Jo’ra Fozil. Girya & Qiz bolaning baxti. Radiohikoya

05sТаниқли адиб Жўра Фозил  таваллудининг 75 йиллиги олдидан

Чолнинг Ялдо тунидек узун ва қоронғу ҳаётини биргина мўъжаз шам ёритиб турарди. Шам кичкина эсада, унинг нури жуда ёруғ, чунки бу илк севгининг инсон юрагида ҳеч қачон ўчмайдиган, мангу барҳаёт шуъласи эди…

Жўра Фозил
ГИРЯ


  Бу йил  75 ёшини қаршилаётган  таниқли адиб Жўра Фозил 1949 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. Тошкент давлат университети журналистика факултетини тугатган.
“Муҳаббатнинг байрамлари” (1991), “Барқут мавсум” (1992), “Бухоройи шариф элчилари” (1996), “Бахт юлдузи” (1997), “Менинг қизил гулим” (1998), “Болаликнинг ёлғиз ёдгори” (2002), “Бухорийнинг қайтиб келиши” (2004), “Айрилиқ остонаси” (2005), “Тирамоҳ армонлари” (2009), “Биз лола термаган баҳор” (2010) каби ҳикоя, қисса, романлари жамланган китоблари нашрдан чиққан.


Катта йўлдан хийла узоқда, дов-дарахт,гул-кўкатларга кўмилган сўлим ва шинам кўчанинг энг чеккасида жойлашган бу ҳайҳотдек ҳовли нафақат кўчанинг, балки, бутун дунёнинг энг чеккаси, хилват гўшаси эди гўё.

Хонадонларнинг деярли ҳаммасида туну кун “Гиря”нинг ғамгин-маҳзун саси эшитилиб турарди.

Ўша, дунё чеккасидаги ҳовлининг икки эгаси-тўқсон яшар чол ва жониворлар умри нуқтаи назаридан ҳисоблаганда хожасиданда кексароқ ит-Йўлбарс ҳам еру само, чор-атрофдан янграб турган мунгли оҳанг таъсирида умр-басар этишарди.

Чол йиллар ҳисоби, бола-чақаси, ёр-дўстлари, номларни эсидан чиқариб улгурган,чамаси, бошқалар ҳам шўрликнинг исминида, ўзинида билишмас, сира ёд этишмасди.

Дарвоқе, қария кейингги йигирма йилдаги содиқ, хиёнат кўчасидан ўтмаган яккаю ёлғиз дўсти Йўлбарснинг номини унутмаганди, холос.

Қария ва ит, агар Ёлғизлик жуда чуқур уммон бўлса, унинг энг тубида, агарда Ер юзининг ғоятда баланд нуқтаси бўлса, худди ўша жойда эдилар.

Қария ёлғиз йўлдоши ҳақида ўйлар экан Ҳазрат Навоийнинг “Эгасига вафо қилиб, жаннати бўлган итлар бор”-дея лутф этганини, одам аҳлида мутлақ вафо бўлмаслигидан афсус чекганини ёдга олди.
Ҳамма бало Мир Алишер Ҳазратларини ўқимаслигимиз, уқмаслигимиз, энг ёмони, илмимизга амал қилмаслигимизда! Амал қила олганимизда инсоният, она сайёра етим ҳолига тушмас, ҳалокатнинг тубсиз жарлигига шунчалар яқинлашмасди…

Навоий ижоди-бутун инсоният мулки эканини жаҳон афкор оммаси тан олиши, эътироф этиши даркор. Эҳ, қани энди шундай бўла қолса!

Чолнинг Ялдо тунидек узун ва қоронғу ҳаётини биргина мўъжаз шам ёритиб турарди. Шам кичкина эсада, унинг нури жуда ёруғ, чунки бу илк севгининг инсон юрагида ҳеч қачон ўчмайдиган, мангу барҳаёт шуъласи эди.

Шуъла сўнгган юлдузники эсада, бу ёғду қария қалби, онг-шуурини қуёш янглиғ нурафшон этарди.

Кейин унинг кексаликдаги дилгир ҳаётида баҳор ёмғиридан сўнг янада яшнаб очилган лола янглиғ мунис ва меҳрибон Аёл пайдо бўлди. Тўғрироғи, у мўъжизадек содир бўлди!
Бу ҳаётда бор эдими ёки хаёл, орзумиди, номаълум… Ҳар қалай, унга жуда оғир пайтларда Субҳи козибда Аёлнинг мунис, таскин берувчи овози эшитилар, кўнглида яшашга умид уйғотарди. Бу аёлни муштипар она, опа-сингил ёки маъшуқа дейиш ҳам мумкиндир.

У ўша Аёл билан хаёлан кўп суҳбатлашар, сон-саноқсиз саволларига жавоб олар, таскин топарди. Аёл тунги осмонда бехос чақнаган чақмоқ бўлиб, унинг кўнглинида, йўлинида ёритди.
Бу хаёлий Аёл унинг қалби, онг-шуурини оловдек қамради, бошқа ҳеч нимага ўрин қолдирмади. Ҳувиллаган бўм-бўш кўнгли тўлди, баҳордек гул очди!

Бу мангу муҳаббат эди. Кейин у Аёл билан бир вужуд, бир юракка айланди.

Румий –икки инсон бир бутунга айланмаса, ҳақиқий муҳаббат бўлмайди-деган. Бир вужуд, бир юрак, бир ақл муҳаббатдир.

Бу Аёл ўша армонли илк муҳаббат ҳаётбахш акс садоси. Ё, Худо баъзан бу Аёл қўшнининг ҳали 2 ёшга тўлмаган, жажжи эвараси Солиҳага ўхшаб чуғурлаб қоларди. Солиҳа бўлса оддий баргни гулдан ажрата оларди.

Аммо ҳаёт мураккабликлари жуда бисёр. Кекса авлод ва фарзандлар, ёшлар ўртасидаги муносабатларда кўп чигалликлар мавжуд. Бу зиддиятларнинг айримлари фожиага айланган, кенг қулоч ёйган.
Илк муҳаббатнинг олис акс-садоси Аёл кекса олим учун таскин манзили бўлса, ҳатто энг яқин кишилар билан зиддиятлар у шўрликнинг ҳаётини остин-устун қилиб юборарди.

