Umar Sayfiddin. Hikoyalar.

04811 март — Атоқли турк адиби Умар Сайфиддин таваллудининг 130 йиллиги

     Турк ҳикоячилигининг мумтоз вакили, журналист ва зобит Умар Сайфиддин 1884 йилнинг 11 мартида Туркиянинг Беликесир шаҳрида дунёга келди. Аввал Усмония мактабида, сўнгра ҳарбий билим юртларида ўқиган Умарнинг илк ижод маҳсули 1900 йили “Мажмуаи адабийя”да чоп этилди. 1906 йили Измирдаги жандарм мактабига ўқитувчи бўлиб ишга кирди. Шу йилларда Измирда чоп этиладиган “Себат”, “Хизмат”, “Сарбаст” каби газеталарга мақолалар ёзди.
omer-sayfettin Умар Сайфиддин ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаркан, ижодни ҳам тарк этмади. 1911 йили “Ёш қаламкашлар” журналида унинг “Янги лисон” номли мақоласи имзосиз чоп этилди. Мақолада миллий тилни асраб қолиш, бошқа тиллардан сўз олгандан кўра, унинг миллий муқобилларини топиш, адабиётни халқ тилига яқинлаштириш каби жиддий масалалар кўтарилган эди. Унинг “Баҳор ва қалдирғочлар”, “Қўзғолиш хабари”, “Примо Турк боласи”, “Онт” ва “Ишқ тўлқини” каби ҳикоялари ҳам айни шу журналда босилди.
Лейтенант Умар Сайфиддин 1912 йилда Болқон урушида қатнашди ва Яня яқинида юнон армиясига асирга тушди. “Пасткаш”, “Маҳдий”, “Ҳуррият Байроқлари” номли ҳикояларида асирликдаги ҳаётини қаламга олди. Бу ҳикоялар “Халққа тўғри”, “Турк юрти” ва “Зако” каби журналларда нашр этилди.
Бир йиллик асирликдан сўнг, 1913 йили Истанбулга қайтди ва ҳарбий хизматни ташлаб, “Турк сўзи” журналига муҳаррирлик қила бошлади. 1914 йилдан умрининг охиригача Кабаташ мактабида адабиётдан дарс берди.
Умар Сайфиддин 1920 йили 36 ёшида қанд касалидан вафот этди.
Умар Сайфиддиннинг “Тарих азалий такрордир” (1910), “Ҳарам” (1918), “Эфруз Бей” (1919), “Қаҳрамонлар”, “Бомба”, “Ҳарам”, “Узун пошналар”, “Ҳалоллик”, “Ёлғиз баҳодир”, “Исканжа”, “Ишқ тўлқини”, “Оқ Лола”, “Сирли амалиёт”, “Форса”, “Бадал”, “Пушти дурли ёқа” каби асарлари машҳур.

Умар Сайфиддин
ҲИКОЯЛАР
Туркчадан Давронбек Тожиалиев таржимаси
099

ИЛК ЖИНОЯТ

Мен ғурбат, алам ичида яшаган одамман. Бу қийинчиликлар ўзимни таниган пайтимдаёқ бошланган. Ўшанда тўрт ёшга ҳам тўлмагандим. Қилган ёмонлигим туфайли виждоним азобда ― ёна бошлаган сўнгсиз жаҳаннам оташи ичида ҳамон қовуриламан. Мени ташвишга солган бу ҳодисани ҳамон унутмадим. У хотирамда абадий қайғу-алам бўлиб муҳрланиб қолган.

* * *

Ҳа, ўшанда тўрт ёшга ҳам етмагандим. Ундан аввалги воқеаларни эслолмайман. Ҳушимни танибманки, худди чақмоқдек бошимга балолар кела бошлаганди. Толстой тўққиз ойлик чақалоқлик пайтида уни ҳаммомга олиб киришганини хотирлайди. Унинг илк эслагани қандайин ёқимли! Меники эса мудҳиш қайғу билан бошланди. Менинг илк хотирлаган нарсам ширкат қайиғи эди. Ҳамон кўз олдимда: гўё энди туғилдим, онамнинг қучоғидаман… Онам ёнидаги сариқ сочли ёш хоним билан кулишиб гаплашар, сигарет чекишарди. Онам сигарасини ингичка кумуш идишга солиб олганди. Менга бу қутини беришини истадим.
― Ол, аммо оғзингга солма, ― деди.

