Muhammad Uzoqov. Xonning xatosi

05

   Келинчак сўник нигоҳини султонга тикди. Султон сўз демади. Келинчак бурилди, у аёллар орасидан ўтиб қабристонга йўл олди. Аёллардан кимдир: “Унинг дардини ўликлар эшитиб, таскин берадилар”, деди. Юзини султондан ўгирган аёллардан бири: “Султон Самарқанд ва Бухорода яшаб ўзгарибди. “Илм кишини қўймижоз қилиб қўяди” деб эшитар эдим, тўғри экан”, деди. Бошқа бири: “Унда интиқом туйғусидан нишон ҳам йўқ”, деди. Яна бири эса куч-қувватлари, салоҳиятлари туфайли дўсту душманнинг султон ва инисини “Абулхайрхоннинг йўлбарслари” деб аташига ишора қилиб: “Садқаи йўлбарс кет!” деди.

003
Муҳаммад Узоқов
ХОННИНГ ХАТОСИ
05

09ухородан чиққан Шоҳбахт султон Сайхуннинг қуйи оқимидаги бобокалонидан қолган қишловга етиб келди. Султон отдан тушиб ўтов томон юрди. Удумга кўра улуғ момоси овоз чиқарди:

Дўстларини кулдирган хон бобонгиз йўқ энди,
Душманларин ўлдирган хон бобонгиз йўқ энди,
Кемтик бағрим тўлдирган хон бобонгиз йўқ энди,
Бўлмас ишни бўлдирган хон бобонгиз йўқ энди.

Қариндош-уруғлар, Абулхайрхон хонадонига у ёки бу сабаб билан боғланган элнинг улуғлари йиғилдилар. Ёқаларини йиртганча яқинларидан жудо бўлган аёллар ҳам кела бошладилар.
Шоҳбахт султон амакиси Шоҳ Ҳайдархон ёш баҳодирининг онаси томон юрди. Аёл айтиб-айтиб йиғларди:

Кенг далада кас ёғий қайтмас қилди улимни,
Саболардан сўрайман келтир дея бўйини,
На чолим бор, на келин, қўмсайдирман улимни,
Куймас эдим бунчалик, кўрсам эдим тўйини.

Султон қулоғига аламзада аёлларнинг айтган гаплари кирди:
– Абулхайрхон хонадонининг умид юлдузи, ишон¬ган тоғимиз қайтди. Энди ғанимларимиз кўзла¬ри¬дан ёш эмас, қон оқади, қон…
– Қиз-келинларимизни олиб кетган Ёмғурчи, Нўғай мирзаларни келтириб ўтовимиз олдига кўппак қатори боғламасанг хумордан чиқмаймиз…
Қатор келинчаклар изилладилар:
– Султонимизни қўйдек бўғизлаганлари етмагандек, норасида гўдакларимизни-да чавақладилар…
Марҳум қозикалон Қулмуҳаммад саййиднинг ўғли Нурмуҳаммад саййид Қуръон сураларидан тиловат қила бошлади. Қорачин баҳодир ҳамон дардларини айтиб-айтиб йиғлаётган аёллар томонга қараб баланд овозда:
– Бас қилинглар! Ахир Қуръон ўқиляпти, – деди.
Шоҳбахт султондан таскин кутганлар тинчланмадилар. Ахир уларга таскин берувчи сўз айтилмади-да. Ўтов олдидаги майдончага қилинган жойда давра олганлар фотиҳага қўшилган бўлсалар-да, ўтов ичида ҳам, сиртида ҳам йиғи-сиғи тинмади. Султондан сўз чиқмагач, даврадагиларнинг кўпчилиги туриб у-бу юмушга уннади. Шоҳбахт ҳам ўрнидан турди. Қипчоқ бийларидан бирининг бойбичаси у томон юрди.

Чўзсам қўлим салкам ойга етарди,
Узун-узун қўлларимдан айрилдим,
айрилдимо-айрилдим.
Шафқат билмас ёғий босди овулим,
Ҳам қизимдан, ҳам улимдан айрилдим,
айрилдимо-айрилдим

Султон бойбичани суяди. Чўл шамоли қорайтирган юзи янада қорайди, аммо оғзидан сўз чиқмади. Биргаликда қайғу оловида ёниш, биргаликда ўчиш, сўнгра биргаликда қасос оловида ёниш умидида келганларнинг умидлари пучга чиқди. Султон бағри куйганларга таскин бериб, уларнинг дардларига малҳам бўлмади. Бироз таскин топганларга қасос ҳақида сўз айтиб юрак-ларига қайта олов ёқмади. Султондан ҳафсалалари пир бўлганлар орасидан илгари ўта гўзал бўлган, ҳозир эса сочлари тўзғиб, бир аҳволга тушган келинчак чиқди. Султон Олтойнинг тарғабатай элидан бўлган бу келинчакни таниди. Султоннинг онаси Оқ қўзининг ҳам шу уруғдан бўлгани боис, келинчакни “кичик эгачим” деб эркалаб, ҳайит, байрамларда совға-салом йўллагувчи эди. Султоннинг ёнидаги йўлдоши секин: “Бечоранинг эрини ўлдирдилар, ўзини зўрладилар. Ёш қизчаси борлиги учун ўзини ўлдирмай юриб эди, яқинда қизи ўлиб қолди. Ҳуши ўзига келса тузук, ҳуши бошидан учса далли-девона, қабристонда эри ва қизи қабрлари пойида ўтириб, биров кўриб, билмаса ўша ерда қолиб кетади”, деди.

Келинчак сўник нигоҳини султонга тикди. Султон сўз демади. Келинчак бурилди, у аёллар орасидан ўтиб қабристонга йўл олди. Аёллардан кимдир: “Унинг дардини ўликлар эшитиб, таскин берадилар”, деди. Юзини султондан ўгирган аёллардан бири: “Султон Самарқанд ва Бухорода яшаб ўзгарибди. “Илм кишини қўймижоз қилиб қўяди” деб эшитар эдим, тўғри экан”, деди. Бошқа бири: “Унда интиқом туйғусидан нишон ҳам йўқ”, деди. Яна бири эса куч-қувватлари, салоҳиятлари туфайли дўсту душманнинг султон ва инисини “Абулхайрхоннинг йўлбарслари” деб аташига ишора қилиб: “Садқаи йўлбарс кет!” деди. Аёллар тарқалдилар. Бутун вужуди қулоққа айланган султон барча айтилган гапларни эшитди. Унинг чўл шамолида қорайган юзи янада қорайса-да, сўз демади.

* * *

Шоҳбахт султоннинг Бухородан қайтиб келган хабари Сайхуннинг қуйи ва ўрта оқимига тарқади.
Бу хабарни эшитган Бурка султон яқинлари ва аъёнларини йиғиб сўради:
– Энди нима қиламиз?
Бурка султоннинг отаси Ёдгорхон даврида улуғ бий бўлган Мусабий манғитнинг ўғли Эсонбий:
– Не қилсак ҳам бугун-эрта қиламиз. Султон дарагини эшитиб эл йиғилиб хун талаб қилса иш йириклашади, – деди.

