3 май — Машҳур файласуф Никколо Макиавелли таваллуд топган кун
Сохибқирон Амир Темурнинг „Kyч адолатдадир» тамойили акс этган „Темур тузуклари» Шарқ мамлакатлари хукмдорлари учун қанчалик зарур қўлланма бўлган бўлса, кўпроқ „Адолат кучдадир» деган ғарбона менталитет акс этган Макиавеллининг „Ҳукмдор» асари 400 йилдан кўпроқ давр мобайнида Fapб мамлакатлари давлат бошлиқлари диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда.
НИККОЛО ДИ БЕРНАРДО МАКИАВЕЛЛИ
(1469-1527)
Янги давр сиёсий фанининг асосчиси дея тан олинган буюк италян гуманисти Никколо Макиавелли (1469—1527) диний ақидалардан холи бўлган Уйғониш даври сиёсий фалсафасини яратди. У „Ҳукмдор», „Флоренция тарихи» асарларида сиёсатни биринчи бўлиб фан сифатида асослаб берди ва жамиятнинг илоҳий эмас, балки табиий қонунлар асосида ривожланишини таъкидлади.
Леонардо да Винчининг замондоши, Микеланджелонинг дўсти, 27 ёшида Флоренция Республикасининг давлат арбоби, тарихчи ва шоир, бир қатор Ғарбий Европа мамлакатларида элчи сифатида фаолият кўрсатган Н. Макиавелли XV аср охири ва XVI аср бошларида узлуксиз урушлардан жабр кўрган, марказлашган давлатга эҳтиёж сезаётган Италия манфаатларининг ифодачиси эди. Шу нуқтаи назардан унинг сиёсий назарияси ўз даври талабларини илгари сурганлигини унутмаслик лозим.
„Макиавелли ва унинг таълимоти тарафдори бўлган бошқа муаллифлар, — дейди Ф. Бэкон, — у ёки бу вазиятда одамлар қандай қадам қўйишлари лозимлигини эмас, балки одатда, амалда қандай қадам қўйишларини очиқ ва тўғридан-тўғри баён қилганликлари учун хам ҳурматга лойикдирлар». Сиёсат дунёсини ўрганищда Н. Макиавелли тадқиқотнинг янги усулларидан фойдаланди. Меъёрий-қадриятли назарияга асосланган фалсафий ёндашувдан ташқари, бу мутафаккир реал сиёсий муносабатларни кузатишда эмпирик усулдан фойдаланди. Тарихий жараёнларни ўрганиш асосида у биринчи бўлиб сиёсатни фан сифатида асослаб берди, сиёсий фаолиятда черков ахлоқи эмас, балки фойда ва куч мезон бўлганлигини қайд этди. Макиавеллининг фикрича, христианликнинг ахлоқий қадриятларини амалда ҳаётга татбиқ этиш мумкин эмас, чунки олий саодатни итоатда, дунёвийликка нафрат билан қарашда, ҳаётдан юз ўгиришда деб билган черков ахлоқи одамларни кучсиз ва забун қилиб, аблаҳлар қурбонига айлантиради. Динни давлатга маъқул ахлоқни ҳаётга жорий этувчи сиёсий восита деб билади.
Сиёсий таълимотлар тарихини таҳлил этиш билан шуғулланган айрим мутахассислар „мақсад воситани оқлайди» деган тамойилни илгари сургани учун Макиавеллини кескин танқид қиладилар. Масалага бугунги кун талабидан келиб чиқиб эмас, балки ўша давр эҳтиёжи нуқтаи назаридан туриб ёндашилса, муаммо ойдинлашади. Чунки Макиавелли Рим папасига тобе бўлмаган, кучли, марказлашган миллий давлат тузиш йўлида мамлакатни бирлаштирувчи, халқ сайлаган ислоҳотчи подшонинг барча воситалардан фойдаланишини маъқуллаб, агар натижа кўнгилдагидек бўлса, барча воситаларни, гарчи улар ноахлоқий бўлса-да, оқлаш мумкин деб билар эди.
