Йўлда менга бир йўловчи ҳамроҳ бўлди. Гурунг яхши-да, дунёнинг бу буржидан кириб, нариги буржидан чиқдик. Лекин шунча гурунглар ичида ҳамроҳимнинг битта ҳикояси хотирамга ўрнашиб қолди. Келинг, бу воқеани сизга унинг ўз тилидан сўзлаб берай. Ахир, сўз тилдан тилга кўчади, меҳр дилдан дилга.
Эшқобил Шукур
УЧ КЎЗА ХАЗИНА
Бадиа
Эшқобил Шукур Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор. 2013 йил «Энг яхши бадиий асар муаллифи» сифатида «Эътироф» мукофоти билан тақдирланди.
Йўлда менга бир йўловчи ҳамроҳ бўлди. Гурунг яхши-да, дунёнинг бу буржидан кириб, нариги буржидан чиқдик. Лекин шунча гурунглар ичида ҳамроҳимнинг битта ҳикояси хотирамга ўрнашиб қолди. Келинг, бу воқеани сизга унинг ўз тилидан сўзлаб берай. Ахир, сўз тилдан тилга кўчади, меҳр дилдан дилга.
“…Отам бақувват, чайир, ғужурли одам эди. Етмиш саккиз ёшига довур отдан тушмади. Такяга суяниб, ёнбошлаб ётишни ёмон кўрар, ўтирганда соатлаб тиззалаб ўтирарди. Қомати ёшига нисбатан анча тик эди. Соч-соқоли вақтида оқариб, юзига нур бағишлаган…”
Ҳа, айтгандай, биз томонларда соч-соқолнинг ўз вақтида оқармаслигини айб санашиб, ирим қилишади. Ҳатто, мўйсафидлик даври бошлангандан сўнг соч-соқоли оқариши кечиккан одамларга мошкичири пишириб едиришади.
Отам яхши қариди. Бировларга ўхшаб ёмон қаримади, ўзини кўр туядай ҳар нарсага урадиган хилидан бўлмади. Оқсоқол бўлди.
Ҳа, айтгандай, аввалдан отамнинг бургут қараши бор эди. Мўйсафидлигида ҳам бу қараш шиддатини йўқотмади. Унинг бургут қараши учиб келаётган пашшани уриб қайтариб, олдига йўлатмасди. Тоғлиқ одам-да, ўзиям тоғдай одам эди. Отам етмиш саккиз ёшида отдан тушди. Бир майдонда кўрпа-тўшак қилди. Эртаси беш ўғил, уч қизни, беш келин, уч куёвни, оғалари ва эгачиларини чақиртирди.
Вазмин, мамнун гурунглар берди. Кечга бориб, яна ўғилларини чақирди. Топшириқ бор экан.
“Бизнинг сафаримиз қариди, — деди отам икки қават такяга орқа суяб, ─ Эртан пайшанбани охирлатиб, жуманинг олдига чиқсак керак. Энангиз чақираяпти. Душанба кеча тушимга кирди. Эшик-орани меҳмонларимиз учун тайёрланг. Олис-яқиндан эшитган- билганларимиз бор, уруғ-аймоқ, хеш-ақрабо бизни йўқлаб келишади. Иззатини қилинг. Йиғинганимни катта келинга бериб қўйибман. Харжланг. Қолганига ҳиммат ўзингизники. Кўчамизга бурилишдаги кўприкни тузатинглар деб кўп айтдим, қилмадинглар. Энди келди-кетди меҳмонлар кўп бўлади, ўтар-кетарида уриниб қолишадими дейман-да. Мулла Турди жанозамни ўкимасин. Мулла бўлгунча кўп саёқ юрган, қилмаган иши қолмаган. Ишониб бўлмайди унга. Мулла Фазлиддин маъқул.
Қизил Олмада Хўжамберди деган бир чол бор. Қайтиш қилганимни эшитса, фотиҳага келади. Айтинглар, мен уни кечирдим. Ўттиз олти йил бурун… Ў, бир қирчиллама йигитнинг умри ўтибди-я, ўттиз олти йил бурун орамиздан оғир бир гап ўтган. Хўжамберди элга бегона бўлиб кетди. Мен кетсам у қайтар.
