Jaloliddin Sayid. Yangi she’rlar

033Олдинги тақдимларимизда Жалолиддин Сайидни бугунги ёш ўзбек шеъриятида ўз ўрнини топган шоирлардан деб таништирган эдик. Бугун унинг янги шеърлари билан танишасиз.

Жалолиддин Сайид
ШЕЪРЛАР


Жалолиддин Сайид Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Комилон қишлоғида туғилган. Амалий Фанлар Университетининг «Ўзбек тили ва адабиёти» факултетида таълим олмоқда. «Ҳуққабоз» шеърий тўплами нашр этилган.


Баҳор ёмғири

Бу ёмғир покланмоқ имкони,
Руҳингни, танингни тут унга.
Очиб бер қалб отлиғ дунёни,
Тобакай буркайсан тутунга?

Осмонга қарагин тикилиб,
Кўзингдан сингсин-у томчилар,
Ичдаги қурумни сигириб,
Товонингдан оқсин томчилаб.

Кўрдингми гулларни, сут эмган
Гўдакдек диркиллаб қолганин?
Дарахтлар кун кўрган етимдай,
Ўзин сал ўнгариб олганин.

О, тупроқ исининг тотлиги,
Эҳтимол гашт этмас бошқа дам.
Тоғларнинг ялтироқ шодлиги,
Тозалик лозимдир тошга ҳам.

Дунё бир енгиллик ҳис этар,
Ҳатто ер айланар осуда.
Борлиқки ёмғирга юз тутар,
Фақат сен соябон остида.

Ўзингни яширма,
Оғир бу,
Биламан… чекмоқ жон заҳматин.
Лек ўша биз кутган ёмғир бу,
Ёмғир бу-Худонинг раҳмати.

… Бу ёмғир, покланмоқ имкони.
66
Алоқаси йўқ

Гуллар сўлаяпти, қуёш тафтидан,
Ваъдабоз ариқлар қақшайди қуруқ.
Аммо биз хотиржам, сокин,
Афтидан-
Бунинг бизга алоқаси йўқ.

Уйлар қулаяпти…
Уни қурган ким?
Тунов кун том босиб қолган беш жужуқ…
Биз эса бир четда кузатамиз жим,
Бунинг бизга алоқаси йўқ.

Тунда ғорат бўлди қўшнининг уйи,
Ўғри ҳам бегона эмас, тасаддуқ.
Ўйлаймиз, эшикни илдириб қўйиб-
Бунинг бизга алоқаси йўқ.

Дунё айниб борар, хатарга тўла,
Кимдир фитна ясар, кимдир эса ўқ.
«Ҳа энди бир кепсиз, ошдан онг, бўла…
Бунинг бизга алоқаси йўқ.»

Гап ватан ҳақида кетяпти, жўра
Момонгни мулкимас эрк отлиғ ҳуқуқ.
«Ана нозирга чоп, ҳокимдан сўра,
Бунинг бизга алоқаси йўқ.»

«Ўқит, олим бўлсин боланг сенинг ҳам
Токай излатгайсан «шудгордан қуйруқ.
» Нега қўл силкийсан?
Қайдин бу алам?»
«Бунинг бизга алоқаси йўқ… «

Ҳаммамиз ўламиз, ким қай ёшида?
Фақат пуч қоларми ортимизда, тўқ.
Набиранг демасин мурданг бошида,
Бунинг бизга алоқаси йўқ.

Чала

Ҳамма ишлар чала.
Ҳатто шеърлар ҳам,
Ётар қоғозларда сўнгига етмай.
Ҳаётим шу чала ишларга қарам,
Битмайди, мен агар нечоғ шаҳд этмай.

Гоҳ дилхун бўламан, гоҳида дилшод,
Шукрким, ҳар нечук жон қурғур танда.
Қайдадир ўқиган эдим: — Одамзод,
Иши битар эмиш, куни битганда.

***

Эшик таққиллайди. Тонг саҳар, туйқус,
Эштилар, журъатсиз ташланган қадам.
Кўнглимни чулғайди ажиб бир туйғу-
Наҳот, келган бўлса мен кутган Одам?

Очиқ деразадан бош суқади ел,
Дарпарда ҳилпираб, тўлади ўпкам.
Ўттиз йил бир жонга бўлолмадим эл,
Наҳот, келган бўлса мен кутган Одам?

Қушлар чуғурлашар, истиғфор айтиб,
Жажжи қанотларин силкир дам-бадам.
Буткул умид узиб қўйганим пайти,
Наҳот, келган бўлса мен кутган Одам?

Нега қўнғироқни босмайди унда?
Чўчитиб юбормай, дейдими? Қайдам…
Бу телба хаёлим минг ўйга ундар,
Наҳот, келган бўлса мен кутган Одам?

Бунда кутилмайди биргина ўлим,
Сўнгги илинж янглиғ-баргдаги шабнам.
Тутқични тутолмай титрайди қўлим,
Наҳот, келган бўлса мен кутган Одам?

Она, Рафиқа, Қиз ҳақинда

Тўққиз ой жон қуши наво таратди,
Оҳанглар кафтида сурурга тўлдим.
Дунё келтирмади, дунё яратди.
Мен битта аёлнинг умиди бўлдим.

Сўнг чипта қоғоздек тушди қўлимга,
Шамол бўп учирдим, ўйнадим, кулдим.
Умрин гаров тикди, бесар йўлимга.
Мен битта аёлнинг қувончи бўлдим.

Хуш ифор ўрлади қалбимга, қай тонг,
Бас, ўлиб, тирилдим. Тирилдим ўлдим.
Кўзимнинг қароси гул очди, ҳайҳот,
Мен битта аёлнинг нажоти бўлдим. …

О, нечук денгиз бу?
То мангу чўкдим.
Қисматим тунини ёритган ҳилол.
Кел, икки дунёйим пойингга тўкдим,
Умидим…
Қувончим…
Нажотим-Аёл!

Чиптали йўловчи

Поезд жўнаб кетди.
Перронда ёлғиз,
Қўлда чипта билан қолди йўловчи…
Қаттиқ ишонар у, чиптаси борларни,
Поезд ташлаб кетмас, лафзидан қочиб.

Ўзи кеч қолган-у, аслига боқсанг,
Вақтини ҳисобга олмаган, беғам.
Энди шу чиптага, умид боғламоқдан
Бўлак таскини йўқ.
Бечора одам.

Ҳозир ўйлайди у; «Бу ғирром. Нега?»
Аммо бунда ҳар не бўлиши мумкин.
Масалан, бошқа бир одам ўрнига
Бошқаси ўтириб олиши мумкин.

Ёки кондукторнинг кўнглини қайраб,
Сирли имо билан ваъда қилиб дон…
Унинг ҳақ ўрнида ётгандир яйраб,
Чиптадан қимматроқ, бирорта жонон…

Ўзимни кўраман, сенга термулиб,
Мен ҳам тушган эдим шу каби ҳолга.
Ҳаёт темир йўлин, қай вокзалинда
Алданиб қолганман қуруқ хаёлга.

