Umar Sayfiddin. Badal

06      11 март — Умар Сайфиддин таваллуд топган кун

Замонавий турк ҳикоячилигининг асосчиси бўлган Умар Сайфиддин асарлари бутун дунёда машҳур. Унинг асарлари ахлоқий маънавий руҳга бой бўлиб, энг кўп ўқиладиган асарлар сирасига киради. Сизга тақдим этилаётган ҳикоя инсон ор-номуси мавзусига бағишланган.

Умар Сайфиддин
БАДАЛ
Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси
056

Эшикдан бошқа жойидан ёруғлик тушмайдиган устахонасида ёлғиз ўзи кечаю кундуз учқун сачратиб ишлайдиган Улкан Али худди қафасга солинган ювош арслонни эслатарди. Баланд бўйли, шерпанжа, билаклари мушакдор, кенг елкали бир паҳлавон эди.

Ўн йилдан буён нимқоронғилик ичида темирдан ясаган қиличлари бутун Онадўли, Румэлида, чегара ҳудудларида катта шуҳрат қозонганди. Ҳатто, Истанбулда ханжар, чопқи, қилич сотиб олмоқчи бўлган яничарлар уларнинг устида “Уста Алининг иши” тамғаси бор–йўқлигини текширишарди. Уста пўлатга сув беришни биларди. У ясаган узун қиличларгина эмас, балки калта пичоқлар ҳам қайирса, икки буклам бўлар, лекин синмасди. “Жуфт сув бериш” санъатининг фақат у биладиган бир сири бор эди. Шогирд олмас, биров билан кўп сўзлашмас, устахонадан ташқарига чиқмас, тўхтовсиз ишлагани ишлаган эди. Сўққабош эди. Қариндош, туғишгани йўқ эди. Бу шаҳарга четдан келганди. Қилич, темир, пўлат, оташдан бошқа нарсани билмас, савдолашиб ўтирмас, мижозлари не берса шуни оларди. Фақат уруш вақтларида оташдонни ўчирар, устахонани қулфлар, йўқ бўлиб кетар, урушдан сўнг яна пайдо бўларди. Шаҳарда у ҳақда анча–мунча гап–сўзлар юрарди. Биров “жаллоддан қочган аслзода” деса, бошқаси “севгилиси ўлгани учун дунёга бевақт этак силкиган бир мушфиқ” дерди. Қора кўзларининг мардона боқиши, назокатли муомаласи, мағрур сукунати, тўғри сўзлашидан унинг шунчаки оддий одам эмаслиги кўриниб турарди. Лекин у ким? Қаерлик? Қаердан келган? Буларни ҳеч ким билмасди. Халқ уни яхши кўрарди. Шаҳарда бундай машҳур устанинг борлиги ҳар киши учун алоҳида ғурур манбаи эди.

– Бизнинг Али.
– Бизнинг катта устамиз.
– Дунёда тенги йўқ.
– Зулфиқорнинг (1) сирини фақат у билади, – дейишарди.

Улкан Али энг қалин, энг қаттиқ темирларни жўхори япроғидай юпқалаштира оладиган, қоғоздек юмшата оладиган санъатини ҳеч кимдан ўрганмаган, ўзи кашф қилган эди. Ҳали ўн икки ёшлик чоғида қаттиққўл бейларбейи бўлган отасининг боши олинган, етим қолган эди. Амакиси катта бой эди. Дабдабага муккасидан кетган вазир эди. Алини ёнига олди. Ўқитмоқчи бўлди. Тарбияланиб, давлат аркони орасида, балки, катта мансабларни эгаллаган бўлурди. Лекин кимнингдир миннатини тортмоқ…

Алининг табиатида бу нарса йўқ эди. Бу ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ ичини сирқиратиб оғритиб юборарди. “Мен бировнинг марҳаматига зор эмасман” деди ва бир кечаси амакисининг уйидан қочди. Бетайин дарбадар каби тоғлар, тепалар, даралар ошди. Номи не эканини билмаган шаҳарлардан ўтди. Охири Арзурумда бир кекса темирчига шогирд тушди. Ўттиз ёшигача Онадўлида у бормаган шаҳар қолмади. Ҳеч кимга бўйин эгмади, бировнинг миннатини тортмади. Тошдан нон топди. Пешона тери билан еб– ичди. Кўп ишлади. Тенгсиз ишлар қилди. Озига қаноат қилди. Ичида “муқаддас оташ”дан бир лағча олов бўлган ҳар бир ихтирочи каби пул учун эмас, санъат, санъат берадиган завқ–шавқ учун ишларди. У “пўлатга жуфт сув бериш”га муккасидан кетганди. Кўнгилли бўлиб урушга кетган вақтларида яничарлар, сипоҳилар, жангчилар орасида “Уста Алининг иши” машҳурлигини эшитди дегунча, англатишга тил ожиз бир ҳузурга кўмиларди. То ўлгунича шундай, ҳеч тўхтамай ишласа, яна нечталаб ғозийга синмас шамширлар, қалқонларни парчалайдиган пўлат қиличлар, совутларни кесадиган оғир чопқилар ясаши мумкин. Буни ўйлади дегунча, кулимсирар, қалби ширин орзиқар, кўнглидан отилиб чиққан орзулар билан сандон устидаги миллионлаб учқунлар туташиб кетарди.

– Тақ!
– Тақ, тақ!
Мана, бугун ҳам бомдод намозидан бери тинмай ўн соат ишлади. Ясаётган эгри темирни сандон ёнидаги сув бочкасига ботирди. Ўчоқнинг сўна бошлаган ўтига назар ташлади. Болғани ташлаб, қўли билан пешона терини артди. Эшик томонга ўгирилди. Рўпарадаги масжиддан ҳузунли азон саси, мўри устидаги уядан лайлакларнинг тўхтовсиз қуриллаган овози эшитиларди. Аср намози таҳорати ҳали бузилмаганди. Фақат қўлларини ювди. Қуритди.
Кўйлагининг шимарилган енгларини туширди. Камзулини елкасига отди. Ташқарига чиқди. Эшикни яхшилаб бекитди. Қулфлашни лозим топмади. Тўғри катта майдондаги масжид томон юрди. Шаҳар чеккасидаги бу кўримсиз маъбадга нуқул йўқсиллар келарди. Кўчага қараган чоғроқ дераза масжид минораси вазифасини ўтарди. Муаззин биродар деразадан бошини чиқариб, азон айтарди.

Улкан Али масжидга кириб, одам ҳамишагидан кўп эканини кўрди. Доим уч қандил ёқиладиган масжидда бу оқшом, Рамазон байрамидагидек, барча қандиллар ёқилган эди. Намозхонлар ҳали сафга турмагандилар. Эшик ёнига чўкди. Ёнида паст товушда гаплашаётганларнинг сўзига истар–истамас қулоқ берди. Қўниядан икки мусофир дарвеш келганини, хуфтон намозига қадар “Маснавий” ўқимоқчи эканликларини билиб олди.
Шом намози ўқилгач, масжиддагиларнинг бир қисми чиқди. Улкан Али жойидан қўзғалмади. Боши бироз оғриётганди.

