Ibrohim G’ofurov. Muhabbat ma’rifati.

098

Ер юзида шу бизнинг кунларимизгача қанча одам болалари ўтган бўлса, бари муҳаббат, севиш, яхши кўришни бошидан кечирган. Албатта, ибтидо замонларидаги муҳаббат ва севги билан янги ҳамда ҳозирги замонлардаги муҳаббат, севги ўртасида еру осмонча фарқлар бўлгани табиий. У бундан кейинги инсониятнинг даврларида ҳам ҳеч шак-шубҳасиз бўлади.

099

Виктор Алимасов
СЎЗИНГ — ЎЗИНГ
Таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров ижодига чизгилар

Аҳли қалам учун ижод — сўз ижоди. Сўзлардан фикрлар, китоблар, ғоялар, улар орқали эса келажак яратилади. Шу маънода сўз ижоди — ҳаёт ижодидир.
Сўзнинг ўз руҳи бор. У ўжар, мутакаббир, гоҳо табоҳкор руҳдир. Закий ақл, катта иқтидор, сабр билан тадқиққа қодир қалбгина уни имтисол этади.
Иброҳим Ғафуров — сўз руҳи билан баҳслаша оладиган, сўзларни сўзлата оладиган ижодкор.
Сўз дуч келган кишига эгилавермайди, товланавермайди. Аммо сўзларнинг товланишини, ниҳорланишини аниқ билган ижодкоргина улар билан баҳслаша олади,уларни сўзлата олади:

“Нисоланар сўзлар –
бағримга бош қўяр қатор бўлишиб –
аёлга ўхшаб қолар сўзлар –
қора қуёш ёмғирида
ивиган, бўртган, тиниқ тортган
аёл шундай бўлар”.

Кўксингизга бош қўйган сўзлар ҳам сизни мутлақ ихтиёрингизга ўтган сўзлар эмас, у нисоланиш холос. Аёл ўз ожизлиги билан сизни ўзига имтисол этади,дилингизни ёради, яъни ўзи орқали сизни сўзлашга мажбур қилади.

“Нисоланар сўзлар кузги бодринг каби
кўм-кўк, қарсилдоқ –
мен уларни бағримга босаман
муқаддас нима бор шундай сўздан ортиқроқ”

Сўзларнинг нисоланиш боисини энди англагандирсиз.“Архаик сўз” шеърини ижодкор сўзпарастлигининг ажойиб исботи дейиш мумкин. Биламизки, архаик сўз — унутилган сўз. Аслида халқ мавжуд экан, сўз унутилиши мумкин эмас. Лекин сўз ўзини сўзлата оладиган ва ўзи билан баҳслаша оладиган Одамнинг келишига ишонади.
Иброҳим Ғафуров — сўзни ақлнинг жавҳари, Етукка етиш имкони деб биладиган адиб. Мутолаа, ёзиш, фикр излаш, ижод уни шундай хулосага олиб келган. Аслида классик адабиётдан, даҳо ижодкорлардан олинган сабоқ бу. Шунинг учун у сўзлардан дурдоналар ясаган адибларнинг асарларини таржима қилади, улардан ақлу
тафаккурни улуғловчи фикрлар, Етуклик қидиради. Менинг фикримча, етукликни кимда эканлиги эмас, балки унинг муқаррарлигига ишониб, унга талпиниб яшаш ибратлидир.

Сўз ақлнинг тўла ифодачиси эмас, бироқ усиз ақлнинг шаклланишини, ўсишини, Етукка етишини тасаввур қилиш мушкул. Шунинг учун адиб ёзади: “Инсон ақлига ақл қўшиб боргани сайин Яратганни теран англайди. Ақлига ақл қўшилгани сайин имонига имон қўшилади. Ақлнинг бойлиги ва ўсиши имоннинг бойлиги ва ўсиши – камолотига айланади…”. Ақлга ақл қўшиш билан Худога яқинлашиб бориларкан, ақлнинг жавҳари бўлган сўз ҳам муборак бўла боради. “Шунинг учун, адиб таъкидига кўра, “сўзни илоҳий деб тушуниш, уни муқаддас деб билиш” зарур.
Иброҳим Ғафуров — Шарқ классик адабиёти ва ўзбек адабиёти тарихининг билимдони. Шарқ классик адабиёти умрбоқий ғояларга, бетакрор нафислик ва маънавий улуғлик намуналарига тўла; ўзбек адабиёти тарихини билмай, севмай эса тилда кашфиёт қилиш мушкул. “Уйқумни ўчирди руҳият ҳазратлари, — деб ёзади адиб. —
Ҳушимни ўчирди аларнинг ҳайбатлари қулф урган ғайратлари…” Таниш ҳол. Уйқуни ўчирган сўз ҳазратларидир. Шунинг учун адиб асарларида Гуштасп, Зардўшт, Табарий, Умар Хайём, Халлож, Абул Ҳусайн, Румий, Ғаззолий, Навоий, Бобур, Машраб, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, устозлар — Озод Шарофиддинов ва Ғайбуллоҳ ас-Салом сўзлайди.

