Aziz Norqulov. Ikki hikoya

03Йиллар давомида юрагимни тепкилаб яшадим. Ер билан битта бўлиб кетди. Заррача ҳисоблашмадим. Лекин ишхонанинг топшириғига хиёнат қилмадим. Бора-бора кўникдим. Юраксиз яшаш осонроқ экан.

Азиз НОРҚУЛОВ
ИККИ ҲИКОЯ


031   Азиз Ўктамқулович Норқулов 1984 йил Жиззах вилоятининг Бахмал туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тамомлаган. 2014 йилдан Қуролли Кучлар сафида. Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бўлим бошлиғи. Капитан. Мудофаа вазирлигининг “Намунали хизмати учун” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ҳикоялари ёш ижодкорларнинг “Олтин кўприк”, “Ёш юраклар садоси” тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда чоп этилган. 2018 йил Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари иштирокчиси. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


ЖАЗАВА

Нигоҳимни қайси томонга бурсам рақсга тушаётган одамларга кўзим тушади. Улар дунёни унутган, ташвишлардан холи, бахтдан масрур, ҳужайра-ҳужайралари билан севинчдан тўлқинланиб, рақсга тушади. Мана улардан бири ободонлаштиришнинг формасини кийиб олган, ҳеч кимга бўй бермай ўйнаётганини кўрсангиз, ундан бахтли одам йўқдек. Яна бириси белига қийиқ таққан бир оз олдин улоқтирган кетмонини унутган кўйи рақсга айланган. Буларнинг бари аллақандай афсуннинг домига тушиб қолгандек.

Бойсунлик санъаткорлар давра олиб, “Яққу-я”ни бошлаганида чеккароқда қимтинибгина турган қорамағиз жувон ўзини ушлаб тура олмади. Югуриб ўртага тушиб қўлларини белига тиради. Онаси билан ким ўзарга ўйнай кетди. Онанинг муқомларини кўрсангиз, бахтдан ёнай дейди. Қўлини қимирлатишга, оёғини депсинтиришга мажоли бор одам борки рақсга тушарди. Мен ҳам беихтиёр чайқала бошладим. Қарасам қорамағиз менга ишва қилаяпти. Нозларингдан аканг, дея ўртага тушдим. Шунақа берилиб кетибмизки, қўшиқ тугаб одамлар тарқай бошлаганида ажралишдик.

Йўқ, адашдим, ажралишмадик. Топишдик.

Онасининг кўзини шамғалат қилиб, телефон рақамини олдим. Кўришишга ваъдалашиб, тарқалишдик.

Кейинги учрашувимиз Қоратошдаги машҳур дистокетада бўлди. Шундоқ ёнидаги 9 қаватли уйнинг 8-қаватидан икки хонали уйни ижарага олиб қўйганман. Фақат аёлгинани афсун домига тушириб олсам бўлгани. Бу унчалик қийин кечмади. Кўпчилик аёллардек бир чимдим меҳрга ташна экан. Дискотекадаги рақслар туйғуларимизни жунбушга келтирди. Мен ва сен қолмади. Иккимиз бир руҳ, бир вужудга айландик.

– Онанг чиройли ўйнаркан, – дедим сочларини силаб ётарканман.

Хўрсинган кўйи юзларини юзимга ишқади. Шапатилаб эркалади, эркаланди. Кейин тўхтамай ўпа бошлади. Аввалига ҳайрон турдим, ақлдан оздими деган хаёлга бордим. Кейин маҳкам бағримга босиб, қучоқладим. Ҳозиргина ҳовуримиз босилганди, у меҳрга тўймасди.

– Онам рақсга тушмади, – деди у кўзларига ёш қалқиб. – Идраб ётган юрагини парча-парча қилиб атрофга отди. Отди. Отди. Хайрлашганимиздан кейин панароққа ўтиб, шунчалар йиғладики, юпатишга сўз тополмай қолдим.

– Болам, мана шу йигитни маҳкам ушла. Оиласи бўлса ҳам майли. Бор меҳрингни бер, кўнглига қара. Ўзингни фидо қил. Кўзларида покликни, беғуборликни кўрдим. Ундан сира ёмонлик чиқмайди.
Кўз ёшларини арта-арта онамга сиздан ажралмасликка ваъда бердим. Бизни ҳаётга қайтардингиз. Сиздан ҳеч бир гинамиз, талабимиз йўқ.

Шу тун Қоратошда қолдим.

Бу масканда не-не улуғ зотларнинг дуосини олгандим. Улар миллат учун, Ватан учун хизмат қилишимга оқ фотиҳа беришганди. Мен йўлимда собит бўлдим. Белгилаган чизиқларидан ҳатлаб ўтмадим. Бошқаларнинг кўнгли тугул ўз қалбимга қулоқ солмадим. Мақсадим фақат иш бўлди. Бошлиқлардан танбеҳ эшитмасанг олам гулистон – икки дунёинг обод бўлади.

Йиллар давомида юрагимни тепкилаб яшадим. Ер билан битта бўлиб кетди. Заррача ҳисоблашмадим. Лекин ишхонанинг топшириғига хиёнат қилмадим. Бора-бора кўникдим. Юраксиз яшаш осонроқ экан. Ҳув нарироқда бирор қариндошинг ўлаётган бўлса пинагингни бузмайсан. Тўй қилаётган бўлса эътибор қилмайсан. Вақтини, пулини совураётганидан нолиб қўясан, ҳар замонда. Шунинг ўрнига… бир дунё важ-карсон келтирасан.
Бир қиз сени севади. Йиллар давомида муҳаббат изҳор қилади. Ҳеч бир манфаатсиз ҳамма нарсага тайёр. Худо берган шундай неъматнинг юзига туфлайсан. Нима дегани у – муҳаббат. Севгига бало борми. Менинг ишларим кўп. Муҳаббат гули эшигинг олдида сарғаяди. Лутф қилиб пешонасидан ўпиб қўймайсан. Ишонмайсан: қанча одамга таманно қилган?!

Акангнинг сенга суянгиси келади. Елкангни олиб қочасан. Ахир Ватан учун бу яғринлар. Синглинг бир оз дардлашмоқчи бўлади. Қовоғингни очмайсан сира. Ҳар кимнинг кўнглига қарайверсанг парча-парча бўлиб кетасан-ку! Отанг салмоқлаб илтимос қилади. Сен мароқ билан устидан куласан, қулочкачлаб шапалоқ ургандек бўлади. Сездирмайди – ташвиши кўп, масъулияти оғир, дейди.