Менга бу қутини бериб, сигарасини денгизга отди. Ёз пайти эди. Нурли, қуёшли ҳаво… Онам гаплашаркан, узун юнгли мовий елпиғичини тез-тез айлантирарди. Кумуш қутининг ҳалқасига бармоғимни тиқиб, онам кўрмаган пайти учини оғзимга солар, тишлар эдим. Онам гаплашаётган хонимнинг ёпинчиғи мовий эди… Менинг кийимим оппоқ эди. Бошим очиқ. Сочларим кўп. Тўзиб кетган эди. Онам сочимни тартибларкан, бошимни юқорига кўтардим. Қуёш нурлари тушиб турган чодирнинг чеккасида қўл катталигидаги соя қимирларди.
― Қара, қара, ― дедим.
Онам ҳам бошини кўтариб:
― Қуш қўнибди, ― деди.
Қушни тутиб беришини истадим.
― Тутиб бўлмайди, ― деди.

Мен яна сўзимда туриб олдим. Онам шамсияси билан бу соянинг остига урди. Аммо соя қимирламасди. Онам ёнидаги хонимга ўгирилиб:
― Қочмади.
― Қизиқ, нега қочмади?
― Учолмайдиган полапон бўлса керак.
― …
― Қушни олиб беринг, ― дея онамга ёпишиб олган эдим.
Онам елпиғичини ташлаб, ўрнидан турди-да, мени қўлтиғимдан тутиб, кўтараркан деди:
― Ҳуркитиб юбормасдан тут, хўпми!
Бошим соябоннинг матосига яқинлашаркан, кўзларим қамашарди. Қўлимни узатдим. Тутиб олдим. Бу оппоқ бир қуш… Онам қушни қўлимдан олиб ўпди, сариқ сочли хоним ҳам ўпди. Мен ҳам ўпаяпман.
― Оҳ, бечора полапон.
― Балиқчиқуш полапони.
― Ҳали уча олмаса керак.
― Денгизга тушиб кетса ўлиб қоларди.
― …

Бошқа хотинлар ҳам суҳбатга аралашиб, “яшаб кетолмаса керак”, ― дердилар. Онам эса бу оппоқ қушни “оҳ, бечора, оҳ, бечора” деб сийпалагандан сўнг менга берди.
― Уйга олиб борсак, балки яшаб кетар, ― дерди онам. ― Аммо бўғиб қўйма уни.
― Бўғмайман.
― Бўлмаса авайлаб ушла.

Кумуш қутисидан яна сигара чиқарди. Ёнидаги хотинлар яна суҳбатга тушиб кетишди. Қушчамнинг патлари шунақанги оппоқ эдики… Патларини силай бошладим. Қанотларининг қаттиқ жойи ҳам яққол сезилиб турар, оёқлари қирмизи эди. Қочиш учун ҳеч ҳаракат қилмас, мендан ажралмас эди. Кўзлари юм-юмалоқ. Қизил тумшуғининг четида худди сариқ мева пўчоғи каби бир из бор эди. Бўйнини буриб орқа томонига қаради. Мен у пайтда онамга қараётган эдим. Онам ёнидаги хоним билан гаплашаётган эди. Мен билан иши йўқ эди.
Мен қушнинг нозик бўйнини аста қўлим билан чўза бошладим. Бутун кучим билан уни бўғдим. Қанотларини очдим. Бошқа қўлим билан уларни ҳам тортдим. Қип-қизил оёқлари тиззамга ботар эди. Қаттиқ сиқардим. Қушнинг тумшуғи титраб, очилиб-ёпиларди. Тили осилиб, ташқарига чиқар эди. Юмалоқ кўзлари эса каттариб-кичиклашар, сўнг сўниб борарди… Бирдан қўлларимни очдим. Оппоқ қушчамнинг ўлиги пақ этиб ерга тушди.
Онам ўгирилиб, ердан ҳали совимаган маъсум қушчани олди. “Оҳ… Ўлибди!..” дегандан сўнг менга тик қараб:
― Нима қилдинг? – деди.
― …
― Бўғдингми?
― …
― Қани гапир.
― …

Жавоб бермасдан овозимни чиқариб йиғлашга тушдим. Онамнинг қўлидаги оқ қушни сариқ сочли хоним олиб:
― Оҳ, нима гуноҳи бор эди! – деди.
― …
― Бечора…
― …
Бошқа хотинлар ҳам суҳбатга аралашдилар. Қаршимизда ўтирган ёши катта, семиз аёл жиноятимни ошкор қилди:
― Бўғди. Валлоҳи, кўрдим, қандайин ёвуз бола…
― …

