Кўҳликкина ва вазмин, йигирма етти яшар мексикалик жувон бир неча йил олдин варьетенинг анча танилган артисткаси эди. Кейинчалик у бировларнинг уйларида томоша кўрсатадиган кўзбойлоқчи-иллюзионистга турмушга чиқди. Энди бўлса, Сарагосада яшайдиган қариндошларини бориб кўрганидан кейин эриникига қайтаётганди. Ёмғир остида йўлдан ўтган-кечган енгил автомобиллар ва оғир юк машиналарига жизғанак бўлиб, роса бир соат беҳудага қўл силкиди. Ниҳоят лойга беланган автобус ҳайдовчисининг раҳми келиб тўхтади. Лекин узоққа бормаслигини айтиб огоҳлантирди.
Габриэл Гарсиа Маркес
МЕН ТЕЛЕФОНДАН ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИШ
УЧУНГИНА КЕЛГАНДИМ
Русчадан Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси
Мария-де-ла-Лус Сервантес ёлғиз ўзи баҳорнинг ёмғирли кунида ижарага олган автомобилида Монтенегрос деган кимсасиз жойга етган чоғда машина бузилиб қолди.
Кўҳликкина ва вазмин, йигирма етти яшар мексикалик жувон бир неча йил олдин варьетенинг анча танилган артисткаси эди. Кейинчалик у бировларнинг уйларида томоша кўрсатадиган кўзбойлоқчи-иллюзионистга турмушга чиқди. Энди бўлса, Сарагосада яшайдиган қариндошларини бориб кўрганидан кейин эриникига қайтаётганди. Ёмғир остида йўлдан ўтган-кечган енгил автомобиллар ва оғир юк машиналарига жизғанак бўлиб, роса бир соат беҳудага қўл силкиди. Ниҳоят лойга беланган автобус ҳайдовчисининг раҳми келиб тўхтади. Лекин узоққа бормаслигини айтиб огоҳлантирди.
– Майли, – деди Мария. – Мен телефондан қўнғироқ қилиб олишим керак.
Ҳақиқатан ҳам у фақат қўнғироқ қилиб, кечки соат еттига етиб боролмаслиги ҳақида эрини огоҳлантириб қўйиши лозим эди. Талабалар пальточаси ва пляж бошмоғи кийган жувон сувга бўккан жўжага ўхшарди. Бошига тушган кўргиликдан шу қадар гангиб қолган эдики, ҳатто машина калитини олишни ҳам унутди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган қадди-қомати ҳарбийларникидек бўлса-да, хушмуомала аёл унга сочиқ, одеял берди ва ёнига ўтқазиш учун нарироқ сурилди. Мария одеялга ўралиб ўтирди, сигарета чеккиси келди, лекин гугурт намиқиб қолган экан. Қўшниси гугурт чақди ва битта сигарета сўради. Қутидаги сигаретанинг бир нечтаси қуруқ қолганди. Улар сигарета тутатишди. Мария ичидагини тўкиб солишдан ўзини тия олмади. Ёмғир ва гувиллаётган мотор шовқинини босадиган даражада баланд овозда гапира бошлаган ҳам эдики, аёл кўрсаткич бармоғини лабига босиб, уни тўхтатди.
– Ухлашяпти, – шивирлади у.
Мария елка оша орқага назар ташлаб, автобус турли ёшдаги ва турли ҳолатдаги аёлларга тўла эканини кўрди. Уларнинг ҳаммаси худди Марияникига ўхшаш одеялларга ўралганча ухлаётган эдилар. Қўшнисининг бамайлихотирлиги Марияга ҳам “юқди” ва у тузукроқ жойлашиб олди-да, ёмғир шовқини остида мудрай бошлади. Уйғонганида қоронғи тушган, жала кучли аёзга алмашганди. Мария қанча ухлагани ва ҳозир қаерга келиб қолганидан мутлақо бехабар эди. Қўшни аёл жанговар ҳолатга кирганга ўхшарди.
– Қаёққа келдик? – сўради Мария.
– Келдик, – жавоб қилди аёл.
Автобус тош ётқизилган ҳовлига кирди. Баҳайбат дарахтлар билан ўралган катта мудҳиш бино эски монастирга ўхшаб кетарди. Хира кўча чироғи ёритаётган аёллар қомати ҳарбийларникидек хотин боғча опадай оддий буйруқлар бериб, уларни автобусдан тушишга мажбур қилмагунча қимир этмадилар. Аёлларнинг барчаси анча ёшга бориб қолган бўлиб, ғира-шира ҳовлида шунчалик эҳтиёткорона боришардики, Мария уларни гўё тушида кўраётгандек бўлди. Энг охирида тушган Мария улар роҳибалар бўлса керак, деб ўйлади. Лекин автобус эшиги олдида кутаётган формали хотинлар намиқмасликлари учун аёлларнинг бошига одеял ташлаб, сафга тизиб, бир оғиз ҳам гапирмасдан, бир маромда қарсак урган ҳолда ҳайдаб кетишганида, ҳатто нима деб ўйлашини ҳам билмай қолди. Мария қўшни аёл билан хайрлашди, унга одеялни қайтиб бермоқчи бўлди, лекин у ҳовлидан ўтаркан, бошини ёпиб олиши кераклигини, сўнгра одеялни қоровулхонага топширишни айтди.
– У ерда телефон борми? – сўради Мария.
– Албатта, – жавоб берди аёл. – Қаерда эканини сизга кўрсатишади.
У Мариядан яна битта сигарета сўради. Мария намиққан қутидаги сигареталарнинг ҳаммасини унга берди. “Йўлда қуриб қолади”, деди у. Аёл автобус пиллапоясида турганча қўл силкиб хайрлашаркан, “Омадингизни берсин”, деб қичқирди. Автобус ўрнидан қўзғалди ва бир зумда ғойиб бўлди.