Онанг кенжасини уйлашни хоҳлайди.

– Тўйга озгина чиқимимиз бор эди.
– Э, харажатдан гапирманг, қайси бирига бўлай.

Онангнинг устига ёлғондан тўн бичиб, ёпиб юборасан.

Бу қорамағиз нимангга учди.

Икки юзидан ушлаб, эркалаганнамо ўзимга қаратаман. Кўзларига термуламан. Табассум билан, жавдираб суйкалади. Кўнгилхушлик қилишга ҳолимиз қолмаган, чирмашган кўйи меҳр алмашардик. Бошини кўксимга қўйиб ётаркан, юрагимдаги музлар эрирди. Ич-ичимдан одамсифат махлуқ чиқиб келарди. Зора, ҳайвонлик тўнини ечиб, инсонга айланса.

– Сизни севаман, – пичирлади у.
– Мен ҳам сени севаман, – дедим дадилланиб. – Қўрқоқ одам севишдан ҳам маҳрум. Қўрқмасдан севаман, ошкора севаман, ўлгунимча севаман.

Йўқ, ўлим билан севгини ёнма-ён қўйиб бўлмас экан. Бир марта куйганим етар. Унинг ўлишини хаёлимга келтирмагандим. Аммо ишонч билан айтишим мумкинки, агар унинг яқин орада муқаррар ўлишини билганимда ҳам айни шундай муомала қилган бўлардим. Бизни ўлимдан бошқа нарса ажрата олмасди. Хотинимнинг бахти бор экан.

Ўлим ҳам орамизга туша олмаслиги мумкин эди. Уни унута олмаётгандим. Куну тун хаёллари билан яшардим. Тиригида ҳам, ўлимидан кейин ҳам. Ишни унинг суратига тикилишдан бошлардим. Соатлаб хаёлан суҳбатлашардим, тириклигингда бевафо эдинг, кетишингда ҳам ўша йўлни тутдинг. Бир оғиз хайрлашмадинг. Жилла қурса кимгадир “видо мактуби” қолдиргансан, деб кутдим.

Тошмеҳр экансан. Барибир унутолмадим. Қабрингни кўрганимда, балки ҳовурим босиларди. Аммо насиб қилмади. Мозоринг қалбимда қолди. Юрагим гўристонга айланди. Гоҳида тушларимга кирасан. Бирга бозорларни, боғларни айланамиз. Баъзида эркаланиб бўйнимга осилиб оласан.

– Қоч, сен ўлгансан-ку, – нари итараман.

Хотиним тириклигини айтиб жаврай бошлайди.
– Уйқусирадим, – терс ўгирилиб оламан. Минғирлашлар жонимга тегади. Сен билан бирга ўлиб кетгим келади. Лекин бунинг иложи йўқ. Осмон йироқ, ер қаттиқ.

Машҳур психолог билан хизмат сафарида бирга бўлдик. Унга йўл-йўлакай боримни тўкиб солдим. Жи-им эшитди.

– У қизнинг ҳамма расмларини ўчириб ташланг. Кейин бор гапларингизни қоғозга тўкинг, самолёт ясанг. Баланд томнинг устига чиқиб, учириб юборинг. Узоо-оқларга кетсин.

Ўша қоғоз самолёт билан бирга мен ҳам учиб кетдим. Фақат қуп-қуруқ танам қолди. Ҳеч нарсани ҳис қилмайдиган, сезмайдиган, таъсирланмайдиган. Бип-бинойидек яшаш мумкин экан. Изтироб чекмай. Ҳайвонлардан фарқ қилмай.

– Қорамағизим, – дейман, – сен ҳам мени ҳаётга қайтардинг. Аёллар эркакларнинг кушандаси, деган хулосага келиб бўлгандим. Бундай фикрларимни чилпарчин қилдинг. Ўлим бу яшаб ҳам яшолмаслигинг – севгилим мактубида шундай ёзганди.

– Эримни севардим. Унга меҳримни, бор будимни бердим. Эвазига фақат калтак едим. Онамнинг олдида ҳушимдан кетказди. Ҳомилам нобуд бўлди. Баттар тутақди, ҳайдаб солди. Менгача уч фарзандидан айрилган волидам ич-этини еб қўйди.

Шундан кейин ижарама-ижара санғишлар бошланди. Эркак зотига кулсам ҳам, хўмрайсам ҳам умидвор бўлади. Иш қидириб магазинма-магазин, кафема-кафе юрдим. 4-5 кун ишлайман, қўлим пул кўра бошлайди. Онам севинади. Иш эгаларининг пичинглари бошланади. Ишламаган жойим қолмади. Ҳатто қоровуллик қилдим.
Охирги иш жойим ёқиб қолди. Спорт залида кирди-чиқдига қараб турардим. Ҳисоб-китобни олиб бораман. Айримларининг сахийлиги тутадими ёки бошқа хаёлга борадими кўпроқ пул беради, баъзилари атайин катта пул бериб, қайтим олмайди. Қорним тўйиб, ўзимга қарашни бошладим. Атрофимда парвоналар кўпайди. Лўлиники бир эшикдан ўтгунча, дегани рост экан.

Йигитлардан бири уйимга ташлаб қўймоқчи бўлди. Аввалига унамадим. Тихирлик қилди. Ялинди, ёлворди. Ўламан, севаман, деди. Охири кунда-кунаро уйимга ярим тунда олиб бориб ташлайдиган бўлди. Кейин онам ўртага тушди. Тўйдан, уйланишдан гапирди. Шу кетганча дим-дирс йўқолди.

Қорамағизнинг гаплари қулоғимга кирмай қўйди. Сал ўзимни тортдим. Жалабдан фарқи йўқ экан-ку бунинг.

– Йўқ, ундай хаёлларга борманг. Мен у йигитнинг тегинишига йўл қўймаганман. Фақат яна бир бор ўзимни синаб кўрмоқчи эдим. Одам сиёҳи йўқ экан.

– Нега менга ўзингни фаришта кўрсатдинг.
– Ҳечам, мана ростини айтаяпман-ку!
– Осонгина…

– Йўқ, бошқа чорам қолмади. Менга фарзанд керак. Онам сизни танлади. Ўзимнинг кунимни ўзим кўраман. Боламни хор қилмайман.