Иброҳим Ғафуров — сўзларни куйлата оладиган ва бўзлата оладиган шоир. Шоир сўзни куйлатиб тирикликни, гўзалликни, боқийликни улуғлайди, сўзнинг бўзлагани эса шоирнинг иллатлардан халос бўлишга даъватидир.
Адибнинг ҳар бир асарида шоирона идрок муқаррардир; у шоирона нафислик билан тасвирларига, образларига, шеърларига қиёслар, ташбиҳлар, сифатлар қидиради. Унинг шеъриятга машрабона ошиқ қалби ҳар қандай ифодани поетикага айлантиришга шай, Навоий, Оллоёр, Яссавий, Машраб, Нисше ҳақидаги эсселари  поэтикага монанд. Мансуралари эса шоирнинг биз ҳали англаб етмаган ва етарли баҳолай олмаган поэтик дурдоналаридир.
“Сув капалакни аллалаб ухлатарди. Майин насим беланчагида”. Ажойиб поэтик нафислик! Шоир сўзларни куйлата туриб руҳни улуғликка чорлайди. “Шу қушчалик ҳолинг йўқми? – сўроқлайди юрагим. – Йўқми ғайрат, шижоат? Қирқилганми қанотинг? – Сўфийларнинг чўққисига чиқа бермас ҳар ким ҳам, — мен тасалли бераман
ўзимга. – Сўфийларнинг чўққисига чиқар кимса муҳаббати ўлмаса, санамларнинг ўт ишқидан асло умид узмаса”. Сўфийлик — улуғлик чўққиси. Ҳақу ҳақиқатга,Етукка чуқур муҳаббат кишини ушбу чўққига элтади. Аслида улуғларга эргашиш улуғликдан дарак.
Қуйидаги ноодатий тасвирни тингланг: “Ўлим тож кийдирар ишқнинг бошига. Янгиланар ўлим янгиланар ишқ мангу ясантириб борар бири бирини…” Сўфиёна мажоздан саволлар уйғонади. Ишқ изтироб бўлиши мумкин, лекин унинг ўлимга етаклаши ҳаётийми? Ишқ ўлим билан тожга муяссар бўладими? Менинг фикримча,
“Ишқ ўлди” — юрак бўзлашидир. Унинг тагида юрак унутолмаган бир нафис туйғу яширинган. Бу охирги мисрада яққолроқ ифода этилади: “Дарҳақиқат, ишқ ўлганда яшашдан нима қолади?” Ушбу шеърда шоир қалбининг сўзга сўфиёна ошиқлиги мужассамдир.
Иброҳим Ғафуров — сўзлардан, бадиятдан донишмандлик, ҳикмат излайдиган адиб-файласуфдир. У ким ҳақида ва нима ёзмасин асарларини сермаъно, сермағз қилишга интилади. Шунчаки тасвирчилик, баёнчилик бадиятнинг ҳам, фалсафанинг ҳам алдови эканини у яхши билади. Унинг ижод тарзи борлиқдан маъно-мағз,шарифлик ва суббуҳлик излашдир.
“Бутунлик” деб аталган мансурада бутунлик истаб, аммо бутун бўлолмаган одамнинг ўйлари ифодаланган. Адиб бутунликни “осон нарса” деб атайди. Чунки бутунда ўсиш йўқ, ўзгариш йўқ, ранг-баранглик йўқ, шу боис уни англаш осон. Ҳаётда эса бутунни топиш мушкул. У нидо қилади:

Айт, бутунми манави дарахт
ҳосилидан айрилган,
ҳосил бериб шох-бутоғи қайрилган?
Айт, бутунми, йўл бўйида
ташландиқ боғ?
Мунғаяди жуда қари
ўриклар лазиз мевалари
тамомила таланган?
Ёки айт-чи, бутунмикин,
манави билқиллана юриш
қилиб кетиб бораётган қиз?
Айт, бутунмисан сен ўзинг.
Уйқуга ётаётганда,
саҳарда ёстиқдан бош кўтарганда
ҳеч сезасанми ўзингни бутун?
Билмайсанми, қачон,
қачон бут бўлар одам?
Унгача бутунлик ҳақида
мендан сўрама.