Мен-ку кеч қолмаган эдим, ўша кез
Фақат хато кетди недир, билмадим.
Сени ташлаб кетган манови поезд,
Менинг кутганимда эса…
Келмади.

О, манов чипталар…
мана бир тугун,
Кўз ташлаб тураман тез-тез барига.
Сенга ачинмадим.
Кечир.
Мен бугун,
Ишонмай қўйганман поездларига.

Ришта

Момом қайтиш қилди, хуфтонга етмай,
Ҳаво бир тўлди-ю, очилиб кетди.
Зар ришта экан у, фарзандларини
Боғлаб турадиган.
Сочилиб кетди…

Роса ҳолдан тойди, охирда фақир
Тили ҳам қовушмай қолди сўзига.
Жовдираб боқарди, айбдор каби
Рўзғори нотинчроқ кенжа қизига.

Қанча умид тикди, бошим, улим деб
Мендан сўнг соябон, бири қолса танг.
Тўнғичин йўлига тикилар куйиб,
«Хотини бевошроқ чиқди-да…
Аттанг.»

Ахир ўлаяпсан, момо, ўляпсан,
Ажал бош учингда турибди пойлаб.
Нега бунча ташвиш қиласан ахир,
Ўлмай яшаётган болангни ўйлаб?

Ерпарчин ётибсан,
Умринг узилар,
Ҳаёт бутлолмагай сўнг бу чандиқни.
Сен бўлса ўйлайсан: нафақанг тушса,
Набиранг сепига қўшар сандиқни…

Момом қайтиш қилди…
Зар барибир зар,
Худо биздан уни олди қимматга.
Тариқдек сочилган фарзандлар, ўхшар-
Қибласин йўқотиб қўйган умматга.

* * *

…Эртак айтсанг болангга,
Ухлатмаслик учун айт.

Аъзам Ўктам

Нега бизга ҳеч ким эртак айтмаган?
Она, бу саволга ким берар жавоб?
Дадам рўзғор деган, ишдан ортмаган,
Момом ўтиб кетган, бобом-чи бетоб.

Ўзимиз ўқирдик қайдандир топиб,
Асли шу сабабдан, қўрқаётганим.
Сиз учун ҳеч қизиқ бўлмаган менинг,
Қандайин эртаклар ўқиётганим.

Ҳолбуки, жавобгар эдингиз бунга,
Оппоқ қоғоз монанд онг-у юрагим.
Билмайсиз ёзилиб қолганин унда,
Қай мақсад эртагин, қай бир бўлаги.

Вақт-ку ўтмай қолмас, тағин елмоқда,
Фақат ваҳм босар кўнглимни, ҳайҳот.
Дунёнинг бошига чиқиб келмоқда,
Эртак эшитмасдан улғайган авлод.

* * *

Булутлар ўзини ташлади ерга,
Ҳовурдан қимтинди аёзнинг лаби.
Сенинг ҳов ўша кун титроқ қўлларинг,
Елкамдан ўзини ташлаган каби.

Дарахтлар кийимсиз қолганлигини,
Шунда пайқаб қолди; баданлари ҳўл.
Мен ҳам сўнг англадим, тоғдай елкамни,
Тутиб турганлигин ўша икки қўл…

Сарҳисоб

Фурсат чархпалакдек умримдан олиб,
Яна бир йилимни ташлади ортга…
Қанча курашлардан чиқолдим ғолиб,
Қанчасин бой бердим,
Кимсан,
Ҳаётга.

Неларни унутдим,
унута олдим,
Кўнглим халос бўлди ортиқча юкдан.
Неларни наққошдек ёдимга солди(м)
Шу «нақш»лар туфайли балки тирикман.

Кўп нарса ўзгарди, тўғрисин айтсам,
Кўп нарса ўзгармай қолди, бу ҳам рост.
Гоҳида чорасиз йўлимдан қайтсам,
Гоҳида йўл топдим қайта туриб, соз.

Муҳими, дарс олиб камалаклардан,
Икки терс қирғоққа кўприк бўлишни.
Яшашни ўргандим капалаклардан,
Чинорлардан эса қандай Ўлишни…

Ҳеч нарса қолмагай дунёда қойим,
Фақат яшолсанг бас,
Ҳар даминг байрам.
… Ўтган йиллар учун шукур, Худойим,
Хайрли қилгайсан келгусини ҳам!!!

* * *

Нигоҳларинг…
бунча алам, бунча кин?
Ўҳ, мен қачон орттирдим бу душманни?
Қайда хато ўтди билмам, қайси кун?
Пешонамга тамға бўлиб тушганми?

Нима қилай, кўксим сим-сим оғриса?
Бу нафратга чидаш бермоқ осонми?
Нима қилай?
Мана бошим…
Хоҳласанг,
Ташлаб юбор қўлингдаги Осмонни!

Сендан узоқда

Сендан узоқларда тентираб сарсон,
Тўкилдим, тўлмадим сендан узоқда.
Ишон, мен шу қадар эканман арзон,
Ҳеч баҳо бўлмадим сендан узоқда.

Бошимдан юлдузлар сочган оқ тупроқ,
Қурумдек қорайтди ўпкамни кўпроқ.
Йиғлоқ бўлиб қолдим, гўдакдай йиғлоқ,
Битта чин кулмадим сендан узоқда.

Юрсам, пойим тўлиб тиканлар чиқди,
Тили мой, дили тиғ эканлар чиқди.
«Ўзидан кетдими?..» деганлар чиқди,
Ўзимга келмадим, сендан узоқда.

Елларнинг сийпаши бўлиб тарсаки,
Ҳаддимни қайирди таъма қарсаги.
Айт, тақдир қилганинг қандай нарсаки-
То ҳануз ўлмадим сендан узоқда.

Бўйнимни безатган туморми, дорми?
Кўксимни ёндирган музмиди, қорми?
Сенга бир хасчалик керагим борми?
Билмадим
Билмадим сендан узоқда.

Кутиш

«Мени кут!
Ҳеч нима сўрама,
Ҳеч нарса қилма,
Уринмагин қайтаришга ҳам.
Мени кут.
Йиғлама,
Кулма,
Ўлма.
Манов йўлга қараб ўтир,
Ва шунчаки Ишон,
Мен қайтаман.»
Деб, кетганди унинг эри,
Эллик йил олдин.

… Юзларини ажин қоплаган,
Сочлари оқарган,
Боқса кўзи узоқни кўрмайдиган,
Қадди букилиб, асога суяниб қолган,
Қоп-қора Йўл,
Аёлга қарааааааб,
Ўлиб боради,
Ўшандан бери.

Жазо

Тушимда бир бобой аямай урди,
Оқ соқол, оқ сочли оппоқ яктакда.
Хўп сўлим жой эди боғ, йўлак, кўрдим
Боғчада эдим-ов, ва ё мактабда.

Йиғладим: не қилдим сизга отахон,
Шармисор қиласиз кўпнинг ичида?
Дарғазаб тикилди мисли аждаҳо:
Нафсингни измига кирдингми, чида.