“Маснавий эшитсам, яхши бўларман” деб ўйлади. Икки мусофир дарвешнинг кўнгил аллалайдиган қироати остида ҳузур оғушига кўмилиб, ўзидан кетди. Ҳар бир ошиқ каби унинг юраги ҳам чексиз жўшқинлик, ҳаяжон, эҳтиросга тўла эди. Сал нарсага жўшиб кетарди. Маъносини тушунмаган бу тилнинг сирли оҳангдорлиги унинг турғун қонини сув остидаги пинҳон чуқур гирдоб каби жўштирди. Аъзойи бадани сабабсиз ларзага тушиб титрар, ҳеч тўхтатиб бўлмайдиган йиғи томоғига тиқилгандай бўларди. Хуфтон намозини ўқиб, масжиддан чиққач, тўғри устахонасига бора олмади. Кезди. Уйқуси қочганди. Илиқ, юлдузли ёз кечаси эди. Сомон йўли сариқ олтин тўзон булутидай кўкнинг бу томонидан у томонига чўзилган. Юрди, юрди. Шаҳардан яйловга кетадиган йўл ўтадиган тахта кўприк устида турди. Тутқичга суянди. Кенг сой сувида акс этган юлдузлар чақмоқ тош учқунидек жимирларди. Сой шилдирарди. Қоронғилик ичида чеккадаги думалоқ толларда булбуллар сайрарди. Ўзидан кетди. Соатлаб қимирламади. Тинглаган қироатининг кўнгил тубида қолган оҳанглари эшитилар, худди масжидда бўлганидай ўзидан кетарди.

Қўққисидан орқасидан биров:
– Ким бу? – дея бақирди.

Берилиб кетган тушидан уйғонди. Ўгирилди. Кўприкнинг нариги томонидан икки–уч шарпа илгарилаб келарди. Беихтиёр жавоб берди:
– Бегона йўқ!

– Кимсан?
– Али.
– Қайси Али?
– ….
– Сенмисан уста Али?
– Менман!

– Бемаҳалда бу ерда нима қилиб юрибсан?
– Ўзим, шундай.
– Қанақасига шундай? Болғангни сувга тушириб юбордингми ё?

Улар шаҳар баладиясининг (2) одамлари, қоровуллари эдилар.

Хизмат юзасидан айланиб юришганди. Нима дейишини билмай шошиб қолди. Кечалари қорадори ичадиган бу дайдилар ор– номусли кишилар учун ўғрилар, каззоблардан ҳам қўрқинчлироқ эди. Ўзларидан бошқа кезиб юрган одамни кўрдиларми, дарҳол тутиб, товбасига таянтирардилар. Лекин унга ёмон муомала қилишмади. Қоровулбоши:
– Уста Али, алдан оздингми? – деди.

– Йўқ.
– Бунақа ярим кечага яқингина эмас, ҳатто хуфтон намозидан кейин кўча–кўйда, айниқса, шаҳар четида ҳеч кимнинг сандироқлаб юришига оғамиз рухсат бермаслигини билмайсанми?
– Биламан.
– Ий–э, ундай бўлса нима қиляпсан бу ерда?
– Ҳеч нарса.
– Қанақасига ҳеч нарса?

Улкан Али яна жавоб бермади. Соқчилар унинг ор–номусли, ҳалол одам эканлигини билишарди. Азоб бермадилар.
– Бор, уйингга кет, санқима, – дедилар.

Келган йўлидан тез–тез юриб қайтган Улкан Алининг қалби бироз илгари тинглаган оҳанглар оғушида эди. Булбуллар қаттиқ сайраб қўйишар, узоқларда чўпон итлари ҳурарди. Кўчада ҳеч кимни учратмади. Устахонасининг олдига келиб тўхтади. Мўри устидаги лайлак ухламаган, кафанга ўралган бир кўланкадай оёқ устида турарди. Эшиги хиёл очиқ эди. Чиқаётганида зичлаб ёпмагани эсига тушди.
– Ажабо, шамол очган бўлса керак, – деди.

Устахонасида сандон билан чўкичдан бошқа қийматли бирон нарса йўқ. Булар ҳам ўғрилашга арзимайди. Агар ўғри олса, уларни ташиш азобини тортган бўлурди.

Эшикни ичкаридан тамбалади. Соқчиларнинг тирғилишидан жони сиқилган эди. Хуллас, шаҳарда яшаш ҳам бир тутқунлик. Иложи йўқ, чунки тоғу тошда, қишлоқда унинг санъатининг кимга кераги бор? Бирданига оғир бир ҳорғинлик ҳис қилди. Қандилини ёқишга эринди. Ўчоқнинг чап томонидаги пастак супага осонгина чиқди. Катта айиқ пўстагидан қилинган тўшагига узанди.

Сесканиб уйғонди. Эшигини тақиллаётган эдилар. Уйқусираб:
– Ким у? – дея қичқирди.
– Оч, тез бўл!

Тонг отганди. Эшик тирқишларидан оқ нур ёғилиб турарди. У ҳеч қачон бундай ухлаб қолмас, кун чиқмай уйғонарди. Қад ростлади. Супадан пастга тушди. Калишини топмай, эшикка йўналди. Тезда тамбани олди. Шартта очилган эшикдан ёғилиб устахонани тўлдирган ёруғлик ичида мўйловдор, катта қалпоқ кийган Қоровулбошини кўрди. Орқасида намат кулоҳли, жуфт ханжарли ёрдамчилари турарди. “Нима гап?” дегандай кўзларига тикилди.
Қоровулбоши:
– Уста Али, устахонангни тинтиймиз, – деди. Улкан Али ҳайрон бўлиб сўради:
– Нега?

– Бу кечаси Будоқбейнинг қўрасига ўғри тушибди.
– Хўш, менга нима?

– Мана, шунинг учун ҳам устахонангни тинтимоқчимиз.
– У ўғриликка менинг не дахлим бор?

– Ўғрилар бир қўзини ўғирлаб кўприк остида сўйган. Чарм ҳамёнлар ичидаги пулларни олиб, биттасини ўша ерга ташлаб кетишган.
– Менга нима алоқаси бор?
– Ўша ҳамёнлардан бирини бугун саҳарда устахонангнинг олдидан топдик. Қолаверса, шу эшикка қара. Қон доғлари бор!

Улкан Али қамашган кўзлари билан устахонасининг топ–тоза эшигига қаради. Ҳақиқатан ҳам кичкинагина қон доғи бор эди. У бу қизил доғга ҳорғин боқаркан, шопмўйлов соқчи:

– Бунинг устига бу кечаси бемаҳалда сени кўприк устида кўрдим, у ерда нима қилиб юргандинг? – деди.