Бутун бўлмаган одам бутунликни қаердан билсин, ахир. Ўта мураккаб саволга ўқувчисини рўпара қўяди. Ҳатто у, бутунлик ҳақида сўрама, парча-парча бўлиб кетган одамдан, деса ҳам муаммо ўқувчи қалбини тарк этмайди. “Парча-парча бўлиб кетган одам” етолмаган бутунликка кимдир, қачондир етиши керак, акс ҳолда
бутунлик ҳақида ўйларнинг бари лағвонадир.
Иброҳим Ғафуров — Ғарб адабиёти, фалсафаси ва эстетикасидан яхши хабардор олим. Айнан олимлик хислати унга жаҳон адабиётидаги бадиий-фалсафий ва нафосатшуносликка оид қарашларни, жараёнларни кузатиб, улардаги кашфиётларни илғаб боришга ёрдам беради. Шунинг учун унинг ўзи мансуралар жанрини
яратишга Борхес, Монтен, Сен-Сёнагон ва ҳинд, хитой, япон адиб-файласуфларининг асарлари таъсир этганини таъкидлайди. Худди шунингдек, у ўзининг олим-адиб сифатида шаклланишида Мопассан, Хемингуей, Эдгар По, Бабел, Грин, Балзак, Паустовский ва рус адиблари Достоевский, Распутиннинг хизмати катта
бўлганини эътироф этади. Албатта, буюк ижодкорларга эргашиш, уларнинг бадиий-эстетик меросидан баҳраманд бўлиш, қандай эзгу ва эътиборли машғулот бўлмасин, етарли эмас, олим-адибнинг ўзида ҳам бетакрор тафаккур, мушоҳада ва иқтидор бўлиши шарт эди. Бу ўринда олим-адибнинг юқоридаги ижодкорлар
ҳақидаги бадиаларини, ўзбек адабиётининг умрбоқий меросига кирган таржималарини, Навоий, Машраб,
Чўлпон ва замонавий адибларнинг бадиий-эстетик қарашларини ўрганишга бағишланган тадқиқотларини эслаш ўринлидир. Луис Борхеснинг ранг-баранг ёндашувларидан, турли бадиий-фалсафий ва эстетик мактабларни, оқимларни бирлаштирганидан ҳайратга тушган ўқувчилари: «Сиз қайси мактаб вакилисиз», деб
сўрашганида у: «Мен Шарқ ва Ғарб маданиятини ўзимга жо этганман», деб жавоб берган экан. Ушбу сўзларни Иброҳим ака ҳам ғурур билан такрорлаши мумкин.
Иброҳим Ғафуров — хушсўз ва дилсўз инсон. Аслида хушсўзлик ва дилсўзлик зиёлилик белгисидир. Мен Иброҳим ака билан беш-олти йил ҳаммаслак сифатида ёнма-ён юрганман. Унинг дарғазаб бўлиб бақирганини, биров ҳақида бадфикр билдирганини эшитмаганман. У сўзнинг уволи нималарга олиб келишини яхши
билади. Ҳинд фалсафасида “аура” деган тушунча бор. Унга кўра айтилган сўз беиз кетмайди, мутлақ унут бўлмайди. Сўзлар аура – макон, муҳит яратади. Номақбул муҳитга тушиб қолсангиз, сиқиласиз ва тезда уни тарк этгингиз келади.
Адиб ўн ёшидан бери бадиий сўз санъатига маҳлиёдир. Аввал халқ эртаклари, достонлари ва қўшиқлари унинг хаёлини забт этган бўлса, кейинчалик жаҳон адабиёти дурдоналари мақсадига айланди. 1956-1961 йиллари у Ўрта Осиё давлат университетининг филология факултетида таҳсил олди. Талабалик йилларидаёқ
“Танишув” (1959) ҳикоясини, кейинчалик адабий-бадиий мақолаларини чоп эттира бошлайди. У ўзбек ўқувчиларига адабиётшунос-танқидчи сифатида танилди. 1973 йили “Ёнар сўз” адабий-бадиий асарлари тўплами учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг лауреати унвонига, 1989 йили эса “Ўттиз йилнинг изҳори” асари учун
Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. “Ўттиз йилнинг изҳори” асари адибнинг ўз ижод йўлига бир назари, бадиий ижоднинг маҳобати ва инсонийликни улуғлаш санъати эканини англашга, очиб беришга интилиш эди. Ўзбек китобхонлари ва адабий-бадиий танқидчилик уни муносиб баҳолади. Мустақиллик йилларида
Иброҳим Ғафуров ижодида миллий адабиёт тарихига мурожаат кескин ошгани кузатилади. У “Авесто” ва Қуръони Карим, Яссавий, Сўфи Оллоёр, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Бухорий, Термизий, Бобур, Машраб, Фитрат, Беҳбудий, Ҳамза каби аждодларимиз меросига миллий истиқлол нуқтаи назаридан назар ташлайди, ундаги ахлоқий теранликлардан, илмга ташналиклардан завқланади.
Дадил айтиш мумкинки, Иброҳим Ғафуров ўзбек таржимашунослигида ўзига хос мактаб яратди. У жаҳон адабиётининг дурдоналари бўлган “Пангартра”, “Калила ва Димна”ни, мопассаннинг “Азизим”, Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, Нисшенинг ҳикматларини, Хемингуейнинг “Чол ва денгиз”, Ч. Айтматов ва В. Распутиннинг бир қатор романларини ўзбек тилига ўгирди. Ушбу асарларнинг қайта ва қайта нашр этилаётганини таржимоннинг маҳоратига берилган юксак баҳодир. Энг муҳими шундаки, адиб ҳар бир чет эл ёзувчисининг сўз маҳоратини, услубини, миллий ўзига хослигини чуқур билади ва туяди, шу боис ҳам унинг
таржималари ранг-баранг бадиий мактабларга тааллуқлилиги билан ҳавас уйғотади. Улардаги бадиий-фалсафий мушоҳадалар ва психологизмнинг таъсирчанлиги ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Шу кунларда 70 ёшини қаршилаётган Иброҳим ака Ғафуровга сиҳат-саломатлик, узоқ умр ва ўқувчиларни шод этадиган бадиий-фалсафий дурдоналар яратишда омадлар тилаймиз. Сўзларингиз янада пурҳикмат бўлсин, устоз!

