Tog’ay Murod.Oydinda yurgan odamlar. Qissa. I-III bob

oydin3 феврал — атоқли ўзбек адиби Тоғай Мурод туғилган кун.

— Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол. Қаердандир одам овози келяпти… Сайрак адирда ёнбошлаб ётмиш бобомиз, момомизга шундай дедилар. Бобомиз оғизларини анграйганнамо очдилар. Ўнг қулоқларини еллар елмиш тарафга тутдилар.

ҚИССА ҲАҚИДА
09

05 Тоғай Муроднинг биргина «Ойдинда юрган одамлар» қиссасида, янглишмасам, адибга хос бўлган фазилатлар янада яққолроқ сезилади. Асар нима ҳақида? Бир қарашда қисса адабиётимизда кўп айтилган фарзандсизлик муаммосига бағишлангандек туюлади. Аслида, ундай эмас. Аслида, услуб жиҳатидан халқ достонларига ўхшаб кетадиган бу қиссани муҳаббат ҳақидаги бир куй, тўғрироғи, муҳаббатга суяниб, барча ҳаёт довулларини енгиб ўтган икки дил, икки пок инсон ҳақидаги типик бир қўшиқ десак ярашади. Яхши қўшиқ мунгли бўлади, бироқ 6у мунг кўнгилга ғашлик солмайди, билъакс, сув ичгандай равшан қилади.

ОДИЛ ЁҚУБОВ

Шарқнинг буюк достонлари «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин»лар, «Тоҳир ва Зуҳро»лар неча юз йиллардан бери яшаб келади. Уларда бир-бирига етишолмай, муҳаббат йўлида жон берган бахтсиз ошиқ-маъшуқлар тасвирланади.

011Тоғай Мурод ҳам достон ёзди. Отини «Ойдинда юрган одамлар» қўйди.

Қисса номини ўқишингиз биланоқ сизни аллақандай сирли-сеҳрли ойдин кеча бағрига олади. Ичингизга ажиб бир нур ўрмалаб киради. Дил-дилингизни ёритиб юборади.

Қиссада Қоплон билан Оймомо фарзанд илинжида тунни тонгга, кунни ойга, ойни йилга улаб яшайди. Қоплон хотинини Момоси, деса, Оймомо эрини Бобоси, деб чақиради. Улар йўқ боланинг бобоси, йўқ боланинг момоси бўлиб, йилларни йилларга улайди. Бир-бирига мўлтираб яшайди. Улар учрамаган доктор, улар кўринмаган табиб қолмайди. Аммо на доктордан, на табибдан наф кўради.

Тоғай Мурод чол-кампир ҳаётини ғоят нозик, ғоят шоирона тасвирлайди. Чол-кампирнинг ўзаро меҳр-муҳаббатини қўшиқдек куйлаб беради.

Тоғай Мурод бир-бирини Бобоси, Момоси, дея атаб умр ўтказаётган бир жуфт покиза инсонни ойдиндаги ой нурига ўраб тасвирлайди. Оқибат, ушбу жуфтнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам, туриш-турмуши ҳам ойнинг кумуш нурларига йўғрилиб кетади.

Тоғай Муроднинг куйиб, ёниб, ўртаниб битган, баъзан фарёд уриб битган «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини «Муҳаббат қўшиғи», деб атагим келди.

САИД АҲМАД

Тоғай Мурод
ОЙДИНДА ЮРГАН ОДАМЛАР
09

I

— Қулоқ сол, момоси, қулоқ сол. Қаердандир одам овози келяпти…
Сайрак адирда ёнбошлаб ётмиш бобомиз, момомизга шундай дедилар.
Бобомиз оғизларини анграйганнамо очдилар. Ўнг қулоқларини еллар елмиш тарафга тутдилар.
Еллар, овозларни ёрқин олиб келмадилар.
Бобомиз ўнг кафтларини қулоқлари сиртига тутдилар. Елпана қилдилар. Нафас олмадилар.
Бор вужудларини бериб қулоқ солдилар.
Бобомиз шунда-да бир нимани эшитмадилар. Чуқур тин олдилар.
Бобомиз ойдинга тикилдилар.
— Манови ёқдан шекилли… — дедилар. — Ўзи, вақтинг хушми, момоси? Эсон-омон юрибсанми? Тўрт мучалинг бутми?..

1

Совчилар қадами қизлик эшикка шараф!
Совчилар оқшом вақти келди.
Уй бекаси дастурхон ёйди. Хўжаси мезбонлик қилди.
— Хуш кўрдик, хуш кўрдик, — деди.
— Хушвақт бўл, қассоб, хушвақт бўл, — деди совчилар. — Қани, илоҳи омин, шу уйда катта-катта тўйлар бўлсин, оллоҳ-акбар!
— Оллоҳ-акбар! Айтганингиз келсин!
Паловдан кейин тарвуз сўйилди.
Совчилар одатлари бўйича у ёқ-бу ёқдан гапиришиб ўтирди.
Эсон қассобни ҳаминқадар элади. Кейин, мақсадга ўтди.
— Синглингнинг бошига бахт қуши қўниб турибди, қассоб, учириб юбормасанг бўлди, — деди.
— Аслини билмай, сўз демаслар, наслини билмай, қиз бермаслар, — деди қассоб. — Ким экан, у?

2

Қишлоқда бир бўзбола бўлади.
Бўзбола елкадор, пишиқ қоматлик бўлади. Кулча юзларида чуқур-чуқур кулдиргичлари бўлади. Қўй кўзлик, сийрак қошлик бўлади.
Бўзбола қоматини ғоз тутади. Жойида тик туради. Қўлларини кўкрагига қовуштиради ё белига тирайди. Бир нуқтага тикилади. Қаерга тикилади, нимага тикилади?
Билмаймиз, биз билмаймиз. Инчунин, ўзи-да билмайди. Бўзболани илк бор кўрамиз.
Шунда, бу бола ё қаттиқ қайғуда, ё бир нимани ўйлаб ўйига етолмаяпти, деймиз.
Юриш-туришидан… кеккаяди, ўзидан ўзгани оёғи билан кўрсатади, деймиз. Шох-у бутоғинг борми, мунча кериласан, деймиз.
У мизожи хуш кўрмиш одамлар билан салом-алик қилади. Борди-келди қилади. Чин дилдан гапиришади. Очилиб гурунглашади.
Кўнглига ўтирмайдиганлар билан саломлашгисида келмайди!
Оқибат, бўзбола бизни назарга илмайди, деймиз.
Оқибат, бўзболани бировимиз хуш кўрамиз, бировимиз нохуш кўрамиз.
У ўзини биз учун дил-дилдан ошно билади.
Бизга содиқ меҳр қўяди. Биз билан ҳамиша хайрихоҳ, ҳамдард бўлади. Бир қориндан талашиб чиққанлардайин бўлсам, дейди.
Ақалли, бир, бир ёмонлигимизни кўрса бўлди!
Биздан қўлини ювиб қўлтиққа уради. Биз билан салом-алик қилмаслик пайида бўлади.
Биздан қайтганини бизга-да, бировга-да айтмайди.
Қобоқ-тумшуқ қилади. Ичимдан топ деб юради.
У одамови!
У олислардан кўз узмайди, киприкларини-да пирпиратмайди.
Биз у тикилмиш тарафга қараймиз. Зангори уфқ. Шу! Ақалли булутлар-да йўқ.
У бизни ҳайрон қолдириб-қолдириб яшайди!
Бир нимани сўрасак, ҳа ё йўқ деб қўя қолади.
Қўлига сув берамиз. Сувни гўё биринчи кўраётгандай тикилади. Ўзича бош ирғаб қўя қолади.
Биз оғринамиз. Миннатдорчиликни тилаб оламиз.
«Сен ҳам одамга ўхшаб бирор нима де».
«Нима дейин?»
«Ҳеч бўлмаса, барака топинг, де».
Шунда у тиззаларини қучоқлайди. Олис-олисларга— Боботоғ чўққиларига ўйчан-ўйчан термилади. Боботоққа термулиб-термулиб айтади:
«Чин гаплар кўнгилда бўлади. Тилга чиқса, ёлғон бўлади-қолади».
У ёлғиз бир ашулачини ашулачи деб билади. Бу ашулачини Юнус Ражабий, дейди.
У Юнус Ражабий ашула айтганда сўзлашувчи ё йўталувчи одамни кўришга кўзи бўлмайди.
У Юнус Ражабий ашула айтганда илжаювчи одамни отишга ўқи бўлмайди. У Юнус Ражабий ашулаларини бош эгиб эшитади, музтар бўлиб эшитади. У… қўшиқ айтади!
Адирга ўтга боради. Ўт ўриб-ўриб, теваракка аланглайди. Ёлғиз ўзи бўлади.
Кейин, ўтни болиш қилади. Қўлларини боши остига чалиштиради. Олис-олисларга — пахта хирмони мисол оппоқ булутлар, ҳаволанмиш чумчуқлар галасига термулиб-термулиб… димоғида қўшиқ айтади.
Бора-бора лаблари-да қимирлайди…
Совчи ана шу бўзболадан бўлади!

3

Эсон қассоб гапни чўрт кесди:
— Қоплонми? Бўлмайди!
— Қассоб, оғир бўл, сомондай оғир бўл.
— Оғир бўлсам-бўлмасам! Унингиз на саломни билади, на аликни билади!
— Қассоб, кўнглинг билан эшит — қулоқ алдайди, ақлинг билан кўр — кўз алдайди.
— Унингиз одамга ўхшамайди!
Шунда совчилар ўз санъатларини қўллади. Бири қўйиб бири, қассоб отаси борасида ҳамд-у санолар айтди:
— Раҳматлик отаси кўп яхши одам эди-да…

— Кўп мард эди…
— Кўп танти эди…
— Эсонбой отасига тортмабди…
— Ношукур бўлманг. Эсонбой отасига қуйиб қўйгандай тортади…
— Қани, қаниқайин?..
— Ана, анакайин. Мусулмончилик аста-аста-да…
Совчилар гап охирини ана шундай отадан қолмиш ана шундай ўғилга олиб келиб улади.
Эсон қассоб охир-оқибат ён берди.
— Мен бир нима деёлмайман, — деди. — Оғайни-жамоа бор, қиз боққан янгаси бор. Яна бир келинглар, маслаҳатлашиб олайлик.

4

Кенжа зурриёт бўлмиш қиз беш яшарлигида ота-онадан сағир қолди.
Акаси қўлида қолди.
Янга бўлмиш қобоқ-тушмуғига қараб кун кўрди.
Янга бўлмиш қобоқ уйди…
Шунда… шунда, сағир нафас олмади! Сағир кўзлари пит-пир этди. Сағир кўзлари олма терди.
Сағир ҳадаҳалаб борди. Жияни бешигини қўш- қўллаб ушлади. Сағир жон-жаҳди билан
бешик тебратди.
«Бешик тебратсам, янгам қобоғи очилади, кейин, мени уришмайди…»
Сағир ана шундай умидга борди!
Сағир қорни очди. Сағир бармоғини сўрди. Аммо миқ этмади.
Янга дастурхон ёйди. Сағирни дастурхонга имлади.
Сағир дастурхон олдига силжиб келди. Сағир бармоғини сўриб, янгага мўлтиради. Сағир бармоғини сўриб, дастурхонга мўлтиради.
Кейин, оғзидаги бармоғини дастурхонга узатди. Бармоғини аввал дастурхон бурчига тегизди. Ундан дастурхон ўртаси сари оҳиста-оҳиста ўрмалатиб борди. Кейин, нон четига тегизиб турди.
Сағир бир тишламгина нон синдириб олди.
Сағир, янгага қараб-қараб нон тишлади, мўлтираб-мўлтираб нон чайнади.
Сағир, янгамга яхши кўринайин дея, ўзидай-ўзидай сатилларда сув ташиди.
Чин, акаси-да, янгаси-да сағирни ўз боласидан кам кўрмади. Шундай бўлса-да, сағир ушбу хонадонда жиянлари билан ўз орасида катта тафовут борлигини ич-ичидан ҳис этиб-етиб кун
кўрди.
Сағир мунис-да бўлди, ғамгин-да бўлди.
Сағир сертамиз бўлди.
Ҳаётда бўлмиш илкис қилиқлар, иринг гапларни дарҳол илғаб олди. Энг ёмони кўнглига олди!
Сағир зийрак бўлди.
Зарра бошидан ҳаётга катталар кўзи билан қаради.
Сағир таъсирчан қиз бўлди.
Бари сағирлик иши бўлди!
Сағир бир қиз бўлди, бир қиз бўлди-е!
Сарвқад бўлди!
Сулув юзларини оппоқ десак, бизнинг ҳақимиз кетади. Қорачадан келган десак, қизнинг ҳақи кетади.

Буғдойранг бўлди!
Барчин юзли бўлди, саратон юлдузли бўлди, паришон зулфли бўлди.
Ўрим-ўрим сочлари бировга, кимгадир бировга талпинди.
Бўлмаса, шунчалар тақим уриб-тақим уриб тўлғонармиди?
Қоп-қора холи ингичка лаблари бурчида бўлса бўлмасмиди? Иягидаги чуқурчаси ичида бўлса бўлмасмиди?
Келиб-келиб, ўнг ёноғи қоқ учида-да бўладими!

5

Акаси хўп бинойи гап айтди.
Бундай қиз тақдирини оғайни-жамоа жамлигида ҳал этмоқ маъқул бўлади.

6

Совчилар тағин келди.
Орадан икки кун ўтди.
Оғайни-жамоалар бирови у деди, бирови бу деди.
Бирови аразлаб кетди.
Бари ўз гапини маъқуллатиш пайида бўлди. Ака бўлмиш барига бирдай бўлиб ўтира берди. Бўлар гап қизда қолди.
Янга бўлмиш ошхонага йўл олди.

7

Кенжа жиянига қатиқ ялатиб ўтирмиш Оймомо янгасидан орланди. Ўзига қараган бўлди: елкасига сирғаниб тушмиш ироқи рўмолини ёпинди. Юқорига йиғилиб қолмиш кўйлаги барини тортди, тиззаларини ёпди.
Жияни қулочини очди, онасига талпинди.
Онаси кенжасини бағрига олди.
Қайнсинглисига тикилди-тикилди, мийиғида кулди-кулди.
Кейин, қайнсинглиси кўнглига қўл солди:
— Сен нима дейсан?
— Нимани нима дейман?
— Талмовсирама, бирор нима де. Совчи кепти.
— Кимга?
— Менга бўлармиди, сенга-да.
— Эб-ей, мен сизга нима қилдим? Боринг-е!
Оймомо терс бўлди. Билқ-билқ қайнамиш қозонга юз берди.
Косов билан ўчоқ ковлади.
Олов ҳур-ҳур ёнди.
Кенжа, онаси ёқасини таталади.
— Эна, мамма! Мамма бер! — деди.
Онаси ўғлига эмчак берди.
— Уялсанг-уялмасанг, бу баримизнинг бошимизда бор савдо, — деди янга бўлмиш.— Биз ҳам сендайин уялиб эдик. Мана оқибати, жиянинг шўрпиллатиб-шўрпиллатиб эмиб ўтирибди…
— Эрга тегаман деб ўлиб ўтирганим йўқ…

Янга бўлмиш кетига чалқайиб-чал- қайиб кулди. Кўкраги кенжаси оғзидан чиқиб кетди.
— Мен сени ўлиб ўтирибди, деб ўйлабман, — деди. — Менга қара, бугун, бугун бўлмаса эртага барибир келин бўласан…
Кенжа, мимит қўлларини чўза берди-чўза берди. Онаси кўкрагини тағин оғзига солди.
— Жойи чиқиб турибди, хўп дея бер. Қоплон икки елкасига уй тикса бўладиган йигит.
— Мен ундайчикин одамни билмайман…
— Энди биласан-да. Айтганимдан қолма. Чиройинг борида чинорингни топ!
Оймомо чўққа тикилмиш кўйи ўтира берди.
Чўғ Оймомо юзларидан, Оймомо юзлари чўғдан қолишмади.
Янга бўлмиш кенжасини Оймомога берди.
— Бўлди, сукут аломати ризо, — деди.

8

Янга бўлмиш оғайни-жамоа қошига борди. Оймомо сукутини айтди.
Совчилар дастурхонга ўралмиш нонни ўртага қўйди.
Қалин айтиш бошланди.
— Хў-ўш…
— Элга қараб айтинг-да.
— Хў-ўп…
— Бўлди-е, ҳеч ким қиз узатиб бойиган эмас.
— Ўнта қўй… шуларга розимисизлар?
— Қани, илоҳи омин, икки ёш қўша қарисин, оллоҳ-акбар!
Янгаси қиз онаси ўрнида фотиҳа ўқиди.
Нон синдирилди.
Совчилар оҳорли белқарс ўраб кетди.

9

Куёв тарафдан фотиҳа тўй келди.
Фотиҳа тўйида қўй, зиғир мой, гуруч, майиз… бўлди.
Келин-куёвлик даври бошланди.
Куёв, келин қариндош-уруғлари олдидан ерга қараб ўтди. Кўзларига тик қарамади.
Давраларда юзма-юз ўтирмади.

10

Ой ўтди.
Келинникига кўрпа-тўшак матолари билан пахта келди…
Бу, тўққиз деб аталади.

11

Бир оқшом куёвтўра келин акаси бир ёққа сафарлаб кетди, дея эшитди.
Ошналари билан қайлиқлаб борди. Ошналар оҳиста-оҳиста дераза чертди. Деразадан янга бўлмиш қаради.
— Куёв қайлиғи билан кўришсам дейди… — деди ошналари.

Янга бўлмиш йўл бермади.
— Кўришгиси келса тўй қилсин, — деди.

12

Тўй бозор оқшоми бўлди.
Тўйга айта-айт бўлди.
Қизлар келин тарафга айтди, бўзболалар куёв тарафга айтди. Қизлар келинникига борди, бўзболалар куёвникига борди. Куёвникида неча-неча қўйлар боши кетди.
Неча-кеча кўзалар бўшаб қолди.
Созлар, хониш ҳавода ҳаволаниб-ҳаволаниб турди.
Тўйхона тўла тўйловчи бўлди.
Кўчада болалар шовқин солди:
— Тобоқ келди, келинникидан тобоқ келди!
Дарвозадан елкалари, бошларида дастурхон кўтармиш аёллар пайдо бўлди. Аёллар келинникидан ўнта тобоқ олиб келди.
Тобоқлар бирида палов, бирида қовурма гўшт, бирида қайнатилган тухум, яна бирида ширгуруч… бўлди.
Тобоқлар давраларга қўйилди.
Тўйловчилар кўнгиллари тортмиш таомдан еди.
Бўш тобоқлар йиғиб олинди.
Жўрабоши даврага катта рўмол ёйиб айтди:
— Куёвтўра келиб қараб турсин, ким қандай совға ташлайди!
Тўйловчилар атаган совға-саломларини рўмолга ташлади. Биров бир кийимлик атлас ташлади, биров шойи ташлади.
Рўмол деярли тўлди.
Дуо эзгу бўлди:
— Тўйники тўйда қайтсин, оллоҳ-у акбар!

13

Куёв жўралар келинникига йўл олди.
Ўзларига ажратилмиш уйга қўнди.

14

Келин ҳовли ўнг юзидаги уйда бўлди.
Қизалоқлар деразама-дераза мўралади, келинни томоша қилди.
Ичкарида қизлар ғуж бўлди. Бири ҳавас билан, бири ачиниш билан келинга боқди.
Келин ихтиёри қизларда бўлди.
Бир қиз бармоқларини тупуклаб-тупуклаб ҳўллади. Қиз келин зулфларини бот-бот буради.
Зулфлар гажакдан-гажак бўлди.
Бир қиз тўнтариқлик пиёла кетига ўсма эзди. Қиз келин қошларига ўсма қўйди.
Келин нигоҳлари кигиз гулида бўлди.

