Шамол бир зум бўлсада тинай демасди Дарёнинг ҳар икки қирғоғидаги эркак қамишларнинг попукларини ана юламан, мана юламан, дея заптига оларди.Оролдаги ёввойи жийдаю жинғиллар,қайрағочу оқбадан тераклар шамолни ўлгудай ёмон кўрарди. Улар тун маҳали кундуздан нажот тилар,кундуз эса тундан умид қиларди…
Алиқул Хонимқулов
ҚУШЛАРНИНГ ТОНГГИ ПАРВОЗЛАРИ
Алиқул ХОНИМҚУЛОВ – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. 1955 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Сенга айтар сўзим бор, ҳаёт!”, “Ўзим ўпай кўзингдан Ватан”, “Ёмғирни соғинган одамлар” номли китоблари нашр этилган.
Шамол бир зум бўлсада тинай демасди Дарёнинг ҳар икки қирғоғидаги эркак қамишларнинг попукларини ана юламан, мана юламан, дея заптига оларди.Оролдаги ёввойи жийдаю жинғиллар,қайрағочу оқбадан тераклар шамолни ўлгудай ёмон кўрарди. Улар тун маҳали кундуздан нажот тилар,кундуз эса тундан умид қиларди.
Калтак еб, қовурғаси синган чиябўридай чийиллаётган шамол эса туну кунга ҳам,дарахтлару буталарнинг умидларига ҳам тупурганди. Билганимдан қолмайман,эсганим–эсган, дея гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб ҳаловат тўнини елкасидан қайларгадир итқитиб юборганди.
…Айсулув қуму ёвшондан иборат одамнинг белидан келиб-келмайдиган тепалик устида турганча нариги қирғоқдан кўз узмасди. Мана уч кундирки Насим оролга қайтмади. Жувоннинг оқиш – малла жемпери устидан кийиб олган палтосининг ҳар икки этаги ҳаддини билмаган шамолда парпираб ўйнарди.
Буни қарангки тепалик устида турган жувон нариги қирғоққа тикиларкан Қодирнинг палаткаси томон қиё ҳам боқмасди.Шамдай қотиб турган аёл молберт ипини елкасига осарди-да, нам қумдан оқим бўйлаб,баъзан эса оқимга қарши секин-секин юриб кетарди.
Аслида Қодир кеча оролдан шаҳарга қайтиши керак эди. Қиссанинг қолган-қутганини уйида давом эттирса ҳам бўларди. Бироқ Насим қайиқни нариги қирғоқда қолдириб кетганди. Мана энди ўзи ҳам, ўша бетайин сураткашнинг жонончаси ҳам мажбурий- ихтиёрий тутқунга айланишди қолишди.Насим ёввойи жийда танасига арқон билан боғлаб кетган қайиқ бу қирғоқдан ҳам аниқ -тиниқ кўриниб турарди.Мана уч кундирки оролга ўтаман дегувчи бирор -бир одам топилмади.Бугун эса топилишга топилди-ю аммо ўта бир аблах кимса бўлиб чиқди.
—Типратикон билан кўлвор илон қидириб юрибман. Гулистондан заказ тушган. Шуларни топиб берсам кўкидан беш юз беришади…
Энди бақириш навбати Қодирга келди…
—Ҳадемай ноябр келаяпти. Сиз айтган жониворлар аллақачон ковакларга кириб, қиш уйқусига кетишган. Сиз яхшиси ҳув-в анови қайиқни биз томонга миниб келинг. Бир- икки сўм пулни мендан оласиз…
Қодирнинг жон–жаҳди билан айтаётган гапларини шамол олис-олисларга учириб кетар, Айсулув эса ҳозир мўъжиза юз беришини кутганича ер тепиниб, қўли билан қайиққа ишора қиларди.
Бу шамол эмас, балонинг ўқи аслида! Ана шу шамол Айсулув билан Қодирнинг оғзидан чиқаётган узуқ-юлуқ илтижоларни сув юзига сепиб юборарди.
—Мия деган нарса борми сизларда…Уюрни кўрмаяпсиларми? Қайиқ-пайиқ билан мени ютиб юборади-ку! Кикирлашмоқчи бўлсаларинг шаҳарга борсаларинг бўлмасмиди ўзи…
Қодирнинг ҳам, Айсулувнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди. Йигит сўкина кетди, Айсулув эса типратикон қидирувчига терс ўгирилиб олди.
У одам ҳам негадир шошилмасди. Костюмининг ўнгири билан шамолни тўсиб чекмоқчи бўлар, лекин уддалай олмасди.
—Сизлар билан ади-бади айтишиб ўтиришга вақтим йўқ… Гапларингни ҳам ярмини эшитиб, ярмини эшитмаяпман. Кирпи бўлмаса, илон топилмаса менга нима бор бу ерда?-дея ғўдрана-ғўдрана тепаликдан ошиб, кўздан йўқолди
—Жазманингиз ҳам бориб турган тутуриқсиз одам экан… Буни қарангки сулувгина аёл экансиз. Бошқасини топсангиз бўлмасми-ди?
Айсулув унинг гапларини эшитгач кўзлари янада каттариб кетди. У қанақадир қалампирли гап айтишга чоғланди-ю, бироқ шу гапни ҳам ичига ютиб юборди. Сўнг ўзининг палаткаси томон юриб кетди.
Шом зулмат билан тил бириктириб бўлиб, дарёни, қамишларни,оролдаги жами дов–дарахтларни ютиб юборди.
