Шукур Бурҳонов бизнинг кафедрага келиб, «Бу Шукур Холмирзаевни бекорга чалғитаяпсизлар. Мен ундан нимага драмтўгаракка кам қатнашаяпсан, деб сўрасам, «… шу… у-бу нарсани қоралаб юрибман» — дейди. Йўқ, Шукур ёзиб овора бўлиб юрмасин. Ахир у буюк артист-ку. Сизлар ҳам уни йўлдан урманглар», дер эди…
Эшқобил Шукур
ЭҲ, АКАМ-А, АКАМ…
Ҳақиқий адиб ҳаётининг мазмуни сўзга содиқлигида намоён бўлади. Адабиётга садоқат — ҳақиқатга садоқатдир. Мен ҳар гал Шукур ака билан суҳбатлашганимда, унинг ботинида катта бир куч беркиниб ётганини ҳис этиб турардим ва 65 йилдан бери бу кучга тириклик бағишлаб келаётган манба ҳам айнан адабиёт эканлиғини англардим. У фақат адабиёт учунгина яшади, бу йўлда ўзини аямади ва ҳар қандай вазиятда қаддини тик тута олди.
2005 йилнинг 29 сентябрь куни эрталаб телефон орқали «Шукур акангиз оламдан ўтдилар…» деган совуқ хабарни эшитганимда юрагим зирқираб кетди. Беихтиёр Шукур аканинг чақмоқдек чақнаб юрган кезлари кўз олдимдан ўтаверди. Чунки, илк талабалик йилларимдан бошлаб унинг адабиёт ҳақидаги бетакрор суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлганман. Шукур ака ғаройиб одам эди. Йўқ, ажойиб эмас, айнан ғаройиб…
Мен мактабда 9-синфда ўқиб юрган пайтларимда сурхондарёлик шоир Янгибой Шоймардонов билан биринчи марта Тошкентга келгандим. Шунда бу ғаройиб одамнинг суҳбатидан илк бора баҳраманд бўлганман.
«Буларнинг китобларидаги қаҳрамонлар одамга ўхшамайди, қўғирчоқнинг ўзгинаси» — Шукур аканинг ўша пайтларда айтган шу гаплари миямта ўрнашиб қолган. Кейинчалик, талабалик йилларимда бир неча яхши дўстларим билан Шукур аканинг изидан эргашиб юравердик. Йўл юрсак ҳам, мўл юрдик. Бир кеча Усмон Азимнинг уйида тонггача Қодир бахшидан «Алпомиш»ни эшитдик. Қодир бахши айтаверди. Шукур ака яйрайверди. У азоб билан яйрарди. Дўмбира сайраётган оҳанглардан эриб, адо бўларди. Мен шунда Шукур Холмирзаевнинг завқу шавқидан ҳайратланганман ва у ҳақда ўша пайтларда айтилган: «Сурхондарё юрагининг Колумби» деган гапга жуда ишонганман. Шунда Шукур акадан фақат айтишни эмас, тинглашни ҳам ўрганиш кераклигини ҳис этганман.
Озод Шарафиддинов биз талабаларга Шукур аканинг яна бир ўзига хос жиҳати ҳақида шундай ҳикоя қиларди: «Шукур Бурҳонов бизнинг кафедрага келиб, «Бу Шукур Холмирзаевни бекорга чалғитаяпсизлар. Мен ундан нимага драмтўгаракка кам қатнашаяпсан, деб сўрасам, «… шу… у-бу нарсани қоралаб юрибман» — дейди. Йўқ, Шукур ёзиб овора бўлиб юрмасин. Ахир у буюк артист-ку. Сизлар ҳам уни йўлдан урманглар», дер эди».
Шукур ака талабалик йилларида университет қошидаги драмтўгаракка қатнашиб, унда Гамлетни ўйнаган, янгамиз Саида опа эса, Офелияни… Ва шу ижролари билан Москвада конкурсда қатнашиб, биринчи ўринни олиб қайтишган. Мен бир гал Шукур акадан, «Мабодо, ёзувчи бўлмасангаз, артист бўлармидингиз?» деб сўрасам, у «Йўқ! Ё археолог, ё биолог бўлардим. Чунки бу икки фан ҳам ҳаётнинг боши ва охири билан шуғулланади. Адабиёт ҳам шундай», деган эдилар.