– Никоҳ ўқитиб олишимиз мумкин эди.
– Унамасдингиз, истасангиз ҳали кеч эмас.

Қорамағизни бағримга тортдим. Унинг соллана-соллана рақсга тушаётган онаси кўз олдимга келди. Инсоният аллақандай афсуннинг домига тушиб қолгандек ўзини унутиб тўлғонар, хатти-ҳаракатлари рақсу самога ўхшарди. Улардан бири қийиқ таққан бир оз олдин улоқтирган кетмонини унутган кўйи рақсга тушади. Ободонлаштириш формасини кийиб олгани ҳеч кимга бўй бермайди. Дунёни унутган, ташвишлардан холи, бахтдан масрур кишилар севинчдан ирғишлаб ўйнайди. Нигоҳимни қайси томонга қаратсам рақсга тушаётган одамларга кўзим тушади.

Кўзлари жиққа ёш, тўлқинланиб-тўлқинланиб рақсга тушаётган одамларга.

ЙЎЛОВЧИ

Бир шоир акам «Ернинг туби» деб таърифлаган Тува республикасидан Москвага учдик.

Самолёт 9 соатлик йўлни босиб ўтиши керак.

Уйқу келмайди, гаплар тугаган.
Бир чеккада ўтириб ушбуларни битдим.

Тоғда бир маконни кўрсатишди. Ҳудуд бизнинг ўлчамларга бўйсунмас экан. Одам зотини ўзига яқинлаштирмас, аксарият борганлар ҳалок бўларкан. Бир гуруҳ кишилар 12 соат ўша масканда бўлишибди. Қайтиб келганларидагина икки ҳафта вақт ўтганини билишибди.

Ўн беш кунлик сафаримиз шунга монанд бўлди. Назаримда, 20 йиллар ўтиб кетгандек. Биз Сизифга ўхшаб, вақт оқими билан курашгандек. Тонг отади, кун ботади, қор кечамиз. Қуёш булутлар орасидан мўралаб нурсиз кузатади.

На довул, на бўрон одамларни саросар кезишдан тўхтатади. Қидираётган нарсаларини нималигини билмасдан дайдишади. Ҳаёт тарзидан маъно тополмайман. Кимсасизликка чекинган оломон.

Дунёни қақшатаётган коронавирус хаёлларига келгани йўқ. Қон босимингиз жойида бўлса, саломатликдан муаммо йўқ. Сафарда пайтимиз юртимизда 22 ёшли спортчи қиз қон босими тушиб кетиб, вафот этганини эшитдим. 5 та тилда эркин сўзлашадиган, ҳали гўшангага кирмаган шоира билан бир мартагина учрашганман. Суҳбатлашмадик. Ўлими хабаридан жигаргўшамдек эзилдим. Сатрларини қайта-қайта ўқидим. Руҳий ёлғизликдан қийналган, жуфт қидирган. Тополмаган чоғи. Ягона Зот ҳузурига чоғланган. Бу йўлда не улуғларки ҳасратда кетди.

Сафар кунлари 10 километрлаб пиёда юрдик. Одамзот ана шундай саргардонликда яшайди. Сумкага зичлаб олиб кетган нарсаларим, кийимларимнинг кўпи керак бўлмади. Зарурлари қолиб кетибди, аттанглар фойдасиз. Боқий дунёга сафарга нима ҳозирлаётганимни ўйладим. Олиб кета оладиганим қанча, беҳудаликларга бўй бермаяпманми?! Вақт қисқа, сафархалта ўлчамли…

Бир зиёли опамиз қизидан хабар олиш учун Америкага борганини гапириб берди. Йўлолди телефонда гаплашаяпмиз, уни солинг, буни олинг, деяверди. Сиққанича жойладим. Қарасам, унинг истаклари бисёр. Охири койишга мажбур бўлдим: “Болам, Ватанни чемоданга сиғдириб бўлмайди!”

Тилсимнинг сири ана шундай ўйларга тортди. Сафар анча улғайтирди. Самолёт самода муаллақ қолиб кетгандек. Безор бўлдим. Гўё, бўшлиқда лаҳзалар қотириб қўйилган. Фикрлашгина тирикликдан нишона.
Қунишиб ухлаётган ҳамроҳларимга қараб, ўтган воқеалар хаёлимда жонланади. Куни билан юриб, кечқурун чарчаб, қотиб ухлаймиз. Баъзида ўлиб қолдимми, деб ўйлайман. Ақлимни йиғиштираман. Яшаяпман.

Бир гал поёни йўқ тоғда бўронда қолиб кетдим. Илонизи йўллар ёпилиб кетган. Мен тилини тушунмайдиган аллакимларни қора қилиб, йўл солдим. Куч топиб, қадамимни илдамлатаман. Ҳартугул қолиб кетсам, қўриб қолишар. Ётиб олгим келади. Совуқда ўлиб қолмасман, топиб олиб кетишар. Қолдиқ кучларимни сидириб, сўнгги тоқатим билан оёқ оламан.

Жаннат ҳам, дўзах ҳам инсоннинг ўзида. Биз тилсимнинг сирини узоқлардан қидираяпмиз. Сиз ҳам сатрлараро ютоқиб, изланаяпсиз, тўғримасми?! Аммо унинг нима эканлигини ўзингиз ҳам билмайсиз.

Машҳур психологнинг сўзларини эслайман: “Агар сиз ўзингизга ишонч эксангиз, ўйлаган режаларингизга эришасиз. Агар ўзингизга меҳр-муҳаббат берсангиз, орзуларингиз амалга ошади. Агар ўзингизни Яратганнинг бир зарраси деб ҳисобласангиз, илоҳий имкониятларингиз юзага чиқади.

Фақат ўзингизга қулоқ тутинг. Ҳозирча ярим мудраб ётган қалбингизга!”

Алмисоқда Яратганга ваъда берган башарият яралибдики, абадиятга дахлдор. Фақт у бир шаклдан иккинчисига ўтади, холос. Ўлимдан олдин ўлиб кўриш керак. Азизиддин Насафий бобомиз бежиз айтмаган: “Бу дунё ва охират бир лаҳзалик таҳлика ва хавотирингга арзимайди”. Арзимагани билан уни яшаб ўтиш, маънили ўтказиш мажбурияти бор. Қаерда, қандай оилада туғилишинг аҳамиятсиз.