Н. Макиавелли „миллий давлатни қуриш ва мустахкамлашда давлат бошлиғи шердек довюрак, тулкидек айёр бўлиши, агар пировард мақсад фойдали бўлса, ўз ваъдаларини бажармаслиги хам мумкин, чунки юксак натижалар худди шундай йўл тутган князларга насиб этган. Шафқатсизликни, агар бир маротаба, унда хам фуқаролар манфаати учун қўлланилган тақдирда оқлаш мумкин, лекин фуқароларни эзиш учун доимий равишда қўлланилса, уни оқлаш мумкин эмас», деб қайд этади. Шунингдек, Макиавелли ўша давр сиёсий бошқарувида фойда ҳамда куч асосий мезон бўлганлигидан келиб чиққан ҳолда ҳукмдор кучли армия тўғрисида қайғуриши керак ва қайси тарафнинг армияси кучли бўлса, тақдир ўша тарафга кулиб боқади, деган фикрни олға суради. Макиавелли назарида барча давлат ва халқларнинг табиатида ҳокимиятпарастлик, мунофиқлик, журъатсизлик, нонкўрлик, қўрқоқлик, дангасалик ва иккиюзламачилик, ҳасадгўйлик ва бир-бирини кўролмаслик иллатлари учрайди. Шу боис давлат бошлиғи инсон табиатини яхши билмоғи, бу борадаги билимларини давлат манфаатлари йўлида ишлата билмоғи керак, дея таъкидлайди.
Макиавелли давлат бошқарувида республика шаклини маъқул кўради. Омма қиролга нисбатан ақллироқ ва доимийроқдир. Халқ овози — худо овозидир, чунки халқ барча масалаларда хукмдорга нисбатан одилроқ мулоҳаза юритади. Республика идора усули ўрнатилса, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади, деб хисоблайди.
Макиавелли „Ҳукмдор» асарида республикани бошқаришнинг тўғри ва қулай шакли деб билсада, аввало, „янги ҳукмдор» якка ҳукмронлиги ўрнатилиб, у Италияни бирлаштириши, ислоҳ қилиши ва юксалтириши, сўнг унинг ўрнини республика ёки бошқарувнинг „аралаш» шакли (демократия, аристократия, монархия элементларидан иборат шакл) эгаллаши лозимлигини қайд этади. Шу тариқа Макиавелли давлатчиликнинг монархиядан республикага томон ривожланишини олдиндан айтиб ўтган.
Таъкидлаш жоизки, А. Смит эркин бозор афзалликлари тўғрисидаги либерал назариясини яратишидан анча аввал Макиавелли индивидуал эркинликнинг бутун жамият учун фойдалилигини уқтириб ўтган эди. Бироқ, бошқарувнинг республика шакли халқнинг муайян фазилатларга, жумладан фуқаролик сифатларига эга бўлишини тақозо қилади, бундай фазилатларга эга бўлмаган халқлар учун эса монархия бошқарувини маъқул деб билади.
Умуман олганда, Сохибқирон Амир Темурнинг „Kyч адолатдадир» тамойили акс этган „Темур тузуклари» Шарқ мамлакатлари хукмдорлари учун қанчалик зарур қўлланма бўлган бўлса, кўпроқ „Адолат кучдадир» деган ғарбона менталитет акс этган Макиавеллининг „Ҳукмдор» асари 400 йилдан кўпроқ давр мобайнида Fapб мамлакатлари давлат бошлиқлари диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Шуни унутмаслик лозимки, Уйғониш даврининг бу мутафаккири қарашлари ўша давр эҳтиёжлари инъикоси бўлиб, ҳали классик либерализм ғоялари даражасига етмаган эди. Макиавелли таълимотида инсон ижтимоий ҳодиса, мавжудот сифатида катта маъно касб этмаган, унинг манфаатлари давлат ва умумманфаатларга тобе этиб қўйилган эди.
МАКИАВЕЛЛИ ҲИКМАТЛАРИ
* * *
Мақсад воситани оқлайди.
* * *
Фақирлигим — ҳалоллигим ва содиқлигим исботи.
* * *
Ҳар қандай вазиятда ҳам марҳаматли бўлишни истовчи одамга кўплаб марҳаматсиз кишилар орасида ҳалок бўлишдан ўзга йўл қолмайди.
