Shoir G’ulom Fathiddin vafot etdi & Qahhorjon Yo’lchiyev. Kechinmaning badiiy ifodasi & G’ulom Fathiddin. She’rlar

Ashampoo_Snap_2018.03.08_22h24m32s_003_a.png Ҳам укам, ҳам дўстим бўлмиш шоир Ғулом Фатҳиддиннинг вафоти муносабати билан унинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Яхши инсон ва яхши ижодкор эди. Оллоҳ раҳматига олсин. Бир пайтлар (2018 йили) унинг шеърларини тақдим этарканман, мана буларни ёзган эканман:

Чеҳрасидан табассум аримайдиган одамлар бўлади. Ана шундай инсонлардан бири — шоир Ғулом Фатҳиддин. Шу сабаб бўлса керак, унинг шеърлари ичида чироқ ёниб тургандай, ўқисанг, кўнглинг равшанлашади. У ҳиссиётларини табассуми билан яширмайди, аксинча, қалбингиздаги ҳисларни ёритиб,уйғотади. Шоир шеърлари Риштон кулоллари яратган санъат асарларидаги ранглардек табиатдан меҳр олганини сезиб турасан.
Таниқли олим Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, Ғулом Фатҳиддин – ҳисссиёт шоири, ҳиссиёт эса ҳаёт ва унинг ранг-баранг таассуротлари билан доим туташ.

Фатҳиддин биродарим, Сиз доим юрагимда, ёдимда қоласиз..

Хуршид Даврон (2018)

КЕЧИНМАНИНГ БАДИИЙ ИФОДAСИ
Қаҳҳоржон  Йўлчиев
08

ae77193a67e31f9f40fd081caaad18fc.jpgШоир Ғулом Фатҳиддин лирикасидаги теран кечинма ҳамда унинг турли шакл ва услубда ифодаланиши, борлиқни ҳиссий-фалсафий, рамзий-метофорик идрок этиши диққатни тортади. Зеро,”туйғунинг ҳаракати бизга, тахмин қилингандек, улар умумий ҳиссиётга яқинлашганда эмас, балки уларга сингдирилган ҳиссий қабул қилиш маълум предмет ва образ оламини яратишга хизмат қилганда сезилади. Бизнинг ҳиссий қабул қилишимиз қанчалик такомиллашган бўлса, бу олам бизга шунчалик гўзал бўлиб кўринади ва биз уни янада аниқ тасаввур эта оламиз”[1]. Демак, воқелик натижасида шоир қалбида юзага келган кечинма қанчалик теран, етук бўлса, шеърнинг шакл ва мазмун бирлиги ҳам шунчалик мукаммаллашади. Ғулом Фатҳиддин шеърларида шундай жиҳатлар мавжуд.

Рангпар деразадан мўраларди жим,
Чинор оғушига яширинган ой.
Ғира-шира тунда сузар хотиржам,
Жўнгина кулбамиз – тенги йўқ сарой.[2]

Мазкур парча бошловчи банд сифатида лирик қаҳрамон кўнглидаги ҳаётсеварликни, ошиқнинг кузатувчанлиги ва бағрикенглигини очиб беради. Иккинчи мисрадаги чинор ва ой ўз бахтидан масрур ошиқ-маъшуқ тимсоли бўлса, тўртинчи қатордаги “кулба” эса “сарой” билан истиоравий муносабатга киришиб, мазмуни зид сифатлар ёрдамида лирик қаҳрамон кечинмасининг теранлигини акс эттиради. Биринчи мисрада берилган “дераза” детали лирик қаҳрамон юрагига нисбатан олиб борувчи йўл ҳисобланди. Унга “рангпар” сифатининг берилиши эса бир томондан бу йўл кўҳналигига ишора бўлса, иккинчи томондан лирик қаҳрамоннинг ошиқлик ҳолати ҳақида ҳам бадиий хабар ташимоқда. Лекин, бадиий хабарнинг бошқа томонлари кейинги бандда янада кенгроқ очилади:

Кўҳна қўшиғини хиргойи қилар
Хушбўй бедазорда сармаст бедана.
Зилол сув жилдираб унга жўр бўлар,
Чигирткалар ҳазин чириллар яна.

“Бедананинг кўҳна қўшиғи” жумласи орқали шеърдаги замон ва макон кўлами узоқ тарихга қадар кенгаяди. Бунда “кўҳна қўшиқ” ва “сармаст бедана” жумлалари билдирган маъно асосий ўрин тутади. Бу ўринда, шоир қадимий Ватан ва азалий турмуш тарзимиз – гўзал табиатга ошноликни руҳий параллелизм орқали бераётгани аён бўлади. Зилол сув жилдираши, чигирткаларнинг ҳазин чириллаши табиатдаги оҳанглар ва уларга йўғрилган кечинмалар образи руҳимизга бир соғинч ҳадя этади. Бедазордаги хушбўйликдан маст бўлган бедананинг сайрашига жўр бўлаётган табиат овози бизнинг туйғуларимизга таъсир қилади. Туйғулар кечинмага айланади. Кечинма эса Ватанга бўлган муҳаббатни кучайтиради. Шоир учун Ватан бу, аввало, пичан ҳиди ва севимли маъшуқанинг юзи, булутлар ва оҳанглар, “япроқлари шивирлаб, дуо ўқиётган тераклар” ва лирик қаҳрамон юрагига тушган ўтдир. Ана шундай деталлар лирик қаҳрамон қалбидаги кўтаринки кечинмаларни тўла акс эттиради. Бу эса, унинг содда ва самимий юракка эга бағрикенг шахс эканлигидан далолат беради.

“Оппоқ йиғи” сарлавҳали шеърида эса лирик қаҳрамони иродали, ғурури баланд шахс эканлиги кўзга ташланади:

Ҳавасим келади сенга, эй, гилос,
Силагим келади яшил бошингни.
Йиғлар чоғингда ҳам қаддинг тутиб ғоз,
Тўкасан гулларга ўраб ёшингни.

Гилос ҳам табиий, ҳам рамзий образ сифатида бир неча мазмуний қатлам ва таъсирчан ёрқин тасвирга эга бўлиб, шоирнинг бадиий нияти дарахтнинг гўзаллигини ифодалаш эмас, балки, инсон феълини очиб беришдир.

Ғулом Фатҳиддин битикларининг яна бир яхши жиҳати шаклий, услубий изланишидир. Шоир қатор шеърларида эркин вазндан фойдаланган. Аслида, ҳар бир ижодкор ўз онггига таъсир кўрсатган ташқи омил – турли ижтимоий муносабат, нарса, воқеа, ҳодисалар асосида воқеликни бадиий англайди ва ўзига хос ифода этади. Натижада, турли поэтик шакллар, ифода усуллари, бадиий жиҳатлар яратилади. Жумладан, шоир ўзбек шеъриятида ўзига хос шеърий шакл сифатида шаклланиб улгурган учликда ҳам шеърлар ёзган:

Қулоғимга чалинар гоҳо
денгиз чиғаноғи товушларидек
мармар лавҳаларнинг ҳўрсинишлари.

Шеърдаги дунёни англашга интилиш, мармартошнинг дарддан ҳўрсинишини эшитиш учун шунчаки одам эмас, балки инсон бўлиш керак. Чунки ҳақиқий инсонгина марҳум қабрига қўйилган тошнинг қабристондаги марҳумлар тақдирини англаб оғир хўрсинишини тушунади ва унда доимо шабада билан бирга қулоққа чалинадиган денгиз овозини эшита олади. Бир қарашда денгиз чиғаноғи ва мармарнинг овози бошқа-бошқадек туюлади. Лекин ҳар иккаласи ҳам ташқи томондан турли безаклари ва нисбатан қаттиқлиги билан ўхшайди. Шоир ана шу кичик ўхшашликдан катта ҳаётий мазмун топа билган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, шоир ижодида денгиз алоҳида ўринга эга. Чунки денгизнинг безовта қалбини тушунган денгизчи сифатида шеърларида денгизга бот-бот мурожаат қилади. Лекин уни бегона эмас, соф миллий феъли билан боласини аллалаётган она тимсолида ифодалайди.

