Rahmiddin Islomiy. «Tiyramoh bog’lari» turkumidan

35Шоир дўстим Жонтемир Жондорнинг талаби билан ҳали ҳеч қаерда эълон қилинмаган туркум машқларни жойлаяпман. Сўнгги йилларда фақир ижодида табиат лирикасининг адади ошиб борди. Бошқа мавзулардан бир муддат чекиндик. Руҳият манзаралари ҳам табиат мавзуларига кўчди. Ички кечинмаларни-да, шу тасвирлардан илғаш мумкин. Биз тенгқур авлод бир-биримизни суяб, баъзида «калтаклаб» вояга етдик. Назаримда энди ёшлик ортда қолди. Шеърсевар ўқувчилар олдида «қарз»имиз бор. ИншаАллоҳ, яқин фурсатда илк китоб билан бу «қарз»имизни тўлаб, ўтган адабий умр учун ҳисоб берамиз. Аллоҳ куч-қувват, чиройли умр берса, Сизларнинг хизматингиздаман!

Барчангизга юксак эҳтиром билан,
Раҳмиддин Исломий

27

Раҳмиддин ИСЛОМИЙ
“ТИЙРАМОҲ БОҒЛАРИ” ДАФТАРИДАН


Раҳмиддин ИСЛОМИЙ (Абраев) 1995 йилннг 24 декабрида Қашқадарё воҳасиданинг Қарлуқ қишлоғида туғилган. 2018 йилда Қарши Давлат университетининг “Ўзбек филологияси” факултетини тамомлаган.


* * *

ТИЙРАМОҲНИНГ БОҒЛАРИ СОКИН,62
Эшитилар юрак уриши.
Бу жимликни бузади гоҳи,
Безовта итларнинг ҳуриши.

Сутчелакнинг ҳидидан сармаст,
Ой рақсидан девона оқшом –
Хаёлини ёзиш шарт эмас,
Айни вақти намози хуфтон.

Эҳтимол, Моцартга дарс берган,
Бастакор тун куйларга бойдир.
Ёпинчиғин ахтарар ердан,
Қишлоқларнинг фонуси – ойдир.

Жон олиб жон бермоқда барглар,
Барглар – хавотирда ўзидан.
Кўзёш бўлиб тўкилаверар,
Қари олхўрининг кўзидан.

2017 йил, 27 ноябр

ҲОЛАТ

Дарахт тинмай ечинаётир,
Жиндай қизармайдия бети?!
Шу дам қандай кечинаётир,
Бир жимирлаб увишган этим.

Бари унут бўлар лаҳзада,
Баҳоргача бузилар аҳдлар.
Юрагимни солар ларзага,
Сийналари очиқ дарахтлар.

Қишни кутиб олар уятсиз,
Шир-яланғоч, шип-шийдам боғлар.
Хуморидан чиқар никоҳсиз,
Тусаганча кўнглини чоғлар.

Ўрганмаган ё изн сўраб,
Ёки улар алданган қорга.
Эрта бодом оқ либос ўраб,
Тегиб кетар лақма баҳорга.

2017 йил, 21 ноябр

* * *

ҲАР КУН МИНГЛАБ ШЕЪР ЁЗАР ДАРАХТ,
Ён-атрофи қоғозга тўлар.
Бу ҳасратдан қарғалар карахт,
Бу майсалар сарғайиб ўлар.

Қурбақалар – саводсиз ҳаммол,
Тун сукутин бузиб валақлар.
Тийрамоҳда адашган шамол,
Япроқларни топиб варақлар.

Шафқат сўраб бўлмайди куздан,
Шоир қилган ёзнинг асади.
Хижил тортиб “шивир”ларимдан,
Дарахтларга келар хасадим!

2017 йил, 13 ноябр

* * *
ТИЙРАМОҲДА – ЁМҒИРЛАР РАҚСИ,
Қандай гўзал шалаббо чирой.
Кўзларимга қамаб тун аксин
Сув тубига чўкиб кетди ой…

Қара қандай енгил ва сокин,
Ёмғирдан сўнг туманли ҳаво.
Сўзларимни тингламас ёки,
Бу боғчалар шунчаки авом.

…Йигитликдан бир йил нарида,
Ўсмирлигим қўяр йўталиб.
Кузги боғлар оралиғида,
Кетаяпсан китоб кўтариб…

2017 йил, 12 ноябр

* * *

ДАРАХТЛАРНИНГ ЮЗИДА АЖИН,
Бу чинор ҳам анча қариган.
Эшакқуртлар томирин ғажир,
Ёш қушчалар бундан нарида.

Қуриб қолган шохларин силкиб,
Булутларга қараб эзилар.
Номи “Чин-ор” бўлса-да, лекин,
Кўп яшаб қўйгани сезилар…

2017 йил, 14 ноябр

* * *

БУЛУТЛАР ХЎБ ЭЗИЛДИ, МИСОЛ:
Ошиқ чақмоқларнинг ёниши.
Деразамни чертар телбаҳол,
Масрур томчиларнинг хониши.

Ажиб ҳислар бошлар ғалаён,
Юрагимда айни дақиқа.
Тонгда қуёш чиқмайди, аён,
Ойнинг беркингани ҳақиқат.

Гайдндан куй тинглагим келар,
Тун қўйнига чиқиб айни дам.
Осмон эса тинмай тупурар,
Ёмғирзорда ивир фуфайкам.

Руҳиятим тин олар шу он,
Бу ёмғирлар эди тушдаги.
Декабрга сим қоқиб шодон,
Чийиллайди шамол ҳуштаги.

2017 йил, 26 ноябр

* * *

РУБОБИНИ ЧЕРТСА НОЯБР,
Рақсга тушар япроқлар телба.
Яна уч кун қилолмай сабр,
Бу изғирин қаердан келган?