Мария кириш эшиги томонга чопди. Соқчи хотин қаттиқ қарсак уриб, уни тўхтатмоқчи бўлди, лекин қатъий оҳангда бақиришга мажбур бўлди: “Тўхта, дедим!”. Мария одеял тагидан мўралади ва муздай нигоҳни ҳамда эътирозга ўрин қолдирмай сафни кўрсатган кўрсаткич бармоқни кўрди. У бўйсунди. Даҳлизда гуруҳдан ажралиб, дарвозабондан телефон қаерда эканини сўради. Соқчилардан бири елкасига қоқиб, сафга қайтишга мажбур қиларкан, ширинсўзлик билан деди:
– У ёқда, гўзал қиз, телефон у ёқда.
Мария аёлларга эргашиб, қоронғи даҳлиздан ўтди ва каттакон умумий ётоққа кирди. Бу ерда соқчилар одеялларни тортиб олдилар ва аёлларни кроватларга тақсимладилар. Марияга бошқаларига қараганда одамшаванда кўринган ва мансаби каттароқ соқчи аёл рўйхатни хотинларнинг кўкрагига тикилган картон қоғозга ёзилган исмлари билан солиштириб, ётоқни айланиб чиқди. Марияга гал келганида, унинг исми ёзилмаганига ҳайрон бўлди.
– Гап шундаки, мен телефондан қўнғироқ қилиш учунгина келдим, – деди Мария.
Шундан кейин у йўлда машинаси бузилиб қолганини шоша-пиша тушунтира бошлади. Кўзбойлоқчи-иллюзионист эри уни Барселонада кутяпти, бу оқшом эри уч марта томоша кўрсатади, Мария етиб боришга улгурмайди ва томошаларга боролмаслиги тўғрисида эрини огоҳлантириб қўймоқчи. Ҳозир соат етти бўлай деб қолди. Ўн дақиқадан кейин эри уйдан чиқиб кетади ва хотини кечиккани учун томошаларни бекор қилишидан чўчимоқда. Соқчи, афтидан, қизни диққат билан эшитаётганга ўхшарди.
– Исминг нима? – сўради у.
Мария исмини айтди ва енгил тортди аммо рўйхатни яна бир неча бор кўздан кечирган аёл унинг исмини топмади. Ташвишланиб, бошқа соқчи аёлдан нима гаплигини сўради, у ҳеч нарса демай, елкасини учирди, холос.
– Гап шундаки, мен телефондан қўнғироқ қилиш учунгина келувдим, – деди Мария.
– Яхши, гўзал қиз, – деди каттаси уни кроват томонга бошлар экан. – Агар ўзингни яхши тутсанг, кимга хоҳласанг, шунга телефон қилишинг мумкин. Лекин фақат бугун эмас, эртага.
У бу сўзларни шунчалик меҳрибонлик билан айтдики, ишонмасликнинг иложи йўқ эди.
Шундагина Мария ҳамма гапни тушуниб етди, хотинларнинг автобусдан нега бу қадар гарангсираб чиққанларининг сабабини англади. Уларнинг ҳаммаси асабни тинчлантирадиган укол қилишгани учун шу қадар гангиб қолган, қалин деворлари йўнилган тошлардан кўтарилган, зинапоялари қўрқинчли, зулматга кўмилган бу сарой бўлса – жиннихона. Даҳшатга тушиб, ётоқдан қочиб чиқди, лекин айвонгача етиб боролмади. Норғул соқчи аёл, худди уста полвонлардек, уни ушлаб олди, моҳирона усул ишлатиб ерга йиқди ва полга босди. Мария кўз қири билан унга қараб, даҳшатдан мурда бўлиб қолди.
– Худо ҳаққи, – дея олди, – сенга марҳум онам ҳаққи қасам ичиб айтайки, мен фақат телефондан қўнғироқ қилиш учун келдим.
Бироқ, ақл бовар қилмайдиган даражада кучли бўлгани сабабли Геркулина деб аташадиган бу қутурган девни ҳеч қандай тавалло билан юмшатиб бўлмаслигини англаш учун унинг юз-кўзига назар ташлашнинг ўзи кифоя эди. Уни алоҳида ҳоллар учун ёллашганди, иккита зоҳид аёл унинг учраганни ўлдиришга ўргатилган оқ айиқникидек каттакон панжалари остида бўғилиб, жон таслим қилганди. Биринчи воқеа бахтсиз ҳодиса деб топилганди. Иккинчи ҳодиса сабаблари номаълум қолган, аммо кейинги гал синчиклаб тергов ўтказилиши хусусида Геркулинани қаттиқ огоҳлантиришган эди. Подасидан адашган бу номдор махлуқ Испаниянинг бир нечта жиннихоналарида қатор шубҳали бахтсиз тасодифларга йўл қўйгани ҳақида миш-мишлар юрарди.
Биринчи кечаси Марияни ухлатиш учун унга уйқу дори укол қилишга тўғри келди. Сигарет хумор қилгани учун тонг чоғи уйғониб, ўзини билаклари ва тўпиқларидан кроватга боғлиқ ҳолда кўрди. Ҳарчанд бақирмасин, ҳеч ким келмади. Эрталаб, эри уни Барселонадан қидириб, изини ҳам топмаган вақтда, ўз нажасига булғанган ҳолда беҳуш ётган Марияни лазаретга ўтказишларига тўғри келди.
Беҳуш ҳолатда қанча ётганини билмайди. Аммо энди бутун олам ҳузур-ҳаловат ва меҳрга кўмилган, кроватининг тепасида бўлса, айиқдай лапанглаб юрадиган ва табассуми асаб тинчлантирадиган доридай таъсир қиладиган улуғвор қария турарди. У кўзбойловчилардек моҳирона иккита қўл ҳаракати билан Марияга хуш кайфият бағишлади. Кекса врач санаторий директори эди.