Болалар дунёси магазини ёнидаги уйнинг саккизинчи қаватида Шукур аканинг тонготар гурунгларини тингла-ганмиз… Биз уч-тўрт киши эдик. Унинг ўша даврадаги гаплари ҳамон эсимдан чиқмайди. У Толстой, Достоевский каби («каби» сўзи бу даҳоларга мос эмас-у, лекин айтдим-да) улуғлар ҳақида гапирди. Кейин бошқа мавзуларга кўчди-да, тўсатдан менга «Сен нимага галстук тақмайсан?» деб сўраб қолди. Мен унга ҳеч қачон галстук тақмаганлигимни айтдим. У бироз жим қолди ва шахт билан бўйнидаги галстукни гўё ўзини занжирдан озод қилаётган одамдай ечди-да: «Буни тақиб ол!», деди. Мен унинг галстугини тақдим. У менга мароқ билан, такрор айтаман, мароқ билан қаради ва дағал овозда: «Ярашди!» деди. Мен ўзимни анча ўнғайсиз сездим. У шунда кўнглидагани айтди: «Бу галстук сенга! Мен сизларни доимо кўркам ва мағрур юришларингни истайман! Дадил бўлинглар!», деди. Мен шундан сўнг галстук тақишни ўрганганман.
Эсимда, саккизинчи қаватдаги ўша уйда, ўша ижодхонада, ака билан гурунглашиб ўтирардик. Ўтириксиз айтаман, тунги соат иккиларда Шукур ака жўшди ва менга: «Биласанми, мабодо мени отиб ўлдиришса, орқамдан отиб ўлдирадилар, лекин ҳеч қачон, ҳеч ким олдимдан отолмайди», деди. Мен: «Нимага сизни олддан чиқиб отолмайдилар?» деб сўраганимда у: «Менинг кўзларим бунга йўл қўймайди» деган. Мен кейинги йилларда ҳам аканинг бу гапи ҳақида ўйладим ва суратлардаги унинг кўзларига қарадим. У ҳақ эди. Чунки, унинг суратларидаги кўзлари ҳам одамни чекинтирарди.
Ҳа, улуғ ёзувчи, шу билан бирга, ғаройиб одам эди. Гоҳо Шукур акага бирон бир иш юзасидан телефон қилиб қолсам, гулдираган овози билан «Салом!» дерди-ю, ҳол-аҳволлашмасдан ҳам тўғридан-тўғри «Биласанми, фалон ҳикоямдаги фалон жойи менга ёқмади. Ҳозир шу ҳикояни бошқатдан ишлаяпман», деб ҳикоя ҳақида узоқ гапириб кетарди ва менинг нима учун телефон қилганимни сўрамасдан, «Шунинг учун бошқатдан ёзаяпман. Энди ҳикоя ҳақиқий ҳикоя бўлади. Хайр!», деб телефонни қўйиб қўярди.
Ҳа, у одамлар билан гурунглашаётганда ҳам ишлаб ўтиришни канда қилмас, ўз персонажларининг характерлари ва тилини пишитиб борарди. У атрофдаги одамлардан кўра кўпроқ ўз қаҳрамонлари билан яшарди. У бир гал менга: «Сенга бир сиримни айтайинми?» — деди. «Айтинг», дедим. У бироз ўйланиб қолди-да, «Йўқ, бу менинг сирим эмас, ҳақиқатим, шунинг учун уни ҳамма билгани маъқул…» — деди. «Унда айтинг, Шукур ака» — дедим. Шунда у гўё бутун жаҳон аҳлига муҳим хабарни маълум қилаётгандай салобат билан ички овозда ҳайқирди: «Ҳикоя дегани бу ҳасратингни айта билишдир. Мен ҳикоя ёзаяпман, дейишдан кўра, ҳасратимни айтаяпман дейишни маъқул кўраман», деди. Дарҳақиқат, унинг ижодида жўн ёзилган нарсани учратмайсиз. У ҳеч қачон шунчаки қоғоз қораламаган. «Динозавр» романини ёзаётганида у бир гурунгимизда: «Энди билдим, ҳар бир асарингни ўз васиятинг каби ёзишинг керак экан», деди. Мен шунда: «Сиз Тагорнинг «Роман тўрт сатр шеър бўлиши керак» деган гапини ўн йилча олдин «бу менинг шиорим», деб айтган эдингиз. Ўзингиз шунга эриша олдингизми?», деб сўраганимда, у: «Шу пайтгача йўқ. Лекин «Динозавр» романида бунга эришаман. Роман бўйича Тагорнинг ўша гапи менинг қоидам», деб жавоб берди.