Кунларнинг бирида фарзандларнинг энг севимлиси ўртадаги андак баҳс сўнгида падари бузрукворининг кўзига тик боқиб шундай деди:
-Сизнинг муаммоларингиз фақат сизники! Бу сизнинг ҳаётингиз, менга асло даҳли йўқ! Менинг ўз ҳаётим бор. Ҳаётимдаги муаммолар, камчиликларни бартараф этишда менга ёрдам беришингиз керак.
Отанинг тили танглайига ёпишгандай бўлди.

-Шундоқ ҳам сизлар учун яшаяпман-ку!-Зорланди кекса олим.

Бирдан ота-ўғилнинг кўзлари тўқнашди. Ўғилнинг кўзларида қаҳр-ғазаб, лоқайдлик ва калон димоқликнинг шунчалар совуқ бир ёлқини зоҳир эдики, чол сесканди, бадани жунжикиб кетди.
Сиз ким учун яшаётганингизни билмайман. Мен ҳали ўзим учун яшайолганим йўқ.

Бечора ота кўнгли қаттиқ оғриб, хаёл сурди. Суюкли фарзандим мендан бунчалар йироқ-минг йиллик масофага қачон кетиб қолди?
Қани энди табиатдаги бу дахшатли ҳарорат фарзандларим, невара, эваралар, бутун инсоният қалбига кўча қолса…

Қуёш асрий музликларни эритади. Аммо у инсон қалби муз тоғларини эрита олмайди. Бу музни она меҳрига ўхшаган ҳарорат йўққа чиқаради.
Қуёш музни эритади, тошни эрита олмайди. Тош бағирлар тош меҳрлар қолади.

Онасини болта билан чопган қиз турманинг торгина учрашув хонасида мухбирнинг “Онангизга раҳмингиз келмадими?”-деган саволига жуда совуққина “Раҳмим келди”-дея ёлғон жавоб қайтарди.
Унинг юраги муз эмас, тош. Қуёш тоғ-тошларни эритиши учун миллион йил керак. Унгача инсон юрагидаги муз тоғлари тошга айланади.

У 26 ёшида бева қолган ўрта яшар қариндошига шундай савол берганди:
-Синглим Ёлғизликнинг бу шафқатсиз уммонида қандай жон сақладингиз, чўкиб кетмадингиз?
-Мени китоблар, фақатгина мутолаа омон сақлаб қолди. Бошқа ҳеч бир мавжудот ёрдам бермади.

Агар ҳеч нима ўқимайдиганлар китобга юз бурсалар эди, бошимизга муттасил ёғилаётган бало-қазолар андак камайган бўлармиди?

Китобсиз “Қобил фарзандлар” ота-онага хизмат қилиш уёқда турсин, улар ҳақида ўйлашгада эринадилар. Ойлаб, йиллаб қораларини кўрсатмайдилар, аммо керакли кишиларга тиз чўкадилар, оёқларини ялайдилар. Озгина фойда деб шу даражага тушадилар.

Профессор ёшлигида илм-маърифат Дунёни қутқаради деган ақидаги қаттиқ ишонарди. Шу йўлда бутун умрини сарфлади, жонини фидо қилди.
Бир куни қараса, пул, мансаб-мартаба, қолаверса, дунёга ҳукмронлик қилиш пойгасидаги қонун-қоидаларда заррача ўзгариш бўлмаган экан. Илм-урфонга эришган, ҳаммасига ақли етадиганлар ҳам қабоҳат тарафига ўтишяпти.

Шу-шу бўлди-ю, илмига амал қилган профессор ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартирди. Ҳамма-ҳаммасига қўл силтади, баҳридан ўтди.
Оқибатда, ёнида Йўлбарсдан бошқа ҳеч ким, ҳеч нима қолмади.

Ҳар иккала бахти қаро ёшликларида кўрган кимсанинг кўнглини кўтарадиган даражада кўркам, дуркун мавжудотлар бўлиб, ўзларидан-да, бошқалардан-да рози эдилар.
Аммо ҳеч ким ва ҳеч нимани аямайдиган йиллар шамоли уларгада шафқат қилмади, тўзитиб юборди.

Маълумингизким, ҳайвонот оламида ҳам жуда қув, айёр жониворлар бор. Улар рақиблари ҳолсизланишини, ночор аҳволга тушишини кутиб, пайт пойлайдилар. Воҳки, улар инсон зотининг олдига туша олмайдилар.

Бу борада шоқоллар инсонларга жуда яқин туришади.

Чол итининг ёшлик йилларини эслади. У бир пайтлар чор-атрофдаги бирор итдан енгилмаган, жонивор бўйчан, кўкракдор, турқи ҳақиқий Йўлбарсга монанд, ранги оқ-қора, рақибини энг аввало кўкраги билан ерга ағанатиб, ўзига бошқа пешхезлик қилмайдиган ҳолатга тушгунга қадар обдон ғажирди.

Энди бўлса шўрлик худди эгасига ўхшаб мунғайиб, мункиллаб қолди. Акиллашга ҳам, пашша қўришга ҳам эринади, кучи йўқ.

Узоқ йили ўзидан анча ёш, кучли итлар тўдаси билан қаттиқ олишган экан, жониворни ўлар ҳолатга келтиришибди.
Шўрлик офтоб ботар маҳал зўрға уйига етиб келди. Кела сола эгасининг оёғига йиқилиб, қаттиқ уввос солди, фарёд чекди.

Хожаси унинг қонга беланган, афтода ҳолатини кўриб, юраги орқасига тортиб кетди. Қўл остида бўлган дори-дармонларни олиб дўстини даволай бошлади. Аммо ўз ишидан кўнгли тўлмай, дарҳол ветеренарга қўнғироқ қилди.

Шифокор тезда етиб келиб, жониворни шифохонага олиб кетди. У бир ой деганда зўрға оёққа турди.

Қария шуларни ўйлар экан, мийиғида кулиб қўйди. Хаёлига “Содиқ шогирдингизман!”-дея кўкрагига уриб, онт ичиб юрган чала мулла ҳамкасблари келди.