Мария у билан саломлашмасданоқ, энг аввало, сигарета сўради. Қария унга туташтирилган сигарета берди ва деярли тўла бир қути сигарета совға қилди. Мария ҳўнграб юборди.
– Кўп яхши, кўп яхши, яхшилаб йиғлаб олгин, – деди врач аллаловчи овозда. – Йиғи – энг яхши доридир.
Мария уялиб-нетиб ўтирмай, ҳасрат тўкишга киришди. Ҳолбуки, ҳатто, тасодифий жазманлари билан тўшакдан кейин зерикиш ва нафрат лаҳзалари бостириб келганида ҳам у бу даража ёзилиб сўзлашишга муваффақ бўлолмаганди. Врач унга қулоқ соларкан, панжаси билан жувоннинг сочларини таради, енгил нафас олиши учун ёстиғини тўғрилаб қўйди ва Мариянинг шубҳаларини шундай усталик ва назокат билан тарқатиб юбордики, бундай бўлишини у ҳеч қачон орзу ҳам қилмаганди. Жувоннинг умрида биринчи бор мўъжиза рўй берган: эркак унга диққат билан қулоқ солаётган, бутун борлиғи билан тушуниб етган, бунинг учун мукофот – қиз билан ётишни кутмаётган эди. Жувон ичида борини роппа-роса бир соат тўкиб солди ва охирида эрига телефондан қўнғироқ қилишга рухсат беришларини илтимос қилди.
Врач мансабига яраша ўзига муносиб улуғворлик билан қаддини ростлади. “Ҳозирча мумкин эмас, маликам, – деди у Мариянинг ёноқларини шу чоққача қиз ҳеч кимдан, ҳеч қачон кўрмаган назокат билан силаб қўяркан. – Ҳамма нарсанинг ўз вақти-соати бор”. Остонада ўгирилиб, қизга руҳонийларча дуо ишорати қилди ва шу билан абадий гум бўлди.
– Менга ишонавер, – деди у чиқаркан.
Ўша куниёқ Мариянинг исми касалхона мижозлари рўйхатига навбатдаги рақам остида тиркалди ва шоша-пиша қуйидагича илова қилинди: шахси номаълум, насл-насаби аниқланмаган. Ҳошияга директорнинг ўз қўли билан бундай хулоса битилганди: асов.
Мария тахмин қилганидек, эри уларнинг Орта даҳасидаги камтарона квартираларидан ярим соат кечикиб чиқди ва томоша кўрсатишга жўнади. Уларнинг салкам икки йиллик эркин ва тотув иттифоқи мобайнида Мария илк бор ўз вақтида келмаганди. Эри бунга шанба ва якшанбада теварак-атрофда куни бўйи қутуриб ёғган жала сабабчи бўлган, деб ўйлади. Кетиш чоғида Мариянинг ўқиши учун кечки томошаларининг жадвалини ёзиб, эшикка қистириб кетди.
Барча болалар кенгуру қиёфасига кирган биринчи томошада ўзининг машҳур кўринмас балиқлар фокусидан воз кечди, чунки Мариянинг ёрдамисиз бу фокусни кўрсата олмасди. Иккинчи томошаси тўқсон уч яшар кампирнинг уйида бўлиши керак эди. Кампир сўнгги ўттиз йилда ҳар бир туғилган кунини янги кўзбойлоқчи иштирокида нишонлашни ўзига одат қилганди. Мария кечиккани учун унинг дили шу даражада хира бўлгандики, ҳатто энг оддий найрангларни ҳам уддалай олмади. Учинчи томоша Рамблас қаҳвахонасида кундалик кечки дастур асосида ўтказилди. Сеҳрни шунчаки лўттибозлик деб ўйлагани учун кўраётганига ҳеч ишонмаётган француз туристлари олдида ҳеч бир илҳомсиз ишлади. Ҳар бир томошадан кейин уйига қўнғироқ қилиб, Мариянинг гўшакни кўтаришини ишониб-ишонқирамай кутди. Охирги қўнғироқдан кейин у ичига оралаган фалокат туйғусини боса олмай қолди.
Томошалар учун махсус жиҳозланган мўъжаз юк машинасида уйга қайтаркан, Пасео-де-Грасиа кўчасида баҳорда кўркамлашиб кетган ажойиб пальмаларга кўзи тушди ва Мария бўлмаса бу шаҳар нақадар ғариб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрдан ларзага келди. Ўзи ёзиб кетган мактубчаси ҳануз эшикка осиғлиқ эканини кўриб, охирги умиди ҳам йўққа чиқди.
Таъби шу даража тирриқ бўлдики, мушукка овқат беришни ҳам унутди.
Фақат шу чоғда, мана шу сатрларни ёзаётиб, мен қўққисдан унинг ҳақиқий исмини ҳеч қачон билмаганимни тушундим. Барселонада ҳаммамиз унинг артистлик лақабинигина билардик холос: Афсунгар Сатурно. Унинг феъли-хуйи ғалати, одамови бўлиб, ўзгалар билан чиқиша олмасди. Унга етишмаган тавозе ва мулозамат деган нарса Марияда тўлиб-тошиб ётарди. Улкан жумбоқларга тўла халойиқ оламида Мария уни етаклаб юрар ва бу оламда хотинининг тақдиридан ташвишланиб, ярим кечаси кимгадир қўнғироқ қилиш ҳеч қачон ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Бир куни, қачонлардир, Сатурно Барселонага келибоқ тун ярмида кимгадир қўнғироқ қилган ва шундан буён бу ҳақда эслашни ҳам хоҳламай қўйганди. Шундай бўлса-да, у ҳозироқ Сарагосага қўнғироқ қилишга қарор қилди ва уйқусираган буви, заррача ташвишланмай, Мария тушдан кейин жўнаб кетганини айтди. Тонгга яқин Сатурнонинг кўзи илинди ва бор-йўғи бир соат ухлай олди холос. Елимшак туш кўрди: Мария қонга бўялган, жулдур келин кўйлакда эди – у даҳшатдан уйғониб кетди ва хотини уни энди абадий ёлғиз ташлаб кетганига амин бўлди, усиз поёнсиз бу олам ҳувиллаб қолгандай бўлди.
