qolganlari erta o’lib ketdi. Tirik qolgan o’g’illarining to’ng’ichi Abdullatif bibisi Gavharshodbegim qargohida tarbiyalandi. Malikadagi takabburlik, hamma ishda bosh-qosh bo’lishga intilish, serzardalik shahzoda tabiatiga ko’chdi. Yillar o’tib, serzardalik qo’pollikka, takabburlik manmanlikka,manmanlik toju taxtga tezroq ega bo’lish hirsiga aylandi. Bobosi Shohruh mirzo olamdan o’tganda, bibisining aldoviga uchdi. Gavharshobegimning: «Toju taxtga otang emas, men munosibsan!» – deb qulog’iga quygan gaplariga ishonib, bosar-tusarini bilmay qoldi. Keyin esa bibisi uni laqillatib aldaganini – toji taxtni Abdullatifga munosib ko’rmay, Hirotda qolgan,undan-da suyukliroq nabirasi Alouddavlani fursatni boy bermasdan taxtni egallashga da’vat qilganidan xabar topdi. Achchiqlangan shahzoda keksa bibisini tutqun etdi. Ammo tez orada Alouddavlaga bas kelolmay o’zi tutqun bo’ldi. Ixtiyoriddin qalyasida zindonband etildi. Shu voqea tufayli toju taxtning shar’iy vorisi bo’lmish Mirzo Ulugbek hokimiyat uchun kurashishdan voz kechib, o’g’lini qutqarishga urindi. O’rtada sulh tuzulib,Alouddavla Abdullatifni zindondan ozod qildi.

Hibsdan bo’shagan o’g’li bilan ilk uchrashuvi hamon yodida: o’shanda o’g’li otidan sakrab tushdi-da, quchog’ini yozganicha otasiga qarab yugurgan edi. U ham quchog’ini yozgancha borib, Abdullatifni bag’riga bosdi. Qattiq quchoqlab turib, yuzidan, ko’zlaridan o’pdi, anchagacha bagridan bo’shatmadi. Ota bilan farzand o’rtasida, mana shu sog’inchli quchoqdan boshqa bir og’iz so’z bo’lmadi. O’g’lini ancha vaqtgacha ko’ksiga bosib turib bo’shatganda, ota-bolaning oppoq yuzlari hayajondan battar oqargan, ko’zlari sezilar-sezilmas namlangan edi.

O’shanda to’ngich o’g’liga tikilganicha atrofdagi olamni anglay olmay, bir nafas esankirab qolgani ham yodida. Yigirma yoshga to’lay deb turgan o’g’li – novcha bo’ylik, qirra burunlik, lablari g’oyat nafis,sabza mo’ylovi g’oyat yarashgan Abdullatif mirzo ota nazarida hamon yosh bola singari edi.

Ota farzandining eson-omon qaytganidan behad quvondi. O’g’lini yoniga o’tqazib uzoq suhbatlashdi. Ixtiyoriddin qala’sida chekkan azoblari hikoyasini alam bilan eshitdi, farzandining hijil ko’nglini tasallilar bilan ko’tardi. Suhbat so’ngida Alouddavla bilan tuzilgan sulhga ko’ra Movarounnahr tasarrufiga o’tgan Balx mulkini Abdullatifga suyurg’ol qilgajagini ma’lum qildi.

Ammo ko’p o’tmay noqobil o’g’il yuzsizlik qilib tuz haqini,farzandlik burchini unutib otasiga qarshi isyon boshladi, tuqqan otasi tirik turib taxtni zo’rlik bilan tortib oldi.Padarini saltanatni parokanda etishda,hukmdorlik qilishga noqobillikda aybladi.Otasidan norozi kimsalar boshini biriktirib,uni to’rt tomondan talattirdi. Bu ham kamlik qilganday keksa otasini hajga yuborish bahonasi bilan yurtdan badarga qilishni maqsad etdi.