Қиш ҳам келиб қолибди дарров,
(Қишлоқда тез ўтади умр)
Жонимизга киради оро,
Сандалларнинг исёни – кўмир!

Қарлуқ қишга ҳозирлик кўрар,
У шаҳардай безанмас безак.
Мол-ҳолларин йиғиб улгурар,
Далаларда қолмади тезак.

Булутчалар кетяпти йиғлаб,
Ишкомларнинг уст-боши ҳўлдир.
Кузнинг сўнгги қўшиғин тинглаб,
Ҳофиз бўлиб қолмасам бўлди.

2017 йил, 26 ноябр

КУЗАТИШ

“Олтин фасл” атарлар кузни,
Ёнверимда ловуллайди чўғ.
Қамаштирар сеплари кўзни,
Бу кузакнинг паст кетгиси йўқ.

Шафтолилар оёғи музлар,
Кўмилмаган токларга жабр.
Анжирларнинг барги узилар,
Оғир хўрсинади ноябрь.

Совуқ мужда келтирган қарға,
Тағин миниб олибди тутни.
Пикассонинг суръатидан ҳам,
Тополмайсиз бундай этюдни.

Сигар ёқиб далага бордим,
Кузатмоқлик учун шўрликни.
Конвертларин ёқиб юбордим,
Менга хатлар ёзган ўрикнинг…

2017 йил, 18 ноябр

“ҲАСАД”

Шоир дарахтларим дилбар ва мумтоз,
Туришлари сипо, камтарин, ҳалим.
Қачондир Ҳофизга бўлишган устоз,
Балки Навоийга беришган таълим.

Ёзган шеърларини таҳрирлаб ҳамон,
“Девон” варақларин юлиб отар куз.
Мукаммал асарни тушунмай инсон,
Йил сўнггида ёқиб юборар, афсус!

Мендан норозидай ғичирлар сўри,
(Шоирлигимни тан олмайди, аблаҳ!)
Остида шеър ёзиб ётганим кўриб,
Негадир бош чайқаб турибди дарахт…

Бир жойга жамлолмай бутун диққатни,
Пешонам тиришиб асаб қиламан.
Тан олмай илож йўқ бу ҳақиқатни:
Шоир дарахтларга ҳасад қиламан!

2022 йил, 1 феврал

БАХТИЁРЛИК

Узун бу умримдан узун «уҳ» қолди…

Усмон АЗИМ

Шикоятим йўқдир бахтдан, исматдан,
Не учун норизо бўлай қисматдан?!

Азоб берса ҳамки дилнинг яраси,
Бир қадам мен билан бахтнинг ораси.

Курашларни дилга солиб яшадим,
Ғолиб яшадим мен, ғолиб яшадим!

Энг гўзал муҳаббат менга аталди,
Юракка отилган ўқдай қадалди.

Бир тандан узилган битта руҳ қолди,
Қисқа ҳаётимдан узун «уҳ» қолди…

2022 йил, 5 ноябр

КУЗЛАНИШ

Ҳаётимга ёнғин бошлаб кирди куз,
Жоним, энди жондан умидингни уз!

Дарахтлар эскирган шимларин оқлар,
«Тушмаймиз» деб йиғлар телба япроқлар.

Ўзим ҳам бир муддат ақлдан оздим,
«Сени севаман» деб дарахтга ёздим.

Япроқдай урилиб кетиб ҳавога,
Бағрим тўлиб қолди куйга, навога…

Йиғладим… Сен сари хаёлим учиб,
Силкиниб-силкиниб… Дарахтни қучиб…

Не қилай, юракка дард етди охир?
Бундай юрак билан яшамоқ оғир!

Ўзимдан кетдим-у, ўзимга қайтдим:
«Сени севаман!» деб баралла айтдим!..

2022 йил, 5 ноябр

* * *

ЕНГИЛ ШАМОЛ ИЧРА ЭСИБ ЎТДИ «ОҲ»,
Гулим, яқинлашиб қолди Тийрамоҳ.

Ойдин сўқмоқлардан судралиб, афсус,
Уч бошли илондай яқинлашар Куз…

Елкалари титраб бир сесканди тоғ,
Тўлғоқда чайқалди ҳомиладор боғ.

Барглар шивирида ғуссали сезги:
» Наҳот давом этмас бизларнинг севги?!»

Майсалар сарғайди… Сирқирар дилим,
Ҳолимиз не кечар энди, севгилим?!

2022 йил, 8 август

* * *

ЧИНОР БАРГЛАРИН ШАМОЛ,
Юлиб отар эрмакка.
Пойимда ётар беҳол,
Ловуллаган юраклар.

Кузатиб кўрдим барин,
Раҳминг йўқ экан, афсус.
Чинорнинг юракларин,
Оёқости қилдинг, Куз!

2022 йил, 29 август

* * *

КЎКНИ БЕХОС ҚОПЛАБ ОЛДИ,
Қора булут кўлкаси.
Бир фурсатда жимиб қолди,
Озод қушлар ўлкаси.

Гумбурлаши келар малол,
Қалдироқдан кўнгил ғаш.
Ёға кетди тўхтаб шамол,
Ёмғир ва қор аралаш.

Чиқиб келди лордга ўхшаб,
Димоғи баланд қарға.
Дабдурустдан деди қақшаб:
«Йўқ биздек бошқа дарға!»

Бутун борлиқ тортди қаро,
Осмон энди осмонмас.
Айни шундай муҳит аро,
Бургут бўлиш осонмас!

2022 йил, 7 ноябр

ТРАГЕДИЯ

Қум, бўрон ўйинидан
безовта қишлоқ, овул.
Ув тортиб дала, қирдан
келмоқда совуқ шамол.
Қизгулларнинг бўйнидан
узиб отмоқда довул,
Рашкда ёниб қутурган
ошиқ Отелло мисол!