Кейинги беш йил ичида хотини уни, ўзини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, уч нафар эркак билан уч бора ташлаб кетганди. Танишганларидан ярим йил ўтгандан сўнгра Ансурес туманидаги мўъжазгина хизмат хонасида телбаларча ишқлари авжига чиққан, бахт-саодатдан ёрилиб ўлай деганларида Мария уни ташлаб кетган эди. Бир гал бутун кечани тийиқсиз ишқ ўйинлари билан ўтказганларидан кейин саҳармардонда Мария ғойиб бўлиб қолди. У ўзининг барча нарсаларини, ҳатто, олдинги никоҳидан қолган узугини ҳам бир мактуб билан ташлаб кетганди. Мактубда у бу тийиқсиз севги тўфонига ортиқ дош беролмаслигини ёзганди. Сатурно у олдинги эрининг ёнига қайтган бўлса керак, деган хаёлга борди. Улар мактабдош бўлиб, Мария вояга етмагани учун яширинча турмуш қуришган, лекин севгидан холи икки йиллик турмушдан кейин Мария кетиб қолган эди. Йўқ, Мария собиқ эриникига эмас, ота-онасиникига қайтган экан. Сатурно нима қилиб бўлса ҳам қайтариб опкелиш учун уни излаб борди. Ҳеч қандай шарт қўймасдан, бажариши мумкин бўлганидан ҳам каттароқ ваъдалар бериб, роса ялинди. Бироқ қаттиқ қаршиликка дуч келди. “Узоқ давом этадиган севги ҳам, қисқаси ҳам бўлади, – деди Мария унга ва шафқатсизларча хулосалади: – Буниси қисқа бўлиб чиқди”. У оёғини тираб олди ва Сатурно таслим бўлди. Лекин деярли бир йил муқаддам етим қолган квартирасига Барча Авлиёлар куни эрта тонгда қайтиб, сунъий оқ гуллар билан безатилган гулчамбар таққан ва покиза бокираларнинг узун ҳилпироқ шаффоф рўмолини ўраган Марияни меҳмонхонадаги каравотда ухлаб ётган ҳолда кўрди.
Мария унга ростини айтди. Янги куёв – деярли осуда ҳаёт кечираётган бефарзанд бева католик черковида никоҳдан ўтиб, уйланишга астойдил қарор қилган, лекин келинкўйлак кийган қизни меҳроб олдида ташлаб кетганди. Қизнинг ота-онаси, шунга қарамай, тўйни ўтказишга қарор қилишган, у ҳам бу ўйинга рози бўлган эди. Рақс тушди, отарчиларга қўшилиб, ашула айтди, кўпроқ ичиб қўйди ва кечиккан виждон азобида ўртаниб, ярим кечаси Сатурноникига йўл олди.
Сатурно уйида йўқ эди, аммо у даҳлиздаги гултувак остига қўйилган калитни топди. Улар калитни доимо ўша ерда қолдиргувчи эдилар. Аёл бу гал ҳеч қандай шартсиз таслим бўлди. “Энди бу қанча давом этади?” – сўради Сатурно. Мария Виннисиус ди Морайснинг сўзлари билан жавоб қайтарди: “Давом этган севги – абадийдир”. Мана, орадан икки йил ўтган бўлса-да, севгилари ҳануз абадийлигича қолаётганди.
Мариянинг эси кириб қолганга ўхшарди. Актёрлик орзуларидан кечиб, иш борасида ҳам, ишқ борасида ҳам ўзини бутунлай эрига бағишлади. Йил охирида улар афсунгарларнинг Перпиньяндаги конгрессига боришди, қайтишда Барселонага киришди. Шаҳар уларга шунчалик ёқиб қолдики, мана, қарийб тўққиз ойдан бери шу ерда истиқомат қилишяпти. Ҳаммаси кўнгилдагидай эди – типик каталон даҳаси Ортадан квартира сотиб олишди. Уй сершовқин, қоровули йўқ, лекин хоналари бешта болани ҳам сиғдирса бўладиган даражада кенг-мўл эди. Бундан катта бахт бўлиши мумкин эмасди. Бахт-саодат Мария ижарага машина олиб, қариндошларини кўриб келгани Сарагосага кетган ўша ҳафта охирига қадар давом этди. Мария душанба куни кечки соат еттида қайтиб келишга ваъда берганди. Пайшанба ўтиб бораётган бўлса-да, ундан дарак йўқ.
Кейинги ҳафтанинг душанба куни ижара автомобиллари суғурта компаниясидан қўнғироқ қилишди ва Марияни сўрашди. “Ҳеч нарсадан хабарим йўқ, – деди Сатурно. – Уни Сарагосадан қидиринглар”. Шундай деб, гўшакни қўйиб қўйди. Бир ҳафтадан кейин уйига полициячи келиб, машинани Мария қолдирган жойдан тўққиз юз километр узоқда, Кадис яқинидаги кимсасиз йўлда шип-шийдам қилинган ҳолда топишганини айтди. Полициячи ўғирликнинг қандайдир тафсилотларини Мария билиш-билмаслигини сўрамоқчи бўлиб келганди. Сатурно бу паллада мушукни овқатлантираётганди, вақтни беҳуда ўтказмасликлари, хотинининг уйдан қочиб кетгани, унинг ким билан ва қаерда эканини билмаслигини пичинг қилмасдан айтиш учунгина ўгирилиб қаради, холос. Айтганларига унинг имони комил эди. Полициячи ўнғайсизланиб, узр сўради. Шу билан қидирув тўхтатилди.