…Айсулувнинг чодири ёришди. Ёққа тушган гўшт ва картошканинг ёқимли иси Қодирнинг ҳам иштаҳасини қўзғади. Шам ёқди. Кўчма газ плитасининг устига темир товоқ қўйиб, тушдан қолган маставани исита бошлади.
…Жинғилу ёввойи жийдалар ўсган томондан ҳайвонларнинг хунукдан-хунук овозлари эшитиларди. Бу пайтда аллақачон дарё бўйидаги уч туп бақатеракларнинг сон- саноқсиз шохларига қўниб олган қарғаю балиқчи қушларнинг вағир-вуғури ҳайвонларнинг хунук овозлари билан бир бўлиб юракка ваҳима соларди. Бу овозлардан, бу шовқин-сурондан ё қочиб, ё ухлаб,ё ўлиб қутилиш мумкин эди.”Икки оқшом у қандай бардош берди экан? Менинг-ку милтиғим, пичоғим бор . Ундачи ?..” деб ўйларди Қодир.
Айсулув санчқи билан косадаги картошка ва гўштни тергилаб оғзига соларкан ҳиққиллар, елкалари титраб-титраб қўярди. Насимга бир бало бўлган. Акс ҳолда икки оёғини кесиб ташлашса ҳам етиб келарди. Анову палаткадаги эркакнинг гапини қаранг. Чама-чамадан Сирдарёнинг суви саккиз челак, дегандай довдир-совдир гапларни айтаяпти. Унга ўхшаганлар Насимнинг,унинг қандай йигит эканлигини қаёқдан ҳам билсинлар!
Шу пайт шамол увиллаши аралаш Қодирнинг гуноҳкорона овози эштилди. “Айсулув, мени кечиринг… Тил бесуякда. Билиб-билмай ул-бул деб юбордим. Битта стулча беринг, ташқарида ўтира тураман…”
Жувон палатканинг шириллаб очиладиган занжирини теппага кўтарди ”Манг! Мана бу бокалдаги кофени ичингда кейин дамингизни олинг” — деди Айсулув хафа бўлганлигини унчалик яширмай. -Бирор кимса тўғрисида билиб –билмай ҳар нарса дейиш яхшимас… Устига-устак ёзувчи одам экансиз…”
Хира ой нурида бақатеракка кўршапалаклардай ёпишиб олган қарғаю зағчаларнинг овози энди тинай, деб қолганди. Улар гоҳо шохларга, гоҳо эса оёқларига тумшуғини ишқалар, гўё уйқу олдидан ўзларига оро бераётгандай туюларди.Уччала бақатеракнинг пастидаги қумлар қорайиб- қизариб ётарди. Кечки қовун уруғлари,тарвуз бўлаклари ва итузумларнинг шилимшиқ бўлаклари қумнинг рангини кунда-кунора ўзгартириб турарди. Бекобод шамоли тепаликларни, дарахтлар тагини тинимсиз оқиш қумлар билан янгилаб тураркан,сувга бир неча қадам қолганда манзара бутунлай ўзгариб кетарди. Дарё сувининг захи икки- уч қулочлик жойни қорамтир тусга келтириб қўйганди. Тўлқинлар ирғитиб юборган тахта — ёғочлар бир пой аёллар туфлиси, “Қозоқ эртаклари” китобининг муқоваси,қора ва жигарранг селофан бўлаклари, қамишу қиёқнинг барги-ю попилтириқлари билан хўп бўяб безанганди.
Қаҳвани ичгач Қодир ўрнидан турди “Ёввойилардан қўрқмайсизми? Қўрқсангиз яқинроғимга кўчинг…” Айсулув керак эмас, дегандек чап қўлини силкитиб қўйди.
Қодир дарё қирғоғидаги тахта бўлаклари, шох шаббалар, қуриган ўт-ўланларни бир жойга тўплади-да гугурт чақди. Йўқдан кўра амалда, дея ўйлади у. Энди тулки-ю чиябўри икки дунёда Айсулувнинг ёнига яқинлашолмайди…
… Тонг отар-отмас қушларнинг қий-чуви-ю, юзлаб- минглаб қанотларнинг “шопира–шупур”идан уйғониб кетди. Оролнинг ичкари томонидаги дарахтзорлардан кўкка кўтарилаётган сон-саноқсиз қушлар Қурама тоғларидан мўралаган қуёш нурларини тўсиб улгурганди. Улар яқинидаги учта бақатеракнинг теграсини эса қиёмат-қойим қўпганди. Орадан бир пиёла чой ичгулик вақт ё ўтди, ё ўтмади. Султонҳовузнинг дарахтзорлари-ю бутазорларида қарғаю балиқчи қушлардан ном-нишон қолмади. Тик тепаликлардаги қўл тиқса бўладиган минглаб уяларни ҳам зағчаю майналар тарк этишди.
Соат саккизга яқинлашганда қуёш аллақачон еру кўкни аччомлаб улгурганди. Айсулув ўзининг мўъжаз тепалигидан нариги қирғоққа тикилиб турарди. Ҳам занжир, ҳам арқон билан боғланган қайиқ сувда силкиниб-силтаниб ўйноқларди. Қодир аёлга беш- олти қадам қолганда оёқ илди. Айсулув ўнг қўлини кўксига қўйиб, бош силкиб саломлашди. “У бугун келади. Шамол ув-увлагани билан кеча қуёш роса қизариб ботди… Нега илжаясиз ? Биз қорақалпоқлар қуёшга қаттиқ ишонамиз.Ойу шафақларни ҳам кўнглимизга жуда-жуда яқин оламиз. Гапларимни эшитиб илжайиб қўйдингиз. Ана шу қилиғингиз кўнглимга қаттиқ ботди… Гулхан учун эса улли раҳмат. Анча бехавотир ухладим…”
… Бир бўлак нону сарёғ еб олган Қодир палатка зийидан Айсулувга қараб уни кўрмади.Жувон ўнг қўлида хивчин билан шувоқларни уриб–уриб, дарёнинг юқори оқими бўйлаб кетиб борарди.