Энди сизлардан бир қаттиқ сўровим бор. Бу ишни эртага куннинг қайтишигача бажарасизлар. Шу тоғимизда мен билган учта булоқ бор. Бирови “Олтинтуёқ”да, бирови “Кесиктош”да, бирови “Каклик учди”да. Мен куч-қувватим борида ҳаммангизни бу булоқларга қайта-қайта олиб борганман. Йўлларни яхши биласизлар. Шу уч булоқдан менга сув келтирасизлар. Болалигимдан шу булоқларнинг сувини ичиб катта бўлганман. Отам дунёга тўймаяпти, деб ўйламанглар. Менинг шу булоқларга меҳрим тушган. Кетар чоғимда уч булоқнинг ҳам сувидан бир тўяй дедим-да… Фақат сувни кўзаларда келтиринглар. Сув кўзада ўзгармай келади. Хўроз қичқиргандан сўнг йўлга тушинглар”.
Отам айтадиганини айтди. Катта акамиз Олтинтуёққа, кенжамиз Каклик учдига, мен Кесиктошга борадиган бўлдик. Саҳармардонда учовимиз уч машинада учта булоқ томон кетдик.
Буюрилгандай, намозшомдан сўнг уч ака-ука уч тарафдан бир соат орасидаги фарқ билан навбатма-навбат отамнинг ҳузурига кириб келдик. Йўл учовимизни ҳам ҳоритиб қўйган эди. Чарчоқ юзларимизни салқи торттирганди. Отам бизни гўё олис сафардан қайтган жигарларини кўргандай ҳаяжонланиб кутиб олди. Биз хазина топиб қайтгандик. Уч кўза тўла хазина. Уч кўза тўла дуру жавоҳир…
Отам катта акамиз Олтинтуёқдаги Чўмич булоқдан келтирган бир пиёла сувни эҳтиёткорлик билан қўлига олди. Ҳа, жуда эҳтиёткорлик билан… агар бир томчиси ерга тўкилса увол-а, увол. Бир томчисига бир қошиқ қонингни алмаштирсанг арзийди-ку. Сўнг отам пиёладаги сувга узоқ тикилиб қолди. Сувни гул ҳидлагандай ҳидлади.
Ким билади дейсиз, балки у пиёладаги сувда болалигини, ўсмирлиги, ёшлигини кўргандай бўлгандир. Балки, шу лаҳзаларда Чўмич булоқнинг бўйида ўтириб, тоғлари, далалари, эли, ўтмиши билан хайрлашаётгандир.
Отам пиёладаги сувни кўзларини юмиб, шошмасдан симирди. У худди шу лаҳзаларда сув эмас, балки ҳаётни симираётган эди. Шундай катта ҳаёт битта пиёлада чайқалиб турарди. Ниҳоят, у сувни ичиб бўлгач. Бир майдон ўйланиб қолди-да, сўнг бутун дунёга муҳим бир сирни ошкор қилаётгандай хитоб қилди: “Олтин туёқ… Чўмич булоқ… Болалигимнинг суви бу. Отам мени елкасида кўтариб, биринчи марта шу булоққа олиб борган. Тоғларимизнинг энг ширин сути бу”.
Навбат мен келтирган кўзадаги хазинага келди.
Кесиктошдаги Кийик булоқдан келтирилган сув билан пиёла лим-лим тўлдирилди. Отам ўз-ўзига гапиргандай: “Одамнинг юраги бир пиёлага жой бўлса керак”, деб қўйди. Бу гапдан сўнг беихтиёр от юрагининг ҳажми ҳақида ўйлаб қолдим. Балки, бунга сабаб, кўриб-кечирган элдошларим отам ҳақида “Унда отнинг юраги бор”, деб сўйлаганларида бўлса керак. “Отнинг юраги бир катта косага ҳам жой бўлмайди”, деб ўйладим.
Отам пиёладаги сувга узоқ термулиб қолди.
Унинг кўзларидан милт-милт ёш келганлигини кўрдим. У ич-ичидан йиғларди. Кийик булоқ энди отамнинг ичидан тошиб келаётган эди. Унинг кўзлари қирғоғида Кийик булоқ қайнаётганда сачраган шаффоф томчилар каби дурларни кўрдим.