099

Иброҳим Ғафуров
МУҲАББАТ МАЪРИФАТИ

Ер юзида шу бизнинг кунларимизгача қанча одам болалари ўтган бўлса, бари муҳаббат, севиш, яхши кўришни бошидан кечирган. Албатта, ибтидо замонларидаги муҳаббат ва севги билан янги ҳамда ҳозирги замонлардаги муҳаббат, севги ўртасида еру осмонча фарқлар бўлгани табиий. У бундан кейинги инсониятнинг даврларида ҳам ҳеч шак-шубҳасиз бўлади. Фақат техника, генетика, клонлаштириш, ҳамма нарсаларни компютерлар ва улардан ҳам қудратлироқ аппаратларга солиб ҳисоблаб чиқариш каби ҳодисалар муҳаббат, севги, яхши кўришга вақт ўтган сари жуда кучли таъсир кўрсатади. Муҳаббат, севги тобора ҳисоб-китобларга — оқилона, яъни ақл билан машиналар ёрдамида чиқарилган аниқ ҳисоб-китоблар, тавсияларга бўйсунади. Шу пайтгача чеклаб, чегаралаб бўлмаган инсоният ҳиссиётларини ақлиёт (рационализм) доирасида чеклашга, мустаҳкам, изчил, қатъий мантиқ қолипига солиш имконияти туғилади ва инсоният шу имкониятни танлайди ҳамда унга илм асосида риоя қила бошлайди.
Биз бу ерда муҳаббат, севги, яхши кўриш деган тушунчаларни бир маъноси доирасида қўлламоқдамиз. Улар асли бир нарса, лекин фикр-тафаккурда цивилизация ўсгани сари балки уларнинг маъно турланишлари ҳам юзага чиқа бошлаган бўлса сира ажаб эмас. Хусусан, Навоийнинг юқоридаги фавқулодда гўзал сўз-фикридаги ишқ билан биз тушунадиган ва ҳозир сўз юритаётганимиз муҳаббат, севги, яхши кўриш орасида ҳатто оддий назар билан солиштириб кўриш мушкул бўлган олам-олам ўзгачаликлар мавжуд бўлса керак. Навоий тилга олиб таърифлаган (унинг бундан ҳам турфароқ ва бундан ҳам рангинроқ, теранроқ таъриф-тавсифлари асарларида саховатнинг қўлидан тинимсиз сочилаётган тилла зарралари — зарафшонлари каби порлаб ётадилар) ишқ коинот билан битта вужудга айланган ишқ. У коинот билан бирлик касб этган қалбларда яшайди ва ўз коинотий ҳиссиётлари ва хусусиятларини касб этади. Адабий қаҳрамонлар доирасида олсак, Мажнун, Фарҳод, Вертер, Мишкин ёки реал тарихий нисбатларда эса инсониятнинг энг табиий одамлари бўлмиш ҳазрати ялавочлар — пайғамбарлар, Худо элчиларининг ишқи — худди мана шундай коинот миқёсларини ўзида ифодалаган ишқдир. Бу ишқ фақат табиий одамлардагина бўлади, табиий одамлардагина туғилади ва азалий камолот хусусиятига эга бўлади. Эсингиздами, Қайс билан Лайлининг Навоий достонида илк боғча сайлида кўришганлари? Қайснинг мажнунлиги ўшанда бошланди. У Лайлини кўриб дафъатан беҳуш бўлиб йиқилди. Унинг ҳиссиётлари висол ва гўзалликнинг қудратига дош беролмади. Эсингиздами, унинг бошига келган Лайли нима деди:

Ишрат чоғи меҳнатинг не яъни?
Шўробайи ҳасратинг не яъни?

Лайли ишқнинг тепасига етиб келди. Лекин унинг нима эканлигини ҳали тасаввур қилгани ва тушунгани йўқ. Шунинг учун беҳад ҳайроналик ва изтиробда шу ажойиб ифодаланган саволни бермоқда. У ҳали висолга етганда меҳнатнинг энг чексизи ва энг оғири бошланишини ва ҳасрат поёнсиз бир нуқтага чиқишини билмайди. Одамлар борки, висол ишқнинг энг сўнгги нуқтаси, самараси ва ҳосиласи — бош мақсади деб тушунадилар. Уларнинг назарида висолга муяссар бўлиш билан ишқ якунланади. Ёки якун босқичига киради. У ёғига «проза» бошланади.
Лекин етай деганда етиб бўлмайдиган ишқ —Мажнун, Фарҳод, Вертерлар ишқи ҳам мавжуд.
Етганда сақлаб бўлмайдиган ишқ — Баҳром Гўрлар ишқи — бу бошқа. Унинг висолида ҳамиша аччиқ, аламли айрилиқлар ётади. Булар инсониятнинг Худога яқинлиги ва яна ҳам тўғрироғи, Худо зуҳуроти эканлигининг бизга маълум қилинган бир сирли белгисидир.
Юқоридаги тушунчаларимизга қайтайлик. Муҳаббат фани деб айтаяпмиз. Муҳаббатнинг илми десак, муҳаббатнинг санъати десак, муҳаббатнинг нафосати десак, муҳаббатнинг маҳорати десак, балки яхшийди. Муҳаббат ўзимизнинг қадим ўзбекчада севгига тўғри келади. Лекин нозик бир фарқи бор. Муҳаббат ҳабибликни билдиради. У икки одам ўртасида ҳосил бўлади, икки одам ўртасида яшайди — бу икки одам миниб бораётган битта улов ёки сертўфон уммондаги битта қайиқ. Муҳаббатда бир-бирини англаш бўлади: буни биз юксак маънода ҳабиблик, дўстлик деймиз. Муҳаббат бир томонлама бўлмайди. Лекин мана севги, яхши кўриш эса тамомила бир томонлама бўлиш эҳтимолидан узоқ эмас. Севги ва яхши кўриш бир томонлама, яъни жавобсиз бўлиши мумкин. Унинг ожизлиги, аянчлилиги шунда. Лекин муҳаббат ҳабибликда ва доимо икки томонлама, яъни англанган ҳодисадир.
Энди «фан»нинг замирига қарайлик. «Фан» араб луғатларида «санъат», «нафосат», «нафислик» ва қолаверса, «ҳунар» деб тушунтирилади ва араблар ҳеч қачон «фан» деганда «илм»ни тушунмайдилар. Биз тушунган «фан»ни улар «илм» сўзи ва унинг ҳосилалари билан ифодалайдилар. Бизда қачон «фан» илм бўлиб кетди? Кейинги маданий замонларда жадидлик уйғонганда ва ҳаракат қудратини касб этганда, «илм-фан» деган қўшалоқ, жуфтланган тушунча қўллана бошланди. Бу тушунчани илк бора қўллаганлар жуда тўғри қўллаганлар ва тўғри тасаввурда бўлганлар. Ўзбек тилини янги тушунча билан тўлдирганлар ва бойитганлар. «Илм-фан» деганда улар илмлар ва санъатларни назарда тутганлар. Лекин кейин-кейин тилимизнинг стихиясига кенг киргач илк тўғри маъно унутилди ва «илм-фан» энди «илм-илм» ёки «фан-фан» деган маънода қўлланилиб кетди.
Навоийда «фан» сўзи анча кенг маъноларни қамраб олади. Ҳатто айрим ўринларда Навоий «фан» сўзига янги бир маъно йўналиши ҳам бағишлайди:

Ҳақ ваҳмидин улки йиғламоқ фан қилғай
Ул ашк анинг кўзини равшан қилғай.

Бу ерда «фан» сўзи «одат» маъносида қўлланмоқда. Навоийнинг машҳур:

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил

мисраидаги «фан» ҳам сўзнинг кутилмаган, гўзал «жадидий» маъносида ишлатилган. Академик Алийбег Рустамий ҳам буни «одат қилиш», «ҳунарга айлантириш», «одамийлик касб этиш» маъноларида қўлланганлигини қайд қилиб ўтади.
Энди биз муҳаббат фани деганда муҳаббатнинг санъатлари, моҳирликлари, нафосатлари, ҳунарлари, одатларини тушунамиз. Уч ҳарфдан иборат сўз тафаккур тараққиёти давомида шунчалар ажойиб маъноларни англатиш, ифодалаш қудратини касб этди. Бизнинг кунларимиздан 2 минг 50 йил илгари ёзилган Рим шоири Публий Овидий Назоннинг «Севиш фани» деган гўзал асари жаҳонга машҳур ва барча вақтларда севиб ўқилган. Овидий асарини аслиятда «арс аматория» деб атаган. Арс — лотинчада санъат, аматорий — севги. Бу асар Исо Масиҳо таваллудидан бир йил илгари дунёга келган. Бу китоб севиш санъатининг бутун ошублари, фитналари, ғамзалари, фасоналари, доғулиликлари, гўзал ҳунарлари ҳақида ҳикоя қилади. Рус тилига бу асар «Наука любить» деб ўгирилган. ХХ асрнинг буюк файласуфларидан бири Эрих Фромм «Севиш санъати» деб аталган фалсафий теран тадқиқот яратган. У муҳаббатнинг ранг-баранглиги ва инсоний, ижтимоий, эстетик моҳиятларини ҳозирги замон илмлари эришган тараққиёт нуқтаи назаридан туриб тадқиқ қилади. Муҳаббатга инсоннинг буюк бир қадрияти сифатида қарайди. Рус тилига Фроммнинг асари «Искусство любить» деб таржима қилинган.
Шулардан келиб чиқиб, ўзбек тилимизга «муҳаббат фани» деган тушунчани киритсак, мабодо у тилнинг истеъмол стихиясида ўзлашиб борса, ифода ва тасвирий бойлигимиз ортади,эҳтимол.
Ер юзида ҳозиргача қанча одам ўтган бўлса, барининг ўз муҳаббати бўлган, муҳаббат, севги, яхши кўришни ўз қалбига доир тушунган ва амал қилган. Бир миллиард, ўн миллиард, юз миллиард муҳаббат, севги, яхши кўриш амалиёти ҳақида сўз юритиш мумкин. Шунчалар алвон ва ранго-ранг бу ҳиссиёт соҳаси.
Фромм ўша асарида «Муҳаббат амалиёти эътиқод амалиётини талаб қилади», деб ёзади. Дарҳақиқат, эътиқод даражасидаги муҳаббат энг олий муҳаббатдир. Қадим шоирларимиз Ҳаким Ота, Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, тошбитикларимиздаги, Алп Эр Тўнгамиз тирик достонидаги буюкдан буюк ўланларда, Навоийгача ва унинг барча издошларида, Лутфий, Атоий, Машраб, Ҳувайдо, Сарёмий, Муқимийларда худди ана шундай амалиёти эътиқод даражасига кўтарилган ишқ-муҳаббат ҳақида ёзилганлигини кўрамиз. Ҳаким Ота «ҳақ зикрини ҳузур билан айтмиш керак», деганида ва унинг барча гўзал сатрларида эътиқод ва муҳаббатнинг мислсиз чаманлари очилиб ётганини кўрамиз. «Ҳузур билан айтиш» бу том маънода муҳаббат билан айтишдир ва шундагина, фақат шундагина ҳақ билан бирлик туғилади. Ҳақ билан бирлик туғилгандагина одам ўзини, ҳаётдаги ўрнини, вазифасини, инсонлик бурчини англаб, тушуниб етади. Англаб етиб, ҳаракат қилиш имкониятини топади. Ҳаким Ота яна айтади: «Ишқ очар ич кўзингни…». «Ич кўзи» ҳақидаги буюк тушунчанинг дунёга келаётганига эътибор беринг. «Ич кўзи» ҳақидаги тушунчани жуда замонавий жадидона тушунча — ҳатто модернистик, сюрреалистик тушунча деб билардик. Лекин бизнинг энг шимолий нуқта ва минтақадаги пири муршид, валий мужтабойимиз бу ҳақда узоқ XII асрдаёқ ўйлаган ва уни ишқнинг истилоҳлари ва шартлари доирасига киритган экан. Ич кўзининг очилиши инсон учун, ҳа, унинг ўзи учун тенгсиз гўзал самарага эга кашфиётдир. Ич кўзининг очилиши машаққатларда топиладиган кашфиётларнинг натижасидир. Қарангким, фикр гулзорлари булбулларининг ишини: Сулаймон Боқирғоний — жанобимиз Ҳаким Ота билан Европа фалсафасининг оталаридан бири Эрих Фромм муҳаббат ва унинг моҳияти борасида бир фикрга келиб, бир нуқтадан чиқиб турибдилар. Битта кичкинагина фарқ — Фромм ўз фикрини Ҳаким Отадан саккиз аср кейин кашф қилди. Эзгуликнинг кечи йўқ деб шунга айтилса керак. Фромм яна: «Инсоният муҳаббатсиз бир кун ҳам яшолмас эди», деб айтади. Бу дегани муҳаббат одамзодга илгаридан худди сув, ҳаво, ўт, нур, ризқ-рўз, бошпана ва муомала каби яшаш ва яшашни давом эттиришнинг биринчи заруратлари ҳамда шартларидандир. У инсонга Худони таниш ва дунёни билиш каби муҳим. Европа фалсафасидан ўз замонидаёқ саккиз юз — минг йилга ўзиб кетган ва ҳали ҳануз ўзишда давом этаётган Абу Ҳомид Ғаззолий муҳаббатнинг билиш билан чамбарчас боғлиқлигини кашф этган эди. У инсон табиатидаги тўрт сифатга эътиборни қаратган эди: баҳойим — ҳайвоний хислатлар; сабуъий — ваҳший хислатлар; шайтоний — шаккоклик хислатлари; рубубий — олий хислатлар. Очкўзлик ва жаҳолат бу — баҳойим; ғазаб, ҳақорат, қотиллик, исрофгарчилик бу — сабуъий; доғулилик, маккорлик, сотқинлик, мунофиқлик, ғирромлик, васвасага солиш бу — шайтоний; кибр, шуҳрат, мақтанчоқлик, маддоҳлик бу — рубубий. Шулар ҳақида сўзларкан, Ғаззолий муҳаббатнинг фани нималигини очади ва ёзади: «Муҳаббат фақат билишнинг натижаси бўлиши мумкин, чунки инсон фақат ўзи билган нарсанигина севади. Муҳаббат интилувчининг хусусияти…» (Ғаззолий. «Иҳё…»). Ғаззолий инсон муҳаббатини шу тариқа билиш ҳодисаси билан боғлайди. Билиш эса маърифатдир. Бундан мантиқан шундай хулосага келишимиз мумкинки, муҳаббатда фан, илм, санъат, ҳунар, кашф қандай куч-қудратга эга бўлса, маърифат ҳам шундай куч-қудратга эгадир. Ва янги бир тушунчани юқоридаги тушунчалар қаторига қўшиб қўямиз: муҳаббат маърифати. Бу маърифат устодлар ижоди дунёсида етакчи йўналишга эгадир.
Инсон ўзи ёқтирган нарсани севади. Ёқтириш жуда кучли бўлса, муҳаббатга айланади.
Одам ўзини севмай туриб ўзгани севолмайди. Ўзини севиш орқали одам бошқаларни севишга муяссар бўлади. Ўзини севмаса, бошқаларни ҳам севолмайди.
Одам табиатан очиқ дунёда яшаб, курашиб, тажрибалар орттириб ҳаётий зарур хулосалар чиқарган. У доим ўлим ва бахтсизликлардан қочишни, ўзини сақлаш — муҳофаза қилишни истайди. У муҳаббатнинг лаззат, азоб, фароғатлари боис ўлим ва бахтсизликларни енгиб боради. Ҳаёт муҳаббати бу аввало уни давом эттириш муҳаббатидир. Одамнинг оиласи, бола-чақаси, мол-мулклари, яқинлари, дўстларини севишида ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ. Чунки булар ҳаётнинг давом этиши ва маърифат поғоналари сари кўтарилиб бориши учун зарур. Одам учун буларсиз ҳаёт ҳеч қачон тўлиқ ва бут бўлолмайди. Одам ўз-ўзини насл орқали сақлаш ва давом эттиришни истайди. Ўғил-қиз, набиралари ва улар тимсолида келажак узоқ наслларини севади. Одам туғилган элини ундан севги талаб қилмай туриб севади. Одам ота-онасини улардан севги-муҳаббат кутмай, тама қилмай, севади. Одам фарзандларидан ҳеч нарса талаб қилмай уларни севади. Тамасиз, манфаатсиз муҳаббат унинг олий кўринишларидан ҳисобланади.
Лекин муҳаббат табиатан ҳиссиётлар меваси ва ҳодисаси ва доимо юрак, кўнгил мулкининг ўта турфа зиддиятлари, қарама-қаршиликларини ҳам майдонга келтириб, юзага чиқариб туради. Кўнгил мулкида, юракда Ғаззолий таърифлаган ҳиссиётлар хусусиятлари доим талаш, тортишиш, жанг, мужодала ҳолатида. Бизнинг азал ғаризаларимиз (инстинктларимиз) қадимгилар айтган нафси аммора (ҳайвонийлик), нафси лаввома (инсонийлик, одамийлик), нафси мутмайинна (илоҳий майинлик, юмшоқлик) мудом курашда. Шу курашларнинг натижаси сифатида муҳаббатда аҳду паймонлар, қасам ва қасамёдлар, қарор ва муқаррарликлар, қисмат ва толенинг қайта-қайта такрорланишлари юзага чиқади ва ҳукмга киради.
Гарчи Овидий муҳаббат қувончлари қисқа, дейди. Муҳаббатга ўргатиб бўлмас. «Оҳу итларга ўзини тутишни ўргатармикин? Қушлар қушчига ўзларини қандай тутишни кўрсатармикин?» — дейди.
Ҳар кимнинг ўз муҳаббати бор. Муҳаббат одамга бамисли туғишган каби. Муҳаббат одамга туғма каби.

