Hofiz Sheroziy. G’azallar. Xurshid tarjimalari.

09
Шамсуддин Муҳаммад Ҳофиз Шерозий Эроннинг Шероз шаҳрида туғилган. Лекин бутун умри давомида она шаҳридан четга чиқмаган бу «исонафаслик ринди Шероз» (Навоий) ўзининг ёниқ шеърлари билан ярим дунёни эгаллади ва ўзидан кейинги Шарқу Ғарб адабиётига катта таъсир кўрсатди. Буюк немис шоири Ҳёте Ҳофизни «ноёб услуб даҳоси», «муқаддас Ҳофиз» деб улуғлаб, унинг таъсирида «Ғарбу Шарқ девони»ни яратган бўлса, В. Жуковский, А. Пушкин, Ю. Лермонтов, А. Фет, С. Есенин каби рус шоирлари Ҳофиздан илҳомланиб, «ҳофизона» оҳангларда шеърлар ёзганлар, унинг ижодини юксак баҳолаганлар. Шарқда эса Шероз булбулидан таъсирланмаган шоирнинг ўзи йўқ ҳисоби.

011Машҳур ҳинд шоири ва мутафаккири Муҳаммад Иқбол Ҳофизни буюк сеҳргар, деб луфт этган эди. Чиндан ҳам дунё адабиётида сўзни Ҳофиздай минг бир мақомда ўйнатган, сўзга минг бир маъно юклаган, сўзни минг бир сеҳру синоат пардасига ўраган яна бир шоирни топиш мумкин эмас. Ҳофиз шеърлари табиийлиги, самимийлиги, ҳассос бир муҳаббат ва юксак бадииятга йўғрилганлиги, мазмуни теран ва серқатламлиги, фалсафасининг қуюқлиги, нозик ишораларга бойлиги, услубининг мураккаблиги учун ҳам унга «лисон ул-ғайб» — «ғойибнинг тили» сифатини берганлар. Ҳофиз Шарқда шунчалик шуҳрат тутганки, уни муқаддаслаштириб, илоҳийлаштириб, девонини фол китобига айлантирганлар. Шоир девони мадрасаларда махсус дарслик сифатида ўқитилган. Шарқда ҳофизхонлик катта шуҳрат қозонган.
Ҳофиз ҳаммаёқни вайронага айлантирган мўғуллар ҳукмронлиги инқирозга учраб, майда хонликлар ўртасидаги ўзаро тожу тахт талашлари авж олган, бундан халқнинг тинкаси қуриб, аҳволи хароб бўлган бир даврда яшаб ижод этди. Унинг даврида Шероз 5 марта ана шундай жанглар гирдобига тортилиб, ўзи вайрон, халқи қатли ом қилинди. 50 йил (1338—1388) мобайнида 6 марта подшоҳ алмашганлиги ҳам шоир яшаган даврнинг нотинчлигини кўрсатади. Бу нарса унинг ижодига таъсир этмаслиги мумкин эмас эди. Маъшуқа таъриф-тавсифи, висол лаззати-ю, ҳижрон ҳасратини тараннум этиш воситаси бўлган ғазалга Ҳофиз ижтимоий мавзулар, фалсафий фикр-мулоҳазаларни омухта қилди. У ишқ аталган улкан ва бепоён мавзу ичига Олам ва Одам дардини, ўз даврининг ўткир ижтимоий муаммоларини дадил олиб кирди ва маҳорат билан шеърга солди. Ҳофизни Ҳофиз қилган нарса аслида шу. Шоир инсоннинг орзу-интилишлари, қувончу қайғуси, дарду ташвишлари, муҳаббати, фикру ўйларини авж пардаларда куйлаш билан адабиётнинг асосий объекти инсон эканлигини амалда исботлади. Шунинг учун ҳам, мана, VII асрдирки, унинг шуҳрати заррача камайган эмас, билъакс, кундан-кунга ортиб борди ва бундан кейин ҳам шоир ижодига бўлган қизиқиш сўнмаслиги шубҳасиз.
Ҳофиздан бор-йўғи бир девон мерос қолган. Шуни ҳам унинг ўзи тузмаган. Бу ишни Ҳофиз вафотидан 30—40 йил кейин шоирнинг дўсти ва шогирди Муҳаммад Гуландом амалга оширган. Лекин шу биргина девони билан ҳам у ярим дунёни эгаллади.
Фирдавсий маснавийни, Умар Хайём рубоийни қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Ҳофиз Шерозий ҳам ғазални шунчалик юксак пояга кўтарди. Мана, неча асрлардан буён рубоийда бирор шоир Умар Хайёмга етолмагани каби, ғазалда ҳам ҳеч ким Ҳофизнинг олдига тушолган эмас.
Ҳофиз ижодидан намуналарни ўзбек тилига Хуршид, Муинзода, Чустий, Васфий, Ш. Шомуҳамедов, Ж. Жабборов, Э. Воҳидов, О. Бўриев каби форс-тожик адабиётининг билимдонлари таржима қилганлар.