Тўлқинлар шаштидан тебранар денгиз,
Қояларга урар кумуш тиғини.
Қуёш чекинмоқда қолдирмай, эсиз.
Соҳил ойнасида нурли туғини.

Лирик қаҳрамон денгизнинг кумуш тиғини, қуёшнинг нурли туғини кўриб ҳаяжонга тушади ва уларнинг вақтинча эканлигидан афсус чекади. Лекин бу қайтаётган тўлқин, ботаётган қуёш бағрида эртанги кунга умид борлигини, жажжи тўлқин яна курашга отланаётганидан ғайратга тушади. Бошқа бир учлик шеърида эса шовқинли ўрмонни ташлаб кетаёган гўзаллик тимсолларининг тасвири берилган:

Бақириқ-чақириққа тўла гунг ўрмон.
Бундан чиқиб кетмоқдалар ўксиниб,
Менинг оҳуларим тилини тишлаб.

Шеърнинг биринчи мисраси тезис сифатида лирик асардаги кўламдорликни таъминлайди. Шоир шеър замирида глобал бўлган экологик муаммони ёритар экан, ўрмон ва оҳу детал-образлари орқали метафорик усул ёрдамида бадиий дид, гўзалликни тушуниш камайиб бораётганидан изтироб чекади.

Шоирнинг “Мавҳумлик”, “Ёруғ дунё ҳақида ўйлар”, “Кўҳна жараён ҳақида янги башорат”, “Фуқаролик ҳақида ўйлар” каби шеърлари эркин вазннинг ўзига хос кўринишлари саналади. Уларда умуминсоний қадриятлар қамраб олинган бўлиб, шоир одам ва оламни тушунишга интилиш жараёнида пайдо бўлган туйғуларини лирик кечинманинг ҳиссиёти билан мужассамлаштиради.

Ғулом Фатҳиддин шеърларидаги лирик кечинмада лирик субъектнинг табиий олами теран фалсафий ҳиссиётга бой, серқатлам дунёсини, олам ва одам моҳиятини англашга ҳаракат қилаётган инсонни кўриш мумкин.

Шоир ана шу хусусиятни жуда яхши англаган ҳолда, оддий ҳаётий воқелик асосида ҳам теран фалсафий мушоҳада, кутилмаган хулоса ясай олади:

Ҳуштагини чалиб шамол,
Адирларга арқон ўрайди.
Чечаклардан иборат олам
Товонлардан шафқат сўрайди[3].

Бир қарашда шоир табиат тасвирини чизаётгандек туюлади. Шеърдаги “шамол” ва “чечак” образлари предметлилик даражасига кўра детал-образлар бўлиб, улар зиммасига жамиятнинг икки қутбини кўрсатиш юкланган. “Шамолнинг адирларга арқон ўраши” шоирнинг ажойиб топилмасидир. Дарҳақиқат, кенглик ўртасидаси адирни қоплаган майса ва чечаклар устида шамолнинг эпкини натижасида ҳосил бўладиган тўлқин гўё похолдан арқон эшиш натижасида ҳавода қоладиган изга ўхшайди. Шамолнинг ҳолатига аниқлик сифатида киритилган “ҳуштак чалиб” ибораси эса шамолни жонлантириб, унинг қалбида кўтаринкилик, аллақандай мамнунлик борлигидан дарак беради. Гарчи кўзга кўринмаса-да, шамолнинг нима биландир машғуллигини билдиради. Шу парчада шамол образининг зиммасидаги ҳаётсеварлик, меҳнатсеварлик қирралари кўзга ташланади. Лекин банднинг кейинги мисраларида эса шамолнинг оёқлари остида эзилаётган чечаклар оламининг фарёдини англаган шоир қалби юзага чиқади. “Чечакларнинг овози” ва “шамолнинг ҳаракати” иккала қирранинг банддаги фаолиятида ўзаро мазмуний зиддиятга киришиши таъминлаган унсурлардандир. Мазмуний зиддият дастлабки ўринда, соф табиий тасвир бўлса, иккинчи мазмуний қатламда, истиоравий кўриниш олади ва ижтимоий тасвирга айланади. Учинчи ўринда эса, улар ёнига лирик субъект овози ҳам қўшилади. Бу овоз асосан, икки қудратли кучни англаган шахснинг овози сифатида ҳали лирик воқеликка жадал аралашгани сезилмайди.

Кезиб юрар хазонлар иси,
Кенгликларда товланар сароб,
Наҳот, нурга бўлган севгиси
Лолазорни айлагай хароб?

Мазкур бандда шоирнинг аввалги тўртлик тасвир замиридаги ҳадиги кучая бошлайди. Яъни, лирик субъект лирик воқеликка аралашади. Лекин унгача яна лирик композицияда тезислар берилади: “Кезиб юрар хазонлар иси”, “Кенгликларда товланар сароб”. Лирик субъектнинг кузатувчанлиги, баҳорда ҳам, яъни, ҳамма нарса гуллаб, яшнаб, майсалар, япроқлар сўлмайдиган кўкламда хазон исини туюши, саробни кўриши ва унинг зиммасидаги маънавий кўчимларни англаши шеърнинг мазмуний доирасини кенгайтиради. Бу ўринда нур ва лолазор деталлари орқали одамлар қалбидаги ёруғлик, нозиклик, гўзалликни англашимиз мумкин.

Шоир ижодининг яна бир жиҳати шеърдаги лирик хронотоплар (баҳор, қир), лирик композия (тезис, антитезис ва хулоса), синтактик усуллар (риторик сўроқ, метафора)дан унумли фойдаланганида кўринади.

Юқорида айтилганидек, шоир метафорадан унумли фойдаланган. Буни “Озодлик суврати” номли шеърида кузатишимиз мумкин[4].

Шоир мазкур шеърида, Ватаннинг суратини метафорага айлантирган.

Унинг қаршисида оқарарди вақт –
Тун рангли сочларин босмиш қорли тонг.
Кўкрак қафасига қилмасдан шафқат
Осилган юраги чалаётир бонг.

Аслида, реал ҳаётда вақт оқармайди. Лекин Ғулом Фатҳиддин метафора ёрдамида “вақт” хронотопини мувафаққият билан эпитетлаган. Cоч ва тонг деталлари орқали эса вақтнинг тундан тонгга қараб ҳаракатланиши ифодаланган. Ана шу ҳаракат эса тун ва тонг хронотопларининг вақтга нисбатан маъно кўчимини, яъни, метафорани топа билган. Юракнинг ҳар бир уриши кишиларга инсонпарварлик ғоясини сингдирувчи бонгдек етиши шеърдаги муайян шахснинг озодликка талпинишидек янграйди.

Яна бир жиҳат. Ғулом Фатҳиддин шеърларида ўзидан аввалги шоирлар ижодидан таъсирланиши ва уларнинг анъаналарига ёндашиши ҳам яққол кўзга ташланади.