Қодир идиш товоқларни, газ плитаю, кичик балонни қопга жойлаштирди. Киймайдиган куртка билан шляпани юкхалтага тиқди. Йиғма кроватга тегинмади. Бу лайлим сураткаш қачон келиб, қачон қўяди, ҳеч ким билмайди. Аслидаку Қодирнинг сафари қариди. Ёзаётган асарининг зеру-забарини, кемтигу камчилигини уйида ётиб тузатса ҳам бўлади. Айсулув оёғига тушов бўлди: кетиб кетолмайди, қолиб қололмайди.Кетса манаву аёл тулки-ю чиябўрига хомталаш бўлади. Қолгудек бўлса оролда унинг тайинли иши йўқ. Устига -устак тоза суви-ю,нони тугаб бораяпти. Насимбой аталмиш дайдидан эса дарак йўқ.
…Айсулув кесилган икки бўлак бўлка нону қовурилган учта дона тухум келтирди. “Тушлик бўлди, еб олинг…Шунча кундан буён менинг қош –қовоғимга қараб ўтирибсиз…”
Жувон қўлларини қовуштирганча ортига қайтди. Қодир аёл келтирган тухумни еб олгач, бироз кўзи юмилди. Орадан ярим соат ўтдими, бир соат ўтдими у билолмади . Айсулув палатка арқони боғланган арматурани маҳкам тутганча шахт билан гапирарди.
—Сиз уни ландовур, бўш-баёв одам ҳисоблайсиз. У бунақа эмас. У жуда бошқача. Юрагим сезиб турибди: у бугун келади. У мени ташлаб қўймайди. У шунақа суратлар чизадики…Тошкентдагиларнинг кўпчилиги унинг олдигаям тушолмайди. Суратларида… Нима десам экан ? Ҳаёт бор, уларни соатлаб томоша қилиш мумкин. Кўрсангиз михлангандай бўлиб қотиб қоласиз. Кўп йиллардан буён пойтахтда кўргазма қиламиз,икковимизнинг чизганларимизни одамлар кўрсин дейди. Ана унинг орзуси! Лекин айтиб қўяй, бу Насим деганлари ғирт тентакнинг ўзи… Менинг суратимни бир французга етти минг долларга сотиб юборибди. Кейин менга шуба сотиб олибди.Бунинг ўрнига ўзига машина олса бўлмайдими?.Қиши бир тутам элда ким ҳам шуба кияди.? Суратимни ўзимга совға қил, дея худонинг зорини қилдим- бермади. Камчилиги бор, дея оёқ тираб туриб олди.Уни умуман тушуниб бўлмайди. Никоҳидаги аёлиман. Аммо биринчи хотини уни сираям қўймайди. Чаккамуғдай ёпишиб олган. Бақир –чақир билан пулларини олиб қўяди. Бўёққа,тирикчиликка пулни зўрға топади. Баъзан мен ёрдам қиламан. “Айсулув бўлса,тушёнка бўлса,бўлка нон бўлса бўлди, ана крандан текин сув отилиб ётибди. Менга яна нима керак…?” дейди у. Кўнглининг кўчасига қаранг…
Тобора уфққа эниб бораётган қуёш қизариб кетди. Жувон икки палатка оралиғидаги тепаликка чиқиб нариги қирғоқдаги қайиққа қараб гапира бошлади.
—Ипларингни узиб биз томонга сузсанг бўлмайдими? Уюрдан қўрқмаганимда аллақачон кийимларимни бошимга салла қилиб дарёдан сузиб ўтардим. У тентак тирикми, ўликми, билмасам… Шу гирдоб деган ,шу уюр деган аждаҳо дамига тортиб кетади. Ўғлим Умидни ким катта қилади ? Қартайиб қолган отам билан онамга ким тиргак бўлади…
Дарёнинг устида қушларнинг қағиллаши-ю қанотларнинг “шопир–шупур”и эшитилди.Баргсиз, қобиқсиз, худди оппоқ суякларга ўхшаш бақатерак шохлари ботаётган қуёшнинг энг сўнгги нурлари сўнар-сўнмас қоп-қора тусга кирди. Беш юз-олти юз қулоч наридаги ёввойи жийдаю толлар ўсган томондан минг-минглаб қарғаю балиқчи қушларнинг ёқимсиз овози еру кўкни тутиб кетди. Ўтин-чўп тераётган Қодир икки кундан буён дарё сувининг пасайганини сезди. У салкам икки қулоч ташлаган эди. Дарёдаги гирдобу уюрлар ҳам унинг назарида сал шаштидан тушгандай кўринарди. Бироқ улар барибир хавфли эди.
Дарё қўрқмасанг туш, бир зумда ютаман қўяман дегандек қирғоқдагиларни писанд қилмай оқарди. Дарёнинг муюлиш жойлари ана шундай уюрлар ҳосил қилиб, кишилар кўнглига қўрқув ва ваҳима соларди.
Кўп ўтмай узоқ ва яқинларга қоронғилик якка ҳоким бўлиб олди.
Тумшуғу қанотларини зўр ҳафсала билан тозалаб улгурган қушлар энди паст овозда чағир-чуғур қилиб жой талашарди.