* * *
Ҳокимиятни сақлаб қолишни истовчи одам золимликка таяниши керак.
* * *
Ҳар бир ишни у қандай воситалар билан амалга оширилганига қараб эмас, балки мақсадга эришилган-эришилмаганига кўра баҳолайдилар.
* * *
Замон ва ахлоқий мезонлар ўзгарувчандир. Шунинг учун замонга пешвоз чиққан кимсанинг ҳамма орзуси ушалади ва у бахтиёр бўлади. Замондан ва вазиятдан юз ўгирган одам бахтсизликка маҳкум.
* * *
Хушомадни йўқотишга уринган ҳукмдор ўзига нисбатан нафрат уйғотиб қўйиши мумкин. Бунинг сабаби шундай изоҳланади: табиблар дейдиларки, сил касаллигини бошланғич даврда аниқлаш қийин, аммо даволаш осон. Агар хасталик ўтказиб юборилган бўлса, аксинча, уни аниқлаш осон-у, даволаш мушкул. Давлат ишларида ҳам шундай: эндигина пайдо бўлаётган иллат ўз вақтида аниқланса, уни йўқотиш қийин эмас. Бунга фақат доно ҳукмдорларгина қодирдирлар. Агар иллат ҳар кимга яққол кўринадиган даражада авж олган бўлса, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмайди.
* * *
Мамлакат ичидаги фавқулодда фармонлар ҳам ҳукмдорларга улуғворлик бағишлайди… Бошқачароқ айтганда, фуқаролардан бири диққатга лойиқ ишга қўл урганда ҳукмдор уни имкон қадар узоқроқ ёдда сақланиб қоладиган тарзда тақдирлаши ёки жазолаши фойдалидир. Ҳукмдор учун энг асосийси барча амаллари билан юксак ақл-идрокка эга бўлган буюк инсон шуҳратига эришишга интилишдир.
* * *
Инсоннинг излагани ва топгани ўртасидаги доимий номувофиқликдан ким бехабар?
* * *
Фақат тўғри қарор қабул қилишга умид боғлаш ярамайди. Ҳар қандай қарорнинг шубҳали эканига тан бериш керак. Чунки одатда бир кўнгилсизликка чап бериб, иккинчисига рўпара бўламиз. Аммо барча кўнгилсизликларни тарозига солиб, энг оз даражадагисини эзгулик деб қадрлаш ақллиликдир.
* * *
Яхшилик ҳам худди ёмонлик каби нафрат уйғотиши мумкин.
* * *
Гарчи янги тартиблар одамлар онгини ўзгартирса-да, эскисини имкон қадар кўпроқ сақлаб қолиш керак.
* * *
Ҳеч бир иш йўқки, унинг амалга ошиши эски тартибларни янгилари билан алмаштиришга нисбатан оғирроқ, кечиши хавфлироқ, муваффақияти шубҳалироқ бўлсин. Янги тартибларни жорий этишни бошлаган ҳар бир одамни эски тартиб тарафдорларининг адовати, янгиларидан манфаатдорларнинг бепарволиги кутади. Бепарволикни қисман қонун ҳимоясидаги рақибдан чўчиш, қисман амалиётда ижобий баҳо олмагунча янгиликка ишонмайдиган одамларнинг ишончсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Эскилик тарафдорлари имконият туғилиши ҳамоноқ шиддат билан хуруж қилганда, янгилик тарафдорлари сусткашлик билан мудофаага ўтадилар.
* * *
Фақат ўзингга ва жасоратингга асосланган ҳимоядан яхшироғи, ишончлироғи, пишиқроғи йўқ.
Таржимон: Саида ЖЎРАЕВА
3 may — Mashhur faylasuf Nikkolo Makiavelli tavallud topgan kun
Xushomadni yo‘qotishga uringan hukmdor o‘ziga nisbatan nafrat uyg‘otib qo‘yishi mumkin. Buning sababi shunday izohlanadi: tabiblar deydilarki, sil kasalligini boshlang‘ich davrda aniqlash qiyin, ammo davolash oson. Agar xastalik o‘tkazib yuborilgan bo‘lsa, aksincha, uni aniqlash oson-u, davolash mushkul. Davlat ishlarida ham shunday: endigina paydo bo‘layotgan illat o‘z vaqtida aniqlansa, uni yo‘qotish qiyin emas. Bunga faqat dono hukmdorlargina qodirdirlar. Agar illat har kimga yaqqol ko‘rinadigan darajada avj olgan bo‘lsa, hech qanday dori-darmon kor qilmaydi.