15

Шу вақт беш-олти одам келинли уй даҳлизига келди.
Ички эшик қия очиб қўйилди.
Хайрулла домла келиндан вакил сўради:
— Сизким Оймомо Абдибой қизи, ўзингизни Қоплонбой Қурбонбой ўғлига бағишламоқ ваколатини акангиз Эсонқул ўғлига топширдингизми?
Сукунат.
Келин миқ этмади.
— Айтма, айтма, — шивирлади қизлар.
Eшик кетида турмуш куёв жўралар қизларга пул узатди.
Қизлар пулни бўлиб-бўлиб олди.
Келин ҳамон жим бўлди.
Куёв жўралар тағин пул узатди.
— Бўлдими? Энди айтсин! — дедилар.
— Ай, Холбуви, сен ҳадеб шивирлай берма!
— Шивирлайман! Нима, дарров ҳа, дея берадими?
— Ҳа, дейиш осонми!
— Егани нон эмас!
Хайрулла домла қайта вакил сўради.
Тағин жавоб бўлмади.
Куёв жўралар бири қўйиб-бири айтди
— Оймомо, тонг отгунча ўтира берамизми?
— Оймомо, дугоналарингнинг гапига кирма, улар сенга ғайирлик қилаяпти!
— Ай, Норгул, шу бузмакорлигинг бўлса сенга биров ҳам қарамайди!
— Уёқда куёвтўра интиқ бўлиб қолди!
Қизлар-да бўш келмади:
— Интиқ бўлса бўлар!
— Қирқига чидаган куёв, қирқ бирига-да чидар!
— Бир тонг отса отибди-да, ҳали янаги тонглар бор! Хайрулла домла охирги бор — учинчи бор вакил сўради. Шунда-да жавоб бўлмади.
Учдан кейин пуч бўлди.
Домла ташқари равона бўлди.
— Келин хоҳламаяпти, никоҳни қолдирамиз, — деди.
Шунда, оқ парда ичидан:
— Ҳа… — демиш заиф овоз келди.
Овозни барча эшитди.
Куёв жўралар кета-кета:
— Тағин хиёл ҳаяллаганингда куёвсиз қолиб эдинг! — деди.
Кулги бўлди.

16

Бўлак уйда ўтирмиш бўлак домла олдига келдилар.
Биров келиндан сўраб келди.
Келин вакилини акасига берди.
Келин акаси домла қошига чўк тушди.
Куёв келди. Қайноғаси ҳурмати учун юзига белбоғ тутди. Ерга қараб ўтирди.
Дастурхонда бир чинни коса сув билан иккита тандир нон бўлди.

Домла болиш узра китоб очди. Қироатли-қироатли хутба ўқиди. Хуш талқин-хуш талқин хутба ўқиди:
— Алҳамд-у лиллаҳил-лази жаъалан. Никоҳа фасилам байнал ҳалали валҳаром кама қолаллоҳу: фанкиху ма таба лакум минан-нисаи. Ва қола Расулуллоҳи, ан-никаҳ-у суннати ав фаман роғиба ан суннати фалайса минни. Ан-никоҳи роғибун вал манкуҳату марғубатун вал маҳр-у аъло ма тарозаё. ақулу қовли ҳаза ва астағфируллоҳал ғоффаро ли ва лакум. (Ҳалол билан ҳаром ўртасида никоҳни бино этган Оллоҳи таолога ҳамд-у санолар бўлсин. Қуръонда Оллоҳ дейди: ўзингизга ёққан аёллардан никоҳлаб олинглар. Пайғамбаримиз ҳадисларида демишлар: оила қуриш менинг суннатим. Ким ундан юз ўгирса, у мендан эмас. Куёв яхши кўрувчи, келин яхши кўрилган, ўрталаридаги маҳр розиликларига биноандир. Шу сўзимни айтиб, ўзим ва сизлар учун Оллоҳдан кечирим сўрайман.)
Домла келин акасидан вакил сўради:
— Сизким, Эсонбой Абдибой ўғли, синглингиз Оймомо Абдибой қизини Қоплонбой Қурбонбой ўғлига шаръий хотинликка бердингизми?
— Ҳа, бердим, — деди ака.
Домла, энди куёвдан сўради:
— Сизким, Қопланбой Қурбонбой ўғли, Оймомо Абдибой қизини ўзингизга шаръий хотинликка қабул қилдингизми?
— Қабул қилдим.
Домла сувдан бир ҳўплади.
Куёв-да бир ҳўплади.
Никоҳ сувидан куёв жўралар-да ҳўплади.
Домла куёвлик бурчларини айтди:
— Олти ой ташлаб кетмаслик, аччиқ шапалоқ урмаслик, яланг оёқ қўймаслик, ҳалол юриш-
туриш… Шу шартларни қабул қилдингизми?
— Ҳа, — дея бош ирғади куёв.
— Ҳа, кифоя эмас. Қабул қилдим, деб айтинг.
— Қабул қилдим.
— Баракалло.

17

Никоҳ ўқилиш мобайнида онаси куёв елкасига беқасам чопон ёпди. Беқасам елкасидан игна билан ип ўтказиб-ип ўтказиб олди.
Бу, куёв-қайлиқ ҳамиша бирикиб юрсин, ажралиб кетмасин, дегани бўлди.
Ип учларини тугмади.
Келин-куёв тақдир-пешонаси тугилмасин, дея шундай қилди.
Ҳамиша буғдойдай сероб бўлсин, бола-чақали бўлсин дея, куёв боши узра бир ҳовуч буғдой сепди.

18

Куёв ошналари билан чимилдиққа йўл олди.
Оёғида баланд пошнали ғарчиллама этик бўлди. Елкасида беқасам, белида шойи белбоғ бўлди. Бошида қўқонча дўппи бўлди.
Чимилдиқли уй тўла аёл бўлди.
Куёв аёллар орасидан юрди. Чимилдиқда тик турди.
Куёв ёлғиз турмасин дея, ошналаридан бирови ёнида йўлдош бўлди.

19

Келин пояндозни бир-бир босиб келди.
Юзларида оппоқ ҳарир бўлди. Бошида ипак рўмол бўлди.
Eгнида беқасам камзул, атлас кўйлак бўлди. Оёқларида кавуш бўлди.
Келин пешонасида тиллақош бўлди.
Тиллақош жимжимадор кўзлари ёруғда ялт-ялт этди.
Қулоқларида зирак бўлди. Кўкракларида саккиз кумуш нишонли зебигардон бўлди.
Зебигардон ферузалари товланди, бодомлари товланди.
Тўйхонани кийик ўт билан олқор иси олди.
Олқор билан кийик ўт қизлар қулоғида бўлди, кўкракларида бўлди.
Қизлар келинга бўлишди, бўзболалар куёвга бўлишди:
— Кўзингга қара, кўзингга қара! — дейишди.
Эмишки, ё куёв, ё келин биринчи бўлиб бирови оёғини босса, ана шу рўзғорда умр бўйи ўктам бўлади!
Келин, куёв оёғидан кўз узмади. Чапига қараб юрди. Чап оёғи билан куёв оёғини босмоқчи бўлди.
Куёв эпчиллик билан ўнг оёғини тортиб олди.
Келин оёғи кўрпачани босиб олди.
Куёв чаққонлик қилиб, келин оёғини босди.
Бўзболалар ғолибона қаҳ-қаҳ урди:
— Куёв босди, куёв ўктам! — деди.

20

Келин-куёв ёнма-ён турди.
Бўзболалар келин-куёв пойида давра қурди. Қизларга ҳазил-мутойиба гаплар отди.
Кўнгиллар кўнгилларни излади, кўзлар кўзларни излади. Кўзлар хуштор-хуштор боқди, ғамзали-ғамзали боқди. Кўзлар ўйнади, кўзлар чорлади.
Кўнгиллар энтикди, кўнгиллар орзиқди.
Қайсидир кўнгил ошиқ бўлди, қайсидир кўнгил маъшуқ бўлди.
Қайсидир кўнгилда кўҳна дард қайталанди.
Қайсидир кўнгилда дард шу лаҳзадан бошланди!

21

Пешоналарда манглайдўзилар ял-ял бўлди.
Солинчакларда бодомнусха кумуш гажаклар, ойнадор балдоқлар ҳалқа-ҳалқа бўлди.
Кўкракларда туморлар, нозигардонлар, уч қаторли шокилалар, тўрт қатор шокилалар, тўрт қатор-у беш нишонли маржонлар шода-шода бўлди.
Бошларда оттуёқ рўмол, шолрўмол, балхирўмол, қулмирўмол, шотутрўмол, симрўмол, ҳарир рўмоллар ҳаволанди.
Бодомча, ироқи дўппилар, чоргул, бахмалтепа дўппилар ғуж-ғуж бўлди. Eлимиз камалакни матога кўчирди. Оти атлас бўлди.
Ана, атлас оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз эгнида товланди.
Атласда ўзига лойиқ ранги бўлди, рангига лойиқ номи бўлди: Саккизтепкилик, Марғилон хонатласи, Самарқанд оқшоми, Марғилон машъали, Фарғона йўллари, Лайли, Гули, Ширин, Маҳлиқо, Шотикапак, Шодиқара, Қўчқоршоҳи, Тири камон, Олтин калит…
Бир йил тўрт фасл бўлди. Фасллар рангларга мўл бўлди: баҳор — гулзор, ёз — офтоб, куз —мунис, қиш — мармар…
Eлимиз фаслларни матога кўчирди: Ҳамиша баҳор, Боғ-у бўстон, Райҳон, Гул ва Наврўз, Гулнамозшом, Баргикарам…
Атлас — элимиз тарихи. Атласда элимиз кечирмиш ҳайитлари бор, фожиалари бор.
Атлас — қўшиқ, элимизнинг азалий ҳам сўнгсиз қўшиғи!

22

Ит ғириллатар,
Кампир ўлди,
Соч сийпатар,
Қўл ушлатар бўлди.

23

Ойна кўрсатар баридан-да завқли бўлди, баридан-да гаштли бўлди!
Кайвони аёл келин-куёвга ойна тутди.
Келин-куёв юзларини ойнадан олиб қочди. Келин қараса куёв қарамади, куёв қараса, келин қарамади!
Кайвони аёл келин-куёв бошини ёнма-ён ушлади. Юзларини ойнага қаратиб турди.
Бир-бирлари билан айтишмаганларига-да қўймади!
Куёв келин акси билан, келин куёв акси билан пичирлашиб айтишди:
— Бизни вояга етказмиш ота-онамизга минг бор қуллуқлар бўлсин.
— Акамиз билан янгамизга ундан-да кўп.
— Бир-биримизга ўла-ўлгунимизча содиқ бўлайлик.
— Ундан кейин-да шундай бўлайлик.
— Ўғил-қизларимиз…
— Бир этак бўлсин!

24

Чимилдиқ тушди.
Куёв-қайлиқ чимилдиқ ичида қолди.
Иккита момо чимилдиқ сиртида қолди.
Момолар урчуқ йигира-йигира, ўз кечмиш- ларидан гапирди, қайлиқ бўлмиш даврлардан гапирди.
Момолар мижжа қоқмади. Куёв-қайлиқни қўриқлаб ўтирди.
Чимилдиқда ўтирмиш куёв қайлиғи қошига борди.
Қайлиқ бир чимилдиққа қаради, бир куёвга қаради. Бу қарашда мана бундай деди:
«Холисроқ ўтирсин, момолардан уятдир».
Куёв қайлиғига ўпка-гина билан тикилди. Бу тикилиш мана бундай деди:
«Ҳа, дейиш шунчалар мушкулми? Ошноларим сарғайиб сомон бўлди».
Қайлиқ мийиғида табассум балқиди.
«Дарров ҳа, десак келин ўлиб турган экан, дейдилар».
«Чин, мен дарров ҳа, дебман. Миқ этмай ўтира берсам бўларди».

«Индамай тура бериш куёвлар эмас, келинлар расми. Аслида, биринчи сўров-да ҳа, дегимиз бор…»
Момолар чимилдиқда кечмиш жимжитликдан алағда бўлди. Бирови оҳиста чимилдиқ бурчини турди. Бирови тирсаклаб ётди. Чимилдиқ остидан бир кўзлаб мўралади.
— Эб-ей, ораларинг мунча олис? — деди. — Ё, биздан нам тортаяпсизларми? Нам тортманглар, бизда қайлиқ бўлиб эдик…
Момолар чимилдиқни ёпди.
Ана шунда, чимилдиқдан қиқир-қиқир кулги келди…
Момолар оғизларини ушлаб кулди, бир-бирларини туртиб кулди, бир-бирларини ўймичлаб кулди…
— Ҳайрият-а… — деди.
Тонг таги оқарди.
Куёв чимилдиқни тарк этди.

25

Қоронғи тушди.
Одам одамни танимай қолди.
Куёв ошналари билан қайлиқлаб келди. Чимилдиқли уйда давра қурди. Ошналар зиғир мойли палов еб кетди. Куёв ёлғиз қолди.
Шунда, қайлиқ кириб келди.
Қайлиқ дераза пардаларини текислади. Токчадаги шамни ёқди. Чироқни ўчирди. Шам билан чимилдиққа кирди.
Куёв-да шам изидан кирди. Лўла болишга ёнбошлади. Шамга тикилди.
Қайлиқ рўмоли кўксига туша берди-туша берди. Шунда қайлиқ рўмолини елкасига қайириб ташлади.
Қайлиқ-да тўлғона-тўлғона ёнмиш шамга термулди…

26

«…Тоғлар кулранг, қирлар кулранг бўлди. Арчалар кўм-кўк бўлди. Адирлар ўркач-ўркач бўлди. Таватошлар улкан-улкан бўлди. Ёнғоқлар азим-азим бўлди.
Бир қиз елкасида кўза, булоққа келди. Кўзасини ерга қўйди. Булоқ сувларида юзини ювди.
Шунда, сув остида турмиш бир отлиққа кўзи тушди.
Қиз рўмоли билан юзини яширди, қиз ҳаёланди.
— Кўзларингни яширма, Оймомо, — деди отлиқ.
— Кетинг, одамлар кўради, кетинг, — деди қиз.
— Булоқ сувларидан ичайин деб келдим.
Бўзбола отдан тушди. Бир қўлида жилов бўлди.
Ҳовучлаб-ҳовучлаб булоқ суви ичди. Бир ҳовучини қизга сепди.
От ҳуркди, кетига тис бўлди.
Қиз бетларини артди.
— Ичган бўлсангиз, энди кетинг.
— Кўзларингни бир кўрайин деб келдим.
— Кўришга менинг кўзларимдан ўзга-да кўзлар кўпдир.
— Йўқ, ҳар банданинг ўз кўрадиган кўзлари бўлади. Сенинг кўзларинг — меники. Келма, десанг, майли, келмайман.
— Кўзларни деб келмасангиз-да, булоқ суви ичгани келинг…».

27

Куёв-қайлиқ ўз хаёлларини бир-бирларидан яширди. Айни вақтда бир-бирлари нималарни хаёл сураяпти, шуни билмоқчи бўлди.
— Гапир, — деди куёв.
— Ўзи гапирсин, — деди қайлиқ.
— Сен гапир.
— Ўзи гапирсин-да.
— Нимани гапирайин?
— Ўзимизнинг оқшомлардан гапирсин, қирдаги буғдой ўримидан гапирсин…
— Сен гапир, қирдан қайтиб, зардолилар остида оёқ илганимизни, мен сенга зардоли териб берганимни.
— Ўзи гапирсин, қўллари зардоли шохларида бўлса-да, кўзлари менда эканини.
— Сен гапир, шамолда рўмолинг учиб кетгани, мен ушлаб келганимни.
— Ўзи гапирсин, рўмолга узатган билагимдан маҳкам ушлаганини, йиғлайман десам-да, қўйиб юбормаганини.
Сукунат, тошдай сукунат.
Куёв-қайлиқ хаёлан кўрди: зардолилар остига тап-тап тушди. Кўршапалаклар пир-пир учди.
Куёв-қайлиқ хаёлан эшитди: ёз чигирткалари чир-чир этди. Бойўғли узиб-узиб овоз берди.
— Йўқ, сен гапир, қўлларингни ушлаганимни уялмай-нетмай янгангга айтганингни.
— Ўзи гапирсин, айтдим, дея алдасам-да, янгамдан қочиб юрганини.
— Айтмаганинг чинми?
— Чин.
— Мен янгангга рўпара бўлолмабман, юзларига қандай қарайман, деб.
— Билса, ҳалиям айтганим йўқ.
Куёв завқланди. Шифтга тикилиб, сукутга кетди.
Жимжитлик қайлиқ кўнглига таҳлика солди. Қайлиқ хаёли бир ёқларга кетди.
— Нималарни ўйлаяпти? — деди.
— Ўзимизнинг оқшомларни.
— Зубайдани-чи?
Қайлиқ куёвни жон жойидан ушлади.
Куёв хаёли учди-кетди.
— Сен ундай ўйларга борма, — деди куёв. — Чин, қараганим чин. Мен сенга айтсам, қарайдиган вақтлар эди-да. Кимга қараган бўлсам, сени деб қараб эдим. Чин, Зубайдага қарадим. Йўқ, у сен эмас бўлди. Болхинга қарадим. У-да сен эмас бўлди. Тағин бировга қарадим. У-да сен эмас бўлди. Тағин бировга қарадим. У, сен ўзинг бўлдинг…
— Шу чиними?
— Чиним.
Қайлиқ ийиб кетди. Қайлиқ дилдорлик берди, қайлиқ дилбарлик берди…
— Унда… мен сизга… тан бердим!

28

Куёв-қайлиқлар тонги тез отади!
Қайлиқ куёв қучоғидан қўзғолди. Куёв узатмиш бебош қўлларни рад этиб ташлади.

— Бўлди! — деди. — Бебошлик қила берди-қила берди, тонглар бошига-да етди…
Куёв-қайлиқ даҳлизда бир-бирлари бошидан сув қуйди. Гуноҳлардан фориғ бўлди.
Куёв белқарс ўрай-ўрай эшик сари юрди. Эшик балдоғини ушлади. Серрайиб қолди. Елкаси оша чимилдиққа қаради.
Қайлиқ рўмоли учини ғижимлаб ўйнади. Бармоқларига тикилди.
— Энди келмасин, ёмон экан, — деди қайлиқ.
Куёв кўнгли тонгдай ёришди. Борди-ю, қайлиқ бўлмиш қачон келасиз, деганида куёв оғринар эди.
Куёв катта кўча бўйлаб юрди.
Куёв кўзларига жамики олам оппоқ бўлиб кўринди.
Пойидаги йўл оппоқ чойшабдай оппоқ. Уйлар, деворлар, дарахтлар-да оппоқ. Қушлар-да оппоқ, чойшабдайин оппоқ. Кўча ёқалаб оқмиш сув-да оппоқ. Сув жилдираши-да оппоқ, чойшабдайин оппоқ.
Тонг етилди.
Юлдузлар сўнди-сўнди, Зуҳро ёлғиз қолди.
Куёв қучоқ очди — тонгни бағрига босди.
Тонг бепоён осмони, қорга беланмиш тоғлари билан, паришон адирлари, сарвқомат тераклари билан куёв қўйнига кирди.
Куёв кафт очди. Ҳавода тўзғимиш тонг сочларини — тонг елларини силади.
Куёв тонгни ўпиб-ўпиб олди!
Ариқ ёқалаб чопди.
Балх тут танасини қучоқлади. Балх тут шохчаларини — сочларини силади, сочларини таради.
Тағин чопиб кетди.
Рўпарасидан одам келди.
Куёв одамзотни илк бор кўрмиш мисол тикилди.
Бу одам итидан-да ёмон кўрмиш Исмат овчи бўлди. Ушбу дамда Исмат овчи-да бинойидай одам бўлди. Оламда ёмон йўқ, барча-барча яхши бўлди.
Куёв умрида биринчи бор Исмат овчига салом берди.
Ҳамишагидай салом умидланмай ўтмиш Исмат овчи хиёл ўтиб оёқ илди. Ҳайрон бўлиб алик олди. Кетга қаради-қаради.
— Тарвузинг ёрилибди-да… — дея манқаланди.
Бир аёл кела берди.
Куёв жойида қолди. Қадам босарини-да билмади, босмасини-да билмади. Юзлари лов-лов ёнди.
Аёл келаяпти…
Энди, аёл зоти кўзига қайси юз билан кўринади? Кўринса, аёл зоти юзига қайси кўз билан қарайди?
Куёв аёлдан йўлини чап солди.