О, қанча Дездемона
жон берди, яққол кўрдим!
Шундан мажруҳ қалбимнинг
яралари битмайди…
Менинг бу узун умрим,
Менинг бу узун умрим –
Довуллардан гулимни
асраш учун етмайди!

2023 йил, 26 феврал

БАҲОРГА – ГУЛГА МАКТУБ

Нега юрагингнинг туроби бесас,
Баҳор ҳаётимда йўқотган гулим?!
Ёнғин бошлаб келган бу кузда эмас,
Сенинг соғинчингда сарғайдим, куйдим.

Нега мағлуб бўлдим ишқ ўйинида?
Икки ҳаёт учун битта ғам камми?!
Ростини айт гулим, баҳор қўйнида
Сен ҳам мени шунча… соғинасанми?!

2023 йил, 4 март

* * *

КУЗ – ОРКЕСТОР, МУМТОЗ КУЙ ЧАЛАР,
Сайратиб бир гуруҳ бақасин.
Рақсга туша бошлар дарахтлар,
Совурганча сариқ чақасин.

Анҳор суви оқар тиниқиб,
Товланади остида тошлар.
Тиллабалиқчалар чиниқиб,
Кимўзарга югура бошлар.

Титкилайди боғларни шамол,
Тарқалади райҳон ифори.
Оҳ, мириқиб симирсанг хушҳол,
Зил ўйлардан бўласан фориғ.

Куз – тазарру қилишга имкон,
Куз – Тангрига қайтиш, аслида.
Куз – айрилиқ, изтироб, ҳижрон,
Куз – борлиқни англаш фаслидир…

2023 йил, 22 сентабр

* * *

БОҒЛАР АРО ХАЗОН УЮРИН,
Ҳайдаб юрар подачи шамол.
Ҳис этарак кузак сурурин,
Сайр қилиш мумкин бемалол.

Кезсанг ёмғир куйини тинглаб,
Қалқиб чиқар бўғзингдаги “оҳ”.
Балки шеърлар ёзарсан – минглаб,
Ҳамдамидир қалбнинг Тийрамоҳ.

Юпун ҳолда боғлар ҳам ғариб,
Мумкин бўлмас лоқайд юрмагинг.
Ҳеч бўлмаса бир бор қўзғалиб,
Бехос санчиб қўяр юрагинг…

2023 йил, 27 сентабр

* * *

ТИЙРАМОҲДА ЗОҒЧАЛАР ШОДОН,
Айтиб юрар хунук азонлар.
Ноябр охири. Баргрезон,
Тўкилмоқда сўнгги хазонлар.

Турналар ўтмоқда – симқатор,
Кўклам куйин қилиб хиргойи.
Мағлуб бўлган қўшиндек ночор,
Жанубларга бўлмоқда ғойиб…

Ёға бошлар ёмғирлар сим-сим,
Чим-чим шамол юзга урилар.
Қишлоқ уйи тортади чилим,
Тутунин пуркайди мўрилар…

2023 йил, 26 ноябр
* * *

НЕКИ ТОПСА БОРИГА КЎНИБ,
Боларилар кўнглини хушлар.
Беҳиларнинг шохига қўниб,
Савдолашар бозорчи қушлар.

Ёлғиз қолган қариқиз мисол,
Боғ четида турганча айри.
Жиндек ҳасад ичра эҳтимол,
Ёмон қараб қўяр гулхайри.

Ҳуштак чалиб айланиб эсар,
Бироз салқин кузак шамоли.
Нам ҳавони олдиндан сезар,
Ини томон шошган чумоли.

Табиатнинг шовқини тинди,
Босиб қолди воҳани сукут.
Мовий осмон ўрнини энди,
Ишғол қилди қоп-қора булут.

Улкан, оғир шохларин силкиб,
Қувиб солар қушларни карахт.
Сўнг сарғайган кўйлагин ечиб,
Оқ ёмғирга чўмилар дарахт.

2022 йил, 9 ноябр

АЗАЛИЙ КУРАШ

Асрлардан буён можаро:
Кураш давом этмоқда ҳануз.
Туркистоннинг боғлари аро,
Қўшин тортди император Куз.

Қўл кўтариб бўлгандай таслим,
Шохларини силкитар дарахт.
Ғолиб бўлди шоҳларнинг фасли,
Барглар қулаб тушдилар карахт.

Сўнг тупроққа кетди қоришиб,
Гўё олтин тангалар бир-бир.
Сўнгги дамга қадар олишиб,
Зафар қучди қайсар Ноябрь.

Бодом эрта гулласин кутиб,
Баҳоргача интиқ қаралар.
Март қайтгунча энди гўнг титиб,
Бу шохларга қўнар қарғалар.

Аммо боғлар талофатидан,
Дил эзилмас, кўнгил бўлмас ғаш.
Зеро навбат билан қайтадан,
Давом этар азалий кураш!

2022 йил, 4 сентабр

БОҒБОН

Баракасиз келди бу кузак,
Ҳар йилгидан ўзгадир тарзи.
Боғларини кезар жонҳалак,
Ким ҳам тинглар боғбоннинг арзин?

Олучалар қарар ўксиниб,
Шира тушиб не кечди ҳоли?
Салқин елга тутиб кўксини,
Меваларин тўкди шафтоли.

Киши билмас ғам ичра “уф”лар,
Боғбон шундай хўрсинар бир зум.
“Талаб қочди қароқчи қушлар,
Майналарга ем бўлди узум…”

Қовжиради анорлар беҳол,
Олмада сайр қилар қуртчалар.
Талафот кўрмади эҳтимол,
Каллакланган майда тутчалар.

