Hasanxoja Nisoriy. «Muzakkiri ahbob»dan: Muhammad Shayboniyxonning muqaddas yodi

077   Соҳибқирон хон илму фазилатлардан хабардор, аниқроғи, уларни тўла эгаллаган киши эди. Шеърият соҳаси ва шоирларга эътиқод-эътибори катта бўлган. Мудом олиму фозилларни ўзига ҳамсуҳбат қилган. Яхши шеърлари бор. Ҳазрати шайх Нажмиддин Кубронинг  — унга Оллоҳ раҳмати бўлсин — вафоти таърихини яхши айтган…


ШАҲИД БЎЛГАН БАХТЛИ ҲОҚОН АБУЛФАТҲ
МУҲАММАД ШАЙБОНИЙХОН ИБН ШОҲ БУДОҒ
СУЛТОН БИН АБУЛХАЙРХОННИНГ (ГЎРИ НУРГА ТЎЛСИН)
МУҚАДДАС ЁДИ

Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» асаридан
Таржимон ва изоҳлар муаллифи Исмоил Бекжон
06

Қалби пок аҳли сафолар ва топқирликда моҳир зукколарнинг қуёш ёғдули ёрқин кўнгилларидан яширин қолмасинким,— Байт:

Хоқони саъиду хон бин хон, дар гардиши тоси чархи гардон —
Бахтли хоқон ва хон ўғли хон, бу айланувчи фалак гардишида —

дунёнинг ялтироқ безаку нақшлари ва ҳаёт-мамот ташвишларидан кўз каъбатайнини йироқ тутиб* балки ёлғончи тақдир — нақшу нигор бандидан ўзни халос этиб ва дилни Нақшбандга боғлаб, сув ва тупроқ нақши мушоҳадасидан жону дил сирини англаб, бу шатранж майдонида (олам, дунё кўзда тутилмоқда.Тарж.) мурод нақши (ўйини)га талабгор бўлиб, худди мақолдагидек — борлиқдан йўқликка кўчгунча довур Нақшбанд номи билан машҳур олий ҳазрат, қудсий манзилат хожа Баҳол-ул-ҳақ вал-ҳа- қиқата вад-дунё вад-диннинг 1 шариф маънавиятлари мақомига юз тутиб «Агар ҳайратга солувчи иш қилмоқчи бўлсанг, унда қабр аҳлидан маслаҳат сўра» 2 ҳадиси мазмунига кўра ўзининг киши ҳайратини оширувчи ҳар бир ишида ул олийшон остонга ниёзмандлик билан боқиб, ул муқаддас жойни восита билиб иззатли ҳазрат улуғ номидан юқори даражот ва яхши ҳожотлар тилаганлар. Муаллифдан:

Эй, каъбатайни дида бар ҳар нақш карда банд,
Аз банди нақш бигзару дил неҳ ба Нақшбанд.

Пай бур ба сирри жону дил аз нақши обу гил,
Бигзар зи банди нақшу зи ҳар нақш дида банд.

Хоҳам ки дар бисоти талаб нарди ишқ боз,
Нақше бар оварад, ки барад жони мустаманд.

Ҳар як жудо кашад чу қалам нақши рўи ў,
Гар созадам ба теғи жафои ишқ банд-банд.

То мўҳри меҳр сохт Нисорй нигини чашм,
Дар вай ба ғайри номи ту нақши дигар наканд.

(Мазмуни: Эй, кўзингни ҳар нақшга тиккан инсон, бу нақшларга маҳлиё бўлишдан кеч ва Нақшбандга кўнгил бер. Жону дил (руҳий, маънавий олам) сирини англаб ета ол, фақат сув ва тупроқ (табиат, инсон ташкил топган моддалар, моддий олам) мушоҳадаси билан чекланиб қолма. Ўт нақш (ёлғончи дунё гўзалликлар ва лаззатлари)га боғланиш баҳридан ва ҳар қандай нақшдан кўз юм. Истайманки, ўйин тахтасида ишқ (илоҳиятга берилиш) ўйинини ўйнаб, ютгайсан, чунки, у шунҳдай нақш (тақдир)ни вужудга келтирадики, ул сабабли ҳар бир бечора азиз жонини қутқара олади. Қалам унинг юзи нақши (сурати)ни айри-айри чизсин, агар ишқ мени жафо тиғи билан бўлак-бўлак қилса ҳам. Нисорий кўз нигини (бу ерда қорачиғи — Тарж.) ни меҳр муҳрига айлантирар экан, унда сенинг исмингдан бошқа нақшни ўйиб ёзмади).

Ҳазрати хожамиз Баҳоуддин фарзандлик назарини тариқат шайхи ҳазрат хожа Муҳаммад Бобои Самосийдан 3 топганлар. Зеро, ҳазрат Мир Кулол 4 ўшал Бобо Самосийнинг нафис нафаслари бўйича аларни тарбият қилганлар. Ҳазрат Бобо тарбияти эса хожаи Азизон Ромитанийдан 5, аларнинг бўлса хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдан 6, аларники хожа Ориф Ривгарвийдан 7, аларники ҳазрат хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан 8, аларники ҳазрат Абу Ёқуб Юсуф ал-Ҳамадонийдан 9, аларники эса имом Муҳаммад Ғаззолийнинг 10 шайхи бўлган Абу Али Формадийдан 11 ва аларники шайх Абулқосим Кураконийдан 12 ҳосил бўлган. Абу Али Формадийнинг тасаввуфдаги насаби икки томонламадир: биринчиси уч восита билан ҳазрати шайх Жунайдга 13 ва иккинчиси шайх Абулҳасан Харрақонийга 14 бориб тақалади. Харрақонийники эса бир неча орқа айланиб орифлар султони ҳазрат Абу Язид Бастомийга 15 боғланади, аларники имом Жаъфар Содиққа 16, аларники оталари ҳазрат имом Муҳаммад Боқирга 17, аларники падарлари ҳазрат имом Зайнулобидинга 18, аларники ҳазрат оталари шаҳидлар саиди имом Ҳусайнга 19, аларники эса ҳазрати амирил-муъминин Алига 20 — Оллоҳи таоло ундан рози бўлсин ва аларники Ҳазрати саиди коинот, санади мукаввинот саллаллоҳи алайҳи васалламга 21 бориб боғланади.