29

Қурбон ҳайит бўлди.
Аҳли мўминлар қурбонлик қилди. Жонлиқ сўйиб қон чиқарди.
Қўли калта мўминлар қассобдан гўшт олди.
Аҳли мўминлар ҳайитлик кийди. Бисотида борлар оҳорли кийим кийди. Бисотида йўқлар кўҳна бўлсада, озода кийим кийди.

Аҳли мўминлар ороланди. Юзларига хушбўй-хушбўй мойлар суртди. Қошларига ўсма тортди. Кўзларига сурма сурди. Қўлларига хино қўйди. Кўкракларига олқор тақди.
Мўминлар бир-бирлари уйига ҳайитлаб борди.
— Ҳайитингиз қуллуқ бўлсин! — дея муборакбод этди.
Куёв қайлиғига ҳайитлик юборди, қайлиқ куёвига ҳайитлик юборди.
Қоплон куёв тарафдан бир фаранги рўмол, бир жуфт кавуш, узук ҳамда турли-туман қанд-қурс келди.
Оймомо қайлиқ тарафдан кўйлак, желак, белқарс ҳамда қўлрўмол ҳайитлик келди.
Бари қайлиқ қўлидан бўлди.
Буни рўмолча қоқ белида қип-қизил чўғдайин товланмиш атиргулдан билдик.
Атиргул қайлиқ куёвга рўмолча эмас, кўнгил юбормиш рамзи бўлди.
Куёв рўмолчани юзларига босиб-босиб ҳидлади.
Рўмолчадан… рўмолчадан қайлиғи ҳавосини олди.
Рўмолчани кўзларига суртиб ўпди, пешонасига суртиб ўпди, лабларига суртиб ўпди.
Ўпди-ўпди, тўрт буклаб қўйнига тиқди.

30

Ҳайитда улкан ҳовуз бўйида жийноқ бўлди. Жийноқда нишолда, нўхат сотди, ҳолва, писта сотди. Болалар лойшувиллак чалди, сибзиқ чалди.
Қизлар катта тут остида ғуж бўлди.
Сардор қиз жиккак болага бир ўрам арқон берди.
Бола яланг оёқ бўлди. Белига арқон ўради. Йўғон тутга тирмашиб чиқди.
— Қайси шохга ташлайин? — сўради бола.
— Ҳув анави букри шохга! — деди сардор қиз.
Бола ана шу шохга чиқиб борди. Белидаги арқонни шохга ташлади. Арқон учлари ерга бориб тегди.
Шох билан ер оралиғи йигирма қулочча бўлди.
Бола шу арқондан ерга осилиб тушди.
Ерда кафтини қошига қўйиб қарамиш қизлар ичини тортди.
Сардор қиз болани бир муштлади.
— Ўл-а, юрагимни ёрдинг-ку! — деди.
Бола ер сапчиди, ҳиринглаб кулди.
— Урманг, бўлмаса Нурали акамга айтаман!— деди.
— Нуралинг ким?
— Сизни аччиқ зардоли остида қучоқлаб ўпадиган Нурали!
— Ўчир-е, кўргилигинг кўп бўлгур!
Қизлар гурр кулди!
Сардор қиз арқон учларини тугди.
Ҳалинчакка бир қиз ўтирди.
Сардор қизни уёқдан-буёққа олиб бориб-олиб келди. Кейин зарб билан қўйиб юборди.
Қиз ҳалинчак учишига қараб гоҳ ўтирди, гоҳ турди.
Қиз елланди, қиз солланди! Қиз суръатини оширган сайин оширди!
Теварак томларда ҳолва еб ўтирмиш ҳайитловчилар ҳалинчак томоша этди.
Шунда, Оймомо ҳалинчаклади.
Ўзига қаради. Оттуёқ рўмолини бўйнига ўради.
Солланиб-солланиб бир учди-бир учди-е! Гир айланиб кетайин деди!

Ҳалинчак қуйидан юқорилади.
Оймомо ўтириб олди.
Ҳалинчак ўнг тарафга кўтарилиб борди. Жойида муаллақ қолди. Кейин, бирдан қуйилади.
Оймомом оёғида тик турди.
Ҳалинчак Оймомо вазни зарбида шиддат билан қуйилади. Қуйидан чап тарафга юқорилади.
Ҳалинчак бир чап сайин-бир ўнг сайин юқорилаб-юқорилаб турди.
Ҳайитловчилар бош кийимларини ушлаб ҳалинчак қаради.
Шундай бўлса-да, дўпписи тушиб кетувчилар-да бўлди, рўмоли учиб кетувчилар-да бўлди.
Қоплон юрагини ҳовучлади.
— Ё, пирим-е, ё, пирим-е, — дея пичирлади.
Оғзидаги ҳолва оғзида қолди, бўғзидаги ҳолва бўғзида қолди.
Ҳалинчак оҳисталади.
Оймомом ўзини ерга ташлади. Зарб билан чопқиллаб борди. Бир қизни қучоқлаб олди.
Ана шунда Қоплон елкасидан нафас олди. Бўғзидаги ҳолвани ютди, оғзидаги ҳолвани чайнади.

31

Кечаси қайлиқ ўйинида бўлди.
Қайлиқдан қойиллигини яширмади.
— Юрагингга балли-е! — деди. — Аеропландайин учдинг-а! Сенга қараб, менинг бошим айланиб кетди!
— Учиб қолайин, бир-икки ойдан кейин учиш қаёқда…
— Нимага ундай дейсан?
Қайлиқ жавоб ўрнида куёв қўлини ушлади, бармоқларини тортқилади.
Куёв дарҳол англаб олди.
— Ҳа-а-а… — дея кулимсиди.
Қайлиғи юзини бағрига босди. Сочларини силади. Дилнавозлик қилди…
— Отини нима қўямиз? — деди.
— Барчиной.
— Сен ҳали…
— Қиз яхши-да. Менга ёрдамчи бўлади.
— Йўқ, ўғил бўлсин. Отини-да ўйлаб қўйибман: Хушвақт!
— Кейин?
— Кейин, Хушвақтни катта қиламиз. Уйлантирамиз-жойлантирамиз, невара-чевара кўрамиз.
Мен бова бўламан, сен момо бўласан.
Қайлиқ завқланиб-завқланиб кулди.
— Мен бу кишини боваси деб чақираман.
— Мен сени момоси деб чақираман.
— Боваси!
— Момоси!
Куёв-қайлиқ Хушвақт йўлида энтика-ентика тонгни оқлади.

32

Тандир тўла нонлар ёпилди.
Келин бисотлари, юк-ёплари отларга ортилди.
Ой тўйхона узра ҳаволанди.

Супа олдида саман от бел бўлди.
Ўнг ёқ ҳамсоя саман жиловини ушлаб турди. Янга бўлмиш келин оёғидан олиб юборди. Келин отланди.
Келин билан бир бегуноҳ бола мингашиб боради.
Бу шараф хийла талаш бўлди.
Оғайни-жамоадан беш-олти бола:
— Холам билан мен мингашаман, опам билан мен мингашаман! — дея туриб олди.
Келинга тўнғич жиянни мингашди. Ўзга болалар йиғлаб қолди. Оғайни-жамоа ҳовли юзига чиқди. Ёппасига оқ фотиҳа берди. Келин ўнг тараф ҳамсояси от етаклади.
Ён қўшним — жон қўшним бўлди.
От остонадан ҳатлади.
Келин узатилди.
Келин йиғи бошлади:
— Увв-уввв-уввв…
Йиғини ўз уйи — ўлан тўшагини тарк этажагидан, хеш-ақраболаридан олислаб кетажагидан десак-да бўлади.
Мўлт-мўлт қараб турмиш, сел-себора йиғлаб турмуш жиянлари кўнгли учун десак-да бўлади.
Ё, акаси билан янгаси биздан қутулиш учун зорманда экан, демасин деган андишада йиғлайдими?
Шундай десак-да бўлади.
Ё, куёви уйига боражаги қувончидан, хушвақтлигидан йиғлайдими? Айниқса, шундай десак бўлади!
Жияни белидан қўшқўллаб қучоқлаб олмиш келин эшитилар-ешитилмас йиғлаб борди:
— Уввв-уввв-уввв…
Саман териб-териб қадамлади: тик-тик тик…
Ҳовлиларда итлар ҳурди.
Чап тараф чорбоғдан ловияқовун иси келди.
Тўйловчилар чорбоғ тарафга қаради. Тўйиб-тўйиб искади.

33

Кўприкда соялар қора берди. Иккита бўзбола кўприкда таёғ тутиб турди.
Таёқни олмасдан кўприкдан ўтиб бўлмади.
Бўзболалар келин тарафдан талаб қилди:
— Куёв… беринглар!
Келин тараф сукут сақлади.
Бўзболалар ўз сўзида турди:
— Унда, йўл йўқ.
От етакловчи қўйнидан келин тикмиш рўмоллардан олди. Бўзболаларга бировдан берди.
Таёқ олинди, келин йўли очилди.

34

Куёв уйига етиб келдилар.
Болалар келинга пешвоз чопди.

— Яшасин, келин келди! — дея қийқирди.
Дарвоза олдида гулхан ёқилди.
Келин гулхандан уч марта айланди.
Оқлик учун, ҳамиша оқкўнгил бўлиб юришлари учун келин-қудалар юзига ун сепилди.
Юзларини рўмоли билан яширган яшириб қолди, яширолмаган оппоқ ун бўлди.
Саман қора ўтов олдида оёқ илди.
Куёв қайлиқни отдан тушираман деди. Қучоғини ланг очди. Қайлиқ куёв қўлларини суриб ташлади. ўзича рад этган бўлди. Қайлиқ барибир шу қучоқдан тушди!
Қариндошлари билан дугоналари келин гирдини олиб турди.
Кайвони момо келинни рўмоли бурчидан ичкари етаклади. Келин бошини остонага эгди.
— Мана шу остонага би-и-ир таъзим! — деди момо.
Келин остонага ўхшатиб бир таъзим қилди.
Тағин бир таъзимлаб, остонани тавоф қилди.
Кайвони момо келинни таъзимлатиб-таъзимлатиб ичкарилай берди.
— Бизни яратмиш Одам Отамизга бир таъзим!
— Бизни бино этмиш Момо Ҳавомизга бир таъзим!
— Пастроқ эгил, у киши кўп улуғ эди!
— Ҳа, бўйгинангдан момогинанг айлансин-да! Қани, юра бер!
Келин чимилдиқда тик турди.
Чимилдиқ боғичида ўн саккиз хил келинлик кийими терилди. Деворларда ойнахалталар,чойхалталар бўлди, зардеворлар, сўзаналар бўлди.
Сўзаналарда «Хуш келибсиз» демиш каштали сўзлар бўлди.
Бир сўзанада атиргул рамзи бўлди, бир сўзанада қизил олма рамзи бўлди.
Тағин бир сўзанада оғзида қизил гул тишлаб парвозланмиш каптар бўлди.
Каптар остида «О» ҳарфи кашталанди. Каптар интилмиш манзил тарафда «Қ» ҳарфи кашталанди. «О» — Оймомом бўлди, «Қ» — Қоплон бўлди.
Бари келин иши бўлди!

35

Кайвони момо келинни тўйловчиларга салом бердира берди:

Сойдан ҳўкиз сувлатган
Дўмбирасини куйлатган,
Ўғилларини уйлатган —
Қайнотамга салом!

Осмондаги юлдуздай,
Қоши қора қундуздай,
Дили ойдин кундуздай —
Қайнонамга салом!

Байтлар кайвонидан бўла берди, таъзимлар келиндан бўла берди:

Қозонларнинг қопқоғи,
Аёлларнинг оппоғи,
Мисли олма ёноғи —

Гулсун опамга салом!

Ғижим рўмол ўраган,
Бурилиб ойга қараган
Сочин силлиқ тараган —
Санам холамга салом!

Боғда узум ғўраси,
Куёвбекнинг жўраси,
Норгулойнинг тўраси —
Баҳром акамга салом!

— Кайвони момо, ҳамсояси Сувон дароз, мен қолиб кетдим, деб ўпкалаяпти.
— Унда, эшитсин:

Тегирмоннинг новидай,
Адрас тўннинг боғидай —
Дароз акамга салом!

Норбой чўпон ўрнидан туриб кетди.
— Ай, момо, келин нимага менга салом бермайди? — деди.
— Салом берганим бўлсин. Эшитинг:

Қопга тиққан похолдай,
Индан чиққан шоқолдай,
Чўпон акамга салом!

Бўлди кулги!
— Ҳай уккағарнинг момоси-ё, бекор ўпкалабман-а!
Келин келдиси яхши, тўй бўлдиси яхши!

36

Келинлар тонг саҳарлаб туради!
Келин аёллар ҳамроҳлигида эшикни очди, туйнукни очди. Шу хонадонга содиқ бўлиш рамзида ит ялоғига овқат қўйди. Идиш-тобоқларга бир-бир кўз солди.
Пориллаб ёнмиш оловга мой томизди.
Бу бахтли бўлиш рамзи бўлди.
Невара-чеварали бўлиб юрайин дея қўлига гўдак олди.
Барча палов еди.
Келин бўлса, қўлини-да узатмади.
Шунда, келин ош емади, бўлди.
Куёв тоғаси келин ош ейиши учун бир жўра саккизтепкилик атлас айтди. Аммаси қўқонча шойи айтди.
— Айтадиганлар оғзига қараб айтсин! — деди бир момо. Чин, айтувчилар айтмишини келинчақириқда кийгизади. Охирги келин ош емадини қайнонаси айтди:

— Мана шу уй-жой туриш-турмиши билан сеники!
— Ана бўлмаса! — деди барча.
Ана шундагина келин паловга қўл узатди.
Юз очар бўлди.
Келинлар юзини очиш бегуноҳ норасидалар ишидир.
Шу боис, момолар тўрт-беш яшар куёв укани гиж-гижлади.
Куёв ука чопқиллаб борди. Янгаси юзидаги рўмолни тортиб юборди.
Келин юз очди.

37

Тўйловчи кетди, тўйхона қолди.
Куёв билан қайлиқ қолди.
Ота-она куёв-қайлиқ учун бўлак ҳовли солиб берди.

II

Момомиз шундайгина бобомиз қабатларида ўтирибдилар.
Дока рўмоллари учлари елларда ҳилпиради-ҳилпиради, бобомиз юзларини силади.
Бобомиз ҳузурландилар, бобомиз ғашландилар. Киприкларини пирпиратдилар, ёноқлари, лабларини учирдилар.
Дока рўмол момомиз сочларидай оппоқ бўлди, майин бўлди.
Оҳиста-оҳиста эсмиш ёз еллари танга ҳузур берди.
Еллар салқин бўлди, еллар сокин бўлди.
Ёз елларидан ер иси келди.
— Бу йил пишиқчилик яхши келди, момоси. Мевалар мўл…

1

Қоплон оёғида оғриқ турди.
Иликларида бир нималар ғимирлаб юрди. Иликлари қизиди, иликлари зирқиради.
Қоплон чалқанчадан ёнбош бўлди. Аёли тарафга ўгирилди.
— Ҳаво севалаб ўтади, момоси, — деди.
— Бу киши қаердан билади? — деди аёли.
Қоплон оёғини айтмади.
— Биламан-да, — деди. — Кўршапалаклар инларидан учиб чиқмаса, ҳаво айнийди. Бугун оқшом кўршапалаклар учмаб эди.
Оғриқ зўрайди. Тўпиқлари, бебилчаклари ичи зирқиради.
Қоплон ташқарилаб келди.
— Айтдим-ку, момоси, — деди. — Ой ўз гирдида ўров тортибди. Ёғади, босиб ёғади.
Чин, ярим тунда ёмғир овоз берди. Ёмғир тўнтариқли тоғораларни чалди, деразаларни чертди.
Қоплон ётиб ётолмади. Айвонлаб, ҳовли чироғини ёқди.
Тарновдан тушмиш ёмғир кўлмакланди. Кўлмакка томчилами ёмғир чулдиради. Ҳовли бурчида мушук кўзлари йилтиради. Ўтлар орасидан қурбақа сапчиб келди. Қоплон димоғи ёмғир исини туйди.
Ҳаво эртаси тушда тинди.
Кун ярақлаб кетди.

Оймомо кўрпа-тўшакларни шамоллатиш учун ҳовлидаги симга осди. Деразаларни ланг очди.
Офтобрўяга тўшак ташлади. Дастурхон ёйди.
Қоплон таътилланди. Кейин, ёнбошлади. Телпагини қошига сурди. Кўзларини юмди. Ўзини офтобга тоблаб ётди.
Оймомо офтобиёрда тикиш тикди.
Ҳовли юзида макиён товуқ донлади. Макиён виқор билан қадамлади, вазмин-вазмин қадамлади.
— Қурқ-қурқ-қурқ! — дея, овозига ҳамоҳанг қадамлади…
Макиён кетида олам-жаҳон жўжа одимлади. Жўжалар юм-юмалоқ бўлди. Лимондай-лимондай бўлди. Сариқ-сариқ бўлди.
— Чиёв-чиёв-чиёв! — дея пилдиради.
Чин, жўжалар пилдир-пилдир этди. Мисоли думалади!
— Чиёв-чиёв-чиёв! — дея думалади. Шу вақт ҳовли узра бир соя айланди. Қоплон кўзи юмуқлигидан кўрмади.
Оймомо кўзларини қисиб қаради. Нималигини билмади.
Ғожир ҳовли узра давра олди. Фавқулодда ерга юлдуздай учди. Қанотларини ёйиб келди.
Бир жўжани панжалари орасига олди. Тағин ўқдай юқорилади.
Оймомо ана шунда нима гаплигини тушунди. Жойидан сапчиб турди. Қўл силтаб зуғум қилди:
— Киш дейман-а, киш, қиёмат қотгур! — деди.
Ғожир терак бўйи кўтарилди.
Панжаларида бормиш жўжа чийиллаб-чийиллаб қўя берди.
Макиён фалакка сапчиб қоқоқлади, жўжасига талпиниб қоқоқлади.
Қоқоқлади-қоқоқлади, шаҳд билан томлаб учди. Чий-чий-чий этмиш жўжасига талпинди. Томдан ғўзапоя ғарамига учди. Чий-чий-чий, дея оламламиш жўжасига талпинди. Ғарамидан симёғочга учди. Аммо симёғоч учига етолмади. Пирр этиб ерга учиб тушди. Бўйнини чўзиб-чўзиб, фалакка қаради. Жўжаси чий-чий-чий дея, тобора олислаб борди. Ана шунда макиён жўжасидан умрбод жудо бўлажагини билди.
Жонҳолатда Оймомо бекасини айланиб қоқоқлади. Боламни олиб кетди, деди. Оҳ уриб қоқоқлади.
Оймомо бекасидан мадад сўради. Болагинамни олиб кетди, деди. Фарёд уриб қоқолади.
Боласи олислади. Овози элас-елас эшитилди.
Макиён қоқоқлади-қоқлади, тақдирга тан берди.
Омон қолмиш болаларини эргаштирди. Катагига йўл олди. Бўйнини ичига тортди.
Кўзларини юмди.
Макиён, нопайид бўлмиш боласи азасини тутди.
Оймомо макиён изидан борди. Катакка қараб-қараб келди.
— Бола бола-да, — деди. — Бўлмаса, қолган ўн бешта боласи камлик қиладими…
Қоплон маъюс бош ирғади.
— Худо шуни-да кўп кўрди, — деди.
Ғожир олисламиш ёққа қаради. Ўзича фотиҳа ўқиди. Дастурхон учун ўқидими, ё, нопайид бўлмиш жўжа учун ўқидими, билиб бўлмади.
— Худо шуни-да қиймади, — деди.
Маъюсдан-маъюсланди. Маъюс бош эгди, маъюс хаёлланди…
— Нима, бирон жойи оғрияптими? — деди Оймомо.
Қоплон аёлига термилди. Термилди-термилди, синиқ овозда деди:

— Билмайман, момоси, билмайман. Кўнглимда бир нима юрибди. Панжаларини ботириб- ботириб юради. Авваллари аҳён-аҳёнда юрар эди. Энди бўлса на кечани канда қилади, на кундузни канда қилади. Кўнглимни тирнаб-тирнаб юради. Қўлимни суқуб, олиб ташлайин дейман, бўлмайди, бўлмайди..
Оймомо сўраганларига пушаймон бўлди. Нафаси ичига тушиб кетди. Қилт этиб ютинди.
Қоплон тағин аёлига термилди. Эндиги термилишда мана бундай деди:
«Хўш, энди нима қиламиз, момоси?»
Оймомо дастурхондан кўз олмади. Хиёл титрамиш бармоқлари дастурхон гулларини силади.
Тошдан-да оғир сукунат бўлди, азадан-да қайғули сукунат бўлди!
Болали уй хандон бўлди, боласиз уй зиндон бўлди!
Оймомо кўз қирида Қоплонга қаради. Киприклари пирпиради. Кўз қирини олиб қочди.
Кўз қири мана бундай деди:
«Билмасам, боваси, мен билмасам…».
Қоплон этигини кийди. Қозиқдан қамчини олди.
Шунда, елкалари бир кўтарилиб тушди.
— У-у-уҳ! — деди.
Қамчи ўрими билан этиги қўнжини қамчилади, Оғир-оғир одимлади. Зинадан пастлади.
Шунда, ичкаридан:
— У-у-уф! — демиш оҳ келди.
Аёли!

