Talant Bek. Mangu afsona

Ashampoo_Snap_2017.07.08_12h06m24s_001_.pngТалант Бек. Мангу афсона. Шеърлар ва достон.Тошкент,»Тезкор нашр маркази»,2014 йил,273 бет. Муҳаррир Ҳусан Мақсуд / Talant Bek. Mangu afsona. She’rlar va doston.Toshkent,»Tezkor nashr markazi»,2014 yil,273 bet. Muharrir Husan Maqsud

Талант Бек — муросасиз шоир. Унинг лирик қаҳрамони Замон ва Макон, Ҳаёт ва Мамот ўртасида чаппар уриб, саргардон кезинадиган одам. У доим бедор. Мисраларда изтироб бўртиб туради. Ахир шоир бекорга айтмаган: «Шоирнинг онаси изтироб ахир». Шоир Ватан ва унга дахддор муқаддас туйғуларни маёқ янглиг боши узра кўтарар экан, ёниб шеърлар айтади. Бу битиклар Сизни ҳам бефарқ қолдирмайди. Бу шоирнинг икккинчи китоби. Тўпламга янги шеърлар киритилди.

Ashampoo_Snap_2017.07.08_12h15m04s_002_.png
Талант Бек
«МАНГУ АФСОНА» КИТОБИДАН
011

ШОҲ МАШРАБДАН

Йўллар юрдим — йўллар қадим,
Бу йўлларда қалбим надим,
Эй жон, сани кўп изладим,
Гоҳ ўзимдан, гоҳ Машрабдан.

Қалдирғочдек қанот ургил,
Дор остида мағрур тургил,
Эй жон, мани сўраб кўргил,
Ҳоҳ фалакдан, ҳоҳ Машрабдан.

Мезонлар ҳам учар зардек,
Бошим урсам тошлар пардек,
Зикр тушиб қаландардек
Ридо кийсам, роҳ — Машрабдан.

Ишқ қасрида жонни узма,
Фарёд ура олам бузма,
Ғариб ошиқ, қўлинг чўзма,
Тўлиб турган моҳ Машрабдан.

Ўзан бузган дарё тинар,
Кечир, Ватан, созим синар,
Кўргил, гадо деган каслар
Тиланади Шоҳ Машрабдан.

Мен шоиринг бўлсам агар,
Дардинг билан тўлсам агар,
Остонангда ўлсам агар,
Қолиб кетган оҳ Машрабдан.

2013.

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙГА НАЗИРА

Ял-ял ёнади ёқут
Олис дарёда кўриниб акси

Югурди сичқон
Ташланди қуш

Сичқон заминга тортди
Қуш фалакка

Қуш фалакка тортди
Сичқон заминга

Ҳуркитди шарпа

Челак кўтарган инсон
ўтиб кетди кўзи осмонда

Қайтишга умри етмас

2013

ТИЛИМ. ТУРКИЙ ТИЛИМ…

Тилим. Туркий тилим — оқаётган шаън,
Кенг дала. Пахса уй. Милтиллайди шам…
О, элим! Кўзгуда ўзин кўрмасдан,
Кўзимга кўзгулар тутди-ку ҳар дам.

Ҳисларим обида — харобазорда —
Гўнгқарға уяси. Тилла сувли тахт.
Тобакай юрагим қондир таҳ-батаҳ
Ойни савдо этган қорабозорда.

Сўнгакларим қақшар. Сўнгги ғалаён —
Муқанна қонида. Сарҳадсиз фалак.
Шоирлар сотилган. Бари чалажон
Булутлар пойида… Изғидим ҳалак…

Ўзимни қилдим фош. Ўздан жудоман,
Япроқлар саргашта. Шамол елкадош.
Сасим Худодандир, жоним Худодан,
Нурли юлдузчалар отилмаган тош…

Ичим куйиб кетган Сўзнинг тафтида,
Оловлар тугаган. Титаяпман кул.
Ҳув тоғлар ортида — Сурхон кафтида,
Қорайиб кетгандир, билмам, Деҳқонқул…

Эслолмадим. Ким бор ундан ташқари,
Э, воҳ! Тушунмайсан барибир, нетай?
Ҳиндикушда қолди Бобур лашкари,
Жонингни бериб тур. Мен жангга кетай!

Ватан деб босилса — қадамлар шахтли,
Йиғлама. Тупроқда қолади излар…
Она! Кўряпсанми, нақадар бахтли —
Кўзгуга термулиб яшаган қизлар!