Отам бу пиёладаги сувни ҳам охиригача сипқорди. Лекин Чўмич булоқнинг сувини ичгандагидай узоқ симирмади. Бир кўтаришда пиёладаги сувни қуритди. У бир кўтаришда ўз қалбини ичиб қўйганди. Бир пиёла ҳаётни узоқ симириш мумкин, лекин бир пиёла юракни бир қултум май тезлигида ичиш керак, йўқса вужуд уни кўтара олмайди.
Отам энди аввалгидай хитоб қилиб эмас, балки тантанасиз, ўз-ўзига шивирлагандай деди: “Кесиктош қоялари… Кийик булоқ… Ёшлигимнинг сирлари шу булоқ сувларига чўктирилган. Тоғларимизнинг бу сутидан ҳаяжоннинг таъми келади…”
Учинчи пиёла Каклик учди дараларидаги Тангри булоқдан келтирилган сув билан тўлдирилганда отам бир оҳ тортди. Энди ошини ошаб, ёшини яшаган, умрнинг турли манзилларида гоҳ мағлублик, гоҳ ғолибликни кўриб-кечирган, бировнинг кўнглини оғритиб, яна бировнинг кўнглини яйратган, гоҳо худо учун, гоҳо ўзи учун, гоҳо одамлар учун яшаган бу мўйсафид энди том маънода ўз-ўзи билан юзма-юз келаётганди. Учинчи пиёлада отамнинг ўзи бўлиши керак эди. Бу пиёла унинг ўзи билан лиммо-лим тўлдирилиши керак эди.
Отам кўзларини юмиб олди, узоқ хаёлга толди. Энди унга бу кўзларнинг зарурлиги йўқ… Энди унинг бутун вужуди кўз эди.
У учинчи пиёладаги сувни кўзларини юмган ҳолатда сипқорди. Отам пиёлани ерга қўйди. Кўзлари катта-катта очилди. Сўнг оғриниб бўшашди. Афсусланиб уҳ тортди.
Отам кенжамизга вазмин нигоҳ ташлаб, куйинди:
“Мен бу тоғларнинг ҳар бир гиёҳини, ҳар битта тошини танийман. Мен майсадан майсани, одамдан одамни фарқлагандай фарқлай оламан. Шундайлар отангни Кийик булоқ сувининг таъми билан Тангри булоқ суви таъмини ажратолмайди, деб ўйладингми.
Сен Каклик учдига бормагансан… эрингансан… Сен Кесиктошдан қайтибсан. Учинчи кўзадаги сув ҳам Кийик булоқнинг суви, сен ҳамма булоқнинг суви бир хил сув деб ўйлагансан.
Аттанг… Минг аттанг. Мени армонда қолдирдинг, болам. Болам…”
Отам шу кеча омонатини эгасига топширди. Менинг отдан тушмаган отам саксонни қоралаб қайтиш қилди. Мўйсафидлар етмиш саккиз ёшида давра кўтарган отамнинг ёшини саксон деб улғайтдилар. Отамнинг оқ-қизил йиртишидан умидвор бўлган яхши ниятли одамлар йиртишга эришдилар. Маросимларни адо этиб, эл олдидан ўтдик.
Кенжамиз бизнинг қошимизда ўзини уятли сезиб юрди. Маломат қилмасак-да, ҳеч кўнгли тинчимади. У бирдан улғайди. Қиш билан баҳор талашиб турган паллада, тоғ йўлларидан музгалак чекинмаган паллада ҳай-ҳайлашимизга қарамай, у бир кўзани олиб, машинага ўтириб Каклик учди томонга кетди. Кечга яқин кенжамиз бир кўза хазина билан қайтди. Эртаси у отамиз қабри бошига бир туп чинор кўчатини қадади ва бу кўчатни ўзи Тангри булоқдан келтирган бир кўза сув билан сувлади. Кўчат отамиз ерига илдиз отди.
Кўнгил таскин топмаса қийин экан. Отамизнинг йили ўтгач, кенжамиз келинчагини олди-да, ҳоййо-ҳуйт, деб Каклик учди томонларга кўчиб кетди. У тез орада Тангри булоқ атрофидан ўзига робот солди.
У ҳалиям ҳар гал қишлоққа келганида Тангри булоқдан бир кўза сув олиб келади. Кенжамиз бу сувни ота-миз қабри бошида гуркираб ўсаётган чинорга беради.