2

Қоплон ишига отланди.
Уйига оқшомда қайтиб келди.
— Отаси айтиб кетди, — деди аёли.
Отдан тушмасдан отасиникига йўл олди.
Борса, ота-онаси билан ўзларининг совчиси бўлмиш ўтирибди.
Қоплон ота-онасидан эшитмаганларини эшитди.
— Токайгача шундай юра берасан? Жавобини бер-да, қўй! — дея қўл силкиди отаси.
Онаси рўмоли бурчи билан оғзини ушлади. Йиғламсираган бўлди.
— Уф-ф, кунма-кун оёқдан қолаяпман. Невара кўролмай ўтиб кетаманми энди… — деди.
— Неварангиз кўп-ку, эна… — дея минғиллади Қоплон.
— Ҳар бир гулнинг ўз ҳиди бўлади. Бошқа невараларимнинг йўриғи бошқа, сендан кўрадиган невараларимнниг йўриғи бошқа.
— Сен қаторилар болали бўлди, — деди отаси.
— Ўғли борнниг ўзи бор, қизи борнниг изи бор.
— Умр ўтаяпти. Бўларингда бўлиб ўт, бўз йўрғадай елиб ўт.
Қоплон нажот истади, совчига қаради.
Совчи бу қарашни уқди.
— Хоҳласанг, ажрал, — деди совчи. — Ўзим қўшиб эдим, ўзим ажратаман. Кейин,уккағарнинг совчиси умримга завол бўлди, дея ўпкаланиб юрма.
— Майли, бир ўйлаб кўрайин, — дея қўзғалди Қоплон.

3

Токайгача одамлар қобоқ-тумшуғига қараб кун кўради?

Ё шундай ўтиб кета берадими? Умри охиригача-я?
Оғзига етган бор, етмаган бор. Бир кун эмас-бир кун, биров билан гапи чап тушади. Юзига айтади…
Шунда нима деган одам бўлади?
Кўза кунда синмайди, кунида синади!
Мана, неча йилким, мунғайиб кун кўради.
Eл-юрт билан мулоқот қилса, гап кетишига қараб туради. Биров бир бемаъни гап гапирса:
— Сизники маъқул, — дея бош ирғайди.
Борди-ю, шу гапни бошқа биров инкор этса:
— Сизники-да маъқул, — дейди.
Инкор этмайди, эътироз-да билдирмайди. Ҳаёт кетиши, кун ўтишини пойлайди. Токайгача?
Тоғ йўлида юрмиш отлиқ кўнглидан ана шулар ўтди.
Йўл ёқаларида адирлар бўлди. Адирлар от туёқ товушлари акс садосини берди. Сойда тоғ суви тошдан-тошга урила-урила оқди, кўпиклана-кўпиклана оқди. Осмонўпар тоғ бағоят кўркам бўлди, тароватли бўлди.
Отлиқ шу тоққа тикилиб борди, хаёлланиб борди.
Шўро котиби қоровулликка оламан, деди, Албатта, гап-сўзсиз олмайди. Ўзи, қолаберса, бошқалари сўраб-суриштиради. Нимага қўлтиғингиз остидаги ишни ташладингиз, кўп йиллар ёнма-ён ишлаган одамларга қўл силтадингиз, демайдими? Йўл олис бўлса, яна тағин тўқсон сўмлик қоровуллик бўлса, нимасига орзуманд бўласиз, демайдими? Олисдаги паловдан яқиндаги шўрва яхши демайдими?
Шунда, нима дейди? Бефарзанд бўлдим, элдан тилим қисиқ бўлди, шу боис, элдан холисроқда юрайин, дейдими? Минбаъд! Индамай тура беради. Барибир ишга олади. Ўзи айтди, садқаи суханингиз, деди…

4

Отлиқ отини дарвоза устунига қантарди.
Ҳовлига кирди, зинадан кўтарилди, тор йўлакдан ичкарилади.
Шунда, нордон-нордон гапирмиш котиб овозини эшитди. Эшик кетида оёқ илди. Деворга яғрин берди.
Котиб куюнди:
— Қачон жиловлаб қўйилади бу иғвогар, ғаламислар-а?! Қачон бартараф бўлади, бу анонимчилар-а?! Аввал солиқ масаласи эди, энди бу! Раҳмат, мухбир ака, ҳақиқатни тиклагани келибсиз. Умид қиламанки, ҳужжатларимизни кўриб чиқиб, ўша фисқ-у фасодчиларнинг ёзганига яна қайтиб ишонмайсиз!
Бегона овоз сўради:
— Холлиев Жўра!
Котиб жавоб берди:
— Бор, Вахшиворда яшайди!
— Саидов Олим!
— Бор, Зардақулда истиқомат қилади!
— Каримов Холбек!
— Ҳаёт! Лўккада қарилик гаштини суриб юрибди!
— Илтимос, шу одамни бир чақиринг. Бир гурунглашайлик.
— Энди, мухбир ака, Лўкка олис, ҳа, олис! Буёғи, Лўккасойдан сел чиққан! От ўтолмайди!

— Хўп, Тўраева Менгсултон!
— Бор!
— Қаерда?
— Хўжасоатда! Қарилик нафақасини ўз вақтида олиб туради!
— Хў-ўп. Исломов Бўрибой!
— Ҳ-е, бу анави чинорлик дала қоровули! Куни далада ўтади! Бўри акани эрталаб бекатда кўриб эдим! Йўл бўлсин, десам, Денов бораяпман, нос тамом бўлди, деб эди!
Қоплон кўзларини бир юмиб очди. Оёқ учида ташқарилади, тағин отланди. Жиловни қўйиб юборди. От ўз ихтиёрида қадамлади.
Қоплон эгар қошига тикилиб борди-борди-да, бирдан бошини кўтарди. Шунда, қўлида жилов йўқлигини билди. Узалиб, от бошигача сурилиб бормиш жиловни тортиб олди.
От сесканди, олд оёқларини хиёл кўтарди, йўлга бел бўлди.
Қоплон отни чапдаги эчки сўқмоқдан солди.
Сойда сатил кўтариб юрмиш аёллар олдидан ўтди. Адирлаб, отига қамчи босди.
От ғарқ терга ботди, оғир-оғир нафас олди.
Қоплон адир нариги бетида отдан тушди. От арқонини тошга ўради.
Майдароқ бир тошга чўнқайиб ўтирди. Тиззаларини қучоқлади. Пешонасини билакларига қўйдида… ҳўнграб йиғлаб юборди!
У йиғлади… инсон, ўғри бўл, ғар бўл, эви билан бўл-да. Шундан кўра ўлганинг яхши эмасми. Имон қани, одам деган номинг қани, инсон… дея йиғлади.
У йиғлади… инсон, сенга пул керак, инсон. Пул деганлари бир қоғоз-ку, инсон. Қоғозни деб шунчаликка бордингми, инсон… дея йиғлади.
От қулоқларини диккайтириб-диккайтириб хўжасига қаради.
Қоплон йиғлай берди-йиғлай берди. Қизимиш бадани совиди, тўлмиш ўпкаси бўшади.
Отни хиёл йўлгача етаклаб борди. Кўзларини желаги ўнгири билан артди. Хўрсина-хўрсина, отланди. Чайқала-чайқала, ёқасига туфлади.
Мухбир сўрамиш, котиб айтмиш ўша бандаи мўминлар кўз ўнгидан бир-бир ўтди: Холлиев, Саидов, Тўраева…
Бу бандайи мўминлар… бу бандайи мўминлар бундан беш-олти йил муқаддам… раҳматлик бўлиб эди…

5

Шу-шу, Қоплон котиб юзини кўрмади. Кўришни-да хоҳламади.
Котибни эслади — сесканди, эти жимирлади. Котибни эслади — бош чайқади, ёқасига туфлади.
Кўрмиш-кечирмишларини элга жорий этмоқчи-да бўлди. Яна тағин шаштидан қайтди.
«Исмат мироб Мамат билан тегирмонда навбат талашиб қолиб, бечорани қандайин хўрлади?
— деди. — Йигирма йилдан бери аёлингни туғдиролмайсан-да, яна тағин ўзингни эркак санайсан, деди. Бундайин гапни эшитгандан кўра… ўлган яхши! Мабодо кўрган-билганларимни айтиб қўйсам, котиб эшитиб қолади. Кейин, эл олдида ҳалигидайин гапларни юзимга солади. Ундайлардан келади, ҳа. Яхшиси, ҳали-ҳозир тилимни тийганим маъқул бўлади. Хушвақт ўғлимиз дунёга келсин, ундайчикинлар билан қандай гаплашишни ўзим биламан!..»

6

Ота-онаси тағин чақиртирди.
— Уйимиздан илон чиққанми? — пичинг қилди отаси.

— Йўқ, нима эди? — талмовсиради боласи.
— Бўлмаса нимага қорангни кўрсатмайсан?
— Бизнинг гапимиз нима бўлди?
— Елиб-югуряпмиз, бериб қолар… — дея минғиллади Қоплон.
— Берса, шу вақтгача берарди-да.
— Аёлингнинг гапига кирма! Аёлинг алдаб юра беради.
— Аёлинг бугун у дейди, эртага бу дейди…
— Ўзи-ку, пушти куйиб кетибди экан…
— Энди, сени-да сўққабош ўтказадими?..
— Нафасларингизни иссиқ қилингизлар…
— Нафасимизни иссиқ қилмай, нима қиляпмиз?
— Қозон тўла ош бўлсин, ёстиқ тўла бош бўлсин, деяпмиз!
Қоплон миқ этмай қўзғолди.
Ота-онаси кетидан қараб-қараб қолди.

7

Қиш қариди.
Ердан кўклам ҳиди келди.
Бригадир Қоплонни ток кесиш учун айтди.
Қоплон рўмолга нон билан майиз тугди. Тугунни хуржуннинг ўнг кўзига солди. Чап кўзига токқайчиларни солди.
Далага йўл олди.
Отини ариқ бўйига арқонлади.
Хуржунни елкасига ташлади. Ёйилиб ток кесмиш одамларга қараб юрди.
Ҳорманг, бор бўлинг, қилди.
Тушлик тугунни олма шохига илди.
Ўнгирларини чаппа қайириб, белбоғига қистирди.
Жўяк бошида ток кесиб бошлади. Новда тўртинчи бўғинидан қайчи солди. Омон қолмиш новда учини ерга қадаб қўйди.
Галдаги ток қўштана бўлди. Ҳар танада тўртбештадан новда бўлди. Бу новдалар учини кесиб, шундай қолдириб бўлмайди. Боиси, бир токка кўплик қилади. Оқибат, узуми майда- майда бўлади.
Шу боис, Қоплон ток бировини айрисидан чўрт кесиб ташлади.
Танада битта ток қолди.
Энди, чўрт кесиб ташланмиш ток куч-қуввати-да ана шу омон қолмиш токка ўтади. Бир токда иккита ток қуввати бўлади.
Ана энди новдаларни узун-узун қолдирса-да бўлади. Шиғил-шиғил узум тугади.
Шу боис, Қоплон, омон қолмиш ток новдаларини тўртинчи бўғиндан эмас, олтинчи бўғиндан кесиб ташлади.
Қоплон оқшомгача тўрт жўяк ток кесди.
Бўзболалар кесилмиш новдаларни йиғиштириб олди. Кузда майиз қилинажак ўчоқ олдига олиб бориб босди.
Оқшом Қоплон бели қадала-қадала, отига аранг минди.
Уйида ёнбошлаб таътилланди-да, ўзини тўшакка таппа ташлади.

8

Оймомо дастурхон ёпа-ёпа:
— Синода бир табиб бор эмиш, остонасидан одам узилмас эмиш, — деди.
— Нима қил дейсан? — деди Қоплон.
— Бригадирдан сўрасин, бориб келамиз.
Қоплон аёлига оғириниб қаради.
— Қайси юз билан? — деди.
Оймомо чаппа бурилиб олди.
— Бу кишига иш керак, мол-дунё керак. Қайғуси болами… — деди.
Қоплон ёниб кетди. Ташқарилади. Ҳовлини айланиб келди. Чопон ўнгирини тутамлаб айтди,
ўз овозига ёт овозда айтди:
— Менга манави чопоним қолса бўлди, момоси!..

9

Қоплон дилтанг бўлиб ўтириб эди, отаси кириб келди. У, отаси мақсадини билди.
— Бор, мол-ҳолларга қара, — деди аёлига.
Отаси жойлашиб ўтирди. Фотиҳа қилди. Ерга қараб гап очди:
— Энанг айтган гапни нима қилдинг? — деди.
— Қандай гап? — талмовсиради Қоплон.
— Невара-чевара орзуси.
Қоплон ҳаминқадар куйиб-ёнди.
— Э-е-е, ота! — деди. — Аёл меники! Буёғини ўзимга қўйинг-да, энди!
— Айтмасанг-да, аёл сеники, бари гап сенда.
— Бўпти-да!
— Бир оғиз гапни айтиб, жавобини бериб юбориш шунча қийинми?
— Тинч қўйинг, ота, тинч қўйинг!
— Қўймайман! Нима дейсан, қўймайман!
Қоплон ўрнидан туриб кетди.
— Боринг, ота, боринг, барака топинг!
Отаси анграйиб қолди.
— Нима-нима?! — деди.
— Тинч қўясизми-йўқми, деяпман!
— …
— Қўймасангиз, ана, катта кўча!
Отаси оғзидаги оғзида, бўғзидаги бўғзида қолди.
— Ҳа-а-а!! Сен ҳали мени уйингдан ҳайдаяпсанми?! Мени-я?!
— Ҳайдаётганим йўқ, тинч қўйинг, деяпман!
— Ҳа-а-а!!! Мени-я?! Ўз отангни-я?! Ҳе, энангни…
Отаси сапчиб турди. Қоплоннинг қулоқ-чаккасига тортиб юборди. Ҳовлига отилиб чиқди.
Кафтларини катта-катта очди. Салмоқлаб-салмоқлаб дуо қилди:
— Омин, ўз отангни уйингдан ҳайдаган бўлсанг, илойим, косангнинг таги оқармасин!
Ўлсанг, отамлаб йиғловчинг бўлмасин, оллоҳу акбар!
Отаси этак қоқиб кетди. Яна қайтиб келмади.
Бир қиш узун-да келди, аёз-да келди.
Чол ана шу қишдан чиқолмади.

10

Бир армон фолчига бориш бўлди. Фол очириш бўлди.
Қоплон билан Оймомо отланди. Даҳана Обшир қишлоғига борди. Ҳожар кўр фолчи уйини топди.
Дарвозада бир аёл:
— Кечқурун фолим келмайди, эрта саҳарлаб келсин, деяптилар, — деди.
Қоплон билан Оймомо отдан тушмайин изига равона бўлди. Хийла юрди. Боя ўтмиш тошлоқ оралаб юрди.
От оҳисталади. Қалқиб-қалқиб олди. Оёқ илиб-илиб олди.
Қоплон билди, от туёқларига тош ботди. Отига раҳми келди. Энкайиб, от туёқларига қаради.
— Шу, Ҳожар кўрга нимага-да келдик, ўзи, — дея хуноб бўлди.
— Ундай демасин, — деди Оймомо, — Ҳожар кўрни фолчимисан-фолчи, дейдилар. Балони билади, дейдилар.
— Гўрни билади, очиқ лаҳадни билади! Ўз оти ўзи билан Ҳожар кўр бўлса!..

11

Қоплон билан Оймомо тонг саҳарлаб келди.
Оймомо ёлғиз ўзи ичкарилади. Теваракка аланглади. Ҳайрон бўлиб қолди. Ҳовли тўла оқ товуқ бўлди! Товуқлар бири қўйиб бири қоқоқлади. Оймомо кетидан эргашди.
Оймомо товуқларни кишкишлаб ҳайдади. Кўнглидан: «ўзи, бу ер уйми, ё, бир товуқ фермами?» деган гап ўтди.
Нимқоронғи уйга кириб борди.
Уй тўрида оппоқ бир момо ўтирди. Момо оппоқ кийимда бўлди. Елкаларига ташлаб олмиш рўмолида оппоқ бўлди. Рўмоли четларидан кўринмиш сочлари-да оппоқ-оппоқ бўлди. Оппоқликда юзлари-да сочларидан қолишмади.
Ҳожар кўр юзларини юксак тутди. Юзларини мағрур тутди, улуғ тутди. Гўё, шипга юзланар бўлди. Гўё, бир нуқтага тикилар бўлди.
Уй нимқоронғилигида ажаб бир сеҳр бўлди. Ҳожар кўр ўтиришида ажаб бир салобат бўлди.
Оймомони нимқоронғи сеҳри босди, Ҳожар кўр салобати босди. Ўтиришини-да, туришини-
да билмади. Бўсағада серрайиб қолди.
— Кел, айнам, кел, манави ерга ўтир! — деди Ҳожар кўр.
Оймомо Ҳожар кўр айтмиш жойга чўк тушди. Ҳожар кўрга бел бўлди. Ерга қараб ўтирди.
Ҳожар кўр юзларини шипдан олмади, кўзларини шипдан узмади.
— Эмин-еркин ўтира бер, айнам, бу ер товуқ ферма эмас, Ҳожар кўрнинг уйи! — деди.
Оймомо бир қўзғолиб олди. Довдираб қолди.
— А? — деди.
— Бу ер Ҳожар кўрнинг уйи, товуқ ферма эмас.
Оймомо ҳанг-манг бўлди.
— Товуқ қоқоқлашини яхши кўраман, — деди Ҳожар кўр. — Хўроз қичқиришини ундан ҳам яхши кўраман. Хўрозлар мени азонда уйқудан уйғотади. Шу боис, кўп-кўп товуқ боқаман. Соатга ишонмайман. Соатда жон йўқ-да. Жони йўқ нимага ишониб бўладими!..
Ҳожар кўр кўйлак ёқаларини кўтариб-кўтариб, ичини шамоллатди.
— Ҳа-а, отда келдиларингми, айнам?
— Ҳа.
— От туёғини тош урса, Ҳожар кўр айбдор эмас, айнам!..
Оймомо юзларини ердан олди.
— Биров сизни айбдор дедими? — деди.
— Деди-да, айнам, хўжанг деди-да! Ҳожар кўр гўрни биладими, деди-да! Ҳожар кўр билади, айнам, ҳа, билади! Ҳожар кўр гўрниям билади, ерниям билади!..
Оймомо лол бўлиб қолди. Нима дейишини билмади.
— Нимага туморинг йўқ, айнам? — фавқулодда сўради Ҳожар кўр.
— Бор, — деди Оймомо.
— Қани, қани?
— Мана.
Оймомо чап қўлтиғига қўлини олиб борди. Бирдан, кўнгли шувв, этди. Тумори жойида бўлмади.
Кўйлаги ёқасидан қаради. Чин, тумори жойида бўлмади.
Кечаси ювиниб-тараниб эди. Ана шунда туморини жойига тақиш хаёлидан фаромуш бўлибди…
Оймомо ёмон вазиятда қолди. Қўлини қўлтиғига қўйиб ўтира берди.
— Ана, кўрдингми, айнам? — деди Ҳожар кўр.— Ҳожар кўр билади, ҳа, кўзи кўр бўлсаям, Ҳожар кўр билади! Ҳожар кўр одамзот ичидагиниям кўради, Ҳожар кўр одамзот ичидагиниям билади!
Оймомо ҳаминқадар лол бўлди. Ерга қараб ўтира берди.
— Ҳай, анави михдаги доирани олиб бериб юбор, айнам!
Оймомо деворда осиғлиқ доирани олиб келиб берди.
Шунда, Ҳожар кўр доирани эмас, Оймомо билагини олди. Кўктомирини ушлаб кўрди. Уч-тўрт нафас ушлаб турди.
Шундан кейин, доирани олди. Жойлашиброқ ўтирди. Доира ипидан бошмалдоғини ўтказди.
Бармоқларини туфлаб ҳўллади. Доирани силкиб-силкиб чала кетди, айтиб-айтиб чала кетди:
— Ҳай, азизлар, авлиёлар, анбиёлар!.. Қўлингдан бермасанг, йўлингдан бер, йўлингдан бермасанг, сўзингдан бер!.. Мағрибдан десаммикин?.. Машриқдан десаммикин?.. Фолинг келмаяпти, айнам, нима бало, қариб қолдимми дейман!..
Ҳожар кўр доира ҳалқачаларини шилдиратиб-шилдиратиб чала кетди, айтиб-айтиб чала кетди:
— А-у-уф!.. Фолинг ана энди келаяпти, айнам! Астағфурилло, ўзингга шукур-е! Айнам-ов, мендан ўпкалаб юрмагин тағин, бари айб ўзингда, ҳа, ўз ичингда!.. Тақдир-пешона экан-да, айнам!..
Оймомо бош ирғади. Фолчига аталмиш пулини берди.
Миқ этмайин ташқарилади. Миқ этмайин эрига мингашди.
Йўда эри белидан қучиб йиғлади. Эри елкасига юзларини босиб йиғлади. Пиқ-пиқ йиғлади!
Қоплон нима гаплигини фаҳмлади. Отини оҳисталатди.
— Э-е-е, момоси, — деди. — Шунга-да пиқ-пиқми? Нима, Ҳожар кўринг ичингга кириб чиқиб эдими? Ҳожар кўринг нимани билади? Ўз оти ўзи билан кўр-да! Фолчига ишонма, сувга суянма!..