055
Ҳофиз Шерозий
ҒАЗАЛЛАР
— Хуршид таржималари —

* * *

Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.

Сун, эй соқий, майинг охиргача — жаннатда топмайсан
Бу Рукнобод қирғоғидаги сўлим Мусаллони.

Шу алдоқчи, қизиқчи, фитначи шўхлар қўлидан дод,
Кўнгулдан элтдилар сабрим қилиб туркларча яғмони.

Менинг нуқсонли ишқимга унинг ҳусни эмас мухтож,
Гўзал юз ҳеч талаб қилмас бўсқ ҳам зебу орони.

Гапир чолғучидан, майдан — жаҳон сиррини кам изла,
Ечолмас ҳеч киши ҳикмат-ла бу оғир муаммони.

Мен ул Юсуфдаги чексиз гўзалликдан аниқ билдим:
Чиқормиш ишқ номус пардасидан ул Зулайхони.

Ёмон, дединг, қувондим ман, Худо ҳаққи, сўзинг тўғри,
Гўзалроқ айлади аччиқ сўзинг лаъли шакархони.

Насиҳат тинглагил, жоно, тутурлар жону дилдан дўст
Ақлли, бахтли ёшлар ҳурмат айлаб кекса донони.

Ғазал этдинг-у дур сочдинг, ёқимли куйла, эй Ҳофиз,
Фалак назмингга гавҳардек нисор этсин Сурайёни.

* * *

Аё соқий, суниб жоминг, қил эҳсон яшнасин диллар,
Кўринди аввал ишқ осон-у, сўнгра тушди мушкиллар.

Сабо ечмоқчи бўлган сочининг хуш бўйига онтким,
Муанбар ҳалқа-ҳалқа сочидан қон бўлди бу диллар.

Ботир сажжодани майга агар пири муғон айтса,
Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.

Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
Қилуркан қўнғироқ фарёдки, боғланг юкни ғофиллар.

Қоронғидир кеча, қўрқинчли мавж, даҳшатлидир гирдоб,
На билгай ҳолимизни четда турган юки енгиллар.

Ёмон от бирла фош ўлди ишим охир ўжарликдан,
Нечук ёшрин қолур сир сўзласа мажлисда оқиллар.

Агар васл истасанг, ундан йироққа кетма, эй Ҳофиз,
Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.

* * *

Чолғучи, айлагил наво янги ва янги, хилма-хил,
Изла шароби дилкушо янги ва янги, хилма-хил.

Кўнглинг очувчи ёр ила, хилват ўтир нигор ила,
Бўса-ла ком этиб раво, янги ва янги, хилма-хил.

Сенга тилак бўлурму ром, кўтармасанг қадаҳ мудом,
Иди-ла майни ич расо янги ва янги, хилма-хил.

Нима қилсанг, гўзал пари, қилгуси мен учун бари
Ранг ила ўсмаву ҳино янги ва янги, хилма-хил.