Мен дутор бирлан туғишган кўҳна бир девонаман,
Ўз туғишгоним билан бир ўтда доим ёнаман.
(Чўлпон. «Галдир»)

Дутор деганда улуғ шоир бу ерда муҳаббатнинг чолғуси — унинг худди лира каби тимсолини назарда тутади. Муҳаббатнинг одамга бамисоли кўҳна сўз — илк бора пайдо бўлган Сўз, Калима, Логос сингари туғма, туғишган эканлигини шундай гўзал ифода этади. Бундай гўзал ифодаларни бугунги шеъриятимизда, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа шоирлар ижодида ҳам кузатиш мумкин.
Муҳаббат инсоннинг энг қудратли ва одамнинг руҳоний, жисмоний дунёларини ҳар томонлама ва бутунлай қамраб, чулғаб олгувчи, ўзига бўйсиндургувчи ҳиссиёт. Кўҳна адиблар ва уларгина эмас, ҳозирги қаламкашлар ҳам севги, яхши кўришни мастлик, қуллик, мубталолик, девоналик сингари тушунчалар — ҳолатлардан ажратмай тасвирлайдилар, минг бир турфа таърифлар, тавсифлар келтирадилар. Музика, фалсафа, поэзия дунёга келишини муҳаббат орқали изоҳлайдилар.
Ҳиссиётларимиз бизни ҳамиша қайгадир, нимагадир, кимгадир йўллайди. Бизни йўллаб, ҳаракатга ундаб тургувчи нарса бу — ҳиссиётлардир. У катта «МЕН» ва катта «СЕН»нинг ҳам йўлловчиси. Шахсимиз мағиз-маъносини, ички ва ташқи оламларимизни ташкил қилиб туради. Уюштиради. Фароғат ёхуд залолатга етаклайди. Ва бунда муҳаббат ва нафрат, ғазаб ва севинч, жаҳл ва жалолат доим ёнма-ён ва доим бири иккинчисига айланиб туради. Улар катта АҚЛни доим инкор қилади ва яна доим у билан яқиндан ҳамкорликда, муросаи мадорада бўлади. Уларнинг фақат биттасини ажратиб олиб тушунтириб бўлмайди. Тушунтириш тўлиқ бўлмайди. Уларни доим бир-бирига чоғлаб тушунтириш ва англаш тўғрироқ бўлади. Бунда диалектика ҳаммадан ҳам кўпроқ намоён бўлади ва ўз табиатини ҳар томонлама ошкор қилади. Шуниси ҳам борки, инсон ҳиссиётларининг биронта ҳам осони, осон тушунтириб бўладигани йўқ.
Ўз тарихининг тамомила кутилмаган бобларини очароқ XXI аср кирди. Эндиликда муҳаббат, севги, яхши кўришни ким қандай англайди, ким қандай тушунтиради, ким қай тарз риоя қилади унинг фанига, санъатига, ҳунарварликларига, одатлари, равишлари, истиғноларига? Янги замоналарда умуман буларга жой ажратилармикин, улар одамлар қалбидан янги жой топармикин? Бугун қандай муҳаббат ҳукмда?
Севиш, яхши кўриш, муҳаббат одамнинг ўзидан, ўз-ўзидан баландроқ, юксакроқ кўтарилиши ёки баландроқ кўтарилишга интилишидир. Муҳаббат мастлик ва парвоз. Яхши кўрган киши қушдай енгил бўлиб қолади. Унинг бизга ҳар дамда ҳаёт бахш этиб турган шу гўзал ҳавочалик оғирлиги йўқ. Одам муҳаббат қошида безанишни, чиройли бўлишни хоҳлайди. Бу ҳиссиёт туфайли унда қодирлик, ҳаракатга ундовчи куч-қудрат ҳосил бўлади.
Муҳаббатнинг диалектикаси: қасамлар, чексиз-интиҳосиз таърифлар, лутфлар ва назокатлар… доимги ғўрлик ва балоғат орасидаги ҳаракат ва ҳаракатсизликлар.