Ҳар зарба заҳрида бир илон чақди,
Ҳар зарбда инградим лабимни тишлаб.
Тушуниб турибман жазо-ки ҳақли,
Боиси… ҳа энди номақбул иш-да…

Айб қилган гўдакдек иззиллаб турдим,
Вужудим зирқираб, титрар тизларим…
Тушимда бир бобой аямай урди,
Уйғонсам, елкамда хивич излари.

Қузғун қисмати

Ҳарчанд баланд учма темир қанот-ла,
Қийқириб майлига дунёни бузгин.
Номинг ўзгармагай аммо ҳаётда,
Не қилма, барибир қузғунсан, қузғун.

Чангалинг ҳеч қачон бўлмагай ҳалол,
Қисматинг сенинг-да қўйилган битиб.
Дунёни олсанг ҳам бир кун эҳтимол,
Маҳкумсан, яшашга ўлакса титиб.

Бекинмачоқ

-1-

Ўнгача санайсан, шошилмай, секин,
Ўгирил.
Кўзни юм.
Деворни ушла.
Бу гал ҳам тополмай йиғласанг лекин,
Қайтиб қўшилмайсан, билдингми?
Бошла.

Шартларни эринмай уқтирар экан,
Ўйинга…
қўл силкир тўдабошимиз.
Изловчи ўрнида ялиниб келган,
Ичимизда энг бўш ва энг ёшимиз.

Хуллас тополмайди…
Ҳамиша шундай,
Сингиб кетарканмиз туннинг қўйнига.
Кўз ёши қилади ҳеч гапга кўнмай,
Шапалоқ тушгунча токим бўйнига.

Кейин бошқа излар, бошқа бекиниб,
Ким аввал топилса сўнг саноқ ундан.
Ўйин давом этар, «элчи»лар келиб,
Судраб кетмагунча ҳувв ярим тунда.

-2-

Кўзимни юмаман, деворда бошим,
Санайман бақириб; икки… саккиз… ўн…
Ўгрилиб қарайман, киприкда ёшим,
Излашга тушаман бир чеккадан сўнг.

Қани, қаердасиз, дарахт ортдами?
Ё тандир ичинда қўйинма-қўйин.
Фарқи йўқ, яқинми ё узоқдами,
Барибир топаман, эшитиб қўйинг.

Хоҳласам тоғларни ағдараман шарт,
Дунёни элайман, сувларни сизиб.
Зулматми бу қадар яширган номард,
Шамолми супуриб ташлаган изин.

Ҳануз ишонолмам, ахир бу, қандай?
Ёп-ёруғ эди-ку осмон ҳам, ер ҳам.
Наҳот бир кўз юмиб очгунча шундай,
Беркиниб олиши мумкинми одам?

-3-

Уруш!
Номинг ўчсин, одамхўр уруш…
Ҳамма кетар бўлди…
Бир мен…
«Нолойиқ!»
Машина ортидан чопдим ялангтўш:
Мен ҳам сизлар билан, бу ноҳақлик…
Йўўўқ…

Кузовдай силкинди қўллар ҳавода,
Сўнг таниш сас келди: Бас қил.
Ўйлама.
Мободо қайтмасак…
Эшит,
мободо-
Анави ўйинни бошқа ўйнама!!!

-4-

Етмиш йил яшадим журъатни кўмиб,
Ва балки шу тахлит кетгум сўнггача.
Етмиш йил яшадим…
Кўзимни юмиб,
Ўнгача санадим, фақат ўнгача.

Дунё оқармади, қорайиб борди,
Қорайиб кўринди олисда оқлик.
Етай деб югурдим,
чопдим,
ёлвордим,
Узоқлик қилди-я, менга узоқлик.

Ҳеч кимни топмадим,
тополмадим ё,
Қўнган жойингизда қолабердингиз.
Кўз юмсам, сиз шундоқ бўлдингиз пайдо,
Кўз очсам, беркиниб олабердингиз.

Мен тушда(й) яшадим ўшандан буён,
Туш кечиб изладим ярамга малҳам.
Етмиш йил кўзимга чанг солди дунё
Мен уни очмадим…
Очтирмадим ҳам…

-5-

Чиқинг оғаларим, бўлди, ютқаздим,
Тополмай беркинган жойингиз қайда.
Кулингиз жўр бўлиб, майли йўқ қасдим,
Розиман, не лозим кўрса қоида.

Унда-ку билардим: «тирриқ» тош ҳовуз,
«Найнов» дарахт орти, «калта» ариқда.
Доим ўша ерга беркинардингиз,
«Куя» ўчоқдадир тағин, аниқда.

Томда хилвати бор тўдабошининг,
Боролмам, ёпишган ваҳм зулукдай.
«Билгич» ўтирмасди ҳатто ёшиниб,
Мен ахир…
қўрқардим қоронғуликдан…

-6-

Ёқамни туширмай яшалган кунлар,
Бошимни кўтармай тикилган гаров.
Мен энди нима деб алдай,
айтинглар,
Бўйним қизарганин сўраса биров?

Кўнглимни куйдирар болалик ёди,
Жонимни узмоққа шайланар бир дод.
Беркиниб турибман,
тепамда жоди,
Қачон мени излаб топасан ЖАЛЛОД?!

* * *

Кузни яшаб ўтдим… у энди ўтмиш,
Ёдимдан ҳеч чиқмас кунлари билан.
Сарғайган умримга зўр чирой битмиш,
«Нима»лари билан, «Ким»лари билан.

Гоҳи дард қўлинда эрмак қилиндим,
Гоҳи бахт ўйнида келолдим ғолиб.
Ҳарқалай, бир ҳатлаб қишга илиндим,
Ҳарқалай, мен кузда кетмадим қолиб.

Суянчиқ

Қайдаки тоғ кўрмай пурвиқор, азим,
Мудом қабатинда уч-тўрт тепалик.
Суяшиб турганга ўхшайди баъзан,
Шамолда, бўронда билмайин ҳадик.

Бобом олтмиш бешни қоралаб ўтди,
Момом сабил қолди, бесўз, жонсарак.
Ўйлайман, одам ҳам тоғлардек худди,
Кимгадир суяниб яшаркан, демак.

Дунё-ку синоат, эмас янгилик,
Ё раббим, феълимдек қизғанчиқ қилиб,
Кимдир яратдингми мен суянгулик,
Кимга яратгандинг суянчиқ қилиб?

Ғазаб

Ожизни ҳеч қачон сийламас замон,
Кўкни забт этолмас иккиланган қуш.
Менга нега керак?
Қайнамаса қон.
Менга нега керак?
Тугилмаса мушт.

Гапни қўй, сўзни қўй, ёқамдан ушлаб
Зўр бўлсанг бир уриб тупроққа тиққин.
Фақат букчаймагин эшшакка ўхшаб,
Қаршимга бошингни кўтариб чиққин!!!

Гугурт чўп орзуси

Минг йил ётдим қути ичида,
Галим пойлаб, тоқатим тутиб.
Жоним ҳар дам тиғнинг учида,
Маҳкум каби ҳукмимни кутиб.

Қисмат экан, итоат сўзсиз,
Сафдан чиқди дўстларим бир-бир…
Қолавердим ноумид, ожиз,
Туюларди қилгандай таҳқир.