Улкан Али яна нима дейишини билмади. Ерга боқди.
– Тинтинглар, – дея орқага тисланди.

Қоровулбоши билан ёрдамчилари устахонага киришди. Сандон ёнидан ўтаётган қоровулбоши қичқирди.
– Вой! Мана, мана!

Улкан Али беихтиёр соқчи тикилган ерга кўз югуртирди. Янги шилинган бир терини кўрди. Ҳайрон қолди. Ёрдамчилар дарҳол терини ердан олдилар. Очдилар. Тери ҳўл эди. Бир бошлиғига, бир айбдорга қараб қолишди. Қоровулбоши жаҳл билан сўради:
– Ўғирлаган пулларни қаерга яширдинг?

– Мен пул ўғирлаганим йўқ.
– Инкор этма. Мана, қўзининг териси устахонангдан чиқди–ку.
– Бу терини бу ерга мен қўймадим.
– Унда ким қўйди?
– Билмайман.

Улкан Али узундан–узоқ сўзлай олмасди. Сувбошининг (3) олдига олиб боришганида ҳам кечаси бемаҳалда кўприк устига нега борганини тушунтира олмади. Соқчилар топган барча далиллар унинг зарарига чиққанди. Будоқбей эндигина сотган юзта қўйнинг пули ҳам ўғирланган эди. Иккита бақувват ўғри қоровул чўпонни қаттиқ боғлаган, сўнг ўлгудай дўппослаган, устига устак бир қўлини синдирган ҳам эди. Эртасига қозининг ҳузурида чўпон ўғриларнинг бирини Улкан Алига ўхшатганини айтди. Кечаси алламаҳалгача устахонасига келмагани, битта тери устахонада, пул ҳамёнларидан бири эшиги олдида топилгани Улкан Алининг айбланиши учун етарли бўлди. Ҳарчанд уринмасин, ўғирлик айбини рад этолмади. Бунинг устига унинг қаердан келгани, қаерлик экани ҳам номаълум эди.

Чап қўлини чопишга ҳукм қилишди.

Улкан Али бу ҳукмни эшитди дегунча, умрида биринчи марта сарғайди. Лабларини тишлади. Лекин ҳукмга бўйсунишдан бошқа чораси йўқ эди. Гандираклаб ўрнидан турди. Қозига дағал сасда:
– Қўлимга тегманг, калламни олинг, – дея илтимос қилди. Бу унинг умрида қилган биринчи илтимоси эди. Аммо кекса қози адолатли эди.
– Йўқ, ўғлим, – деди, – сен одам ўлдирганинг йўқ. Чўпонни ўлдирган бўлсанг, калланг кетган бўларди. Жазо айбга яраша берилади. Сен фақат ўғрилик қилдинг. Қўлинг чопилади. Ҳақнинг хоҳиши шу. Қонун кесган ер оғримайди.

Улкан Алининг қўли бошидан ҳам қийматли эди. “Пўлатга жуфт сув”ни шу икки қўли билан берар, шу икки қўли билан чегара ҳудудларида олишган минглаб ғозийларга пўлат қалқонларни кесган, қалин совутларни йиртган, темир дубулғаларни иккига бўлган пардек юпқа қиличлар етказиб берар, сув текинга, худо йўлига ишларди.

Уни Оға (4) эшигида соқчиларнинг хонаси тагидаги зиндонга қамадилар. Жазо ижро этиладиган кунни шу ерда кутиб ўтирар, ғиқ этмас, чўлоқ бўлиб қолгач, сандонга чўкич уролмаслигини ўйлаб, худосини йўқотган эътиқодли кишидай ғамбода бўлганди. Қўлининг бадалини бериш учун бир мириси йўқ эди. Ҳозиргача пул учун ишламаган эди.

Бутун шаҳар аҳли Улкан Алидай улуғ бир устанинг қўли кесилишига ачинаётганди. Шунчалик хушсурат, мард, меҳнаткаш, бақувват, келишган кишининг то ўлгунча чўлоқ, ночор қолишига, ҳатто, энг тошюрак кишилар ҳам чидай олмаётган эди.

Ахир, уни барча яхши кўрарди–да.

Сипоҳилар ўзларига қилични жуда арзонга ясаб берадиган бу кишини қутқаришга бел боғладилар. Улар шаҳарнинг энг бой одами бўлган Ҳожи Маҳматга бош урдилар. Бу одам Қорундай бой бўлса–да, ўтакетган зиқна эди. Ҳалигача шаҳар бозоридаги кичик дўконида қассоблик қиларди. Ўйлади, у ёқдан бу ёққа юрди. Нозланди. Пешонасини тириштирди. Бошини чайқади. Лекин сипоҳилар билан яхши муносабатда бўлиши керак эди.
– Модомики, сиз шуни истаётган экансиз, – деди, – мен унинг қўлининг бадалини берай. Лекин бир шартим бор.

– Қандай шарт? – деб сўрашди.
– Эртага ўзига айтинг. Агар ўлгунча менга текинга хизматкор, малай бўлишга рози бўлса…
– Хўп, хўп.

Сипоҳилар Оғанинг эшигига ошиқдилар. Ҳожи қассобнинг шартини Улкан Алига айтдилар. У аввалига қассобликдан бехабар эканини айтди. Рози бўлгиси йўқ эди. Сипоҳилар:
– Сен ҳам одам бўлдинг–у! Қассоблик ҳам ишми? Қанчадан қанча уруш кўрдинг. Қилич уриштирдинг. Боғлиқ қўйни ерга ётқизиб сўя олмайсанми? – дея оёқ тирадилар.

Қулга қул бўлишдан, бу ўткинчи дунёда бировнинг миннатини эшитишдан кўра аччиқроқ нарса йўқ.

У ҳали ёшлигидаёқ, ҳатто, вазир амакисининг ғамхўрлигини қабул қилмаган, миннат эшитмаслик учун оиласидан қочган, мусофирлик қучоғига отилган эди. Энди буни қарангки, қора қисмат уни кимларга қул қилаётган эди.
Сипоҳилар:
– Ҳожи етмиш ёшдан ўтган. Яна қанча яшардики. У ўлганидан сўнг, сен яна озод бўласан, бизга қилич ясайсан. Бўлақол уста, кўп ўйлаб ўтирма! – дейишди.