Юрагимни тарс ёрган лаззатсан, лаззат
Онгимдаги абадий оғриқсан, севги.
(Иқбол Мирзо. «Севги»)

Шу пайтгача муҳаббат, тўғрироғи, севгининг лаззатлари ва оғриқлари фақат кўнгил мулкидагина рўй беради, деб таърифланарди. Мана, янги замонанинг тасаввурида у энди онгга ҳам кўчяпти ва ундан вақтинча эмас, мангу ўрин эгаллаяпти. Севгининг тили муболағаларни хуш кўради, муболағалар бу гўзал ҳиссиётнинг ўз стихияси. Лекин ХХI аср ақлиёт ҳукмрон бўлаётган аср, у муболағаларни ўз арсеналида қолдирармикин? Чайқов ва ҳисоб-китоб, чексиз ҳисоб-китоб биринчи даражали аҳамият касб этмасмикин? Севги юракни, кўнгилнинг бепоён дунёларини тарк этиб фақат АҚЛ ва ОНГда ўрнашиб олмасмикин? Шоир айтмоқчи, унинг мангу оғриқлари энди фақат онг қаватларида кечмасмикин?

Момо Ҳаво тўймаган ҳавосан, ҳарир
Одам Ато сўймаган жонлиқсан, севги
Чўкаётиб тутганим хассан мен учун —
Севгилимдан минг карра ортиқсан, севги…
(Ўша шеър)

Шоир бу ерда севги «англами» ҳақида сўзлайди. Бу англамлар ҳам мутлақ, айни чоқда мутлақ бўлмаган, аксинча муаллақ севги ҳақиқатлари. Навоий тасвирлаган фироқ тоғининг ғубори — севги туғиладиган коинот ғубори билан замонамиз шоири айтаётган ҳаво, ҳарирлик, чанг ўртасида ошнолик, яқинлик кўринади, бу коинот чанги бир ердан олинган, зуваласи бир ерда пишган.

Эй дўст, ҳеч ким эмассан
хаёлим билан мастман
жим суриб ўтсам дейман
қадрдон қайғуларни
(Иқбол МИРЗО. «Қадрдон»)

Севги ўз қувончлари, мастоналикларини алқаган каби ўз қайғулари, айрилиқлари, азобларини ҳам алқайди. Севги унинг эгасига мудом қайғу қадар ширин. Шунинг учун у севги.

Ҳайдагандим дилимдан мунгни
Юрак қурғур шивирлаб деди:
Кўзларини севардинг уни
Киприклари чиройли эди…
(Зумрад)

Мунгни суюкли кўнгилдан қувишга қанчалар уринманг, у кетмайди. Унинг ҳайдалишида мангу қолиш бор.
Муҳаббат, севги, яхши кўриш мудом ғўрлик ва балоғат орасида яшайди, дедик. Одам муҳаббатда, бу гўзал ҳиссиётларда ўз бурчини англамаса, бу — ғўрлик бўлади. Одам нимага бораётганлиги ва бу хатти-ҳаракатларидан нималар ҳосил бўлажагини билмаса, бу — ғўрлик бўлади. Юҳанно ёзиб қолдирган «Хушхабар» «Азалда Каломуллоҳ бор эди», деган бениҳоя сирли муқаддас сўзлар билан бошланади. Бу юнонча Логос. Унинг замирида илоҳий куч ва мантиқ мавжуд. «Каломуллоҳ Худо наздида эди Каломуллоҳ Худо эди Азалданоқ у Худода эди» ва сўнг бироз ўтгач: «Дунё у орқали бор бўлган эди», дейилади. Бу чексиз фикр, теранликка заррача шак келтирмаган ҳолда Азалда Муҳаббат ҳам бор эди ва Муҳаббатсиз Калом — Логос вужудга келмасди, десак, борлиқнинг яратилишидаги куч-қудрат ва мўъжиза равшанроқ, тушунарлироқ бўлади. Борлиқ, мавжудлик ҳали вужудга айланмаганда ҳам, муҳаббат коинот чексизликларида эди. Фақат у сўнг ҳамма нарса вужудга келадиган зарра эди.

* * *

— Дода, — деди бир кун олти яшар набирамиз овози қамиш найдан чиқаётгандек қалтираб.
— Айя…
— Мен сизни яхши кўраман. Сизга мерседес олиб бераман…
Мен бир пас сўз тополмай турдим. Ана, сизга сабий муҳаббат! Ва ана сизга муҳаббат тўлиқлиги учун гаров бўладиган севги тортиғи.
— Мен ҳам сизни яхши кўраман, — деб олти яшар ошиқни маҳкам қучиб қўйдим.
Муҳаббат қайси замонларда бўлмасин, тиниқ булғанмаган булоқ эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Бу ёзувларга шундан кейин ўтирдим. Замоналар оша ғўрлик ва балоғат орасидаги муҳаббатнинг «ғариб кимиёлари» ҳеч қачон тугамайди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 49-сонидан олинди.

 

(Tashriflar: umumiy 1 039, bugungi 1)

Izoh qoldiring