Шунингдек яна имом Жаъфар Содиқнинг илми ботинда насаби она томондан буваси бўлган Қосим бин Муҳаммад бин Абу Бакр Сиддиқданким 22 — Оллоҳ ундан рози бўлсин — алар мўътақидларнинг энг улуғларидан эдилар. Ҳазрат Қосимнинг илми ботиндаги насаби Сулаймон Форсийдан 23 сарчашма олади. Сулаймон Форсий тангри элчиси — унга оллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин — суҳбати шарафини топган бўлишларига қарамай, алар таълим жиҳатдан ҳазрат амирил — мўъминин Абу Бакр Сиддиқ — Буюк тангри ундан рози бўлсин — интисобига мушарраф бўлганлар. Абу Бакр Сиддиқ таълими интисоби Рисолатпаноҳ — саллоллоҳи алайҳи ваосаламга — боғланади. Муаллифдан:

Хуршид ламъае зи жамоли Муҳаммад аст,
Гул партаве зи орази оли Муҳаммад аст.

Аз килки сунъ сурати Юсуфки рўҳ намуд,
Гўё намунае зи жамоли Муҳаммад аст.

Нуқсон камолу айб ҳунар гар шавад чи айб,
Онро ки узрхоҳ камоли Муҳаммад аст.

Дар ҳар кужо ки ҳаст алафи тоза, синаро
Дар орзуи тоза ниҳоли Муҳаммад аст,

Ба қомати хамида Нисорй, чу моҳи нав,
Мойил ба абрўе чу ҳилоли Муҳаммад аст.

(Мазмуни: Қуёш Муҳаммад жамолидан бир шўъладир, ул Муҳаммаднинг ол юзидан бир ёғдули учқундир. Яратувчининг қалами туфайли юз очган Юсуф суврати, гўё Муҳаммад жамолидан бир намунадир. Камчиликлар бекаму кўстликка айланса, айбимиз санъат даражасига кўтарилса, бунинг нима ажабланадиган жойи бор, чунки унинг кечирувчиси Муҳаммаднинг етуклиги воситасидир. Қаерда янги майса униб чиқса» қалбда яна Муҳаммаднинг тоза навниҳоли орзуси бўлади. Янги чиққан ойга ўхшаб эгик қадди билан Нисорийнинг, Муҳаммаднинг ҳилоли каби ёй қошга мойиллиги бор.)

Ва олийнишон хон Муҳаммад Шайбонийхон Амир Абдулали Тархон замонида Бухоро мулкида сокин бўлганлар. Айрим мунофиқ бадкирдорлар туҳматлар қилиб, у кишини яшаётган ўз жойидан чиқиб кетиш даражасига етказганлар ва шунда хон ҳазрат хожаи бузургвор Баҳоуддин Нақшбандийнинг нурга тўла мозори атрофига бориб, хожаи бузургвор набираси — олийжоҳ, ҳидоятпаноҳ Низомиддинхожа Мир Муҳаммад Нақшбандий хизматлари шарафига мушарраф бўлганлар. Тавоф ва хизмат шарафидан сўнг эса кетишга рухсат сўраганлар, хожа Мир Муҳаммад бўлса, биз сизга дарҳол жавоб беравермаймиз, деганлар. Шундан сўнг бироз муддат ўша нурга тўла мозор ёнида бўлганлар ва таҳажжуд намозини савмаъда ўқиб юрганлар. Бир куни хожа Мир Муҳаммад дебдиларки, «ғайб калитлари унинг олдида» бўлган 24 буюк фаттоҳ ўз очқичларидан бир калитни кифоятли кафтингизга қўядирган кўринади. Аммо, бу ишнинг юзага чиқиши Туркистон вилояти тарафларида рўй беражак. Ҳиммат отини ўйин майдонида тез орада йўрттириб қолиш даркор, зеро, иқбол шоҳи рух кўрсатса фарзин юришли душман агар қутурган фил бўлса ҳам пиёдаларингиз оёғи остида янчилиб, ҳаётининг кишти (ҳосили) мамот,(ўлим) оташида куйиб, кули кўкка совурилажак. Байт:

Пеши гуҳаришиносу гуҳарсанж,
Ҳаст олам чу арсаи шатранж.

(Мазмуни: Гавҳарни тошдан ажрата биладиганлар олдида жаҳон муаммолари шахмат тахтасидаги ўйин каби осон бир нарса).

Ва улар бу башоратли ишоратга риоя қилгач, деярлик ўн икки йил давомида Туркистон вилоятидан Домғон (Хуросон) чегарасигача ерларни ўз тасарруфи доирасига киритиб, доруссалтана Ҳирот ва Самарқандда ўз ҳумоюн отларига хутба ўқитганлар ва иззату бахт тахтида шодмон ўлтурганлар. «Айтгил, эй худойим мулк подшоҳи сенсан, уни хоҳлаган кишингдан оласан ва хоҳлаган кишингга берасан».25

Жаноби кожа Мир Муҳаммаднинг эса яна бошқа ғаройиб кароматли мўъжиза ишлари хусусида ҳам халқ орасида нақллар юради. Бир куни хожа Бухоро ҳокими билан ов қилиб юрган эканлар. Бироқ ёнларида ов қушлари йўқ экан. Ҳоким: «Нима, ҳеч нарса овламадингизми ҳали, хожам?»— дебди. Хожа бу кинояли гапдан ранжиб:— Сиз ов қушисиз сайд қилиб бўлмайди, деб ўйлайсизми?—дебдилар ва ёнида осиғлиқ шунқорни чақирувчи таблни чалибдилар. Шунда бир чиройлик ўрдак алар олдига қулаб тушибди. Муаллифдан:

Ҳар гаҳ ки табл бози ту овоз мекунад,
Мурғи дилам ба сўи ту парвоз мекунад.

(Мазмуни: Лочин чақирувчи таблинг овоз чиқарганда, қалбим қуши сен томон парвоз қилади.)

Бироқ хожа қушни олиб яна учириб юборибдилар.

Соҳибқирон хон илму фазилатлардан хабардор, аниқроғи, уларни тўла эгаллаган киши эди. Шеърият соҳаси ва шоирларга эътиқод-эътибори катта бўлган. Мудом олиму фозилларни ўзига ҳамсуҳбат қилган. Яхши шеърлари бор. Ҳазрати шайх Нажмиддин Кубронинг 26 — унга Оллоҳ раҳмати бўлсин — вафоти таърихини яхши айтган, Таърих:

Онинг таърихидур шаҳи шуҳадо,
Яна бир алиф бирла бўлур адо.