Ижодий таъсирнинг яна бир муҳим жиҳати, жамият ёки ижодкорда мумтоз адабиёт вакили ва у яшаган даврга нисбатан ташқи яқинлик шаклланишида ҳам кузатилади. Шу маънода, Ғулом Фатҳиддинда мустақиллик даврида берилган ижодий эркинлик натижасида аждодларимиз меросига нисбатан ҳурмат кучайган ва шоир бадиий қирраларни чуқур ўрганишга ҳаракат қиламоқда.
________________________________________
[1] Потебня А.А. Слово и миф. М.: Правда, 1989. – С.17-200.http://philologos.narod.ru/potebnja/
[2] Ғулом Фатҳиддин. Истак. шеърлар. Тошкент “Камалак” нашриёти. 1992 йил.
[3] Ғулом Фатҳиддин. Ложувард соя. Шеърлар, достонлар, таржималар. Тошкент. “Шарқ” нашриёт матбаа акциядорлик компанияси, 2012. –Б.23
[4] Юқоридаги манба.- Б.39.

M: “Шарқ юлдузи” журнали, 2016–3

Ғулом ФАТҲИДДИН
ШЕЪРЛАР
08

Ғулом Фатҳиддин 1955 йилда Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги Воҳим қишлоғида туғилган. ТошДУ (бугунги Миллий университет)нинг журналистика факультетини битирган . Бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, » Ғулом Фатҳиддин – ҳисссиёт шоири, ҳиссиёт эса ҳаёт ва унинг ранг-баранг таассуротлари билан доим туташ».

08

ҚАЙТИШ

Мана, ҳузурингга отландим, яна.
Яна қайтаяпман,
қўлларим бўм-бўш.
Бу гал, ҳатто, гул ололмадим,
ололмадим бирорта совға.
Бу гал, сенга
олиб бормоқдаман ўзимни зўрға….

Мана, ҳузурингга бораяпман, яна…

ТЎРТ ФАСЛ ҲАҚИДА БЕШ ШЕЪР

I

Қайдасан?
Қайдасан,
баҳор?
Сен-ла учрашмоққа
сени кўрмоққа –
жуда олис,
жуда мушкул йўл босиб келдим:
бу ерларга,
бу кунларга…
Наҳот, мен шошилдим?
Наҳот, кечикдим?

II

Атрофда шовуллар қадимий мавзу,
Шовуллар қадрдон саратон фасли.
Гўё, завқу жўшган шўх қиз – Наврўзнинг
Гўзал сиймосида жўшар сармастлик.

Тобора ўт қалар замин бағрига
Меҳри жўшиб кетган қуёш кўзлари.
Туришар лабида осилиб, зўрға
Мевали дарахтнинг рангли сўзлари.

Такрор этавериб, тегар жиғингга
Бойқуш совуқ куйни, нохуш навони.
Фақат ёз айтмоқда ўз қўшиғини,
Бу қўшиқ баҳорнинг руҳий давоми.

III

Титраб кетди мен суянган тол,
Қотиб қолди кўзимда юлдуз.
Аҳволимга боққанича лол,
Милтирайди сўнаётган кўз.

Фикрим ўқиб, жимирлар барглар,
Шох сесканиб ўгрилар майин.
Чекинар ой саросимида,
Тик боқмоққа ботинолмайин.

IV

Юзига сим тўр тутган
Шинам уйнинг дарчаси.
Тун лабида қимтинар
Ойнинг сўнгги парчаси.

Юлдузлар нольа чекар
Деразадан йироғда.
Ўртаниб кезар бедор
Куз кимсасиз бу боғда.

Ёмғирлар томчилайди,
Гоҳ барг қулар ўксиниб.
Яшолмас энди улар
Шамолларга бўйсуниб.

V

Меҳмонхона деразасини
Зириллатар кулги жаранги.
Аёзларда ётар исиниб
Ўжар қишнинг шоҳона ранги.

Ҳансирайди сулув тасвирлар
Оқ туманлар пинжига кириб.
Муздан кулоҳ кийган қасрлар
Адашади мен билан юриб.

Шоҳи ниқоб тортган юзига
Умид янглиғ жабр тортган бахт
Чақиради имлаб ёнига
Оппоқ байроқ кўтарган дарахт.

Унутилган ўтларда ёниб,
Тугун каби туйилар қоним.
Айт, қайларга кетяпмиз, жоним,
Ухлаб ётган баҳорни олиб?

МУҲАББАТ ЗАНЖИРИ

Ўзингдан бошладим, бари Ўзингдан,
Сенинг каломингдан, Сенинг сўзингдан.

Бу ёруғ дунёга йўлладинг, Аллоҳ,
Азобда синадинг, қўлладинг, Аллоҳ.

Қалбан иқрор бўлиб, қилурман сажда,
Каломинг, оятинг – бизларга мужда.

Мен Сенинг олдингда хасман, басирман,
Сен берган туйғуга, ҳисга асирман.

Тобеман Сен берган юракка, жонга,
Умр деган онга, ақлу имонга.

Боқиб бу замонга, давру давронга
Хиёнат этдимми аҳду паймонга?

Бўлсам-да ишқингга сомеъ, занжирбанд,
Дунёга меҳримни қўйдимми баланд?

Боқмасдан маъшуқа ҳинду холига,
Ҳирс қўйдимми, ё Раб, дунё молига?

Йўқ, ахир, Ўзингга бандаман, қулман,
Занжирларинг сирли, ғулларинг гулдан.

Юрак томирларим, ақлу ардоғим –
Қулчилик бобида қисмат арқоғим.

Берган муҳаббатинг, ҳар лаҳза, онинг –
Юрагим боғланган нурли арқонинг.

Башар дарахтида оддий меваман,
Сен берган Ватанни – юртни севаман.

Сен шошмай, тобора чирмаб, боғлайсан,
Ёмғир сувларида ювиб, доғлайсан.

Боқмангиз лаб буриб ифтихоримга,
Ўзимни топширсам ихтиёрига.

Кўринг, мен ошиқни, қулни, занжини,
Бўйнимда муҳаббат ранжи, занжири.

Шу ишқсиз одаммас – тупроқман, кулман,
Шу ишқ тарк айласа, йўқман, бир пулман.

Шукр, мен ошиқман, вайронам – гулшан,
Лайлимсан, Мажнунман, Сен – Шоҳ, мен – қулман.

Шу буюк ишқимни адо этмагин,
Севгим занжиридан жудо этмагин.

Ишқи йўқ каслардан асра, бер паноҳ,
Жамолинг нурини ёр айла, Аллоҳ!

Омин! Охиратда Ўзинг хор этма,
Имон бер, юзингга бизни зор этма.

ЭЙ ДЎСТ

Раво кўрдинг ўзингга меҳру вафони, эй дўст,
Бизга эса беадад жавру жафони, эй дўст.

Роҳату фароғатда ўтар умринг хотиржам,
Оқибати ёмондир кайфу сафонинг, эй дўст.

Ташла назар улусга, дилларга бўлгин ҳамдард,
Олгил, ғариб етимдан хайру дуони, эй дўст.

Кўрсам эдим сенда мен арзу самода тенгсиз
Шашти баланд, жаҳди зўр марди Худони, эй дўст.

Кимки дилда ёри бор, бўлғай ғолиб, бахтиёр,
Шукру тавба тахтидир, бил, бу нидони, эй дўст.

Келур бир кун сўроқлаб: “Тўрт оёқли чўбин от”,
Кетар чоғинг унутма, ўйла видони, эй дўст.

Бу қўналға дунёда ўтди не-не инсонлар,
Душман билиб ўзига кибру ҳавони, эй дўст.

Кўз-кўзладинг зарингни, менга гардча қадри йўқ,
Тинглаб ушбу навони, англа Аллоҳни, эй дўст.

ИЛТИЖО

Кўнгил, учгил фалакларга, салом айтгил малакларга,
Малойиклар билан сирлаш, назар солма бўлакларга.

Ҳузурига етиб боргач, арзим айтгил ўшал ёрга,
– Бир боқсанг, на бўлғай? – де, ишқ йўлида ҳалакларга.

Қолиб кетма у ёқларда, жавоб келтир жафокордан,
Кутиб мужда, умид тушгай хазон янглиғ йўлакларга.