Тонг ели, эссанг ҳар қачон гар ўша дилбарим томон,
Ҳофизнинг арзин эт адо янги ва янги, хилма-хил.

* * *

Қаёнда ўнгламоқ ишни ва ман хароб қаён?
Ву йўл қаёнда-ю, мен қайдаман, жавоб қаён?

Бири-биридан узоқ — сўфийлик билан риндлик,
Қаён насиҳату рақс, нағмаи рубоб қаён?

Рис тўнидан-у, бутхонадан кўигил безди,
Қаёнда дайри муғону шароби ноб қаён?

Эсарди васл шамоли, ажаб гўзал чоғ эди,
Қаён у нозу карашма ҳам ул итоб қаён?

Нима гапирса у душман дили-ю, дўст юзидан —
Сўниқ чироқ қаён, равшан офтоб қаён?

Кўзим ёритгучидир остонангиз тупроғи,
Қаён кетай бу эшикдан, буюр, хитоб қаён?

Югурма олма занахдонга, чоҳ йўл устидадир,
Қаён борурсан, эй кўнгул, бу хил шитоб қаён?

Қарору сабрни Ҳофиздан истама, эй дўст,
Қаён қарору чидам дилда, кўзда хоб қаён?

* * *

Эй соқий, бода нури-ла порлат шу жомимиз!
Созанда, чал, жаҳоннинг иши бўлди ромимиз.

Кўрдик нигор акси жамолин пиёлада —
Боис бўлиб қадаҳ кўтаришга давомимиз.

Нозу карашма, ишва қилур қадди сарвлар
Келмакда деб у сарви санобар хиромимиз.

Ҳеч ўлмагай кишики, дили ишқ ила тирик,
Олам саҳифасин бошида бизни номимиз.

Бир макр этарми, деб мени излатса қўрқаман,
Пирнинг ҳалол нонида бизнинг ҳаромимиз.

Гар дўстларимиз боғи томон эссанг, эй сабо,
Албатта, ёри жонга етургил саломимиз.

Такрорлама номимизни — будир сенга илтимос,
Кесин ўзи, гар эсламас айтганда номимиз.

Мастликпи завқи дилбари барно кўзига хос:
Ул юзда ихтиёримиз, ул зулф домимиз.

Ҳофиз сочар кўз ёшини донадек мудом,
Будир умид васл: қушин тутса домимиз.

* * *

Келди масжиддан бу кеч майхона сори пиримиз,
Не бўлур, йўлдошларим, бундан кейин тадбиримиз?

Биз муридлар қайси йўл бирла борурмиз Каъбага?
Бошламоқда йўлни майхона томонга пиримиз!

Ўтпарастлар манзилида биз ҳам айлармиз макон,
Чунки шундай деб ёзилмишдир азал тақдиримиз.

Банд бўлиб зулфига дил шод бўлганин билсайди ақл,
Ақл эли истарди девона бўлиб занжиримиз.

Шул гўзал юз лутфу эҳсон оятин этди баён,
Шу учун яхшилигингдан ўзга йўқ тафсиримиз.

Тош каби қаттиқ дилингга ҳеч бир айларми асар,
Шунча ўтлуғ оҳ бирла йўқмидир таъсиримиз?

Оҳимизнинг ўқлари, Ҳофиз, фалакдан ҳам ўтар,
Раҳм қил жонингга, сақлан, тегмагай то тиримиз.

* * *

Соқиё, кел энди сунгил жомни,
Жойла тупроққа ғами айёмни.

Бер қўлимга бир пиёла май шу дам,
Ташлайин малла тўну эҳромни.

Ақл элича бу ёмонлик бўлса ҳам,
Истамаймиз шарму ору номни.

Бода сун ҳам ушбу мағрурликдан,
Тинчланиб қўй нафси беоромни.

Бу ёниқ кўксимдан оҳим ўтлари —
Тушди, куйдирди шу бағри хомни.

Ўз дилим сиррига маҳрам топмадим,
Изладим ҳар қанча хосу омни.