Манбаъ: «Садо» газетаси
Eshqobil Shukur
UCH KO’ZA XAZINA
Badia
Eshqobil Shukur Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor. 2013 yil «Eng yaxshi badiiy asar muallifi» sifatida «E’tirof» mukofoti bilan taqdirlandi.
Yo’lda menga bir yo’lovchi hamroh bo’ldi. Gurung yaxshi-da, dunyoning bu burjidan kirib, narigi burjidan chiqdik. Lekin shuncha gurunglar ichida hamrohimning bitta hikoyasi xotiramga o’rnashib qoldi. Keling, bu voqeani sizga uning o’z tilidan so’zlab beray. Axir, so’z tildan tilga ko’chadi, mehr dildan dilga.
“…Otam baquvvat, chayir, g’ujurli odam edi. Yetmish sakkiz yoshiga dovur otdan tushmadi. Takyaga suyanib, yonboshlab yotishni yomon ko’rar, o’tirganda soatlab tizzalab o’tirardi. Qomati yoshiga nisbatan ancha tik edi. Soch-soqoli vaqtida oqarib, yuziga nur bag’ishlagan…”
Ha, aytganday, biz tomonlarda soch-soqolning o’z vaqtida oqarmasligini ayb sanashib, irim qilishadi. Hatto, mo’ysafidlik davri boshlangandan so’ng soch-soqoli oqarishi kechikkan odamlarga moshkichiri pishirib yedirishadi.
Otam yaxshi qaridi. Birovlarga o’xshab yomon qarimadi, o’zini ko’r tuyaday har narsaga uradigan xilidan bo’lmadi. Oqsoqol bo’ldi.
Ha, aytganday, avvaldan otamning burgut qarashi bor edi. Mo’ysafidligida ham bu qarash shiddatini yo’qotmadi. Uning burgut qarashi uchib kelayotgan pashshani urib qaytarib, oldiga yo’latmasdi. Tog’liq odam-da, o’ziyam tog’day odam edi. Otam yetmish sakkiz yoshida otdan tushdi. Bir maydonda ko’rpa-to’shak qildi. Ertasi besh o’g’il, uch qizni, besh kelin, uch kuyovni, og’alari va egachilarini chaqirtirdi.
Vazmin, mamnun gurunglar berdi. Kechga borib, yana o’g’illarini chaqirdi. Topshiriq bor ekan.
“Bizning safarimiz qaridi, — dedi otam ikki qavat takyaga orqa suyab, — Ertan payshanbani oxirlatib, jumaning oldiga chiqsak kerak. Enangiz chaqirayapti. Dushanba kecha tushimga kirdi. Eshik-orani mehmonlarimiz uchun tayyorlang. Olis-yaqindan eshitgan- bilganlarimiz bor, urug’-aymoq, xesh-aqrabo bizni yo’qlab kelishadi. Izzatini qiling. Yig’inganimni katta kelinga berib qo’yibman. Xarjlang. Qolganiga himmat o’zingizniki. Ko’chamizga burilishdagi ko’prikni tuzatinglar deb ko’p aytdim, qilmadinglar. Endi keldi-ketdi mehmonlar ko’p bo’ladi, o’tar-ketarida urinib qolishadimi deyman-da. Mulla Turdi janozamni o’kimasin. Mulla bo’lguncha ko’p sayoq yurgan, qilmagan ishi qolmagan. Ishonib bo’lmaydi unga. Mulla Fazliddin ma’qul.
Qizil Olmada Xo’jamberdi degan bir chol bor. Qaytish qilganimni eshitsa, fotihaga keladi. Aytinglar, men uni kechirdim. O’ttiz olti yil burun… O’, bir qirchillama yigitning umri o’tibdi-ya, o’ttiz olti yil burun oramizdan og’ir bir gap o’tgan. Xo’jamberdi elga begona bo’lib ketdi. Men ketsam u qaytar.