Кенгашиб бир неча оқсоқолни Шоҳбахт султон ҳузу¬рига юборадиган бўлдилар. Оқсоқоллар кўнгил сўраш баҳонасида гап олишлари лозим эди. Агар султоннинг авзои бузуқ бўлса уни тундан тонггача қолдирмай босишга, агар муросага юрадиган бўлса шунга қараб иш тутадиган бўлдилар. Оқсоқоллар Шоҳбахт қўнган овулга етмасданоқ зўрликнинг иложсизлигини тушундилар. Шоҳбахт овули ва Бурка султон қишлови орасидаги кенг ҳудудга Абулхайрхонга содиқ бий ва ботирларнинг овуллари жойлашиб улгурибдилар. Овулнинг ўнгу сўлига Қорачин баҳодир ва Оқсўфи ботирларнинг овуллари тушибдилар.

Бурка султон йўллаганларни қайғу билан кутиб олган Шоҳбахт султон қаҳрланганларни шаштларидан тушириб:
– Ўтганлар ўтиб кетдилар. Ўтмишни титкилашдан не наф? – деди.
– Тўғри айтасиз, султон, – деди Эсонбий. – Хонадонингизга, элингизга қилинган босқинга бош қўшганидан Бурка султон кўп пушаймон бўлмоқда. У ҳам, сиз ҳам шайбонийсиз. Қондош биродарингизнинг узрини қабул қилинг. Етказилган зарарни тўлаймиз.

Султон сўз демаган бўлса-да, Шоҳбахт келганидан буён ўзини гўё шавкатли Абулхайрхон ҳузуридаги бош маслаҳатчи каби тутаётган Қорачин баҳодир:
– Сизлар хон хонадонига шунчалик зарар етказдиларингизки, олам молини бериб ҳам бу зарар ўрнини тўлдира олмайсизлар, – деди.
Келганларнинг бошлари эгилди.
– Ҳақиқатан ҳам султон қилмишидан пушаймон бўлиб етказилган зарарни тўлайдиган бўлса, шариат ҳукми бўйича уни кечиришингиз лозим, – деди Нурмуҳаммад саййид.
– Султонингиз ўлганларни тирилтириб бера оладими? – деди Шоҳбахтнинг маъноли боқишига қараб ҳам қўймаган Қорачин баҳодир. – Орада тўкилган қон бор.
– Шариатда ўлдирилган одамга-да хун белгиланган, – деди Эсонбий.
– Бу ерда хун борасидаги гапларни бас қилайлик, – деди султон. – У гапни Нурмуҳаммад саййид ва Оқсўфихожа билан бу овулдан ташқарида сўзлашингизлар.

Тортилган таомдан сўнг марҳумлар ҳақига дуо қилган оқсоқоллар қайтдилар. Султоннинг сўнгги гапидан кейин оқсоқолларнинг кўнгилларида яраш борасида пайдо бўлган умид учқунларини овул сиртида кўринган қипчоқларнинг чанғарақларидан осмонга тутун ўрлаётган ўтовлари сўндирди.

* * *

Игна устида ўтиргандек бесаранжом, безовталик билан оқсоқолларнинг Шоҳбахт султон овулидан қайтишларини кутган Бурка султон улар киришлари билан сўради:
– Нима гап?
– Назаримда ҳозирча хавотирга ўрин йўқ, – деди Эсонбий, – аммо султон овулининг гирдини яқинда кўчиб келган овуллар қуршаб олибди.
– Шундай бўлиши ҳам керак-да, – деди хотиржамлик билан Эсонбийга ҳамроҳлик қилганлардан бири бўлмиш Сорибий. – Ахир хон хонадони босқин кўрган хонадон. Султон келгандан кейин эҳтиёт чораларини кўрган-да.
– Йўқ, – деди юзини ташвиш босган уйғур Яхшиликбий, – Шоҳбахт султон азалдан тадбиркор, ҳар жиҳатдан тўкис йигит. Унинг жангдан ўзга машғулотни ўзларига эп кўрмайдиган қипчоқларни атрофига тўплаши бежиз эмас.
– Ахир Абулхайрхон хонадони устига босқин ясаган бир биз эмасмиз-ку, – деди Сорибий.

Бурка султон савол назари билан Яхшиликбийга боқди.
– Абулхайрхон хонадони устига босқин ясаганлар ичида иккита шайбоний султон бўлган, – деди Яхшиликбий. – Биринчиси сиз ҳазрати олийлари бўлсангиз, иккинчиси Ибоқхон ибн Маҳмудхондир. Хон бизни мустақилликдан маҳрум этган бўлса-да, ўз қаноти остига олиб асраб-авайлаб эди. Ибоқхоннинг йўриғи бошқа. Отаси Маҳмудхон юртини Абулхайрхонга беришга мажбур бўлди. Оғаси Муртазохон ота юрти учун жанг қилиб ўз юртидан ҳам айрилди. Ибоқхон кўп сарсон-саргардонликлардан сўнг Итилнинг ўнг соҳилида давлат тузишга муваффақ бўлди. Ҳозир у Рус ерларини босиб, Қозонга таҳдид соларлик даражада қудратга эга. Қолганлар бу ердан узоқда. Аҳвол шундай бўлгач Шоҳбахт султон қасос олишни кимдан бошлайди? Албатта сиздан-да, ҳазрати олийлари.
– Томирида Абулхайрхон қони оқаётган султоннинг қасоскор бўлмаслиги мумкин эмас, – деди Абулхайрхон билан кўп бор сафарларда бирга бўлиб, унинг топшириқларини бажарган Бурка султон Яхшиликбийга қараб. – Мулоҳозангиз ўринли ва гапингизда жон бор.

Улуғ бий лавозимига талабгор рақибининг султон мақтовига сазовор бўлганидан Эсонбийнинг жаҳли чиқди.
– Етказилган зарар ва ўлдирилганларнинг хуни брасида ҳам гаплашдик, – деди султон фикрини ўз¬гартиришга уриниб Эсонбий. – Шоҳбахт султон бу борадаги музокаралар учун Нурмуҳаммад саййид ва Оқ¬сўфихожаларни ўзи томондан вакил қилиб тайинлади.
Айтилган гапларни диққат билан тинглаган бўлса-да, бир қарорга кела олмаган Бурка султон таваккал қилишга қарор этди:
– Эртага Шоҳбахт ҳузурига ўзим бориб бу масалага ойдинлик киритиб келаман, – деди.
– Бу ноўрин тантилик, – деди Яхшиликбий. – Султон ўзини тутиб сипо сўзлашган бўлса-да, Қорачин баҳодир сизни тириклайин ейдиган важоҳатда.
– Ит ҳурар, карвон ўтар, – деди Бурка султон. – Элнинг кўз ўнгида Шоҳбахт менга зиён етказишга ботина олмайди. Мен эса унинг дилидагиларни уқиш имконига эга бўламан. Сизлар ҳозир маслаҳатлашиб менинг уюр, пода, сурувимдан султон учун мол ажратинглар.