2012

ИТ КАБИ ҲОРИДИМ…

Қ.Камолга

Ит каби ҳоридим. Бирда йўқ мадор,
Сўз бўлдим… Сўздан ҳам тўкилиб бўлдим.
Юрак чок-чокидан сўкилиб бўлди,
Юракдош бўлмакка этишдилар ор.

Ёр дедим. Тупроққа бошимни қўйдим,
Мен хайр тиладим хайр тилардан.
Нурларнинг тиғида ўзимни сўйдим,
Тўйдим… Тўйиб кетдим газитчилардан.

Барин ғижимладим. Майса товонхўр,
Содиқ бўлса фақат содиқми ранглар?
Тулкилар айёрдир. Шоқоллар қонхўр,
Илвасинлар ора ўтказдим жанглар.

Ғолиб бўлдим тождор! Санғиб ҳам бесар
Мен кўрмадим бунда отилмаган тош.
Шамолларни қушлар қаноти кесар,
Менинг бошим қолди. Эгилмаган бош!

Ҳориган жисмим ҳам тугайди охир,
Унгача қушларга босса бўлар лаб.
Яшаса бўлади ойни қучоқлаб,
Ватанни қучоқлаб яшамоқ оғир!

2013

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Ухлаб ётганларни уйғот, эй, шоир,
Йўқса уммонларни тўнкарар Худо.
Рауф ПАРФИ

1. Улуғ жанг борадир. Ваҳший оломон,
Эзғилайди чиркин оёқларида.
Майиб дил фарёди. Пойида бошим…

Худодан қизғондим ўзимни, ҳатто,
Лайлининг итига айландим ҳар сафар.
Бақирдим уларнинг йўқ шевасида…

Ўз бекам. Омондир саноқли қизлар,
Қутлибека. Ойдин. Қушлар чуғурлар.
Этагида мозор тупроғи чангир…

2. Улуғ жанг борадир. Тинчлан, шоирим,
Ханжарга айланиб кетмасин қалам.
Қоғозни юзида ҳирқирар товуш…

Сусамбилни топган эшакдай алар,
Бемалол ҳанграса… Қорни тўйса, бас.
Тузукпи шеър билмас ватан ҳақида…

Ухлаган онадан алла эшитмай,
Билмайди онаси сўз эканлигин.
Шамол уриларми чирик оғочга…

3. Улуғ жанг борадир. Янграр туркулар,
Шоирин танимас. Навоий қайда?
Ўлигин қўяди тупрокдан устун…

Уйғонинг, туркийлар! Уйғонгил, тупроқ,
Шоири қолмади бу элнинг ахир.
Қоялар кўксида йиғлайди шамол…

Бари кўзи очиқ ухлайди кўрсанг,
Ҳаром йилтиллайди қорачиғида.
Илдизин зангига ташна сувлиғи…

4. Улуғ жанг борадир. Фалакка термул,
Бошингда осмондир. Қўллагай Худо.
Қиличлар жаранги уйғотмас нечун?

Ўликлар тирикдир. Тириклар ўлик,
Ки, фаҳш бижғиган тўшакларидан.
Аждодлар арвоҳи чирқирар нолон…

Ўлдирганлар учун, ўлганлар учун,
Бири кетин мақтар, бири кўкрагин.
Юлдузларни тақиб бўлмас ҳеч қачон…

5. Улуғ жанг борадир. Сарҳадсиз соғинч,
Кузак мезонлари сим тортар Ўшга.
Касалванд япроқлар. Қуёш сочилган…

Томоғингни йиртиб қичқирма, хўроз,
Шаҳидлар қоними тутган тожингда?
Уйғотсам бўлар-ку, тонгни шивирлаб…

«Чинқириб ўсади хўрланган майса.
Борми эр йигитлар? Борми эр-қизлар?
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!»

2013

ЎЗИМ ҲАҚИМДА
011

10299082_302458133256228_4605337660809826600_n.jpgАйтсам — бу тулпор — ўша тулпор, фақат, жиловининг эгаси мен. 1985 йил 7 июнда Дарғам томонларда туғилганман. Болалигим Самарқанднинг нураётган минораларига елка тутиб ўтди. Дадам, аям зиёли. 6 синфда мактабдан кетдим. Шундан буён қишлоғимга кам бордим, умрим кўчаларга тўкилди. Ёшлигимда деярли қилмаган ишим қолмаган. Кўкат сотдим, кетмон чопдим… Йўқотдим, топдим. Кўпроқ йўқотганим ғам, топганим ҳам… Одамлардек йиғладим, кулдим. Пешонам тошларга, совуқ темирларга урилган кунлар ҳам бўлди. Кейинчалик тирикчилик эмас, Тириклик деб яшай бошладим. Ҳисларим шеърларимга, ҳаётим ҳикояларимга кўчди.

