Muhammad Mufti Ohangoroniy. Mavlono Lurfulloh manoqibi

099
Маълумки, сўлим Фарғона водийси кўплаб фуқаҳолар, машойихлар юртидир. Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб машҳур уламолар айнан шу масканда туғилиб ўсганлар. Ана шундай уламолардан бири Мавлоно Лутфуллоҳ Чустийдир. Мавлоно Лутфуллоҳ Фарғона водийсида ҳам кенг қулоч ёзган нақшбандия тариқатининг Махдуми Аъзам Косонийдан кейинги энг йирик вакилидир.

011

МАВЛОНО ЛУТФУЛЛОҲ ЧУСТИЙ

“Мавлоно Лутфуллоҳ замонамиз сиддиқидир”.
Маҳдуми Аъзам Косоний

Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий милодий 1487 йилда Фарғона водийсининг Ахкент мавзесидан 30-35 км ғарбда жойлашган Чодак қишлоғида дунёга келган. Оталари Мавлоно Фатҳуллох яссавия шайхларидан бўлганлигини тарихий манбалар тасдиқлайди. “Маноқиби Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий” асарида келтирилган маълумотга кўра, Хожа Фатҳуллоҳ Қуръони Карим тиловати билан машғул бўлиб ўтирганларида туғилажак фарзандига Лутфуллоҳ дея исм қўйишларини дилларидан ўтказадилар. Оналари ёш гўдакка бирор марта ҳам таҳоратсиз кўкрак тутмаган эканлар. Лутфуллоҳ беш ёшга тўлганда уни мактабга берадилар ва етти ёшида Қуръонни тўла ёд олади. Ўн уч ёшгача оталари қўлида таҳсил кўради. Ўша пайтда Чодак мадрасаси водийдаги нуфузли илм даргоҳларидан эди. Мавлоно Лутфуллоҳ мадрасада йирик уламолардан тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларини ўрганади. Айрим манбаларда Мавлоно Лутфуллоҳ Марғилонлик аллома, Хожа Аҳрор Валийнинг севимли шогирдлари бўлмиш Шоҳ Ҳусайн Чоркуҳий ҳузурида “Ҳидоя” ва бошқа исломий билимлар билан бир қаторда деҳқончилик, мироблик, зироат илмларини ҳам пухта эгаллаганлиги келтирилади.
Шундан сўнг Мавлоно Лутфуллоҳ илм талабида Самарқандга йўл олади. Унинг Самарқандда неча йил таҳсил олгани манбаларда аниқ кўрсатилмаган. Лекин Хожа Аҳрор Валийнинг халифаси Хожа Муҳаммад Қози ҳузурида олти йил тарбиялангани айтилади. Хожи Муҳаммад Қози вафот этгач, нақшбандийлик тариқати раҳнамолиги у кишининг иқтидорли гоширди, атоқли аллома Шайх Махдуми Аъзам Хожаги Аҳмад Косонийга ўтади. Мавлоно Лутфуллоҳ у зотга байъат қилиб қўл беради. Мавлоно Лутфуллоҳ ўзидаги кучли қувваи ҳофиза, теран ақл, чиройли ҳусни хулқ сабаб устози Махдуми Аъзамга нафақат суюкли шогирд, балки қадрдон фарзандидек бўлиб қолади. Ҳаттоки Махдуми Аъзам севимли шогирдига ўз қизини бериб, куёв қилишни ният қилади. Аммо тақдир тақозоси билан Мавлоно Лутфуллоҳ Фарғонадаги Қози Махдум Чодакийнинг қизига уйланади. Мавлоно Лутфуллоҳ бундан хижолат бўлиб, бирмунча вақт устозига рўбарў бўлишга ийманиб юради. Аммо бу ҳолат узоқ давом этмайди, устоз ва шогирд муносабатлари тикланади. Кейинчалик Мавлоно Лутфуллоҳ устозининг кичик ўғли Хожа Исҳоқ Валийни шогирд қилиб олади ва унга кичик қизи Биби Ниқояни турмушга бериб, устозининг орзусини рўёбга чиқаради.
Номаълум сабабларга кўра Мавлоно Лутфуллоҳ бир неча марта яшаш жойини ўзгартирган. Ўзининг айтишича, фитналар оқибатида кўчишга мажбур бўлган. Чодакдан сўнг Зубурқон (Чуст туманидаги Звутқанд қишлоғи), Карниён (Чуст туманидаги Карнон қишлоғи)да яшайди. Охири Чустга келиб, муқим бўлиб қолади. Шу ерда ўзига қарашли ер майдонларида деҳқончилик қилиб, тирикчилик ўтказади.
Махдуми Аъзам Косоний иршод ижозатномасини ёзиб, ўзидан кейин сулук бошқарувини Мавлоно Лутфуллоҳга топширади. “Маноқиб”да Мавлоно Лутфуллоҳнинг Махдуми Аъзам Косоний мулозаматида уч йил бўлгани айтилади. Махмуди Аъзам Хожаги Аҳмад Косоний Мавлоно Лутфуллоҳга пирлик ҳассасини бергач, ўн беш кундан сўнг дунёдан кўз юмади.
Махдуми Аъзам Косоний вафотидан кейин Мавлоно Лутфуллоҳ нақшбандия тариқатининг раҳнамоси сифатида инсонларга илму-ҳикмат, ирфон тарқатишга киришади.
“Маноқиб”да келтирилишича, Мавлоно Лутфуллоҳнинг нуфузи минтақада юксак бўлган. Хусусан, унинг Тошкент, Фарғона водийси, Ҳисор, Афғонистон ҳудудларидаги таъсири катта бўлган.