Сўнгакларда ғалат оғриқ, билакларда мажол йўқдир,
Қараб қўйса, гуноҳ бўлмас фақат дийдор керакларга.

Руҳи равон – пароканда, дўзах ўти ёнар танда,
Замин отлиғ бу ватанда паноҳ борму юракларга?

Кўнгил, учгил фалакларга, салом айтгил малакларга,
Ижобат навбати етгай қачон бизнинг тилакларга?!

Кўнгилнинг ихтиёрини – бериб ёр ихтиёрига,
Ғулом-о, тўй жамолига боқиб гулу чечакларга.

Кўнгил, учгил фалакларга…

ЛОЛА САЙЛИ

Лола сайли эди, хушҳол чечаклар
Саболарга кўксин тутган бир замон.
Юзимга йиқилди – қора, хушбўй зар,
Сочларинг ортида йиғлади осмон.

Адир қучоғида чеврилди шамол,
Замин титраб учди коинот томон.
Бирдан тўнкарилиб тоғлар тескари,
Кўзинг денгизига йиқилди осмон.

Уйғонган лоладек қаддингни тиклаб,
Кўз тикдинг кўзимга сирли ва пинҳон.
Шу маҳал уялиб, мени ҳам олиб,
Кўзларинг қаърига беркинди жаҳон.

ФУРСАТ

Чирт узилиб йўлакка секин
Қулаб тушди сарғайган япроқ.
Кўринади юзида унинг
Ўтаётган фурсатим яққол.

Буғдойдек бир митти куртакни
Қолдиради новдада хазон.
Эзғиланган сари фурсатим
Улғаяди қалбимда Армон.

У ўсади жимликни бузиб
Гулламасдан тугади мева.
Сўнг бағрингга киради сузиб
Фурсатимдан йўнилган кема.

ҚИЗ

Зилол сувга тушини айтар,
Қиз кўзасин қучиб, энтикиб.
Булоқ эса бижирлаб кетар:
“Сеникийди, бўлди меники!”

Ҳамдардидан ранжиган гўзал –
Йўқотади бир дам ҳушини.
Олиб кетар уйига қайта
Қиз – кўзалар тўла тушини.

ЧОРРАҲАДА

Гуноҳ қилиш мумкин экан-да,
Агар уни сезмаса ҳеч ким.
Бундай хуфия – сирпанчиқ йўлнинг
Роҳатидан ошкора кечдим!

Жазолайди, қилмасдан карам,
Барчасининг ёлғиз шоҳиди –
Кўкракдаги бешафқат ҳакам –
Бу дунёнинг энг одил шоҳи.

Юрган йўлим ўзингга аён,
Дилим, барин хушлаб турибсан.
Айтгил, қайга борайлик эй, жон,
Нега лабинг тишлаб турибсан?

ШЕЪР

Ҳозир пайқаб қолдим бир мўъжизани,
Менга осудалик, ёлғизлик керак.
Қўлим фақат ёзиб турибди, холос,
Шеърларимни айтиб турибди юрак.

МЎЪЖИЗА

Ҳофиз соз чертади, давра қалқади,
Уйғониб кетади минг йиллик журъат.
Бу дунё кўзингда кўпчиб балқади,
Эй зилол – болалик, эй маъюс суврат.

Ҳофиз куйлай бошлар… Онанг этагин
Зарб билан босасан қайноқ кўзингга.
Жигарим, гўдагим – олам – эртагинг,
Лопиллар, лол қотар, кирмас сўзингга.

Ҳофиз авжга чиқар, кўзинг ўнгида –
Чарху фалак бўлиб айланар толлар.
Ранго-ранг оламинг айланар ўнгиб,
Айланар дала-ю хотинлар, чоллар.

Ҳофиз нола қилар, кўз тикиб сенга,
Чорлайди кўксига санчиб аламни:
– Эй болам, мўъжиза кўрсатгин менга,
Сен ҳам бир айлантир энди Оламни.

УМР МАЗМУНИ
(ҳазил)

–Ҳўв, кампир! Бўл, қара, топиб бер тезроқ,
Қани? Ер ютдими? Қайга кетди-я?!
– Чоли тушмагур-эй, гулдай умримиз
Носқовоқни излаб ўтиб кетди-я…

1945 ЙИЛ МАНЗАРАСИ

Шукрким, жаҳаннам оғзидан қайтдим,
Тирилгани келдим ҳузурингизга.
Мурдасин орқалаб юрган одамга,
Болалар, йиғлашни ўргатинг!
Кулишни ўргатинг, болалар, менга!
Ўргатинг азамат жангчига
Ёғоч оёқларда чопишни…

* * *

Ҳеч қачон Ватандан кетмадим йироқ,
Бироқ фазоларни кезди хаёлим.
Битиклар бағрида севги ва фироқ,
Қалбимни қийнарди чексиз саволим.

Жаҳон булбуллари навосин тинглаб,
Фараҳ иқлимида қайғумни эздим.
Аҳли башар дарди, ғамини англаб,
Меҳр, дўстлик – нажот эканин сездим.

ЭНГ СОДДА КАШФИЁТ

Осмонга қараб қувониб чопдим,
Тиришдим – англадим, изладим – топдим,
Титраб турган қўҳна дунё оёғи
Кўксимизда турар жуда омонат.
Ўша товон таги бўшлиқ бўлмасин,
Ўша товон тойса – бўлар қиёмат.
Қаранг, Мен Ер шари измида эмас,
Ер шари яшаркан менинг қўлимда.
Бугуни, эртаси – бор-йўқ қисмати
Боғлиқ экан юрган йўлимга.
Осмонга қараб энтикиб чопдим
Бақирдим: – Англадим! Қичқирдим: – Топдим!
– Виждонни асрайлик! Қулаб кетмасин,
Ер шари йўқотиб таянч нуқтасин.

ТАРЖИМАЛАР

Ҳенрих ҲЕЙНЕ
СИРЛИ ХАВОТИР

Ҳаловатсиз денгиз қўйнида
Титрайди ой акси қалтираб.
Ўзи эса мусаффо йўлдан
Жим сузади манзилга қараб.

Эй, севгилим, сенинг йўлинг ҳам,
Шундай сокин ва мусаффодир.
Бироқ титрар қалбда қиёфанг,
Чунки унда сирли хавотир.

Александр БЛОК
ҲАЁТ ЗАВҚИ
В.Пястга

Май – бешафқат, ойдин тунлари билан,
Эшикда тўхтовсиз чорлов: – Чиқа қол!
Елкалар ортида зангори туман,
Олдинда ҳалокат – билгисиз иқбол.

Кўкси мижиғланган гулларга тўла
Фаҳмсиз санамлар боқар лоқайд, лол.
Уйғон! Мени қиличлар-ла тил!
Эҳтирослардан қутқар, озод қил!

Сўлим ўтлоқ бўйлаб, рақс тушиб, куйлаб,
Жўшқин давра билан кезмоқ – қандай соз!
Май ичиб, ёқимтой дўст ила қувнаб,
Бежирим гулчамбар тузиб кўнгил ёз!

Нотаниш қизларга гуллар тарқатиб,
Ёниб, куйиб, бахтиёр ҳолдан той бехос!
Энг яхшиси, оғир омоч ортидан –
Тонгги шудринг бўйлаб кезмоқ жуда соз!