Бу нобакорлар ўзини ҳою ҳаваслардан четга олган собиқ устозларини талаб, таталаб ўтирмадилар, шоқоллардек ваҳшийлашиб шундай ғажидиларки, шўрлик устознинг жон таслим этишига озгина қолди. Бечора Йўлбарс-ку бир ой деганда тузалиб кетганди. Кекса олим эса “Шогирдлар” хиёнатидан ҳамон ўзига кела олгани йўқ.

Жазирама ёзнинг кўнгилни беҳузур қиладиган иссиқ чошгоҳи. Бундай пайтлар тангадек офтоб тушмайдиган серҳашам боғ-ҳовлиларда яшовчи бойлар ҳам ўзларини қаёққа қўйишни билмай қолишади.
Профессор эрта тонгда чап кўксида уйғонган симиллаган оғриқ борган сари кучаяётганини ҳис қилди. Андак жонсарак бўлди.

Йўлбарс билан оби дийда қилиб видолашишни сира истамасди. Ўзбек “Яхши ит-ўлигини кўрсатмас”-дейди. Ҳамонки, энг содиқ дўст шуни истар экан, нега яхши инсон шундай қилмаслиги керак?
Ўзи унинг васиятини тинглайдиган, шунга арзийдиган бирор киши бўлмаса…

Профессор кичик нимдош халтага рўйхат ва етарли пул солиб, уни Йўлбарснинг бўйнига илди-ю, яқин орадаги дўконга бориб келишни тушунтирган бўлди.

Шу орада итнинг мунгли кўзларига нигоҳи тушди. Қария сесканиб кетди. Вафодорнинг кўзларидан милдир-милдир ёш оқарди.
Дунёга қўл силтаётган одам тишини тишига қўйиб, чидади.

Йўлбарс кўздан ғойиб бўлиши биланоқ у ҳўнграб йиғлаб юборди. Ўксиб-ўксиб кўз ёш тўкди. Ўтган бесамар умрига ачинди. Шу топда ўзининг қари итидан бўлак ҳеч кимни, ҳеч нимани кўришни истамасди.
Кейингги ойларда негадир марҳум отаси ва жуда ёш кетган онаизорини кўп ўйлар эди. Отаси аслида Бухоро шаҳрида яшаган савдогарнинг кенжа ўғли , Файзулла Хўжаев даъвати билан қишлоққа ўқитувчи бўлиб келган, умр бўйи 70 сўм маош билан хотини ва икки ўғилдан иборат оиласини тебратганди.

Оиланинг беш фарзанди уруш ва очарчилик йилларида вафот этишганди. Эр-хотин бир-бирларига суяниб, икки ўғилни вояга етказдилар. Ака-укалар олий маълумотли бўлдилар.
Кенжа ўғил профессор даражасига етишди. Аммо у кейингги йилларда, ҳозир, сўнгги нафасларида ҳам ўзидан кўнгли тўлмаётган эди.
Сира қайтмас бўлиб кетган волид ва волидасидан қайта ва қайта гуноҳидан ўтишларини сўрашни истарди.

-Кечиринглар, отажон, онажон, тузингизни оқлай олмадим. Бутун дунёни ғарқ этиб улгурган манфаат, балойи нафс, лоқайдликнинг шўр, аччиқ уммонига бир томчи ҳам ширин сув қўша олмадим.
Олим бўлсада, ҳаёт илмини яхши англаёлмаган, нафс, лоқайдлик хавфини идрок этмаган бахтиқаро, гумроҳ ўғлингизни авф этинг…

Сизлар мени озгина пул, чексиз меҳр билан одам қаторига қўша олдингиз. Мен эсам катта маош, мартаба билан фарзандларимни яхши тарбиялай олмадим.
Улар ҳамма қатори ўзларидан бошқа ҳеч кимни кўра олмайдиган худбин кўр-басирлар бўлиб етишдилар.
Аслида бошимизга тушаётган ҳамма балолар тарбия, оила инқирози эмасми? Киндигини очиб юрган қизлар осмондан тушмаган, оилада ўсган.

У яна онасини эслади. Жуда оддий бўлсада, ораста кийинадиган бу муниса аёлни қишлоқ аёллари “Янга” дея бошларига кўтаришарди. Онаси вафот этганда бутун қишлоқ мотам тутганди.
Қўшни келинчак Шарофат “Оҳ, янгажоним, у кишини дея ҳатто осмон ҳам йиғлаяпти!”-дея айтиб-айтиб йиғлар, хотин-халаж янада қаттиқроқ уввос солишарди.

Бу мотамсаро сўзлар унинг бола хотирасида қаттиқ муҳрланди ва умр бўйи ёдидан чиқмади. Сўнгги дақиқаларда ҳам бу ғамгин сўзлар қулоқлари остида ҳамон жаранглаб турарди.
Онасини бекорга алқашмасди. Оқила, пазанда, чевар, айни пайтда, камтарин, хокисор бу аёлни ҳамма жуда яхши кўрарди. У қишлоқ тўйларининг гули, турли-туман маъракаларнинг “бош бошқарувчиси” бўларди.

Рихлатга мардона юз тутган чол ҳамон ўзини койирди.

-Дарвоқе, мен қандайдир яхши ишлар қилгандирман. Фақат эзгуликка хизмат қилдими, йўқми, сўнгги лаҳзаларда ҳам била олмай, ҳамон жоним ҳалак.
Шундай бўлгач, менга унвон, мартаба нега керак? Нега олим бўлдим? Ҳаётни зиғирдек яхшилай олмаган кишига дабдаба чикора?..

Кимгадир ақл ўргатдим, илмий ишлар, китоблар ёздим. Кимлардир мен ҳақимда китоблар битишди, ақл ўргатишди. Лекин бундан дунёдаги лоақал бирор киши наф кўрдими, баҳра олдими?
“Тождор офат”га чалиниб, зўрға омон қолган ҳамтаълим дўстим шундай нидо қилганди: “Во дариғ, Дунёда ҳеч ким нима учун яшаётганини билмас экан! Ҳеч ким!
Алҳазар, шундай экан яшашнинг нима кераги бор? Ҳаётга бунчалар тармашиб нима қилдим?!”.