* * *

Шоҳбахт султон ҳузурига борган Бурка султон унинг режаларидан воқиф бўла олмади. Барча кўргуликларни Яратганнинг иродасига йўйган Шоҳбахт султон келганларнинг барчасига бирдек муомалада бўлди. Зарар ва хун борасидаги музокара ҳам ниҳоясига етмади. Бурка султон қайтарган молга эътироз билдирмаган Шоҳбахт султон вакиллари орқали хун борасидаги масаланинг барча босқин иштирокчиларисиз ҳал бўлмаслигини билдирди.
Ёз ўтиб, куз келди. Кўнгли хавотирга тўла Бурка султон Шоҳбахт султон босқинини кута-кута чарчади. Элининг бир қисмини инилари Абулак, Амнак, Абак, ўғиллари Элбарс ва Билбарслар билан кўчириб юборган султон қолганлар билан қишловида ёта берди.

* * *

Шоҳбахт султон овули. Овул ўртасидаги эшигига туғ қадалган оқ ўтовнинг олдигача от йўрттириб келган киши отини тик устунларнинг бирига боғлаб ўтовга кирди. Найза, қилич, қалқонини эшик олдида қолдириб ўтов ўртасига ёқилган гулхан устига осилган қозондаги сутни шопираётган аёл томон юрди.

Марҳум Абулхайрхоннинг аёлларидан бири инисига кўзи тушиб:
– Кел, Туёқбий, – деди.
Туёқбий гулхан ёнига ёзилган дастурхонга яқин турган эчки терисига ўтирар экан:
– Опа, егулик беринг, ўлгудек очман, – деди.
– Томоққа арзигулик иш қилиб келдингми ўзи? – деди кампир.
– Бўлмасам-чи, – деди Туёқбий, – тунда Шоҳбахт бошлиқ йигитлар билан Бурка султонни босдик …

Тўрдаги ўриндан аввал пўстин, кейин қалин кўрпа учди. Абулхайрхоннинг ақли камлиги учун босқиндан омон қолган ўғли Хожа Муҳаммад тоғасига дағдаға кила кетди:
– Бу яна нимаси? “Бурка султонни босдик” дейсизми? Менсиз-а? Абулхайрхон ўлган бўлса ўрнини босадиган ўғли Хожа Муҳаммад султон тирик-ку, нега менга бир оғиз эса-да айтмадиларингиз? Бурка ҳаммангизни қириб юборса элга не деб жавоб берар эдим?
Тоғаси берилган қатор саволларнинг қай бирига жавоб беришни билмай турган эди, султон оёғига этикни, эгнига пўстинни илганча ўтовдан югуриб чиқиб кетди.

Жиянининг дағдағасидан “шу туришда от миниб Бурка султон овулига жўнаб юборадими?” деган ўй ўтган Туёқбий бақирди:
– Ҳой, қаёққа?
– Хавотирланма. Жиянинг юпун ҳолича Шоҳбахт ва унинг йигитларига жон тортиб сўғиш майдонига от қўядиган даражада аҳмоқ эмас, – деган кампир сўради: – Шоҳбахт кўп талофат кўрмадими?
– Йўқ, Бурка султон ғафлатда қолди. – деди Туёқ¬бий. – Йигитларимиз овулнинг Бурка султон ўтовлари жойлашган қисмига етганларидагина босқиндан хабар топиб эгнига пўстинини илиб яланг оёқлигича ўтовидан югуриб чиққан. Аҳволни кўргач эса шу ҳолича ўзини қамишзорга урган.
– Тутдиларингизми?
– Қалин қорда яланг оёқ қочиб қаерга ҳам борарди.
– Менинг Хўжагумим қолиб бобосидаги кўп хислатлар Шоҳбахтга ўтган. Сут тўккан мушукдай шумшайибгина юриб эди болам бечора. Йўлбарс-да, йўлбарслигини кўрсатди.
– Ҳа, – деган Туёқбий опаси узатган сут тўла гулли ёғоч косани олди. – Қон тўкилган жойда томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Буни биладиган султон отдан йиқилиб қўли синган навкарни овулга олиб қайтишимни буюрди.
– Хизматимдаги қиз-келинлар босқинда йўқол¬ган¬ларидан буён барча юмуш ўзимга қолди, – деб нолиди кампир.

– Ҳм-м, – деди Туёқбий ва косани қўйиб корсондаги этга қўл узатган эди ҳамки, у олмоқчи бўлган устихонни ўзга қўл илиб кетди.
– Юз-қўлингни ювмай дастурхонга йўлама деб эдим-ку, – деб ўғлига чўмич билан ҳезланган кампир инисига шикоят қилди: – Келиним суйгани билан қочиб кетгандан буён бу тентак бўлганича бўлиб қолди. Энди билсам юз-қўлини келин бечора алдаб-сулдаб ювдирар экан.
– Яна хотин олиб беринг-да, опа, – деди эт чайнаганча Туёқбий. – Ана, Бурка султон овулини босиб, султон ва қатор йигитларни қатл этдик. Қанчадан-қанча жувон бева бўлиб қолди.
Онасидан узоқроқда устихон ғажиётган Хожа Муҳаммад оғзини очганча бир неча лаҳза қотиб турди-да, қўлидагини қўйиб, оғзидагини ютганча апил-тапил кийинишга тутинди.
– Ҳа? – деди онаси.
– Шоҳбахт Буркани қатл эттирган бўлса бориб бевасини олиб келаман.

Онаси ва тоғасини ҳайратда қолдирганча Хожа Муҳаммад султон, яъни орқаворотдан Хўжагум тентак деб аталувчи Абулхайрхоннинг ўғли тоғасининг отини миниб Бурка султон овулига йўл олди. Шоҳбахт султон ва Қорачин баҳодир бошлиқ йигитлар Бурка султон элини босиб, қаршилик қилганларни чопдилар. Бурка султон ва Абулхайрхон хонадонига уюштирилган босқинда қатнашиб қўллари қонга бўялганлар тутиб қатл этилдилар. Бузуқликда қатнашганлар жазоларини олганларидан кейин эл улуғлари султондан раҳм-шафқат тилаб, қолган элни паноҳига олишини сўрадилар. Мол ва жонларини Шоҳбахт ихтиёрига топширдилар. Муддаоси ҳам шу бўлган султон Бурка султоннинг инилари ва ўғилларини топиб қатл этмоқчи бўлганларга рухсат бермай улуғлар билан марҳумларни дафн этиш маслаҳатини қилаётган вақтда қишловга: “Тўхта ҳов, тўхта” деганча Хожа Муҳаммад султон от чоптириб кириб келди. Навкарлардан бири кўпириб кетган от жиловини олди.

Отдан тушган Хожа Муҳаммад султон “бирон фалокат юз бердими” деб ўтовдан шошилиб чиққан Шоҳбахт султонга қараб:
– Мен марҳум хоннинг ўғли, сен набирасисан. Шаҳид бўлганлар қасдини олиш менинг ҳаққим эди. Модомики сен бу ишни уддалаган экансан, майли, мен розиман, аммо ўлжа бобида биринчиликни менга қўйиб беришинг керак, негаки ғанимлар босқинида мен хотинимдан айрилганман, – деди.
Оғасининг муддаосини кечикиброқ тушунган султоннинг юзига Бухородан чиққанидан буён биринчи бор кулги югурди.
– Майли оға, ҳоҳишингиз бош устига. Ҳали ҳеч ким ҳеч нарса олгани йўқ. Мана, йигитларга буюраверинг, оға, – деган султон ўтовга қайтиб кириб кетди.
Қаддини ғоз тутган Хожа Муҳаммад султон йигитларга буюрди:
– Бурка султоннинг аҳли аёлини келтиринг.