Кўзёш тўкиб йиғлар олхўри,
Суви қочиб эзилди беҳи.
“Ортиб кетди тупроқнинг шўри,
Бермоқ зарур заминга меҳр…”

Ҳар битта дарахтни ҳис қилиб,
Кезиб юриб текширар обдон.
Ризқи учун баъзан сиқилиб,
Кечалари ухлолмас боғбон…

2022 йил, 13 ноябр
***

МЕВАЛАРНИ ТЕРИБ САРАЛАР,
Сентабр — энг ҳотамтой мезбон.
Ишкомда тўй бошлар майналар,
Эртак эмас «Очил дастурхон»

Қовунқоқи офтобда куяр,
Кўтарилар қудуқдаги сув.
Тузоқни ҳам унитиб қўяр,
Ўз куйига маҳлиё Какку.

Юнғичқанинг ҳидига тўйиб,
Капалаклар ўйнар — қирмизи!
Отасига «Хон» деб ном қўйиб,
Эркаланиб юрар хонқизи…

Чумолилар соғинар қишни,
Ер бағирлаб қўзғалса шамол.
Ван Гог чизолмаган нақшни,
Асалари ўяр беемалол…

Барча кутар битта дарғани,
(Асли, дарғалиги ғирт ёлғон!)
Алам қилар, қора қарғани —
«Граф» атаб, беришган унвон…

2023 йил, 19 сентабр

* * *

ҲУСАЙНИЛАР ҲОСИЛГА КИРИБ,
Мева тугиб бошлагани он.
Шошилмасдан, салмоқлаб кўриб,
Токқайчида барг кесар боғбон.

Осилади сузмахалтага,
Бозор учун ёғли чаккилар.
Атрофида кўзи мўлтираб,
Тинмай айланади ҳаккалар.

Боларилар — созанда меҳмон,
Куйлар, гуллар ширасин тотиб.
Пашшаларга келтирар қирон,
Ниначиларнинг «вертолёти»

Кўрсичқонлар илдиз кемириб,
Тупроқ ковлаб босар хуморин.
Қанот боғлаб юрар семириб,
«Император» номли чумоли.

… Табиатнинг бўлсанг ҳамдами,
Шуурингга рангтасвир солар.
Шундан балки шоир қаламинг,
Мўйқаламга айланиб қолар!

* * *

ЁМҒИР КЕЧИБ БОРЯПМАН,
Мағлуб боғлар оралаб.
Чарчаяпман, ҳоряпман,
Қисматимни қоралаб.

Қадди дол мажнунтоллар,
Мендек… Кузга йўлиққан…
Вужуд — аллақачонлар
Ғуссаларга тўлиққан!

Куз!
Дилимни яралаб,
Ҳисларимни ўлдирди.
Боғлар аро саралаб,
Топган Гулим сўлдирди.

Яшаб толиқдим жуда,
Руҳим бугун эзгин ҳол.
Ёзсам ҳамки беҳуда,
Фақат шеър келмас малол!

Чарх ўтдими ё замон —
Юрак-бағрим поралаб!
Шундан буён ёзаман,
Қисматимни қоралаб.

Шундан буён дард ютиб,
Тик боқаман ўлимга!
Икки фаслдан ўтиб,
Етолмайман гулимга…

2022 йил, 3 сентябр

АНГЛАШ

Илк баҳорда дунёга келдим,
Чаманларда югурдим, елдим.
Сурурларга тўлдириб дилни,
Севиб қолдим бир Атиргулни.

Ишқ ҳижронга ташлади нохос,
Жисмимизни қовжиратди ёз.
Курашлардан зўр сабоқ олдик,
То кузгача Гул билан қолдик.

Йил сўнгига етганда, афсус,
Атиргулим узиб кетди Куз.
У айтдики: «Дард чекма зинҳор,
Гул қайтади. Қишдан сўнг — Баҳор…»

Юришмади кунларим, ишим,
Келмай қолди негадир қишим.
Ҳаёт! Сени англаб етдим мен,
Яъни, Кузда қолиб кетдим мен…

2023 йил

* * *

Шоир дўстим Жонтемирга

БУ ҚУШЛАРНИНГ БАРИ БЕВАФО,
Ҳар фаслда ҳар хил турланар.
Баҳор ва куз (икки бор ҳатто)
Келиб, кетаверар турналар!

Қишдан қочар кўпгина чумчуқ,
Ёзда қолмас бирорта қарға,
Кўпдан буён оққуш, лайлак йўқ,
Келса келар муҳитга қараб.

Баҳор ўтмай, кетар қалдирғоч,
Саъва, Какку, Зағизғон қайда?!
Ишкомларни талар — қорни оч,
Қорни тўйгач йўқолар майна!

Беданалар қилмоқда хониш,
Тинглаяпмиз биз ҳам алданиб.
Қаерда чин ўртаниш, ёниш,
Қайлардасан соҳир Андалиб?!

…Фақатгина қилмай хайр-у хуш,
Шу осмонда давомий учар —
Кабутар — энг садоқатли қуш,
Ўн икки ой қолар мусича!

2024 йил, 17 феврал

МЕЗОН

Мезон қайтиб келди шимолдан,
Олов пуркаб ҳамма нарсага.
Кунлар салқин бўлса-да тонгдан,
Чўмилишни севар майсалар.

Қуш тилида видо айтилар,
Турналар ҳам қайтмоқда маъюс.
Кечаги ёш, тар ҳусайнилар,
Бугун қариб, қартайган майиз.

Фақатгина севинар боғбон,
Бўлиб олди ахир, ҳосилдор.
Ўрикларин қуритиб олган,
Онам энди боради бозор.

Англаш қийин, жаврар не ҳақда,
Қора қарғаларнинг лисонин.
Ҳилпирайди сариқ дарахтлар,
Ёнаётган байроқ мисоли!