Мана, ҳаёт шоми, қаҳратон қишида у ёлғиз. Ёнида итдан бошқа ҳеч ким йўқ! Фақат угина ёлғизмикан, йўқ! Бутун инсоният якка-ёлғиз, бу офатнинг жабрини чекаётир. Ана шунинг ўзи қиёмат эмасми?
Ҳозир энг яқин кишиларини, яна кимларнидир, балки, бутун инсониятни Ёлғизликка ҳукм этаётган гумроҳлар билишмайдики, уларнинг ўзларида ёлғиз ўлимга мажбур, маҳкумдирлар! Аллоҳнинг иродаси шундай. Адолат тарозусида посанги мутлақо ўзгаргани йўқ!..

Қария чуқур тин олди. Юрагида қарама-қарши ҳислар тўфони тобора кучайиб борар, тут соясидаги иссиқлик эса ҳамон кўтарилишда давом этарди.

Бирдан чолнинг боши қаттиқ оғрий бошлади. У ўқтин-ўқтин ҳансирар, нафаси қисилиб, қора терга ботган, кўксидаги оғриқ чидаб бўлмас даражага етганди.
Унинг интиқ нимагадир ташна, гезарган лаблари “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини қайта-қайта такрорларди.

Ўзи отаси билан видолаша олмай қолган, бу унинг бир умрлик армони эди. Мана, у ҳам энди ҳеч ким билан видолашолмайди. Фақат бу кимгадир армон бўлиши даргумон.
Шу аснода яна Аёл саси эшитилди. Лекин у таскин топмади, куни битаётганини аниқ ҳис этди.

Овоз секин-аста баландлади. “Ўксинма, сенинг, ҳақиқий , боқий ҳаётинг энди бошланади. Ҳақиқий ҳаёт-Ўлимдан кейингги ҳаётдир. Йўқликдаги боқий ҳаёт!
Чолнинг кўнгли кундай ёришди. Ҳақиқатан ҳам кун иссиқ ва жуда ёруғ эди.

-“Ҳа,ҳа”,деди у ғолибона, ҳақиқий ҳаёт энди бошланади! Ҳаёт яратувчиси Аёл нима деяётганини яхши билади.

Яшасин Ҳаёт! Мен ўлсамда, лекин маҳв бўлмайман, яшайман! Бор бўлсин Ҳаёт!

Кейин ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолди. Аёл товуши эса дам гумбурлар, дам майин, аллаловчи оҳанг касб этарди.

Аёл товуши бу –севги. Илк, ўткинчи муҳаббат эмас, мангу, боқий ишқ. Мангу акс-садо берувчи овоз! У ухлаб ётган ғофил бандаларни уйғотади!

Кейин тўсатдан ҳамма ёқ сукунатга ғарқ бўлди. Коинотнинг шафқатсиз тегирмони бир зум тўхтади-ю, аросатдаги одам сўнган юлдуздек йўқлик дашту биёбонига сингиб кетди…

Дўкондан қайтган вафодор дарвозадан ичкарига кириши биланоқ ёмон воқеа юз берганини сезгандек, қаттиқ увиллаб, нола чекди-ю, ўзини эгаси доим ўтирадиган қари тут дарахти томонга урди.
Бўйнидаги кўз ёшларидан жиққа ҳўл бўлган хийла оғир халтани бир силтаниш билан ирғитиб ташлаб, пастак ёғоч сўрига яқинлашди.

Профессор нимдош кўрпачада чалқанча ётар, энгак ташлаган, ўнг қўли кўксида, очиқ қолган кўзларида ёз осмонининг тиниқ акси ўйнар, киприкларида бир неча томчи ёш қотиб қолганди.
Эвоҳ! Неча ўнлаб фарзанд, невара, эвара, ёр-дўстлари, шогирдлари бўлган қариянинг сўнгги нафасида унинг очиқ қолган кўзларини юмадиган, энгагини боғлаб қўядиган бир меҳрибон топилмаганди!..
Майитнинг сарғайган юзида ғамгин-маҳзун, шунинг баробарида, рози-ризолик ҳамда нимадандир қониқиш ифодалари зоҳир эди.

Сўлғин чеҳра шунчалар илоҳий нур таратардики, ўлим юз берганлигининг аниқ ифодаси бўлмиш лаҳад тупроғи нуқси деярли билинмасди.

Қари итнинг кўз ёшлари ҳамон шашқатор, жон-жаҳти билан эгасининг қўл-оёқларини, юз –кўзларини ялаб-юлқарди. Нола чекиб, аянчли уввиларди.

Бу нола-ю фиғон олис-олисларда акс-садо берар, аммо уни ҳеч ким эшитмасди. Фақат, хожасига марсия айтаётган вафодор ноласи Ер, осмону фалак, коинот, бутун Дунёни қамраб олгудек бўлиб, тобора баландлаётган “Гиря” оҳангларига уланиб, жуда улуғвор гулдиракка айланиб борарди.

Ит туни билан увиллади, йиғлади, бағрини қон қилди. Эрта тонгда бошини хожасининг кўксига қўйиб, жон таслим этди.

Жониворнинг ҳам кўзлари очиқ кетган, уларда қонталаш уфқ акси кўринарди.

Йиллар ўтаётир. Ўтиб-кетиб бораверади, бораверади. Йўқлик, беному бенишонлик уммонига ғарқ бўлаверади.

Шундай кун келадики, Инсоният олдида бир савол кўндаланг бўлади. Ана шу савол биргина сўздан иборат бўлғусидир.

Ҳазрати Инсон ана шу биргина сўз мазмуни нима эканини қайта кашф этиши, шунинг баробарида, унга жавоб қайтариши даркор.
Шундай қилишга у мажбур ва маҳкумдир!..

2024 йил. Асад ойининг 7-15 саналари.
Ромитан шаҳри.