Кимдир учқун бўлиб чироққа,
Зулмат заҳрин айлади абас.
Ким тандирга…
кимдир ўчоқда…
Умри зое кетмади, хуллас.

Фақат менинг кечмишим майли,
Ўз дудимда пиширди ҳил-ҳил.
Бошимдаги шу сир туфайли,
Минг йил кутдим, ўлмадим минг йил.

Аммо… сабрим қолмади ортиқ,
Бор йўғимга ўзинг-ку қози.
Тангрим, секииин чертиб юборгин,
Бир ёнмасам эмасман рози!

Тафовут

Қачондир, ҳувв ҳали меҳр-оқибат,
Бутунлай бош олиб кетмаган пайтлар.
Бойота ўғлига мингизмади от,
Ночор қўшнисидан андиша айлаб.

Бугунчи…
қарз тўплаб кўмгудай бошин,
Ҳали ажралмайин енгидан бурни.
Бойвачча ўғлига миндириб мошин,
Ўша қўшнисининг «оғзига урди…»

Ўзи билади

Омонат бир хона қурдик қайси йил,
Укамнинг суннати тўйи олдидан.
Омбор бўлсин девдик шу кунга, сабил,
Ўн йил туриб берди лек шу ҳолида.

Қарасанг дўппайган бир уюм тупроқ,
Нурашга маҳкумдай оқ лой девори.
Қўл учи қилинган иш эди шундоқ,
На томи тайинли, на пойдевори.

Ҳануз лол қоламан, кўзим тушган дам,
Не-не тош қасрлар битди, қулади….
Менинг қўлим билан қурса-да, Эгам
Қанча асрамоғин ўзи билади!

* * *

Нимадир эзади руҳимни тағин,
Нимадир ёприлиб келар кўзимга.
Беҳузур кезаман айни шом чоғи,
Бу йўллар…
Кимларни солар эсимга?

Нима у?
Билмасман, кўнгил талаби.
Нима у???
Қарайман, тўрт ёним рўё.
…Бобомнинг ҳууув эски сурати каби,
Сарғайиииб ўтирар қаршимда Дунё!

Жавобгарлик

Манов юрт сеники.
Ҳа, ҳа сеники,
Осмони, тоғлари, олтин, маъдани…
Сен унга жавобгар бугундан бошлаб,
Ахир бу Ватанинг,
жондек Ватанинг.

Хоҳла дарахт экиб, боғга айлантир,
Хоҳла кесиб ёққин борки чинорин.
Хоҳла меҳнат қилгил, қуёшдай танти,
Хоҳла сийпаб ётгин салқинда қорин…

Аммо унутмаки; шу юрт сеники,
Бўйнингда,
босилган ҳар битта қадам.
Худо кўрсатмасин, бирор гап бўлса,
Ўзинг кўтарасан лаънатини ҳам!

Шоҳ-мот-Шоҳ!

Укам тиржаяди такаббурона,
Мен эса пиёда юриш қиламан.
-Ахир «шоҳ» тушяпти сизга «шоҳ», мана,
Қўлимни силкийман; -Кўрдим, биламан.

-Қаёққа юряпсиз? Ҳайрон қоламан,
Ҳимоя қилинг-да, шоҳ йўлин тўсиб.
-Йўл тўсмасам нима?
-Шоҳни оламан.
-Шоҳними? Олавер керакмас ўзи.

-Шоҳсиз ҳеч қаерга боролмайсиз-ку,
Шоҳсиз ўйин тугар, «мот» бўласиз, «мот.»
-Ким айтди? Ҳоо, шунча пиёдам бор-ку,
Шулардан ўйнайман, мана тўра, от…

Укам қизишади, сариқ эмасми,
-Ғирромлик қилмасдан ўйнанг-да тўғри.
Менинг ичим ёнар: -Наҳот бу… ростми?
Ғазаб томоғимни келади бўғиб.

Тан олгим келмайди, аммо рўйи-рост,
Кўриниб турибди, бой бердим шоҳни.
Бошқа шоҳ дегани-бошқа ўйин боз,
Минг элан, ҳеч кимнинг келмайди раҳми.

Йўқ, алам қилади, ноҳақлик-ку бу,
Бўлса-да кўксини тутганлар бошқа,
Бутун бир ўйинни тикиб қўйса ҳувв,
Бир четга ўтирган биргина тошга.

Бечора пиёда, зўр келса сени,
Ёлғизлаб қочишар, билмай уётни.
Асрамоқ сендан-да муҳим дунёда,
Тўрани, фарзин-у ва яна отни.

Ҳисобинг қилса-ку ҳаммадан кўпдир,
Ҳар келган балога тирик қалқонсан.
Аммо қадринг йўқдир, қимматинг йўқдир,
Не учун, не учун бунча арзонсан?

Атроф тўдасидан ўтолмаскан шоҳ,
Ҳақни кўролмагай, шунда бор ваҳмим.
Сени ким ўйлайди, ким асрайди, оҳ,
Мени фақат сенга келади раҳмим…

Мен таслим бўламан: -Хўп, бўпти мана,
Укам ғалабали юриш қилар бот.
Йўқ, шоҳни ҳеч қандай қилолмам пана,
Демак бари тамом, ҳукм бу-«Шоҳ…Мот!»

Далил

Хайр қилгин муҳтожларга, суратга туш,
Таом улаш ё очларга, суратга туш.

Олқиш олгин фалончингдан-пистонингдан,
Кийми йўқми? Улаш эски иштонингдан.

Уйсиз қолган ким у?
Топиб жойлаш керак,
Бекоргаям бўш ётибди шунча катак.

Фақат эрта эсдан чиқиб эзмасин ўй,
Ҳар эҳтимол, плёнкага муҳрлаб қўй.

Мол бердингми?
Қандай?
Соғин?
Суратга туш,
Пусиб қарз ол, берар чоғинг суратга туш.

Суратга туш, тўкиб-сочиб дастурхонин,
Дору топмай, дарддан куйиб ётган жоннинг…

Яна унда кулиб тургин, мамнун ва шод,
Кўрар балки юз йилдан сўнг келар авлод.

Фахр туйиб рост-у ёлғон хешларидан,
Чўпчак айтсин бобосининг ишларидан.

Энг муҳими, билиб танла сураткашни,
Оширмасин десанг магар қалбда ғашни.

Айтиб қўйгин; гап сифатда, эмас сонда,
Кадр қилсин сени доим ёрқин фонда.

Бошда қуёш нури турсин, ёнда гуллар,
Оёқ босган жойинг бўлсин равон йўллар.

Талаб қўй, бас, йўқми демак топиштирсин,
Керак жойдан кесиб олиб ёпиштирсин.

Лаллаймасдан, «шарқ-шурқ» қилсин, суръат бўлсин,
Кўрган кўзни қувнатгулик сурат бўлсин.

Ана кейин узоғини ўйлаш мумкин,
Тилинг узун бўлар, қўрқмай сўйлаш мумкин.

Аммо доим еғиб қўйгин бир нусхасин,
«Бандам» деса, борлиқ учун сир нусхасан.