NIKKOLO DI BERNARDO MAKIAVELLI
(1469-1527)
Yangi davr siyosiy fanining asoschisi deya tan olingan buyuk italyan gumanisti Nikkolo Makiavelli (1469—1527) diniy aqidalardan xoli bo’lgan Uyg’onish davri siyosiy falsafasini yaratdi. U „Hukmdor», „Florentsiya tarixi» asarlarida siyosatni birinchi bo’lib fan sifatida asoslab berdi va jamiyatning ilohiy emas, balki tabiiy qonunlar asosida rivojlanishini ta’kidladi.
Leonardo da Vinchining zamondoshi, Mikelandjeloning do’sti, 27 yoshida Florentsiya Respublikasining davlat arbobi, tarixchi va shoir, bir qator G’arbiy Yevropa mamlakatlarida elchi sifatida faoliyat ko’rsatgan N. Makiavelli XV asr oxiri va XVI asr boshlarida uzluksiz urushlardan jabr ko’rgan, markazlashgan davlatga ehtiyoj sezayotgan Italiya manfaatlarining ifodachisi edi. Shu nuqtai nazardan uning siyosiy nazariyasi o’z davri talablarini ilgari surganligini unutmaslik lozim.
„Makiavelli va uning ta’limoti tarafdori bo’lgan boshqa mualliflar, — deydi F. Bekon, — u yoki bu vaziyatda odamlar qanday qadam qo’yishlari lozimligini emas, balki odatda, amalda qanday qadam qo’yishlarini ochiq va to’g’ridan-to’g’ri bayon qilganliklari uchun xam hurmatga loyikdirlar».Siyosat dunyosini o’rganishda N. Makiavelli tadqiqotning yangi usullaridan foydalandi. Me’yoriy-qadriyatli nazariyaga asoslangan falsafiy yondashuvdan tashqari, bu mutafakkir real siyosiy munosabatlarni kuzatishda empirik usuldan foydalandi. Tarixiy jarayonlarni o’rganish asosida u birinchi bo’lib siyosatni fan sifatida asoslab berdi, siyosiy faoliyatda cherkov axloqi emas, balki foyda va kuch mezon bo’lganligini qayd etdi. Makiavellining fikricha, xristianlikning axloqiy qadriyatlarini amalda hayotga tatbiq etish mumkin emas, chunki oliy saodatni itoatda, dunyoviylikka nafrat bilan qarashda, hayotdan yuz o’girishda deb bilgan cherkov axloqi odamlarni kuchsiz va zabun qilib, ablahlar qurboniga aylantiradi. Dinni davlatga ma’qul axloqni hayotga joriy etuvchi siyosiy vosita deb biladi.
Siyosiy ta’limotlar tarixini tahlil etish bilan shug’ullangan ayrim mutaxassislar „maqsad vositani oqlaydi» degan tamoyilni ilgari surgani uchun Makiavellini keskin tanqid qiladilar. Masalaga bugungi kun talabidan kelib chiqib emas, balki o’sha davr ehtiyoji nuqtai nazaridan turib yondashilsa, muammo oydinlashadi. Chunki Makiavelli Rim papasiga tobe bo’lmagan, kuchli, markazlashgan milliy davlat tuzish yo’lida mamlakatni birlashtiruvchi, xalq saylagan islohotchi podshoning barcha vositalardan foydalanishini ma’qullab, agar natija ko’ngildagidek bo’lsa, barcha vositalarni, garchi ular noaxloqiy bo’lsa-da, oqlash mumkin deb bilar edi.