Юрагим сиқилиб, самолёт ойнасидан ташқарини кузатаман. Зулмат қоплаган бўшлиқдан бошқа нарса кўринмайди. Ўзга тилли ҳамроҳлардан бир наф чиқиши даргумон. Москвагача олдинда яна 8 соатлик йўл турибди. Жами ўртадаги тўрт соатлик фарқ билан ярим кунга айланади. Кундузи бўлса пастга иниб кетаётган булутларга термулиб ўй суриш мумкин эди. Ҳозир эса ҳатто хаёллар ҳам тўхтаб қолаётганга ўхшайди.
Одам қийналган, сиқилган маҳал онасига талпинади. Менинг ҳам умрим мусофирчиликда ўтаяпти. Эсимни танибманки йўлдаман. Яқинларнинг меҳрига тўймадим. Онамнинг ажин босган, маъсум юзи кўз олдимга келса, Навоий бободан машҳур ҳикоятни эслайман.

“Шайх ул-ислом дебдурки: “Исмоил Даббос дедиким: Ҳаж нияти қилиб борурда Шерозға етишдим. Бир масжидға кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтириб ҳирқасин ямайдур эрди. Салом қилдим ва ўлтирдим. Мендин сўрдиким: “Не ниятинг бор?” Дедим: “Ҳаж ниятим бор”. Деди: “Онанг бор?” Дедим: “Бор!” Деди: “Ёниб онанг мулозаматиға бор!” Бу сўз менга хуш келмас эрди. Деди: “Не тўлғанасен? Мен эллик ҳаж қилибмен, бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасин сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлиғин менга бер!”
Онам кўнглин шодлигини қачон топдим?

Хотирамни титкилаб, арзийдиган ҳеч вақо тополмайман. Дуога очилган қўлларини юзларимга суркагим келади, уяламан. Барча эришганларим ана шу илтижоларнинг маҳсули-ку!

– Ҳали шаҳарда ўқийсилар, болам устудент, деб мақтанаман.
– Ўғлим Тошкентда ишлаяпти, деб аёлларга гап бермайман.

– Машина олсаларинг, ёнларингда ўтириб кетсам.
– Уй олинглар, ҳовли тўйларингда ўтирайлик.

Тилаклари бирин-кетин рўёбга ошаяпти. Она кўнглига дунё тиз чўкар экан.

Эски машинани сотиб, янгисига пул тўлаб қўйганман. Бир ҳафтада 1-2 та навбат силжийди. Синглимнинг тўйи яқинлашиб қолди. Онам қўнғироқ қилди:

– Келаяпсанми?
– Ҳали машина чиқмади, кейин хизмат сафари бор экан.
– Ўша ёққа бошқа бировни юборсанг бўлмайдими (гўё, мен бошлиқдай). Сен келмасанг ким боради, аммаларингни олиб боришинг керак…

Овоз қулоғимдан кетмай қолди. Ич-этимни ея бошладим. Нима қилишни билмасдим? Бир соат ўтар-ўтмас автосалондан қўнғироқ бўлди: “Машинангиз келди, олиб кетинг!”

Эртаси куни ҳужжатларини тахлаб, кам-кўстларини тўғрилаб, янги машинада синглимнинг тўйига етиб бордик. Ўзавтосаноатга сўзи ўтган, ҳарбий хизмат сафарини бекор қилган онамнинг кўнглига бошимни эгиб таъзим қилдим.

Самолёт силкиниб ина бошлаганини билдирди. Хабарга кўра Новосибирскийга ёқилғи учун тўхтаётгандик. Оёқнинг чигалини ёзиб, тоза ҳаводан нафас олиш биз учун жуда катта бахт эди шу лаҳзаларда. Ташқарида совуқ забтига олган. Ўркач-ўркач қор уюмлари. Симиллаб танамизга санчилиб ўтаётган изғирин ҳам ёқимли. Енгил тортиб, жойимизга қайтдик. Биз бу дунёнинг ўзида сафарнинг ичида сафар қилаётган йўловчи эдик. Бир-биридан бехабар, меҳр беришга ошиқмайдиган йўл овчилар.

Йўл овчи бўлгунча кўнгил овловчи бўлсак-ку барчаси бинойидек бўларди.

Азобли ўйларим, хаёлларимни узоқлаштиришга тиришаман. Зимистон. Ғувиллаган овоздан бўлак ҳеч вақо йўқ. Уйқум келмайди. Кўпчилик тин олаяпти. Кўзимни юмсам боз хаёллар домига тушаман.

Талабаликда Қашқадарёга сафар қилгандик. Сўлим манзара. Зилол сувдан қониб-қониб ичаман. Мусаффо табиатдан завқланаман. Яшиллик қўйнига сингиб кетгим келади. Яна кўнгил яқин ошноларим мен билан. Бир оз айлангандан кейин масжидга кирдик. Ибодатдан кейин ҳамма чиқиб кетди. Тургим келмасди.

Ёлғиз қолганимга ишонч ҳосил қилгач, ҳасратларимни тўка бошладим. Кўз ёшларимни тўхтата олмасдим. Йиғлаб-йиғлаб дуолар қилдим. Шу ерларга ота-онамни олиб келишни АЛЛОҲдан сўрадим. Енгил тин олиб, чиқиб кетмоқчи бўлсам, ўртоқларимдан бири кутиб турган экан. Баттар кўнглим бузилди.

Орадан етти йил ўтиб орзуим ушалди. Ҳазрати Баширни ота-онам, оилам, фарзандим билан зиёрат қилдик. Ўзига қилинган таваллолар беиз кетмаслигига яна бир карра амин бўлдим. Энди улуғ-улуғ мақсадларни дилга тугишдан, тилга чиқаришдан чўчимасдим.

Олдинда улуғ-улуғ ишлар кутаётганига ишончим комил эди. Ногаҳон, зулмат қаъридан шаҳарнинг порлаб турган чироқлари кўзга ташланди. Хаёлларим тарқай бошлади. Кўнглим ёришиб, ўрнимдан турдим.

02Yillar davomida yuragimni tepkilab yashadim. Yer bilan bitta bo’lib ketdi. Zarracha hisoblashmadim. Lekin ishxonaning topshirig’iga xiyonat qilmadim. Bora-bora ko’nikdim. Yuraksiz yashash osonroq ekan.