Айсулувнинг палаткаси яқинида гулхан ёқишди. Товба, ўн-ўн беш қулоч наридаги бирор нарсани кўз илғамайдиган бир паллада, Айсулув нариги қирғоқдан кўзларини узмасди. Гулхан бироз тихирлик қилиб ”пис-вис” қилиб тургач, шашт билан ёна бошлади. Жувон икки қўлини олдинга чўзиб, юзини олов тафтидан яширмоқчи бўларди. Анча пайт жимгина ўтирдилар.
— Шу Насимга биратўла тегиб қўя қолсангиз бўлмайдими? Ўғлингизни ҳам олиб келардингиз.Икки оила бирлашарди…
—Кошки бу нарса сиз айтгандай осонгина иш бўлса-деди аёл курсини оловдан узоқроқ суриб. -Отам ҳам, онам ҳам қариб қолишди. Уларга ким қарайди,уларни ким боқади? Насим икки дунё бир бўлса ҳам бизнинг юртга бормайди.Мен бу ёқларга эримни уйлантираман, эсли-ҳушли бирорта аёл билан бошини қўшаман, деб келгандим. Энди эса сув уюрию қарғаларга қарам бўлиб ўтирибман…
…Тонг отди. Бир ҳафтадан буён тинмай эсаётган шамол сал жаҳлидан тушгандай бўлди.Қушлар овози эса ҳамон баравж эди. Ҳар доим қирғоқ қумларини гоҳ олға суриб,гоҳ ўзи билан ичкарига тортиб кетадиган тўлқинлар ҳам бинойидек ўзини босиб олганди. Айсулув дарёдан бир пақир сув олди. Унинг ҳам тоза суви тугаганди шекилли. Оқим бўйлаб пастга қараб кетган жувон бир қўлида молберт, бир қўлида каттагина қуриган дарахт шохини судраб келди.
—Қўшни, тушликка уринманг. Сизга денгизчиларнинг макарон ва тушёнкадан иборат қўлинг ўргулсин овқатини қилиб бераман. Кейин сизга Насимнинг бир шиша пивосини ҳам совға қиламан. У тентак бугун келади.
— Чунки юрагингиз сезиб турибди! Шундайми?-дея шарақлаб кулди Қодир. Нам қумлоққа йиғма стол–стуллар қўйилди. Денгизчилар овқати ширин бўлибди.
—Уни ҳафсала билан еяётган Қодир аёлнинг қичқириғидан чўчиб тушди. Ҳатто бир қўллаб қумга таяниб ҳам қолди. Айсулув чапак чалар, сакрар, оғзидан пала-партиш ва эга-кесими ноаниқ гаплар чиқарди.”Бу ўзи ғирт тентак, тентак бўлса ҳам мард тентак. Келади дегандим, ана келди. Умид ўғлим отасининг ўзи, уям мард тентак, бир ҳафтада бутун бошли Алифбони ёдлаб олган. Икки тентакнинг тупроғи бир жойдан олинган. Қош- кўзлари ,кулишлари бир –бирига икки томчи сувдай ўхшаш. Ўн ёшга кирганда икковини таништираман. Ишқилиб қувончдан юраклари ёрилиб кетмаса бўлгани…”
Улар томон дадил сузиб келаётган қайиқда Насим, Насимнинг Қодир танимайдиган бир шериги ҳамда жунлари ўсиб кетган бир ит бор эди.
Соҳилга чиққан қайиқ қумга қадалиб қолди. Жувон Насимнинг елкасига бош қўйиб, “омон–омон” қилди.
—Сулувларнинг сулуви Айсулувим! Авахтада телефонимни олиб қўйди. Бўлмаса сенга бирор кимсани жўнатган бўлардим. Икки киши бир кишини ураётганда ажратаман,ёрдам қиламан, деб судга тушиб қолдим.Оролда хотиним бегона эркак билан қолиб кетган, дейишимга қарамай беш сутка бериб юборишди. Қози “Хавотир олма. Ҳар ҳолда хотининг ёлғиз эмас экан-ку!” дея ҳингир-ҳингир кулди.
Машинага аввал Қодирнинг, сўнгра ўзларининг юкини ортишди.Сўнгги икки жомадонни олиб келиш учун тепаликдан соҳилга тушиб кетган Насим ва Айсулувни кутиб қолишди.
—Сиздан ёлғиз қолганларингда нима бўлганини сўрамайман-деди қисиқ кўзли ҳайдовчи.-Аммо хотинчасининг қадди-қомати ўта келишган экан.Тўғрими? Елкаларини кўринг,оёқларига қаранг… Тентакларнинг омади келади деса, авваллари ишонмасдим. Жуда-жуда бор гап экан.
Ёронлар !… Қисиқ кўзли ҳайдовчининг сўзлари дилимни қон қилди. Уни оёқ-қўлидан маҳкам ушлаб дарёга отиб юборгим келди. Бундай қилолмайман. Дарёнинг сувини нопок қилишдан Яратганнинг ўзи асрасин. Товба қилдим! Минг бора товба қилдим…
Боёвут
Shamol bir zum boʼlsada tinay demasdi Daryoning har ikki qirgʼogʼidagi erkak qamishlarning popuklarini ana yulaman, mana yulaman, deya zaptiga olardi.Oroldagi yovvoyi jiydayu jingʼillar,qayragʼochu oqbadan teraklar shamolni oʼlguday yomon koʼrardi. Ular tun mahali kunduzdan najot tilar,kunduz esa tundan umid qilardi.