Бир дилором ила кўнглим шод эрур,
Элтди дилдан бир йўла оромни.

Боқмагай ҳаргиз чаманда сарвга,
Кимки кўрса ул сиҳиандомни.

Сабр қил, Ҳофиз, туну кун ранжига,
Бир куни топгайсан албат комни.

* * *

Ғами токим дилимда тутди маъво,
Бошимга зулфи янглиғ тушди савдо.

Унинг ўтдек лаби оби ҳаётдир,
Бўлибдир ул олов бағрим аро жо.

Қачонлардан бери ҳиммат қушига
Бўлибдир ул қади раъно таманно.

Баланд қаддига мен бўлганман ошиқ —
Мудом ошиқ иши гоксак ва аъло.

Оқар ёш гавҳари кўз дарёсидан,
Дуру марварид ила тўлди дунё.

Сочар анбар исин тонг ели бу кун,
Магар ёрим қилибдур сайри саҳро?

Мудом Ҳофиз тили, эй сарви нозим,
Қадинг мақтовида бурро ва гўё.

* * *

Гул ёнда-ю май қўлда, рафиқ дилбари жондур,
Менга бу каби кунда ғулом шоҳи жаҳондур.

Айт: шамъ кетирмангиз-у базм ичра бу оқшом,
Ой юзли гўзалнинг юзи мажлисда аёндур.

Гар мазҳабимиз бода ҳалол дер эди, лекин,
Эй сарв, юзинг бўлмас экан, бода ёмондур.

Доим қулоғим банд наю нағмаю чангга,
Лаъли лабу жом даврига кўзлар нигарондур.

Мажлисга атр хржат эмас, жонни димоғи
Ҳар лаҳза сочинг исларидан атрга кондур.

Қанд ила шакар қанча ширин бўлса, дам урма,
Ширин лабинг орзуси менга вирди забондур.

Ул чоқки, ғаминг хазнаси жой олди дилимда —
Шундан бери мен қулга хароботда макондур.

Сўз қилма уятдан — мени расволигим ундан,
Сўрма отим — ул от мени шармимга зиёндур.

Оч кўзники, ринд, майхўри оввора десанг — биз,
Бу шаҳрда биздек эмас ул кимса қаёндур?

Айбимни дема мухтасиб олдидаки, ул ҳам
Биздек қиладур айш талаб қанча замондур.

Ҳофиз, маю маъшуқасиз ўлтурма замоне —
Ким, ёсуману гул чоғи, ийди рамазондур.

* * *

Икки рафиқ шу замон беғаразу олижаноб,
У — шеър тўплами ҳам сув қўшилмагап майи ноб.

Бу йўлга ёлғиз ўзинг юргил, офият йўли тор,
Кўтар пиёлани — ўтган умр эрур ноёб.

Билимга этмай амал қайғурувчи бир мен эмас,
Қилур ўзин уламо илми беамалда хароб.

Ақл кўзи била боққил бу фитна оламига,
Жаҳон ила бу жаҳон ишлари жадал ва шитоб.

Юзингга етмак умиди кўп эрди дилда, бироқ,
Ажал — умид ва умринг йўлида бир гирдоб.

Ҳикоя сўзлама, ой юзли ёр зулфини тут:
Шум ила қутлуғ эрур Зуҳраю Зуҳалда ҳисоб.

Тополмагайлар уни ҳеч бир нафас ҳушёр,
Негаки, Ҳофиз азал бодаси билан сероб.

* * *

Кўзим қорачиғи қон ичра ноладан тун-кун,
Қаро сенинг тилагинг-ла шу ҳолда халқ бутун.

Май ила маст кўзу лаъл лабингни ёди билан
Қизил май ичдим-у, у ҳасратингда бўлгай хун.

Юзинг қуёши сенинг машриқ остонангдан
Агарда чиқса кулиб, порлагай бу бахти забун.

Ҳикоя айлади Ширин лабин мудом Фарҳод,
Ҳам этти Лайли сочи ҳалқасин макон Мажнун.