Бу туюқни ҳам манзур бўларлик айтган:

Сўғд ичида ўлтурурлар ёбулар
Ёбуларнинг минган оти ёбулар.
Ебуларнинг илгидан эл тинмади.
Ё булар бўлсин бу ерда ё булар.

(Ёбу — биринчи сатрда туркий уруғ номи, иккинчида шу номдаги от зоти. Бу зотли отлар ҳайбатли, бесўнақай, гавдали бўлади — Тарж.)

Бу хилдаги шеър арабий ашъор ичида ҳам учрайди. Чунончи, буюклардан бири айтмишлар, Назм:

Фи зовиатил — ҳажр анисий-уъдий,
Вал муҳаббата фавҳа нар қалби уъдий.
Монауту мақосиди ва ло мауъдий,
Ё афияти ажазту уъдий-уъдий.

(Мазмуни:
Айрилиқ бурчагига чекинган эй ёрим, қайт,
Муҳаббатингдан юракка тушмоқда чўғ уддан
На мақсадим ҳосил, на ваъдангга вафо бу пайт,
Ҳузурингга етмоқдан ожизман, қил мадад, кел-қайт.

Бу арабча туюқнинг биринчи сатридаги «уъдий» «қайт», иккинчисида «ўтин, уд дарахти», учинчисида «ваъда», охирида эса «кел-қайт» маъноларини билдиради. Тўртлик Сайфиддин Бохарзийга (XIV) таалуқли — Тарж.)

Дейдиларки, хон Ҳазора қалъаси фатҳига отланганда бир ғазал битиб, Ҳири (Ҳирот) шайхул-исломи ва Қози Ихтиёрга 28 юборибди. Мана бу бир неча байт ўша ғазалдан битилаётир. Байт:

Мандин салом ул шайху Ихтиёрға,
На Ихтиёрким, ул чуғул, ришвахорға.

Тангри инояти била қавми ҳазорани,
Андоқ қилайки, тажриба бўлсин ҳазорға.

Қози Ихтиёр туркий тилни билмас экан, уни учун туркий тил қонун-қоидалари китобини битиб юборибди.

Хон Марв навоҳисида, Маҳмудий қишлоғида 63 ёшида жумъа куни, муборак рамазон ойида, 916 йили: — Сурх кулоҳ (қизилбош) жангида — (Муаллифдан:)

 Ҳазрати хоқони саъиди шаҳид,
Шаҳди шаҳодат басаодат чашид.

Шаҳид саид хоқон ҳазрат, бахтиёрлик билан шаҳидлик болини татиди. «Сурх кулоҳ» сўзларидан шаҳид бўлган йили таърихи (санаси) маълум бўлади. «Тангрим, олий шаънли хон шаҳидгоҳи устига афв булутини ёғдир» — бу дуога мендан ва жаҳон халқи номидан омин бўлсин.

ИЗОҲЛАР

1. Хожа Баҳоуддин — йирик тасаввуф олими Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий (в. 971 йилнинг 3 раббиъул аввалида 1389 й.) Баҳоуддин Наҳшбандий газламага нақш босиш билан шуғулланиб ҳаёт кечиргани учун нақшбанд лақабини олган, Ўрта Осиёда нақшбандийлик тариқатининг асосчиси.
2. «Қишиларни ҳайратга солувчи иш қилмоқчи бўлсанг, унда қабр аҳлидан маслаҳат сўра» — ҳадис.
3. Хожа Муҳаммад Бобои Самосий — ўрта осиёлик машҳур тасаввуф олимларидан (в. 755/1354 й).
4. Мир Кулол — мутасаввиф шайх ва олим Сайид Амир Қулол (в 778 1370 й.)
5. Хожаи Азизон Рометоний — тасаввуф олими шайх Али Рометоний (Хожаи Азизон; XII асрда яшаган), қабри Хоразмда.

6. Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий — Бухорога яқин Анжир Фағна қишлоғидан чиққан шайх, XIII асрда яшаган.
7. Ориф Ревгарвий — XII—XIII асрда яшаган ўрта осиёлик тасаввуф олими.
8. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний — машҳур мутасаввиф (в. 1179 й.) Аҳмад Яссавий Туркистонга кетгач, устози Юсуф Ҳамадоний ўрнида халафлик қилган, Қабри Ғиждувонда.
9. Абу Ёқуб Юсуф ал-Ҳамадоний — Хожагон силсиласи асосчиси Абу Яъқуб Юсуф бин Юсуф ал Ҳусайн ибн Ваҳра ал Ҳамадоний (440/1048— 535/1148).
10. Имом Муҳаммад Ғаззолий — йирик тасаввуф олими Абу Ҳомид Муҳаммад бин Муҳаммад ал-Ғаззолий ат-Тусий (в. 1058—1112 й), машҳур «Иҳёул-улум» фалсафий асарининг муаллифи.

11. Абу Али Формадий — хуросонлик шайх Фазл ибн Аҳмад бу Али Формадий (в. XI аср охири).
2. Абулқосим Кураконий — XI аср орифларидан машҳур шайх, Абулқосим Али бин Абдулла Кураконий (в. 1084). Жунайд авлодидан, Абусаъид Абулхайр замондоши.
13. Шайх Жунайд — машҳур тасаввуф олими Абулқосим Жунайд Бағдодий (в. 298/910 й.)
14. Шайх Абулҳасан Харақоний — тасаввуф олими шайх Али бин Жаъфар Абулҳасан Харақоний (в. 425/1034 й.)
15. Абу Язид Бастомий — йирик мутасаввиф олим шайх Абу Язид Тайфур бин Исо Аҳмад Хузравия Бастомий (в. 216/873 й.)

16. Имом Жаъфар Содиқ — Али бин Абу Толиб авлодидан, ўн икки имомдан олтинчиси (700—765 йил).
17. Имом Муҳаммад Боқир — бешинчи имом (в. 732 й.)
18. Имом Зайнулобидин — тўртинчи имом (в. 714 й.)
19. Имом Ҳусайн — Али бин Абу Толибнинг ўғли, Муҳаммад пайғамбарнинг қизи Фотимадан бўлган невараси (680 йили ўлдирилган.)
20. Амирал мўъминин Али — Али бин Абу Толиб, тўртинчи халифа (661 йил ўлдирилган.)