Ҳожи қассоб кесиладиган қўлнинг бадалини қозига санаб берган куни Улкан Алини эргаштириб, дўконига олиб келди. У жуда инжиқ, ниҳоятда вайсақи, ўтакетган бадҳазм чол эди. Тўхтовсиз вайсагани вайсаган эди. Хасислиги сабабли ҳозирга қадар на хизматкор, на шогирд ёллаганди. Улкан Алини қўлга киритгач, дарҳол дўконининг олдига айвонча кўтарди. Ўша ерга кўрпача ёзиб, устига ўтирди. Каттами кичикми, барча ишларни унга қилдира бошлади. Бомдод намозидан беш соат олдин шаҳардан икки соатлик узоқликдаги қўтонидан шу куни сотиладиган қўйларни келтиртирар, унга сўйдирар, терисини шилдирар, бўлаклатар, соттирар, то шом намозигача тўхтовсиз буйруқ берар эди. Бечорага фақат ёвғон берарди холос. Гоҳо олдидан ортган овқатни итга ташлагандай унинг олдига отарди. Кечалари дўконни бошдан–оёқ ювдирар, уйқуга йўл қўймай, эртанги савдо учун қўй келтиришга жўнатарди. Ўтинни ҳам унга ўрмондан кестирар, сувини таши–тар, майда–чуйда ишларгача барчасини қилдирарди. Ҳатто, боғчасидаги ҳожатхона ўрасини ҳам унга тозалатди.

Улкан Али ёвғон шўрва билан бу қадар машаққатларга йилларча чидаши мумкин эди. Лекин Ҳожи қассоб икки гапнинг бирида:
– Галварс Али, қўлингнинг бадалини мен бердим. Бўлмаса, чўлоқ бўлардинг! – дея қилган яхшилигини юзига солаверишига чидай олмаётганди.

Бир кун, икки–уч кун тишини тишига қўйди. Тинмай ишлади. Кечалари ухламади. Кундузлари оёғини қўлига олди. Хўжайинининг олдида қўл қовуштирди. Шундай бўлса–да, қассоб яна:
– Қўлингнинг бадалини мен бердим!
– …
– Чўлоқ бўлиб қолардинг, ҳа!
– …
– Мен туфайли қўлинг омон қолди!
– …

Ҳожи қассобнинг тили гўё шу сўзлар билан чиққандай эди. Ҳар бир буйруғи бажо келтирилгач, оппоқ соқолли, хунук, чўтир юзини буриштириб, ич–ичига ботган кўк кўзлари билан унга бошдан–оёқ тикилар, “Эсингда бўлсин, сен менинг қулимсан” дегандай, берган бадалини эслатиб қўярди. Улкан Али жим қолар, юраги вайрон бўлаётганини, кўксини лағча чўғ ёндираётганини, сиқилган тишлари ғижирлаганини, чаккаларига оғриқ кирганини ҳис қиларди. Кечалари ухлай олмас, кундузлари ишлаганида, қўтондан қўй олиб келганида, кушхонада қўй терисини шилаётганида, мижозларга гўшт кесаётганида “Нима қилсам экан, нима қилсам экан?” деб ўйлар, бирон қарорга кела олмасди. Дунёда ҳеч кимга бўйинсунмасдан, озига шукур қилиб, ғурур билан бош кўтариб яшашни истар экан, бошига не бало тушди?

Қочиб кетишга номус қиларди. У вақтда ҳақиқатан ҳам ўғрилик қилган бўлиб чиқарди. Аммо бу ҳарифнинг икки сўзнинг бирида таъна қилаверишига чидаш ўлимдан қийинроқ, ўлимдан аччиқроқ, ўлимдан оғирроқ эди.

Ҳожи қассобга қул бўлганига роппа–роса бир ҳафта бўлганди. Жума куни эди. Яна саҳари мардондан қўтонга бориб, қўйларни олиб келган, саллох–хонада терисини шилган, дўкон канораларига осган эди. Дастгоҳнинг чап томонидаги катта, қора тош билан пичоқларни қайрар, яна “Нима қилсам экан, нима қилсам экан?” деб ўйлар, лабларини кемирарди. Хўжайини ҳали келмаган эди. Кичик пичоқлардан кейин катта чопқиларни қайрашга киришди. “Нима қилсам экан?” деб ўйга толиб, қассоб келганини сезмай ҳам қолди. Тўсатдан бадбахтнинг бўғиқ сасини эшитиб, юраги бўғзига тиқилди.

– Ҳой, нима қиляпсан?
Ўгирилди. Хўжайини жойига ўтириб, чилим тутата бошлаганди.

– Пичоқларни чархлаяпман, – деди.
– Ҳой танбал, ҳой ишёқмас. Эрталабдан бери нима қилдинг?

Индамади. Қовоқлари салқиган бу кичик, бу маккор, бу илон кўзларга киприк қоқмай қаттиқ тикилди. Чол ҳеч кутмаган бу аччиқ нигоҳдан жаҳли чиқди.
– Ҳа, нега бақраясан?

Улкан Али ғиқ этмади, бир ҳафта мобайнида тинмай елиб– югуриб, балки беш йиллик хизмат қилганини кўра–била туриб, яна унга “танбал, ишёқмас” дейишга уялмаган бу ярамас чолга тешворай деб қараб тураверди. Яна юраги вайрон бўлди, кўксини лағча чўғ ёндирди, тишлари сиқилди, чаккаларига оғриқ кирди. Ниҳоят, ўзига келди. Улкан Али кўзларини очди. Қандай қилиб бунга бир ҳафта чидади? Ҳайрон бўлди. Ҳожи қассоб чилимини ёнига қўйди. Хизматкорининг бундай қаҳрли нигоҳидан қутулгандай тўнғиллади:
– Қўлингнинг бадалини мен берганимни унутганга ўхшайсан, – деди. – Мен бўлмасам, ҳозир чўлоқ юрган бўлардинг.

Улкан Али яна индамади. Аччиқ–аччиқ кулимсиради. Сўнгра бирдан сарғайди. Шартта ўгирилди. Ўткирлаган чопқиларининг энг каттасини олди. Енги шимарилган қўлини баланд кунданинг устига қўйди. Чопқини кўтариб, шундай қаттиқ урдики…Шу лаҳзада узилиб тушган қўлини олди. Кўрган манзарадан қўрқиб кўзлари олайган Ҳожи қассобнинг олдига:
– Ма ол, бадалини берган нарсангни! – дея улоқтирди.

Кейин қўлсиз қолган билагининг устини маҳкам боғлади.

Дўкондан чиқди.

Бир вақтлар унинг қаердан келганини билолмаганлари сингари, қаерга кетганини ҳам ҳеч ким билолмади.

————
1. Зулфиқор – тўртинчи халифа Ҳазрати Алининг машҳур қиличи.
2. Баладия – шаҳар ҳокимлиги.
3. Сувбоши – Усмонийлар Туркиясида шаҳар ҳокимлигининг катта инспектори.
4. Оға – қоровуллар бошлиғи.