Бурка султоннинг хотини Малойни келтирдилар.
– Султоннинг эгачилари, қизлари, бошқа хотинлари йўқми? – деб дағдаға қилди султон.
– Султоннинг эгачилари, қизлари йўқ, – деди Бурка султоннинг маҳрами Мунакабий. – Катта кўчлари, ўғиллари элнинг бир қисми билан Хоразм томонларга кетганлар.
Бурка султон қишнинг мана шундай теварак-атрофни қалин қор қоплаган кунларининг бирида ғафлатда ётган Қўжаш мирза овулини босиб, мирзани қатл эттириб, қизи хонзода Малойни никоҳига олиб эди.
– Бай-бай, – деди Малойнинг юзидаги ёпинчиқни кўтарган Хожа Муҳаммад султон. – Бу аёл бунча гўзал бўлмаса. Ўтов ҳозирлаб мулла топинг, шу бугуноқ никоҳимга оламан.

Ўзини кўрмаган бўлса-да, Хўжагум тентакнинг таърифини эшитиб юрган Мунакабий қўлини кўксига босиб:
– Хўп бўлади, ҳазрати олийлари, – деди.
Малойни ўтовидаги аёллар ёнида қолдирган Мунакабий Шоҳбахт султонни бундан огоҳ этди:
– Ҳазратим, оғангиз Бурка султоннинг беваси хонзода Малойни никоҳига олмоқчи.
– Хўш, нима бўлибди? – деди султон.
– Ахир шариатда иддаси ўтган бевани эркак кишига никоҳлаш жоиз дейилмаганми?
– Шундайликка шундайку-я, – деди Шоҳбахт султон, чора излаган каби Қорачин баҳодирга тикилди.
Йўқолган шон-шавкатни тиклаш йўлида ташланган илк қадамнинг муваффақиятидан маст Қорачин баҳодир султоннинг марҳамати туфайли ўлимдан қолган Мунакабийга иддао қилди:
– Нима, ўлгинг келяптими? Ғолибнинг амри вожиб. Бор, султоннинг амрини адо эт!
Овулга бостириб кирганларининг илк дамларида қуролли, қуролсиз бир неча кишини қўлга туширган султон йигитларининг бошлиғи улардан сўраб эди:
– Орангизда Бурка султон борми?

Ўшанда вақтни чўзиб хожасининг узоқроққа қочиб яширинишига имкон бериш мақсадида Мунакабий:
– Бор, мен Бурка султонман, – деб олдинга чиқди.
Кўп ўтмай ёлғони фош бўлган мулозимни Шоҳбахт султон олдига олиб бордилар.
– Нега ёлғон сўзладинг? – деди султон.
Бир муддат сукут сақлаб турган Мунакабий ниҳоят ўлимни бўйнига олиб:
– Хожамнинг тузини оқламоқчи эдим, – деди.
Мулозимнинг садоқатидан завқланган султон унинг гуноҳидан ўтди.
Тақдирнинг қайта марҳаматига умид қилган Мунакабий тихирлик қилган муллани шаштидан тушириб никоҳга ҳозирлик кўрилган ўтовга киритиб юборгач, ғудранди:
– Овулини босиб, отасини ўлдириб Бурка султон хонзода Малойни никоҳига олиб эди. Орадан йиллар ўтиб ўзи ҳам босқинга учраб, қизнинг отаси каби қатл этилди. Энди эри қатл этилиб, иддаси ўтмаган аёлни Хўжагум тентак никоҳига олаётир. Бу никоҳ Абулхайрхон хонадони аъзоларининг тирик қолганлари бошига қандай кулфатлар келтирар экан?
Орадан етти ой ўтиб Хожа Муҳаммад султон ўтовида чақалоқнинг “инга-инга”си янгради. Туғилган боланинг исмини Жонибек қўйдилар…

* * *

Дарҳақиқат, Шайбонийлар сулоласининг таназзулига Шоҳбахт султон беихтиёр йўл қўйган хатолик сабаб бўлди.

Вояга етиб Шоҳбахт султоннинг сафдошига айланган Жонибек султон аслида Хожа Муҳаммад султоннинг эмас, Бурка султоннинг зурриёти бўлган. Шоҳбахт султоннинг шариат аҳкомининг поймол этилишига лоқайд қараши алал-оқибат сулоласининг таназзулига сабаб бўлди. Бу таназзул Жонибек султон авлодлари томонидан амалга оширилди.

Қирғинлардан Абулхайрхоннинг набиралари Шоҳ¬бахт ва Маҳмуд султонлардан ташқари ўғиллари Хожа Муҳаммад, Суюнчхожа ва Кўчкинчхожа султонлар омон қолиб эдилар. Шайбонийхон вафотидан кейин тахтга Кўчкинчхожахон ўтирди. Кўчкинчхожахон замонида хон ҳазрати олийларининг аждодлари Ҳожи Тархондан Моварауннаҳрга келиб эдилар. Хон ҳазрати олийларининг отдошлари Убайдуллахон вафотидан кейин Абдулхайрхон ва Жонибек султон авлодлари тахт учун курашдилар. Бу курашда жўйбор шайхлари томонидан қўллаб-қувватланган Жонибек султоннинг набираси Абдулла султон ғолиб бўлди. Аввал отаси Искандар султонни тахтга ўтирғизди. Отаси вафотидан кейин ўзи хонлик қилди . Бухоро хонлигини Шайбонийхон давридаги ҳолатига етказишга муваффақ бўлаёзган Абдуллахонни ўғли Абдулмўмин султон заҳарлаб ўлдирди. Илгари ўтган падаркуш шаҳзодалар каби Абдулмўминхоннинг хонлиги ҳам олти ойдан ортмади. Абдулмўминхон отасининг амирлари томонидан ўлдирилгач, Миёнқолда уч ўғли билан жон сақлаб қолган Пирмуҳаммад султон хон қилиб кўтарилди. Пирмуҳаммадхон ва ўғилларининг жонийлар билан бўлган жангда ўлдирилишлари билан шайбонийхонлар сулоласининг Моварауннаҳрдаги ҳукмронлиги интиҳосига етди. Бухоро тахти жонийлар қўлига ўтди.

“Ёшлик” журналининг 2011-йил, 3-сонидан олинди

003
Muhammad Uzoqov
XONNING XATOSI
05

097uxorodan chiqqan Shohbaxt sulton Sayxunning quyi oqimidagi bobokalonidan qolgan qishlovga yetib keldi. Sulton otdan tushib o‘tov tomon yurdi. Udumga ko‘ra ulug‘ momosi ovoz chiqardi:

Do‘stlarini kuldirgan xon bobongiz yo‘q endi,
Dushmanlarin o‘ldirgan xon bobongiz yo‘q endi,
Kemtik bag‘rim to‘ldirgan xon bobongiz yo‘q endi,
Bo‘lmas ishni bo‘ldirgan xon bobongiz yo‘q endi.

