Azam Rahim. Rangin lahzalar (Shavkat Rahmon she’riyatiga chizgilar)

084
Сиз ҳам ўша лаҳзада ранглар жилвасига эврилгингиз келиб қолади.Лаҳзаларга дўнган сўзнинг ўктамлиги улуғворлиги ва айни пайтда оҳорийлиги сизнинг шаштингизга янада шашт қўшади. Шаштингиз шиддатидан туғилган маъсулият ўзини улкан сўз ва улкан лаҳза олдида жуссаси нақадар кичкина эканлигини ҳис қила бошлайди. Лекин шундай бўлса ҳам эврилинг. Адашмайсиз. Лаҳзалар ҳикоясидаги сўнгги сўз ҳам кўнглингизни орзиқтиради. Ишонгингиз келади. Ишонинг!

09
Аъзам Раҳим Абдураззоқов
РАНГИН ЛАҲЗАЛАР
(Шавкат Раҳмон шеъриятига чизгилар)
011

Лаҳза… Лаҳзалар… Уларни тўхтатиб қолмоқ , хотиранинг поёнсиз кенгликларига жойламоқ анча мушкул иш. Лекин ростмона ҳайрат ва беғубор қалб соҳибигина лаҳзалар тасвирини чизишга қодир. Ана ўша лаҳзалар тасвири шоир тасаввурининг ойдин жилвалари-ла қалбимизнинг ноёб мулкига айланиб қолади. Қоғозга туширилган лаҳзаларнинг тириклиги, рангларнинг сўзлашлари сизни ҳайратга солади. Лаҳзалар тасвири оқ-қора рангда эмас, балки сиз билан биз кўриб, кўникиб кетган ранглардан-да рангинроқ. Уларни кўз билан кўрибгина қолмай, хаёл-тасаввурингиз ила ушлаб кўришингиз, ранглар ҳароратини вужудингизда ҳис қила олишингиз мумкин. Демак, РАНГИН ЛАҲЗАЛАР айни чоқда ҳаётбахш ҳам…
Ватан… Сиз Ватанни қайга яширасиз?! Балки хотирага, балки… Лекин Ватанни яшириб бўлармикан? У ўзининг ададсиз сарҳадлари-ла юракнинг туб-тубида жойлашган –ку. Унга талпинасиз, уни соғинасиз . Лекин йўллар… йўллар чўзилгандан чўзилиб кетаверади. Назарингизда бу йўлни босиб ўтиш учун бутун умр етмайдигандай . Бу ташналик сизни хаёллар қадар узун дарё соҳилларига чорлайди. Дарёнинг гоҳ қулоқни қоматга келтиргудек шовуллаши, гоҳ сокин жилмайиб оқиши юрагингиз зарбаларини ойдинлаштириб юборади. Бу ойдинликдан юрагингиз зарбаларини нафақат вужудингизда, балки борлиқда ҳам, ҳаттоки оёғингиз остида беозор ҳилпираётган чечакларда ҳам туясиз.
Лаҳзалар-чи…Лаҳзалар Шоир нигоҳида, тахайюл оламида минг бир жилва ила товланиб, хотирага айланади. Баъзан улар унутиш сира мумкин бўлмаган кенгликларни – “ўрикзорни”, “асов сойни”, “бақатерак ўсган”, сирлар кўмилган “овлоқ жойни” ёдга солади. Баъзан эса сўлим оқшомнинг, тўлин ойнинг ва жонбахш кулгуларнинг рангларини чизади. Болаликдан кейин бошланган “шаҳар” сизни қайнаб турган кўчаларида ёлғиз қолдиради. Сиз ҳамроҳ қидирасиз. Ҳамроҳингиз эса Шеър бўлади. Юракни ўртовчи шеър бўлади. У юракни сирқиратади. Сиз азобларни, оғриқларни орқалаб югурасиз, чопиб борасиз…

Чопяпман,
Бақувват руҳим пайлари,
Бир куни қуларман мадорсиз ўқчиб,
Қоларман йўлларга айланиб…
Кейин босиб ўтар бошқалар мени.

Худди шу нарса сизга таскин беради. Энди сизни босиб ўтиши керак бўлган йўлчиларга тилак қиласиз. Тилагингиз – самимий, қизил, алвон сўзларга ўралмаган. Яланғоч, лекин самимий.

Қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни
Яшамаслик учун юраксиз.

Ажойиб кунлар умиди тарк этмайди. Ўша кун бўладиган мўъжиза сизга-да тайин. “Дарёдай қўшиққа” айланиб, дунёга қарайсиз. Лекин дунё сиз ўйлаганчалик расо эмас. Унинг беҳад йўллари-ю жилвагар тилсимлари бор. Сиз қучоқ очиб борасиз. Лекин дунёнинг бир зарраси бўлган ер ҳали ҳам “оқ-қора чизиққа тўла”. Қаердадир жунбушга келаётган дўзах учқунлари — уруш, жаҳолат сизни ташвишга солади. Гўёки “бахтиёр бўлишга ҳаққингиз йўқдай”. Мажруҳ ер, ҳар даҳшатларга гувоҳ пажмурда ер ҳамон уйғоқ.

У тирик –нафас оляпти. Ҳатто-
Қақшаган ер олаётир тин,
Бошин қўйиб ойнинг ёлига.