Илм ва маърифат тарқатиш йўлида

Мавлоно Лутфуллоҳ тариқат асосини ўтмиш хожагонлар йўлидан бориб, Қуръон ва Суннат таълимотлари устига қуради. “Маноқиб”да келтирилишича, Мавлоно яшаган даврда кўплаб бошқа тариқат раҳнамолари ўртасида келишмовчиликлар бўлиб турган. Бундай фитна ва келишмовчиликлар Мавлоно Лутфуллоҳга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Мавлоно Лутфуллоҳ давом эттирган сулук ўзининг Қуръон ва Суннат таълимотларига мувофиқлиги ҳамда мўътадиллиги билан ажралиб турган.
“Маноқиб”да Мавлоно Лутфуллоҳнинг тариқат йўли, ибодатлари, кароматлари ҳамда ҳикматли сўзлари баён қилинган.
Мавлоно айтардилар: “Бизнинг тариқатимизда бўлиб, охират талабида бўлсалар, албатта нажот топадилар”. Соликлар вақтларини Аллоҳ ибодати билан ўз ҳиммату-ғайратларини эса хайрли ишларга сарф қилиш билан ўтказмоқликларини ҳамда ғафлатда қолмасликларини Қуръон ояти мазмуни билан буюриб, нафс хоҳиши билан залолатга кетмасликларини таъкидлардилар.
Мавлоно Лутфуллоҳ ўз суҳбатларида Қуръони Каридан баён қилиб, соликларга истиғфор айтишни буюрардилар. Соликларга қараб Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Мен ҳар куни юз марта истиғфор айтаман” ҳадисларини баён қилардилар.
Мавлоно уйқудан барвақт уйғонишни, ғофилликдан огоҳ бўлишни, Аллоҳнинг тўғри йўлида бўлишни таъкидлар эдилар.
Мавлоно Лутфуллоҳ таҳажжуд намозига машғул бўлиб, ҳар бир ракатига уч порадан замсура ўқирдилар. Тонг отгач бомдод намозига машғул бўлардилар.
Мавлоно Лутфуллоҳ суҳбатларида оят ва ҳадисдан баён қилиб, мухлисларга ҳар доим амаллари оят ва ҳадис асосида бўлишини тушунтирардилар. “Эй азиз!”, деб бошланадиган сўзлар Ҳазрати Мавлононинг ўз талабаларига буйруқлари эди.
У зот солику-мухлисларга аксар Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”сидан ўқиб, маъносини шарҳлаб берардилар ва тариқат машойихларининг китобларидан ўқитиб, уларнинг насиҳатларини баён қилардилар.
Мавлоно Лутфуллоҳ мухлис ёки соликлардан бирортасида беодоблик кўрсалар, унга танбеҳ ериш учун қўлига китобни берардилар ва “Бисмиллоҳ деб оч!”, дердилар. Шунда унинг беодоблиги китоб орқали намоён бўларди.
Мавлоно Лутфуллоҳ уламолар ва амирларга ҳақиқатни дариғ тутмай Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмай насиҳат қилар эдилар.
Ҳазрати Мавлононинг муборак суҳбатлари шундай файзли эдики, ҳар қандай инсон мажлисларида ҳозир бўлса, қалбидаги гина-кудуратлари кетиб, қоронғуликдан ёруғликка чиққандек бўларди.