21. Ҳазрати саиди коинот… алайҳи васаллам — пайғамбар ҳамда жасур саркарда, моҳир дипломат, етук олим Муҳаммад бин Абдулло (в. 631 й.)
22. Абу Бакр Сиддиқ — Муҳаммад пайғамбарнинг сафдоши ва қайин (Биби Ойшанинг) отаси, тўртта халифанинг биринчиси (халифалиги 632— 634 йиллар).
23. Сулаймон Форсий — Муҳаммад пайғамбарнинг сафдоши, илк мутасаввуф олимлардан Салмон Форсий (VII асрда яшаган).
24. «Ғайб калити унинг олдида»,— Қуръон, 6 сура, 59 оят.
25. «Айтгил (эй Муҳаммад) ҳамма мулкнинг эгаси ва подшоҳи сенсан, унинг эгалиги ва подшоҳлигини истаган кишингдан тортиб оласан ва истаган кишингга берасан»,— Қуръон, 3 сура, 26 оят.

26. Шайх Нажмиддин Кубро — Кубравия тариқатининг асосчиси, файласуф шоир Аҳмад бин Умар ал-Хивақий — Нажмиддин Қубро. (Шайхи валитарош лақаби билан ҳам танилган) 1221 йили Гурганжни муғуллар истило қилганда, шаҳар ичкарисида олиб борилаётган жангларнинг бирида ҳимоячилар қатори ҳалок бўлади.
27. Ҳазора қалъаси фатҳи — Бухорога яқин ноҳия, Шайбонийхон уни 1499 йили қамал қилган.
28. Қози Ихтиёр — Алишер Навоий «Мажолисун — нафоис»да таърифлаган Мир Ихтиёриддин, у 1498 йилдан сўнг қозилик мансабига эришган, олим, шоир киши ҳам бўлиб, Бобур ҳам у ҳақида ижобий таъриф беради. «Музаккири аҳбоб» (3 Боб, 2 Фасл.) да Нисорий унинг ўғли ҳақидагв маълумотни ҳавола этади.
29. «Оллоҳим авф (ва) кечирим булутини олийишон хон шаҳидгоҳи узра ёғдир»,— дуо.

О — Муҳаммад Шайбоний бин Шоҳ Будоғ султон бин Абулхайрхов (туғ. 1451 — ҳалок. 1510 йил) Дашти Қипчоқдаги ўзбек давлатининг асосчиси Абулхайрхон (1428—1469) ўзбек улусининг Шабон сулоласи) хокадонида дунёга келган. Бу хонадан ўзини 15 орқа айланиб Жўжи орқали Чингизхонга улайди. (Шу сабабли Нисорий уларни чингизий хонлар, деб атаган).

Шайбонийхон (у отадан ёш етим қолган) бобоси Абулхайр вафот (1469) этгач уларга қарши курашаётган қариндош ўзбек султонларидан қочиб, дастлаб Астрахань ва кейинроқ Бухорога келиб яшайди. Дашти Қипчоқдаги хонликни тиклашдан бутунлай умидини узгач эса XV аср охирига келиб, Мовароуннаҳрда сиёсий, ҳарбий курашини бошлайди ва 1497—1505 йиллар оралиғида Мовароуннаҳрнинг Туркистон Фарғона, Тошкент, Бухоро» Самарқанд, Хоразм ўлкаларини эгаллаб, 1507 йил 30 майда ўз номига хутба ўқиттиради. Кейин эса Ҳиротни эгаллаб, Султон Ҳусайн авлодларининг (темурийларнинг) Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ҳокимлигини тугатади ва бу ерларда ўзбек давлатига асос солади. 1510 йил 10 декабрида эса Шоҳ Исмоил I Сафавий билан Марв ёнидаги жангда ҳалок бўлади. Шайбонийхоннинг болалик ва ёшлиги доимо қувғин, таъқиб остида ва жанг кайдонида кечган бўлса ҳам у яхши таълим-тарбия олишга улгурган, кейинчалик истеъдодли шоир, мусаввир, мусиқачи ва хушовозли қироатхон бўлиб етишган. Унинг адабий меросидан бизгача бир нечта ўзбекча ғазал, рубоий ва «Баҳрул-ҳудо» (1508 йил 14 майида Бастом, Домғонда ёзиб тугалланган, бу асар Британия музейида 7914 рақами остида сақланувчи қўлёзма тўплам ичида бўлиб, унинг фотонусхаси ЎзФА Қўлёзмалар институтида сақланади) номли достон етиб келган. В. В. Бартольд маълумотига қараганда Шайбонийхоннинг 1507—1508 йилларда ўғли валлиаҳд Темур султонга атаб ёзган панд — насиҳатлардан иборат китоби ҳам мавжуд бўлиб, ҳозир Туркияда сақланади. Шайбонийхон ўлгандан кейин ундан учта ўғил фарзанд қолган. Каттаси Темур султон, у 1514 йили ҳалок бўлган. Унниг Фўлод султон исмли ўғли бўлган, Фўлод султон эса 1530 йил вафот этган (Фўлод султон онаси Меҳр хонум билан (1528 йили ноябрь — 1529 февраль) Ҳиндистонга Бобур ҳузурига элчилар юборади) Фўлод султоннинг Кўкбўри исмли ўғли бўлиб, ундан фарзанд қолмаган. Шайбонийхоннинг иккинчн ўғли Хуррамшоҳ (Бобурнинг жияни) бўлиб, ёш вафот этган.

Учинчи ўғли Севинч Муҳаммад (асл номи Абулхайр) султон бўлиб, отадан ёш қолган ва Убайдуллохон қўлида тарбияланган, унга кейинчалик Кеш ҳокимлиги берилган. Ундан Муҳаммад Ёр исмли ўғил қолган бўлиб, 1550 йили Бухорода хон этиб кўтарилади ва унга шерик сифатида Бухоро тахти вориси Бурҳон бин Муҳаммад Раҳим бин Абдулазиз бин Убайдулло хонлик тахтига ўтиради. Муҳаммад Ёр бир туҳмат сабабли мазкур Бурҳон султон томонидан 1554 йили қатл этилади. Шу билан Шайбонийхон оиласидаги эркак фарзандлар занжирининг охирги ҳалқаси ҳам узилади.