Otaning ko’z o’ngida o’g’lining kibrli yuzi ko’rindi. «Padari buzruk, — dedi Abdullatif so’nggi uchrashuv paytida uyatsiz ko’zlarini unga qadab, — juda toliqibsiz, sal dam olib Makka-Madinaga borib, Ka’bani ziyorat qilib kelmaysizmi? Bu bevafo dunyoning tashvishini qo’yib oxiratni o’ylaydigan yoshdasiz! Qaytib kelganingizdan so’ng qolgan gaplarni bamaylixotir kengashmaysizmi, padari buzruk?!» Shahzodaning tevaragida o’tirgan arkoni davlat yangi hukmdorning shunday deyishini oldindan kutib turganlarini Ulug’bek sezdi. Boshidan baxt qushi uchib ketgan podshohlar tarki dunyo qilib, Makkaga – hajga ketishi, buni rad etganlar esa o’lim topishi ham odat tusiga kirib qolganidan u yaxshi xabardor edi. O’shanda o’g’lining tig’dek sovuq so’zlarini eshitib, rangi bo’zday oqarib, uzoq vaqt yerga tikilib qolgani hozir ham shundoq yodida.Aynan o’sha lahza shu paytgacha nazardan qochirgan haqiqatni –qalqib chiqqan mash’um voqealarning yuz berishida o’zining ham aybi borligini anglab.yurak-bag’rida kuchli og’riq paydo bo’lgan edi.

Kenja o’g’li shahzoda Abdullaziz mirzo nimjon tug’ildi. Shu sababdanmi, yokim biroz muddat avval o’n ikki yashar o’g’li Abdurahmon mirzo bevaqt vafot qilganidanmi, mana shu keng’a o’g’liga ko’proq mehribon bo’ldi. Shu bois Abdulaziz taltayibroq o’sdi. Ota esa o’z mehrini ortiq qilaverdi. Hatto Tarnob jangida Alouddavla ustidan qozongan g’alabasini ham bu jangda jonbozlik qilgan Abdullatifning emas, kenjasining nomi bilan bog’lab, fathnomani Abdullazizning nomiga yozdirdi. Bundan norozi bo’lgan to’ng’ich shahzoda yovboshlik yo’liga kirdi.

Abdullatif mirzo otasiga o’xshab ilmga ishtiyoqmand, ayniqsa ilmi falakka ko’ngil qo’ygan edi. Kenjasi esa ilmga beparvo o’sdi. Otasidan unga yolg’iz musiqaga bo’lgan mehr yuqdi. U tanburni shunday berilib chalardiki, yuzlari lovillab qizarib ketardi. Xiyol qirra burni, yupqa lablari, qalamdek chizilgan ingichka, qop-qora qoshlariga qarab Abdullazizni Samarqandning eng go’zal yigiti deyish mumkin. Biroq suyuklari nozik,jussasi zaif.Bu kenjasining kasalmand o’sganidan edi.Abdullatif — shiddatli,Abdulaziz – tantiq,Abdulatif – beshafqat,Abdulaziz – irodasiz bo’lib ulg’ayganini kech angladi.Amo achchiq haqiqat shunda ediki,to’ng’ichining shiddankorligi va beshafqatligi arkoni davlatning ko’plariga ma’qul kelgan bo’lsa,kenja shahzodaning maishatparastligi, e’tiborli amirlar haramiga ochiqdan-ochiq ko’z olaytirishi Mirzo Ulug’bekning dushmanlarini ko’paytirdi, ota sha’niga dog’ tushirdi.

Hozir Abdullatif o’z inisini ham zindonband qilgan. Ammo oqpadar mirzo shu bilan to’xtab qolarmikan, otasini badarg’a qilgan bu yuzsiz o’z birodarini undan-da battar jazoga duchor qilmasmikan?!

Baxtiqaro otaning g’azabi o’t olib, hamiyati jo’sh urib qizishdi. Banogoh Samarqandni tark etish arafasida ko’rgan tushini esladi.

Tushida bepoyon sahroda o’zini yolg’iz turgan holda ko’rdi. Chor atrofini qorong’ilik bosgan. Shommi, tunmi noma’lum edi. Faqat zim-ziyo zulumot ichida yolg’iz turar, osmonda na quyosh, na oy, na yulduzlar bor ekan…

Tasodifan o’choqdan uchgan uchqun Mirzo Ulug’bek po’stinining peshiga tushdi va uning bir chetini kuydira boshladi. Og’ir o’yga botgan holda turgan alamzada ota ancha vaqtgacha buni sezmadi. Sezdi-yu, uni yengi bilan urib o’chirdi. Keyin o’choqdagi olovga tikilarkan:

— Ahvol ne ekanini sen ham bildingmi?! — deb pichirladi.

Shu voqyea sabab bo’ldimi, Mirzo Ulug’bekning kayfiyati tamom buzildi, og’ir-og’ir tin olib, iztirob aralash nimalarnidir pichirlay boshladi. Ancha vaqt shu holda xonada u yoq-bu yoqqa yurdi. So’ng bo’zrayib o’tirgan hojiga yaqinlashib, mahzun tovush bilan so’radi:

— Mirzo Abdullaziz omonmu ekan? Balki uni qatlga yetkurmadilarmi? Biror gapni bilsangiz ayting,taqsir!