Пасха байрамини ўтказишга Кадакешга борганларида бўлган воқеани эслаганида Сатурнони Мария уни яна ташлаб кетгани тўғрисидаги гумон босди. У ерга уларни Рос Регас елканли кемада сайр қилишга таклиф қилганди. Биз “Маритим”да, тирбанд ва иркит барда, Франко даврининг заволли даврига хос “La gauche divine”да1 темир стол атрофидаги темир курсиларда ўтирган эдик. Гарчи стол атрофида олти киши зўрға сиғиши мумкин бўлса-да, биз, ўн икки киши жойлашгандик. Эрталабдан буён иккинчи қутини чекиб тугатаркан, Мария гугурт қолмаганини сезиб қолди. Билагига романча жез билакузук таққан озғин, эркакча жундор қўл стол устидаги тиқилинч орасидан туташтириши учун унга олов узатди. Ким эканига эътибор ҳам бермаган жувон миннатдорчилик билдирди, лекин Сатурно йигитга диққат қилди: юзи мурданикидек қонсиз, белигача тушган узун кўкимтир-қора сочини отнинг думидек боғлаб олган мўйловсиз бир қоқсуяк. Барнинг дераза ойналари баҳор изғирини пўртанасига зўрға дош бераётган бўлса-да, у дағал читдан тикилган енгил костюм кийиб олганди, оёқларида эса – деҳқонча бошмоқ.
Кузда уни Барселонета даҳасидаги моллюска таомлари ресторанчасида учратишди. У ҳануз ўша соддагина кийимида, лекин бу гал сочини отнинг думидай эмас, майда ўриб олганди. Йигит уларнинг ҳар иккови билан эски дўстлардек сўрашди, аммо Марияни ўпганини ва хотини ҳам унга қандай жавоб қилганини кўриб, Сатурно ўтган вақт мобайнида улар пинҳона учрашиб юришган бўлишса керак, деган гумонга борди. Бир неча кундан сўнг уйдаги телефон дафтарида Мария томонидан ёзилган янги рақамни кўриб қолди ва тўсатдан уйғонган шафқатсиз рашк бу кимнинг телефони эканини шипшиди. Йўқ, ердан пайдо бўлган дўст ҳақида тўпланган маълумотлар уни бутунлай адои тамом қилди: ёши йигирма иккида, ўзи бой одамларнинг ягона фарзанди, ҳашаматли дўконлар витринасини безовчи рассом, хотинбозлиги билан тутуриқсиз шуҳрат қозонган ва эрли хонимларга тасалли беришга устаси фаранг деб ном чиқарган бир кимса. Бироқ, Сатурно ўзини қўлга олди ва Мария Сарагосадан уйга қайтмаган кунгача чидади. Шундан кейингина у ўша рақамга олдинига – ҳар икки ёки уч соатдан кейин, эрталабки соат олтидан кейинги тонггача, сўнгра – телефонни кўрган заҳоти тўхтовсиз қўнғироқ қила бошлади. Ҳеч ким жавоб бермас ва бундан у янада баттар азобланар эди.
Тўртинчи куни уй тозалашга келган андалус аёл телефонга жавоб берди. “Сеньорито кетдилар”, деб жавоб берди у мужмал қилиб. Бундан Сатурнонинг фиғони фалакка чиқди. У “Тасодифан сеньорита Мария ўша ерда йўқмилар?”, деб сўрашдан ўзини тия олмади.
– Бу ерда ҳеч қанақа Мария-пария дегани яшамайди, – жавоб берди аёл. – Сеньорито сўққабошлар.
– Бундан хабарим бор, – деди у. – Яшамаса яшамас, лекин ўқтин-ўқтин келиб туради, шундай эмасми?
Аёлнинг қони қайнаб кетди:
– Сенга нима, алжиган ит?
Сатурно гўшакни қўйди. Андалус аёл билан бўлган суҳбат гумонини қатъий ишончга айлантирди. У ўзини қўярга жой тополмай қолди. Кейинги кунлари у Барселонадаги барча танишларига – алфавит бўйича – қўнғироқ қила бошлади. Ҳеч ким ҳеч қандай хабар айтолмас, лекин у ҳар бир қўнғироқдан кейин ўзини янада бахтсизроқ ҳис қилар, бўлмағур рашки “La gauche divine”да тонг оттирадиган барча ашаддий мижозлар ўртасида ҳазил-мазахга сабаб бўлган, унга ҳазил билан жавоб қайтаришар, у бўлса, жизғанак бўлар эди. Фақат шундагина Сатурно бу гўзал, буқаламун ва бағритош шаҳарда нақадар ёлғиз эканини тушунди. Бу ерда, афтидан, у ҳеч қачон бахтли бўлолмасди. Эрта тонгда мушукни овқатлантириб бўлгач, ўлиб қолмаслик учун юрагига тош боғлади ва Марияни унутишга қатъий қарор қилди.
Икки ой ўтган бўлса-да, Мария санаторий ҳаётига кўниколмади. Тарашланган узун столга занжир билан боғлаб қўйилган пичоқ ва санчқи ёрдамида турма овқатини азбаройи яшаш учун чўқиларди. Овқатланаркан, бу мудҳиш ўрта аср ошхонасида гўё раислик қилаётган генерал Франсиско Франконинг портретига тикилиб ўтирарди. Аввалига монастирнинг мутаассибона эрталабки, кечки ва шу каби диний ибодатлардан иборат аҳмоқона кун тартибига қарши туриб кўрди. Монастирда асосий вақт шу ибодатларга сарф қилинарди. Ҳовлида тўп ўйнашдан, устахонада ишлашдан – сунъий гуллар ясашдан бош тортди. Баъзи зоҳид аёллар бу машғулотни ўлардай яхши кўрардилар. Уч ҳафта ўтганидан кейин Мария аста-секин монастир ҳаётига кўникди. Ҳаммаси жойида, дейишарди врачлар, бошида барча саркашлик қилади, сўнгра эртами, кечми, бошқаларга қўшилади.