Ham ukam, ham do‘stim bo‘lmish shoir G‘ulom Fathiddinning vafoti munosabati bilan uning oilasi va yaqinlariga chuqur hamdardlik bildiraman. Yaxshi inson va yaxshi ijodkor edi. Olloh rahmatiga olsin. Bir paytlar (2018 yili) uning she’rlarini taqdim etarkanman, mana bularni yozgan ekanman:

Chehrasidan tabassum arimaydigan odamlar bo‘ladi. Ana shunday insonlardan biri — shoir G‘ulom Fathiddin. Shu sabab bo‘lsa kerak, uning she’rlari ichida chiroq yonib turganday, o‘qisang, ko‘ngling ravshanlashadi. U hissiyotlarini tabassumi bilan yashirmaydi, aksincha, qalbingizdagi hislarni yoritib,uyg‘otadi. Shoir she’rlari Rishton kulollari yaratgan san’at asarlaridagi ranglardek tabiatdan mehr olganini sezib turasan.
Taniqli olim Ibrohim G‘afurov ta’biri bilan aytganda, G‘ulom Fathiddin – hisssiyot shoiri, hissiyot esa hayot va uning rang-barang taassurotlari bilan doim tutash.

Fathiddin birodarim, Siz doim yuragimda, yodimda qolasiz..

Xurshid Davron (2018)

KЕCHINMANING BADIIY IFODASI
Qahhorjon Yo‘lchiyev
08

Shoir G‘ulom Fathiddin lirikasidagi teran kechinma hamda uning turli shakl va uslubda ifodalanishi, borliqni hissiy-falsafiy, ramziy-metoforik idrok etishi diqqatni tortadi. Zero,”tuyg‘uning harakati bizga, taxmin qilingandek, ular umumiy hissiyotga yaqinlashganda emas, balki ularga singdirilgan hissiy qabul qilish ma’lum predmet va obraz olamini yaratishga xizmat qilganda seziladi. Bizning hissiy qabul qilishimiz qanchalik takomillashgan bo‘lsa, bu olam bizga shunchalik go‘zal bo‘lib ko‘rinadi va biz uni yanada aniq tasavvur eta olamiz”[1]. Demak, voqelik natijasida shoir qalbida yuzaga kelgan kechinma qanchalik teran, yetuk bo‘lsa, she’rning shakl va mazmun birligi ham shunchalik mukammallashadi. G‘ulom Fathiddin she’rlarida shunday jihatlar mavjud.

Rangpar derazadan mo‘ralardi jim,
Chinor og‘ushiga yashiringan oy.
G‘ira-shira tunda suzar xotirjam,
Jo‘ngina kulbamiz – tengi yo‘q saroy.[2]

Mazkur parcha boshlovchi band sifatida lirik qahramon ko‘nglidagi hayotsevarlikni, oshiqning kuzatuvchanligi va bag‘rikengligini ochib beradi. Ikkinchi misradagi chinor va oy o‘z baxtidan masrur oshiq-ma’shuq timsoli bo‘lsa, to‘rtinchi qatordagi “kulba” esa “saroy” bilan istioraviy munosabatga kirishib, mazmuni zid sifatlar yordamida lirik qahramon kechinmasining teranligini aks ettiradi. Birinchi misrada berilgan “deraza” detali lirik qahramon yuragiga nisbatan olib boruvchi yo‘l hisoblandi. Unga “rangpar” sifatining berilishi esa bir tomondan bu yo‘l ko‘hnaligiga ishora bo‘lsa, ikkinchi tomondan lirik qahramonning oshiqlik holati haqida ham badiiy xabar tashimoqda. Lekin, badiiy xabarning boshqa tomonlari keyingi bandda yanada kengroq ochiladi:

Ko‘hna qo‘shig‘ini xirgoyi qilar
Xushbo‘y bedazorda sarmast bedana.
Zilol suv jildirab unga jo‘r bo‘lar,
Chigirtkalar hazin chirillar yana.

“Bedananing ko‘hna qo‘shig‘i” jumlasi orqali she’rdagi zamon va makon ko‘lami uzoq tarixga qadar kengayadi. Bunda “ko‘hna qo‘shiq” va “sarmast bedana” jumlalari bildirgan ma’no asosiy o‘rin tutadi. Bu o‘rinda, shoir qadimiy Vatan va azaliy turmush tarzimiz – go‘zal tabiatga oshnolikni ruhiy parallelizm orqali berayotgani ayon bo‘ladi. Zilol suv jildirashi, chigirtkalarning hazin chirillashi tabiatdagi ohanglar va ularga yo‘g‘rilgan kechinmalar obrazi ruhimizga bir sog‘inch hadya etadi. Bedazordagi xushbo‘ylikdan mast bo‘lgan bedananing sayrashiga jo‘r bo‘layotgan tabiat ovozi bizning tuyg‘ularimizga ta’sir qiladi. Tuyg‘ular kechinmaga aylanadi. Kechinma esa Vatanga bo‘lgan muhabbatni kuchaytiradi. Shoir uchun Vatan bu, avvalo, pichan hidi va sevimli ma’shuqaning yuzi, bulutlar va ohanglar, “yaproqlari shivirlab, duo o‘qiyotgan teraklar” va lirik qahramon yuragiga tushgan o‘tdir. Ana shunday detallar lirik qahramon qalbidagi ko‘tarinki kechinmalarni to‘la aks ettiradi. Bu esa, uning sodda va samimiy yurakka ega bag‘rikeng shaxs ekanligidan dalolat beradi.

“Oppoq yig‘i” sarlavhali she’rida esa lirik qahramoni irodali, g‘ururi baland shaxs ekanligi ko‘zga tashlanadi:

Havasim keladi senga, ey, gilos,
Silagim keladi yashil boshingni.
Yig‘lar chog‘ingda ham qadding tutib g‘oz,
To‘kasan gullarga o‘rab yoshingni.

Gilos ham tabiiy, ham ramziy obraz sifatida bir necha mazmuniy qatlam va ta’sirchan yorqin tasvirga ega bo‘lib, shoirning badiiy niyati daraxtning go‘zalligini ifodalash emas, balki, inson fe’lini ochib berishdir.

G‘ulom Fathiddin bitiklarining yana bir yaxshi jihati shakliy, uslubiy izlanishidir. Shoir qator she’rlarida erkin vazndan foydalangan. Aslida, har bir ijodkor o‘z onggiga ta’sir ko‘rsatgan tashqi omil – turli ijtimoiy munosabat, narsa, voqea, hodisalar asosida voqelikni badiiy anglaydi va o‘ziga xos ifoda etadi. Natijada, turli poetik shakllar, ifoda usullari, badiiy jihatlar yaratiladi. Jumladan, shoir o‘zbek she’riyatida o‘ziga xos she’riy shakl sifatida shakllanib ulgurgan uchlikda ham she’rlar yozgan:

Qulog‘imga chalinar goho
dengiz chig‘anog‘i tovushlaridek
marmar lavhalarning ho‘rsinishlari.

She’rdagi dunyoni anglashga intilish, marmartoshning darddan ho‘rsinishini eshitish uchun shunchaki odam emas, balki inson bo‘lish kerak. Chunki haqiqiy insongina marhum qabriga qo‘yilgan toshning qabristondagi marhumlar taqdirini anglab og‘ir xo‘rsinishini tushunadi va unda doimo shabada bilan birga quloqqa chalinadigan dengiz ovozini eshita oladi. Bir qarashda dengiz chig‘anog‘i va marmarning ovozi boshqa-boshqadek tuyuladi. Lekin har ikkalasi ham tashqi tomondan turli bezaklari va nisbatan qattiqligi bilan o‘xshaydi. Shoir ana shu kichik o‘xshashlikdan katta hayotiy mazmun topa bilgan.

Shu o‘rinda ta’kidlash lozimki, shoir ijodida dengiz alohida o‘ringa ega. Chunki dengizning bezovta qalbini tushungan dengizchi sifatida she’rlarida dengizga bot-bot murojaat qiladi. Lekin uni begona emas, sof milliy fe’li bilan bolasini allalayotgan ona timsolida ifodalaydi.