Aziz NORQULOV
IKKI HIKOYA


 kapitan Aziz O’ktamqulovich Norqulov 1984 yil Jizzax viloyatining Baxmal tumanida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan. 2014 yildan Qurolli Kuchlar safida. Mudofaa vazirligi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar departamenti bo’lim boshlig’i. Kapitan. Mudofaa vazirligining “Namunali xizmati uchun” ko’krak nishoni bilan taqdirlangan.
Hikoyalari yosh ijodkorlarning “Oltin ko’prik”, “Yosh yuraklar sadosi” to’plamlarida, shuningdek, turli gazeta va jurnallarda chop etilgan. 2018 yil Yosh ijodkorlarning Zomin seminari ishtirokchisi. O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi.


JAZAVA

Nigohimni qaysi tomonga bursam raqsga tushayotgan odamlarga ko’zim tushadi. Ular dunyoni unutgan, tashvishlardan xoli, baxtdan masrur, hujayra-hujayralari bilan sevinchdan to’lqinlanib, raqsga tushadi. Mana ulardan biri obodonlashtirishning formasini kiyib olgan, hech kimga bo’y bermay o’ynayotganini ko’rsangiz, undan baxtli odam yo’qdek. Yana birisi beliga qiyiq taqqan bir oz oldin uloqtirgan ketmonini unutgan ko’yi raqsga aylangan. Bularning bari allaqanday afsunning domiga tushib qolgandek.

Boysunlik san’atkorlar davra olib, “Yaqqu-ya”ni boshlaganida chekkaroqda qimtinibgina turgan qoramag’iz juvon o’zini ushlab tura olmadi. Yugurib o’rtaga tushib qo’llarini beliga tiradi. Onasi bilan kim o’zarga o’ynay ketdi. Onaning muqomlarini ko’rsangiz, baxtdan yonay deydi. Qo’lini qimirlatishga, oyog’ini depsintirishga majoli bor odam borki raqsga tushardi. Men ham beixtiyor chayqala boshladim. Qarasam qoramag’iz menga ishva qilayapti. Nozlaringdan akang, deya o’rtaga tushdim. Shunaqa berilib ketibmizki, qo’shiq tugab odamlar tarqay boshlaganida ajralishdik.

Yo’q, adashdim, ajralishmadik. Topishdik.

Onasining ko’zini shamg’alat qilib, telefon raqamini oldim. Ko’rishishga va’dalashib, tarqalishdik.

Keyingi uchrashuvimiz Qoratoshdagi mashhur distoketada bo’ldi. Shundoq yonidagi 9 qavatli uyning 8-qavatidan ikki xonali uyni ijaraga olib qo’yganman. Faqat ayolginani afsun domiga tushirib olsam bo’lgani. Bu unchalik qiyin kechmadi. Ko’pchilik ayollardek bir chimdim mehrga tashna ekan. Diskotekadagi raqslar tuyg’ularimizni junbushga keltirdi. Men va sen qolmadi. Ikkimiz bir ruh, bir vujudga aylandik.

– Onang chiroyli o’ynarkan, – dedim sochlarini silab yotarkanman.

Xo’rsingan ko’yi yuzlarini yuzimga ishqadi. Shapatilab erkaladi, erkalandi. Keyin to’xtamay o’pa boshladi. Avvaliga hayron turdim, aqldan ozdimi degan xayolga bordim. Keyin mahkam bag’rimga bosib, quchoqladim. Hozirgina hovurimiz bosilgandi, u mehrga to’ymasdi.

– Onam raqsga tushmadi, – dedi u ko’zlariga yosh qalqib. – Idrab yotgan yuragini parcha-parcha qilib atrofga otdi. Otdi. Otdi. Xayrlashganimizdan keyin panaroqqa o’tib, shunchalar yig’ladiki, yupatishga so’z topolmay qoldim.

– Bolam, mana shu yigitni mahkam ushla. Oilasi bo’lsa ham mayli. Bor mehringni ber, ko’ngliga qara. O’zingni fido qil. Ko’zlarida poklikni, beg’uborlikni ko’rdim. Undan sira yomonlik chiqmaydi.
Ko’z yoshlarini arta-arta onamga sizdan ajralmaslikka va’da berdim. Bizni hayotga qaytardingiz. Sizdan hech bir ginamiz, talabimiz yo’q.

Shu tun Qoratoshda qoldim.

Bu maskanda ne-ne ulug’ zotlarning duosini olgandim. Ular millat uchun, Vatan uchun xizmat qilishimga oq fotiha berishgandi. Men yo’limda sobit bo’ldim. Belgilagan chiziqlaridan hatlab o’tmadim. Boshqalarning ko’ngli tugul o’z qalbimga quloq solmadim. Maqsadim faqat ish bo’ldi. Boshliqlardan tanbeh eshitmasang olam guliston – ikki dunyoing obod bo’ladi.

Yillar davomida yuragimni tepkilab yashadim. Yer bilan bitta bo’lib ketdi. Zarracha hisoblashmadim. Lekin ishxonaning topshirig’iga xiyonat qilmadim. Bora-bora ko’nikdim. Yuraksiz yashash osonroq ekan. Huv nariroqda biror qarindoshing o’layotgan bo’lsa pinagingni buzmaysan. To’y qilayotgan bo’lsa e’tibor qilmaysan. Vaqtini, pulini sovurayotganidan nolib qo’yasan, har zamonda. Shuning o’rniga… bir dunyo vaj-karson keltirasan.
Bir qiz seni sevadi. Yillar davomida muhabbat izhor qiladi. Hech bir manfaatsiz hamma narsaga tayyor. Xudo bergan shunday ne’matning yuziga tuflaysan. Nima degani u – muhabbat. Sevgiga balo bormi. Mening ishlarim ko’p. Muhabbat guli eshiging oldida sarg’ayadi. Lutf qilib peshonasidan o’pib qo’ymaysan. Ishonmaysan: qancha odamga tamanno qilgan?!

Akangning senga suyangisi keladi. Yelkangni olib qochasan. Axir Vatan uchun bu yag’rinlar. Singling bir oz dardlashmoqchi bo’ladi. Qovog’ingni ochmaysan sira. Har kimning ko’ngliga qarayversang parcha-parcha bo’lib ketasan-ku! Otang salmoqlab iltimos qiladi. Sen maroq bilan ustidan kulasan, qulochkachlab shapaloq urgandek bo’ladi. Sezdirmaydi – tashvishi ko’p, mas’uliyati og’ir, deydi.