Qarindosh-urug‘lar, Abulxayrxon xonadoniga u yoki bu sabab bilan bog‘langan elning ulug‘lari yig‘ildilar. Yoqalarini yirtgancha yaqinlaridan judo bo‘lgan ayollar ham kela boshladilar.
Shohbaxt sulton amakisi Shoh Haydarxon yosh bahodirining onasi tomon yurdi. Ayol aytib-aytib yig‘lardi:

Keng dalada kas yog‘iy qaytmas qildi ulimni,
Sabolardan so‘rayman keltir deya bo‘yini,
Na cholim bor, na kelin, qo‘msaydirman ulimni,
Kuymas edim bunchalik, ko‘rsam edim to‘yini.

Sulton qulog‘iga alamzada ayollarning aytgan gaplari kirdi:
– Abulxayrxon xonadonining umid yulduzi, ishongan tog‘imiz qaytdi. Endi g‘animlarimiz ko‘zla-ridan yosh emas, qon oqadi, qon…
– Qiz-kelinlarimizni olib ketgan Yomg‘urchi, No‘g‘ay mirzalarni keltirib o‘tovimiz oldiga ko‘ppak qatori bog‘lamasang xumordan chiqmaymiz…
Qator kelinchaklar izilladilar:
– Sultonimizni qo‘ydek bo‘g‘izlaganlari yetmagandek, norasida go‘daklarimizni-da chavaqladilar…
Marhum qozikalon Qulmuhammad sayyidning o‘g‘li Nurmuhammad sayyid Qur’on suralaridan tilovat qila boshladi. Qorachin bahodir hamon dardlarini aytib-aytib yig‘layotgan ayollar tomonga qarab baland ovozda:
– Bas qilinglar! Axir Qur’on o‘qilyapti, – dedi.
Shohbaxt sultondan taskin kutganlar tinchlanmadilar. Axir ularga taskin beruvchi so‘z aytilmadi-da. O’tov oldidagi maydonchaga qilingan joyda davra olganlar fotihaga qo‘shilgan bo‘lsalar-da, o‘tov ichida ham, sirtida ham yig‘i-sig‘i tinmadi. Sultondan so‘z chiqmagach, davradagilarning ko‘pchiligi turib u-bu yumushga unnadi. Shohbaxt ham o‘rnidan turdi. Qipchoq biylaridan birining boybichasi u tomon yurdi.

Cho‘zsam qo‘lim salkam oyga yetardi,
Uzun-uzun qo‘llarimdan ayrildim,
ayrildimo-ayrildim.
Shafqat bilmas yog‘iy bosdi ovulim,
Ham qizimdan, ham ulimdan ayrildim,
ayrildimo-ayrildim

Sulton boybichani suyadi. Cho‘l shamoli qoraytirgan yuzi yanada qoraydi, ammo og‘zidan so‘z chiqmadi. Birgalikda qayg‘u olovida yonish, birgalikda o‘chish, so‘ngra birgalikda qasos olovida yonish umidida kelganlarning umidlari puchga chiqdi. Sulton bag‘ri kuyganlarga taskin berib, ularning dardlariga malham bo‘lmadi. Biroz taskin topganlarga qasos haqida so‘z aytib yuraklariga qayta olov yoqmadi. Sultondan hafsalalari pir bo‘lganlar orasidan ilgari o‘ta go‘zal bo‘lgan, hozir esa sochlari to‘zg‘ib, bir ahvolga tushgan kelinchak chiqdi. Sulton Oltoyning targ‘abatay elidan bo‘lgan bu kelinchakni tanidi. Sultonning onasi Oq qo‘zining ham shu urug‘dan bo‘lgani bois, kelinchakni “kichik egachim” deb erkalab, hayit, bayramlarda sovg‘a-salom yo‘llaguvchi edi. Sultonning yonidagi yo‘ldoshi sekin: “Bechoraning erini o‘ldirdilar, o‘zini zo‘rladilar. Yosh qizchasi borligi uchun o‘zini o‘ldirmay yurib edi, yaqinda qizi o‘lib qoldi. Hushi o‘ziga kelsa tuzuk, hushi boshidan uchsa dalli-devona, qabristonda eri va qizi qabrlari poyida o‘tirib, birov ko‘rib, bilmasa o‘sha yerda qolib ketadi”, dedi.
Kelinchak so‘nik nigohini sultonga tikdi. Sulton so‘z demadi. Kelinchak burildi, u ayollar orasidan o‘tib qabristonga yo‘l oldi. Ayollardan kimdir: “Uning dardini o‘liklar eshitib, taskin beradilar”, dedi. Yuzini sultondan o‘girgan ayollardan biri: “Sulton Samarqand va Buxoroda yashab o‘zgaribdi. “Ilm kishini qo‘ymijoz qilib qo‘yadi” deb eshitar edim, to‘g‘ri ekan”, dedi. Boshqa biri: “Unda intiqom tuyg‘usidan nishon ham yo‘q”, dedi. Yana biri esa kuch-quvvatlari, salohiyatlari tufayli do‘stu dushmanning sulton va inisini “Abulxayrxonning yo‘lbarslari” deb atashiga ishora qilib: “Sadqai yo‘lbars ket!” dedi. Ayollar tarqaldilar. Butun vujudi quloqqa aylangan sulton barcha aytilgan gaplarni eshitdi. Uning cho‘l shamolida qoraygan yuzi yanada qoraysa-da, so‘z demadi.