Аliqul Xonimqulov
QUSHLАRNING TONGGI PАRVOZLАRI
Аliqul XONIMQULOV – Oʼzbekistonda xizmat koʼrsatgan jurnalist, “Doʼstlik” ordeni bilan taqdirlangan. 1955 yilda tugʼilgan. Toshkent davlat universitetini (hozirgi OʼzMU) tamomlagan. “Senga aytar soʼzim bor, hayot!”, “Oʼzim oʼpay koʼzingdan Vatan”, “Yomgʼirni sogʼingan odamlar” nomli kitoblari nashr etilgan.
Shamol bir zum boʼlsada tinay demasdi Daryoning har ikki qirgʼogʼidagi erkak qamishlarning popuklarini ana yulaman, mana yulaman, deya zaptiga olardi.Oroldagi yovvoyi jiydayu jingʼillar,qayragʼochu oqbadan teraklar shamolni oʼlguday yomon koʼrardi. Ular tun mahali kunduzdan najot tilar,kunduz esa tundan umid qilardi.
Kaltak yeb, qovurgʼasi singan chiyaboʼriday chiyillayotgan shamol esa tunu kunga ham,daraxtlaru butalarning umidlariga ham tupurgandi. Bilganimdan qolmayman,esganim–esgan, deya goh kuchayib, goh susayib halovat toʼnini yelkasidan qaylargadir itqitib yuborgandi.
…Аysuluv qumu yovshondan iborat odamning belidan kelib-kelmaydigan tepalik ustida turgancha narigi qirgʼoqdan koʼz uzmasdi. Mana uch kundirki Nasim orolga qaytmadi. Juvonning oqish – malla jemperi ustidan kiyib olgan paltosining har ikki etagi haddini bilmagan shamolda parpirab oʼynardi.
Buni qarangki tepalik ustida turgan juvon narigi qirgʼoqqa tikilarkan Qodirning palatkasi tomon qiyo ham boqmasdi.Shamday qotib turgan ayol molbert ipini yelkasiga osardi-da, nam qumdan oqim boʼylab,baʼzan esa oqimga qarshi sekin-sekin yurib ketardi.
Аslida Qodir kecha oroldan shaharga qaytishi kerak edi. Qissaning qolgan-qutganini uyida davom ettirsa ham boʼlardi. Biroq Nasim qayiqni narigi qirgʼoqda qoldirib ketgandi. Mana endi oʼzi ham, oʼsha betayin suratkashning jononchasi ham majburiy- ixtiyoriy tutqunga aylanishdi qolishdi.Nasim yovvoyi jiyda tanasiga arqon bilan bogʼlab ketgan qayiq bu qirgʼoqdan ham aniq -tiniq koʼrinib turardi.Mana uch kundirki orolga oʼtaman deguvchi biror -bir odam topilmadi.Bugun esa topilishga topildi-yu ammo oʼta bir ablax kimsa boʼlib chiqdi.
—Tipratikon bilan koʼlvor ilon qidirib yuribman. Gulistondan zakaz tushgan. Shularni topib bersam koʼkidan besh yuz berishadi…
Endi baqirish navbati Qodirga keldi…
—Hademay noyabr kelayapti. Siz aytgan jonivorlar allaqachon kovaklarga kirib, qish uyqusiga ketishgan. Siz yaxshisi huv-v anovi qayiqni biz tomonga minib keling. Bir- ikki soʼm pulni mendan olasiz…
Qodirning jon–jahdi bilan aytayotgan gaplarini shamol olis-olislarga uchirib ketar, Аysuluv esa hozir moʼʼjiza yuz berishini kutganicha yer tepinib, qoʼli bilan qayiqqa ishora qilardi.
Bu shamol emas, baloning oʼqi aslida! Аna shu shamol Аysuluv bilan Qodirning ogʼzidan chiqayotgan uzuq-yuluq iltijolarni suv yuziga sepib yuborardi.
—Miya degan narsa bormi sizlarda…Uyurni koʼrmayapsilarmi? Qayiq-payiq bilan meni yutib yuboradi-ku! Kikirlashmoqchi boʼlsalaring shaharga borsalaring boʼlmasmidi oʼzi…
Qodirning ham, Аysuluvning ham hafsalasi pir boʼldi. Yigit soʼkina ketdi, Аysuluv esa tipratikon qidiruvchiga ters oʼgirilib oldi.
U odam ham negadir shoshilmasdi. Kostyumining oʼngiri bilan shamolni toʼsib chekmoqchi boʼlar, lekin uddalay olmasdi.
—Sizlar bilan adi-badi aytishib oʼtirishga vaqtim yoʼq… Gaplaringni ham yarmini eshitib, yarmini eshitmayapman. Kirpi boʼlmasa, ilon topilmasa menga nima bor bu yerda?-deya gʼoʼdrana-gʼoʼdrana tepalikdan oshib, koʼzdan yoʼqoldi
—Jazmaningiz ham borib turgan tuturiqsiz odam ekan… Buni qarangki suluvgina ayol ekansiz. Boshqasini topsangiz boʼlmasmi-di?
Аysuluv uning gaplarini eshitgach koʼzlari yanada kattarib ketdi. U qanaqadir qalampirli gap aytishga chogʼlandi-yu, biroq shu gapni ham ichiga yutib yubordi. Soʼng oʼzining palatkasi tomon yurib ketdi.
Shom zulmat bilan til biriktirib boʼlib, daryoni, qamishlarni,oroldagi jami dov–daraxtlarni yutib yubordi.
…Аysuluvning chodiri yorishdi. Yoqqa tushgan goʼsht va kartoshkaning yoqimli isi Qodirning ham ishtahasini qoʼzgʼadi. Sham yoqdi. Koʼchma gaz plitasining ustiga temir tovoq qoʼyib, tushdan qolgan mastavani isita boshladi.