12

Оламда Оймомо учун бор-йўғи битта савол бўлди… Савол бергувчи одам-да биров бўлди.
Савол тил билан эмас, боқиш билан айтилди:
«Энди нима қиламиз, момоси?»
Саволга жавоб бергувчи-да биров — ўзи бўлди.
— Сўфи Оллоёр бовани зиёрат қилиб келайлик. Ким билади, ўша киши оғриндиларми… —
деди.
Қоплон отланди. Кетига аёлини миндирди. Олдига чори қўй ўнгарди. Вахшимор йўл олди.
Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи бодомзор боғот қўйнида бўлди.

Қоплон Оллоёр мозори пойида қўй сўйиб қон чиқарди.

13

Мозордаги Оллоёр отли бу зот ким бўлди?
Оллоёр асли Самарқанддан бўлди. Каттақўрғоннинг Минглар қишлоғидан бўлди.
ХВИИ—ХВИИИ асрларда яшаб ўтди. Шайхлар мактабида ҳамда Бухородаги Жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олди. Ғазаллар битди. «Мурод ул-орифин», «Туҳфат ул-толибин»,«Маслак ул-муттақин», «Сабот ул-ожизин», «Мусанниб алайҳи раҳмонни васиятлари» дея аталмиш назмий девонлар тузди.
Олтмиш ёшида уч нафар содиқ халфалари билан Самарқандни тарк этди. Боражак манзилини айтмади. Кечаси билан зим-зиё йўқ бўлди.
Оллоёр нима учун киндик қони томмиш юрти, бола-бақрасини ташлаб кетди? Нима учун боражак манзилини айтмади?

14

Сўфи Оллоёр «Сабот ул-ожизин» назмий девонида шундай битди:

Eй биродар, мени яхши деманглар зинҳор,
Зоҳирим сўфинамодир, ботиним кин-у ниқор,
Анинг учун тоғ-у тош-у, чўлни қилдим ихтиёр,
Шумлиғим, расволиғим, тегди вилоят халқиға,
Шу сабабдин муҳтамид бўлдим ғариблар бўмиға,
Қайси ҳолда ўлганимни билмасун хеш-у табор…

Ўзи, Оллоёр ким эди? Авлиё эдими? Табиб эдими? шоҳ эдими?
Оллоёр бек эди!
Оллоёр қирқта хотин олди!
Оллоёр бож йиғувчилар маҳкамасида хизмат қилди. Фуқарога зулм қилди.
Оллоёр қамчисидан қон томди!

15

Эмишки, Оллоёр отда шаҳар айланди. Юрди-юрди, бир кўприкдан ўтди.
Бундай қараса, кўприк ости сув қип-қизил қон бўлди.
Оллоёр ҳайрондан-ҳайрон бўлди. Халфаларидан қон боисини сўради. Билинглар, ўзи нима гап, деди.
Халфалари кўприк остига тушиб қаради.
Аён бўлди: кўприк остида бир аёл ўтирди… Аёл Оллоёрни олисдан кўрди. қўрқди! Кўприк остига қараб қочди. Кўприк остида яшириниб ўтирди.
Аёл бўйида бўлин! Боши узра ўтмиш Оллоёр оти дупур-дупуридан… дупур-дупуридан қалт-
қалт қалтиради… бола ташлаб қўйди!
Сув ана шундан қип-қизил қон бўлди!
Халфалари бор воқеани Оллоёрга айтиб берди.
Оллоёрда пича шоирлик бор-да, бу воқеадан ҳаминқадар таъсирланди, ҳаминқадар азобланди.
Бо дариғо, мен шундай одамми-а, дея эзилди.

Оллоёр… тарки дунё қилди!
Юрди-юрди, Қоратикон қишлоғига келди. Ундан Қубодиён қишлоғига ўтди. Тағин юрди-юрди, Вахшимор дея аталмиш макон сари дохил бўлди. Гуноҳларидан фориғ бўлиш учун тоат-ибодатга берилди.
Эл-юрт хизматини қилди.

16

Эмишки, Оллоёр бундай қаради. Вахшиморда сув бўлмади.
Шунда Оллоёр сой ёқалаб борди. Сой остига тушди.
Бир ер намланиб турди, сув йилтираб турди.
Оллоёр шу намни таёғи билан туртди.
Ердан сув сизиб-сизиб чиқди.
Оллоёр халфасига:
— Шу таёқ билан ер чизиб, Вахшиморга из қилиб бора бер, — деди.
Шунда халфаси:
— Сув пастда бўлса, Вахшимор юқорида бўлса, сув қандай қилиб чиқади? — деди.
— Сен илон изи қилиб юқорилаб бора бер, сув чиқмасдан қолмайди, — деди Оллоёр.
Чиндан-да, сув таёқ изидан юқорилаб борди, Вахшиморлаб борди.
Сув қуйидан юқорилаб оқди!
Оллоёр сувни элга кўз-кўз қилди.
— Қара — булоқ! — деди.
Шу-шу, булоқ Қорабулоқ, дея аталди.
Қорабулоқ йиллар мобайнида ўзанини катта олди.
Мана, икки асдирким, Қорабулоқ қуйидан юқорилаб оқди. Қишин-ёзин қуримади. Қишда илиқ бўлди, ёзда совуқ бўлди.

17

Вахшимор — илонлар макони демакдир.
Чиндан-да, ўтмишда Вахшимор илонлар макони бўлди.
Илонлар Вахшимор оралаб юрди.
Эл жонини ҳовучлаб-ҳовучлаб кун кўрди.
Ана шунда, Оллоёр эл жонига ора кирди.

18

Эмишки, Оллоёр илонлар подшоси Оқ илон номига нома битди.
Номани юраклироқ бир халфасига берди.
— Бор, Оқ илон салтанатига бориб кел, — деди.
— Қўрқаман, тақсир, — деди халфа.
— Унда, салтанат қабрига ташлаб қайт, уёғига навкарлари етказади. Халфа номани қўйнига солди. Оқ илон қароргоҳига равона бўлди. Қароргоҳ Вахшимор қибласидаги Илонқара дегич сайҳонликда бўлди. Халфа манзилга етиб келди. Халфа сесканиб кетди.
Илонқара ғиж-ғиж илон бўлди! Бармоқдай илонлар, билакдай илонлар, йўғон одам сонидай илонлар!
Сариқ илон, кулранг илон, қора илон, айниқса, тошрангли чипорлари кўп бўлди!

Халфа аросатда қолди. Боришини-да билмади, қайтишини-да билмади. Ҳуши бошидан учди, бадани жимирлади, пешонасидан терлар оқди. Халфа эсон-омон қайтишига кўзи етмади!
Изига-да қайтмади!
Қандай-да қайтади? Пирнинг гапини иккита қилиб бўладими?!
Ё ўлим, ё пирим!
Халфа ана шундай қатъият билан Оқ илон қароргоҳига йўл олди.
Илонлар тўлғонди, илонлар чийиллади, илонлар вишиллади!
Ердан гўдак бўйи кўтарилди, буқоғини шиширди, қоп-қора бошларини чўзди!
Инсон пешонасидан терлар қуйилиб бора берди.
Рангида ранг қолмади. Оёқлари ўзиникими, ё бировникими, билмади.
Жиққа тер желаги елкаларига ёпишди. Инсон қоматини тик тутиб бора берди! Илонлар инсон кўриб, бундайини кўрмади!
Оқ илондай қудратли подшоҳи азим устига бостириб келяпти-я! Азалий салтанатни оёқ ости қиляпти-я! Дўқ-пўписаларга пинагини-да бузмайди-я!
Ўзи, бор-йўғи биров бўлса!
Илонлар чекинди! Илонлар қароргоҳларига қараб қочди!
Инсон бостириб бора берди!
Шунда, катта тош олдида ётмиш бир нимага кўзи тушди. Қолмиш ҳуши-да бошидан учди!
Ётмиш нима бор-йўғи қамчи ўримидай келди! Оппоқ, жундор бўлди!
Бу, подшоҳи азимнинг ўзлари бўлди!
Инсон тўхтади. Подшоҳдан кўз узмади. Қўйнига қўл солди. Номани ўзидан бир қадам олдин ташламоқчи бўлди. Аммо қўлини чўзишдан қўрқди. Панжаларини очди.
Шунда, нома ерга тушди.
Инсон изига қайрилди. Елкаларини қисди. Оҳиста-оҳиста одимлади. Назарида, подшо изидан келаётгандай бўлди. Оғиз-кўзларини катта-катта очди. Кетига қаради. Йўқ, подшо қимирламай ётди.
Шунда, инсон кетига қарамади, ўқдай чопиб қоча берди!
Оқ илон ҳукмона чийиллади! Ўз салтанатидагиларни қароргоҳига йиғди!
Инсон бир келиб ўрганди бўлди, энди кела беради, тинчлик бермайди, деди. Кетамиз, инсон қадам босмайдиган ерларга кетамиз, деди.
Жамики қавмларини эршаштирди, ўзини Хўжайипок дарё сувига ташлади.
Ундан Сурхондарё сувига ўтди. Сурхондарёдан сузиб чиқиб, Заҳартепага ўрлади.
Заҳартепа Оқ илон кўнглига ўтирмади!
Оқ илонлар тағин юриш қилди. Боботоғга йўл олди. Боботоғнинг Говургон деган ерини макон этди… Мана, икки асрким, Боботоғ илонлар макони бўлди!
Ана шундай эмиш-емишлар Оллоёр отини илоҳийлаштирди. Оллоёр отини авлиёлаштирди.
Эл, Оллоёр мозорини теварагини деворлаб олди.
Эл, мозорни зиёратгоҳ этди.
Эл, яхши-ёмон кунларда ана шу мозорга сиғинажак бўлди.

19

Оллоёр ўлаётиб, нима деб васият қилиб эди? Эй, фарзандсизлар, мозоримга сиғининглар,
мен сизларга фарзанд бераман, деб эдими?
Оллоёр ўлими олдидан қавмларига мана бундай васият қилди:

Ман ўлсам, эй жамъе маҳрами роз,
Мани ўзга ўликдек қилманг эъзоз.
Хас-у хор устиға ташлаб, тутунг хор,
Қилиб мандек баҳодир жисмидин ор.
Бўсаға устиға ташланг танимни,
Кафан айланг чурук широҳанимни.
Манга ҳайф этмангизлар тутилмоғон бўз,
Агар чандики мардум қилсалар сўз.
Юборинг тез боратурғон йўлимға,
Мабодо қолмагайсиз шумлиғимға,
Кўзингиздан чиқорманг қатрайи ёш,
Жанозам орқасидан отингиз тош,
Оёғимдин тутиб, судранг лаҳадга…

20

Оймомо мозор сиғинди. Тўлиб-тошиб сиғинди. Жон-тани билан сиғинди. Ёд бўлиб қолмиш ноласини нақорат қилди:
Айланайин Сўфи Оллоёр ҳазратим, садағангиз кетайин ҳазратим, бир умр қулингиз бўлайин, ҳазратим, менга шафқат қилинг… Кўпга берган тирноқни мендан-да аяманг. Мен сизга нима гуноҳ қилиб эдимки, мени мунчалик хор-у зор қиласиз? Билиб-билмай айб қилган бўлсам айбимдан ўтинг, ҳазратим. Мен бечорага раҳмингиз келсин, Сўфи Оллоёр ҳазратим…
Зиёратдан мурод ҳосил бўлмади!

21

Табиатни тўлғоқ тутди. Тўлғоқдан фарзанд туғилди. Фарзанд оти Наврўз бўлди.
Юртимизга Наврўз келди!
Субҳи содиқ маҳалдан саррин-саррин саболар эсди. Майин-майин саболар кезди.
Саболар танларни силаб-сийпади, саболар вужудларни эркалаб-ўйнади.
Наврўз оламга майсалардан гиламлар тўшади, бойчечакдан сирғалар тақди.

22

Наврўз бундан етти минг йил муқаддам жорий этилмиш Қуёш йил-ой куни билан баробар бино бўлди.
Эмишки, Қуёш оламни бир йилда бир бор айланади. Шу айланмиш йўлида ўн иккита буржга рўпарў келади. Қуёш ҳар буржни бир ой мобайнида айланиб ўтади. Зулмат билан зиё тенг бўлмиш кунда Ҳамал дея аталмиш буржга етиб келади.
Қуёш ана шу Ҳамал буржи бошидан чиқмиш кунда олам ўзгача ранг олади. Олам бир бошқа
бўлади.
Тахмураслар сулоласидан бўлмиш Жамшид подшо ана шу кунни Наврўз дея атади.
Кейин, Каюмарс подшо бўлди.
Каюмарс Наврўзни шарафлади, Наврўзни улуғлади.
Навруўзни, ҳайит қилди!
Шу-шу, Наврўз ўлик-тирик озод кун бўлди.
Наврўз асир-тутқун озод кун бўлди.

Наврўз қирғинбарот тўхтар кун бўлди.
Наврўз кина-кудурат тарқар кун бўлди.
Каюмарс йил кунлари билан ойларига ном бериш учун азм этди. Йил жорий этиш учун жазм этди.
Каюмарс тонг саҳар-тонг саҳарда Қуёш ҳамал буржининг олдинги дақиқасига кирмиш кунни аниқлади.
Олим-уламоларни йиғди, йил ҳисоб-китобини ана шу кундан бошлашни айтди, олим-
уламолар рози бўлди. Йил ҳисоб-китобини айнан шу кундан бошлаб жорий этди.
Эмишки, оламда Изид худо илк худо бўлди. Ана шу илк худо нурдан Қуёш яратди. Қуёш билан ер-заминни парвариш этди.
Изид худо оламда ўн иккита ҳалоскор фаришта яратди. Тўртта фариштани осмон-у фалакни балойи қазолардан асраш учун юборди. Балойи қазоларни тоғлардан бери келтирмаслик учун тўртта ҳалоскор фаришта жўнатди. Қолмиш тўртта фариштани эса ер-у заминни балойи қазолардан асраш учун юборди.
Ана шу Изид худо Қуёш нурлари барча-барчага баробар бўлсин, деди. Шу боис, Қуёш ўз жойидан қўзғолсин, деди.
Шунда, Қуёш ҳамал буржи бошидан чиқиб келди. Зулмат бир бўлак бўлди, зиё бир бўлак бўлди. Кеча билан кундуз ана шундай бино бўлди.
Каюмарс подшо уч юз олтмиш беш кун бўлмиш бир йилни ўттиз кун-ўттиз кундан ўн
иккита ойга бўлди. Кейин, ана шу ўн иккита ойни Изид подшо юбормиш ўн иккита ҳалоскор фаришта оти билан атади.