N. Makiavelli „milliy davlatni qurish va mustaxkamlashda davlat boshlig’i sherdek dovyurak, tulkidek ayyor bo’lishi, agar pirovard maqsad foydali bo’lsa, o’z va’dalarini bajarmasligi xam mumkin, chunki yuksak natijalar xuddi shunday yo’l tutgan knyazlarga nasib etgan. Shafqatsizlikni, agar bir marotaba, unda xam fuqarolar manfaati uchun qo’llanilgan taqdirda oqlash mumkin, lekin fuqarolarni ezish uchun doimiy ravishda qo’llanilsa, uni oqlash mumkin emas», deb qayd etadi. Shuningdek, Makiavelli o’sha davr siyosiy boshqaruvida foyda hamda kuch asosiy mezon bo’lganligidan kelib chiqqan holda hukmdor kuchli armiya to’g’risida qayg’urishi kerak va qaysi tarafning armiyasi kuchli bo’lsa, taqdir o’sha tarafga kulib boqadi, degan fikrni olg’a suradi. Makiavelli nazarida barcha davlat va xalqlarning tabiatida hokimiyatparastlik, munofiqlik, jur’atsizlik, nonko’rlik, qo’rqoqlik, dangasalik va ikkiyuzlamachilik, hasadgo’ylik va bir-birini ko’rolmaslik illatlari uchraydi. Shu bois davlat boshlig’i inson tabiatini yaxshi bilmog’i, bu boradagi bilimlarini davlat manfaatlari yo’lida ishlata bilmog’i kerak, deya ta’kidlaydi.
Makiavelli davlat boshqaruvida respublika shaklini ma’qul ko’radi. Omma qirolga nisbatan aqlliroq va doimiyroqdir. Xalq ovozi — xudo ovozidir, chunki xalq barcha masalalarda xukmdorga nisbatan odilroq mulohaza yuritadi. Respublika idora usuli o’rnatilsa, davlat mustahkam va barqaror bo’ladi, deb xisoblaydi.
Makiavelli „Hukmdor» asarida respublikani boshqarishning to’g’ri va qulay shakli deb bilsada, avvalo, „yangi hukmdor» yakka hukmronligi o’rnatilib, u Italiyani birlashtirishi, isloh qilishi va yuksaltirishi, so’ng uning o’rnini respublika yoki boshqaruvning „aralash» shakli (demokratiya, aristokratiya, monarxiya elementlaridan iborat shakl) egallashi lozimligini qayd etadi. Shu tariqa Makiavelli davlatchilikning monarxiyadan respublikaga tomon rivojlanishini oldindan aytib o’tgan.
Ta’kidlash joizki, A. Smit erkin bozor afzalliklari to’g’risidagi liberal nazariyasini yaratishidan ancha avval Makiavelli individual erkinlikning butun jamiyat uchun foydaliligini uqtirib o’tgan edi. Biroq, boshqaruvning respublika shakli xalqning muayyan fazilatlarga, jumladan fuqarolik sifatlariga ega bo’lishini taqozo qiladi, bunday fazilatlarga ega bo’lmagan xalqlar uchun esa monarxiya boshqaruvini ma’qul deb biladi.
Umuman olganda, Soxibqiron Amir Temurning „Kych adolatdadir» tamoyili aks etgan „Temur tuzuklari» Sharq mamlakatlari xukmdorlari uchun qanchalik zarur qo’llanma bo’lgan bo’lsa, ko’proq „Adolat kuchdadir» degan g’arbona mentalitet aks etgan Makiavellining „Hukmdor» asari 400 yildan ko’proq davr mobaynida Fapb mamlakatlari davlat boshliqlari diqqat-e’tiborini o’ziga jalb etib kelmoqda. Shuni unutmaslik lozimki, Uyg’onish davrining bu mutafakkiri qarashlari o’sha davr ehtiyojlari in’ikosi bo’lib, hali klassik liberalizm g’oyalari darajasiga yetmagan edi. Makiavelli ta’limotida inson ijtimoiy hodisa, mavjudot sifatida katta ma’no kasb etmagan, uning manfaatlari davlat va umummanfaatlarga tobe etib qo’yilgan edi.
MAKIAVELLI HIKMATLARI
* * *
Maqsad vositani oqlaydi.