2024 йил, 4 март

Shoir doʻstim Jontemir Jondorning talabi bilan hali hech qayerda e’lon qilinmagan turkum mashqlarni joylayapman. Soʻnggi yillarda faqir ijodida tabiat lirikasining adadi oshib bordi. Boshqa mavzulardan bir muddat chekindik. Ruhiyat manzaralari ham tabiat mavzulariga koʻchdi. Ichki kechinmalarni-da, shu tasvirlardan ilgʻash mumkin. Biz tengqur avlod bir-birimizni suyab, ba’zida «kaltaklab» voyaga yetdik. Nazarimda endi yoshlik ortda qoldi. She’rsevar oʻquvchilar oldida «qarz»imiz bor. InshaAlloh, yaqin fursatda ilk kitob bilan bu «qarz»imizni toʻlab, oʻtgan adabiy umr uchun hisob beramiz. Alloh kuch-quvvat, chiroyli umr bersa, Sizlarning xizmatingizdaman!

Barchangizga yuksak ehtirom bilan,
Rahmiddin Islomiy.

27

Rahmiddin ISLOMIY
“TIYRAMOH BOGʻLARI” DAFTARIDAN


Rahmiddin ISLOMIY 1995 yilnng 24 dekabrida Qashqadaryo vohasidaning Qarluq qishlogʻida tugʻilgan. 2018 yilda Qarshi Davlat universitetining “Oʻzbek filologiyasi” fakultetini tamomlagan.


* * *

TIYRAMOHNING BOGʻLARI SOKIN,16
Eshitilar yurak urishi.
Bu jimlikni buzadi gohi,
Bezovta itlarning hurishi.

Sutchelakning hididan sarmast,
Oy raqsidan devona oqshom –
Xayolini yozish shart emas,
Ayni vaqti namozi xufton.

Ehtimol, Mosartga dars bergan,
Bastakor tun kuylarga boydir.
Yopinchigʻin axtarar yerdan,
Qishloqlarning fonusi – oydir.

Jon olib jon bermoqda barglar,
Barglar – xavotirda oʻzidan.
Koʻzyosh boʻlib toʻkilaverar,
Qari olxoʻrining koʻzidan.

2017 yil, 27 noyabr

HOLAT

Daraxt tinmay yechinayotir,
Jinday qizarmaydiya beti?!
Shu dam qanday kechinayotir,
Bir jimirlab uvishgan etim.

Bari unut boʻlar lahzada,
Bahorgacha buzilar ahdlar.
Yuragimni solar larzaga,
Siynalari ochiq daraxtlar.

Qishni kutib olar uyatsiz,
Shir-yalangʻoch, ship-shiydam bogʻlar.
Xumoridan chiqar nikohsiz,
Tusagancha koʻnglini chogʻlar.

Oʻrganmagan yo izn soʻrab,
Yoki ular aldangan qorga.
Erta bodom oq libos oʻrab,
Tegib ketar laqma bahorga.

2017 yil, 21 noyabr

* * *

HAR KUN MINGLAB SHE’R YOZAR DARAXT,
Yon-atrofi qogʻozga toʻlar.
Bu hasratdan qargʻalar karaxt,
Bu maysalar sargʻayib oʻlar.

Qurbaqalar – savodsiz hammol,
Tun sukutin buzib valaqlar.
Tiyramohda adashgan shamol,
Yaproqlarni topib varaqlar.

Shafqat soʻrab boʻlmaydi kuzdan,
Shoir qilgan yozning asadi.
Xijil tortib “shivir”larimdan,
Daraxtlarga kelar xasadim!

2017 yil, 13 noyabr

* * *

TIYRAMOHDA – YOMGʻIRLAR RAQSI,
Qanday goʻzal shalabbo chiroy.
Koʻzlarimga qamab tun aksin
Suv tubiga choʻkib ketdi oy…

Qara qanday yengil va sokin,
Yomgʻirdan soʻng tumanli havo.
Soʻzlarimni tinglamas yoki,
Bu bogʻchalar shunchaki avom.

…Yigitlikdan bir yil narida,
Oʻsmirligim qoʻyar yoʻtalib.
Kuzgi bogʻlar oraligʻida,
Ketayapsan kitob koʻtarib…

2017 yil, 12 noyabr

* * *

DARAXTLARNING YUZIDA AJIN,
Bu chinor ham ancha qarigan.
Eshakqurtlar tomirin gʻajir,
Yosh qushchalar bundan narida.

Qurib qolgan shoxlarin silkib,
Bulutlarga qarab ezilar.
Nomi “Chin-or” boʻlsa-da, lekin,
Koʻp yashab qoʻygani sezilar…

2017 yil, 14 noyabr

* * *

BULUTLAR XOʻB EZILDI, MISOL:
Oshiq chaqmoqlarning yonishi.
Derazamni chertar telbahol,
Masrur tomchilarning xonishi.

Ajib hislar boshlar gʻalayon,
Yuragimda ayni daqiqa.
Tongda quyosh chiqmaydi, ayon,
Oyning berkingani haqiqat.

Gaydndan kuy tinglagim kelar,
Tun qoʻyniga chiqib ayni dam.
Osmon esa tinmay tupurar,
Yomgʻirzorda ivir fufaykam.

Ruhiyatim tin olar shu on,
Bu yomgʻirlar edi tushdagi.
Dekabrga sim qoqib shodon,
Chiyillaydi shamol hushtagi.

2017 yil, 26 noyabr

* * *

RUBOBINI CHERTSA NOYABR,
Raqsga tushar yaproqlar telba.
Yana uch kun qilolmay sabr,
Bu izgʻirin qaerdan kelgan?

Qish ham kelib qolibdi darrov,
(Qishloqda tez oʻtadi umr)
Jonimizga kiradi oro,
Sandallarning isyoni – koʻmir!