To‘lqinlar shashtidan tebranar dengiz,
Qoyalarga urar kumush tig‘ini.
Quyosh chekinmoqda qoldirmay, esiz.
Sohil oynasida nurli tug‘ini.

Lirik qahramon dengizning kumush tig‘ini, quyoshning nurli tug‘ini ko‘rib hayajonga tushadi va ularning vaqtincha ekanligidan afsus chekadi. Lekin bu qaytayotgan to‘lqin, botayotgan quyosh bag‘rida ertangi kunga umid borligini, jajji to‘lqin yana kurashga otlanayotganidan g‘ayratga tushadi. Boshqa bir uchlik she’rida esa shovqinli o‘rmonni tashlab ketayogan go‘zallik timsollarining tasviri berilgan:

Baqiriq-chaqiriqqa to‘la gung o‘rmon.
Bundan chiqib ketmoqdalar o‘ksinib,
Mening ohularim tilini tishlab.

She’rning birinchi misrasi tezis sifatida lirik asardagi ko‘lamdorlikni ta’minlaydi. Shoir she’r zamirida global bo‘lgan ekologik muammoni yoritar ekan, o‘rmon va ohu detal-obrazlari orqali metaforik usul yordamida badiiy did, go‘zallikni tushunish kamayib borayotganidan iztirob chekadi.

Shoirning “Mavhumlik”, “Yorug‘ dunyo haqida o‘ylar”, “Ko‘hna jarayon haqida yangi bashorat”, “Fuqarolik haqida o‘ylar” kabi she’rlari erkin vaznning o‘ziga xos ko‘rinishlari sanaladi. Ularda umuminsoniy qadriyatlar qamrab olingan bo‘lib, shoir odam va olamni tushunishga intilish jarayonida paydo bo‘lgan tuyg‘ularini lirik kechinmaning hissiyoti bilan mujassamlashtiradi.

G‘ulom Fathiddin she’rlaridagi lirik kechinmada lirik subyektning tabiiy olami teran falsafiy hissiyotga boy, serqatlam dunyosini, olam va odam mohiyatini anglashga harakat qilayotgan insonni ko‘rish mumkin.

Shoir ana shu xususiyatni juda yaxshi anglagan holda, oddiy hayotiy voqelik asosida ham teran falsafiy mushohada, kutilmagan xulosa yasay oladi:

Hushtagini chalib shamol,
Adirlarga arqon o‘raydi.
Chechaklardan iborat olam
Tovonlardan shafqat so‘raydi[3].

Bir qarashda shoir tabiat tasvirini chizayotgandek tuyuladi. She’rdagi “shamol” va “chechak” obrazlari predmetlilik darajasiga ko‘ra detal-obrazlar bo‘lib, ular zimmasiga jamiyatning ikki qutbini ko‘rsatish yuklangan. “Shamolning adirlarga arqon o‘rashi” shoirning ajoyib topilmasidir. Darhaqiqat, kenglik o‘rtasidasi adirni qoplagan maysa va chechaklar ustida shamolning epkini natijasida hosil bo‘ladigan to‘lqin go‘yo poxoldan arqon eshish natijasida havoda qoladigan izga o‘xshaydi. Shamolning holatiga aniqlik sifatida kiritilgan “hushtak chalib” iborasi esa shamolni jonlantirib, uning qalbida ko‘tarinkilik, allaqanday mamnunlik borligidan darak beradi. Garchi ko‘zga ko‘rinmasa-da, shamolning nima bilandir mashg‘ulligini bildiradi. Shu parchada shamol obrazining zimmasidagi hayotsevarlik, mehnatsevarlik qirralari ko‘zga tashlanadi. Lekin bandning keyingi misralarida esa shamolning oyoqlari ostida ezilayotgan chechaklar olamining faryodini anglagan shoir qalbi yuzaga chiqadi. “Chechaklarning ovozi” va “shamolning harakati” ikkala qirraning banddagi faoliyatida o‘zaro mazmuniy ziddiyatga kirishishi ta’minlagan unsurlardandir. Mazmuniy ziddiyat dastlabki o‘rinda, sof tabiiy tasvir bo‘lsa, ikkinchi mazmuniy qatlamda, istioraviy ko‘rinish oladi va ijtimoiy tasvirga aylanadi. Uchinchi o‘rinda esa, ular yoniga lirik subyekt ovozi ham qo‘shiladi. Bu ovoz asosan, ikki qudratli kuchni anglagan shaxsning ovozi sifatida hali lirik voqelikka jadal aralashgani sezilmaydi.

Kezib yurar xazonlar isi,
Kengliklarda tovlanar sarob,
Nahot, nurga bo‘lgan sevgisi
Lolazorni aylagay xarob?

Mazkur bandda shoirning avvalgi to‘rtlik tasvir zamiridagi hadigi kuchaya boshlaydi. Ya’ni, lirik subyekt lirik voqelikka aralashadi. Lekin ungacha yana lirik kompozitsiyada tezislar beriladi: “Kezib yurar xazonlar isi”, “Kengliklarda tovlanar sarob”. Lirik subyektning kuzatuvchanligi, bahorda ham, ya’ni, hamma narsa gullab, yashnab, maysalar, yaproqlar so‘lmaydigan ko‘klamda xazon isini tuyushi, sarobni ko‘rishi va uning zimmasidagi ma’naviy ko‘chimlarni anglashi she’rning mazmuniy doirasini kengaytiradi. Bu o‘rinda nur va lolazor detallari orqali odamlar qalbidagi yorug‘lik, noziklik, go‘zallikni anglashimiz mumkin.

Shoir ijodining yana bir jihati she’rdagi lirik xronotoplar (bahor, qir), lirik kompoziya (tezis, antitezis va xulosa), sintaktik usullar (ritorik so‘roq, metafora)dan unumli foydalanganida ko‘rinadi.

Yuqorida aytilganidek, shoir metaforadan unumli foydalangan. Buni “Ozodlik suvrati” nomli she’rida kuzatishimiz mumkin[4].

Shoir mazkur she’rida, Vatanning suratini metaforaga aylantirgan.

Uning qarshisida oqarardi vaqt –
Tun rangli sochlarin bosmish qorli tong.
Ko‘krak qafasiga qilmasdan shafqat
Osilgan yuragi chalayotir bong.

Aslida, real hayotda vaqt oqarmaydi. Lekin G‘ulom Fathiddin metafora yordamida “vaqt” xronotopini muvafaqqiyat bilan epitetlagan. Coch va tong detallari orqali esa vaqtning tundan tongga qarab harakatlanishi ifodalangan. Ana shu harakat esa tun va tong xronotoplarining vaqtga nisbatan ma’no ko‘chimini, ya’ni, metaforani topa bilgan. Yurakning har bir urishi kishilarga insonparvarlik g‘oyasini singdiruvchi bongdek yetishi she’rdagi muayyan shaxsning ozodlikka talpinishidek yangraydi.

Yana bir jihat. G‘ulom Fathiddin she’rlarida o‘zidan avvalgi shoirlar ijodidan ta’sirlanishi va ularning an’analariga yondashishi ham yaqqol ko‘zga tashlanadi.

Ijodiy ta’sirning yana bir muhim jihati, jamiyat yoki ijodkorda mumtoz adabiyot vakili va u yashagan davrga nisbatan tashqi yaqinlik shakllanishida ham kuzatiladi. Shu ma’noda, G‘ulom Fathiddinda mustaqillik davrida berilgan ijodiy erkinlik natijasida ajdodlarimiz merosiga nisbatan hurmat kuchaygan va shoir badiiy qirralarni chuqur o‘rganishga harakat qilamoqda.
________________________________________
[1] Potebnya A.A. Slovo i mif. M.: Pravda, 1989. – S.17-200.http://philologos.narod.ru/potebnja/
[2] G‘ulom Fathiddin. Istak. she’rlar. Toshkent “Kamalak” nashriyoti. 1992 yil.
[3] G‘ulom Fathiddin. Lojuvard soya. She’rlar, dostonlar, tarjimalar. Toshkent. “Sharq” nashriyot matbaa aksiyadorlik kompaniyasi, 2012. –B.23
[4] Yuqoridagi manba.- B.39.