* * *
Faqirligim — halolligim va sodiqligim isboti.
* * *
Har qanday vaziyatda ham marhamatli bo‘lishni istovchi odamga ko‘plab marhamatsiz kishilar orasida halok bo‘lishdan o‘zga yo‘l qolmaydi.
* * *
Hokimiyatni saqlab qolishni istovchi odam zolimlikka tayanishi kerak.
* * *
Har bir ishni u qanday vositalar bilan amalga oshirilganiga qarab emas, balki maqsadga erishilgan-erishilmaganiga ko‘ra baholaydilar.
* * *
Zamon va axloqiy mezonlar o‘zgaruvchandir. Shuning uchun zamonga peshvoz chiqqan kimsaning hamma orzusi ushaladi va u baxtiyor bo‘ladi. Zamondan va vaziyatdan yuz o‘girgan odam baxtsizlikka mahkum.
* * *
Xushomadni yo‘qotishga uringan hukmdor o‘ziga nisbatan nafrat uyg‘otib qo‘yishi mumkin. Buning sababi shunday izohlanadi: tabiblar deydilarki, sil kasalligini boshlang‘ich davrda aniqlash qiyin, ammo davolash oson. Agar xastalik o‘tkazib yuborilgan bo‘lsa, aksincha, uni aniqlash oson-u, davolash mushkul. Davlat ishlarida ham shunday: endigina paydo bo‘layotgan illat o‘z vaqtida aniqlansa, uni yo‘qotish qiyin emas. Bunga faqat dono hukmdorlargina qodirdirlar. Agar illat har kimga yaqqol ko‘rinadigan darajada avj olgan bo‘lsa, hech qanday dori-darmon kor qilmaydi.
* * *
Mamlakat ichidagi favqulodda farmonlar ham hukmdorlarga ulug‘vorlik bag‘ishlaydi… Boshqacharoq aytganda, fuqarolardan biri diqqatga loyiq ishga qo‘l urganda hukmdor uni imkon qadar uzoqroq yodda saqlanib qoladigan tarzda taqdirlashi yoki jazolashi foydalidir. Hukmdor uchun eng asosiysi barcha amallari bilan yuksak aql-idrokka ega bo‘lgan buyuk inson shuhratiga erishishga intilishdir.
* * *
Insonning izlagani va topgani o‘rtasidagi doimiy nomuvofiqlikdan kim bexabar?
* * *
Faqat to‘g‘ri qaror qabul qilishga umid bog‘lash yaramaydi. Har qanday qarorning shubhali ekaniga tan berish kerak. Chunki odatda bir ko‘ngilsizlikka chap berib, ikkinchisiga ro‘para bo‘lamiz. Ammo barcha ko‘ngilsizliklarni taroziga solib, eng oz darajadagisini ezgulik deb qadrlash aqllilikdir.
* * *
Yaxshilik ham xuddi yomonlik kabi nafrat uyg‘otishi mumkin.
* * *
Garchi yangi tartiblar odamlar ongini o‘zgartirsa-da, eskisini imkon qadar ko‘proq saqlab qolish kerak.
* * *
Hech bir ish yo‘qki, uning amalga oshishi eski tartiblarni yangilari bilan almashtirishga nisbatan og‘irroq, kechishi xavfliroq, muvaffaqiyati shubhaliroq bo‘lsin. Yangi tartiblarni joriy etishni boshlagan har bir odamni eski tartib tarafdorlarining adovati, yangilaridan manfaatdorlarning beparvoligi kutadi. Beparvolikni qisman qonun himoyasidagi raqibdan cho‘chish, qisman amaliyotda ijobiy baho olmaguncha yangilikka ishonmaydigan odamlarning ishonchsizligi bilan izohlash mumkin. Eskilik tarafdorlari imkoniyat tug‘ilishi hamonoq shiddat bilan xuruj qilganda, yangilik tarafdorlari sustkashlik bilan mudofaaga o‘tadilar.
* * *
Faqat o‘zingga va jasoratingga asoslangan himoyadan yaxshirog‘i, ishonchlirog‘i, pishiqrog‘i yo‘q.
Tarjimon: Saida JO‘RAYEVA
To’g’ri