Taniqli adib Jo‘ra Fozil tavalludining 75 yilligi oldidan

Cholning Yaldo tunidek uzun va qorong‘u hayotini birgina mo‘jaz sham yoritib turardi. Sham kichkina esada, uning nuri juda yorug‘, chunki bu ilk sevgining inson yuragida hech qachon o‘chmaydigan, mangu barhayot shu’lasi edi…

Jo‘ra Fozil
GIRYA


     Bu yil  75 yoshini qarshilayotgan  taniqli adib Jo‘ra Fozil 1949 yilda Buxoro viloyati Romitan tumanida tug‘ilgan. Toshkent davlat universiteti jurnalistika fakultetini tugatgan.
“Muhabbatning bayramlari” (1991), “Barqut mavsum” (1992), “Buxoroyi sharif elchilari” (1996), “Baxt yulduzi” (1997), “Mening qizil gulim” (1998), “Bolalikning yolg‘iz yodgori” (2002), “Buxoriyning qaytib kelishi” (2004), “Ayriliq ostonasi” (2005), “Tiramoh armonlari” (2009), “Biz lola termagan bahor” (2010) kabi hikoya, qissa, romanlari jamlangan kitoblari nashrdan chiqqan.


Katta yo‘ldan xiyla uzoqda, dov-daraxt,gul-ko‘katlarga ko‘milgan so‘lim va shinam ko‘chaning eng chekkasida joylashgan bu hayhotdek hovli nafaqat ko‘chaning, balki, butun dunyoning eng chekkasi, xilvat go‘shasi edi go‘yo.

Xonadonlarning deyarli hammasida tunu kun “Girya”ning g‘amgin-mahzun sasi eshitilib turardi.

O‘sha, dunyo chekkasidagi hovlining ikki egasi-to‘qson yashar chol va jonivorlar umri nuqtayi nazaridan hisoblaganda xojasidanda keksaroq it-Yo‘lbars ham yeru samo, chor-atrofdan yangrab turgan mungli ohang ta’sirida umr-basar etishardi.

Chol yillar hisobi, bola-chaqasi, yor-do‘stlari, nomlarni esidan chiqarib ulgurgan,chamasi, boshqalar ham sho‘rlikning isminida, o‘zinida bilishmas, sira yod etishmasdi.

Darvoqe, qariya keyinggi yigirma yildagi sodiq, xiyonat ko‘chasidan o‘tmagan yakkayu yolg‘iz do‘sti Yo‘lbarsning nomini unutmagandi, xolos.

Qariya va it, agar Yolg‘izlik juda chuqur ummon bo‘lsa, uning eng tubida, agarda Yer yuzining g‘oyatda baland nuqtasi bo‘lsa, xuddi o‘sha joyda edilar.

Qariya yolg‘iz yo‘ldoshi haqida o‘ylar ekan Hazrat Navoiyning “Egasiga vafo qilib, jannati bo‘lgan itlar bor”-deya lutf etganini, odam ahlida mutlaq vafo bo‘lmasligidan afsus chekganini yodga oldi.
Hamma balo Mir Alisher Hazratlarini o‘qimasligimiz, uqmasligimiz, eng yomoni, ilmimizga amal qilmasligimizda! Amal qila olganimizda insoniyat, ona sayyora yetim holiga tushmas, halokatning tubsiz jarligiga shunchalar yaqinlashmasdi…

Navoiy ijodi-butun insoniyat mulki ekanini jahon afkor ommasi tan olishi, e’tirof etishi darkor. Eh, qani endi shunday bo‘la qolsa!

Cholning Yaldo tunidek uzun va qorong‘u hayotini birgina mo‘jaz sham yoritib turardi. Sham kichkina esada, uning nuri juda yorug‘, chunki bu ilk sevgining inson yuragida hech qachon o‘chmaydigan, mangu barhayot shu’lasi edi.

Shu’la so‘nggan yulduzniki esada, bu yog‘du qariya qalbi, ong-shuurini quyosh yanglig‘ nurafshon etardi.

Keyin uning keksalikdagi dilgir hayotida bahor yomg‘iridan so‘ng yanada yashnab ochilgan lola yanglig‘ munis va mehribon Ayol paydo bo‘ldi. To‘g‘rirog‘i, u mo‘jizadek sodir bo‘ldi!
Bu hayotda bor edimi yoki xayol, orzumidi, noma’lum… Har qalay, unga juda og‘ir paytlarda Subhi kozibda Ayolning munis, taskin beruvchi ovozi eshitilar, ko‘nglida yashashga umid uyg‘otardi. Bu ayolni mushtipar ona, opa-singil yoki ma’shuqa deyish ham mumkindir.

U o‘sha Ayol bilan xayolan ko‘p suhbatlashar, son-sanoqsiz savollariga javob olar, taskin topardi. Ayol tungi osmonda bexos chaqnagan chaqmoq bo‘lib, uning ko‘nglinida, yo‘linida yoritdi.
Bu xayoliy Ayol uning qalbi, ong-shuurini olovdek qamradi, boshqa hech nimaga o‘rin qoldirmadi. Huvillagan bo‘m-bo‘sh ko‘ngli to‘ldi, bahordek gul ochdi!

Bu mangu muhabbat edi. Keyin u Ayol bilan bir vujud, bir yurakka aylandi.

Rumiy –ikki inson bir butunga aylanmasa, haqiqiy muhabbat bo‘lmaydi-degan. Bir vujud, bir yurak, bir aql muhabbatdir.

Bu Ayol o‘sha armonli ilk muhabbat hayotbaxsh aks sadosi. Yo, Xudo ba’zan bu Ayol qo‘shnining hali 2 yoshga to‘lmagan, jajji evarasi Solihaga o‘xshab chug‘urlab qolardi. Soliha bo‘lsa oddiy bargni guldan ajrata olardi.

Ammo hayot murakkabliklari juda bisyor. Keksa avlod va farzandlar, yoshlar o‘rtasidagi munosabatlarda ko‘p chigalliklar mavjud. Bu ziddiyatlarning ayrimlari fojiaga aylangan, keng quloch yoygan.
Ilk muhabbatning olis aks-sadosi Ayol keksa olim uchun taskin manzili bo‘lsa, hatto eng yaqin kishilar bilan ziddiyatlar u sho‘rlikning hayotini ostin-ustun qilib yuborardi.

Kunlarning birida farzandlarning eng sevimlisi o‘rtadagi andak bahs so‘ngida padari buzrukvorining ko‘ziga tik boqib shunday dedi:
-Sizning muammolaringiz faqat sizniki! Bu sizning hayotingiz, menga aslo dahli yo‘q! Mening o‘z hayotim bor. Hayotimdagi muammolar, kamchiliklarni bartaraf etishda menga yordam berishingiz kerak.
Otaning tili tanglayiga yopishganday bo‘ldi.