…Jingʼilu yovvoyi jiydalar oʼsgan tomondan hayvonlarning xunukdan-xunuk ovozlari eshitilardi. Bu paytda allaqachon daryo boʼyidagi uch tup baqateraklarning son- sanoqsiz shoxlariga qoʼnib olgan qargʼayu baliqchi qushlarning vagʼir-vugʼuri hayvonlarning xunuk ovozlari bilan bir boʼlib yurakka vahima solardi. Bu ovozlardan, bu shovqin-surondan yo qochib, yo uxlab,yo oʼlib qutilish mumkin edi.”Ikki oqshom u qanday bardosh berdi ekan? Mening-ku miltigʼim, pichogʼim bor . Undachi ?..” deb oʼylardi Qodir.
Аysuluv sanchqi bilan kosadagi kartoshka va goʼshtni tergilab ogʼziga solarkan hiqqillar, yelkalari titrab-titrab qoʼyardi. Nasimga bir balo boʼlgan. Аks holda ikki oyogʼini kesib tashlashsa ham yetib kelardi. Аnovu palatkadagi erkakning gapini qarang. Chama-chamadan Sirdaryoning suvi sakkiz chelak, deganday dovdir-sovdir gaplarni aytayapti. Unga oʼxshaganlar Nasimning,uning qanday yigit ekanligini qayoqdan ham bilsinlar!
Shu payt shamol uvillashi aralash Qodirning gunohkorona ovozi eshtildi. “Аysuluv, meni kechiring… Til besuyakda. Bilib-bilmay ul-bul deb yubordim. Bitta stulcha bering, tashqarida oʼtira turaman…”
Juvon palatkaning shirillab ochiladigan zanjirini teppaga koʼtardi ”Mang! Mana bu bokaldagi kofeni ichingda keyin damingizni oling” — dedi Аysuluv xafa boʼlganligini unchalik yashirmay. -Biror kimsa toʼgʼrisida bilib –bilmay har narsa deyish yaxshimas… Ustiga-ustak yozuvchi odam ekansiz…”
Xira oy nurida baqaterakka koʼrshapalaklarday yopishib olgan qargʼayu zagʼchalarning ovozi endi tinay, deb qolgandi. Ular goho shoxlarga, goho esa oyoqlariga tumshugʼini ishqalar, goʼyo uyqu oldidan oʼzlariga oro berayotganday tuyulardi.Uchchala baqaterakning pastidagi qumlar qorayib- qizarib yotardi. Kechki qovun urugʼlari,tarvuz boʼlaklari va ituzumlarning shilimshiq boʼlaklari qumning rangini kunda-kunora oʼzgartirib turardi. Bekobod shamoli tepaliklarni, daraxtlar tagini tinimsiz oqish qumlar bilan yangilab turarkan,suvga bir necha qadam qolganda manzara butunlay oʼzgarib ketardi. Daryo suvining zaxi ikki- uch qulochlik joyni qoramtir tusga keltirib qoʼygandi. Toʼlqinlar irgʼitib yuborgan taxta — yogʼochlar bir poy ayollar tuflisi, “Qozoq ertaklari” kitobining muqovasi,qora va jigarrang selofan boʼlaklari, qamishu qiyoqning bargi-yu popiltiriqlari bilan xoʼp boʼyab bezangandi.
Qahvani ichgach Qodir oʼrnidan turdi “Yovvoyilardan qoʼrqmaysizmi? Qoʼrqsangiz yaqinrogʼimga koʼching…” Аysuluv kerak emas, degandek chap qoʼlini silkitib qoʼydi.
Qodir daryo qirgʼogʼidagi taxta boʼlaklari, shox shabbalar, qurigan oʼt-oʼlanlarni bir joyga toʼpladi-da gugurt chaqdi. Yoʼqdan koʼra amalda, deya oʼyladi u. Endi tulki-yu chiyaboʼri ikki dunyoda Аysuluvning yoniga yaqinlasholmaydi…
… Tong otar-otmas qushlarning qiy-chuvi-yu, yuzlab- minglab qanotlarning “shopira–shupur”idan uygʼonib ketdi. Orolning ichkari tomonidagi daraxtzorlardan koʼkka koʼtarilayotgan son-sanoqsiz qushlar Qurama togʼlaridan moʼralagan quyosh nurlarini toʼsib ulgurgandi. Ular yaqinidagi uchta baqaterakning tegrasini esa qiyomat-qoyim qoʼpgandi. Oradan bir piyola choy ichgulik vaqt yo oʼtdi, yo oʼtmadi. Sultonhovuzning daraxtzorlari-yu butazorlarida qargʼayu baliqchi qushlardan nom-nishon qolmadi. Tik tepaliklardagi qoʼl tiqsa boʼladigan minglab uyalarni ham zagʼchayu maynalar tark etishdi.
Soat sakkizga yaqinlashganda quyosh allaqachon yeru koʼkni achchomlab ulgurgandi. Аysuluv oʼzining moʼʼjaz tepaligidan narigi qirgʼoqqa tikilib turardi. Ham zanjir, ham arqon bilan bogʼlangan qayiq suvda silkinib-siltanib oʼynoqlardi. Qodir ayolga besh- olti qadam qolganda oyoq ildi. Аysuluv oʼng qoʼlini koʼksiga qoʼyib, bosh silkib salomlashdi. “U bugun keladi. Shamol uv-uvlagani bilan kecha quyosh rosa qizarib botdi… Nega iljayasiz ? Biz qoraqalpoqlar quyoshga qattiq ishonamiz.Oyu shafaqlarni ham koʼnglimizga juda-juda yaqin olamiz. Gaplarimni eshitib iljayib qoʼydingiz. Аna shu qiligʼingiz koʼnglimga qattiq botdi… Gulxan uchun esa ulli rahmat. Аncha bexavotir uxladim…”
… Bir boʼlak nonu saryogʼ yeb olgan Qodir palatka ziyidan Аysuluvga qarab uni koʼrmadi.Juvon oʼng qoʼlida xivchin bilan shuvoqlarni urib–urib, daryoning yuqori oqimi boʼylab ketib borardi.
