Биринчи фарзандим ўлик туғилган ўша дақиқалардан буён мен учун ҳаёт маъносини йўқотди. Бунинг устига эримнинг аччиқ ва аламли йиғиси юрагимга ўқдек қадалди. Ўғлим бир сония бўлса-да, бу олам ёруғлигини кўролмасдан, ота-она меҳрига тўёлмасдан мени ташлаб кетди.
Чои Хи Су
САЖДАГОҲИМСИЗ, ОТАМ…
Биринчи фарзандим ўлик туғилган ўша дақиқалардан буён мен учун ҳаёт маъносини йўқотди. Бунинг устига эримнинг аччиқ ва аламли йиғиси юрагимга ўқдек қадалди. Ўғлим бир сония бўлса-да, бу олам ёруғлигини кўролмасдан, ота-она меҳрига тўёлмасдан мени ташлаб кетди.
Болам учун сотиб олган жажжи кийимчаларга тикилиб, кўзларимда ёш қалқийди. Ҳар доим нималарнидир хаёл сурадиган, паришонхотир бўлиб қолдим. Ич-ичимдан зил кетиб, охир-оқибат тўшакка михланиб қолдим. Кечаси тушларимга нуқул ўтган йили оламдан ўтган онам, кечагина айрилганим фарзандим кириб, алаҳсираб чиқдим. Кўзимни очсам, тепамда эрим ўтирибди.
-Нима бўлди?- деди эрим маъюс нигоҳ ташлаб. Кейин ичимдагини уқди, шекилли, қўшиб қўйди:
— Кўп ўзингни сиқаверма.
Разм солиб қарасам, отам ҳам келибди. У эшик яқинидаги қийшиқ стулчада базўр ўтирибди. Мени ўйлаб, қалбан қийналаётгани, ёрдам беришга ожизлигидан нима қилишни билмай хайронлиги юзидан сезилиб турарди.
— Ўзингни қўлга ол,- деди у бир нуқтага тикилганча. Лекин гап менга тегишли эканлигини сездим…
Кечга яқин бош кўтара олмайдиган даражада ётиб қолдим… Болам юклаган қайғу мени адойи тамом қилаёзган эди. Отам қўлида аллақандай дори билан кириб келди. Рангсизланиб қолган пиёлада илиқ сув ва дори тутди:
— Мана шуни ичиб ол, болам.
Ўлган фарзандимни юрагимга кўмган, шунинг учун негадир бўғзимга йиғи тиқилаверар эди. Жонхолатда дори ва пиёлани ирғитиб юбордим:
-Ичмайман!!! Ичмайман!!! Ичмайман!!!
Ёшлигимдан менинг эркаликларимга кўникиб қолган отам индамай қўя қолар эди. Бу сафар негадир қаҳрли ўткир нигоҳ билан қаради.
— Ўғлингнинг орқасидан кетмоқчимисан!!!- деди бақириб. Мен отамни бунақа ҳолатда умуман кўрмагандим. — Нима мен ўйламаяпманми ўғлингни… Сенга ўғлинг керак, биламан… Лекин сен ҳам менинг фарзандимсан. Менгаям сен кераксан, тушундингми? Сен мени ҳам ўйла… Ўрнингга мени қўйиб кўр…
Бир сўз демай ўзимни отамнинг бағрига отдим. Болалигимда отам мени кўтарганда димоғимга куйган ёғ ҳиди урилар эди. Ҳозир ҳам «қадрдон ҳид»ни туйдим.
— Мени ўйла, болам… Сенинг қийналаётганингни кўриб, томошабин бўлиб туролмайман,- бу сафар отам юмшади. — Сиқилма. Ҳали бағринг болаларга тўлиб кетади. Болаларингга ўзим бувалик қиламан…
Кўнглим бузилиб кетди. Отамнинг елкасига бош қўйиб, юм-юм йиғладим.
— Отажон!!!
Шу кундан бошлаб, тушларимда отамнинг ўша қаҳрли қиёфаси намоён бўладиган, мени кўнглимни кўтарадиган бўлди.
«Нима бўлса ҳам мени ўйлайдиган отажон! Сиз менинг саждагоҳимсиз! Сиз олтиндан-да бебаҳо керагимсиз!»