Адабиётга бўлган муҳаббатни юрагимга дадам олиб кирган. Бу илмда мен учун у киши катта мактаб. Шоир ўзи учун туғилади, эли учун ўлади. Халқ билан яша, халқнинг дардини ёз, қувончидан қувон. Виждонингга хиёнат қилма, худони ўзи қўллайди дерди. Дадам айтгандек яшадим. Қолганига ҳаёт дарс берди.

Хурсандман: кўзларим дунёнинг рангларини яхши ажрата олди, оқни оқ, қорани қора. Подшони ҳоли танг бўлса гадога, гадони ҳоли танг бўлса худога борар. Ҳолим танг дамлар- да қалам суянчиғим бўлди. Фақат, подшони қахридан, гадони қарғишидан қўрқиб кўп нарса ёза билмадим. Илло, жоним худоники эди. Тирикман — ёзиш имкониятим бор, демак, бахтлиман! Сенга яна нималар дейишим мумкин. Нашрларга шеър кўтариб чопмадим. Пахтазорларда, хиёбонларда, бекатларда шивирлаб ўқиб бердим. Кўп рашк қилма, ғаш бўлма…

Қора тупрокдан содиқроқ ёр йўқ дунёда!. Жон оғритиб севганим Ватан! У қандай бўлса, шундайлигича севдим, бағрида билганимча эркаланиб яшадим. Ёпғон мақтамадим, қандай севсам борича ёздим. Англаб етган аччиқ ҳақиқатларимдан бири — азалдан у учун чин курашганлар қурбон бўлишган, роҳати эса бошқаларга насиб…

Ўлим ҳақ экан, демак, ҳақни айтиб ўлмак — шараф! Шеърият… бу ҳакда гапира билмайман… ҳали ожизман. Назм шоҳлар мартабасидан, наср раият манзиласидан, деган Кайковус. Марду-майдон — ғолиблик учун ҳалол кураш! Бу тулпорнинг жилови қўлларимда, қай манзилга етказади — ёлғиз худога аён…

Сен… Сени яхши кўраман. Беғубор ҳисларингни ҳурмат қиламан… Сўраган эдинг, бори шу — М.

Талант БЕК
2012 йил 27август

 

10177404_307394642762577_5149554550596213880_n.jpgTalant Bek — murosasiz shoir. Uning lirik qahramoni Zamon va Makon, Hayot va Mamot o’rtasida chappar urib, sargardon kezinadigan odam. U doim bedor. Misralarda iztirob bo’rtib turadi. Axir shoir bekorga aytmagan: «Shoirning onasi iztirob axir». Shoir Vatan va unga daxddor muqaddas tuyg’ularni mayoq yanglig boshi uzra ko’tarar ekan, yonib she’rlar aytadi. Bu bitiklar Sizni ham befarq qoldirmaydi. Bu shoirning ikkkinchi kitobi. To’plamga yangi she’rlar kiritildi.

Ashampoo_Snap_2017.07.08_12h15m04s_002_.png
Talant Bek
«MANGU AFSONA» KITOBIDAN
011

SHOH MASHRABDAN

Yo’llar yurdim — yo’llar qadim,
Bu yo’llarda qalbim nadim,
Ey jon, sani ko’p izladim,
Goh o’zimdan, goh Mashrabdan.

Qaldirg’ochdek qanot urgil,
Dor ostida mag’rur turgil,
Ey jon, mani so’rab ko’rgil,
Hoh falakdan, hoh Mashrabdan.

Mezonlar ham uchar zardek,
Boshim ursam toshlar pardek,
Zikr tushib qalandardek
Rido kiysam, roh — Mashrabdan.

Ishq qasrida jonni uzma,
Faryod ura olam buzma,
G’arib oshiq, qo’ling cho’zma,
To’lib turgan moh Mashrabdan.

O’zan buzgan daryo tinar,
Kechir, Vatan, sozim sinar,
Ko’rgil, gado degan kaslar
Tilanadi Shoh Mashrabdan.

Men shoiring bo’lsam agar,
Darding bilan to’lsam agar,
Ostonangda o’lsam agar,
Qolib ketgan oh Mashrabdan.

2013.