M: “Sharq yulduzi” jurnali, 2016–3

tmb_215031_647152.jpgG‘ulom FATHIDDIN
SHE’RLAR
08

G‘ulom Fathiddin 1955 yilda Farg‘ona viloyatining Rishton tumanidagi Vohim qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDU (bugungi Milliy universitet)ning jurnalistika fakultetini bitirgan . Bir necha she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Taniqli adabiyotshunos olim Ibrohim G‘afurov ta’biri bilan aytganda, » G‘ulom Fathiddin – hisssiyot shoiri, hissiyot esa hayot va uning rang-barang taassurotlari bilan doim tutash».

08

QAYTISH

Mana, huzuringga otlandim, yana.Ashampoo_Snap_2018.03.08_22h24m32s_003_.png
Yana qaytayapman,
qo‘llarim bo‘m-bo‘sh.
Bu gal, hatto, gul ololmadim,
ololmadim birorta sovg‘a.
Bu gal, senga
olib bormoqdaman o‘zimni zo‘rg‘a….

Mana, huzuringga borayapman, yana…

TO‘RT FASL HAQIDA BЕSh SHE’R

I

Qaydasan?
Qaydasan,
bahor?
Sen-la uchrashmoqqa
seni ko‘rmoqqa –
juda olis,
juda mushkul yo‘l bosib keldim:
bu yerlarga,
bu kunlarga…
Nahot, men shoshildim?
Nahot, kechikdim?

II

Atrofda shovullar qadimiy mavzu,
Shovullar qadrdon saraton fasli.
Go‘yo, zavqu jo‘shgan sho‘x qiz – Navro‘zning
Go‘zal siymosida jo‘shar sarmastlik.

Tobora o‘t qalar zamin bag‘riga
Mehri jo‘shib ketgan quyosh ko‘zlari.
Turishar labida osilib, zo‘rg‘a
Mevali daraxtning rangli so‘zlari.

Takror etaverib, tegar jig‘ingga
Boyqush sovuq kuyni, noxush navoni.
Faqat yoz aytmoqda o‘z qo‘shig‘ini,
Bu qo‘shiq bahorning ruhiy davomi.

III

Titrab ketdi men suyangan tol,
Qotib qoldi ko‘zimda yulduz.
Ahvolimga boqqanicha lol,
Miltiraydi so‘nayotgan ko‘z.

Fikrim o‘qib, jimirlar barglar,
Shox seskanib o‘grilar mayin.
Chekinar oy sarosimida,
Tik boqmoqqa botinolmayin.

IV

Yuziga sim to‘r tutgan
Shinam uyning darchasi.
Tun labida qimtinar
Oyning so‘nggi parchasi.

Yulduzlar nola chekar
Derazadan yirog‘da.
O‘rtanib kezar bedor
Kuz kimsasiz bu bog‘da.

Yomg‘irlar tomchilaydi,
Goh barg qular o‘ksinib.
Yasholmas endi ular
Shamollarga bo‘ysunib.

V

Mehmonxona derazasini
Zirillatar kulgi jarangi.
Ayozlarda yotar isinib
O‘jar qishning shohona rangi.

Hansiraydi suluv tasvirlar
Oq tumanlar pinjiga kirib.
Muzdan kuloh kiygan qasrlar
Adashadi men bilan yurib.

Shohi niqob tortgan yuziga
Umid yanglig‘ jabr tortgan baxt
Chaqiradi imlab yoniga
Oppoq bayroq ko‘targan daraxt.

Unutilgan o‘tlarda yonib,
Tugun kabi tuyilar qonim.
Ayt, qaylarga ketyapmiz, jonim,
Uxlab yotgan bahorni olib?

MUHABBAT ZANJIRI

O‘zingdan boshladim, bari O‘zingdan,
Sening kalomingdan, Sening so‘zingdan.

Bu yorug‘ dunyoga yo‘llading, Alloh,
Azobda sinading, qo‘llading, Alloh.

Qalban iqror bo‘lib, qilurman sajda,
Kaloming, oyating – bizlarga mujda.

Men Sening oldingda xasman, basirman,
Sen bergan tuyg‘uga, hisga asirman.

Tobeman Sen bergan yurakka, jonga,
Umr degan onga, aqlu imonga.

Boqib bu zamonga, davru davronga
Xiyonat etdimmi ahdu paymonga?

Bo‘lsam-da ishqingga some’, zanjirband,
Dunyoga mehrimni qo‘ydimmi baland?

Boqmasdan ma’shuqa hindu xoliga,
Hirs qo‘ydimmi, yo Rab, dunyo moliga?

Yo‘q, axir, O‘zingga bandaman, qulman,
Zanjirlaring sirli, g‘ullaring guldan.

Yurak tomirlarim, aqlu ardog‘im –
Qulchilik bobida qismat arqog‘im.

Bergan muhabbating, har lahza, oning –
Yuragim bog‘langan nurli arqoning.

Bashar daraxtida oddiy mevaman,
Sen bergan Vatanni – yurtni sevaman.

Sen shoshmay, tobora chirmab, bog‘laysan,
Yomg‘ir suvlarida yuvib, dog‘laysan.

Boqmangiz lab burib iftixorimga,
O‘zimni topshirsam ixtiyoriga.

Ko‘ring, men oshiqni, qulni, zanjini,
Bo‘ynimda muhabbat ranji, zanjiri.

Shu ishqsiz odammas – tuproqman, kulman,
Shu ishq tark aylasa, yo‘qman, bir pulman.

Shukr, men oshiqman, vayronam – gulshan,
Laylimsan, Majnunman, Sen – Shoh, men – qulman.

Shu buyuk ishqimni ado etmagin,
Sevgim zanjiridan judo etmagin.

Ishqi yo‘q kaslardan asra, ber panoh,
Jamoling nurini yor ayla, Alloh!

Omin! Oxiratda O‘zing xor etma,
Imon ber, yuzingga bizni zor etma.

EY DO‘ST

Ravo ko‘rding o‘zingga mehru vafoni, ey do‘st,
Bizga esa beadad javru jafoni, ey do‘st.

Rohatu farog‘atda o‘tar umring xotirjam,
Oqibati yomondir kayfu safoning, ey do‘st.

Tashla nazar ulusga, dillarga bo‘lgin hamdard,
Olgil, g‘arib yetimdan xayru duoni, ey do‘st.

Ko‘rsam edim senda men arzu samoda tengsiz
Shashti baland, jahdi zo‘r mardi Xudoni, ey do‘st.

Kimki dilda yori bor, bo‘lg‘ay g‘olib, baxtiyor,
Shukru tavba taxtidir, bil, bu nidoni, ey do‘st.

Kelur bir kun so‘roqlab: “To‘rt oyoqli cho‘bin ot”,
Ketar chog‘ing unutma, o‘yla vidoni, ey do‘st.

Bu qo‘nalg‘a dunyoda o‘tdi ne-ne insonlar,
Dushman bilib o‘ziga kibru havoni, ey do‘st.

Ko‘z-ko‘zlading zaringni, menga gardcha qadri yo‘q,
Tinglab ushbu navoni, angla Allohni, ey do‘st.

ILTIJO

Ko‘ngil, uchgil falaklarga, salom aytgil malaklarga,
Maloyiklar bilan sirlash, nazar solma bo‘laklarga.