Onang kenjasini uylashni xohlaydi.

– To’yga ozgina chiqimimiz bor edi.
– E, xarajatdan gapirmang, qaysi biriga bo’lay.

Onangning ustiga yolg’ondan to’n bichib, yopib yuborasan.

Bu qoramag’iz nimangga uchdi.

Ikki yuzidan ushlab, erkalagannamo o’zimga qarataman. Ko’zlariga termulaman. Tabassum bilan, javdirab suykaladi. Ko’ngilxushlik qilishga holimiz qolmagan, chirmashgan ko’yi mehr almashardik. Boshini ko’ksimga qo’yib yotarkan, yuragimdagi muzlar erirdi. Ich-ichimdan odamsifat maxluq chiqib kelardi. Zora, hayvonlik to’nini yechib, insonga aylansa.

– Sizni sevaman, – pichirladi u.
– Men ham seni sevaman, – dedim dadillanib. – Qo’rqoq odam sevishdan ham mahrum. Qo’rqmasdan sevaman, oshkora sevaman, o’lgunimcha sevaman.

Yo’q, o’lim bilan sevgini yonma-yon qo’yib bo’lmas ekan. Bir marta kuyganim yetar. Uning o’lishini xayolimga keltirmagandim. Ammo ishonch bilan aytishim mumkinki, agar uning yaqin orada muqarrar o’lishini bilganimda ham ayni shunday muomala qilgan bo’lardim. Bizni o’limdan boshqa narsa ajrata olmasdi. Xotinimning baxti bor ekan.

O’lim ham oramizga tusha olmasligi mumkin edi. Uni unuta olmayotgandim. Kunu tun xayollari bilan yashardim. Tirigida ham, o’limidan keyin ham. Ishni uning suratiga tikilishdan boshlardim. Soatlab xayolan suhbatlashardim, tirikligingda bevafo eding, ketishingda ham o’sha yo’lni tutding. Bir og’iz xayrlashmading. Jilla qursa kimgadir “vido maktubi” qoldirgansan, deb kutdim.

Toshmehr ekansan. Baribir unutolmadim. Qabringni ko’rganimda, balki hovurim bosilardi. Ammo nasib qilmadi. Mozoring qalbimda qoldi. Yuragim go’ristonga aylandi. Gohida tushlarimga kirasan. Birga bozorlarni, bog’larni aylanamiz. Ba’zida erkalanib bo’ynimga osilib olasan.

– Qoch, sen o’lgansan-ku, – nari itaraman.

Xotinim tirikligini aytib javray boshlaydi.
– Uyqusiradim, – ters o’girilib olaman. Ming’irlashlar jonimga tegadi. Sen bilan birga o’lib ketgim keladi. Lekin buning iloji yo’q. Osmon yiroq, yer qattiq.

Mashhur psixolog bilan xizmat safarida birga bo’ldik. Unga yo’l-yo’lakay borimni to’kib soldim. Ji-im eshitdi.

– U qizning hamma rasmlarini o’chirib tashlang. Keyin bor gaplaringizni qog’ozga to’king, samolyot yasang. Baland tomning ustiga chiqib, uchirib yuboring. Uzoo-oqlarga ketsin.

O’sha qog’oz samolyot bilan birga men ham uchib ketdim. Faqat qup-quruq tanam qoldi. Hech narsani his qilmaydigan, sezmaydigan, ta’sirlanmaydigan. Bip-binoyidek yashash mumkin ekan. Iztirob chekmay. Hayvonlardan farq qilmay.

– Qoramag’izim, – deyman, – sen ham meni hayotga qaytarding. Ayollar erkaklarning kushandasi, degan xulosaga kelib bo’lgandim. Bunday fikrlarimni chilparchin qilding. O’lim bu yashab ham yasholmasliging – sevgilim maktubida shunday yozgandi.

– Erimni sevardim. Unga mehrimni, bor budimni berdim. Evaziga faqat kaltak yedim. Onamning oldida hushimdan ketkazdi. Homilam nobud bo’ldi. Battar tutaqdi, haydab soldi. Mengacha uch farzandidan ayrilgan volidam ich-etini yeb qo’ydi.

Shundan keyin ijarama-ijara sang’ishlar boshlandi. Erkak zotiga kulsam ham, xo’mraysam ham umidvor bo’ladi. Ish qidirib magazinma-magazin, kafema-kafe yurdim. 4-5 kun ishlayman, qo’lim pul ko’ra boshlaydi. Onam sevinadi. Ish egalarining pichinglari boshlanadi. Ishlamagan joyim qolmadi. Hatto qorovullik qildim.
Oxirgi ish joyim yoqib qoldi. Sport zalida kirdi-chiqdiga qarab turardim. Hisob-kitobni olib boraman. Ayrimlarining saxiyligi tutadimi yoki boshqa xayolga boradimi ko’proq pul beradi, ba’zilari atayin katta pul berib, qaytim olmaydi. Qornim to’yib, o’zimga qarashni boshladim. Atrofimda parvonalar ko’paydi. Lo’liniki bir eshikdan o’tguncha, degani rost ekan.

Yigitlardan biri uyimga tashlab qo’ymoqchi bo’ldi. Avvaliga unamadim. Tixirlik qildi. Yalindi, yolvordi. O’laman, sevaman, dedi. Oxiri kunda-kunaro uyimga yarim tunda olib borib tashlaydigan bo’ldi. Keyin onam o’rtaga tushdi. To’ydan, uylanishdan gapirdi. Shu ketgancha dim-dirs yo’qoldi.

Qoramag’izning gaplari qulog’imga kirmay qo’ydi. Sal o’zimni tortdim. Jalabdan farqi yo’q ekan-ku buning.

– Yo’q, unday xayollarga bormang. Men u yigitning teginishiga yo’l qo’ymaganman. Faqat yana bir bor o’zimni sinab ko’rmoqchi edim. Odam siyohi yo’q ekan.

– Nega menga o’zingni farishta ko’rsatding.
– Hecham, mana rostini aytayapman-ku!
– Osongina…

– Yo’q, boshqa choram qolmadi. Menga farzand kerak. Onam sizni tanladi. O’zimning kunimni o’zim ko’raman. Bolamni xor qilmayman.