090


SHAHID BO’LGAN BAXTLI HOQON ABULFATH
MUHAMMAD SHAYBONIYXON IBN SHOH BUDOG’
SULTON BIN ABULXAYRXONNING (GO’RI NURGA TO’LSIN)
MUQADDAS YODI

Hasanxoja Nisoriyning «Muzakkiri ahbob» asaridan
Tarjimon va izohlar muallifi Ismoil Bekjon
06

Qalbi pok ahli safolar va topqirlikda mohir zukkolarning quyosh yog’duli yorqin ko’ngillaridan yashirin qolmasinkim,— Bayt:

Xoqoni sa’idu xon bin xon, dar gardishi tosi charxi gardon —
Baxtli xoqon va xon o’g’li xon, bu aylanuvchi falak gardishida

— dunyoning yaltiroq bezaku naqshlari va hayot-mamot tashvishlaridan ko’z ka’bataynini yiroq tutib* balki yolg’onchi taqdir — naqshu nigor bandidan o’zni xalos etib va dilni Naqshbandga bog’lab, suv va tuproq naqshi mushohadasidan jonu dil sirini anglab, bu shatranj maydonida (olam, dunyo ko’zda tutilmoqda.Tarj.) murod naqshi (o’yini)ga talabgor bo’lib, xuddi maqoldagidek — borliqdan yo’qlikka ko’chguncha dovur Naqshband nomi bilan mashhur oliy hazrat, qudsiy manzilat xoja Bahol-ul-haq val-ha- qiqata vad-dunyo vad-dinning 1 sharif ma’naviyatlari maqomiga yuz tutib «Agar hayratga soluvchi ish qilmoqchi bo’lsang, unda qabr ahlidan maslahat so’ra» 2 hadisi mazmuniga ko’ra o’zining kishi hayratini oshiruvchi har bir ishida ul oliyshon ostonga niyozmandlik bilan boqib, ul muqaddas joyni vosita bilib izzatli hazrat ulug’ nomidan yuqori darajot va yaxshi hojotlar tilaganlar. Muallifdan:

Ey, ka’batayni dida bar har naqsh karda band,
Az bandi naqsh bigzaru dil neh ba Naqshband.

Pay bur ba sirri jonu dil az naqshi obu gil,
Bigzar zi bandi naqshu zi har naqsh dida band.

Xoham ki dar bisoti talab nardi ishq boz,
Naqshe bar ovarad, ki barad joni mustamand.

Har yak judo kashad chu qalam naqshi ro’i o’,
Gar sozadam ba teg’i jafoi ishq band-band.

To mo’hri mehr soxt Nisory nigini chashm,
Dar vay ba g’ayri nomi tu naqshi digar nakand.

(Mazmuni: Ey, ko’zingni har naqshga tikkan inson, bu naqshlarga mahliyo bo’lishdan kech va Naqshbandga ko’ngil ber. Jonu dil (ruhiy, ma’naviy olam) sirini anglab yeta ol, faqat suv va tuproq (tabiat, inson tashkil topgan moddalar, moddiy olam) mushohadasi bilan cheklanib qolma. O’t naqsh (yolg’onchi dunyo go’zalliklar va lazzatlari)ga bog’lanish bahridan va har qanday naqshdan ko’z yum. Istaymanki, o’yin taxtasida ishq (ilohiyatga berilish) o’yinini o’ynab, yutgaysan, chunki, u shunhday naqsh (taqdir)ni vujudga keltiradiki, ul sababli har bir bechora aziz jonini qutqara oladi. Qalam uning yuzi naqshi (surati)ni ayri-ayri chizsin, agar ishq meni jafo tig’i bilan bo’lak-bo’lak qilsa ham. Nisoriy ko’z nigini (bu yerda qorachig’i — Tarj.) ni mehr muhriga aylantirar ekan, unda sening ismingdan boshqa naqshni o’yib yozmadi).

Hazrati xojamiz Bahouddin farzandlik nazarini tariqat shayxi hazrat xoja Muhammad Boboi Samosiydan 3 topganlar. Zero, hazrat Mir Kulol 4 o’shal Bobo Samosiyning nafis nafaslari bo’yicha alarni tarbiyat qilganlar. Hazrat Bobo tarbiyati esa xojai Azizon Romitaniydan 5, alarning bo’lsa xoja Mahmud Anjir Fag’naviydan 6, alarniki xoja Orif Rivgarviydan 7, alarniki hazrat xoja Abdulxoliq G’ijduvoniydan 8, alarniki hazrat Abu Yoqub Yusuf al-Hamadoniydan 9, alarniki esa imom Muhammad G’azzoliyning 10 shayxi bo’lgan Abu Ali Formadiydan 11 va alarniki shayx Abulqosim Kurakoniydan 12 hosil bo’lgan. Abu Ali Formadiyning tasavvufdagi nasabi ikki tomonlamadir: birinchisi uch vosita bilan hazrati shayx Junaydga 13 va ikkinchisi shayx Abulhasan Xarraqoniyga 14 borib taqaladi. Xarraqoniyniki esa bir necha orqa aylanib oriflar sultoni hazrat Abu Yazid Bastomiyga 15 bog’lanadi, alarniki imom Ja’far Sodiqqa 16, alarniki otalari hazrat imom Muhammad Boqirga 17, alarniki padarlari hazrat imom Zaynulobidinga 18, alarniki hazrat otalari shahidlar saidi imom Husaynga 19, alarniki esa hazrati amiril-mu’minin Aliga 20 — Ollohi taolo undan rozi bo’lsin va alarniki Hazrati saidi koinot, sanadi mukavvinot sallallohi alayhi vasallamga 21 borib bog’lanadi.

Shuningdek yana imom Ja’far Sodiqning ilmi botinda nasabi ona tomondan buvasi bo’lgan Qosim bin Muhammad bin Abu Bakr Siddiqdankim 22 — Olloh undan rozi bo’lsin — alar mo»taqidlarning eng ulug’laridan edilar. Hazrat Qosimning ilmi botindagi nasabi Sulaymon Forsiydan 23 sarchashma oladi. Sulaymon Forsiy tangri elchisi — unga ollohning saloti va salomi bo’lsin — suhbati sharafini topgan bo’lishlariga qaramay, alar ta’lim jihatdan hazrat amiril — mo»minin Abu Bakr Siddiq — Buyuk tangri undan rozi bo’lsin — intisobiga musharraf bo’lganlar. Abu Bakr Siddiq ta’limi intisobi Risolatpanoh — sallollohi alayhi vaosalamga — bog’lanadi. Muallifdan:

Xurshid lam’ae zi jamoli Muhammad ast,
Gul partave zi orazi oli Muhammad ast.