* * *

Shohbaxt sultonning Buxorodan qaytib kelgan xabari Sayxunning quyi va o‘rta oqimiga tarqadi.
Bu xabarni eshitgan Burka sulton yaqinlari va a’yonlarini yig‘ib so‘radi:
– Endi nima qilamiz?
Burka sultonning otasi Yodgorxon davrida ulug‘ biy bo‘lgan Musabiy mang‘itning o‘g‘li Esonbiy:
– Ne qilsak ham bugun-erta qilamiz. Sulton daragini eshitib el yig‘ilib xun talab qilsa ish yiriklashadi, – dedi.
Kengashib bir necha oqsoqolni Shohbaxt sulton huzuriga yuboradigan bo‘ldilar. Oqsoqollar ko‘ngil so‘rash bahonasida gap olishlari lozim edi. Agar sultonning avzoi buzuq bo‘lsa uni tundan tonggacha qoldirmay bosishga, agar murosaga yuradigan bo‘lsa shunga qarab ish tutadigan bo‘ldilar. Oqsoqollar Shohbaxt qo‘ngan ovulga yetmasdanoq zo‘rlikning ilojsizligini tushundilar. Shohbaxt ovuli va Burka sulton qishlovi orasidagi keng hududga Abulxayrxonga sodiq biy va botirlarning ovullari joylashib ulguribdilar. Ovulning o‘ngu so‘liga Qorachin bahodir va Oqso‘fi botirlarning ovullari tushibdilar.
Burka sulton yo‘llaganlarni qayg‘u bilan kutib olgan Shohbaxt sulton qahrlanganlarni shashtlaridan tushirib:
– O’tganlar o‘tib ketdilar. O’tmishni titkilashdan ne naf? – dedi.
– To‘g‘ri aytasiz, sulton, – dedi Esonbiy. – Xonadoningizga, elingizga qilingan bosqinga bosh qo‘shganidan Burka sulton ko‘p pushaymon bo‘lmoqda. U ham, siz ham shayboniysiz. Qondosh birodaringizning uzrini qabul qiling. Yetkazilgan zararni to‘laymiz.
Sulton so‘z demagan bo‘lsa-da, Shohbaxt kelganidan buyon o‘zini go‘yo shavkatli Abulxayrxon huzuridagi bosh maslahatchi kabi tutayotgan Qorachin bahodir:
– Sizlar xon xonadoniga shunchalik zarar yetkazdilaringizki, olam molini berib ham bu zarar o‘rnini to‘ldira olmaysizlar, – dedi.
Kelganlarning boshlari egildi.
– Haqiqatan ham sulton qilmishidan pushaymon bo‘lib yetkazilgan zararni to‘laydigan bo‘lsa, shariat hukmi bo‘yicha uni kechirishingiz lozim, – dedi Nurmuhammad sayyid.
– Sultoningiz o‘lganlarni tiriltirib bera oladimi? – dedi Shohbaxtning ma’noli boqishiga qarab ham qo‘ymagan Qorachin bahodir. – Orada to‘kilgan qon bor.
– Shariatda o‘ldirilgan odamga-da xun belgilangan, – dedi Esonbiy.
– Bu yerda xun borasidagi gaplarni bas qilaylik, – dedi sulton. – U gapni Nurmuhammad sayyid va Oqso‘fixoja bilan bu ovuldan tashqarida so‘zlashingizlar.
Tortilgan taomdan so‘ng marhumlar haqiga duo qilgan oqsoqollar qaytdilar. Sultonning so‘nggi gapidan keyin oqsoqollarning ko‘ngillarida yarash borasida paydo bo‘lgan umid uchqunlarini ovul sirtida ko‘ringan qipchoqlarning chang‘araqlaridan osmonga tutun o‘rlayotgan o‘tovlari so‘ndirdi.

* * *

Igna ustida o‘tirgandek besaranjom, bezovtalik bilan oqsoqollarning Shohbaxt sulton ovulidan qaytishlarini kutgan Burka sulton ular kirishlari bilan so‘radi:
– Nima gap?
– Nazarimda hozircha xavotirga o‘rin yo‘q, – dedi Esonbiy, – ammo sulton ovulining girdini yaqinda ko‘chib kelgan ovullar qurshab olibdi.
– Shunday bo‘lishi ham kerak-da, – dedi xotirjamlik bilan Esonbiyga hamrohlik qilganlardan biri bo‘lmish Soribiy. – Axir xon xonadoni bosqin ko‘rgan xonadon. Sulton kelgandan keyin ehtiyot choralarini ko‘rgan-da.
– Yo‘q, – dedi yuzini tashvish bosgan uyg‘ur Yaxshilikbiy, – Shohbaxt sulton azaldan tadbirkor, har jihatdan to‘kis yigit. Uning jangdan o‘zga mashg‘ulotni o‘zlariga ep ko‘rmaydigan qipchoqlarni atrofiga to‘plashi bejiz emas.
– Axir Abulxayrxon xonadoni ustiga bosqin yasagan bir biz emasmiz-ku, – dedi Soribiy.
Burka sulton savol nazari bilan Yaxshilikbiyga boqdi.
– Abulxayrxon xonadoni ustiga bosqin yasaganlar ichida ikkita shayboniy sulton bo‘lgan, – dedi Yaxshilikbiy. – Birinchisi siz hazrati oliylari bo‘lsangiz, ikkinchisi Iboqxon ibn Mahmudxondir. Xon bizni mustaqillikdan mahrum etgan bo‘lsa-da, o‘z qanoti ostiga olib asrab-avaylab edi. Iboqxonning yo‘rig‘i boshqa. Otasi Mahmudxon yurtini Abulxayrxonga berishga majbur bo‘ldi. Og‘asi Murtazoxon ota yurti uchun jang qilib o‘z yurtidan ham ayrildi. Iboqxon ko‘p sarson-sargardonliklardan so‘ng Itilning o‘ng sohilida davlat tuzishga muvaffaq bo‘ldi. Hozir u Rus yerlarini bosib, Qozonga tahdid solarlik darajada qudratga ega. Qolganlar bu yerdan uzoqda. Ahvol shunday bo‘lgach Shohbaxt sulton qasos olishni kimdan boshlaydi? Albatta sizdan-da, hazrati oliylari.
– Tomirida Abulxayrxon qoni oqayotgan sultonning qasoskor bo‘lmasligi mumkin emas, – dedi Abulxayrxon bilan ko‘p bor safarlarda birga bo‘lib, uning topshiriqlarini bajargan Burka sulton Yaxshilikbiyga qarab. – Mulohozangiz o‘rinli va gapingizda jon bor.
Ulug‘ biy lavozimiga talabgor raqibining sulton maqtoviga sazovor bo‘lganidan Esonbiyning jahli chiqdi.
– Yetkazilgan zarar va o‘ldirilganlarning xuni borasida ham gaplashdik, – dedi sulton fikrini o‘z-gartirishga urinib Esonbiy. – Shohbaxt sulton bu boradagi muzokaralar uchun Nurmuhammad sayyid va Oqso‘fixojalarni o‘zi tomondan vakil qilib tayinladi.
Aytilgan gaplarni diqqat bilan tinglagan bo‘lsa-da, bir qarorga kela olmagan Burka sulton tavakkal qilishga qaror etdi:
– Ertaga Shohbaxt huzuriga o‘zim borib bu masalaga oydinlik kiritib kelaman, – dedi.
– Bu noo‘rin tantilik, – dedi Yaxshilikbiy. – Sulton o‘zini tutib sipo so‘zlashgan bo‘lsa-da, Qorachin bahodir sizni tiriklayin yeydigan vajohatda.
– It hurar, karvon o‘tar, – dedi Burka sulton. – Elning ko‘z o‘ngida Shohbaxt menga ziyon yetkazishga botina olmaydi. Men esa uning dilidagilarni uqish imkoniga ega bo‘laman. Sizlar hozir maslahatlashib mening uyur, poda, suruvimdan sulton uchun mol ajratinglar.

* * *

Shohbaxt sulton huzuriga borgan Burka sulton uning rejalaridan voqif bo‘la olmadi. Barcha ko‘rguliklarni Yaratganning irodasiga yo‘ygan Shohbaxt sulton kelganlarning barchasiga birdek muomalada bo‘ldi. Zarar va xun borasidagi muzokara ham nihoyasiga yetmadi. Burka sulton qaytargan molga e’tiroz bildirmagan Shohbaxt sulton vakillari orqali xun borasidagi masalaning barcha bosqin ishtirokchilarisiz hal bo‘lmasligini bildirdi.
Yoz o‘tib, kuz keldi. Ko‘ngli xavotirga to‘la Burka sulton Shohbaxt sulton bosqinini kuta-kuta charchadi. Elining bir qismini inilari Abulak, Amnak, Abak, o‘g‘illari Elbars va Bilbarslar bilan ko‘chirib yuborgan sulton qolganlar bilan qishlovida yota berdi.