Qodir idish tovoqlarni, gaz plitayu, kichik balonni qopga joylashtirdi. Kiymaydigan kurtka bilan shlyapani yukxaltaga tiqdi. Yigʼma krovatga teginmadi. Bu laylim suratkash qachon kelib, qachon qoʼyadi, hech kim bilmaydi. Аslidaku Qodirning safari qaridi. Yozayotgan asarining zeru-zabarini, kemtigu kamchiligini uyida yotib tuzatsa ham boʼladi. Аysuluv oyogʼiga tushov boʼldi: ketib ketolmaydi, qolib qololmaydi.Ketsa manavu ayol tulki-yu chiyaboʼriga xomtalash boʼladi. Qolgudek boʼlsa orolda uning tayinli ishi yoʼq. Ustiga -ustak toza suvi-yu,noni tugab borayapti. Nasimboy atalmish daydidan esa darak yoʼq.
…Аysuluv kesilgan ikki boʼlak boʼlka nonu qovurilgan uchta dona tuxum keltirdi. “Tushlik boʼldi, yeb oling…Shuncha kundan buyon mening qosh –qovogʼimga qarab oʼtiribsiz…”
Juvon qoʼllarini qovushtirgancha ortiga qaytdi. Qodir ayol keltirgan tuxumni yeb olgach, biroz koʼzi yumildi. Oradan yarim soat oʼtdimi, bir soat oʼtdimi u bilolmadi . Аysuluv palatka arqoni bogʼlangan armaturani mahkam tutgancha shaxt bilan gapirardi.
—Siz uni landovur, boʼsh-bayov odam hisoblaysiz. U bunaqa emas. U juda boshqacha. Yuragim sezib turibdi: u bugun keladi. U meni tashlab qoʼymaydi. U shunaqa suratlar chizadiki…Toshkentdagilarning koʼpchiligi uning oldigayam tusholmaydi. Suratlarida… Nima desam ekan ? Hayot bor, ularni soatlab tomosha qilish mumkin. Koʼrsangiz mixlanganday boʼlib qotib qolasiz. Koʼp yillardan buyon poytaxtda koʼrgazma qilamiz,ikkovimizning chizganlarimizni odamlar koʼrsin deydi. Аna uning orzusi! Lekin aytib qoʼyay, bu Nasim deganlari gʼirt tentakning oʼzi… Mening suratimni bir frantsuzga yetti ming dollarga sotib yuboribdi. Keyin menga shuba sotib olibdi.Buning oʼrniga oʼziga mashina olsa boʼlmaydimi?.Qishi bir tutam elda kim ham shuba kiyadi.? Suratimni oʼzimga sovgʼa qil, deya xudoning zorini qildim- bermadi. Kamchiligi bor, deya oyoq tirab turib oldi.Uni umuman tushunib boʼlmaydi. Nikohidagi ayoliman. Аmmo birinchi xotini uni sirayam qoʼymaydi. Chakkamugʼday yopishib olgan. Baqir –chaqir bilan pullarini olib qoʼyadi. Boʼyoqqa,tirikchilikka pulni zoʼrgʼa topadi. Baʼzan men yordam qilaman. “Аysuluv boʼlsa,tushyonka boʼlsa,boʼlka non boʼlsa boʼldi, ana krandan tekin suv otilib yotibdi. Menga yana nima kerak…?” deydi u. Koʼnglining koʼchasiga qarang…
Tobora ufqqa enib borayotgan quyosh qizarib ketdi. Juvon ikki palatka oraligʼidagi tepalikka chiqib narigi qirgʼoqdagi qayiqqa qarab gapira boshladi.
—Iplaringni uzib biz tomonga suzsang boʼlmaydimi? Uyurdan qoʼrqmaganimda allaqachon kiyimlarimni boshimga salla qilib daryodan suzib oʼtardim. U tentak tirikmi, oʼlikmi, bilmasam… Shu girdob degan ,shu uyur degan ajdaho damiga tortib ketadi. Oʼgʼlim Umidni kim katta qiladi ? Qartayib qolgan otam bilan onamga kim tirgak boʼladi…
Daryoning ustida qushlarning qagʼillashi-yu qanotlarning “shopir–shupur”i eshitildi.Bargsiz, qobiqsiz, xuddi oppoq suyaklarga oʼxshash baqaterak shoxlari botayotgan quyoshning eng soʼnggi nurlari soʼnar-soʼnmas qop-qora tusga kirdi. Besh yuz-olti yuz quloch naridagi yovvoyi jiydayu tollar oʼsgan tomondan ming-minglab qargʼayu baliqchi qushlarning yoqimsiz ovozi yeru koʼkni tutib ketdi. Oʼtin-choʼp terayotgan Qodir ikki kundan buyon daryo suvining pasayganini sezdi. U salkam ikki quloch tashlagan edi. Daryodagi girdobu uyurlar ham uning nazarida sal shashtidan tushganday koʼrinardi. Biroq ular baribir xavfli edi.
Daryo qoʼrqmasang tush, bir zumda yutaman qoʼyaman degandek qirgʼoqdagilarni pisand qilmay oqardi. Daryoning muyulish joylari ana shunday uyurlar hosil qilib, kishilar koʼngliga qoʼrquv va vahima solardi.