Huzuriga yetib borgach, arzim aytgil o‘shal yorga,
– Bir boqsang, na bo‘lg‘ay? – de, ishq yo‘lida halaklarga.

Qolib ketma u yoqlarda, javob keltir jafokordan,
Kutib mujda, umid tushgay xazon yanglig‘ yo‘laklarga.

So‘ngaklarda g‘alat og‘riq, bilaklarda majol yo‘qdir,
Qarab qo‘ysa, gunoh bo‘lmas faqat diydor keraklarga.

Ruhi ravon – parokanda, do‘zax o‘ti yonar tanda,
Zamin otlig‘ bu vatanda panoh bormu yuraklarga?

Ko‘ngil, uchgil falaklarga, salom aytgil malaklarga,
Ijobat navbati yetgay qachon bizning tilaklarga?!

Ko‘ngilning ixtiyorini – berib yor ixtiyoriga,
G‘ulom-o, to‘y jamoliga boqib gulu chechaklarga.

Ko‘ngil, uchgil falaklarga…

LOLA SAYLI

Lola sayli edi, xushhol chechaklar
Sabolarga ko‘ksin tutgan bir zamon.
Yuzimga yiqildi – qora, xushbo‘y zar,
Sochlaring ortida yig‘ladi osmon.

Adir quchog‘ida chevrildi shamol,
Zamin titrab uchdi koinot tomon.
Birdan to‘nkarilib tog‘lar teskari,
Ko‘zing dengiziga yiqildi osmon.

Uyg‘ongan loladek qaddingni tiklab,
Ko‘z tikding ko‘zimga sirli va pinhon.
Shu mahal uyalib, meni ham olib,
Ko‘zlaring qa’riga berkindi jahon.

FURSAT

Chirt uzilib yo‘lakka sekin
Qulab tushdi sarg‘aygan yaproq.
Ko‘rinadi yuzida uning
O‘tayotgan fursatim yaqqol.

Bug‘doydek bir mitti kurtakni
Qoldiradi novdada xazon.
Ezg‘ilangan sari fursatim
Ulg‘ayadi qalbimda Armon.

U o‘sadi jimlikni buzib
Gullamasdan tugadi meva.
So‘ng bag‘ringga kiradi suzib
Fursatimdan yo‘nilgan kema.

QIZ

Zilol suvga tushini aytar,
Qiz ko‘zasin quchib, entikib.
Buloq esa bijirlab ketar:
“Senikiydi, bo‘ldi meniki!”

Hamdardidan ranjigan go‘zal –
Yo‘qotadi bir dam hushini.
Olib ketar uyiga qayta
Qiz – ko‘zalar to‘la tushini.

CHORRAHADA

Gunoh qilish mumkin ekan-da,
Agar uni sezmasa hech kim.
Bunday xufiya – sirpanchiq yo‘lning
Rohatidan oshkora kechdim!

Jazolaydi, qilmasdan karam,
Barchasining yolg‘iz shohidi –
Ko‘krakdagi beshafqat hakam –
Bu dunyoning eng odil shohi.

Yurgan yo‘lim o‘zingga ayon,
Dilim, barin xushlab turibsan.
Aytgil, qayga boraylik ey, jon,
Nega labing tishlab turibsan?

SHE’R

Hozir payqab qoldim bir mo‘jizani,
Menga osudalik, yolg‘izlik kerak.
Qo‘lim faqat yozib turibdi, xolos,
She’rlarimni aytib turibdi yurak.

MO‘JIZA

Hofiz soz chertadi, davra qalqadi,
Uyg‘onib ketadi ming yillik jur’at.
Bu dunyo ko‘zingda ko‘pchib balqadi,
Ey zilol – bolalik, ey ma’yus suvrat.

Hofiz kuylay boshlar… Onang etagin
Zarb bilan bosasan qaynoq ko‘zingga.
Jigarim, go‘dagim – olam – ertaging,
Lopillar, lol qotar, kirmas so‘zingga.

Hofiz avjga chiqar, ko‘zing o‘ngida –
Charxu falak bo‘lib aylanar tollar.
Rango-rang olaming aylanar o‘ngib,
Aylanar dala-yu xotinlar, chollar.

Hofiz nola qilar, ko‘z tikib senga,
Chorlaydi ko‘ksiga sanchib alamni:
– Ey bolam, mo‘jiza ko‘rsatgin menga,
Sen ham bir aylantir endi Olamni.

UMR MAZMUNI
(hazil)

–Ho‘v, kampir! Bo‘l, qara, topib ber tezroq,
Qani? Yer yutdimi? Qayga ketdi-ya?!
– Choli tushmagur-ey, gulday umrimiz
Nosqovoqni izlab o‘tib ketdi-ya…

1945 YIL MANZARASI

Shukrkim, jahannam og‘zidan qaytdim,
Tirilgani keldim huzuringizga.
Murdasin orqalab yurgan odamga,
Bolalar, yig‘lashni o‘rgating!
Kulishni o‘rgating, bolalar, menga!
O‘rgating azamat jangchiga
Yog‘och oyoqlarda chopishni…

* * *

Hech qachon Vatandan ketmadim yiroq,
Biroq fazolarni kezdi xayolim.
Bitiklar bag‘rida sevgi va firoq,
Qalbimni qiynardi cheksiz savolim.

Jahon bulbullari navosin tinglab,
Farah iqlimida qayg‘umni ezdim.
Ahli bashar dardi, g‘amini anglab,
Mehr, do‘stlik – najot ekanin sezdim.

ENG SODDA KASHFIYOT

Osmonga qarab quvonib chopdim,
Tirishdim – angladim, izladim – topdim,
Titrab turgan qo‘hna dunyo oyog‘i
Ko‘ksimizda turar juda omonat.
O‘sha tovon tagi bo‘shliq bo‘lmasin,
O‘sha tovon toysa – bo‘lar qiyomat.
Qarang, Men Yer shari izmida emas,
Yer shari yasharkan mening qo‘limda.
Buguni, ertasi – bor-yo‘q qismati
Bog‘liq ekan yurgan yo‘limga.
Osmonga qarab entikib chopdim
Baqirdim: – Angladim! Qichqirdim: – Topdim!
– Vijdonni asraylik! Qulab ketmasin,
Yer shari yo‘qotib tayanch nuqtasin.

TARJIMALAR

Henrix HЕYNЕ
SIRLI XAVOTIR

Halovatsiz dengiz qo‘ynida
Titraydi oy aksi qaltirab.
O‘zi esa musaffo yo‘ldan
Jim suzadi manzilga qarab.

Ey, sevgilim, sening yo‘ling ham,
Shunday sokin va musaffodir.
Biroq titrar qalbda qiyofang,
Chunki unda sirli xavotir.

Aleksandr BLOK
HAYOT ZAVQI
V.Pyastga

May – beshafqat, oydin tunlari bilan,
Eshikda to‘xtovsiz chorlov: – Chiqa qol!
Yelkalar ortida zangori tuman,
Oldinda halokat – bilgisiz iqbol.

Ko‘ksi mijig‘langan gullarga to‘la
Fahmsiz sanamlar boqar loqayd, lol.
Uyg‘on! Meni qilichlar-la til!
Ehtiroslardan qutqar, ozod qil!

So‘lim o‘tloq bo‘ylab, raqs tushib, kuylab,
Jo‘shqin davra bilan kezmoq – qanday soz!
May ichib, yoqimtoy do‘st ila quvnab,
Bejirim gulchambar tuzib ko‘ngil yoz!

Notanish qizlarga gullar tarqatib,
Yonib, kuyib, baxtiyor holdan toy bexos!
Eng yaxshisi, og‘ir omoch ortidan –

Tonggi shudring bo‘ylab kezmoq juda soz!

05

(Tashriflar: umumiy 7 275, bugungi 2)

Izoh qoldiring