Дилимни овла — қадинг сарви дилжўй эмиш,
Гапир — ёқимли сўзингда эрур дурри мазмун.

Шу бода даврида бер жонга роҳат, эй соқий,
Фалакни жорли даври юракка солди тугун.

Ўшал замонки, кетибдур ёнимдан ул ёрим,
Кўзимни теграсида бўлди ёшларим Жайхун.

Нечук бу ғамли юрак шод ўлуб, қувонғайким,
Йўқ ихтиёр ўзида, зарра йўқ қарору сукун.

Эсин йўқотганидан ёр этар талаб Ҳофиз,
Чунончи, истади йўқсил хазинаи Қорун.

* * *

Дил — саройи муҳаббатидур унинг,
Куз — ёритғучи талъатидур унинг.

Икки дунёга бошни эгмасдан
Гарданим узра миннатидур унинг.

Сену тўби-ю, мен — қаддиға асир,
Ким на фикр этса, ҳимматидур унинг.

Ўтти Мажнун замони — гал бизга,
Ўтказар, кимки навбатидур унинг.

Мен нетай хилвати ароки, сабо
Пардадор ўлди — ҳурматидур унинг.

Ишқнинг мулки-ю, қувонч ганжи
Менда бор, бу — иноятидур унинг.

Йўқ зарар дил билан мен ўлсак ҳам,
Қасдимиз тан саломатидур унинг.

Бўлмагай ҳеч хаёли кўздан узоқ,
Чунки бу бурчак хилватидур унинг.

Берса оро чаманга ҳар янги гул,
Бори таъсир суҳбатидур унинг.

Ўзи йўқсил кўринса ҳам Ҳофиз,
Кўкси ганжи муҳаббатидур унинг.

* * *

Зоҳидо, айлама риндларга гуноҳкорча хитоб,
Бошқаларнинг гуноҳи-чун сени қилмайди итоб.

Яхшиман, хоҳ ёмонман — ўз ишингни ўнгла,
Ҳосил эканникидир, сен бу учун олма ҳисоб.

Масту ҳушёр — ҳама одамга талабдур дилдор,
Фарқи йўқ — севги уйи масжиду ҳам дайри хароб.

Май уйининг эшиги тупроғига бош тутдим,
Кимки сўз уқмаса, хишт-ла бошига урса савоб.

Мени қўрқитма азал ёзмишин айлаб такрор,
Маълум эрмас сенга ким яхши эрур, ким нобоб.

Зуҳду тақводан узоқ бўлғучи ёлғиз мен эмас,
Балки жаннатдан отам четлатгали қилди шитоб.

Тоатинг мақтама, эй сўфийки, тақдир қалами
На билурсан, нима деб номинг атаб ёзди китоб?

Яратилмоқда бу бўлсанг — жуда тоза аслинг,
Бу эса сенда табиат жуда ҳам олижаноб.

Бўлса жаннат боғи ҳам қанча ёқимли, лекин,
Бил: ғанимат сенга тол сояси ҳам жоми шароб.

Ҳофизо, олсанг ўлим чоғида қўлға бир жом,
Борасан тўғри биҳишт боғига — кўп чекма азоб.

* * *

Шаробу айш надур ёшрин айламак бунёд,
Қўшилдик ринд сафига — энди фойдасиз фарёд.

Юрак тугунларини еч, фалакни ўйлама ҳеч,
Ечолмади бу тугунни бирор етук устод.

Қадаҳни тутгил адаб шартларин риоя қилиб,
Бу коса таркиби Жамшиду Баҳром ила Қубод.

Қаёнга Жамшиду Кай кетдилар — биров билмас,
Ким англагай — не учун бўлди тахти Жам барбод?

Кўзимнинг олдидаким: Ширин ишқу ҳасратидан
Етарди лолазор ичра ватан тутиб Фарҳод.

Магарки лола жаҳон бевафолигин билди
Келиб-кетиб, қўлидан шиша бўлмади озод.