Дастлабки кунлари Мария сигаретани тилла баҳосида сотадиган соқчи хотиндан олиб юрди. Шундоқ ҳам камгина пули тугаганидан кейин сигаретасиз қолгани турган-битгани азоб бўлди. Анча вақтгача у зоҳид аёллар кир ўрадан олган сигарета қолдиқларидан газета қоғозига ўраб ясайдиган папиросни чекиб, овуниб юрди. Бора-бора чекиш истаги телефондан қўнғироқ қилишга ўхшаш миядан кетмайдиган хира фикрга айланди. Бироз вақт ўтгач, сунъий гул ясаб, арзимаган чақа ишлаб топадиган бўлди, бу чақаларга оладиган сигареталари сал бўлса-да, ўткинчи хуморни ёзишга ярарди.
Тун палласи ёлғиз қолиш – ҳаммасидан ёмони эди. Зоҳид аёлларнинг кўпчилиги унга ўхшаб қоронғида бедор ётишар, қимир этишга юраклари бетламас эди: занжирбанд, осма қулф урилган эшик ёнидаги тунги соқчи ухламай кузатиб ўтирарди. Шундай бўлса-да, оғир ўйлардан қийналган Мария бир тунда ёнидаги аёл эшитадиган даражада баланд овозда сўради:
– Биз қаердамиз?
– Жаҳаннамнинг тубида.
– Бу ерни маврлар юрти дейишади, – Узоқроқдан янграган овоз бутун ётоққа эшитилди. – Бу гап тўғри бўлса керак, чунки ёзда, ойдин кечалари денгиз бўйидаги итлар ойга қараб улигани эшитилади.
Эшик ҳалқасидаги занжир худди кема лангари сингари қаттиқ шалдиради ва эшик очилди. Бирдан чўккан сукунат ичида ягона тирик махлуққа ўхшаган қопонғич ит – соқчи аёл ётоқнинг у ёғидан бу ёғига кезиб кела бошлади. Мария даҳшатдан қотиб қолди. Чунки соқчининг қандай ниятда келганини фақат у биларди.
Касалхонага ётқизилганидан кейин бир ҳафта ўтмасданоқ кечки соқчи хотин Марияга шама-пама қилиб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри қоровулхонада у билан ётишни таклиф қилди. Олдинига амалий таклифдан бошлади: севги эвазига – сигарета, шоколад, хуллас, нима керак бўлса, шу. “Ҳамма нарсанг бўлади, – деди у ҳирсдан титраб-қақшаб. – Худди маликалардай яшайсан”. Соқчи рад жавобини олгач, усулни ўзгартирди. Хотин Марияга ишқий мактублар ёзиб, ёстиғининг тагига, халатининг чўнтагига солиб қўядиган, ҳеч кутилмаган жойларда қолдирадиган бўлди. Юракни эзадиган ўтинчларга тўла мактублар тошни ҳам эритиши мумкин эди. Бир ой бўлдики, у мағлубиятини тан олгандай туюлганди, энди бўлса, мана, тунда яна изғиб келди.
Бошқа зоҳидалар ухлаётганига ишонч ҳосил қилгач, соқчи аёл Мариянинг тепасига келди ва қулоғига эркаловчи оҳангда ҳар хил уят гапларни сўзлашга киришди, ёноқларидан, даҳшатдан таранглашган бўйнидан, тошдай қотган қўллари, ориқлаган оёқларидан ўпа бошлади. Ниҳоят, балки, Мария қўрқувдан эмас, лаззатдан қотиб қолган бўлса керак, деб ўйлаб янада олға босишга қарор қилди. Шунда Мария уни қўли билан шунчалик қаттиқ итариб юбордики, хотин қўшни кроватга йиқилди. Уйғониб кетган зоҳидалар саросимага тушишди, қутурган соқчи сакраб турди.
– Сенми, қанжиқ, – деб бўкирди у, – ҳали кўрасан, бу чўчқахонада чирийсан, ҳали оёғимдан ўпасан.
Июннинг биринчи якшанбасида қўққисдан жазирама ёз бошланди ва ошиғич чоралар кўришга тўғри келди: иссиқдан дами қайтган зоҳидалар ибодат вақтида эгнидаги юнг матодан тикилган кенг, узун чакмонларни ечиб, улоқтира бошладилар. Мария бу томошадан завқланди: соқчи хотинлар, гўё қувлашмачоқ ўйнаётгандек, қип-яланғоч маҳбусларни бутун ибодатхона бўйлаб қува бошлади. Тўс-тўпалонда бехосдан зарба ейишдан қочиб, Мария нимадир бўлиб, кимсасиз хизмат хонасига кириб қолди. Телефон тинимсиз аянчли жиринглаётганди. Мария ғайриихтиёрий равишда гўшакни кўтарди ва узоқдан шодон овоз эшитди – кимдир телефон орқали бериладиган вақт хизматига тақлид қилиб, кўнгилхушлик қилаётганди:
– Ҳозир соат қирқ бешдан тўқсон икки дақиқа-у бир юз етти сония ўтди.
– Эшшак, – деди Мария.
Хурсанд бўлиб, гўшакни қўйди. Эшикка яқинлашганида бошқа такрорланмайдиган имкониятни бой бераётганини тўсатдан англади. Шунда шу даража қизғинлик билан шоша-пиша олтита рақамни тердики, ҳатто ўз телефон рақамини тўғри терганига ҳам ишончи комил эмасди. Кутди, юраги қинидан чиққудай бўлиб урарди. Таниш ғамгин гудок эшитилди. Бир, икки, уч гудок ва ниҳоят – хожаси бўлган, усиз уйдаги эркакнинг товуши янгради:
– Эшитаман?
Кўз ёшлари потирлаб, томоғига бир нарса тиқилгандай бўлди. Нафасини ростлагунча бироз кутишга тўғри келди.
– Қўзичоқ, ҳаётим, – деди у энтикиб.