Билмайсанки, унда не суд ишинг олса,
Нақ Худога кўрсатасан сўраб қолса!


Oldingi taqdimlarimizda Jaloliddin Sayidni bugungi yosh o’zbek she’riyatida o’z o’rnini topgan shoirlardan deb tanishtirgan edik. Bugun uning yangi she’rlari bilan tanishasiz.

Jaloliddin Sayid
SHE’RLAR


  Jaloliddin Sayid Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanidagi Komilon qishlog’ida tug’ilgan. Amaliy Fanlar Universitetining «O’zbek tili va adabiyoti» fakultetida ta’lim olmoqda. «Huqqaboz» she’riy to’plami nashr etilgan.


Bahor yomg’iri

Bu yomg’ir poklanmoq imkoni,
Ruhingni, taningni tut unga.
Ochib ber qalb otlig’ dunyoni,
Tobakay burkaysan tutunga?

Osmonga qaragin tikilib,
Ko’zingdan singsin-u tomchilar,
Ichdagi qurumni sigirib,
Tovoningdan oqsin tomchilab.

Ko’rdingmi gullarni, sut emgan
Go’dakdek dirkillab qolganin?
Daraxtlar kun ko’rgan yetimday,
O’zin sal o’ngarib olganin.

O, tuproq isining totligi,
Ehtimol gasht etmas boshqa dam.
Tog’larning yaltiroq shodligi,
Tozalik lozimdir toshga ham.

Dunyo bir yengillik his etar,
Hatto yer aylanar osuda.
Borliqki yomg’irga yuz tutar,
Faqat sen soyabon ostida.

O’zingni yashirma,
Og’ir bu,
Bilaman… chekmoq jon zahmatin.
Lek o’sha biz kutgan yomg’ir bu,
Yomg’ir bu-Xudoning rahmati.

… Bu yomg’ir, poklanmoq imkoni.

Aloqasi yo’q

Gullar so’layapti, quyosh taftidan,
Va’daboz ariqlar qaqshaydi quruq.
Ammo biz xotirjam, sokin,
Aftidan-
Buning bizga aloqasi yo’q.

Uylar qulayapti…
Uni qurgan kim?
Tunov kun tom bosib qolgan besh jujuq…
Biz esa bir chetda kuzatamiz jim,
Buning bizga aloqasi yo’q.

Tunda g’orat bo’ldi qo’shnining uyi,
O’g’ri ham begona emas, tasadduq.
O’ylaymiz, eshikni ildirib qo’yib-
Buning bizga aloqasi yo’q.

Dunyo aynib borar, xatarga to’la,
Kimdir fitna yasar, kimdir esa o’q.
«Ha endi bir kepsiz, oshdan ong, bo’la…
Buning bizga aloqasi yo’q.»

Gap vatan haqida ketyapti, jo’ra
Momongni mulkimas erk otlig’ huquq.
«Ana nozirga chop, hokimdan so’ra,
Buning bizga aloqasi yo’q.»

«O’qit, olim bo’lsin bolang sening ham
Tokay izlatgaysan «shudgordan quyruq.
» Nega qo’l silkiysan?
Qaydin bu alam?»
«Buning bizga aloqasi yo’q… «

Hammamiz o’lamiz, kim qay yoshida?
Faqat puch qolarmi ortimizda, to’q.
Nabirang demasin murdang boshida,
Buning bizga aloqasi yo’q.

Chala

Hamma ishlar chala.
Hatto she’rlar ham,
Yotar qog’ozlarda so’ngiga yetmay.
Hayotim shu chala ishlarga qaram,
Bitmaydi, men agar nechog’ shahd etmay.

Goh dilxun bo’laman, gohida dilshod,
Shukrkim, har nechuk jon qurg’ur tanda.
Qaydadir o’qigan edim: — Odamzod,
Ishi bitar emish, kuni bitganda.

***

Eshik taqqillaydi. Tong sahar, tuyqus,
Eshtilar, jur’atsiz tashlangan qadam.
Ko’nglimni chulg’aydi ajib bir tuyg’u-
Nahot, kelgan bo’lsa men kutgan Odam?

Ochiq derazadan bosh suqadi yel,
Darparda hilpirab, to’ladi o’pkam.
O’ttiz yil bir jonga bo’lolmadim el,
Nahot, kelgan bo’lsa men kutgan Odam?

Qushlar chug’urlashar, istig’for aytib,
Jajji qanotlarin silkir dam-badam.
Butkul umid uzib qo’yganim payti,
Nahot, kelgan bo’lsa men kutgan Odam?

Nega qo’ng’iroqni bosmaydi unda?
Cho’chitib yubormay, deydimi? Qaydam…
Bu telba xayolim ming o’yga undar,
Nahot, kelgan bo’lsa men kutgan Odam?

Bunda kutilmaydi birgina o’lim,
So’nggi ilinj yanglig’-bargdagi shabnam.
Tutqichni tutolmay titraydi qo’lim,
Nahot, kelgan bo’lsa men kutgan Odam?

Ona, Rafiqa, Qiz haqinda

To’qqiz oy jon qushi navo taratdi,
Ohanglar kaftida sururga to’ldim.
Dunyo keltirmadi, dunyo yaratdi.
Men bitta ayolning umidi bo’ldim.

So’ng chipta qog’ozdek tushdi qo’limga,
Shamol bo’p uchirdim, o’ynadim, kuldim.
Umrin garov tikdi, besar yo’limga.
Men bitta ayolning quvonchi bo’ldim.

Xush ifor o’rladi qalbimga, qay tong,
Bas, o’lib, tirildim. Tirildim o’ldim.
Ko’zimning qarosi gul ochdi, hayhot,
Men bitta ayolning najoti bo’ldim. …

O, nechuk dengiz bu?
To mangu cho’kdim.
Qismatim tunini yoritgan hilol.
Kel, ikki dunyoyim poyingga to’kdim,
Umidim…
Quvonchim…
Najotim-Ayol!

Chiptali yo’lovchi

Poyezd jo’nab ketdi.
Perronda yolg’iz,
Qo’lda chipta bilan qoldi yo’lovchi…
Qattiq ishonar u, chiptasi borlarni,
Poyezd tashlab ketmas, lafzidan qochib.

O’zi kech qolgan-u, asliga boqsang,
Vaqtini hisobga olmagan, beg’am.
Endi shu chiptaga, umid bog’lamoqdan
Bo’lak taskini yo’q.
Bechora odam.

Hozir o’ylaydi u; «Bu g’irrom. Nega? «
Ammo bunda har ne bo’lishi mumkin.
Masalan, boshqa bir odam o’rniga
Boshqasi o’tirib olishi mumkin.

Yoki konduktorning ko’nglini qayrab,
Sirli imo bilan va’da qilib don…
Uning haq o’rnida yotgandir yayrab,
Chiptadan qimmatroq, birorta jonon…

O’zimni ko’raman, senga termulib,
Men ham tushgan edim shu kabi holga.
Hayot temir yo’lin, qay vokzalinda
Aldanib qolganman quruq xayolga.

Men-ku kech qolmagan edim, o’sha kez
Faqat xato ketdi nedir, bilmadim.
Seni tashlab ketgan manovi poyezd,
Mening kutganimda esa…
Kelmadi.