Az kilki sun’ surati Yusufki ro’h namud,
Go’yo namunae zi jamoli Muhammad ast.

Nuqson kamolu ayb hunar gar shavad chi ayb,
Onro ki uzrxoh kamoli Muhammad ast.

Dar har kujo ki hast alafi toza, sinaro
Dar orzui toza niholi Muhammad ast,

Ba qomati xamida Nisory, chu mohi nav,
Moyil ba abro’e chu hiloli Muhammad ast.

(Mazmuni: Quyosh Muhammad jamolidan bir sho»ladir, ul Muhammadning ol yuzidan bir yog’duli uchqundir. Yaratuvchining qalami tufayli yuz ochgan Yusuf suvrati, go’yo Muhammad jamolidan bir namunadir. Kamchiliklar bekamu ko’stlikka aylansa, aybimiz san’at darajasiga ko’tarilsa, buning nima ajablanadigan joyi bor, chunki uning kechiruvchisi Muhammadning yetukligi vositasidir. Qaerda yangi maysa unib chiqsa» qalbda yana Muhammadning toza navniholi orzusi bo’ladi. Yangi chiqqan oyga o’xshab egik qaddi bilan Nisoriyning, Muhammadning hiloli kabi yoy qoshga moyilligi bor.)

Va oliynishon xon Muhammad Shayboniyxon Amir Abdulali Tarxon zamonida Buxoro mulkida sokin bo’lganlar. Ayrim munofiq badkirdorlar tuhmatlar qilib, u kishini yashayotgan o’z joyidan chiqib ketish darajasiga yetkazganlar va shunda xon hazrat xojai buzurgvor Bahouddin Naqshbandiyning nurga to’la mozori atrofiga borib, xojai buzurgvor nabirasi — oliyjoh, hidoyatpanoh Nizomiddinxoja Mir Muhammad Naqshbandiy xizmatlari sharafiga musharraf bo’lganlar. Tavof va xizmat sharafidan so’ng esa ketishga ruxsat so’raganlar, xoja Mir Muhammad bo’lsa, biz sizga darhol javob beravermaymiz, deganlar. Shundan so’ng biroz muddat o’sha nurga to’la mozor yonida bo’lganlar va tahajjud namozini savma’da o’qib yurganlar. Bir kuni xoja Mir Muhammad debdilarki, «g’ayb kalitlari uning oldida» bo’lgan 24 buyuk fattoh o’z ochqichlaridan bir kalitni kifoyatli kaftingizga qo’yadirgan ko’rinadi. Ammo, bu ishning yuzaga chiqishi Turkiston viloyati taraflarida ro’y berajak. Himmat otini o’yin maydonida tez orada yo’rttirib qolish darkor, zero, iqbol shohi rux ko’rsatsa farzin yurishli dushman agar quturgan fil bo’lsa ham piyodalaringiz oyog’i ostida yanchilib, hayotining kishti (hosili) mamot,(o’lim) otashida kuyib, kuli ko’kka sovurilajak. Bayt:

Peshi guharishinosu guharsanj,
Hast olam chu arsai shatranj.

(Mazmuni: Gavharni toshdan ajrata biladiganlar oldida jahon muammolari shaxmat taxtasidagi o’yin kabi oson bir narsa).

Va ular bu bashoratli ishoratga rioya qilgach, deyarlik o’n ikki yil davomida Turkiston viloyatidan Domg’on (Xuroson) chegarasigacha yerlarni o’z tasarrufi doirasiga kiritib, dorussaltana Hirot va Samarqandda o’z humoyun otlariga xutba o’qitganlar va izzatu baxt taxtida shodmon o’lturganlar. «Aytgil, ey xudoyim mulk podshohi sensan, uni xohlagan kishingdan olasan va xohlagan kishingga berasan».25

Janobi koja Mir Muhammadning esa yana boshqa g’aroyib karomatli mo»jiza ishlari xususida ham xalq orasida naqllar yuradi. Bir kuni xoja Buxoro hokimi bilan ov qilib yurgan ekanlar. Biroq yonlarida ov qushlari yo’q ekan. Hokim: «Nima, hech narsa ovlamadingizmi hali, xojam?»— debdi. Xoja bu kinoyali gapdan ranjib:— Siz ov qushisiz sayd qilib bo’lmaydi, deb o’ylaysizmi?—debdilar va yonida osig’liq shunqorni chaqiruvchi tablni chalibdilar. Shunda bir chiroylik o’rdak alar oldiga qulab tushibdi. Muallifdan:

Har gah ki tabl bozi tu ovoz mekunad,
Murg’i dilam ba so’i tu parvoz mekunad.

(Mazmuni: Lochin chaqiruvchi tabling ovoz chiqarganda, qalbim qushi sen tomon parvoz qiladi.)

Biroq xoja qushni olib yana uchirib yuboribdilar.

Sohibqiron xon ilmu fazilatlardan xabardor, aniqrog’i, ularni to’la egallagan kishi edi. She’riyat sohasi va shoirlarga e’tiqod-e’tibori katta bo’lgan. Mudom olimu fozillarni o’ziga hamsuhbat qilgan. Yaxshi she’rlari bor. Hazrati shayx Najmiddin Kubroning
26 — unga Olloh rahmati bo’lsin — vafoti ta’rixini yaxshi aytgan, Ta’rix:

Oning ta’rixidur shahi shuhado,
Yana bir alif birla bo’lur ado.

Bu tuyuqni ham manzur bo’larlik aytgan:

So’g’d ichida o’ltururlar yobular
Yobularning mingan oti yobular.
Yebularning ilgidan el tinmadi.
Yo bular bo’lsin bu yerda yo bular.

(Yobu — birinchi satrda turkiy urug’ nomi, ikkinchida shu nomdagi ot zoti. Bu zotli otlar haybatli, beso’naqay, gavdali bo’ladi — Tarj.)