Корейсчадан Отабек Йўлдошев таржимаси
Choi Xi Su
SAJDAGOHIMSIZ, OTAM…
Birinchi farzandim o’lik tug’ilgan o’sha daqiqalardan buyon men uchun hayot ma’nosini yo’qotdi. Buning ustiga erimning achchiq va alamli yig’isi yuragimga o’qdek qadaldi. O’g’lim bir soniya bo’lsa-da, bu olam yorug’ligini ko’rolmasdan, ota-ona mehriga to’yolmasdan meni tashlab ketdi.
Bolam uchun sotib olgan jajji kiyimchalarga tikilib, ko’zlarimda yosh qalqiydi. Har doim nimalarnidir xayol suradigan, parishonxotir bo’lib qoldim. Ich-ichimdan zil ketib, oxir-oqibat to’shakka mixlanib qoldim. Kechasi tushlarimga nuqul o’tgan yili olamdan o’tgan onam, kechagina ayrilganim farzandim kirib, alaxsirab chiqdim. Ko’zimni ochsam, tepamda erim o’tiribdi.
-Nima bo’ldi?- dedi erim ma’yus nigoh tashlab. Keyin ichimdagini uqdi, shekilli, qo’shib qo’ydi:
— Ko’p o’zingni siqaverma.
Razm solib qarasam, otam ham kelibdi. U eshik yaqinidagi qiyshiq stulchada bazo’r o’tiribdi. Meni o’ylab, qalban qiynalayotgani, yordam berishga ojizligidan nima qilishni bilmay xayronligi yuzidan sezilib turardi.
— O’zingni qo’lga ol,- dedi u bir nuqtaga tikilgancha. Lekin gap menga tegishli ekanligini sezdim…
Kechga yaqin bosh ko’tara olmaydigan darajada yotib qoldim… Bolam yuklagan qayg’u meni adoyi tamom qilayozgan edi. Otam qo’lida allaqanday dori bilan kirib keldi. Rangsizlanib qolgan piyolada iliq suv va dori tutdi:
— Mana shuni ichib ol, bolam.
O’lgan farzandimni yuragimga ko’mgan, shuning uchun negadir bo’g’zimga yig’i tiqilaverar edi. Jonxolatda dori va piyolani irg’itib yubordim:
-Ichmayman!!! Ichmayman!!! Ichmayman!!!
Yoshligimdan mening erkaliklarimga ko’nikib qolgan otam indamay qo’ya qolar edi. Bu safar negadir qahrli o’tkir nigoh bilan qaradi.
— O’g’lingning orqasidan ketmoqchimisan!!!- dedi baqirib. Men otamni bunaqa holatda umuman ko’rmagandim. — Nima men o’ylamayapmanmi o’g’lingni… Senga o’g’ling kerak, bilaman… Lekin sen ham mening farzandimsan. Mengayam sen keraksan, tushundingmi? Sen meni ham o’yla… O’rningga meni qo’yib ko’r…
Bir so’z demay o’zimni otamning bag’riga otdim. Bolaligimda otam meni ko’targanda dimog’imga kuygan yog’ hidi urilar edi. Hozir ham «qadrdon hid»ni tuydim.
— Meni o’yla, bolam… Sening qiynalayotganingni ko’rib, tomoshabin bo’lib turolmayman,- bu safar otam yumshadi. — Siqilma. Hali bag’ring bolalarga to’lib ketadi. Bolalaringga o’zim buvalik qilaman…
Ko’nglim buzilib ketdi. Otamning yelkasiga bosh qo’yib, yum-yum yig’ladim.
— Otajon!!!
Shu kundan boshlab, tushlarimda otamning o’sha qahrli qiyofasi namoyon bo’ladigan, meni ko’nglimni ko’taradigan bo’ldi.
«Nima bo’lsa ham meni o’ylaydigan otajon! Siz mening sajdagohimsiz! Siz oltindan-da bebaho keragimsiz!»
Koreys tilidan Otabek Yo’ldoshev tarjimasi
Салом,қадрли сайт,яхши ҳикоя берибсизлар,раҳмат!Дунё халқларининг кулги ва йиғилари бир деб шуни айтишса керак,аслида,жаннат оталаримизнинг ҳам оёғи остидадир.