JALOLIDDIN RUMIYGA NAZIRA

Yal-yal yonadi yoqut
Olis daryoda ko’rinib aksi

Yugurdi sichqon
Tashlandi qush

Sichqon zaminga tortdi
Qush falakka

Qush falakka tortdi
Sichqon zaminga

Hurkitdi sharpa

Chelak ko’targan inson
o’tib ketdi ko’zi osmonda

Qaytishga umri yetmas

2013

TILIM. TURKIY TILIM…

Tilim. Turkiy tilim — oqayotgan sha’n,
Keng dala. Paxsa uy. Miltillaydi sham…
O, elim! Ko’zguda o’zin ko’rmasdan,
Ko’zimga ko’zgular tutdi-ku har dam.

Hislarim obida — xarobazorda —
Go’ngqarg’a uyasi. Tilla suvli taxt.
Tobakay yuragim qondir tah-batah
Oyni savdo etgan qorabozorda.

So’ngaklarim qaqshar. So’nggi g’alayon —
Muqanna qonida. Sarhadsiz falak.
Shoirlar sotilgan. Bari chalajon
Bulutlar poyida… Izg’idim halak…

O’zimni qildim fosh. O’zdan judoman,
Yaproqlar sargashta. Shamol yelkadosh.
Sasim Xudodandir, jonim Xudodan,
Nurli yulduzchalar otilmagan tosh…

Ichim kuyib ketgan So’zning taftida,
Olovlar tugagan. Titayapman kul.
Huv tog’lar ortida — Surxon kaftida,
Qorayib ketgandir, bilmam, Dehqonqul…

Eslolmadim. Kim bor undan tashqari,
E, voh! Tushunmaysan baribir, netay?
Hindikushda qoldi Bobur lashkari,
Joningni berib tur. Men jangga ketay!

Vatan deb bosilsa — qadamlar shaxtli,
Yig’lama. Tuproqda qoladi izlar…
Ona! Ko’ryapsanmi, naqadar baxtli —
Ko’zguga termulib yashagan qizlar!

2012

IT KABI HORIDIM…

Q.Kamolga

It kabi horidim. Birda yo’q mador,
So’z bo’ldim… So’zdan ham to’kilib bo’ldim.
Yurak chok-chokidan so’kilib bo’ldi,
Yurakdosh bo’lmakka etishdilar or.

Yor dedim. Tuproqqa boshimni qo’ydim,
Men xayr tiladim xayr tilardan.
Nurlarning tig’ida o’zimni so’ydim,
To’ydim… To’yib ketdim gazitchilardan.

Barin g’ijimladim. Maysa tovonxo’r,
Sodiq bo’lsa faqat sodiqmi ranglar?
Tulkilar ayyordir. Shoqollar qonxo’r,
Ilvasinlar ora o’tkazdim janglar.

G’olib bo’ldim tojdor! Sang’ib ham besar
Men ko’rmadim bunda otilmagan tosh.
Shamollarni qushlar qanoti kesar,
Mening boshim qoldi. Egilmagan bosh!

Horigan jismim ham tugaydi oxir,
Ungacha qushlarga bossa bo’lar lab.
Yashasa bo’ladi oyni quchoqlab,
Vatanni quchoqlab yashamoq og’ir!

2013

SHAVKAT RAHMON XOTIRASIGA

Uxlab yotganlarni uyg’ot, ey, shoir,
Yo’qsa ummonlarni to’nkarar Xudo.
Rauf PARFI

1. Ulug’ jang boradir. Vahshiy olomon,
Ezg’ilaydi chirkin oyoqlarida.
Mayib dil faryodi. Poyida boshim…

Xudodan qizg’ondim o’zimni, hatto,
Laylining itiga aylandim har safar.
Baqirdim ularning yo’q shevasida…

O’z bekam. Omondir sanoqli qizlar,
Qutlibeka. Oydin. Qushlar chug’urlar.
Etagida mozor tuprog’i changir…

2. Ulug’ jang boradir. Tinchlan, shoirim,
Xanjarga aylanib ketmasin qalam.
Qog’ozni yuzida hirqirar tovush…

Susambilni topgan eshakday alar,
Bemalol hangrasa… Qorni to’ysa, bas.
Tuzukpi she’r bilmas vatan haqida…

Uxlagan onadan alla eshitmay,
Bilmaydi onasi so’z ekanligin.
Shamol urilarmi chirik og’ochga…

3. Ulug’ jang boradir. Yangrar turkular,
Shoirin tanimas. Navoiy qayda?
O’ligin qo’yadi tuprokdan ustun…

Uyg’oning, turkiylar! Uyg’ongil, tuproq,
Shoiri qolmadi bu elning axir.
Qoyalar ko’ksida yig’laydi shamol…