Кўз ёшлари шашқатор бўлди. Симнинг у томонида хатарли сукунат муаллақ бўлди, сўнгра рашкдан бўғриққан сас янгради:
– Фоҳиша!
Гўшакни улоқтиришди.
Кечқурун Мария ғазаб тутқаноғи тутиб, генераллиссимуснинг ошхона деворига осиғлиқ портретини юлиб олди, бор кучи билан деразага отди ва қонга беланганча полга йиқилди. Шундай бўлишига қарамай, соқчи хотинларнинг ҳужумини даф қилишга кучи етди. Соқчилар ҳарчанд уринмасинлар, уни тинчлантиришни эплай олмадилар. Остонада қўлларини кўкрагида чалиштириб олган ва кўзини лўқ қилган Геркулинага кўзи тушмагунча олишаверди. Мария таслим бўлди. Шундай бўлса-да, уни асовларга мўлжалланган хонага олиб боришди, шлангдан совуқ сув уриб тинчлантиришди, сонига укол уришди. Уколдан Мариянинг оёқлари шунчалик шишиб кетдики, юролмай қолди. Шунда у бу дўзахдан қутулиш учун ҳамма нарсага тайёр эканини англади. Кейинги ҳафтаси умумий ётоққа қайтганида, оёқ учида юриб, кечки соқчининг дарчасини тақиллатди.
Мария иш баҳоси ва шартларини айтди, олдинига иш бажарилиши: эрига мактуб элтиб берилиши лозим эди. Соқчи хотин рози бўлди, лекин бу гаплар мутлақо сир сақланиши лозимлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бармоғини Марияга нуқиб қатъий деди:
– Агар сир очилса, сен ўласан.
Шундай қилиб, Афсунгар Сатурно кейинги шанба куни жиннихонага етиб келди. Унинг юк машинаси Мариянинг тантанали қайтиб келишига атаб ясатилган эди. Директорнинг шахсан ўзи худди ҳарбий кемалардагидек топ-тоза ва саришта кабинетида уни қабул қилди ва марҳамат кўргазиб, хотини ҳақида сўзлаб берди. Мария қандай қилиб, қаердан касалхонага тушганини ҳеч ким билмайди, у ҳақдаги айрим маълумотларни бўлса, Мария билан суҳбатдан кейин шахсан ўзи ёздирган. Ўша куни бошланган текширув ҳеч қандай натижа бермади. Директорни ҳаммасидан ҳам Сатурно хотини қаерда эканини қандай билгани қизиқтираётганди. Сатурно соқчини сотмади.
– Ижара автомобиллари суғуртаси компаниясидагилар хабар қилишди, – деди Сатурно.
Директор қониқиб, бош силкиб қўйди.
– Бу суғурта компаниялари ҳамма нарсани билиб оладилар, буни қандай қилишларини тушуниш қийин, – деди у. Бўм-бўш столда ётган касаллик тарихини яна бир бор кўздан кечирди ва хулоса чиқарди: – Бир нарса аниқ: унинг аҳволи оғир.
Зарур эҳтиёт чораларига риоя қилган тақдирда кўришишларига рухсат беришга тайёр эди. Афсунгар Сатурно рафиқасининг бахт-саодати йўлида директор нима деса шуни қилиши керак эди. Мария билан фавқулодда мулойим гаплашиш даркор, акс ҳолда қутуриш тутқаноғи тутиб қолиши мумкин. Алалхусус, кейинги вақтларда Марияни тез-тез тутқаноқ тутадиган бўлган ва бу борган сари хатарли тус олиб бормоқда.
– ўалати, – деди Сатурно, – у ҳамиша кучли ҳиссиёт эгаси бўлса-да, ўзини тутадиган аёл эди.
Врач кўп нарса биладиган одамга хос ишора билан уни тўхтатди.
– Кўпинча касаллик узоқ йиллар давомида пинҳон етилади, ажойиб кунларнинг бирида портлаш шаклида юзага чиқади, – деди у. – Нима бўлгандаям, унинг омади бор эканки, бу ерга тушди, чунки биз қаттиққўллик кўрсатиш талаб қилинган ҳолларда ҳозиру нозир мутахассислармиз.
Сўз ниҳоясида у телефондан қўнғироқ қилиш тўғрисида, Мариянинг калласига ўрнашиб қолган ғалати фикр борасида огоҳлантирди.
– Унга гап қайтарманг, – деди у.
– Хотиржам бўлинг, доктор, – деди Сатурно жилмайиб. – Бу – менинг касбим.
Учрашув зали турма ёки истиғфор келтириладиган хонага ўхшаш бир жой бўлиб, олдинлари, монастирда қабулхона вазифасини бажарганди. Сатурнонинг пайдо бўлиши туфайли ҳар иккови қувончдан ёрилай демади. Ҳолбуки, иккови ҳам шуни кутган бўлишлари мумкин эди. Мария зал ўртасидаги иккита стули бўлган стол ёнида гулдон ушлаб турарди – у касалхонадан чиқишга ҳозирлангани кўриниб турарди. Эгнида кўримсиз қизил кўйлак, оёғида кимдир унга раҳми келиб берган тасқара кир бошмоқ. Қўлларини кўкрагида чалиштирган Геркулина бурчакдаги пана жойда турарди. Кириб келаётган эрини кўриб, Мария ўрнидан қимирламади, дераза ойнаси кесиб юборган, яралар битмаган юзида ҳеч қандай ўзгариш содир бўлмади. Улар астагина ўпишдилар.
– Ўзингни қандай ҳис қиляпсан? – сўради эри.
– Ниҳоят келганингдан бахтиёрман, қўзичоғим, – деди Мария. – Бу ерда ажалнинг комида эдим.