Muhammad Xisrav baxtiqaro otaga tasallilar berib, yuputishga urindi. U Abdullatif mirzo hech qachon o’z birodari joniga qasd qilmayajagini gapirdi. Gapirardi-yu, ichini shubha kemirardi. Xonada o’tirgan bu ikki odam Abdullatif mirzo allaqachon qonli ishga qo’l urgani, ikki kun avval, hali otasi Samarqandni tark etmagan bir mahalda, Ko’ksaroyda yashirin tarzda o’z inisini qatl ettirganidan bexabar edilar.

Xuddi shu paytda dorulsaltanadan yo’lga chiqqan o’lim elchilari ular to’xtagan qo’rg’onga yaqinlashib qolganidan ham voqif emasdilar.

Muhammad Xisrav haj safariga chiqish oldidan Abdullatif mirzo uni o’z dargohiga chorlagani, unga tahdidona so’zlagani haqida o’ylardi. «Menga qara, hoji, agar padarimiz yo’lda saltanatga zid biror yomonlik o’ylasa, yo bizga qarshi jang qilmoq uchun biror manzilga qochsa, sen bu haqda bilib turib, bizga xabar bermasang, yo oldini olmasang, mendan qutilishni o’ylama, yer tagidan bo’lsa ham topib kallangni olaman. Men Tangri taolo ishini qilib yuribman, hech kim menga halaqit berishi mumkin emas. Uqdingmu, hoji?» – degan edi o’shanda shahzoda uyqusizlikdan qizargan ko’zlarini chaqchaytirib.Ichi dahshatdan muzlagan hoji qayerda va kimning oldida turganini unutib:

— Xudoyimning o’zi saqlasin, — deb shivirlaganini bilmay qoldi..

Xuddi shu palla bola allaqachon shirin uyqu og’ushida edi. U tush ko’rardi. Tushida qandaydir badjahl kimsalar gullab turgan olmani kamondan o’qqa tutishdi. Ketma-ket uzilayotgan novaklar zarbidan gulbarglar duv-duv yerga to’kilardi. Dam o’tmay olma shoxlari yap-yalangoch bo’lib qoldi. Endi badjahl kimsalar yulduzlarga o’q uza boshladilar. Osmondan qon tomchilay boshladi. Boyagina yerga to’kilgan gulbarglar sap-sariq xazonga aylangan, qon mana shu bargixazon ustiga tomchilab, ularni alvon rangga bo’yardi. Keyin birdan qop-qora qiyofali otliq paydo bo’ldi. U qo’lidagi dudama qilich bilan daraxt tomonga bostirib bordi. So’ng qilichini zarb bilan urdi, daraxt «qars» etib, yerga ag’anadi. Bola daraxtning o’z ustiga qulayotganini ko’rib, dahshatga tushib, nafasi bo’g’ziga tiqildi-yu baqirib yubordi. Baqirdi-yu, uyg’onib ketdi. Tashqaridan qo’rg’on darvozasini qamchinlar dastasi bilan tinimsiz va shiddat bilan urayotganlari eshitilardi…

Uyqusi o’chgan Muhammad Xisrav bilan gaplashib o’tirgan Mirzo Ulug’bek ham bu shovqinni eshitib, besaranjomlandi. Hoji o’rnidan qo’zgaldi.
— Yana nima bo’ldi? – dedi u zo’rg’a tovushini chiqarib.

U hali gapini tugatmasdan, xona eshigi kuch bilan urilgan zarbdan sharaqlab ochilib ketdi-yu qop-qora sumbatli,yelkador navkar kichik jussali sherigi bilan ichkariga otilib kirdi. Mirzo Ulug’bek bir qarashda birinchi navkarni tanidi. U Abdullatif mirzoning Abbos ismli eroni xos navkari edi. Abbosning otasi bir qancha vaqt ilgari Miirzo Ulug’bek amri bilan firibgarlikda ayblanib, qatlga yetkazilgan edi.

Abbosning ko’rinishi vajohatli edi. Hoji Xisrav orqaga tisarilib xona burchagiga tiqilib oldi. Abbosga ko’zi tushishi bilan uning nima maqsadda kelganini anglagan Mirzo Ulug’bek sapchib o’rnidan turdi. So’ng Abbosga tashlanib, bor kuchi bilan uning ko’kragiga musht tushirdi. Buni kutmagan Abbos orqaga tisarilib ketdi, ammo uning sherigi mushukday chaqqonlik bilan orqadan kelib, Mirzo Ulug’bekka yopishdi. Qutirib ketgan Abbos qari podshohni mushtlay ketdi. So’ng uning holsizlanib qolganini ko’rgach, ikkovlashib ustidagi suvsar po’stinini yechib olib, qo’llarini qayirishdi.