Bari ko’zi ochiq uxlaydi ko’rsang,
Harom yiltillaydi qorachig’ida.
Ildizin zangiga tashna suvlig’i…

4. Ulug’ jang boradir. Falakka termul,
Boshingda osmondir. Qo’llagay Xudo.
Qilichlar jarangi uyg’otmas nechun?

O’liklar tirikdir. Tiriklar o’lik,
Ki, fahsh bijg’igan to’shaklaridan.
Ajdodlar arvohi chirqirar nolon…

O’ldirganlar uchun, o’lganlar uchun,
Biri ketin maqtar, biri ko’kragin.
Yulduzlarni taqib bo’lmas hech qachon…

5. Ulug’ jang boradir. Sarhadsiz sog’inch,
Kuzak mezonlari sim tortar O’shga.
Kasalvand yaproqlar. Quyosh sochilgan…

Tomog’ingni yirtib qichqirma, xo’roz,
Shahidlar qonimi tutgan tojingda?
Uyg’otsam bo’lar-ku, tongni shivirlab…

«Chinqirib o’sadi xo’rlangan maysa.
Bormi er yigitlar? Bormi er-qizlar?
Yovga ters qaragan musulmon emas!»

2013

O’ZIM HAQIMDA
011

14690962_706416139511948_7279550972667470143_n.jpgAytsam — bu tulpor — o’sha tulpor, faqat, jilovining egasi men. 1985 yil 7 iyunda Darg’am tomonlarda tug’ilganman. Bolaligim Samarqandning nurayotgan minoralariga yelka tutib o’tdi. Dadam, ayam ziyoli. 6 sinfda maktabdan ketdim. Shundan buyon qishlog’imga kam bordim, umrim ko’chalarga to’kildi. Yoshligimda deyarli qilmagan ishim qolmagan. Ko’kat sotdim, ketmon chopdim… Yo’qotdim, topdim. Ko’proq yo’qotganim g’am, topganim ham… Odamlardek yig’ladim, kuldim. Peshonam toshlarga, sovuq temirlarga urilgan kunlar ham bo’ldi. Keyinchalik tirikchilik emas, Tiriklik deb yashay boshladim. Hislarim she’rlarimga, hayotim hikoyalarimga ko’chdi.

Adabiyotga bo’lgan muhabbatni yuragimga dadam olib kirgan. Bu ilmda men uchun u kishi katta maktab. Shoir o’zi uchun tug’iladi, eli uchun o’ladi. Xalq bilan yasha, xalqning dardini yoz, quvonchidan quvon. Vijdoningga xiyonat qilma, xudoni o’zi qo’llaydi derdi. Dadam aytgandek yashadim. Qolganiga hayot dars berdi.

Xursandman: ko’zlarim dunyoning ranglarini yaxshi ajrata oldi, oqni oq, qorani qora. Podshoni holi tang bo’lsa gadoga, gadoni holi tang bo’lsa xudoga borar. Holim tang damlar- da qalam suyanchig’im bo’ldi. Faqat, podshoni qaxridan, gadoni qarg’ishidan qo’rqib ko’p narsa yoza bilmadim. Illo, jonim xudoniki edi. Tirikman — yozish imkoniyatim bor, demak, baxtliman! Senga yana nimalar deyishim mumkin. Nashrlarga she’r ko’tarib chopmadim. Paxtazorlarda, xiyobonlarda, bekatlarda shivirlab o’qib berdim. Ko’p rashk qilma, g’ash bo’lma…

Qora tuprokdan sodiqroq yor yo’q dunyoda!. Jon og’ritib sevganim Vatan! U qanday bo’lsa, shundayligicha sevdim, bag’rida bilganimcha erkalanib yashadim. Yopg’on maqtamadim, qanday sevsam boricha yozdim. Anglab yetgan achchiq haqiqatlarimdan biri — azaldan u uchun chin kurashganlar qurbon bo’lishgan, rohati esa boshqalarga nasib…

O’lim haq ekan, demak, haqni aytib o’lmak — sharaf! She’riyat… bu hakda gapira bilmayman… hali ojizman. Nazm shohlar martabasidan, nasr raiyat manzilasidan, degan Kaykovus. Mardu-maydon — g’oliblik uchun halol kurash! Bu tulporning jilovi qo’llarimda, qay manzilga yetkazadi — yolg’iz xudoga ayon…

Sen… Seni yaxshi ko’raman. Beg’ubor hislaringni hurmat qilaman… So’ragan eding, bori shu — M.

Talant BEK
2012 yil 27avgust

021

(Tashriflar: umumiy 185, bugungi 1)

Izoh qoldiring