* * *

Shohbaxt sulton ovuli. Ovul o‘rtasidagi eshigiga tug‘ qadalgan oq o‘tovning oldigacha ot yo‘rttirib kelgan kishi otini tik ustunlarning biriga bog‘lab o‘tovga kirdi. Nayza, qilich, qalqonini eshik oldida qoldirib o‘tov o‘rtasiga yoqilgan gulxan ustiga osilgan qozondagi sutni shopirayotgan ayol tomon yurdi.
Marhum Abulxayrxonning ayollaridan biri inisiga ko‘zi tushib:
– Kel, Tuyoqbiy, – dedi.
Tuyoqbiy gulxan yoniga yozilgan dasturxonga yaqin turgan echki terisiga o‘tirar ekan:
– Opa, yegulik bering, o‘lgudek ochman, – dedi.
– Tomoqqa arzigulik ish qilib keldingmi o‘zi? – dedi kampir.
– Bo‘lmasam-chi, – dedi Tuyoqbiy, – tunda Shohbaxt boshliq yigitlar bilan Burka sultonni bosdik …
To‘rdagi o‘rindan avval po‘stin, keyin qalin ko‘rpa uchdi. Abulxayrxonning aqli kamligi uchun bosqindan omon qolgan o‘g‘li Xoja Muhammad tog‘asiga dag‘dag‘a kila ketdi:
– Bu yana nimasi? “Burka sultonni bosdik” deysizmi? Mensiz-a? Abulxayrxon o‘lgan bo‘lsa o‘rnini bosadigan o‘g‘li Xoja Muhammad sulton tirik-ku, nega menga bir og‘iz esa-da aytmadilaringiz? Burka hammangizni qirib yuborsa elga ne deb javob berar edim?
Tog‘asi berilgan qator savollarning qay biriga javob berishni bilmay turgan edi, sulton oyog‘iga etikni, egniga po‘stinni ilgancha o‘tovdan yugurib chiqib ketdi.
Jiyanining dag‘dag‘asidan “shu turishda ot minib Burka sulton ovuliga jo‘nab yuboradimi?” degan o‘y o‘tgan Tuyoqbiy baqirdi:
– Hoy, qayoqqa?
– Xavotirlanma. Jiyaning yupun holicha Shohbaxt va uning yigitlariga jon tortib so‘g‘ish maydoniga ot qo‘yadigan darajada ahmoq emas, – degan kampir so‘radi: – Shohbaxt ko‘p talofat ko‘rmadimi?
– Yo‘q, Burka sulton g‘aflatda qoldi. – dedi Tuyoqbiy. – Yigitlarimiz ovulning Burka sulton o‘tovlari joylashgan qismiga yetganlaridagina bosqindan xabar topib egniga po‘stinini ilib yalang oyoqligicha o‘tovidan yugurib chiqqan. Ahvolni ko‘rgach esa shu holicha o‘zini qamishzorga urgan.
– Tutdilaringizmi?
– Qalin qorda yalang oyoq qochib qaerga ham borardi.
– Mening Xo‘jagumim qolib bobosidagi ko‘p xislatlar Shohbaxtga o‘tgan. Sut to‘kkan mushukday shumshayibgina yurib edi bolam bechora. Yo‘lbars-da, yo‘lbarsligini ko‘rsatdi.
– Ha, – degan Tuyoqbiy opasi uzatgan sut to‘la gulli yog‘och kosani oldi. – Qon to‘kilgan joyda tomog‘imdan hech narsa o‘tmaydi. Buni biladigan sulton otdan yiqilib qo‘li singan navkarni ovulga olib qaytishimni buyurdi.
– Xizmatimdagi qiz-kelinlar bosqinda yo‘qolganlaridan buyon barcha yumush o‘zimga qoldi, – deb nolidi kampir.
– Hm-m, – dedi Tuyoqbiy va kosani qo‘yib korsondagi etga qo‘l uzatgan edi hamki, u olmoqchi bo‘lgan ustixonni o‘zga qo‘l ilib ketdi.
– Yuz-qo‘lingni yuvmay dasturxonga yo‘lama deb edim-ku, – deb o‘g‘liga cho‘mich bilan hezlangan kampir inisiga shikoyat qildi: – Kelinim suygani bilan qochib ketgandan buyon bu tentak bo‘lganicha bo‘lib qoldi. Endi bilsam yuz-qo‘lini kelin bechora aldab-suldab yuvdirar ekan.
– Yana xotin olib bering-da, opa, – dedi et chaynagancha Tuyoqbiy. – Ana, Burka sulton ovulini bosib, sulton va qator yigitlarni qatl etdik. Qanchadan-qancha juvon beva bo‘lib qoldi.
Onasidan uzoqroqda ustixon g‘ajiyotgan Xoja Muhammad og‘zini ochgancha bir necha lahza qotib turdi-da, qo‘lidagini qo‘yib, og‘zidagini yutgancha apil-tapil kiyinishga tutindi.
– Ha? – dedi onasi.
– Shohbaxt Burkani qatl ettirgan bo‘lsa borib bevasini olib kelaman.
Onasi va tog‘asini hayratda qoldirgancha Xoja Muhammad sulton, ya’ni orqavorotdan Xo‘jagum tentak deb ataluvchi Abulxayrxonning o‘g‘li tog‘asining otini minib Burka sulton ovuliga yo‘l oldi. Shohbaxt sulton va Qorachin bahodir boshliq yigitlar Burka sulton elini bosib, qarshilik qilganlarni chopdilar. Burka sulton va Abulxayrxon xonadoniga uyushtirilgan bosqinda qatnashib qo‘llari qonga bo‘yalganlar tutib qatl etildilar. Buzuqlikda qatnashganlar jazolarini olganlaridan keyin el ulug‘lari sultondan rahm-shafqat tilab, qolgan elni panohiga olishini so‘radilar. Mol va jonlarini Shohbaxt ixtiyoriga topshirdilar. Muddaosi ham shu bo‘lgan sulton Burka sultonning inilari va o‘g‘illarini topib qatl etmoqchi bo‘lganlarga ruxsat bermay ulug‘lar bilan marhumlarni dafn etish maslahatini qilayotgan vaqtda qishlovga: “To‘xta hov, to‘xta” degancha Xoja Muhammad sulton ot choptirib kirib keldi. Navkarlardan biri ko‘pirib ketgan ot jilovini oldi.
Otdan tushgan Xoja Muhammad sulton “biron falokat yuz berdimi” deb o‘tovdan shoshilib chiqqan Shohbaxt sultonga qarab:
– Men marhum xonning o‘g‘li, sen nabirasisan. Shahid bo‘lganlar qasdini olish mening haqqim edi. Modomiki sen bu ishni uddalagan ekansan, mayli, men roziman, ammo o‘lja bobida birinchilikni menga qo‘yib berishing kerak, negaki g‘animlar bosqinida men xotinimdan ayrilganman, – dedi.
Og‘asining muddaosini kechikibroq tushungan sultonning yuziga Buxorodan chiqqanidan buyon birinchi bor kulgi yugurdi.
– Mayli og‘a, hohishingiz bosh ustiga. Hali hech kim hech narsa olgani yo‘q. Mana, yigitlarga buyuravering, og‘a, – degan sulton o‘tovga qaytib kirib ketdi.
Qaddini g‘oz tutgan Xoja Muhammad sulton yigitlarga buyurdi:
– Burka sultonning ahli ayolini keltiring.
Burka sultonning xotini Maloyni keltirdilar.
– Sultonning egachilari, qizlari, boshqa xotinlari yo‘qmi? – deb dag‘dag‘a qildi sulton.
– Sultonning egachilari, qizlari yo‘q, – dedi Burka sultonning mahrami Munakabiy. – Katta ko‘chlari, o‘g‘illari elning bir qismi bilan Xorazm tomonlarga ketganlar.
Burka sulton qishning mana shunday tevarak-atrofni qalin qor qoplagan kunlarining birida g‘aflatda yotgan Qo‘jash mirza ovulini bosib, mirzani qatl ettirib, qizi xonzoda Maloyni nikohiga olib edi.
– Bay-bay, – dedi Maloyning yuzidagi yopinchiqni ko‘targan Xoja Muhammad sulton. – Bu ayol buncha go‘zal bo‘lmasa. O’tov hozirlab mulla toping, shu bugunoq nikohimga olaman.
O’zini ko‘rmagan bo‘lsa-da, Xo‘jagum tentakning ta’rifini eshitib yurgan Munakabiy qo‘lini ko‘ksiga bosib:
– Xo‘p bo‘ladi, hazrati oliylari, – dedi.
Maloyni o‘tovidagi ayollar yonida qoldirgan Munakabiy Shohbaxt sultonni bundan ogoh etdi:
– Hazratim, og‘angiz Burka sultonning bevasi xonzoda Maloyni nikohiga olmoqchi.
– Xo‘sh, nima bo‘libdi? – dedi sulton.
– Axir shariatda iddasi o‘tgan bevani erkak kishiga nikohlash joiz deyilmaganmi?
– Shundaylikka shundayku-ya, – dedi Shohbaxt sulton, chora izlagan kabi Qorachin bahodirga tikildi.
Yo‘qolgan shon-shavkatni tiklash yo‘lida tashlangan ilk qadamning muvaffaqiyatidan mast Qorachin bahodir sultonning marhamati tufayli o‘limdan qolgan Munakabiyga iddao qildi:
– Nima, o‘lging kelyaptimi? G’olibning amri vojib. Bor, sultonning amrini ado et!
Ovulga bostirib kirganlarining ilk damlarida qurolli, qurolsiz bir necha kishini qo‘lga tushirgan sulton yigitlarining boshlig‘i ulardan so‘rab edi:
– Orangizda Burka sulton bormi?
O’shanda vaqtni cho‘zib xojasining uzoqroqqa qochib yashirinishiga imkon berish maqsadida Munakabiy:
– Bor, men Burka sultonman, – deb oldinga chiqdi.
Ko‘p o‘tmay yolg‘oni fosh bo‘lgan mulozimni Shohbaxt sulton oldiga olib bordilar.
– Nega yolg‘on so‘zlading? – dedi sulton.
Bir muddat sukut saqlab turgan Munakabiy nihoyat o‘limni bo‘yniga olib:
– Xojamning tuzini oqlamoqchi edim, – dedi.
Mulozimning sadoqatidan zavqlangan sulton uning gunohidan o‘tdi.
Taqdirning qayta marhamatiga umid qilgan Munakabiy tixirlik qilgan mullani shashtidan tushirib nikohga hozirlik ko‘rilgan o‘tovga kiritib yuborgach, g‘udrandi:
– Ovulini bosib, otasini o‘ldirib Burka sulton xonzoda Maloyni nikohiga olib edi. Oradan yillar o‘tib o‘zi ham bosqinga uchrab, qizning otasi kabi qatl etildi. Endi eri qatl etilib, iddasi o‘tmagan ayolni Xo‘jagum tentak nikohiga olayotir. Bu nikoh Abulxayrxon xonadoni a’zolarining tirik qolganlari boshiga qanday kulfatlar keltirar ekan?
Oradan yetti oy o‘tib Xoja Muhammad sulton o‘tovida chaqaloqning “inga-inga”si yangradi. Tug‘ilgan bolaning ismini Jonibek qo‘ydilar…