Endi sizlardan bir qattiq so’rovim bor. Bu ishni ertaga kunning qaytishigacha bajarasizlar. Shu tog’imizda men bilgan uchta buloq bor. Birovi “Oltintuyoq”da, birovi “Kesiktosh”da, birovi “Kaklik uchdi”da. Men kuch-quvvatim borida hammangizni bu buloqlarga qayta-qayta olib borganman. Yo’llarni yaxshi bilasizlar. Shu uch buloqdan menga suv keltirasizlar. Bolaligimdan shu buloqlarning suvini ichib katta bo’lganman. Otam dunyoga to’ymayapti, deb o’ylamanglar. Mening shu buloqlarga mehrim tushgan. Ketar chog’imda uch buloqning ham suvidan bir to’yay dedim-da… Faqat suvni ko’zalarda keltiringlar. Suv ko’zada o’zgarmay keladi. Xo’roz qichqirgandan so’ng yo’lga tushinglar”.
Otam aytadiganini aytdi. Katta akamiz Oltintuyoqqa, kenjamiz Kaklik uchdiga, men Kesiktoshga boradigan bo’ldik. Saharmardonda uchovimiz uch mashinada uchta buloq tomon ketdik.
Buyurilganday, namozshomdan so’ng uch aka-uka uch tarafdan bir soat orasidagi farq bilan navbatma-navbat otamning huzuriga kirib keldik. Yo’l uchovimizni ham horitib qo’ygan edi. Charchoq yuzlarimizni salqi torttirgandi. Otam bizni go’yo olis safardan qaytgan jigarlarini ko’rganday hayajonlanib kutib oldi. Biz xazina topib qaytgandik. Uch ko’za to’la xazina. Uch ko’za to’la duru javohir…
Otam katta akamiz Oltintuyoqdagi Cho’mich buloqdan keltirgan bir piyola suvni ehtiyotkorlik bilan qo’liga oldi. Ha, juda ehtiyotkorlik bilan… agar bir tomchisi yerga to’kilsa uvol-a, uvol. Bir tomchisiga bir qoshiq qoningni almashtirsang arziydi-ku. So’ng otam piyoladagi suvga uzoq tikilib qoldi. Suvni gul hidlaganday hidladi.
Kim biladi deysiz, balki u piyoladagi suvda bolaligini, o’smirligi, yoshligini ko’rganday bo’lgandir. Balki, shu lahzalarda Cho’mich buloqning bo’yida o’tirib, tog’lari, dalalari, eli, o’tmishi bilan xayrlashayotgandir.
Otam piyoladagi suvni ko’zlarini yumib, shoshmasdan simirdi. U xuddi shu lahzalarda suv emas, balki hayotni simirayotgan edi. Shunday katta hayot bitta piyolada chayqalib turardi. Nihoyat, u suvni ichib bo’lgach. Bir maydon o’ylanib qoldi-da, so’ng butun dunyoga muhim bir sirni oshkor qilayotganday xitob qildi: “Oltin tuyoq… Cho’mich buloq… Bolaligimning suvi bu. Otam meni yelkasida ko’tarib, birinchi marta shu buloqqa olib borgan. Tog’larimizning eng shirin suti bu”.
Navbat men keltirgan ko’zadagi xazinaga keldi.
Kesiktoshdagi Kiyik buloqdan keltirilgan suv bilan piyola lim-lim to’ldirildi. Otam o’z-o’ziga gapirganday: “Odamning yuragi bir piyolaga joy bo’lsa kerak”, deb qo’ydi. Bu gapdan so’ng beixtiyor ot yuragining hajmi haqida o’ylab qoldim. Balki, bunga sabab, ko’rib-kechirgan eldoshlarim otam haqida “Unda otning yuragi bor”, deb so’ylaganlarida bo’lsa kerak. “Otning yuragi bir katta kosaga ham joy bo’lmaydi”, deb o’yladim.
Otam piyoladagi suvga uzoq termulib qoldi.
Uning ko’zlaridan milt-milt yosh kelganligini ko’rdim. U ich-ichidan yig’lardi. Kiyik buloq endi otamning ichidan toshib kelayotgan edi. Uning ko’zlari qirg’og’ida Kiyik buloq qaynayotganda sachragan shaffof tomchilar kabi durlarni ko’rdim.