Узоққа кетгали менга ижозат бермаслар,
Кўнгилда завқи Мусаллою наҳри Рукнобод.

Дафу чанг овози остида соф бодани ич,
Севинч инакларидан қилди пардасин ижод.

Етишди ишқи ғамида не етса Ҳофизга,
Замонанинг кўзи ошиққа солмасин бедод.

* * *

Юзларинг акси тушиб бода тўла жом ичра,
Кулди май, сўфийни қўйди тамаъи хом ичра.

Топди май шуъласидан хониш ила нағма ривож
Тушди бир нурки соқий юзидан жом ичра.

Ғайрати ишқ кесар хос кишиларнинг тилини,
Йўқса ким фош этадур сирни элу ом ичра.

Бағри ёнган мен-у, дилбар қараши бошқа менга
Бу гадога нима лойиқ кўрур инъом ичра.

Тўғри кўргучи етар поклик ила мақсадга,
Эгри кўргучи тушибдур тамаъи хом ичра.

Уйнаб-ўйнаб, уни ғам тиғини кутмак лозим,
Ким унинг-чун бўладур яхши саранжом ичра.

Осилиб зулфингга ул чоҳи занахдон чиқди,
Оҳки, чохдан қутулиб, тушди яна дом ичра.

Мени кўрсанг керак, эй сўфий, ибодат уйида,
Фикримиз соқий юзию кўзимиз жом ичра.

Мен харобот сари кетмасдим ибодат уйидан,
Солди тақдир мени бу қолга элу ом ичра.

На қилур юрмаса гардиш четида паргордек,
Тушса ҳар кимсаки бу гардиши айём ичра.

Сўфийлар барчаси бир фикрдадирлар, лекин,
Қолди бу ўртада Ҳофиз номи бадном ичра.

033

011     Таржимон ҳақида

088Ўзбек мумтоз адабиёти билан XX аср янги адабиётини бир-бирига боғлаб турувчи кўприклардан бири Шамсиддин Шарафиддин ўғли Хуршиддир. У ўзбек драматургиясига пойдевор қўйган ижодкорлардан бири, шоир, ёзувчи, таржимон ва режиссёрдир. Ана шу кўп қиррали ва самарали ижодий фаолияти учун 1941 йилда унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» деган юксак унвон берилган.
Хуршид 1892 йилнинг 10 майида Тошкентда боғбон оиласида таваллуд топган. Мадраса ва эски мактабда таҳсил олган. У асримиз бошларидан, аниқроғи, 1905-1906 йиллардан бошлаб жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлаган. Шу маънода у маърифатпарварлик руҳида «Эскилик ва янгилик» деган дастлабки пьесасини, кейинроқ «Ориф ила Маъруф», «Қора хотун», «Кичик аскар» каби пьесаларини, «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Сиёвуш», «Ойбону» сингари мусиқий драма либреттоларини яратган. Унинг, айниқса, Алишер Навоий достонлари асосида яратилган икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган. Хуршид қатор опера либреттоларини ҳам ёзган.
Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод этган. Хусусан, Шиллернинг «Қароқчилар», В.Шекспирнинг «Қора араб» («Отелло»), У.Ҳожибековнинг «Аршин мололан» каби машҳур асарларини ўзбек тилига ағдарган. Шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалини она тилига таржима қилган.
Бундан ташқари, у ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намояндалари Мунис ва Огаҳий каби шоирлар девонларини нашрга тайёрлаган. Хуршид етук ғазалнавис шоирдир. Унинг «Чоргоҳ», «Гиря», «Баёт», «Ушшоқ», «Сегоҳ», «Дугоҳ», «Сувора» каби куйларга солинган оҳанграбо шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан хамон ихлос билан айтиб келинмоқда.

Хуршиднинг ижодий мероси анча бой, серқирра ва сермазмун бўлиб, у ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида авайлаб сақланмоқда.
Хуршид 1960 йилда вафот этган.

033

(Tashriflar: umumiy 1 710, bugungi 1)

Izoh qoldiring