Bu xildagi she’r arabiy ash’or ichida ham uchraydi. Chunonchi, buyuklardan biri aytmishlar, Nazm:

Fi zoviatil — hajr anisiy-u’diy,
Val muhabbata favha nar qalbi u’diy.
Monautu maqosidi va lo mau’diy,
YO afiyati ajaztu u’diy-u’diy.

(Mazmuni:
Ayriliq burchagiga chekingan ey yorim, qayt,
Muhabbatingdan yurakka tushmoqda cho’g’ uddan
Na maqsadim hosil, na va’dangga vafo bu payt,
Huzuringga yetmoqdan ojizman, qil madad, kel-qayt.

Bu arabcha tuyuqning birinchi satridagi «u’diy» «qayt», ikkinchisida «o’tin, ud daraxti», uchinchisida «va’da», oxirida esa «kel-qayt» ma’nolarini bildiradi. To’rtlik Sayfiddin Boxarziyga (XIV) taaluqli — Tarj.)

Deydilarki, xon Hazora qal’asi fathiga otlanganda bir g’azal bitib, Hiri (Hirot) shayxul-islomi va Qozi Ixtiyorga 28 yuboribdi. Mana bu bir necha bayt o’sha g’azaldan bitilayotir. Bayt:

Mandin salom ul shayxu Ixtiyorg’a,
Na Ixtiyorkim, ul chug’ul, rishvaxorg’a.

Tangri inoyati bila qavmi hazorani,
Andoq qilayki, tajriba bo’lsin hazorg’a.

Qozi Ixtiyor turkiy tilni bilmas ekan, uni uchun turkiy til qonun-qoidalari kitobini bitib yuboribdi.

Xon Marv navohisida, Mahmudiy qishlog’ida 63 yoshida jum’a kuni, muborak ramazon oyida, 916 yili: — Surx kuloh (qizilbosh) jangida — (Muallifdan:)

Hazrati xoqoni sa’idi shahid,
Shahdi shahodat basaodat chashid.

Shahid said xoqon hazrat, baxtiyorlik bilan shahidlik bolini tatidi. «Surx kuloh» so’zlaridan shahid bo’lgan yili ta’rixi (sanasi) ma’lum bo’ladi. «Tangrim, oliy sha’nli xon shahidgohi ustiga afv bulutini yog’dir» — bu duoga mendan va jahon xalqi nomidan omin bo’lsin.

IZOHLAR

1. Xoja Bahouddin — yirik tasavvuf olimi Muhammad ibn Muhammad Buxoriy (v. 971 yilning 3 rabbi’ul avvalida 1389 y.) Bahouddin Nahshbandiy gazlamaga naqsh bosish bilan shug’ullanib hayot kechirgani uchun naqshband laqabini olgan, O’rta Osiyoda naqshbandiylik tariqatining asoschisi.
2. «Qishilarni hayratga soluvchi ish qilmoqchi bo’lsang, unda qabr ahlidan maslahat so’ra» — hadis.
3. Xoja Muhammad Boboi Samosiy — o’rta osiyolik mashhur tasavvuf olimlaridan (v. 755/1354 y).
4. Mir Kulol — mutasavvif shayx va olim Sayid Amir Qulol (v 778 1370 y.)
5. Xojai Azizon Rometoniy — tasavvuf olimi shayx Ali Rometoniy (Xojai Azizon; XII asrda yashagan), qabri Xorazmda.

6. Xoja Mahmud Anjirfag’naviy — Buxoroga yaqin Anjir Fag’na qishlog’idan chiqqan shayx, XIII asrda yashagan.
7. Orif Revgarviy — XII—XIII asrda yashagan o’rta osiyolik tasavvuf olimi.
8. Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniy — mashhur mutasavvif (v. 1179 y.) Ahmad Yassaviy Turkistonga ketgach, ustozi Yusuf Hamadoniy o’rnida xalaflik qilgan, Qabri G’ijduvonda.
9. Abu Yoqub Yusuf al-Hamadoniy — Xojagon silsilasi asoschisi Abu Ya’qub Yusuf bin Yusuf al Husayn ibn Vahra al Hamadoniy (440/1048— 535/1148).
10. Imom Muhammad G’azzoliy — yirik tasavvuf olimi Abu Homid Muhammad bin Muhammad al-G’azzoliy at-Tusiy (v. 1058—1112 y), mashhur «Ihyoul-ulum» falsafiy asarining muallifi.

11. Abu Ali Formadiy — xurosonlik shayx Fazl ibn Ahmad bu Ali Formadiy (v. XI asr oxiri).
2. Abulqosim Kurakoniy — XI asr oriflaridan mashhur shayx, Abulqosim Ali bin Abdulla Kurakoniy (v. 1084). Junayd avlodidan, Abusa’id Abulxayr zamondoshi.
13. Shayx Junayd — mashhur tasavvuf olimi Abulqosim Junayd Bag’dodiy (v. 298/910 y.)
14. Shayx Abulhasan Xaraqoniy — tasavvuf olimi shayx Ali bin Ja’far Abulhasan Xaraqoniy (v. 425/1034 y.)
15. Abu Yazid Bastomiy — yirik mutasavvif olim shayx Abu Yazid Tayfur bin Iso Ahmad Xuzraviya Bastomiy (v. 216/873
y.)

16. Imom Ja’far Sodiq — Ali bin Abu Tolib avlodidan, o’n ikki imomdan oltinchisi (700—765 yil).
17. Imom Muhammad Boqir — beshinchi imom (v. 732 y.)
18. Imom Zaynulobidin — to’rtinchi imom (v. 714 y.)
19. Imom Husayn — Ali bin Abu Tolibning o’g’li, Muhammad payg’ambarning qizi Fotimadan bo’lgan nevarasi (680 yili o’ldirilgan.)
20. Amiral mo»minin Ali — Ali bin Abu Tolib, to’rtinchi xalifa (661 yil o’ldirilgan.)