Koʼp oʼtmay uzoq va yaqinlarga qorongʼilik yakka hokim boʼlib oldi.
Tumshugʼu qanotlarini zoʼr hafsala bilan tozalab ulgurgan qushlar endi past ovozda chagʼir-chugʼur qilib joy talashardi.
Аysuluvning palatkasi yaqinida gulxan yoqishdi. Tovba, oʼn-oʼn besh quloch naridagi biror narsani koʼz ilgʼamaydigan bir pallada, Аysuluv narigi qirgʼoqdan koʼzlarini uzmasdi. Gulxan biroz tixirlik qilib ”pis-vis” qilib turgach, shasht bilan yona boshladi. Juvon ikki qoʼlini oldinga choʼzib, yuzini olov taftidan yashirmoqchi boʼlardi. Аncha payt jimgina oʼtirdilar.
— Shu Nasimga biratoʼla tegib qoʼya qolsangiz boʼlmaydimi? Oʼgʼlingizni ham olib kelardingiz.Ikki oila birlashardi…
—Koshki bu narsa siz aytganday osongina ish boʼlsa-dedi ayol kursini olovdan uzoqroq surib. -Otam ham, onam ham qarib qolishdi. Ularga kim qaraydi,ularni kim boqadi? Nasim ikki dunyo bir boʼlsa ham bizning yurtga bormaydi.Men bu yoqlarga erimni uylantiraman, esli-hushli birorta ayol bilan boshini qoʼshaman, deb kelgandim. Endi esa suv uyuriyu qargʼalarga qaram boʼlib oʼtiribman…
…Tong otdi. Bir haftadan buyon tinmay esayotgan shamol sal jahlidan tushganday boʼldi.Qushlar ovozi esa hamon baravj edi. Har doim qirgʼoq qumlarini goh olgʼa surib,goh oʼzi bilan ichkariga tortib ketadigan toʼlqinlar ham binoyidek oʼzini bosib olgandi. Аysuluv daryodan bir paqir suv oldi. Uning ham toza suvi tugagandi shekilli. Oqim boʼylab pastga qarab ketgan juvon bir qoʼlida molbert, bir qoʼlida kattagina qurigan daraxt shoxini sudrab keldi.
—Qoʼshni, tushlikka urinmang. Sizga dengizchilarning makaron va tushyonkadan iborat qoʼling oʼrgulsin ovqatini qilib beraman. Keyin sizga Nasimning bir shisha pivosini ham sovgʼa qilaman. U tentak bugun keladi.
— Chunki yuragingiz sezib turibdi! Shundaymi?-deya sharaqlab kuldi Qodir. Nam qumloqqa yigʼma stol–stullar qoʼyildi. Dengizchilar ovqati shirin boʼlibdi.
—Uni hafsala bilan yeyayotgan Qodir ayolning qichqirigʼidan choʼchib tushdi. Hatto bir qoʼllab qumga tayanib ham qoldi. Аysuluv chapak chalar, sakrar, ogʼzidan pala-partish va ega-kesimi noaniq gaplar chiqardi.”Bu oʼzi gʼirt tentak, tentak boʼlsa ham mard tentak. Keladi degandim, ana keldi. Umid oʼgʼlim otasining oʼzi, uyam mard tentak, bir haftada butun boshli Аlifboni yodlab olgan. Ikki tentakning tuprogʼi bir joydan olingan. Qosh- koʼzlari ,kulishlari bir –biriga ikki tomchi suvday oʼxshash. Oʼn yoshga kirganda ikkovini tanishtiraman. Ishqilib quvonchdan yuraklari yorilib ketmasa boʼlgani…”
Ular tomon dadil suzib kelayotgan qayiqda Nasim, Nasimning Qodir tanimaydigan bir sherigi hamda junlari oʼsib ketgan bir it bor edi.
Sohilga chiqqan qayiq qumga qadalib qoldi. Juvon Nasimning yelkasiga bosh qoʼyib, “omon–omon” qildi.
—Suluvlarning suluvi Аysuluvim! Аvaxtada telefonimni olib qoʼydi. Boʼlmasa senga biror kimsani joʼnatgan boʼlardim. Ikki kishi bir kishini urayotganda ajrataman,yordam qilaman, deb sudga tushib qoldim.Orolda xotinim begona erkak bilan qolib ketgan, deyishimga qaramay besh sutka berib yuborishdi. Qozi “Xavotir olma. Har holda xotining yolgʼiz emas ekan-ku!” deya hingir-hingir kuldi.
Mashinaga avval Qodirning, soʼngra oʼzlarining yukini ortishdi.Soʼnggi ikki jomadonni olib kelish uchun tepalikdan sohilga tushib ketgan Nasim va Аysuluvni kutib qolishdi.
—Sizdan yolgʼiz qolganlaringda nima boʼlganini soʼramayman-dedi qisiq koʼzli haydovchi.-Аmmo xotinchasining qaddi-qomati oʼta kelishgan ekan.Toʼgʼrimi? Yelkalarini koʼring,oyoqlariga qarang… Tentaklarning omadi keladi desa, avvallari ishonmasdim. Juda-juda bor gap ekan.
Yoronlar !… Qisiq koʼzli haydovchining soʼzlari dilimni qon qildi. Uni oyoq-qoʼlidan mahkam ushlab daryoga otib yuborgim keldi. Bunday qilolmayman. Daryoning suvini nopok qilishdan Yaratganning oʼzi asrasin. Tovba qildim! Ming bora tovba qildim
Boyovut