034

Umar Sayfiddin
BADAL
Boboxon Muhammad Sharif tarjimasi
056

   Eshikdan boshqa joyidan yorug’lik tushmaydigan ustaxonasida yolg’iz o’zi kechayu kunduz uchqun sachratib ishlaydigan Ulkan Ali xuddi qafasga solingan yuvosh arslonni eslatardi. Baland bo’yli, sherpanja, bilaklari mushakdor, keng yelkali bir pahlavon edi.

O’n yildan buyon nimqorong’ilik ichida temirdan yasagan qilichlari butun Onado’li, Rumelida, chegara hududlarida katta shuhrat qozongandi. Hatto, Istanbulda xanjar, chopqi, qilich sotib olmoqchi bo’lgan yanicharlar ularning ustida “Usta Alining ishi” tamg’asi bor–yo’qligini tekshirishardi. Usta po’latga suv berishni bilardi. U yasagan uzun qilichlargina emas, balki kalta pichoqlar ham qayirsa, ikki buklam bo’lar, lekin sinmasdi. “Juft suv berish” san’atining faqat u biladigan bir siri bor edi. Shogird olmas, birov bilan ko’p so’zlashmas, ustaxonadan tashqariga chiqmas, to’xtovsiz ishlagani ishlagan edi. So’qqabosh edi. Qarindosh, tug’ishgani yo’q edi. Bu shaharga chetdan kelgandi. Qilich, temir, po’lat, otashdan boshqa narsani bilmas, savdolashib o’tirmas, mijozlari ne bersa shuni olardi. Faqat urush vaqtlarida otashdonni o’chirar, ustaxonani qulflar, yo’q bo’lib ketar, urushdan so’ng yana paydo bo’lardi. Shaharda u haqda ancha–muncha gap–so’zlar yurardi. Birov “jalloddan qochgan aslzoda” desa, boshqasi “sevgilisi o’lgani uchun dunyoga bevaqt etak silkigan bir mushfiq” derdi. Qora ko’zlarining mardona boqishi, nazokatli muomalasi, mag’rur sukunati, to’g’ri so’zlashidan uning shunchaki oddiy odam emasligi ko’rinib turardi. Lekin u kim? Qaerlik? Qaerdan kelgan? Bularni hech kim bilmasdi. Xalq uni yaxshi ko’rardi. Shaharda bunday mashhur ustaning borligi har kishi uchun alohida g’urur manbai edi.

– Bizning Ali.
– Bizning katta ustamiz.
– Dunyoda tengi yo’q.
– Zulfiqorning (1) sirini faqat u biladi, – deyishardi.

Ulkan Ali eng qalin, eng qattiq temirlarni jo’xori yaprog’iday yupqalashtira oladigan, qog’ozdek yumshata oladigan san’atini hech kimdan o’rganmagan, o’zi kashf qilgan edi. Hali o’n ikki yoshlik chog’ida qattiqqo’l beylarbeyi bo’lgan otasining boshi olingan, yetim qolgan edi. Amakisi katta boy edi. Dabdabaga mukkasidan ketgan vazir edi. Alini yoniga oldi. O’qitmoqchi bo’ldi. Tarbiyalanib, davlat arkoni orasida, balki, katta mansablarni egallagan bo’lurdi. Lekin kimningdir minnatini tortmoq…

Alining tabiatida bu narsa yo’q edi. Bu haqda o’ylashning o’ziyoq ichini sirqiratib og’ritib yuborardi. “Men birovning marhamatiga zor emasman” dedi va bir kechasi amakisining uyidan qochdi. Betayin darbadar kabi tog’lar, tepalar, daralar oshdi. Nomi ne ekanini bilmagan shaharlardan o’tdi. Oxiri Arzurumda bir keksa temirchiga shogird tushdi. O’ttiz yoshigacha Onado’lida u bormagan shahar qolmadi. Hech kimga bo’yin egmadi, birovning minnatini tortmadi. Toshdan non topdi. Peshona teri bilan yeb– ichdi. Ko’p ishladi. Tengsiz ishlar qildi. Oziga qanoat qildi. Ichida “muqaddas otash”dan bir lag’cha olov bo’lgan har bir ixtirochi kabi pul uchun emas, san’at, san’at beradigan zavq–shavq uchun ishlardi. U “po’latga juft suv berish”ga mukkasidan ketgandi. Ko’ngilli bo’lib urushga ketgan vaqtlarida yanicharlar, sipohilar, jangchilar orasida “Usta Alining ishi” mashhurligini eshitdi deguncha, anglatishga til ojiz bir huzurga ko’milardi. To o’lgunicha shunday, hech to’xtamay ishlasa, yana nechtalab g’oziyga sinmas shamshirlar, qalqonlarni parchalaydigan po’lat qilichlar, sovutlarni kesadigan og’ir chopqilar yasashi mumkin. Buni o’yladi deguncha, kulimsirar, qalbi shirin orziqar, ko’nglidan otilib chiqqan orzular bilan sandon ustidagi millionlab uchqunlar tutashib ketardi.

– Taq!
– Taq, taq!
Mana, bugun ham bomdod namozidan beri tinmay o’n soat ishladi. Yasayotgan egri temirni sandon yonidagi suv bochkasiga botirdi. O’choqning so’na boshlagan o’tiga nazar tashladi. Bolg’ani tashlab, qo’li bilan peshona terini artdi. Eshik tomonga o’girildi. Ro’paradagi masjiddan huzunli azon sasi, mo’ri ustidagi uyadan laylaklarning to’xtovsiz qurillagan ovozi eshitilardi. Asr namozi tahorati hali buzilmagandi. Faqat qo’llarini yuvdi. Quritdi.

Ko’ylagining shimarilgan yenglarini tushirdi. Kamzulini yelkasiga otdi. Tashqariga chiqdi. Eshikni yaxshilab bekitdi. Qulflashni lozim topmadi. To’g’ri katta maydondagi masjid tomon yurdi. Shahar chekkasidagi bu ko’rimsiz ma’badga nuqul yo’qsillar kelardi. Ko’chaga qaragan chog’roq deraza masjid minorasi vazifasini o’tardi. Muazzin birodar derazadan boshini chiqarib, azon aytardi.

Ulkan Ali masjidga kirib, odam hamishagidan ko’p ekanini ko’rdi. Doim uch qandil yoqiladigan masjidda bu oqshom, Ramazon bayramidagidek, barcha qandillar yoqilgan edi. Namozxonlar hali safga turmagandilar. Eshik yoniga cho’kdi. Yonida past tovushda gaplashayotganlarning so’ziga istar–istamas quloq berdi. Qo’niyadan ikki musofir darvesh kelganini, xufton namoziga qadar “Masnaviy” o’qimoqchi ekanliklarini bilib oldi.

Shom namozi o’qilgach, masjiddagilarning bir qismi chiqdi. Ulkan Ali joyidan qo’zg’almadi. Boshi biroz og’riyotgandi.