Qarluq qishga hozirlik koʻrar,
U shaharday bezanmas bezak.
Mol-hollarin yigʻib ulgurar,
Dalalarda qolmadi tezak.

Bulutchalar ketyapti yigʻlab,
Ishkomlarning ust-boshi hoʻldir.
Kuzning soʻnggi qoʻshigʻin tinglab,
Hofiz boʻlib qolmasam boʻldi.

2017 yil, 26 noyabr

KUZATISH

“Oltin fasl” atarlar kuzni,
Yonverimda lovullaydi choʻgʻ.
Qamashtirar seplari koʻzni,
Bu kuzakning past ketgisi yoʻq.

Shaftolilar oyogʻi muzlar,
Koʻmilmagan toklarga jabr.
Anjirlarning bargi uzilar,
Ogʻir xoʻrsinadi noyabr.

Sovuq mujda keltirgan qargʻa,
Tagʻin minib olibdi tutni.
Pikassoning sur’atidan ham,
Topolmaysiz bunday etyudni.

Sigar yoqib dalaga bordim,
Kuzatmoqlik uchun shoʻrlikni.
Konvertlarin yoqib yubordim,
Menga xatlar yozgan oʻrikning…

2017 yil, 18 noyabr

“HASAD”

Shoir daraxtlarim dilbar va mumtoz,
Turishlari sipo, kamtarin, halim.
Qachondir Hofizga boʻlishgan ustoz,
Balki Navoiyga berishgan ta’lim.

Yozgan she’rlarini tahrirlab hamon,
“Devon” varaqlarin yulib otar kuz.
Mukammal asarni tushunmay inson,
Yil soʻnggida yoqib yuborar, afsus!

Mendan noroziday gʻichirlar soʻri,
(Shoirligimni tan olmaydi, ablah!)
Ostida she’r yozib yotganim koʻrib,
Negadir bosh chayqab turibdi daraxt…

Bir joyga jamlolmay butun diqqatni,
Peshonam tirishib asab qilaman.
Tan olmay iloj yoʻq bu haqiqatni:
Shoir daraxtlarga hasad qilaman!

2022 yil, 1 fevral

BAXTIYORLIK

Uzun bu umrimdan uzun «uh» qoldi…

Usmon AZIM

Shikoyatim yoʻqdir baxtdan, ismatdan,
Ne uchun norizo boʻlay qismatdan?!

Azob bersa hamki dilning yarasi,
Bir qadam men bilan baxtning orasi.

Kurashlarni dilga solib yashadim,
Gʻolib yashadim men, gʻolib yashadim!

Eng goʻzal muhabbat menga ataldi,
Yurakka otilgan oʻqday qadaldi.

Bir tandan uzilgan bitta ruh qoldi,
Qisqa hayotimdan uzun «uh» qoldi…

2022 yil, 5 noyabr

KUZLANISH

Hayotimga yongʻin boshlab kirdi kuz,
Jonim, endi jondan umidingni uz!

Daraxtlar eskirgan shimlarin oqlar,
«Tushmaymiz» deb yigʻlar telba yaproqlar.

Oʻzim ham bir muddat aqldan ozdim,
«Seni sevaman» deb daraxtga yozdim.

Yaproqday urilib ketib havoga,
Bagʻrim toʻlib qoldi kuyga, navoga…

Yigʻladim… Sen sari xayolim uchib,
Silkinib-silkinib… Daraxtni quchib…

Ne qilay, yurakka dard yetdi oxir?
Bunday yurak bilan yashamoq ogʻir!

Oʻzimdan ketdim-u, oʻzimga qaytdim:
«Seni sevaman!» deb baralla aytdim!..

2022 yil, 5 noyabr

* * *

ENGIL SHAMOL ICHRA ESIB OʻTDI «OH»,
Gulim, yaqinlashib qoldi Tiyramoh.

Oydin soʻqmoqlardan sudralib, afsus,
Uch boshli ilonday yaqinlashar Kuz…

Yelkalari titrab bir seskandi togʻ,
Toʻlgʻoqda chayqaldi homilador bogʻ.

Barglar shivirida gʻussali sezgi:
» Nahot davom etmas bizlarning sevgi?!»

Maysalar sargʻaydi… Sirqirar dilim,
Holimiz ne kechar endi, sevgilim?!

2022 yil, 8 avgust

* * *

CHINOR BARGLARIN SHAMOL,
Yulib otar ermakka.
Poyimda yotar behol,
Lovullagan yuraklar.

Kuzatib koʻrdim barin,
Rahming yoʻq ekan, afsus.
Chinorning yuraklarin,
Oyoqosti qilding, Kuz!

2022 yil, 29 avgust

* * *

KOʻKNI BEXOS QOPLAB OLDI,
Qora bulut koʻlkasi.
Bir fursatda jimib qoldi,
Ozod qushlar oʻlkasi.

Gumburlashi kelar malol,
Qaldiroqdan koʻngil gʻash.
Yogʻa ketdi toʻxtab shamol,
Yomgʻir va qor aralash.

Chiqib keldi lordga oʻxshab,
Dimogʻi baland qargʻa.
Dabdurustdan dedi qaqshab:
«Yoʻq bizdek boshqa dargʻa!»

Butun borliq tortdi qaro,
Osmon endi osmonmas.
Ayni shunday muhit aro,
Burgut boʻlish osonmas!

2022 yil, 7 noyabr

TRAGEDIYA

Qum, boʻron oʻyinidan
bezovta qishloq, ovul.
Uv tortib dala, qirdan
kelmoqda sovuq shamol.
Qizgullarning boʻynidan
uzib otmoqda dovul,
Rashkda yonib quturgan
oshiq Otello misol!