– Nikoh o’qitib olishimiz mumkin edi.
– Unamasdingiz, istasangiz hali kech emas.

Qoramag’izni bag’rimga tortdim. Uning sollana-sollana raqsga tushayotgan onasi ko’z oldimga keldi. Insoniyat allaqanday afsunning domiga tushib qolgandek o’zini unutib to’lg’onar, xatti-harakatlari raqsu samoga o’xshardi. Ulardan biri qiyiq taqqan bir oz oldin uloqtirgan ketmonini unutgan ko’yi raqsga tushadi. Obodonlashtirish formasini kiyib olgani hech kimga bo’y bermaydi. Dunyoni unutgan, tashvishlardan xoli, baxtdan masrur kishilar sevinchdan irg’ishlab o’ynaydi. Nigohimni qaysi tomonga qaratsam raqsga tushayotgan odamlarga ko’zim tushadi.

Ko’zlari jiqqa yosh, to’lqinlanib-to’lqinlanib raqsga tushayotgan odamlarga.

YO’LOVCHI

Bir shoir akam «Erning tubi» deb ta’riflagan Tuva respublikasidan Moskvaga uchdik.

Samolyot 9 soatlik yo’lni bosib o’tishi kerak.

Uyqu kelmaydi, gaplar tugagan.
Bir chekkada o’tirib ushbularni bitdim.

Tog’da bir makonni ko’rsatishdi. Hudud bizning o’lchamlarga bo’ysunmas ekan. Odam zotini o’ziga yaqinlashtirmas, aksariyat borganlar halok bo’larkan. Bir guruh kishilar 12 soat o’sha maskanda bo’lishibdi. Qaytib kelganlaridagina ikki hafta vaqt o’tganini bilishibdi.

O’n besh kunlik safarimiz shunga monand bo’ldi. Nazarimda, 20 yillar o’tib ketgandek. Biz Sizifga o’xshab, vaqt oqimi bilan kurashgandek. Tong otadi, kun botadi, qor kechamiz. Quyosh bulutlar orasidan mo’ralab nursiz kuzatadi.

Na dovul, na bo’ron odamlarni sarosar kezishdan to’xtatadi. Qidirayotgan narsalarini nimaligini bilmasdan daydishadi. Hayot tarzidan ma’no topolmayman. Kimsasizlikka chekingan olomon.

Dunyoni qaqshatayotgan koronavirus xayollariga kelgani yo’q. Qon bosimingiz joyida bo’lsa, salomatlikdan muammo yo’q. Safarda paytimiz yurtimizda 22 yoshli sportchi qiz qon bosimi tushib ketib, vafot etganini eshitdim. 5 ta tilda erkin so’zlashadigan, hali go’shangaga kirmagan shoira bilan bir martagina uchrashganman. Suhbatlashmadik. O’limi xabaridan jigargo’shamdek ezildim. Satrlarini qayta-qayta o’qidim. Ruhiy yolg’izlikdan qiynalgan, juft qidirgan. Topolmagan chog’i. Yagona Zot huzuriga chog’langan. Bu yo’lda ne ulug’larki hasratda ketdi.

Safar kunlari 10 kilometrlab piyoda yurdik. Odamzot ana shunday sargardonlikda yashaydi. Sumkaga zichlab olib ketgan narsalarim, kiyimlarimning ko’pi kerak bo’lmadi. Zarurlari qolib ketibdi, attanglar foydasiz. Boqiy dunyoga safarga nima hozirlayotganimni o’yladim. Olib keta oladiganim qancha, behudaliklarga bo’y bermayapmanmi?! Vaqt qisqa, safarxalta o’lchamli…

Bir ziyoli opamiz qizidan xabar olish uchun Amerikaga borganini gapirib berdi. Yo’loldi telefonda gaplashayapmiz, uni soling, buni oling, deyaverdi. Siqqanicha joyladim. Qarasam, uning istaklari bisyor. Oxiri koyishga majbur bo’ldim: “Bolam, Vatanni chemodanga sig’dirib bo’lmaydi!”

Tilsimning siri ana shunday o’ylarga tortdi. Safar ancha ulg’aytirdi. Samolyot samoda muallaq qolib ketgandek. Bezor bo’ldim. Go’yo, bo’shliqda lahzalar qotirib qo’yilgan. Fikrlashgina tiriklikdan nishona.
Qunishib uxlayotgan hamrohlarimga qarab, o’tgan voqealar xayolimda jonlanadi. Kuni bilan yurib, kechqurun charchab, qotib uxlaymiz. Ba’zida o’lib qoldimmi, deb o’ylayman. Aqlimni yig’ishtiraman. Yashayapman.

Bir gal poyoni yo’q tog’da bo’ronda qolib ketdim. Ilonizi yo’llar yopilib ketgan. Men tilini tushunmaydigan allakimlarni qora qilib, yo’l soldim. Kuch topib, qadamimni ildamlataman. Hartugul qolib ketsam, qo’rib qolishar. Yotib olgim keladi. Sovuqda o’lib qolmasman, topib olib ketishar. Qoldiq kuchlarimni sidirib, so’nggi toqatim bilan oyoq olaman.

Jannat ham, do’zax ham insonning o’zida. Biz tilsimning sirini uzoqlardan qidirayapmiz. Siz ham satrlararo yutoqib, izlanayapsiz, to’g’rimasmi?! Ammo uning nima ekanligini o’zingiz ham bilmaysiz.

Mashhur psixologning so’zlarini eslayman: “Agar siz o’zingizga ishonch eksangiz, o’ylagan rejalaringizga erishasiz. Agar o’zingizga mehr-muhabbat bersangiz, orzularingiz amalga oshadi. Agar o’zingizni Yaratganning bir zarrasi deb hisoblasangiz, ilohiy imkoniyatlaringiz yuzaga chiqadi.

Faqat o’zingizga quloq tuting. Hozircha yarim mudrab yotgan qalbingizga!”

Almisoqda Yaratganga va’da bergan bashariyat yaralibdiki, abadiyatga daxldor. Faqt u bir shakldan ikkinchisiga o’tadi, xolos. O’limdan oldin o’lib ko’rish kerak. Aziziddin Nasafiy bobomiz bejiz aytmagan: “Bu dunyo va oxirat bir lahzalik tahlika va xavotiringga arzimaydi”. Arzimagani bilan uni yashab o’tish, ma’nili o’tkazish majburiyati bor. Qayerda, qanday oilada tug’ilishing ahamiyatsiz.