Мавлоно Лутфуллоҳ чошгоҳгача суҳбат қилардилар. Пешин намозидан кейин тафсир ва ҳадислардан баён қилиб, бир оз вақтдан кейин сафар ва бошқа амалларга машғул бўлардилар. Ўз саъй-ҳаракатларини бирор лаҳза тўхтатмас эдилар. Инсонлар тарбияси билан кўпроқ банд бўлардилар.
Мавлоно аср намозидан сўнг “Набаъ” сурасини ўқитардилар, ундан сўнг Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Мен ҳар куни етмиш марта истиғфор айтаман”, деган ҳадисларини айтиб, соликларга истиғфор айтишни таълим берардилар.
Шом намозидан кейин эса “Муаввизатайн”ни жаҳрий ўқитардилар.
Хуфтон намозини адо қилгандан сўнг “Мулк” сурасини хатм қилиб, тариқат улуғларининг одатларига амал қилган ҳолда такбир айтиб, суҳбат бошлардилар. Мажлисдан сўнг аҳли суҳбатларни кечаси дам олишларига рухсат бериб, чироқни пастлатиб, ўзлари ва у зотга кўнгил берганлар билан бирга қиблага юзланиб, “Эй Парвардигорим, ғофиллар уйҳусидан паноҳ бер”, — деб дуо қилардилар.
У зот барча зоҳир ва ботин ҳолатларини Расулуллоҳ (с.а.в)нинг суннатларига мувофиқ бўлишида жидду-жаҳд қилардилар. Талабаларига ҳам шундай амал қилишни таълим берардилар.
Мавлоно Лутфуллоҳ айтардилар: “Одоб инсон умрининг, ризқининг баракасидир, ибодат одоби эса шариатнинг нури бўлиб, тариқатнинг чироғидир. Ҳар бир соликнинг қалби одоб нуридан нурланган бўлса, албатта у Аллохга яқин ҳисобланиб, қилган ибодатлари мақбул бўлади”.
Яна айтардиларки: “Тариқат аҳли учун уч нишона бор:
1. Қалби мудом зикрда бўлиши
2. Мажлисда айтадиган сўзи оят ва ҳадисга асосланиши.
3. Ҳеч бир аъзосини Аллоҳни ёдга олмасдан ҳаракатга келтирмаслиги”.

Шариат уламоларини ҳурмат қилишни таъкидлаб, шундай дердилар: “Шариат қонуни уламолари ва тариқат аҳли равияларини маҳкам тутинглар. Бу тоифанинг сўзларини фосид қилманглар ва билингларки, у зотларнинг сўзларини фосид қилишга берилиб кетсаларинг, албатта гумроҳ бўлиб, залолатда қоласизлар”.
Гуноҳлардан ҳазир бўлишга ва тавбаю-истиғфорга буюриб, шундай насиҳат қилардилар: “Гуноҳ бамисоли хас-хашакка, тавба ва истиғфор ўтга ўхшайди. Ўт хас-хашакка тегса, албатта куйдиради. Банда доим гуноҳини эслаб, тавбада бўлса унинг гуноҳлари кечирилиб, мақсадига етар. Тавба шу тариқа бўлсинки, ўз гуноҳига тавба қилиб, йўлга киргандан кейин иккинчи бор гуноҳга қайтмаса, Аллоҳ даргоҳида энг улуғ банда ҳисобланади”.
Мавлоно Лутфуллоҳ доимо шундай насиҳатлар қилиб, инсонларни огоҳликка чорлаб, уларнинг тарбиялари йўлида ҳаракат қилардилар.