Онам сарғайиб кетган, овози титраб чиқарди.
“Оҳ, инсофсиз!” дея менга аччиқ нигоҳини ташлади. Яна баттар йиғлай бошладим. Шу қадар йиғладимки… Мени йиғидан тўхтата олмадилар. Қачон, қаерда, қандай тинганимни ҳозир хотирлай олмайман. Худди умр бўйи йиғлаб ўтадигандай эдим.
Ақлимни таниб-танимай бу жиноятни қилганимга мана, ўттиз йилдан ошди. Ҳозир ширкат қайиқлари сатҳида ўтирарканман, қачон балиқчиқуш кўрсам, бирдан қувончимни йўқотаман. Чақалоққа ўхшаб йиғлагим келади. Юрагимда оғриқ пайдо бўлиб, кўксимни тилаверади.
“Оҳ, инсофсиз!” дея мени уришган онажонимнинг танбеҳини эшитгандек бўламан.

ФОРСА

Ўрта денгизнинг қаҳрамонликлар макони бўлмиш сўнгсиз уфқларига қараган кичик тепалик мўъжазгина чаманзор эди. Ингичка узун новдали бодом дарахтларининг олачалпоқ сояси соҳилга энган сўқмоққа тушар, кўкламнинг майин шабадаларидан сархуш чағалайлар савдойи чуқур-чуқурлари билан самода шовқин соларди. Бодомзорнинг ёни кенг узумзор эди. Оқ тошлардан тикланган қисқа девор ортидаги хароба водийга туташиб кетганди. Узумзор ўртасидаги вайрона кулбанинг эшиксиз оғзидан бир чол чиқиб келди. Унинг соч-соқоли оппоқ эди. Худди букрисини тўғриламоқчидек керишди. Қўллари, оёқлари қалтирарди. Осмон қадар бўш, осмон қадар сокин денгизга узоқ тикилди.
– Хайрлидир, иншааллоҳ – деди ўз-ўзига.

Девор тагидаги тошлар уюмига чўкди. Бошини қўллари орасига олди. Эгнида йиртиқ бир қоп бор эди. Яланг оёқлари тупроқдан қорилгандек, нимжон қўллари эса кир жез рангида эди. У яна бошини кўтарди. Кўк билан денгиз туташган уфққа тикилди, аммо кўзга ташланадиган ҳеч нима йўқ эди.
Бу чол ҳар кеча тушида уни қутқариш учун елканли кемаларнинг келаётганини кўрадиган бечора собиқ турк форсаси эди. Асирга олинганидан бери қирқ йил ўтибди. Мальта қароқчилари қўлига тушганида, ўттиз яшар бақувват, азамат, паҳлавон қаҳрамон эди. Йигирма йил уларнинг кемаларида эшкак эшди. Йигирма йил икки оёғидан икки занжир билан рутубатли кема тубига боғлоқлиқ яшади. Йигирма йилнинг ёзлари, аёзлари, шамоллари, довуллари, қуёшлари унинг метиндек вужудини буколмади. Занжирлари занглади, чириди, узилди. Йигирма йил ичида бир неча марта халқалари ва михларини алмаштиришди. Аммо унинг пўлатдан ҳам мустаҳкам оёқларига ҳеч нима кор қилмади. У фақат таҳорат ололмагани учунгина хафа бўларди. Қуёш чиқадиган томондан ўнгроққа бурилар, кўзларини қиблага қаратиб, беш вақт намозни сирли имо-ишора билан адо қилар эди.
Элликка кирганида, «Энди эшкакни яхши эшолмайди», деб, қароқчилар бир оролда уни сотиб юборди. Хўжайини бир деҳқон эди. Ўн йил қаттиқ нон еб, унинг қўлида ишлади. Оллоҳга шукр қиларди. Чунки энди оёқлари занжирбанд эмас, таҳорат ола билар, тўғридан-тўғри қиблага рўбарў туриб, эсида қолган оятлари билан намоз ўқиб, дуо қила оларди. Бутун ўй-хаёли туғилган юртига, Эдремитга қайтиш эди.