O, manov chiptalar…
mana bir tugun,
Ko’z tashlab turaman tez-tez bariga.
Senga achinmadim.
Kechir.
Men bugun,
Ishonmay qo’yganman poyezdlariga.

Rishta

Momom qaytish qildi, xuftonga yetmay,
Havo bir to’ldi-yu, ochilib ketdi.
Zar rishta ekan u, farzandlarini
Bog’lab turadigan.
Sochilib ketdi…

Rosa holdan toydi, oxirda faqir
Tili ham qovushmay qoldi so’ziga.
Jovdirab boqardi, aybdor kabi
Ro’zg’ori notinchroq kenja qiziga.

Qancha umid tikdi, boshim, ulim deb
Mendan so’ng soyabon, biri qolsa tang.
To’ng’ichin yo’liga tikilar kuyib,
«Xotini bevoshroq chiqdi-da…
Attang.»

Axir o’layapsan, momo, o’lyapsan,
Ajal bosh uchingda turibdi poylab.
Nega buncha tashvish qilasan axir,
O’lmay yashayotgan bolangni o’ylab?

Yerparchin yotibsan,
Umring uzilar,
Hayot butlolmagay so’ng bu chandiqni.
Sen bo’lsa o’ylaysan: nafaqang tushsa,
Nabirang sepiga qo’shar sandiqni…

Momom qaytish qildi…
Zar baribir zar,
Xudo bizdan uni oldi qimmatga.
Tariqdek sochilgan farzandlar, o’xshar-
Qiblasin yo’qotib qo’ygan ummatga.

* * *

…Ertak aytsang bolangga,
Uxlatmaslik uchun ayt.
A’zam O’ktam

Nega bizga hech kim ertak aytmagan?
Ona, bu savolga kim berar javob?
Dadam ro’zg’or degan, ishdan ortmagan,
Momom o’tib ketgan, bobom-chi betob.

O’zimiz o’qirdik qaydandir topib,
Asli shu sababdan, qo’rqayotganim.
Siz uchun hech qiziq bo’lmagan mening,
Qandayin ertaklar o’qiyotganim.

Holbuki, javobgar edingiz bunga,
Oppoq qog’oz monand ong-u yuragim.
Bilmaysiz yozilib qolganin unda,
Qay maqsad ertagin, qay bir bo’lagi.

Vaqt-ku o’tmay qolmas, tag’in yelmoqda,
Faqat vahm bosar ko’nglimni, hayhot.
Dunyoning boshiga chiqib kelmoqda,
Ertak eshitmasdan ulg’aygan avlod.

* * *

Bulutlar o’zini tashladi yerga,
Hovurdan qimtindi ayozning labi.
Sening hov o’sha kun titroq qo’llaring,
Yelkamdan o’zini tashlagan kabi.

Daraxtlar kiyimsiz qolganligini,
Shunda payqab qoldi; badanlari ho’l.
Men ham so’ng angladim, tog’day yelkamni,
Tutib turganligin o’sha ikki qo’l…

Sarhisob

Fursat charxpalakdek umrimdan olib,
Yana bir yilimni tashladi ortga…
Qancha kurashlardan chiqoldim g’olib,
Qanchasin boy berdim,
Kimsan,
Hayotga.

Nelarni unutdim,
unuta oldim,
Ko’nglim xalos bo’ldi ortiqcha yukdan.
Nelarni naqqoshdek yodimga soldi(m)
Shu «naqsh»lar tufayli balki tirikman.

Ko’p narsa o’zgardi, to’g’risin aytsam,
Ko’p narsa o’zgarmay qoldi, bu ham rost.
Gohida chorasiz yo’limdan qaytsam,
Gohida yo’l topdim qayta turib, soz.

Muhimi, dars olib kamalaklardan,
Ikki ters qirg’oqqa ko’prik bo’lishni.
Yashashni o’rgandim kapalaklardan,
Chinorlardan esa qanday O’lishni…

Hech narsa qolmagay dunyoda qoyim,
Faqat yasholsang bas,
Har daming bayram.
… O’tgan yillar uchun shukur, Xudoyim,
Xayrli qilgaysan kelgusini ham!!!

* * *

Nigohlaring…
buncha alam, buncha kin?
O’h, men qachon orttirdim bu dushmanni?
Qayda xato o’tdi bilmam, qaysi kun?
Peshonamga tamg’a bo’lib tushganmi?

Nima qilay, ko’ksim sim-sim og’risa?
Bu nafratga chidash bermoq osonmi?
Nima qilay?
Mana boshim…
Xohlasang,
Tashlab yubor qo’lingdagi Osmonni!

Sendan uzoqda

Sendan uzoqlarda tentirab sarson,
To’kildim, to’lmadim sendan uzoqda.
Ishon, men shu qadar ekanman arzon,
Hech baho bo’lmadim sendan uzoqda.

Boshimdan yulduzlar sochgan oq tuproq,
Qurumdek qoraytdi o’pkamni ko’proq.
Yig’loq bo’lib qoldim, go’dakday yig’loq,
Bitta chin kulmadim sendan uzoqda.

Yursam, poyim to’lib tikanlar chiqdi,
Tili moy, dili tig’ ekanlar chiqdi.
«O’zidan ketdimi?..» deganlar chiqdi,
O’zimga kelmadim, sendan uzoqda.

Yellarning siypashi bo’lib tarsaki,
Haddimni qayirdi ta’ma qarsagi.
Ayt, taqdir qilganing qanday narsaki-
To hanuz o’lmadim sendan uzoqda.

Bo’ynimni bezatgan tumormi, dormi?
Ko’ksimni yondirgan muzmidi, qormi?
Senga bir xaschalik keragim bormi?
Bilmadim
Bilmadim sendan uzoqda.

Kutish

«Meni kut!
Hech nima so’rama,
Hech narsa qilma,
Urinmagin qaytarishga ham.
Meni kut.
Yig’lama,
Kulma,
O’lma.
Manov yo’lga qarab o’tir,
Va shunchaki Ishon,
Men qaytaman.»
Deb, ketgandi uning eri,
Ellik yil oldin.

… Yuzlarini ajin qoplagan,
Sochlari oqargan,
Boqsa ko’zi uzoqni ko’rmaydigan,
Qaddi bukilib, asoga suyanib qolgan,
Qop-qora Yo’l,
Ayolga qaraaaaaab,
O’lib boradi,
O’shandan beri.

Jazo

Tushimda bir boboy ayamay urdi,
Oq soqol, oq sochli oppoq yaktakda.
Xo’p so’lim joy edi bog’, yo’lak, ko’rdim
Bog’chada edim-ov, va yo maktabda.

Yig’ladim: ne qildim sizga otaxon,
Sharmisor qilasiz ko’pning ichida?
Darg’azab tikildi misli ajdaho:
Nafsingni izmiga kirdingmi, chida.