23

Эл-халқ баландпарвоз чақириқлар деб ўтирмади, қарорлар деб ўтирмади, шиор-даъватлар деб ўтирмади, эълон-афишалар деб ўтирмади.
Эл-халқ ўз хоҳиш-иродаси билан адир-қирларга сайиллаб чиқди.
Майсазор адирларда дошқозонлар осилди.
Аёллар ариқ бўйларидан ялпиз ўт терди, кийик ўт терди. Билқ-билқ қайнаб турмиш қозонларга солди.
Қизлар қорақошлар терди. Димоғларига босиб-босиб искади. Қулоқларига тақди.
Қариялар кўзларига бойчечаклар тўтиё этди.
— Омонлик, омонлик… — дея, шукрона айтди.
Қариялар дилида Наврўз бўлди, қариялар тилида Наврўз бўлди.
— Иншоолло, Наврўз бу йил сешанба куни келар бўлибди-да, ақллар? — деди Умархон эшон.
— Шундай, шундай, — маъқуллади мулла Намоз.
— Наврўз сешанбада келар йил очлик бўлмайди, ошлик бўлади. Эртаги экинлар яхши бўлади, ноз-неъматлар-да яхши бўлади. Айби, тахчилроқ бўлади.
— Ёмони, қон кўп тўкилади. Эл-юрт орасидан раҳм-шафқат кўтарилади.
— Ўғил отадан қайтади, қиз онадан қайтади, аёл эридан қайтади.
— Подшолар тахтдан қула-қула бўлади.
— Ёмонлик кўпаяди.
— Ёғин-чочиндан айтинг.
— Ёғин-чочин… қор кам ёғади, ақллар. Йил охирида сел кўп келади.
— Ўзи, Наврўз қайси куни келса йил яхши бўлади, азизлар?
— Якшанба куни келса, кўп бинойи бўлади. Ўлим-етимлар оз бўлади. Фисқ-фасод, ёмонлик

кам бўлади. Наврўз душанба куни келса-да яхши бўлади. Айби, буғдой танқис бўлади.
— Наврўз чоршанбада келса, йил қимматчилик бўлади. Қорин-томоқ учун қон тўкилади.
— Фисқ-фасод, ғаламислик кўп бўлади.
— Пайшанбада келса, дардмандлик кўп бўлади.
— Шу йили ой билан кун-да тутилади, денг.
— Шундай, ақллар, шундай.
— Жумада келса, ёмғир мўл-кўл бўлади. Айби, қаҳратон совуқ бўлади.
— Наврўз шанба куни келса.. ўғри-муттаҳамлар йили бўлади, муштумзўрлар йили бўлади.
— Иншоолло, пешонада борини кўрамиз.
— Иншоолло, азизлар, иншоолло, ақллар…
Дастурхонларда сумалак, ҳалим, кўк патир, кўк сомса, кўк оши, дея аталмиш дори-дармон таомлар бўлди.
Эл чеҳраси чечак бўлди. Эл кўнгли кўклам бўлди. Эл дили оҳорли-оҳорли туйғулар билан тўлди.
Наврўзчилар тўп-тўп бўлди. Ўзи хуш кўрмиш ўйинлар билан машғул бўлди.
Дўмбира чалиб, достон айтмиш нечов бўлди. Давра қуриб, достон эшитмиш нечов бўлди. Оёқларини осмон қилиб, дорбоз бўлмиш нечов бўлди.
Оймомо қизалоқлар ўйинини томоша қилди. Ўз қизалоқлик даврини ёдлади. Маъюс бўлди…
Шунда, Қиммат момо келди. Оймомони қоралаб ўтирди.
— Ҳай-ҳай-ҳай, боланинг садағаси кет-санг-а! — деди. Оймомо Қиммат момони кўриб-кўрмасликка олди. Қиммат момо қизалоқларга қараб ўтира берди.
Қиммат момолар ҳар юртда бўлади, ҳар элда бўлади.
Қаерда тўй-маърака бўлади, ўша ерда Қиммат момолар бўлади. Қаердан қуюқ тутун чиқади,
ўша ерда Қиммат момолар бўлади.
Эл Қиммат момоларни тўй-маъракага айтмайди. Айтмаса-айтмасин, Қиммат момолар ўзлари кириб кела беради! Индамайгина кириб келиб, маъракаларга қўшилади. Маърака
ишларига бош суқади, маърака юмушларига қўл суқади.
Қиммат момолар эл ичига ана шундайин кириб оладилар-да, асл мақсадларига ўтадилар…

24

Қизалоқлар қўғирчоқ-қўғирчоқ ўйнади.
Моҳичеҳра боласини майсалар узра ётқизди: боласини бешикка белади. Боласи узра энкайди, боласини эмизди. Боласини аллалади:
— Алла, бубагим, алла-ё, тотли бубагим, алла-ё…
Қиммат момо ер остидан Оймомога назар солди.
— Юрак-бағринг куйиб кетаётгандир, Оймомо? — деди.
Оймомо миқ этмади.
Қиммат момолар бировлар муваффақиятини кўрса… ичини ит тирнайди. Ўз ёғига ўзи қовурилади. Жизғанак бўлади. Куйиб кул бўлади.
Оқибат, қилдан қийиқ қидиради. Қандайин йўл билан бўлса-да, ўзгалар муваффақиятини камситади. Ўзгалар муваффақиятини ерга уради. Моҳичеҳра алласа-да, боласи ухлай бермади.
— Юм кўзингни, юм, — деди Моҳичеҳра. — Ухламайсанми-ухламайсанми? Ухламасанг,
садқайи сарим-а. Ҳамсоя, ҳув ҳамсоя!
Чақалоғини йўргакламиш Муқаддас жавоб берди:
— Ҳувв! Ким у, бемаҳалда қичқирган? Ҳай, сизмисиз, Моҳичеҳра ҳамсоя? Мен ким эмиш

дебман, — деди.
— Анави инжиқни ухлатолмай сарсонман-да, ҳамсоя, — деди Моҳичеҳра. — Пучуғингизни юборинг, пича бешик тебратиб турсин. Мен сувга бориб келайин, ҳамсоя.
— Пучуғим мактабга кетиб эди, ҳамсоя. Бўлмаса жоним билан юборар эдим.
Қиммат момо тиззасига шапатилаб вовайло қилди.
— Уф-ф-ф! — деди. — Фарзандсизлиги қурсин-а, бефарзандлиги қурибгина кетсин-а!
Оймомо ранги бўзарди, Оймомо юзини ерга эгди.
Қиммат момолар ёмонлардан холис-холис юради, ёмонлардан олис-олис юради. Ёмонларни кўрса… қочади! Ёмонлар билан ҳориқулодда йўлиқиб қолса… Гирдикапалак бўлади, ширинсухан бўлади, ширинзабон бўлади!
Қиммат момолар ёмонлардан холис-холис юради, яхшиларга осилади, яхшиларга сим тақади. Яхшиларни сассиқ-сассиқ гаплар билан чимчилаб-чимчилаб олади. Яхшиларни заҳар- заҳар гаплар билан ўйиб-ўйиб олади.
Яхшиларда яхшидан-яхши фазилат нима? Худо бермиш юксаклик нима? Худо бермиш улуғлик нима?
Қиммат момолар айнан ана шуларни йўққа чиқариш пайида бўлади!
Масалан, покдомон одам борасида нопок гап тарқатади. «Ифлос одам!» дейди. Донолар доноси борасида нодон гап тарқатади. «Пича камроқ», дейди. Ҳалолдан-ҳалол одам борасида ҳаром гап тарқатади. «Бузуқ одам!» дейди.
Гапирганда-да, ғоят устамонлик билан гапиради. Соддадил қиёфада гапиради, беғубордил
қиёфада гапиради. Юзлари жонкуярдай бўлади, кўзлари меҳрибондай бўлади.
Қиммат момолар топиб-топиб гапиради!
Муқаддас чақалоғи иягига бармоғини нуқиб-нуқиб эркалатди. Нуқиб-нуқиб суйди:
— Чу-чу-чу, шакар бубагим, новвот бубагим, чу-чу-чу. Иягида чуқурчаси-да бор, асал бубагимнинг, чу-чу-чу. Холангга қараб бир кул. Кул, кул! Хола, мени келин қилмайсизми, де.
Моҳичеҳра ўпка-гина қилди:
— Сени келин қилмайман, — деди. — Келганимда бирон марта-да кулмайсан. Қобоғингдан қор ёғилиб туради.
— Келин қилмаганингизни-да кўрайин, хола. Ҳали ўғлингизнинг бошини шундай айлантирайин-шундай айлантирайин…
Қиммат момо тағин тиззасига шапатилаб-ша-патилаб куйинчаклик қилди.
— Уф-ф-ф, шугиналар эна бўлгиси келмаса-я, Оймомо, шугиналар-а! — деди.
Оймомом Қиммат момо гапини эшитиб-ешитмасликка олди. Миқ этмай жойидан турди.
Аёллар тарафга юрди.
Қиммат момо Оймомо кетидан қараб-қараб қолди.
Қиммат момо мурод-мақсадига етолмади. Гапи нишонга тегмади. Тегса-да, чала тегди.
Қиммат момо энди индамай кета берадими? Йўқ, индамай кета бермайди. Борди-ю, индамай кетса… тоби қочиб қолади! Егани-да татимайди, ичгани-да татимайди. Аза тутади!
Оймомо ёмондан қоч-да қутул, ё, тон-да қутул, дея кетдими?
Кетади-я, кетади! Кетганини-да кўради!
Қиммат момо ҳали муродига етади, ҳали ҳузур қилади…

25

— Эл-халқ адир-қирларга оқиб-оқиб кела берди.
Нима учун эл-халқ айнан адир-қирларга кела берди?

26

Эмишки, бир Буқа бўлар эмиш. Буқа подада юражак буқалардан эмас эмиш.
Буқа… Муқаддас Буқа эмиш!
Муқаддас Буқа само нур-зиёлардиан яратилган эмиш.
Муқаддас Буқа шохлари-да шунчаки суяк эмас эмиш. Муқаддас Буқа шохлари.. олтиндан эмиш! Муқаддас Буқа туёқлари-да шунчаки туёқлар эмас эмиш. Муқаддас Буқа туёқлари… кумушдан эмиш!
Муқаддас Буқа бир ўзи юрмас эмиш. Муқаддас Буқа бир аравани тортиб юрар эмиш.
Муқаддас Буқа аравасида… ой ортиб юрар эмиш!
Муқаддас Буқа одамзотга кўринмас эмиш! Ҳамиша кўздан пана бўлиб юрар эмиш. Шу боисдан Муқаддас Буқани кўриш ғоятда мушкул эмиш.
Муқаддас Буқа қаерларда кўриниш берар эмиш? Фалакда кўриниш берар эмиш. Уфқда кўриниш берар эмиш.
Муқаддас Буқа нима каромат кўрсатар эмиш?
Қайси инсон Муқаддас Буқани бир кўрса бўлди, ўша инсон хоҳиш-иродалари ижобат бўлар эмиш! Бор орзу-умидлари бажо бўлар эмиш!
Муқаддас Буқа шунчаки бир кўриниб кета бермас эмиш-да. Борди-ю, инсон назарига тушиб қолса… Муқаддас Буқа… бўкирар эмиш!
Муқаддас Буқа бир бор бўкирса… йил беҳосил келар эмиш. Экин-тикиндан қут-барака кетар эмиш. Оқибат, танқисчилик бўлар эмиш…
Худо ёрлақаб, Муқаддас Буқа икки бор бўкирса… йил серҳосил келар эмиш, йил сермаҳсул келар эмиш. Тўкин-чочинлик бўлар эмиш…

27

Эл-халқ ана шу Муқаддас Буқани бир кўриш орзусида адир-қирларга сайиллаб келар эмиш!
Боиси, адир-қирлар юксак-да! Осмон-у фалакка яқин-да.!
Осмон билан уфқ адир-қирлардан кафтдай кўриниб туради-да!

28

Аёллар ўйнай берди-ўйнай берди. Охир-оқибат, ҳолдан тойди.
Илик узилди вақти-да!
Шунда, Хурсандой отли полвонқомат бир аёл давра кирди. Аёлларни битта-биттадан ўйинга тортди. Ўзини кетига ташловчи аёлларни қўлтиғидан даст кўтариб давра олиб келди.
Хурсандой қайсики аёлни давра олиб келса, ўша аёл билан қўшилиб-қўшилиб ўйнади.
Ҳориш-чарчаш нималигни билмади.
Хурсандой уч яшарлигида отадан сағир қолди. Онаси бошқа эр қилди. Хурсандой ўгай ота қўлида катта бўлди. Шу боис, суяги меҳнатда қотди. Оқибат, полвонсуяк бўлди!
Қиммат момо ўйлади-ўйлади, ана шу гапни топди!
— Бўй-бастини қаранг… Минг қилсаям… икки эркакнинг зурриёти-да… — дея сасиди.
Буни эшитмиш Хурсандой феъли айниди. Кўнглидаги сайил хушвақтлиги, сайил хуррамлиги хуфтон бўлди.
Қиммат момога олайиб-олайиб қаради. Аммо ёмон гапирмади.
Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир!
Наврўзда ёмон гапириб бўлмайди!
Наврўз ҳаминқадар шод-хуррамликда ўтса, ҳаминқадар хуш-хушвақтликда кечса…
Ер-у фалак-да ҳаминқадар сахий бўлади!

Осмон-у фалакдан мўл-кўл ёмғир ёғади!
Ер-у замин-да бўлиқ-бўлиқ ҳосил беради!
Eл-юрт келажак Наврўзгача хуш-хушвақтликда кун кўради, роҳат-фароғатда кун кўради!
Хурсандой даврага кўз солди-кўз солди, аёллар орасида мунғайиб ўтирмиш Оймомони кўриб қолди. Оймомони давра етаклаб келди.
Оймомо ўзини кейинига ташлади.
— Мен ўйинни билмайман! — дея зорланди.
— Нима, биз ўйинни биламизми? — деди Хурсандой. — «Баҳор» ансамблида ўйнаб келиб эдикми?
Оймомо рўмоли учларини елвагай қилди. Бармоқларини лаблари билан намлади.
Оймомо нозланиб-нозланиб ўйнади. Бармоқларини қирсиллатиб-қирсиллатиб ўйнади.
Шундай хушрўй ўйнади-шундай хушрўй ўйнади!
Давра жўшди, давра:
— Киштала-киш, киштала-киш, киштала-киш! — дея чапак чалди.
Қиммат момо Оймомо ўйинига қаради-қаради-да, ўзича бош ирғади.
— Шундай хушрўй аёл тирноққа зор-а, тирноққа-я! — деди.
— Ундай деманг-е, — деди бир момо.
— Куйганимдан гапираман-да, Сора момо, куйганимдан! — деди Қиммат момо. — Бўлам-
да, минг қилсаям, бўлагинам-да!
— Бўлангиз бўлса-да, деманг!
Қиммат момо дарров гапни бурди. Бирдан… ҳиринг-ҳиринг кулди.
— Ҳазил-да, Сора момо, ҳазил-да. Ҳазил гапниям билмайсизми! — деди.
Қиммат момо ўхшатиб-ўхшатиб вовайло қилди:
— Уф-ф-ф! — деди. — Худо итга берган тирноқни, битга берган тирноқни нима қиларди денг, шу бўлагинамгаям берса!
Ер ёрилмади, Оймомо ерга кириб кетмади!
Боши узра ўйнатмиш қўлларини оҳиста-оҳиста туширди. Кафтлари билан юзларнии бекита-
бекита, даврадан чиқиб жўнади.
Наврўзлари заҳар-заққум бўлди! Наврўзлари бурнидан булоқ бўлди!
Уфқ қорайиб-қорайиб келди. Қоп-қора булутлар кўпириб-кўпириб тошди. Булутлар тошиб-
тошиб келди, булутлар ёйилиб-ёйилиб келди.
— Ана, келаяпти, ана, — деди эл.
Келажак Муқаддас Буқа бўлдимикин? Кўпириб тошмиш қоп-қора булутлар Муқаддас Буқа араваси ғилдираклари остидан ўрлаяптимикин?
Қоп-қора уфқ гулдур-гулдур этди, қоп-қора уфқ гумбур-гумбур этди.
— Келди, кетдик, келди! — деди эл.
Гулдур-гулдур этмиш Муқаддас Буқа аравасимикин? Муқаддас Буқа аравасини тарақлатиб-
тарақлатиб ҳайдаб келаяптимикин?
Қоп-қора уфқ ярқ-юрқ этди, қоп-қора уфқ ялт-ялт этди.
Муқаддас Буқа араваси ғилдираклари тоғ-тошларга урилиб-урилиб, чақин чақяптимикин? Ё Муқаддас Буқа кумуш туёқлари чақир тошларга тегиб-тегиб, ўт чақнаяптимикин?
— Ҳозир ёмғир ёғади! — деди эл.
Қоп-қора булутлар ичра оппоқ бир нима бир йўқолди-бир кўринди. Муқаддас Буқа аравасида ортиб юрмиш ой қалқиб-қалқиб келаяптимикин?
Эл-халқ уй-уйига тарқалди. Наврўзчилар кўнгли кўклам бўлди. Оймомо кўнгли… ҳамон қиш бўлди!

III

Ой тўлишиб қолди.
Ёз ойдини оппоқ бўлди.
Фалак кавкабистон бўлди.
Кавкабистонда бир юлдуз юлдуззор оралаб сайр этди. Бу, ер йўлдоши бўлди.
Олис-олислардаги чироқлар юлдузлардай милтиллади.
Адир биқинидаги баҳайбат ёнғоқ барглари мунгли шитирлади. Чигирткалар чириллади…
Бир қуш зардоли шохларини шитирлатиб-шитирлатиб учди.
Йўнғичқапояда отлар кирт-кирт ўтлайди.
Отлар пишқирди, отлар кишнади.
Отлар тарсиллатиб-тарсиллатиб ер тепинди.
Тун жарчиси бойўғли узиб-узиб овоз берди.
— Момоси, шу теваракда одам бор шекилли… Момоси, ҳовлимиздаги зардолилар сувга чўлп-
чўлп тушади. Зардолиларни кўчада болалар ушлаб ейди…

1

Оқшом вақти Оймомо онамиз тош билан катак оғзини ёпди. Катакка чўнқайиб ўтирди.
Шунда, энди той-той бўлмиш улоқ бир йиқилиб, бир туриб кела берди. Қулоқларини қоқаман дея, тағин бир йиқилиб турди.
Оймомо онамиз завқланиб кулди. Ўнг қўлини улоққа чўзди. Бармоқларини ўйнатди. Улоқни ўзига чорлади:
— Кел, чиги-чиги-чиги. Кел, той-той-той.. — деди.
Улоқ Оймомо онамиз бармоқларини ялади. Мурғак-мурғак боқди.
Улоққа термулиб ўтирмиш онамиз хаёлига энди тетапоя бўлмиш гўдак келди…
Шу вақт дарича ғийқиллаб очилди. Бола кўтариб олмиш Робия ҳамсояси келди.
— Ай, ҳамсоя, элагингизни бериб туринг. Бизники тешилиб қолибди, — деди.
Оймомо онамиз ошхонадан элак олиб келиб берди.
Робия ҳамсояси супага чўк тушди.
— Ё, пирим, пича дамимни олайин, — деди.
Кейин, эшитмиш-билмиш иғволардан гапирди. Таъби хушламовчи аёллар ғийбатини қилди. Eлакка бормиш аёлнинг эллик оғиз гапи бор, бўлди!
Ичини бўшатиб кетди. Хиёлдан кейин тағин келди.
— Ай, ҳамсоя, эсим қурсин, хиёл бўлмаса эсимдан чиқайин, дебди, — деди. — Холдон момоникига сумалакка боринг. Аёллар сизни кайвони бўлсин деяпти, вақтлироқ боринг.
Оймомо онамиз ич-ичидан суюнди. Боиси сумалак қўювчи-да, сумалакка кайвонилик қилувчи-да, ғоят покиза аёл бўлмоғи лозим бўлади.
«Мени лозим кўрибдиларми… менгинани лозим кўрибдиларми, — демак эл назарида фариштали аёл бўлибман-да? — дея хаёлланди онамз. — Шукур, Яратганнинг ўзига шукур, ишқилиб, эл савобини олар бўлибман…».
Оймомо онамиз сумалак кайфиятида эшик-орани супурди. Сумалак завқида тирикчилигини қилди.
Қоплон отамиз даладан келиб, сумалак дарагини эшитди.
Ҳа-а, бинойи, — деди , — менга-да сумалак олиб келасанми?
— Бу кишига олиб келмай, кимга олиб келаман, — деди онамиз.
Оймомо онамиз рўмолга бир мисқол буғдой тугди.
Сумалакка йўл олди.

2

Сумалак қаерда қўйилди?
Сумалак одам назари тушмовчи жойда қўйиди.
Захдан-захе жойда қўйилди.
Нур-зиёсиз, шомол-ҳавосиз жойда қўйилди.
Қурт-қумурсқасиз, каламуш-сичқонсиз жойда қўйилди. Eртўла ана шундай жой бўлди!
Тўрт-беш мисқол буғдой намлаб-намлаб ёйилди.
Бир ҳафталарда буғдой кўм-кўк майса бўлиб унди. Кўм-кўк майса бўлиб ўсди.
Майсалар бир-бири билан айқашиб-айқашиб қолди. Бир-бири билан зичлашиб-зичлашиб қолди.
Майсалар бетига дока ёпиб-ёпиб қўйилди. Вақти-вақти билан дока олиб-олиб турилди. Майсаларга сув сепиб-сепиб турилди.
Майсаларга офтоб нури тушириб-тушириб турилди…
Сумалак майса Наврўз рамзи бўлди!

3

Холдон момо ана шу майсаларни келига солди.
Оймомо онамиз майсаларни келида туйди. Кўп-кўп туйди, хўп-хўп туйди.
Майсалар шира бўлди. Майсалар шира берди.
Оймомо онамиз майсалар бермиш шираларни сувли тобоқларга солди.
Шира сувда аста-аста эриди. Сув билан аралашди. Оймомо онамиз ширали сувни сумалак қозонга солди. Аёллар сумалаклаб кела берди.
Еттита аёл бўлди, тоқлик бўлди.
Жуфтлик бўлса маъқул бўлади.
Аёллар тағин кимни таклиф этишни маслаҳатлашди. Гап айланди-айланди, охири, Мунаввар отли аёлга бориб тақалди.
— Бети қурсин, бетидан бузилсин!
Бу гапни Холдон момо айтди.
Аёллар бирдан сергак бўлди. Бир-бирига қаради. Ўзгача қаради, илмоқли қаради. Бирин-
кетин бош ирғади.
— Айтганингиз келсин! — деди.
Боиси, элда Мунаввар суюғоёқ аёл, демиш гап оралаб юрди… Сумалак ана шундай улуғ ҳам эътиқодга молик таом бўлди! Аёллар олиб келмиш унларини сумалак қозонга солди.
Кейин, сумалак қозон гирдида давра қурди. Гурунг бериб-гурунг олиб ўтирди.
Онасига эргашиб келмиш болалар уй теварагида чопишиб ўйнади. Бир-бири билан айтишиб ўйнади, жанжаллашиб ўйнади.
Жанжалга оналари аралашди. Ўзаро сен-менга борди.
«Мен бўлсам, аралашмасдим, — хаёлланди онамиз. — Бола дегани бир бегуноҳ банда-да.
Бугун уришади, эртага ярашади».
Оймомо онамиз дўланадай-дўланадай келмиш еттита тошни ювиб-чайди. Қозонда қайнамиш сумалакка солди.