* * *

Darhaqiqat, Shayboniylar sulolasining tanazzuliga Shohbaxt sulton beixtiyor yo‘l qo‘ygan xatolik sabab bo‘ldi.
Voyaga yetib Shohbaxt sultonning safdoshiga aylangan Jonibek sulton aslida Xoja Muhammad sultonning emas, Burka sultonning zurriyoti bo‘lgan. Shohbaxt sultonning shariat ahkomining poymol etilishiga loqayd qarashi alal-oqibat sulolasining tanazzuliga sabab bo‘ldi. Bu tanazzul Jonibek sulton avlodlari tomonidan amalga oshirildi.

Qirg‘inlardan Abulxayrxonning nabiralari Shohbaxt va Mahmud sultonlardan tashqari o‘g‘illari Xoja Muhammad, Suyunchxoja va Ko‘chkinchxoja sultonlar omon qolib edilar. Shayboniyxon vafotidan keyin taxtga Ko‘chkinchxojaxon o‘tirdi. Ko‘chkinchxojaxon zamonida xon hazrati oliylarining ajdodlari Hoji Tarxondan Movaraunnahrga kelib edilar. Xon hazrati oliylarining otdoshlari Ubaydullaxon vafotidan keyin Abdulxayrxon va Jonibek sulton avlodlari taxt uchun kurashdilar. Bu kurashda jo‘ybor shayxlari tomonidan qo‘llab-quvvatlangan Jonibek sultonning nabirasi Abdulla sulton g‘olib bo‘ldi. Avval otasi Iskandar sultonni taxtga o‘tirg‘izdi. Otasi vafotidan keyin o‘zi xonlik qildi . Buxoro xonligini Shayboniyxon davridagi holatiga yetkazishga muvaffaq bo‘layozgan Abdullaxonni o‘g‘li Abdulmo‘min sulton zaharlab o‘ldirdi. Ilgari o‘tgan padarkush shahzodalar kabi Abdulmo‘minxonning xonligi ham olti oydan ortmadi. Abdulmo‘minxon otasining amirlari tomonidan o‘ldirilgach, Miyonqolda uch o‘g‘li bilan jon saqlab qolgan Pirmuhammad sulton xon qilib ko‘tarildi. Pirmuhammadxon va o‘g‘illarining joniylar bilan bo‘lgan jangda o‘ldirilishlari bilan shayboniyxonlar sulolasining Movaraunnahrdagi hukmronligi intihosiga yetdi. Buxoro taxti joniylar qo‘liga o‘tdi.

06

(Tashriflar: umumiy 704, bugungi 1)

Izoh qoldiring