Ўтирадиган жой йўқ эди. Мария йиғидан хўрсина-хўрсина унга монастирдаги даҳшатли ҳаёт, соқчи хотинларнинг шафқатсизлиги, ит ҳам емайдиган овқат, даҳшатдан титраб мижжа қоқмай оттириладиган тонглар ҳақида сўзлаб берди.
– Бу ерда неча кун, неча ой ёки неча йил ўтирганимни билмайман, лекин шуни аниқ биламанки, ҳаммаси бир-биридан ёмон бўлди, – деди у ва энтикиб, чуқур нафас олди. – Энди асти ўзимга келолмасам керак.
– Энди ҳаммаси ўтиб кетди, – деди Сатурно бармоқларининг учи билан унинг юзидаги битмаган яра изларини оҳиста силаркан. – Ҳар шанба куни сени кўргани келиб тураман. Агар директор рухсат берса, бундан ҳам тез-тез келаман. Мана кўрасан, ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
Мария даҳшатдан олайган кўзлари билан унга бақрайиб қолди. Сатурно давраларда синалган усулини ишга солди. Болаларни лақиллатадиган оҳангда докторнинг ширин тахминини айтиб берди.
– Хуллас, гапнинг пўсткалласини айтганда, – деди охирида, – тўла соғайиб кетишинг учун бор-йўғи бир неча кун қолган холос.
Мария гап нимадалигини тушунди.
– Худо ҳаққи, қўзичоқ! – гангиб ҳайқирди у. – Сен ҳам гўё ақлдан озганимга ишонганингни айта кўрма!
– Қанақасига бундай деб ўйлашинг мумкин?! – деди у жилмайишга уриниб. – Сен бу ерда яна бироз вақт қолсанг, ҳаммага яхши бўлади-да. Албатта, яхшироқ шароитда.
– Ахир, мен сенга айтдим-ку, телефондан қўнғироқ қилиш учунгина бу ерга келгандим деб! – деди Мария.
Бу даҳшатли хира фикрга қандай жавоб беришини билолмади. Геркулинага қаради. У фурсатдан фойдаланиб, соатни кўрсатди: учрашув вақти ўтиб бўлганди. Мария эрининг нигоҳини сезиб қолди, ўгирилиб, жанговарча шай турган Геркулинани кўрди. Бирданига эрининг бўйнига ёпишди ва энди ҳақиқий жиннилардек бақира бошлади. Сатурно бисотида бор меҳрибонлик билан уни ўзидан айирди ва ёнларига учиб келган Геркулинага қолдирди. Геркулина Мариянинг ўзига келишига йўл қўймасдан, чап қўли билан унинг қўлларини буради, ўнг қўли билан бўйнидан қайирди ва Сатурнога қичқирди:
– Кетинг!
Шунга қарамай, бошдан кечирган қўрқувдан сўнг ўзига келган Сатурно мушук билан кейинги шанба куни яна касалхонада пайдо бўлди. Мушук унга монанд кийинтирилганди: буюк Леотар томошаларда кийиб чиқадиган қизил-сариқ трико костюмда, бошида цилиндрсимон шляпа, эгнида парвоз учун тикилганга ўхшаш бари кенг-мўл плаш. У монастир ҳовлисига безатилган юк машинасида кириб келди ва уч соат мобайнида ажойиб томоша кўрсатди. Маҳбуслар хурсанд бўлишди, айвондан томоша қилиб, томоқ йиртиб билганича қичқиришди, ўрни бўлмаган ҳолларда қарсак уришди. Томошага Мариядан бошқа барча келди. У эри билан учрашишдан бош тортибгина қолмади, ҳатто айвондан ҳам қарамади. Сатурно ўзини ўладиган даражада яралашгандай ҳис қилди.
– Одатий ҳол, – дея уни юпатди директор. – Бу ўтиб кетади.
Лекин ўтиб кетмади. Мария билан учрашишга кўп бора уриниб, уддасидан чиқолмаган Сатурно мумкин бўлмаган ишни қилди – хотинига мактуб киргизди. Лекин бу беҳуда бўлди. Мария тўрт марта унинг хатини очмасдан қайтарди, бир оғиз гап айтмади. Сатурно чекинди, лекин касалхона қабул бўлимига сигарета келтиришда давом этди. Сигареталар Марияга етиб боряптими, йўқми, буни билмасди. Ниҳоят, тақдирга тан берди.
У ҳақда бошқа эшитишмади. Маълум бўлгани шу эдики, Сатурно бошқатдан уйланиб, юртига кетиб қолган. Барселонадан кетиш олдидан очликдан эти устихонига ёпишган мушукни тасодифан танишган аёлга қолдирди. Бунинг устига бу аёл Марияга сигарета олиб бориб беришни ҳам ўз устига олди. Бироқ кўп ўтмай у ҳам ғойиб бўлди. Роса Регас уни ўн икки йил олдин бир куни “Корте-Инглес” дўкони олдида учратганини эслаганди. Ўшанда у боши тақир қирилган, қандайдир шарқона мазҳабдагилар киядиган тўқ сариқ жуббада бўлиб, ҳаддан ташқари катта қорин қўйган экан. Бу аёл Роса Регасга қачон йўли тушса, ўшанда Марияга сигарета олиб борганини ва бошқа кутилмаган ошиғич масалаларни ҳал қилишда ёрдам қилганини айтиб берган. Ниҳоят, ажойиб кунларнинг бирида касалхона ўрнида вайрона пайдо бўлганини кўргунча шундай қилган. Вайрона ўша уқубатли кунлардан ёқимсиз хотирага ўхшаркан.
Охирги марта кўрганида Мария унга эс-ҳуши кириб қолгандай, бироз семирган ва монастирдаги турмушидан мамнундай туюлган. Ўшанда аёл жониворни боқиш учун Сатурно ташлаб кетган пуллар аллақачон тугагани учун мушукни ҳам Марияга элтиб берган экан.
1 Айнан: илоҳий сўллик (французча).
Манба: «Китоб дунёси» газетаси.
Hikoya uchun rahmat