4

Эмишки, фоний оламда бир онаизор бўлибди. Онаизор ўз оти ўзи билан зор она бўлибди.
Бечорадан бечора бўлибди. Ғарибдан-ғариб бўлибди.
Худойим худовандо онаизор ризқ-рўзини бермабди-да, насибасини бермабди-да!
Аммо худойим худовандо онаизор пуштини берибди! Онаизор қўша-қўша фарзандли бўлибди! Фарзандлари бир этак бўлибди!
Бир оқшом болалари қўлларини чўзиб:
— Хўрак, эна, хўрак! — дея зорланибди.
Онаизор енгларини турибди.
— Болаларимга мазали таом қилиб берайин, — дебди.
Ўчоққа ўт ёқибди. Қозон осибди.
Ўт ёна берибди, қозон қизий берибди.
Шунда, онаизор қозонга нима солишни билмабди. Уй-ичини қарабди. Теварак-бошни қарабди. Қозон қайнатиш учун бирон-бир нима тополмабди.
Норасидалари бўлса, хўрак, дея зорланишини қўймабди. Хўрак дея йиғлай бериб-йиғлай бериб, ухлаб қолибди.
Онаизор оч-наҳор ухлаб ётмиш гўдакларига термулиб ўтирибди. Ўтириб-ўтириб, кўнгли бузилибди. Ўз тақдиридан куйибди.
— Йўқчилиги қурсин-а, йўқчилиги-я! — дея қон-қон йиғлабди.
Гўдаклар азонда уйқудан туради. Очдан-оч бўлади. тағин таом, дейди. Хўрак, дея йиғлайди…
Онаизор ана шу қайғуда тимирскиланиб юрибди-юрибди. Қозон қайнатиш учун тағин бирон нима тополмабди.
Шунда, майда-майда тошларга кўзи тушибди. Шу тошлардан еттитасини санаб олибди.
Тобоқда ювиб-ювиб тозалабди. Тобоқдан қозонга солибди.
Онаизор наҳорда қозон қопғоғини олиб қараса, қозон тўла таом бўлибди!
Таом оти — сумалак бўлибди!
Шу-шу, сумалак Наврўз таоми бўлиб қолибди!

5

Шундай қилиб, тошлар сумалак бўлиб қайнай берди.
Тун оғди.
Гурунглар-да адо бўлди.
Бир аёл урчуқ йигирди, бир аёл пахта чигитлади.
Шунда-да, сумалак тонглари отмади!
Шунда, Холдон момо айтди:
— Келинглар, топишмоқ айтамиз, — деди.
— Хўп бинойи гап, — маъқуллади аёллар.
— Ўзимизнинг гурунгма-гурунг юрадиган топишмоқлардан айтамиз.
Эл оғзида юрмиш топишмоқлардан айтиш бошланди.
Айтишувни Холдон момо бошлаб берди.
— Мен айтсам, узун-узун ўз кетди, узун бўйлик қиз кетди — қасаваси қарсиллаб, манглайи ерга тарсиллаб. Бу нима?
— Ўрмак.
— Кичкина қозоннинг оши ширин.

— Ёнғоқ.
— Букри момом бук этди, югуриб уйига кириб кетди.
— Сичқон.
— Анави тоғдан қараган, манави тоғдан қараган, ўзимга ярашар деб, балхи рўмол ўраган.
— Бузоқбоши.
— Ака-ука бир яшайди, бир-бирини кўрмайди.
— Кўз.
Аёллар тинимсиз ўт ёқиб турди, тинимсиз ўт ковлаб турди.
Боиси, ўт ҳовури хиёл пасайса… сумалак айнийди!
Сумалак ана шундай нозиктаъб таом бўлди!
— Чин қушим, чинни қушим, чин тепага чиқди қушим, оғзидан бол узатиб, халққа салом берди қушим.
— Самовар.
— Тоғни талайди.
— Болта.
— Ит эмас, ирилламас, одам эмас, уйга қўймас.
— Қулф.
— Йилтинг-йилтинг чироғим, йилтиллайди чироғим, гавҳардан кўп қадри, қадрдоним чироғим.
— Кўз.
— Уйдамисан, маржон, эшикдамисан, маржон, оёқ-қўлинг кўринмас, қулфдамисан, маржон.
— Ўтов уйи оғичи.
— Тузи йўқ ошни кўрдим.
Бари аёл ўйда қолди! Биров, у деди, биров, бу деди. Биров-да тополмади!
Шунда, ушбу топишмоқни айтмиш Оймомо онамиз ҳузурланиб-ҳузурланиб кулди. Тиззасига уриб-уриб кулди. Кетига чалқайиб-чалқайиб кулди. Кула кула, қўли билан сумалакни кўрсатди.
Тузи йўқ ош — сумалак бўлди!

6

Сумалак тонглари олис-олис бўлди.
Аёлларни уйқу элитди.
Уйқу Оймомо онамизни-да олиб-олиб кетди. Аммо онамиз мижжа қоқмади. Кайвони аёл бўлиб, сумалак боқиб ўтирди.
Оймомо онамиз сумалак боқиб-боқиб, сумалак тонгларни оқлади! Оймомо онамиз чўмич билан ёғоч тобоқларга сумалак сузди. Аёллар уйма-уй юриб, сумалак тарқатди.
Катта-ю кичик — барча-барча сумалак ялади!
Эмишки, инсонда минг бир икки дард бўлади. Сумалакдан бир яламиш инсон танаси қирқ хил дарддан фориғ бўлади!

7

Оймомо онамиз бир чўмич сумалак олди. Уйига равона бўлди. Шаҳодат бармоғи билан Қоплон отамизга сумалак ялатди. Оймомо онамиз жисман-да дадил бўлди, руҳанда дадил бўлди. Умидлари учқунланди!

«Сумалак тонгларида мижжамни-да қоқмадим! — ўзидан миннатдор бўлди онамиз. — Гуноҳларим бор бўлса, ана шу гуноҳларимдан фориғ бўлдим. Гуноҳларим йўқ бўлса, унда, тағин-да покиза бўлдим. Бир дунё савобга қолдим. Ана энди умидларим ушаладиган бўлди…».

8

Оймомо онамиз одатича тонг саҳарлаб турди.
Тирикчилигини қилди.
Уй деразаларини очди. Эшик-орани супурди.
Дарвоза занжирини туширди. Итялоққа овқат қуйди. Катак оғзидаги тошни олди. Молларга қаради. Сигир соғди.
Сутни докадан сузиб олди. Кейин, тобоққа қуйди. Чумолидан ҳадиксираб, симҳалинчакка осди.
Бригадир кўчадан овоз бериб-овоз бериб ўтди. Онамиз чой дамлади. Дастурхон бурчига бостирди. Қоплон отамиз-да уйғонди.
— Бригадир бозор кунига боғга айтиб кетди, — деди онамиз.
— Ҳа-а. Қаерга бориш керак экан?
— Аччиқ зардолизорга.
— Хўп хушхабар айтдинг. Суюнчи берсаммикин…
— Хушхабар қуриди, шу қолдими. Қўлнинг шўри.
— Хина қўй.
Онамиз юзлари ёришди.
— Яхши айтди, чин айтди, — деди.
Чой-таътилдан кейин онамиз омборхонадан бир сиқим қуруқ хина олиб келди. Сувга ботириб ивитди. Кейин, ёғоч келига солди. Қайроқтош билан майдалаб туйди.
Оймомо онамиз кечаси ётиш олдидан отамиз кафтларига хина қўйди. Кафтларини юмди.
Гирдини тугилмиш ток барглари билан ёпди. Барг устидан гарди рўмол билан ўраб боғлади.
Қоплон отамиз эрталаб қўлларини очиб кўрди.
Кафтлари қип-қизил хина бўлди!
Хиналик кафтни кетмондаста урмайди!
Онамиз галдаги кечада-да отамиз қўлларига хина қўяжак бўлди.
Отамиз қўл силтади.
— Ҳали, қошимга-да ўсма қўярсан? Бор-е! — деди.
Онамиз ҳиринг-ҳиринг кулди.
— Ўз тани соғлигини ўйласин, хўп десин.
Онамиз, отамизни бемаҳалгачайин авради. Охири кўндирди.

9

Отамиз билан онамиз эрталаб боғот отланди.
Онамиз йўлда айтди:
— Ўш дегич ерда бир табиб бор эмиш… — деди.
— Вақт қани, момоси. Иш бўлса қайнаяпти.
— Бригадирдан сўрасин-да.
— Одамда бет бўлиши керак-да момоси. Шунча юрамиз, бригадир бир оғиз оғир гапирмайди.
— Яна тағин, меҳнат куни ёзади.

— Ҳа-а, отангга раҳмат.
— Бормасак бўлмас, кўп зўр табиб дейишяпти.
— Унда, кейинроқ борамиз. Бўлмаса, элдан уят, момоси. Эл, ишга бир келиб, бир келмай юришимизни кўрса, ишдан бели совийди. Яна тағин, элнинг ўғил-қизлари-да мактабдан кейин ишга келади, момоси… Насиб бўлса, Хушвақт келсин, ўзимиз биламиз, момоси…
— Насиб бўлса, боваси…

10

Бригадир айтмиш аччиқ зардолизор остида отдан тушдилар.
Отамиз хуржунини зардоли шохига илди. Белни елкасига қўйди. Токзор оралаб юрди.
Деҳқонлар қоралаб юрди.
— Ҳорманглар-ов! — деди.
— Бор бўлинг-ов! — деди деҳқонлар.
Отамиз билди, хиёл ҳаяллади. Шу боис, ҳадаҳалаб юрди. Четдан бир жўя олди. Апил-тапил иш бошлади.
Онамиз отамиз қабатида ишлади.
Деҳқонлар оралаб юрмиш ҳисобчи овозини қўйиб айтди:
— Келардингиз-да, Қоплон ака! Тушдами, ё, иш охиридами!
Оймомо онамиз уялди. Юзларини яширди.
— Юзингизни яширманг, Оймомо опа, мен сизга айтяпман!
— Энди бўлмайди-е… — кўр овозда деди отамиз.
Ҳисобчи отамиз билан онамиз бошига келди. Қўлларини орқасига қилиб турди.
— Ваъдаларингизни қопга солиб ортса, от кўтаролмайди! Бўлди-да, энди!
— Айб бизда, ҳисобчи, айб бизда!
— Нима, уйингизда йиғлаб қоладиган болангиз бормиди?!
Қоплон отамиз ток томирига эгилмиш кўйи қолди. Қаддини ростлашини-да билмади,
ростламасинида билмади. Ток томирларида ғимирламиш сариқ чумолиларга тикилиб қолди.
— Қайтанга болалилар ўз вақтида келаяпти! Ана, Хумор, Санамлар! Бари қўша-қўша болалик аёллар!
Оймомо онамиз белни ерга қадади. Ўнг билагини белдаста учига қўйди. Пешонасини билагига қўйди. Юзларини бекитди…
Қоплон отамиз онамиз ҳолидан тағин-да эзилди, тағин-да куйди. Қаддини ростламай, ер остидан ҳисобчига қаради. Бу қараш мана бундай деди:
«Ай, мусулмон, пешонангда аёлимиз турибдики. Майли, мени ўйлама, шу пошикастани ўйлаб гапир…»
— Кўп ўқрайманг, Қоплон ака! Мен сизга ёмон гапираётганим йўқ! Мен қонун бўйича гапиряпман!
Қоплон отамиз кўзлари пир-пир этди.
«Қонунинг каллангни есин, ҳисобчи, каллагинангни есин…».
Қоплон отамиз ҳисобчидан кўзларини олди. Ток томирларига юз бурди.
Шу вақт, беш-олти жўя нарида ишламиш Ҳасан бобо овоз берди:
— Ай, ҳисобчи! — деди. — Оғзим бор деб кариллай берасанми, бўлди-да!
— Ўзингиз ўйланг-да, Ҳасан бова! — деди ҳисобчи. — Анави Санам билан Хуморнинг эгиз боласи бор, эгиз! Шундай бўлсаям, ўз вақтида ишга келади! Оймомо опанинг анави белдастадан бошқа нимаси бор?!
— Боласи борми-йўқми, у, сен билан бизнинг ишимиз эмас, у, Яратганинг иши, ҳисобчи!..
— Эр-хотиннинг қорнидан бошқа қайғуси йўқ! Яна тағин, ишга кечиккани кечиккан!

— Бўлди-е, кўп кариллама-е!
— Болалик бўлсаям майли эди! Боласини эмизади деймиз, боласини аллалайди деймиз! Булар кимни эмизади, булар кимни аллалайди?! Эр-хотин бир-бировини аллалайдими?! Эр- хотин бир-бировини эмизадими?!
Қоплон отамиз қалқиб кетди! Юзтубан йиқилайин-йиқилайин, деди!
Бовужуд, белдастага суяниб қолди. Белдаста ушламиш бармоқлари қалт-қалт этди.
Шаҳд билан қаддини ростлади. Олислаб кетмиш ҳисобчи кетидан қаради. Тиш ғижирлатиб-тиш ғижирлатиб қаради.
Қоплон отамиз ток жўяни ишлади. Ток остини айлана қилиб ковлади. Ток белида униб чиқмиш патак томирларни юлиб ташлади. Қари токларни кундаков қилди.
Оймомо онамиз ток пуштани ишлади. Новдалар учини суғурди. Новдаларни иложи борича юқори кўтарди.
Боиси, новдалар ерда турса, оёқ тега беради, кийим ўнгирлари илаша беради. Оқибат, новда пиндиқлари учиб кетади.
Ҳосил эса, ана шу пиндиқларда бўлади! Отамиз билан онамиз ғарқ терга ботди. Отамиз кўйлаги елкаларига жиққа ёпишди. Онамиз энтикиб-ентикиб нафас олди.
Кун қиёлаб-қиёлаб ботди.
Ишдан қайтар вақт бўлди.
Ҳисобчи деҳқонларга айтди:
— Эртага вақтлироқ келинглар! Салқинда иш унади! — деди.
Жўна-жўна бўлди.
Нурмат кўса теварагига аланг-жаланг бўлди.
— Ай, халойиқ, менинг белимни кўрмадиларингизми? — деди.
Деҳқонлар кўсага қаради. Гуриллаб кулди.
— Нимага тиржаясизлар, — деди кўса, — кўрган бўлсаларингиз айтингизлар-да!
— Белингиз бозор кетди! — дея хахолаб кулди деҳқонлар.
Бир деҳқон қўли билан кўсанинг елкасини кўрсатди.
Нурмат кўса елкасига қараб, ўзи-да хахолаб кулиб юборди. Боиси, кўса белини елкасига қўйиб, дастасидан ушлаб турди!
Деҳқонлар шу қадар чарчади!

11

Колхоз отамиз билан онамизга пилла берди.
Пиллачи агроном бир кафт уруғ олиб келди.
Уруғлар йўнғичқа гулидай-гулидай бўлди. Жони йўқ бўлди.
Онамиз уруғларни ҳовлидаги сўрига ёйди.
Бир қути пилла икки одамга оғирлик қилади.
Шу боис, отамиз бригадирдан тағин бир одам сўради.
Бригадир Қиммат момони берди.

12

Қиммат момо дарвозадан қора берди. Ўзи гапириб-ўзи қўйиб кела берди:
— Бригадир айтгандан кела бердим. Ўзимнинг улпи-томирларим билан ишлайдиган бўпман-да, дедим. Айланайин бўлагинамдан, ўргилайин бўлагинамдан. Қани, бўлагинам, хўп

омонмисиз, хўп дамлимисиз…
Қиммат момо онамиз билан қўлтиқ остидан қўл узатиб кўришди.
— Бўлам-да, минг қилсаям бўлам-да, — деди. — Яхши кўраман. Ўзимча эслаб юраман. Худо тирноқдан қисган бўлсаям, ўзларининг тани- жони соғ бўлсин дейман. Иним қаёқда? Ҳа-а- а! Уям кўзимга яхши кўринади. Ўзимники-да, ўзимники.
Қиммат момо аста тиззасига урди. Ўзича куйган бўлди:
— Уф-ф-ф, биркам дунё экан-да, — деди. — Мана шу ҳовлида икковгина қоракўз бурни оқиб юрса, катталар пилла берармиди! Катталар бундай қараса, кенг бир ҳовлида икковгина эр- хотин бор. Тирноқ зоти йўқ… Шуларга пилла берайлик, деган-да.
Оймомо онамиз ёмон вазиятда қолди. Нима дейишини билмади. Ерга қаради. Нима қилишини билмади. Чўп билан ер чизди.
Қиммат момо бир дарвоза тарафга, бир уй тарафга аланг-жаланг бўлди. Кейин, оҳиста гап очди:
— Уйгинангда ҳеч ким йўқми, бўлам?
— Йўқ, нима эди?
— Бўлаларнинг гапини биров эшитмасин дейманда бўлам. Ҳозирги замоннинг одамлари ёмон бўп кетган, бўлам.
— Айта беринг, уй овлоқ, айта беринг.
— Сўрамоқдан айб йўқ, дейдилар… Биров-ярим билан… борди-келди қилиб кўрмадингизми,бўлам?
Оймомо онамиз ер чизишни бўлди қилди. Чизилмиш ерга тикилиб қолди. Қиммат момо нима деди, мағзини чақа олмади.
— У нима деганингиз? — деди.
— Содда бўламдан-да, соддагина бўламдан-да. Содда кўп яхши-да. Соддалик — кўнгил тозалик бўлади. Содда бўламдан айланайин, соддагина бўлагинамдан ўргилайин. Шу… биров- ярим билан дейман-да… ётиб дейман.
— Нима-нима?
— Биров-ярим билан ётиб… ўзингни бир синаб кўрмадингми, дейман…
Оймомо онамиз ялт этиб Қиммат момога қаради. Онамиз юзлари лов-лов ёнди. Кўзлари пир-пир этди.
— Оғзингизга қараб гапиринг, момо, оғзингизга қараб қапиринг!
— Оғзим қараб гапирсам-гапирмасам-да, бўлам. Гулдай умрингни зое кетказиб нима қиласан, бўлам…
— Қандай биров-ярим билан, қандай биров-ярим билан?! — бирдан олов олди онамиз. —
Бошимда ҳақ никоҳлик эгам турибди-ку!!!
— Ҳақ никоҳлик эгангдан ёруғлик чиқмаса нима қиласан, бўлам…
— Нима демоқчисиз?! — ҳаминқадар оловланди онамиз. — А, нима демоқчисиз?!
Қиммат момо раъйкорчи бўлди.
— Ана, ферма мудиримиз бор, уюрдаги айғирдай бўп юрибди… — деди. — У бўлмаса, ана,бригадиримиз бор, келбати эгиз туғдираман, деб турибди…
Оймомо онамиз шаҳд билан жойидан турди. Шашт билан сўридан тушди. Калишини-да киймади. Яланг оёқ дарвоза тарафга юрди. Дарвоза тавақаларини ланг очди. Қўли билан кўчани кўрсатди.
— Кетинг! — деди. — Ҳозир кетинг!
Қиммат момо жойидан туришини-да билмади, турмасини-да билмади. Безрайиб ўтира берди.
— Эб-ей, яхшиликка ёмонлик! — деди. — Мен сени бўлам деб айтиб эдим, бўлагинам деб айтиб эдим, эб-ей!