Мазмунли умр

Мавлоно Лутфуллоҳ ҳаётининг охирги йилларида бир неча марта Байтуллоҳни тавоф қилиш ва Расулуллоҳ (с.а.в)нинг муборак қабрларини зиёрат этишга тараддудланади. Аммо Қобул вилоятига бориб, номаълум сабабларга кўра орт қайтишга мажбур бўлади. Балки бунга ўша даврда Мовароуннаҳрдаги парокандалик ва руҳоний ҳукмронликка интилиш учун бўлган курашлар ўзининг кескин даврига кирганлиги, Мавлононинг узоқда юриши халқ маънавияти жиловининг номуносиб шахслар қўлига тушиб қолишига қулай имкониятлар яратиши сабаб бўлгандир.
Мавлоно Лутфуллоҳ ҳаёти давомида ўз шахсий маблағидан кўплаб ариқлар қаздирган, булоқлар кўзини очган. Масжид, мадраса, мактаблар қурдириб, халққа илму-ҳикмат тарқатган. Марказий Осиёда тасаввуф тарихида ўчмас из қолдирган Мавлоно Лутфуллоҳнинг водийдаги суғориш тармоқлари тараққиётида ҳам алоҳида хизматлари бор.
Мавлоно Лутфуллоҳдан кўплаб шогирдлар, тасаввуф, фиқҳ, тарихга оид бир неча илмий асарлар қолган. Асарларнинг бир қисми ҳанузгача топилмаган, маълумлари эса тадқиқ қилинмаган.
Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий 1571 йили саксон тўрт ёшида Чуст шаҳрида вафот этди ва шу ерда дафн қилинди. Чуст шаҳрининг марказида “Мавлоно Лутфуллоҳ” номли истироҳат боғи бўлиб, Мавлононинг қабри зиёратгоҳга айтантирилган.

Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий шажараси

1. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)
2. Муҳаммад
3. Абдуллоҳ
4. Абу Бакр
5. Омир
6. Умар
7. Муҳаммад
8. Абу Бакр
9. Абдужалил
10. Абу Бакр
11. Мавлоно Ҳусомиддин
12. Мавлоно Нодир Дарвеш
13. Хожа Фатҳуллоҳ
14. Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий
15. Биби Ниқоя. У зотнинг қизлари. Уни Исҳоқ Валийга турмушга берганлар. Исҳоқ Вали Махдуми Аъзам Косонийнинг ўғли бўлиб, шу восита билан уларнинг силсилалари Махдуми Аъзамга уланган. Икковларидан Қутбиддин Аҳмад исмли ўғил дунёга келган.
16. Пирзода Ойим. Мавлононинг қизлари бўлиб, Низомиддин Аҳмадга турмушга берганлар. Улардан Ориф Мирак ва Муҳаммад Мирак исмли икки ўғил фарзанд дунёга келган.
Ҳозирда ҳам Чуст шаҳрида Мавлоно Лутфуллоҳнинг авлодлари истиқомат қилишади.
Шажарада Мавлоно Лутфуллоҳнинг насаби халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а) етиши ва унинг авлодларининг насабномаси қирққа яқин қози ва муфтий ҳамда даврнинг обрўли уламоларининг муҳрлари билан, жумладан Ҳўқанд қозиси Мулло Муҳаммад Оқил ибн Шариф, Ҳўқанд қозиси Домулло Акбар хожа ибн Азиз Хожа Эшон, Муфтий Мулло Мир бобо ибн Мир Ражаб, Муфтий Мулло Ортиқ Муҳаммад ибн Йўлдошнинг муҳрлари билан тасдиқланган.

033

МУҲАММАД МУФТИ ОҲАНГАРОНИЙНИНГ «МАВЛОНО ЛУТФУЛЛОҲ МАНОҚИБИ» РИСОЛАСИНИ (ФОРС ТИЛИДАН АБДУЛЛОҲХЎЖА МАЪРУФХЎЖА ЎҒЛИ ВА ШУҲРАТ СИРОЖИДДИНОВ ТАРЖИМАСИ) САLAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА ЎҚИШИНГИЗ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИШИНГИЗ ВА ЮКЛАБ ОЛИШИНГИЗ МУМКИН.

(Tashriflar: umumiy 393, bugungi 1)

Izoh qoldiring