Ўттиз йил ичида бир лаҳза ҳам умидсизликка тушмади. «Ўлганимдан сўнг тирилишимга қанчалик ишонсам, эллик йиллик асирликдан кейин ҳам Ватанга қайтишимга шунчалик ишонаман», дерди. У энг донгдор, энг машҳур турк кемачиларидан эди. Йигирма ёшидаёқ Жабал ал-Тариқ бўғозидан ўтган, шимол шамолига қараб ҳафталаб, ойлаб, қирғоқ кўрмай сузган, дуч келган эгасиз ороллардан солиқлар ундирган, катта-кичик денгиз флотларини бир ўзи енгил кемасида енгганди. Ўша пайтлар турк элида унинг номи тилларда достон эди. Ҳатто подшоҳ саройга чақиртириб, саргузаштларини мароқ билан тинглаганди. Чунки у Ҳизр алайҳиссалом кезган диёрларда сайр этганди. Шундай денгизларга борган эдики, унда тоғлардан, ороллардан катта муз парчалари сузиб юрарди. У томонлар умуман бошқа бир дунё эди. Олти ой кундуз, олти ой кеча бўларди.

Хотинини ҳам ўша – бир йили бир кеча-кундуздан иборат сирли ўлкадан топган эди. Кемаси олтин, кумуш, инжу, олмос ва асирлар билан тўлиб, ватанга қайтар экан, денгиз ўртасида уйланган, ўғли Турқут Чаноққалъадан ўтаётганда туғилганди. У ҳозир қирқ беш ёшга кирган бўлса керак. Тирикмикан-а? Қиёфасини ҳам унутиб юборгани, қордан ҳам оппоқ аёли соғ-саломатмикан? Қирқ йилки, фақат пойтахтнинг, Истанбулнинг миноралари, уфқи хаёлидан ҳеч кетмайди. «Бир кемам бўлса, кўзимни шарт юмардим-у, Кабатошнинг олдига лангар ташлардим», дея орзу қиларди… Олтмиш ёшдан ўтганидан кейин хўжайини уни гўёки озод қилди. Бу озод қилиш эмас, кўчага ҳайдаш, ночорликка ташлаш эди, аслида. Кекса тутқун шу қаровсиз узумзордаги хароба кулбани топди. Ичига кириб, жойлашиб олди. Ҳеч ким ҳеч нима демади. Ора-сира қишлоққа тушар, қарилигига ачиниб берилган садақаларни йиғиб қайтарди. Орадан яна ўн йил ўтиб кетди. Энди жуда ҳолдан тойган, узумзор эгаси ҳам уни ёқтирмай қолганди. Қаёққаям борар эди?

Аммо энди аввалги тушларини яна кўраётганди. Қирқ йиллик туш… Туркларнинг, турк кемаларининг келиши… Қоқ суяк қўллари билан кўзларини ишқади. Денгиз кўк билан туташган уфққа қаради. Ҳа, албатта келишади, бу – аниқ! У бунга шунчалар ишонардики…
– Қирқ йил кўрилган туш ёлғон бўлмайди! – деди ўз-ўзига. Кулба деворининг тагига чўзилди. Секин кўзларини юмди. Кўклам умид учқуни каби атрофни нурга тўлдирарди. Чағалайларнинг «Келаяптилар, келаяптилар, сени қутқаришга келаяптилар» деганга ўхшаш ширин овозларини тинглай-тинглай ухлаб қолди. Девор тошларининг орасидан чиққан калтакесаклар унинг устида кезиб юрар, дағал кийимининг ичига ўрмалар, қалин оппоқ соқоллари орасида ўйнарди. Кекса тутқун тушида оғир турк денгиз флотининг бандаргоҳга кирганини кўрарди. Қасабага борадиган йўлга бир неча бўлук аскар тушган эди. Қизил байроқни узоқдан таниди. Ханжар ва қалқонлар қуёш нурида ялтирарди.