21. Hazrati saidi koinot… alayhi vasallam — payg’ambar hamda jasur sarkarda, mohir diplomat, yetuk olim Muhammad bin Abdullo (v. 631 y.)
22. Abu Bakr Siddiq — Muhammad payg’ambarning safdoshi va qayin (Bibi Oyshaning) otasi, to’rtta xalifaning birinchisi (xalifaligi 632— 634 yillar).
23. Sulaymon Forsiy — Muhammad payg’ambarning safdoshi, ilk mutasavvuf olimlardan Salmon Forsiy (VII asrda yashagan).
24. «G’ayb kaliti uning oldida»,— Qur’on, 6 sura, 59 oyat.
25. «Aytgil (ey Muhammad) hamma mulkning egasi va podshohi sensan, uning egaligi va podshohligini istagan kishingdan tortib olasan va istagan kishingga berasan»,— Qur’on, 3 sura, 26 oyat.

26. Shayx Najmiddin Kubro — Kubraviya tariqatining asoschisi, faylasuf shoir Ahmad bin Umar al-Xivaqiy — Najmiddin Qubro. (Shayxi valitarosh laqabi bilan ham tanilgan) 1221 yili Gurganjni mug’ullar istilo qilganda, shahar ichkarisida olib borilayotgan janglarning birida himoyachilar qatori halok bo’ladi.
27. Hazora qal’asi fathi — Buxoroga yaqin nohiya, Shayboniyxon uni 1499 yili qamal qilgan.
28. Qozi Ixtiyor — Alisher Navoiy «Majolisun — nafois»da ta’riflagan Mir Ixtiyoriddin, u 1498 yildan so’ng qozilik mansabiga erishgan, olim, shoir kishi ham bo’lib, Bobur ham u haqida ijobiy ta’rif beradi. «Muzakkiri ahbob» (3 Bob, 2 Fasl.) da Nisoriy uning o’g’li haqidagv ma’lumotni havola etadi.
29. «Ollohim avf (va) kechirim bulutini oliyishon xon shahidgohi uzra yog’dir»,— duo.

O — Muhammad Shayboniy bin Shoh Budog’ sulton bin Abulxayrxov (tug’. 1451 — halok. 1510 yil) Dashti Qipchoqdagi o’zbek davlatining asoschisi Abulxayrxon (1428—1469) o’zbek ulusining Shabon sulolasi) xokadonida dunyoga kelgan. Bu xonadan o’zini 15 orqa aylanib Jo’ji orqali Chingizxonga ulaydi. (Shu sababli Nisoriy ularni chingiziy xonlar, deb atagan).

Shayboniyxon (u otadan yosh yetim qolgan) bobosi Abulxayr vafot (1469) etgach ularga qarshi kurashayotgan qarindosh o’zbek sultonlaridan qochib, dastlab Astraxan` va keyinroq Buxoroga kelib yashaydi. Dashti Qipchoqdagi xonlikni tiklashdan butunlay umidini uzgach esa XV asr oxiriga kelib, Movarounnahrda siyosiy, harbiy kurashini boshlaydi va 1497—1505 yillar oralig’ida Movarounnahrning Turkiston Farg’ona, Toshkent, Buxoro» Samarqand, Xorazm o’lkalarini egallab, 1507 yil 30 mayda o’z nomiga xutba o’qittiradi. Keyin esa Hirotni egallab, Sulton Husayn avlodlarining (temuriylarning) Movarounnahr va Xurosondagi hokimligini tugatadi va bu yerlarda o’zbek davlatiga asos soladi. 1510 yil 10 dekabrida esa Shoh Ismoil I Safaviy bilan Marv yonidagi jangda halok bo’ladi. Shayboniyxonning bolalik va yoshligi doimo quvg’in, ta’qib ostida va jang kaydonida kechgan bo’lsa ham u yaxshi ta’lim-tarbiya olishga ulgurgan, keyinchalik iste’dodli shoir, musavvir, musiqachi va xushovozli qiroatxon bo’lib yetishgan. Uning adabiy merosidan bizgacha bir nechta o’zbekcha g’azal, ruboiy va «Bahrul-hudo» (1508 yil 14 mayida Bastom, Domg’onda yozib tugallangan, bu asar Britaniya muzeyida 7914 raqami ostida saqlanuvchi qo’lyozma to’plam ichida bo’lib, uning fotonusxasi O’zFA Qo’lyozmalar institutida saqlanadi) nomli doston yetib kelgan. V. V. Bartold ma’lumotiga qaraganda Shayboniyxonning 1507—1508 yillarda o’g’li valliahd Temur sultonga atab yozgan pand — nasihatlardan iborat kitobi ham mavjud bo’lib, hozir Turkiyada saqlanadi. Shayboniyxon o’lgandan keyin undan uchta o’g’il farzand qolgan. Kattasi Temur sulton, u 1514 yili halok bo’lgan. Unnig Fo’lod sulton ismli o’g’li bo’lgan, Fo’lod sulton esa 1530 yil vafot etgan (Fo’lod sulton onasi Mehr xonum bilan (1528 yili noyabr` — 1529 fevral`) Hindistonga Bobur huzuriga elchilar yuboradi) Fo’lod sultonning Ko’kbo’ri ismli o’g’li bo’lib, undan farzand qolmagan. Shayboniyxonning ikkinchn o’g’li Xurramshoh (Boburning jiyani) bo’lib, yosh vafot etgan.
Uchinchi o’g’li Sevinch Muhammad (asl nomi Abulxayr) sulton bo’lib, otadan yosh qolgan va Ubaydulloxon qo’lida tarbiyalangan, unga keyinchalik Kesh hokimligi berilgan. Undan Muhammad Yor ismli o’g’il qolgan bo’lib, 1550 yili Buxoroda xon etib ko’tariladi va unga sherik sifatida Buxoro taxti vorisi Burhon bin Muhammad Rahim bin Abdulaziz bin Ubaydullo xonlik taxtiga o’tiradi. Muhammad Yor bir tuhmat sababli mazkur Burhon sulton tomonidan 1554 yili qatl etiladi. Shu bilan Shayboniyxon oilasidagi erkak farzandlar zanjirining oxirgi halqasi ham uziladi.

092

(Tashriflar: umumiy 2 035, bugungi 1)

2 izoh

  1. Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сийар фи ахбори афроди башар” (“Башар аҳли сийратидан хабар берувчи дўст”, 1520-24) асари “Ўзбекистон” нашриётида 2013 йили нашр этилган. Интернетда бу китоб йўқ. Русча сайтда парчалари бор: http://www.vostlit.info/haupt-Dateien/index-Dateien/H.phtml?id=2062

Izoh qoldiring