— Мен сизга кетинг, деяпман!
— Эб-ей, мен пиллага келиб эдим, эб-ей!
— Кетмайсизми, кетмайсизми?!
Оймомо онамиз шундай дея, итини чақирди:
— Баҳ-баҳ-баҳ, Олапар, баҳ-баҳ-баҳ!
Катак олдида ётмиш Олапар чопқиллаб келди. Думини ликиллатиб-ликиллатиб, онамиз ўнгирини искади.
— Кетинг деяпман!! — деди онамиз. — Бўлмаса, Олапарни олкишлайман!!
Қиммат момо лик этиб жойидан турди. Калишини йўл-йўлакай кийди.
— Кетаяпман, бўлам, мана, кетаяпман! — деди.
Қиммат момо Олапардан ҳадиксираб одимлади. Олапардан кўз узмай одимлади. Олапарни ёнлаб-ёнлаб одимлади. Кетига қараб-қараб одимлади.
— Ит ёмон, бўлам, ит билан ўйнашманг, бўлам! — дея-дея одимлади.
Дарвозадан ташқарилади. Қаддини ростлади. Ўзини эркин олди. Кўйлак ёқаларини кўтариб,ичига туф-туфлади.
— Ай бўлам, пиллага қачон келайин? — деди.
— Қорангиз ўчсин-е, сиздайчикин пиллачининг-е!..
Оймомо онамиз дарвоза тавақаларини қарс-қарс ёпди. Занжирини шарақ-шарақ занжирлади.
Кейин, дарвоза тирқишидан мўралади.
Қиммат момо ҳамон остонада турибди! Авзойи, тағин ичкари кираман, деяпти!
Оймомо онамиз теварагига аланглади. Бурчакда ётмиш нарвонни судраб келди. Дарвозага тираб қўйди. Қимирлатиб-қимирлатиб кўрди. Хотири жам бўлди.
Уйга кириб, ўзини тўшакка ташлади.
Хўнг-хўнг йиғлади. Йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолди.

13

Оқшом вақти:
— Қиммат момо келмасин, — деди онамиз.
— Нима учун? — деди отамиз.
— Бети қурсин!
— Бошқа одам йўқ, момоси. Бригадир шу момони-да аранг берди.
— Бошқа одам бўлмаса-да майли, ўзимиз эплаймиз.

14

Қоплон отамиз даҳлизда сўри қурди.
Оймомо онамиз йўнғичқа гулларни сўрига ёйди.
Кун тафтли бўлса-да, печка ёқди. Ҳавони пиллабоп этди.

15

Бир ҳафтада йўнғичқа гуллар жон олди.
Жонивор бўлиб ғимирлади.
Пилла бўлиб баргга кирди.

16

Қоплон отамиз адирдан барг олиб келди.
Оймомо онамиз шохча баргини чилпиб-чилпиб олди. Пилла уруғлар узра ёйди.
Пилла барг еган сайин болалади.

17

Даҳлиздаги уч қават сўри-да пиллага тўлди.
Отамиз билан онамиз ўзлари ётиб-турувчи уй ашқол-дашқолини ташқари олиб чиқди. Темир сўрига уйди.
Уйда уч қаватли, уч қатор сўри қурди.
Бу уй-да пилла билан тўлди.
Пилла уруғлай берди.
Отамиз билан онамиз энди меҳмонхона жиҳозларини ташқари чиқарди. Темир сўрига қўйди.
Меҳмонхонада уч қатор, уч қаватли сўри қурди.
Шундай катта меҳмонхона-да пилла билан тўлиб тошди.
Бошқа бўш уй қолмади. Ёлғиз ошхона қолди.
Отамиз билан онамиз ошхонадаги қозон-тобоқларни ташқари чиқарди. Темир сўрига қалади.
Ошхонада уч қават сўри қилди.
Ҳовлидаги темир сўри ичкаридан олиб чиқилмиш ашқол-дашқоллар билан тўлди.
Ток вайиши ости баргхона бўлди.
Отамиз билан онамиз учун тирикчилик қиладиган жой қолмади.
Товуқ катаги ёнида бир гиламлик бўш жой бўлди. Бу, қишда ёқилиб адо бўлмиш ғўзапоя уюми жойи бўлди.
Отамиз билан онамиз ўтириб-туражак гиламларини ана шу жойга олиб келиб тўшади.
— Катак олди яхши-да, — деди онамиз. — Товуқлар қоқоқлаб уйғотади.
Шундай қилиб, отамиз билан онамиз уйлари тўрини пилла учун берди. Ўзлари торвуқлар билан ёнма-ён ётди.
Пилла биринчи уйқуга кетди.
Икки кеча-ю икки кундузда уйқудан турди.
Иштаҳа билан барг еб бошлади.
Пиллачи агроном келиб кўрди.
— Яхши, кўз тегмасин, яхши, — деди.
Пилла иккинчи уйқуни олди.
Бунда-да икки кеча-ю икки кундуз ухлади.
Бу сафарги иштаҳалари-да ёмон бўлмади. Берган баргни бергандай, илма-тешик қилиб юта берди.
Пилла учинчи уйқуга кетди.
Бу сафар икки ярим кеча-ю икки ярим кунда уйғонди.
Тағин-да барг, барг, деди.
Қоплон отамиз пилла барг ейишини кўриб:
— Ё, тавба-е! — деди. — Ўзлари майда-майда, чинчилоқдай-чинчилоқдай бўлса, қоринлари қаерда бўлди экан…
Сўрилар ости тариқдай-тариқдай қора қумалоқларга тўлди.
Онамиз қумалоқларни пешма-пеш ташлаб турди.
Пилла тўртинчи уйқуга кетди.
Тўртинчи уйқуда бир ярим кун-у тун ухлади.

18

Отамиз тағин баргга отланди.
Адирда тут айрисига миниб шох кесди. Шох кеса бериб қўллари толди.
Тут танасига яғрин берди. Вазмин тин олди. Олисларга қараб ўтирди. Кўзи кетиб-кетиб ўтирди…
Шунда, оқ эшакли, оқ саллали бир чол ариқ ёқалаб кела берди.
Отамиз чолни танимади.
Чол тут остидан ўтди.
Отамиз чолни Намоз бобога ўхшатди.
Бош ирғаб, салом берди.
Аммо чол алик олмади.
Отамиз сергакланди. Танадан маҳкам ушлади. Ерга қаради.
Чол йўқ…
Ерга сапчиб тушди. Теваракка аланглади.
Чол йўқ…
Кўнглига таҳлика тушди. Ёқасини кўтарди. Ичига туф-туфлади.
Барг озроқ бўлса-да, жамлаб бойлади. Отига ортиб жўнади, кетига қараб-қараб юрди.
Хаёлида, чол кетидан келаётгандай бўлди.
Отини лўкиллатиб-лўкиллатиб ҳайдади.

19

Уйга келиб, бир бошқа бўлиб қолди. Паришон бўлиб қолди. Ғамгин бўлиб қолди.
Онамиз молхона тарафдан қўзи қувиб келди.
— Манавини ушлаб берса бўлмайдими? — деди. — Бир менга керакми, шу рўзғор!
Отамиз қўзи қувиб кетди.
Қўзи ҳовлини айланиб чопди. Хиёл олисда пусиб турди.
Отамиз паналаб-паналаб борди. Бирдан қўзи оёғига қўл ташлади.
Қўзи ушлатмай қочди. Девор қоралаб ҳуркиб турди.
«Ўзи, бу иш ёш боланинг иши, Хушвақтнинг иши…» — дея хаёлланди отамиз. Отамиз энкайиб-енкайиб борди. Қўлларини ёйиб, қўзига қўшқўллаб ёпишди. Қўзи тағин ушлатмади. Дирк этиб қочиб кетди.
Отамиз ерга кафтлари билан бориб тушди. Кафтлари шилинди. Уст-бошлари чанг бўлди.
«Хушвақт бўлса эди, бундайчикин қўзини хаш-паш дегунча ушлаб олар эди…» — Тағин хаёлланди отамиз.
Отамиз қўзини бурчакка қамаб борди. Қучоғини катта очиб борд. Кўкси билан қўзига ташланди. Бу сафар ушлади.
Қўзини кўтариб бориб, қўй қошида қучоқлаб ўтирди. Боиси, қўзичоқ кўздан пана бўлса, совлиқ иймайди. Онамиз совлиқ соғиб бошлади:

Қўй соғаман қўшоқда, турей-турей,
Қўй ишқи менга ёққан, турей-турей.
Қўй сутини ичганлар, турей-турей,
Кундан-кун шифо топган, турей-турей…

Совлиқ ийди, совлиқ қўзисига тумшуқ чўзди…

Отамиз кетига тис бўлди. Қўзини совлиқдан холислатди.
Отамиз кўнгли бирён бўлди…
Шу ўтириш, азза-мазза эркак учун эпми? Қўзи ушлаб туриш, кап-катта одам ишими?
Токайгача Хушвақт ишига-да ўзи юради?..

Совди бўлиб совдиргин, турей-турей,
Совса кади тўлдиргин, турей-турей.
Бунча куйма, жонивор, турей-турей.
Тақдирингни кўндиргин, турей-турей.

Совлиқ кўзи деворда юрмиш мушукка тушди. Тағин-да берилиб ийди. Боиси, совлиқ мушукдан қўрқади!

Тоғларга бор, қув олма, турей-турей,
Совди бўлгин, сув олма, турей-турей.
Болангнинг йўқлигини, турей-турей,
Кўнглингга оғир олма, турей-турей.

Мушук девордан сапчиб тушди.
Совлиқ бир сесканди.

Болагинанг бахтингдир, турей-турей,
Уни олиб ухлагин, турей-турей,
Болалилар маърашар-а, турей-турей,
Боласизлар қарашар-а, турей-турей…

Онамиз жойидан турди.
— Қўзини қўйиберса-да бўлади, — деди.
Отамиз қўзини қўйиб юборди.
Катак олдида тўшалмиш гиламга келди. Болишга юзтубан ташлади.
Болиш ҳўл бўлди…

20

Пилла уруғи очофат бўлди!
Онамиз уруғлар узра барг ёйиб, ўнг-чапига қарагунича новдалар шипшийдам бўлиб қола берди.
Отамиз кеча-ю кундуз барг таший бериб, тинка-мадори қуриди. Кўзи илиниб эди, онамиз тағин туртди.
— Турсин, барг олиб келсин, — деди.
— Боянагина олиб келдим-ку? Буларинг тўядими ўзи, йўқми?
— Тўртинчи уйқудан кейин шундай бўлади, турсин…
— Кўзим илингандан туртасан-туртасан! Анавиларинг бўлса, кетмон чопиб ҳоригандай ухлагани ухлаган! Икки кунлаб ухлайди, уларингга индамайсан! Уйғот барини! Бўлди, иззати!
— Айтмаса-да, энди ухламайди.
— Шу охирими? Хайрият-е!..
Отамиз уйқули кўзларини уқалаб-уқалаб турди. Эгар қошига арқон ўраб, баргга отланди.
— Айтиб қўяйин, агар яна пилла оламан десанг, мендан ўпкалама! — деди.

Отамиз бояги чолдан қўрқди. Бошқа бир адирдан барг олиб келди.
Узун шохлардан новдалар сийириб-сийириб олди. Онамизга қўлтиқлаб-қўлтиқлаб ташиб берди.
Ўзи-да ичкарилади.
Деразалар гилам билан ёпилишидан ичкари қоронғи бўлди. Отамиз дераза токчасига ўтирди. Елкаси билан деворга суянди. Шунда бир нима эшитди. Сергак бўлиб қулоқ солди.
Ташқарида шовуллаб ҳаво ёғди. Шовуллашидан, майдалаб ёғди. «Ана энди барг олиб келиш қийин бўлади. Олиб келса-да, қуритиш лозим бўлади», — дея хаёлланди отамиз.
Отамиз сўрилар аро мўралади, онамизни излади.
— Ай, ҳаво ёғяпти, эшитяпсанми? — деди.
— Бекорларни айтибди.
— Ана, қулоқ сол, ишонмасанг, ана.
Отамиз даҳлизлади. Ёруғда хиёл кўз очолмай турди. Кейин, ташқари қараб, ҳайрон бўлди.
Кун чарақлаб турди, ерда бир томчи-да ёмғир йўқ бўлди.
Анграйиб, тағин ичкарилади.
Ичкарида ҳамон шовуллаб ёмғир ёғди…
Онамиз қоронғидан кинояли овоз берди:
— Ҳа, ёғаяптимикин? — деди.
— Ташқарида кун чиқиб турибди, момоси. Нимага ундай?
Онамиз пиқ-пиқ кулди.
Отамиз тағин ўтирди. Эътибор билан қулоқ солди.
Пилла уруғлар бир вақтда барг еди, бир меъёрда барг еди, яна тағин, ёппасига барг еди…
Ана шу вазиятда эшитилмиш сирли овоз, ёмғир ёғишига ўхшади…
Сокин, қоронғи олам бўлди. Мисоли тун бўлди, ёмғир майдалаб-майдалаб ёғди: шуввв…
Сўриларда омонат турмиш новдалар ерга тап-тап тушди. Мисол, ёмғирдан намиқмиш бўғот шох-шаббаси қирс-қирс синиб тушди…
Ёмғир эзиб-езиб ёғди: шуввв…

21

Барг ташвиши охирлади.
Энди, читир ўт топиб келиш лозим бўлди.
Отамиз адир отланди. Тошлоқдан ўтди.
Адир пойида оёқ илди. Жиловга эрк берди. Телпагини кейинига сурди. Олис-олисларга қаради.
Вахшивор адирлари турнақатор бўлди. Қирлари ўркач-ўркач бўлди. Охири кўринмади.
Адир-қирлар ўти бўлганича бўлди. Белга урди. Тўлқин бўлиб чайқалди.
Қизғалдоқ адирлар, қизғалдоқ қирлар алвон-алвон товланди.
Отамиз адирлади, отамиз баҳор оралади.
Димоғи турфа исларни туйди. Бир ис шувоқ ўт исидан бўлди.
Отамиз баҳор оралаб бора берди. Ана шу исни таратмиш ўтни топди.
Тизза бўйли, гуллари оч-сариқ ўт. Танаси кўкимтир-оқ, барглари майда-майда ўт. Сершох,сертук ўт.
Читир ўт ана шу бўлди!
Отамиз читир ўт терди. Томири билан суғуриб-суғуриб ола берди.
Читир ўт қўл тегиши билан тағин-да ўткир ис таратди. Иси димоқни қитиқлади.
Отамиз отида икки бойлам читир ўт ортиб келди. Том устида ёйиб-ёйиб қуритди.

Пилла уруғлар тўлишди. Ўзини кўтара олмай қолди. Ўзини эплай олмай қолди.
Оқибат, баргдан қайтди, баргдан қолди. Баргдан терс бурилиб-терс бурилиб кета берди.
Пилла уруғлар карахт бўлиб-карахт бўлиб қолди. Мудраб-мудраб қолди.
Бу, пилла уруғининг бешинчи уйқуси бўлди, сўнгги уйқуси бўлди.
Сўнги уйқу тўрт-беш соатча давом этди.
Отамиз билан онамиз читир ўтларни дастлаб-дастлаб пилла уруғлар узра ёйди.
Пилла уруғлар читир ўтларга талпинди.
Пилла уруғ йигираман деса, жой танлаб ўтирмайди. Учрамиш жойида йигира беради.
Унда, не боисдан пиллачилар читир ўт териб келади?
Боиси, читир ўт иси пилла уруғига хуш ёқади. Пилла уруғ ана шу исга талпинади. Ана шу ис оғушида мўл-мўл йигиради.
Боиси, читир ўт қуюқ-қуюқ тукли бўлади. Пилла уруғ ана шу тукларга мўл-мўл йигиради.
Ана-ана, бир уруғ талпина-талпина, аранг читирга чиқди, читир танаси бўйлаб юрди.
Шохлар айрисига келди. Ўзига маъқулига қараб юрди.
Новдалар айрисида жойлашиб олди, жойида айлана берди. Яъни, йигира берди. Ҳар йигиришида ўзидан ипак чиқарди.
Ипак, читир ўт қуюқ тукларига илашиб-илашиб, тўр бўлди. Тўр қуюқлашиб-қуюқлашиб,
бошмалдоқдай-бошмалдоқдай ғанак ҳосил бўлди.
Оппоқ-оппоқ пилла ана шундай бино бўлди!

22

Пилла қўйилмиш уйлардан қўланса ҳид аримади.
Ҳидлар дастидан уйларда ўтириб-да бўлмади, ётиб-да бўлмади.
Отамиз билан онамиз бот-бот уй супурди, бот-бот уй ювди. Эшиклар билан деразаларни ланг очиб қўйди.
Шунда-да бўлмади. Пилла қўйилмиш уйлардан ой-ойлаб бадбўй ҳид аримади.

ДАВОМИНИ ЎҚИНГ

09

(Tashriflar: umumiy 8 461, bugungi 1)

3 izoh

  1. Мен ҳеч қачон, ҳеч қайси асарни, гарчи у шедевр бўлса ҳам иккинчи марта қайта ўқиёлмайман. Тоғай Муроднинг асарларини ҳам ўз вақтида маза қилиб ўқиганман. Унинг асарларига мақолалар ёзиш ёки методик ишланмалар тайёрлаш асносида қайта-қайта мурожаат қилганман, лекин иккинчи марта тўлиқ ўқимаганман. Ҳозир ҳам «Ойдинда юрган одамлар»ни қайта ўқишга уриниб кўрдим, ҳеч ўхшамади. Сабаби биринчи марта ўқиганимдаги лаззатни туёлмадим… Қуруқдан-қуруқ ўқиёлмайман.
    Тоғай Муроднинг асарлари ўқувчининг кўнглига шунчалар хуш ёқади-ки, тугатмагунча ундан ажралиб бўлмайди. Лекин китоб ярмидан ўтгандан бошлаб ўқувчининг кўнглини қўрқув эгаллай бошлайди. Боиси — асар тугаса уни ўқиш асносида олинаётган лаззат ҳам тугайди.Тоғай Мурод қиссалари мутолааси жараёнида ўқувчининг кўнглида пайдо бўлган бир-бирига қарама-қарши ҳар икки туйғу унинг руҳиятини кемириб ташлайди. Лекин не иложки, асар барибир тугайди… Тоғай Мурод ўқувчиларини шунақа «телба» қилиб қўйганди…
    Мен талабалик йиллари кўнглимда пайдо бўлган бир савол ҳақида жуда кўп ўйлардим, лекин жавоб тополмасдим: «Сурхондарё, Қашқадарё йигитларининг кўпчилигига хос бўлган ғурур, орчиллик, шаън ва ор-номус учун ялпи қайғуриш ҳисси уларда қандай пайдо бўлган? Юртдош қизларга гард юқтиришмайди. Уларни, гарчи танишмаса ҳам, ўз синглисидек ҳимоя қилишади. Бу умумий орчилликнинг омили нима?» Водийлик, тошкентлик йигитларда кам учрайдиган бу ҳислат ҳақида ўғилларим билан ҳам кўп гаплашардик. Тоғай Муроднинг асарлари менга мана шу ҳақиқатни очиб берди. У ўзбекни ўзига танитди. У ўзи айтмоқчи ўзбекка ҳайкал қўйиб кетди. Агар омон бўлганда, балки миллатни том маънода кўтариб юборарди… Балким миллатнинг секин-секин, зинама-зина кўтарилиши керакдир Аллоҳга, шунинг учун Тоғай Муродни ўзига олиб қўйгандир. Ҳар не бўлганда ҳам адибнинг у дунёси обод бўлсин! Халқига, юртига қилган хизматлари учун уни Яратганнинг ўзи ёрлақасин!

  2. Bu asar juda insonni larzaga soladigan asardir bu asarni uqiganiyizda sizda qandaydir sirli narsa berganday buladi shunday ekan bu asarni hamma uqibchiqishini tavsiya qilaman

  3. Haqiqiy ma’nodagi o’zbek xalqining urf-odatlari, milliy an’analarini shunchalik mahorat bilan yaratilganki, beixtiyor o’zbek xalqiga ta’zim qilgim keladi. Oymomo va Qoplonbekning hayot yo’li tasviri juda ta’sirli bayon etilgan.

Izoh qoldiring