Otam bu piyoladagi suvni ham oxirigacha sipqordi. Lekin Cho’mich buloqning suvini ichgandagiday uzoq simirmadi. Bir ko’tarishda piyoladagi suvni quritdi. U bir ko’tarishda o’z qalbini ichib qo’ygandi. Bir piyola hayotni uzoq simirish mumkin, lekin bir piyola yurakni bir qultum may tezligida ichish kerak, yo’qsa vujud uni ko’tara olmaydi.
Otam endi avvalgiday xitob qilib emas, balki tantanasiz, o’z-o’ziga shivirlaganday dedi: “Kesiktosh qoyalari… Kiyik buloq… Yoshligimning sirlari shu buloq suvlariga cho’ktirilgan. Tog’larimizning bu sutidan hayajonning ta’mi keladi…”
Uchinchi piyola Kaklik uchdi daralaridagi Tangri buloqdan keltirilgan suv bilan to’ldirilganda otam bir oh tortdi. Endi oshini oshab, yoshini yashagan, umrning turli manzillarida goh mag’lublik, goh g’oliblikni ko’rib-kechirgan, birovning ko’nglini og’ritib, yana birovning ko’nglini yayratgan, goho xudo uchun, goho o’zi uchun, goho odamlar uchun yashagan bu mo’ysafid endi tom ma’noda o’z-o’zi bilan yuzma-yuz kelayotgandi. Uchinchi piyolada otamning o’zi bo’lishi kerak edi. Bu piyola uning o’zi bilan limmo-lim to’ldirilishi kerak edi.
Otam ko’zlarini yumib oldi, uzoq xayolga toldi. Endi unga bu ko’zlarning zarurligi yo’q… Endi uning butun vujudi ko’z edi.
U uchinchi piyoladagi suvni ko’zlarini yumgan holatda sipqordi. Otam piyolani yerga qo’ydi. Ko’zlari katta-katta ochildi. So’ng og’rinib bo’shashdi. Afsuslanib uh tortdi.
Otam kenjamizga vazmin nigoh tashlab, kuyindi:
“Men bu tog’larning har bir giyohini, har bitta toshini taniyman. Men maysadan maysani, odamdan odamni farqlaganday farqlay olaman. Shundaylar otangni Kiyik buloq suvining ta’mi bilan Tangri buloq suvi ta’mini ajratolmaydi, deb o’yladingmi.
Sen Kaklik uchdiga bormagansan… eringansan… Sen Kesiktoshdan qaytibsan. Uchinchi ko’zadagi suv ham
Kiyik buloqning suvi, sen hamma buloqning suvi bir xil suv deb o’ylagansan.
Attang… Ming attang. Meni armonda qoldirding, bolam. Bolam…”
Otam shu kecha omonatini egasiga topshirdi. Mening otdan tushmagan otam saksonni qoralab qaytish
qildi. Mo’ysafidlar yetmish sakkiz yoshida davra ko’targan otamning yoshini sakson deb ulg’aytdilar. Otamning oq-qizil yirtishidan umidvor bo’lgan yaxshi niyatli odamlar yirtishga erishdilar. Marosimlarni ado etib, el oldidan o’tdik.
Kenjamiz bizning qoshimizda o’zini uyatli sezib yurdi. Malomat qilmasak-da, hech ko’ngli tinchimadi. U birdan ulg’aydi. Qish bilan bahor talashib turgan pallada, tog’ yo’llaridan muzgalak chekinmagan pallada hay-haylashimizga qaramay, u bir ko’zani olib, mashinaga o’tirib Kaklik uchdi tomonga ketdi. Kechga yaqin kenjamiz bir ko’za xazina bilan qaytdi. Ertasi u otamiz qabri boshiga bir tup chinor ko’chatini qadadi va bu ko’chatni o’zi Tangri buloqdan keltirgan bir ko’za suv bilan suvladi. Ko’chat otamiz yeriga ildiz otdi.
Ko’ngil taskin topmasa qiyin ekan. Otamizning yili o’tgach, kenjamiz kelinchagini oldi-da, hoyyo-huyt, deb Kaklik uchdi tomonlarga ko’chib ketdi. U tez orada Tangri buloq atrofidan o’ziga robot soldi.
U haliyam har gal qishloqqa kelganida Tangri buloqdan bir ko’za suv olib keladi. Kenjamiz bu suvni ota-miz qabri boshida gurkirab o’sayotgan chinorga beradi.
Manba’: «Sado» gazetasi