-Shundoq ham sizlar uchun yashayapman-ku!-Zorlandi keksa olim.

Birdan ota-o‘g‘ilning ko‘zlari to‘qnashdi. O‘g‘ilning ko‘zlarida qahr-g‘azab, loqaydlik va kalon dimoqlikning shunchalar sovuq bir yolqini zohir ediki, chol seskandi, badani junjikib ketdi.
Siz kim uchun yashayotganingizni bilmayman. Men hali o‘zim uchun yashayolganim yo‘q.

Bechora ota ko‘ngli qattiq og‘rib, xayol surdi. Suyukli farzandim mendan bunchalar yiroq-ming yillik masofaga qachon ketib qoldi?
Qani endi tabiatdagi bu daxshatli harorat farzandlarim, nevara, evaralar, butun insoniyat qalbiga ko‘cha qolsa…

Quyosh asriy muzliklarni eritadi. Ammo u inson qalbi muz tog‘larini erita olmaydi. Bu muzni ona mehriga o‘xshagan harorat yo‘qqa chiqaradi.
Quyosh muzni eritadi, toshni erita olmaydi. Tosh bag‘irlar tosh mehrlar qoladi.

Onasini bolta bilan chopgan qiz turmaning torgina uchrashuv xonasida muxbirning “Onangizga rahmingiz kelmadimi?”-degan savoliga juda sovuqqina “Rahmim keldi”-deya yolg‘on javob qaytardi.

Uning yuragi muz emas, tosh. Quyosh tog‘-toshlarni eritishi uchun million yil kerak. Ungacha inson yuragidagi muz tog‘lari toshga aylanadi.

U 26 yoshida beva qolgan o‘rta yashar qarindoshiga shunday savol bergandi:
-Singlim Yolg‘izlikning bu shafqatsiz ummonida qanday jon saqladingiz, cho‘kib ketmadingiz?
-Meni kitoblar, faqatgina mutolaa omon saqlab qoldi. Boshqa hech bir mavjudot yordam bermadi.

Agar hech nima o‘qimaydiganlar kitobga yuz bursalar edi, boshimizga muttasil yog‘ilayotgan balo-qazolar andak kamaygan bo‘larmidi?

Kitobsiz “Qobil farzandlar” ota-onaga xizmat qilish uyoqda tursin, ular haqida o‘ylashgada erinadilar. Oylab, yillab qoralarini ko‘rsatmaydilar, ammo kerakli kishilarga tiz cho‘kadilar, oyoqlarini yalaydilar. Ozgina foyda deb shu darajaga tushadilar.

Professor yoshligida ilm-ma’rifat Dunyoni qutqaradi degan aqidagi qattiq ishonardi. Shu yo‘lda butun umrini sarfladi, jonini fido qildi.
Bir kuni qarasa, pul, mansab-martaba, qolaversa, dunyoga hukmronlik qilish poygasidagi qonun-qoidalarda zarracha o‘zgarish bo‘lmagan ekan. Ilm-urfonga erishgan, hammasiga aqli yetadiganlar ham qabohat tarafiga o‘tishyapti.

Shu-shu bo‘ldi-yu, ilmiga amal qilgan professor hayotga munosabatini tubdan o‘zgartirdi. Hamma-hammasiga qo‘l siltadi, bahridan o‘tdi.
Oqibatda, yonida Yo‘lbarsdan boshqa hech kim, hech nima qolmadi.

Har ikkala baxti qaro yoshliklarida ko‘rgan kimsaning ko‘nglini ko‘taradigan darajada ko‘rkam, durkun mavjudotlar bo‘lib, o‘zlaridan-da, boshqalardan-da rozi edilar.
Ammo hech kim va hech nimani ayamaydigan yillar shamoli ulargada shafqat qilmadi, to‘zitib yubordi.

Ma’lumingizkim, hayvonot olamida ham juda quv, ayyor jonivorlar bor. Ular raqiblari holsizlanishini, nochor ahvolga tushishini kutib, payt poylaydilar. Vohki, ular inson zotining oldiga tusha olmaydilar.

Bu borada shoqollar insonlarga juda yaqin turishadi.

Chol itining yoshlik yillarini esladi. U bir paytlar chor-atrofdagi biror itdan yengilmagan, jonivor bo‘ychan, ko‘krakdor, turqi haqiqiy Yo‘lbarsga monand, rangi oq-qora, raqibini eng avvalo ko‘kragi bilan yerga ag‘anatib, o‘ziga boshqa peshxezlik qilmaydigan holatga tushgunga qadar obdon g‘ajirdi.

Endi bo‘lsa sho‘rlik xuddi egasiga o‘xshab mung‘ayib, munkillab qoldi. Akillashga ham, pashsha qo‘rishga ham erinadi, kuchi yo‘q.

Uzoq yili o‘zidan ancha yosh, kuchli itlar to‘dasi bilan qattiq olishgan ekan, jonivorni o‘lar holatga keltirishibdi.
Sho‘rlik oftob botar mahal zo‘rg‘a uyiga yetib keldi. Kela sola egasining oyog‘iga yiqilib, qattiq uvvos soldi, faryod chekdi.

Xojasi uning qonga belangan, aftoda holatini ko‘rib, yuragi orqasiga tortib ketdi. Qo‘l ostida bo‘lgan dori-darmonlarni olib do‘stini davolay boshladi. Ammo o‘z ishidan ko‘ngli to‘lmay, darhol veterenarga qo‘ng‘iroq qildi.

Shifokor tezda yetib kelib, jonivorni shifoxonaga olib ketdi. U bir oy deganda zo‘rg‘a oyoqqa turdi.

Qariya shularni o‘ylar ekan, miyig‘ida kulib qo‘ydi. Xayoliga “Sodiq shogirdingizman!”-deya ko‘kragiga urib, ont ichib yurgan chala mulla hamkasblari keldi.