«Бизникилар! Бизникилар!» дея бақириб уйғонди. Қаддини ростлади. Устидаги калтакесаклар тумтарақай қочиб кетди. Бандаргоҳга қаради. Ҳақиқатан ҳам, қалъанинг қаршисида денгиз флоти кўринарди. Кемаларнинг, елканларнинг, эшкакларнинг шаклига эътибор берди. Ранги оқариб кетди. Кўзларини каттароқ очди. Юраги ҳапқира бошлади. Қўлларини кўксига қўйди. Қирқоққа яқинлашаётган турк кемалари эди. Кўзларига ишонмади.
«Ажабо, тушимми, ўнгимми?» – шубҳага тушиб қолди. Уйғоқликда ҳам туш кўриладими? Ишонч ҳосил қилиш учун қўлини тишлади. Ердан ўткир тош парчасини олди. Пешонасига урди. Ҳа, оғриқни ҳис қилаяпти. Уйғоқ экан, кўрганлари ҳам туш эмас. Ҳойнаҳой, кемалар у ухлаётганда бурун орқасидан чиқиб келган бўлса керак. Севиниб кетгани, шошиб қолгани боис, оёқларидан мадор кетди. Ўтириб қолди. Қирғоққа чиққан бўлуклар қизил байроқлар кўтарганча тўғри қалъага қараб келаётганди. Қирқ йиллик кутишдан ортган энг сўнгги ғайратини йиғиб олға интилди. Бирдан суяклари қисирлаб кетди. Бодомларнинг гулли соялари тушиб турган йўлдан илдамлади. Қирқоққа қараб югура кетди. Аскарлар оқсоқол чолнинг ўзлари томон чопиб келаётганини кўриб:
– Тўхта, – дея бақирдилар.
Қария тўхтамади, у ҳам бақирди:
– Мен туркман, ўғилларим, туркман.
– …

Аскарлар унинг яқинроқ келишини кутди. Чол туркларга яқинлашаётиб, биринчи учраганини қучоқлаб, ўпа бошлади. Кўзларидан дувиллаб ёш оқарди. Унинг аҳволини кўрганлар ҳам мутаассир бўлдилар. Чолнинг ҳаяжони бироз босилгач, сўрадилар:
– Қанчадан бери асирликдасиз?
– Қирқ йилдан бери!
– Қаерликсиз?
– Эдремитлик.
– Исмингиз нима?
– Қора Мемиш.
– Капитанмидингиз?
– Ҳа…

Чолнинг атрофидаги аскарлар орасида ғала-ғовур бошланди. Бир ҳайқириқ янгради: «Бейга хабар беринг!». «Бейга хабар беринг!» дея бақиришиб қолишди. Чолнинг қўлтиқига кирдилар. Денгиз бўйига қушдек учириб боришди. Бир қайиққа ўтқаздилар. Кейин катта кемага олиб чиқишди. Аскарлар орасида унинг қаҳрамонлик саргузаштларини билмаган, довруғини эшитмаган кимса йўқ эди. Қария кема саҳнида бироз туриб қолди. Севинганидан шошиб қолган, ўзини йўқотган эди. Унга шалвор кийгизишди. Елкасига зарбоф тўн ташладилар. Бошига дастор кийгиздилар.
– Қани, бейнинг ёнига, – дедилар.

Уни бу ерга олиб келган аскарлар билан бирга улкан кеманинг қуйруғига қараб юрди. Ҳарбий кийими устидан темир, пўлат зирҳ кийган шопмўйлов одамнинг қаршисида тўхтадилар.
– Сиз капитан Қора Мемишмисиз?
– Ҳа!
– Ҳизр алайҳиссалом кезган жойларга борган сизмисиз?
– Менман.
– Рост гапираяпсизми?
– Нега ёлғон гапирайин?
– Ечинг ўнг енгингизни, кўрай.

Чол қўлини тўнидан чиқарди. Енгини шимарди. Бейга узатди. Билагида хоч шаклида чуқур чандиқ бор эди. Бу чандиқни олти ой тун бўладиган оролдан хотинини олиб қочаётганида орттирган эди. Бей чолнинг қўлини қучди, ўпа бошлади.
– Мен сизнинг ўғлингизман! – деди.
– Турқутмисан?
– Ҳа!..
Кекса асир севинчдан хушини йўқотди. Ўзига келгач, ўғли унга:
– Мен жанг қилиш учун қирғоққа тушаяпман. Сиз кемада дамингизни олинг, – деди.

Собиқ қаҳрамон кўнмади:
– Йўқ. Мен ҳам сизлар билан жангга кираман.
– Кексайиб қолгансиз, ота.
– Аммо ҳали ҳам юрагим бақувват!
– Дам олинг! Бизни кузатинг!
– Қирқ йилки урушни соғинганман…
Ўғли отасининг қўлларидан тутди: «Ватанингизни, яқинларингизни кўрмасингиздан, сизни яна йўқотмайлик, ота», дея ёлвориб ўпди.
Чол бошини кўтарди, қаддини ростлади: у яна ёшаргандек эди. Байроққа ишора қилиб деди:
– Шаҳид бўлсам, буни устимга ёпинглар! Қизил байроғим ҳилпираб турган жой ҳам ватаним эмасми?

01

092

(Tashriflar: umumiy 459, bugungi 1)

Izoh qoldiring