— Badbaxtni mahkam tut! – deb o’shqirdi Abbos sherigiga. – Men arqon topib kelgaymen…

U shunday deb tashqariga otildi. Mirzo Ulug’bek ortiq qarshilik ko’rsatmas, tizza cho’kkanicha, qo’llari orqasiga qayrilgan holda, bosh egib o’tirardi. U dastlab qarshilik ko’rsatgan bo’lsa-da, keksaligi tufayli bu ikki zo’ravonga bas kelolmasligi, qolaversa, bu ishi befoydalini fahmlagan, taqdirga tan bergan edi. U burchakda tiqilib, dag’-dag’ titrayotgan hojiga o’girildi:

— Taqsir, tahorat olsam…

Hoji garang edi, u dastlab quvg’indi podshohning nima deganini anglamagandek baqrayib turaverdi. Keyin birdan gap nimadaligini angladi-yu zo’rg’a oyoqqa turdi va Mirzo Ulug’bekning qo’llarini ushlab turgan navkarga mo’ltirab qaradi. Navkar esa birdan hech nima demasdan Mirzo Ulug’bekning qo’llarini bo’shatdi. Keyin hojiga qarata:

— Tez bo’lingiz! Abbosni bilmaysiz … — dedi

U shunday deb tashqariga chiqdi. Hoji yugurib borib eshikni zanjirlamoqchi bo’ldi. Ammo zanjir uzilgan edi. U shalag’i chiqqan eshikni bir amallab zichlab yopdi va taomdan oldin mulozim keltirgan qumg’onni keltirib Mirzo Ulug’bek oldiga qo’ydi. O’choqqa yaqin turgan qumg’ondagi suv iliq edi.

Muhammad Xisrav bunday ishlar odatda pinhona qilinishini, guvohlar qoldirilmasligini bilar, shu sababdan Allohdan o’ziga omonlik tilab yolvorardi. Tahorat olgan baxtiqaro podshoh qiblaga yuz tutib, namoz o’qimoqqa turdi. Ammo eshik xuddi o’tgan safargidek qattiq zarbadan sharaqlab ochilarkan, bir tabaqasi uzilib yerga tushdi. Arqon ushlab olgan Abbos qahrli ko’zlarini namozda turgan podshohga tikib, uni yeb qo’ygudek o’qrayganicha bir muddat ostonada to’xtadi. Mirzo Ulug’bek o’rnidan qo’zg’alayotganini ko’rishi bilan o’rnidan turishga imkon bermay yelkasidan bosdi va jahldan bo’zarib baqirdi:

— Hoy, mochag’ar, qayerdasan, kelmaysanmi?

Xonaga sherigi hovliqib kirdi. Abbos sherigi yordamida mirzoning qo’llarini orqaga qayirib, mahkam bog’ladi va tashqariga sudrab olib chiqdi.

Bor-yo’g’i bir necha soat oldin butun osmonni egallab olgan bulutlardan dog’ ham qolmagan — kecha oydin edi. Qo’rg’on sahni oqarib turardi. Ammo hovlida biror kimsa ko’rinmas, karvon ahlining barchasi bo’layotgan voqeadan dahshatga tushib, qarshilik ko’rsatish o’rniga, pana-panada bekinib olgan edi.

Abbos bandi podshohni mashyalalar o’rnatilgan yolg’iz chinor ostiga olib borib, xazonlar ustida tiz cho’ktirdi. Mirzo Ulug’bekning yalang’och boshi oy yorugida yaraqlab turardi. Abbosning yuragini o’ch cho’g’i qizdirar – oldida bosh egib turgan odamni qiynab, azoblab irodasini sindirmoqni istar, ammo Abdullatif mirzo padariga azob berganini bilsa, sog’ qo’ymasligidan xavfsirab tinmay so’kinardi. U bandi uchun qiynoqli lahzalarni cho’zish maqsadida qilichini sug’irishga shoshilmas, engashgancha qarshisida tiz cho’kib turgan Mirzo Ulug’bekning yuziga tirjayib tikilishdan rohatlanardi. Uning yuzida quvonch bilan g’azab aralash aks etar, qop-qora basharasi yovuz yirtqichga o’xshab ko’rinardi. To’satdan uning xayoliga bir o’y keldi-yu, ko’zlari suzilib ketdi. U bandi podshoh quloqlariga past ovozda nimalarnidir shivirlay boshladi. Mahkum podshoh yalt etib boshini ko’tardi, lablari titradi, ko’zlarining nuri so’ngandek xiralashdi. Keyin qanoti singan burgutday bir intilib, alamangiz holda xirqiradi:

— Abdullaziz!.. Bolam!..