Bu nobakorlar o‘zini hoyu havaslardan chetga olgan sobiq ustozlarini talab, tatalab o‘tirmadilar, shoqollardek vahshiylashib shunday g‘ajidilarki, sho‘rlik ustozning jon taslim etishiga ozgina qoldi. Bechora Yo‘lbars-ku bir oy deganda tuzalib ketgandi. Keksa olim esa “Shogirdlar” xiyonatidan hamon o‘ziga kela olgani yo‘q.

Jazirama yozning ko‘ngilni behuzur qiladigan issiq choshgohi. Bunday paytlar tangadek oftob tushmaydigan serhasham bog‘-hovlilarda yashovchi boylar ham o‘zlarini qayoqqa qo‘yishni bilmay qolishadi.
Professor erta tongda chap ko‘ksida uyg‘ongan simillagan og‘riq borgan sari kuchayayotganini his qildi. Andak jonsarak bo‘ldi.

Yo‘lbars bilan obi diyda qilib vidolashishni sira istamasdi. O‘zbek “Yaxshi it-o‘ligini ko‘rsatmas”-deydi. Hamonki, eng sodiq do‘st shuni istar ekan, nega yaxshi inson shunday qilmasligi kerak?
O‘zi uning vasiyatini tinglaydigan, shunga arziydigan biror kishi bo‘lmasa…

Professor kichik nimdosh xaltaga ro‘yxat va yetarli pul solib, uni Yo‘lbarsning bo‘yniga ildi-yu, yaqin oradagi do‘konga borib kelishni tushuntirgan bo‘ldi.

Shu orada itning mungli ko‘zlariga nigohi tushdi. Qariya seskanib ketdi. Vafodorning ko‘zlaridan mildir-mildir yosh oqardi.
Dunyoga qo‘l siltayotgan odam tishini tishiga qo‘yib, chidadi.

Yo‘lbars ko‘zdan g‘oyib bo‘lishi bilanoq u ho‘ngrab yig‘lab yubordi. O‘ksib-o‘ksib ko‘z yosh to‘kdi. O‘tgan besamar umriga achindi. Shu topda o‘zining qari itidan bo‘lak hech kimni, hech nimani ko‘rishni istamasdi.
Keyinggi oylarda negadir marhum otasi va juda yosh ketgan onaizorini ko‘p o‘ylar edi. Otasi aslida Buxoro shahrida yashagan savdogarning kenja o‘g‘li , Fayzulla Xo‘jayev da’vati bilan qishloqqa o‘qituvchi bo‘lib kelgan, umr bo‘yi 70 so‘m maosh bilan xotini va ikki o‘g‘ildan iborat oilasini tebratgandi.

Oilaning besh farzandi urush va ocharchilik yillarida vafot etishgandi. Er-xotin bir-birlariga suyanib, ikki o‘g‘ilni voyaga yetkazdilar. Aka-ukalar oliy ma’lumotli bo‘ldilar.
Kenja o‘g‘il professor darajasiga yetishdi. Ammo u keyinggi yillarda, hozir, so‘nggi nafaslarida ham o‘zidan ko‘ngli to‘lmayotgan edi.
Sira qaytmas bo‘lib ketgan volid va volidasidan qayta va qayta gunohidan o‘tishlarini so‘rashni istardi.

-Kechiringlar, otajon, onajon, tuzingizni oqlay olmadim. Butun dunyoni g‘arq etib ulgurgan manfaat, baloyi nafs, loqaydlikning sho‘r, achchiq ummoniga bir tomchi ham shirin suv qo‘sha olmadim.
Olim bo‘lsada, hayot ilmini yaxshi anglayolmagan, nafs, loqaydlik xavfini idrok etmagan baxtiqaro, gumroh o‘g‘lingizni avf eting…

Sizlar meni ozgina pul, cheksiz mehr bilan odam qatoriga qo‘sha oldingiz. Men esam katta maosh, martaba bilan farzandlarimni yaxshi tarbiyalay olmadim.
Ular hamma qatori o‘zlaridan boshqa hech kimni ko‘ra olmaydigan xudbin ko‘r-basirlar bo‘lib yetishdilar.
Aslida boshimizga tushayotgan hamma balolar tarbiya, oila inqirozi emasmi? Kindigini ochib yurgan qizlar osmondan tushmagan, oilada o‘sgan.

U yana onasini esladi. Juda oddiy bo‘lsada, orasta kiyinadigan bu munisa ayolni qishloq ayollari “Yanga” deya boshlariga ko‘tarishardi. Onasi vafot etganda butun qishloq motam tutgandi.
Qo‘shni kelinchak Sharofat “Oh, yangajonim, u kishini deya hatto osmon ham yig‘layapti!”-deya aytib-aytib yig‘lar, xotin-xalaj yanada qattiqroq uvvos solishardi.

Bu motamsaro so‘zlar uning bola xotirasida qattiq muhrlandi va umr bo‘yi yodidan chiqmadi. So‘nggi daqiqalarda ham bu g‘amgin so‘zlar quloqlari ostida hamon jaranglab turardi.
Onasini bekorga alqashmasdi. Oqila, pazanda, chevar, ayni paytda, kamtarin, xokisor bu ayolni hamma juda yaxshi ko‘rardi. U qishloq to‘ylarining guli, turli-tuman ma’rakalarning “bosh boshqaruvchisi” bo‘lardi.

Rixlatga mardona yuz tutgan chol hamon o‘zini koyirdi.

-Darvoqe, men qandaydir yaxshi ishlar qilgandirman. Faqat ezgulikka xizmat qildimi, yo‘qmi, so‘nggi lahzalarda ham bila olmay, hamon jonim halak.
Shunday bo‘lgach, menga unvon, martaba nega kerak? Nega olim bo‘ldim? Hayotni zig‘irdek yaxshilay olmagan kishiga dabdaba chikora?..

Kimgadir aql o‘rgatdim, ilmiy ishlar, kitoblar yozdim. Kimlardir men haqimda kitoblar bitishdi, aql o‘rgatishdi. Lekin bundan dunyodagi loaqal biror kishi naf ko‘rdimi, bahra oldimi?
“Tojdor ofat”ga chalinib, zo‘rg‘a omon qolgan hamta’lim do‘stim shunday nido qilgandi: “Vo darig‘, Dunyoda hech kim nima uchun yashayotganini bilmas ekan! Hech kim!
Alhazar, shunday ekan yashashning nima keragi bor? Hayotga bunchalar tarmashib nima qildim?!”.