Har zarba zahrida bir ilon chaqdi,
Har zarbda ingradim labimni tishlab.
Tushunib turibman jazo-ki haqli,
Boisi… ha endi nomaqbul ish-da…

Ayb qilgan go’dakdek izzillab turdim,
Vujudim zirqirab, titrar tizlarim…
Tushimda bir boboy ayamay urdi,
Uyg’onsam, yelkamda xivich izlari.

Quzg’un qismati

Harchand baland uchma temir qanot-la,
Qiyqirib mayliga dunyoni buzgin.
Noming o’zgarmagay ammo hayotda,
Ne qilma, baribir quzg’unsan, quzg’un.

Changaling hech qachon bo’lmagay halol,
Qismating sening-da qo’yilgan bitib.
Dunyoni olsang ham bir kun ehtimol,
Mahkumsan, yashashga o’laksa titib.

Bekinmachoq

-1-

O’ngacha sanaysan, shoshilmay, sekin,
O’giril.
Ko’zni yum.
Devorni ushla.
Bu gal ham topolmay yig’lasang lekin,
Qaytib qo’shilmaysan, bildingmi?
Boshla.

Shartlarni erinmay uqtirar ekan,
O’yinga…
qo’l silkir to’daboshimiz.
Izlovchi o’rnida yalinib kelgan,
Ichimizda eng bo’sh va eng yoshimiz.

Xullas topolmaydi…
Hamisha shunday,
Singib ketarkanmiz tunning qo’yniga.
Ko’z yoshi qiladi hech gapga ko’nmay,
Shapaloq tushguncha tokim bo’yniga.

Keyin boshqa izlar, boshqa bekinib,
Kim avval topilsa so’ng sanoq undan.
O’yin davom etar, «elchi»lar kelib,
Sudrab ketmaguncha huvv yarim tunda.

-2-

Ko’zimni yumaman, devorda boshim,
Sanayman baqirib; ikki… sakkiz… o’n…
O’grilib qarayman, kiprikda yoshim,
Izlashga tushaman bir chekkadan so’ng.

Qani, qayerdasiz, daraxt ortdami?
Yo tandir ichinda qo’yinma-qo’yin.
Farqi yo’q, yaqinmi yo uzoqdami,
Baribir topaman, eshitib qo’ying.

Xohlasam tog’larni ag’daraman shart,
Dunyoni elayman, suvlarni sizib.
Zulmatmi bu qadar yashirgan nomard,
Shamolmi supurib tashlagan izin.

Hanuz ishonolmam, axir bu, qanday?
Yop-yorug’ edi-ku osmon ham, yer ham.
Nahot bir ko’z yumib ochguncha shunday,
Berkinib olishi mumkinmi odam?

-3-

Urush!
Noming o’chsin, odamxo’r urush…
Hamma ketar bo’ldi…
Bir men…
«Noloyiq!»
Mashina ortidan chopdim yalangto’sh:
Men ham sizlar bilan, bu nohaqlik…
Yo’o’o’q…

Kuzovday silkindi qo’llar havoda,
So’ng tanish sas keldi: Bas qil.
O’ylama.
Mobodo qaytmasak…
Eshit,
mobodo-
Anavi o’yinni boshqa o’ynama!!!

-4-

Yetmish yil yashadim jur’atni ko’mib,
Va balki shu taxlit ketgum so’nggacha.
Yetmish yil yashadim…
Ko’zimni yumib,
O’ngacha sanadim, faqat o’ngacha.

Dunyo oqarmadi, qorayib bordi,
Qorayib ko’rindi olisda oqlik.
Yetay deb yugurdim,
chopdim,
yolvordim,
Uzoqlik qildi-ya, menga uzoqlik.

Hech kimni topmadim,
topolmadim yo,
Qo’ngan joyingizda qolaberdingiz.
Ko’z yumsam, siz shundoq bo’ldingiz paydo,
Ko’z ochsam, berkinib olaberdingiz.

Men tushda(y) yashadim o’shandan buyon,
Tush kechib izladim yaramga malham.
Yetmish yil ko’zimga chang soldi dunyo
Men uni ochmadim…
Ochtirmadim ham…

-5-

Chiqing og’alarim, bo’ldi, yutqazdim,
Topolmay berkingan joyingiz qayda.
Kulingiz jo’r bo’lib, mayli yo’q qasdim,
Roziman, ne lozim ko’rsa qoida.

Unda-ku bilardim: «tirriq» tosh hovuz,
«Naynov» daraxt orti, «kalta» ariqda.
Doim o’sha yerga berkinardingiz,
«Kuya» o’choqdadir tag’in, aniqda.

Tomda xilvati bor to’daboshining,
Borolmam, yopishgan vahm zulukday.
«Bilgich» o’tirmasdi hatto yoshinib,
Men axir…
qo’rqardim qorong’ulikdan…

-6-

Yoqamni tushirmay yashalgan kunlar,
Boshimni ko’tarmay tikilgan garov.
Men endi nima deb alday,
aytinglar,
Bo’ynim qizarganin so’rasa birov?

Ko’nglimni kuydirar bolalik yodi,
Jonimni uzmoqqa shaylanar bir dod.
Berkinib turibman,
tepamda jodi,
Qachon meni izlab topasan JALLOD?!

* * *

Kuzni yashab o’tdim… u endi o’tmish,
Yodimdan hech chiqmas kunlari bilan.
Sarg’aygan umrimga zo’r chiroy bitmish,
«Nima»lari bilan, «Kim»lari bilan.

Gohi dard qo’linda ermak qilindim,
Gohi baxt o’ynida keloldim g’olib.
Harqalay, bir hatlab qishga ilindim,
Harqalay, men kuzda ketmadim qolib.

Suyanchiq

Qaydaki tog’ ko’rmay purviqor, azim,
Mudom qabatinda uch-to’rt tepalik.
Suyashib turganga o’xshaydi ba’zan,
Shamolda, bo’ronda bilmayin hadik.

Bobom oltmish beshni qoralab o’tdi,
Momom sabil qoldi, beso’z, jonsarak.
O’ylayman, odam ham tog’lardek xuddi,
Kimgadir suyanib yasharkan, demak.

Dunyo-ku sinoat, emas yangilik,
Yo rabbim, fe’limdek qizg’anchiq qilib,
Kimdir yaratdingmi men suyangulik,
Kimga yaratganding suyanchiq qilib?

G’azab

Ojizni hech qachon siylamas zamon,
Ko’kni zabt etolmas ikkilangan qush.
Menga nega kerak?
Qaynamasa qon.
Menga nega kerak?
Tugilmasa musht.

Gapni qo’y, so’zni qo’y, yoqamdan ushlab
Zo’r bo’lsang bir urib tuproqqa tiqqin.
Faqat bukchaymagin eshshakka o’xshab,
Qarshimga boshingni ko’tarib chiqqin!!!

Gugurt cho’p orzusi

Ming yil yotdim quti ichida,
Galim poylab, toqatim tutib.
Jonim har dam tig’ning uchida,
Mahkum kabi hukmimni kutib.

Qismat ekan, itoat so’zsiz,
Safdan chiqdi do’stlarim bir-bir…
Qolaverdim noumid, ojiz,
Tuyulardi qilganday tahqir.