Yuragim siqilib, samolyot oynasidan tashqarini kuzataman. Zulmat qoplagan bo’shliqdan boshqa narsa ko’rinmaydi. O’zga tilli hamrohlardan bir naf chiqishi dargumon. Moskvagacha oldinda yana 8 soatlik yo’l turibdi. Jami o’rtadagi to’rt soatlik farq bilan yarim kunga aylanadi. Kunduzi bo’lsa pastga inib ketayotgan bulutlarga termulib o’y surish mumkin edi. Hozir esa hatto xayollar ham to’xtab qolayotganga o’xshaydi.
Odam qiynalgan, siqilgan mahal onasiga talpinadi. Mening ham umrim musofirchilikda o’tayapti. Esimni tanibmanki yo’ldaman. Yaqinlarning mehriga to’ymadim. Onamning ajin bosgan, ma’sum yuzi ko’z oldimga kelsa, Navoiy bobodan mashhur hikoyatni eslayman.

“Shayx ul-islom debdurki: “Ismoil Dabbos dedikim: Haj niyati qilib borurda Sherozg’a yetishdim. Bir masjidg’a kirdim. Shayx Mo’minni ko’rdimki, o’ltirib hirqasin yamaydur erdi. Salom qildim va o’ltirdim. Mendin so’rdikim: “Ne niyating bor?” Dedim: “Haj niyatim bor”. Dedi: “Onang bor?” Dedim: “Bor!” Dedi: “Yonib onang mulozamatig’a bor!” Bu so’z menga xush kelmas erdi. Dedi: “Ne to’lg’anasen? Men ellik haj qilibmen, bosh yalang, oyoq yalang va zodu hamrohsiz. Barchasin senga berdim. Sen onang ko’ngli shodlig’in menga ber!”
Onam ko’nglin shodligini qachon topdim?

Xotiramni titkilab, arziydigan hech vaqo topolmayman. Duoga ochilgan qo’llarini yuzlarimga surkagim keladi, uyalaman. Barcha erishganlarim ana shu iltijolarning mahsuli-ku!

– Hali shaharda o’qiysilar, bolam ustudent, deb maqtanaman.
– O’g’lim Toshkentda ishlayapti, deb ayollarga gap bermayman.

– Mashina olsalaring, yonlaringda o’tirib ketsam.
– Uy olinglar, hovli to’ylaringda o’tiraylik.

Tilaklari birin-ketin ro’yobga oshayapti. Ona ko’ngliga dunyo tiz cho’kar ekan.

Eski mashinani sotib, yangisiga pul to’lab qo’yganman. Bir haftada 1-2 ta navbat siljiydi. Singlimning to’yi yaqinlashib qoldi. Onam qo’ng’iroq qildi:

– Kelayapsanmi?
– Hali mashina chiqmadi, keyin xizmat safari bor ekan.
– O’sha yoqqa boshqa birovni yuborsang bo’lmaydimi (go’yo, men boshliqday). Sen kelmasang kim boradi, ammalaringni olib borishing kerak…

Ovoz qulog’imdan ketmay qoldi. Ich-etimni yeya boshladim. Nima qilishni bilmasdim? Bir soat o’tar-o’tmas avtosalondan qo’ng’iroq bo’ldi: “Mashinangiz keldi, olib keting!”

Ertasi kuni hujjatlarini taxlab, kam-ko’stlarini to’g’rilab, yangi mashinada singlimning to’yiga yetib bordik. O’zavtosanoatga so’zi o’tgan, harbiy xizmat safarini bekor qilgan onamning ko’ngliga boshimni egib ta’zim qildim.

Samolyot silkinib ina boshlaganini bildirdi. Xabarga ko’ra Novosibirskiyga yoqilg’i uchun to’xtayotgandik. Oyoqning chigalini yozib, toza havodan nafas olish biz uchun juda katta baxt edi shu lahzalarda. Tashqarida sovuq zabtiga olgan. O’rkach-o’rkach qor uyumlari. Simillab tanamizga sanchilib o’tayotgan izg’irin ham yoqimli. Yengil tortib, joyimizga qaytdik. Biz bu dunyoning o’zida safarning ichida safar qilayotgan yo’lovchi edik. Bir-biridan bexabar, mehr berishga oshiqmaydigan yo’l ovchilar.

Yo’l ovchi bo’lguncha ko’ngil ovlovchi bo’lsak-ku barchasi binoyidek bo’lardi.

Azobli o’ylarim, xayollarimni uzoqlashtirishga tirishaman. Zimiston. G’uvillagan ovozdan bo’lak hech vaqo yo’q. Uyqum kelmaydi. Ko’pchilik tin olayapti. Ko’zimni yumsam boz xayollar domiga tushaman.

Talabalikda Qashqadaryoga safar qilgandik. So’lim manzara. Zilol suvdan qonib-qonib ichaman. Musaffo tabiatdan zavqlanaman. Yashillik qo’yniga singib ketgim keladi. Yana ko’ngil yaqin oshnolarim men bilan. Bir oz aylangandan keyin masjidga kirdik. Ibodatdan keyin hamma chiqib ketdi. Turgim kelmasdi.

Yolg’iz qolganimga ishonch hosil qilgach, hasratlarimni to’ka boshladim. Ko’z yoshlarimni to’xtata olmasdim. Yig’lab-yig’lab duolar qildim. Shu yerlarga ota-onamni olib kelishni ALLOHdan so’radim. Yengil tin olib, chiqib ketmoqchi bo’lsam, o’rtoqlarimdan biri kutib turgan ekan. Battar ko’nglim buzildi.

Oradan yetti yil o’tib orzuim ushaldi. Hazrati Bashirni ota-onam, oilam, farzandim bilan ziyorat qildik. O’ziga qilingan tavallolar beiz ketmasligiga yana bir karra amin bo’ldim. Endi ulug’-ulug’ maqsadlarni dilga tugishdan, tilga chiqarishdan cho’chimasdim.

Oldinda ulug’-ulug’ ishlar kutayotganiga ishonchim komil edi. Nogahon, zulmat qa’ridan shaharning porlab turgan chiroqlari ko’zga tashlandi. Xayollarim tarqay boshladi. Ko’nglim yorishib, o’rnimdan turdim.

034

(Tashriflar: umumiy 163, bugungi 1)

Izoh qoldiring