Uning ko’z o’ngi qorong’ilashdi. Anchadan keyin ko’zini ochdi. Kimsasiz hovlini, oydin kechani va qarshisida tirjayib turgan qop-qora basharani ko’rdi. Mirzo Ulug’bek bir necha daqiqadan keyin o’lishini sezdi. Xotiralar chaqmoq yorug’ida ko’ringan tasvirlar kabi, haddan tashqari tezlik bilan birma-bir uning xayolidan o’ta boshladi. U hali bolaligida yuzini qaqshol kafti bilan silagan sohibqiron bobosini, hali boshida mungli allalar aytgan bibisi Saroymulkxonimni, hali suyukli o’g’li Abdullazizni, erka qizi Robia Sultonbegimni ko’rar, hali Abdullatifning chaqchaygan basharasini, hali ustozi mavlono Qozizodaning mehribon nigohini,mas’um shogirdi Ali Qushchining g’amgin chehrasini ko’rar edi. Bu xotiralarning hammasi ongu shuurida hech qanday tuyg’u uyg’otmasdan, uchib o’tardi. Umrning sanoqli daqiqalari qolganini sezgan ong na g’azabga, na shodlikka, na achinishga, na biror boshqa his-tuyg’uga o’rin qoldirmayotgandek edi.

Xuddi o’sha lahza o’limga mahkum inson derazadan o’ziga qarab turgan bolaga ko’zi tushdi-yu,qolgan bor kuchini to’plab: «Bolani oling!» – deb baqirdi. Abbos uning nima deb baqirganini bilmay bir zum atrofga alangladi, so’ng «Podshoh qo’rquvdan esdan og’di» deb o’yladi. Uning qilich ko’targanini ko’rgan Mirzo Ulug’bek kalima keltirdi va ko’z ongi birdan yorug’lashib,osmonu falakka sonsiz-sanoqsiz yulduzlar sazraganini ko’rdi…

Qonni ko’rib ko’zlari battar telbakor chaqchaygan Abbos qilichini sherigi qo’lidagi suvsar po’stinga artdi-da, chinor yaqinida o’tlab yurgan otiga irg’ib mindi.Uning sherigi qilich qoni artilgan qimmatbaho po’stinga bir dam achinib qarab turdi-da,Abbosning gazab bilam o’qrayganini payqashi bilan chetga irg’itdi. Dam o’tmay ikki otliq qora tun qo’yniga singib ko’zdan yo’qoldi.

Hovli sahnida hech kim yo’q edi. Faqat bu qonli voqeani ko’rib, dahshatdan esankiragan bola deraza oldida qotib turardi. Uning ko’zlarida bir necha lahza avval Mirzo Ulug’bek ko’zlarida tovlangan mahzun alam aks etib turardi.

Chorak soatdan so’ng pana-panada biqinib olgan Hoji Muhammad Xisrav boshliq karvon ahli qo’rquv ichida bir-birlariga siqilishib shahid jasadi tepasida to’plandi. So’ng qo’rqqanlarini bildirmaslik uchun shang’illab gapirib, yov bosgandek shoshilib, yuklarini yana xachirlarga ortib, jasadni suvsar po’stinga o’rab, xachirlarning birining ustiga bog’ladilaru Samarqandga qarab yo’lga tushdilar.

Kallayi saharda shahid podshoh qoni to’kilgan yolg’iz chinor ostidagi yerni ketmon bilan qirtishlay boshlagan keksa mingboshi o’ziga qarab o’tirgan o’g’lining ko’zlaridagi musibatni sezmagandek yoqimsiz ovozda ming’irlab qo’shiq aytardi.

Atrofni qalin tuman bosgan, havo rutubatli, osmonda quyosh yo’q edi…

1995

07

(Tashriflar: umumiy 1 827, bugungi 1)

2 izoh

  1. Миллий тарихимизнинг бундай фожеасини ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ деб ҳисолайман.
    Ҳар биримиз учун сабоқ бўиши керак.
    Муаллифга жуда ҳам қийин бўлган бу фожеани ёзишга куч топа олганлиги учун ташаккурлар билдирамн.

Izoh qoldiring