Энди сиз жаҳолатга, норасоликка, адоватга, адолатсизликка қарши кўкрак кериб чиқасиз. Қўлингизда ҳеч қандай қурол йўқ. Фақат безовта юрагингиз, эзгулик учун ҳар қандай азобларга тайёр кўнглингиз бор. Шунинг учун ўзингизга ўзингиз сўз берасиз, қасамёд қиласиз:

Яшамоғим зарур
Ҳар дақиқани
Ғазаб билан , севги билан тўлдириб,
Дунёдаги барча қора нарсани
Ёруғ лаҳзаларда ўлдириб.
Токим бош кўтариб қарай қуёшга,
Токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,
Токим тош мисоли тегмасин бошга
Мен яшай олмаган
Ҳар бир дақиқа.

Яшайсиз , “қушлар имкони”ни орзулаб яшайсиз. Оёқ остида “ғужанак” бўлиб ётган соядан йироқроқ бўлишни ҳоҳлайсиз, кўкка талпинасиз. Бошга ёғилажак “зарбалар” ҳам, “сабрингизга тиш қайраб турган” шарпалар ҳам ўткинчи. Қисган муштингиз-ла, санчган нигоҳингиз-ла зарбага айланиб бораётганингизни сезмай қоласиз.
Энди “қисилиб қимитиниб турган гўзаллик” ҳақида “ёп-ёруғ хаёлар сурасиз” . Хаёларингиз яна тилакларга уланиб кетади. Тилаклар билан ўзингизни алдай олмайсиз. “ Лабингизни қаттиқроқ тишлаб”, кўзларингиз ёшини яширасиз.
Ташвишларингизга, қувончларингизга шерик қидирасиз. Топасиз-энди у сиз билан. Сиз ундан атрофга “кулгунинг рангларини сачратиб” юришни сўрайсиз. Самимий сўзларингиз табиатингизга қовушга олмай, ажиб садоларга айланади. Сиз андак ҳижолат тортасиз. Лекин сўзларнинг оҳорийлиги, самимийлиги сизни қутқариб олади. Шундоқ бўлса ҳам , юрак томон “ўрмалаётган пок тилаклар” яна безовта қилади:

Кўп йиғлама,
Оғрийди бошинг.
Ахир бахтли бўлмоғимиз шарт.
Ёмон бўлар агар кўз ёшинг
Тугаб қолса келгунича бахт.

“Олис хотиралар” ширин энтиктиради. Қалбингизда нурни ўйғотади. Унинг таровати отаётган тонг қадар кўнглингизга хузур бағишлайди. Айни чоқда “шаҳарга сачраган севгининг бўйидан” маст бўласиз. Бахтиёр лаҳзалар…Лаҳзалар умрига умр тилайсиз. Тилагингиз шеър бўлади. У лаҳзага кўчади. Ажаб, узайгандан узайиб бораверади:

Бўлса ҳамки тахир ва аччиқ,
Яширмасдан бор-йўқ айбимни,
Ҳаёт, босдим лабингга қаттиқ
Ҳароратга ташна лабимни.
Очиқ кулиб, сўйлаб ёруғ сўз,
Қуёш , Ерга шукрона айта
Мен ҳар кеча юмаяпман кўз,
Туғиламан ҳар саҳар қайта.

Олис баҳорларга қадар чўзилган қишнинг эртагини айтишдан зерикасиз. Сизни умидбахш лаҳзалар қизиқтиради. Рангин лаҳзаларнинг умрини ҳар баҳор келганда чечакка дўниб қолганини кўрасиз. Баҳорий лаҳзалар рангини сиз чечаклардан қидирманг. Шеърдан қидиринг. Қаранг, рангвор-а?

Кунлар пиша бошлайди яна,
Рангларини бошингдан элар,
Хаёлингиз чақмоқлар каби
Ёритгувчи лаҳзалар келар.
Яна япроқ ёзган дарахтга,
Атиргулга дўнарсан нуқул.
Кечалари чап кўкрагинда
Қафасини, синдирар булбул.
Бор кадарни енгмоққа яна
Етиб ортиб қолар бардошинг.
Энди ўзинг истамасанг ҳам
Юлдузларга тегади бошинг.

Сиз ҳам ўша лаҳзада ранглар жилвасига эврилгингиз келиб қолади.Лаҳзаларга дўнган сўзнинг ўктамлиги улуғворлиги ва айни пайтда оҳорийлиги сизнинг шаштингизга янада шашт қўшади. Шаштингиз шиддатидан туғилган маъсулият ўзини улкан сўз ва улкан лаҳза олдида жуссаси нақадар кичкина эканлигини ҳис қила бошлайди. Лекин шундай бўлса ҳам эврилинг. Адашмайсиз. Лаҳзалар ҳикоясидаги сўнгги сўз ҳам кўнглингизни орзиқтиради. Ишонгингиз келади. Ишонинг!

Мен келаман навбаҳор бўлиб,
Гулга тўлар танҳо сўқмоқлар.
Мен келаман сойлардай тўлиб,
Етилганда саратон, боғлар…

Мен келаман, келаман сўзсиз,
Кўзингизни яширманг зинҳор.
Пешвоз чиқинг йўлларимга сиз,
Баҳор бўлиб келаман, баҳор…

2005 йил

03

(Tashriflar: umumiy 167, bugungi 1)

Izoh qoldiring