Mana, hayot shomi, qahraton qishida u yolg‘iz. Yonida itdan boshqa hech kim yo‘q! Faqat ugina yolg‘izmikan, yo‘q! Butun insoniyat yakka-yolg‘iz, bu ofatning jabrini chekayotir. Ana shuning o‘zi qiyomat emasmi?
Hozir eng yaqin kishilarini, yana kimlarnidir, balki, butun insoniyatni Yolg‘izlikka hukm etayotgan gumrohlar bilishmaydiki, ularning o‘zlarida yolg‘iz o‘limga majbur, mahkumdirlar! Allohning irodasi shunday. Adolat tarozusida posangi mutlaqo o‘zgargani yo‘q!..

Qariya chuqur tin oldi. Yuragida qarama-qarshi hislar to‘foni tobora kuchayib borar, tut soyasidagi issiqlik esa hamon ko‘tarilishda davom etardi.

Birdan cholning boshi qattiq og‘riy boshladi. U o‘qtin-o‘qtin hansirar, nafasi qisilib, qora terga botgan, ko‘ksidagi og‘riq chidab bo‘lmas darajaga yetgandi.
Uning intiq nimagadir tashna, gezargan lablari “La ilaha illalloh” kalimasini qayta-qayta takrorlardi.

O‘zi otasi bilan vidolasha olmay qolgan, bu uning bir umrlik armoni edi. Mana, u ham endi hech kim bilan vidolasholmaydi. Faqat bu kimgadir armon bo‘lishi dargumon.
Shu asnoda yana Ayol sasi eshitildi. Lekin u taskin topmadi, kuni bitayotganini aniq his etdi.

Ovoz sekin-asta balandladi. “O‘ksinma, sening, haqiqiy , boqiy hayoting endi boshlanadi. Haqiqiy hayot-O‘limdan keyinggi hayotdir. Yo‘qlikdagi boqiy hayot!
Cholning ko‘ngli kunday yorishdi. Haqiqatan ham kun issiq va juda yorug‘ edi.

-“Ha,ha”,dedi u g‘olibona, haqiqiy hayot endi boshlanadi! Hayot yaratuvchisi Ayol nima deyayotganini yaxshi biladi.

Yashasin Hayot! Men o‘lsamda, lekin mahv bo‘lmayman, yashayman! Bor bo‘lsin Hayot!

Keyin hammayoq jim-jit bo‘lib qoldi. Ayol tovushi esa dam gumburlar, dam mayin, allalovchi ohang kasb etardi.

Ayol tovushi bu –sevgi. Ilk, o‘tkinchi muhabbat emas, mangu, boqiy ishq. Mangu aks-sado beruvchi ovoz! U uxlab yotgan g‘ofil bandalarni uyg‘otadi!

Keyin to‘satdan hamma yoq sukunatga g‘arq bo‘ldi. Koinotning shafqatsiz tegirmoni bir zum to‘xtadi-yu, arosatdagi odam so‘ngan yulduzdek yo‘qlik dashtu biyoboniga singib ketdi…

Do‘kondan qaytgan vafodor darvozadan ichkariga kirishi bilanoq yomon voqea yuz berganini sezgandek, qattiq uvillab, nola chekdi-yu, o‘zini egasi doim o‘tiradigan qari tut daraxti tomonga urdi.
Bo‘ynidagi ko‘z yoshlaridan jiqqa ho‘l bo‘lgan xiyla og‘ir xaltani bir siltanish bilan irg‘itib tashlab, pastak yog‘och so‘riga yaqinlashdi.

Professor nimdosh ko‘rpachada chalqancha yotar, engak tashlagan, o‘ng qo‘li ko‘ksida, ochiq qolgan ko‘zlarida yoz osmonining tiniq aksi o‘ynar, kipriklarida bir necha tomchi yosh qotib qolgandi.
Evoh! Necha o‘nlab farzand, nevara, evara, yor-do‘stlari, shogirdlari bo‘lgan qariyaning so‘nggi nafasida uning ochiq qolgan ko‘zlarini yumadigan, engagini bog‘lab qo‘yadigan bir mehribon topilmagandi!..
Mayitning sarg‘aygan yuzida g‘amgin-mahzun, shuning barobarida, rozi-rizolik hamda nimadandir qoniqish ifodalari zohir edi.

So‘lg‘in chehra shunchalar ilohiy nur taratardiki, o‘lim yuz berganligining aniq ifodasi bo‘lmish lahad tuprog‘i nuqsi deyarli bilinmasdi.

Qari itning ko‘z yoshlari hamon shashqator, jon-jahti bilan egasining qo‘l-oyoqlarini, yuz –ko‘zlarini yalab-yulqardi. Nola chekib, ayanchli uvvilardi.

Bu nola-yu fig‘on olis-olislarda aks-sado berar, ammo uni hech kim eshitmasdi. Faqat, xojasiga marsiya aytayotgan vafodor nolasi Yer, osmonu falak, koinot, butun Dunyoni qamrab olgudek bo‘lib, tobora balandlayotgan “Girya” ohanglariga ulanib, juda ulug‘vor guldirakka aylanib borardi.

It tuni bilan uvilladi, yig‘ladi, bag‘rini qon qildi. Erta tongda boshini xojasining ko‘ksiga qo‘yib, jon taslim etdi.

Jonivorning ham ko‘zlari ochiq ketgan, ularda qontalash ufq aksi ko‘rinardi.

Yillar o‘tayotir. O‘tib-ketib boraveradi, boraveradi. Yo‘qlik, benomu benishonlik ummoniga g‘arq bo‘laveradi.

Shunday kun keladiki, Insoniyat oldida bir savol ko‘ndalang bo‘ladi. Ana shu savol birgina so‘zdan iborat bo‘lg‘usidir.

Hazrati Inson ana shu birgina so‘z mazmuni nima ekanini qayta kashf etishi, shuning barobarida, unga javob qaytarishi darkor.
Shunday qilishga u majbur va mahkumdir!..

2024 yil. Asad oyining 7-15 sanalari.
Romitan shahri.

03

(Tashriflar: umumiy 63, bugungi 1)

Izoh qoldiring