Kimdir uchqun bo’lib chiroqqa,
Zulmat zahrin ayladi abas.
Kim tandirga…
kimdir o’choqda…
Umri zoye ketmadi, xullas.

Faqat mening kechmishim mayli,
O’z dudimda pishirdi hil-hil.
Boshimdagi shu sir tufayli,
Ming yil kutdim, o’lmadim ming yil.

Ammo… sabrim qolmadi ortiq,
Bor yo’g’imga o’zing-ku qozi.
Tangrim, sekiiin chertib yuborgin,
Bir yonmasam emasman rozi!

Tafovut

Qachondir, huvv hali mehr-oqibat,
Butunlay bosh olib ketmagan paytlar.
Boyota o’g’liga mingizmadi ot,
Nochor qo’shnisidan andisha aylab.

Bugunchi…
qarz to’plab ko’mguday boshin,
Hali ajralmayin yengidan burni.
Boyvachcha o’g’liga mindirib moshin,
O’sha qo’shnisining «og’ziga urdi…»

O’zi biladi

Omonat bir xona qurdik qaysi yil,
Ukamning sunnati to’yi oldidan.
Ombor bo’lsin devdik shu kunga, sabil,
O’n yil turib berdi lek shu holida.

Qarasang do’ppaygan bir uyum tuproq,
Nurashga mahkumday oq loy devori.
Qo’l uchi qilingan ish edi shundoq,
Na tomi tayinli, na poydevori.

Hanuz lol qolaman, ko’zim tushgan dam,
Ne-ne tosh qasrlar bitdi, quladi….
Mening qo’lim bilan qursa-da, Egam
Qancha asramog’in o’zi biladi!

* * *

Nimadir ezadi ruhimni tag’in,
Nimadir yoprilib kelar ko’zimga.
Behuzur kezaman ayni shom chog’i,
Bu yo’llar…
Kimlarni solar esimga?

Nima u?
Bilmasman, ko’ngil talabi.
Nima u???
Qarayman, to’rt yonim ro’yo.
…Bobomning huuuv eski surati kabi,
Sarg’ayiiib o’tirar qarshimda Dunyo!

Javobgarlik

Manov yurt seniki.
Ha, ha seniki,
Osmoni, tog’lari, oltin, ma’dani…
Sen unga javobgar bugundan boshlab,
Axir bu Vataning,
jondek Vataning.

Xohla daraxt ekib, bog’ga aylantir,
Xohla kesib yoqqin borki chinorin.
Xohla mehnat qilgil, quyoshday tanti,
Xohla siypab yotgin salqinda qorin…

Ammo unutmaki; shu yurt seniki,
Bo’yningda,
bosilgan har bitta qadam.
Xudo ko’rsatmasin, biror gap bo’lsa,
O’zing ko’tarasan la’natini ham!

Shoh-mot-Shoh!

Ukam tirjayadi takabburona,
Men esa piyoda yurish qilaman.
-Axir «shoh» tushyapti sizga «shoh», mana,
Qo’limni silkiyman; -Ko’rdim, bilaman.

-Qayoqqa yuryapsiz? Hayron qolaman,
Himoya qiling-da, shoh yo’lin to’sib.
-Yo’l to’smasam nima?
-Shohni olaman.
-Shohnimi? Olaver kerakmas o’zi.

-Shohsiz hech qayerga borolmaysiz-ku,
Shohsiz o’yin tugar, «mot» bo’lasiz, «mot.»
-Kim aytdi? Hoo, shuncha piyodam bor-ku,
Shulardan o’ynayman, mana to’ra, ot…

Ukam qizishadi, sariq emasmi,
-G’irromlik qilmasdan o’ynang-da to’g’ri.
Mening ichim yonar: -Nahot bu… rostmi?
G’azab tomog’imni keladi bo’g’ib.

Tan olgim kelmaydi, ammo ro’yi-rost,
Ko’rinib turibdi, boy berdim shohni.
Boshqa shoh degani-boshqa o’yin boz,
Ming elan, hech kimning kelmaydi rahmi.

Yo’q, alam qiladi, nohaqlik-ku bu,
Bo’lsa-da ko’ksini tutganlar boshqa,
Butun bir o’yinni tikib qo’ysa huvv,
Bir chetga o’tirgan birgina toshga.

Bechora piyoda, zo’r kelsa seni,
Yolg’izlab qochishar, bilmay uyotni.
Asramoq sendan-da muhim dunyoda,
To’rani, farzin-u va yana otni.

Hisobing qilsa-ku hammadan ko’pdir,
Har kelgan baloga tirik qalqonsan.
Ammo qadring yo’qdir, qimmating yo’qdir,
Ne uchun, ne uchun buncha arzonsan?

Atrof to’dasidan o’tolmaskan shoh,
Haqni ko’rolmagay, shunda bor vahmim.
Seni kim o’ylaydi, kim asraydi, oh,
Meni faqat senga keladi rahmim…

Men taslim bo’laman: -Xo’p, bo’pti mana,
Ukam g’alabali yurish qilar bot.
Yo’q, shohni hech qanday qilolmam pana,
Demak bari tamom, hukm bu-«Shoh…Mot!»

Dalil

Xayr qilgin muhtojlarga, suratga tush,
Taom ulash yo ochlarga, suratga tush.

Olqish olgin falonchingdan-pistoningdan,
Kiymi yo’qmi? Ulash eski ishtoningdan.

Uysiz qolgan kim u?
Topib joylash kerak,
Bekorgayam bo’sh yotibdi shuncha katak.

Faqat erta esdan chiqib ezmasin o’y,
Har ehtimol, plyonkaga muhrlab qo’y.

Mol berdingmi?
Qanday?
Sog’in?
Suratga tush,
Pusib qarz ol, berar chog’ing suratga tush.

Suratga tush, to’kib-sochib dasturxonin,
Doru topmay, darddan kuyib yotgan jonning…

Yana unda kulib turgin, mamnun va shod,
Ko’rar balki yuz yildan so’ng kelar avlod.

Faxr tuyib rost-u yolg’on xeshlaridan,
Cho’pchak aytsin bobosining ishlaridan.

Eng muhimi, bilib tanla suratkashni,
Oshirmasin desang magar qalbda g’ashni.

Aytib qo’ygin; gap sifatda, emas sonda,
Kadr qilsin seni doim yorqin fonda.

Boshda quyosh nuri tursin, yonda gullar,
Oyoq bosgan joying bo’lsin ravon yo’llar.

Talab qo’y, bas, yo’qmi demak topishtirsin,
Kerak joydan kesib olib yopishtirsin.

Lallaymasdan, «sharq-shurq» qilsin, sur’at bo’lsin,
Ko’rgan ko’zni quvnatgulik surat bo’lsin.

Ana keyin uzog’ini o’ylash mumkin,
Tiling uzun bo’lar, qo’rqmay so’ylash mumkin.

Ammo doim yeg’ib qo’ygin bir nusxasin,
«Bandam» desa, borliq uchun sir nusxasan.

Bilmaysanki, unda ne sud ishing olsa,
Naq Xudoga ko’rsatasan so’rab qolsa!

48

(Tashriflar: umumiy 10, bugungi 15)

Izoh qoldiring