“Masnaviy eshitsam, yaxshi bo’larman” deb o’yladi. Ikki musofir darveshning ko’ngil allalaydigan qiroati ostida huzur og’ushiga ko’milib, o’zidan ketdi. Har bir oshiq kabi uning yuragi ham cheksiz jo’shqinlik, hayajon, ehtirosga to’la edi. Sal narsaga jo’shib ketardi. Ma’nosini tushunmagan bu tilning sirli ohangdorligi uning turg’un qonini suv ostidagi pinhon chuqur girdob kabi jo’shtirdi. A’zoyi badani sababsiz larzaga tushib titrar, hech to’xtatib bo’lmaydigan yig’i tomog’iga tiqilganday bo’lardi. Xufton namozini o’qib, masjiddan chiqqach, to’g’ri ustaxonasiga bora olmadi. Kezdi. Uyqusi qochgandi. Iliq, yulduzli yoz kechasi edi. Somon yo’li sariq oltin to’zon bulutiday ko’kning bu tomonidan u tomoniga cho’zilgan. Yurdi, yurdi. Shahardan yaylovga ketadigan yo’l o’tadigan taxta ko’prik ustida turdi. Tutqichga suyandi. Keng soy suvida aks etgan yulduzlar chaqmoq tosh uchqunidek jimirlardi. Soy shildirardi. Qorong’ilik ichida chekkadagi dumaloq tollarda bulbullar sayrardi. O’zidan ketdi. Soatlab qimirlamadi. Tinglagan qiroatining ko’ngil tubida qolgan ohanglari eshitilar, xuddi masjidda bo’lganiday o’zidan ketardi.

Qo’qqisidan orqasidan birov:
– Kim bu? – deya baqirdi.

Berilib ketgan tushidan uyg’ondi. O’girildi. Ko’prikning narigi tomonidan ikki–uch sharpa ilgarilab kelardi. Beixtiyor javob berdi:
– Begona yo’q!

– Kimsan?
– Ali.
– Qaysi Ali?
– ….
– Senmisan usta Ali?
– Menman!

– Bemahalda bu yerda nima qilib yuribsan?
– O’zim, shunday.
– Qanaqasiga shunday? Bolg’angni suvga tushirib yubordingmi yo?

Ular shahar baladiyasining (2) odamlari, qorovullari edilar.

Xizmat yuzasidan aylanib yurishgandi. Nima deyishini bilmay shoshib qoldi. Kechalari qoradori ichadigan bu daydilar or– nomusli kishilar uchun o’g’rilar, kazzoblardan ham qo’rqinchliroq edi. O’zlaridan boshqa kezib yurgan odamni ko’rdilarmi, darhol tutib, tovbasiga tayantirardilar. Lekin unga yomon muomala qilishmadi. Qorovulboshi:
– Usta Ali, aldan ozdingmi? – dedi.

– Yo’q.
– Bunaqa yarim kechaga yaqingina emas, hatto xufton namozidan keyin ko’cha–ko’yda, ayniqsa, shahar chetida hech kimning sandiroqlab yurishiga og’amiz ruxsat bermasligini bilmaysanmi?
– Bilaman.
– Iy–e, unday bo’lsa nima qilyapsan bu yerda?
– Hech narsa.
– Qanaqasiga hech narsa?

Ulkan Ali yana javob bermadi. Soqchilar uning or–nomusli, halol odam ekanligini bilishardi. Azob bermadilar.
– Bor, uyingga ket, sanqima, – dedilar.

Kelgan yo’lidan tez–tez yurib qaytgan Ulkan Alining qalbi biroz ilgari tinglagan ohanglar og’ushida edi. Bulbullar qattiq sayrab qo’yishar, uzoqlarda cho’pon itlari hurardi. Ko’chada hech kimni uchratmadi. Ustaxonasining oldiga kelib to’xtadi. Mo’ri ustidagi laylak uxlamagan, kafanga o’ralgan bir ko’lankaday oyoq ustida turardi. Eshigi xiyol ochiq edi. Chiqayotganida zichlab yopmagani esiga tushdi.
– Ajabo, shamol ochgan bo’lsa kerak, – dedi.

Ustaxonasida sandon bilan cho’kichdan boshqa qiymatli biron narsa yo’q. Bular ham o’g’rilashga arzimaydi. Agar o’g’ri olsa, ularni tashish azobini tortgan bo’lurdi.

Eshikni ichkaridan tambaladi. Soqchilarning tirg’ilishidan joni siqilgan edi. Xullas, shaharda yashash ham bir tutqunlik. Iloji yo’q, chunki tog’u toshda, qishloqda uning san’atining kimga keragi bor? Birdaniga og’ir bir horg’inlik his qildi. Qandilini yoqishga erindi. O’choqning chap tomonidagi pastak supaga osongina chiqdi. Katta ayiq po’stagidan qilingan to’shagiga uzandi.

Seskanib uyg’ondi. Eshigini taqillayotgan edilar. Uyqusirab:
– Kim u? – deya qichqirdi.
– Och, tez bo’l!

Tong otgandi. Eshik tirqishlaridan oq nur yog’ilib turardi. U hech qachon bunday uxlab qolmas, kun chiqmay uyg’onardi. Qad rostladi. Supadan pastga tushdi. Kalishini topmay, eshikka yo’naldi. Tezda tambani oldi. Shartta ochilgan eshikdan yog’ilib ustaxonani to’ldirgan yorug’lik ichida mo’ylovdor, katta qalpoq kiygan Qorovulboshini ko’rdi. Orqasida namat kulohli, juft xanjarli yordamchilari turardi. “Nima gap?” deganday ko’zlariga tikildi.
Qorovulboshi:
– Usta Ali, ustaxonangni tintiymiz, – dedi. Ulkan Ali hayron bo’lib so’radi:
– Nega?

– Bu kechasi Budoqbeyning qo’rasiga o’g’ri tushibdi.
– Xo’sh, menga nima?

– Mana, shuning uchun ham ustaxonangni tintimoqchimiz.
– U o’g’rilikka mening ne daxlim bor?

– O’g’rilar bir qo’zini o’g’irlab ko’prik ostida so’ygan. Charm hamyonlar ichidagi pullarni olib, bittasini o’sha yerga tashlab ketishgan.
– Menga nima aloqasi bor?
– O’sha hamyonlardan birini bugun saharda ustaxonangning oldidan topdik. Qolaversa, shu eshikka qara. Qon dog’lari bor!

Ulkan Ali qamashgan ko’zlari bilan ustaxonasining top–toza eshigiga qaradi. Haqiqatan ham kichkinagina qon dog’i bor edi. U bu qizil dog’ga horg’in boqarkan, shopmo’ylov soqchi:

– Buning ustiga bu kechasi bemahalda seni ko’prik ustida ko’rdim, u yerda nima qilib yurganding? – dedi.