O, qancha Dezdemona
jon berdi, yaqqol koʻrdim!
Shundan majruh qalbimning
yaralari bitmaydi…
Mening bu uzun umrim,
Mening bu uzun umrim –
Dovullardan gulimni
asrash uchun yetmaydi!

2023 yil, 26 fevral

BAHORGA – GULGA MAKTUB

Nega yuragingning turobi besas,
Bahor hayotimda yoʻqotgan gulim?!
Yongʻin boshlab kelgan bu kuzda emas,
Sening sogʻinchingda sargʻaydim, kuydim.

Nega magʻlub boʻldim ishq oʻyinida?
Ikki hayot uchun bitta gʻam kammi?!
Rostini ayt gulim, bahor qoʻynida
Sen ham meni shuncha… sogʻinasanmi?!

2023 yil, 4 mart

* * *

KUZ – ORKESTOR, MUMTOZ KUY CHALAR,
Sayratib bir guruh baqasin.
Raqsga tusha boshlar daraxtlar,
Sovurgancha sariq chaqasin.

Anhor suvi oqar tiniqib,
Tovlanadi ostida toshlar.
Tillabaliqchalar chiniqib,
Kimoʻzarga yugura boshlar.

Titkilaydi bogʻlarni shamol,
Tarqaladi rayhon ifori.
Oh, miriqib simirsang xushhol,
Zil oʻylardan boʻlasan forigʻ.

Kuz – tazarru qilishga imkon,
Kuz – Tangriga qaytish, aslida.
Kuz – ayriliq, iztirob, hijron,
Kuz – borliqni anglash faslidir…

2023 yil, 22 sentabr

* * *

BOGʻLAR ARO XAZON UYURIN,
Haydab yurar podachi shamol.
His etarak kuzak sururin,
Sayr qilish mumkin bemalol.

Kezsang yomgʻir kuyini tinglab,
Qalqib chiqar boʻgʻzingdagi “oh”.
Balki she’rlar yozarsan – minglab,
Hamdamidir qalbning Tiyramoh.

Yupun holda bogʻlar ham gʻarib,
Mumkin boʻlmas loqayd yurmaging.
Hech boʻlmasa bir bor qoʻzgʻalib,
Bexos sanchib qoʻyar yuraging…

2023 yil, 27 sentabr

* * *

TIYRAMOHDA ZOGʻCHALAR SHODON,
Aytib yurar xunuk azonlar.
Noyabr oxiri. Bargrezon,
Toʻkilmoqda soʻnggi xazonlar.

Turnalar oʻtmoqda – simqator,
Koʻklam kuyin qilib xirgoyi.
Magʻlub boʻlgan qoʻshindek nochor,
Janublarga boʻlmoqda gʻoyib…

Yogʻa boshlar yomgʻirlar sim-sim,
Chim-chim shamol yuzga urilar.
Qishloq uyi tortadi chilim,
Tutunin purkaydi moʻrilar…

2023 yil, 26 noyabr

* * *

NEKI TOPSA BORIGA KOʻNIB,
Bolarilar koʻnglini xushlar.
Behilarning shoxiga qoʻnib,
Savdolashar bozorchi qushlar.

Yolgʻiz qolgan qariqiz misol,
Bogʻ chetida turgancha ayri.
Jindek hasad ichra ehtimol,
Yomon qarab qoʻyar gulxayri.

Hushtak chalib aylanib esar,
Biroz salqin kuzak shamoli.
Nam havoni oldindan sezar,
Ini tomon shoshgan chumoli.

Tabiatning shovqini tindi,
Bosib qoldi vohani sukut.
Moviy osmon oʻrnini endi,
Ishgʻol qildi qop-qora bulut.

Ulkan, ogʻir shoxlarin silkib,
Quvib solar qushlarni karaxt.
Soʻng sargʻaygan koʻylagin yechib,
Oq yomgʻirga choʻmilar daraxt.

2022 yil, 9 noyabr

AZALIY KURASH

Asrlardan buyon mojaro:
Kurash davom etmoqda hanuz.
Turkistonning bogʻlari aro,
Qoʻshin tortdi imperator Kuz.

Qoʻl koʻtarib boʻlganday taslim,
Shoxlarini silkitar daraxt.
Gʻolib boʻldi shohlarning fasli,
Barglar qulab tushdilar karaxt.

Soʻng tuproqqa ketdi qorishib,
Goʻyo oltin tangalar bir-bir.
Soʻnggi damga qadar olishib,
Zafar quchdi qaysar Noyabr.

Bodom erta gullasin kutib,
Bahorgacha intiq qaralar.
Mart qaytguncha endi goʻng titib,
Bu shoxlarga qoʻnar qargʻalar.

Ammo bogʻlar talofatidan,
Dil ezilmas, koʻngil boʻlmas gʻash.
Zero navbat bilan qaytadan,
Davom etar azaliy kurash!

2022 yil, 4 sentabr

BOGʻBON

Barakasiz keldi bu kuzak,
Har yilgidan oʻzgadir tarzi.
Bogʻlarini kezar jonhalak,
Kim ham tinglar bogʻbonning arzin?

Oluchalar qarar oʻksinib,
Shira tushib ne kechdi holi?
Salqin yelga tutib koʻksini,
Mevalarin toʻkdi shaftoli.

Kishi bilmas gʻam ichra “uf”lar,
Bogʻbon shunday xoʻrsinar bir zum.
“Talab qochdi qaroqchi qushlar,
Maynalarga yem boʻldi uzum…”

Qovjiradi anorlar behol,
Olmada sayr qilar qurtchalar.
Talafot koʻrmadi ehtimol,
Kallaklangan mayda tutchalar.