У адабиёт борасида ўз ички руҳий низомини тўла шакллантирган шахс эди ва бу низомга у мунтазам амал қиларди.
Устоз адиб билан видолашув чоғида севимли шоиримиз Абдулла Орипов шундай сўзларни айтдики, бу сўзлар ҳар бир ижодкор учун ўта муҳимдир: «Қоғоз қоралаб юрган ҳар кимни ҳам, «мен ёзувчиман» деб даъво қиладиганларнинг ҳаммасини ҳам ҳақиқий ёзувчи деб бўлмайди. Хақиқий ёзувчининг тимсолини биз Шукур Холмирзаевга ўхшаган адиблар мисолида кўрамиз. У том маънодаги профессионал ёзувчи эди. Ёшларимиз жаҳон адабиётини Шукур орқали ўрганишлари керак. Чунки, унинг асарларида жаҳон адабиётининг энг илғор анъаналари юксак даражада мужассам бўлган. Шукур Холмирзаев адабиётимизда ўз мактабини яратди. Жаҳон адабиёти машваратида унинг ўз ўрни бор. Буни эътироф этиш керак».
Дарҳақиқат, адиб ўзбек ҳикоячилигида беназир бир мактаб ярата олди. Бу эса катта истеъдод қатори катта меҳнат, катта муҳаббатни талаб қиладиган машаққатли масъулият эди. Унинг бетакрор ҳикояларида ўзбек миллий руҳининг улуғвор манзаралари тирик суратларда акс этади. Миллийлик унинг асарларида етакчи кучдир. Одатда, Шукур ака ҳақида гап кетганда ҳамиша унинг адабиёт учун яшаганлиги эътироф этилади. Адабиёт учун яшаш эса, миллат учун яшашдир. Унинг асарларида миллатимиз қиёфаси ва қалби борича намоён бўлади.
Шукур ака ўзбекнинг мардлигини куйлаган адиб. У ўзбек тилининг бойлигини намойиш қилган ва бу тилнинг ҳайратангиз мўъжизалари билан шу халқ руҳиятининг юксак қирраларини — мардлиги, тантилиги, мағрурлигини ўзига хос тарзда маҳорат билан бадиий талқин этди.
У бундан йигирма йилча бурун: «Қандай ёзишни билиш муҳим, нимани ёзишни билиш янада муҳим», деган эди. Шукур ака қандай ёзишни ҳам, нимани ёзишни ҳам мукаммал биларди. У Ватанимизни, юртимизни катта муҳаббат билан севарди, ич-ичидан бу юрт табиатини, унинг одамларини авайлаб-ардоқларди ва ҳар гал бу туйғу кўнглида жўш урганда: «Айланайин!» деб қўярди.
Адибнинг «Ҳаёт абадий» деган китоби бор. Бу китоб 30 йил олдин чиққан. Шундай экан, Шукур ака қирчиллама ёшида ҳаётнинг нима билан абадий эканлигини англаб етган.
2007 йил
Манбаъ: Мақола Сайёра Холмирзаева масъул муҳаррирлигида чоп этилган “Шукур Холмирзаев замондошлари хотирасида” (Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги НМИУ, 2010) тўпламида эълон қилинган. Матнни кўчириб фейсбукдаги Шукур Холмирзаев саҳифасига жойлаштирган – Отабек Муҳаммадий.