Ulkan Ali yana nima deyishini bilmadi. Yerga boqdi.
– Tintinglar, – deya orqaga tislandi.

Qorovulboshi bilan yordamchilari ustaxonaga kirishdi. Sandon yonidan o’tayotgan qorovulboshi qichqirdi.
– Voy! Mana, mana!

Ulkan Ali beixtiyor soqchi tikilgan yerga ko’z yugurtirdi. Yangi shilingan bir terini ko’rdi. Hayron qoldi. Yordamchilar darhol terini yerdan oldilar. Ochdilar. Teri ho’l edi. Bir boshlig’iga, bir aybdorga qarab qolishdi. Qorovulboshi jahl bilan so’radi:
– O’g’irlagan pullarni qaerga yashirding?

– Men pul o’g’irlaganim yo’q.
– Inkor etma. Mana, qo’zining terisi ustaxonangdan chiqdi–ku.
– Bu terini bu yerga men qo’ymadim.
– Unda kim qo’ydi?
– Bilmayman.

Ulkan Ali uzundan–uzoq so’zlay olmasdi. Suvboshining (3) oldiga olib borishganida ham kechasi bemahalda ko’prik ustiga nega borganini tushuntira olmadi. Soqchilar topgan barcha dalillar uning zarariga chiqqandi. Budoqbey endigina sotgan yuzta qo’yning puli ham o’g’irlangan edi. Ikkita baquvvat o’g’ri qorovul cho’ponni qattiq bog’lagan, so’ng o’lguday do’pposlagan, ustiga ustak bir qo’lini sindirgan ham edi. Ertasiga qozining huzurida cho’pon o’g’rilarning birini Ulkan Aliga o’xshatganini aytdi. Kechasi allamahalgacha ustaxonasiga kelmagani, bitta teri ustaxonada, pul hamyonlaridan biri eshigi oldida topilgani Ulkan Alining ayblanishi uchun yetarli bo’ldi. Harchand urinmasin, o’g’irlik aybini rad etolmadi. Buning ustiga uning qaerdan kelgani, qaerlik ekani ham noma’lum edi.

Chap qo’lini chopishga hukm qilishdi.

Ulkan Ali bu hukmni eshitdi deguncha, umrida birinchi marta sarg’aydi. Lablarini tishladi. Lekin hukmga bo’ysunishdan boshqa chorasi yo’q edi. Gandiraklab o’rnidan turdi. Qoziga dag’al sasda:
– Qo’limga tegmang, kallamni oling, – deya iltimos qildi. Bu uning umrida qilgan birinchi iltimosi edi. Ammo keksa qozi adolatli edi.
– Yo’q, o’g’lim, – dedi, – sen odam o’ldirganing yo’q. Cho’ponni o’ldirgan bo’lsang, kallang ketgan bo’lardi. Jazo aybga yarasha beriladi. Sen faqat o’g’rilik qilding. Qo’ling chopiladi. Haqning xohishi shu. Qonun kesgan yer  og’rimaydi.

Ulkan Alining qo’li boshidan ham qiymatli edi. “Po’latga juft suv”ni shu ikki qo’li bilan berar, shu ikki qo’li bilan chegara hududlarida olishgan minglab g’oziylarga po’lat qalqonlarni
kesgan, qalin sovutlarni yirtgan, temir dubulg’alarni ikkiga bo’lgan pardek yupqa qilichlar yetkazib berar, suv tekinga, xudo yo’liga ishlardi.

Uni Og’a (4) eshigida soqchilarning xonasi tagidagi zindonga qamadilar. Jazo ijro etiladigan kunni shu yerda kutib o’tirar, g’iq etmas, cho’loq bo’lib qolgach, sandonga cho’kich urolmasligini o’ylab, xudosini yo’qotgan e’tiqodli kishiday g’amboda bo’lgandi. Qo’lining badalini berish uchun bir mirisi yo’q edi. Hozirgacha pul uchun ishlamagan edi.

Butun shahar ahli Ulkan Aliday ulug’ bir ustaning qo’li kesilishiga achinayotgandi. Shunchalik xushsurat, mard, mehnatkash, baquvvat, kelishgan kishining to o’lguncha cho’loq, nochor qolishiga,
hatto, eng toshyurak kishilar ham chiday olmayotgan edi.

Axir, uni barcha yaxshi ko’rardi–da.

Sipohilar o’zlariga qilichni juda arzonga yasab beradigan bu kishini qutqarishga bel bog’ladilar. Ular shaharning eng boy odami bo’lgan Hoji Mahmatga bosh urdilar. Bu odam Qorunday boy bo’lsa–da, o’taketgan ziqna edi. Haligacha shahar bozoridagi kichik do’konida qassoblik qilardi. O’yladi, u yoqdan bu yoqqa yurdi. Nozlandi. Peshonasini tirishtirdi. Boshini chayqadi. Lekin sipohilar bilan yaxshi munosabatda bo’lishi kerak edi.
– Modomiki, siz shuni istayotgan ekansiz, – dedi, – men uning qo’lining badalini beray. Lekin bir shartim bor.

– Qanday shart? – deb so’rashdi.
– Ertaga o’ziga ayting. Agar o’lguncha menga tekinga xizmatkor, malay bo’lishga rozi bo’lsa…
– Xo’p, xo’p.

Sipohilar Og’aning eshigiga oshiqdilar. Hoji qassobning shartini Ulkan Aliga aytdilar. U avvaliga qassoblikdan bexabar ekanini aytdi. Rozi bo’lgisi yo’q edi. Sipohilar:
– Sen ham odam bo’lding–u! Qassoblik ham ishmi? Qanchadan qancha urush ko’rding. Qilich urishtirding. Bog’liq qo’yni yerga yotqizib so’ya olmaysanmi? – deya oyoq tiradilar.

Qulga qul bo’lishdan, bu o’tkinchi dunyoda birovning minnatini eshitishdan ko’ra achchiqroq narsa yo’q.

U hali yoshligidayoq, hatto, vazir amakisining g’amxo’rligini qabul qilmagan, minnat eshitmaslik uchun oilasidan qochgan, musofirlik quchog’iga otilgan edi. Endi buni qarangki, qora qismat uni kimlarga qul qilayotgan edi.
Sipohilar:
– Hoji yetmish yoshdan o’tgan. Yana qancha yashardiki. U o’lganidan so’ng, sen yana ozod bo’lasan, bizga qilich yasaysan. Bo’laqol usta, ko’p o’ylab o’tirma! – deyishdi.