Koʻzyosh toʻkib yigʻlar olxoʻri,
Suvi qochib ezildi behi.
“Ortib ketdi tuproqning shoʻri,
Bermoq zarur zaminga mehr…”

Har bitta daraxtni his qilib,
Kezib yurib tekshirar obdon.
Rizqi uchun ba’zan siqilib,
Kechalari uxlolmas bogʻbon…

2022 yil, 13 noyabr

***

MEVALARNI TERIB SARALAR,
Sentabr — eng hotamtoy mezbon.
Ishkomda toʻy boshlar maynalar,
Ertak emas «Ochil dasturxon»

Qovunqoqi oftobda kuyar,
Koʻtarilar quduqdagi suv.
Tuzoqni ham unitib qoʻyar,
Oʻz kuyiga mahliyo Kakku.

Yungʻichqaning hidiga toʻyib,
Kapalaklar oʻynar — qirmizi!
Otasiga «Xon» deb nom qoʻyib,
Erkalanib yurar xonqizi…

Chumolilar sogʻinar qishni,
Yer bagʻirlab qoʻzgʻalsa shamol.
Van Gog chizolmagan naqshni,
Asalari oʻyar beemalol…

Barcha kutar bitta dargʻani,
(Asli, dargʻaligi gʻirt yolgʻon!)
Alam qilar, qora qargʻani —
«Graf» atab, berishgan unvon…

2023 yil, 19 sentabr

* * *

HUSAYNILAR HOSILGA KIRIB,
Meva tugib boshlagani on.
Shoshilmasdan, salmoqlab koʻrib,
Tokqaychida barg kesar bogʻbon.

Osiladi suzmaxaltaga,
Bozor uchun yogʻli chakkilar.
Atrofida koʻzi moʻltirab,
Tinmay aylanadi hakkalar.

Bolarilar — sozanda mehmon,
Kuylar, gullar shirasin totib.
Pashshalarga keltirar qiron,
Ninachilarning «vertolyoti»

Koʻrsichqonlar ildiz kemirib,
Tuproq kovlab bosar xumorin.
Qanot bogʻlab yurar semirib,
«Imperator» nomli chumoli.

… Tabiatning boʻlsang hamdami,
Shuuringga rangtasvir solar.
Shundan balki shoir qalaming,
Moʻyqalamga aylanib qolar!

* * *

YOMGʻIR KECHIB BORYAPMAN,
Magʻlub bogʻlar oralab.
Charchayapman, horyapman,
Qismatimni qoralab.

Qaddi dol majnuntollar,
Mendek… Kuzga yoʻliqqan…
Vujud — allaqachonlar
Gʻussalarga toʻliqqan!

Kuz!
Dilimni yaralab,
Hislarimni oʻldirdi.
Bogʻlar aro saralab,
Topgan Gulim soʻldirdi.

Yashab toliqdim juda,
Ruhim bugun ezgin hol.
Yozsam hamki behuda,
Faqat she’r kelmas malol!

Charx oʻtdimi yo zamon —
Yurak-bagʻrim poralab!
Shundan buyon yozaman,
Qismatimni qoralab.

Shundan buyon dard yutib,
Tik boqaman oʻlimga!
Ikki fasldan oʻtib,
Yetolmayman gulimga…

2022 yil, 3 sentyabr

ANGLASH

Ilk bahorda dunyoga keldim,
Chamanlarda yugurdim, yeldim.
Sururlarga toʻldirib dilni,
Sevib qoldim bir Atirgulni.

Ishq hijronga tashladi noxos,
Jismimizni qovjiratdi yoz.
Kurashlardan zoʻr saboq oldik,
To kuzgacha Gul bilan qoldik.

Yil soʻngiga yetganda, afsus,
Atirgulim uzib ketdi Kuz.
U aytdiki: «Dard chekma zinhor,
Gul qaytadi. Qishdan soʻng — Bahor…»

Yurishmadi kunlarim, ishim,
Kelmay qoldi negadir qishim.
Hayot! Seni anglab yetdim men,
Ya’ni, Kuzda qolib ketdim men…

2023 yil

* * *

Shoir doʻstim Jontemirga

BU QUSHLARNING BARI BEVAFO,
Har faslda har xil turlanar.
Bahor va kuz (ikki bor hatto)
Kelib, ketaverar turnalar!

Qishdan qochar koʻpgina chumchuq,
Yozda qolmas birorta qargʻa,
Koʻpdan buyon oqqush, laylak yoʻq,
Kelsa kelar muhitga qarab.

Bahor oʻtmay, ketar qaldirgʻoch,
Sa’va, Kakku, Zagʻizgʻon qayda?!
Ishkomlarni talar — qorni och,
Qorni toʻygach yoʻqolar mayna!

Bedanalar qilmoqda xonish,
Tinglayapmiz biz ham aldanib.
Qaerda chin oʻrtanish, yonish,
Qaylardasan sohir Andalib?!

…Faqatgina qilmay xayr-u xush,
Shu osmonda davomiy uchar —
Kabutar — eng sadoqatli qush,
Oʻn ikki oy qolar musicha!

2024 yil, 17 fevral

MEZON

Mezon qaytib keldi shimoldan,
Olov purkab hamma narsaga.
Kunlar salqin boʻlsa-da tongdan,
Choʻmilishni sevar maysalar.

Qush tilida vido aytilar,
Turnalar ham qaytmoqda ma’yus.
Kechagi yosh, tar husaynilar,
Bugun qarib, qartaygan mayiz.

Faqatgina sevinar bogʻbon,
Boʻlib oldi axir, hosildor.
Oʻriklarin quritib olgan,
Onam endi boradi bozor.

Anglash qiyin, javrar ne haqda,
Qora qargʻalarning lisonin.
Hilpiraydi sariq daraxtlar,
Yonayotgan bayroq misoli!

2024 yil, 4 mart

34

(Tashriflar: umumiy 30, bugungi 34)

Izoh qoldiring