Hoji qassob kesiladigan qo’lning badalini qoziga sanab bergan kuni Ulkan Alini ergashtirib, do’koniga olib keldi. U juda injiq, nihoyatda vaysaqi, o’taketgan badhazm chol edi. To’xtovsiz vaysagani vaysagan edi. Xasisligi sababli hozirga qadar na xizmatkor, na shogird yollagandi. Ulkan Alini qo’lga kiritgach, darhol do’konining oldiga ayvoncha ko’tardi. O’sha yerga ko’rpacha yozib, ustiga o’tirdi. Kattami kichikmi, barcha ishlarni unga qildira boshladi. Bomdod namozidan besh soat oldin shahardan ikki soatlik uzoqlikdagi qo’tonidan shu kuni sotiladigan qo’ylarni keltirtirar, unga so’ydirar, terisini shildirar, bo’laklatar, sottirar, to shom namozigacha to’xtovsiz buyruq berar edi. Bechoraga faqat yovg’on berardi xolos. Goho oldidan ortgan ovqatni itga tashlaganday uning oldiga otardi. Kechalari do’konni boshdan–oyoq yuvdirar, uyquga yo’l qo’ymay, ertangi savdo uchun qo’y keltirishga jo’natardi. O’tinni ham unga o’rmondan kestirar, suvini tashi–tar, mayda–chuyda ishlargacha barchasini qildirardi. Hatto, bog’chasidagi hojatxona o’rasini ham unga tozalatdi.

Ulkan Ali yovg’on sho’rva bilan bu qadar mashaqqatlarga yillarcha chidashi mumkin edi. Lekin Hoji qassob ikki gapning birida:
– Galvars Ali, qo’lingning badalini men berdim. Bo’lmasa, cho’loq bo’larding! – deya qilgan yaxshiligini yuziga solaverishiga chiday olmayotgandi.

Bir kun, ikki–uch kun tishini tishiga qo’ydi. Tinmay ishladi. Kechalari uxlamadi. Kunduzlari oyog’ini qo’liga oldi. Xo’jayinining oldida qo’l qovushtirdi. Shunday bo’lsa–da, qassob yana:
– Qo’lingning badalini men berdim!
– …
– Cho’loq bo’lib qolarding, ha!
– …
– Men tufayli qo’ling omon qoldi!
– …

Hoji qassobning tili go’yo shu so’zlar bilan chiqqanday edi. Har bir buyrug’i bajo keltirilgach, oppoq soqolli, xunuk, cho’tir yuzini burishtirib, ich–ichiga botgan ko’k ko’zlari bilan unga boshdan–oyoq tikilar, “Esingda bo’lsin, sen mening qulimsan” deganday, bergan badalini eslatib qo’yardi. Ulkan Ali jim qolar, yuragi vayron bo’layotganini, ko’ksini lag’cha cho’g’ yondirayotganini, siqilgan tishlari g’ijirlaganini, chakkalariga og’riq kirganini his qilardi. Kechalari uxlay olmas, kunduzlari ishlaganida, qo’tondan qo’y olib kelganida, kushxonada qo’y terisini shilayotganida, mijozlarga go’sht kesayotganida “Nima qilsam ekan, nima qilsam ekan?” deb o’ylar, biron qarorga kela olmasdi. Dunyoda hech kimga bo’yinsunmasdan, oziga shukur qilib, g’urur bilan bosh ko’tarib yashashni istar ekan, boshiga ne balo tushdi?

Qochib ketishga nomus qilardi. U vaqtda haqiqatan ham o’g’rilik qilgan bo’lib chiqardi. Ammo bu harifning ikki so’zning birida ta’na qilaverishiga chidash o’limdan qiyinroq, o’limdan achchiqroq, o’limdan og’irroq edi.

Hoji qassobga qul bo’lganiga roppa–rosa bir hafta bo’lgandi. Juma kuni edi. Yana sahari mardondan qo’tonga borib, qo’ylarni olib kelgan, sallox–xonada terisini shilgan, do’kon kanoralariga osgan edi. Dastgohning chap tomonidagi katta, qora tosh bilan pichoqlarni qayrar, yana “Nima qilsam ekan, nima qilsam ekan?” deb o’ylar, lablarini kemirardi. Xo’jayini hali kelmagan edi. Kichik pichoqlardan keyin katta chopqilarni qayrashga kirishdi. “Nima qilsam ekan?” deb o’yga tolib, qassob kelganini sezmay ham qoldi. To’satdan badbaxtning bo’g’iq sasini eshitib, yuragi bo’g’ziga tiqildi.

– Hoy, nima qilyapsan?
O’girildi. Xo’jayini joyiga o’tirib, chilim tutata boshlagandi.

– Pichoqlarni charxlayapman, – dedi.
– Hoy tanbal, hoy ishyoqmas. Ertalabdan beri nima qilding?

Indamadi. Qovoqlari salqigan bu kichik, bu makkor, bu ilon ko’zlarga kiprik qoqmay qattiq tikildi. Chol hech kutmagan bu achchiq nigohdan jahli chiqdi.
– Ha, nega baqrayasan?

Ulkan Ali g’iq etmadi, bir hafta mobaynida tinmay yelib– yugurib, balki besh yillik xizmat qilganini ko’ra–bila turib, yana unga “tanbal, ishyoqmas” deyishga uyalmagan bu yaramas cholga teshvoray deb qarab turaverdi. Yana yuragi vayron bo’ldi, ko’ksini lag’cha cho’g’ yondirdi, tishlari siqildi, chakkalariga og’riq kirdi. Nihoyat, o’ziga keldi. Ulkan Ali ko’zlarini ochdi. Qanday qilib bunga bir hafta chidadi? Hayron bo’ldi. Hoji qassob chilimini yoniga qo’ydi. Xizmatkorining bunday qahrli nigohidan qutulganday to’ng’illadi:
– Qo’lingning badalini men berganimni unutganga o’xshaysan, – dedi. – Men bo’lmasam, hozir cho’loq yurgan bo’larding.

Ulkan Ali yana indamadi. Achchiq–achchiq kulimsiradi. So’ngra birdan sarg’aydi. Shartta o’girildi. O’tkirlagan chopqilarining eng kattasini oldi. Yengi shimarilgan qo’lini baland kundaning ustiga qo’ydi. Chopqini ko’tarib, shunday qattiq urdiki…Shu lahzada uzilib tushgan qo’lini oldi. Ko’rgan manzaradan qo’rqib ko’zlari olaygan Hoji qassobning oldiga:
– Ma ol, badalini bergan narsangni! – deya uloqtirdi.

Keyin qo’lsiz qolgan bilagining ustini mahkam bog’ladi.

Do’kondan chiqdi.

Bir vaqtlar uning qaerdan kelganini bilolmaganlari singari, qaerga ketganini ham hech kim bilolmadi.

————
1. Zulfiqor – to’rtinchi xalifa Hazrati Alining mashhur qilichi.
2. Baladiya – shahar hokimligi.
3. Suvboshi – Usmoniylar Turkiyasida shahar hokimligining katta inspektori.
4. Og’a – qorovullar boshlig’i.

034

(Tashriflar: umumiy 388, bugungi 1)

Izoh qoldiring